Навоийни ўқиган болалар (ҳикоя) [Erkin A’zam] |
1 Ҳазрат Навоий ҳамда бир навоийшуносга бағишланади. Маликанинг «кетаман» деганига парво қилмабмиз — на мен, на Жаноб. Парво қилгулик ҳолатда эмас эдик: ўйин-кулги, сармастлик. Янги йил кирган, янги йил бошланган. Ёш умрнинг яна бир йили, узундан-узоқ. Шунинг дастлабки кечаси, бир кечагинаси. Ялдо кеча, ялло кеча. Вақт дегани, соат миллари гўё бир нуқтада тўхтаб қолган — ёшликка, ёшлик завқларига маҳлиё. Қўшиқ айтиб чарчамаймиз, тинглаб чарчамаймиз, томоқлар бўғилмайди, бош оғримайди, ирғишлайвериб толмас оёқлар баттар хуружу хумор қилади. Майли, вақт ўтса ўтаверсин, олдинда мўл. Фақатгина тонг отмаса — бас. — Ойим дори ичиб ўтирган бўлсалар керак, мен кетдим! Кўчага чиққанимизда дунёни қор босган эди. Тўзон, туман. Бир қадам нарини кўз илғамайди. Шу қиёматда Яланғочга етиб бориш керак. Илож йўқ, ойиси дори ичиб ўтирибди. Яна бирпасгина кутса-ку олам гулистон эди — ҳадемай тонг отади. Ана ўшанда дори ичадими, цирками — кўнгли тортгани. Инжиқ, бесабр хотин экан. Онасини кўргину қизини ол. Йўқ, Малика... яхши барибир! Жаноб Маликанинг тўрвасини (Янги йил базмига сомса пишириб келган эди) кўтариб олган. Хушомад. Садоқатли ит. Хира пашша. Ҳам ғашим келади, ҳам кулгим қистайди: зарурга-ку зарур, қудағай хола, сизга нима зарур? Шунақа бир аломат тоифа бор. Доимо эргашиб, суйкалишиб юради. Соя, шарпа. Ўзи мустақил ҳолда бирон ишнинг уддасидан чиқолмайди. Севиб-севолмайди, кетиб-кетолмайди. Мудом бировларнинг маъшуқасига кўз тиккани тиккан. Кулгили ва аянчли жойи шундаки, гоҳида ўша ошиқ-маъшуқлар ўртасида воситачилик ҳам қилади: гап ташиш, хат-пат дегандек. Оқибат — пинҳона умидлар билан юра-юра, доғда қолиб кетади. Бечора Жаноб! Қўлида каттакон тўрва, машина тутаман деб елиб-югуришини қаранг. Жони жабборники. Майли, юзта жони бўлса, бари-бари ўшанинг, яъни— Маликанинг йўлида нисор! Шу қилиқларини юзига солсангиз, «Сен учун-да, жўра! Бирга ўқиймиз-ку, жўра!» дейди ерга қараб. Меҳрибон жўра, шум рақиб! Қор қўйнида, ҳарир-кўкиш тўзон ичра хира милтиллаган учта чироқ базўр судралиб келаётир. Ниҳоят! Иккитаси ер бағирлаган, учинчиси тепароқда. Икки қўлида иккита дур, пешонасида олтин жиға... Жаноб йўлнинг ўртасига чиқиб фидойиларча туриб олади. Кўк белбоғли сариқ машина, милисанинг машинаси. Ичида икки одам, ҳокимият вакиллари — ёнламасию кўндалангига камар таққан, елкаларида заррин тасма, пешонада тўға, мис тўға... Худо урди! Жаноб тап тортмайди. Ановинақа ашё-анжомлардан унда йўқ, албатта, лекин ғурури ўзига яраша, тил-жағдан ҳам худо қисмаган. Бир ёқда Маликанинг олдида мулзамлик, боз устига ўлгудек совқотиб кетяпти. — Янги йил муборак, тақсирлар! — Қуллуқ, қуллуқ. — Бизларни лутфан Яланғочга олиб бориб ташланглар, илтимос. — Қизилидан битта бўладими? . — Инсоф қилинг-да, тақсир! — Эшикни ёп! Тақсиир!.. Хайрият, савдомизни Малика эшитмайди. У бозор жойидан нарироқда — бекатда қунишибгина, мушфиқ бир қиёфада турибди. Ўн сўм эмиш-а! Ўн сўмга ўн марта бориб келса бўлар Яланғочга. Шу тобда иккаламизнинг чўнтагимизни қоқиштириб қараганда ҳам ўн сўмга етиши гумон. Ўзимизни қўшиб ҳисоблаганда ҳам. Айниқса, ҳозир, шу юпун, мирқуруқ ҳолимизда. Лекин — кўнгил қурғур осмони фалакда, осмон баробар ғуруру даъвога тўла. Қиздан пул сўрамоқ — гуноҳи азим, ўлимнинг ўзгинаси. Биримиз шоиру биримиз Жаноб бўлсак! Яна денг — иккаламиз ҳам ошиқ. Биримиз ошкора, биримиз пинҳона. Чўнтаклар бу аҳвол. Маъшуқа бекатда совуқдан дийдираб турибди. Ойиси уйда дори билан сувнинг нисбатини чамалаяпти. Ўжар, ўзбошимча қиз эса, хушторлари бўлмиш икки ландавурнинг ношудлигига чидаб, қорбўрон кечаси аллақаёқларда тентираб юрибди. Кўп ўтмай бошқа бир машина кўринади. — Беш сўмингни чаккангга ёпиштир, ука! Яланғоч дунёнинг кетида-ю! Кўчада қоровуллик килаётганимизга бир соатлар бўлай деяпти. Яна андак чидаб берсак тонг отади. Маликамизнинг кўзига кўринмаслик учун иккаламиз йўлнинг икки ёқасига гўёки арқон тутганмиз. Яна бир машина. Олдинги ўриндиқларда пўстинга ўранган икки йигит. Жаноб жонҳолатда ойнага ёпишиб, ёлворади: — Жон оғайнилар, илтимос!.. Инсоф дегани бор экан-ку! Апил-тапил кириб машинага ўрнашамиз. Икки пўстин ўзаро ғўнғир-ғўнғир қилади. Гаплари қулоғимизга кирмайди — изғирин этни увада, устихонларни илма-тешик қилган. Маликанинг қўлини кафтларим орасига олганман: муз, бармоклари зириллайди. — Қайси томонга, акахонлар? — деб сўрайди пўстинлардан бирови. — Айтдик-ку, Яланғоч тарафга! — Булар-чи? — Ўша ёққа. — Сизлар-чи?.. Машина негадир йўл ёқасида тўхтайди. Гап сўраган пўстинли Жанобдан «бир минутга» чиқишни илтимос қилади. Улар сал нари кетиб, нима ҳақдадир сўзлаша бошлайди. Бир маҳал эшик шартта очилиб, Жаноб қўлимдан тортади: — Тушинглар! Тез! Бу машинада кетмаймиз! Малика икковимиз ҳанг-манг бўлиб машинадан тушамиз. Машина шу заҳоти кийим-бошимизга қор аралаш шалтоқ сочиб шиддат билан жўнаб қўяди. — Нима бўлди ўзи? — дейман гангиб. Жаноб мени четроққа бошлайди. — Бизларни, сен билан мени уй-уйимизга олиб бориб қўймоқчи... — Нега... Малика-чи? — Уни... уни.. — Жаноб юзини четга буради. — «Биз опкетайлик», дейди мараз! Баттар, товонимга қадар музлаб кетаман. Алам, таҳқир ва совуқдан дод деб юборгим келади. Қани, овоз чиқса! Чиққанида ким эшитарди? Эшитганда нима! Eнди машина кутиш бефойда. Маликани ўртага олиб чор-ночор яёв йўлга тушамиз. Йўл тойғоқ, манзил узоқ. Бир-биримизга суянишиб кетиб боряпмиз. Сўз йўқ, садо йўқ. Совуқданми, чарчоқданми, шу қадар карахт бўлиб қолибмизки, аллақандай машина ёнгинамизга келиб тўхтаганини ҳам пайқамабмиз. Қордек оппоқ «Волга». — Йўл бўлсин, ёшлар? Умидсиз, ҳафсаласизлик билан, аммо учаламиз ба-авар жавоб берамиз: — Яланғочга. — Ўтиринглар. Тушимизми бу, ўнгимиз? Ишонар-ишонмас машинага кирамиз. Ичкарида, ҳайдовчининг биқинида бир жувон ҳам бор экан. Эгнида қорқизлар киядиган ёқа-энги пахмоқ пўстинча, бошини ихчамгина қилиб оқ шолрўмол билан танғиб олган. — Яхшимисизлар? Янги йилинглар билан! — деб қўяди у эшитилар-эшитилмас овозда. Хижолатдан шоша-пиша биз ҳам уларни байрам билан қутлаган бўламиз. Машина секин қор кечиб жилади. Иссиқдан аъзойи баданларимизга жон оралай бошлайди. Орқадаги кўринмас карнайлардан ўйчан бир наво таралмокда. Танбур. Хушбўй атир ҳиди... Жаноб иккаламизнинг ҳам хаёлимизда бир ўй: бу роҳат-фароғат ҳали қанчага тушаркан? Камида юз сўм сўрайди-ёв. Майли, Маликани уйига элтиб қўяйлик, қолгани бир гап бўлар. Бор-будимизни қоқиштириб берамиз. Беш сўм ҳам чиқмаса керак. Сўка-сўка тушириб юборар. Бу ёғи тонг яқин, ўлиб қолмасмиз. Ўлиб қолсак ҳам Малика кўрмас. Унамаса, изза қиламиз, ёнидаги жувондан уялар. Аёл кишининг олдида биздақа қашшоқ талабалар билан савдолашиб ўтирмас, ўлдими! Хушрўй жувонга ўхшайди. Маъшуқасимикан? Ўзи қари-ку, ўттиз бешларда бор... Бўлмаса кими? Қайси аҳмоқ байрам кечаси хотинини бундай даврон қилиб машинага солиб юради?! Тўпори Жаноб, ҳеч кутилмаганда, эҳтиросли товуш билан байтхонлигини бошлаб қолади: Ошиқ ўлдум, билмадим, ёр ўзгаларга ёр эмиш, Оллоҳ-оллоҳ, ишқ аро мундоғ балолар бор эмиш... Тун. Қор. Машина шаҳар маркази бўйлаб оҳиста елади. Икки ёнда, бошлар узра рангин чироқлар силсиласи. Биз тушган кема ана шу турфа ёғдулар бағрида сузиб бораётир. Қулоқлар остида танбур навоси. Тантанавор бир намойиш. Олдинда бир жуфт ошиқ-маъшуқ, орқада бир жуфт. Биргина одам ортиқча. Лекин бу сафар базмини, бу фусункорликни шу кимсанинг дардли овози, ўқиётган оташин мисралари уйғунлаштириб, обод этиб турибди. Ўртанурмен, кўнглига андин асар бўлғайму деб, Бўлса таъсир, анга ҳолимдин хабар бўлғайму деб... Билдик, Маликанинг олдида ўзларини кўрсатмоқчи! Изҳори муҳаббат, очиқ-ошкор! Қарасам, ҳаддидан ошяпти, тобора хиралашиб кетяпман. Ёдаки бисотимни кавлаштириб, «Санго-манго» лақабли домламиз тазйиқ остида ўргатган ғазаллардан айни шу вазиятда кинояомузроқ жаранглайдиган бир байти хаёлимга келади: Ишқ айлади юз оқилу фарзонани расво, Не айб, агар қилди бу девонани расво. Шу тариқа зимдан кураш бошланади: сен зўрми, мен зўр? Малика, ўзинг баҳола! Малика эса таажжубда: бир бало бўлганми буларга, фавқулодда ғазалхонлик, бегона бировнинг машинасида!.. «Бегоналар»га бизнинг бу қилиғимиз негадир эриш туюлмайди, далда берган каби жувон қараб-қараб қўяди. Чамаси, бу ҳол уларнинг ҳам кўнглига ҳамоҳанг. Сираси, биз — икки талабгор ҳозир истиҳола нималигини билмасдик. Кўр эдик, кар эдик. Бизнинг илоҳимиз ҳозир — яккаш муҳаббат, байт, ғазал, қўшиқ. Бунга эса айни тобда ҳамма нарса муҳайё эди. — Ке, энди «жон» пайровига ўтамиз, — дейди оташин қиёфага кирган Жаноб. Шоҳ байтлар. Навоий бобо қулоғимизга шивирлаб турибди. Жаноб бошлайди: Жонға йўқ кўнглумдину кўнглумға йўқ жондин хабар, Менга не ўздин хабар, не кўнглум олғондин хабар. Мен курсимиздаги Сафар нўноққача ҳамма ёд биладиган машҳур байтни шафе келтираман: Жисм айларму фиғон, бўлғоч нафас жондин жудо, Айлагил ондин жудо, қилғунча жонондин жудо. Жаноб тап-тайёр: Жонға зулмунгни нечаким кўнглунг истар, онча қил, Мен чека олғонча демон, сен қила олғонча қил. Навбат меники. Аммо ҳадеганда мендан садо чиқавермагач, яккам-дуккам бисотим адо бўлганини сезиб, рақибим мушоира майдонида ёлғиз қолади. Баттар авжу тантана қилади у: Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим, Жон басе қилдим фидо, оромижоне топмадим. Шунда мен ҳам бўш келмасликка тиришаман: Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим, Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим. — Э, хўш-э, саломат бўлгайлар! — дейди Жаноб тирсагимдан чимдиб. — Мирзо Бобур-ку бу! — Навоийники эмасми? Жанобнинг жиғибийрони чиқади: — Навоий деганинг нимаси! Табаррук зотларнинг номларини тоқ айтиб бўлмайди. Шаккокликка ётади бу. Низомиддин Мир Алишери Навоий, мухтасарроқ айтиш лозим бўлганда — мавлоно ёки ҳазрати Навоий деган маъқул. — Маъқул, маъқул, — деб қўяман иримига, бемаврид бу сабоқдан энсам қотиб. Биз бугун йигирма биринчи аср бўсағасида турибмиз. Ўтган асрлар адабиётию уларнинг намояндалари олисда қолиб кетган. Биз энди Лорка, Хименес, Уитмен, Неруда руҳида яшамоққа ошиқамиз. «Навоий замонида қолиб кетган» ёлғиз одам курсимизда мана шу — Жаноб, Жанобиддин Сайфиддинов; лақаби — Жанобиддин Савдойи ёки жаноб Жаноб. У ҳамон Навоий замонида яшайди, ўша қадим Ҳирот муҳитидан нафас олади. Шундан, гап-сўзлари одамга эришроқ, ўзи ҳам пича савдойироқ туюлади. (Қайдам, ўз навбатида биз унинг назарида ҳавойиларга ўхшаб кўринсак керак.) Қизларимиз уни очиқдан-очиқ «ненормалний» деб атайди, биз эса масхара аралаш — «навоийшунос». Дарҳақиқат, унинг гапирган гапи — Навоий, Навоийга доир бирон янгилик топмаган куни дарсга келмайди. «Менга қолса, ҳазрати Навоийни ўқиганга — номзодлик, уққанга докторлик унвонини берардим, — дейди. Кейин ўзича куюниб, комил ишонч билан таъкидлайди: — Токи ул зотни ўқимас экан, уқмас экан, бу халқ одам бўлмайди». Бирор нимадан нолиб, ҳасрат қилсангиз ёки бесабаб, бемаврид суюнсангиз — хуллас, унга шарҳи дил айласангиз, мудом бир хил, қисқагина маслаҳат оласиз: «Ҳазрати Навоийни мутолаа қилинг, ҳамма жавобни ўша кишидан топасиз». У туриб-туриб, масалан, оламшумул бир жиддият билан гапириб қолади: «Кеча тун бўйи камина ўзимча фикр этдим ва шундай хулосага келдимки, Навоий ҳазратлари одам боласи эмас эканлар...» «Ие-ие, бу нима деганинг?» «Авлиё эканлар, пайғамбар! Негаким, оддий одам боласининг қувваи иқтидори бунчаликка қодир бўлмас. Йўқ, ишонмайман, ҳаргиз!» Биз, оддий одам болалари, ҳали айтилганидек, дарсда Навоийни ўтиб бўлганмиз, Жаноб эса ҳамон ўша муҳит, ўша мавзулар билан машғул: курс иши, эски-туски қўлёзмалар, илмий жамият, навоийшунослар йиғини... Қандайдир тўпламда бир-иккита кичик-кичик мақолалари чиқиб, «Санго-манго» домламизнинг яқин маслаҳатгўйига айланди, курсда ҳам бирмунча обрў қозонгандек бўдди. Бизни боғлаб турган нарса — у билан иккаламиз бир юртданмиз, бирга ўқиймиз, кейин... йўқ, бу бизни боғлаб турмасди, бизни ўзаро рақибга айлантирган эди. Мана, шу байтбаракнинг мазмунидан ҳам аён. Уни деб шунчалик жангу муҳораба кетяпти-ю, Маликанинг парвойи фалак, тўғрироғи, хаёли бошқа ёқда: ойиси бор дориларини ичиб битирмай уйга етсам дейди... Манзилга етганимизда қизиқ бўлди. Маликаларнинг торкўчаси бошида машинадан тушиб, Жаноб икковимиз иймана-иймана чўнтакларимизни титкилаётган эдик, машинанинг эгаси қўл силтади: — Қўйинглар-қўйинглар, керакмас! Бизнинг ўзи қуруқ «раҳмат»дан бўлак ҳеч вақомиз йўқ эди. — Ўзларингга раҳмат. Омон бўлинглар, — деди у машинасини изига буриб оларкан. — Навоийни... ҳазрат Навоийни унутмаган ўзбек болаларидан пул олсак, уят бўлар, гуноҳ! Шунақа эмасми? Учаламиз кўча бошида серрайиб туриб қоддик. — Ана, қаранглар, — деди Жаноб ҳаяжон билан, — ҳазрати Навоийнинг руҳи поклари бизни қўллади! Афсуски, бундан бу ёғига уни ҳеч кимнинг руҳи қўлламади: Малика менга майл билдиргани кўриниб турар, уни энди бир ўзим кузатишим лозим эди. Шунда, хайрлашув палласи Жаноб икковимиз бир дақиқа бир-биримизга тикилиб, боя бошлаган мушоирамизни хаёлан якунлаган бўлдик. Жаноб: «Вою юз минг войким, тарки муҳаббат қилди ёр, Билмайин қолдим мену қилмай хабар айрилди ёр». Мен: «Ҳилди душман раҳм баским, қилди жавр изҳор дўст, Eй кўнгул, душман топ эмди, тутмағил зинҳор дўст». Жаноб: «Кўнглунг истар ёрлар бирла ҳамиша шод бўл, Мендину кимдинки, кўнглунг истамас, озод бўл». 2 Мен Малика билан яқинлашган сари Жаноб мендан узоқлашарди. Мендангина эмас, жамоатдан ҳам. Ҳеч кимга аралашмайдиган одамови, яккамоховга ўхшаб қолди. Энди кўрган-кўришганда совуққина салом-алик қилардик, холос. Бу орада ўқишларни битирдик, кўча-кўчасини топиб ҳар ким ҳар ёққа тўзиб кетди. Юртдошлик, курсдошлик ҳурмати, бир пайтлардаги чатиш хотиралар ҳаққи, атайин хабар юборганимга қарамай, Жаноб тўйимизга келмади. Балки тўғри қилгандир, унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам бормас эдим. Шу тариқа бегоналашиб, Жанобиддин менинг, Малика иккимизнинг ҳаётимиздан гўё чиқиб кетди. Худди ўзаро келишиб олгандек, умумий бир гуноҳимиздек, уни эсламай ҳам қўйдик. Айтишларича, шарқшунослик институтида юрганмиш. Эски қўлёзмаларнинг чангини артиб. Узоқ йили қайси бир жамоат йиғинида кўрдим ҳам. Кўзойнак тақиб олибди. Фан номзоди. Навоийшуносликка оид баҳсталаб мавзуларда шарҳлари чиқиб туради. Шу борада шов-шувли бир масалани қўзғаб юргани ҳам қулоғимга чалинган эди. Уйланмади. Эшитишимча, «Ҳазрати Навоий тутган йўриқдан бориб, тоқ ўтмоқни ихтиёр этдим», дер эмиш... Кейин — мана шу хабар... 3 ...Ўша куни у кечки рейс билан Самарқандга учиши керак экан. Қўлида Навоий даврига оид кашфиёт даражасида муҳим ҳужжат, навоийшунослар анжуманида қатнашиши, маъруза қилиши лозим. Илмий сессия эртага эрталаб иш бошлайди. Лекин аеропортда нима ҳамдир бўлади-ю, самолётга чиқиш олдидан «Кечиқдингиз, одам тўлиб қолди» деган баҳона билан уни рейсдан қолдириб юборадилар. Бу сўнгги рейс экан. Аламига чидаёлмаган навоийшунос тўполон кўтаради, йўлини тўсган ҳалиги маъмур билан жиққамушт бўлишгача боради. Можарога шу атрофда айланиб, жамоат ўртасида тартиб ўрнатиб юрган милитсия капитани аралашади. Машғулот топилганидан қувониб, у шартта келиб навоийшуноснинг қўлини қайириб олади. Тартиббузарни хосхонасига элтиб, ҳужжатларини текширади, сўроқ қилган бўлади. Гап-сўзлари бирмунча ҳавойироқ туюлганига қарамай, дарду даъвосини эшитгач, юмшайди, юпатади: «Ҳечқиси йўқ, оғайни. Бунақаси бўлиб туради бизда. Бирортасини шошилинч учириб юбориш керак бўлгандир-да. Сизга маслаҳат: бу кеча уйга бориб маза қилиб дамингизни олинг. Эртага азонлаб келсангиз, мен ўзим тонгги рейс билан жўнатиб юбораман». Бу ваъдани омонат чўнтагига жойлаб сал-пал ҳовуридан тушган навоийшунос, капитаннинг ҳузуридан чиққач, ўйлаб боши қотади. Ижара уйи шаҳарнинг нариги чеккасида, азонлаб бу ерга етиб келмоғи даргумон. Боз устига хўжайкаси билан айтишиб қолиб, бошқа жойга кўчмоқчи, уч кундан бери эса бир талаба ҳамқишлоғининг каталагида тунаб юрибди. Шўппайиб бу кеч ҳам кириб бориши ноқулай — эрталаб хайрлашиб чиққан. Дафъатан хаёлида бир фикр туғилиб, аеропортнинг биқинидаги баланд бинога қараб юради. Бир ҳисобда самолётдан қолиб кетгани фойдага. Бу кеча шу ерда бафуржа ўтириб қўлидаги қоғозларни саранжомлайди, анжуманда баён этажак мулоҳазаларини пухталаб олаДИ... Қачон, қайси меҳмонхонада бўш жой бўлган?! Аммо, навоийшунос хиралик қилиб ёпишиб олгач, маъмур хотин ийгандек бўлиб унинг паспортини варақлаб кўради-ю, башарасига отиб юборади: «Пропискангиз шаҳарда-ку, боринг, уйингизга бориб ётинг!» Масаланинг бу жиҳатини ўйлаб кўрмаган навоийшунос саросимада қолади. Кейин зўр бериб ялинмоққа тушади. Фойда чиқмагач, дўқ-сиёсатга ўтади. Маъмур хотин ҳам бўш келмайди, таҳдид чорасини қўллайди: «Ҳозироқ бу ердан даф бўлмасанг, милиса чақираман!» «Милисани мен ўзим чақираман», дейди навоийшунос кўнглида бир илинж билан ва меҳмонхонадан чиқиб бояги маслаҳатгўйининг олдига югуради. Капитанга аҳволни тушунтириб, «Меҳмонхонага сим қоқиб, бир кечага жой олиб беринг, тақсир, — дея илтимос қилади. — Навоийшуносликка ҳисса қўшган бўласиз». Капитан нимадандир диққат бўлиб ўтирган эканми, боядан бери қимматли вақтини ўғрилаб безор қилган бу нусханинг ўзини тутиши, гап-сўзлари энди шубҳалироқ туюлиб, ижирғаниш билан сўрайди: «Нималар деяпсиз ўзи, оғайни? Қанақа навоийшунослик?» «Шеър, ғазал деганини тушунасизми ўзи? — дейди навоийшунос унинг беписанд оҳангидан ранжиб. — Мир Алишер Навоий деган зотни эшитганмисиз?» «Ҳа, «Муножот»ни ёзганми?» Навоийшунос бу гапга сал тиришади-ю, сир бой бермай: «Мана, у киши нима дебдилар...» дея ғазал ўқимоққа киришади. Шеър оҳанги таъсир қиладими ё оми кўрингиси келмайдими, капитан: «Бизнинг улуғимиз ҳам ёзадилар, у киши қўшиқ ёзадилар! — дейди фахр-ифтихор билан ва тортмасидан пиёзнинг пўстидек юпқагина бир китобча олиб, меҳр билан авайлаб столга қўяди: — Мана, у кишининг китоблари! Айниқса, битта қўшиқлари бор, зўр! Эшитгандирсиз, «О-о, кечалар...» деб айтади». «Ҳа энди, сизнинг улуғингиз қаёқдаю ҳазрати Навоий қаёқда! — дейди навоийшунос, дарди-ҳоли эсида йўқ, астойдил баҳсга киришиб. — Унақалар бутун бор — эртага йўқ. Ўтади-кетади. Ҳазрати Навоий эса... Мана, қулоқ солинг...» Ҳазрат Навоийнинг даври ўтган, бугун ўзгача даврон экан. Капитан ана шу давроннинг фидойи, кўру кар гумашталаридан эди. У қўшиқнавис улуғининг мухлиси, мухлиси не, садоқатли қули, саноқсиз мирғазабларидан бири эди. Бир муддат одамшаванда бўлиб кўринган бу кимса, мирғазаблиги эсига тушиб, яна аслига қайтади. Яқин бир соатдан буён бошини қотираётган мана бу телбанамонинг андишасизлигига аччиғи келади. Ўзидан пастроқ бир мирғазабга буюрадики, бу шаккокни анови хонага олиб кириб боплаб адабини берсалар, то улуғнинг улуғвор қўшиқларига ҳамнавоз бўлмагунича дарраласалар... «Кимсани дард аҳли деб, сирримга маҳрам айладим, Ўз-ўзумни куч билан расвои олам айладим». Шаккок болтадан қайтмайдиган хилидан бўлиб чиқади. Ҳаммаёғи мўматалоқ, оғзи-бурни қон ҳолига, бояги лафзини қўймайди: «Улуғинг шоир-поир эмас, ўткинчи! Ўшанга сиғинган сенлар эса — қонхўр жаллод!» Кейин ўз-ўзидан совуқ илжайиб байт ўқийдими-эй, ғазал ўқийдими-эй... «Даҳрдин меҳру вафо қилма ҳавас, Eлидин ғайри жафо қилма ҳавас». Ҳибсхонага оқ халат кийган иккита норғул-норғул йигит кириб келганда шаккок, кўзларида ёши шашқатор, ҳамон овозини баралла қўйиб ғазал ўқиётган бўлади. Норғуллар уни таппа ерга босиб, оёқ-қўлини боғлашади, аъзойи баданини омбирдек сиққан аллақандай ридога ўраб, «Тез ёрдам» машинасига тиқишади. Шаккок бу ерда беморга айланиб, бир эм билан беш кун кўзини очмай ётади. Олтинчи куни ўзига ке-либ, ҳовлига ўрмалайди. Қаерга тушиб қолганини қўриб, ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Аммо ҳеч ким парво қилмайди, ҳеч ким ҳайрон ҳам бўлмайди. Чунки бу ерда ундан ҳам қаттиқроқ ҳўнграб йиғлайдиганлар сероб экан. Шу зайл аста-секин аҳволига кўникади, бундаги тартиб-қоидага бўйсуна бошлайдй; ўзига ўхшаган биродарларига аралашиб, элакишиб, байту ғазаллар ўқиб юради. Улар орасида «Навоий», «шоир» деган лақаблар орттиради. Илк дафъа бундан хабар топганида, яъни — кимдир «Ҳў Навоий» деб чақирганида у бирдан кўкариб кетади, сўнг шифохонани бошига кўтаргудек тўполон қилади. Шунда уни тутиб олиб яна эмлайдилар... Бир куни йўлақда фаррош кампирга пул қистириб, шарҳи аҳволи баён этилган мактубни жўнатишни сўрайди. Хизматдош ҳамкасблари ҳеч гапдан бехабар, унинг Самарқандда бунчалик узоқ қолиб кетганига ажабланиб, ўша ёқда касал-пасал бўлиб қолдимикан, деган гумон билан юришган экан. Тезда бу ерга етиб келишибди. Аҳволни кўриб, аввал ҳайрон, сўнгра дарғазаб бўлишибди: бу қандай шафқатсизлик, бу қандай қабоҳат! Ўша куниёқ зудлик билан ишхоналаридан ваколатномаю кафолатнома уюштиришибди. Бироқ, шифохона маъмурияти бу қоғозларни инобатга олмабди: бошқа жойдан бошқа кўрсатма келган экан. Ниҳоят, йигирма кунлардан кейингина унга жавоб берилади. Кутилмаганда рухсат теккани боис, ёнида бирга кетадиган ҳеч ким йўқ, ўзи ёлғиз экан. Оқибати шу бўлибдики, ижара уйига кетаётиб, метронинг охирги бекатига келганда, «Бу ўзимнинг уйим-ку, нега бўшатар эканман?!» дея даъво килиб туриб олибди... Яна ўша мирғазаблар, яна ўша оқ халатли норполвонлар, яна эм... Кейин... 4 ...Дафн маросимидан эзилиб қайтдим. Шўрликнинг сўрайдиган киройи кимсаси йўқ — бесойиб; амакисими, тоғаси бор экан, у ҳам етиб келолмади шекилли, шаҳардаги қабристонлардан бирига дафн этилди. Мозордан қайтишда баъзи бировлар ўлими тафсилотини муҳокама қилишди: ўшандоқ жойда қандай рўй бериши мумкин бундай ҳодиса, бепарволик, совуққонлик; наҳотки, ҳеч ким кўрмаган бўлса; арқонни қаёқдан топди экан... Марҳум Самарқандга олиб жўнаган ўша муҳим ҳужжат ҳақида гап борди, ҳар хил тусмол-тахминлар айтилди, баҳс бўлди: қўлёзма чиндан ҳам кашфиётмиди; қаерда қолди экан; тақдири нима кечди; наҳотки, шундай ноёб ҳужжат йўқолган бўлса... Бу борада ҳеч ким тайинли бирор гап айтолмади. Кейин кимдир марҳумнинг феъл-атворига оид эҳтиётсизроқ бир гап қилган эди, дафн аҳли ўша кишига бараварига ўқрайиб қаради. 5 Уйга келгач, Маликани кўриб яна безовта бўлдим. Бу ҳодисани унга айтгим келаверди. Аммо... тилим бормади. Келиб-келиб энди, рашкка ўрин қолмаган бўлса-да (қабоҳат-ку бу!), айтолмадим. Кўрқдим, нимадандир қўрқдим. Ҳануз қўрқаман... Лекин, ўша тушдек қорбўрон кечасини ҳаётимиздан ўчириб ташлаб бўлмаслигига ҳам ақлим етади. Ушанда бизга унутилмас бир ҳиммат кўрсатган кимсани эслаб эса кўнгил таскин топгандек бўлади. 1989 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62547 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58806 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40551 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36891 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23450 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23259 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22860 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19678 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18786 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14541 |