Яхши ва ёмон одамлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]

Яхши ва ёмон одамлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
Яхши ва ёмон одамлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
«Танлаб-танлаб тозисига йўлиқипти, деганлари шу!» – Бувихол опа алам билан кўзларини чирт юмиб, бошини орқага ташлади. Шунда ҳам кўзларидан уч-тўрт томчи ёш томчилари сизиб чиқди. «09»нинг яап ғилдираги қаергадир урилиб, силкинди.
— Шу йўллар ҳам сира соз бўлмади-бўлмади-да, - деди рулни бошқараётган жияни – синглисининг ўғли - Ҳасан, бировнинг машинасини ўнқир-чўнқирга тушириб олаётганидан хижолат тортиб.
Боя Бувихол опа келинига ер билан битта бўлиб ялинаётганда икки ўртада бўлиб ўтган гапларнинг ҳаммасини Ҳасан ҳам эшитиб турди. Келинга бир нима демаса-да, аччиқ устида машинани тез ҳайдади. Асфалт йўлнинг ўйдим-чуқурларига бир-икки тушиболгандан кейингина ҳовури пасайиб, тезликни секинлатди.
— Хотин эмас бу! Қанжиқ! Қопаман, дейди-я, товба! – Машинани бошқаришда давом этаркан, Ҳасаннинг тағин жаҳли чиқа бошлади. – Эҳҳ! – Ҳасан ҳасрат аралаш чап қўли билан рулни тутганча, ўнг қўли билан қўнғироқни муштлади. Қўнғироқ садоси ён бағирдаги дараларга сингиб кетди. – Асли Фарҳод бўлам ахмоқчилик қилган. Ойдай хотинни қўйиб, шуни олиб ўтирипти. Ўқимишли, дунёни тушунади, девди. Ўқиб-ўқиб эрининг бошига етди. Ота-боболаримиз бесабаб бунақа хотинларни отнинг думига боғлаб сазойи қилишмаган.
Бувихол опа индамади. Шу чоғ унга ўз дарди етиб ортарди. Бир қарасанг бу келин – ойдай. Ҳозир ҳам тўрт-беш марта кўз ёши қилиб олди. Бир қарасанг, эрини қаматиб ўтирипти. Майли эди Бувихолнинг бу ёқда ошиб-тошиб ётган ўғиллари бўлса. Икки қизи ўқиймиз деб шаҳарга тушиб,ўша ёқларда кимлар биландир «севишдим» деб, «шунга бермасанг ўзимни осаман», «шунга бермасанг бари бир қочиб кетаман», деб қайси бир вилоятларга эрга тегиб кетган. Худога шукр, ишқилиб ўзларидан тиниб-тинчишган. Аммо ҳозирги кунда Ҳасан айтгандай, Фарҳодни қамаб юборишса, унинг – қариб-қартайган, ўрик қоқидан фарқи қолмаган кампирнинг – куни кимга қолади?!
Йўқ. Бориш керак! Борадиган жойгача бориш керак. Фарҳоднинг ўзи: «Ҳасанга айтинг, «09»ни миниб, сизни идораларга олиб борсин, ялининг-ёлворинг, ҳеч бўлмаса судгача мени очиққа қўйсин, Дилноза билан ўзим гаплашаман», - деган эди. Борди. Бувихол опа кўп идораларга борди. Бари Дилнозанинг ўзини, отасини ҳам чақириб гаплашди, аммо Дилноза...
— Нима қилайлик, кўнмаяпти, - дейишди ҳокимиятдагилар. – Ҳозир замон чатоқ, қаёққа қарасанг хотин-қизлар ўзларига ўт қўйиб юборяпти. Мажбурлаб бўлмайди. Келинингиз билан ўзингиз гаплашинг.
Кимга борса шу гап.
— Менга зарилми қизимни икки боласи билан уйда сақлаб ўтириш!? – деди қудаси дарвозага чиқиб (ҳовлисига киритмади). Ўтган сафар ҳам сизнинг кўз ёшингизга ишониб, бериб юборган эдик, ўғлингиз кейин, қизим хотини экан-ку, келиб, бизларни ҳам урди. Ана! Гаплашинг ўзи билан! – Қуда Бувихол опани ҳовлига таклиф қилмади. Дилноза ҳам кўча дарвоза олдига келдию, қайнонасини кўриб серрайди.
— Невараларимни бир кўрсат, жоним болам, - деди Бувихол опа илтижо аралаш.
— Қўйинг!.. – Дилноза «қўйинг, опа», деб юборишдан сўнгги дақиқада ўзини тийди. Кейин кўчада Фарҳоднинг «09» олдида қўлларини белига тираб ўқрайиб турган Ҳасанни кўрдию, Дилнозанинг меҳри тош қотди. «Баттар бўлинглар!» дегандай лаблари қимтилиб, тескари ўгирилди.
— Мен невараларимга иштончалар опкелгандим, - деди Бувихол опа Дилнозани эритишга уринаркан, асабдан дир-дир титраётган қўлларини сумкасига тиқиб.
— Керак эмас! Қўйинг! Алименти ҳам керак эмас! Шу уйдан эсон-омон чиққанимга шукр! Болаларини бир бало қилиб ўзим боқиб оларман.
— Ҳа майли,.. яшамасанг ҳам!.. – Бувихол опанинг сўнгги сўзи қалтираб чиқди, аммо шу заҳоти ўзини тутиб олди. «Йиғлаб-йиғлаб бўлган. Дилноза йиғига эримайди!» - Ҳеч бўлмаса даъвоингдан кеч! Менга раҳминг келсин, болам! Уни қаматиб юборсанг менинг куним қандай ўтади?
— Э! – Дилноза қўлини пахса қилиб силкиди. – Сизни ўйласа мени тинч қўйсин эди. Мен-ку майли, нимага онамни урди?
— Урмаган, болам, урмаган, салгина туртган, холос. Шунгаям эрингни қаматиб юбораверасанми?
Йўқ. Дилноза даъвосидан кечмади. Аввалги сафар келганида Дилнозанинг ўзи «болаларим, дадамга бораман, деяпти», деб йиғлаган, лекин ўшанда ҳам даъвосидан кечмаган, «чиқиб келса тағин уради», деб қўрққан эди. Фарҳод ҳам тинч турмай, мелисалар ушлаб олиб кетаётганда: «чиқиб келсам сениям, ота-онангниям сўяман», деган. Ҳа, Фарҳод Дилнозани урарди. Кўп урарди. Фарҳоднинг отаси ҳам уронғич эди. Бўлса, бўлмаса баҳона топиб, сал гапдан Бувихолни дўппослаб қолаверарди. Фарҳод отасига тортди. Қўй деганга қўймади. Калтакни кўтарадиган, калтакка чидайдиган хотин бор, чидамайдигани бор. Буни ҳисобга олмади.
Фарҳоднинг биринчи хотини ланж эди. Ўн гапга бир жавоб қайтармасди. Берсанг ейман, улсанг ўламан, деганлар хилидан эди. Уни урмасдию, кўнгли ҳам тўлмасди. «Қўяман, яшамайман», деб туриб олди. «Ўргилдим топиб берган хотинингдан», деб онасига тармашди. «Шу тўнка билан умримни ўтказишим керакми?», деди. Мен ўзим кўриб-билиб, севиб уйланишим керак», деди. «Мен замонавий хотин оламан», деди. Хуллас, айтганини қилди. Бир ўртоғининг хотинини машинасида туғруқхонага олиб борса, ҳалиги хотин оғирлашиб қолипти. Кейин Фарҳод ўртоғи билан врачни – шу Дилнозани уйидан олиб келган. Кейин яна уйига олиб бориб қўйган. Шу-шу икковининг гапи бир ердан чиқиб, «тегаман-оламан» деб келишган экан.
Биринчисини икки боласи билан чирқиллатиб, ҳайдаб юборди. Иккинчисидан ҳам икки болали бўлди. Шу орада ғидиришлари бошланди. «Кеч соат олтидан кейин уйда бўласан. Навбатчилигингни тан олмайман», деб туриб олди. Дилноза: «Хотинлар оқшом ҳам туғаверса, ярим тунда ўзингга ўхшаганлар уйимга келиб, шунақа аҳвол, деб турса, иложим қанча», деди. «Менинг топганим ҳаммамизга етади. Уйда ўтирасан», деди Фарҳод. Дилноза: «ишимни ташламайман», деди. Иккови ғижиллашди-қолди.
Топиш-тутиши ёмон эмас Фарҳоднинг. Буғалтир. Бировлар умр бўйи велосипедга ёлчимай ўтаётганда Фарҳод иккита машина алмаштирди. «09» ҳам янги. Бировлар буни кўролмайди. «Ўғлингни ҳаром пул қутуртиряпти», деб юзига очиқ айтганлар бўлди. Шу даражага боришдия одамлар. Э, Барлосдан барака кетди.
Дилноза охирги сафар кетиб қолганда Фарҳоднинг ўзи орқасидан борди. «Қўй, аразлама», деб яхшиликча ялинган. Шунда Дилнозанинг онаси ўртага тушиб вайсайверипти. «Гулдай қизим бор эди. Сенга тегиб нима кўн кўрди. Хароб қилдинг қизимни», деб Фарҳоднинг ёқасидан олипти. Фарҳоднинг аччиғи тез эмасми, қайнонасини силкиб ташлапти. Яна тармашса, нарироқ тур, деб туртиб юборган. Шунда қайнона ерга юмалаб, вой-войлаб қолипти. «Нега онамни урасан?» , деб Дилноза дод-вой қилса, уни ҳам айлантириб солипти-да, кетиб юборипти. Ана энди она-бола касалхонага ётиб олиб, «урди-тепди», деб қоғоз қилиб, милитсияга топширишипти. Дилнозага ҳеч нарсаям қилмаган. Онасининг оёғи салгина тойишиб, озгина жойи синган, холос. Жағиям жойидан кўчган, дейишяпти. Ўзи келиб тармашганда нарироқ тур, деб ўзидан холис қиламан, деганда Фарҳоднинг қўли тегиб кетган шекилли-да. Яхши даволанса, узоғи билан бир-икки йилда синган жойлари жойига тушиб, тузалса кўрмагандай бўлиб кетади, дейишяпти мутахассислар. Шунгаям энди булар ваҳима қилиб, Фарҳодни қаматиб ўтиришипти. Уят! Духтур борми, мелиса борми, ҳаммаси Дилнозанинг отасига қуллуқ қилишади. Фарҳоднинг эса онасидан бошқа жон ачири йўқ. Биргина жияни Ҳасан бўлса, тайёр машинани ҳайдаб келишга зўрға кўнди. Тағин «авзойдан Фарҳод акани булар қамамаса қўймайди», дейди. Бир оғиз далдага маҳтал бўлиб турганда шу гапи ўринлими?

Farhodning gapi toʻgʻri-da. Xotin degan kechqurun soat oltidan keyin uyda boʻlishi kerak. Ishlaydigani albatta. Qayoqdan ham boshi aylanib, shu Dilnozaga ilinib qoldi. Ersiz yurgan qari qiz, qarasa, oyday yigit, aylantirgan-da Farhodni! Asli bu uying kuygur oʻqiyman, ishlayman, degancha yoshi oʻtib, er topilmay yurgan. Birinchi marta gaplashishganda Farhod «xotinimga koʻnglim yoʻq, qoʻymoqchiman», deganga oʻxshash gaplarni aytgan. Shunda Dilnoza uni chalgʻitgan. Uch-toʻrt marta uchrashib, gap-soʻz qilishgandan soʻng «xotiningni qoʻy, keyin tegaman», degan. Yaxshi qiz boʻlsa, shunaqa dermidi! Bir xotinning, ikki bolaning koʻchada qolishini talab qilarmidi? Koʻp balo bor Dilnozada! Katta odamning farzandi, kelin boʻlib tushganidan Buvixolniyam, Farhodniyam nazariga ilmadi. Katta yeb,katta kiygan, katta davralarda katta gapirib yurgan qiz bu oiladan koʻngli toʻlmadi. Urishni ham ataylab oʻzi uyushtirardi. Keyin Farhod bir shapati ursa, bahona... Hu, qirgʻining kelsin! Mana endi, ikkita bola orttirib oldi, endi unga er kerak emas. Bilganini qilib yuraveradi...

— Билмайман, қанақа замон бўлди, - деди Ҳасан хаёл суриб машина ҳайдаркан. – Хотинларни бошимизга чиқариб қўйишди. Бир оғиз қаттиқ гапиролмасанг. Бир шапати уролмасанг. Хотинлар оғзига келганини қайтармай вайсайверса. «Хотинларнинг дастидан дод!» , деб юборгинг келади. Энди нима қиламиз, хола. Индамасдан уйга бораверамизми?
— Мелисахонага ҳайда.
Туман ички ишлар бўлимида ёшгина, юзидан гўё ҳозир кулиб юборадигандай суратли лейтенант навбатчилик қилаётган экан. Бувихол опанинг арзини тингладию, қўлларини иложсиз ёзиб, деди:
— Сал кечикибсиз, ўғлингизни бу ердан қамоқхонага олиб кетишди.
— Нега? Нима учун?
— Қамашгани йўқ ҳали! – деб лейтенант ўзича кампирни овутди. – Иши судга ошириляпти. Бу ерда эса ўн кундан ортиқ сақлаб туриш мумкин эмас. Қоида шунақа.
— Қўйинг, болам, дилимни оғритманг. – Бувихол опа ички чўнтагидан озроқ пул чиқариб, лейтенантнинг олдига қўйди. – Бир оғиз гаплашиб чиқай, зарур гапим бор. Дардингизни олай, ёрдам қилинг. Сизнинг ҳам онангиз бордир, ахир!
Фарҳод ўргатгандай, Бувихол опа ўн кун давомида бир неча бор шу йўсин Фарҳод билан учрашган, амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот берган, кўрилажак чораларни режалаштириб, маслаҳатлашиб олган эди. Ҳозир ҳам шак-шубҳасиз пулнинг кучига ишонганча тинмай жаврар, нима қилишини билмай, анграйганча бир пулга, бир чорасиз кампирга тикилаётган лейтенантнинг кўзига тикилганча, ялинарди:
— Ие! Нима қиляпсиз, хола?! – Ниҳоят миясига нимадир урди, шекилли, лейтенант сачраб кетди.
«Камлик қиляпти шекилли».
— Ўргулай мелисажон! Мана, яна бераман! – дея Бувихол опа чўнтагидан яна пул чиқараверди. Кампирда пул кўп эди. Фарҳоднинг ўзи «аямай ишлатинг», деб тайинлаган.
— Олинг! Тез олинг пулингизни! – Лейтенантнинг овозидаги саросималик ўрнини зумда қатъият эгаллади.
— Болажоним, мен бир дақиқага кириб чиқай! – Бувихол опа йиғлаб юборди.
— Олинг деяпман пулингизни!
Бувихол опа пулни қандай олиб, чўнтагига солганини ўзи ҳам билмай қолди.
— Сиз жуда... қизиқ экансиз-ку! – Лейтенант ҳаяжондан дудуқланди. Бир зумда юзи қизариб-бўзариб кетди.
Бу билан иш битмайдиганга ўхшайди. Аввалги таниш милитсионерларга учраш керак. Кечаги семизи маъқул эди. Битта яримтанинг пулига ҳам кўнаверарди. Бувихол опанинг дармони қуриб, кўз ёшларини артганча, ўрнидан турди. Йўқ, бу мелисани она туғмаган. Бунинг онаси бўлганда Бувихолга бунақа дўқ урмасди.
— Мен сизга ўзбек тилида айтдим-ку, хола. Ўғлингизни опкетишган. Бу ерда йўқ, - деди лейтенант жаҳлидан анча тушиб.
Эшик очилиб, кечаги семиз кириб келди:
— Ҳа, кампир, яна келдингизми? Ўғлингизни кўргингиз келса, энди Ховосга бораверасиз.
— Қандай борсам бўлади у ёққа?! – Бувихол опа бир зумда ўзини тутиб олди. Демак ҳали ҳаракат қилса, ўғлига учрашса бўлади.
Каттага кирсангиз ҳал қилиб беради, - деди семиз. – Зап ўғлингиз бор экану, жабр бўпти-да! Келинингизнинг отасини яхши биламан, жуда ўжар, ифлос одам у! Ўтиринг кампир, ўтиринг.
Бувихол опа анча таскин топди. Ҳар қалай мелисахонада шуниси одамшаванда, гапга тушунадиган эди. Пул олсаям қўлидан келганча аямай хизматини қилади, йўл кўрсатади. Ачиняпти мана.
— Ука, бир ёрдам бериб юборинг, йўл кўрсатинг.
— Ўтиринг қани, кампир, ўтиринг. Биздан нима ёрдам керак?
«Кампир» ўтирди. Шу пайт лейтенант ташқарига чиқди. Айни муддао. Ёш бўлсаям ўлгудай қўрс экан. Унинг олдида қандай ёрилишни билмай турган эди.
— Ука, ўғлимни биратўла қутултириб чиқариб беринг. Катталарингиз билан гаплашасизми, бошқа қиласизми, йўлини сиз биласиз. Қанча пул десангиз борича бераман. Уйдагиси етмаса, мана, янги «09» бор. Кўчада турипти. Керак бўлса, буниям бераман. Жон укажон! Катталарингизнинг бирови гапга кўнади, бирови кўнмайди. Мен уларнинг тилини тушунмасам. Мана бу... ҳозир чиқиб кетган ҳам «ўғлингиз қамалади», дейди. Ҳуқуқ шуларга тегиб, Фарҳоддай йигитларни қамаб юбораверишса. Мендек кампирларнинг ўлиги кўчада қолиб кетаверса, яхшими? – Бувихол опанинг томоғига нимадир тиқилди. Йиғи-сиғи қилиб юбормаслик учун ўзини тўхтатди.
— Ў-ў, бу қийин масала, кампир. Ўртада ифлос қудангиз бор. Унга илтимос қилиб борсангиз ҳам бўлади, бормасангиз ҳам бўлади. Улар даъво қилиб турса чатоқ. Энг аввал қудағийингизни касалхонадан чиқариб олиш керак. «Даъвом йўқ», деган қоғози керак... Янаям ўйлаб кўриш керак экан. Шу гапингизни сал эртароқ айтмайсизми? Ўғлингизнинг иши прокурорга ўтиб кетди.
— Аёллик қилганман-да. Миям айниб қолган ўзи. Эндиям бўлса, ёрдам қилинг, жон ука! Фарҳоднинг ўзи топган пуллар уйда турипти, керак бўлса, ҳаммасини опкеламан. Қўллаб юборинг, қўлдан келганча...
Лейтенант қайтиб кириб, жойига ўтирди. Бувихол опа тилини тийиб, иложи борича ўзини ҳокисор кўрсатишга уринди.
— Ме-эн, кампир,.. қўлимдан келганча сизга ёрдам бердим. Катталардан рухсат олиб, ўғлингизга учраштирдим.
— Раҳмат, укажон, раҳмат! Бу яхшиликларингизни мен биламан. Мен билмасам худо билсин...
— Хуллас, бундан бу ёғига биз аралашолмаймиз. Шу гапларни кеча айтганингиздаям, балки... Энди иложи йўқ, кампир.
Бувихол опанинг тарвузи қўлтиғидан тушди.
— Сиз хафа бўлманг, кампир! – семиз шапкасини олиб, бошини қашиди. – Ўлимдан бошқа нарсанинг иложи бор. Сиз тўғри ҳокимиятга кириб арз қилинг.
— Кирдим. Учрадим.
— Хўш?
— Қудамни, келинимни чақиртирди. Келиним йиғлади, мажбур қилсаларинг ўзимга ўт қўяман, деди.
— Оббо! Иш чатоқ-ку! Бизнинг хотинлар гапини ўтказишнинг яхши йўлини топиб олишди. Албатта, ҳоким иложсиз қолгандир.
Бувихол опа шундай дегандай бош ирғади.
-Сиз прокурорга учранг-чи, - дея семиз яна режа тузди. – Яхши одам. Қайнонасидан кўп жабр тортган, сизни дарров тушунади. Ўғлингизга ўхшаб...
Бувихол опани прокурор ўрнидан туриб кутиб олди. Ҳол-аҳвол сўради, чой қуйиб берди. Бундай хуш муомалани кутмаган Бувихол опанинг хўрлиги келиб кетди. Ўғлини қамашгандан бери биронта одам бунчалар ғамхўрлик кўрсатмаганди. Семиз эса... семиз пул дардида. Хуш муомаласи ҳам ясама, қандайдир таҳқирона. «Кампир» деб муомала қилишининг ўзига одамнинг ғаши келади, аммо илож йўқ. Бунинг устига Фарҳод нуқул: «бу ишни тезроқ тинчитиш керак. Прокурорга ўтса, вазият оғирлашади. Прокурор қамайди», деган эди. Афтидан, қамайдиганга ўхшамайди.
— Оббо шоввоз-э! Қайнонасини уриптими? Оббо шоввоз-э!
— Бор-йўғи бир шапат. Шунгаям касалхонага олиб олипти. Неча бор тақсир-тавалло қиляпман, сира кўнмаяпти. Даъвойимни қайтариб олмайман, деяпти. Сиз ёрдам беринг, прокуроржон!
— Майли-ку, лекин...
— Ўлигим кўчада қолмасин, илтимос, менинг ўғлимни қаматманг.
— Ким айтди сизга прокурор қамайди, деб?
— Ҳамма шунақа дейди. Мен энди ўзингизга учраб, яхши одамлигингизни кўриб турипман. Барака топинг ишқилиб! Битта яхшилик қилинг. Омон бўлсак қайтарамиз. Фарҳод очиққа чиқса албатта қайтаради. У кўп пул топади.
— Ўғлингизнинг ишлари чатоқ. Ишлаган жойида кўп пулларни ўзлаштириб юборган экан. Ҳали текшириш давом этяпти... Ундан кўра мана шу жанжал билан тушса, бир-икки йилда қутулади. Қайтага бу яхши эмасми?
— Илтимос, сиз Фарҳодни очиққа чиқаринг. Судгача. Сиз Фарҳодни кўрмагансиз, билмайсиз. Иш жойида илгариям кўп текширишлар бўлган. Очиққа чиқса, бунисиниям босди-босди қилиб юборади. Шунча текширишдан кейин ҳам Фарҳод икки йилда иккита машина олди. Сиз яхшилик қилсангиз Фарҳод албатта хизматингизда бўлади.
— Майли, Фарҳод уддабурон ҳам дейлик, иш жойини ҳал қилар. Аммо бир дам ўзингизни қудағийингизнинг ўрнига қўйиб кўринг. Оёқ синиб, жағ қийшайиб, овқат ея олмай... Куёвингиз борми?
— Ҳа, бир эмас. Иккита, - дедию, Бувихол опа гап бурими қаёққа кетаётганини англаб, тиззаларигача зирқираб кетди. Наҳотки?!. Деган фикр миясини яшиндай пармалаб ўтдию, тағин...
— Дейлик, қизингиз аразлаб келиб қўйди. Куёвингиз ичиб олиб, уйингизга келса-да, кўз олдингизда қизингизни тепкилайверса, сиз бир парча гўштдан одам қилган фарзандингизни ҳимоя қиласизми, йўқми?
Тамом. Ўғли билиб айтган экан. Прокурордан яхшилик чиқмайди. Жуда хушмуомала кўринган эди кирганида. Прокурор ичирган чой Бувихол опанинг бўғзига тиқилди. Буларда одамгарчилик йўқ. Булар қамашдан бошқа нарсани билмайди. Бувихол ўша, бир шапати еган қудағайини ҳам яхши билади. Эрини нўхталаб олган. Қудағайи бир вақтлар райкомнинг учинчи секретари бўлган, эр унинг қўлида бўлим мудири бўлган. Кўпчиликнинг олдида, мажлисларда эр хотинига: Фалончи Фалончиевна» деб мурожаат қилар экан. Кейин орқаларидан одамлар: «Оқшомлари ҳам эри: «Фалончи Фалончиевна, рухсат берсалар...» деб турармикан, деб калака қилишарди. Қудағайи райком секретари бўлган вақтида авария бўлган. Оёғи, жағини ўшанда кўп даволатган.. Ҳозирги ётиб олиши баҳона, холос. Аслида, синган, чиққан, деганлари бари ёлғон. Духтурлар билан келишиб, қоғоз қилиб, касалхонага ётиб олган. Буни исботлаш имкони бўлса экан Бувихолда! Унинг гапига биров қулоқ солса экан туманда...
— Хуллас, куёвингиз қизингизга қўшиб сизни ҳам ураверса... Сиз бундай вазиятга қандай қарайсиз? – Хушмуомала прокурор ўрнидан турганча қўлларини силкиб-силкиб гапирар, афтидан кампирга ўз фикрини тўғри тушунтира олаётганидан, кампирни «ўтирғизиб» қўйганидан хурсанд эди.
Йўқ. Бу қайнонасидан жабр тортмаган. Буниям онаси туғмаган. Бунгаям гап тушунтириш бефойда. Буларнинг ичида ўша семиздан тузуги йўқ шекилли. Бундан яхшилик чиқмайди. Битта балодан қутқаз деб кирса, бу иккинчи балони бошлаб ўтирипти. Қудаси билан тили бир буларнинг барининг. Ишхонасиниям текшир, буғалтир у, камчилиги ҳар қандайига топилади. Шунда Фарҳод қимирлай олмайди, дейишган. Қирғин келгурлар!
— Майли, мен имкон доирасида кам муддат сўрайман, - деди прокурор, - сиз битта яхши адвокат топинг.
— Қанақа адоват?
— Адоват эмас, адвокат. Яъни сизни, ўғлингизни қонун доирасида ҳимоя қилувчи мутахассис. Ўзингизни қўлга олинг. Ҳали ҳеч нарса бўлгани йўқ. Адвокат кучли бўлса, ҳаммаси ўнгланиб кетади.
Бувихол опанинг ичида яна чироқ ёнди:
— Ишқилиб, ёрдам берадими ўша адов... адак...
— Ҳа, адвокатнинг вазифаси сизга ёрдам бериш. Айтган пулини топиб берсангиз бас.
— Гап пулга қолса, ишнинг битгани шу-ку! – Бувихол опа прокурорнинг олдидан қанот боғлаб чиқди. Ҳар қалай семиз айтгандай, прокурор яхши одам экан. Ўзининг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини билдириб, йўл кўрсатди.
Адвокат ҳақиқатан ҳам Бувихол опанинг гапларини шошилмай, диққат билан тинглади. «Агар ўғлимни чиқариб берсанг, кўчадаги «09»ни қўлингга топшираман», деган гапга кинояомуз кулимсираб қўйдию, парво қилмади. Ниҳоят бир нималарни ёзиб, «ана шу ҳужжатларни тайёрлаб келинг, албатта ёрдам берамиз», деди ва айёрона ишшайди:

Ариза
Оилавий шароит ҳақида маълумотнома.
Иш жойидан характеристика.
Маҳалла оқсоқоллари номидан илтимоснома
Депутатдан хат.
— Депутатни қандай топаман? - Бувихол опанинг оёқ-қўли янада енгиллашди. Дастлабки тўрт ҳужжатни бир кунда жамлаш мумкин эди.
— Излаб юрасизми? Қишлоғимиздаям бор-ку, - деди адвокатнинг ҳузурига бирга кирган Ҳасан. – Ўрозгул опага учраймиз.
— Қайси?
— Соғувчи Ўрозгул опа бор-ку. Фермада ишлайди.
— Қайси? Барлос катта қишлоқ бўлса... Менга отасини айт.
— Ўрозгул опачи? Эшқобил ферма билан бирга ишлайди. Фермада соғувчи.
— Ўла қолсин! Бир камим энди ўшанга бориб ялиниш қолувди. – Ярим соат олдин итнинг бўлса-да оёғини ялашга тайёр турган Бувихол опа иши юришиб кетганига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ноз қилди. Ҳар қалай Бувихол опа отдан тушгани билан эгардан тушмаган, Фарҳоднинг пули кўпайгандан бу ёғига унча-мунча хотинлар билан очилиб гаплашмайдиган бўлиб қолган эди.
— Иложингиз қанча. Ўша, сиз назарга илмаган Ўрозгул опа – депутат. Ўша киши қоғоз берса, Фарҳоднинг қамоқдан чиқиши тезлашади. Э, у кишининг қоғози билан кўплар озодликка чиққан.
— А-а?! – Бувихол опа шундайми, дегандай ишонқирамай адвокатга ўгирилди.
— Асосий ишни биз қиламизу, агар депутат ўғлингизга ижобий характеристика берса, анча ёрдами бўлади.
Бувихол опа адвокатнинг олдидан енгил тортиб чиқди. Мана энди Дилнозага, унинг Танноз онасига кўрсатиб қўядиган хонаси келди. Улар у ёқда «урди-тепди» деб қоғоз қилса қилаверсин. Бувихол опа бу ёқда аёл боши билан ўғлини бало-қазолардан эсон-омон олиб чиқиб кетади. Эгам соғликни берса, омонлик бўлса, албатта шундай бўлади.

1990
Mualifning boshqa asaralari
1 Alibek va qirq doʻstining sar... [Abulqosim Mamarasulov] 1812
2 Anoyi yoki yechilmagan yettin... [Abulqosim Mamarasulov] 786
3 Arabcha oʻyin (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1079
4 Atlas roʻmolcha (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 994
5 Алибек ва қирқ дўстининг сарг... [Abulqosim Mamarasulov] 892
6 Анойи ёки ечилмаган еттинчи т... [Abulqosim Mamarasulov] 756
7 Арабча ўйин (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 754
8 Атлас рўмолча (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 674
9 Birinchi qor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 833
10 «Baxitli savet ayalining arza... [Abulqosim Mamarasulov] 741
11 «Бахитли савет аялининг арзас... [Abulqosim Mamarasulov] 718
12 Биринчи қор (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 682
13 Eslasa arzigulik voqea (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 718
14 Эсласа арзигулик воқеа (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 702
15 Farishta (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1006
16 Фаришта (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 704
17 Hasharchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 693
18 Hayotning bir lahzasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 741
19 Ҳашарчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 690
20 Ҳаётнинг бир лаҳзаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 701
21 Ismatning qismati (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 717
22 Исматнинг қисмати (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 585
23 Jarima (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 648
24 Жарима (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 934
25 Lola sayli (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 3206
26 Лола сайли (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 584
27 Maslahat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1007
28 Men seni sevaman, Buvirajab! ... [Abulqosim Mamarasulov] 920
29 Маслаҳат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 567
30 Мен сени севаман, Бувиражаб! ... [Abulqosim Mamarasulov] 707
31 Oysha xolaning «kuyov»i (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 737
32 Ойша холанинг «куёв»и (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 625
33 Qaroqchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 698
34 Қароқчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 642
35 Sevishganlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 2046
36 Somonchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 652
37 Suyunchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 625
38 Севишганлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 754
39 Сомончилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 563
40 Суюнчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 578
41 Taftish (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 685
42 Telba muhabbat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1411
43 Telpak (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 609
44 Тафтиш (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 641
45 Телба муҳаббат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 632
46 Телпак (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 557
47 Uch soʻm pul (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 738
48 Uchinchi yoʻl (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 765
49 Uzumzorda (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 597
50 Узумзорда (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 626
51 Уч сўм пул (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 613
52 Учинчи йўл (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 628
53 Yigit ham yigʻlaydimi? (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 0
54 Yigitlikning koʻchasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 708
55 Yoʻlovchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 720
56 Йигит ҳам йиғлайдими? (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 0
57 Йигитликнинг кўчаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 561
58 Йўловчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 549
59 Yaxshi niyat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 854
60 Yaxshi va yomon odamlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 982
61 Яхши ният (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 684
62 Yor-yor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 6721
63 Ёр-ёр (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 616
64 «Zamonamiz qahramonlari» (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 719
65 «Замонамиз қаҳрамонлари» (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 715
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика