Узумзорда (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] |
Армия хизматидан янги қайтган Лапасга солдат формаси жуда ярашар, кўчада кўкрак кериб юрганда қизларнинг ўзга ҳавас билан кўз қирини ташлаётганини сезиб қолса, кўнгли бир дунё кўтариларди. Лапас қишлоққа узум пишиғида қайтганди. Шунинг учун уйда ётгиси келмай, бригадага яшикларга солинган узумни машинага ортувчи ишчи бўлиб ўтди Биринчи иш куни эди. Бир жойда узумлар тўлдирилган яшиклар ҳамманикидан кўп эди. — Ўҳ-ҳў, ким бўлса ҳам зўр тераркан, - деб Лапас яшикларни санаётганди, қатор оралиғидан чиройли бир қиз икки саватни узумга тўлдириб чиқиб қолди. Тўғриси, Лапас уни кўриб, бир лаҳза қотиб турди. Қиз гўё унга танишдек. Исми нима эди? Сира эслолмади.Ўзига мафтункорона тикилаётган солдат назарини ҳис қилган қиз уялиб, солдатга ер тагидан бир қур назар солдию, кулимсираганча , уялиб, тағинам ҳеч нарса сезмагандай, саватларидаги узумларини бўш яшикларга солишга уннади. Қизнинг уялинқираши, қизариши Лапаснинг ақлини шоширди. Хизматдан қайтганидан бери Барлоснинг кўчаларида не-не қизларни учратган бўлса-да, ҳеч бири унинг фикрини ўғирламаган эди. Не-не қизлар кўз сузса-да, у беписанд ўтиб кетиб юрган эди. Не-не қизларнинг фикрни ўзи ўғирлаган, буни билар, ўзидан мағрурланиб юрар эди. Энди эса... Ўзи, .. икки йилдан бери қишлоқда чиройли қизлар кўпайиб кетипти. Армияга кетаётганда сочини турмаклай олмай йиғлаб юрадиган қизалоқлар энди таманно билан ўзини тўйдами, бошқа ердами, кўз-кўз қиладиган бўпти. Аммо бу қизча... Ким бўлди экан? Исми... Ўзи кичкинагина,аммо чайир экан! Бирам нозики, сават кўтарган билаклари узилиб тушадигандай туюлади қараган кишига. Аммо шу нозик билаклари билан ҳаммадан кўп узум терган. Бунинг маъсум қарашлари... Бир марта, бир лаҳзагина қаради. Шу қарашнинг ўзидаёқ Лапаснинг юрагидан ниманидир юлиб кетди. Қанийди яна бир қараса... – Лапас яшикларни машинага орта бошлади ҳамки, кўзлари қизда. Хаёлан, қарамаслик керак, бу одобдан эмас, деб ўзига буйруқ бермоқчи бўлар, аммо кўзлари нуқул қизни излар, бўйни нуқул қиз томонга бурилаверар эди. Шу фурсатгача ҳам шерикларига гап бериб, ҳам яшик ортаётган Лапас бирданига жим бўлиб қолганига шериклар эътибор беришмади. Гўё эътибор беришмагандай эди... — Яша Новвот! – деди машинанинг устида яшикларни қабул қилиб олаётган Зокир ака. – Узум теришда сендан ўтадигани йўқ.. «Ha-a, Novvot! Novvot-a, Novvot!!» Мақтовни эшитиб, Новвот бошини кўтарди-ю, яна Лапасннг ўқдай нигоҳига дуч келиб, уялгандан тезлик билан саватларини олиб, қатор орасига жўнади. Қиз қатор оралаб юриб бормасди. Гўё муаллақ ҳавода сузиб кетарди. Қўллари сал силкиса гўё ҳозир осмону-фалакка кўтарилиб, учиб кетадигандай. Лапас югуриб, қизнинг ортидан етмоқчи, учиб кетишига йўл қўймай, нозик билакларидан тутиб қолмоқчи бўлди. Ўшанда... энди осмонга кўтарилаётган қиз ўгирилиб пастга, билагдан тутиб қолган Лапасга назар ташласа. Бир лаҳзагина! Келдингизми, дегандай... Келишингизни билардим, дегандай... Кейин... Зокир ака яшикларни олиб улгуролмай қолди. Бир яшик узум машинанинг чеккасига сал илинган экан, ерга ағдарилиб, узумлари сочилиб кетди. — Ий-э, Зокир ака, сизга нима бўлди, - дейишди пастдаглар. — Лапас солдат бўлса, унга бас келиб бўлармиди, - дея Зокир ака пастдагиларга маънодор кўз қисди. Лапас ўзига келди. Гўё унинг ҳолатини ҳамма кузатгану, энди устидан кулишаётгандай. Гўё уни оғир жиноят устида қўлга туширишгандай. Гўё ҳамма «Лапас Новвотни яхши кўриб қолипти» , деб калака қилишаётгандай. Машинани тўлдириб жўнатишгандан сўнг Лапас ҳеч нарса билмаган кишидай, қатор оралаб Новвот билан дугонасининг ёнига «ҳорманглар!», деб борди. «Бор бўлинг, келинг!», дейишди қизлар. Лапаснинг тили яна тутилди. Кетарини ҳам, турарини ҳам билмай, бир бош узум узиб, Новвотнинг саватига солди. — Бизга ёрдамга келдингизми, Лапас ака? – гапга солди Новвотнинг дугонаси қувлик билан кўзларини сузиб.. Lapas axmoqona ishshaygancha tasdiq ishorasida bosh silkib, uzum uzaverdi. — Лапас ака, -деди Новвот анчадан кейин гап сўраётганидан ўзи уялиб, аммо гап сўрамаса, ўнғайсизлик туфайли Лапас ҳозир бир нарсани баҳона қилиб, кетиб қолишини англагани туфайли, уни чалғитишга уриниб. – Армия яхшими, қишлоқ? Лапас ҳаяжонланди. Новвот ундан гап сўраётганди, мушкулини осонлаштирганди. Демак... демак... Яшшавор Новвот! Яшшавор Лапас!! Армия яхшими, қишлоқ? Албатта, туғилиб ўсган жойингни ҳеч ерга тенглаб бўлмайди. Она қишлоғинг қадрини узоқларда юриб, бир кўришга зор бўлганингда биласан... — Ўйланиб қолдингиз, Лапас ака! Армиядаги ўрис қизларни эсладингизми? – Новвотнинг дугонаси сира ўзини босиб ололмасди. — Э, уларнинг мингтаси битталарингни бир тутам кокилларингдан айланаверсин, - деди Лапас илҳомланиб. – Бир ҳафтадан бери қишлоқдаман. Худди туш кўраётгандайман. Солдатликка шу қадар кўниккан эканман, гўй бундан бу ёғи умринг шу тахлит ўтаверадигандай. – Лапас гапларини Новвот жон-қулоғи билан тинглаётганини ҳис қилиб, завқланди. – Лекин бари бир ўзимизнинг Барлосга ҳеч ер тенг эмас... Мен армияга кетаётганимда кичкина эдинглар. Кўчада қўғирчоқ ўйнаб ўтирардинглар. — Энди-чи? — Эндими? Мана, бригада илғори экансизлар. — Ўҳ-ҳў, мақтовни ҳам биламан, денг. — Мақтовми, бошқами, ишқилиб, кўнглимдагини айтяпман-да. Сизларга ҳавасим келади. Новвотнинг дугонаси ҳамон Лапасни суҳбатга тортар, аммо Лапас Новвот билан суҳбатлашишни истарди. Новвот эса дув қизарганча, ҳар замонда Лапасга ўғринча назар ташлар, зўр бериб узум терарди. Лапас унинг ёнида, дугонаси эса қаторнинг нариги тарафида. Бир пайт Новвот узган узумини саватга солаётса, Лапас ҳам солаётган экан, қўллари қўлларига туртиниб кетди. Новвот яна биринчи сафаргидай, ялт этиб бир қарадию, кўзларини саватга тикди. Лапаснинг юраги ҳаприқди. Шундай уялчан, шундай тортинчоқ. Шундай латофатли бу қиз. — Бизларга нега ҳавасингиз келади, Лапас ака? – сўради Новвотнинг дугонаси. — Сизлар қишлоққа зор бўлмайсизлар. Доим шу ердасизлар. — Бизнинг эса сизга ўхшаб қишлоқдан чиққимиз, дунё кўргимиз келади. Эҳ., қизларни армияга олишмайди-да. Биринчи бўлиб ўзим кетардим. – Дугона орзуга берилди. Лапас Новвотга ўгирилди: — Сиз-чи? Сиз ҳам аскар бўлмоқчимисиз? Новвот чуқур меҳр билан қадалаётган Лапаснинг нигоҳини яна туйиб, қимтинди. Нима деб жавоб беришни билмасди. — Билмасам... Бу орада саватлар тўлди. Тўла саватларни кўтариб, карта оралиғига жўнашди. Новвотнинг саватларини Лапас кўтарди. Ўзининг кучини кўрсатиш учун қатор орасидаги кесакларга парво қилмай, шахдам қадамлар ташлашга ҳаракат қилди. Бари бир то оралиқ йўлга чиққанча билаклари толиқиб кетди, аммо орият йўл қўймади, чунки қаторнинг нариги тарафида Новвотнинг дугонаси худди шундай тўлдирилган икки саватни ҳеч билдирмай кўтариб чиқаётганди. Шунчалар нозик қизлар... Яна гап бериб келяпти. Армияда пишиб келдим, дегани ёлғон. Хомлаб келган. Манови қизлар узум ичида пишган, чайир тортган... — Мен борай бўлмаса, - дея Лапас кетиб қолаётгани учун узр сўради. Новвот «майли» дегандай жилмайиб, бош силкиди. Лапасга шу қарашнинг ўзи етарли эди. Кўнгли тоғдай ўсиб, бир четда дам олаётган Зокир аканинг олдига борди. — Нима деди? – сўради Зокир ака. — Ким? Нима дейиши керак? – Лапас талмовсиради. — Новвот яхши қиз! Уни олган йигит барака топади. Ниятинг бўлса, ҳаракатингни қил. Эшитишимча, қўшни қишлоқдан совчилар келаётганмиш. Отаси бермаётганмиш. — Сиз шундай деб ўйлайсизми, Зокир ака. — Мен айтдим-қўйдим. Бу ёғини ўзинг биласан. Тур, ана, машина келди, яшик ортамиз. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |