Авлодларга васият (тарихий драма) [Odil Yoqubov] |
Иштирок этувчилар Соҳибқирон Амир Темур — 67-72 ёшларда. Сулувкўз — Соҳибқироннинг энг сўнгги ва энг суюкли рафиқаси. Опа-сингил Сарагул ва Ақчагул. Сулувкўзнинг ёш канизлари. Қалқонбек — Эшик оғаси ёки саройбон 25—26 ёшларда. Босқонбек — Соҳибқироннинг қўриқчиси 22 ёшларда (улар ака-ука). Биби Сардор — Соҳибқироннинг биринчи хотинларидан, Ҳарам бекаси. 60 ёшларда. Султон Боязид — 50—60 ёшларда. Мирзо Шоҳруҳ —25 ёшларда. Шайх Нуриддин — 60 ёшларда. Амир Барлос Тегин — 55—60 ёшларда. Ҳакими Аъзам — 60 ёшларда. Тўхтамишхон — 40 ёшларда. Чингизхон — 55—60 ёшларда. Муаррих — 50 ёшларда. Ясовуллар, сипоҳлар, мулозимлар. Муқаддима Ўтрордаги икки бўлмадан иборат қароргоҳ. Ўнг томондаги хонанинг тўрида баланд тўшак. Тўшакда хаста Соҳибқирон ҳазратлари ётибдилар. Сўрининг бош томонидаги саккиз қиррали хонтахтада дори-дармонлар солинган беҳисоб шиша ва кўзачалар. Пойгакда чуқур сукутга чўмиб, Ҳаким аъзам билан эшик оғаси Қалқонбек ўтирибди. Бурчакдаги ўчоқда ловиллаб саксовул ёнмоқда. Қоронғидан: Соҳибқироннинг «Бибим! Бибижоним!» деган овози келади. Соҳибқирон. Бибим, бибижоним. Излай-излай кексайганда топган дуру гавҳарим. Нечук мени кутмадинг? Мени кутмай азиз жонингга қасд қилдинг? Сулувкўз. Бошқа чорам бўлмади, амирим, Оллоҳ қовуштирғон жуфти ҳалолим! Соҳибқирон. Биламен, малагим, барини биламен. Сулувкўз. Йўқ, билмайсиз, амирим, билмайсиз. Бибингизнинг бирда-бир гуноҳи ўзингиз топширғон масжиди жомеъни қуриб тугатмоқ эрди, Сизга бебаҳо бир туҳфа инъом этмоқ эрди, ул шум ниятлар эрса... Соҳибқирон. Ул шум ниятларнинг бари менинг қаҳримга дучор бўлмиш. Аммо не фойда, бибижоним? Сендан жудо бўлдим. Бир умр қидира-қидира топган дуру-гавҳаримдан айрилдим. Яратган эгам шоҳид эканки, мана сени кўрмоқ насиб этибди. Яқинроқ кел, маликам, висолингни кўриб, дийдорингга тўяй (ўрнидан турмоқчи бўлади). Сулувкўз. Йўқ-йўқ, мен кетган макон томон талпинманг. Ҳали бул маконда қиладурғон савоб ишларингиз кўп! Худойим сизни шул ниятларингизга етказгай. Мен томон шошилманг, сира шошилманг! Соҳибқирон. Тўхта, бибим, бибижоним!.. Сулувкўз. Бу сўзлардан энди не фойда? Ўшанда, сиз Султон Боязидга қарши қўшин тортган оқшомда мен сизга зор-зор йиғлағон эрдим, саройдаги илон ва чаёнларга ем бўламан, бирга олиб кетинг,— деб оёғингизга йиқилган эдим. Эсингиздами? Соҳибқирон. Эсимда малагим, эсимда... Сулувкўз. Майдонда ноғоралар гумбурлар, отлар дупири осмону фалакка чиққан эрди. Эсингиздами... Соҳибқирон. Эсимда, сулувим, эсимда. Тўхта, гавҳарим... Қаёққа шошасан, ёлғизим? Эсимда... Сулувкўз. Йўқ, ишонмаймен! Отлар дупири, карнай-сурнай садоси, ноғоралар гумбури эсингизда бўлса бордур. Аммо мен шўрликнинг кўз ёшларим... йўқ, ишонмаймен! (Қоронғуликка сингиб кетади). Соҳибқирон. Тўхта, бибим, бибигинам... Қоронғилик томон талпинади ва ёстиққа йиқилади. Чироқ ёнади. Парда Биринчи парда Биринчи кўриниш Соҳибқирон Амир Темур дорулсалтанати, Самарқанд. Кўксаройнинг иккинчи ошёнасига жойлашган кўркам хона. Рўпарадаги юмалоқ даричадан йироқдаги муҳташам қасрлар, масжиду мадрасалар кўзга чалинади. Яқинрокда эса маҳобатли гумбазлари ҳали битмаган Бибихоним масжидининг муаззам пештоқлари кўриниб турибди. Хонанинг ўртасида саккиз қирради хонтахта ва бир нечта нақшинкор курсилар, четларида гир айлана шойи кўрпача ва пар ёстиқлар. Ўнг томондан Соҳибқирон ҳазратларининг энг кенжа ва энг суюкли рафиқаси Сулувкўзнинг хонасига кирадиган, чап томонда эса бошқа хоналарга ўтадиган эшик. Парда очилиши билан чап томондаги эшикдан қўлларида ноз-неъматлар тўла баркашлар, Сулувкўзнинг канизлари опа-сингил Сарагул билан Ақчагул кирадилар. Шу заҳоти ташқарида ноғоралар гумбури, карнайлар садоси янграйди, отлар кишнайди. Опа-сингиллар рўпарадаги даричани ланг очадилар. Ноғоралар гумбури ва карнай садолари хонани ларзага солади. Ақчагул. Тумонат лашкарлар! Музаффар юриш бошланмиш! Сарагул. Бир-биридан кўркам алп йигитлар. Тангрининг ўзи асрагай! Ақчагул. Ой бориб, омон қайтинглар (йиғлайди). С а р а г ул. Сабаб? Йиғлайсан? Ундан кўра омонлик тила! Ақчагул. Нечук йиғламай. Сизнинг суюклигингиз Қалқонбек эшик оғаси. Жангу жадалдан. хавфу хатардан йироқ. Сарагул. Менинг ёрим саройбон бўлса, сенинг суюклигинг Ҳазрат Соҳибқироннинг қўриқчиси! Ақчагул. Кошкийди жаноб Соҳибқирон лашкар ортида юрса! Айтадиларким, фотиҳи Музаффар энг олдинда, энг хатарли жойларда от сурармишлар! Сарагул. Қирқ йил қйрғин бўлса ажали етган ўлади дерлар! Яратган эгам ўзи асрагай барчасини! Ақчагул. Опажон! Сабаб? Соҳибқирон Ҳазратлари бекамизни ташлаб кетадурлар? Ё бекамдан совиб, бошқа бир малакка кўнгул қўйганларму? Сарагул. Билмам, жоним, билмам. Мана уч кундирки, шўрлик бекам оғзига ушоқ олмайдур. Тўсатдан дарича пешига чангак келиб тушади-ю, арқонга тирмашган Босқонбекнинг боши кўринади. Ақчагул. Ё раб! Босқонбек оғо? Босқонбек. (Беписанд) Ассалому алайкум, ҳуснда беназир паривашлар. (Сарагулга). Жон маликам! Қовоғингизни уймай бул санам ила бир дақиқа видолашишга ижозат бергайсиз, бекам! Сарагул. Ҳозир бул гўшага жаноб Соҳибқирон Хазратлари қадам ранжида қиладурлар! Босқонбек. Жаноб Соҳибқирон фақирни бул гўшада кўрсалар бошингиздан олтин сочадурлар! (ёлвориб) Бир дақиқа, бор йўғи бир дақиқа! Сарагул. Бир дақиқадан ошмағай! (чиқади) Босқонбек. Қани, малагим, тескари бурилмай жаноб Босқонбекка қарасинлар! (Юзидаги ҳарир пардани кўтаради ва бир қадам чекинади). Йўқ, Ақча деганлари бекор, динорсен, малагим, олтин динор! (Қучади). Ақчагул. Сичқонга ўлим! Мушукка ўйин! Босқонбек. Сен сичқон, мен мушук? Бул сўзинг рост бўлса, ҳозир бир ямлаб ютади! Арт кўзёшйнгни! Қирқ йил қирғин бўлса, ажал етган ўладур. Сарагул. Жон оғо! Ажал етган ўладур, деб ўзингизни ўтга ҳам, сувга ҳам ураберманг! Эҳтиёт қилинг ўзингизни, оғожон? Босқонбек. (сочларини силайди). Сен-да! Сенда эҳтиёт бўл, гулюзим! Ақчагул. (Нозланиб) Мени қашқир ерму бул гўшада? Босқонбек. Шуни ҳам билмайсен! Сени емоқ тугул бир ямлаб ошаб қўйишга тайёр шоқоллар кўп бул саройда, малагим! Эшик шаракдаб очилиб, остонада қилич яланғочланган икки сипоҳ кўринди. Босқонбек чангак арқонга осилиб, «Алвидо, малагим!» деганича ўзини пастта отади. Ақчагул ўзини ўнг қўлдаги эшикка уради. Хонага аввал Сарагул, кейин жаноб Соҳибқирон билан эшик оғоси Қалқонбек кирадилар. Сипоҳлар орқага чекинадилар. Бошида энига қадалган дубулғи, эгнида қора кимхоб камзул, оёғида нагал қоқилган қизил этик, Соҳибқирон, гарчи жаноб пайғамбар ёшидан ошган бўлса ҳам, ҳали элликка бормагандай, чеҳрасидан виқор ва шиддат ёғилиб турган сарвқомат йигитни эслатади, фақат юрганида билинар-билинмас оқсайди. Соҳибқирон. (Сарагулга). Бибинг қайда, пучуқ? Сарагул. Ўз хонасидадур, ҳазратим! Соҳибқирон. Сўра! Сарагул. Қуллиқ! (Қалқонбек билан иккиси кўз уриштириб, жилмайишади). (Соҳибқирон буни пайқаб). Ҳаҳ шайтонлар. Лоақал жаноб Соҳибқирон ҳузурида одоб сақласаларинг бўлур эрди. Сарагул. Гуноҳкормен, ҳазратим! (чиқади). Қалқонбек. (Хижолатда). Ёшлик-ғўрлик. Бир қошиқ қонимдан кечгайсиз! Соҳибқирон. Бир қошиқ қонингни бўлар-бўлмасга исроф қилаберма! Жангу жадалларда ўзингга керак бўлур, қонинг! Бор, рухсат сенга! Қалқонбек. Ҳазратим, бир гуруҳ савдогарлар таъзим бажо келтирмоқ азмида ташриф буюрибдурлар. Соҳибқирон. Кеча амирлар машваратда тижорат аҳлига ўз ташаккурларимни баён этганмен? Тағин не истаклари бор эркан уларнинг? Қалқонбек. Ўшал ташаккурларингизни эшитиб, изҳори ихлос билдирмоқ матлабида келибдурлар. Дейдиларки, ас-салоти зиллаллоҳи фил арз! Яъники султонимиз Оллои таолонинг ердаги соясидур. Тағин не ёрдам даркор — айтсинлар. Ҳазратларининг фармони амри вожибдур, дейдилар! Соҳибқирон. (Кескин) Шаккок сўзлар! Фақир Оллонинг сояси эрмас, бандасимен. Аммо, модомики яхши ниятда келган эканлар, истагимни етказ: ортимдан юз туя қурол аслаҳо, минг туя озиқ-овқат, ўн минг йилқи юборсинлар. Лашкарим Ҳирот сарҳадида бир ой дам олур! Кимки бул амримни бажо этса — зарбоф тўнга мушарраф бўлур! Қалқонбек. Яна бир сўз, олампаноҳ! Соҳибқирон. Бас! Бул тожу тахт ташвишларидан бир он ҳаловат йўқ. Олис сафар олдидан лоақал бир дақиқа ихтиёрим ўзимда бўлғай! Бор, сен муғомбир ҳам анов пучуқ канизнинг кўнглини ол! (елкасига қоқиб) Балосен! Ичингдан пишган айёрсан! Ҳа дарвоқе, Биби Сардорга навкар юбор: бир келиб кетсун! Қалқонбек. Биби Сардор? Соҳибқирон. Эшик оғоси бўлганингга бир ойдин ошди. Биби Сардор ким ҳануз билмайсен! Ҳарам бекаси! Бор! Қалқонбек. Афв этгайсиз, давлатпаноҳ! (чиқади). Соҳибқирон хаёлга толганича хонани бир айланиб чиқади, сўнг камаридан шақилдоғини олиб, шақиллатади. Сарагул кириб, таъзим қилади. Соҳибқирон. Ҳа, шайтон! Қайси гуноҳларим учун мен ғарибни бунчалар маҳтал қиласен? Бибинг чиқадиму ё ичкарига киришга ижозат берасенму? Сарагул. (Ўйинқароқлик билан). Бир дақиқа сабр қилғайсиз, Ҳазратим! Энангни ҳам отангга бепардоз кўрсатма демиш боболаримиз. Соҳибқирон. Бибинг билади. Фақир пардоз-андозни хуш кўрмаймен! Сарагул. Шундай нозанинга ишқ қўйибсиз, унинг нозини ҳам кўтарасиз-да, олампаноҳ! (шўх кулганича ғойиб бўлади). Соҳибқирон. (мийиғида кулиб). Даво йўқ, бул аёл зотига! Сен Фотиҳи Музаффармен деб кериласан! Қабрғадан яралган бул айёр зот эрса сендай фотиҳаларнинг минггини бир ноз ила гаҳ деб қўлига қўндиради! Аста юриб дарича олдига боради. Ноғаралар гумбури, отлар гупири тинган. Сўнаётган шафақда Кўксарой пойидаги Самарқанд: осмонга қўл чўзган миноралар, масжиду-мадрасаларнинг ложувард гумбазлари боягидан ҳам гўзал кўринади. Олисдан азон овози эшитилади. Хуфтон намозига чорловчи бу овоз кечки Самарқандга аллақандай осуда, тиниқ бир хазинлик бағишлайди. Соҳибқирон. Во дариғ! Қандайин кўркам шаҳар бўлибдур, бул Самарқанд! Қараб кўзим тўймайди сенга! Жаҳонгирлик қилиб топғон бутун бойлигим, олиб келган барча олтин ва жавоҳирларимни совуриб, сени бунёд этибман, аммо нечоғлик гўзал шаҳар бўлибсен — ўзим ҳам билмабмен!.. (Кўкка тикилиб кўзларини юмади). Э, парвардигори олам! Қирқ йил бул осий бандангдин иноятингни дариғ тутмадинг, умид қиламен, бундан кейин ҳам меҳру шафқатингни дариғ тутмассан. Шул элни деб, юртим сарҳади бехатар бўлсун деб, мана, бул мушкул сафарга отландим, аммо ундан тирик қайтаманму, киндик қоним тўкилган бул замин, не машаққатлар ила бунёд этғон бул дорул-салтанатни қайта кўрмоқ насиб этарму, йўқму — ўзим ҳам билмаймен! Хосхонадан чиққан Сулувкўз Соҳибқироннинг бу сўзларини эшитиб, унга томон талпинади, елкасидан қучиб, тиз чўкади. Сулувкўз. Амирим! Олло қовуштирган жуфту ҳалолим, яратган эгам бу кўнглингизга бул ғулув, дилингизга бул шубҳани солибдур, қўйинг бул хатарли юришни! Соҳибқирон шитоб билан ўгирилади. Соҳибқирон. Сулувим! Оллодан тилаб олган дури-гавҳарим! Тур ўрнингдан! Дури-гавҳар ерда сочилиб ётмас! (Ўрнидан турғазади). Арт кўз ёшингни! Мен бул оқшомни сенга бағишлагани келдим. Ўтинамен: висол оқшомимизни ғам-андуҳ оқшомига айлантирма! Нечук жамолингни мендин яширасен! Оч юзингни, Сулувим, Сулувжоним! Сулувкўз юзидаги пардани жиндек кўтаради. Соҳибқирон Сулувкўзнинг юзини кафтлари орасига олади. Соҳибқирон ҳайратла кўкка боқади. Соҳибқирон. Ё қудратингдан! Дейдиларки, сен бандангни тупроқдин яратмишсен! Аммо бул гул яноқ, бул қурулай кўзлар, ёқут лаблар устидаги бул қора хол! Шаккоклик қилсам ўзинг авф эт, аммо кўзни қамаштиргувчи бул беназир жамол!.. Йўқ, фалагингдаги юлдузлардан, қуёшдан яратгансен, менинг Сулувимни! Сулувкўз (гина аралаш эркаланиб). Инонмаймен. Бир сўзингизга ҳам инонмаймен. Магар бул сўзларингиз рост бўлса, бахтиқаро бибингизни ташлаб кетмас эдингиз, амирим! Соҳибқирон. Мени қийнамай, сўзимни эшит, сулувим! Бундан олти ой бурун бир туш кўрдим... Сулувкўз. Туш? Соҳибқирон. Тушимда ғойибдан сас келмиш. Қулоқ солсам... Жаннатмакон пири муршидим Сайид Барака эрмиш. Ул зоти шариф айтадиларки, Эй, Соҳибқирон! Бирламчи Оллоҳнинг хоҳиши, иккиламчи сенинг ғайрат-шижоатинг ила барпо қилғон қудратли давлатинг хатар остида, демиш. Худудсиз юртингнинг мағриб томонида бети чўтир, кўзи сўқир бир шер пайдо бўлмиш. Ул шер сарҳадингга ҳамла қилиб, қудратли давлатингни ер ила яксон қилмоқ режасини тузмиш, деди пирим! Сулувкўз. Инондим. Тушингизга инондим, амирим. Бирдан-бир тилагим: олиб кетинг мен шўрликни! Ёрингиз бўлмасам, чўрингиз бўлай. Отингиз бўлмаса, яёв юрай! Тўшагингиз етмаса янтоғу тиконлар тўшагим бўлғай! Соҳибқирон. (кулиб) Мени биласен? Сулувкўз. Биламен! (ўпкаси тўлиб). Ажам қизлари сутдай оппоқ бўлур эрмиш! Соҳибқирон. (Қаҳ-қаҳ уради). Улар сут бўлса, сен қаймоқсен, малагим! Сулувкўз. Шом келинчакларининг қоматлари сарв бўлармиш. Соҳибқирон. О, сулувжон, йўл йироқ, ёв ёвуз. Бизни не машаққатлар кутадур — сен тасаввур ҳам қилолмайсен, маликам! Сулувкўз. (Эркаланиб). Дарёнгизнинг у юзида кўринади бўйларингизо, бўйларингиз. Йўлим йироқ, отим арриқ, етолмаймано, етолмайман! Соҳибқирон. Айт, яна бир айт бул қўшиғингни. Сулувкўз. (бирдан кўзлари ёниб) Йўқ, мен биламен, сизни биламен! Соҳибқирон. (бирдан қаҳри қўзиб). Бас! Мен бу гўшага безовта хаёллар кишанидан қутилиб, сенинг қучоғингда бир он ором оламен деб, таскин топамен, деб келган эрдим, сен эрса... омон қол, омон бўл! (Кетмоқчи бўлади, Сулувкўз дарҳол ҳушёр тортади). Сулувкўз. Ожизлик қилдим, амирим! Бир сафар авф этинг, мен шўрликни. Соҳибқирон. (Яна юмшаб). Майинг борму? Сулувкўз. (Ҳайрон) Май ичмас эрдингиз? Соҳибқирон. Ичмаган бўлсам ҳам букун бир қултум ичмоқ ниятида эрдим. Шарбат бер (Сулувкўз бир пиёла шарбат тутади). Сенинг қўлингдан ичилган шарбат, май қаттиқ маст қилур мени! (пиёлани кўтариб) Бул жудоликни раво кўрган яратган эгам висол кунини ҳам насиб этгай! (Ичади. Муртини силаб). Сабаб яна висолингни яширдинг? Сулувкўзнинг бошидаги дур ва жавоҳирлар билан безалган саллачаси ва юзидаги пардани юлиб олиб, бир чеккага отиб юборади ва елкасидан қучади. Соҳибқирон. Ё раб! Гўшанг чарақлаб кетди, офтобим! Излай-излай кексайганда, соқол-муртимга қиров қўнганда Оллоҳ ўзи инъом этган Сулувим, Сулувкўзим, Сулувжоним! Сулувкўз. Йўқ, кексайдим деган сўз сизга ярашмас, амирим! Соқол-муртингизга қўнган бу қиров бебаҳо дур бўлиб кўринур менинг кўзимга! Сиз кекса эрмас, бино бўлибсизки, ҳеч ким жиловлай олмаган асов тулпорсиз, амирим! Соҳибқирон. (яна қаҳ-қаҳ отиб кулади). Асов тулпор! Мана неча йилдирки, бу тулпорни жиловлаб, устига миниб юрибсену, тағин уни асов дерсан! Сулувкўз. Бул сўзингиз рост бўлса нечун олиб кетмайсиз, бул илону чаёнлар ичига ташлаб кетасиз? Соҳибқирон. Қайси илон? Қайси чаёнларни айтасен? Сулувкўз. Саройингизда ғийбат, фисқи-фасод, ҳарамингизда бахиллик, ҳасад (бирдан ҳушига келиб) тавба қилдим! Бу сўз оғзимдан қандай чиқди — билмай қолдим, авф этинг, амирим! Соҳибқирон. Қани қайтгунимча бир илон тегиб кўрсин, бир чаён чақиб кўрсин сени! Сулувкўз. Майли, бошқа сўзламаймен, бошқа нолимаймен, бироқ... Сизсиз ўтган ҳар бир дақиқа минг йил бўлур мен шўрликка... Соҳибқирон. Бунинг ҳам чораси бор, бибим! Сулувкўзни қучиб дарича олдига олиб боради. Кечки Самарқанд боягидан ҳам гўзал, улуғвор. Соҳибқирон. Ёшлиғимда ният қилғон эрдим, бул шаҳри азимни жаҳонда энг кўркам, энг муаззам шаҳри-мунаввар қиладурмен деб! Сулувкўз. Ниятингизни яраттан эгам ўзи қўллабдур! Соҳибқирон. Энди анов ҳали битмаган масжиди жомега қара! Уни қуриб тугатмоқни сенга юклаймен! Сулувкўз. Мендай бир ожизага? Соҳибқирон. Жаҳонгашталик қилиб, буёғи Ҳинду Хуросон, буёғи Урусиядан олиб келган энг яхши меъморларим — сенинг изму ихтиёрингда бўлур. Бул юришдан қайтғонимда сенинг менга қиладурғон энг катта туҳфанг — мана шул масжиди жомеъ бўлмоғи даркор. Сулувкўз. Ё парвардигор! Наҳот бул масъуд кунларга етсам? Соҳибқирон. Иншоолло етурсен! Эшик берухсат очилиб, Биби Сардор киради. Бу — элликлардан ошган, аммо ҳануз чиройи сақланган, Чингизийларга хос ғурури ғолиб аёл. Унинг бошида зар сочилган қора-қирмизи рўмол, эгнида ҳам шу ранг кўйлак, қўлида қимматбаҳо оғир тасбеҳ. Биби Сардор. Бемаврид келдим, чоғи. Авф этгайсиз, олампаноҳ. Сўротғон экансиз... Соҳибқирон Сулувкўзга «ичкарига кириб тур» деан маънода имо қилади. Сулувқўз итоаткорлик билан ўз хонасига кириб кетади. Соҳибқирон. Сўрағон бўлсам-да, сўраб кирмоғинг даркор эрди, Биби Сардор! Биби Сардор. Сизга не бўлди, давлатпаноҳ? Бирда йўқлайсиз, бирда дўқлайсиз? Бир сўроқлайсиз, бир сўроқсиз кирдинг, деб маломат қилурсиз? Қайси гуноҳларим учун бул ҳақорат, бул надомат? Ё қирқ йил қулингиз бўлиб хизмат қилмадимму, ё Биби Сардор Чингизхон авлодидан эканинин ёдингиздан чиқардингизму, олампаноҳ? Соҳибқирон. Қайдаги ипринди-сипринди сўзларни сўзлайсен! Кексаликка бўйин эгмай ёш санамга рашк қиласен! Мен сени бу ерга аёл зотининг фисқ-фасод сўзларини муҳокама қилмоқ ниятида эрмас, узоқ сафар олдидан сўнгги иродамни изҳор этмоқ азмида йўқладим! Биби Сардор. (Дарҳол шаштидан тушиб). Амрингизга мунтазирмен, шаҳриёри фалак иқтидор! Соҳибқирон. Бирламчи, ҳарамдаги барча канизлар, хоҳ истасин, хоҳ истамасин, мен шул ёш санамни деганим деган, суйганим суйган! Мабодо... бирор нохуш иш бўлиб, унинг лоақал бир киприги тушса... бошинг кетадур, Биби Сардор! Биби Сардор. Сўзингизни англадим, ҳазратим! Соҳибқирон. Иккиламчи ҳукмим шулким, анов масжиди жомеъ қурилишини ва бу қурилишга боғлиқ барча юмушларни шул бибига юкладим... Биби Сардор. (Ҳайратда). Масжиди жомеъ қурилишини оғзидан она сути кетмаган шул норасо гўдакка юкладингиз? (аламдан қовурилиб) Олампаноҳ! Қайси гуноҳларим учун бул кўргулик? Қирқ йиллик садоқати зоҳир чўрингиз туриб, не-не уддабурон аркони давлат қолиб, бул мушкул юмушни... Кеча топган субутсиз санамингизга топширасиз? Соҳибқирон. Бас! Жаноб Соҳибқирон, Амир Темур Кўрагоний фармони мубоҳаса ва муҳокама қилинмайдур! Биби Сардор. Э, яратган эгам! Қариган чоғимда бул не ҳақорат, не қисматларни раво кўрдинг мен бахти қарога! Соҳибқирон. Каломим тамом. Сенга рухсат, Биби Сардор! Чироқ ўчиб, зум ўтмай, шамлар ёнади, ғира-шира қоронғуликда ҳарир парда билан тўсилган қўш нақшинкор сўри кўзга чалинади. Парда ёнида бояги либосини кийиб, қилич тақилган камарини боғлаётган Соҳибқирон. Тўсатдан яна ноғоралар гумбурлайди, отлар кишнайди, филлар наъра тортади. Парда ичидан Сулувкўзнинг зорли овози келади: «Қайдасиз, амирим? Наҳот тонг отди? Наҳот бир оний висол чоғимиз тугади?» Сулувкўз парда ичидан чиқади. Эгнида зар сочилган ҳарир кўйлак, паришон сочлари тўпиғига тегади. Соҳибқирон. Ҳа, тонг отди, жудолик дамлари келди, Сулувим! Сулувкўз. Жудолик! Наҳот шўрлик бибингизни чинданда ташлаб кетасиз, амирим? Соҳибқирон. Оллога топширдим сени... Сулувкўз. Мен ҳам Сизни Оллога топширдим, амирим. Ой бориб, омон қайтгайсиз, йўлбарсим, асов тулпорим! (тобора ҳолсизланиб) Оллога топширдим, Оллога топширдим!.. Парда Иккинчи кўриниш Кўркам тоғ ёнбағрига тикилган улкан саропарда. Саропарданинг бир томони баланд кўтарилган. Пастда гўзал манзара: узоқда арчазор чўққилар, яқинроқдаги қир ва адирларга ўтовлар, чоғроқ чодирлар тикилган, ўтлаб юрган йилқилар, туялар, от ўйнатиб юрган суворийлар элас-элас кўзга чалинади. Бот-бот улар дупури, айғирлар кишнаши, қурол-аслаҳа ясаётган аслаҳасозларнинг тарақ-туруғи эшитилади. Қирмизи гиламлар тўшалган саропарданинг тўрида йўлбарс териси ёпилган баланд, олтин курси. Енида қатор кичик курсилар. Ўнг томонда саккиз қиррали нақшинкор хонтахта. Унинг устида бир даста ипак қоғоз, қалам, шарбат солинган идишлар. Шоҳи кўрпачада соқол-мўйловлари чиройли қиртишланган сарой муаррихи ўлтирибди. Эшик оғоси Қалқонбек, қўлларини орқасига қилганича у ёқдан бу ёққа юриб, фармони олий ёздирмоқда. Қалқонбек. Жаноб Мавлоно! Олампаноҳ бул фармони олийни девон мирзоларига эрмас, Сизга ёздиришни истардиларким, эҳтимол ёзадурғон китобингизга кирадур. Муаррих. Ташаккур. Қалқонбек. Аммо ҳозирча бу фармон сир сақланмоғи даркор. Муаррих. Англадим, жаноб саройбон. Қалқонбек. Фармони олийнинг бошини ўзингиз ўхшатурсиз. Муаррих. Хотиржам бўлғайсиз, кўнглингиз тўладур. Қалқонбек. Камина эрмас, Соҳибқирон ҳазратларининг кўнгиллари тўлмоғи даркор. Муаррих. Иншоолло шундай бўлур. Қалқонбек. Фармони Олийнинг мазмуни шулким, сўнгги кунларда жаноби Соҳибқирон ҳудудидаги барча вилоят, музофот ва шаҳар бекларидан келадурғон номалар муддати бузилмоқда. Бекат ва работ нозирлари чопар ва айғоқчиларга яхши улов беришдан бош тортиш ҳоллари содир бўлмоқда. Боз устига Қорабоғ, Машҳад, Нишопур сарҳадларида уя қўйғон қароқчилар ва йўлтўсарлар махсус чопарлар жонига қасд қилиб, олиб келаётғон номаларини, ҳатто хуржунларидаги ақчаларини тунаб кетмоқдаларким, бунга сира тоқат қилиб бўлмас! Муаррих. (Бошини чайқаб). Филҳақиқат, чидаб бўлмайдурғон бир ҳол! Қалқонбек. (Бетоқат). Давлатпаноҳ Соҳибқирон ҳазратлари амр қиладурлар: ушбу фармони олий етиб борғон кундан бошлаб ҳудудсиз давлатимиздаги барча бекат ва работ нозирлари чопарлар ва айғоқчилар учун энг сара отлар, энг тез чопар югурук туяларни шай қилиб қўйсунлар! Қайси минтақада бул амрни олиб вожиб бўлмай, йўлтўсар ва қароқчиларга эрк берилса, фақат бекат ва работ нозирлари эрмас, вилоят ва музофат бекларинингда соялари бирла каллалари ҳам кетадур! Муаррих. Ёпирай, Жаноб Соҳибқирон ёмон дарғазаб бўлибдилар-да! Қалқонбек. Ўзи дарғазаб бўладурғон ишларда бу! Чодирнинг сўнг қанотидаги парда очилади ва ясовул кириб таъзим қилади: Я с о в у л. Икки сипоҳ бугунги овдан ўлжа келтирдилар. Қалқонбек. Айт, кирсинлар! Ясовул чиқади, чодирга қоп орқалаган икки сипоҳ кириб, қопларни ерга ташлашади. Қалқонбек. (Хушнуд). Бугунги шикор омадли бўлибдурда, бундан чиқди. Б и р и н ч и с и п о ҳ. Омадлики, Соҳибқирон ҳазратларининг бир ўзлари салкам юз каклик отдилар! И к к и н ч и с и п о ҳ. Қоплонни айт, қоплонни! Қалқонбек. Қоплон? Б и р и н ч и с и п о ҳ. Қоплонки, шердан катта! Муаррих. Офарин, офарин! И к к и н ч и с и п о ҳ. Соҳибқирон ҳазратлари бу қоплардаги какликларни бу кун келадурғон Султон Боязид дастурхонига тортишни буюрибдурлар! Қалқонбек. Баковулларга элтинг! Парларини юлиб, қовурдоқ қилсунлар! (Муаррихга). Бу ғаройиб ҳодисани дафтарингизнинг бир четига туртиб қўйинг. Тарихга кирса арзийдур. Мавлоно! Муаррих. Филҳақиқат, арзийдур, жаноб Саройбон. От кишнайди, ясовул кириб, таъзим қилади. Я с о в у л. Даруссалтанатдан чопар келмиш! Қалқонбек. Хайрият! Сўра! Чопар кириб, таъзим бажо келтиради. Юзида ниқоб, бошида чопарлик нишони қадалган телпак. Қалқонбек. (Кескин). Нома! Ч о п а р. Бир қошиқ қонимдан кечгайсиз, жаноб эшик оғаси. Номаи Муборак — махфийдир. Уни Соҳибқирон ҳазратларининг ўзларига топширмоққа сўз берганман. Қалқонбек. (Дарғазаб). Жаноб Соҳибқирон — овдалар! Бул қандай номаки, унинг мазмуни давлатпаноҳ инонган эшик оғасидан сир сақланур. Чўз номани! Ч о п а р. Авф этгайсиз, тўрам... Нома телпагим ичига яширилгандур. Қалқонбек. Ол телпагингни, нобакор! Ч о п а р. Кечиргайсиз, жаноб саройбон, бошим калдур! Қалқонбек. Бошинг қўтур, бетинг чўтур, аммо тилинг бурро! Қачон, қай элда эшитганмен сен тўнқушнинг овозини? Чопарнинг бошидаги телпаги, юзидаги ниқобини шартта юлиб олади. Сарагул юзини кафтлари орасига яширади. Қалқонбек. (Бир қадам тисарилиб). Сарагул! Ё раб! Тушимму бу ё ўнгимму? Сарагул. Яраттан эгамга минг шукур. Сизни кўрадурғон кун ҳам бор эркан! Қалқонбек томон талпинади-ю, муаррихга қараб, ўзини тияди. Буни сезган муаррих сал тескари бурилиб гўё ўз иши билан банд бўлади. Сарагул. Оллога шукур, дийдорингизни кўрмоқ насиб этди, насиб этди. Тиз чўкмоқчи бўлади, Қалқонбек уни ушлаб қолади. Қалқонбек. (Қучади, сочларини силайди). Оллога шукур, Оллога шукур! Сарагул. Сизни бир кўрмоқ умидида уч ҳафта от сурдум. Сизлар юрибсиз бу ёт элларда ғалаба нашидасидан маст бўлиб, биз эрса... биз шўрликлар эрса ётибмиз қон йиғлаб. Қалқонбек. Сабаб қон йиғлайсанлар? Сарагул. Нечун қон йиғламайлик? Саройда иғво, ҳарамда фисқу-фужур! Ғийбат! Сизлар инонган мулозимлар — бари илоннинг ёғини ялаган тулкилар. Бари Сардорнинг айғоқчилари! Шўрлик Бибим икки ўт орасида куйиб кул бўлмиш. Жомеъни битириб, жаноб Соҳибқиронга инъом этмоқ азмида иш қилса-чи, ичи қора ҳасадгўйлар йўл қўймаса, битирмаса — Фотиҳи Музаффар ғазабига дучор бўлса! Қалқонбек. (Қаҳри кўзиб). Уч ҳафта туну-кун от суриб келғонингда ҳазрат Соҳибқиронга топиб келғон хушхабаринг шул бўлдими? Сарагул. Бошқа чора топилмаса не қилайин? Бахтиқаро Бибим бошига беҳисоб туҳматлар ёғилса не қилайлик? Қалқонбек. Не туҳмат? Ўпкангни босиб, ошкора сўзла! Сарагул. (Кўз ёши аралаш). Эрмишки... гўё... гўё масжиди жомеънинг меъмори Бибимга изҳори ихлос қилган эрмиш... Қалқонбек. (Кескин). Изҳори ихлосму ё ишқу-муҳаббатму? Сарагул. Бари бўҳтон, бари миш-миш! Қалқонбек. Шамол бўлмаса теракнинг учи қимирламас! Сарагул. Шўрлик бибим! Қалқонбек. Шўрликму, йўқму, аммо машриқдан мағрибга от суриб олиб келган матоҳинг шул ғаламис номаму? (Қўлидаги телпакни юмдалаб-йиртиб, ичидан номани олади ва унга кўз югуртиради). Йўқ, бул номани Олампаноҳга кўрсатиб бўлмас! Ҳазратларининг бошида минг бир ташвиш, ғурбат, узлуксиз жангу-жадал, сенинг бибинг эрса... жаноб Соҳибқирон ҳазратларини юрагини қон қиладурғон чиркин номалар йўллайдур! (Тўсатдан муаррих томон бурилиб) Мавлоно! Бул чопар бул ғаламис номани келтирмади, сиз ила биз уни кўрмадук! Муаррих. Надоматлар бўлғайким, сиз ила биз кўрмасакда, қалам-қоғоз кўрди, бинобарин, қоғозга тушмай қолмас! Зеро, қоғозга тушган сўзни қилич ҳам кеса олмас! Қалқонбек. Бошқаларнинг қиличини билмаймен, аммо Қалқонбекнинг қиличи кесадур! Уларнинг баҳсини катта оломоннинг ҳайқириғи бўлади, кейин бирдан отлар дупури эшитилади. Қалқонбек. Соҳибқирон овдан қайтмоқдадур! (Сарагулга) Сен буёқдаги ўтовга ўтиб ўлтур. Аммо биров кўрмасун, унинг чиқмасун! Сарагул. Оғажон. Қулоқ солинг, оғажон. Қалқонбек. Бас! Қолган сўзни кейин сўзлашурмиз! Ма, бошингга қалпоғингни, юзингга ниқобингни кий! Чодирга шитоб билан Ясовул киради. Я с о в у л. Босқонбекни олиб келдук. Қаттиқ жароҳатланғон. Қайга жойлашамиз? Қалқонбек. Қаттиқ жароҳатланган? Қай жойда? Қачон? Сабаб? Я с о в у л. Ов бўлаётғон дарада бир малъун Соҳибқирон ҳазратларининг жонига қасд қилмоқ азмида сой бўйидаги чинор тепасига яшириниб олғон эркан. Камондан ўқ узаётғонда Босқонбек ботур кўриб қолиб, ўққа ўз кўксини тутмиш. Сарагул. Ё тангрим! Бечора Ақчагул! Я с о в у л. Жаноб Соҳибқиронга шикаст етмабдур, аммо Босқонбек ботурнинг аҳволи оғир! Қайга жойлашамиз. Қалқонбек. Оқ ўтовга! Гиламлар тўшанг. Ҳакими Аъзамни олдиринг! Дарҳол. Икки сипоҳ оқ кигизда Босқонбекни кўтариб кирадилар. Босқонбек. Сув! Бир қошиқ сув! Қалқонбек. (Шақилдоғини шақиллатиб). Сув! Шарбат!. Сарагул (Тиз чўкиб). Инижоним! Сенга не бўлди, инижоним. Босқонбек. Сарагул? (Алаҳсираб) Қайдамиз? Доруссалтанатга қайтдикму? Қайтган бўлсак... Ақчагул қайда, опажон? Чақиринг уни, чақиринг! Қалқонбек. (Сарагулга ўшқиради) Ўтовга чиқ дедим сенга! Чиқ дарҳол! Сарагул кўз ёшларини артганича чодирдан чиқади, Ясовул косада сув олиб киради, Босқонбек сув ичиб атрофига олазарак қарайди. Босқонбек. Қайга келдик? Қароргоҳму бу? Қалқонбек? Оғожон! Қалқонбек. Қароргоҳ, боврим! (Ўпкаси тўлиб) Инижоним, боврим! Ҳозир табиблар етиб келадур! Олло шифо берса отдай бўлиб кетурсан, ини-жоним. (Ясовуллар) Оқ ўтовга! Босқонбек. Тўхта, оғажон! Тўхтанглар! Соҳибқирон ҳазратларига сўзим бор, тилагим бор! Қалқонбек. Сабр қил, боврим, сабр қил... Ҳамма чиқади, бўсағада ёлғиз ясовул қолади. Овлоқдан келаётган ҳайқириқ ва ноғоралар гумбири кучаяди. Отлар кишнайди. Чодирга икки ёнида икки сипоҳ Шоҳруҳ Мирзо киради, сипоҳлар чекинишади... Ш о ҳ р у ҳ. Эшик оғаси қайда? Я с о в у л. Ҳакимлар қошида, шаҳзодаи жувон-бахт! Ш о ҳ р у ҳ. Йўқла! Ясовул чиқади, Шоҳруҳ Мирзо қиблага юзланиб, қўлларини очади. Э, парвардигори олам! Мана, салкам эллик йилдирки падари бузрукворимиздан меҳру шафқатингни дариғ тутмадинг. Букун яна иноятингни дариғ тутмай, ажал балосидан асраб қолдинг. Сенга саноқсиз ҳамдлар айтиб, шукрона қиламиз! Юзига фотиҳа тортади. Чодирга бошқа бир ясовул кириб, таъзим қилади. Я с о в у л. Соҳибқирон Амир Темур Кўрагоний ҳазратларига изҳори ихлос қилмоқ матлабида Султон Боязид жаноблари ташриф буюрмиш. Ш о ҳ р у ҳ. Султон эрмас, тожу тахтидан мосуво бўлғон бир ғуробо! Ташриф буюрғон эрмиш! Ташриф эрмас, тўрт оёқлаб эмаклаб келмоғи даркор эрди, ул баттол! Ғурурини жиловлаб, тақдир азалга тан бермоқ ўрнига ҳануз жаноб Соҳибқирон жонига қасд қилмоқ режасини тузадур ул иблиси лайин! Соҳибқирон ҳаз-ратларини кутмоқ даркор. Унгача анов қора уйга жойла ул маккорни! Ташқарида кўп отлар кишнайди. Чодирга қилич яланғочлаган бир гуруҳ сипоҳлар қуршовида Соҳибқирон ҳазратлари билан шайх Нуриддин ва амир Барлостегин кирадилар. Сипоҳлар чекинадилар. Ўтган фурсатда соҳибқирон деярли ўзгармаган, эҳтимол соқол-муртидаги оқ толалар сал кўпайгандир, аммо гап-сўзларида, ҳаракатларида ўша шиддат, ўша қатъият. Оқ ўтов тамондан Қалқонбек кириб, таъзим бажо келтиради. Соҳибқирон. (Кескин). Нечун гунгсан, эшик оғоси? Сўзла! Қалқонбек. Бовримнинг аҳволи ночор, давлатпаноҳ! Соҳибқирон. Ҳакимлар не дейди? Қалқонбек. Ҳакимларда забон йўқ, муолажа ила бандлар, олампаноҳ. Соҳибқирон. Йўқла уни! Қалқонбек чиқади. Ҳамма сукутда бош эгган. Муаррих (журъатсизгина тамоқ қириб). Яратган эгамнинг шафоати чексиз, давлатпаноҳ. Иншооллоҳ шифо топадур. Ҳ а м м а. Иншоолло, иншоолло! Соҳибқирон. Илоё айтганингиз келгай, мавлоно! Бу шер-юрак ўғлон фақирга жонини берадурғон бир эр эрди, ўз фарзанди аржумандларим қандай қалқон бўлса, шундай қалқон эрди! Ш о ҳ р у ҳ. Биз ҳам уни ўз туғушқон инимиз, деб билур эрдик, валинеъмат! Қалқонбек билан ҳакими аъзам кириб, таъзим қиладилар. Сукут. Соҳибқирон. (Қаҳри келиб). Забонинг борму ё тилинг кесилганму, ҳакими аъзам? (шивирлаб). Ботирим тирикму ё... ҲакимиАъзам. Шул дақиқада тирик, олампаноҳ, аммо... Соҳибқирон. Сўзла! ҲакимиАъзам. Умидимиз Оллоҳдан, давлатпаноҳ! Соҳибқирон. Яратган эгам... сақланганни... сақлаганни сақлайман деган. Ботиримни сақламоқ сенинг гарданингда, ҳакими аъзам. Бор, қилавер муолажангни!.. Аммо... хато қилакўрма! Сўзим аёнму, ҳаким? ҲакимиАъзам. Аён, ҳазратим... Қалқонбек иккови чиқадилар. Сукут. Соҳибқирон у ёқдан бу ёққа дарғазаб айланади. Соҳибқирон. (Тўсатдан тўхтаб). Ўғлим Шоҳруҳ! Ш о ҳ р у ҳ. Лаббай валинеъмат! Соҳибқирон. Сен ўз пойтахтинг Ҳиротга қайтмоқ тараддудини кўрабер. Ш о ҳ р у ҳ. Қачон, бузруквор? Соҳибқирон. Дарҳол. Эрта тонг йўлга чиқмоғинг даркор... Шайх Нуриддин ҳазратлари! Шайх Нуриддин. Қулоғим Сиздадур, Олампаноҳ. Соҳибқирон. Сиз доруссалтана Самарқандга йўл олурсиз! Сиз амир Борлос тегин, Ажам орқали Қорабоғга, Қорабоғдан Журжон шаҳри орқали Туркманлар юртига, ундан Балхга ўтирсиз! Амир Барлос. Бош устига! Шайх Нуриддин. Сиз ҳазратимнинг сўзлари — биздай садоқати зоҳир қулларингиз учун амри худодир! Соҳибқирон. Ҳар бирингиз қанча суворий, қанча қурол-аслаҳа, қанча озиқ-овқат даркор бўлса — олингиз! А м и р Б о р л о с ва Шайх Нуриддин (бараварига). Ташаккур, олампаноҳ!.. Соҳибқирон. Тағин не керак — олинглар. Аммо йўл-йўлакай ҳудудим ичида пайдо бўлғон барча қароқчилар, бебош товламачилар, чопарлар ва айғоқчиларимиз жонига қасд қилаётғон барча каллакесарларнинг пайини қирқиб, токи мен қайтгунча юртда осойишталик ўрнатмоқларинг даркор! Дарвоқе, мен айтғон фармони олий тайёрму, мавлоно! Муаррих. Тайёр, тайёр, олампаноҳ! Соҳибқирон. Тайёр бўлса бул зоти шарифларга бир нусхадан обергайсиз. Бул фармонни Сизларга берган чексиз ваколатим деб билурсизлар! Ш о ҳ р у ҳ. Валинеъмат! Соҳибқирон. Хўш? Ш о ҳ р у ҳ. Мен Сизни бу ерда, ғанимлар орасида ёлғиз ташлаб кетолмасмен. Соҳибқирон. Фақирни бўри емас. Қирқ йил қирғинда асраган яратган эгам, иншоолло бундан кейин ҳам асрар! Ш о ҳ р у ҳ. Ахир менинг Ҳиротимда осойишталик! Соҳибқирон. Ҳирот осойишта бўлса Машҳад нотинч! Оғанг Мироншоҳ давлат юмушларини йиғиштириб қўйиб, фаҳш ва айш-ишратга муккасидан кетиб, ўз қусуғига ўзи беланиб ётган эрмиш! Бориб кўр: хуфяларим еткарган бу хабар рост бўлса... менга дарҳол чопар йўллайсен! Қалқонбек кириб, бош эгади. Қалқонбек. Давлатпаноҳ, Фарангистондан злчилар келмиш. Юз хачир совға-салом ва фаранг қиролининг ёрлиғини келтирмишлар. Соҳибқирон. Йўқ, фаранг элчилари навбат кутгай. Аввал Султон Боязидга йўл бер! (Чодирдагиларга) Сизларга ижозат! Сафар ҳозирлиғини кўргайсизлар! (Муаррихга) Сиз қолинг, мавлоно. Суҳбатимизни ёзиб олмоғингиз даркор! Муаррих бош эгади. Бошқалар чиқади, Қалқонбек киради. Қалқонбек. Жаноб Султон Боязид бир гуруҳ надимлари ила ижозатингизга мунтазирдур! Соҳибқирон. Султонни таклиф эт! Надимлари қолсун. Суҳбатимиз юзма-юз, бегувоҳ бўлмоғи даркор! Қалқонбек чиқади. Султон Боязид кириб бош эгади. Устида жўнгина қора чакмон, бошида кулоҳсимон қалпоқ. Соҳибқирон. Марҳамат, тўрга ўтсинлар, жаноб Султон. Боязид. Ташаккур! Фақир эндиликда султон эрмас, Сиздай музаффарнинг мағлуб бир қулидурман! Соҳибқирон. Такаббурлик қилмай юқори ўт! Букун каминанинг азиз мемони бўлурсен. Боязид. Қуллиқ! Букун Сиздай амири мўъминнинг меҳмони бўлмоқ на кўнглимга сиғадур, на мартабам кўтарадур буни! Соҳибқирон. Сабаб? Боязид. Сабаби... Шул букун субҳи содиқ туш кўрибмен, жаноб Соҳибқирон. Соҳибқирон. Туш? Не туш? Боязид. Фақиру ҳақир... Сизнинг музаффар лашкарларингиз енгилмас яничарларим устидан ғолиб чиққан куни мен ўлим тилаб яратган эгамга илтижо қилғон эрдим. Менинг илтижом арши аълога етиб борибдур. Букун субҳи каззоб Ҳазрат Азройил алайҳиссалом ўз фаришталари қуршовида фақир кулбамга қадам ранжида қилдилар. Мен соҳибқирон Амир Темур Кўрагоний ҳазратлариға айтадурғон калима бор деб, Ҳазрат Жаброил алайҳиссаломдан бир кунга ижозат сўрадум. Соҳибқирон. Ўзинг тўқиган чўпчакму бу ё ҳақиқатму? Боязид. Бас! Фақир букун бул ўткинчи маконда бор, эртага йўқмен. Умид қиламанки, гўр ёқасида турғон бандаи ожизни бир оғиз сўздан мосуво этмайсиз, амирал мўъминин! Соҳибқирон. Йўқ, мосуво қилмаймен, аммо кўнглингдаги заҳрингни ҳам, айтадурғон каломингни ҳам яхши билурмен, Йилдирим! Боязид. Яхши билурсиз? Соҳибқирон. Билурмен. Сен изҳори ихлос қилмоқ эрмас, маломат тошларини ёғдирмоқ азмида келгансен, ҳузуримга... Боязид. Астофурулло! Соҳибқирон. Каломинг шулким, мен, кимсан Султон Боязид буткул турк оламини мағриб ғайридинларидан асраб ўртада қолқон бўлиб турғон эрдим, сен эрса мени тору-мор қилиб, ғанимларимизга йўл очиб бердинг, демоқчисан сен! Боязид. Ё бу сўзим ҳақиқат эрмасму, Соҳибқирон? Мағрибда қилич яланғочлаб турғон ёвларингизга йўл очмадингизму? Машрикда Урусияга қарши кўкрак кериб турғон Тўхтамишхонни ер бирлан яксон қилиб... Соҳибқирон. (Қалтираб). Бас, ул мунофиқдин сўз очиб, эски ярамни тирнама. Йилдирим! Падари бузруквори оламдан ўтиб, етим қолганида унинг бошини силаб, таълим-тарбия қилиб, отаси тахтига ўтқазган ким? Амир Темур Кўрагоний эмасму? Боязид. Амир Темур Кўрагоний, аммо... Соҳибқирон. Кўрагоний бўлса, нечун бул маломат? Мағрибдаги ғанимларимга қарши қалқон бўлиб турғон эрдим деб кўкрак керасен, аммо ёлғиз кўзингни мағрибга эрмас, машриққа қадайсен? Менинг сарҳадимға таҳдид соласен! Камина сени кўзи кўр бир фақир десам, дилинг ҳам кўр эркан, Боязид! Боязид. Фақирни авф этгайсиз, ҳазратим. Мени кўр қилиб яратган эгам, сизни ҳам чўлоқ қилиб яратибдур. Соҳибқирон. Ҳа парвардигори олам, бу дунё тақдирини бир кўр, бир чўлоққа топширибдур. Аммо бу кун менга бир ҳақиқат аён бўлди: кўр бўлғондан, чўлоқ бўлғон афзал эркан! Тағин не арзинг бор — сўзла, Йилдирим! Боязид. Йўқ, сенга айтадурғон бошқа каломим йўқ. Бирдан-бир насиҳатим: мен басир бу дунёға устун бўлурман деб ўйлоғон эрдим — бўлолмадим. Сен чўлоқ ҳам устун бўлолмайсен (чиқа бошлайди). Соҳибқирон. (Кесатиб). Доно насиҳат! Камина бул ҳақиқатни билмас эрканмен, кўзимни оч-динг, ташаккур, Йилдирим. (Боязид чиқади). Муаррих. О, бани одам! Отдан тушса-да, эгардан тушмас, бани одам! А м и р. Майли. Мағлуб аламзада, ғолиб кечиримли бўлмоғи даркор! Суҳбатни оқизмай-томизмай битдингизму дафтарингизга? Муаррих. Битдим. Ҳаммасини битдим, олампаноҳ. Соҳибқирон. Баракалло! Бўлғуси авлодлар бор ҳақиқатни билмоқлари даркор, Мавлоно! Ўтов томондан: «Иним! Шерюрак инижоним!» деган фарёд эшитилар. Чодирга сочлари ёзилган ёқаси чок Сарагул билан уни тўхтатиб қолишга уринаётган Қалқонбек кириб келишади. Сарагул йиғлаганича ўзини Соҳибқироннинг оёқлари остига ташлайди. Сарагул. Шерюрак бургутингиз Босқонбек оламдан кўз юмди, давлатпаноҳ. Кўз юмди. Бахтиқаро Ақчагул! Шўр пешона сингилгинам! Соҳибқирон. (Ҳайратда). Сарагул? Сен қандай, қачон келдинг? (жавоб кутмай) Ҳакими аъзам қайда? Қалқонбек. Йўқлайму! Соҳибқирон. Йўқ! Бари Оллоҳдан. Яратган эгамнинг хоҳиши шул эркан. Ўз жаннатидан жой ато қилғай! (Қалқонбекка). Дафн тараддудини кўринглар! (Юзига фотиҳа тортади. Сарагулни ўрнидан турғизади). Сен қачон келдинг бу масканга? Сарагул. (Ҳиқиллаб). Шу букун, Олампаноҳ. Соҳибқирон. Сабаб? Сарагул. Бекам! Шўрлик бекам! Соҳибқирон. Шўрлик? Сабаб шўрлик бўлур? Сарагул. Саройда ғийбат, фисқу-фасод, туҳмат! Соҳибқирон. (ғазаби жўшиб). Чайналмай сўзла! Не ғийбат, не туҳмат? Ким қиладур бу туҳматни? Сарагул. Сарой арконлари... Ҳарам бекалари... Соҳибқирон. Сўзла! Чайналмай сўзла дедим сенга! Сарагул. Бир қошиқ қонимдан кечгайсиз, ҳазратим. Ул тубан кимсаларнинг тубан сўзларини айтмоққа тилим бормас! Соҳибқирон. Ё сўзла, ё тилинг кесилур! Сарагул. Сўзласам... эмишки, бибим, сутдай оқ, мусичадай увол бибим... эмишки... масжиди жомеъ меъморининг тузоғига илинмиш... Соҳибқирон. Тузоқ? Не тузоқ? Сарагул. Му... му... муҳаббат тузоғи! Соҳибқирон. Ҳим... Бибим?.. Кимсан Соҳибқирон Амир Темур Кўрагонийнинг хасми... қаёқдаги бир қаланғи-қасанғига ишқи тушмиш? Сарагул (нола қилади). Ёлғон! Ҳаммаси бўҳтон, ҳаммаси туҳмат, Олампаноҳ. Соҳибқирон (ғазаби жунбушга келиб). Биби Сардор қай гўрда юрибдур? Сарагул. Надоматлар... надоматлар бўлғайким, Биби Сардор ҳам ўшал туҳматчилар ёнини олмиш!.. Соҳибқирон (алам билан, аммо секин). Билғон эрдим... Шундай бўлишини билғон эрдим (бақириб). Даф бўл кўзимдин! (Сарагул чикади). Соҳибқирон (гўё ўзига ўзи) Билғон эрдим, ҳаммасини билғон эрдим! (ожизона). О, бибим, бибижоним! Кексайғонда топган дурри гавҳарим!.. Мен сенга интилғон эрдим, худди ўзимға инонғондай инонғон эрдим!.. Муаррих (журъатсизгина). Ҳукм чиқармоққа шошилманг, давлатпаноҳ. Шояд бул канизак айтғандай туҳмат бўлса, бари бўҳтон бўлса. Соҳибқирон (енгил тортиб). Шояд! Дарвоқе шайх Нуриддиннинг қўлига фармон ёзиб бермоқ даркор. Токи борғунимга қадар Сулувкўз бибига ҳеч бир кимса тегмагай! Ўзим қилурмен ҳақиқатни, ўзим! Парда Иккинчи парда Учинчи кўриниш Кўксарой. Саҳна иккига бўлинган. Ўнг тамонда Сулувкўзнинг хонаси, чап тамонда яхши жиҳозланган чароғон меҳмонхона. Сулувкўзнинг хонаси нимқоронғи. Токчаларда бир-иккитагина шам милтираб турибди. Тўрдаги баланд тўшакда, нозик парда ортида Сулувкўз ётибди. Ташқаридан қўлида баркаш, Сарагул киради ва меҳмонхонадан ўтиб, Сулувкўзнинг хонасига киради. Сулувкўз. Ақчагул? Қайда юрибсен? Сарагул. Йўқ, бул мен... Сулувкўз. Ақчагул қайда? Сарагул. Ақчагулни Биби Сардор бирла Шайх Нуриддин йўқлабдурлар. Сулувкўз беҳаловат бўлиб бошини ёстиқдан кўтаради. Сулувкўз. Ё худойим! Бул ҳазрат Самарқандга келибдурки, Ақчагулни ҳар куни йўқлагани йўқлаган. Сабаб сени чорламайдур? Уларга айғоқчилик қилиб, сир ташиб юрибди сенинг синглинг! Сарагул. Й-йўқ! Ундай деманг, бибижон! Суюкли ёри Босқонбек раҳматлик бўлибдурки, телбаланиб қолди шўрлик синглим. Унинг ҳуши ўзида эрмас, бибим. Сулувкўз. Қайдамов, Сарагул. Барибир ниятлари ёмонов буларнинг! Сарагул. Қўрқманг, бибим. Ниятлари ёмон бўлсун, бўлмасун, Сиз Оллоҳ қовуштирган ёрингиз жаноб Соҳибқирон олдида сутдай оқ, фариштадай бегуноҳсиз! Сулувкўз. Ҳа, яратган эгам шоҳид! Ўзи қўшғон хўжам олдида тариқдай гуноҳим йўқ. Бироқ бул ичи қора шумниятлар тарқатган ғийбатлар, туҳматлар, булар қўйган тузоқлар!.. Сарагул. Булар бир эрмас, минг тузоқ қўймасунлар сизнинг ҳаром тукингизга ҳам теголмайдурлар. Эшик оғаси Қалқонбек иним айтдилар: фармони Ҳумоюн шундай эрмиш! Сулувкўз ҳаяжондан ўрнидан туриб кетади. Сулувкўз. Ҳа, ҳа, шундан сўзла! Бошқа барча сўзни қўйиб, шундан сўзла, жоним Сарагул! Сарагул. Минг маротаба сўзладим... Сулувкўз. Минг тугул, юз минг маротаба айтсанг ҳам жон қулоғим ила эшитаман. Сарагул, сўзла, жонгинам! Сарагул. Қалқонбек иним айтмиш. Фармони Ҳумоюнда битилган эрмишким, жаноб Соҳибқирон доруссалтанага қайтгач, ўзлари ҳақиқат қилур эрмуш! Унгача Сизни биров ранжитмоқ у ёқда турсин бир оғиз ёмон сўз айтилмасун!.. Олампаноҳ йўлга чиққа-нидан хабарингиз бор. Худо хоҳласа эрта-бурускун етиб келадур! Сулувкўз. (Таҳликага тушиб). Эрта-бурускун? Сарагул. Уч-турт кун бурун Кешга келиб, юртга ош бермоқ ниятида Оқсаройга қўнғон эмишлар. Кеча ош бериб йўлга чиққон бўлсалар шул субҳидам келиб қолурлар. Сулувкўз. Шул субҳидам? Буни билур экансен, сабаб менга айтмадинг? Сарагул. Охирғи дақиқада айтиб Сиздан суюнчи олмоқ ниятида айтмаган эрдим! Суюнчингизни беринг энди, бибим! Сулувкўз. Шул субҳидам... шул субҳидам етиб келур. Ё раб! Сарагул. Сизга не бўлди? Қувонмоқ ўрнига таҳликага тушасиз, маликам? Сулувкўз. Йўқ-йўқ. Сув бер, жонгинам, сув! Сарагул кўзачадан сув қуйиб беради. Сарагул. Нечун титрайсиз? Мени ҳам қўрқитиб юбордингиз, бибим! Сулувкўз юзини қўллари билан тўсиб йиғлайди. Сарагул. Сўзланг, маликам! Кўнглингизда не ғубор, не сир-асрор бор — яширманг мендан! Сизнинг бошингизга келган қилич мен жориянгиз бошига ҳам келур! (Сулувкўз ҳамон титраб йиғлар.) Ё анов (шивирлаб) қаланғи-қасанғи меъмор тўғрисидаги миш-мишларда жон борму? Сукут. Сарагул. (даҳшат ичида.) Ё худойим! Наҳот Сиз, жаноб Соҳибқироннинг Олло қовуштирган манкуҳаси, ул зоти шарифга хиёнат қилдингиз? Сулувкўз. (Кафтларини юзидан олади, кўзлари ёниб.) Йўқ, яратган эгам шоҳид. Соҳибқирон ҳазратлари олдида сутдай оқ, норасида гўдакдай покмен! Пок! Сарагул. Йўқса сабаб қалтирайсиз? Сабаб қўрқасиз, бибим? Сулувкўз. Ул шўрлик... ул шўрлик меъморнинг бошига ишқ савдоси тушмиш... Сарагул. Шўрлик бўлмай қора ерга киргай ул бетовфиқ! Бетовфиқ бўлмаса, кимсан фотиҳи музаффарнинг манкуҳасига ишқи тушарму? Сулувкўз. Йўқ-йўқ! Сен ўйлаган ёмон ниятда эрмас. Бор-йўғи жамолингизни бир кўрай деб, оёқларим остиға йиқилди... Сарагул. Сиз эрса... ул нобакорнинг бул машъум тилагини бажо келтирдингиз? Сулувкўз. Не қилай, бошқа чорам қолмади! Йўқса... қурилишни тугатмай масжиди жомеъ пештоқидан ўзимни ташлайман деди... Сарагул. Сиз бўлса... ул телбанинг бул ёлғон пўписасига инониб, рухсорингизни кўрсатдингиз? Сулувкўз. Йўқ-йўқ! Кўнмадим, сира кўнмадим! Сарагул. Кўнмаган бўлсангиз, нечун бу ваҳима, бу таҳлика? Сулувкўз. Шунда ул... Сарагул. Сўзланг! Сулувкўз. Шунда ул айтдики, юзингиздаги пардани... пардани олмасангиз ҳам майли... фақат фақат бир бўса, деди. Сарагул. Имонсиз! Сулувкўз. Не қилай, чорам қолмади. (Йиғлайди). Аммо ёноғимга лаб эрмас, бамисоли бир чўғ тегди. Вужудимдан ўт чиқиб кетди. Сарагул. Ақлингиз қайда эди, ақлингиз? Сўнг не бўлди, сўзланг борини! Сулувкўз. Саройга от суриб келиб, кўзгуга қарасам, ростданда лаб эрмас, чўғ тегибдур ёноғимга. (Ҳиқиллаб) Мана неча кундирки, қилмаган муолажам қолмади. Қора доғ кетмайдур, кетмайдур. Сарагул қаҳр билан Сулувкўзнинг юзидаги пардани юлиб олади ва қўрқув ичида орқага тисарилади. Сарагул (сенсираб). Ҳа, ёноғингга чўғ эмас, лаб турқидаги чўғ тегибдур, оташ темир тегибдур, оташ! (Аламдан қовурилиб) Мен эрсам, мен анқов эрсам, саройдаги бу миш-мишларнинг барчаси туҳмат деган сўзларингга инониб, бир ой туну кун ором билмай от суриб, арзингни кимсан Жаҳонгир ҳазратларига етказибман. Сулувкўз. Сарагул! Бирдан бир суянчим... Сарагул. Энди не деган одам бўлдим мен? Эрта-бурускун олампаноҳ етиб келганларида унинг юзига қандай қараймиз, беҳаё? Сулувкўз Сарагулнинг оёқлари остига йиқилади. Сулувкўз. Оёғинга бош уриб илтижо қиламан: мени қутқар. Ана, ёстиғим остида ханжар! Уни кўксимга санчиб бўлса-да, рўмолинг ила бўғиб ўлдирсанг-да, мени бул шармисорлик, бул маломатлардан қутқар, олтиним, Сарагулим! Ташқаридан тарақ-туруқ овозлар келади. Сулувкўз (ваҳима ичра). Ҳазрат соҳибқирон? Ё парвардигор? Энди не қилдим? Қайға қочай? Қайга кирай? Сарагул. Жаноб Соҳибқирон эрмас! Давлатпаноҳ ноғоралар гумбири, карнай-сурнайлар садоси остида асъасаю-дабдаба ила келурлар! Сулувкўз. Ким бўлмасин — киритма! Хаста де! Оташ ичра қоврилиб ётибди де! Сулувкўз у ёғдан бу ёққа югуриб, шамларни пуфлаб ўчиради. Сарагул қўшни хонага ўтади. Ташқаридан Ақчагул киради ва Сулувкўзнинг хонаси томон интилади. Сарагул. Бибимиз бетоб! Аҳволи оғир! Ақчагул. Даф бўл! Биламен не дардга учраган? Бу ерда не сир-асрор бор — барини биламен. Йўлимни тўсма. Ҳозир Биби Сардор ила шайх Нуриддин ҳазратлари қадам ранжида қиладурлар! Шайтон уя қурган бул даргоҳга! Сарагул. Барча сир-асрорлардан воқиф бўлсанг, уларни Биби Сардорга етказган ҳам сенму? Ақчагул. Мен! Сарагул. Худодан қўрқ, сингилжон! Биз бу дунёга келиб, неки яхшилик кўрган бўлсак — шул бахти қаро бибимиздан кўрмадикму? Ақчагул. Бул беҳаё бадбахт нозанин неки яхшилик қилган бўлса — менга эрмас, сенга қилди! Унга сирдош ҳам, қурдош ҳам сен бўлдинг! Агар менга инонганда нечук чопар қилиб мени эрмас, сени юборди. Ким билур, агар сенинг ўрнингда мен бўлганимда соҳибчангал лочинимни асраб қолган бўлурмидим? Ақалли жон таслим қилаётганида, олтин бошини силаб таскину тасалли берармидим унга? (Йўқлаб йиғлайди). Бургут десам бургутим, шунқор десам — шунқорим, сен ўлгунча мен ўлсам бўлмасмиди? Жаноб Соҳибқиронга отилган ўқ сенинг эрмас, менинг кўксимни тешса бўлмасмиди? Ташқарида отлар дупури эшитилади, эшик очилиб, Шайх Нуриддин билан Биби Сардор киради. Биби Сардор (Сарагулга). Сен нечук эшикда сарбоздай серрайиб турибсен, канизак? Ё рўпарангда турғонларни танимай қолдингму Бибинг бирла қўшмазор бўлғур, беҳаё! Сарагул (Таъзим қилади). Бир қошиқ қонимдан кечгайсиз, Биби момо. Маликам қаттиқ хасталар! Шайх Нуриддин. Биз ҳам Бибингиз бетоб бўлғонини эшитиб, ҳолидан хабар олмоқ азмида келдик. (Киноямуз). Ижозат бергайсиз, маликам! Эшикни очади. Биби Сардор. Нечук бу хона зиндондай зимистон? Ақчагул. Ҳозир, ҳозир... Ичкарига кириб шамларни ёқади, хона чарақлаб кетади. Сарагул ўзини курсига ташлаб, бошини чангаллаб олади. Сулувкўз тескари ўгирилиб олган. Биби Сардор билан Шайх Нуриддин ичкарига кирадилар. Биби Сардор. Жаноб Соҳибқирон топшириғи ила сендан хабар олғони Шайх Нуриддин ҳазратлари ташриф буюрмишлар. Сулувкўз (Заиф товушда). Тоабад миннатдормен... Биби Сардор. Хаста бўлмоқ тугул жон таслим қилаётғон бўлсанг ҳам ўрнингдан тур, беадаб! (Ақчагулга) Ёрдам бер, бекангга! Ақчагул тўшакка яқинлашади. Сулувкўз (Талвасага шушиб). Ўзим, ўзим! Сулувкўз юзидаги пардани маҳкам ушлаганча таъзим бажо келтиради. Биби Сардор. Хаста бўлсанг, ҳакимларни йўқламоқ лозим. Дори-дармон қилсинлар! Сулувкўз. Йўқ-йўқ. Керак эмас, ўтиб кетур, ўтиб кетур! Биби Сардор. Йўқса сабаб бул талваса? Сабаб безгак тутгандек қалтирайсен? Шартта юзидаги пардани юлиб олади. Сулувкўз жон ҳолатда бетини қўллари билан тўсади. Биби Сардор. Буне доғ, маликам? (Сулувкўз сукутда. Биби Сардор унинг иягидан кўтаради.) Доғ эрмас бу, бир номард номаҳрамга ёноғингдан тишлатибсен, манжалақи! Сулувкўз. Оёғингизга йиқиламен, илтижо қиламен. Туҳматларга инонманг, олийҳиммат бибим! Биби Сардор. Менинг сўзим туҳмат бўлса, бул қора доғ не, юзсиз? Яхшироқ келиб, бир қаранг, Шайх Ҳазратлари. Шайх Нуриддин. (Қўлларини силтаб). Ҳазар, алҳазар! Биби Сардор. Ё тавба. Бундай беҳаё — бешарм манжалақини ер ютса бўлмасму, э яратган эгам. Кимсан ҳазрат Соҳибқирондай бебаҳо тулпорни кўчада қолғон бир эшакка олмоштирмоқ!.. Эрта-бурускун Олампаноҳ музаффар сафардан қайтганда қайси юз ила унинг юзига қарайсен, беномус? Сулувкўз. Эй қудратли эгам! Қайси гуноҳларим учун бу ҳақорат, бу кўргулик? Биби Сардор. Қилгуликни қилиб қўйиб, кўкка нола қиладия бу юзсиз. Эҳтиёт бўлмоқ керак бул беҳаёга? Минг ишва ила соқчиларни ҳам сеҳрлаб, қочиб кетмоғи ҳам даргумон эрмас бу жодугар! Шайх Нуриддин. Хотиржам бўлинг, барча эҳтиёт чоралар кўриладур, Маликам (чиқади). Тўсатдан ноғоралар гумбурлайди. Биби Сардор. Ана, музаффар саркарда шарафига тўй-томоша бошланди. Қайси юз ила Султони Салотиннинг кўзига кўринасен (Сарагулга) Сен-чи, бибинг бирла қўшмозор бўлғур, қўшмачи! (Ақчагулга) Бери кел. Қулоғингга айтадурғон сўзим бор! Чиқадилар. Сулувкўз саросима ичида хонани гир айланади. (Дарича олдида тўхтаб). Э, парвардигори олам! Ўзинг кўриб турибсен. Қўшғонингга хиёнат қилмаганимга ўзинг шоҳидсен. Мана, неча йилдирки, жуфти ҳалолим хаёли ила яшадим. Кунларим ҳам, тунларим ҳам висол орзусида ўтди! Жисмим ҳам пок, дилим ҳам, кўнглим ҳам. Сарагул. Бандаси адолатсиз бўлса, яратган эгам адолатли. Шояд гуноҳингиздан ўтса. Сулувкўз. Парвардигори олам гуноҳимдан ўтганда ҳам юзимда бул машъум доғ турганда жаноб Соҳибқирон Амир Темур Кўрагоний Ҳазратларининг кўзига қандай кўринамен. Шартта даричани очади. Ноғоралар гумбури, карнайлар вот-воти, отлар кишнаши қўшилиб, еру-кўк ларзага келади. Доруссалтанат узоқ-яқинда ёнган машъалалардан чароғон. Сулувкўз. Айланайин, Сарагул. Қурғон масжидимни бир кўрай! Сарагул шамларни битта-битта пуфлаб ўчиради. Беҳисоб машъалалар ва гулханлар шуъласида тунги Самарқанд серюлдуз осмонни эслатади. Қоронғуда Сулувкўзнинг нидоси янграйди. Сулувкўз. Гуноҳкор бандангни ўзинг кечиргайсен, яратган эгам! Бул маконда ўзинг қўшган хўжам ила дийдорлашиш насиб этмади, шояд ул маконда дийдорини кўрсам! (Сакраб дарича пешига чикади). Сарагул. (Даҳшатга тушиб). Бибим, тўхтанг, Бибим! Қоронғуда Сулувкўзнинг «Алвидо, ҳазратим, алвидо!» деган овози эшитилади. Ноғоралар гумбури арши-аълога чиқади. Парда Тўртинчи кўриниш Ўтрордаги икки бўлмадан иборат қароргоҳ. Ўнг томондаги хонанинг тўрида баланд тўшак. Тўшакда хаста Соҳибқирон ҳазратлари ётибдилар. Сўрининг бош томонидаги саккиз қиррали хонтахтада дори-дармонлар солинган беҳисоб шиша ва кўзачалар. Пойгакда чуқур сукутга чўмиб, Ҳаким аъзам билан эшик оғаси Қалқонбек ўтирибди. Бурчакдаги ўчокда ловиллаб саксовул ёнмоқда. Сўл томондаги хона нисбатан ёруғ. Қатор курсиларда бир қанча саркардалар, табиблар ўтиришибди, улар орасида биргина амир Барлос тегинни таниймиз. Ташқарида оч шақаллар овозини эслатувчи қора бўрон увиллайди. Бўрон авжига чиққанда қароргоҳ гўё жонли махлуқдай титрайди, силкинади. Сиртдан устларида қашқир пўстин, бошларида бўрк шайх Нуриддин билан шаҳзода Халил Султон кириб, бўрк ва пўстинларидаги қорни қоқадилар. Ҳамма ўрнидан туради. Амир Барлос. Бўрон баттар авжига чиқмоқда чоғи? ХалилСултон. Ҳа, беш баттар қутирмоқда. Отларнинг устига кигиз ёпсак-да, нафи йўқ. Туёқлари яхлаб ерга ёпишиб қолмоқда. Амир Барлос. Во дариғ. Бу не кўргилик? Ғала-ғовур хитоблар: Бир ҳафтадурки, туну-кун увиллайди! Ўтовларни саксавул ҳам иситмай қўйди! Шайх Нуриддин. Бул ғалаёндан не фойда? Ҳаммаси омадли! ХалилСултон. Ҳазрат Соҳибқирон шифо топса — бари ўрнига тушур. Ҳакими аъзам қайда? Ичкаридан Ҳакими аъзам билан эшик оғаси Қалқонбек чиқадилар. ХалилСултон. Сизда не мужда бор, жаноб Ҳаким? ҲакимиАъзам. Бандаи ожиз қўлимиздан неки муолажа келса — барини қўлламоқдамиз, шаҳзодаи жувонбахт! ХалилСултон. Нафи борми, йўқми бу муолажангиздан? Мундан сўзланг. ҲакимиАъзам. Олло шифо берса, ажаб эмас! Аммо... ХалилСултон. Тилингизни ғўлдиратмай сўзланг барини. Ҳақиқатни билмоғимиз даркор! ҲакимиАъзам. Надоматлар бўлғайки, жаноб Соҳибқироннинг ҳарорати тушмай алаҳсирай бошладилар?.. Кўзларига ҳар нарса кўринадур. Қалқонбек (Журъатсизгина). Эҳтимол Ҳиротга Мирзо Шоҳруҳ жанобларига хабар бермоқ лозимдур. Амир Барлос. Ҳақ сўз. Чопар йўлламоқ лозим! ХалилСултон. Ҳақ сўз эмиш (Қалқонбекка) Сен нобакор Ҳазрат Соҳибқирон оламдан кўз юммасдан туриб ундан умид уздингми, номард? Шайх Нуриддин. Боз устига ҳазратларининг севимли набираси шаҳзода Халил Султон ва садоқатли зоҳир бул саркардалари ҳазиру нозир бўлиб турғонларида ҳамма ёққа от суриб ваҳима кўтармоққа ҳожат йўкдур, эшик оғаси! Қалқонбек. Авф этгайсиз ҳазратим... Ичкаридан: «Бибим! Бибижоним!» деган овоз келади. ҲакимиАъзам. Ана! Яна алаҳсирай бошладилар... Ҳамма эшик тирқишига интилади. Бу — хонадаги шамлар сўниб, жаноб Соҳибқирон хонаси бироз ёришади. Соҳибқирон эгнида туя жунидан тўқилган оқ чакмон, бошида кимхоб қалпоқча, қаддини ростлаб, нимқоронғу бурчакка тикилиб қолган. Эшикдагилар лол, чунки бурчак бўм-бўш. Соҳибқирон. Бибим, бибижоним. Излай-излай кексайганда топган дуру-гавҳарим. Нечук мени кутмадинг? Мени кутмай азиз жонингга қасд қилдинг? Халил Султон ва Шайх Нуриддин етиб келиб уни суяб қоладилар, Ҳакими аъзам қандайдир суюқлик тутади. Соҳибқирон (дорини ичиб). А? Бу не? Тушумму, ўнгимму? Бибим қайда? (бошини кўтариб уёқ-бу ёққа қарайди). Бул қаттол бўрон ҳануз тўхтамабдур. Лашкарларимнинг ҳоли не бўлди? ХалилСултон. Валинеъмат! Безовта бўлманг. Содиқ лашкарларингиз сафарга шай турибдур. Соҳибқирон. Шаҳзода Халил Султон? Сен қайдин келдинг? Менга не бўлди? Қайда мен ўзи? Шайх Нуриддин. Сиз Ўтрорда, ўз қароргоҳингиздадурсиз. Олампаноҳ. Иншоолло букун-эрта шифо топурсиз. Сўнг мақсад сари от сурурмиз. Соҳибқирон. Ҳа, от сурмоқ даркор, от сурмоқ! Улар чиқиши билан Соҳибқирон яна бошини қўтариб, нимқоронғу бурчакка тиқилади. Соҳибқирон. Бул ким? Ёвуз Чингизхон? Анов ким? Сотқин Тўхтамиш? Султон Боязид не қилиб юрибди менинг қароргоҳимда! Қайдасен, Қалқонбек! Қалқонбек кириб таъзим қилади. Қалқонбек. Хизматингизга мунтазирмен, давлатпаноҳ. Соҳибқирон. (қўлини бурчак томон никтаб). Анов мунофиқ ғанимларим не қилиб юрибдур менинг саройимда? Қалқонбек. (довдираб). Ким? Кимларни айтадурсиз, ҳазратим? Соҳибқирон. Кўзинг кўрми ановиларни кўрмайсен?.. Ёвуз Чингизхон, хоин Тўхтамиш! Музаффар лашкарларим яксон қилғон мағлуб Йилдирим! Айт уларға: мен Тўхтамишдай тузимни еб, тузлуғимга тупурган ила сўзлашмаймен. Қалқонбек. Ва тўғри қилардурсиз, Олампаноҳ! Соҳибқирон. Анов Йилдирим ҳам кўзимдан даф бўлғай. Унга айтадурғон бир сўзимни бир маротаба айтғанмен. Мағлуб лашкарлари магар мард бўлса, ғурурини жиловлаб, тақдириға тан бермоғи даркор. Ёвуз Чингиз қаерга гумдон бўлди? Йўқла. Унга айтадурғон сўзим бор, кўксимда аламим бор! (бошини ёстиққа ташлайди). Қалқонбек саросима оғушида бурчак томон юриб, кимгадир қўлларини силтаган бўлади-ю, оёқ учида юриб қўшни хонага чиқади. Соҳибқирон хонасидаги шамлар ўчиб, қўшни хона ёришади. Амир Барлос. Не бўлди? Тинчиб уйқуга кетдиларму? Қалқонбек. Билмам, Амирим. Ҳануз алаҳсирайдур, кўзига бирда Тўхтамишхон, бирда Султон Боязид, бирда Чингизхон келадур. ХалилСултон. (Ҳакимга). Бир чорасини қилғайсиз, жаноб Ҳакими Аъзам. Дори-дармон қилинг! ҲакимиАъзам. Ҳазратларнинг эс-ҳушлари жойидадур, фақат руҳи безовтадур, холос. Иншоолло ўзига кеп қолур. Ҳ а м м а. Иншоолло, Иншоолло! Ичкаридан: «Ҳа, қаттол!» деган ҳайқириқ эшитилади. Бу хонадаги чироқлар ўчиб, ичкари хонада шамлар ёнади. Соҳибқирон тўшакда қаддини ростлаб, бурчакка тикилиб қолган. Бурчакда Чингизхон кўланкаси. Соҳибқирон. Юртимни оёқ ости қилғон, кўркам шаҳарларимни вайронхонага айлантурғон баттол, бамисоли ўлакса ҳидини сезган қузғунга ўхшаб, тағин не матлабда юрибсен менинг ҳудудимда? Чингизхон. (Ҳиринглаб кулади). Ҳи, ҳи, ҳи... Мен баттол юртингни топтаб, обод шаҳарларингни култепага айлантурғон жаллод, Темур Кўрагоний эрса... фаришта! Соҳибқирон. Йўқ, мен ҳам фаришта эмасмен. Бенуқсон ёлғиз парвардигор. Магар мард бўлсанг қадамим етган жойларни, забт этғон шаҳарларни бориб кўр! Бир ғишт кўчса, ўн ғишт қўйдум, Оллоҳ таоло шоҳид: Ҳироту Машҳад, Дамашқу Боғдодда бунёд этган саройлар, масжиду-мадрасалар ул шаҳарларнинг кўркига-кўрк қўшиб турибдур! Чингизхон. Ёдингдан чиқмасун, Соҳибқирон. Мен саҳрода туғилган авом бир саҳройимен. Мен учун бир боғ янтоқ, бир ҳовуч явшан сен айтғон ўшал кўркам шаҳарлардан афзалдур. Соҳибқирон. Маконинг саҳро эркан, гўзал бўстонлар қадрини билмас эркансен, нечун гулдай элимни отларинг туёқлари остида топтадинг? Нечун Ўтрору Самарқанд, Бухорога, Урганчдай муаззам шаҳарларимга ўт қўйиб, шақаллар маконига айлантирдинг? Э, яратган эгам! Нечун ожиз бандангни бу саҳройи қашқир бостириб келганида бунёд этмадинг? Чингизхон. (Кулади). Ўша мавридда туғилғонингда қўлингдан не келарди? Соҳибқирон. Ҳозир кўрсатамен, қўлимдан не келар эрди? Шитоб билан ўрнидан туради. Унинг важоҳатидан қўрққулик: муштлари тутилган, кўзларидан ўт чақнайди. Кўлага орқага тисарилиб гумдон бўлади. Соҳибқирон. Тўхта, шақал, тўхта!.. Чайқалиб кетади, Халил Султон ва бошқалар югуриб киришиб, суяб қолишади ва жойига ётқизишади. ХалилСултон. (Тиз чўкади). Валинеъмат! Сиз шер эрдингиз, шер? Не бўлди сизга? Соҳибқирон. А? (Кўзини очар). Не ғов-ғув бул? Ҳануз тинмадиму бўрон? Бўрон эрмас, оч қашқирлар, шақаллар увиллайдур. ҲакимиАъзам. Манов доридан бир қултум ичгайсиз, олампаноҳ! Банияти шифо... Соҳибқирон. (Оғир ҳансираб). Йўқ, энди сенинг дори-дармонларинг шифо бермас! Саройбон қайда? Қалқонбек. Қулоғим сиздадур, Ҳазратим! Соҳибқирон. (Тўхтанглар, деган маънода қўлини кўтаради). Аммо мана, ҳукми Оллоҳ бул бебақо макондин, ул боқий маконга йўл олмоқ онлари келибдур. Бас, кўзим тирик, ақлим расо мавридда ай-тадурғон сўгати каломимни айтиб, рози-ризолигимизни олмоқ матлабида йўкдадим Сиз шавкатли ҳабибларимни! Хитоблар: Олампаноҳ! Бундай деманг, Вали-неъмат! Оллонинг меҳру-муруввати чексиздир!.. Со-ҳибқирон яна қўлини кўтариб хитобларни бўлади. Соҳибқирон. Ақлу-ҳушим жойида эканида Сиз суянган тоғларимга қиладурғон васиятим шулким, тожу-тахтим вориси... Оллодан талаб қилғон тўнғич зурриётим раҳматлик Мирзо Жаҳонгирнинг ақли зукко соҳиби чангал фарзанди шаҳзода Пирмуҳаммад бўлади!.. Ҳамма саросимада. Халил Султон ўрнидан сапчиб турмоқчи бўлади, аммо Шайх Нуриддин уни этагидан тортиб ўтқазади. «Шаҳзода Пирмуҳаммад, шаҳзода Пирмуҳаммад!» деган шивир-шивирлар эшитилади. Соҳибқирон. Яъники, шул суюкли набирамга байъат қилурсизлар. Қасам ичиб тоабад хизматида бўлурсизлар (яна ғала-ғовур, Соҳибқирон қахри келади). Бул не шивир-шивир? Не пичир-пичир? Ҳали кўзим юмилмасдан туриб, бул низо, бул нифоқ. Очиқ сўзланг. Ким норози? (Садо йўқ). Ёдларингда бўлсин ас-салотин амри-ҳукми худодир! Сўзим аёнму? Овозлар: Аён, Олампаноҳ, аён! Соҳибқирон. Биз қирқ йил бирга от сурдик. Олло берган туз-насибани бирга баҳам кўриб, Машриқдан Мағрибга чўзилган ҳудудсиз давлат қурдик. Аммо ёдларингда бўлғай. Давлат ҳар қанча қудратли бўлмасун, унинг томириға болта урадурғон уч хатар бор: бирламчи ўзаро ноаҳиллик, иккиламчи жаҳолат, учинчиси тарафкашлик. Шул уч хатардан эҳтиёт бўлсангизлар — фақир тиклаган бу давлат — тоғдай абадул-абад турадур! (Яна ғала-ғовурни босиб). Кимки, бул васиятга хиёнат қилса, хоҳ фарзандларим бўлсун, хоҳ саркардаларим — қарғишимга мубтало бўладур. Овозлар: Бул васиятингиз тоабад ёдимизда туради. Иншоолло ёдимизда сақлаймиз!.. Соҳибқирон. Кимки бул йўлда менга вафо қилғон бўлса, вафо топади, жафо қилғон бўлса жафо топади. Ожиз банда улуғ давлат қурамен деб, нафақат ғанимларим, эҳтимол сиздай садоқати зоҳир саркардаларимга ҳам озор берган онларим бўлғондир. «Олампаноҳ, давлатпаноҳ!» деган хитоблар. Соҳибқирон. Кимнингки дилига озор берғон бўлсам, кимники ноҳақ ранжитган бўлсам, шу юрт обод бўлсин деб, давлатим қудратли бўлсин деб қилғондурмен. Рози бўлинглар. Фақир ҳам сизлардан розимен!.. Йиғи аралаш хитоблар: «Биз ҳам сиздан розимиз, олампаноҳ. Бу дунё, у дунё розимиз. Сиз ҳам бизнинг гуноҳларимизни афу этинг, давлатпаноҳ!» Соҳибқирон. Мавлоно Муаррихдан бошқа, барчангизга ижозат! ХалилСултон. (Тиз чўкади). Валийнеъмат, сабаб мени ҳайдайсиз? Сабаб сўнгги онларингизда ёнингизда бўлмоқ бахтидан мосуво қиласиз? Соҳибқирон. Мен сендан ҳам розимен. Яратган эгам сенга ва барча фарзандларингга ва фарзандларимизнинг фарзандларига сабот ва иноқлик ато қилғай! Бор, болам, бор... (Пешонасини ўпади. Халил Султон кўзларини артганича қоқиниб, суриниб, хонадан чиқади). Соҳибқирон. Қайдасиз, Мавлоно? Дафтар қаламингизни олиб, яқинроқ ўтиринг! Муаррих (Курсини суриб яқинроқ ўтиради). Хизматингизга ҳозиру-нозирмен, Ҳазратим! Соҳибқирон. Боя... Камина оламдан ўтсам... Тожу-тахтимни вориси ва валияҳди набирам Пирму-ҳаммад бўлғай деганимда мен инонган амиру-умаро норози бўлғандай бўлдия, буни уқа олдингму, Мавлоно? Муаррих. Уқдим, Давлатпаноҳ, уқдим. Соҳибқирон. Уққан бўлсанг, айт: инонган тоғларим кўзим тириклигида иродамга бўйсунмоқни истамасалар кўзим юмулғондан кейин бул элда не бўлур, Мавлоно? Муаррих. Фақир бу жумбоқни ечишга ожизлик қилурмен, Ҳазратим! Соҳибқирон. Эвоҳ, Буюк Давлат барпо қиламен деб, қирқ йил от сурдим. Бир-бирига қилич ўқталиб, юртни нотинчликка маҳкум этган қаланғи-қасанғи бек ва бекзодаларнинг ғурурини жиловлаб, низо-нифоқлариға чек қўйиб, юртда осойишталик ўрнатдим. Ё бул сўзим ноҳақму, Мавлоно? Муаррих. Ҳақ, валийнеъмат, ҳақ! Соҳибқирон. Надоматлар бўлсинким, бул юмушлар ила банд бўлиб, ўлим ҳақ эрконини, ҳукми оллоҳ, ҳазрат азроил бир кун менинг ҳам эшигимни қоқиб келадур деб ўйламабмен... Муаррих. Бу ўйлар ила ўзингизни-ўзингиз беҳуда қийнайдурсиз, олампаноҳ! Соҳибқирон. (Қулоқ солмай). Магар бул ўй аввалроқ хаёлимға келғонда, магар ўз қудратимга инониб кетмоғанумда, бул сўнгги сафарга отланар эрканман, барча фарзандларим ва набираларимни ёнимга олсам бўлмасмиди? Бу кун бул норасо дунё ила видолашаётган онларимда, Сизга сўзлаётғон бул дарди-дунёмни фарзанддаримга айтиб, барча саркардаларимни шерюрак набирам Пирмуҳаммадга байъат қилдурсам бўлмасмиди. Мавлоно? Муаррих. Кўп надомат чекиб, ўзингизни ўзингиз қийнайберманг, олампаноҳ. Бир дақиқа муқаддам саркардаларингизга ўз иродангизни баён эт-дингиз. Соҳибқирон. Эвоҳ! Қирқ йил бир кун ором билмай ҳудудсиз бир давлат яратдим. Ва лекин бу кун, ҳукми Олло, жон таслим қилсам, бу давлатнинг қисмати не бўлур. Зурриётларим ва зурриётларимнинг зурриётлари-чи? Улар аҳил бўлиб, фақир барпо қилғон муаззам бинога яна бир ғишт қўядурларми ё билъакс, тожу-тахт талашиб, уни барбод этадурларму? Мана неча кундурки, ёлғиз шул тизгинсиз дард, шул нотинч ўй юрагимни каламушдай кемирадур, Мавлоно! Бул сўзларимни битдингму, Мавлоно? Муаррих. Битдим, олампаноҳ, барини битдим. Соҳибқирон. Баракалло, баракалло. Энди охирги каломим қолди. Ёзғилки, Соҳибқирон Амир Темур Кўрагоний... Жаноб Азройилға жон таслим қилаётғон энг сўнгги дақиқада не машаққатлар ила яратган давлатининг тақдирини ўйлаб жон берди деб. Кимки тожу-тахт ишқида ноҳақликка йўл қўйса, ул абадул-абад қарғишимга йўлиқадур! Ёздингму Мавло-но? Муаррих. Ёздим, давлатпаноҳ. Бир сўзингизни қолдирмай ёздим. Соҳибқирон. Ёзғон бўлсанг... Мен сендан розимен, Мавлоно. Магар гуноҳкор банда бирор жойда кўнглингга озор бергон бўлсам... Муаррих. Йў-йўқ, мен ҳам сиздан розимен, тоабад розимен, олампаноҳ... Соҳибқирон. Рози бўлсанг... Ижозат бер, бир дақиқа ором олай! (Бошини ёстиққа ташлайди, муаррих оёқ учида юриб хонадан чиқади, хонага аста-аста юриб Халил Султон билан Шайх Нуриддин киради. Улар кириши билан Соҳибқирон яна бошини кўтариб, ғира-шира бурчакка тикилар...) Соҳибқирон. Бибим? Тағин келдингму, маликам? Нечун келдинг? (Халил Султон билан Шайх Нуриддин саросимага тушиб орқага чекинадилар. Ним қоронғу бурчакдан гўзал заррин матоларга ўралган Сулувкўз чиқиб келади.) Сулувкўз. Тағин ўшал илтижо, тағин ўшал илтимос ила келдим, шунқорим! Бу дунёда қиладурғон юмушларингиз кўп. Бул маконни тарк этиб, мен келган маконга шошилманг, ҳазратим. Олло қовуштирган жуфту ҳалолим! Соҳибқирон. Ғалати сўзларни айтасен, маликам. Сен айтғон нарса фақир эрмас, яратган эгамнинг изми ихтиёридадур. Аммо камина бул фоний дунёдан ул боқий дунёға шошилғон бўлсам... Сен учун, сенинг дийдорингни кўриб, кўксингда бир дақиқа ором олғали шошилмоқдамен, Бибим! Сулувкўз. Йўқ, йўқ, хохласангиз оёғингизга йиқилиб илтижо қиламен. Сиз олийжаноб ниятда бул юришга отланғансиз. Ниятингиз йўлдошингиз бўлғай. Соҳибқирон. Менинг барча юмушларим, барча ниятларим сенинг бир нозли қарашинг, бир жилмайиб боқишингга етмайдур. (Олисдан най овози келади.) Бул не? Найму, навоми? Ёхуд Чўли Ироқму? Жаннатий куй! Тўхта Бибим. Бирга эшитайлик? Сулувкўз. Ҳа, жаннатий куй. Худо ҳоҳласа жойингиз жаннатда бўлғай! Гуноҳга ботган бахти қаро эрсам, йў-йўқ, мен томонга талпинманг, талпинманг, шунқорим!.. (Қоронғу бурчакда ғойиб бўлади). Соҳибқирон. Бибим! Бибижоним! Излай-излай кексайганда топган дуру-гавҳарим! (Ёстиққа бош кўяди. Ташқаридан ҳамма ёпирилиб кириб, тўшак атрофига тиз чўкадилар. Шамлар сўнади. Қоронғуда «Ё раб, ё раб! Оллои таоло раҳмат қилғай!» деган хитоблар эшитилади. Йироқдан бошланган наво садоси аста-секин кучайиб, авжига чиқади. Парда «Қайдасан, Морико» китобидан олинди («Шарқ», Тошкент – 2002). |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62946 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 61116 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40733 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37357 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 25295 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 24066 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23685 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 20257 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 19108 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14973 |