Учинчи йўл (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]

Учинчи йўл (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
Учинчи йўл (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
О, дўстгинам! Ахир беш бармоқ Тугилмасди сабаб бўлмаса. Унинг ноҳақ тугилмаганин Исботлайман агар ўлмасам.Абдулла Қўшбоқ
Ҳадемай тонг отади. Кеча кечқурун бошланган ёмғир ҳамон майдалаб, эзиб ёғаяпти. Шошилиш керак, аммо...
Барлоснинг йўлида «Волга»-такси лойга тиқилиб қолган. Шофёр ҳамроҳи билан ёмғирда ивиб, тўрт соатдан бери овора, лекин такси тобора ботса ботиб боряптики, асфалт йўлга қайтиб чиқолмаяпти. Ярим кеча йўл усти халқоб бўлиб қолганини кўриб, шофёр айланиб ўтмоқчи бўлганди. Асфалтнинг шундоқ чеккаси яқинда уйилган тупроқ экан, такси ботиб кетди. Лаънати ёмғирни айтмайсизми? Бир дам тўхтаб турай демайди. Бир-иккита машина ўтди, шофёр уларни ёрдамга чақирмоқчи эди, Тожибой кўнмади. Бунинг устига то улар ўтиб кетганча таксининг чироқларини ҳам ўчиртириб қўйди. «Шундай қилганимиз маъқул. Менга бари бир, агар сизга тинчлик керак бўлса, айтганимни қилинг», деди. Шофёр ноилож кўнди. Оз эмас, кўп эмас, роса беш юз сўмга келишиб, йўлга чиқишган: «Бизнинг қишлоққа борамиз, Бор-йўғи ярим соат, нари борса бир соатлик ишим бор. Сиз кўчада кутиб турасиз. Мен ишимни битираману, қайтиб чиқаман», деган. Шофёр рози бўлган. Тўғри-да, унга бари бир. Тожибой қанақа ишни битиргани билан унинг неча пуллик иши бор, фақат савил ёмғир... йўл... Бу ёғи Барлосга яёв ўртача тезликда юрилса, бир соатлик йўл. Шудгор ораласа, янаям яқин, аммо бу ёмғирда... Етдик деган жойда йиқилиб ўтиришипти. Шофёр йўл четларидан хас-хашак топиб келиб, ғилдиракларнинг тагига ташладию, яна моторни ўт олдирди. Бефойда. Тожибой соатига қаради, машинани бир айландию, йўлга чиққанча, оёқларини қоқиб, ботинкасидан лойларни туширди.
— Шўпир ака, энди мен қишлоққа кетдим. Ўзингиз бир амалларсиз. Бундан бу ёғига машиналар серқатнов бўлиб қолади. Илтимос қилсангиз, тортиб чиқариб қўйишади. Эплаб чиқолсангиз, қишлоққа кирадиган жойда йўлнинг четида туринг. Мен дарров қайтаман.
Шофёр маъқул ишорасида бош силкиди. Тожибой плашига маҳкам ўрандию, асфалт йўл бўйлаб, жадал юриб кетди. – Аввал-бошдан омади юришмаган одамнинг омади кейин ҳам юришмас экан. Бўлмаса оқшомги «саёҳат» учун роса икки йил тайёрланганди ахир. Бошлиқни кўндириш учун роса икки йил керак бўлди. Энди аламимдан чиқаман деганда, лойга тиқилиб ўтиришганини... Тезроқ юриш керак. Тонг отиб қолса, кейин қишлоққа кириб ҳам бўлмайди, чиқиб ҳам... Ишни кўнилдагидай битиролмаса... «Тонг отганча қайтиб келаман!» деб ваъда берган. Соат тўққизгача етиб бормаса, «Тожибой қочипти» деб эълон қилишади. Бошлиқ билан шунга келишишган. «Лекин иложини топ. Кечикма. Кечиксанг, менга бари бир, чора кўришади», деган бошлиқ.. Уни алдамаслик керак... эди. Мўлжал аниқ: тўрт соат қишлоққа, тўрт соат ортга қайтишга, икки соат ишни битириш учун, яна икки соат ҳар эўтимолга қарши... Жами ўн икки соат ичида, яъни эрталаб соат саккиз яримда Тожибой ўз жойида бўлиши керак эди. Афсус... афсус, энди... Тожибой ўз юришига қаноат қилмай, югуриб кетди. Тезроқ, фақат тезроқ. Ҳалиям имкон бор. Ярим соатда қишлоққа кириб, ўн минутда ишни битирсаю, ярим соатда қайтиб келолса,.. улгуришлари мумкин. Бадбахт шофёр! Сал кўзига қараб ҳайдаса ўлармиди. Текис асфалт йўлда тиқилиб ўтирипти.
Ёмондан худо безор деганлари рост. Икки йил бурун Тожибой битта машина деб директор Хидир Собировични пичоқлаганда эс-ҳушини йўқотган, сал бўлмаса, ўзини ўзи ўлдириб қўяёзган эди. Кейин билишса, пичоқ директорнинг биқинига суқилгани туфайли жон жойларига зарар етмаган, икки ой касалхонада ётиб, яна директорлигини қилаверган эди. Икки ўртада Тожибой кесилиб кетди. Кесилгани алам қилмасди. Майли, тезлик қилди, бировларнинг йўриғига юрди, терговчи айтгандай, «мансабдор шахсга хизмат вазифасини ўтаётганда суиқасд қилди», ўлдиролмаган бўлса ҳам берироқ, ишқилиб, Хидир Собировичнинг кўзини қўрқитиб, ўзини яримжон қилди. Тожибой бу қилмиши учун жазога тортилиши муқаррар, деб ҳисоблаган, ҳатто ҳеч бир қаршиликсиз ўзини милитсионерларга тутиб берган эди. Терговда ҳам бор гапни рўй-рост айтди. Директор ҳар бир янги машўинани икки минг сўмдан сотяпти, деди. Менинг пулим бўлмагани учун бермади, деди. Устидан ёзгандим, итдан бадтар қилиб ҳайдади, тафтишчиларга пора бериб, мени туҳматчига чиқарди, деди. Кейин алам ўтиб, қандай пичоқ урганимни... Э, Тожибой бўлиб ўтган воқеаларни роса эзғилаб тушунтирди. Фақат терговчи – юзи-кўзи заҳил, башараси қаримсиқ терговчи – аввалига уч-тўрт кун у билан яхши муомалада бўлиб, ҳамма гапларини батафсил ёзса-да, кейин бирдан ўзгарди.
— Аввал ораларингда нима гаплар бўлиб ўтгани мени қизиқтирмайди, - деди. Хидир Собировичга ўзингиз пичоқ урганингиз ростми?
— Рост, - деди Тожибой ажабланиб. – Ишонмасангиз, бориб гараждагилардан сўранг. Ҳаммаси тасдиқлашади. Янги машинани Абдуллага бергандан кейин алам ўтиб...
— Абдулла мени қизиқтирмайди, - терговчи унинг гапини кесди. – Демак, сиз алам ўтиб, яъни қасддан Хидир Собировичга суиқасд қилгансиз.
— Суиқасди нима?
— Яъни Хидир Собировични ўлдирмоқчи бўлгансиз. Шундайми?
— Ҳа, ўша янги машинани Абдуллага бергандан кейин менга: «йўқол, ёзувчи! Барлосдан чиқиб кет!», деди.
— Ёзувчилигингиз бошқа масала. Буни қўя турайлик. Сиз шикоят ёзиб, ўз даъвонгизни исботлай олмагансиз, яъни туҳматчисиз. Бунинг учун сизга беш йил, суиқасд учун ўн йил, жами ўн беш йилга кесиласиз. Лекин... лекин икки кундан бери Хидир Собирович ўзига келиб қолди. Гапиряпти. Менинг Тожибой Тошбоевда даъвом йўқ, уни қўйиб юборинглар, деяпти.
— Ўлмаптими?! – Тожибой ёқа ушлади. Нега ўлмайди?! Узун пичоқни ярмигача тиқиб юборгандим-ку!
— Қизиқ одам экансиз! Хидир Собировичнинг ўлмай қолгани сизнинг бахтингиз-ку! Қувонмайсизми?
Тожибой маъюсланиб, ерга қараб қолди.
— Ана шунақа, - деди терговчи насиҳаткорона, - сиз ҳақиқатан ҳам Хидир Собировични ўлдириш ниятида пичоқ ургансиз. У киши эса ўз жаллодини оқлашларини илтимос қиляпти.
— Хидир ака ростданам шундай дедими? – Тожибой ишонқирамади.
— Ҳа, «от тепкисини от кўтаради, Тожибой ҳақиқий йигит экан, мен уни шу вақтгача тушунмаган эканман. Баъзи бировларнинг гапига кириб, унга қаттиқ гапириб юборибман. Асли айб мендан ҳам ўтган. Тожибойда ҳеч қандай даъвом йўқ. Иложи бўлса, Тожибойни қўйиб юборинглар. Унга янги машина бераман», деди. Сиз эса...
Тожибой бошини эгди. Кўнгли юмшади. Ҳар қалай Хидир аканинг унчалик ёмон одам эмаслигини ўзи ҳам билади. Унга ҳам қийин. Раҳбарликнинг ўзи бўлмайди. Сендан бир нима олсам, ўндан бири ҳам менда қолмайди. Сендан битта мен сўрасам, тепамда мендан сўрайдиган ўнта, деб неча бор тўғри гап билан тушунтирган. Тожибой тушунарди ҳаммасини, аммо йўқчилик қурсин... Бунинг устига анови учови тезладию,.. ана энди қовоқ бошини тошларга урсин... Янаям Хидир ака мардлик қилипти. Тўғри-да, раҳбарман деганнинг бари бир гўр. Барлосда нечта катта ўтган бўлса, ҳаммаси Хидир акадан бадтар бўлса бордир, яхшироқ эмас. Хидир ака ҳар қалай муомала қиларди. Тушунтирарди. Э. Хидир ака тилла одам! Шундай одамнинг қонига зомин бўлиб ўтирибди-я! Яхшиям ўлмай қолипти. Лекин нега Хидир ака ўлмай қолагинаг у суюнмаяпти? Ахир жазо муддати камаяди-ку! Енгиллик берилади. Негадир юраги тош. Ҳамон оғир юк елкасидан босиб турипти.
— ... Ана шунақа, - дерди терговчи, - Хидир Собирович асл коммунист, инсонпарвар киши экан. Хидир Собирович Лениннинг ишини қиляпти. Бунақа раҳбар камдан-кам топилади.
— Энди мен нима қилишим керак? – сўради Тожибой, «озодманми? Кетаверайми», дейишга юраги бетламай.
— Мана бу делони тўлдирайлик, ёпайлик, катталарга топширайлик. Нима қилишингизни ўшалар айтади, - деди терговчи. – Фақат сўроқларимга тўғри, холисона, ёлғон аралаштирмай жавоб беринг.
— Шу вақтгача ҳам тўғри гапни айтяпман, - деди Тожибой мунғайиб.
— Йўқ, сиз ишни чалкаштиряпсиз. Хидир Собирович сиз учун илтимос қилгани билан бу ер давлат идораси. Жабрланувчи индамагани билан давлатнинг ўзи даъвогар бўлади. Сизнинг жавобларингиз эса жиноятингизни енгиллаштиришга эмас, оғирлаштиришга хизмат қилади. «Эс-ҳушим жойида эди, ўзим қасддан пичоқ урдим», деяпсиз. Бу жавобингиз учун эртага судъя сизга камида ўн беш йил беради, бўлмаса отувга ҳукм қилади. Сиз ахир давлат кишисига хизмат вазифасини ўтаётганда суиқасд қилгансиз.
— Нима, Хидир Собирович давлат одами бўлиб, биз ердан чиққанмизми? Биз ҳам шу давлатга хизмат қилиб юрибмиз-ку, - деди Тожибой аччиқланиб.
Терговчи столнинг ортидан узалиб, Тожибойнинг башарасига мушт туширди. Тожибой ўтирган стулига қўшилиб ағдарилиб тушди. Алам қилди, лекин аламини ичига ютишга мажбур эди. Шу даргоҳда ётганидан бери калтакларга ўрганиб қолди. Агар қаршилик кўрсатадиган бўлса, чет хонага олиб ўтадилар-да, ўч-тўртта бўлиб ўртага оладилар. Яхшиси, мум тишлаб туравериш. Ҳеч ким сенинг оҳ-войингга қулоқ солмайди. Ичи ачимайди. Минг ёмон дегани билан ичи ачиган, ҳолини сўраган янаям ўша Мамат акаси билан янгаси бўлди. У деди-бу деди, зорланди, сўкди, лекин бари бир жигарчилик экан, келиб хабар олди. Тезлаган анови хабар олиш у ёқда турсин, Барлосда унинг устидан гап тарқатишипти: «Асли ўзи тентакнамо эди, қилғилиғига яраша!», деганмиш Катта ака. Ана шунақа. Бу жойга тушганингдан кейин одам сонидан чиқар экансан. Ёмон бўлса ҳам акасининг борига шукр. Мана булар эса... Асли тилни тийиш... Тожибой чаппа гапни айтишга айтиб юбориб... Барлосда асли шунинг учун ҳам ҳамма ундан ўзини олиб қочади. Бу ерда эса дарров суробингни тўғрилашаркан. Э, бу жойларни душманингга ҳам раво бўрмайсан. – Тожибой дарров ўрнидан туриб, стулини тўғрилади. Ҳеч нарса бўлмагандай, ачиётган лабини артганча, жойига ўтирди.
— Ким сизни урди? – сўради терговчи.
— Ҳеч ким ургани йўқ, - Тожибой бу борада анча-мунча таълим олиб қолган эди. Кўпроқ калтак емаслик учун «рост» гапириш керак.
— Ҳеч ким урмаса, - терговчи таҳқирона кулимсиради, - унда нега лабингиз кўкарган?
— Ўзим,.. қаттиқ тишлаб қўйибман.
— Яхши, демак сўроқни давом эттирамиз. Бу ердан тезроқ чиқиб кетишни истайсизми?
Тожибой анграйди.
— Модомики, тезроқ чиқишни истар экансиз, саволларимга аниқ, қисқа ва лўнда жавоб беринг. Яна мени чалғитадиган бўлсангиз... Фақат ростини айтинг. Икки минг сўм пул кимники эди?
— Сизга мен бир ҳафтадан бери айтяпман: Икки минг сўм Хидир Собировични пичоқлаганимдан кейин қўлидан тушиб кетган сумкасидан...
Тожибой гапини тугатолмади. Мушт зарбидан учиб бориб, боши деворга урилди. Гангиб қолди. Бир муддат кўзлари тиниб, деворга суянди. Терговчи юзига сув сепди ва яна жойига ўтирғизди.
— Сиз агар жиноятингиз енгиллашишини истасангиз тўғрисини айтинг. Икки минг сўм пул кимники эди?
— Меники эди, - деди Тожибой беҳол, ортиқ чидай олмаслигини англаб. Ахир бир ҳафтадан бери шу саволни беришади. Тўғрисини айтса, «нега ёлғон гапирасан?» деб уришади Э, борсин энди. Нима бўлса бўлди. Бир бошга бир ўлим, пишириб ейишсин.
— «Икки минг сўм пул меники эди», деб ёзинг, деди терговчи, унинг олдига катта дафтарини суриб, қўлига қалам тутқизаркан.
Тожибой қалтироқ қўллари билан эгри-бугри ёза бошлади. Терговчи бир пиёла сув тутди. Тожибой сувни ичаман, деб тиши такиллаб, пиёлани ағдариб юборди. Сувнинг бари нақ дафтарни бўярди, яхшиям терговчининг ўзи эпчиллик қилди. Ўзи дафтарни бир четга олиб, столнинг ҳўл бўлган тарафини киссасидан рўмолчасини олиб, артди. Ниҳоят Тожибой у талаб қилган нарсани ўз қўли билан ёзди.
— Икки минг сўм пулни нега гаражга кўтариб бордингиз?
«Қанақа пул?» демоқчи эдию, терговчининг гурзидай муштига кўзи тушиб, чўкди. Ютинди ва бир ҳафтадан бери талаб қилишаётган «тўғри гап»ни айтди.
— Янги машинани менга беринг, деб директорга тутқизмоқчи эдим.
— Ёзинг.
Тожибой дафтарга ёзди.
— Директор пулни олдими?
— Йўқ, олмади.
-Ёзинг.
Тожибой ёзди.
— Директор пулни олмагандан кейин сиз нима қилдингиз?
«- Аламимдан унга пичоқ урдим. Ўша пайт қўлимдаги пул директорнинг ёнига тушиб қолган. Буни мен қаттиқ ҳаяжонланганим туфайли сезмаганман, - деб ёзди ва яна қўшди. – Юқоридаги гапларнинг ҳаммаси тўғри. Аввалгилари нотўғри. Тушунтириш хатини ўз қўлим билан тўғри ёздим деб имзо чекувчяи Тошбоев Тожибой».
— Ҳа, мана бу бошқа гап, - деди терговчи хурсанд бўлиб. – Тўғри гапни айтсангиз ҳеч ким сизни қийнамайди. Шу бир оғиз гап учун мени бир ҳафта овора қилдингиз. Хў-ўш, судмедекспертиза хулосаси бор, гувоҳларнинг кўрсатмаси бор: Сафар, Абдулла,.. совхоз партия ташкилоти скеретари Ҳамроқул Бозорович... Сизнинг ўз кўрсатмангиз ҳам бор. Бўлди. Етади. Энди биз делонгизни ёпамиз. Ишимиз битди.
Тожибой ялт этиб терговчига қаради. Демак, энди мени чиқариб юборишаркан-да, деган хаёлга борди, лекин хурсанд бўлолмади. Терговчи қоғозларни жамлаб, папкасини ёпди-да, столга тарсиллатиб ташлади.
— Энди, Тожибой ака, делонгизни судга ўткизамиз. Бу ёғи осон кўчсин десангиз, катталарни чалғитмай, бугунги тўғри гапингизда туринг. Акс ҳолда... биласиз, Хидир Сорбировичнинг томири маҳкам. Раён, областда унга ҳеч кимнинг тиши ўтмайди. Так что сиз тилингизга эҳтиёт бўлинг. Бу менинг сизга биродарлик маслаҳатим. Уч-тўрт йилда чиқиб келасиз. Агар у-бу деб ўтган кунлардаги гапларингизни яна валдирасангиз, нақ ўн беш йилни бўйнингизга илишади. У дунё-бу дунё туғилганингизга пушаймон еб кетасиз. Калтаклар эса,.. – терговчи дўстона кўз қисди, - бунинг учун хафа бўлманг. Сизга ичим ачиганимдан... соқчиларга топширганимда сизни пўла қилиб ташлашарди. Ўзим озгина чиниқтирдим, холос. Ҳали ҳаммаси олдинда...

* * *
Ҳақиқатан ҳам олдинда экан. Мана икки йилдан бери ахлоқини тузатяпти. Бу маскан шунақанги ахлоқ тузаткичларга бойки... Тожибойнинг ерговчида гинаси йўқ. У ҳақиқатан ҳам тожибойни сал-пал чиниқтирган экан, холос. Судда эса... Тожибой бир сўзли мард йигит-да. Тергочига берган ваъдасида турди. Хидир Собирович ҳам мард экан. Хўжалик ишлари билан бандман, деб судга келмади. «Тожибой Тошбоевда менинг даъвом йўқ», деб ёзиб берипти. Абдулла билан Сафар найнов қатнашди, улар ҳам Тожибой ҳақида ёмон гап айтишмади. Судлов ими-жимида ўтди, биров билиб, биров билмай қолди. Ишлар шундай осон битаётгани учун (ахир Тожибойнинг ўзи ҳам камида ўн йилни бўйнига олиб ўтирганди-да) у терговчидан ҳам, Хидир Собировичдан ҳам, Сафар найнов билан Абдулладан ҳам, ҳаттоки ўзидан ҳам рози эди. Беш йил нима деган гап? Ҳа-ҳу деганча ўтади-кетади. Лекин бу ахлоқ тузатадиган жойида шунақва билимдонлар, калласи зўр ишлайдиганлар бор эканки, уларнинг гапларини эшитиб, Тожибой беихтиёр «товба!» деб ёқа ушлади. Айниқса, Ирисмат дегани икки оҳиз гапини эшита солиб, нима бўлганини, нима қўйганини, терговчи нимага уни бир ҳафта урганинни ойнада кўриб тургандай Тожибойнинг ўзига айтиб бердики, беихтиёр унинг муши тугилди. «Оббо Хидир тулки-эй, янаям менга панд берипти-да», деб янди.
— Хидир Собировични сўйган билан иш битмайди, - деди ўша билимдон. – Унинг ўрнига талабгор бўлган Катта акангиз ундан яхшими?
— Йўқ, ундан-да ифлос.
— Мана кўрдингизми? Раҳбарни алмаштириш билан иш битмайди. Аслини олганда қайта қуриш негизи бу – кишиларнинг асосан паст табақа – ишчи-деҳқонларнинг ўзлигини танишидир. Ўз ҳақларини талаб қилиб ола билишни ўрганишидир...
Э-э, Тожибой қойил қолди. Қирқ йил очиқда яшаб, сира бунчалик ҳайратланарли гапларни эшитмаганди. «Ўғриниг бари очиқда. Калласи зўр ишлайдиганлар, ҳамма нарсага ақли етадиганлар бу ерда... ахлоқини тузатяпти», деб ўйлади. Шуларнинг гапини эшитиб, Тожибой баъзан шу жойларга тушганига ҳам шукр қилиб юрди. Бўлади-да, баъзан шунақа дамлар. – Қишлоқда қирқ йил яшаб, учоворага қўшилолмаган одам, - унинг қайсидир бир хислатини ахлоқини тузатаётганларнинг Қоплон деган энг зўри ёқтириб қолди. Шу-шу Тожибойнинг ҳурмати ошиб кетди. Лекин Қоплон бошқача гап қилди.
— Сен жўра, тўғри иш қилгансан, маладес! Фақат ўлдиролмаганинг са-ал чатоқ бўлипти-да. Пичоқни тиққандан кейин бура-аб олмайсанми? Жойида қотарди. Хидирингга ўхшаганлар ҳамма ёқда итдай болалаб ётипти. Барини сўйиш керак! – деди у. – Сени бир мартага ўзим чиқариб жўнатаман. Хидирни бир ёқли қилишинг шарт. Ҳаётингда энг катта савоб иш шу бўлади.
Айтишларига қараганда Қоплоннинг бир қанча душманлари бор эмиш. Биринчи марта бирваракай тўрттасини сўйиБ, ўн икки йилга қамалган экан. Тўрт йилда чиқиптию, яна иккитасини тинчитиб, ўн беш йил олипти. «Ҳали сўйишим керак бўлган яна уч-тўртта мараз бор, деб қўяди.
Бир сафар Тожибойни кўргани келган Мамат акаси куйиб-пишиб келиб қолди. Учрашув пайти анча панд-насиҳат қилди. Яхши юр, яхши тур, бошлиқларингни гапидан чиқмасанг эртароқ жавоб бериб юборишлари мумкин экан, деди. Турган гапки, қуруқ насиҳат Тожибойга ёқмади, бир неча бор акасини қайтариб ташлашга оғиз жуфтлади, лекин... лекин Тожибойга қайишган, Тожибой деб харажат тортиб, йўл юриб келган, янаям келадиган битта шу ёмон акаси-ку! Уни ҳам ранжитса, кейин... Ишқилиб, кўп мулоҳазаларга борди-да. Тожибой бўйин эгиб ўтираверди. Ниҳоят акаси Барлосдаги воқеаларга кўчди. Яқинда қишлоқни мелиса босипти. Уйма-уй кириб, текшириш ўтказишипти. Уч-тўрт кишини ўғирлик устида қўлга тушириб, бирданига машинасига босиб кетиб, қамаб қўйишипти.
— Мен жиянингни велосипедига ўтирғизиб, уйларингга юборувдим, - деди Мамат қизишиб, - гумондор нарсаси бўлса, ҳозирлигини кўриб қўйсин, девдим. Шалвираган хотининг кўра-била туриб, то ҳовлига мелисалар кириб келганча чойини ичиб ўтираверипти...
Тожибойнинг ичи музлаб кетди.
— ...кейин улар молхонанинг эшиги оғзидан ярим халта ем топиб олишипти-да, хотинингниям шарманда қилиб, Барлоснинг ўртасидаги кўчадан ҳайдаб ўтиб, машиналарига босишди.
— Мен ўша, Хидир акани пичоқлашдан икки кун аввал дўкондан сотиб олиб келган тўрт халта емнинг қолгани бўлиш керак у, - деди Тожибой зирқираб.
— Хотининг шундай деди, менам айтдим. «Дўкондан сотиб олган бўлсанг ҳужжати қани?» деди. Ҳужжат кўрсатолмагандан кейин ҳайдади. Минг ялиндим, мелисалар кўнмади. «Ҳозир қайта қуриш, биз ташмачиларга, меҳнатсиз даромад топувчиларга қарши аёвсиз курашамиз, бу ҳақда СК КПССнинг алоҳида қарори бор, бу ем Эшқобилнинг фермасидан ўғирланган», дейишди. Мен ҳам бир хизматкор одам бўлсам, қўлимдан ҳеч иш келмади. Асли, уриб ўлдирадиган хотининг бор! Одам юбордим, айтдим, худонинг зорини қилдим, бари бир... бўлмайдиган хотин бўлмас экан-да.
«Хотиним ҳақидаги фикр янгамни-ки!»
— Хотинимниям қамашдими? – Тожибой қаҳр, алам билан ўрнидан туриб кетди. «Қоплон айтган ишни қилиш керак. Энди Хидирни бир ёқли қилмаса,... бошқа илож йўқ».
— Бор-йўғи уч кун, - деди Мамат. – Айтишларига қараганда ярим халта ем учун уч йилгача қамаш мумкин эмиш. Қамайдиган қилиб, бир талай ҳужжат ҳам йиғишган экан. Шуни билдиму, менда жон қолдими? Югуриб, Хидирга бордим... Ў-ў, укам, сен учун қилмаган ишларни қилдим, емаган б...ларни едим. Ишонсанг, Хидирнинг оёғига йиқилдим, этагини кўзларимга суртдим, кўнмади. «Режали текшириш. Союз бўйича ташмачиларни жазолашяпти. Мен илтимос қилсам жиноятчига шериклигингиз борми, дейишади, менга ҳам гап тегади», деди. Безрайиб туриб олди...
Тожибой ўтирганча бошини чангаллади: « Хидирлар хоҳлаганча ўғирлик қиладилар. Газеталар уларни «замонамиз қаҳрамонлари» деб мақтайди. Ярим халта ем учун менга ўхшаш худо урганларни пайғамбари ҳам тепиб ўтади. Нимага мен Катта аканинг гапига кирдим??? Тинчгина юрсам ўлармидим...»
— Ў-ў номард!? Қанча алами бўлса мендан олавермайдими? Нега оиламга чангал солади? Аҳ-ҳ!
— Шу напинг хато, ука. Мен кейин ҳам суриштирдим, билдим, бундай текширишлар бошқа қишлоқлардаям бўлипти. Кўп одамлар қўлга тушган. Эпчилроқлар тайёргарлигини кўрган, сенинг хотинингга ўхшаганлар... Асли ҳамма касофат хотинингда. Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин, деб бекорга айтишмаган.
«Бўлди-да-э! Мунча хотинингизни мақтайсиз!» деб юборишига сал қолди. Ўзи не аҳволдаю, жеркинишга бало бборми.
— Хотининг яхши бўлганда ука-а, сени аллақачон йўлгаям соларди, бой ҳам қиларди. Эр топиб келган нарсани хотин деган тугиб, биттасини иккита қилиб ўтирмаса, бир сўм топгандан бозорга чопаверса, рўзғорнинг баракаси бўладими? Ундай хотинга ҳайф! Нима деётган эдим? Ҳа-а,.. Хидир аввалига кўнмади, менам бўш келмадим, қўлтиғига сув пуркадим, отанг яхши, онанг яхши, сендан ит яхши. Барлоснинг отаси, бутун бир халқнинг эгаси сенсан, шу халқнинг савобиям, уволиям сенинг бўйнингда, деб гапни узоқдан айлантириб келдим. Ҳа энди... яхши гапга илон инидан чиқипти, дейди. Аврадим, кў-ўп аврадим. Янганг айтиб қолди-да, - калласи ишлайди унинг! – Хидирдан бошқа одам буни уддалай олмайди, деди. Боринг, нима қилсангиз қилинг, Хидирни ккўндиринг, ёмон бўлсаям жигарингиз, бола-чақаси тўзғиб кетмасин, касофати бизга тегади, деди.
«Янгам ташвишдан қочиб айтгандир бу гапни».
— Хуллас, шу маслаҳат билан мен Хидирни идорасида маҳкам ушлаб олдим. Ўнта боланинг зиғирча гуноҳи йўқ, дедим Шуларнинг уволи тутмасин, дедим.
«Нега ўнта. Ўн битта-ку!»
— Шундаям кўнмайди, занғар. Иш судга ошиб кетган, энди уни тўхтатиб бўлмайди, дейди. , Хидир ака, сиздан зўр эшшак йўқ, сиз бажаролмайдиган иш йўқ, деб этагига ёпишдим. Ўтган гапларни унутинг, агар Тожибой гуноҳ қилган бўлса, жазосини тортиб ётибди, дедим. Хуллас, кўндирдим. «Бўпти, бораверинг, ўзим телефонлашиб кўраман», деди. Шу куни кечқурун хотининг уйга келиб турипти-да.
— Индамасдан чиқариб юборавериптими?
— Ҳа энди-и,.. Хидир ҳам илтимос қилган бўлса керак, бечора хотин дегандир, ўнта боласи кўчада қолди, дегандир...
«Нега яна ўнта деяпти? – Тожибой сергакланди.
— Ўнта эмас, ўн битта!
— Ҳа, ишқилиб, хотининг бажаролмасаям итдай, йилма-йил туғиб ташлайверган экан, мен соғ-омон борини айтяпман.
Тожибой ниманидир англагандай, вужуди қақшаб, акасига саволомуз тикилди. Акаси ерга қараб, жим бўлиб қолди. Тожибой беихтиёр ўрнидан туриб кетди, яна ўтирди.
— Нима бўлди??!
— Ишқилиб, қолганлари омон бўлсин, ука, қолганининг дуосини қилавер. Бандачяилик экан, худо оламан деса, бандасининг қўлидан ҳеч иш келмас экан.
Тожибой еб қўйгудай бўлиб акасига қаради: - Қайси бири?
— Кенжатойинг!
Тожибой ихраб, панжаларини юзига босди.
— Касал экан, камбағал. Отанг қамалиб кетди, бадтар бўлларинг, деб хотининг яхши қарамаган шекилли-да, менинг билишимча. Янгам ҳам шу гапни айтди...
— Қачон?!
— Нима қачон?
— Қачон ўлди?
— Ҳа, шу, хотинингни опкетишдандан кейин эртаси куни кечаси узилди камбағал. Мен ҳам, янганг ҳам бошида эдик, духтурларни тизиллатиб чақирдик. Келди, тинмай укол қилиб турди. Яхши хизмат қилди лекин бечоралар.. Ўлимга шак йўқ. Биров эрта кетади, биров кеч. Ҳозир болалар ўлими кўпайиб кетган, деб ҳамма ёқда гапиришяпти-ку. Иложинг қанча, қолганининг ҳаққига дуо қилаверасан. Ўзингни юриш-туришинг бу бўлса. Хотининг айтган гапни қилмаса. «Кенжатойим оқшоми билан йиғлаб, мени ҳам ухлатмади. Каллам гаранг бўлиб турган эди, ўғлингиз нима деганини англамапман», дейди. Ўл англамай! Мана энди, битта халтани сал панага олмагани эвазига ҳам шарманда бўлди, ҳам фарзанддан ажради, тағин беш юз сўмга тушди.
— Яна қанақа беш юз сўм?
— Э-э, ука, сен нимани тушунардинг? Қамаб қўйгандан кейин чиқариб юбориш осон иш эмас экан-да! Мен Хидирга «унча-мунча харажати бўлса, қариндош-уруғлар ўртада қарз-ҳавола қилиб йиғиб берамиз, дедим. Хидир бўпти, девди. Бу гап эрталаб бўлди. Уйга борсам, озроқ пул бор эди, мен хабар топмай қолибман, янганг сарфлаб қўйган экан. Кейин Йўлдош, Баҳри, Усмон учовидан илтимос қилиб, беш юзни жамлаб, тушгача Хидирга оббориб бердим. Бу замонда пулсиз иш битадими, ука. Сен учун қилдим-да, иложим қанча. Хотининг ишлаб топиб берар, тополмаса сен бор. Чиқарсан-да бир кун. Ётмайсан-ку бу ерда бир умр, тўғрими? Янаям Хидирга раҳмат. Кек сақламади. Бошқа одам сенинг шу ишинг учун у дунё-бу дунё ёрдам бермас эди. «Даъвом йўқ», деб судга ёзиб берганини айтмайсанми. Тушуниш керак-да, ука. Булар билан олишиб бўладими? Қайта қуриш дегани ҳаммаси қуруқ гап. Қани, нима ўзгарди? Яхширов яшаяпмизми? Яхшироқ кийиняпмизми? Аввал қандай бўлса ҳозир ҳам шу. Хидир ҳалиям Барлосни еб ётибди. Эшқобил фермада билган ахмоқчилигини қиляпти. Энг бечорадан биттаси мен бўлсам, «битта харидор келса, бир боғ беда сотсам»,деб ўтираман. Шу-да энди. Лекин ўша ўғриларни ушлаб бериб кўр. Ушлолмайсан. Сендан зўрроқларнинг ҳам қўлидан келмаган бу. Сен эса... Эҳ-ҳе... – Мамат қўл силкиб, ўрнидан туриб кетди. – Энди қайтиб борсанг Хидирга қуллув қил. Қуллуқ қилади, деб мен айтдим. Бошқа иложинг ҳам йўқ. Юитта одам Хидирдан ортиқ одамгарчилик қилмайди. Раҳмат ўшанга!
Мамат акаси ўша куни яна кўп гапларни айтди. Тожибой бошини эгиб, эшитди. Қайтармади. Ғинг-динг демади. Кейин... акаси кетгандан кейин мунғайи-иб қолди. Уч-тўрт кун шу аҳволда юрди. Уйини, оиласини, болаларини шунақа соғиндики... Иложи бўлсаю, «Э бор-э, нима бўлса бўлар», деб қочиб чиқиб, Барлос қайдасан, деб жўнаса, аммо...
— Бадтар бўласан, - деди Ирисмат, - уйинга етмай ушлаб келишади, яна уч-тўрт йил қўшишади. Хидирни кўр, қанчалар ақлли инсон у. Аслида кенжатойинг нобуд бўлгандан кейин қўрққанидан хотинингни чиқартирган. Лекин... хотинингни қаматган ҳам ўзи. Шубҳа уйғотмаслик учун ҳатто бошқа қишлоқлардаям тинтув ўтказишни таклиф қилган. Бу ёғи ташмачиларга қарши кураш авжида. Жуда пухта тадбир. Ў-ў, бу одамга қойилман. Министр бўладиган калласи бор экан. Ҳозир у қаҳрамон. Ҳамма уни дуо қилиб, сени сўкяпти. «Ўз қотилига яхшилик қилди», деб уни алқашяпти. Энди сен ҳам пухта бўлишинг шарт.
— Борасан, Хидирни ўлдириб келасан. Ўлдирмасанг гуноҳинг бўйнингда кетади, - деди Қоплон, - бу ёғини ўзим тўғрилайман.
Қоплон айтганини қилди. Қамоқхонанинг бошлиғи билан гаплашди, кўндирди, бошлиқ кеча кечқурун эртагабгача етибкелиш шарти билан Тожибойни чиқариб юборди. Бир ҳафта олдин Тожибой «фалон куни учрашувга рухсатномам бор, келинг», деб акасига телеграмма юборди. Акаси ҳозир қамоқхонанинг эшигида сарғайиб ўтиргандир. Тожибой ҳақиқатан ҳам тонг отганча етиб бориши керак эди-да. Барлосда ҳеч кимга кўринмасдан, ҳеч кимга билдирмасдан Хидирни тинчитиши ва қайтиб бориб, «ҳеч нарса кўрмадим, билмадим, акамни кутиб ётибман», дейиши керак эди. Ахир қайтиб бормаса,.. Тожибойнинг қўлига сафар харажатлари учун пул тутқизган ҳам Қоплон. «Агар Хидирни ўлдириб келсанг қарзимдан кечаман», деган. Қизиқ одамлар ҳам кўп-да дунёда. Одамнинг қонига бунча ташна бўлмаса? Хидирнинг унга нима алоқаси бор? Ўзининг душманлари бўлса бошқа гап. «Биз ёмонларни қанча кўп қирсак, шунча тез яши жамият қурамиз», дейди. «Бунинг учун ҳамма бир жон, бир тан бўлиб, қўлига қурол олиши керак» эмиш. Ётган жойни қарангу, гапини қаранг. Қоплон шундай дегандан кейин Ирисмат ҳам индолмади. Қўрқади-да бари Қоплондан. Бу масканларда одамнинг жони сариқ чақа турмайди. Нечтасини Тжибойнинг кўз ўнгида тинчитишди. – Қоплоннинг иштирокида. Буни Ирисмат яхши билади. Шунинг учун Тожибойга «борма» дея олмади. Қизиқ-да, қамоқда ўтириб ҳам хоҳлаганча пул ишлаш мумкин экан. Қоплоннинг киссалари доим тўла. Ҳатто баъзан қамоқхонанинг бошлиғига қарз берганини кўрганлар бор. Бошлиқ айнан Қоплоннинг ҳурмати учун Тожибойга рухсат берди. Тожибой эса... бораяпти, ёмғирда ивиб, шалвираб. Тожибойнинг келмаслиги мумкин эди, лекин кенжатойнинг ўлимига чидаб бўладими? Янаям индамаслиги керакми? Хидирдан қандай бўлмасин қасос олиши шарт. Ана ундан кейин тўпнинг оғзига қўйиб отиб юборишсин. Аввали худо хоҳласа, иш ўнгидан келса, пирлар мададкор бўлса, ҳеч ким ҳеч нарсани пайқамай қолади. Ишқилиб, такси эсон-омон лойдан чиқиб, ортидан етиб келса эди. Бу ёғи таваккал. Тўғри уйга кириб, ухлаб ётган жойида бўғизмайди. Агар ёнида хотини, бола-чақаси бўлса, уларни ҳам... Ҳа-а, керак бўлса ахмоқ ё кўр эмас. Ирисмат, Қоплонларнинг қўлида таълим оляпти. Ў-ў Хидир-а! Уч кун қаматса, беш юзини олса-да, яна чиқарса. Бу орада Тожибойнинг кенжатойи нобуд бўлса... Шунча қилғиликдан кейин ҳам наҳотки Хидир: ҳеч ким ҳеч нарсани пайқамади, деб юрган бўлса. Мамат акасики алқаяптими, пайқамагани рост. Битта-яримта пайқаганлар жим. Бундан ташқари Абдулла, Эшқобилга ўхшаганлар эса «ол, Хидир ўз душманига яхшилик қилди», дейди. Ирисмат айтмаганда, балки Тожибой ҳам... Э, ўзи халқнинг кўзи кўр! Халқ – пода, қаёққа бошқарсанг, ўша ёққа кетаверади, деганлари ҳаққас рост. Биргина ўзидан мисол. Қирқ йилки, подадай яшади. Одамдай бўламан, деб энди... йў-ўқ, Хидир билан ҳисоб-китобни тўғрилаб қўймаса ўғлининг, энг яхши кўрган кенжатойининг қпсдини олмаса, Тожибойнинг кўзи будунёдан очиқ кетади. Раҳмат Қоплонга! Қани энди Қоплондек одамлар кўп бўлса... Катталик қиламан, деганнинг биттаси омон қолмас эди. Кичкинагина «катта» Хидир ака бўлса, шугина ҳам ўғлини ўлдириб, ҳам беш юз пора олиб, ҳам халқнинг раҳматини олиб... Э-э, бу... Хидирниям...
Тожибой кийими устидан ёнини силаб кўрди. Пичоқ жойида турипти. Қоплон атайлаб Тожибой учун тайёрлатиб берди. Алланимадан эмиш, учи оғирмиш, мабодо отсанг ҳам учи бориб кирармиш. Кирдими, орқасидан ҳаво кирадиган, яъни ўлдирадиган қилиб ясалганмиш. Қоплон Тожибойни сафарша қаттиқ тайёрлади. Қоплоннинг ўзида ҳатто тўппонча бор. Буни Тожибойдан бошқа ҳеч ким билмайди. Фақат ўзи кам. Бор-йўғи иккита. Ҳозир Қоплон ўқни кўпайтириш режаларини тузяпти. «Иккита ўқ билан курашга тушиб бўлмайди», дейди Қоплон. Э, у аломат! Ана ўшанақаларга дуч келса экан Хидир. Лекин... Хидир ўшаниям алдайди, ўшангаям дум буради. Бўлмаса... йў-ўқ, Хидир энди Тожибойнинг эси кирганини билиши шарт. Ҳозир бошқача замон. Ирисмат айтгандай, «қайта қуриш, ошкоралик замони. Ана шу замон шарофати билан одамлар ўзлариниг кимлигини, бир умр молдай яшашганини билиб қолдилар! Лекин бари бир ҳалигача ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Бир хил қўриқчилар бор, ёқмаган маҳбусни эрмакка чиқариб олиб, ахлоқини тузатиш билан шуғулланишаи. Ҳар куни уч-тўрт маҳбус ҳамма ёғи шишиб, моматалоқ бўлиб, ахлоқи тузалиб қайтади. Аввалига икки ой Тожибой ҳам ўша қўриқчиларнинг қўлида кўп «чиниқди». Туғилганига пушаймон еди. Лекин ғазаби ортса ортди, камаймади. Кейин Тожибой Қоплоннинг назарига тушиб қолдию... Ўша жойгаям тафтишчилар боради, денг. Хидирни текширишга келганлардан ҳеч қанча фарқи йўқ. Бир оғиз арз қилиб кўр, кейин... озодликда шикоят қилсанг, ўзинг туҳматчига чиқасан, ўзинг қамаласан. Қамоқхонада шикоят қилсанг, тафтишчилар кетгандан сўнг ўзингга алоҳида «ахлоқ тузатиш чоралари» кўрилади. Иккинчи бор тафтишчи келса, «ҳаммадан яхши, жаннатдагидай яшаяпмиз. Коммунистик партиямизга минг раҳмат», деб тураверасан.
Тожибой Барлосга кирди. Бир-иккита кўчани айланиб ўтди. Катта аканинг ҳовлисидаги радиодан овоз эшитилди: «Энди тонгги контсертимизни бошлаймиз...» Кейин қўшиқ эшитилди:

Мунофиқлар бахтли,
Аблахлар шодон,
Гоҳи разил зотлар қаҳрамон, жасур.
Сенинг бир сўзингга муштоқдир замон,
Сенга кўз тикади бечора аср.
Mualifning boshqa asaralari
1 Alibek va qirq doʻstining sar... [Abulqosim Mamarasulov] 1812
2 Anoyi yoki yechilmagan yettin... [Abulqosim Mamarasulov] 786
3 Arabcha oʻyin (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1079
4 Atlas roʻmolcha (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 994
5 Алибек ва қирқ дўстининг сарг... [Abulqosim Mamarasulov] 892
6 Анойи ёки ечилмаган еттинчи т... [Abulqosim Mamarasulov] 756
7 Арабча ўйин (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 754
8 Атлас рўмолча (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 674
9 Birinchi qor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 833
10 «Baxitli savet ayalining arza... [Abulqosim Mamarasulov] 741
11 «Бахитли савет аялининг арзас... [Abulqosim Mamarasulov] 718
12 Биринчи қор (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 682
13 Eslasa arzigulik voqea (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 718
14 Эсласа арзигулик воқеа (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 702
15 Farishta (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1006
16 Фаришта (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 704
17 Hasharchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 693
18 Hayotning bir lahzasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 741
19 Ҳашарчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 690
20 Ҳаётнинг бир лаҳзаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 701
21 Ismatning qismati (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 717
22 Исматнинг қисмати (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 585
23 Jarima (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 648
24 Жарима (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 934
25 Lola sayli (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 3206
26 Лола сайли (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 584
27 Maslahat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1007
28 Men seni sevaman, Buvirajab! ... [Abulqosim Mamarasulov] 920
29 Маслаҳат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 567
30 Мен сени севаман, Бувиражаб! ... [Abulqosim Mamarasulov] 707
31 Oysha xolaning «kuyov»i (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 737
32 Ойша холанинг «куёв»и (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 625
33 Qaroqchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 698
34 Қароқчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 642
35 Sevishganlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 2046
36 Somonchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 652
37 Suyunchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 625
38 Севишганлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 754
39 Сомончилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 563
40 Суюнчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 578
41 Taftish (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 685
42 Telba muhabbat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1411
43 Telpak (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 609
44 Тафтиш (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 641
45 Телба муҳаббат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 632
46 Телпак (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 557
47 Uch soʻm pul (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 738
48 Uchinchi yoʻl (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 765
49 Uzumzorda (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 597
50 Узумзорда (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 626
51 Уч сўм пул (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 613
52 Yigit ham yigʻlaydimi? (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 0
53 Yigitlikning koʻchasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 708
54 Yoʻlovchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 720
55 Йигит ҳам йиғлайдими? (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 0
56 Йигитликнинг кўчаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 561
57 Йўловчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 549
58 Yaxshi niyat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 854
59 Yaxshi va yomon odamlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 982
60 Яхши ва ёмон одамлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 685
61 Яхши ният (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 684
62 Yor-yor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 6721
63 Ёр-ёр (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 616
64 «Zamonamiz qahramonlari» (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 719
65 «Замонамиз қаҳрамонлари» (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 715
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика