Жаннат ўзи қайдадир (ҳикоя, қисса, иқралар) [Erkin A’zam]

Жаннат ўзи қайдадир (ҳикоя, қисса, иқралар) [Erkin A’zam]
Жаннат ўзи қайдадир (ҳикоя, қисса, иқралар) [Erkin A’zam]
Эркин Аъзамнинг ушбу китобига унинг асосан кейинги бир йиллик ижодий махсули жамланди. Турли жанрга мансуб бу асарларни замон ва замондошлар қақидаги безовта ўйлар бирлаштириб туради.
Тўпламдан, шунингдек, адибнинг «Тафаккур» журналига мўлжаллаб ёзган публицистик иқралари ҳам ўрин олган.

Ҳикоялар
Ёзувчи
Шукур ака ҳам боғини яхши кўрарди... Ушбу камтарона машқимни ҳикоячилигимизнинг пири — раҳматли Шукур Холмирзаев хотирасига бағишладим. Рози бўлсин.Муаллиф
У ўртамиёнагина ёзувчи эди. Бу энди ҳар балони ўқийвериб осмонга сапчийдиган бўлиб қолган бизга ўхшаш «доно»ларнинг фикри. Албатта, у Марк Твен, Даниел Дефо, Жанни Родари ёки Пришвин сингари буюк салафларини бирмунча ўқиган, бугун болалар дунёсини забт этган Гарри Поттерни ҳам элас-элас эшитган, бизнинг давра байроқ қилган Жойс, Пруст ёки Дос Пассос деган машҳури жаҳонлардан эса мутлақо хабарсиз бир «лодон» эди. Боз устига — унча-мунча ёзгани мактаб дарсликларига киритилганига қарамай, умр бўйи бирор мансаб-мартабани кўрмагани учунми, ё ўзи ҳам ўлгудек тортинчоқ, хокисорлиги сабабми, «катта» адабиёт вакиллари орасида киройи салмоғи йўқ, бизга ўхшаганлар-ку одам ҳисобига қўшмайдиган камписанд қаламкаш эди.
Аммо, ўринсиз андишани четга қўйиб гапирганда, у майдонда от суриб юрган донгдор отахону акахонларнинг кўпчилигига нисбатан асл адабиётга яқинроқ, ҳатто унинг содиқ фуқароси эди. Дарвоқе, фуқаросигина эмас, жафокаш мардикори ҳам эдики, бу хусусда мавриди келганда сўзланар. У ёлғон ёзишни билмасди, чунки уйдирма тўқиш қўлидан келмасди. Сираси — у ёзадиган нарсаларга ғирромлик аралаштириб бўлмас, бунга зарурат ҳам йўқ эди.
У расмона адиблар сингари болалик чоғлариданоқ ёзувчи бўлишни дилига тугмаган, илк ижодини шеър билан бошлаб, деворий газеталарни обод қилмаган эди. Унинг устоз шоирларникига ўхшаган ибратли бир таржимаи ҳоли ҳам йўқ, болалик кунларида эртак сўйлаб бергувчи бувиси ҳам бўлмаган — туққан онаси кимлигини билмайдиган шум етимда буви нима қилсин! У ниҳояти бир ўзи ихлос қўйган адабиёт муаллимидек бўлишни тиларди, холос. Қарангки, келиб-келиб шу муаллим унинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Табиат мавзуидаги иншосини ўқиб у «Келажакда сендан ёзувчи чиқади!» деди. Ундай-бундай киши эмас, айнан — ёзувчи! Бу гап тақдир хукмидек янгради. Йўқса, узоқ бир тоғ қишлоғида телбанамо бир кампирнинг қўлида мушт еб ўсган бу бесоҳиб етимча бир кун келиб шундай одам бўлишни хаёлига келтира олармиди?
Кўп йиллардан кейин, ҳамма нарса пулга чақиладиган замон келганда маълум бўлди: у ёзувчилик қилмаганида бинойидек боғбон бўлар экан. Боғбонлик яхши-да, бори нақд: етиштирган мева-чевангизни бозорга олиб чиқишга иймансангиз, ўзи сўраб келиб, арзон-гаров бўлса-да, кўтарасига ортиб кетадиган бирор чаққон жуфтгарчи ҳар доим топилади! Нимагадир андармондек четга ўгирилиб турасиз, берадиганини бериб кетади. Ижодий ишни йиғиштириб бутунлай боғбонликка ўтишга эса ори йўл бермасди: шунча йил нонини еб, яхшими-ёмонми, шу туфайли ном таратиб, энди замон сал юз бурганда муқаддас аҳдга хиёнат қилиш номардлик эмасми?!
Воқеан, унинг боғбонлиги ўша адабиётга муҳаббатининг чамбарчас бир бўлаги эди; бу боққа, боғбонликка ҳам адабиёт орқали келган. У асосан табиат мавзуида ёзарди. Табиатни одамлар дунёсидан кам билмас, унга чинакам мўъжиза деб қарар эди. Ўзингиз ўйланг-да: бир қарич чўпни ерга суқсангиз, бир куни у новда-ниҳолга айланади, ўсади, куртак тугади, бутоқ чиқаради, танаси йўғонлаша-йўғонлаша, ширин-шакар мева беради! Шундай неъматлар билан тирик-да одамзод! Бунисиям майли, тасанно, баҳор келди дегунча барқ уриб гуллаши-чи! Кузда хазонга дўниб юракни ҳазин-ҳазин ҳисларга чулғаши-чи! Қиш фаслида оппоқ қор маликасига айланишини айтмайсизми! Мўъжиза бўлмай нима бу?!
Биратўла боғбонликка ўтиб кетмаганининг тағин бир сабаби — бу атроф-жавонибда, айниқса, чала қурилган мана шу қўрғонда уни ҳамма «домла» деб атарди. Нега «домла»? Домла бўлгач, хомтоку пайванддан бошқа яна бирор ҳунар ҳам керак-ку! Ия, шундай ҳунар бор-ку ўзи!
(Келинг, биз ҳам уни «домла» деб атайқолайлик. Яхшидир-ёмондир, бир адибни «домла» атасак, ростакам домлалар мартабасидан тушиб қолмас! У ёғини айтсангиз, ёзувчи қавми ҳам аслида муаллим: адабиётни сев дейди, яхши бўл, ёмонликдан тийил, дейди! Мабодо уни бошқа бирор ном билан атагудек бўлсангиз, бу тангу тор, майдагап даврада дарров «Кимни ёзибди? Ким экан? Нима дебди?» қабилидаги ҳар хил шубҳа-гумонларга ботиб юрасиз — кимга зарил?! Домла, домла, вассалом! Домладан кўпи борми? Салла ўрагани ҳам, салласиз ваъз айтгани ҳам — домла-да!)
Асли бу номни унга даставвал ёзувчи раис қўйган эди.
Унда қаҳрамонимиз ҳали ёшлар нашриётида муҳаррир бўлиб юрарди. Бир куни директор уни хузурига чорлаб, истараси иссиқ, ўзи жуда баҳайбат бир одам билан таништирди. Пойтахтга туташ боғдорчилик туманларидан бирида колхоз раиси экан. Қаранг, машъал раис бўлатуриб, шу одам ҳам дарди бедавога йўлиқибди — ёзар экан! Ёзмаса туролмас экан! Ай, боғ-роғингга қара, ҳосилдорликни ўйла, йиллик режаларни шараф билан адо этиб орден-медал олсанг, қахрамон бўлсанг-чи, анойи банда! Булардан ортсанг, меҳнаткашларнинг ҳолидан хабар ол, бева-бечорага қайишгин, инсон! Йўқ-да, қўли қичийди. Ёзмасдан туролмайди!
Директор таништирувдан мақсадини яшириб ўтирмади:
— Раис бувамизнинг кўлёзмалари нашриётимиз режасида турибди!
Муҳаррир пешонасини тириштира-тириштира йиллик режалар рўйхатида бунақа қўлёзма борлигини эслаёлмади.
Рўйхатда бўлмаса, директор айтганидан кейин бўлади-да, нодон!
Раиснинг қўлёзмаси қараб бўлмайдиган бир аҳволда эди. Боз устига, «соқов» мошинкада кўчирилган бу дардисарни пойтахтга қатнаб ўқиган ўша ерлик бир адабиёт муаллими ўзича тузатмоқчи бўлиб баттар расво қилган экан — худди аълочи ўкувчининг «тўппа-тўғри» ёзилган иншосига ўхшайди: «борган эди», «келган эди», «айтган эди». Аълочиси қурғур ҳам анови донгдор отахону акахонларнинг китобларини ўқиб қоқбош бўлган-да!
Хўш, бу ёғини нима қилиш керак? Нашриёт режасига кирган қўлёзма отлиғ жонивор китоб бўлиб чиқиши шарт! Айниқса — директор буюрганидан кейин! Бўлим мудири ҳам бир гапни такрорлагани такрорлаган: «Одам қилинг! Одам қиласиз, тамом!»
Муаллифнинг нимасидир муҳаррирга ёққан эди.
Директор вазифа юклаётганда шундай баҳайбат одам, яна денг — раис, машъал раис унга аллақандай илиқлик билан тикилиб турди.
Худойлиғини айтганда, ҳаваскор муҳаррир — адабиёт муаллимининг таҳрирлари орасидан нимадир йилт-йилт кўриниб қоларди. Нашриёт муҳаррири директор ҳузурига кириб, қўлёзманинг асл «раиси» нусхасини сўраттирди. Ўша кунлар раис йиғим-терим билан банд, даҳмазани унинг Олашовур деган шўх-шалайим шофёри келтириб берди. (Раис бувамиз ёзишдан кўра, кишига лақаб тақишга уста экан: Оллошукурни у ҳазил аралаш шундай атарди. Кейинчалик қаҳрамонимиз бу чиндан ҳам олашовурроқ йигит билан роса сирдош улфат бўлиб кетди.)
Муҳаррир директордан икки ҳафта рухсат олиб (икки ой сўраса ҳам йўқ демасди ўшанда), уйига қамалиб ўтирди-да, қўлёзмани бошқатдан ёзиб чиқди. Қўлёзма унча-мунчасидан қолишмайдиган, «тўйга боргудек» бир асарга айланди.
Китоб чиққанидан сўнг уч-тўрт кун ўтиб муаллиф тўппа-тўғри муҳаррир ўтирадиган хонага кириб келди. Муҳаррирнинг саломлашгани чўзган қўлини дўстонасига бир четга силтаб, қучоқлаша кетди.
— Раҳмат, домла!
Раис қуруқ раҳмат билан чекланадиган нокас эмас экан. Шанба куни Олашовурни юбориб, уни колхозига таклиф қилди. «Боғи Эрам»ининг ўртасидаги баҳаво шийпонда «чортанг» зиёфат берди. Тўн ёпди. Эртасига ҳам қуруқ қайтармади.
Зиёфат қизиган чоғи умрида бундай иззат-икромни кўрмаган муҳаррир шўрлик келгуси ижодий ҳамкорликларга сўз бериб юборди.
Ҳадемай матбуотда «хўжалик ташвишларидан ортиб шундоқ ажойиб асар ёзган раис бува»ни шарафловчи қўша-қўша тақризлар пайдо бўлди. Шунча китоб чиқариб ёзувчининг ўзи бу кадар таъриф-тавсиф эшитмаган эди. Лекин муаллифдан ортиқ қувонган бўлса қувонгандирки, асло ғайирлиги келгани йўқ — ахир, ўзининг меҳнати!
Ўша пахтабанд тақризларнинг аксарият муаллифларини у кейинчалик ҳосил байрамларига бағишланган тантаналарда, айниқса, «Боғи Эрам»даги гавжум тўкин-сочин зиёфатларда кўп бора учратди. Улар ёзган тақризларидаги гапларни бу ерда алёрга ай-лантириб, дастурхонда турган шампан виноси мисол кўпиртириб такрорлашарди. Раис — муаллиф меҳмоннавозлик ташвишларига банд бўлиб, бу ҳамду саноларни негадир бирмунча лоқайд, паришонҳол эшитарди.
Бир йил ўтар-ўтмас, каттакон омбор дафтарига пала-партиш битилган янги қўлёзма келди нашриётга. Хайрият, бу сафар унга адабиёт муаллимининг қўли тегмабди — ўтган галги хизматлари эвазига у мактаб директорлигига кўтарилиб кетган бўлса ажаб эмас. Лекин энди қўлёзмани «одам қилиш»га икки ҳафта у ёқда турсин, ҳатто икки ой ҳам камлик қиларди.
Беҳисоб хўжалик ташвишлари бошидан ошиб-тошиб ётган, ўзи баҳайбат, оғиркарвон бир одам азза-базза қўлига қалам олишга фурсату ҳафсалани қаёқдан топар экан? Муҳаррирнинг бу таажжубига жавобан муаллифнинг маҳрами Олашовур се-кингина «секрет»ни очди. Раис бува ҳар эрта тонглай идорасига келиб, бир қўлида дастрўмол, пешонаю бағбақаларини арта-арта, икки бетдан қоғоз қораламаса, кўнгли жойига тушмас экан. Қизғин «еъжод» дамларида Олашовур унга пайдар-пай чой дамлаб бериб турар эмиш: илҳомингизга барака! Ўз навбатида биз ҳам бу жасоратга таҳсин айтмасак уят бўлар: қунту ҳафсалангизга офарин, раис бува!
Аслида, эрмакка қоғоз қоралаш унчалик муш-кул иш эмас: жиндак вақту иштиёқ бўлса — кифоя. Ростакамига китоб ёзиш, ёзганда ҳам яхши ёзиш эса — қийин, ўҳ, жуда қийин! Чала-чулпа қоғозга тушган гаплари китобга айланиб, бебилиска ҳамду сано эшитиб турган мартабали муаллиф буни қайдан билсин?!
Лекин раиснинг билганлари ҳам кам эмас экан. У директор ошнаси билан келишиб, «домласи»га икки ойлик таътил олиб берди-да, уни биратўла «Боғи Эрам»га кўчириб кетди.
Ёп-ёруғ, шинамгина хона. Худди машҳур шеърдагидек деразаси олдида бир туп ўрик ўсган. Тўғри, ҳозир оппоқ гулларини тўкиб, ёз фаслига монанд сипороқ кепатага кирган. Теварак-атроф жимжит. Сукунатни мошинканинг тўхтаб-тўхтаб чиқиллашигина бузади, холос. Неча маҳал деманг — обу овқат тайёр. Қоровул чол хизматда. Пазанда-ошпаз ҳам ўзи. Ёши муҳарриримиздан хийла улуғроғ-у, лекин хизматга қолганда чаққон. «Эшон, ҳой!» десангиз — бас. Баъзида, индамасангиз, қўпол, қоқ-қуруқ бармоқлари билан ёзув мошинкасини ҳам артиб, ялтиратиб қўяди. Камгап, сезгир. Ўрнини билади.
Унинг ҳисобидан ҳам гапни шўх-шалайим Ола-шовур гапиради. У кўпинча тун-алламаҳалда пайдо бўлади. Бир олам хабару ҳангома билан. Шийпонда ўтириб қиттак-қиттак қиладилар. Олашовур гоҳида ўзидан новчароқ, арзимаган гапга ҳам ҳаҳолаб кулиб юборадиган эркакшода бир аёлни бошлаб келади. «Ҳой, Эшон!» деб қўяди кўрсатгич бармоғини лабига кўндаланг қилиб. Муҳарриримиз берган номдан мамнун ошпаз-қоровул «тушундим, тушундим» дегандек сирдошларча бош қимтиб, ошхона томон зипиллайди. Уч кишилик жаранг-журунг базмдан сўнг Олашовур қақилдоғини қўлтиқлаб чеккароқдаги хонага кириб кетади. Кетаётиб, «Дугонаси бор!
Қалай, домла?» деб қўйишни ҳам унутмайди. Холи бу масканда зерикиб, кўнглида бир нималар ғимирласа-да, сипо муҳарриримиз сир бой бермай қўлини кўксига қўйиб илжаяди: «Раҳмат, раҳмат. Ўзлари кўраверсинлар». У ёқдан бир дамгина ҳаҳолаш эшитилиб туради-ю, кейин тун сирларига сингиб жимиб қолади.
Ҳафтада бир-икки бор оқшомлари бу ер гавжумлашиб кетади. Пойтахтдан ташриф буюрган нозик меҳмонлар. Кечаси бир маҳалга қадар чароғон шийпон файзга тўлиб, у ёқдан кулги-қаҳқаҳа эшитилиб туради. Сўнг бирдан ҳаммаёқ сув қуйгандек тинчиб қолади. Меҳмонлар жўнаган — шаҳар яқин.
Бундай кезларда серташвиш мезбон — муаллиф баъзан муҳарриридан хабар олгани киради. «Қалай? Бўляптими?» «Бўляпти, раис бува». «Кетяптими?» «Кетяпти, раис бува». «Яшанг, домла!» Андак ширакайфроқ муаллиф ушоққина муҳарририни тер ҳиди келиб турган ҳайбатли бағрига босади. Кун бўйи мошинка чиқиллатиш асноси неча бор шўрлик муаллифнинг «қўлларини синдириб», етти пуштининг гўрига ғишт қалаб чарчамаган муҳаррир — меҳрга зор банда худди умрида кўрмаган қиблагоҳи ё жигаргўша оғасининг исини туйган каби раиснинг кенг-мўл, сермурувват бағрида эриб кетади. Бироқ эртаси куни яна шу аҳвол. Омбор дафтаридаги ажи-бужиларни таталай-таталай, «Раис бувамиз бундай демоқчилар шекилли» дея улардан жумла ясаркан, туриб-туриб жони чиққудек бўлади: «Ҳаҳ, ёзаман деган қўлларинг синсин! Ҳаҳ, ёзувчиликни ҳавас қилмай падарларингга лаънат!» Қанийди, мана шу сингари бир эминлик шароити бўлсаю мардикорчиликнинг башарасига беш марта тупуриб, ўтириб олиб ўзингиз истаган нарсани ёзсангиз! Қанийди! Лаънат! Минг лаънат!
Ана шундай диққат бўлган пайтлари чиқиб у бир айланиб келади. Ториқиб-толиққан одам боғ кезиб чарчамайди. Бу гўшадаги ягона юпанчи ҳам шугина ўзи. Дарахтларнинг олдида бир-бир тўхтаб, гўё улар билан тиллашади, сирлашади.
Кечқурун бўлажак зиёфат юзасидан алоҳида фармойиш бергани келган раис бир куни уни ана шундай боғ сайри чоғида учратди.
— Боғимиз зўр-а?
— Зўр, зўр, раис бува!
— Боғи Эрам-да бу! Гиёҳигача ўзим ўтқазиб, ўзим катта қилганман! — деди раис раисона бир виқор билан. — Сиз ҳам менга ўхшаб дов-дарахтга ишқибозмисиз дейман-а, домла?
— Сўраманг, раис бува. Жону дилим-ку бу!
Раис «да-а» дея унга бир лаҳза тикилиб турди-да, кейин нечундир ўйчан одимлаб изига қайтди.
Эртаси куни тушдан нари Олашовур пайдо бўлиб, «Юринг, сизни бир айлантириб келай» дея муҳаррирни мошинасига ўтқизиб, колхознинг шаҳарга туташ сердарахт бир манзилига олиб борди. У ёқ-бу ёқни кўрсатиб:
— Қалай, маъқулми? — деб сўради. — Серсув, обод жойлар-а? Ҳадемай бу ерлар ҳам талаш бўлиб кетса кераг-ов.
Қайтишда муҳаррир бу юришларидан мақсад ни-малигини сўраганида, балодан бохабар Олашовур негадир қозоннинг қопқоғини очгиси келмади:
— Биз топшириқни бажардик, домла. Бориб ўша ёқларни бир кўриб келинглар, девдилар хўжайин, мана, айтганларини қилдик. У ёғини ўзларидан сўрайсиз.
Орадан ҳафта ўтиб, бу гал энди раиснинг ўзи ҳам қўшилиб — учовлон шу ерга яна келишди.
Дарахтзорнинг уч-тўрт иморат қад ростлай бошлаган кўркамроқ тарафида узунчоқ бир парча ер симтўр билан пухтагина қилиб ўраб қўйилган эди.
— Домла! — деди миришкор назари билан шу ерга тикилиб турган раис. — Кўзни бир юмиб-очасиз. Мана шу жой — сизники! Буюрсин, омин!
Муҳаррир тили калимага келмай серрайиб қолган эди.
Раис нари-бери юриб алланимани чамалади-да, негадир Олашовурга қараб уқтирди:
— Уй мана шу ердан тушади. Бир хонаю бир даҳлиз. Ортиқчаси нима керак ижодкор одамга, тўғрими, домла? Икки ой ичида битиши шарт. Чироқ-пироғию сув-пуви билан. Кузакларга бориб домла кўчиб кирадилар. Тушунарлими, Шовурбек? Гап
тамом!
Кечалари ётиб уйқуси келмайди денг муҳарриримизнинг! Кўнглида бир қувонч гупуриб, ўринларидан туриб кетаверади. Одам бўлиб кун кўрмаган бошига бундайин омад қайдан келди-я, ё Оллоҳ?
Ўзига ўхшаган бир бенаво, дардманд хотини узоқ йили қазо қилиб, уйланган яккаю ёлғиз ўғли ва икки невараси билан муҳаррир — бешовлон Чилонзордаги уч хонали каталакдек уйда истиқомат қиларди. Мана, худойим берди! Етти ухлаб тушига кирмаган орзу бир лаҳзада рўёбга чиқди-қўйди.
Муҳаррир ошиғич тарзда шаҳарга тушиб, неча йиллик қалам ҳақи ҳисобига йиғилган, ҳали хазонга айланиб улгурмаган жамғармасини омонатхонадан пок-покиза кўчириб олди ва уни якшанба куни хабарлашгани келган раиснинг қўлига тутқазмоқчи бўлди.
— Буни чўнтагингизга солиб қўйинг, домла! — деди раис қовоғини уюб. Сўнг, муҳаррир қисталангига олиб қўймагач, шофёрига имо қилди: — Майли, ол, Шовур. Мебел-пебел, телевизор-пелевизорга сарфларсан.
Иморат «муддатидан олдин» — кузакка қолмаёқ битди ҳисоб. Эгаси бир қучоқлик кўч-кўронини кўтариб келиб жойлашди. Шу ихчамгина бошпанага боқиб кўзи тўймайди денг — ўзиники! У фурсатни қўлдан бермай кечаги ордона боғнинг бир бўлагини хусусий боққа айлантиришга киришиб кетди. Ишни дов-дарахтнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишдан бошлади. «Боғи Эрам»дан кўп гулу кўчат келтириб ўтқазди, пайвандбопларини билганича пайванд қилди, қуриган ёки бачки шох-бутоқлардан аямай воз кечди. Хуллас, келаси кўкламга қадар боғини яшнаган бир чаманга ай-лантирмагунча қўймади. Ўзиям шу мавсумдаёқ ундан сўраб, бундан суриштириб бинойидек соҳибкор бўлди-қолди.
Бу орада раис бувамизнинг кечмишномаси босма-хонадан ялтирабгина китоб бўлиб чиқди. Яна қўша-қўша тақриз, яна мақта-мақта, яна «Боғи Эрам»да зиёфатлар.
Қўш китобнинг муҳтарам муаллифи сифатида раисимиз мамнуниятлар билан адибларнинг расмий рўйхатига ҳам тиркалди.
Воҳ дариғки, бу қўшалоқ қувончлар кўпга чўзилмади. Саратоннинг адоқларига бориб раис таппа тўшакка михланиб қолди. Айни шу фаслга номдош, на шоҳ, на гадоси чора топа билган совуқдан-совуқ бир дардга йўлиққан эди у. Муҳаррир ҳафта сайин қатнаб валинеъматининг аҳволидан хабар олиб турди. Сўнгги зиёратларидан бирида отаси ё бир оғаси бўлиб қолган бу одамнинг надомат аралаш айтган гаплари сира эсидан чиқмайди.
— Шу, сиз — шоирларга ҳам тан бермадим-да, домла, — деган эди лаҳаднинг оғзига бориб қолган одам ҳамон тетик бир овозда. — Мендай бир оми, тўпоридан ҳам шоир ясадинглар-а, қойил! Пул, мол-дунё дегани ҳар қандай валломатини ҳам қутуртирмай қўймас экан. Ёшингу соч-соқолингнинг андишасини қилмасангки, ликобча кўтариб саҳнасига ҳам чиқсанг-да! Тавба, бўлмаса, мен бир далавой деҳқонга ким қўювди шоирликни! Ҳай, аҳмоқ каллага келган ул-булни қоралаган бўлсак қоралагандирмиз. Лекин хизмат сизники-ку! Меҳнатни сиз қилдингиз-ку! Шуни билмай мен бир лодону овсармидим? Нима зарил денг-а! Мана, ҳаммагинаси қолиб кетар экан... — Ажаб бир эррайим одам эди раҳматли — шу ҳолида ҳазил гаплар қилганига нима дейсиз! — Ё ўша китобларимиздан бирортасини олакетсаммикан? Эсдаликка-да. Бошгинамнинг тагига қўйиб ётардим. Савол-сўроқларидан бўшаганда ўқиб-ўқиб, а? У ёқда бўш вақт кўп бўлармиш-ку. Шудгор ташвиши бўлмаса, ўғит деб, бало деб чопмасангиз... А, домла, нима дедингиз?
Ўзи-ку нариги дунёга бир парча кафан билан кетди, аммо гўринг нурга тўлгурдан мана шу боғ мерос, йўқ, эсдалик бўлиб қолди. Эсизгина, мардикорчилик қилиб бўлса-да, ўша бағрикенг инсоннинг пуштипаноҳида юрган кезлари, энди ўйлаб кўрса, муҳарриримизга бир давру даврон экан! Кейин даврон чархи бир айландию гоҳо ўн-йигирма йилларда ҳам кўрилмайдиган воқеа-ҳодисалар саноқлигина ойлар доманасида содир бўлиб кетди. Бир вақтлар юзлаб одам ишлаб, гуриллаб турган нашриёт кўз очиб юмгунча бир ҳовучгина жамоа жон сақлайдиган ғариб бир чиллахонага айланиб қолди. Ижодий ходимлар ўтирадиган хоналарни аллақандай фирмаю ширкатлар эгаллаб олди. Йўл-йўлакларда ҳам бемалол юриб бўлмас, эшик олдига қадар турли-туман дўконча босган эди. Ҳожатхонага кирганда чўнтак кавлама-сангиз, қўриқлаб ўтирган бадфеъл кампир калтак билан ҳайдаб солади. Кечагина директорга сомса ташиб юрган югурдак болалар бугун унга зўрға салом берар, кўзлари аланг-жаланг, одамни ваҳимага қўядиган бир талваса ичида «Бизнес! Бизнес қиламиз!» дейишар эди. Ўзингизни четга олмасангиз, бизнесига қўшиб яна бир бало қилиб юборишдан ҳам тоймасди ул касофатлар!
Чиқарган китоби негадир ҳеч қайга ўтмай қолган нашриётимиз энди ана шулар ҳисобидан — ижара ҳақи эвазига кун кўра бошлади. Табиийки, бундай шароитда, ҳар қанча моҳиру тажрибали бўлмасин, нафақа ёшига бориб қолган, бунинг устига «ескича» фикрлайдиган — қўшма гап бўлакларидек эргашиб юришга, мослашувга ё «катта»га ўшак ташишга ноқобил муҳаррирга жамоада ўрин йўқ эди. Ўзи ҳам узоқдан қатнайвериб қийналиб юрмаганмиди, шартта бўшади-қўйди.
Хўш, энди тирикчилик қандай ўтади? Бунинг ҳам йўлини янги замон ўзи кўрсатиб берди. Таъбир маъқул саналса, нашриётни у уйига — мана шу боққа кўчириб келди. Гап 6у ёқда экан денг! Сарсон бўлиб ҳар куни ишга қатнаб юрмайсиз, бир тутам маошга кўз тикиб, раҳбариятнинг қош-қовоғини пойламайсиз. Биргина аламли, армонли жиҳатини айтмаганда, бари содда, бари нақд! Мўмай бизнес!
Ёпирай, ёзувчилигу китоб чиқариб ном таратишга ишқибоз бунча кўп экан! Лекин, аёнки, адиб аталмоқ учун аввало китоб битмоқ, китоб чиқармоқ учун эса аввало уни ёзмоқ лозим бўлади. Масаланинг шу томони ишкал эди. Талабгорлар орасида ҳали ёзилмаган китобини кўриш орзусида юрганлари ҳам топиларди. Раис раҳматли баҳарнав инсофлироқ экан — ўз қўли билан ул-бул қораларди. Буларга энди бошдан-адоқ ёзиб бериш керак. Ажаб замон бўлди-да: олими четда қолиб, золимлари олимлик даъвоси билан чиқа бошлади. Кимнинг ҳамёни ғозлироқ бўлса, қўлидан келадими, йўқми — китоб ёзиш, китоб ясаш пойгасига киришди. Кўлидан келадиганлар эса бу томошадан лол — уларнинг ҳамёни қуруқ; қуруқ ҳамён билан босмахонага якинлашиб бўлармиди? Бундайларнинг баъзиси дафтар-қаламини момосидан колган сандиққа ташлаб, тирикчилик измига тушиб кетди. Аммо шу орада бир тоифага — уқуви ҳаминқадар бўлса-да, қўли қичиб, ёзмасдан туролмайдиган чаққонларга худо берди. Улар «об-ҳавога мос», бозорбоп асарларни қаторлаштириб ташлайверди — ҳалиги қўлидан иш келадиганлар турли сабаб билан четга чиқиб кетган-да; бос, давринг келди, босиб қол!
Лекин, аввало, бундай «еъжод» намуналарини китоб суробига келтириш керак-ку! Э, бунинг чораси бор: ҳув шаҳар чеккасидаги бир боғда ҳамма «домла, домла» деб атайдиган беминнат, арзончи бир мардикор қаламини ростлаб йўлингизга кўз тикиб ўтирибди!
Бировларнинг номидан, бировларнинг қиёфасига кириб ёзиш, сўз топиб, жумла ясаш заҳматларидан безор бўлганида домла шўрлик алам билан ўрнидан туриб кетарди: шуни ёзган қўлгиналаринг синсин-а, ёзувчилик даъво қилган тилгиналаринг узилиб тушсин-а!
Аммо начора — ейдиган оғизни чандиб қўйиб бўлмаса! Ўша олатасир замон арафасида асли волидасининг узоқроқ холасими, аммасими саналган анови ялмоғиз кампирнинг зулмларидан қочиб номи элас-элас маълум ота юртига кетишни орзу қилган ўксик болалиги тўғрисида дов-дарахтга ҳасрат шаклида ёзилган ардоқли-арзанда қиссаси журналда босилиб, аллақачон кепакка айланган қалам ҳақига бор-йўғи бир қутигина тозароқ сигарет сотиб олгани эсида. Кейин уни қадрдон «Саратон»дан аввал — ҳар эрта бир донадан авайлаб йигирма кун чеккани ҳам ёдида!
Домланинг бирдан-бир эрмаги, овунчоғи мана шу боғ, мана шу дарахтлар эди. Бу вақтга келиб у — бир чеккаси азбаройи камхаржлик, ундан ҳам бурунроқ кашандалик йўтали сабаб — сигаретдан воз кечиб, нос отишга ўтган; иягига бир тутамгина соқол ҳам қўйиб олган, тепа сочининг баракаси кетиб, бошига калампирнусха дўппи бостириб юрар эди. Рафторидан замонавий ёзувчилигига биров ишонмас, «домла-домла»лар ҳам қўшилиб, билмаганлар уни янги пайдо бўлган диндорлардан деб ўйлар эди.
Аслида диндор унинг ўғли эди. Аллақайда хаттотлик қиладиган ориқ, рангпар бу йигит ойда бир-икки дафъа тугунча кўтариб хабар олгани келар, ота-бола ўрик тагидаги чорпояда гаплари қовушмайроқ хийла замон бир-бирига термилиб ўтирар, ўғил кетишга чоғлангандагина ўртада икки оғиз савол-жавоб бўлар эди.
— Ҳалиям ўқияпсанми?
— Алҳамдулиллоҳ.
— Намозингни ўқисанг ўқи, лекин ҳушёр бўл, бола!
— Астаъфуруллоҳ денг, дада!
Домла бу калимани ичида такрорлаб қўяр, лекин маъно-моҳиятини дурустроқ англамас эди.
Домлани беғараз йўқлаб турадиган яна бир зот — эски қадрдони Олашовур. Дарвоқе, бу лақаб раҳматли раис билан бирга кетган, у энди Оллошукургина эмас, расмонасига Оллоҳшукур — Оллоҳга шукрона айтиб ҳаж қилиб келган ҳожи. Гапирадиган гапи — ояти каримаю ҳадиси шарифлардан. Икковлон гоҳо чорпояда ўтириб ўша яхши кунларни, азиз отахонлари — раҳматли раисни энтика-энтика эслашади, сўнгра дов-дарахт, пайванду кўчатдан гурунглашади.
Домла ундан негадир ҳар гал ҳув анови қақилдоқ хотинни сўрагиси келади, аммо истиҳолага боради: кимсан — ҳожи бува, ноқулайдир!
Домланинг яна бир пинҳона юпанчи бор — сутчи хотин. Ҳар эрта шу аёл сут кўтариб келганида кўнглига ажиб бир нур киргандек бўлади. Бирор сабаб билан у кўринмай қолса, ўзини кайга қўярини билмай дилғаш юради. Айтишларича, эри кўп йилдан буён тўшакда — шол эмиш. Аммо ножўя бирон фикрни хаёлига йўлатмайди домла. Зинҳор-базинҳор!
Сутчи хотин гоҳида паст-баланд икки ўғилчасини ҳам эргаштириб келарди. У аслида соғлом, ширинсўз бир оддий қишлоқ аёли эди. Ойлаб шаҳарга тушмай, аёл зотини кам учратадиган домлага эса бамисоли фаришта бўлиб кўринарди. Ҳолбуки, домланинг ўзи бир вақтлар унчалик ҳам фаришта эмас эди. Раҳматли хотинидан кейин у орқаваротдан «Сахийхон» деб аталган бир мусаҳҳиҳ жувон билан унча-мунча муомала қилиб юриб, хотинлардан кўнгли қолган. Лақаб деганлари бекорга қўйилмас!
Оллоҳшукур ҳожи ҳали Олашовурлик кезларидаёқ, валломат раиснинг қаватида юравериб, кўп балога ақли етадиган пишиқ-пухта синчига айланиб қолган экан. «Кўрасиз, ҳадемай бу ерлар талаш бўлиб кетади» деб башорат қилган эди, мана, айтгани келди. Атиги уч-тўрт йил ичида гирд-атрофда шундай ҳовлилар қурилиб, шундай иморатлар қад ростладики, кўрганнинг ақли шошади. Домла буларга парво қилмас, ўзининг мана шу кафтдеккина боғию ихчамгина кулбаси кўзига не бир ажабтовур гўшадек туюлар эди.
Аммо кейинги икки йил орасида ён-верида бир манзара пайдо бўлдики, баҳайбат қасрнинг пойида ғарибона мунғайиб турган кулбани кўриб, ҳар қандай олижаноб одам ҳам «буни зудлик билан бу ердан гумдон қилиш даркор» деган фикрга келиши тайин эди. Аллақандай номдор бир бойвачча экан, аввал сўл томондаги катта-катта икки жойни бирлаштириб, бор ҳашаматини намойиш қилди. Сўнгра домланинг ўнг тарафидаги ҳозирча бекор турган дарахтзорни ҳам эгаллаш ҳаракатига тушди.
Дарвоқе, даставвал бу ерларда Ёрмат пайдо бўлди. (Аслида унинг исми бошқа; махаллага ихтиёрий равишда кайвони бўлиб олган Саиджалол «Акахоннинг гумаштаси, ишбоши» деганидан кейин, «Қутлуғ қон»даги бойнинг гумаштаси хаёлига келиб, домла уни ўзича Ёрмат деб атай бошлади.) Бўйи Обид Асомдан сал тикроғ-у, ваҳима-сиёсати уникидан ўн чандон зўр. Акахоннинг ўзи шу орада ё икки, ё уч марта кўринди, холос — ҳамма ишни мана шу шоввоз битирди! Қўлида «сотка», тагида «Дамас», бир зум тинмайди. Кечаю кундуз йигирма-ўттизлаб мардикору ҳар рақам уста, ваҳимали бўкиргувчи «МАЗ»у «КРАЗ»ларга шу биргина жон — бош! Ёқа ушламай, офарин демай иложингиз йўқ.
Холисан айтганда, шуларнинг шарофати билан қишда лойи, ёзда тупроғи кўпчиб ётадиган қўрғон кўчаси бир текис қилиб асфалтланди, газ қувури келди, кечалари чироқ ўчиб қолмайдиган бўлди. «Ҳар балонинг бир нафи ҳам бордур» деб машойихлар билиб айтган экан.
Ҳовли-ҳашам битиши арафасида бир куни ялтираган «Мерседес» ҳайдаб ажабтовур бир ёшгина хоним келди. (Ҳар балодан бохабар Саиджалолнинг кейин шипшитишича, акахоннинг кенжатой-эркатой хотинларидан экан. Бу ҳовли-ҳарам асли шу хонимга атаб бино қилинаётган эмиш.) Қаншарида қора кўзойнак, ўйинқароқ қизалоқлардек енгил ирғишлаб у баҳайбат дарвозадан ичкари уриб кетди-ю, чорак соатга қолмай қайтиб чиқди. Кейин кўчада бир зум ўйланиб тургач, тўппа-тўғри домланинг боғига кириб келди. Айвончасида нимагадир уннаб юрган домла билан худди эски танишлардек бемалол саломлашди-да, бориб чорпоянинг бир четига ўтирди. Аланглаб боғни томоша қила бошлади.
— Вой, бунча салқин бу ер! Вой, боғингиз бунча чиройли-и!
— Келинг, келинг, қизим, — деди кутилмаган ташрифдан шошиб қолган домла. — Ўтиб, ана, боғни айланинг. Мевалардан узиб енг. Тортинманг, деҳқончилик. Ўзим экканман.
— Тўғрисини айтайми? — деди хоним аллақандай сирли жилмайиб. Сўнг осмон баробар баланд қўшни девор томон ишора қилди: — У ёқдан кўра сизнинг боғингиз ёқди менга!
— Раҳмат, раҳмат, — деб қўйди домла талтайиб. — Бу ёқ ҳам ўзингизники. Хоҳлаган пайтингизда келинг, дам олинг, марҳамат.
— Сиз ёзувчи экансиз-а? Менинг тоғам шоир! Радиодан берадиган ҳамма қўшиқларни тоғам ёзганлар!
Домла бир даста анвойи гул саралаб, қўлига икки дона нашвати тутқазиб хонимни кўчага кузатди.
Уч кунми, тўрт кун ўтиб акахоннинг ўзи билан ҳам танишди.
Бир кеч нимадир юмуш билан эшикка чиққан эди, қўшни дарвоза олдида қаторлашган антиқа-антиқа мошиналар ёнида сўзлашиб турган меҳмонлар сафидан бир киши ажралиб чиқиб, домла томон кела бошлади. Қирқ-қирқ беш ёшлар чамали новча, хушсурат йигит. Бош-оёқ қоп-қора либосда.
— Домла — сизми? — деди у илиқлик билан қўл узатиб. — Да-а, писател! Боғингиз зўрмиш-у, ҳамма айтяпти! Бундай бир таклиф ҳам қилмайсиз-а, қўшни!
— Э, келсинлар, келсинлар, — деди домла хижолатдан беихтиёр қўл қовуштириб. — Марҳамат.
— Майли, майли, кейин. Ҳали бизникига ўтасиз. Шоирларингиз ҳам бўлади. Энг котталари!
Баланд девор бўғотларига «кўз қисиб» турадиган турли-туман чироқчалар шодаси осилган, ўртадаги кўшксимон шийпонидан ўйноқи шуълалар порлаб ётган ўрдадек ҳовлида шу кеча бир маҳалга қадар базм давом этди. Чамаси, шаҳардаги бошқа тўй-тантаналарни ташлаб, сара хонандаю созанданинг бари шу ерга йиғилган эди. Боз устига, етти маҳаллага эшитарли қилиб кучли карнайлар ҳам ўрнатилган!
Домла ҳеч қаёққа чиқмади. Эшик-деразасини беркитиб, ёз куни ичкарида қамалиб ётди.
Деярли ҳар ҳафта такрорланадиган бундай тонг-отар базмлар чоғи у кўпинча уйга кириб кетар, аммо ҳаммаёқни ларзага солиб гупиллаётган замонавий созлар садосидан на бирор нима ўқий олар, на ёзув-чизув қилар, димиққан хонада асабийлашиб ўтира-ўтира уйқуси қочиб, азонга яқингина бир муддат кўзи илинар эди.
Мана, қарийб икки йилдирки, ҳаловат, осойишталик деган гапларни тушингизда кўрасиз! Ҳовли-жой қурилаётганда-ку оғир мошиналарнинг шовқини, устаю мардикорнинг бақир-чақири, ҳар турли тақ-туқ, тариллашу ғириллаш, чанг-тўзон кабилар безор қилган эди, энди эса аҳвол — бу!
Аслида, ҳовли эгалари бу ерда муқим яшамайди, фақат базму зиёфат кечалари ёки шанба-якшанба кунлари бассейнда чўмилгани келишади: тағин шалоп-шулуп, қий-чув. Саиджалолнинг гувоҳлик беришича, шундай аломат уй-жойнинг нимасидир кенжа келинимизга маъқул бўлмаган. Ҳозир бир боғбон, бир қоровулу югурдак бола қараб туради.
Ёнма-ён қўшни бўлатуриб, домла бу ҳовлига қадам босмаган, ул қўшқават ажиб кошонани, тепаси қуббасимон ул кунгурадор шийпонларни, сув тубига ўрнатилган рангдор чироқлари кечаси камалаксимон жилва кўрсатадиган ул мармар бассейнни кириб кўзи билан кўрмаган дейилса, ишонадиган одам топилармикан? Аслида эса шундай — домла буларнинг жабрини бас дегунча кўрган, аммо қандайдир ирим қилибми, бошқами, ишқилиб шу ёққа оёғи тортмагани рост.
Бу ёқда базму зиёфат, бу ёқда — домланинг ўнг тарафидаги дарахтзор ўрнида яна алланимабало қуриш тараддуди бошланган; зора буниси нозиктаъб келинимизга маъқул келса! Яна шовқин-сурон, яна тариллашу ғириллаш, яна қум-шағал, чанг-тўзон! Чидайсиз. Чидаёлмасангиз — ё қочиб қутулинг, ё ўлиб! Қочиб қайга борасиз? Бош урган туйнугингиз-да — тағин бир ғалва! Униси эса сизнинг қўлингиз-да эмас; жоннинг ширинлиги-чи! Ягона чораси — чидамоқ!
Ана шундай таранг кунларнинг бирида — ўрганган қулоғини кар қилиб домла чорпояда китоб варақлаб ётган эди — қўққисдан Ёрмат кириб келди. Ёнида — Саиджалол. Сенга нима денг? Чопонининг барини белига боғлаб, хоҳлаган хонадонига ишшайибгина кириб бораверади. У ерда кўрган-эшитганини кейин бир зумда бутун қўрғон бўйлаб ёйиб чиқади. Юзига солсангиз, «ҳа, шу — кўрдим, эшитдим» дея бақрайиб тураверади. Бировга дўстми, душманлигини ўзи ҳам билмаса керак. Мавҳум, мужмал нусха!
— Гап бундай, домла, — деди пакана Ёрмат даромад-паромадсиз, унинг кўкрагига ўзича дўстона, аслида бетакаллуфларча шапатилаб қўйиб. — Боғни бизга берасиз!
— Қанақа боғ? Нега? Нима учун? — деди довдираб домла.
— Сизга, — Ёрмат савол-паволни эшитмагандек, қўшни дарахтзор томонни кўрсатди, — мана бу ёқдан зўр бир уй қуриб берилади. Бунингиз нима, уйми шуям?! Бундан ўн баробар зўр бўлади. Замонавий!
— Ўн баробар зўр! — дея уни қувватлаб қўйди даллоли ҳам.
Шу тобда биров жонингни бер деса, домла балки ўйлаб кўрармиди — бу бедодликлардан тўйиб кетган одамга сабил жон нима керак? Лекин — 6у боғ!.. Қанча меҳр, қанча меҳнат сарфланган!
— Ёрматжон укам, ўйлаб гапиряпсизми ўзи?
Домланинг оғзидан чиқиб кетган бегона исмга гумашта парво ҳам қилмади. Унинг асл номидан кўра муҳимроқ ишлари бисёр эди.
— Боғингиз катта ховлига қўшилади, акахоннинг топшириғи шундай! — дея ҳукм килди Ёрмат. — Бўлмаса, ўртада қолиб кетасиз-да. Ҳар жиҳатдан ноқулай. Айтиб қўяй, домла, сиз ютяпсиз!
— Қўшилади! Сиз ютасиз, домла! — деди Саид даллол худди ўзи ҳам бир нима ютадигандек.
— Ўйлаб кўринг, зўр вариант! Ҳа, дарвоқе, акахоннинг сизга бошқа бир топшириғиям бор. Китоб ёзиб берасиз! Акахоннинг ҳаётидан. Кам бўлмайсиз, домла! Келишдиг-а?
— Укам, кўриб турибсиз, мен бир ёлғиз, кексайган одамман. Илтимос, тинч қўйинглар мени.
Ёрмат шартта бурилиб эшик томон юрди.
— Тем более! Бир кун барибир бизники бўлади бу боғ!
Шу кеча домла тун-яримда қаттиқ бир оғрикдан уйғониб кетди. Ҳаммаёғини тер босган. Нуқул кекиргиси келади. Гўё шундай қилса, енгил тортадигандек, оғриқ пасаядигандек. Аммо ҳарчанд уринма-син, кекиролмайди. Унинг ўрнига оғзидан заҳаролуд бир сув келади, холос. Ичи ёниб-яллиғланиб кетаётгандек, ичак-чавоғини аёвсиз бир панжа ғижимлаб бураётгандек...
Тонгга қадар ерда думалаб, вой-войлаб чиқди. Бир бало бўлганга ўхшайди, тезда дўхтирга бориш керак.
Эрталаб туриб бир азобда эшик-деразасини маҳкамлади, кейин қўлида ул-бул солинган елимхалта, дарвозаси олдида ғужанак бўлиб йўл пойламоққа тушди: зора бирон мошина ўтиб қолса!
Иттифоқо бир «Дамас» кўринди. Ёрмат! Домла баттар ғужанак бўлиб олди. Сезгир гумашта вазиятни дархол англади. Мошинасини шартта орқага буриб, қўярда-қўймай домлани қўлтиғидан олиб унга ўтқизди. Йўл бўйи бирон оғиз чурк этмай, беморни шу яқин ўртадаги касалхонага элтиб ташлади.
Домланинг эски дарди қўзғаб, ўн икки бармоқли ичагида торайиш — буришиқ ҳосил бўлган экан. «Кесиш керак! — деди дўхтирлар. — Акс ҳолда ёрилиб кетиши мумкин!»
Кесдилар, ёрдилар. Учинчи кунимиди, домла ўзига келди.
Бироқ — бало дегани эгизак туғилган. Домла оёқка туриб юра бошлаганининг эртаси куни кечга яқин тумбочка устидан нимадир олмоқчи бўлиб узалганида ногаҳон кўкрагини чангаллаб, каравотдан осилиб қолди. Юрак хуружи!
Тағин қайтиб уни жонлантириш бўлимига ўтказ-дилар. Аҳволи хийла оғир эди. Дўхтирларнинг боши қотган: кекса одамга бундай қалтис икки дард бирдан ёпишса!..
Қайдандир дарак топган Оллоҳшукур ҳожи кунора шу ерда. Муллавачча ўғил ҳам эртадан кечгача шу атрофда. Яна кими бор эди? Ҳемири бир чой-чақа эвазига азза-базза китоб ёздириб кетган анови азамат шогирдлар қайда экан энди?
Майли, майли, бошга тушганни — кўз кўрар. «Ана кетди, мана кетди» бўлиб ётган бандаси на бир нимани кўради, на бир нима қулоғига киради. Шундай экан, гапни бу ёқдан эшитинг.
Бу ёқда — қўрғонда тиниб-тинчимас корчалон Ёрмат, доим тайёр ҳангоматалаб Саиджалол ёни-да, домланинг боғига кириб, энига-бўйига қадамлаб уни ўлчаётир. Кейин чорпояда ўтириб икковлон алланималарни чамалайди, мўлжаллайди, қандайдир режалар тузади. Хуллас, касалхонадан бир сас чиқса — бас!
Кутилган хабар эса келавермади. Шу орада ни-
мадир бўлдию барча тадбир-тадорик тақа-тақ тўхтади. Ҳашаматли ҳовлига қулф солинди. Теварак-атроф сув қуйгандек бирдан жимжит бўлиб қолди. Ҳаммавақт ҳозир Ёрмат ҳам қаёққадир ғойиб бўлган. Уйидан илонми, чаёнми чиққан Саиджалолгина чопони барларини белига чирмаб, хонадонма-хонадон бош суқиб чарчамайди: «Эшитдингизми? Эшитдингизми?»
Домла касалхонада узоқ ётди. Лекин, буни қарангки, тузала бошлади. Руҳида ҳам ажиб бир ўзгариш, тозариш рўй бераётгандек. Фақат боғини соғингани соғинган.
У касалхонадан чиққанининг эртаси сутчи хотин келди. Ёнида ўғилчалари. Кимдандир эшитган экан. Хабар ололмаганини айтиб, хижолатомуз узрхоҳлик қилди. Чорпояда ўтириб бирпас ҳол-аҳвол сўрашдилар. Кўнгли кундек ёришиб кетган домла боғини оралаб, икки челакка тўлдириб мева-чева териб келди. У келгунича — беш-ўн дақиқа ичида — аёл айвончадаги пўпанак босиб кетган идиш-товоғини чиннидек қилиб қўйибди. Кейин минг бир истиҳолаю ийманишлар билан олган челакларини ўғилларига кўтартириб жўнаркан (болаларнинг эса бу маъмур боғдан, сахий амакининг ёнидан жилгиси йўқ), кир-чири бўлса, бажонидил ювиб беришини айтди.
На гап-сўзларида, на хатти-ҳаракатида эркак ки-шининг кўнглига ғулғула соладиган бирон ишорат бўлса-чи! Э худо, мана шундай меҳрибон, покиза аёллар ҳам бор-а дунёда!
Бир ўлиб-тирилган одам энди бошқача яшамоққа қарор берган эди. Бу ёғи қанча қолгани номаълум, нимадир иш қилмоққа улгуриш керак. У энди теварак-атрофга бепарво, нега ҳаммаёқ бундай жимжит, сокин деб ҳам бош қотирмас, ўзи билан ўзи, кўнгил дунёсига шўнғиб кетган эди. Олдинда куз нишона бериб келар, кечалари салқин, бундай ҳавода қийқириб чўмилишу ёввойи базм қуришларга бало борми, деган хаёлга борар эди ўзича. Дарҳақиқат, қувноқ ёз мавсуми тугаб, кўпчилик шаҳарга қайтган, қўрғон ҳувиллаб, гаплашадиган одам ҳам қолмаган ҳисоб.
Ёзувчи енг шимариб, дардманд кунларида кўнглида туғилган китобини ёзишга киришди. «Абадий оғочлар» деб номланган бу асарда дарахтлар ҳаётини одамлар ҳаётига менгзаб тасвирлаш ният қилинган эди. Бунинг учун узоққа бормоқ ё бош қотирмоқ ҳожати йўқ — ўз умрини бир сидра эсласа, боғидаги дарахтларни синчиклаброқ назардан ўтказса, кифоя. Таассуфли жойи шундаки, бу оддийгина муқоясада одам боласи ютқазмоғи азалданоқ муқаррар қилинган. Мана, кариллаган раис бувамиз энди йўқ, идораси олдидаги чинор эса ҳамон гуркираб турибди. Ёки, дейлик, сиз бу дунёдан кетасиз-у, не азоб-машаққатлар билан тиклаган уй-жойингиз, ўстирган боғингиз қолади — ордона! Лоақал ўзи ўтқазган бир оғоччалик — ёғоччалик ҳам бўлолмаса-я одамзод?!
Ҳаво майин, мулойим, шоир айтганидек — «у энди ёндирмас, ялтирар фақат». Чорпоя устига хонтахтани қўйиб олган, ана шу оромбахш маъсумият қўйнида ўтириб ёзувчи кун бўйи мошинкасини чиқиллатгани чиқиллатган. Ёнида сутчи хотиннинг кенжа ўғилчаси. Эрталаб ойиси билан келган-у, тихирлик қилиб шу ерда қолган. Ҳар замон сербарака боғни айланиб, мева-чева териб, майнаю чумчуклар билан ўйнашиб келади. Кейин хонтахтанинг бир четидан жой олиб, у ҳам ўзича ёзув-чизув қилади. «Сендан ёзувчи чиқади-ёв» деган мақтовдан талтайиб, олдидаги қоғозга баттар ёпишади.
— Амаки, вергул зўрми, нуқтами? — деб сўрайди бўлажак адиб ёзувидан бош кўтариб.
Қанчалаб китоб битиб, умр бўйи муҳаррирлик қилган одам боланинг шугина саволидан лол, ўйланиб қолади.
— Нуқта зўр бўлса керак-да. Вергулинг бир гапда бир нечта бўлиши мумкин, нуқта эса — битта!
— Лекин вергулнинг думи узун-ку?!
— Вергул — гап ҳали давом этади дегани. Нуқта қўйилдими, демак — бас, тамом!
— Дарров тамом бўлгандан кўра, давом этгани яхши эмасми?
Ёзувчи шогирдчасига қараб дафъатан бақрайиб қолади: «Тамом бўлгандан кўра, давом этгани яхши... Ниманинг? Ажабо!»
— Сендан зўр ёзувчи чиқади-ёв! — дея боланинг бошини силаб қўяди кейин.
Ана шундай беғубор, файзли кунларнинг бирида, ниҳоят, кўпдан буён кутилган, аммо бефайз одамнинг ўзи пайдо бўлади. Чопони барларини белига ўраган, ишшайганча келиб у чорпоя четига ўрнашади. Ёзда Чортоқда дам олган экан, кеча қайтибди.
— Эшитгандирсиз-а, домла, — дейди хабаркаш суюнчи олмоқчидек, кўзлари бежо йилтиллаб. — Сиз касалхонада ётганда қўшнингиз қамалиб қолди!
— Ие, чатоқ бўпти-ку! Нима айб қилган экан?
— Бу ёғини эшитинг-да, — дейди алланечук завқ билан касофат. — Қамоқда ўзини осиб қўйибди!
— Йўғ-э?! Шундоқ ёш йигит-а? Э, шўрлик! Аттанг, аттанг!
— Қилма — топарсан, дейдилар-ку!
— Ёрматимиз-чи, у қаерда экан?
— Яна бир акахоннинг пинжига кириб, айшини суриб юргандир-да, ким билсин! Э, унақаларга бало ҳам урмайди, домла, ўйламанг! Улар доим сувдан қурук чиққан, ҳа! Чортоққа кетишимдан олдин Олой бозорида учратгандай бўлувдим. Айтайми, ким билан экан? Бойваччанинг ҳув артистга ўхшаган кенжа хотинчасини кўргансиз-а? «Мерседес» ҳайдаб келарди-ку. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўшагинани қўлтиқлаб юрибди! Қотиб копман-а!
— Қўйинг шунақа гапларни! — дейди ёзувчи бирдан таъби кирланиб. — Манови шўрликка ачинади одам. Шундоқ йигит-а!
— Нимасига ачинасиз, домла, нимасига? Шунча мол-дунё йиғди, еди, ичди, юрди, сурди — етар! Бировга чоҳ қазисанг — ўзинг тушасан, дейдилар-ку. Мана — тушди! Сиз эса...
Ёзувчи ногаҳон титраб кетади. Ўқраяди. Қаттиқ ўқраяди.
— Ҳаммамиз ҳам ўламиз, Жалолхон!
Бу гап «Тур энди, халақит беряпсан менга!» дегани ҳам эди.
Шунда ҳамон ёзув-чизувдан бош кўтармай ўтирган шогирднинг «илҳоми жўшиб», устозини яна саволга тутади:
— Амаки, сўроқ белгиси зўрми, ундовми?

Аралашқўрғон
Мусофирнинг ўртанча қизини Каттаконнинг кучуги қопгани хабари келганда биз қўрғон оғзидаги қўлбола чойхонамизда қартабозлик билан машғул эдик.
Ие, қачон? Қандай қилиб? Ўсал эмасмикан? Ҳамма таажжубда: жониворнинг жағи бир зум тинмаган эди-ку, акиллай туриб ҳам қопар эканми?
Ҳамма бирдан ғазабга минди.
— Бедодлик! Бориб турган бедодлик бу! — деди жамоатчи мухбир Э.Сафар ўрнидан сапчиб. — Бир бечора мусофирнинг боласини-я! Ёзиш керак! Ёзаман!
— Ўтиринг, иним, — дея уни босиб қўйди оқсоқол. — Кейин ёзарсиз. Дарвоқе, бир уриниб ҳам кўрувдингиз шекилли? Аввал бундай бир маслаҳатини қилайлик. Қоидаси шу.
У ҳар ишнинг қонун-қоидасини билади, шунинг учун ҳам оқсоқолликка даъвогар. Масалан, «Мана шу ариқ» деб гап бошласангиз, «Ариқлик-ка-ку ариғ-а, лекин ичида сув ҳам оқади-да» деган қабилда ақл ўргатишни яхши кўради.
— Буни бир бало қилмасак, тинчлик йўқ, акахонлар, — деди дайди шопир. — Ўзим ўлдираман! Кучала топсам, бас!
— Шаҳарма-шаҳар юрасиз, бир чимдим кучала ёки маргимуш қаҳат бўптими?!
Фан номзодининг 6у гапига дотсентнинг азалий ғайирлиги қўзиди:
— Тавба! Кучала ана — Эскижўвада! Сурманинг суюғию игнанинг тешигидан ўтган туягача топилади! Кучала шарт эканми, жимжилоқдек келадиган игна ҳам кифоя-ку! Бир чангал хамир ё бир туюр гўштга жойлабгина!
— Вой, вой, олдин у касофатга яқин боришни айтинг! — дея ваҳима қилди фан номзоди.
— Ҳовлиқманглар, биродарлар, — деди доимий муросасоз оқсоқол. — Аввал Каттаконнинг олдиларидан бир ўтайлик. Қоидаси.
— Нима деб ўтасиз у кишимнинг олдиларидан? — деди сипо ўтирган дўкондор энсаси қотиб. Бугун унинг иши юришмаган — бир йиллик мўлжали амалга ошмай, қўрғонда икир-чикир дўконча очишга доир қоғозлари атама улашувчи идорадан яна қайтган, жамоатчилик асосида жавлон урадиган эзмароқ аллома «Ҳемири бир атторликка Темурхон наслидан бўлмиш султон Улуғбекнинг муборак номини қўймоқ — гуноҳи азим, супермаркет очсангиз, ана унда ўйлаб кўрармиз», дея дилини хуфтон қилган эди; «Кенжа ўғлимнинг оти — Улуғбек» деган важ-корсони хисобга олинмади. Бу ёкда эса, ҳали даргумон ётган оқсоқоллик дастмоясига у хам даъвогар. — Хўш, итингизга кучала ё игна бериб ўлдирсак майлими, деб сўрайсизми?
— Шунчалик нодон эканмиз-да, а? — деди оқсоқол пинҳона рақибига ошкора ўқрайиб. Сўнг асли йўқ этагини қоққандек қўл силтаб чорпоядан тушди-да, касаба уюшмаси аъзолари, йўғ-э, аҳил маҳалла аҳлини бебош-этакчисиз қолдириб, ҳовлисига қараб жўнади.
Ўзини ўзи сайлаган оқсоқолнинг зтак силкиб кетиши — арази чорпоядагиларни ҳовурдан туширмади.
— Каттаконнинг шпиони бу одам! — деб қўйди унинг ортидан дўкондор.
— Қандоқ бедодлиг-а! — дерди касби юзасидан ҳам адолатталаб Э.Сафар фиғони ошиб. — Шўрликнинг боласи!
— Боз устига, мусофир бўлса!
— Шуни айтинг! Ота болам-чақам деб эртаю кеч тўрва кўтариб пой-пиёда бозорга қатнагани қатнаган. Ўзи бор-йўғи манови санаторийга қоровул. Пулни қаёқдан топаркан-а?
Кимнинг қаёқдан нимани қандай топиши ҳам бизнинг мавзумиз зди.
— Ўзи шу одам нега мусофир? Қай гўрдан келган? — деб қолди дайди шопир.
— Ким билсин, бирор пойиз-мойизга осилиб келган-да, кейин мусофир аталиб кетгандир, — деди ўзи ҳам асли аллақаёқлик бўлган дотсент. — У ёғини сўрасангиз, ҳаммамиз ҳам мусофирмиз, оғайни. — Кейин алоҳида бир таъкид билан қўшиб қўйди: — Бу дунёда.
Худди девор ортида туриб бу гап-сўзларни эшитгандек, шу пайт қўрғон дарвозаси оғзида мусофирнинг ўзи кўринди. Бўлган кор-ҳолдан бехабар, одатдагидек, елкасида бозортўрва, парвойи фалак, мункайганча лўкиллаб келяпти.
Ҳамма бирдан ҳушёр тортди. Лекин ҳеч ким оғиз очиб чурқ этмасди. Нима десин? Ҳали ҳодисанинг тафсилоти аниқ эмас. Балки, кучук анчайин бир ҳамла қилгандир ўқувчи қизга, қўрқитгандир, холос. Нохуш гапга суюнчи олиб нима зарил? Мана, ўзи ҳозир уйига боради, эшитади, хабар топади, вассалом.
Чорпояга ёндош келганда юкини ерга қўйиб, мусофир биз тарафга бир таъзим қилдию яна тўрвасини елкалаб қўрғон оралай йўртиб кетди.
Ҳамиша шундай: саломини беради-да, ўтади-кетади. Кўчиб келганига бир йиллардан ошган, аммо маҳаллага аралашмайди. Аралашгулик ҳоли ҳам йўқ — мусофир-да.
Ўзи бир ғариб мусофир-у, ажабтовур кошонада яшайди. Айтишларича, каттароқ лавозимда ўтирган прокурор қариндошининг пинҳона ҳовлисини ёмон кўзлардан қўриқлаш учун атай кўчиб келган бу ерга. Қайдам, қўрғонда бунақа ҳовли-жой ягона эмас: кимдир-биров номигагина яшаб туради, асл эгасини эса дунёга жар солиб ахтарганда ҳам тополмайсиз!
Қаранг, шундай кўримсиз, пачоққина одамнинг ҳуснда бири биридан зиёда уч қизи борки, қўрғондаги жами бўзбола шуларга ошиқу шайдо! Мана, энди ўша қурмагурларнинг ўртанчасига Каттаконнинг арзанда ити чанг солиб ўтирибди!
Ота борибоқ қўнғироқ қилган шекилли, бир маҳал қўрғон дарвозасида «Тез ёрдам» мошинаси пайдо бўлди. У чорпоя ёнидан шувиллаб ўтиб боғкўчага шўнғидию ҳаял ўтмай изига қайтди. Мошинанинг ён деразаларига оқ парда тутилган, ичида кимлар борлигини кўриб бўлмас эди.
Даврада ҳодисанинг тафсилотига қизиқиш кучайиб турганда дўкондорнинг қаёққадир отланган ясан-тусан хотини ўтиб қолди. Тергамоқ учун унинг йўлини тўсиб чиққан эр қайтиб келиб, масалага унча-мунча ойдинлик киритди.
Энди маълум бўлишича, камхарж қўлга ул-бул бериб, албатта, Каттакон ҳовлисини қўриқлашни, табиийки, анови жағинг тинмагур лаънатига ҳам овқат-повқат ташлаб туришни мусофирга топшириб қўйган экан. Қиз шўрлик суяк-пуяк кўтариб борса, кўча бўйидаги панжара билан ўралган боғчада боғлоғлиқ ётган касофат ечилиб кетганми, ғиппа тиш солибди! Қаерига? Ишкал, ишкал. Ҳарҳолда, қиз бола, нозикроқ жойи эмиш.
— Оббо-о! — Оташин Э.Сафар сакраб жойидан турди. Нафақага чиққунича жамоатчи мухбир мактабда бошланғич синфларга дарс берган, бунга туғма жиззакилиги ҳам қўшилиб, хийла асабий бўлиб колган эди. — Бу ишга энди кўз юмиб бўлмайди, ўртоқлар, дарҳол бир чорасини кўришимиз керак! Мен — ёзаман! Каттакон бўлса — ўзига! Бу нима бедодлик, ахир?!
Давра аҳли баттар мутаассир бўлиб, жунбушга келди. Энди қартабозликка ҳам хуш қолмаган эди. Барчанинг кўнглида мубҳам бир исён ҳисси алангаланар, лекин аниқ нима қилмоқ кераклигини ҳеч ким билмас эди.
— Бугуноқ кучала топмасам, мени бу даврада қайтиб кўрмайсизлар! — деб юборди олис манзилларда чамбарак айлантириб юравериш жабридан чапанироқ бўлиб кетган дайди шопир. — Айтиб бўладими, биздаям чурвақадан уч-тўрттаси бор!
— Ҳалитдан оқсоқоллик талашгунча, манови кучук масаласини ҳал қилишни ўйлаш керак, — деди табиатан мулойимроқ фан номзоди кутилмаганда. — Келинглар, кимки шу кучукни бир ёқли қилса — ўша бизга оқсоқол, ўшани сайлаймиз! Гап шу!
Ҳукмдек янграган бу гапдан ҳамма лол, бирин-кетин чорпояни тарк этдик.

* * *
«Биз» деганимиз — биз, Э.Сафарнинг таъбирича, «мана шу халқнинг бир бўлаги». Мухбиримиз тўғри айтади: собиқ касаба уюшмаси арбоби — оқсоқол, негадир камдан-кам одам ўқийдиган серсаҳифа газетанинг жамоатчи мухбири Э.Сафар (хат-хабарлари шундай имзо билан чиқади), икки нафар фан номзоди (бири дотсент), «уч-тўрт чурвақа»сига ризқ қидириб юрт кезадиган дайди шопир, янги замондан руҳланиб, кўзи тушган жойда дўкон очишни мақсад қилган дўкондор ва ҳоказолар — халқ бўлмай нима?!
Биз шанба-якшанба кунлари гоҳ чошгоҳ, гоҳ оқшом чоғи мана шу қўлбола чойхонамизда тўпланиб қартабозлик қиламиз: «дурак», «пирра» дегандай. Дўкондор аралашиб қолганда ўртага пул-мул ҳам тикилади. Маҳалламизнинг тўнғич фуқароларидан ҳисобланган оқсоқол сермева ҳовлисидан бир ликоб олма ё уч-тўрт бош узум кўтариб келади. Чой кўпинча яқинроқ манзилдан — ёнма-ён яшайдиган икки фан заҳматкашининг уйидан чиқади. Галма-гал. Қип-қизил «Дамас»ида шаҳардаги «тўчка»ларидан хабар олиб қайтган дўкондор ёнимиздан ўтаётиб бир-икки шиша анови сабилдан ташлаб кетади. Кейин помидор-бодринг кўтариб хонаки кийимда ўзи ҳам сафимизга қўшилади. Ҳали рўйхатдан ўтмаган бўлса-да, биппа-бинойи, беминнатгина чойхона!
Ўйин асноси ундан-бундан гурунг кетади. Асосан, қўрғонимизни тезроқ маҳалла сифатида расмийлаштириш, чойхонамизни эпақага солиб, атрофини ободонлаштириш, иложи бўлса, келажакда ёнига ихчамроқ бир ҳужра ҳам қўшиш каби ҳозирча хом хаёллар. Хўш, ким қилади бу юмушларни? Маҳаллани рўйхатдан ўтказишни-ку мухбиримизга юкласак бўлади: тилли-жағли, қўлида қалами бор, ўзи ҳам чаққонгина. Бошқа масалаларда кимдан имдод сўраш керак? Ие, Каттаконимиз-чи! Бизга қўшилиб қарта ўйнамаса ҳам, ўзидан билиб, мана, қўрғоннинг оғзини икки ёндан силлиқ ғишт билан бежирим қилиб кўтариб, гажакдор темир қопқа ўрнатиб берди-ку, бу ёғига ҳам қараб турмас! Маҳаллада электр, газ ё телефонга алоқадор нимаики муаммо ёки чиқим бўлса — доим шу одам балогардон. Далолат қилиб борган оқсоқолимиздан суриштириб ҳам ўтирмай, дарров чўнтак кавлайди. Ҳа-а, нимасини айтасиз, зўр одам, олижаноб! Фақат шу кучуги безор қилди-да, ит эгасига ўхшамас экан.
Ия, ошини еганингиздан кейин ўчоғининг тутунига ҳам чидайсиз-да, братан! Чидаймиз, чидаймиз, қулоқлар ҳам ўрганиб қолди ўзи. Шугина бир зум акиллашдан тўхтаса, нимасинидир йўқотганга ўхшайди одам. Бу ҳам маҳалланинг бир файзи-да. Майли, акилласа — акиллайверсин, вовулласа — вовуллайверсин. Кучук бўлгандан кейин акиллайди-да — вазифаси. Қайтага яхши — замон қалтис, ҳар хил ёт нусха бу ёқларга дориёлмайди. Акилласин! Шундай дейсиз-у, аммо роса...
Ниҳоят, асосий масалага ўтилади. Маҳалланинг номи-ку тайин — «Аралашқўрғон», бунга атама улашувчи анови идора эътироз билдирмаса керак; хўш, оқсоқолликка кимни сайлаймиз? Ана шунда давра бир қалқиб, икки тарафга бўлинади. Ўртадаги кўзиру жўкер, чиллигу таппон-маппонлар аралашиб-чалкашиб кетади. Ўйин ўз-ўзидан барҳам топиб, ҳар ишнинг қоида-расамадини биладиган, нимагадир раҳбарлик қилмаса туролмайдиган оқсоқолимиз билан даври келиб дўкондор бўлган қўшнимиз гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора чўқиша бошлайди. Униси раҳбарлик тажрибасини пеш қилади, буниси — темир сандиққа босаётган сармоясини. Биз — томошабин, биз — муаллақ бир тарафкаш. Аслида, бизга барибир. Биз — оддий халқ-да!
Тажрибакор оқсоқолга қарши замона зайлига мос илғор фитна усулларини қўллаб моҳирона курашаётган дўкондор дам-бадам кўркам чорпояга кўз қирини ташлаб, панжара бўёқларини силаб-силаб кўяди.
Чорпоя — бениҳоя кенгиш, баҳайбат, бақувват. Боз устига — нақшинкор, қадимий, шоҳона дегулик. Буни чегарадошимиз бўлмиш ташландиқ дам олиш уйидан етти-саккиз киши аранг кўтариб келганмиз. Тўғрироғи, девордан ошириб олганмиз. Бепоён боғнинг шох-шабба босган хилват бир гўшасида оёқлари синиб, бўёқлари кўчиб ётган эди. Дастлаб бунинг дарагини келтирган — дайди шопир. Толиқтирарли сафарлардан қайтганида у чурвақаларининг чуғур-чуғуридан қочиб темир-бетон девордан липпа ошаркану соя-салқинда қийшайиб ётган мана шу шалоқ чорпояда ухлай-ухлай мириқиб олар экан. Бекор ётган бу матоҳни меҳнаткашлар тасарруфига ўтказиш ташаббускори эса, табиийки, собиқ касаба уюшмасининг халқпарвар арбоби — оқсоқол эди. Қолган даҳмазаларни, ўз навбатида, дўкондор зиммасига олди. Ўзи бош бўлиб чорпояни қайта таъмирлатди, устма-уст икки қатла зангори тусга бўятди. Қарабсизки, футур етган, яроқсиз бир уюм ёғоч, бамисоли, лўлиларнинг қўлидан ўтиб бозорга чиққан қўтир-қирчанғидан гулдек саманга айланди-қолди. «Бош уста»нинг сурбетларча писандасига кўра, бу ишга ярим «кўба» асил тахта, олти килоча немис бўёғи сарфланганмиш. Қани, сендан нима чиқди, мирқуруқ оқсоқол?
Дотсентимизнинг лоф уришича, бир замонлар деҳқондан етишган, эски чориғини эшик тепасига осиб қўйиб, муҳташам мансабхонасига кирганда ҳам, чиққанда ҳам пешонасини уриб ўтадиган дўлвор давлат арбоби мана шу чорпояда ёнбошлаб чойхўрлик қилишни яхши кўрар экан. Ишчи-деҳқон салтанатини мустаҳкамлаш ташвишларидан ҳоригач, биқинингиздаги хумчойнакда «раиси» чой, тепангиздаги асрий арғувон япроқларига тикилиб, порлоқ кела-жак ҳақида ширин хаёллар суриш қандоқ маза, қандоқ ҳузурбахш! Бугун эса, мана, шу чорпояда биз ўтирибмиз — ўша бобомиз орзу қилган замон вакиллари. Ўртада қарта, фикру зикримиз — кимнидир «аҳмоқ»қа чиқариш. Тузни жойига қўйиб қўйинг! Ҳа-а, ана шундай! Валет кўзир сизданми? Кўтарасиз, давай! Ҳозиргина дамангизни босдим-ку! Кўз борми, кўз? Ғирромлик ҳам эви билан-да, ўртоқ! Йўқ!
Йўқ дедимми, йўқ! Менинг қўлим эди! Бўлмаса, қарта қайтадан сузилади, тамом! Мана, ўзим бир чийлаб берай!
Бу олақуроқ тоифа қайдан пайдо бўлган ўзи?
Узоқ йили шаҳардаги уй-жойимиз янги «ҳалқа» йўлига тушиб, бизга мана шу манзилдан ер теккан эди. Марказдан четроқ бўлгани сабаб, қурбига қараб-да, келган — келди, қургани — қурди; келмагани, қуролмагани бировга «ҳадя» қилди, сотди, алмаштирди, хуллас, ажабтовур бир жамоа, маскан барпо бўлди. Серсув, унумдор ерлар. Биттагина имзо билан бунақа кўркам маъвони бизга ўхшаганларга тортиқ қилиб юборган амалдор, чамаси, ё шинам мансабхонасидан чиқиб келиб қаровсиз ётган бу «тупканинг туби»ни кўришга эринган, ё Э.Сафар тоифасидаги ғалвачилардан тезроқ қутулиш мақсадида арзанда имзосини босгану юборган. Агар чарвиси эришидан қўрқмай азза-базза келганида, уч-тўрт йил доманасида қандоқ обод масканга айланишини ҳечқурса бир тасаввур қилиб кўрганида борми, бу атрофда минбаъд биздақаларни учратолмас эдингиз! (Лофчироқ дотсентнинг айтишича, бир аср муқаддам бу ерлар машҳур Мирзакаримбойнинг ҳув Йўлчивой ғайрат кўрсатган серҳосил экинзори бўлган эмиш. Қайдам, бунинг тўғри-нотўғрилигини Ойбек домла тирик бўлганида, ўзларидан сўраш мумкин эди — бугун эса ишонмоқдан ўзга чорангиз йўқ.) Бир томони донгдор дам олиш уйининг девори билан тўсилган, бир томони — сердарахт санаторийга туташ. Этак тарафда эса қаторлашиб иморат тушган. Тап-тайёр қўрғон-да! Кимдир бу жой аҳлини қурама, аралаш дегандек гап қилган экан, маҳалланинг номи ўз-ўзидан «Аралашқўрғон» бўлиб кетди. Тўғри-да, дайди шопиру оддий нафақачидан тортиб, собиқ вазиру ваҳимали прокурорларгача шу ерда!

* * *
Мусофирнинг қизини ит қопмаганда биз ҳали-вери, кун тиккага келмагунча ўрнимиздан қўзғалмас эдик: шанба куни, бекорчилик, жайдари гурунг, ўйин завқи!
Ўтираверсак, тушдан нари қўрғон дарвозасида кумушранг «Ласетти» мошинаси кўринади. Каттакон! Шунда ҳамма бирдан сергак тортади, кимдир жойидан нимхез бўлиб, кимдир қўлини беихтиёр кўксига юбориб эҳтиром кўрсатади — катта одам-да!
Орқа ўриндиққа жойлашиб олган Каттакон, қаншарида қора кўзойнак, биз томонга ҳорғин ўгирилиб, нишонхўр доҳий таомилида эринчоққина қўл тўлғаб қўяди: ҳалиям ўтирибсизларми, ҳай, ўтираверинглар!
Унинг изидан биров ҳавас, биров ҳасад билан, кимдир эса завқ, аллақандай умидворлик аралаш тикилиб қолади. Баъзида бир чимдим ғийбат ҳам қилиб оламиз, лекин беозоргина: билиб бўладими, орамизда айғоқчиси ўтиргандир!
Бугун эса чорпояда одам йўқ эди, унинг ташрифидан ҳеч ким хабар топмади. Чорпояни кимсасиз ҳолда кўриб ўзи ҳам таажжублангандир. Бўлган ҳодисадан ҳали ғофил-да.
Каттакон деганимиз аслида хипчагина, ўртамиёна жуссали бир одам. Лекин дами-сиёсати зўр! Айтишларича, яқин-яқинга қадар вазир бўлган экан. Ҳозир ҳам чакана эмас — вазирликдан-да мойлироқ, чала, йўғ-э, деярли шахсий бир довруғдор корхонанинг хўжайини эмиш. Рўбарў келганингизда бошини бир ёнга солинтириб, афтингизга таажжублангандек, аммо беозор тикилиб тураверади. Бундай пайтда унча-мунча одам ундан савол сўрамоққа ҳам журъат этолмайди. Гўёки сўз бошласа, қандайдир хунук бир ҳол содир бўладигандек, баайни осмон узилиб ерга тушадигандек туюлаверади. Ўзи эса салом-аликдан бўлак гап гапирмайди. Вазмин, индамас. Ё писанд қилмасмикан? Ишқилиб, сирли одам. Каттакон-да!
Каттакон кунда-кунора, кўпинча кечки салқинда келар, бошида ёш-яланг расм қилган соябони сербар қалпоқча — бейсболка, калта шим — шорти кийиб олиб итининг атрофида гирдикапалак бўлиб юрар эди. Гоҳ асилзода серу синорлар мисоли, занжирларини шиқирлатиб арзандасини сайр қилдиради, гоҳ шундай салобатли одам ирғишлаб у билан ўйнашади, гоҳ, лабида сигарет, буклама курсичасида жониворга ўйчан тикилиб узоқ-узоқ ўтиради. Ит жинниси!
Бу эркатойни сайр қилдириш маросимини кўрсангиз! Аввал, яқинлашаётган балодан огоҳ этмоқчидек, Каттаконнинг серсалом ҳайдовчиси ўн-ўн беш қадам нарида учраган қўни-қўшнини четга суриб, йўл очади. Ҳамма девор-деворга қапишиб қолгач, гарданида — ялтироқ пистон қадалган эндор чарм бўйинбоғ, ҳар тарафга қараб ириллай-вишиллай, хўжаси етагида савлат билан итнинг ўзи ўтади.
Боз устига, ҳар куни айни чошгоҳ маҳали баланд дарвоза олдида кумушранг «Ласетти» пайдо бўлиб, йўлда кетаётиб ҳам қўрғонда кўринган одамга қўлини кўксига қўйиб салом берадиган кексароқ ҳайдовчи Синдбодга (итнинг лақаби шундай) азза-базза овқат келтиришини айтинг! Ит шундагина, тумшуғи тагидаги таомга андармон бўлибми, бир дам акиллашдан тинади. Қўрғон аҳли эса бирдан ҳушёр тортиб, хавотирга тушади: нима гап, тинчликмикан?
Гап шундаки, Синдбод бир кеча-кундузда икки мартагина омонат танаффус билан вакиллашдан тўхтайди. Хўжайини ёки серсалом ҳайдовчи келганида ва қўрғон аҳли уйқуга кетганда. Дарвоқе, шунда ҳам тинмайди, негаки, ухлаётган одамни тушида ит қувлаши мумкиндир, аммо бу пайтда у акиллаш сасини эшитмайди.
Э.Сафарнинг муваффақиятсизликка учраган (фактлари тасдиқланмади!) танқидий мақоласидан кейин ҳамма «Каттаконнинг кучуги» деб атай бошлаган бу махлуқ аслида жимитдеккина лайча ё жўн-жайдари кўппак эмас, накд йўлбарсдек келадиган бир бало! Жазавага тушиб вовуллаганида овози қўрғондаги жами иморат деворларида аксланиб, чор атрофдан баравар садо беради — худди қутурган итлар галаси ичида қолгандек бўласиз!
Каттаконнинг ўзи бу ерда муқим яшамайди. Ҳатто бир кеча ҳам келиб ётмаган. Гоҳо ҳордиқ кунлари калта-култа кийган бир тўп замонавий йигит-қиз қий-чув билан бассейнни бошига кўтариб шалоп-шулуп чўмилиб кетишини айтмаса, уйда деярли одам бўлмайди.
Қўрғон ичида бир «ичан қалъа»дек бу ҳовли маҳалланинг этак тарафида. Асли икки йил бурун қамалиб, қамоқда ўзини осиб қўйган ҳув номдор бойваччанинг кошонаси эди бу. Ҳовли энди гўёки мана шу баттол ит учунгина сотиб олинган — у кошонанинг қўриқчиси эмас, кошона унинг атиги бир бошпанаси эди.
Каттаконнинг маҳаллага аралашмаслигига сабаб димоғдорлигидан эмас, аввало, кўп ишли одам, бекорчи қартабозлигу сафсата сотиб ўтиришга фурсати йўқдир. Ҳовлисига келади-да, бирпас кучуги билан тиллашиб, кўнгил ёзиб кетади, вассалом. Наврўз арафасимиди, ҳалфана ош қилмоқ бўлиб уни ҳам таклиф этдик. «Шунгаям майдалашиб ўтирадими?» дея, одатдагидек, ёнидан каттагина пул чиқарибди. Масаланинг моҳияти тушунтирилгач эса, буни расмийроқ бир тадбир фаҳмлаган чоғи, ростми-ёлғонми, оқсоқолнинг пичирлаб ахборот беришича, «Гапираманми? Нима дейин? Галстук-палстук тақиш шарт эмасми?» деб сўраган эмиш. «Қўйинг-э, ҳали шорти-порти кийиб анови бўрибосарини ҳам етаклаб келмаса эди!» деди кимдир энсаси қотиб. Йўқ, на ўзи, на бўрибосари кўринди — келмади. Шу-шу, биз ҳам кўникиб кетдик: сен — Исо, мен — Мусо.
Аммо инсоф билан гапирганда, Каттаконнинг бировга зиёни йўқ. Аксинча! Маҳалла аҳли номидан уни-буни важ келтириб, оқсоқол ундан пул ундиргани ундирган. Жуда сахий, серҳиммат одам. Қўрғонда бирон бир йўсинда ҳамият кўрсатмаган хонадони йўқ ҳисоби. Ким дарвозаси ёнида уюлиб ётган тсементидан сўрайди, ким — қолган ёғоч-тахтасини, ким — ташқари боғчасида саржинлаб қўйилган гулдор ғиштига ишқибоз, яна биров — омборхонасидаги ортиб қолган антиқа кафелига. Худди нимадир айби учун барчадан қарздордек, индамай борини чиқариб бераверади. Аломат ҳотамтой!
Каттаконнинг ҳиммат эшигини дастлаб очган одам мана шу оқсоқолимиз бўлади.

* * *
Энди-энди намознинг машқини олаётган оқсоқол тутила-тутила пешинликни ўқиб даҳлизга чиққанида, «таътил кунлари бувисига ёрдамга келган» қиз невараси бурчакда турган телефон гўшагини тутқазди:
— Анув, дотсент амаки.
— Ҳа домла, яна нима гап? — деди оқсоқол гўшакни қулоғига тутаркан, энсаси қотиброқ. Нима гаплигини эшитиб билгач эса, сўради: — Бу писмиқи шарт кимдан чикди ўзи?
— Айтсам, ишонмайсиз — қўшнигинамдан! — деди дотсент алланечук бадхоҳлик билан.
— Кесакдан — ўт денг? У кишимга нима экан? Ё савдогар билан бирон олди-бердиси борми?
— Унисини билмадим, оқсоқол, лекин дотсентликка ўтолмай аламзада бўлиб юргани аниқ. «Публикатсиям етмай қолди», дейди-ю, аслида бунингизнинг кавуши тўғрилаб қўйилган!
— Анови олибсотар нима қилмоқчи экан, хабарингиз йўқми?
— Ҳали эшикда турган эдим, «Дамас»ини ғизиллатиб шаҳарга жўнади. Дўкон-пўконида бир кор-ҳол рўй берган кўринади.
— Беш қўлингни оғзингга тиқмай ўл денг!
— Бу ёғи энди ўзингизга қолди, оқсоқол, — деди хабаркаш руҳлантирувчи оҳангда. — Бўшашмайсиз! Бирон чорасини топиш керак, ҳа! Биласиз, биз — сиз тараф. Ўшанда бизнинг девор масаласи ҳам ҳал бўлиб қолар-а, нима дедингиз?
— Ҳай, бир гап бўлар, домла, — дея гўшакни жойига қўяркан, оқсоқолнинг хуноби ошди: — Кампирнинг дарди — ғўзада. Бир қарич ерни деб қачондан бери бўғишасанлар. Ҳе, олим бўлмай ўлларинг!
Оқсоқол эран-қаран ҳовлига чиқиб, айвон четида помидор тузлаб ўтирган кампиридан сўради:
— Кенжанг кўринмайди? Яна биқиниб олиб шеър тўқияптими?
Ростдан ҳам, боя чойхонадан келганидан буён шу болага кўзи тушмади. Таътили бошлангач, қачон қараманг, айвон деворига ўрнатилган кўзгу олдида қўққайиб туриб сочини тарагани тараган. Ота эрталаб боғ этагида бетартиб қалашиб ётган анови темир-терсакни саранжомлаб қўйишни буюрган эди. Бари ўша-ўша аҳволда турибди.
— Ҳали подвалга тушиб кетгани, салқин деб. Боши оғриётганмиш. Сиздан сал олдинроқ аллатовур бўлиб кириб келди. Ранги ўчган. Қайдам.
— Чақир!
Зинапояда сочи ҳурпайиб кетган ёқавайрон ўғлини кўриб оқсоқолнинг баттар жиғибийрони чиқди:
— Нима қилиб ётибсиз, шоир?
— Нима қилай? — деди ўғил кўзини ишқаб. — Доим масхарага олаверасиз!
— Бугун сочлари тароқ кўрмагандай?
— Ҳадеб тарайверадими, деб уришасиз-ку ўзингиз!
— Давангирдек йигитнинг бекор шалпайиб юришини қаранг!
— Нима қил дейсиз, айтинг! — Ўғил кутилмаган-да ҳўнгиллаб юборди. — Шоир-шоир дейсиз, нима, анақага ўхшайманми?!
Оқсоқол бирдан бўшашди, аммо заҳрини охиригача сочмай қўймади:
— Мана шундай сасиб ётавер! Йигит эмиш! Йигит дегани бирор иш кўрсатмаса, йигит эканми?! Қоидаси.
(Шунчаки, оталарча бир жавраш йўлида оғзидан чиқиб кетган бу гапига у кейин роса пушаймонлар еди.)
Оқсоқолнинг боши қотган, ўзи ҳам нима қилишини билмас эди. «Кимки шу кучук масаласини бир ёкли қилса — ўша бизга оқсоқол!» дебди-я анови писмиқ кўзойнак! Ўргилдим сиздай сайловчидан!
Ростини айтганда, азалдан оқсоқолнинг каттаконларга тоқати йўқ. Касаба уюшмаси раҳбари сифатида у умр бўйи оддий меҳнаткашларнинг манфаатини ҳимоя қилиб, завод директорлари билан олишиб келган. Афсуски, доим ён бермоққа, муросага мажбур бўлган. Акс ҳолда, ўша жонажон меҳнаткашларнинг ўзи унга қарши чиқиши, навбатдаги сайловда номзодини қўлламаслиги тайин эди.
Хўш, бугун-чи? Тўппа-тўғри Каттаконга рўбарў бўлиб, «Гап бундай, ака, кучугингизни гумдон қиласиз — маҳалла-кўйнинг талаби шу!» деб шартта айта оладими?
Аслида, бу — қулай бир имконият. Шу ишнинг уддасидан чиқолмаса — Аралашқўрғонда обрў-эътибор ҳам йўқ, оқсоқолликни ҳам тушингизда кўраверасиз!
Оқсоқол худ-бехуд, озода энгил-боши билан неваралари тупроғини ўйнатиб юборган яланг ҳовли саҳнига ўтириб қолди.
Бор-будини мана шу зормонда ҳовлига сарфлаб, оқсоқол бултур бир масалада танг аҳволга тушган эди. Бояги эркатой бир амаллаб ўқишга илинди-ю, шартнома пулини тўлашга келганда қўл савил калталик қилди. Боз устига, ёрдами тегдими, тегмадими, ўртада турган баччағар ҳам каттароқ сўраган эди. Шаҳардаги икки акадан эса рўшнолик йўқ, хотинлари ўраб-чирмаб олган. Ана шунда ночор қолган оқсоқол, қўшничилик баҳона, бахт — таваккал, бир оқшом Каттаконнинг ҳовлисига ўтиб борди. Уй эгаси, одатдагидек, итини ўйнатиб ўтирган экан. Ҳол-аҳвол сўрашув асноси «қурғур шартнома»дан сўз очганида Каттакон буклама курсисидан вазмин қўзғалиб, калта шимининг орқа чўнтагидан шартта бир даста кўк қоғоз чиқарди. Ваҳимага тушган оқсоқол «Йўқ, йўқ, нақди керак эмас!» дея туриб олгач, бир ҳафтага қолмай корхонасидан шартнома ҳақини кўчириб берди. «Қарздор бўлдик-да, икки-уч ойгина сабр қиларсиз» деган ўтинчга у «Э, қўяверинг, қўшничилик-ку!» дея бепарво қўл силтаб қўйган эди. Бундан ташқари, унинг маҳаллага кўрсатган беминнат марҳаматлари-чи!
Шунча гапдан кейин қайга бориб бўлади, мусулмон? Яна денг, эртанги оқсоқоллик масаласи ҳам Каттаконнинг дамисиз битмаса керак! У тутун қайтарса, тамом, ишнинг пачаваси чиқади.
Боғ тарафдан, қўлида ликобча, ерга тўкилган ўрик қоқиларини териб келаётган кампири оқсоқолни бу алфозда кўриб, саросимада қолди:
— Вой, бу нима ўтириш?! Нима қилди сизга?
Шу чоғ деразадан неварасининг чинқироқ овози эшитилди:
— Дедул, дедул! Сизни анув мухбир амаки чақирвоттилар!

* * *
Аралашқўрғонда Каттакондан ҳеч нима ундирмаган, ундан қарздору тилқисиқ бўлмаган биргина одам бор эди: Э.Сафар!
Жамоатчи мухбир уйига келибоқ, бошини чангаллаб Каттаконнинг кучугига қарши чора изламоққа тушди. Бу балои баддан энг кўп жабр кўрадиган ўзи экан, ўйлаб қараса. Уйи нақд рўпарада, бир деворни демаса, худди ўзининг ҳовлисида вовуллаётгандек — чидаб кўринг-чи! Табиатан тажанг эмасми, туриб-туриб бақириб юборади: «Бўлди-э, падарингга лаънат!» Жониворнинг падари бетайин; тайини бўлганда ҳам бир тажангнинг ўшқириғини тушунармиди, парво қилармиди! Тушунадиган, парво қилиши мумкин бўлган «додаси» эса онда-сонда келади. У келадиган фурсатни мухбир яхши билади, бундай маҳалда дамини ичига ютади. Базўр. Чидайди.
Лекин бир куни чидаёлмади, тоқати тоқ бўлди — ўтириб олиб «Каттаконнинг кучуги» деган фелетоннамо мақола ёзди-да, ўзи ҳамкорлик қилиб турувчи серсаҳифа газетага олиб борди. Таниш муҳаррир уни ўқиб кўриб, «Хабар топсалар, акахонимиз биздан хафа бўладилар-а! Бунчалик экан, бир сиқим хамирми ё гўштга игна тиқиб олдига ташласангиз-ку, олам гулистон. Шунга ҳам газетами, Э.Сафар?! — дея матоҳини қўлига тутқазди. Қаламкашлик виждони қўзидими, кейин сал юмшаб, маслаҳат берди: — Майли, мана шу мўътабар газетамизни олдига тўшаб қўйинг, розиман. Қоронғи тушишини пойлаб-да». «Ия, олдига яқинлаштирармиди у баттол?!» деди Э.Сафар фиғон аралаш. Муҳаррир «билганингизни қилинг» дегандек ночоргина елка қисиб қўйди. Афтидан, Каттаконнинг яна бир ҳовлиси муҳарриримизнинг маҳалласида, у ердаги «хонанда»си бизникидан ҳам «хушовоз»роқ бўлса керак.
Жамоатчи мухбир бир муддат ўзича аразлаб, синашта газетаси билан алоқани узиб ҳам юрди.
Э.Сафар қўшни ҳовлидан келаётган муттасил вакиллаш остида бош қотира-қотира, бир йўлини топгандек бўлди. Каттаконга маҳалла аҳли номидан очиқ хат ёзиб мурожаат қилиш керак! Модомики, бирор кимса унга рўбарў бўлиб, дангал арз қилолмас экан, шундан ўзга чораси йўқ!
Мухбир бор қаламкашлик маҳоратини ишга солиб хомаки бир матн тузди. Жамоатчилик фикрининг ифодаси бўлмиш бу матнда андак лутф, жиндак илтимос, заррадеккина талаб ҳам бор эди. Бир жойига «Афсуски, мазкур ит ҳатто жамоатчи мухбир Э.Сафарнинг ижодий ишларига халал бермоқда» деган писанда ҳам қистириб кетилган.
Бу мурожаатнома-илтимоснома-талабномага биринчи бўлиб ўзи имзо чекди. Кейин, кечки «чойхонабазм»гача ҳам сабри чидамай, бирин-бирин қўшниларига қўнғироқ қила бошлади.
Дўкондор шаҳарда экан, хотини айтди. Магазинларидан биррав хабар олгани кетганмиш. Мана шу чала чойхона биқинида ҳам дўконча очмоқчи у ебтўймас. Бу ишда Каттакондан бирор нима ундириш илинжи ҳам йўқ эмасдир. Ахир, дўкончани бир балолар билан тўлдириш керак-ку, акс ҳолда, номи улуғ-у, супраси қуруқ бу каталакка ким қадам босарди?! Қолаверса, унга барибир — солиқчи ё мелисанинг дами қайтариб турилса, бир эмас, ўнта ит баравар вовуллаганда ҳам парво қилмайди у. Дўкон очишни ўйлайди. Фикр-зикри шу билангина банд.
Дайди шопир ҳам қаёққадир изғиб кетибди. Кучала қидирибмикан?
Боя чойхонада мардона шарт қўйган одам — фан номзоди хатга имзо чекишдан номардларча бош тортди. Каттакон унга телефон ўрнатишда ёрдам қилган экан — уздириб ташлаши мумкин! Номзод эса телефонсиз яшаёлмайди: шаҳарда онаси оғир ётган эмиш.
Дотсент гапни қисқа қилди:
— Келинг, мухбир, шу ишга аралаштирманг мени! Имзобозликка хушим йўқроқ. Бачканалик-ку бу!
Э.Сафар ҳам санчиб олди:
— Очиғини гапиравермайсизми, дўстим! Каттакон бизнинг директор билан қилўтмас қадрдон экан, деб керилган сиз эмасмидингиз?!
Оқсоқолликка даъвогар эса, мурожаатномани эшитгач, бир муддат оқсоқолларча мулоҳазага берилди-да, сўнг:
— Бетамизлик бўлмасмикан, мухбир укам? — дея истиҳола билдирди. — Ҳарҳолда, катта одам!
— Катта бўлса, итини тийиб қўйсин-да! Бир кучукнинг эвини қилолмайдими шундай одам?!
— Майли, майли, қизишмайлик, — деди оқсоқол тағин унинг юзига сув сепгандек. — Бундай қилсангиз-чи, Сафарбой — шу аризангиз сал имзосизроқ бўлсамикан?
Мухбир унинг оқсоқолларга хос эсарроқлигидан ранжимади — ҳозир бунинг мавриди ҳам эмас, аксинча, пандавақилигидан куйди:
— Имзосиз хат анонимка ҳисобланади, оқсоқол! — Ҳисобланаверсин, майли, лекин эгасига етгани ҳисоб-да!
— Хўп, ким етказади?
— Ким? — Оқсоқол яна мулоҳазага кетди. — Азза-базза қўлига бериш ноқулайми дейман-ов, мухбир укам. Шугинани аста элтиб дарвозаси тагига ташлаб келинса қандоқ бўларкан-а?
— Ким ташлаб келади, хўш?

Oqsoqoldan sado chiqmadi.

— Ўзлари-да!
— Мен?!
— Оқсоқолликка даъвогар бўлиб юрган сизми, менми?!
Гўшак бир зум жимиб қолди-да, кейин шиқ эткизиб қўйиб қўйилди.
Э.Сафар қўлидаги қоғозни парча-парча қилиб йиртдию югуриб ҳовлига чиқди, бор овози билан бўкириб юборди:
— Э, бўлди-э, падарингга лаънат! Фонограмма дегани ҳам бунчалик жонга тегмас!

* * *
Кечки қартабозлик базмига Э.Сафардан бошқа ҳамма йиғилган. Унинг қонбосими ошиб, уйида ётганмиш. Баттар бўлсин! Ёзғувчи, иғвогар!
Орамиздан ҳеч гап ўтмагандек, ҳаммамиз аҳил қўшни, жонажон улфат сиёғида ўтирибмиз. Ўша гурунг, ўша манзара. Янгилиги шуки, дайди шопирнинг айтишича, хонавайрон бўлаёзган дам олиш уйига бошқа директор тайинланибди. Жуда «крутой» эмиш.
Бироқ, серҳиммат дўкондор кўтариб келган оби-новвотга пичоқ санчилган заҳоти фавқулодда ҳол рўй берди: қўрғонимиз осойишталигига «файз» бағишлаб турган Каттаконнинг кучуги туйқус акиллашдан тўхтади-қолди! Жимжитлик! Ғалати бўлар экан — зарур бир нимасини йўқотиб қўйгандек ҳамма бир-бирига қараган, ҳамманинг қулоғи динг: тинчликмикан?
Хиёл ўтиб боғкўча тарафдан қиз боланинг чинқириғи келди:
— Дедул! Деду-ул! Сизни бабул чақирвоттилар. Тез келаркансиз! Те-эз!
— Оббо-о, невара-ку! — Эндигина ўртадаги қовунга қўл чўзган оқсоқол ўрнидан оғир қўзғалди. — Намунча? Ҳе, бабул-дедулингдан сени! Нима гап экан-а?
Салгинадан сўнг нима гаплиги маълум бўлди. Ақл бовар қилмайдиган гап! Оқсоқолнинг кенжа ўғли нақд Каттаконни отиб қўйибди!
Қовун сўйилганича, туз — тузлигича, валет — валетлигича, кўзир — кўзирлигича қолди, ҳамма бараварига ўрнидан туриб кетди.
Расво кун бўлди ўзи бугун!
Ростдан ҳам, чорак соатга етмай, кетма-кет иккита «Тез ёрдам» мошинаси зувиллаб шу тарафга ўтди. Хунук бир иш бўлганига энди шубҳа йўқ эди.
Эшитган борки, нима гаплигини билгиси, воқеа содир бўлган жойни ўз кўзи билан кўргиси келар, аммо яқин йўламоққа ҳеч кимнинг юраги дов бермас эди. Каттакондек одамники отган бўлса!..
Унча-мунча тафсилоти кечга борибгина, ёлғизликдан кўнгил сиқилиб, одам кўчага чиққиси, ким биландир дардлашгиси келаверадиган завол палласи чорпояга йиғилганимизда аёнлашди.
Оқсоқолнинг кенжаси Каттаконни отиб қўйгани рост экан. Лекин у Каттаконга нисбатан бирор ёмонлик қасдида бўлмаган, зинҳор-базинҳор — анови лаънати кучукни ўлдириш мақсадидагина борган. Секин ҳовлига яқинлашиб, кўча томондаги баланд, жимжимадор панжара билан ўралган боғчада жағи-жағига тегмай вакиллаб турган ярамасни мўлжаллаб тепкини босганида ногаҳон дарвозадан лоп этиб, қўлида ялоқ, Каттакон чиқиб қолган! Биров ўқ бориб унинг қўлига теккан, деса, бошқа биров (астаъфуруллоҳ!) нақд оғзига, дейди. Э.Сафарнинг ўзига ўхшаган тиниб-тинчимасроқ хотини Каттаконнинг оғиз-бурнидан қон оққанини девор тирқиши орқали кўрганмиш. Бўлса — бордир.
Асли, бунақа ҳодисанинг гувоҳи иккита бўлади: уни содир этганлару тепадаги Эгам. Тахмин-тусмоллар эса — мингта!
Милтиқ-чи, бола милтиқни қаёқдан олибди? Ертўлаларида занглаб ётган экан, ўшани топиб обдон тозалабди, мойлабди, чумчуқ отиш баҳонасида бир-икки дапқир ишлатиб ҳам кўрибди. Шундан кейингина... Бу майнаотарни эса оқсоқолга ҳов бир замонлар тажриба алмашгани Ирқутга борганида касабадош ошналари совға қилган экан. Совуқ қуролни оқсоқол ўшандоқ жойдан қандай опкелган денг? Совға қилган одам хатлаб ҳам бергандир. Атиги бир майда-мўлжал ов милтиғи бўлса, кўтариб келаверган-да.
Бола-чи, боланинг ўзи қаерда экан ҳозир? Ўша заҳоти жуфтакни урганмиш. Қаёққа қочганини ҳеч ким билмайди. Жиноят қилган-да! Мана, энди оқсоқолимиз кўчага чиқолмай, юрагини чангаллаб, устма-уст дори ютиб ўтирибди. «Мен айбдорман, мен айбдорман!» дер эмиш нуқул. Негадир мелисага хабар қилинмабди бу воқеа.
Хўш, шугина ўспириннинг бу даражага бориши, келиб-келиб Каттаконнинг кучугига милтиқ ўқталишига сабаб нима ўзи? Ўч олмоқчи бўлган. Мусофирнинг ҳалиги шўрлик қизига ошиқи беқарор эмиш-да бола! Кейинги кунларда унга атаб босим шеър битиб юрган экан. Э, шундай демайсизми! Ё тавбангдан кетай, кўнгил деганлари аломат нарса бўлар экан-да, а!
Эртаси куни — биз ҳамон чойхонамизда ўтирардик — матраб кўтарган беш-олти итқувар пайдо бўлиб, бу нохушликларнинг асл айбдори — Каттаконнинг ялмоғизини шовқин-сурон билан ёпиқ мошинага босиб кетди. Шунда қўрғон болакайларига худо берди — ҳов катта йўлга қадар мошинанинг кетидан вовуллаб боришди.
Орадан бир кунми, икки кун ўтиб, қўрғонда ҳайратомуз бир ваҳима тарқалди: эшитдингизми, Каттаконимиз қутурган эмиш! Арзанда кучугидан юқибди-да! («Баттар бўлсин! Қилмишига яраша!» деганлар ҳам топилди, қаранг.) Эрта-индин дўхтирлар келиб, маҳалладаги катта-кичик ҳаммадан қон олиб, текширувдан ўтказармиш. Демак, мусофирнинг қизи ҳам... Ҳа-да, нозикроқ жойидан қопган экан унинг, қирқ кун қорнидан укол олиб ётармиш-ку!
Умуман, бу савдоларда кўп нарса ноаён, жумбоқ эди. Ҳаётда ҳам шундай эмасми ўзи?
Каттаконимиз қайтиб қўрғонда кўринмади. Айтишларича, кошонасини сотувга қўйганмиш. Аввал, кимдир-биров уни сотиб олибди, деган гап ҳам чиқди. Бекор экан. Эгаси қимматроқ сўраганмиш. Роса танти, бағридарё одам эди-ку? Ўзи ҳеч кимга буюрмаган хосиятсизроқ ҳовли экан шу.
Каттаконнинг ғойиб бўлганидан қўрғонда кимдир хафа — мўлжаллаган не бир ишини битиролмай колган, кимдир хурсанд — берган қарзини қистаб қолиши мумкин бўлган дардисар энди йўқ. Одамгарчилик юзасидан унга ичи ачиганлар ҳам топилди, албатта.
Оқсоқолимиз ҳамон уйида чилла сақлаб ўтирибди. Кўнгли безовта. Мелисадан одам келиб қолмасмикан деб, дори ичгани ичган. Оқсоқоллик орзуларини энди хаёлига ҳам келтиролмайди. Ўғил эса аллақаёқларда қочиб юрибди. Биров Қозоғистонда эмиш, деса, кимдир Россия томонларга кетворган, дейди. Ишқилиб, номаълум.
Мусофирнинг ўртанча қизини икки ойлардан сўнг ота юртидаги аммасинингми, холасинингми, тутал-тутал, ғалчароқ ўғлига енг ичида узатиб юбордилар. Ким билиб ўтирибди — қишлоқ жой, лозим-позим кийиб юрар!
Дам олиш уйининг «крутой» директори бир куни тўрт ишчисини бошлаб келиб, ана шу савдоларнинг бевосита шоҳиди бўлган аломат сўримизни, тарихий ашё сифатида, қайтиб кўтариб кетди. «Ҳечқурса, бўёғимнинг пулини берсин!» дея талай вақт ғалва қилиб юрди дўкондор. Бу машмашани адолатли ҳал этмоқ қасдида қалам чархлаб борган Э.Сафарни кечқурун директорнинг мошинаси ўлардек маст аҳволда келтириб уйига ташлади. Шу-шу, дами ичига тушиб кетди жамоатчи мухбирнинг.
Эртаю кеч акиллаш садоларига тўлиб турган Аралашқўрғонимиз шу тариқа тинчиди-қолди.

Киноқиссалар ва драматик асар
Сув ёқалаб
Кенг-мўлгина ҳовли. Уч томон иморатнинг ўртаси баланд ишком. Ишкомдан нарёғи куюк дарахтзор боғ.
Саратоннинг охирлари. Саҳар чоғи.
Ўнг қанотда саф тортган олди очиқ ошхона, омбор, сомонхонаю сайисхоналар тарафдан тош терилган йўлка бўйлаб олтмиш беш ёшлардаги девқомат, важоҳатли бир одам келмокда. Елкасида узун ок яктак, қўлида мис обдаста — хилватда таҳорат олиб қайтмоқда.
У қўлидаги обдастани ишком остидаги супа четига қўйиб, цемент зинапоядан тўрдаги уйга кириб кетади.
Ичкаридан номоз ўқиётгани эшитилади.
Энди ўша кишини супа лабида чўнқайиб ўтирган ҳолатда кўрамиз. Супа пойида тик турган хотини Мусаллам опа обдастани баланд кўтариб, оҳиста жилдиратиб сув қуймоқда. Сув томчилагандек имиллаб тушади.
Эр ана шу сувга тикилиб алланималарни пичирлайди — кеча кўрган тушини сўзламоқда.
У пичирлаётир, лекин биз эшитамиз:
— Тавба... Ажаб туш! Йигитлик даврим эмиш. Мана шу супада худди мана шу тахлит чўнқайиб ўтирган эмишман. Тепамда отам, норози, танбеҳ бераётганмиш: «Тутни нимага кесдинг, бесўроқ? Сену мени тўйдириб, кийдириб турган дарахт шу эди-ку! Болалигингда ўзинг шохма-шох тирмашиб тут териб юрардинг... Ҳе, ноинсоф!» Раҳматли нимадан норози экан, қизиқ... Кампир, — дейди у кейин бошини кўтариб хотинига, — шу супанинг ўртасида тут-мутимиз бормиди, эслайсанми?
— Тут? — дейди Мусаллам опа анқовсираб, бўшаган обдастани беихтиёр кўкрагига босаркан. — Тутимиз ҳув ана — боғнинг этагида.
Эр энсаси қотгандек унга бир назар ташлаб, ўрнидан қўзғалади.
У супадан тушиб, вазмин босиб боғ сари йўналади.
Мусаллам опанинг қўлидаги обдаста ерга тушиб кетиб, шарақлаб қопқоғи очилади, тагида қолган бир-икки томчи тўкилади.
Мана, уй эгаси, қўли орқасида, боғини айланиб юрибди. Бир-икки дарахтнинг олдида тўхтаб, танасини силаб-силаб қўяди, шохларига назар солади.
Дов-дарахт барг ташлай бошлаган. Баъзилари сувсизликдан қувраб-қовжираб қолган. Ер тарс-тарс ёрилиб ётибди. Хуллас, ташландиқ бир манзилнинг ўзгинаси!
Боғ кезаётган одам, ниҳоят, этакдаги қўшни деворга туташиб ўсган бужур тут тагига келади.
Баҳайбат дарахт қариб, тепа шохлари қуриб ётибди. Худди кўкка қўл чўзиб фарёд чекаётган мотамсаро кампирга ўхшайди.
Унга тикиларкан, уй эгаси хомуш бош чайқайди:
— Бу эмас...
Ҳикоямиз қаҳрамони мана шу киши — Болта Мардон.

* * *
Болта Мардон дарвозахона олдида, бир қўлида икки букланган қамчи, хуржунлари қаппайган қашқа отининг жиловидан тутиб бетоқат бўлиб турибди.
У «сиёсат» либосида, бошида сомон шляпа!
— Чақир энди! — деб дағдаға қилади ошхона оғзида енгининг учини тишлаб шумшайган хотинига.
Мусаллам опа бизга кўринмаётган тарафдаги аллакимларга жонҳалпида, таҳлика аралаш ишора қилади: бўлинглар, бўлинглар, балога қоласизлар!
Чап қанотдаги кўркам иморатдан кўзларини ишқай-ишқай ўртанча ўғил — Қодир чиқиб келади. Қовоқлари шишган, жиғибийрон. Орқасидан кўҳликкина хотини кўринади. Унинг қўлида сигарет билан гугурт.
— Шанба куниям тинчлик йўқ экан-да! — деб тўнғиллайди Қодир, йўл-йўлакай кўйлагини эгнига иларкан. — Балога қолган — сурнайчи! Анови тошкентлик боди қани? Кенжа Ботир! Бой-чи, бой?
— Биз тайёр, ака! — дейди «ота уй»нинг зинапоясида турган Ботир керишиб.
У кечагина келган — Тошкентдан атай чақиртирилган! Кийим-бошида, навқирон қиёфасида шунга яраша бир оҳор. Лекин ўзи хомуш, ўйчан.
— Бойваччангниям айтдингми? — деб сўрайди Болта Мардон ҳамон жонсарак бир кўйда турган хотинига ўқрайиб.
Чап томон девор узра юксалган ҳашаматли қўшни шийпонда тўнғич ўғил — Амирнинг бўй-басти кўринади.
У спортча кийимда, қўлидаги тошларни ўйнатиб машқ қилмокда.
— Ҳа, дада, тўйга тайёргарликми? — дейди кенжа укасига кўз қисиб.
— Боғнинг аҳволини кўр, ўғлим! — дейди Болта Мардон дафъатан шаштидан тушиб. — Дарахтнинг ҳам жони бор ахир, қарғайди.
Амир қўлидаги тошларини аста қўйиб, панжарага суянади.
— Шунгаям овора бўлиб юрасизми? Тўрт-беш мошина сув юбораман — олам гулистон-да!
— Бирор мошина бензин ҳам қўшиб юборсанг зиён қилмасди! — дейди Қодир пичинг билан.
— Ия, Қодирбой, бош оғрияптими дейман, — дея ака ҳам ачитмоқчи бўлади.
— Бензин сабилнинг ҳиди ёмон-да, оғримоқ тугул, бирдан айлантириб ташлайди бошни!
— Ҳа бўлди, бўлди энди! Аравакашлигингизни билинг сиз! — дейди Амир укасини жеркиб. — Тўрт-беш мошина сув нима бўпти, дада! Овора бўлиб сув ёқалаб юрманглар дейман-да.
Болта Мардоннинг фиғони чиқиб кетади:
— Ота-бобонг мошинада сув ташиб томорқа суғорганми, инсон?!
— Сизлар билан борардим-у, — дейди Амир бўшашиб, — бугун Термиздан каттамиз келмоқчи. Кечқурун уйда...
— Бормасанг — борма! Мен сени не ниятлар билан дўхтирликка ўқитиб эдим-а. Эсиз, эсиз!
— Дада, мен ўғрилик қилаётганим йўқ-ку!
— Унисини билмадим-у, лекин дунёда шундай касб-ҳунарлар бор: ўғрилик қилсанг-қилмасанг — ўғрига ўхшайверасан!
— Ҳеч шу феълингиз қолмади-қолмади-да, дада. Эрталабданоқ одамни...
— Ҳаҳ, сени замонга боқ деб ўргатган отангга лаънат! — дейди Болта Мардон аччиқ билан отини дарвоза томон етаклаб.
Амир шийпонида сўппайганча қолади.
— Дада-а...
Гузар кўчаси.
Болта Мардон отда, одатланганидек, савлат тўкиб боряпти. Елкаларида белкурак, икки ўғил орқасидан келяпти.
Ота-болалар сув ёқалагани жўнаган.
Муйилишдаги супачада бир мўйсафид деворга суяниб, мудрагандек бир кўйда ўтирибди. Ёз кунида бошида ярғоқ телпак. Кўзи кўрмайди — ожиз. Ўзича минғирлаб хиргойи қилади. Ўзича маст. Ажабо, нимадан сархуш экан у? Зулматда ўтаётган умридан қандай бир нур топди экан?
(Дарвоқе, бу кўҳна зотни биз «Эркак» фильмида ҳам учратганмиз.)
Болта Мардон жиловни тортади — от тўхтайди. Отлиқ чўнтагидан олган пулни буклаб, орқада келаётган ўғли — новча Ботирга тутқазади-да, чол тарафга имо қилади: элтиб бер.
Мўйсафид хиргойидан тўхтаб, пайпаслаб пулни олади. Қорачўғи сўник кўзларида, чечак изидан бужур-бужур юзида жилмайишга ўхшаш бир ифода зоҳир бўлади.
— Раис, ўзингизми?
— Ўзим, ўзим, Ҳамро бобо.
— Бу йигит кенжангиз, шундайми? Хув Тошкандларда ўқийдиган, а? Келган экан-да? Ҳа балли, балли.
— Топдингиз, топдингиз! — дейди Болта Мардон Ботирга ғолибона кўз қисиб.
— Яхши жойлардан ато этсин, омин! — дея дуо қилади мўйсафид. Сўнг бармоқлари орасидаги пулни тўлғаб сўрайди: — Буни нима қилай, раис?
— Хўрозқанд олиб ейсиз, Ҳамро бобо! Кеча денг, раҳматли отам, ошнангиз, тушимга кирибди. Бир тиловат қилиб қўярсиз. Ирими-да.
— Тиловат иримига эмас, чин ихлос билан қилинади, раис!
— Биламан, биламан. Биз сизга ишонамиз-да, Ҳамро бобо.
— Сувга балиқ ташламоққа отланибсиз-да? Болта Мардон яна кенжа ўғлига маъноли қараб қўяди: кўрдингми, авлиё бу чол!
— Сувдан балиқ тутмоққа, Ҳамро бобо!
— Мен бошқа гапни айтаётибман, рчис. Хизр алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссалом бир ёққа кетаётиб эдилар. Хизр алайҳиссаломнинг қўлларида қорни ёриб тозаланган, тузланган бир балиқ бор экан. Шу нимарса ариқдаги сувга тушиб кетибдию балиқ жонланиб, кўзлари шартта очилибди! Хўш, бунисига нима дейсиз?
— Худонинг қудрати-да.
— Шундай, шундай. Сув келтиргану сувни кўрганнинг йўли ойдин бўлади, раис. Сув — ёруғлик. Ҳув нақлдаги «Яхшилик қилгину сувга от — балиқ билар, балиқ билмаса — холиқ билар» деган гаплар қофияси учунгина айтилмаган!
— Бўлди, бўлди, энди тушундим, — дейди Болта Мардон.
Чол қўлидаги қоғозни беписандгина ёнбошига ташлаб, дуога қўл очади:
— Умрингизга барака берсин, Болтабой, омин! Болта Мардон ҳам юзига фотиҳа тортиб, эгар қошидан жиловни бўшатади. От йўлга тушади.

* * *
Йўл кескин сўлга — тоғ тарафга қайрилган жойда, серсоя гужум тагида бир чорпоя бор. Унда мудом беш-ўн бекорчихўжа тўпланиб олиб, ўртада бир чойнак чой, дунёнинг ишларидан ҳангамалашиб ўтиради. Давра — олақуроқ: етмиш яшар мудроқи чол ҳам шунда, турмуш ташвишларидан ҳориган аёлмандроқ кексаю кечагина ҳарбий хизматдан қайтган қирчиллама йигит ҳам шунда.
Ҳангаматалаблар ўтган-кетганни тўхтатиб гапга тутишади, ўзларича маслаҳату насиҳат беришади. Бозорлиқ кўтарган биров-ярими шуларнинг ёнида тин олиб, бир дам нафас ҳам ростлайди. У кетгач, шўрликнинг изидан муҳокамаси бошланади.
Бу ерни гўё бир қўлбола чойхона дейсиз. Чой кўпинча яқин атрофдаги бирор ҳовлидан чиқади. Шуни майдалаб гап сотишади.
Бундай манзил ҳар қишлоқ, ҳар бир гузарда топилади.
Болта Мардонни кўриб давра жонланади.
— Йўл бўлсин, раис бобо? Бундай, лашкар тортиб...
— Боғ-роғ қувраб қолди, Жумақул, — дейди отлиқ беҳафсала. — Шунга бир коризга — қулоқбоши томонга ўтиб келай.
— Бу йил сув масаласи чатоқ, — дейди Жумақул — коржомага ўхшаш якранг либос кийган ўртаяшар киши. — Менинг ҳам чорбоғим қақраб ётибди.
— Юринг бўлмаса, билла-билла сув ёқалаймиз.
— Қулоқбошида Ўрин Жага ўтирибди деб эшитаман. У баттолдан сув сўраб бўлмас. Раиснинг тоғаси!
— Сувни пуллаб ётганмиш занғар! — дея луқма солади ёшроқ бир киши. — Ҳеч балодан тап тортмайди у. Уч марта камалиб чиққан расво бир қирриқ-да!
— Эски ошномиз экан-да, — дейди Болта Мардон беозор кулиб отининг биқинига ниқтаркан. — Бермай кўрсин-чи!
— Ҳай, сиз отдасиз-ку, Болта ака, юзингиздан ўтолмас, — деб қўяди Жумақул.
Ҳалиги билағон гап қўшмай туролмайди:
— Жага отлиқ тугул, отаси тирилиб келсаям танимайди!
Болта Мардон кетади-ю, одатдагидек, изидан гапи қолади.
— Неча йил довруқ солиб даврон сурган одамнинг аҳволини кўринг — сув ёқалайман деб юрибди бугун!
— Ҳали бақувва-ат. Сиёсатини қаранг!
— Сиёсат қиладими, қилмайдими, даври ўтди-да энди. Ҳамманикиям шу, жўра.
— Лекин ўғиллари жой-жойини топган. Амири — бензинга хўжайин...
— Дўхтирликни ташлаб, азза-базза бензинфуруш бўлиб кетди-я шу одам? Қойил-э, шеримард!
— Анови бегонасираброқ турган пасон — кенжасими? Тошкандда ўқийди-я? Сал кўпроқ ўқиб юбормадими шу бола? Ё у ёқда...
— Аспирант у, аспирант, — деб қўяди билағон. — Олим!
— Ҳа-а, қаранг. Бўладиганнинг боласи-да!
— Раис синглиси билан қуда бўлмоқчи деб эшитдим. Майрам беванинг қизини мана шу ўғлига олиб бермоқчи шекилли.
— Шаҳар кўрган бола — кўнармикан?
— Кўнмай қаёққа борарди, укам? Раиснинг феълини биласан-ку!
Яхшиямки, шу пайт кўчадан авлодлик бир одам ўтиб қолади. Жумақулнинг ошнаси экан.
— Хў-ў, Чорибой! — деб чақиради у. — Бир майдон оёқ илиб кети-инг. Зўр гурунг бўляпти бу ерда!
Кўктош гузари биқинидаги баланд яланглик гавжум. Аксарияти қизил-яшил, гулдор либосли хотин-халаж, бола-бақра. Бир тўдаси оналарини жавратиб берироқда копток тепиш билан овора. Қий-чув авжида.
Билмаган, яхшилаб қарамаган одам бу ерда ё бир топилмас матоҳ сотиляпти, ё мўлтони маймунини ўйнатяпти, деб ўйламоғи тайин. (Дарвоқе, яланглик четида майда-чуйда сотадиган бир-иккита қўлбола дўконча ҳам бор.) Андак зеҳн солиб қаралса, манзара аён бўлади. Гирд-атрофдаги анови турли-туман аравачаю эшак-уловни кўряпсизми? Тунука челакларнинг тақирлашию мис кўзаларнинг жаранг-журунгини эшитяпсизми?
Ҳа балли, бу ерда сувга навбат турилибди! Бу теварак-жавонибда бирдан-бир сув қувури мана шу.
Муздек чашма суви, чучук сув, зилол сув, ичаман десангиз — кепқолинг! Буни ҳам елимшишаларга солиб, бирор шоввоз бизнес бошлаб юбормагунича қониб-қониб ичиб қолинг!
Бир лаҳза шу манзарага маълул боқиб турган Болта Мардон отининг сағрисига аччиқ қамчи солади. От ҳам жаҳл билан йўртоқлаб кетади.
Ортда қолган ўғиллардан ўртанчаси кенжасига нимадир дея яқинроқдаги дўкончага қараб чопади.
Ботир ҳаллослаб отга етиб олганида боядан бери бирор дафъа орқасига ўгирилиб қарамаган ота сўроқлаб қолади:
— Аканг қаёққа кетди?
— Сигарети қолмаган эканми, — деб гап бошлайди-ю, акасини «сотиб» қўяётганини сезиб, тилини тишлайди Ботир. — Йўқ-йўқ, чанқабди. Кока-кола ичмоқчи. Ҳозир етиб келади, дада.

* * *
Қулоқбоши.
Тоғдаги булоқлардан томчилаб йиғилган сув кориз орқали ўтиб мана шу шоҳариққа тушади. Этак-даги каттакон қишлоқ, боғ-роғлар асосан шу ариқдан сув ичади. Сув коризнинг поёнидаги кўлсимон даҳанадан таксимланади. Демак, тақсимотчи мироб ҳазилакам одам эмас. Айниқса, йил қурғоқ келган ёз ойлари у раисдан олдинги бўлмаса-да, кейинги арбобга айланади.
Бундай мойли жойга одатда раисга яқинроқ, ишончли одам ўтиради. Ҳозир бу ерда Ўрин Жага хўжайин. Мироб ҳам, арбоб ҳам ўзи.
Қишлоқда уни кўрган катта-кичик зир титрамаса ҳам, бир сесканиши бор. Важоҳати чатоқ-да. Кўзлар чақчайган, ўқдек тешаман деб туради. Башарани ҳар хил чандиғу тиртиқ «безаган». Оёқ-қўл ва баданнинг-ку соғ жойи йўқ — ватанга муҳаббатдан тортиб беҳисоб ишқ жафоларигача турли йўсинда ифодасини топган. Юрганда бўйнини ичкари тортиб, худди ҳозироқ муштлашувга киришиб кетадиган каби, муштлари кўкракда шай, хезланиб, атрофга безовта аланглаб юради. Қисқаси, ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларидаги худо урган безорини кўрмадим деманг!
Ўрин Жага қулоқбошини расмона қароргоҳга айлантириб олган. Берироқда, улкан чинор соясида зангори стол-стул — ошхонаники. Стол устидаги магнитофондан Шерали сайраб ётибди. Чинор танасига қозиқ қоқилиб, илгичдан ўтказилган кийим-кечак шунга осиб қўйилган; орасида гулдор галстук ҳам кўринади. Фақат телевизору телефон етишмайди, холос.
Бош мироб — Ўрин Жаганинг ўзи, эгнида тўр майка, қўллари бошига ёстиқ, буклама каравотда ялпайиб ётибди. Ким келди, нима деяпти, итмисан, битмисан — парвойи фалак!
Болта Мардон, қўлида букланган қамчи, унинг тепасида турибди.
— Жага иним, нима, мени танимай қолдингми? — дейди ажабланиб.
— Ўзингиз тушунган одамсиз-ку, раис бобо! Сув маккага кетяпти. Маккажўхори — давлатники. Сиёсий масала! Раис валломати келсаям бир қатрасини бермайсан, деган. Тамом!
— Болта Мардонга-чи?
— Болта Мардоннинг даври ўтган!
— Ўтмайди! Тур, даҳанани оч!
— Ҳазиллашманг, раис бобо! Закунни бузяпсиз!
— Закунчи! Закунни мендан ҳимоя қиласанми? Сен-а?! Ё пирим-эй...
— Раислар бузади-да закунни!
Қони қайнаб кетган Болта Мардон қамчисини сермайди:
— Тур-э жойингдан! — Сўнгра бурилиб, хуржундан қовун-тарвуз олаётган ўғилларига амр қилади: — Бор, даҳана-паҳанасини бузиб ташлайсан!
Элликдан ошиб қолган одам, эчкидек сакраб ўрнидан туради. Каравоти тагидаги белкуракни олиб, уларга қарата милтиқ ясайди:
— Тўхта — отаман!
Ҳам кулгили, ҳам хавфли вазият! Ўрин Жага кутилмаганда белкуракни бир ёнга улоқтиради-да, Болта Мардонни қучоқлаб олади:
— Сизга йўқ деб бўладими, раис бобожон! Кўр бўламан-а! Охирги сафар сиз орага тушмаганингиз-да, турмада чириб кетардим. Аммо-лекин, ҳамма ишнинг қонун-қоидаси бор, ўзингиз биласиз-ку!
— Шундан келмайсанми, касофат! Сувни оч, кейин гаплашамиз.
Қодир отасининг кўзини шамғалат қилиб, қўйнидан олган газетага ўроғлиқ алланимани каравотдаги кўрпачанинг орасига тиқиб қўяди.

* * *
Сарбанд.
Пастга — қишлоққа кетадиган ариқнинг оғзи тошу чим билан шиббалаб ташланган. Ака-ука, қўлларида белкурак, оёқяланг бўлиб олиб шуни бузмоқда.
Ўрин Жага чаққон сакраб уларнинг ёнига тушади.
— Нари тур-э, салага! — дея ака-укани икки ёққа суриб, белкуракни ўзи қўлга олади.
Даҳана кенг очилиб, шоҳарикдаги сувнинг тенг ярми издиз босиб кетган новсимон ўзандан шарқираб пастга оқа бошлайди.
— Бўладими, раис бобо? — деб сўрайди мироб белкурагини қўлдан қўймай. — Ёки бу ёғини ҳам...
— Бас, бас, Ўринбой, — дейди кулиб тепада турган Болта Мардон. — Бор экансан-ку!

* * *
Бош миробнинг қароргоҳида қўлбола зиёфат. Қовун-тарвуз сўйилган, нонлар ушатилган. Помидор-бодринг, яхна гўшт.
Жаганинг қўлида ароқ қуйилган пиёла.
— Биргина қўл кетадими, раис бобо? Хў-ўв даврларингизни эслаб-да, ба нияти шифо...
— Боя ўзинг айтдинг-ку, бизнинг давримиз ўтган!
— Хай, хай, бенават. Қодир болага рухсат берарсиз бўлмаса?
— Қодир... — Болта Мардон ўртанчасига таънаомуз боқади. — Ўзи билади. Ёш бола эмас энди.
Қодир ҳамшишасига қараб титрай-қақшай қўл тўлғайди: йўқ, йўқ, кейин!
— Буларингиз сиздан қўрқяпти, раис бобо. Бўлмаса-ку, ўлгудай ичса керак, — дейди Ўрин Жага ва қўлидаги пиёлани баланд кўтариб: — Бўпти, бизга оқ фотиҳа беринг. Ол, Ўрин Жага! Ё ҳаёт, ё ўлим! — дея ичиб юборади. Пиёлани ҳидлаб ўзича «газак» қилгач: — Кечирасиз-да, раис бобо, — деб қўяди.
— Майли, майли. Ёшлиқда бўлади-да. Сенам бора-бора одам бўлиб кетарсан, Ўринбой.
Бу гапни мақтов билиб, Ўрин Жага жез тишларини кўрсатиб илжаяди.
— Шу, сизнинг даврингиз ажаб зўр даврлар экан-да, раис бобо!
— Нимаси зўр экан?
— Сув жонивор сероб эди-да. Оқи-иб ётаверарди.
— Нимага шундай эди-я, Жага иним? — дейди Болта Мардон уни эрмак қилгандек.
— Файзли одам эдингиз-да.
— Нима, энди, раисликдан бўшаб, бефайз бўлиб қолдикми?
— Йўғ-э! Ҳаммаёқни ёш бола босиб кетдими дейман-да. Манови Самарга ўхшаган мишиқилар!
— Раисингни айтяпсанми? Нима қипти уни, туппа-тузук-ку!
— Раис эмиш! Жипириқ! Ўзимнинг қўлимда катта бўлган.
— Сенинг қўлингда ўсганлар раис бўлиб кетаверса, ҳазилакам одам эмас экансан, Ўринбой! Билмай юрарканмиз-да.
— Нима деяпсиз, раис бобо, Тошкентларда паханлик қилганман-а! У ёғини ўзингиз биласиз...
Шу орада Ўрин Жага яна бир пиёласини уриб олади.
Ботир нарироқда, миробнинг каравотида бир парча қоюзга алланимани ёзибми, чизибми, ўйчан ўтирибди.
— Се-ен, Жага иним, кайфингни суриб ётавер, — дейди Болта Мардон қўзғалиб. — Биз энди сув ёқалаб кетдик.
— Пешингача оқса бўлар?
— Кечгача деявер энди, Ўринбой!
— Ий, ий, ий! Бир боққа-я?
— Ўша боққа бошқа боғлардан ўтиб борадими, ахир! Ёки ўзгинанг мошинада элтиб берасанми?
— Э, бўлди-и, раис бобо! Бир оғиз сўзингиз! Керак бўлса — сув эрталабгача сизники! Самар-памари капейка менга!
— Ҳай, ҳай, Ўринбой, инсоф қилинг! — дейди Болта Мардон кулиб, отининг бошини ҳовли-боғлар томон бураркан.
— Дада, мен ҳозир етиб бораман, — дейди Қодир. — Ўрин акамизда бир гапим бор эди.
— Қолиб кетма, бола!
Икки улфат шоша-пиша бир пиёладан ичадилар.
— Қолган сувниям ағдариб берайми? — дейди Ўрин Жага мардликдан жўшиб.
— Йўғ-э, раис кепқолса!.. Макказорга кетаётган экан ўзи...
— Макка эмиш! Давлат эмиш! Ўзининг ҳув адир этагидаги ўғринча экинзорига оқиб ётибди, билдинг! Бобойларнинг даври бошқача эди, братан, бошқача! Сенлар билмайсан — салагасанлар-да. Болта Мардон деб қўйибдилар, Болта Мардон! Дамида ош пишарди-я! Сув-ку сув, керак бўлса, жонимни ҳам беришга тайёрман мен бу одамга!.. Олсанг-чи!

* * *
Сувчилар боя келган катта кўчаларини қўйиб, энди ҳовли-томорқа, боғу боғот оралаб сув ёқалаб кетадилар.
Бу ишнинг турган-битгани даҳмаза! Сувни ундирганингиз-ку бир сари, кейин уни то томорқангизга етказиб боргунча жонингиз ҳалқумингизга келади. Кўпчиликнинг боғ-роғи, экин-тикини сув кўрмай қуриб-қовжираб ётибди. Ҳовлисининг ичидан сув ўтдими, бас, уни ким боғлаб келди, қандай бошлаб келди — суриштириб ўтирмай пайкали томон буриб олаверади: қўлингдан келганини қил! Сув ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас. Худо ато этган неъмат у. Эгам уни ҳаммага баробар улашади. Сув — текин. «Сувтекин» деганлари ҳам шундан. Демак, у — халқники! Мен ҳам халқман, халқнинг бир бўлагиман. Бор, ишингни қил!
Сув ёқалаганнинг олдида ана шундай машмашаю можаролар, гоҳо ёқа бўғишишлар, уриш-жанжал, ҳатто ундан-да баттарлари йўл пойлаб туради.
Хўш, собиқ бўлса-да, раис бобомиз сув ёқаласа, қандай бўлар экан?
Йўқ, бошланиши силлиқ кечади. Ҳарҳолда, қулоқбошига яқин жойлар, нари-бери сув кўрган. Бир ҳовлидагина андак тўхтамоққа тўғри келади: айқириб оқаётган сув қўшни пайновдан чиқишда сустлашиброқ қолган экан.
— Ҳў сув ўғриси, ўзингни кўрсат бундай бир! — деб бақиради Болта Мардон отдан бўйлаб.
Ботир дарров бориб деворга тирмашади.
— Шошма, ўзи келар.
Дарҳақиқат, девор оша майкачан бир йигит кўринади. Биров сўз сўрамасданоқ таваллога тушиб, бидирлай кетади у:
— Э, э, раис бобо! Ассаломалайкум. Сув сизданмиди? Билмабмиз-ку. Биздан ўтибди-да, узр. Ўтган дафъа томорқани суғорганда бир пайкалгина қолган эди. Худо берди деб, шунга буриб қўйибман-а сувингизни. Сизники эканини билганимда, ўлайки агар...
— Бўпти, бўпти, ўзингни бос. Бизнинг ошна қалай? Сал тузукми ишқилиб?
— Ётибдилар, — дейди йигит бирдан маъюс тортиб. — Ўша соз, ўша аҳвол. Оёқда жон йўқ-да.
— Сўраб, салом айтиб қўй. Йўл тушганда бир кирарман.
— У кишиям сизни кўп гапирадилар. Армияда билла бўлган экансизлар-да... Ия, Ботирбойми? Кўрмабман, қаранг. Гуноҳ қилган одам мана шундай довдираб қолади, ҳа. Ўқишлар битай деб қолдими?
— Раҳмат, раҳмат, — деб қўяди Ботир ҳафсаласизгина.
— Раис бобо, мен ҳозироқ сувингизни қўйиб юбораман!
— Ҳовлиқма, бола. Бир пайкалгина, деяпсан-ку. Қониб олсин, қўявер. Гуноҳ дейсан — бу ёқда бир ариқ сув оқса-ю, у ёқда ер қақраб ётса, гуноҳ бўлмайдими?
— Э яшанг-э, раис бобо! Раҳмат.
Можаро олдинда экан.
Этаги деворсиз — чангалзор бир боққа мўралаганларида олтмиш ёшлардаги миқти бир одам, ўспирин невараси енида, апил-тапил экинларига сув тараб ётибди.
— Ие, ҳормасинлар, ҳормасинлар! — дея отда чангалзорни ёриб ичкари киради Болта Мардон. — Кафан текин деб ўлавериш экан-да, Бозорбой?!
Бозорбой деганлари ўгирилиб уни кўради-ю, аммо сап-сариқ башарасида бирон бир ўзгариш сезилмайди. Индамай бурилиб ишини қилаверади.
— Энди сувга хўжайинлик қилишлари қолган экан-да, қуллуқ бўлсин! — дейди у бир оздан кейин тўнғиллаб. — Сув — элники, ҳамманики!
— Элники бўлса, ҳамманики бўлса, уйингда сасиб ётмай, чарвингни эритиб ўзинг қулоқбошига чиқиб келмайсанми?!
— Ў-ў раис, катталигингни бошқага қиласан, хўпми? Давринг ўтди сенинг! — дейди Бозорбой белкурагига энгак тираб. — Ё, мени қаматиб юборганинг эсингдан чиқдими?
— Сен ўзингни ўзинг қаматгансан, банда! Бир йилдаёқ омборни шилиб, шип-шийдам қилганинг учун, нима, кўкрагингга орден тақсинмиди?!
Шу пайт ҳаллослаб етиб келган Қодир, бир ғайратига ўн ғайрат қўшилган чоғи, тўппа-тўғри Бозорбой томон хезланиб қолади.
Ботир бир чеккада индамай кузатиб турибди.
— Бу ёққа ўт, тентак! — дейди Болта Мардон ўғлидаги ўзгаришни пайқаб жаҳл билан. — Манови ариқни тўс! Бир қатраям ўтмасин! Сув бериб бўпман мен бу хумсага!
Ака-ука бир-бирига қўймай ишга киришиб кетади.
— Замона зўрники бўлди, э худо! — дейди бўшашиб қолган Бозорбой жаврашга тушиб. — Нима, мен бечоранинг хаққим йўқми? Мен сув ичмайманми?
— Ичарсан, — дейди Болта Мардон чангалзор қўрадан чиқатуриб. — Мен ўлгандан кейин!
— Тезроқ ўл бўлмаса!
— Оғзингни юм-э, энағар! — Қодир белкурагини кўтариб Бозорбойга ташланмоқчи бўлади.
— Қайт! — дея чангалзорни қамчилайди Болта Мардон. — Олдимга туш! Ҳе, ҳайвон! Индамаса... Сен, ўғлим, бирпас шу ерда қараб тур, — дейди сўнг Ботирга тайинлаб.
Кучлар нисбатидан алами келибми, Бозорбойнинг ўспирин невараси улар ортидан кесак отиб қолади.
Бобоси белкурагини пуштага отиб, уй томон юради.

* * *
Мана, сув ёқалашнинг ҳангомасига ҳам етиб келдик. Томошанинг қизиғи бу ёқда экан.
Ёнма-ён икки ҳовли. Эгизакларники: олдингиси — Ҳусанники, кейингиси — Ҳасанники. Ака-уканинг иккаласи ҳам бамаъни, ўқимишли йигитлар.
Болта Мардон отда, девор оша индамайгина кузатиб турибди.
Ўртадаги пастак деворни эшак қилиб миниб олган атлас кўйлакли аёл қўшни ҳовлига қараб шанғилламоқда:
— Сув менинг ҳовлимдан ўтса-ю, аввал сизникини суғорсинми? Ҳо-о, бекорларни айтибсиз!
Қўшни ҳовлида белини рўмол билан танғиб олиб супа лабидаги жомда кир юваётган аёл билакларидан совун кўпигини сидираркан, муроса қилолмай овора:
— Сизлар яқиндагина суғорган эдиларинг-ку, Кароматой? Мана, меникини қаранг — қақраб, тақрон бўлиб ётибди!
— Керак бўлса, ҳар ҳафта суғораман! Ҳа-а, алам қиляптими? Солиқчига тегиб олинг эди, бўлмаса!
— Иби, оғзингизга қаранг, овсинжон, бу нима деганингиз?
— Оғзим жойида, деганим — шу! Меники қолиб, сув бекордан-бекор сизникига ўтиб кетаверар экан-да? Анойингни топибсан!
— Ўзи келиб турган сувга ҳам солиқ сол бўлмаса!
— Ҳой келин, туш девордан! — дейди ниҳоят Болта Мардон сабри тугаб. — Айб эмасми? Ким айтади сенларни бир қориндан тушган икки ака-уканинг хасми деб! Сен қайсисиники ўзи?
— Ҳусанбойники, — деб жавоб қилади қўрқа-писа девордан сирғалиб Каромат. — Ҳусан солиқчини биласиз-ку, раис бобо!
— Хўш, айт-чи, Ҳусан каттами, Ҳасанми?
— Сув меникидан ўтади-ку, раис бобо!
— Сен кейин ичасан!
— Иби, раис бобо, сув — кичикдан эмасми?
— Бу маталингни бориб энангга айтасан, қизим! Тушундингми? Гап шу: аввал Ҳасан ичади, кейин — сенлар! Сенинг эринг ундан кейин туғилган... — Шунда Болта Мардон, ўзи кутмаганда, беихтиёр хотирага берилиб кетади: — Отаси чойхонага чикиб жар солган — «ўғил кўрдим» деб. Унинг изидан укаси чопиб борган — «ака, яна биттаси бор экан» деб. Роса хангома бўлган. Кечқурун, пода қайтар маҳали эди. Мен эндигина райондан келиб идорамнинг эшигини очаётувдим. Адашмасам, анови космонавт хотин осмонга учган кун эди. Ҳа-ҳа, шунга митингкага бориб эдим. Райкўм бобо «Шу куни туғилган қизининг исмини ким Валентина қўйса, суюнчисига — кажавали битта «ИЖ» мотоцикли!» деб эълон қилган. Буни эшитиб эгизакларнинг отаси бир эмас, икки карра афсусланган. Мана, кўриб турибмиз, бекорга афсусланмаган экан у шўрлик...
Дарвозахонада кўринган Ҳусан солиқчи икки ҳатлай келадию хотинини билагидан тортиб четга отади:
— Бу ёққа ўт-э, энағар! Узр, раис бобо. Қўл тегмайди боққа қарагани. Иш кўп.
— Майли, майли, Ҳусанбой, солиғингни йиғиб бўл-чи, рўзғоргаям вақт топарсан, — дейди ачитио Болта Мардон. — Ўргилдим-э, Валентина, — деб қўяди кейин ғудраниб ўзича.
Отлиқ девор ёқалаб бораркан, юқорироқдаги бир ҳовлидан шовқин-шабохун эшитилади. Орасида Қодирнинг ҳам овози бор.
— «Сув сенинг шахсий мулкингми? — деб чинқиради кимдир. — Ҳаммаям одам! Ҳуқуқи тенг!»
— «Ҳуқуқинг тенг бўлса, ўзинг опке сувни!»
— «Раисга бораман!»
— «Э, менга деса, худога бормайсанми!»
— Ҳай, нодон-а! Астаъфурулло! — деб қўяди Болта Мардон.

* * *
Каттакон бир ёнғоқнинг тагига келганларида девор бузиғидан дарахтлар оралаб супада ўтирган тўрт-беш киши кўринади.
— Шўрлик Омонбойнинг таъзияси, — дейди Болта Мардон Ботирга қараб. — Босиб ўтсак бўлмас.
Шу чоқ, қўлида узун хивич, Қодир келиб қолади.
— Сен болани орқада қолдириб бўлмас экан, — дейди ота норози оҳангда. — Олдинга ўтасан энди. Ботирбой, сен бир юқори ўрлаб, анови Бозор касофатникидан хабар ол-чи. У баччағарга ишониб бўлмайди. Эски ўғри-да.
— Ундан беридагисини айтмайсизми! — дейди Қодир жони чиқиб. — Дамин калнинг хотинак ўғли. Ашула муаллими бор-ку, ўша. Қарасам, сувни ҳовузчасига буриб ўтирибди. «Ҳа, кранингда ҳам сув бордир?» десам, «Болалар кўлда чўмилишни яхши кўради» эмиш! «Чўкиб кетса нима бўлади?» деганимни биламан — «Гапинг бунча совуқ, алай-балай» деб роса чинқирди. «Ўзинг совуқ, ўзинг чўкиб ўл, ҳе, эркакка ўхшаган!» деб сувни аранг ағдардим-а бу ёққа!
Ўғилларини икки тарафга йўллагач, Болта Мардон отининг жиловини эгар қошига маҳкамлаб, пастак дарча томон юради.

* * *
Тўрда ўтирган рангпар, иягида тўрттагина мўй тиккайиб турган оқ қалпоқли қори бола тиловатини тугатгач, юзга фотиҳа тортилади.
— Болтабой, шу, отдалигингизда кўп савоб ишлар қилдингиз-у... — дея сўз бошлайди бир чол.
Марҳумнинг бесабр, бефаросатроқ ўғли гапни илиб кетади:
— Тўғри айтасиз, бобо. Отам раҳматлини ҳам бир ўлимдан опқолганлар. Ичаклари буралиб колганда мана шу киши мошиналарида Термизга оборганлар. Шундай, а, раис бобо?
— Эсда йўқ экан, жиян, — деб қўяди Болта Мардон.
— Эслаб кўринг, эслайсиз. Ўзим билла борганман-ку!
— Балки. Иш биланми, мажлис-пажлисгами кетаётган бўлсам керак-да.
— Бу ернинг дўхтири «ўлади» деган одам, мана, қаранг, яна ўн беш йил яшадилар. Ўн беш йил-а!
— Худо раҳматига олсин, — дейди Болта Мардон. Бояги чол бошлаган гапини унутмаган экан:
— Шунча йил отда юрдингиз-у, сув масаласини бир ёқли қилмадингиз-да, Болтабой!
— Анови тоғни тешиб, Дурдаранинг суви шундай бир эндириб юборилса — олам гулистон эди-я! — дейди сира жим ўтиролмайдиган таъзиягир. — Ҳашар йўли билан ҳам битирса бўларди. Ҳамма чиқарди, кафилман агар! Бойнаги Қурбон қўнғирот ҳам депутатлик даврида бу ишга бир киришди-ю, кейин охирига етказмасдан ташлаб қўйди. Уни яна бир бор сайлаганимизда, ким билсин, балки...
Болта Мардон секин уҳ тортиб қўяди — индамайди.
— Айтишга осон-да, Набибой, — дейди чол. — Мана, бугун тоққа ҳашар тугул, тўрт-беш тангадан тўплаб берамиз денг, қани, неча пул йиғиларкан?
— Пули бўлмаса, битини берсинми, бобо? — деб луқма ташлайди ёшроқ бир киши.
— Раис унда коммунист эди, — дейди қишлик мовут шляпа кийган кексароқ одам салмоқ билан сўз бошлаб. — Юқоридан сўрамай иш қилолмасди. Ўзидан билиб бирор юмушни бошлаган одамнинг калласи кетмасаям, ҳарқалай, омон қолмасди. Тўғри айтяпманми, Болтабой?
Болта Мардон вазмингина бош ирғаб қўяди.
— Шу масалани ҳал қилмаган эканмиз-да, қаранг, — дейди хўрсиниб ниҳоят. Сўнг синиқ кулимсираб қўшади: — Халқ қийналсин, халққа ёмон бўлсин, кейин бир куни бизни лаънатласин деганмиз шекилли-да... — У гапини якунламай, ўгирилиб таъзиягир ўғилдан сўрайди: — Бобо неча кун ётди?
— Ётганлариям йўқ ҳисоби. Кечқурун сал инқиллаб туриб эдилар, эрталаб туриб кўрсак...
— Елдай келиб, селдай кетгани шу-да одамзоднинг, — дейди чол ривоят охангида. — Умр деганлари — ҳув арикдаги сувдай гап. Ўтади-кетади.
Бефаросат таъзиягир бу гал ҳам қўшилади:
— Қани денг ўша сув! Бу йил қурғоқ келди-ку! Шу вақт Ботир пайдо бўлиб, супага чиқиб тиззалайди.
Яна тиловат. Яна фотиҳа.
— Ўзингизни овора қилибсиз-да, раис, — дейди гурунгчи чол. — Ўғилларними чиқарсангиз бўларкан бу ишга.
— Мана, ўғиллар ҳам юрибди сув ёқалаб.
— Ҳа, шундайми? Барака топсин.

* * *
Ботир қайтиб Бозор сариқникига қоровулликка жўнайди.
Болта Мардон отини ўз ҳолига қўйиб, боғ-боғот оралаб кетаётир.
Жийдазордан ўтаётганида қандайдир чорбоғ этагидан қиқир-қиқир кулги эшитилади. Жувон кишининг овози.
От жилови тортилади. Қулоқлар динг!
— «Эсимдан ҳам чиқиб кетган...»
— «Хат-пат ёзиб турадими ишқилиб? Пул-мул дегандай?..»
— «Кўп бўлди — ҳеч гап йўқ».
— «Кайфини суриб юргандир-да. Сен бу ёқда мана шу боғдай қовжираб ётибсан...»
— «Бўлди-бўдди! Анови ялмоғиз кепқолади ҳозир!»
— «Қайнонангми?»
— « Ялмоғизим».
— «Кўрса — кўрар! Келин керак бўлса, ўғлини топиб келсин! Чорбоғини суғориб турган бўлсак...»
— «Бўлди, бўлди, жо-он Қодир ака...» Қарс!
Девор оша қарсиллаб қамчи тушади.
— Ўт бу ёққа, жувонмарг!
Жувон ўзини жийдазорга уради, каловланиб қолган Қодир эса девор кемтигига ёпишади.
Болта Мардон гуноҳкор ўғлини олдига солиб, қамчи сермаб бораётир.
Қодир гандираклайди, юз-бошини чангаллаб олган.
— Уялмайсанми, ҳайвон? Бировнинг хасми бўлса...
— Эри йўқ. Россияга кетган, — деб ғўлдирайди Қодир ўзини оқлашга уриниб. — Ўзи...
— Бунинг гапини! Ҳе, номард! Биров сенинг хо-тинингга ҳам... Нима қилардинг, а, итвачча?!
— Икковиниям сўйиб ташлардим! — дейди бирдан овози титраб Қодир.
— Ҳа-а, йигит экансиз-да! Нима, бошқалар ердан чиққанми?!
Қодир шартта бурилиб чўккалайдию ўзини юзтубан ташлайди.
— Дадажон! Тавба қилдим, дадажон!
Болта Мардон отдан бир ёнга қийшайиб, аямай ўғлининг яғринига қамчи солади.
— Лаънат сендай фарзандга! Қодир беўхшов ҳўнгиллаб йиғлайди.
— Тавба қилдим, дадажон!
Бир лаҳза бояги ҳолатда қийшайиб қолган ота чап кўксини сийпалай-сийпалай қаддини ростлайди.
— Тур ўрнингдан, — дейди бирдан бўшашиб, ҳорғин овозда. — Қулоқбошидан хабар олиб кел. Сувнинг шашти пасайгандай...

* * *
Жийдазор. Бояги гуноҳкор жувон бир пуштада шумшайибгина ўтирибди. Тиззаларини қучоқлаб олган. Йиғидан кўзлари қизарган.
У ердан кўмир бўлагига ўхшаш қоп-қора алланимани олиб, заранг пуштага йирик-йирик қилиб ёзади:
«Энди нима бўлади»
Бир зум ўйлангач, охирига сўроқ аломати ва иккита нуқта қўшиб қўяди.

* * *
Зулфиянинг уйи. Чоққина ҳовли. Ҳаммаёқ ораста, саранжом-саришта.
Айвон лабида оёқларини осилтириб омонатгина ўтирган Болта Мардон устунга суяниб пинакка кетган. Бир қўлида шляпа. Қамчиси ерга тушиб ётибди.
Бу ҳолатни кўрган одамнинг негадир раҳми келади.
Ҳовлига югуриб кирган дуркунгина қорача жувон — Зулфия таққа жойида тўхтайди.
— Иби, дадажон, қачон келдингиз? Болта Мардон эринибгина кўзини очади.
— Дарвозада отингизни кўриб, чопдим. Қачон келдингиз?
— Бу нима юриш? Ҳаммаёқ очиқ-сочиқ... — дейди қовоғини уюб Болта Мардон.
— Меҳрибон дадажонимдан! — Зулфия чопа келиб отасини қучоқлаб олади, чўлпиллатиб ўпа кетади. — Дорига чиқувдим. Вой, Жаҳонгир уйда эди-ку, ичкарида дарс тайёрлаётувди. Чарчаб, ухлаб қолган-да. Кўп дарс қилади шу бола!
— Каттанг кўчама-кўча тўп тепиб юргандир?
— Йў-ўқ, ақлли у. Чизган чизиғимдан чиқмайди. Икковиям! Дарсга кетган. Тушдан кейин ўқийди-ку, иккинчи смена. Ўзим ҳалигина мактабдан келиб, биррав...
— Дорихонада нима қилиб юрибсан?
— Ўтим оғрийди, дада, биласиз-ку. Шунга фебихолми деган янги дори чиқибди. Айб ўзимда. Ҳар балони аралаштириб еявераман. Хай, ўйламанг, тузалиб кетар. Ўзингиз яхшимисиз? Энам? Мактабдан бўшаёлмайман денг, дарсим кўп. Сув ёқалаб юрганмишсиз? Шу иш сизга нима керак, дада?
— Тирикчилик-да, қизим. Ўзинг қалайсан? Қийналмаяпсанми ишқилиб?
— Зўр! Қийналсам — мана, сиз борсиз. Муртини болта кесмас акаларим, укаларим бор! Худога шукр, ҳеч нимадан камчилигим йўқ. Ҳаммаси зўр! Айтгандай, Ботирбой кептилар. Куёвбола. Тўйни қачон бошлаймиз энди?
— Аввал укангни кўндирайлик-чи. Эрингдан хат-хабар борми?
— Бир йилгинаси қолди, дадажон. Ҳадемай кеп-қолади, худо хоҳласа. Барига анови тоғлик ошнангизнинг арзандалари айбдор! Ўша балони бунга келтириб берар экан-да. Сақлаш учун. Мен, гўрсўхта, ҳеч гапдан бехабар юраверибман. Ўзи, биласиз-ку, унақа нарсаларни оғзига олмасди. Ҳатто попирис ҳам чекмаган. Майли, бунисиям бор экан-да пешонамизда.
— Пешонанг... — дейди Болта Мардон алланечук эзилиб. — Ҳаммасига мен айбдорман, қизим.
— Иби, нимага? Қиз махлуқ — палаҳмоннинг тоши, дер эдингиз ўзингиз. Эсингиздами? Ўша палаҳмондан отдингиз — мана шу ҳовлига келиб тушдик! Бўлди. Ҳаммаси яхши, худога шукр... Сиз буларни кўп ўйламанг, дадажон, хўпми?
— Хўп, хўп, Зулфинжон. Сенинг гапингни икки қилиб бўлармиди?
— Ҳаҳ, дадажонимдан!
Зулфия отасининг пинжига кириб олган, худди эркатой қизалоқдек, гоҳ унинг бет-бошини силайди, гоҳ маҳкам қучоқлаб ўпади.
— Уят! — дея бир маҳал жойидан сакраб туради у. — Бу ўтиришимни қаранг! Даҳанама-даҳана чопиб, очиққансиз. Ҳозир гўшт қовуриб келаман!
— Йўқ, йўқ, тамадди қилиб олганман, — дейди Болта Мардон ўрнидан қўзғалиб. — Даҳаналарни айланмасам бўлмайди, қизим. Дарвоқе, томорқанг сув ичганми?
— Барака топкур қўшнимиз, ҳув Ҳакимбой жўрангизнинг ўғли-да, тунов куни сув боғлаб келган экан. Кўллатиб суғориб олдим.
— Ҳа-а, маладес. Полвон қиз!
— Кечқурун ўтаман, дада. Амирбойингизникида яна зиёфат эмиш-ку. Термиздан меҳмон келармиш.
— Ҳар балодан хабардор-а бу шайтон!
— Йўқ, боя Азизбек келиб кетди. Янгам айттириб юборибдилар. Манти тугишга қарашарканман. Ботирингизни кўрмаганимга ҳам қанча бўлди!..
Одатдагидек, Болта Мардон отда. Магазиннинг ёнида қаққайган қўлбола дорихона олдида турибди.
— Вой, боягина қизингиз — Зулфия опам сўраган эдилар-а шу дорини, - дейди қош-кўзи бўялган сотувчи қиз.
— Бердингми?
— Кейин оларман, дедилар. Пуллари етмади шекилли. Хай, насия олиб кетаверинг, десам — кўнмадилар.
— Шундан тўрт-бештасини ўраб бер!

* * *
Болта Мардон Зулфиянинг дарвозаси олдида отининг жиловидан ушлаб турибди.
— Ҳа дадажон, тинчликми? — дейди ҳовлидан югуриб чиққан Зулфия.
Негадир унинг кўзлари қизарган.
— Йиғлаган кўринасан, қизим? Нима бўлди?
— Бармоғимни ари чақиб олди!
— Шунгами? Кап-катта аёл-а! Қани, кўрсат-чи. Зулфия қўққисдан отасининг бўйнига осилиб йиғлаб юборади.
— Сизни соғиндим... Соғиниб кетдим, дадажон! Беихтиёр Болта Мардоннинг ҳам ўпкаси тўлиб келади.
Ота-бола бир-бирига ёпишиб йиғламоққа тушади. Қоғозга ўралган дори оёқ остида...

* * *
Бу дунёнинг ғавғоси бунча кўп! Болта Мардон қамчисига ияк тираб, кишибилмас, эр-хотиннинг машмашасига қулоқ тутган.
Қутичадеккина ҳовли. Қаровсизроқ. Усти-боши кир-чир уч-тўрт болакай, ота-онанинг дийдиёсига тамоман бепарво, нимадир ўйин билан машғул.
Эр — афт-ангори қорамойга белангандек бир барзанги — супа лабида чўнқайиб ўтирибди. Кетмонси-фат кафтлари билан қулоғини бекитиб олган.
— Ҳў-ў, бас қил энди! Қулоқ-мияни еб қўйдинг-ку, энағар! — деб қўяди ҳар замонда дўриллаб.
Айвоннинг тагида, бир қўлида супурги, бирида латтадек ҳилвираб турган аллақандай қоғоз — муштдеккина хотин ҳовлини бошига кўтаргудек чинқираётир:
— Майли, келиб ўтирсин — мана ҳовли, мана жой! Лекин манови етимчаларингни судраб мен қай гўрга борай, айт?!
— Оббо-о! Нима деяпти-я бу шанғи?!
— Биламан — ўша! Ўша суюқоёқдан бошқа ҳеч ким қилмайди бу ишни! Мана шу ўйилгур кўзларим билан ўзим кўриб эдим-а! Ҳу, холангнинг тўйида, Боғболода, сенга муқом қилиб ўйнагани, сенам кўзингни лўқ килиб ўша манжалақига тикилиб ўтирганинг эсингдан чикдими? Ҳа-а!..
— Эҳ, худойим-эй! Қаёқдан топдинг-а бу гапни?
— Бўлмаса, нимага шунча жойдан оқиб келган бу сабил менинг ҳовлимга, менинг ариғимга етганда илиниб қолади?
Шундагина можаронинг пайновини англаган Болта Мардон бу ёкдан туриб ҳайқиради:
— Бўлмаса, ариқ-париғингни тозалаб қўйгин-да, мусулмон!
Эру хотин серрайиб қолади.
— Ҳой келин, қанақа қоғоз экан ўзи у? Бу ёққа бер-чи!
Эр шўрликка бирдан жон киради — ирғиб туриб хотинининг қўлидаги ҳилвираб, бир чети юлиниб қолган шум қоғозни оласолиб, девор оша Болта Мардонга узатади.
Бинафша бўёқ чапланиб кетган қоғозга қоқ ўртасидан камон ўқи ўтган юрак тасвири туширилиб, тагига «Барибир сени яхши кўраман!» деб ёзилган экан.
— Бу қоғоз меники, — дейди Болта Мардон илкис бош кўтариб. — Мен ёзганман буни!
Эр-хотин бир-бирига қараб қолади.
— Иби, раис бобо, ростданми? — дейди бадрашк хотин бирдан бўшашиб. — Сиз?.. Уят бўлмайдими?
— Яхши кўриш уят эканми? Нима, мен одам эмасманми? Сенинг эрингга бировлар хат ёзар экан-у, менга ёзмайдими? Ёки мен бировга ёзолмайманми? Гап бундай, келин: бўлмаган жойдан ғавғо қўзғаб ўтиргунча, эрингга қара, бола-чақангга, манови ҳовли-жойингга қара! Тушундингми? Ўзингга ҳам бир назар ташлаб қўйсанг зиён қилмас!
Болта Мардон шартта бурилиб бу ердан жиларкан, ҳалиги қоғозни нарироқда ўз хаёллари билан банд бўлиб турган Ботирга узатади:
— Сеникимиди? Боя қулоқбошида бир нимани ёзиб-чизиб ўтиргандай кўринувдинг...
Девор ортидаги машмашадан унча бехабар Ботир қоғозни олиб кўз ташлайдию дув қизаради ва уни кафтида ғижимлаб, ариқда қувлашмачоқ ўйнаб оқаётган сувга тикилиб қолади.

* * *
Эгасизмикан, ташландиқ бир ялангликдан ўтаётиб ота-бола бирдан тўхтайди. Уларнинг диққатини ғалати бир ҳол жалб этган.
Деворлари емирилиб нурай бошлаган ғариброқ ҳовлининг бурчак девори остидаги мўридан дам-бадам аллақандай мис кўза кўриниб, сувга тўлгач, ғойиб бўлади.
Ботир отасига саволомуз, таажжуб билан боқади. Отда ўтирган Болта Мардоннинг кўзи девордан ичкарида.
Ортидан қараса навжувонлардек хипчагина кўринадиган, аслида ёши хийла ўтинқираган бир аёл кўзасини тўлдириб ўрнидан туради-да, майиша-майиша элтиб дарахтларининг тубига қўяди.
Бу ҳол учинчи бор такрорлангач, Болта Мардон Ботирга:
— Шу ҳовлига озроқ сув оч, ўғлим, — дейди. — Анови кўк тошни суриб қўйсанг кифоя.
Ботир отасига малолли қарайди:
— Бунақада эртагаям сув бормайди ҳовлимизга!
— Айтган ишни қил!
Болта Мардон отидан тушиб, уни букри беҳига боғлайди-да, ўғлига «Сен пастлаб боравер» дея, ўзи ажиб бир чаққонлик билан девор кемтигидан ошади.
Сувга қайтиб келаётган аёл уни кўриб, қўлидаги кўзаси тушиб кетади. Бир сесканиб, шоша-пиша рўмолининг учи билан оғзини тўсиб олади.
— Иби, ака, сизми? Ассаломалайкум, — дейди ғалати бир титроқ билан.
— Бормисан, Шарофат?
— Шукр, шукр, ака.
— Боғни хароб қилибсан-ку?
— Нима қилай, ака, бенаво бир бева бўлсам...
— Неча йил бўлди... ўлганига?
— Шу йил кузакда беш йил бўлади.
— Ёмон одам эмас эди. Мўмин-қобилгина.
— Яхшими, ёмонми, худо раҳмат қилсин энди. Болта Мардон девор тагида занглаб ётган эски белкуракни олиб, у ер-бу ердан сувга йўл очмоққа киришади.
Бир маҳал нафас ростлаш учун қаддини кўтариб, беихтиёр уй тарафга назар ташлайди. Қарайдию турган жойида қотиб қолади: ажаб манзара!
— Ётавба-а!.. — дейди ёқасини очиб туфлаб қўяркан. — Бу не синоат бўлди экан? Худди кеча тушимга кирганининг ўзгинаси-я!..
Пастак кулбадан берирокдаги лойсупа ўртасида баҳайбат бир тут бўй чўзган эди!
— Танасининг айрилиги ҳам ўша-ўша, каваги ғорнинг оғзига ўхшашлиги ҳам... Ё қудратингдан!
Талай замон шу тахлит ҳуши оғиб турган Болта Мардон ниҳоят:
— Шарофа-ат, — дея, нима қиларини билмай шу атрофда шох-шабба териб юрган аёлни чақиради. — Бирпасгина шу супангда ўтирсам майлими?
— Иби, бу нима деганингиз, ака? Юринг, уйга киринг.
— Йўқ, Шарофат, менга шу ер маъқул, — дейди Болта Мардон. Кейин ўзи ҳам кутмаган бир гап оғзидан чиқиб кетади: — Энди уйингга кирдим нима, кирмадим нима!..
Аёл унга аянчли бир қараш қилиб, кулбасига кириб кетади.
Супага келиб жойлашган Болта Мардон анграйиб тутга тикилгани тикилган. Тарвақайлаган шохларига қарайди, кавагини кўздан кечиради.
Аёл уйдан бир коса қатиқ билан дастурхон кўтариб чиқади.
Меҳмоннинг олдига дастурхон ёзгач, бориб лой-сувоқ айвонининг бир чеккасида муштдеккина бўлиб ўтиради. Одатдагидек, рўмолининг учи билан даҳанини тўсиб олган.
Болта Мардон қатиққа нон тўғраркан, ўзига ўзи гапиргандек сўзланади:
— Шу қишлоқда мен кирмаган, мен кўрмаган ҳовли-жой йўқ деб юрардим. Ажабки, бу уйга бирор марта бўлсин қадам босмаган эканман. Худди балоси бордай, қочиб ўтардим-а...
— Жанозасига келди деб эшитиб эдим-ку?
— Келганман, келганман. Дарвозахонадан қайтиб кетиб эдим.
— Бунинг устига, худойим бизни тирнокдан ҳам қисди денг. Эл-улусга бундай бир тўй-маърака ҳам қилолмадик... — Ҳасратлари эскиб битганми, аёл бирдан чеҳраси ёришиб, орзумандлик билан сўрайди: — Кенжангизни уйлантирдингизми, ака? Боя кўриб эдим, сув ёқалаб юрган экан. Бир йигит бўптики!..
Болта Мардон унга ўқдек тикилади:
— Шу бола сеники бўларди, Шарофат... Аёл титрагудек бўлиб ўрнидан туради.
— Гапирманг, ака, гапирманг!
— Тузингга рози бўл, Шарофат. Мана, энди армоним қолмади.
— Эски савдоларни қўзғаб нима қиласиз, ака! Тақдиру пешона денг. Сизда қандай армон бўлсин? Шердай-шердай ўғилларингиз бор, қизингиз бор. Ўзингиз шунча йил элнинг бошида юрдингиз. Ҳозир ҳам бировдан каму камчилик жойингиз йўқ...
— Тўғри айтасан, Шарофат, шундай. Ўзига шукр!

* * *
— Бояги кампир ким эди, дада? Ҳовлисига кирдингиз-ку?
— Э, бир ғариб шўрлик-да, ўғлим...
Болта Мардон қийшайиб, ер бағирлаб ўсган йўғон бир токнинг танасида ўтирибди. Ботир отасига рў-барў, ертокнинг баланд пуштасида чўнқайган.
Сувлиғидан халос бўлган қашқа нарироқда ер искаб юрибди.
— Ботир, гап бундай: шу, аммангнинг қизига кўнглинг бўлмаса, очиқ айтавер, тўй қолади! Бирон карми, кўрми топилар унгаям. Кўнглингга қара, болам! Лекин уйлансанг, шундай бировини топиб хотин қилгинки, сира-сира жонингга тегмасин! Неча йил ўтса ҳам! Буниси энди ҳар кимгаям насиб этавермайди, албатта. Бўлмаса, бу савдо — бир умрлик азоб. Шу гапим эсингиздан чиқмасин, Ботирбой!
Кенжа Ботир таажжубда қолган. Ота хомуш, сўзида давом этади:
— Тағин бир гап, ўғлим. Эртага бир кун орқамда қолмасин-да. Сен энди ёш бола эмассан, билиб қўйганинг маъқул. Нолиган — ношукур дейдилар. Энангни айтаман-да, яхши хотин. Ювош. Мана, сенларни туғиб берди, катта қилди. Ўзим ҳам ундан бирор ёмонлик кўрмадим. Лекин кўнгил курғур ҳе-еч... Билмадим — нимага... — Болта Мардон дафъатан ҳушёр тортади. — Бўлди, турдик. Сен анови кўприкнинг нарёғидаги ҳовлидан бир хабар ол-чи...
— Уйгаям яқинлашиб қолдик, дада. Бу сувингиз қачондан бери тинмай оқиб ётибди. Ҳаммаёғимизни босиб кетган бўлмасин тағин!
— Майли, ўзинг биласан, Ботирбой.

* * *
Кимсасиз бир сайҳонлик. Узоқда отини етаклаганча Болта Мардон ёлғиз кетиб бораётир.
У тобора олислаб, аллақандай дарахтзор ичида кўздан ғойиб бўлади.

* * *
Амирнинг данғиллама ҳовлиси.
Мармар бассейнга шариллаб сув тушяпти.
Ҳовлида чопа-чоп авжида. Кўпчилиги ёш-яланг, келин-кепчак. Алланималарни кўтариб у ёқдан-бу ёққа ўтишади.
Ҳовли ўртасидаги, зиёфат дастурхони ҳозирланаётган баланд шийпон зинапоясидан, икки қўлида икки ликобча, Зулфия чиқиб бораётир.
У четланиб, юқоридан тушиб келаётган янгаси — Амирнинг семиз хотинига йўл бўшатади.
Этакроқдаги ўрик тагида пичоғини тишлаб олган қассоб йигит муштуми билан сидира-сидира, дарахт шохига осилган қўйнинг терисини шилмоқда.
Боғнинг хилватроқ бурчагида нозик мехмонлар ташрифига атаб янги «иншоот» пайдо бўлган. Атрофи рангдор сунъий чарм билан тўсилган бир жой. Тепасига сув бочкаси ўрнатилган. Замонавий ҳожатхона.
— Вот, хозяин, прими, — дейди ичағонлиги башарасига битиб қўйилган найнов уста ичкарига мўралаб турган Амирга.
У осилиб ётган чилвир ипни пастга тортиб кўрсатади — шиғиллаб унитазга сув тўкилади.
— Маладес, Генка, маладес! — дейди Амир устанинг елкасига қоқиб ва орқасида турган ўғлининг қўлидан газетага ўроғлиқ бир нимани олиб унга тутқазади. — Бизнинг ҳожатхоналар уларга тўғри келмайди-да, — деб уқтиради анқайиб қолган ўғлига. — Қоғозни анови ерга қўйиб қўй.
Кейин Амир бояги чилвирни ўзи тортиб кўради. Шиғиллаб пастга сув тушади.
Қўлбола ҳожатхонадан чиққан сув қўшни ариққа қараб оқади.
Бассейн тўлай-тўлай деб қолган...

* * *
Кўчада отини етаклаб келаётган Болта Мардон эрталабки кўзи ожиз мўйсафиднинг ёнидан ўтади.
— Бахайр, Болтабой! Мурод ҳосилми ишқилиб?
— Бир нави, Ҳамро бобо!
— Хотиржам бўлинг, бўтам, ўқилди. Худо хоҳласа, ижобат бўлгай!
— Қуллуқ, қуллуқ.
— Бу дейман, сувлар ҳам энди бир-бирига қўшилиб-аралашиб кетгандир-а, Болтабой?
— Нима деганингиз, бобо, тушунмадик-ку?
— Баҳри уммонга куйилганда ҳам аралашмайдиган жаннат сувини айтаман-да. Орада ҳарирдек бир нимарса бўлармиш — қўшилмоққа, айнимоққа қўймасмиш шу. Агар аралашса, билингки, рўзи қиёмат яқин! Эски китобларда шундай ёзилган, та-ғин ким билсин!
— Бўлса бордир, ким билсин!
Қулоқбоши.
Бу ерда ҳозиргина бир можаро кечгани аён.
Сочлари ҳурпайган, шопмўйловининг ярми юлиниб масхара бир қиёфага кирган ёқавайрон Ўрин Жагани икки-уч мелиса мошина томон судраб бораётир.
Пастда — сарбанддаги кўлчада бет-боши ҳўл, кийимлари шалаббо бир кимса сув кечиб юрибди. Самар раис. Бир қўлида шляпа, иккинчисини пахса қилиб у банди этилган миробга дўқ ураётир.
Мелисаларнинг чангалидан халос бўлмоққа уриниб ўзини ҳар ёққа отаётган Ўрин Жага ҳам, кўзлари ола-кула, ўзича нимадир деб бақиради, ўтаётиб аламидан супа лабида турган аллақандай алюмин идишни (канистр) бир тепиб ағдаради. Идишнинг оғзи сустроқ буралган эканми, ундан сизган сарғимтир суюқлик (бензин шекилли) ариққа қараб оқа бошлайди.
Мошинага чиқиш олдидан банди қўлидаги сигаретни елкаси оша чертиб юборади. Лаҳза ўтмай ўша томонда аланга кўтарилади.

* * *
Болта Мардон дарвозасига яқинлашганда аравачали бир мотоцикл тўхтаб, ундан Қодир тушади. Мотоцикл кажавасига йирик-йирик қилиб «ВАЛЕНТИНА» деб ёзилган ва ўша космонавтнинг скафандрдаги расми солинган.
— Қулоқбошидан келяпман, — дейди у саросимада. — Жагани милиса олиб кетибди. Раис билан ёқалашиб, сувга итариб юборган экан. Ҳозир қулоқ-бошида раиснинг ўзи...
— Ҳай, улар — эт билан тирноқ. Битишиб кетар, — дейди Болта Мардон алланечук бепарво.
— Дада, кечиринг. Мактабда шу қизга кўнглим бор эди...
— Кўнгил берган одам шундай сўгшайиб қоладими?!
— Ўзингиз...
— Нима — ўзим? — Болта Мардон ўғлига ўқраяди. — Ота деганинг пайғамбар бўптими!..
Шу вақт дарвозадан Ботир кўринади. Ташвишманд.
— Дада, эртага яна чиқамиз шекилли. Сув ёқалаб...
Болта Мардон чурқ этмай, отини етаклаб ичкари кириб кетади.
Ака-ука бир-бирига тикилиб қолади. Қодир чўнтагидан сигарет чиқаради.
— Менгаям беринг битта, — дейди Ботир.
— Чекмасдинг-ку?
— Чекмас эдим...
Тонгги манзара такрорланади.
Ана, Болта Мардон, қўлида обдаста, йўлка бўйлаб таҳорат олиб қайтаётир...
Мана, ичкаридан номоз овози...
Ҳовли кимсасиз — ҳамма қўшни ҳовлида.
Ана, елкасида тўн, Болта Мардон ёлғиз боғ оралаб юрибди...
Дарахтдан холироқ жойга чиқиб, осмонга тикилади у. Осмонни булут босган. Тунд. Нотинч.
— Тавба...
Мана, ниҳоят, уй эгаси боғ этагидаги, Амирнинг ҳовлисидан чиқадиган ариқ бўйида...
Сув пайновдан бир қулочча бери ўтгану қуриб қолган!
Бир муддат шу ҳолга тикилиб турган одам, иягини қашлай-қашлай нари кетади.
У тағин дарахт оралашга тушади...
Теварак қоронғилаша бошлаган...

* * *
Қўшни ҳовли ёп-ёруғ, чароғон.
Шийпонда аллақачон зиёфат бошланган.
Тўрда — сипо кийинган силлиқ-силлиқ меҳмонлар. Олтмишларга яқинлашган тепакал киши — «асосий катта» ўртада ўтирибди. Ёнида ўта замонавий либосдаги сулув бир жонон. Қизими, ё?..
— Бассейн тайёр, Алишер ака!
— Яшанг, Амирбой, қойил!

* * *
Ўша ҳовлидаги ошхона.
— Дадам бечора бир ўзлари ўтирган бўлсалар кераг-а, эна? — дейди пиёз арчиётган Зулфия ташвишланиб.
— Аввали оқшомданоқ ётиб олиш одатлари бор, — дейди Мусаллам опа. — Айниқса, бугун, чарчаб келган бўлсалар...
Ботир ўша ҳовли дарвозаси олдида турибди. Ёлғиз. Сархушроқ. Қўлида телефон, Тошкент билан гаплашмоқда.
— Мен ҳам... Жуда! — дейди у эҳтирос билан.
— Нигор! Айтинг-чи, бир куни келиб жонингизга тегиб қолмайманми?
— Неча йил ўтса ҳам-а?
— Сиз-чи?
— Унгаям бирон карми, кўрми топилармиш. Дадам айтдилар.
— Йўқ, тушунмадингиз. Шундай бир нақл бор. Бизда.
— Индин. Ҳа, эртадан кейин бораман...

* * *
Қоронғида боғ кезиб юрган одам ногаҳон мункиб кетадию бир дарахтни қучоқлаб олади. У дарахт танаси бўйлаб сирғала-сирғала ерга ўтириб қолади. Сўнг секин орқага кетиб, ерга чалқанча чўзилади. Муаллақ қолган қўллар бир зум титраб тургандек бўлади-да, шалоп этиб икки ёнга тушади.
Қўшни шийпондан ёғилаётган бир тутам нур очиқ кўзларни ёритиб, чўғдек яллиғлантириб юборгану улардан қайтган ғайритабиий бир шуъла тепадаги, шамолда қалтираётган япроқлар аро ялт-юлт этиб аксланади...
Дарахт баргларини шитирлатиб, ёмғир шивалай бошлайди.

* * *
Қўшни шийпон. Базм авжида.
— Саратонда ёмғир-а! Чудо, чудо! — дейди «асосий катта» кафтларини бир-бирига уриб, қувнаб. — Кавказ! Настояший Кавказ! Что там Кавказ — жаннат! Жаннат-а!
— Атай заказ қилганмиз-да, ака!
— Қойил, Амирбой! Яшанг!
— Зўридан битта бўлсинми, Алишер ака? — Амир пастдаги чорпояда ўтирган санъаткорларга қараб ҳайқиради: — Бошла, Жума!..

* * *
Вишиллаган шамол аралаш ёмғир кучайгандан кучаяди. Гўё қоронғи дарахтзор қаърида чўзилиб ётган жасадни сувга кўмиб юбормагунча қўймайдигандек...
Қўшни ҳовлида янграган ялла ёмғир шовқинини босиб кетгудек...
Юрак туйгуларим айтаман сизга,
Ўзим ўсма қўяй шўх қошингизга.
Аразламанг, жоним, аразламанг...
Ёмғиру тўзонга басма-бас, боғ-боғот оралаб қоронғида ёнарқурт мисоли яллиғ таратиб бир илон судралади.
Сув ўрнига ариқда олов оқаётир, олов...

* * *
Эртаси куни.
Марҳумни дафн этган тобуткашлар кўчани тўлдириб қайтмоқда.
Кечаги кундан бизга таниш-нотаниш кўпчилик шу сафда. Ана — маҳмадана таъзиягир ўғил; ана — отаси бемор ётган «сув ўғриси»; ана — бир соат ичида туғилган Ҳасан билан Ҳусан; ана — бировларга ўлим тилайдиган баднафас Бозор сариқ; ана — гурунгга ишқибоз чол, бекорчи танбал Жумақул, рашкчи хотинидан дакки еган эр...
Ўрин Жага тўдадан четрокда — бир ўзи келаётир. Мўйловсиз. Таниш қийин. У дам-бадам енги билан кўзёшларини артиб қўяди.
Йўлнинг ярмига келганда саф бошида бораётган ҳассакашлардан бири — марҳумнинг кенжа ўғли ногаҳон акаларидан ажралиб, бир тор кўчага кириб кетади.
Буни кўрган биров-ярим узрли ҳолга йўйиб, аҳамият бермайди.

* * *
Бизга таниш ҳовли.
Ўртасида қари тут ўсган супанинг бир четида тиззаларини қучганча боққа қараб кечаги аёл ўтирибди. Эгнида кўк кўйлак — мотам либоси.
Ҳовлига кирган йигит аста келиб аёлнинг кифтига қўл теккизади.
Аёл оғир қўзғалиб жойидан турадию йигитнинг елкасига бош қўяди.
— Бандалик экан-да, болам...
Йигит беихтиёр тепага қараб, бургутдек қулоч ёзган улкан тутга тикилиб қолади.
Қадимий тут унинг кўз ўнгида яшнаб турган азамат бир дарахтга айланади...

Забаржад
Отим ориқ, манзилимга етолмайман-о…Қўшиқдан
Ёз куни. Тушдан кейинги сокинлик.
Айқириб оқаётган сой ёқалаб ўттиз беш-қирқ ёшлар чамали бир киши енгил хиргойи қилиб келмоқда. Вақтичоқ, қадам олишларидан андак ширакайфлиги билинади.
Нариги томонда — қуюқ дарахтзор чорбоғ этагидаги тикроқ соҳилда, олдида ҳар хил қўғирчоқ, ўйинга машғул бўлиб ўтирган олти-етти яшар қизалоқ сой ёқалаб келаётган кишига кўзи тушиб шодон қийқиради:
— Дадажон! Дадажон!
У ўрнидан тураётиб олдинга мункийди ва оёғи остидаги қўғирчоқларига қўшилиб сирпана-думалай сойга тушиб кетади.
Қизалоқ сув юзасига бир қалқиб чиқади-ю, жонҳолатда типирчилай-типирчилай чўка бошлайди.
Нариги қирғоқдан ўзини сувга ташлаган ота уч-тўрт ҳамлада қизга етиб олади-да, уни боши узра баланд кўтариб соҳил томон отиб юборади. Кейин ўзи икки-уч марта талпиниб юзага чиқади-ю, бирдан кўринмай кетади.
Сув сатҳида уюрмасимон ҳалқалар ҳосил бўлади, қизалоқнинг турли-туман қўғирчоқлари ўша доира бўйлаб айлана бошлайди.
Соҳил узра эсини йўқотиб қўйган қизалоқнинг чинқириғи янграйди:
— Дада-а-а! Дадажо-о-он!

* * *
Забаржад деган бир... қиз деймизми энди, жувонми... оппоқ елкалари очиқ, гулдор чойшабни ичкўйлак мисоли қўлтиқлари остидан ўтказиб танғиб олган, эшик ёнбошидаги электр тугмачасини босиб, чароғон ваннахонага киради. Аллақандай сирни англаб етмоқчи ё ниманидир салмоқлаб кўраётган каби қўлидаги ғижимланган оқ рўжага бир нафас тикилиб туради. Кўнглидан кечгани эса бундай:
— Шугина керакмиди сизларга? Мана, тамом!
У рўжани ваннага отади-да, жўмракни очиб юборади. Шариллаб оққан сув гўё бир зум қон тусини олади — жомга тушибоқ қип-қизил қонга айланаётир!
Кўзида ёш ҳалқаланган Забаржад бир сесканиб, жомга диққат билан тикилади. Йўқ, сув! Оддийгина сув. Андак хира тортгандек, холос.
Ванна деворига ёпиштирилган зарҳал тасвирдаги яримяланғоч ишвакор жонон сирдошларча кўз қисиб қўяди.
Забаржад рўпарадаги доирасимон кўзгуга солади ўзини. Сочлари бетартиб ҳурпайган, кўзининг сурмаси чаплашган.
Юзини ҳар мақомда буриштириб кўради, тилини чиқариб ўзини масхара қилган бўлади.
— Кўнглингиз жойига тушдими, жоним? Баттар бўлинг!
Сўнгра кўзгу тагидаги жўмракда юзини яхшилаб ювиб, тағин аксига боқади: шўх нигоҳлар ўша-ўша, кулгичлар ўша-ўша — бирор нарса ўзгармаган!
— Ҳеч гап эмас экан-ку!

* * *
Тангу тор ошхона. Дераза ёнидаги емак столига тирсак тираб бир киши ўтирибди. Майкачан. Чекяпти. Ўртаяшар. Сочига оқ оралаб қолган. Юзи кўринмайди.
Забаржад орқадан келиб уни бўйнидан қучади, сочларига юзини суйкайди.
— Дадамнинг ҳам сочлари шундай эди. «Нега бошқаларнинг сочи қоп-қора-ю, сизники бунақа?« деб сўрасам, »Мен кул сепиб олганман-да», дердилар.
Забаржад столни айланиб ўтиб, ҳалиги кишига рўбарў ўтиради. У ҳам столга тирсаклаб, суҳбатдошига тикилади.
— Пушаймон қиляпсиз-а? Бўлгани бўлди энди, дўстим, ўйламанг! Бу ишда бой берган мен-ку, сизга нима? Лекин ўзим ҳечам афсус қилмаяпман. Қайтага, қушдек енгил бўлиб қолганга ўхшайман. Орзум шу эди, мана, етдим. Беш йил бўлди-я! Энди сиздан бошқа бирон эркак бу остонани кўрмайди. Забаржад сўзим! Ё келсинми, майлими? Гапирсангиз-чи, ахир! Э-э-э! — Забаржад худди ёш болага дўқ қилаётгандек бир жазава билан столга шапатилайди. Сўнг бирдан юмшаб, жилмаяди. — Тўғрисини айтинг, кутмаганмидингиз? «Қари бўлса ҳам — қиз яхши» деган гапга энди ишонгандирсиз? Э, ким ҳам ишонарди — ўттизлардан ошиб, шу вақтгача!.. Уятсизман-а? Қип-қизил шарманда! Уриб-уришадиган эринг, уяладиган боланг бўлмаганидан кейин одам бора-бора мана шундай беҳаёга айланар экан, дўстим!
Ўртада турган чинни тарвузга пичоқ санчилар-санчилмас (сўяётган кишининг фақат қўли кўринади), у паққа иккига бўлиниб кетади. Қондек қип-қизил! Забаржад тарвуз палласига чангал уриб «юраги«ни ажратиб олади-да, стол узра узалиб »дўсти»нинг оғзига мажбуран тиқади.
— Қўполман-а? — дейди қилмишидан куйингандек. — Қўполман. «Сен, Забар, асли ўғил бола бўлиб туғилишинг керак эди, нимадир хато кетган-да», дердилар дадам. Ростдан ҳам, ўғил бола бўлганимда бундай юрмасдим. Ий-й, йўқ, йўқ, шундай — қиз бола бўлганим яхши! Ўғил бола бўлганимда сизни қаёқдан кўрардим, тўғрими? Ўғил бола... Мана кўрасиз — ўғил бўлади. Аниқ, а-аниқ! Ўзингизга ўхшаган: қоравой, индамас. Агар... мабодо қиз бўлиб қолса, дуч келган бирортасига шартта тегиб оламан, Забаржад сўзим! Қиз бола отасиз ўсмаслиги керак. Отасиз ўсган биттасини, мана, кўриб ўтирибсиз!

* * *
Забаржад енгил-енгил ҳатлаб зинапоядан тушмоқда. Иккинчи қаватдан ўтаётганида орқадан биров товуш қилади:
— Забар, Забар, ишга кетяпсанми?
— Балиқ овига! — дейди Забаржад беписанд ўгирилиб.
Ён тарафдаги салқи занжирланган эшик тирқиши¬дан соч-соқоли ўсиб кетган қўсқи бир башара чала кўринади.
— Мениям билла опкетсанг-чи! Сувга тушиб кетмагин деб белгинангдан қучоқлаб ўтирардим.
— Қармоқ-пармоғинг йўқ-ку, Зокир, — дейди савдойи қўшнисининг бу каби шилқимликларига кўникиб кетган Забаржад беозор кулимсираб.
— Менинг қармоғимни кўрмагансан-да, ҳей қиз! — дейди Зокир очиқча бетамизликка ўтиб. — Во-ей, бунинг фигурасини қаранг! Шимлар таранг, кўкраклар диркиллаган! Ўлиб қоламан, во-ей!
— Ҳе, айнимай ўл! Девона!
Ўйламай айтган гапига чув тушган Забаржад уч зинани битта қилиб пастга отилади.
— Менгаям опке балиғингдан. Лаққасидан бўлсин, ҳей! — деб қолади «занжирбанд».

* * *
Серсоя ҳовли ўртасидаги шийпончада доимий улфати Юра пиён билан домино ўйнаб ўтирган олтмиш ёшлардаги чуваккина одам — Зокирнинг отаси Восил амаки йўлакдан чиққан Забаржадга кўзи тушиб, ўзича яйраб кетади:
— Ҳа, Жўрабойнинг қизи! Келинчакка ўхшаб қолибсан, тўй қачон?
— Сизга ҳар куни тўй-ку, Восил амаки! — дейди Забаржад хушҳоллик билан; асли беғубор шу шўрликка раҳми келади доим.
— Йўқ, сенинг тўйингда тўйиб бир ичиб армондан чиқмоқчиман-да, қизим. Ошнам раҳматлини эслаб!
— Куёв топилмаяпти, амаки, куёв йўқ!
— Сендай нозанинга қарамаса, йигитман деганларининг кўзи қаёқда экан-а!
— Ўзингиз келин қилақолмайсизми?
— Зокиргами? Э, у сенга тўғри келмайди — туремшик!
Иккинчи қават деразасидан ҳайқирган овоз келади:
— Ким туремшик, ҳў пиёниста! Ўзи кўниб турибди-ку, босиш керак!
Восил амаки хира пашшани ҳайдаган каби дераза томон қўл тўлғаб қўяди: бас қил!
Забаржад узун боғичли сўмкачасини елкасидан олиб, кавлай-кавлай улфатларга яқинлашади. Кафтида ғижимлаган пулни билинтирмасликка тиришиб Восил амакининг чўнтагига тиқиб қўяркан:
— Куёв топсангиз — суюнчисига, — дейди пичирлаб.
Восил амаки сўниқибгина ерга қарайди.
— Раҳмат, қизим. Пешонанг очилсин илойим.
Юра пиённинг кўзи чақнаб кетади, қизга умид ва ҳавас билан боқади. Кейин энгашиб, қўлбола стол тагидан қизғиш шишани олади.
— Давай!
Дераза тарафдан яна шанғиллаш эшитилади:
— Неча сўм экан, ҳў пиёниста? Бир тийинини ҳам қолдирмай менга берасан, билдинг! Энди у менинг қайлиғим-ку! Кечқурун менга балиқ опкелади, ўзи айтган!
Восил амаки аста бошини кўтариб деразага қарайди. Бир лаҳзада кўзлари қизариб қолибди.

* * *
Забаржад уйни айланиб ўтиб йўлкага бурилганида учинчи қават деразасидан аясининг саси келади:
— Ҳой бойвучча, анови тасқарага нега пул берасан?
Забаржад йўлидан тўхтаб, деразага юзланади:
— Кимга? Қанақа пул?
— Ҳали деразадан ўзим кўрдим-ку!
— Раҳмим келади, ая. Ичим ачийди кўрсам.
— Менга раҳминг келсин! Сен етимчаларни хорлигу зорликда боқиб катта қилган онангга ичинг ачисин!
— Яхши одам-ку, ая! Доим дадамни гапиради. Ўртоқлари эди.
Деразадан энгашиб олган Вазира опа баттар тутақади:
— Қанақа ўртоқ?! Бир жойда ишлаган, холос. Ҳай, ана, шунчаки бир қўшни! Яхши одамни хотини ташлаб, қизиникига бориб ўтирадими, а?! Яхши одам пуштикамаридан бўлган фарзандини занжирга солиб қўядими?! Яхши одам қизи тенги бировдан садақа оладими?! Яхши одам бўлса, эртаю кеч...
— Бўлди, бўлди, ая! Қўни-қўшни эшитади. Нима қилсин бечора? Ўзингиз биласиз-ку!
— Ана, жиннихонага элтиб топширсин!
— Ая! Ҳар ким аҳволини ўзи билади. Биттаю битта ўғил!
— Ҳали сен чиққан заҳоти Диля ўртоғинг телефон қилувди, — дейди Вазира опа негадир дарҳол шаштидан тушиб. — Ишхонангнинг олдида кутармиш. Гапи бор экан.
— Гаплари бўлса, ўзлари келиб мени опкетмайдиларми у танноз хоним! — дейди Забаржад йўлга тушаркан, нимадир нашъа қилиб. — Тагларида — «Нексия»! Диля Дубай!
— Ҳой, кирпорошок эсингдан чиқмасин-а!

* * *
Микроорганизмлар тадқиқоти институти.
Сўмка-пўмкасини қўйиб, оқ халат кийиб чиққан Забаржад тез-тез юриб майдон четидаги дарахтлар соясида турган «Нексия»га яқинлашади.
Ялтир-юлтир ясаниб олган Диля кимгадир «Нима ўйласангиз ўйлайверинг! Бугун келмайсиз, тамом! Тоже мне!» деб жаҳл қилади-да, қарсиллатиб телефончасини буклайди.
— Қани, гапирсинлар, — дейди мошинага кириб унинг ёнига ўтирган Забаржад.
— Ўтирибсан микробларга ем бўлиб?
— Микроб эмас, саводсиз, фойдали микроорганизмларни тадқиқ этиш институти!
— Бари — бир гўр!.. Кетяпман, ўртоқ!
— Янами? Ўша ёққа?
— Бошқа қайга бўларди! Бу сафар олти ойга!
— Етар дейман.
— Етмайди, Забар! Менга етмайди! Сенинг-ку даданг ўлган эди, мен бир қари кампирнинг қўлида тирик етим бўлиб ўсганман. Кўзим оч. Бўлса, яна кўпроқ бўлсин дейман. Шунақа. Дугонангнинг феълини биласан-ку, ўртоқ! Бола катта бўлиб қоляпти. Келажакда ўқишини ўйлашим керакми — керак! Участка қурмоқчиман. «Дом» жонга тегди — бурилолмайсан, тангу тор. Кейин — мен ҳам одамдай яшашга ҳаққим борми, йўқми?!
— Яша, яша. Рухсат бердим.
— Кулма, Забар. Анови сўтакнинг аҳволини ўзинг биласан. Уйга бир сўм топиб келолмаса! Қўлидан бир иш келмаса! Кетига тепганимга икки йил бўлди, ўртадаги ўғил баҳона, сиртига сув юқтирмайди-я! Худди ҳеч нима бўлмагандек, «Уйингнинг калитини ташлаб кет« эмиш! Ижарага қўйиб пул ишламоқчилар! »Ебсан», дедим. Эшитдинг-ку ҳали. Ижара қўядиган бўлсам, ўзим қўймасмидим! К чему это мне! Тўрт пул чиқадими, йўқми, шунча ремонтимнинг дабдаласини чиқазиб ташлайди. Биламан, маржабозлик қилмоқчи бу. Ўргилдим сиздай маржабоздан! Ҳолинг менга маълум-ку. Қўлингдан бирор иш келганида мен бундай сарсон бўлиб юрармидим! Калитимнинг биттасини сенга ташлаб кетмоқчиман, Забаржад. Лойимиз ҳар жойдан бўлгани билан эски ўртоғимсан, мактабда билла ўқиганмиз. Ҳафтада бир-икки бор гулга сув қуйиб кетсанг бас. Гулларимни кўргансан, Арабистондан келган антиқа гуллар. Менга қара, Забар, биратўла келиб меникида яшаб турсанг-чи? Шаҳарнинг қоқ маркази, ҳамма шароит муҳайё. Ҳу-ув Сирғалингдан сакиллаб юргунча! У ёқдан семириброқ келсам, арзон-гаров қилибми, балки бутунлай ўзингга берворарман. А, нима дейсан?
— Гул-пулингга қараб туришим мумкин, лекин уйинг ўзингга буюрсин, жоним!
— Мана шундай тантиликларингга борман-да, Забар! Са-ал менга ўхшаганингда-ку ўзим билардим нима қилишни. Сендақасини кўрса, ўлиб қолади улар! Олти ойда оғиз-бурнинггача тўлиб кетасан! Бўлди, бўлди, тумшайманг. Билдик — сиз фаришта, Вазира кеннойим ҳам ўпмаган ҳуру ғилмонсиз! Жа-а бўлмаса, денгизларда чўмилиб келардинг!
— Сувни ёмон кўраман.
— Ёмон кўрармиш, қўрқсанг керак-да? Чўмилсанг — шундоқ мазаки, илиққина! Танангдаги бор гарду ғуборни ювиб кетади.
— Сени-ку ўнта денгизда чўмилтириб олса ҳам бефойдадир!
— Денгиз эмиш, океанда дегин! — Диля тантилик билан қиқирлайди. — Ўзинг кимга асраб юрибсан бу мулкни, ҳайронман? Кўтарасига бервормайсанми?!
— Эгаси чиқиб қолар, — дейди Забаржад сирли жилмайиб. — Кўтарасавдони сен қиласан!
— Вой, ҳалиям анови... Бошингга урасанми уни! Ёши катта бўлса, бола-чақали, ўзиям бир хунук, тасқара! Лекин-чи, Забар, тўғрисини айтсам, ўша одамингнинг бир балоси бор-ов. Жи-им ўтирсаям, гапирмасаям, ёнидан кетгинг келмайди-я! Бундай бир ёшроғини топсанг-чи, ўртоқ! Қачонгача юрасан қулф солиб?!
— Ёши ҳам бор. «Дипломат».
— Ҳо-о, зўр-у! Ҳаҳ, писмиқ, яширишини қаранг!
— Йўқ, сен ўйлагандақамас. «Дипломат« кўтариб юради, холос. Кейс бор-ку, ўшани. Кўзини лўқ қилиб, "Севаман!" дейди. Ўзи мендан беш ёш кичик! Шунисини айтсам, "Сизсиз яшаёлмайман!" дейди тирранча. Ўзича бир балоларни жаврайдими-ей! Қочиб кетгинг келади. Изимдан тентигани тентиган. Ҳозир ҳам шу атрофда юрган бўлса керак. »Дипломати»ни қўлтиқлаб!
— Да-а, биркам дунё экан-да, — дейди Диля дафъатан маъюс тортиб. — Заба-ар, бир гап сўрасам майлими? Анови «дўстим-дўстим» деганингни ростдан ҳам яхши кўрасанми? Айт, нимасини?
— Шунисини билмайман-да. Билганимда-ку... ўзим билардим!
— Мен ҳам бировни яхши кўргим келяпти, — дейди Диля кўзида ёш ҳалқаланиб. Сўнг бирдан ҳўнграб Забаржадни қучоқлаб олади. — Сендай. Сенга ўхшаб. Чин юракдан! Ҳавасим келади сенга, ўртоқ, ишон! Мен одам бўлмадим, Заба-ар! Юришимни қара! Шуям ҳаёт бўлдими, дугонажон? Бир тийин! Бу ҳаммаси бир тийин, ишон!
Забаржад ногоҳ жини қўзиган Диляни ҳурпайган сочларини тартибга солгандек бўлиб силай-силай юпатаркан, институт дарвозаси олдида у ёқ-бу ёққа аланглаб кимнидир қидираётган ҳамкасби Донохонга кўзи тушади.
— Хафа бўлмайсан, ўртоқ, мени сўраб чиқишди шекилли.
— Майли, майли, борақол, — дейди Диля бирдан «мотами» ариб, боягидек совуқ, ўктам қиёфага кираркан. — Мениям ташвишларим бир дунё! Билет, виза-пиза дегандай. Кетишдан олдин ўзим уйларингга ўтаман. Вазира кеннойимга салом айтиб қўй, хўп?
Диля мошинасини шиддат билан орқага суриб, катта йўлга солади.

* * *
Директор қабулхонаси.
Эшикни тарақлатиб ичкаридан Забаржад чиқади. Ранги ўчган. Лекин юзида аллақандай телбавор бир табассум.
Ўзи ўлгудек қаримсиқ, аммо роса ясан-тусан котиба аёл ўрнидан туриб кетади:
— Нима гап? Тинчликми?
— Компьютер синди шекилли, — деб жавоб қилади Забаржад ғалати заҳарханда билан. — Бош ҳам ёрилгандир.
— Вой, нега синади? Нима ёрилди дейсиз?
— Сиз синдирмаганмисиз? Сиз ёрмаганмисиз?
— Вой, нега синдираман? Эсимни ебманми! Бундоқ тушунтириброқ гапирсангиз-чи, Забаржадхон, нима гап ўзи?
— Мен эсимни едим, Хатира опа! Йод-подингиз бўлса, пахтага томизиб тез опкиринг. Дўхтир чақирсангиз ҳам бўлади.
— Вой-вой, домлага бирор нима бўлдими?
— Кирганда кўрасиз!

* * *
Тажрибахона. Тўрт тараф ойнабанд жавон, ўртада узун-узун столлар. Беш-ўн чоғлиқ оқ халатли аёл узунчоқ шиша идишларни кўтариб у ёқдан-бу ёққа ивирсиб юрибди.
Ўзгача бир важоҳатда кириб келган Забаржад кўпчилигининг эътиборини тортади. Одатдаги пичир-пичир, ўзаро маъноли қарашлар.
Забаржад индамай жойига ўтиб, халати чўнтагидан ручка олади-да, бир варақ қоғозга алланима ёза бошлайди.
Бояги Донохон ҳадиксирабгина унинг бошига келади.
— Ҳимояга тегишли бирор янгилик борми дейман. Нега чақирган эканлар?
Забаржад ёзувдан бош кўтариб, атай барчага эшитарли овозда «ҳисоб» беради:
— Шанба куни чет эллик меҳмонлар билан Чорвоққа чиқарканмиз! Дам олишга. Икки кунлик. Мен домлага референт бўлиб борармишман!
Ҳар ёқдан луқма эшитилади:
— Вой, яхши-ку! Маза қилиб келасиз-да.
— Баҳонада ҳимоянгиздан гап очилиб қолар.
— Ўтган гал, баҳорда Барно борувди, эсларингдами? Биотехдан.
Забаржад ёзиб бўлгач, шалдиратиб қоғозни столдан оладию икки ҳатлаб, ёнбошдаги жавон ортида ёзув-чизув қилиб ўтирган лаборатория мудирининг столига элтиб ташлайди.
— Мен ишдан бўшадим, Гулноз Раҳимовна! Мана, аризам! Хайр сизларга!
У апил-тапил иш ўрнини йиғиштириб, сўмкачасини кифтига иладию чиқади-кетади: бай-бай! Ҳамма ҳангу манг.

* * *
Забаржад эшикдан чиққани ҳамоно ғийбат аралаш муҳокама бошланади:
— Шу қизнинг ажаб қилиқлари бор-да! Сал нарсага тўнини шартта тескари кияди-қўяди. Ҳай, Чорвоққа чиқиб келса нима қипти? Тем более, домла ўзлари таклиф қилибдилар. Ҳам саёҳат, ҳам тижорат дегандай, ҳимояси юришиб кетармиди балки. Калит ўзингнинг қўлингда бўлса, қулфингни биров бесўроқ оча оладими, айтинг!
— Забаржадхонга ҳам осон тутиб бўлмас. Диссертацияси тайёр бўлганига бир йилдан ошди. У ёқда ана, Барнохонга ўхшаганлар ҳашар билан ишини битириб оляпти. Алам қилиб кетгандир-да. Неча йиллик меҳнат!
— Бунинг устига ёши ҳам ўтиб боряпти денг. Анови сабил мияга уради-да!
— Домласи қурғур ҳам ҳақини олмасдан қўймайдиган! Ҳув татар қиз ҳам шундай бир можаро билан кетиб қолувди, эсларингдами?
— Хатирани-ку қабулхонасига қамаб, қаритиб бўлди. Қоровулликдан бошқасига ярамай қолгандир энди.

* * *
Забаржад иккинчи қаватга тушганида коридорнинг охиридаги дераза рафида турган таниш «дипломат»ни кўриб қолади. Бир зум иккиланиб тўхтайди-ю, кейин шаҳд билан ўша ёққа қараб юради.
Мана, анови суллоҳнинг ўзи! Хушсурат, қадди-қомати расо. Рисоладагидек кийинган: қора костюм-шим, оқ кўйлагу галстук. Қўлида гул, илжайибгина турибди.
— Яна келдингизми? Сизнинг бошқа ишингиз йўқми? Мен сизга нима деган эдим ўтган гал?!
— Севган кўнгил нима қилсин, ахир? — дейди сурбет тиржайиб.
— Менга қаранг, шоир-поир эмасмисиз мабодо?
— Қанақа шоир? Нега?!
— Тўғри гапираверсангиз бўлмайдими? Э, ҳамманг жонимга тегдинг! — Забаржад жазава ичида кейсга чанг соладию уни дераза оша пастга улоқтириб юборади.
— Вой, вой, бу нима қилганингиз, Забаржадхон?
Забаржад шу заҳоти шаштидан тушиб, сўрайди:
— Ичида нима бор эди?
— Бир шиша коньяк. «Анҳор».
— Яна?
— Шоколад. Ўзингиз яхши кўрадиган аччиқ хилидан.
— Яна?
— Яна... диссертациям. Папкада эди.
— Югуринг! Тез! Э, шошманг, неча пул бўлади ҳаммаси?
Забаржад саросимада сўмкачасидан бир сиқим пул олиб жабрдийданинг чўнтагига тиқадию ёв қувгандек, ундан олдин коридор бўйлаб чопиб кетади. Зинапояга етиб орқасига ўгирилади: ошиқ шўрлик мум бўлибгина қотиб қолган!
— Илмий ишларингизга муваффақият!

* * *
Забаржад институт биносидан елиб чиқади-да, эшик олдида бир дам тўхтаб, ўйланиб туради. Сўнг илдам юриб бинонинг чап биқинидаги теракзорга киради. Ўт-ўланлар орасидан кейсни топиб, дастрўмоли билан у ёқ-бу ёғини артади.
Хомуш, паришон ҳолда эшикдан кўринган эгасининг қўлига уни тутқазаркан:
— Узр, жаҳлим чиқиб турувди, — дейди Забаржад. — Қаранг-чи, қўлёзмангиз ҳўл бўлмабдими?
— Қўлёзмам? — дейди йигит баттар гангиб. Кейин беихтиёр қизнинг амрига бўйсуниб, тиззаси устига қўйиб кейсни очади. — Йўқ, ҳатто синмабди ҳам... Мен энди нима қилай, Забаржадхон?
Забаржад бу саволга нима дейишини билмай лаб тишлаб қолади.
— Нима қилардингиз, у ёқ-бу ёқни кўрасиз...
Соддадил йигит аланглаб ростдан ҳам икки тарафига назар солади. Бир томондан дикирлаб қўғирчоқдек бир қиз ўтади, иккинчи томонда — эрталаб Дилянинг мошинаси турган дарахтлар тагида «Тико»сига суяниб, қўлида кўзгуча, бир қиз ўзига оро бермоқда.
— Кўп-а? — дейди йигитга қўшилиб ўзи ҳам ўша томонларга қараган Забаржад шўхчан кулиб. — Давоси шу!
— Лекин юракка буюриб бўлмайди-ку, Забаржадхон! — дейди бечора китобий ошиқ ҳасратли оҳангда.
Забаржад яқин бориб, опаларча бир мушфиқлик билан унинг юзини кафтлари орасига олади:
— Менинг юрагимга буюриб бўларканми, укажон?! Сиз ҳали ёшсиз, қиз дегани ана — сон мингта! Келинг, шундай бўлгани маъқул.
Омадсиз ошиқ аста буриладию, бўйни бир ёнга қийшайган, «дипломат»ини осилтириб кўчанинг нарёғига қараб йўл олади.
Ўз-ўзидан дийдаси ёшга тўлган Забаржад қимирлаёлмай жойида туриб қолади.

* * *
Қатор телефон будкаларининг биридан Забаржад йиғлагудек бир алфозда «дўсти»га арз қилаётир.
Қўшни будкада икки ёш ошиқ-маъшуқ бир-бирига қапишган кўйи, гўшакни гоҳ униси, гоҳ буниси олиб ким биландир сўзлашаётир.
— Сиз тенги, сиз тенги шекилли, — дейди Забаржад хуноби ошиб. — Ҳа, профессор. «Қизим, қизим«лаб юрарди, ярамас! Йўқ, раҳбарим бошқа. Яхши одам, айтганман-ку сизга... Орқа хонасига опкириб, алланимабалони компьютерда кўчириб беришимни сўради. Ўзим ҳам сезгандай бўлдим-а. Хатираси қабулхонада сақич чайнаб ўтирибди, ўша кўчирсин эди! "Ҳимоянгизни кейинги чоракка қўймоқчимиз, Забаржадхон, шунга нима дейсиз?" деб сўради аввал. "Сиз нима десангиз шу-да, домла, раҳмат", дедим. "Мен нима десам шуми? Гапингизда турасизми? Шанба куни вақтингиз қалай?" Кейин — Чорвоқ-порвоқ, ҳали айтдим-ку! Кўчириб бўлиб ўрнимдан тураётсам, »Иш битганда қочиш экан-да!» деб ташланиб қолса бўладими! Пишиллаб! Бир сассиқ! Ҳаром! Компьютерини итариб юбориб, клавиатура билан солдим бошига!.. Тўғри, тўғри, яхши иш бўлмади. Чидаёлмадим-да. Нима, боши очиқ бир етимча экан деб ёпишавериш керакми? Ўзим ҳам жинниман, биласиз-ку!.. Ҳа, ҳа, ҳаммага шундай. Ҳайво-он! Директор бўлсанг — ўзингга! Кейин — бўшадим! Ҳа, ёздим аризасини... Э, билмасам. Бугун вақтингиз борми? Доим шундай — иш, иш! Ким бор? Одам? Мен-чи, одаммасманми?!
Қўшни будкадагилар энди тамомила яктан бўлиб кетган — ўпишаётир. Ҳалигина талаш гўшак эса кераксиз буюмдек ерга осилиб ётибди.
Забаржад алам билан тескари қараб олади. Ё тавба, бу ён будкада ундан ҳам баттар манзара!
Ташқарида шовиллаб ёмғир қуймоқда.

* * *
Раҳбар кишининг кабинети.
Узунчоқ столнинг икки тарафида тўрт-беш одам маҳтал бўлиб ўтирибди. Хона эгасининг ўзи нарироқда, буларга орқа ўгириб, қўл телефонида ким биландир сўзлашмоқда. Тўғрироғи, телефонда биров бетўхтов вайсаяпти, у эса яккаш қулоқ солиб турибди. Аҳён-аҳёнда узуқ-юлуқ бир нималарни сўраб қўяди, холос.
Ўртаяшар бир одам. Сочига оқ оралаб қолган. Юзи кўринмайди.
Стол ёнида бетоқат бўлиб кутаётганлар деразага қараб бош чайқаб қўяди: ёмғир!

* * *
«Йиғлаётган» телефон будкаси. Ёмғир саси аралаш будка ичидан Забаржаднинг зорли овози эшитилади:
— Кўргим келяпти, ҳа-а! Жуда-жуда! Олдингизга борай, майлими? Шундоқ эшикдан бир қарайману кетаман, хўпми? Нима? Энди нима қиламан? Э, ҳаммасидан бездим! Шу шаҳрингиздан ҳам! Мана, мендан ҳам ҳамма безор-ку! Бошимни олиб кетсамми деб қолдим. Қишлоққа. Аммамникига. Биргина ўша кампир тушунади мени, холос! Бошқа ҳеч кимга керак эмас эканман! Билдим — ҳе-еч кимга! Бўпти, қайтиб сизга телефон қилмаганим бўлсин! Ҳа-а, Забаржад сўзим — шу!
Ҳўнграб йиғлаётган Забаржад будка эшигини тарақлатиб чиқиб, эгни юпун, бошяланг, ёмғир қаърига уради ўзини.
Ёмғир тўрлари оралаб бебахт, афтода бир кўйда кетиб бораркан, қўлида осилтириб олган сўмкачаси кўлмак сувларига тегай-тегай дейди.
Бу ёқда — будкада ҳалигина жонқулоқ бўлиб турган гўшак ерга осилиб ётибди. Энди нокерак, ортиқча бир буюм! Гўё у ҳам бахтсиз, у ҳам йиғлаяпти. Ҳамма йиғлаяпти! Олам кўзёши қиляпти!

* * *
Кимсасиз бир боғнинг ўртасидаги кўшксимон шийпончада Забаржад ёлғиз, шумшайиб ўтирибди. Биқинида сўмкачаси, оғзи очиқ. Тиззасида кафтдеккина сурат. Дадаси. Термилгани термилган.
Кейин авайлабгина суратни сўмкачасига солади-да, ундан бир қути сигарет билан гугурт олади.
Нўноқлик билан сигарет қутисини очади, қовушмайгина бир донасини лабига қистиради, урина-урина гугурт чақади. Лаби чўччайган, афтини кулгили тарзда буриштириб бир-икки дапқир ичига тутун тортади-ю, бирдан кўзлари олайиб, ўқчиб юборади. Ўпкаси узилгудек бўлиб йўтала бошлайди.
«Кашанда» қўлидаги сигарету гугуртни алам билан бир ёққа отиб, юзини чангаллаб олади. Бармоқлари орасидан теварак-атрофни шалаббо қилиб ёғаётган ёмғирга тикилади.
Ёмғир туйқусдан таққа тиниб, қуёш чиқиб кетади. Осмонда беқасам камалак кўринади. Мўъжиза!

* * *
Бежирим таъмирланган, шифти ойнабанд ҳашаматли хона. Қаёққа қараманг, Диляга кўзингиз тушади. Тўрт тараф девору жавонлар, паст-баланд тумбалар устидан Диля сизга боқиб туради. Ҳар хил кайфиятда, турли ҳолатларда, Туркия дейсизми, Ҳиндистону Арабистон дейсизми, ишқилиб, ўшандай мафтункор манзилларда олинган катта-кичик суратлар. Бари ўзига мос антиқа қасноқларга жойланган, дид билан осиб-териб чиқилган. Одам ўзини яхши кўришни мана шу Дилядан ўрганса бўлади!
Тўрдаги қўштўшакда бизга таниш ҳалиги ўртаяшар, сочига оқ оралаган киши ёстиққа бош қўйиб юзтубан ётибди. Забаржад ўша-ўша «либос»ида, унинг белига миниб олган, бўйин-бошларини меҳр билан, ҳафсала билан уқалайди — массаж.
Мана, Диляхоним, кўриб қўйинг!
Тағин ўша «бир актёр театри» — Забаржаднинг лаби лабига тегмайди.
Майли, шўрлик қиз дардини тўкаверсин, сизу биз ора-орада Диляхоннинг ажиб-ажиб суратларини томоша қилиб турамиз, демакки, ундан-да мароқли саргузаштларига шерик бўламиз.
— Биласизми, қачон яхши кўриб қолганман сизни? — дейди «массажчи« қиз. — Бир-ринчи кўришимдаёқ! Забаржад сўзим! Ҳув, эсингиздами, Диля билан олдингизга борувдик-ку, ўшанда. Синглисини ишга жойламоқчи бўлиб. У қаердадир сиз билан танишиб олган экан. Эркаклар билан тил топишишга, айниқса, иш битиришга уста-да. Тўғри айтяпманми, Диля? — дея Забаржад шўхлик билан қўштўшак узра деворга осиғлиқ ишвакор портретга қараб олади. — "Бирга юрасан" деб туриб олди. Сиз асосан Диля билан гаплашдингиз. Менга бир марта ҳам қарамадингиз. Йўқ, Диля бидир-бидир қилган, сиз нуқул ерга тикилиб жи-им ўтиргансиз. Ўшанда худди илгари-илгаридан таниш, яқин бир одамимдек бўлиб туюлгансиз менга. Хайрлашаётиб ўрнингиздан турганингизда "Вой!" деб юборишимга сал қолган. Мен сизни негадир новчароқ киши деб ўйлаган эканман. Ўртабўйгина экансиз. Мендан сал баландроқ. Кейин ўз-ўзидан сизни кўргим келаверган. Эсингиздами, ҳар балони баҳона қилиб олдингизга бораверардим? Лекин, "Ҳой қиз, сенга нима керак ўзи, нега ҳадеб менинг олдимга келаверасан?" деб сўрамагансиз сира, жеркиб ҳам бермагансиз. Мен алланимабалоларни вайсайверардим, сиз индамайгина кулиб эшитардингиз. Бирор марта бўлсин бирор нимага шаъма қилмагансиз-а, қойи-ил! Мен эсам нуқул бўйнингизга осилиб йиғлагим келарди. Олдингиздан чиққач, йиғлаб-йиғлаб қайтардим уйга. Қўймадим-да ишқилиб! Шунга ҳам, мана, беш йил бўпти-я, қаранг! Яхшиям, эрга тегмаганим! Ҳув, ёшлигимдаёқ эр қилиб кетганимда — сизни кўрмасдим, танимасдим, даҳшат! Ўшанда роса кўп совчи келган. Келарди-ю, кейин изсиз кетарди. Сабабини менга билдирмай, аям ўтириб олиб йиғлаганлари йиғлаган эди. "Отаси йўқ экан", "Уй-жойлари юпқароқ", "Бир балоси бўлмаса, шу ёшгача уйда ўтирармиди!" Бундай гапларни мен кейинроқ эшитдим. Бора-бора совчи келганда ўзим чиқиб гаплашадиган, ҳатто савдолашадиган бўлиб қолдим. Бетим қотиб кетди-да. Расво феълимни биласиз-ку. Бир-икки бор ҳайдаб ҳам юбордим совчи-повчисини. Ҳозир ҳам келиб туради баъзан. Хотини ўлган ё ажрашган, қари-қури. "Бор-э!" дейман. Аям шўрлик бўлса, "Бу кетишда Зокир жиннидан бошқаси сени хотин қилмайди!" деб ёзғирадилар. Шундай бир қўшнимиз бор, турмада ётган, савдойи. Тўғрисини айтайми? Сизни кўргандан кейин эрга текким келмай қолган! Ўшангача дадамдан бошқа ҳеч кимни яхши кўрмаганман-да. Забаржад сўзим! Йўқ, йўқ, хаёлингизга ундай гап келмасин! — "Массажчи" нозик бир эркалик билан »мижози»нинг яғринига шапатилаб қўяди. — Ҳеч нарсангиз керакмас менга! Кераклисини олдим! Энди ҳар-ҳар замонда узоқдан бир кўриб турсам ҳам майли. Майлими, айти-инг! (Яна боягидек шапати.) Очиғи, сизни яхши кўраманми ўзи, йўқми, бунисиниям билолмай қоламан гоҳида. Сиз ёши катта, баобрў бир одамсиз. Мен-чи? Ҳечам тўғри келмайди, биламан. Лекин сиздан бошқасини ўйлаёлмасам нима қилай?! (Яна шапати. Бу гал энди биқинларга, бошқа ёқларга.) Бўлди энди, туринг! Талтайиб ётишларини! Нима, мен сизнинг хотинингизманми?! Боринг, қолганини, ана, кеннойимиз қилсинлар! Туринг энди деяпман! Бу боланинг ётишини қаранг, тавба!

* * *
Кечки пайт.
Забаржад ҳорғин, бўшашибгина зинапоядан чиқиб келаётир.
Иккинчи қаватдаги таниш эшикнинг занжири шиқирлаб, таниш башара кўринади. Деразадан пойлаб турган шекилли.
— Қани балиқ?
— Балиқ? — дейди Забаржад паришонлик билан. — Қанақа балиқ?
— Лаққа!
— Вой-й! Эсимдан чиқибди-я, Зокир. Эртага опкеламан, эртага!
— Мен ўзингни айтяпман! Ҳозир занжир-панжирини синдириб ташлай¬ман, кир! Турмадан ўрганиб келган шундай приёмларим борки, дод дейсан!
— До-од! — дейди шўхлиги тутиб Забаржад. — Бўлдими?
— Бўлмади. Қармоғимни кўрсатайми сенга? — Шундай деб бу девона бежороқ бир қилиққа чоғланади.
— Қармоқ-пармоғинг бошингдан қолсин! Ҳе, жинни!
— Ким жинни? Ким жинни? Ҳе, онангни... Шал-лаб!
Забаржад қочиб эшикларининг олдига чиқади.
— Шу сен айтгандақа бўлиш ҳам қўлимдан келмади, э худонинг бандаси! — дейди Забаржад ўзига ўзи ва беихтиёр пешонасини деворга тираб туриб қолади.
Ичкарида чўзиб қўнғироқ жиринглайди: пешонасини эшик ёнбошидаги тугмачага босган экан.
Эшикни аяси очади:
— Тинчликми?
Забаржад бошини баланд кўтариб тантанавор эълон қилади:
— Отпускага чиқдим!
— Порошок қани?
— Порошок... йўқ! Балиқ ҳам йўқ!
— Нима бало, мастмисан?
Ичкаридан бўғиқ, дардманд овоз эшитилади:
— Заба-ар, келдингми? Тағин қанча кутай?
— Сенга қараб ўтирибди. Мени биласан, қўлларимда жон йўқ.
— Хўп, хўп, ая. Бугун энди кеч бўпқолди-ку. Эрталаб-да.

* * *
Чошгоҳ палласи.
Ваннахона. Бошқаси. Камтарин, ғариброқ.
Соқол қўйган давангирдек бир йигит жом ичида энкайиб ўтирибди. Икки қўлини жомнинг икки четига тираб олган. Иштончан. Пуштиранг «футболка» билан калта лозимча кийган Забаржад ҳансираб унинг бўйнию яғринларига совун суртмоқда.
— Қўлларинг бирам юмшоқ, бирам ёқимлики, Забар! — деб қўяди ногирон ука.
— Лоланики бундан ҳам яхши бўлса керак. Бармоқлари узун-узун, оппоқ!
— Шу қизни танимас эканман-да, а, опа?
— Кўргансан, кўргансан. Рўпарадаги «дом«дан. Эътибор бермагандирсан-да. Кунинг шошилинч сафарларда ўтарди, тақ-тақ, пақ-пақ. »Террорчи»! — дея шўхлик қилади укасига Забаржад, жўмракни баралла очаркан. — Ҳар куни сўрайди сени. Зўр қиз!
— Шуни бир опкелмайсанми, Забар? Балки танирман ҳам.
— Аввал Москвага бориб келайлик, кейин, Суръатжон, хўпми?
— Ҳа-а, тўғри айтасан.
Ташвишманд, ғамбода Вазира опа каттакон сочиқ кўтариб киради.
— Қўлтиқларини ҳам ювдингми?
— Ҳаммаёғи чақалоқдай топ-тоза! — дейди Забаржад сочиқни олиб укасининг бўйнига ташларкан. — Энди бир ой сувга тушмаса ҳам бўлади!

* * *
Ётоқ бўлмаси. Деворда Суръатнинг ҳарбий либосдаги сурати.
Забаржад ногирон укасини қўлтиғидан кўтариб келиб тўшакка ётқизади. Худди ёш боладек бурнидан чимчилаб қўяди.
— Ана энди ётаверасан маза қилиб.
— Москвага қачон борамиз, опа?
— Куз келсин. Зўр дўхтирлар отпускадан қайтган бўлади. Ҳам салқин.

* * *
Ошхона. Куйманиб юрган Вазира опа ўзича нола қилади:
— Шундай тинч замонда келиб-келиб менинг боламга ўқ тегса-я! Мен буларни отасиз, қандоқ азоблар билан катта қилдим! — Кейин бу ёққа кирган қизидан сўрайди: — Лола, Лола дейсанлар, ким у?
— Бордир-да бирорта Лола, ким билсин, — дейди Забаржад яхна чойни банкаси билан кўтариб ичаркан. — Унингизга айтиб қўйинг, ая, эт-бетини ўзи тозаласин!

* *
Забаржаднинг хонаси. Тўрда ёзув столи, стул. Стол тақалган девор бўйлаб шифтгача осма китоб жавонлари.
Бир ён деворга одмироқ гилам осилган, рўпара¬дагисида — ота-онанинг бахтиёр келин-куёвлик сурати.
Ёзув столининг бир бурчагида отанинг кейинроқ олинган яна бир сурати жажжи қасноққа солиб қўйилган.
Хонанинг бериги қисми тикув-бичувга мосланган — чеварлик. Бурчакдаги тикроқ хонтахта устида тикув мошинаси. Унинг ён-верида турли-туман газмолу матолар уйилиб ётибди; ҳар хил мода журналлари.
Эшикка яқин тошойна олдида бойвуччароқ бир жувон ҳозиргина қўлдан чиққан аломат либосини кийиб ўзини у ён-бу ён кўз-кўз қилмоқда. Забаржад, бўйнида ўлчов анжоми, жувоннинг атрофида гирдикапалак.
— Маъқулми? Менимча, ёмонмас. Чоклари яна бир дазмолланса, гулдек бўлади-қолади.
— Гул — сизнинг қўлингиз, Забаржадхон! — дейди жувон уни қучоқлаб. — Эгнимдан чиқаргим келмайди-я! Ё шундоқ кетаверсаммикан?
Эшик қўнғироғи жиринглаб, бир зумдан сўнг Вазира опа бош суқади.
— Вой, муборак бўлсин! — дейди у ясама жилмайиб. — Бирам ярашганки! Забар, сени чақириб кепти.
— Ким?
— Қўшни, — деб қўяди Вазира опа совуққина.

* * *
Зинапоя майдончаси.
— Ассаломалайкум, Восил амаки. Келинг.
Ўзи пачоққина бу одам одатдагидек — ширакайфроқ. Аммо бир вақтлардаги олиму зиёлилигини охиригача бой бермаган. Бўйнида аллақачон урфдан қолган энсиз галстук, бошида — ғижимланган бўлса ҳам шляпа. Алланечук тантанавор. Оғзи қулоғида.
— Ишинг беш, Жўрабойнинг қизи! Гаплашиб қўйдим. Кечқурун уйида кутадиган бўлди иккаламизни. Олой бозорининг орқасида данғиллама квартираси бор. Танишув, зиёфат! Ўсма-сурма дегандай, ҳозирлигингни кўравер.
— Қаёққа борамиз ўзи? Нега?
— Куёвкўрарга! — дейди Восил амаки астойдил ажабланиб. — Ўзинг айтувдинг-ку топинг, деб!
— Ким экан у киши?
— Роса бадавлат! Бойвучча бўлиб кетасан! Институтимизда замдиректор эди. «Жигули«сиям бор. Минасан. Дадангни танирди. »Жўрабой раҳматлининг қизи бўлса майли», деди. Шу, хотини ўлиб, бир оз яккаланиб қолган-да.
— Бўпти, борганимиз бўлсин! — деб юборади Забаржад ўзи ҳам кутмаганда. — Буям бир вариант! Ё чикка, ё пукка, нима дедингиз?
— Чикка бўлади, ишонавер, чикка! — дейди Восил амаки тамшаниб. Кейин эшик сасини эшитиб саросимада зинапоя томон йўрғалайди. — Соат иккиларда пастда кутаман!

* * *
Эшикдан тўрва-халтасини кўтариб янги либосда бояги жувон чиқади.
— Узр, Забаржадхон, вақтим зиқроқ эди. Пастда хўжайиннинг мошиналари пойлаб турибди. Тағин иккита заказим бор сизга. Кейинги сафар қўшниларимниям опкеламан. Ановини столингизнинг устига қўйдим. Раҳмат.

* * *
У билан хайрлашгач, Забаржад даҳлизда алланечук тиришиброқ турган онасига дуч келади.
— Нимага кепти? Яна пул сўрабми?
— Ая! — Забаржад зарда билан хонасига киради. Кирадию столига кўз югуртириб, беихтиёр чийиллаб юборади: — Қани?!
— Олиб анови пулга қўшиб қўйдим, қизим. Москва учун, — дейди орқасидан келган Вазира опа айбдорона оҳангда. — Сенинг қўлингга тушса, дарров ҳар ёққа сочасан.
Бир лаҳза гезариб турган Забаржад шартта бурилади-да, ғаму ғурбатлардан кичрайиб, бир бурда бўлиб қолган онасини қучоқлаб олади.
— Аяжон!

* * *
Абдулазиз аканинг уйи.
Каттакон меҳмонхона. Восил амаки таърифлаганидан ҳам зиёда: гиламлардан тортиб қандилгача, дивандан тортиб стол-стулларгача — ҳаммагинаси асл, ноёб, бу яқин юртларнинг мол-матоҳи эмас.
Абдулазиз ака деганимизнинг ўзи — лунжлари шишинқираганнамо, олтмиш ёшлар чамали барваста киши — бир зум дастурхон бошида тиниб ўтирмайди. Ўз уйида ўзини алланечук ноқулай сезаётгандек гоҳ уни, гоҳ буни баҳона қилиб ошхонасига чиқиб келаверади. Саранжом-сариштали одам кўринади.
Лоф бўлса ҳам беш-ўн меҳмонга мўлжаллаб роса дид билан тузалган узун дастурхоннинг тўрида «вакил ота» — Восил амаки. Келганидан буён оғзи ҳам, қўли ҳам тингани йўқ. Коньякни ароққа қўшиб симиряпти. Ўзини хўжайиндек тутади: Абдулазиз, ул йўқми, Абдулазиз, бул йўқми.
Асли шўх-шаддод Забаржад, қўлида вино қуйилган биллур қадаҳни айлантириб, столнинг бир четида «бирам иболи-ҳаёли келинчак» мисоли қимтинибгина ўтирибди. Ёши улуғ мезбон ҳар қўзғалганида хижолат чекканидан у ҳам ўрнидан туриб кетаёзади.
— Жўрабой раҳматлининг қизиман денг, — деб гапни узоқдан бошлайди Абдулазиз ака ниҳоят. — Кўп қобилиятли одам эди дадангиз. Ҳаёт бўлганида ҳозир каттакон олим бўлиб кетарди.
— Докторлиги ҳам тайёр бўлиб қолувди-да ўзи! — дея луқма ташлайди Восил амаки навбатдаги қадаҳни симириб.
— Ўзингиз нима иш қиласиз, қизим?
— Микробиологман, — дейди Забаржад сиполик билан ерга қараб. — Лабораторияда ишлайман.
— Ҳа-а, дуруст. Илмий иш ҳам қилаётгандирсиз?
«Вакил ота» бу гал ҳам бўш келмайди:
— Эрта-индин ҳимояга тайёр турибди-ку!
— Шунақа де-енг? Муваффақият тилаймиз!
Жойида тиниб ўтиролмайдиган бу одам тағин қўзғалиб:
— Восилжон, дамлайверайми? — деб сўрайди меҳмонидан.
— Ошинг қочиб кетармиди? Ўтирибмиз-да!
Забаржадга хижолатомуз жилмайиб қўйиб, Абдулазиз ака ошхонаси томон чиқади.
— Қачон келади энди? — деб сўрайди Забаржад Восил амакидан.
— Ким?
— Айтган одамингиз.
— Мана шу-да! — дейди санчқи уриб тарвуздан газак қилаётган Восил амаки. — Ўзи яхши бола аммо, кўряпсан-ку!
— Вой, ростданми? — дея беихтиёр хандон отиб юборади Забаржад, бояги сиполигидан асар ҳам қолмай. — Зўр-у!
Кайфи ошиб қолган Восил амаки ёнбошига ташлаб, фитначимонанд пичирлайди:
— Кўнаверсанг-чи, лодон қиз! Икки ўғли ҳовли-жой қилиб кетган. Ўзини кўриб турибсан — бир грамм ҳам ичолмайди! Жигари чатоқ. Ҳаммаси ўзингга қолади!
Шу маҳал даҳлизда тапир-тупуру ғўнғир-ғўнғир эшитилиб, хонага ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги қадди-қоматли, бойваччасифат бир йигит кириб келади.
— Ия, Восил амакимиз-ку! Ассаломайкум, — дея келиб у билан қўшқўллаб кўришади. Сўнгра Забаржад томон ўгирилади-да, кўз узолмай қолади. Ўзи амаки билан ҳол-аҳвол сўрашаётир-у, нигоҳи қизда. Суқланиб тикилгани тикилган.
— Жўрабойнинг қизи, — дейди таништириб Восил амаки. — Мен олиб келдим. Меҳмонга. Аданг учаламиз ўртоқ эдик. Сен эслаёлмасанг керак, Зафар, ёш бола эдинг унда.
— Адамни кўндириб берсангиз-чи, Восил амаки, — дея Зафар шартта муддаосига кўчади. — Ҳовлига опкетмоқчиман. Оёқ тираб туриб олганлар: ўламан, саттор — ҳеч қаёққа бормайман! Битта ўзлари, кекса одам, нима қиладилар бу ерда, ўзингиз айтинг!
— Адангнинг ўрнида бўлганимда мен ҳам шундай дердим. Ўз уйим — ўлан-тўшагим. Бунча мол-мулкни ташлаб қаёққа кетсин?!
— Буними? Сотамиз ё ижарага қўямиз, вассалом!
— Менга қара, Зафарбек, — дейди алжираброқ қолган Восил амаки ўзича насиҳатга тушиб, — ёш бошингга ғалва орттириб нима фойда сенга?! Бунинг турган-битгани дардисар-ку! Айшингни суриб ўзинг яшайвермайсанми ҳовлида! Ке, яхшиси, мен билан миллиграммдан қилсанг-чи, лодон!
— Мошинадаман, — дейди Зафар ҳафсаласи пир бўлиб, совуққина.
Бехосдан Восил амакининг жини қўзиб кетади:
— Ич деса ичмасанг, бир гапга унамасанг, мошинадаман деб осмондан келсанг — тур, кет! Нима қиласан катталарнинг ишига аралашиб?!
— Ие, ие! — деб қаҳр билан ўрнидан туради Зафар. Анови суқсурдан кўнгил узолмай базўр эшик сари юраркан, лаган кўтарган отасига дуч келади.
— Ҳи? Ошга ўтирмайсанми? — дейди бўлган гапдан бехабар Абдулазиз ака.
— Ошингизни анови одам есин! Мен кетдим!
Эшик тарақлаб ёпилгани эшитилади.

* * *
Зинапоя майдончаси. Восил амаки панжарага осилиб аранг тушиб боряпти.
Абдулазиз ака Забаржаднинг елкасига кафтини қўйган, хижолатомуз узрхоҳлик қилади:
— Кўнглингизга келмасин, қизим. Восилжоннинг одатини билсангиз керак. Ҳафта— ўн кунда бирров келиб эшик-деразамнинг чангини артиб кетадиган одам бўлсамиди, дегандай гап қилувдим, холос. Эрталаб қўнғироқ қилди, йўқ деёлмадим. Майли, баҳонада мана танишиб олдик. Лозим топсангиз, келиб туринг. Аянгизни ҳам олиб келинг. Эшигим очиқ сизларга. У кишига мендан салом айтиб қўясиз, хўпми? Дуо қиламан — муносибингиз учрасин!

* * *
Забаржад Восил амакини трамвайдан зўрға ортмоқлаб тушади.
Бекатдан жилаётган трамвай ойнасидан йўловчилар уларга таажжуб билан қараб қўяди.
Мана, улар йўлка бўйлаб узун-қисқа бўлиб келишаётир. Восил амакининг тиззалари майишиб-майишиб кетади, Забаржад унинг қўлтиғига кириб олган.
Ҳовлиларига яқинлашганда Восил амаки бир силтаниб қизнинг ҳимоясидан чиқади.
— Ичгингиз келганда айтарсиз, Восил амаки, — дейди Забаржад мутлақо гина-кудуратсиз, самимий жилмайиб. — Яна борамиз. Яхши киши эканлар.
— Қизим! Қизим! — дея кўзи ёшга тўлиб ҳиқилламоққа тушади Восил амаки. Қўлларини кўксига чалиштирган, эгила-эгила таъзим қила бошлайди. — Сени қизимдан ҳам ортиқ кўраман, ишон! Болалигингда мана шу ҳовлида ўзим кўтариб юрардим сени. Ў-ў, қандоқ даврлар эди! Ҳамма ёш, ҳамма хурсанд! Энди-чи? Ҳе-еч ким йўқ! Биргина Зокир! Зокирни биласан ўзинг... Уф-ф! Даданг қандай йигит эди-я! Жўравой эмас, мировой эди у, мировой!
Восил амаки шартта бурилади-да, той-той қилаётган бола мисоли тап-тап босиб шийпончаси томон юради.
Забаржад сўмкачасини кифтига ташлаб уй йўлагига кириб кетади.

* * *
Деразада Зокирнинг телба қиёфаси намоён бўлади.
— Ҳаҳ, шал-лаб! Отанг тенги одам билан падрушка қилиб юрасан-у, менга балиқ опкелмайсан! Лаққасидан бўлсин менга, лаққасидан!

* * *
Забаржад нимқоронғи даҳлизда туфлисини ечиб, одатланганидек, девордаги ойнага назар ташлайди: алвастига ўхшаган бир бало!
Ошхона тарафдан Вазира опанинг овози эшитилади:
— Забар, ўзингми? Аммажонингдан хат келди!
Забаржад шоша-пиша ошхонага киради.
— Нима дебдилар? Қани?
Вазира опа халати чўнтагидан олиб берган мактубни у деразага тутиб ўқий бошлайди:
— Ёзувининг чиройлилигини! Нуқта-вергуллари ҳам жой-жойида. Адолат келин ёзган. Мактабда аълочи бўлган-да. Қани, нима гап экан? Унга салом, бунга салом. Фалончи ҳам қолмасин, салом, салом. «Азбаройи жигаргўшалик, раҳматли инигинамнинг арвоҳини қўриқлаб шунча йилдан бери чорбоғида унинг чироғини ёқиб ўтирибман. Энди бас, чарчадим, бу ёғи қариб ҳам қолдим. Файзибой мени туманга кўчириб кетмоқчи. Келиб мулкларингга энди ўзларинг эгалик қилинглар».
Қўшни бўлмадан ногирон Суръатнинг товуши келади:
— Забар, бугун ҳам кўрдингми? Нима деди?
— Ҳовли тарафга ўтганим йўқ бугун. Эрта-перта кўрарман, — деб жавоб қилади Забаржад паришонлик билан. Сўнг тепасида турган Вазира опага юзланади: — Хўш, аяжон, бориб мулкимизга эгалик қиламизми? Оиламизнинг тўнғичи Шуҳратбекингиз нима дерканлар бунга?
— Боя қўнғироқ қилувдим. «Шу кунда роса ишим кўп, чиқолмайман. Забаржад бориб сотиб келақолсин», деяпти. Бизнесига қўшмоқчи шекилли.
Бети қотиб кетган шаддод қариқиз бирдан аччиқланиб, беҳаёлик билан муштини чучвара қилади:
— Мана! Дадагинамдан қолган мулкни-я?! Бизнес баҳона, Шоирахонининг бўйнига яна бир тилла занжир осмоқчидир-да! Бекоргинанинг бештасини ебди! Сотсак сотармиз, лекин у эркатойингизга бир тийин ҳам йўқ! Москвага қанча пул кетади, биласизми?! Эртагаёқ жўнаймиз, хўпми, ая?
— Эсинг жойидами ўзи? Суръатни кимга ташлаб кетасан? — Ногаҳон лаблари гезариб, Вазира опа жазавага тушади: — Билсанг, ўша ташландиқ мозористонингга қадам ҳам босгим йўқ! Бордим дегунча, эски дардим янгиланиб, яна мотамга ботаман! Сен бор, сен бор! Сен қотил бор! Даданг сени деб, сенинг ўрнингга!.. Даданг чўккунча сен чўкиб ўлсанг бўлмасмиди ўшанда! Бадбахт! Шумоёқ! Адо қилдинг мени, шарманда!
Вазира опа увиллаганча ошхонадан чиқиб кетади.
— Ая! Ая! Нима бўлди сизга?! — дея чинқиради Забаржад юзини чангаллаб.
Ҳаял ўтмай қўшни хонадан Вазира опанинг таҳликали чорлови эшитилади:
— Забаржа-ад! Буни қара!
Забаржад чопиб чиқса — Суръат, ногирон укаси, ҳеч нима бўлмагандек, деразага осилиб турибди!
— Вой! Нима қиляпсан, жинни?!
— Ўзим, — дея аянчли илжаяди Суръат.
— Қандай бординг у ерга?
— Оёғим сал қимирлагандек бўлди. Ҳовлига бир қарамоқчи эдим.
— Вой, худойим-эй! Вой, тавба-а! — дейди суюнишини ҳам, куюнишини ҳам билолмай қолган шўрлик Вазира опа ёқасини чангаллаб.
Кейин ҳангу манг она-бола бу бебош ногиронни суяб келиб ўрнига ётқизадилар.

* * *
Автовокзал. Телефон будкаси. Бўғиқ шовқин ичида Забаржад эркалик аралаш бир зарда билан гапирмоқда:
— Ҳа, кетаётувдим. Қишлоққа. Аммамникига. Сизни бир кўрай девдим-да. Ўзим, шундай. Нима-а? Иложи йўқ? Узоқдамисиз? Қаерда, қаерда? Доим шундай! Бўпти, энди телефон қилмайман! Ҳеч қачон! Мени энди қайтиб кўрмайсиз, ҳа! Забаржад сўзим! Ўша ёқда ўзимни Қизилсойга ташлаб, чўкиб кетаман! Аям шундай деб қарғадилар мени. Тўғри-да, бундай сарсон бўлиб юргандан кўра чўкиб ўлганим афзал! Сиз билмайсиз менинг ҳаётимни! Нима-а? Баландроқ гапиринг!

* * *
Шаҳар ташқарисидаги далаҳовли. Чошгоҳ пайти. Каттакон ўрик соясидаги чорпояда тотув оила аҳли хушвақтлик билан чойхўрлик қилиб ўтирибди.
Хонадон эгаси — бизга таниш ўртаяшар одам, қўл телефонини қулоғига маҳкам босган, тош йўлка бўйлаб дарахтзор боғ томон кетмоқда.
Бу гал ҳам у бизга орқа ўгирган. Бу гал ҳам биз у кишининг юзини кўролмаймиз.

* * *
Бояги телефон будкаси.
— Ҳар ёз дам олгани борардик. Чорбоқ ўзимизники эди-да, бувамдан қолган. Роса маза қилардик: олма, ўрик, узум дейсизми! Чорбоғимизнинг этагидан Қизилсой деган тезоқар бир анҳор ўтган. Бир куни ўшанинг бўйида ўйнаб юриб, нимадир бўладию думалаб кетиб, сувга чўка бошлабман. Буни қарангки, худди шу маҳал дадам сой ёқалаб ошхўрлик зиёфатидан қайтаётган эканлар. Шартта сувга ташлаб, мени қирғоққа отиб юборибдилар-у, ўзлари чўкиб кетибдилар. Аммамнинг айтишларича, сузишга роса уста эканлар. Лекин ўшанда нима ҳодиса юз бергани номаълум. Шундай қилиб, отасиз бир етимчага айланиб қолганмиз, дўстим! Энди билгандирсиз менинг кимлигимни?! Ана шундай касофат, шумқадам қиз бу! Балки шунинг учун толеи келмай, шўрпешона бўлиб юргандир? Ўзингиз ўйланг, отасига қотил бўлган ана шундай бир бадбахтнинг бу дунёда тирик юришга ҳаққи борми?! Йўқ! Йўқ!.. Ўлсам, мени эслаб-эслаб қўярсиз-а? Айти-инг!

Худкушликни хоҳлаётган қизнинг кейинги гапларини йўлга чоғланаётган автобусларнинг шовқин-сурони босиб кетади.

* * *
Ҳалиги киши боғнинг хилват бир бурчагига бориб, тўнкага ўтиради. Чека бошлайди. Боши хам. Юзини яна кўриб бўлмайди.

* * *
Туман марказидаги гавжумроқ бекатда орқа ўриндиқни эгаллаб келган икки бозорчи аёлни қолдириб, чанг босганидан тусини аниқлаб бўлмайдиган «Тико» пилдирабгина ўрнидан қўзғалади.
— Кетдикми, Забаржад опа? — дейди нимдош олачипор ҳарбий либос кийган ҳайдовчи йигит — Азамат. — Бунингиз иссиқда эриб қолмайдими?
— Эриса эрир, — деб қўяди Забаржад тиззасидаги баркашдек келадиган тортга эринчоқлик билан назар ташлаб. — Таъми қолади-ку. Аммам яхши кўрадилар.
— Катталигини! Бутун Қизилолмага етади-ёв!
Мошина сал юргач, йўл бўйидаги «Қизилолма» деб ёзилган ғариб, омонат тахтачадан сўлга бурилиб, тепалик томон ўрлайди.
Олисдан кўкиш-қорамтир тоғ тизмалари кўринади. Таниш манзаралар.
Товуши пастлатиб қўйилган магнитофондан ҳофиз нола қилаётир:
Тушимда кўрса-ам эди-и-и...
— Ҳар куни қатнайсанми шаҳарга?
— Икки мартадан. Баъзан уч марта.
— Намунча?
— Мошинани сал туртиб қўйиб, қарздор бўлиб қолганман, Забаржад опа!
— Ия, ўзингники эмасми бу?
— Қаёқда! Ижарага олганман, ижарага!
— Эгаси ким? Нима иш қилади хўжайининг?
— Хўжайин — хўжайин-да! Мана шундай тўртта «Тико«си, икки »Дамас»и эртаю кеч шаҳарга қатнаб турибди — ишлаб нима зарил унга?!
— Қишлоқда қўшни эканмиз, Азаматжон, сўрайверсам бўлар — уйланганмисан?
— Қаёқда! Шу йил бўлмоқчи эди тўй. Янаги йилга қолади энди. Тўнғичман. Дадамиз камхаржроқ одам. Жамила кутадими, йўқми — бу ёғиям ишкал. Отаси директор-да.
— Кутади! Яхши қиз бўлса — кутади. Кутмаса...
— Тўйга айтсам келасизми, Забаржад опа?
— Чорбоғни сотмасам, келарман балки, — деб қўяди Забаржад хаёлчан.
— Қайси чорбоғни? Нега сотасиз? Мулк-ку у! — дейди ажабланиб Азамат. — «Эр киши ер сотмас, ер сотган — эр саналмас», дейдилар дадам.
— Даданг тўғри айтибдилар. Лекин мен эр эмасман-ку, Азамат?
— Эр бўлмасангиз ҳам, эркакка ўхшайсиз! — дейди Азамат ийманиброқ.
«Тико» навбатдаги дўнгликдан ошиб бир шўнғийдию сердарахт қишлоқча оралаб кетади ва сой бўйида жойлашган ҳовлилардан бирининг дарвозаси олдига келиб тўхтайди.
Азамат чаққонлик билан тушиб, машинанинг орқасидаги иккита катта-катта тўрвани олиб ерга қўяди.
— Қачон қайтмоқчисиз, Забаржад опа? — деб сўрайди кейин. — Қачон десангиз, мана, мошина тайёр!
— Ҳозирча ўзим ҳам билмайман, Азаматжон, — дейди Забаржад сўмкачасидан пул чиқариб узатаркан.
Азамат бир қалқиб, орқага тисарилади.
— Уриб ўлдирсангиз ҳам сиздан пул олган — номард!
— Вой, нега?
— Тўйимга келиб ўйнаб берасиз! — дейди Азамат савдога чек қўйиб. — Бизникида ҳам меҳмон бўлинг, Забаржад опа. Ана, тол тагидаги кўк дарвоза!
— Раҳмат, Азаматжон. Жамилангга салом!

* * *
Мастура амма истиқомат қиладиган чорбоғ.
Дарвозадан кирганда — эскичароқ андозада, аммо пишиқ-пухта қурилган ихчамгина уй-жой. Иморатга туташ ишкомдан нарёғи озроқ резаворлигу қолгани — сой бўйигача ўрмонга ўхшаш қуюқ дарахтзор.
Боғ бирмунча қаровсиз, ёввойироқ. Балки шуниси маъқулдир — эски хотираларни ёдга солади. Дарвоқе, бундай каттакон жойни эплаб туриш ҳам осон эмас.
Ишком остидаги сўрида шу яқин атроф жамоати жам деса бўлар. Ўринойнинг ташрифини эшитиб, уни кўргани келган қўшни келин-кепчагу бола-бақра — бари шу ерда. Барининг оғзида — Ўриной: Ўриной кептилар, Ўриной опкептилар, Ўриной опам бердилар, айтдилар, кулдилар...
Ўринойнинг ўзи тўрда — муштдеккина бўлиб қолган, бироқ ҳамон тетик-бардам, кўзлари тийрак боқувчи аммажонининг пинжига суқилиб, эркаланиб ўтирибди. Амма ҳам жувон дегулик бу кап-катта қизни худди тантиқ қизалоқдек тинмай ялаб-юлқайди, силаб-сийпайди:
— Инигинамдан қолган ёдгорим! Укагинамнинг ўрнига — Ўринойим! Ҳаҳ, амманг кўзларингдан! Ҳаҳ, амманг қошларингдан!
Қўшни хотин-халаж бир-бирига меҳрибон бу амма-жиянга, аниқроғи, шаҳардан келган жиянга ҳавас билан термилади.
Жайдари мева-чевага тўла дастурхоннинг ўртасидаги баркашдек торт, четлари «емирилавериб», ликобчадек бўлиб қолган. Бола-бақранинг оғиз-бурни, дасту панжаси шира-шарбат.
Боягина хонаки кийимда ичкари кириб кетган Адолат келин бир маҳал қимтиниброқ, лекин шаҳарбоп аломат либосда чиқиб келади. Энди ҳамманинг эътибори ўша ёқда. Қўйиб берсангиз — сўридаги ҳар бир қиз-жувон шу тобда Адолат келиннинг ўрнида бўлиб қолса!
— Вой, мунча чиройли!
— Ярашганини қаранг-а!
— Худди анови телевизорда кўрсатадиган артист аёлга ўхшадилар-қолдилар!
Мастура кампир ҳам кафтини пешонасига тутиб ўша ёққа тикилади.
— Ҳа-а, ўхшабди. Бу кишиям шаҳарлик бўлмоқчи ўзи!
— Аммажон, — дейди Ўриной — Забаржад унинг қулоғига пичирлаб, — сўмкамда кўп бунақаси! Мана буларгаям берсак, хафа бўлишмасмикан? Бир-икки мартагина кийилган, холос.
— Нимага хафа бўлар экан, айланай? Жон дейди! Кўзига суртиб-суртиб кияди-я! — Амма уни тағин таърифлашу алқашга тушиб кетади: — Ҳаммасини ўзгинаси тиккан! Ҳаҳ, чевар жиянимдан! Аммасига меҳрибон жиянимдан! Бир қўлгинаси доим шу ёқда! Топган-тутганини юбориб туради. Ана, дадагинасининг қабриниям шу қиз обод қилиб қўйибди! Ҳаҳ, бўйларингдан амманг!
— Бўлди, томоша тамом! Кир уйга!
Бу овозни эшитиб, «кўргазмада турган манекен» — Адолат келин зипиллаб ичкарига уриб кетади.
Эркак кишининг нафасидан ҳуркиб қўшни хотин-халаж ҳам аста қўзғала бошлайди.
Елкасида кетмон, девдек бўлиб боғ тарафдан чиқиб келган Фозилбой онасининг қаршисида тўхтайди:
— Эна, бу булоқ деганингиз мени сарсон қиладиган! Вақирлаб қайнагани қайнаган-а! Ахийри, сой томонга буриб юбордиму кўнглим жойига тушгандай бўлди. — Сўнгра Забаржадга юзланиб: — Жажад, — дейди, — чорбоғингдан сув чиққан, эшитгандирсан? Булоқ! Шифобахш!
Мастура кампир ўғлининг оғзига ёпишади:
— Ҳой бола, бу нима деганинг? Бу қизнинг аммаси атаган ойдай оти бор — Ўриной!
— Қўяверинг, аммажон. Болаликдан мени шундай деб ўрганган. Исмимни эплаб айтолмайди-да. Мен ҳам бунингизни «қишлоқи«, "Қўполбек" дейман-ку, кўнглига олмайди сира. Ўзиям ҳар гапида »биз энди бир қишлоқи-да» дегани деган.
— Болалигинг ҳув сойнинг бўйида қолиб кетган, болам! Энди айб бўлади.
Бу дашномни эшитмагандек, Фозилбой «Жадад, Жадад» дея эрмак қилганча уйи томон юради.
— Ўзимиз қолдик, энди сўрасам бўлар, — дейди Мастура кампир овозини пасайтириб. — Укагинанг Суръатбек оёққа туриб кетдими? Нима қилган ўзи унга?
— Э, операция пайти ўқни олаётганда бир томирига тегиб кетганми... Кузда Москвага олиб бормоқчиман.
— Умргинангдан барака топ, қизим! Отагиналаринг йўқ, бир-бирларингга ана шундай меҳрибон бўлинглар доим.
— Аммажон, борақолайлик, — дейди Забаржад безовта бўлиб.
— Энди кеч бўлдими дейман-да, қизим.
— Йўқ! Йўқ! — дея тажанглик билан оёқ тираб олади Забаржад. — Ҳозир боргим келяпти! Соғинибман. Ана, шундоқ сойнинг нарёғида-ку. Икки қадамгина!
— Мен бир таҳорат қилай бўлмаса, — дейди Мастура кампир малолли қўзғалиб. — Сен ҳам туриб юз-қўлингни чайиб ол, қизим.

* * *
Қабристон.
Ободгина бир қабрнинг бошида амма-жиян шумшайибгина ўтирибди. Забаржаднинг эгнида Адолат келиннинг ҳалпиллаган одми кўйлаги, бошида рўмол. Мастура кампир пичирлаб оят ўқимоқда.
У дуога қўл очганида Забаржад худди ногаҳон ҳушдан кетгандек гуп этиб қабрнинг устига ўзини ташлайди-да, фарёд чекиб юборади:
— Дада! Дадажоним! Нега бизни ташлаб кетдингиз, нега? Қўйинг эди, мен чўкиб кетай эди ўшанда! Мен ўлиб кетай эди! Бирга чўксак ҳам майли эди! Бирга ўлсак ҳам майли эди! Жонингизга зомин бўлиб, сизга бадал қолиб мен нима қилдим бу дунёда, дадажон?! Шунча йилдан бери бу касофатингизни нега ер ютмайди, дада?! Дадажо-он!
Ўзини йўқотиб қўйган Мастура кампир саросимада жиянининг бошига келиб, елкасидан торта-торта уни ўрнидан қўзғатмоқчи бўлади. Аммо мадори етмай, ёнбошига чўккалай тушади.
Ажабо, ҳар қандай одамни эзиб юборадиган бу фиғону нолалардан кейин ҳам унинг дийдаси қуп-қуруқ — ёш қолмаган-да!
— Ҳой, жинни бўлдингми, Ўрин? Эсингни йиғиб ол, болам! Шунча йил ўтиб ҳалиям кўнглингдаги доғ аримаган экан-а, тавба-а! Дадагинангнинг арвоҳини безовта қилма, қизим. Сен норасиданинг бирор гуноҳинг бўлса, арвоҳ кечиргандир энди. Бу дунёда кимни қолдириб, кимни олиб кетиш — худойимнинг измида. Мана, мен бир шумкампир, юрибман-ку тирик! Инигинамнинг бўлса, суяклари қора тупроққа қоришиб ётибди!..
Мастура кампир ногаҳон бир қалқиб, жиянининг устига таппа тушадию ув тортиб юборади.

* * *
Ҳовли. Оқшом. Аълочи келин ҳаммаёқни супуриб-сидириб, чиннидек қилиб қўйган; ўзи ҳозир ўчоқбошида куйманиб юрибди. Фозилбой негадир кўринмайди.
Забаржад сўрида — расмонасига ўрин-тўшак қилиб ётибди. Бошини танғиб олган. Тепасида ўтирган Мастура кампир ичида алланималарни пичирлаб, қўлидаги косадан унинг юзига сув сепади.
— Кўз текканми ё биров-яримнинг суқи кирганми, учиниброқ қолибсан-да, болам. Ҳечқиси йўқ, ўзи келган — ўзи кетади. Ма, қолганини ичиб юбор. Ич! Ўзингнинг булоғингдан! Эрталаб, худо хоҳласа, отдай бўлиб турасан! Зора, йўлларинг ҳам очилиб кетса!..

* * *
Чошгоҳ. Чет-четига райҳону жамбил экилган гулзор бўйида курси қўйиб, амма-жиян гурунглашиб ўтирибди.
— Кеча ўтакамни ёрдинг-а, қизим! Худога шукр, бугун чеҳранг равшан. Рангинг бир тиниқ, бир тиниқки! — Мастура кампир Забаржаднинг яноқларини силаб қўяди. — Сувнинг иши бу. Бир хосияти борми дейман, униси-буниси келиб хуму кўзасини тўлдириб кетяпти — билмасам. Ичса, одамнинг дили ёришиб, ўзини бардам сезармиш. Яшарганга ҳам ўхшаб қолармиш. Бўлса бордир — азиз-авлиёлар ўтган жойлар! Ўзим лекин татиб кўрганим йўқ. — Амма секин уҳ тортиб, ҳафсаласиз қўл силтайди: — Энди буни ичдим нимаю ичмадим нима — бу ёғи яқин қолган бўлса!
— Аммажон, шу кеча бирам маза қилиб ухлабманки! Ўз-ўзидан хурса-анд бўлиб турдим эрталаб. Ҳув болалик вақтларимдагина шундай бўларди.
— Томирингга яқин турибсан-да, болам. Суякларинг жой-жойига тушиб, хотиржам ухлагансан. Мана, йўқлаб келдинг, бориб зиёрат қилдинг — дадагинангнинг руҳи шод бўлган чиқар.
— Амма, эсингиздами, тўпланишиб келардиг-а: дадам, аям, Шуҳрат, мен. Бир сафар келганимизда, баҳормиди, ўриклар гуллаб, ҳаммаёқ чаман бўлиб ётган экан. Анови айвонда кўп одам йиғилган. Ҳамма хурсанд. Гулдор дўппи, беқасам чопонча кийган Шуҳрат додлаб боққа қараб қочган. Хатна тўйи бўлса керак-да... Аммажон, доим қалампирмунчоқ ҳиди келарди сиздан. Шундоқ яхши кўрардим шу ҳидни!
— Ҳаммагинаси эсида турибди-я!
— Йўқ, амма, ҳаммаси эмас! — дейди Забаржад бирдан маҳзун тортиб. — Анови кунни эслаёлмайман. Ҳарчанд уринмайин — сира-сира эсимда йўқ. Фақат сиз айтган гаплар ёдимда қолган. Ҳув анови жойда, олманинг тагида лойсупамиз бўларди. Ўша ерда нима учундир йиғлаб ўтирганимда айтгансиз: «Энди Қизилсойга яқин борсанг, ўлдираман, жувонмарг! Даданг сени қидириб кетиб, мана, ҳалиям қайтгани йўқ». Кеча бир туш кўрибман, аммажон. Ғалати туш. Дадам ўшанда ўлмай қолган эмишлар. Иккаламиз ҳам чўкишга чўкибмиз-у, бир киши бизни қутқариб қолибди. Учаламиз қирғоқда турганмишмиз. Бундай қарасам, дадам билан ҳалиги киши бир одамга айланиб қолибди... Мен ўша одамни биламан, амма.
— Ким экан у?
— Сиз танимайсиз. Тошкентда у.
— Ҳе, туш-да, қизим, туш.
— Ажойиб туш, — деб қўяди Забаржад ўйчан.
Кечаги шаҳарбоп либосни эгнига илиб қаёққадир отланган Адолат келин уларнинг олдига келади.
— Нимани кийсангиз ҳам сизга ярашади-я, опа! — дейди у Забаржаднинг эгнидаги ўзининг одми кўйлагига ҳавас билан қараб. — Эна, мен ота-оналар мажлисига кетдим. Ўғлингиз келсалар, овқат ана, қозонда.
— Ҳай, бор, бор, — дейди Мастура кампир энсаси қотиб, тиззаларини чангаллаганча ўрнидан қўзғаларкан. — Мен ҳам кириб бирпас бошимни қўяй, Ўриной. Кеча сенга алағда бўлиб, уйқум қочган эди. Ётсам, пешин намозигача ётарман. Сен ҳам туриб чорбоғингни бир айланиб кел, қизим. Бориб анови булоқни кўр. Биласан-а қаердалигини?
— Топиб оларман, — дейди Забаржад жойидан туриб. — Шифобахш экан-ку! Бирдан яшариб кетсам-а!
— Бундан ортиқ яшариб қайга борардинг, болам?!

* * *
Чорбоғнинг хилват бир бурчагидаги кекса ўрик тагида кўз очган чашма. Гирдига доирасимон шаклда бир текис қилиб кулранг тош терилган. Бир четгинасидан ариқча очилиб, этак томонга буриб юборилган. Теварак-атрофи нам.
Булоқ бўйидаги тўнкадан ясалган қўлбола курсида ўтирган Забаржад, кафтига ияк тираб, хаёлчан нигоҳини сувдан узмайди.
Зилол сув остидаги майда тошчалар орасидан сизиб чиққан тутунсимон нимадир юзада аввал пуфакчалар ҳосил қилиб айланади. Сўнгра бу ҳол тезлашиб, вижир-вижир мавж пайдо бўлади. Бир маҳал қарасангиз — атрофга зарра сочиб, расмонасига вақир-вуқур қайнай бошлайди.
Бу ҳолат ҳар ўн-ўн беш дақиқа орасида такрорланиб туради. Забаржад шу манзарага термилиб ўтираркан, чашма сатҳи тинчиб, сув тиниққанда кўз ўнгида таниш бир қиёфа намоён бўлади. «Дўстим»!
Бир вақт бўйнига оғир бир нима текканини сезиб, у сапчиб тушади. Қараса — ишшайиб орқасида Фозилбой турибди, шунинг кетмондек кафти экан.
— Ия, одамни қўрқитиб юбординг-ку, Қўполбек!
— Биз энди бир қишлоқи-да, Жадад, падхўдни билмаймиз. Ҳа, булоғингни томоша қиляпсанми? Зўр булоқ бу!
— Ёшбулоқ де! Ичган одам яшарармиш-ку!
— Нима, сен қариб қопсанми?! Қариган деб, ана, Адолни айтса бўлар. Ҳозирданоқ афтига қарагинг келмайди — ҳаммаёғи бужмайган. Бўлмаса, сендан тўрт-беш ёшлар кичик у!
— Қўйсанг-чи! Хотининг биппа-бинойи! Сен билан яшасам эди, мен ундан бешбаттар бўлардим. Қўпол! Қишлоқи!
— Жада-ад, — дейди Фозилбой кутилмаганда кўзлари ғалати йилтиллаб, — бир нарса сўрасам майлими? Бир мартагина ўптир, Жадад!
— Ия, бу нима деганинг, Қўполбек? — дейди қиқирлаб Забаржад. Кейин шўхлиги келиб, чаккасини тутади: — Ма, ўп!
Фозилбойнинг тус-авзойи ўзгаради:
— Бор-э, ёш бола бўлдимми мен сенга?!
— Ёш боланинг гапини қиляпсан-да ўзинг!
— Нима, бирор жойинг камайиб қолармиди? Шаҳарлик-ку сен!
— Вой-вой, бунинг гапини қара-анг! Энди билдим: сен қишлоқи эмас, қип-қизил тўпори экансан! Ундан ҳам баттари — ёввойи!
— Бўлди, бўлди, Жадад! Шаҳарлик экан деб, нима, ҳазиллашиб ҳам бўлмайдими сенларга?! — Фозилбой кейин бирдан паст тушиб ўтинади: — Аммангга гуллаб юрмагин тағин! Шунчаки бир ҳавасим кепкетди-да сенга...
— Хўп, хўп. Айтмайман ҳеч кимга. Туманга кўчмоқчи эмишсан, ростми? — деб сўрайди Забаржад мавзуни ўзгартириш мақсадида.
— Ҳа, шундай ният бор. Бир-икки йил у ерда яшаб, кейин Тошкентгами, Самарқандгами кетаман кўчиб!
— Воҳ, воҳ, сизга кўзи учиб турган экан-да шаҳарнинг!
— Ўзинг биласан-ку, Жадад, ҳозир ҳамма нарса шаҳарда — пул ҳам, бошқасиям!
— Бошқаси — нима у? — дейди шаддод Забаржад бу дўлвор аммаваччасини тағин калака қилмоқчидек.
— Э, бор-э! Сен ўзи азалдан шундай — устимдан кулганинг кулган! Биз энди бир қишлоқи-да.
— Сен кетсанг, ким қолади бу ерда? Қишлоқ яхшимасми, Фозил?
— Сен қол! Қол! Ҳамманг «қишлоқ, қишлоқ» деб оҳ-воҳ қиласан-у, шаҳарга қочасан! Қишлоқда фақат Фозилбой яшасинми?!

* * *
Аммаваччалар ёнма-ён, дарахтзор оралаб келяпти.
— Сиз ҳам бир ажаб ҳазил қилдингиз-да боя, Фозилбой? — дейди кулиб Забаржад.
— Йўқ, Забаржад, — дейди Фозил таққа тўхтаб, қизга тик қарайди, — ҳазил эмас эди!
— Бор-э! — дея қўлидаги бутоқни силкиб пўписа қилади Забаржад.
Фозил шартта буриладию айиқдек лапанглаб уй томон кетади.
Ҳалиги бутоғини кўндаланг тишлаб Забаржад унинг ортидан қараб қолади.

* * *
«Тико» қишлоқ оралаб ўтиб, дўнгликка ўрлайди.
Забаржад шаҳарга қайтаётир. Тиззасида каттакон бир шиша идиш.
— Нима бу, Забаржад опа? — деб сўрайди Азамат. — Сувми?
— Сув.
— Шундан ўша ёққа сув кўтариб борасизми?! Қишлоқнинг суви бошқача-да, а?
— Йўқ, булоқ суви бу. Чорбоғимиздаги булоқдан. Таркибини текширтиргани опкетяпман. Бирор натижа чиқиб қолса, кейин балки...
— Дейлик, чиқиб қолгудек бўлса-чи? Нима қиласиз?
— Унда сен билан маслаҳатлашиб бирор қарорга келармиз-да, Азаматжон, — дейди хаёлчан жилмайиб Забаржад.
— Айтмоқчи, тунов куни Жамила сизни кўрибди. Дўкончанинг олдида турган экансиз. Танишлигимизни айтсам, қани ишонса!
— Тўйдан гапир, Азамат!
— Бўлади! Келгуси йил. Сиз ваъдангизни унутмасангиз — бас!
Бу сафар ҳам магнитофондан нола қилади ҳофиз:
Тушимда кўрса-ам эди-и-и...

* * *
Таниш чароғон ваннахона. Эшиги ланг очиқ. Шовиллаб жомга сув тушаётир. Жомни номаҳрам кўздан тўсиб турган хира-шаффоф «чимилдиқ» ортида эса, сув остида чарх уриб бир малак чўмилаётир. Парда ортидан унинг фақат мафтункор қадди-қомати кўринади, холос! Гоҳо сув билан шодон қийқириб ўйнашгани, бир нималар деб арзи ҳол қилганлари эшитилади, холос!
Ул малакнинг бор ҳусну малоҳатидан баҳраманд бўлиш, ажабки, жом деворидан боқиб турган анови ишвакор жононга насиб этган! Малак у ёнга қайрилса ҳам кўз қисади, бу ёнга қайрилса ҳам кўз қисади. Нима демоқчи бу фитнакор?
— Ҳа, ҳавасинг келяптими? Куйиб ўл!
Ваннахонанинг эшиги мўъжазгина ойнабанд айвончага рўбарў. Айвонча эшиги ҳам ланг очиқ. У ерда бизга чала таниш (юз-кўзини кўрмаганмиз-да ҳали), сочига оқ оралаган ўртаяшар киши деразага қараб чекиб турибди. Ваннахонадан келаётган узуқ-юлуқ сас-садоларга, нолаю адоларга диққат билан қулоқ тутган.
— Эндими? Бизнес қиламан. «Шифобахш сув бекаси«! "Париси" деса нокамтаринлик бўлар-а, тўғрими? Майли, майли. Бир врач йигит билан келишиб қўйдим. Йўқ, асли ўша ерлик. Хусусий профилакторий очаман. "Ёшбулоқ" дам олиш маскани! Сиз бориб дам оласиз. Сувларидан ичиб сочларингиз қораяди. Ҳув, Туркманбошига ўхшаб! Ҳазил, ҳазил. Яшара бошлайсиз. Яшарасиз, яшарасиз, яна йигит бўласиз! Иннайкейин... Вой, унда мен ҳам яшара-яшара, чақалоққа айланиб қоламан-ку?! Чақалоқ бўлгим келмаяпти сира! Қайта-бошдан бола бўламанми? Яна Қизилсойга чўкаманми? Яна дадам!.. Йўқ, йўқ, асло! Барининг жой-жойида қолгани маъқул, нима дедингиз? Ақллиман-а? Аммажоним ҳам шундай дейдилар. У киши тағин нима дедилар, айтайми? »Сен икки кишининг ўрнига, икки кишининг умрини яшаяпсан», дедилар. Дадамнинг, ҳам ўзимнинг! Ана, билиб қўйинг! Ҳа, роса доно кампир!.. Энди нима қилардим — ўғлим билан яшайвераман! Бошқа ҳеч нарса керак эмас менга, билдингиз! Ўғлингизни кўргани келарсиз? А? Айти-инг!
Кутилмаганда телефон чўзиб-чўзиб жиринглайди. Забаржад бир дақиқа таажжубда тек қотади: эгасиз уйга ким қўнғироқ қилиши мумкин?
Кейин дароз таккурсида турган жимжима телефон гўшагига аста қўл узатади. Дилбар!
— Забар?! Сен нима қилиб ўтирибсан у ерда?
Забаржад айб иш устида қўлга тушгандек довдираб, тутилиб қолади:
— Ўзинг... ўзинг айтувдинг-ку гулга сув қуй, деб!
— Қуйдингми?
— Қуйганман. Қуйиб турибман.
— Қалай, ётоқдаги жаннатгул очилдими?
— Очилган, очилган. Гуллаб ётибди.
— Раҳмат, шукрия, мерси... Забар, қовун чиқдими?
— Қанақа қовун?
— Ейдиган-да, жинни!
— Ҳа, бор. Бозорда. Кўп.
— Бундай қиласан, ўртоқ! Ҳозир бориб битта ко-отасини оласан. Ҳей, хонпатир эсингдан чиқмасин! Қип-қизил, сингиб пишганидан ол.
— Нечта бўлсин? Қанақа қилиб жўнатаман сенга?
— Жўнатмайсан, лох! Уйга опкеласан, қовунни сўясан, ҳув яхши кўрган тебранма креслом бор-ку, ўшанга ўтириб олиб маза қилиб ейсан. Охиригача! Тушундинг?
— Нимага? Унақасини битта ўзим қандай еб битираман?
— Битта ўзинг бўлмаса, анови дўстингни чақирарсан. Сенга рухсат.
— Кейин-чи, нима қилай?
— Кейин — ўзинг биласан. Намунча тупойсан-а!
— Диля, тушунмаяпман гапингга: қовун, патир...
— Мен учун ейсан, ўртоқжон! Мени эслаб!
— Хўп, хўп. Айтганингдай бўлади. Менинг бу ердалигимни қаёқдан билдинг, Дилбар?
— Деярли ҳар куни телефон қиламан. Қиламан-у, индамай қулоқ тутиб туравераман. Уйимнинг, гулларимнинг ҳиди келгандай бўлади. Соғиндим, дугон, шундоқ соғиндимки!..
Гўшакдан Дилбарнинг пиқиллаб йиғлагани эшитилади. Забаржад «Вой-вой, нима бўлди сенга, Дилбар?» деганича қолади, алоқа узилади.

* * *
Кийим-кечаги жойланган сафар халтаси елкасида, сувли идишни қўшқўллаб кўкрагига босган Забаржад ҳовлиларига бурилади-ю, юраги така-пука бўлиб, турган жойида таққа тўхтайди.
Йўлакларининг оғзида бир тўп одам! Икки қатор курси қўйиб рўбарў ўтиришибди. Айримлари таниш — қўни-қўшни. Юра пиён дўппи кийиб олган. Нима гап экан? Нима гап?!
Улар орасидан бир киши туриб, Забаржад томон кела бошлайди. Абдулазиз ака! Бу ерда нима қилиб юрибди у киши?
— Ассаломалайкум, — дейди қалтираб Забаржад.
— Яхши юрибсизми, Забаржадхон? Бехабар кўринасиз, қизим. Бандачилик экан. Восил амакингиздан айрилиб қолдик. Ўғли пичоқлаб қўйди. Кеча чиқарганмиз.
— Вай-й-й!
Забаржаднинг қўлидаги салмоқлигина шиша идиш ерга тушиб кетиб, паққа ёрилади. Оёқ остига сув сачрайди. Ҳаммаёқ ҳўл!
Забаржад шоша-пиша чўнқайиб йирикроқ шиша бўлакларини йиғиб олади-да, бетон ариқ бўйидаги ахлат қутисига ташлаб келади. Қолган майда синиқларни Абдулазиз ака бошмоғи билан тўплай-тўплай, ариқ томон суриб қўяди.
— Спиртмиди? — деб сўрайди алланечук хижолатомуз.
— Сув эди. Қишлоқдан.
— Сув?!
— Булоқ суви-да. У ёқда кўп. Яна опкеламан, ўйламанг.
— Шундай бўлиб қолди, қизим, — дея Абдулазиз ака бояги мавзуга қайтади тағин. — Бир вақтлар туппа-тузук олим эди. Беғубор, дали-ғули одам. Кишининг ҳаётига бир дарз кетса, кейин уни ямаб олиш қийин бўлар экан-да. Бунинг устига, биласиз, анови сабилга ҳам ружу қўйган эди... Ҳай, сиз энди кираверинг уйингизга. Ўтинг. Анови ёқдан айланиб ўтиб кетаверинг. Ҳечқиси йўқ.
Забаржад қўлини кўксига қўйиб Абдулазиз акага таъзия изҳор этган бўлади-да, кейин у киши кўрсатганидек, девор ёқалай бориб, боши хам, аста сирғалибгина йўлакка киради.

* * *
Иккинчи қаватга чиққач, таниш эшик қаршисида бир зум тўхтайди. Эшик ланг очиқ. Ичкаридан хотин-халажнинг паст, бўғиқ овози эшитилаётир.

* * *
Негадир ўзларининг эшиги ҳам очиқ! Забаржад ҳайрон бўлиб даҳлизга қадам босади-ю, серрайганча қотиб қолади.
Рўпарасида — Суръат, оёқлари шол бўлиб ётган укаси, худди ҳеч нима кўрмагандек, қўлларини кўксида чалиштирганча деворга суяниб турибди!
— Во-ой!
Агар қишлоқдан кўтариб келган шиша идиши боя синиб қолмаганида, ҳозир ерга тушиб чил-чил бўлмоғи муқаррар эди!
Ошхона тарафдан қўлини сочиққа арта-арта Вазира опа чиқади.
— Ие, Забар, келдингми? Эшитгандирсан? Кўргилик-да, қара! Бечора Восил ака!
— Ая, бунингиз?!.
— Ўшандан бери сал-пал қадам босадиган бўпқолди, опаси! Худога шукр! Мен шўрликнинг оҳу зорим худойимга етдими дейман... Лекин, таъзияга тушиб чиқаман, деб ҳалитдан бери ҳол-жонимга қўймайди-я! Эндигина оёққа турган одам! Ўзинг тушунтир бунга.
Аяси билан наридан-бери кўришиб-омонлашган Забаржад укасини маҳкам қучоқлаб олган, юз-кўзларидан чўлпиллаб ўпгани ўпган.
— Ростданми? Вой, ростданми?! Худога шукр-э! Укажоним! Мен сенга шундай бир мўъжиза сув опкелдимки! Ичдинг — эртасиёқ тойчоқдай дикирлаб кетасан! Ана, биттаси сўмкамда. Ҳали қуйиб бераман, кўрасан! Таъзияга эса эртага билла тушиб чиқамиз, хўпми? Бугун энди кеч бўлди, ноқулай.
Забаржад Суръатни тирсагидан тутиб ётоқ жойига олиб киради-да, ўзи оёқ томонига ўтиради.
— Лола...
— Э, Лола ҳам, Райҳону Бинафша, Раъною Наргис, Нилуфару Жасмингача — ҳамма-ҳаммаси энди сеники, Суръатбек! Ишонавер!
— Йўқ, Лола...
— Буларнинг бари — бир гулу гиёҳ, укагинам! Меҳр қўймасанг, парвариш қилмасанг — ҳаммасиям қуриб, қовжираб, хашаки бир ўтга айланиб қолади. Кейин бир куни оёқости ҳам бўлиб кетиши мумкин!
Суръат Забаржадга бақрайиб қолган: «Бу қизнинг эси жойидами ўзи? Ё қишлоққа бориб жин-пинга чалиниб келдими, нима бало?!»
— Мен манови ҳовлидаги Лолани айтяпман, опа!
— Мен ҳам шуни, шуларни гапиряпман-да, укам!

* * *
Намозшом чоғи. Она-бола ошхонада чойхўрлик қилмоқда.
— Бошқа яна нима гаплар, ая?
— Келиб ўзинг кўрган-билганинг — шу! Айтгандай, Диля ўртоғинг келиб, калитини ташлаб кетди. Гулларига сув қуйиб турармишсан. Бир ясанган, бир ясанган! Бунча пулни қаёқдан оларкан-а бу қиз? Кейин — ишхонангдан Гулноз Раҳимовна деганинг қўнғироқ қилди. Икки марта. Аризангни кимгадир бермаганмишми-ей, директор¬ларинг қайгадир кўтарилиб кетганмишми-ей! Ишқилиб, гапларига унчалик тушунмадим шу хотиннинг. Борганингда ўзинг билиб оларсан. Ҳай, қани, гапир! Чорбоғни нима қилдинг? Сотдингми? Кимга? Неча пулга?
— Чорбоғ сотилмайдиган бўлди, ая!
— Сотилмайди?! Нега?
— У — мулк! Бувамдан, дадамдан қолган мулк! Уни ҳар кимга сотиб бўлмас экан. Аммам айтдилар. Қайдам, балки бутунлай сотилмас. Сабабини яқин орада биласиз.
— Тавба-а!
— «Эр киши ер сотмас, ер сотган — эр саналмас». Эшитганмисиз?
— Буниям аммажонинг айтгандир?
— Йўқ. Азаматнинг дадаси айтган!
— Азаматинг ким, вой?
— Халқ айтган бу гапни, аяжон!
— Халқ?!
Вазира опа эси оғгудек бир ҳолатда Забаржадга тикилиб қолади: «Бу қизга ё бир бало бўлган, ё анови ёсуман кампир роса ўқитиб жўнатган! Энди нима қилдим-а, худойим! Шўрлик бошимга бу савдо ҳам бормиди?!»

* * *
Эгнида халат, бошига каттакон сочиқни салла қилиб ўраган бир малак айвонча деразасидан ҳовлига тикилиб турибди. Ҳовли қоронғи, шивалаб ёмғир ёғаётир.
— Энди учрашмаймиз! — дейди малак алам билан деразадан пастга қараб кимгадир. — Ҳеч қачон!
Шу заҳоти тўсатдан чақмоқ чақнайдию мошинага ўтираётган одамнинг юзини бир зум ёритиб ўтади. Ниҳоят, биз у зотнинг дийдорини кўрмоққа муваффақ бўламиз.
Аммо у — ким? Кимга ўхшайди у? Нега шу чоққача юзини яшириб келди? У — сизми? Ё — бизми? Бу — суйган кўнгилнинг ўзигагина аён! Буни суйган кўнгилдан бошқа ҳеч ким билмайди!
Тиллақурт мисоли чўғланиб турган алланима (сигарет!) қоронғилик қаърига учиб кетадию мошина эшиги қарсиллаб ёпилади.
Суйган кўнгил нидо қилиб қолади:
— Мен сизни яхши кўраман! Яхши кўрама-а-ан!
Қоронғи бир тунда ёмғир шовқини аро янграган йиғи аралаш бу нидо чақмоғу момақалдироқ садоларига қўшилиб кетади.
ТАМОМ

Жаннат ўзи қайдадир
Erkin A’zam. Jannat oʻzi qaydadir (dramatik qissa) / Kiril

Публицистик миниатюралар
Буюк умидлар палласи
Бугун инсоният буюк бир ҳаяжон қуршовида турибди. Бобо тарих учинчи минг йиллик саҳифасини очди. Бу — аслида одам боласи бармоқ букиб санашни ўрганганидан буён ўтган неча-неча минг йилликлардан биригина, холос. Лекин мелодий ҳисобда жумлаи жаҳон эътироф этган сана бу. Демак, саҳиҳ, инобатли сана.
Бийрон соқий тантанавор алёр айтади: «Биз дунёда энг бахтли инсонлармиз! Биз янги аср одами бўлдик! Икки аср, икки минг йиллик белбоғида яшамоқ ҳар кимга ҳам насиб этавермайди...»
Дарҳақиқат, тарихнинг мана шундай авж палласини кўрмоқ ва икки аср, икки минг йиллик насибасини татимоқ, аввало, тақдири азалнинг ҳукми, ёруғ пешонамиздаги қутлуғ битикдир. Бундай буюк саодат сизу бизга насиб этганининг ўзи илоҳий сийлов эмасми, азиз замондош!
Одам боласи қайси аср, қай замонда дунёга келмасин, умид билан нафас олади, бахту омадга интилиб яшайди. Буюк орзу — шу. Энг юксак омол - шу.
Хўш, беҳаловат, алғов-далғовли йигирманчи асримиз ана шу мақсад сари киройи бир пиллапоя бўла олдими? Ношукурчилик худога хуш келмас. Биз шу асрда дунё юзини кўрдик, шу аср сўнгидагина халқимиз саодат соҳилларига мушарраф бўлди.
Донолар янги юз йилликни турли номлар билан атамоқда. Биз унинг авваламбор тинчлик асри, инсонийлик асри бўлишини тилаймиз. Одамзод ниҳоят зулм ва зўравонлик яроқларию ёвузлик мусобақасидан воз кечиб, энг улуғ инсоний амал — бахту иқболдан баҳс этадиган, шу борада беллашувларга киришадиган юз йиллик бўлишини орзу қиламиз. Буюк умидлар палласидир бугун!
Бу юз йилликда ҳам миллатимизнинг иккинчи минг йилликдаги тоғдек ифтихорлари — Соҳибқирон бобомизнинг азму шижоати, адолатпешалиги бизга ёр, ҳазрат Навоийнинг тенгсиз даҳоси эса чароғбон бўлгуси. Илоҳим, халқимизни ёруғ йўлга бошлаб, унга буюк келажак башорат этган зотларнинг муроди ҳосил бўлсин!
Янги асрда биз сиз билан ана шу боб, ана шу манзилларда учрашмоқни ният қилганмиз, муҳтарам муштарий.
Иншооллоҳ, ниятимиз йўлдошимиз бўлгай!
«Тафаккур», 2001 йил, 1-сон

Ватан қандай юксалади
«Давлатни оддийгина ошпаз хотин ҳам бошқара олсин!» — Йўқсиллар доҳийсининг бу шиори эндиликда эрмакка айланиб кетган. Доҳий бу нақлни ижтимоий тенгликка мисол тариқасидами, анчайин ошпаз хотинларнинг кўнглига борибми, айтган бўлса ажабмас. Аммо жаҳон инқилоби ташвишларидан ҳориб, қорни очиққанда оғзидан чиқиб кетган шу сафсатага ўзи ҳам ишонмагани аниқ.
Ошпазми ё оқсоч хотинми давлатни бошқаролмайди, албатта. У агар ростдан ҳам пазанда бўлса, ошхонасидан чиқмай, картошка-пиёзини арчиб, нари борса, ўша давлатбошиларга, майли, йўқсилларга ҳам карамшўрвасини қайнатиб бераверсин. Шу кифоя ундан.
Дейлик, доҳийнинг орзусини амалга ошираман деб ошпаз давлатни бошқарса, давлатни идора этиши лозим кўрилган киши эса енг шимариб маккажўхори экмоққа тушиб кетса, тўрт амални чала-чулпа ўзлаштирган яна бирови молия вазирлигини даъво қилиб-чиқса, дўкондаги қассоб шоирликни, бозордаги каззоб қонуншуносликни ҳавас этиб кўз очирмай қўйса... ҳақиқий ижтимоий тенглигу инсон ҳуқуқлари деган гаплар юзага чиқадими ўшанда? Балки. Лекин унда дунёнинг остин-устун бўлиб кетмоғи ҳам нақд гап. Михаил Булгаковнинг «Итюрак» асаридаги мўъжизакор профессор Преображенскийнинг сўзларини эсланг: «Одам ўз ишини қўйиб бошқа иш билан шуғулландими, билингки, бир кор-ҳол рўй беради».
Дунёни нима сақлаб турибди бўлмаса? Унинг мувозанат посангиси кимнинг қўлида? Бизнингча, чинакам миришкорнинг, чинакам қобилият соҳибининг, бир сўз билан айтганда — ўз ишининг усталарию ўз ўрнида турганларнинг қўлида!
Биз, мана, ўн йилдирки, озод ва обод Ватан орзусида яшамоқдамиз, меҳнат қилмоқдамиз. Бундай Ватанни ким барпо этади? Ватан қачон орзудагидек бўлиб қад ростлайди? «Америка очмоқ»қа ҳожат йўқ: Ватан ҳар ким ўз ўрнида виждонан меҳнат қилсагина бир нарсали бўлади. Ватанни анчайин чаламулла, чаладеҳқон, чалаишчи ёки чалаарбоб — яъни жўн бир ҳаваскорлар бунёд этолмайди. Аммо биз умидли дунёнинг орзуларини, дейлик, оддий муаллимнинг маориф вазири бўлмоққа ҳалол интилишини ёки бир боғбоннинг қўшиқ айтиб довруқ таратишини тақиқлаш ниятида эмасмиз. Асло. Зинҳор-базинҳор. Эпласа, қўлидан келса — кандини урсин! Биз чала-чалаларга, баданида бир нима бўлса-бўлмаса, нотавон кўнгил, ҳар ишни орзу қилиб, ўзини ҳар ёққа уриб бировнинг ўрнини эгалламоққа уринадиган номуносиб даъвогарларга қаршимиз, холос. Ахир, ҳамма ҳам арбоб бўлавермайди, ҳамма ҳам шоир бўлавермайди. Ахир, Ватаннинг қўй-қўрасию подаси ҳам бўлади, уни ҳам кимдир боқиши керак. Бу ҳам шараф, ҳеч биридан кам бўлмаган шараф.
Гап — жамиятда ҳар ким ўз ўрнида туриб, ҳар ишни астойдил адо этишида. Ватан ўшанда юксалади.
2001

Бой бўлайин десангиз...
Ўғил отадан сўрайди:
— Дадажон, айтинг-чи, бой бўлмоқ учун нима қилиш керак?
— Бой бўлмоқ учун... — дейди-ю, кутилмаган саволдан довдираб қолади ота. Нима десин? Қандай жавоб қилгани маъқул?
Ўғли шундай савол билан мурожаат этмаган америкалик балки койинар, аммо шарқлик отага бу гап малол келиши аниқ. Ўзини айбдор сезиб, ичида изтироб чекади у: демак, мен муносиб ота бўлолмабман-да? Демак, рўзғорини, бола-чақасини яйратиб қўя олмаган бир ношуд эканман-да? Во дариғ!
Бой бўлмоқ деганда ўғил нимани назарда тутяпти? «Мерседес» миниш, ҳашаматли қаср қуриш, Канар ё Багам жаннатларида ялло қилишними? Бунга эришганлар кам эмас. Бунга эришиш мумкин. Лекин яшашдан мақсад шуми? Шугинами?
Эшитгандирсиз, турмуши ночорроқлар қолиб, аксарият мулкдору бадавлат одамлар пул ишлаб келмоқ учун чет элларга ошиқаётир. Ўн минг сўмим юз минг бўлсин дейди, юз минг сўмим... Нега бундай? Таажжубланарли ҳол эмасми бу? Ахир, дунёдаги бор пулга эгалик қилиб бўлмайди-ку? Бўлганида ҳам, нариги дунёга орқалаб кетиш иложи йўқ. Қолаверса, беҳисоб мол-мулк соҳиби бўлган баъзилар мамлакатма-мамлакат бор-будини гоҳо бачкана бир кўнгилхушликларга сарфлаб-совуриб юрибди-ку? Бундан чиқди, бари беҳуда экан-да? Демак, худо берганига шукру қаноат қилибгина ўтириш лозим экан-да?
Йўқ, биз бундай демоқчи эмасмиз. Асло. Ҳалол, пешона тери билан топилган ҳар қанча бойликка яна бойлик қўшилсин, уни топган шоввоз-шеримардга шарафлар бўлсин. Қани эди, биздан ҳам заковат кучи билан миллиард-миллиардлаб сармоя йиққан машҳур дастурчи Гейтсга ўхшаганлар чиқса! Қани эди, фақат мол-мулк васвасасида эмас, савоб дардида юрган серҳимматлар бизда ҳам пайдо бўлса!
Лекин бизни бошқа нарса ташвишга солмоқда: ҳар йўл билан бўлсин, бойликка интилиш ҳисси... йўқ, ҳирси!
«Бир зумда бой бўлмоқни хоҳлайсизми?», «Фалон ўқишга кирмоқчи бўлсангиз, омадингизни синаб кўринг!» Бу каби даъвату эълонларга ишонадиган бўлсак, бир зумда бой бўлмоқ имкони бор экан, тер тўкиб меҳнат қилишдан нима фойда? Ўқишга кириш билимга эмас, омадгагина боғлиқ бўлса, бош қотириб, китоб варақламоққа на ҳожат?
Бу яккаш истеъмолчиликка асосланган кайфият, худбинлик, борингки, қиморбозлик психологияси эмасми?!
Бундай қараш, бундай ёндашувлар билан Ватанни обод, элни фаровон қилиб бўлармикан, билганлар айтсин!
Устоз Асқад Мухтор билиб айтган: «Бахт — бойликда, десангиз, ҳамма — бахтсиз. Чунки ақллига кўп нарса керак эмас, ахмоқ эса барибир тўймайди».
Биз ўғил отадан биринчи галда мана бундай деб сўрамоғи тарафдоримиз:
— Дадажон, айтинг-чи, асл одам бўлмоқ учун нима қилиш керак?
2001

Инсон ўзинг...
Бултурги «саҳифа»ларимиздан бирида «Мана, янги асрга қадам қўйдик — одам, одамзоднинг табиати ҳам ўзгарармикан?» деган мазмунда мулоҳаза юритган эдик. Янги асрдан кўп нарса кутганимиз, ниҳоят, инсон асл инсоний моҳияти сари юз бурар деб умид қилганларимиз рост.
Хўш, умидлар оқландими, янги юз йиллик хайрли бошландими? Ёвузлик, бедодлик иллатлари сарқитга айланиб, ўтмишда қолиб кетдими? Ҳайҳот! Айниқса, дунёни ларзага келтирган Америка фожиасидан кейин бу саволларга ижобий жавоб бериш мушкулдир.
Нега бундай? Олам-ку азал-азалдан икки қутбга — яхшилар ва ёмонларга бўлингани маълум. Хайр, биз я х ш и-ю, улар ё м о нми? Йўқ, уларнинг назарида биз ё м о нмиз, жамики ҳамоқат учун биз айбдормиз. Ким ҳақ? Азалий савдо!
Лекин муқаддас дини исломни жаҳонаро обрўсизлантириш билан баробар бу разолатни ҳеч замонда, бирон бир йўсинда оқлаб бўлармикан?!
Рўй берган машъумиятни дунё аҳли турлича шарҳлади: диний эътиқодлар муҳорабаси, ислом экстремизми, Исроил сабабияти, Американинг зўравон сиёсатига қарши исён, демократияга, замонавий тараққиётга ёввойиларча ҳужум ва ҳоказо. Бу қарашларда ҳам жон бўлса — эҳтимол. Аммо, бизнингча, барининг замирида хом сут эмган банданинг ожизлиги, манфаат балоси, ҳокимият васвасаси ётибди. Қолгани — бир ниқоб, анчайин баҳона, холос. Ҳар-ҳолда, авлиё Нострадамуснинг Шарқнинг Ғарбга — мусулмон дунёсининг насронийлар устига юриши тўғрисидаги даққи башоратини амалда исботламоқ учунгина бундай қиёмат қойим содир этилмагани аниқ.
Бироқ телбаликка яна шундай бегуноҳ қон тўкиш йўли билан қарши курашмоқдан бошқа чора йўқмикан? Бугун я х ш и инсониятни ташвишга солаётган савол шу. Жаҳон тартиботини оқилона ўзанга буришга доир тадбирлар қўлламоқ — не-не ақлларни банд этиб турган муаммо ҳам шу.
Аммо ҳамма гап келиб-келиб тағин ўша азалий жумбоқ — инсон, инсон маънавияти, инсоннинг ҳануз норасо табиати масаласига тақалмоқдаки, бу яқин беш-ўн йилларда ҳал этиладиган савдо эмас. Бу биргина мамлакат, у ҳар қанча улкан, адолатпеша бўлмасин, уддалайдиган вазифа ҳам эмас.
Мана неча йилдирки, Ўзбекистон раҳбари жаҳон аҳлини биргалашиб шу балонинг олдини олишга чорлаб келади. Афсуски, танаси бошқа — дард билмас. Бошингизга тушгандагина кўзингиз очилади. Шундай бўлди — бугун жумлаи жаҳон бир муштга дўниб, разолатга қарши курашга отланди.
Лекин минг-минг чақирим наридан туриб ақл ўргатиш қанчалик ўнғай бўлса, ўша ўт-олов чатнаб ётган ўлкага қўшни яшаб, унга нисбатан одилона сиёсат тутиш шунчалик қийин. Ҳазорон шукрки, ёвузлик ўчоғини барбод этишга бел боғлаган дунё жамоатчилигини қувватлагани ҳолда Ўзбекистон қўшни афғон юртига муносабатда бирдан бир тўғри йўлни танлади. Бесаранжом ҳамсоядан ҳовлингизни сотиб қутулишингиз мумкиндир, аммо Ватан — пешонадаги мангу битик!..
Инсоният бошига хавф солиб турган 6у бало бугун-эрта даф этилар, дунё енгил тин олиб, осойишталик измига қайтар, лекин кўнгилни барибир ўша «лаънати саволлар» тинч қўймаслиги муқаррар: қачон одамзоднинг кўзи очилар экан, қачон бу бебақо дунёда одамдек яшаб ўтиш саодатини тугал англаб етар экан у?..
Ўзингга инсоф берсин, эй банда!
2002

Юзга кириш... шартми?
Кексаларимизнинг яхши кўрган дуоси: «Умринг узоқ бўлсин, болам!» Таваллуд тантаналарида ҳам шу тилак: «Юзга киринг! Мингга киринг!»
Юзга кириш шу қадар улуғ омолми? Юзга етолмаган, бундай бахт насиб этмаган одам нима қилсин?
Айтишларича, инсон бемалол юз-юз йигирма йил умр кўриши мумкин экан. Афсоналарда бундан ҳам зиёд, ҳатто уч юз-беш юз йиллаб умр кўрган аломат зотлар ҳақида нақл қилинади. Лекин сизу биз афсона қаҳрамонлари эмасмиз. Бу ёруғ дунёда паймонамиз ўлчовли. Тарозуси Яратган эгамнинг измида.
Бу оламнинг сарвари Муҳаммад алайҳиссалом бор-йўғи олтмиш уч йил умр кўрганлар. Ул зоти шарифнинг уммати бўлмиш Яссавий ҳазратлари эса шу маррага етиб, «Қолгани ҳаром!» дея этак силкиб, ертўлани макон тутганларини биламиз. Қарангки, худонинг қудрати билан у киши, ривоятга кўра, яна шунча яшаган эканлар.
Бу ҳар икки сиймонинг ҳам даҳоси, табаррук амаллари, ҳикматлари дунё тургунча тургуси.
Хўш, узоқ яшашдан мақсад нима? Одамзод юз ёшга етганда ҳам навқирон давридагидек тетик-бардам турса, завқу шижоати сўнмаса-ку кошки эди! Аммо — табиатда толикиш, эскириш, емирилиш ҳодисаси, жамиятда эса янгиланиш, ўрин алмашув қонунлари ҳам борки, булар тирик мавжудотга хос худбинлик майлларини асло тан олмайди.
Бўлмаса, «мақсад на эдики, жаҳона келдинг...» Ажабо, ҳаёт шами липиллай-липиллай, ниҳоят, паймона тўлгач — айни сўнгги сонияда инсон ҳаётнинг асл маъносини англаб етгандек, буюк бир сирни кашф этгандек бўлармиш. Шунда умр баногоҳ, у ҳар қанча узоқ, бардавом бўлмасин, бир нафаслик фурсатдек туюлармиш. «Во дариғ! Тўрт кунлик дунё экан-да бу! Ҳатто Искандари жаҳонгир ҳам устун бўлолмаган-а унга!» дея оҳ уришлар шундан.
Балки, ҳаётнинг буюк ҳақиқати, буюк сиру жумбоғи шудир? Олий мантиқ, олий ҳақиқат ҳам шундадир?
Ёинки, исёнкор Машраб айтгандек, бу тўрт кунлик дунёнинг «кетига шатталаб ўтмоқ» лозимми? Аммо машойихлар охиратдан огоҳ этади: беш маҳал намоздан ўзга ҳамма ишнинг пушаймонлиғи бор...
Дейлик, бандаси узундан-узоқ яшаса-ю, умри поёнида қўлидан ҳеч иш келмай қолиб, ҳеч кимга кераксиз, дўстга зор, душманга хор, ҳатто бола-чақасига ҳам дардисар, ночору нотавон бир кўйга тушса... Бундай умргузаронликдан не наф?! Ҳазрат Навоий бекорга айтмагандирлар:
Юз йил киши умр тилар, бил
Ким, сабр керакдур анга юз йил...
Биз нега ёши улуғларга эҳтиром кўрсатамиз, қарияларимизни қадрлаймиз, ҳатто ҳукумат миқёсида тадбирлар қўллаймиз? Бир йил бўлса ҳам, бир кун бўлса ҳам шулар ҳаётдан рози бўлиб кетсин. Негаки, бундай қисмат кези келиб ўзимизнинг ҳам бошимизда бор. Бугун биз уларни қадрласак, эъзозласак, эртага бир кун...
Бизнингча, одамзоднинг умри унинг неча йил яшагани билангина эмас, олдига қўйган мақсадининг салмоғи, эзгуликка нечоғли хизмат қилиши ва алал-оқибат шу мақсаднинг нақадар рўёбга чиққани билан белгиланади.
Эзгу мақсадингиз ёр бўлиб юз йил, минг йил яшанг, дўсти азиз!
2002

Шошмасдан шошилинг
«Истиқлол йилларидаги ўзгаришлар асрларга татигуликдир» деган муқояса бировларга баландпарвоз муболағадек туюлиши мумкин. Дарҳақиқат, беш-ўн йиллик даврни қандай қилиб юз йилликларга тенглаштириб бўлади?
Гап шундаки, тарих ғилдираги ҳамиша ҳам бир маромда айланмайди. Шундай замонларни биламизки, гўё одамзод асрлик ғафлат уйқусига кетгандек, гўё ўша муддат тарих силсиласида бутунлай бўлмагандек. На ижтимоий-сиёсий ҳаётда бир ўзгариш бор, на илму фан ёки маданиятда. Халқимиз бундай турғунлик ҳолатларини ҳам кўп бор бошдан кечирган. Узоққа бормай, яқин ўтмишимизни бир эслаб кўрсак кифоя.
Йигирманчи асрнинг сўнгги ўн йиллиги дунё ҳаётида, айниқса, халқимиз тақдирида қандай ўзгаришлар ясаганини таъкидлаш бугун энди эски бир ҳақиқатни такрорлашдек бўлиб қолди. Тарих ғилдираги шундай шиддатга кирганки, лоф бўлса ҳам, ҳатто кечаги гап гоҳида худди ҳув бир вақтлар бўлиб ўтгандек туюлади.
Мақсадимиз — чапдаст мухбирларга ўхшаб истиқлол замонидаги янгилигу ўзгаришларни бирма-бир санаб қайд этиш ёки уларни айтиб ғурурланиш эмас. Буни билган — билади, билмаган, балки билгиси келмаган кимсага минг карра такрорлаш ҳам бефойда. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, ҳаммамиз шу жараённинг қайноқ қозонидамиз, бинобарин, бу ўзгаришларнинг муносиб баҳосини келажак одамлари берар, ўйлайманки, улар ўшанда ҳайратдан ёқа ушласа ажаб эмас.
Рост, биз замон шиддатини қўлдан бермадик, айни чокда, кечагина илк бор давлатчиликка эришиб, демократия оҳанрабосида эриган мисол, «нақд Америка бўламан» дея чиранган айрим «тезкор»ларга ўхшаб ўзимизни ҳар ёққа урмадик ҳам. «Шошмасдан шошилинг» деган нақл дастуриламалимиз бўлди. Йил бошида ўтган умумхалқ сўрови ва унинг натижалари айнан шуни исботлаб турибди. Албатта, бир йил-икки йилда дарров мурод ҳосил бўлиб, ҳаётимиз гуллаб-яшнаб кетмаслигини яхши биламиз. Бироқ шу йўлда залворли қадам қўйилганининг ўзиёқ тарихий бурилиш дея аталмоққа лойиқ.
Ўтган ўн бир йил мобайнида Ватанда кечган ўзгаришлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда аксини топди. Демак, Ватан билан қадам-бақадам биз ҳам ўсдик, биз ҳам ўзгардик. Таъбир жоиз кўрилса — умримиз, такдиримиз бойиди. Ҳаёти замон долғаларидан четда, бир текис, эслагулик киройи воқеалардан холи кечган одам нақадар қашшоқ!
Лекин биз орзу қилган жамият ўз-ўзидан барпо бўлмаслигини шу Ватаннинг фуқаросиман деган ҳар бир инсон теран англамоғи керак. Уни лоқайд томошабинлар мамлакати эмас, чинакам ижодкорлар мамлакатига айлантириш учун бақадри ҳол ҳаракат қилмоғи даркор. Четда турган одам... четда қолиб кетаверади.
Шошмасдан шошилайлик, азиз замондош! Токи шиддат замони «аттанг» замонига айланмасин.
2002

Уят бўлади
Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг «Уят» деган мақоласи бор. Унда мазкур тушунчага ахлоқий жиҳатдан ёндашилиб, бу — инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи туйғудир, деган йўсинда тавсиф берилган.
Мен мақоланинг мазмунини дастлаб телевизор орқали адибнинг ўз оғзидан эшитган эдим. Ўшанда не-не долзарб ижтимоий-маданий муаммолар қолиб, устозимизнинг анчайин бир ахлоқий мавзуда, қолаверса, болалик-ёшлик чоғларимизда ҳар қадамда эшитадиганимиз танбеҳнамо бир сўзга («Уят бўлади!») бу қадар урғу бериб сўз юритгани менга эриш туюлгани рост.
Кейинчалик эса, хусусан, сўнгги йилларда уят ҳисси фақатгина ахлоқий тушунча эмаслигига бот-бот амин бўлмоқдаман. Назаримда, бу сўзнинг моҳияти хиралашиб, умуман, шу туйғунинг ўзи сусайиб, гоҳида аҳамияти тамоман йўқолиб ҳам кетаётгандек туюлади. Бўлмаса, кечагина айб саналган унча-мунча қилмишларга бугун фазилат деб қаралмаса-да, ҳарқалай, одатдаги бир ҳол сифатида бепарво муносабат қилинаётганига нима дейсиз!
Ваъда берамиз-у, устидан чиқмаймиз. Хижолат чекиш йўқ.
Бандасининг кўзига тик қараб ёлғон гапирамиз. Тап тортиш қаёқда!
Бировнинг ҳақини паққос урамиз-у, кўзимизни лўқ қилиб тураверамиз. Бор, қўлингдан келганини қил!
Ҳар тадбирни қўллаб, ўзганинг тагига сув қуямизу ўрнини эгаллаймиз. Инсоф-андиша — «эскилик сарқити»!
Фарзандларимизнинг онасини ҳар турли бозорларга йўллаб, муштипарнинг топиб келганига «иномарка» олиб минамиз. Номусларга ўлмоқ қани?!
Мол-дунёмиз ўғрилик, ҳаромхўрлик орқасида орттирилганини ҳамма билади, ўзимиз ҳам биламиз. Лоақал, ерга қарамоқ, қизармоқ хаёлимизга келса-чи!
Кирдикорларимиз оламга овоза, биз эса адлу инсофдан лоф урамиз. Охиратда ҳам бир иложи топилар...
Уялмаймиз, уялмаймиз...
Номусу виждон, ҳарому ҳалолдан сўз очган «эскичароқ» одамга бозорни, бозор иқтисодиётини рўкач қиламиз. Бозор... биздан олдин ҳам бор эди, биздан кейин ҳам бўлар. Дунё — бозор ўзи. Лекин у ҳаргиз шармандалигу юзсизликнинг ниқоби эмас. Ҳайвонот боғи дегани ҳам эмас. Агар шундай бўлганида, «уят»дан бошлаб луғатдаги шу тур сўзларнинг барчасини бирма-бир ўчириб чиқмоқка тўғри келарди. Унда, эҳтимол, луғатнинг ўзига ҳам эҳтиёж қолмас...
Ана ўшанда чинакамига шармандалик бўлар... Худо ана шунисидан асрасин денг!
...Хижолатдан қизара билган банда нақадар ғолиб!
2002

Жаҳон кенг...
Кейинги йиллар дунёда нима бўляпти ўзи? Қаёққа қараманг — уруш-тўполон, қўпорувчилик, босқину бузғункорлик! Гоҳ кетма-кет самолёт қулаган, гоҳ шаҳру кентлар ёнғин гирдобида, гоҳ беомон селу кўчки, портлов, зилзилаю бало-баттар! Булари етмагандек, одам боласи бир-бирининг қонига ташна, бир-бирининг этини егани еган! Боз устига, номларига тил келишмайдиган ҳар хил дардлар, касалликлар... Хуллас, тинчлик йўқ, хотиржамлик йўқолган. Бу ёқда эса турли-туман башоратгўйларнинг оғзи тинмайди: охирзамон яқин, фалон куни қиёмат-қойим бўлади, дунёни ер ютади, сув босади, қуёш портлаб кетади, осмоний кучлар жунбуш уряпти, жин кўзадан чиқди, инсон худонинг қаҳрига учради ва ҳоказо.
Чиндан ҳам, нима бўляпти ўзи дунёга? Наҳотки, инсон бу рубъи маскунда шу қадар ожиз, чорасиз, танҳо? Наҳотки, эртанги кунни бутунлай зулмат қоплаган, игнанинг учидек ҳам умид шуъласи қолмаган бўлса?
Ўзингизни босинг, жаноблар! Биз бу ниятда дунёга келмаганмиз. Бизни худойим бундай қасд билан яратмаган. Дардини берган давосини ҳам берар. «Кенгга — кенг дунё» дейдилар. Шоиримиз билиб айтган: «Феълингизни кенгроқ қилинг, домлажон, кўзингизга кўрингайдир кенг жаҳон!»
Жаҳон кенг. Кенг жаҳонда ғалваю ғавғо мўл бўлмоғи ҳам табиий. Қолаверса, оқсоч мозий бу каби сердолға замонларни кам кўрмагандирки, донолар унга «тарихнинг тиғиз паллалари» деб ном берган. Бинобарин, «Азизим, дунёга бевақт келиб»миз!» дея надомат чекмоққа шошилмаган маъқул. Шукр, шу камтарин умримизда оламжаҳон нар-сани кўрдик-кўряпмиз, билдик-биляпмиз. Насиб қилгани-да! Худо берган етмиш-саксон йиллик фурсат дунёдан паққос бехабар, қора ғафлатда, темир деворлар ичида ёлғон-яшиқлар билан ўтиб кетмоғи ҳеч гап эмасди. Дарвоқе, умримизнинг талай қисми шу тахлит кечди десак ҳам бўлади. Сунъий юлдузлар «абадий» порлагувчи олис пойтахтда аҳён-аҳён бағоят тарихий маъракалар ўтказиб туриларди, аҳён-аҳёнда мункиллаб, аллақачон эси оғиб қолган бирор «бюро аъзоси» бизни ташлаб кетарди, аҳён-аҳёнда гадойтопмас бир қишлоқдаги назарногир дўкончанинг ноинсоф сотувчиси шўрлик харидорнинг ҳақидан беш тийингина уриб қолиб, оламга фош этиларди... Бас, қолган бари жойида, сув қуйгандек жимжит эди.
Биз билган дунё шундай эди. Чунки биз дунёдан бехабар эдик. Билган-эшитганимиз — чириб бораётган капиталистик жамиятларда инсон қулдек хўрлик билан кун кечирарди, қорни нонга тўймай, ҳар куни иш ташлаб кўча-кўйда намойиш қилиб юрарди (бундай бекор юргандан кейин қорни қандай тўйсин!), ҳаммаёқда қирғину қувғин!..
Ўртадаги девор қуладию дунё очилиб кетди. Энди, зарур келганда, лоф бўлса ҳам, Эски Жўвадаги сомсапазнинг тандирда қўли куйиб қолганию не сабабдан бу ҳол рўй бергани ёки олис Рио-де-Жанейродаги чала ўлик — кўп йиллик уйқуда ётган кампир арининг ғинғиллашидан бир чучкириб кўзини очгани — ўша соатда оламга ошкор бўлади.
Бугун дунёда сир дегани қолмади. Бу ҳолни ахборот бўрони, глобаллашув жараёни ҳам дейдилар. Бировга ёқар, бировга ёқмас, замоннинг ҳукми шу. Албатта, бу хуш-нохуш хабарлар инсонга бевосита бўлмаса, билвосита таъсир қилмоғи турган гап. Кўнгилда бесаранжомлик қўзғайди. Начора, ёруғ дунё ўзи бесаранжом. Тинч-фароғат дунёси эса ҳар банданинг олдида...
Замонга ҳеч вақо бўлгани ҳам, уни ҳеч жин ургани ҳам йўқ. Урган бўлса, ўша жинни кўзадан чиқарган — ўзимиз, уни ичимиздаги иблисга хизматкор қилиб қўйган ҳам ўзимиз! Инсон ана шу ҳақиқатни тан олиб, зарур хулосалар чиқарса... самолёт камроқ қулайди, уруш-жанжаллар барҳам топади, табиий офатлар ҳам писанд бўлмай қолади...
Кўп йил ўлим ҳолатида ётган кампирнинг бир чучкириб ҳаётга қайтгани эса, истанг-истаманг, хуш хабар, умидбахш хабар, нима дедингиз?
2003

Китоб урмасин...
«...Нега сиз — ёзувчилар китобдаги ҳаётга ўқувчиларингизни ишонтирдингизлар? Ахир, ҳаёт бошқа, китоб бошқача экан-ку! Сизлар ёзган асарларни ўқиб ҳаётни китобий тасаввур қилган биз — ўқувчиларнинг гуноҳи нима?»
Ҳаёт бошқа, китоб бир бошқачалиги... рост. Адабиёт, бадиий асар ҳаётни акс эттиради деймиз. Буниси ҳам тўғри. Лекин — айнан эмас! Келинг, масаланинг назарий жиҳатларини қўятурайлигу ҳаётнинг ўзига қайтайлик. Ҳаётнинг мафтункорлиги балки унинг норасолигидадир... Бадиий асар аслида ана шуни расо шаклда кўрмоқ орзусидан туғилмайдими? Адабиётнинг сеҳру жозибаси ҳам шунда эмасми? Дейлик, ҳаёт айнан кўз ўнгимиздагидек, бор-буди билан батафсил тасвир этилса, ишонаверинг, ундай асарни ўқиб чиқадиган одамни тополмайсиз!
Аммо бизга йўлланган мактубдан юқорида келтирилган кўчирма кишини дафъатан сергак торттиради. Дарвоқе, китобга ишониб яшаган одамнинг гуноҳи нима? Китобни «ҳаёт дарслиги» дейдилар-ку. Ҳамонки, унга бу қадар эътиқод қилинар экан, демак, у чиндан ҳам муқаддас ҳодиса. Лекин китобий ғоялару тамойилларга сиғинибгина, «дағал» ҳаёт гирдобига тушиб, ора йўлда қолганларга нима маслаҳат берган маъқул? Китобдаги гаплар бари уйдирма, ишонманг, «мулланинг айтганини қилинг-у, қилганини қилманг» қабилида иш тутмоқ лозим, дебми?
Асло! Одамзодни санъатдан, адабиётдан 6у тарзда бездириш, уни идеаллардан жудо қилмоққа уриниш жамият маънавий ҳаётини қашшоқлаштиради, ваҳшиятга йўл очади. Адабиёт, санъат — ҳаёт бўронларида чорасиз қолган инсонга таскин қидирувчи, умид бахш этувчи, эзгуликка даъват қилгувчи қудратли куч, доно маслаҳатгўй. Ундан воз кечиб бўладими, айтинг!
Бироқ унга кўр-кўрона тақлид қилиб яшамоқ ҳам киши имкониятларини торайтириб, чеклаб қўймайдими? Бу ҳол гоҳо фожиаларга олиб келмайдими? Ҳаёт аталмиш буюк мўъжизага, майли, ҳарчанд ибратли бўлмасин, бирон бир китобий андоза асосида ёндашув ақлданми?!
Мактуб муаллифи мактабда энг намунали ўқувчи бўлгани, келажакка зўр умидлар билан қараб, китобда ёзилгандек яшамоққа тиришгани, орзулари мўллиги, бутун умр тўғрилик, ҳалоллик деб юргани-ю, бугунги кунга келиб эса ҳаётда ўрнини тополмай қолганидан шикоят қилади.
Дарҳақиқат, ҳаётда бунақалар ҳам йўқ эмас. Айниқса, давр ўзгаришлари айримларнинг «ҳаловати»ни бузгани, одатий маромдан чиқариб юборгани маълум. Аммо бунинг учун бадиий адабиётни, китобни айблаш ўринлими? Сабабни бошқа ёқлардан қидирмоқ лозим эмасмикан? Қолаверса, ҳазрат Навоий аччиқ аралаш айтганларидек, «ипак қуртичалик ҳимматинг йўқму?»
Адабиёт бошқа, ҳаёт бошқалигига шубҳа йўқдир. Нима, биз бировнинг кўнглида туғилган адабий қаҳрамон эмас, жонли одам эканимизга бирон шубҳа борми?.. Бунда нимани танлаш — ҳар кимнинг шахсий иши. Экканингизни — ўрасиз!
Воқеан, китобга, китоб мутолаасига рағбат сусайиб кетгани бор гап. Бир варақ китоб кўрмасдан ҳам 6е-ҳисоб мол-дунёга эга бўлиш ёинки шуҳрат таратиб, бахтиёр яшаб ўтиш мумкин экан, қаранг! Китобхонлик у ёқда турсин, ҳатто, зарур келганда мардикор ёллаб китоб ёздириш кўпроқ урф бўлиб қолгани ҳам сир эмас. Лекин, унутмаслик керакки, ҳар ишнинг оқибати, увол-савоби бор. Агар биз уни-буни важ кўрсатиб азалий сўздан, китобдан шу тариқа йироқлашиб бораверсак — ифода танламоқ ўрни эмас, айтаверайлик — бир куни келиб китоб уриши бор...
Китоб урса, ёмон уради.
2003

Жаннат қидириб...
Тўрт-беш йил бўлди — хорижда узоқ муддатли хизмат сафарида юрган дўстим ҳовли сотиб олиш ниятида эканини айтиб, суриштириб кўришни илтимос қилди. Газетадаги эълон бўйича телефонда бир одам билан «савдолашдим». Ҳовлининг нархини эшитиб капалагим учиб кетди. Эгаси шунга ёндош ичкари ҳовлисини таърифлаб (бассейн, сауна, биллиардхона, қишки боғ), уни ҳам қўшиб сотишини айтди. Бунисининг баҳоси олдингисидан бешбаттар эди. «Ўзим Америкага кўчиб кетяпман, — деди у. — Инсон дунёга бир марта келади, яшагандан кейин одамга ўхшаб яшаш керак-да». «Ҳар ерда бордир тошу тарозу» нақлини эслатиб, Америкада ҳовли-жой қилиш осон эмасдир-ов, деган мазмунда сўз бошлаган эдим, «Биламан, уч марта бориб келдим. Уй-жойим тайёр, вилла сотиб олганман, — деди суҳбатдошим. Кейинги изоҳи эса мени батамом лол қолдирди: — Кўриб турибсиз, оғайни, Ўзбекистонда тирикчилик қийинлашиб кетди. Эшитгандирсиз, кеча нон яна қимматлашган эмиш...»
Майли, биродар, ўзингизча жаннатни кўзлаб турган экансиз, нима дердик — оқ йўл! Аммо, мутлақо махфий сир бўлса-да, ҳижрат олдидан биргина саволга жавоб бериб кетсангиз: шунча мол-мулк, шунча сармояни қаердан, қай йўсинда топдингиз? Америкадан орқалаб келмагандирсиз, ҳойнаҳой? Ё чўлу биёбонда бир ўзингиз дастгоҳ ўрнатиб, доллар ишлаб чиқармагандирсиз? Мана шу «нони қиммат» юрт, шу юртдаги ватандошларингиз туфайли орттирилмаганми ўша сарват?! Қора қозонини қайнатиш илинжида эртаю кеч тер тўкиб юрганлар қанча, биласизми? Улар нима қилсин?..
Урганчни ёғий босганда, «Шайх оёқ остида қолмасунлар, ўғлон ва ушоқлари бирлан қалъадан чиқиб кетсунлар, деган таклиф бўлди. Ҳазрати Шайх айтиб юбордиларким, яхшиликда мен бу халқнинг тамоми бирлан ошно ва дўст-ёр эрдим, эмди ёмон кунда нечук буларни ташлаб борайин...» Нажмиддин Кубро жон сақлаш имкониятини рад этибгина қолмай, душманга қарши юзма-юз жангга киришиб, ватан озодлиги йўлида ҳалок бўлгани маълум.
Яхши яшашни, фаровон турмушга интилишни тақиқлаб бўлмайди, албатта. Чет элларга чиқиб маблағ орттириб келиш (қайтиб келиш!) ҳам олқишга лойиқ ташаббус. Қолаверса, эркин дунёнинг қонунларига кўра, қайси юрт, қай минтақада умр кечирмоқ — ҳар кимнинг шахсий иши. Лекин қаерда, қай манзилда дунёга келмоқ, қай гўшада киндик қони тўкилмоғи — бу энди бандасининг шахсий иши эмас, бу — тақдири азал, қисмат. Ана шу қисмат рўй берган маконни эса в а т а н дейдилар. Ватан — муқаддас, уни севмоқ, унга садоқат иймондандир. Аксинча — уни қадрламасликни, синов кунларида уни ташлаб, хаёлий жаннат қидириб юрганларни нима деб атамоқ керак? Эртага бир кун Ватан қаддини ростлаганида улар яна қозоннинг бошида пайдо бўлиб қолмасмикан? Ўшанда нима важ қилишаркан? «Инсон дунёга бир марта келади, яшагандан кейин туғилиб ўсган юртда яшаш керак-да...»
Бизга ўхшаган лодонларни кўринг, одамзод дунёга икки маротаба келади, деб ўйлар эканмиз, чоғи...
Ватанинг нечта, ватандош?..
2003

Шукру қаноат
Шўро замони эди, бир устозимиз дала ҳовли қурмоқда экан, биз — шогирдларини бир-икки марта ҳашарга айтди. Бориб жилла бир жойни обод қилганимиз йўқ — домланинг эски қадрдони бўлмиш бойсунлик чапдаст устага қўл учи қарашган бўлдик, холос. Асли мақсадимиз ҳам шу баҳонада домламизга яқинлашиш, у кишининг даврасидан баҳраманд бўлиш эди. Шунга эришдик ҳисоби.
Орадан икки-уч ойми ўтиб, устоз яна ҳашарга чақирди. «Дача битган эди-ку, домла, тағин нима иши қолган экан?» «Энди ўша ўзларинг қурган болохонасини бузиш керак...», деди домла ҳорғин кулимсираб. Сабабини сўрамоққа ҳожат йўқ эди: бир-икки кун бурун марказий газетада фельетоннамо мақола чиққан, унда ҳашаматли уй-жой қурган зиёлилар каторида коммунист домламизнинг хам номи тилга олинган эди. Демак, ана шу «ҳашам»ни камайтирмоқ лозим.
Иморат аслида мўъжаз бир хонаю бир даҳлиздан иборат бўлиб, бойсунлик устанинг қўли қичибми, устига чоққина бир ровон ҳам кўшилган эди. (Ўша йиллари Кавказ курортларида дам олганлар кўрган: домламизнинг «қаср»ини у ердаги иморатлар қаршисида, узр, товуқхона ҳам деб бўлмасди. Ёки кавказликлар ёппасига партиясизмиди?..)
Ўзимизнинг қўлимиз теккан бинони бузмоққа кўнглимиз бўлмадими, ҳашарга бормадик. Устозимиз ҳам негадир биздан ранжимади.
Замон янги бўлди. Энди, қўлингиздан келса — сарой қуринг, самолёт сотиб олинг, биров бир нима деёлмайди. Эркинлик. Лекин, ажабки, фурсат топилди дегунча иқтисодий қийинчиликлардан, турмуш норасоликларидан нолиймиз, шикоят қиламиз-у, бугунги ҳою ҳавасларимизнинг чек-чегараси йўқ. Энди, ҳар қанча дабдабали бўлмасин, битта ҳовли-жой бизга тор, битта машина камлик қиляпти. Қанийди, шулардан қўша-қўша бўлсаю кўрган дўсту душман ҳасаддан куйиб ўлса!
Ҳою ҳавасларимиз ҳакалак отиб кўпайгани бор гап. Хўш, нима камайди? Бунга ҳам мисол етарли: инсоф, ҳалоллик... Йўқ, энг аввало — шукру қаноат йўқолиб боряпти, шу ҳисни бой бердик. Қаноатни билмаган инсонда ҳаловат бўлмайди. Мол-дунё васвасасига берилиб, аксарият ўтаётган умри, ҳаёт, ҳаётнинг асл маъноси ҳақида ўй сурмоққа, мулоҳаза қилмоққа фурсат тополмайди. Ва таассуфки, гоҳо бунга улгурмай ҳам ўтади...
Бугунги дабдабаю асъасаларни кўрганда устозимизнинг ўша камтарин кулбаси, болохона можаролари эсимга тушади. Замон ўзгардими, бизми? Ҳа балли, замонга қараб биз ҳам ўзгардик. Аммо яхшилик, ҳалоллик тарафгами? Унда шукру қаноат деганлари қайда қолди?
Келинг, ҳадеб жайдари саволни қалаштиравермай, қадим бир ҳикматни ҳам ёдга олайлик: жаҳонгир Искандар бу дунёдан нега қўли очиқ кетибди?
Сизу бизнинг илинжимиз нимадан, замондош?
2003

Санъат - кимники?
Катта бир анжуманда шу ҳақда баҳс кетди. Аслида-ку, санъатнинг эгаси маълум: у — халқники, «санъатшунос» Ленин бобо айтиб кетган. Пролетар адиблар кейин бунга қўшимча қилдилар: халқдан олиб — халққа берамиз!
Қуллуқ! Лекин — бекордан-бекоргами? Мушук текинга офтобга чиқаркан-да? Қачондан бери? Айниқса, бозор иқтисодиёти шароитида-я?!
Модомики, санъат халқники экан, халққа маъқул бўлиши керак, шундай эмасми? Кейинги йилларда халққа маъқул келаётган, халқ энтикиб томоша қилаётган ёки ўқиётган асарлар, қарангки, турли «шунос-шунос»ларнинг эътирозига сабаб бўлаётир: чучмал, саёз, ҳазми енгил, кўчабоп. Дейлик, замонавий ишқ-муҳаббатни, бойваччаларнинг ширин-шакар ҳаётию ясама жаннатни «тараннум этувчи», аксарияти тубан туйғуларни қитиқлашга мўлжалланган ялтироқ томошаларга ишқибоз ёпирилиб келади, чинакам санъат асарларининг эса харидори кам! Нега бундай? Халқимизнинг диди пасайиб кетдими? Умуман, санъат деганлари халқни эргаштириши — олдинда юриши керакми ёки майда майлларнинг дастёри бўлиши керакми? Боз устига, ўзи учун асар ёзадиган, ўзи учун кино оладиганлар тоифаси чиқиб қолди. (Буни кўрса, «пролеткульт»чиларнинг жон-пони чиқиб кетарди: санъат — санъат учун эмиш-а!) Майли, замон эркин, билганингни қил — матоҳингни ўзинг ўқи, ўзинг кўравер! Йўқ-да. Бунақаларга дарров ҳомий ҳам, ҳар турли ҳайбаракаллачи ҳам топилақолади. У ёғи кимнинг шўри, а, лаббай?
Анжумандаги мунозаранинг мазмун-моҳияти шу руҳда эди. Талаб ҳам шунга яраша қўйилди: ҳаммаёқни бемаза куй-қўшиғу саёз «эъжод» намуналари босиб кетди, бизга бадиий юксак асарлар керак!
Ие, унақа асарлар иқтисодий жиҳатдан ўзини ўзи қопламайди-да, қолаверса, чинакам юксак санъат яратиш ҳамёнга ҳам боғлиқ! Ҳомий топинг, каллани ишлатиш керак! Калла-ку ишлаяпти, лекин хам юксак бадиий асар яратишга, ҳам уни ҳомийбоп (демакки, оммабоп) этишга калланинг ўзи камлик қилади-да!
Ўша анжуманда қатнашган оддий бир томошабиннинг гапи эсда қолди: «Асар ҳам қизиқарли, томошабоп бўлса, ҳам бамаъни, ибратли бўлса!»
Кошки эди!
Санъат жамиятдаги мавжуд муносабатлардан ифода топиши, шунга қараб ривожланиши маълум. Бизнингча, маънавият ва маърифатни шиор қилган жамиятда бевосита нафсу манфаат билан баҳоланмайдиган соҳаларга ҳам ўрин қолиши лозим.
«Жевачка» чайнаш осонми, бодом чақиш? Қайси бири фойдали? Бояги муаммо ана шу нарса тугал фарқлаб етилгандагина ечилади.
Аммо санъат буни кутиб туриши керакми, нима дейсиз? Туянинг думи ерга етишига эса шубҳамиз бор.

Савобнинг йўли – пинҳона
Буни қарангки, айнан шундай йил келишини кутиб юргандек, ниҳоят, бизнинг кўнглимизда ҳам меҳр-мурувват ҳисси уйғонди, совға-салом қилиб меҳрга зор бир даргоҳга борар бўлдик. Ўша масканнинг мутасаддисига қўнғироқ қилиб, ниятимизни айтганимизда у роса қувонди ва «ташриф куни»ни аниқлагач, «Телевизор ё газета-пазетадан одам чақирайликми?» деб қолди. Тадбирни ёритиш учун...
Телевизорда кўрганимиз бир манзара ёдга тушди. Қайсидир хайрия жамғармасига барака топкур бир халқаро ташкилотдан унча-мунча мурувват ёрдами келган экан, шуни зўр тантана билан эҳтиёжманд кексаларга топширди. Хайр-эҳсон қилганга ҳам, уни виждонан тарқатиб берганларга ҳам минг ташаккур, албатта, лекин бу тарзда намойиш этмоқ шартмиди, деган андишаларга бордик. Қолаверса, садақа (бошқа сўзни қўллаш қийин) тутқазилганлардан бири кўп йиллар каттакон лавозимларда ўтириб элга хизмат қилган баобрў отахон эди. У киши балки ўша туҳфадан миннатдор бўлгандир, аммо биз ўкиндик. Негаки, отахоннинг кўзга кўринган фарзандлари бор, бу ҳолдан улар ҳам кўп хурсанд эмасдир.
Бундан тўрт-беш йил бурун юртда ҳар турли пулдор чиқиб, бўлар-бўлмасга элга ош бермоқни одат қилган эди; ўзлари пўрим либосларда эшик олдида қўр тўкиб, келган-кетганга виқор билан боқиб туришарди: кўриб қўйинг, биз мана шунақа ҳотамтоймиз! Ўзини билган биров-ярим мардум ош эмас, тош еганга ўхшаб кетарди бу ердан.
Янги бойларимиз, чамаси, шу тахлит бир замонлар элга қайишган машҳур мурувватпешаларимизга ўхшамоқ бўлгандир. Лекин, аслида, кўпчилигининг устоз Абдулла Қаҳҳор нақл қилган «савобчи» бойдан фарқи йўқ эди. Ёдингиздадир, қаҳатчилик йиллари бир шўрлик бева уч-тўрт етимчасини эргаштириб бир бурда нон тилаб келганида бой ота «Яқинда бир масжид қурурман, ўшанинг савоби сеники бўлур» дея «ҳиммат» кўрсатган экан...
Бизнинг бугунги бойваччаларимиз ҳам тезда «эсларини йиғиб» олдилар. Ҳадеб дошқозонларда ош дамлайверишдан иш чиқмаслигини билиб, қасру сарой қуриб ном таратиш мусобақасини бошлаб юбордилар. Ён-атрофдаги камхаржроқ қўшниларга «дом» «ҳадя» этиладию эски ҳовлилар ўрнига бассейн, сауна, теннис майдони дегандек... Дабдабали ҳовли тўйларига ўша ҳовлиларнинг аввалги эгалари ҳам таклиф қилинса-ку, ҳарна, раҳмат дер эдик...
«Меҳр ва мурувват йили»га атаб ҳукуматимиз махсус дастур тузди. Дастурки, сизу бизга ўхшаган тўрт мучаси соғ, нони бутунларгача эътибордан четда қолмаган. Бунисига энди чинакамига раҳмат айтмай иложимиз йўқ. Навбатдаги вазифа — ана шу олижаноб режани бекам-кўст бажариш, яъни мурувват меваларини эга-эгаларига тайин етказиш. Ортиқча жар солмасдан, тантанали тадбирга айлантирмасдан, инсоний шаънни таҳқирлаб эмас, авайлаб, инсофу андишалар билан. Бу борада ҳам ҳукуматимиз ибрат кўрсатишига аминмиз: анови «саховатпеша» бойларга ҳам, бизга ҳам — барчамизга. Меҳр-мурувват кўз-кўз этилса, миннатга айланади. Миннатнинг эса тоши оғир, у гуноҳ, куфр ҳисобида.
Ҳиммат қилаверинг, майли, сув ё балиқ билмаса... Холиқ билар!
Савобнинг бошқа йўли йўқ.
2004

Мени сайланг, мени сайланг...
Ҳамза Ҳакимзоданинг шундай сатрлари бор. Мактабда ўқиганмиз. Бошқаларни билмадим-у, бу гап менга ўшандаёқ эриш туюлган: ўзини билган одам қандай қилиб «мени сайланг» дейиши мумкин? Манманлик, нокамтаринликка кирмайдими бу иш? Мени сайланг, мен бошқалардан кўра яхшироқман, ақллироқман, муносиброқман; мени сайласангиз, сизни отли қиламан, туяга ўтқазаман, мени сайланг... Тўғри, матн ҳажвийроқ, сатирик оҳангда. Боз устига, «бурунги сайловлар»дан нақл этади.
Хўш, бугунги сайловлар-чи? Бугун, сизу биз содда тасаввур қилганимиздек, халқ ўз вакилларини ўз-ўзидан таниб-билиб танлайдими? Сайловолди ташвиқотига ҳожат йўқми? Бор! Бўлганда-чи! Бунинг учун манаман деб халқ ҳузурига бормоқ лозим бўлади: акс холда, сиз қатори депутатлик даъвоси билан майдонга чиққан беш-олти номзод орасидан улоқни илиб кетиш — хомхаёл. Бу жараёнда эса гоҳо мавжуд қонун-қоидалар ҳам, одоб-ахлоқу адлу инсоф деганлари ҳам писанд бўлмай қолади. Энг муҳими — натижа, байроқ — ғолибники!
Шу байроқ остида нималар ваъда қилинмайди дейсиз?! Олисдан-олис тоғ қишлоғига газ олиб борилади, ўру қирлар оша теп-текис асфальт йўл ўтказилади, муаллиму врачларнинг маоши бир неча баробар оширилади, кўримсизгина ўртаҳол мактаб университетга, гоҳо академияга ҳам айлантирилади, ҳамманинг ўғил-қизи, билим-пилимидан қатъи назар, турли ўқишларга жойланади, адолатсизлик деганидан-ку дунёда асар ҳам қолмайди... Хуллас, машҳур интермедияда кулги қилинганидек, келиннинг онасига — конфет фабрикаси, тоғасига — арақ заводи, ўлган бувисига — янги кафан... Шундай мўъжизакор, ҳотамтой валломатни сайламай бўладими, айтинг?!
Аммо бугун халқимиз анойи эмас, ҳар турли ваъдаю васвасаларга учмайди. Мамлакат парламенти ҳаётида кутилаётган туб ўзгаришлардан ҳамма хабардор, қолаверса, бугун депутат деганларининг мавқе-мақомию бурч-вазифалари ҳам ўзгача. Энди қонун чиқаришни кимга ишонмоқни сиёсий партиялару ташаббускор гуруҳлар, демакки, халқнинг ўзи ҳал қилади.
Чамаси, маҳаллий ҳокимият тизимлари, ўрганган кўнгил-да, бу жараёндан четда туролмас. Ўзининг номзодини илгари суриш ҳуқуқидан расман маҳрум бўлган (дарвоқе, бунга на ҳожат: каттакон мансаб курсисидан воз кечиб, сердиққат қонуннависликка ўтадиган шеримард топилармикан?) баъзи бир ҳокимлар энди жиян-пияни ёки бели бақувватроқ ошна-оғайнилари тарафида туриб ҳаракат қилса ажаб эмас. Яна денг, сенат аталмиш бир жозиба ҳам турибди бу ёқда...
Лекин, барибир, асосий имконият халқнинг қўлида. Зўр масъулият ҳам унинг зиммасида. Бу гал энди ойнадан ўпкаламоққа ёки пушаймон бармоғини тишлаб қолмоққа ҳаққимиз йўқ. Бунинг учун барча қонуний асослар ҳам, янгича шароитда фаолият кўрсатишга шай турган асил, фидокор номзодларимиз ҳам етарли. Тиллани жездан фарқламоқ эса сизу биздан, одил ватандош!
Шунда, эҳтимол, тилла тиллалигини қилар, ахир!
2004

«Жонажон» укахонлар
Вилоятларимиздан бирига анжуман қилгани бордик. Казо-казолар сафида. У ерда резароқ бир мансабда ўтирган собиқ курсдошимни ҳам, баҳонада, кўриш ниятим бор эди — Тошкентда учрашганимизда «Биз томонларга бир ўтгин-а» деб кўп қистарди. Уни кўрдим, лекин у мени кўрдими-йўқми, билолмай қолдим. Гап шундаки, саломлашув чоғи мен унга интилиб-энтикиб қўл узатдим, у ҳам қўл чўзди-ю... кўзи бошқа ёқда эди. Кўзи биз билан борган каттаконларда ва ҳар куни бўлмаса ҳам кунора учрашиб турадиган «ўзининг» ҳокимида эди.
Мансабдорларни ҳамма яхши кўради, ҳамма уларга ихлос-эҳтиром билан боқади деб бўлмас. Айниқса, ўзидан бир-икки поғона юқорироқ турадиган «хўжайин»га кўпчилик пинҳона ғашлик билан қарайди, уни очиқдан-очиқ ёмон кўрадиганлар ҳам топилади, албатта. Бироқ ана шундай «беодоб», «бетамиз» кимсалар ҳам каттароқ амалдорга дуч келганда, ҳечқурса, сохта тавозе билан илжайишга мажбур: ҳаёт-мамоти унинг қўлида бўлмаса ҳамки, майда-чуйда бирор манфаати шу шахсга боғлиқ, қолаверса, каттага эътибор, одамгарчилик деган таомилларимиз ҳаққи-ҳурмати дегандек.
Лекин шундай бир тоифа борки, исми амалдорни кўрганда азбаройи ихлосдан нақд титраб-қалтираб қолади. Шунда чин отасини рўпара қилинг-чи, ўгирилиб қарармикан! Негаки, у амалдорни яхши кўради, амалдор деса жонини ҳам бермоққа тайёр; каттами, кичикми, ҳурматга арзирлими, арзимасми, унга фарқи йўқ, бирор мансаб соҳиби бўлса, бас — ялайди, юлқайди, ялайвериб «жунини тескари» қилиб юбормагунча кўнгли жойига тушмайди.
Амалдорлар — орамиздан чиққан сараларимиз, танланган-сайланганларимиз. Аммо улар ҳам ўзимизга ўхшаган одам, шох-похи йўқ. (Гарчи айримларига тикилиброқ қарасангиз, шохдорга ҳам ўхшайди... «Бунинг нима фазилати бор экан ўзи?» дея турли шубҳа-гумонларга борасиз.) «Эшак бозорига даллол» бўлиш ҳам осон эмаслиги маълум. Демак, бирор каромати бўлса керакки, шундай курсини эгаллабди. Лекин у курси ҳар қанча баланд, ҳар қанча мустаҳкам бўлмасин, барибир омонат — бир куни келиб бўшамоғи, курсидор акахонимиз яна «ўзимиз қатори» бўлиб қолмоғи муқаррар. Унда нега бу қадар кибру ҳаво? Кечагина сафимизда юрганида туппа-тузук эди-ку? Ёки «давринг келди — сур, бегим»ни дарров шиор қилиб улгурдими? Мансабнинг нима балоси борки, шундай одамни бузди, айнитди?
Йўқ, мансабдорни кўпинча ўзимиз бузамиз, ўзимиз айнитамиз, кўтар-кўтар билан осмонга чиқариб қўямиз-у, кейин ерга туширолмай хуноб бўлиб юрамиз. Бунда айниқса анови раҳбарпараст тоифанинг хизмати зўр. У бор ишини йиғиштириб қўйиб, янги амалдорнинг пинжига киради, ҳар йўлини топиб, у билан дўстлашмоққа интилади, отаси қатори бўлса ҳам укахонлик, хизматкорлигу дастёрликни пеш қилади — хуллас, унинг «одами»га айланмагунча ётиб кечаси уйқуси келмайди. Амалдор эса бора-бора ўзининг «шохи» борлигига чиппа-чин ишонади. Ана энди бунга шубҳа билдириб кўринг-чи, нақд ҳасадгўй, душман аталасиз-қоласиз!
Бу гапларни ким билмайди дерсиз? Балли. Келинг, сиз билмаган бир ҳолни хижолатлар билан эътироф этай: собиқ курсдошимнинг ўша қилиғини кўриб, мени ҳам шайтон йўлдан урди — бир кун бўлса ҳам амалдор бўлиш истаги туғилди каминада. Бунисига нима дейсиз? Хом сут эммаган бандаси... бормикан?
Қайдасиз, жонажон укахонлар?
Аммоки қўрқаман, кейин — амалдан айрилганимнинг эртаси куни сизларни қаердан топар эканман...
2005

Кўз-кўз қилманг — кўз тегар
Устоз Озод Шарафиддинов газетадаги бир мақоласида «Ҳадеб реклама кўрсатаверса, телевизорни уриб синдиргим келади» деган эди.
Мен телевизоримни синдиролмайман — кузим қиймайди, яхшиси, унга қарамай қўяқоламан. Чунки бемаъни рекламаларга қарши курашиб кўрганман. Қўлимдан ҳеч нарса келмаган.
Бир муҳокамада тамаки рекламаси хусусида анчайин мулоҳаза билдирганимда «замонавий» акахонларимиздан бири дабдурустдан «Нима, сиз бозор иқтисодиётига қаршимисиз?» деб дағдаға қилгани ёдимда.
Албатта, бу жаҳоншумул, мутараққий тизимга қаршилик қилиш бефойда. Кишини, ниҳояти, реклама баҳонасида содир этилаётган айрим алдамчиликлар ташвишга солади.
Бозорга мол чиқарган одам ҳеч қачон уни ёмон демайди. Артиб-суртади. Кўз-кўзлайди. Таъриф-тавсиф этади. Охир-оқибат қўлингизга тутқазиб, пулингизни олгачгина тинчийди. Ҳалоли бўлсин!
Бугунги рекламачилар эса пулингизни шилгандан кейин ҳам тинч қўймайди. Радио, телевизор, газета-журнал, симёғочу турли-туман пештоқ ва деворлар — қаёққа қараманг, гоҳ молини, гоҳ «кўрсатадиган» хизматини, гоҳ ўзини кўз-кўз қилиб туради. Қочадиган жой топиб кўринг-чи!
Матоҳинг шу қадар зўр, олийсифат экан, уни тиқиштиришга намунча жон койитасан, биродар, дегингиз келади. Бозор-да, бозор!
Гап шундаки, кўпинча қинғир йўллар билан келган ёки бозори касодроқ матоҳ ана шундай зўр бериб реклама қилинади. Дод дегудек бўлсангиз, сотиб олмагин эди, кўрмагин, бормагин эди дейдиганлар ҳам топилади.
Энг безор қилгани — дори-дармон рекламаси. Қорин тўйғизадиган ноз-неъматлар туриб алланима-бало «мўъжизавий» ҳапдорилар таъриф-тавсиф этилади. Ичса — ўлган одам тирилиб кетармиш, еса — мункиллаган чол ёш йигитга айланиб қолармиш! Афсуски, шундай чўпчакларга лаққа тушадиган анойи «ўлик»лар ҳам, ёшлигини туш кўриб юрган хомхаёл чоллар ҳам кам эмас. Шўрлик, реклама қурбонлари!
Ёки, дейлик, беш юз сўмлик лотореяга бир эмас, учта (!) енгил мошина ютган йигитча экранда бор-йўғи велосипедли бўлгандек илжайибгина турса... ким ишонарди бунга? Ёлғонни ҳам эплаш керак-да!
Рекламага тушмаган нима қолди? Инсоф, уят, андиша эмас, ғирромлик, қаллоблик шиорга айланиб кетмадими?
Нимаики ҳадеб кўз-кўз қилинаверса, билингки, ё бир иллати, ё нозикроқ бир сабаби бор!
Йўқ, биз бозор муносабатларига ҳам, унинг зарур воситаларидан ҳисобланган реклама сиёсатига ҳам қарши эмасмиз. Асло. Бу жараённи тартибга соладиган, ўрни келганда назорат қиладиган махсус ташкилотлар тузилганидан ҳам хабардормиз. Аммо шулар баҳонасида сурбетлик, ғирромлигу қаллоблик намойиши авж олиб кетишидан хавотиримиз борлигини таъкидламоқчимиз, холос.
Хайрият, устознинг телевизори ҳозирча бутун. Демак, инсоф-андиша деганлари ҳали тугаб битмаган. Умид — шундан.
2005

Тўймас
Бир одам чет элдан кўп пул билан келди. Аввал бир нечта хонадон — квартира сотиб олди, кейин шаҳарнинг эгасизроқ манзилидан зўр жой қилиб, иморат қурди. Битта эмас, албатта — қўша-қўша. Таърифлаш шарт бўлмаса керак. Дарвоқе, шу орада бир талай қўшмаю хусусий корхона ҳам барпо этди. Махсулот чиқарди, фойда олди, дуо ҳам олгандир. Қабул бўлсин.
Лекин ўзи тиним билмади. Одамга ўхшаб бемалол, баҳузур яшамади ҳисоб. Ва ана шу банда бир кечада оёқ узатди-қўйди. Ажал.
Бу умрдан саволлар қолди: ўлибгина кетар экансан, шунча даҳмаза нимага керак эди? Одамзод бир бурда нон билан ҳам тўяди-ку! Яшайман деганга одмироқ бир бошпана ҳам кифоя-ку! «Ўзингизнинг еган-ичганингизу кўнгилдан чиқариб бировга берганингизгина — сизники, қолгани бекор!» Аждодларнинг ҳаёт хулосаси шундай. Унда бунча дўкон-дастгоҳ не даркор эди?
Кўз тўймайди, кўз! Битта ҳовлим иккита бўлсин дейди, иккита мошинаси тўртта бўлишини хоҳлайди. Орзу-ҳавас эса чек-чегарасиз — Саҳройи Кабир! Жон-чи? Бир мартагина ато этиладиган умр-чи? Йўқ, бошқалар ўлса ўлар, мен ҳали-вери ўлмасам керак, деб ўйлайди. Муқаррар ажал билан шартнома тузмоқ бўлади. Беҳуда хаёл! Майли, ўлсам, орқамдаги бола-чақамга қолар-ку, деб юҳолигига таскин ҳам излайди ўзича. Тўғри, йиққани қолади. Солиҳ меросхўрлар бирини икки қилиб, асраб-авайлаб, номини эслаб-хотирлаб турса-ку, ҳарна, акс ҳолда — не-не азобу машаққатлар эвазига тўпланган мол-давлат исқот, сабил, садқаи сар!
Замон одамлари нафс балосига гирифтор бўлгани аён. Хўш, замон айбдорми ё замон берган эркинликни биргина нафс эркинлиги деб билган одамзодми? Умр деганлари, ҳаётнинг мазмуни деганлари шугинами? Бу ёруғ оламга мол-дунё йиғиш илинжидагина келган экансан-да, эй банда? Бўлмаса, бебаҳо умрни бебақо дунёга шу тариқа сарфлашда яна қандай мантиқ бор?
Кўз фақат кўрмоқ, тўймоқ учунгина эмас, билмоқ, англамоқ, демакки, оқибатни, охиратни ўйламоқ учун ҳам берилмаганми одамзодга?!
Лекин, ажабки, Иқбол Мирзо таажжуб ва таассуф ила айтганидек:
Қарасам, бешикдан тобутга қадар
Биров умр сўрар, яна биров — зар.
Берганга биттаси кўпдир, биродар,
Олганга мингтаси кам кўринади.
Умр ато этдинг, дунё неъматларини аямадинг, шукр. Энди бандангга инсоф ҳам бергил, ё Оллоҳ!
2005

Зарчопон
Умрингизда зарчопон кийганмисиз? Киймаган бўлсангиз ёш экансиз. Кўнглингиз тўқ бўлсин, Худо умр берса, ҳали элликка, олтмишларга кирасиз. Ана ўшанда елкангизга албатта зарчопон иладилар. Йўқ, хато кетмадик — айнан иладилар. Негаки уни ўша заҳоти ечиб, тахлаб қўясиз. Сандиқнинг тубига. Сандиқнинг мулки энди у. Агар кўпайиб, унга сиғмай кетса, ташвишланманг, бунинг йўли осон: яқин биродарингиз эрта-индин элликками, олтмишгами кираман деб турибди!
Зарчопон кийиб кўча-кўйда юрган одамни учратганмисиз? Бирон бир ҳавасманд ажнабий ёки улуснинг анжуманига отланган хонандами, навозандами бўлса керак-да. Уларга майли, уларга ярашар. Сизу биз эса истиҳолага борамиз: кўрган нима дейди? Ҳар бирига алоҳида-алоҳида «Мен элликка ё олтмишга кирдим, биродар, мени муборакбод этинг!» деб изоҳ берол майсиз-ку!
Дарҳақиқат, заррин тўн кийган одам ўзини камида Амир Олимхондек хис қилса керак. Боз устига андак сархушроқ бўлса, одми курсини бир тепиб, «Тахтим қани?» дея расмона тахт қидириб қолмоғи ҳам ҳеч гап эмас.
Бу матоҳ ўзи кўп қиммат келади. Зардек ипакдан бино бўлган-да. Меҳнати ҳам сердиққат. Кунда кийгани кўзингиз қиймайди. Кийганда ҳам ёлчимайсиз: ноқулай, иссиқ-илиғи йўқ. Елкага ташлаб суратга тушсангиз энди — бошқа гап. Невара-чеварага эсдалик. Бошқа бирон фазилати йўқдек.
Бор, бор! Боя айтилди-ку — тўй-ҳашамда зўр совға! Аммо туҳфани олган одам уни киймайди-да (буниси ҳам таъкидланди)! Унда ҳам (сандиғида) тўрт-бештаси ётибди. Совғага атаб қўйилган.
Шу ҳисобда денг, биргина тўн бир неча одамнинг елкасини кўради...
Лекин гап фақат зарчопон устида экан-да, деб ўйламанг. Зарчопон — эҳтиром белгиси, қутлуғ удумимиз, албатта. Қолаверса, у ҳали ҳолва. Миллий турмушимизда, афсуски, риёга ўхшаб кетадиган бунақа хўжакўрсин сипогарчиликлар бир дунё! Келинчакнинг ҳайитида номчиқарарга юбориладиган беҳисоб, кўпинча увол кетадиган, бесамар тоғоралар ҳам шу сирадан.
Ажабо, йигирма биринчи асрга ҳам шу каби ялтир-юлтир «тоғора»лар билан ўтдиг-а! Бу ҳол тараққиётми ёки тушовми?
Элликка кирдингизми, олтмишга? Елкани шайлайверинг...
2005

Ялаш бошқа, сийлаш бошқа...
Шўро замонида бир ёзувчи бўларди. Яхши ёзувчи эди, кўп бамаъни асарлар ёзган. Лекин камписандроқ, назардан четда юрарди. Боз устига, хотин-боласи ташлаб кетган, сўққабош. Сабаби — пиёниста эди.
Шу одамни бир куни ҳамшишаси мақтаб қолибди: сиз ундоқ ёзувчисиз, бундоқ ёзувчисиз! Умрида дадилроқ бирор таъриф эшитмаган ҳалиги шўрлик кафтини қулоғига карнай қилиб ялинармиш: «Яна бир мақтанг, яна, яна!»
Ширин сўз — жон озиғи, кимга ҳам ёқмайди дейсиз! Аммо у хушомаду ялтоқиликка айланиб кетса-чи? Унга ғараз, таъма аралашса-чи?
«Подшонинг эшагини мақтаб, отини мин» деган гап бор. Бу бир эски нақл, албатта. Бугун энди подшою подшолик деган нарсалар йўқ. Қолаверса, подшо жаноблари келиб-келиб эшак минмагандир. Эшак жонивор ярашган бўлса, Хўжа Насриддинга ярашган.
Подшо, эшак, афандилар замони-ку ўтган, бироқ ҳуда-беҳуда мактов, кўтар-кўтар, силлиқ хушомадлар қолган. Шулар орқасида иш битиришлар қолган. Таъмаю ялтоқилик қолган. Бозор баҳона, хатто урчиб ҳам кетган.
Хўш, ким мақталади? Иш тушган одам-да. Иш битириш учун. Кимга ишингиз тушади? Амалдорга-да. Ия, у зот мақтов замиридаги заҳарни сезмайдими? Сезишга сезади-ю, тоб беролмай қолади. Эриб кетади. Одам-да. Лойдан, гилдан бино бўлган.
Шу тариқа ўртадаги иш битди дейлик. Икки томон ҳам гўё рози. Сен — менга, мен — сенга.
Аслида улар бир-бирини алдади, лақиллатди. Ҳожатманд тилига бол суртиб ҳожатбарорнинг тамоми жойини ялаб чиқди. Яланган эса макруҳ сўлак аралаш кўпикдан ҳазар қилмади — ҳузурланди.
Аслида бу «олди-берди»нинг пора, порахўрликдан фарқи кам. Маънавий порахўрлик, холос.
Қани, бу ўйинда ким ютдию ким ютқазди? Бизнингча, ялаган ютди — ишини битириб олди-да. Яланган эса моҳиятан алданди, масхара бўлди — чув тушди.
Жамият, таассуфки, ҳамон шу каби ҳақоратларга лоқайд, чидаб келади. Ва ҳатто бу ҳол кўпинча рағбатлантирилади ҳам. Зараркунанда ҳашаротларга муносабат борасида қонун чиқиши мумкиндир, хушомадга қарши бундай чора қўллаш имконсиз — ширинсуханлик билан ялтоқиликнинг чегарасини аниқлаш осон эмас-да. Шундан куйибми, ҳазрат Навоий масалани кескинроқ қўйган эканлар:
Чун хушомад демакни бошласа кош
Ким, тутилса дами, кесилса тили.
Ўша замонлардан бери ялаймиз, яланамиз. Тилимиз узилиб тушмаганию ўзимиз олқиндига айланиб кетмаганимизга балли!
2006

Ўзингиз ҳам ўқиганмисиз?
«Ҳаммамиз учун ҳурматли» Брежневдан қолган бир анекдот кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бош котиблигу яна ҳоказо мансаб-мартабалари камлик қилибми, «Тикланиш» деган хотиранома ёзиб, собиқ Иттифоқнинг биринчи рақамли «бош адиби»га ҳам айланган эди у зот. Газетаю радио-телевидениеда фақат шу гап, не-не алломаи замонлар фақат шу асарни таърифлаган! Ўшанда донгдор муаллиф сиёсий жўраларидан бирига бундай маслаҳат солган экан: «Ҳамма зўр-зўр деяпти, ўзим ҳам бир ўқиб кўрсаммикан шуни, нима дейсан?»
Аввалданоқ айтиб қўяйлик: давлату сиёсат арбобларига даъво қилгулик жойимиз йўқ. Уларнинг йўриғи ўзга. Бизни бутунлай бошқа ҳол ташвишга соляпти. Китоб битувчи кўпайди! Умрида қалам ушлаб кўрмагани ҳам адиблик даъвосида қўша-қўша китоб чиқаряпти. Бадиий асар ёзиш-ку ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди; майли, ёзсин, ўқитадиган одамини топса — ёзаверсин, ҳалоли бўлсин!
Аммо биргина муаллиф ўттиз-қирқлаб монография, уч юз-тўрт юз илмий мақола ёзишига нима дейсиз? Илмий мақола-я! Бундай маҳобатли рўйхатни кўрганда киши ёқасини ушлаб қолади: Толстой бўл-э! Китобу рисола ёзиб берадиган ускуна-пускунаси бормикан ё? Суриштириб кўрсангиз, ҳурматли муаллифимиз кўпинча ё арбоб, ё катта бир илмий муассасанинг раҳбари ҳам бўлиб чиқади. Демак, у зот ё ўзи ёзмайди, ё ишхонасига ўхшатиброқ раҳбарлик қилмайди. Бунинг сирини илмий доираларда кўпчилик билади. Сири шундайки, ўша дарслигу қўлланмаларни олиб қарасангиз, муқовада камдан-кам ҳоллардагина бир кишининг имзосини учратасиз. Камида икки ном, бўлмаса — уч-тўрт муаллиф! Хўш, буни аслида ким ёзган? Балоларга қолишдан қўрқмай айтадиган бўлсак, китобнинг асоси аксарият ҳолларда номи рўйхатнинг охирроғида турган кимсага тегишли бўлади!
(Ҳадеб ўзгалардан олмай, ўзимиздан ҳам бир латифа қўшиб кетайлик. Қуён китоб ёзиб, маслаҳат сўрагани бўрининг олдига элтибди. «Нега бу ерда менинг номим йўқ?» деб бўривой ўзининг исмини қўшиб қўйибди. Кейин муаллиф китобини йўлбарсга олиб борибди. Йўлбарсвой ҳам исмларини тиркабдилар. Шерга навбат келганда у рўйхатни кўриб, «Қуён бу ерда нима қилиб юрибди?» дея унинг номини ўчириб ташлаган экан...)
Бундай асарнинг «устида» кўпинча бутун бошли бир бригада меҳнат қилади — ҳашар. Устоз учуқ, устознинг шон-шуҳрати йўлида. Устознинг ўзи эса қўлига қалам олиб бирор нима ёзишига ҳам шубҳа қиласиз.
Ундан кейин, ана, нашриёту таҳририятларда енг шимариб адабий негрлар, мардикорлар ўтирибди...
Кимга керак бундай «эъжод»? Қўлингиздан келмаса, китоб ёзмай ўтсангиз ҳам биров уришмайди. Дунёда ном қолдиришнинг бошқа йўллари кўп.
Тўғриси, бу қаллобликдан кўрса биргина одам наф кўради — муаллифлар рўйхатининг бошида тургани!
Зарари эса — сиз билан бизники, китобхонники!
...Китобингизни ўзингиз ҳам ўқиганмисиз, устоз?
2006

Ҳозирийлар
«...Сиз айтаётган кимсалар — ҳозирийлар, — дейди ҳамсуҳбатим. — Бугуннинг, бир кунгинанинг одамлари». «Ҳозирийлар»? — дейман ажабланиб. — Шундай сўз бор эканми?» «Бўлмаса — бўлар. Луғатга кирмаган гап кўп-ку. Шу куннинг, ҳозирнинг бандалари, йўқ, бандиларини «ҳозирий» демай нима дейсиз?»
Одамзод кечаги кунини эслаши, қўмсаши, у билан фахрланиши мумкин, аммо ўтмиши учун яшамайди. Бунинг иложи йўқ. Бесамар ҳам.
«Пайғамбар ҳам бугунини кўрибди», «Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема», «Бугунингни кўриб турсанг-чи, эртага бир гап бўлар» деган нақллар фоний умрнинг барча фаслларига бирдай дахлдор қатъий ақида ёки ҳикмат эмас, анчайин бир мавриди гап, холос. Лекин атрофга назар солинг-а: охиратни-ку қўятурайлик, оқибатини, ҳатто эртасини ҳам паққос унутиб, яккаш айни шу ўтаётган куни, дами, дақиқасининг қулига айланиб қолганлар қанча!
Эртанги савол-жавобдан қўрқса, андиша қилса, одам одамни хўрлармиди, одам одамга фириб бериб, риё қўллармиди, ўткинчи дунё матоҳига инсонлик шаънини алмаштирармиди ?!
Бир думалаб бойваччага айланган мардум яқин биродарини, ночорроқ ҳамсоясини оёқ учида кўрсатади! Омади чопиб бирор мансабни эгаллаган бошқаси ўзини дунёнинг дўкайи чоғлаб, кечагина бир майизни бўлиб еган ҳамдамига осмони фалакдан келиб муомала қилади! Нега бундай? Негаки — бугуннинг эгаси, бугуннинг хўжайини у! Эртанги кундан қўрқмайди. Эртанги кун ҳам ўзимники деб ўйлайди. (У кимники бўлишини қайдан билибсан, эй осий банда?!)
Сирасини айтганда, бундай «кунбайчи»лар ҳамма замонда бўлган. Аммо бугун роса урчиб кетганининг сабаби нима? Умумфаровонлик ҳақидаги кечаги чўпчакларга ишонадиган одам қолдими бугун? Ўлимликка дея тийинлаб йиққан жамғармаси бир кунда сомондек совурилган бечоранинг аҳволини тасаввур қилинг! Бозор шароитининг асосий ғилдираги деганимиз бизнес эса толе милидек беқарор: ё чикка, ё пукка. Гардкамига-да. Боз устига — мактаб кўрмасдан ҳам биппа-бинойи кун кечириш мумкин экан, қаранг! Келажак кафолати — беш йиллик таҳсил шаҳодатномасига гоҳо олғирлик «таланти» тиркалмаса, муддаога эришиш қийин. Айрим дин пешволари ҳам оқибату охират ташвишлари қолиб, бу дунёнинг бошқа ўйинларига берилиб кетди... Хуллас, жамиятдаги ўтиш даврига хос бундай синовлар баъзи «тоши енгил»роқ кимсаларни гангитиб, бир куннинг асирига айлантириб қўйгани бор гап; бугуннинг гаштини сур, эртага — худо пошшо!
Аждодлар эртасини, яъни бугунги кунни ўйламаганида — сизу биз дунёга келармидик, буғдой бошоқ тортармиди, оғоч мева тугармиди, юрт кўриб турганимиздек кўркам, ободон бўлармиди...
Эртага хам кун бор. Эртага ҳам, худо хоҳласа, тонг отажак, бобо Қуёш юз кўрсатажак. Унга тик қарамоқ-ку мушкулдир, бир-бировимизнинг юзимизга, кўзимизга қараш азобидан қўрқайлик, бугуннинг завқи билан маст юрган эй ҳозирийлар!
2006

«-Ов», «-ов»... «-вич», «-вич»...
Ҳали шўро замони эди, москвалик бир олим дўстим «Нега сен Аъзам-овсан?» деб қолди. Ҳайрон бўлдим: «Фамилиям шунақа». «Ия, сизларда ҳам «-ов» қўшимчаси борми? Русчасига экан-да...»
Арабча-ўзбекча исмга тиркалган бу қўшимчанинг бемаъни, беўхшовлигини илк бор ўшанда англаганман. Дарҳақиқат, мен нега Аъзам-овман?
Бундан йигирма йиллар муқаддам бир китобим нашрга тайёрланаётганда муҳаррир Хуршид Даврон унга «Эркин Аъзам» деб имзо қўйишни таклиф қилган, лекин мен илло-билло кўнмаганман. Истихолага борганман-да: шоир эмасман, Ғафур Ғулом ёки Абдулла Қаҳҳор бўлмасам! (Бугун энди биров фамилиямга «-ов» қўшиб айтса, энсам қотади, ҳатто ҳақоратдек туюлади.)
Ҳа, кечаги замонда «ўртоқ Фалончиев» аталмоқ шараф эди, жамиятда маълум бир поғонани эгаллаганингизни англатарди. Яланг Эшмат Тошматдан кўра, Эшмат Тошматов, айниқса, Эшмат Тошматовичнинг эътибори, шубҳасиз, баланд эди. Бизнинг Бойсунда «Фалончи «юф» бўпти!», «У кишим энди «юф»-да!» дегандек ҳасад-ҳавас аралаш гаплар ҳам юрарди.
Шоиримиз айтганидек, «ўзга эрур имло бу кун». Бугун энди номингизни истаган шаклда ёздиришингиз, ўзгартиришингиз ёки тахаллус танлашингиз мумкин. Ана, илк шеърига қофия қидириб юрган болалар ҳам ўзига «Парвоз», «Виқор» дея тахаллус қўйиб оляпти. Замон эркин, ихтиёри!
Истиқлолимизга пешвоз чиққан дастлабки қонун давлат тили ҳақида эди. Унга ҳам ўн етти йил бўлди. Лекин камина ҳамон -овман! Нега? (Албатта, гап мен ҳақимдагина бораётгани йўқ.) Ўша тарихий ҳужжатда исм-фамилиямизни миллий-анъанавий шаклда ёзишга изн берилган эди-ку! Шу чоққача неча киши бунга амал қилди — исми шарифини расман ўзгартирди? Умуман, шунга шахсий ва оммавий рағбат борми ўзи?
Эътироф этайлик — сезилмаяпти. Лоақал «эски» исм-фамилияларнинг турли расмий хужжат ёки газеталардаги имлосига назар солинг. Айниқса, депутатликка номзодлар рўйхати ёки лавозимга тайинловлар эълон қилинганда кўрсангиз! Сиз Дўстқораев деб юрган одам «Даскараев» бўлиб чиқади. Ортиқ мисол келтиришга ҳожат йўкдир, чунки расмона тўғри ёзилганини камдан-кам учратасиз.
Инсоф билан айтганда, 17 (ўн етти!) йил озмунча муддат эмас. Бу давр мобайнида бутун-бутун давлатларнинг ҳам номи ўзгариб кетгани маълум. Нега бўлмаса бизда бу қадар сусткашлик, ҳафсаласизлик?! Балки ўша қонунимизни амалга ошириш юзасидан махсус яна бир қонун керакдир? Кейин уни бажариш учун ҳам бир қонун...
Ахир, миллий ўзлик дегани — ўзимиздан, ўзи-мизнинг номимиз, ҳар биримизнинг исми шарифимиздан бошланмайдими? Ўзини билган мардум исмини бузиб ёки ўзгача — ёт мақомга солиб аташларига қандай чидайди? Тўғри, бу ишнинг маълум расмиятчиликлари бор — вақт керак, ҳафсала керак. Лекин шунга ҳафсала қилмаган... миллат саналадими? Эртага бир кун буни авлодларимизга нима деб тушунтирамиз?
«-Ов», «-ов», «-ов»... «-вич», «-вич», «-вич»... Оҳанрабонгиз бунчалик зўр бўлмаса!
2006

Андишасиз андишалар
Кўп нарсани яширамиз. Ҳамма билади, ўзича гапиради, аммо ошкора айтилмайди. Андиша қилинади. Бунинг номини сипогарчилик атаймиз. Биз шундай бағрикенг миллатмиз деб фахрланамиз ҳам.
Ёдингиздадир, кечаги замонда раҳнамолик қилган «оға»лар бизни «баран» деб атар эди. Суйиб эмас, албатта — кулиб, масхаралаб айтарди. Биз ҳам ҳаққимизни қолдирмасдик — ўшаларнинг ўзини балчиқхўр бир махлуққа менгзаб гапирардик. Улар ҳам, биз ҳам «ким» ё «нима»лигимизни билардик. Ҳолбуки, расман қардош, биродар эдик. Нега бўлмаса бундай камситиш, ҳақорат? Бу ҳақда эса оғиз очилмасди: ўртада андиша, сипогарчилик бор. Бу — кўча-кўйда, трамвай-автобуслардагина «иш берадиган» майда гап ҳисобланарди.
«Баран» дегани — қўй. Қўй — ювош, беозор, сербарака жонивор. Ювош бўлишнинг нимаси ёмон? Лекин нега бўри ё йўлбарс эмас-у, айнан «баран»? «Баран»нинг аждодлари алжабрни кашф этгани, тиббиётга асос солгани, Америкаларни башорат қилгани, борингки, дунёнинг чорагида ҳукм сургани аҳли жаҳонга маълум эди-ку!
Қадимги юнонлар қандай халқ бўлганини биламиз. Кишилик маданияти, фалсафасининг тамал тошлари даставвал ўша афсонавий юртларда яралганидан ҳам хабаримиз бор. Бугунги греклар-чи? Кундузи озроқ ишлаб, салқин оқшомгача уйқуни уриб, кейин тун бўйи кўнгилочар манзилларда вақтихушлик қилиб чиқади. Кетма-кет қаҳва ичади. Тамакини бурқситади. Узоқ яшайди. Чор тараф денгиз. Сўлим гўшалар. Оддийгина одамлар. «Машҳур юнон донишмандларининг авлоди шуларми?!» дея бир мўъжиза кутиб, таажжуб билан боқасиз уларга.
Нега бундай? Инсоният қариш сари, таназзул сари юз тутганми? Ёки бунинг бошқа сабаблари борми?
Мустақилликка чиққанимизга ўн беш йил бўлди. Эркин, озод миллат энди ҳадеб улуғ аждодларию эришган ютуқлари билангина мағрурланавермай, ўзига, турмушига, феъл-атворига танқидий қарамоққа ҳам журъат, жасорат топмоғи лозим. Шунда кўп нарса ойдинлашиб, эртанги куннинг тиниқ манзараси аён бўлади.
Шунда яна бир лақаб орттириб юрмаймиз.
Ёруғ келажакни орзу қилган халқ ҳар қандай манманликдан воз кечиб, аслида кимлигини, кимларнинг авлодидан эканини унинг ҳар бир насли қайтадан исботлаб турмоғи даркор! «Улғайган, шаклланган миллатгина ўзига тик, мардона қарай билади». Кимнинг гапи бу? Фикр моҳиятан тўғри бўлса, ким айтганининг нима аҳамияти бор? Ким гапираётганига эмас, нима деяётганига қара, деб ўгит беради улуғ Навоий.
Устоз Эркин Воҳидов «Агар «Ўзбегим»ни бугун ёзсам, бошқача ёзган бўлардим» деган эдилар бир суҳбатда. Бизнингча, бугун ул машҳур асар «қасида» деб аталмас эди...
«Нега халққа тош отяпсан?» дейдиган «халқпарвар»ларга эса жавобимиз бундай: биз ҳам шу юртнинг фарзанди, шу халқ — бизники, биз — шу халқники. Лекин энди «баран» аталгимиз йўқ. Шуни таъкидламоқчи эдик, холос.
Сиз-чи, муҳтарам ватандош?..
2006

Кўланкаси майдондир
Мажлису машваратларда кимнинг сўзи инобатлироқ ҳисобланади, биласизми? Албатта, бош раҳбарнинг-да, дерсиз. Тўғри, шундай бўлмоғи ҳам керак. Лекин яна бир одам бор...
Хизмат тақозоси билан бир ижодий ҳайъатга аъзо бўлиб қолганмиз. Биз «чет» аъзо, яъни бевосита ўша соҳанинг хос одами саналмаймиз. Муҳокамаларда эл қатори тегишли овозга эгамиз-у, бироқ фақат «оммавий саҳналар»да. Сўзимиз кесмайди, ҳал қилувчи қуввати йўқ. Негаки...
У соҳанинг бир зўри бор. Оқсоқол. Ҳақиқатан ҳам хизмат қилиб қўйган зот. Истаса — қилни қирқ ёради. Донишманд. Неки унвону орден-медаль бўлса, барини олиб улгурган. Хуллас, анови «эшматжон»лардан. (Эсларсиз, у замонда ҳар соҳадан «ишончли»роқ бир вакил танланарди-да, жамики имтиёз шу одамнинг бўйнига илинарди. Депутат ҳам ўзи, делегат ҳам ўзи, лауреат ҳам ўзи! Ош ҳам Эшматжонники, гўшту тўш ҳам шуники!) Боз устига, бу киши бир вақтлар мана шу дўконга хўжайинлик ҳам қилганлар. Бинобарин, сўзлари — сўз! Оғиз очиб эътироз билдирай десангиз — устоз, пири комил, «аптартет»!
Бир гал ўта муҳим бир масала муҳокама қилинаётганда ажрим навбати шу одамга келиб, у куппа-кундузи оқни қора (аниқроғи, қорани оқ) дея туриб олди. Аҳли ҳайъат мулзам, раҳбаргача мум тишлаб қолган. Ҳайъат — бир тараф, «савлат» — бир тараф! Вазият таранг. Шунда жанжалкаш даъвогарнинг ўзи ўртага чикди: «Бундай ҳайъатни тарқатиб юбориш керак! — деди у тантанаворлик билан. — Муҳтарам устознинг фикридан бўлак бу ерда айтилган ҳамма гап — бир пул, сафсата!»
Ишлаб чиқаришга оид одатдаги бирор машмаша бўлганда йўриғи бошқа эди. Соҳа нозик — ижод соҳаси. Дид масаласи бор ўртада. Уни на қулоч билан ўлчаб бўлади, на тарозига солиб!
Бунда биргина мезон ҳал қилиши мумкин — виждон!
Ие, шундай муҳтарам зот — виждонсизми? Асл ҳақиқат қай тарафда эканини билмасмиди у? Билганда-чи! Балки шу ерда ўтирган ҳаммадан, ҳар бир аъзодан яхшироқ билар, англар, ҳис этар эди! Нега бўлмаса бундай йўл тутди? Гап шундаки, бунга ўхшаган кўп машмашаю можароларни кўрган у. Кўра-кўра чарчаган. Ҳафсаласи қолмаган. Бир ёғи — кексалик. Ширин-шакар сўзларга муҳтож. Даъвогар унинг ана шу жойини мўлжалга олган. Эҳтимол, бошқа усуллар билан ҳам кўнглини топгандир...
Қани, айтинг-чи, бундай вазиятда қандай йўл тутиш лозим? Қолаверса, бу манзарадан хулоса нима?
Бизнингча, билиб-билмай, хулосани бояги жанжалкаш даъвогар айтиб қўйди: «Бундай ҳайъатни тарқатиб юбориш керак!»
Хўш, кейин-чи? Кейин... орқага эмас, олдинга қарамоқ даркор, вассалом!
2006

Намкашлик
Бир адибимиз шикоят қилиб қолса денг: «Нимаи-ки ёзмайин, бошимга бало ёғилади-я! Кимни ёзибди? Нима деб ёзган? Кимга қарши? Нима демоқ-чи?.. Ё фантастикага ўтиб кетсаммикан-а?»
Феълимиз торми, адабий муҳитимиз биқиқроқми, ҳарнечук, санъат асарига ана шундай жўн, ибтидоий муносабат ҳам борлиги рост. Ёзувчи мавзуни осмондан олмайди, албатта: адабиётнинг вазифаси — ҳаётни акс эттириш. Лекин кўзгудагидек айнан эмас-да. Бунда муаллиф бадиий образлар орқали ниманидир ёқлайди, нималарнидир рад этади, уни гоҳ меҳр, гоҳ қаҳр билан тасвирлаши мумкин. Аммо зинҳор-базинҳор шахсан бировни қоралаш ёки ундан ўч олишни мақсад;қилмайди. Аслида, бу нарса чинакам санъатнинг табиатига ҳам ётдир.
Шўро адабиётида «умумлаштириш», «типиклаштириш» деган тушунчалар бўларди. Масалан, асарда мактаб ўқувчисининг муаллимига кескинроқ мулоҳаза билдиргани ҳам кечирилмас шартакилик ҳисобланар, «Совет ўқувчиси совет педагогига шундай муомала қилиши мумкинми?!» дея дарҳол масала қўзғатилар эди. Балки, ҳаётда шунақаси ҳам бўлгандир? Балки, ўша ўқитувчи шунга лойиқдир? Йўқ, барибир — мумкин эмас! Оқибатда адабиёт 6у ҳолни таниб бўлмас даражада силлиқлаштиришга, гоҳо зарбулмасал усулига ўтишга мажбур эди.
Биласиз, пойдевор мустаҳкам бўлмаса, зарур чоралари кўрилмаса, девор аввал зах уради, шўрлайди, бора-бора сувоғи кўчиб, ўпирилади, бир куни қарабсизки, нураб тушибди.
Айрим одамлар ана шундай намкаш деворга ўхшайди. Саратоннинг шамолидан ҳам нам тортади. Чунки тагзамин мўрт, суст. Ким ҳақдадир нимадир дейилдими, бас, уни дарҳол ўзига олади, дарҳол войвойлаб, қарши чора қўлламоқни бошлайди. Дейлик, асар қаҳрамонига «ғилайроқ эди» деб тавсиф берилса бўлди — бир акахонимизга тегиб кетиши муқаррар, «қулоғи оғирроқ эди» деганда эса — бизга, Эркин Аъзамга. Тавба, кўру кар камми денг бу дунёда!
Ибн Арабий шогирди билан кетаётса йўлда бир киши учраб, унга роса ҳақорат ёғдирибди: сиз ундоқсиз, сиз бундоқсиз. Устоз сукутини бузмаганини кўриб шогирд таажжубланган экан, «Қўявер, — дебди Ибн Арабий. — Ахир, мен у айтгандақа эмасман-ку».
Чумчуқдан қўрқиб тариқ экмагандек, бири Гулханийга шогирд тушиб зарбулмасал битса, бири фантастикага ўтиб осмони фалак тасвирига киришса, реал ҳаётни ким ёзади? Нуқул шундай асарларни ўқийверганидан Ер одами ўзга сайёраликка айланиб кетмайдими?
Ваҳимага ўрин йўқ. Бу масалани Ерда туриб ҳам ҳал этса бўлар. Реалист адибларни «осмонга қувиш» шарт эмас. Улар ҳам ён-веримизда ишини қилиб юра-версин. Авваламбор, ўзимизнинг феъл-атворимизга, қилиқ-қилмишларимизга бундай бир разм солиб қарайлик. Хўш, ғирром ё мунофиқ эмасмизми? Дўсту ёрга хиёнатимиз йўқми? Фирибгарлигу қаллобликдан ҳазар қиламизми? Пора, хушомадгўйлигу лаганбар-дорликка тобимиз қалай? Уни-буни қўйиб турайлик, Худодан қўрқамизми ўзи?..
Ана шунда ойнадан ўпкаламоққа ҳожат қолмайди.

2006
Mualifning boshqa asaralari
1 Anoyining jaydari olmasi (hikoya) [Erkin A’zam] 2369
2 Aralashqoʻrgʻon (hikoya) [Erkin A’zam] 639
3 Анойининг жайдари олмаси (ҳикоя) [Erkin A’zam] 653
4 Аралашқўрғон (ҳикоя) [Erkin A’zam] 586
5 Bizning togʻa (hikoya) [Erkin A’zam] 1154
6 Бизнинг тоға (ҳикоя) [Erkin A’zam] 546
7 Jannat oʻzi qaydadir (dramatik qissa) [Erkin A’zam] 1438
8 Jannat oʻzi qaydadir (hikoya, qissa, iq... [Erkin A’zam] 3109
9 Жаннат ўзи қайдадир (драматик қисса) [Erkin A’zam] 698
10 Navoiyni oʻqigan bolalar (hikoya) [Erkin A’zam] 1099
11 Навоийни ўқиган болалар (ҳикоя) [Erkin A’zam] 564
12 Pakananning oshiq koʻngli (qissa) [Erkin A’zam] 1103
13 Piyoda (hikoya) [Erkin A’zam] 1766
14 Пакананнинг ошиқ кўнгли (қисса) [Erkin A’zam] 647
15 Пиёда (ҳикоя) [Erkin A’zam] 562
16 Suv yoqalab (kinoqissa) [Erkin A’zam] 1666
17 Сад писателя (повесть) [Erkin A’zam] 537
18 Сув ёқалаб (киноқисса) [Erkin A’zam] 553
19 Ta’ziya (hikoya) [Erkin A’zam] 1123
20 Таъзия (ҳикоя) [Erkin A’zam] 519
21 Яблоки Рамазона (рассказ) [Erkin A’zam] 759
22 Ералашкурган (рассказ) [Erkin A’zam] 437
23 Yozuvchi (hikoya) [Erkin A’zam] 876
24 Ёзувчи (ҳикоя) [Erkin A’zam] 510
25 Zabarjad (kinoqissa) [Erkin A’zam] 1594
26 Забаржад (киноқисса) [Erkin A’zam] 533
27 Shoirning toʻyi (qissa) [Erkin A’zam] 2196
28 Шоирнинг тўйи (қисса) [Erkin A’zam] 511
29 Chapaklar yoki Chapaklar Mamlakati [Erkin A’zam] 1175
30 Чапаклар ёки Чапаклар Мамлакати [Erkin A’zam] 630
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика