Адабиёт барибир янгиланаверади [Nazar Eshonqul] |
— Назар ака, суҳбатимизни ўтган йили нашр этилган «Маймун етаклаган одам» номли тўпламингизга кирган асарлар, хусусан, «Тун панжаралари» ва «Қора китоб» қиссаларидаги қаҳрамонлар ва уларнинг руҳий ҳолатларига доир мулоҳазалардан бошласак. Ҳар иккала қисса қаҳрамонларининг руҳий ҳолати, кечинмалари борасида айрим саволларга эътиборингизни тортмоқчиман. «Тун панжаралари»да «Ҳаётни кашф этиш учун яшамаслик керак», дейди қаҳрамон. Аммо «Қора китоб»даги «Ҳаётнинг бутунлай мазмунсиз эканлигини англаб етдим», деган қаҳрамонингизнинг андуҳи сўнгги адашув бўлишига умид боғлайсиз, айни пайтда унга ачиниб қарайсиз... — Бир нарсани олдиндан айтиб қўйишим керак: ушбу тўпламга кирган асарлар шўро тузуми даврида яратилган. Тўпламдаги қаҳрамонларнинг руҳий ҳолатлари ҳам ўша даврга хос. Саволингизда «Тун панжаралари» қиссасидан олинган «Ҳаётни кашф қилиш учун яшамаслик керак», деган хулоса ва «Қора китоб» қаҳрамонининг: «...ҳаётимнинг мазмунсиз эканини англаб етдим», деган эътирофи ўз-ўзидан Камю таърифлаган инсон ҳақидаги абсурд тушунчани ёдга солади. Агар сиз шу ички жараённи кўриб туриб савол бераётган экансиз, демак, ўзингизда бу саволга жавоб ҳам тайёр бўлиши керак. Шундай бўлса-да, мени эътироф эттирмоқчисиз, шекилли. Келинг, юқоридаги хулосага келган иккала қаҳрамон ҳақида гаплашайлик. Нега улар бундай хулосага келишди? Бунга уларни нима мажбур этди? «Тун панжаралари» қиссасидаги қаҳрамон атрофидаги ҳолат ва фикр турғунлигидан безиган, «ўзини ўзи хаёлига банди қилган», ўзини излаётган одам. У бу турғунликдан қочиб, ўз кўнглига яширинди. Унинг бор-йўқ исёни шу. Унинг ичида яшашга арзигулик нарса — сақланиб қолган шу кечинмалар, холос. У шу кечинмалари билан ўзини тирикман, деб ҳисоблайди. У ўзини кашф этаётган, шафқацизларча сўроққа тутаётган одамдир. Унинг фожеаси ҳам шунда. У ўз хулосаларини ўзининг мавжудлигини исботлашга уринаётган инсон хулосалари сифатида қарашни истайди, яъни у ўзининг мавжудлигини исботлашга уриняпти. Умуман, инсон ўзи билмаган, ҳатто энг ғофил ҳолатда ҳам кечинмалари эркинликка интилади. Бу қаҳрамон ўз эркини ўз хаёлидан, ўз тасаввуридан топган. Тасаввури билан кўз олдидаги Дунё келишмаяпти, уйғунлашмаяпти. Оқибатда у фақат тасаввур дунёсида қолиб кетди. У фаолияциз одамдир. Уни хоҳлаганча фаолияцизликда айблаш мумкин. Аммо унинг энг фаол ижтимоий кишидан ҳам битта фарқи, керак бўлса, устунлиги бор: у ўзининг кимлигини билади. У ўзи яшаётган муҳитда ўз исмини, ўз ўрнини, ўз моҳиятини англаб олишга (топишгача ҳали узоқ) уринган қаҳрамон. Агар разм солган бўлсангиз қаҳрамон ўзининг Робияга, кейин Ҳосилага бўлган муҳаббат можароларидан «асар», «воқелик» яратаётгани йўқ. У муҳаббат можаросини ўзини англаш йўлидаги атиги бир восита, деб биляпти. Лекин унинг қалби ҳали ҳис-туйғуга бегона эмас. У гўзалликни мукаммал кўришни истайди. Шунинг учун ҳам гўзаллик қалбга чўкишини истайди, фақатгина кўз ёки шунга боғлиқ муносабатларга эмас. Бу ҳолат уни муҳитдан айириб қўйган, муҳит билан у тил топиша олмаяпти, муҳит уни, у муҳитни тушунмаяпти. У ўзининг эзгин кечинмалари ифодаси бўлмиш «машқларини» дўстига, муҳаррирга ўқиб беради, улар унинг устидан кулишади. Ана шу вазиятда у ўзининг муҳитга бегоналигини сезиб қолади ва ўз тасаввур қобиғига беркиниб олади. У ўзини фикр ва ақл турғунлигидан халос қилиш учун хаёл узлатига, қалбининг тўрига чекинади. Қалбининг тўрида туриб ўзини англашга уриняпти. Уни фаолияцизликда айблаб бўлармикан?.. Бу ёғи ёзувчининг иши эмас. Ёзувчи ўзини англашга уринаётган қаҳрамонни тавсия қилди, уни қабул қилиш, қилмаслик китобхонларнинг иши. «Қора китоб» қаҳрамони эса унга қараганда фаолроқ. У ўзини англаб етди. Англаб етдигина эмас, ўзи ҳақида хулоса ҳам қилиб бўлди. Лекин у англаб етган хулоса, ҳаддан ташқари шафқациз эди. У ўзининг «мен»ини шу қадар фожеага олиб келган нарса нима, деган саволга жавоб излади. Жавоб излаш оқибатида ўзи яратганини қурбон қилди. Чунки у дафъатан ўзининг қурбон бўлганини билиб қолди. Кимнинг, ниманинг йўлида? Ким ва нима учун? Агар у кундалик ҳаёт тарзини бузмай яшаб келганида, ўзининг қурбон бўлганини ва қурбон бўлаётганини англамасдан, бошқалар каби яшаб ўтарди. Лекин у англаш сари юз тутди. Оқибатда ўзининг қайсидир ғоя йўлида қурбон бўлганини англаб қолди. У қурбон бўлганда ҳам масхараомуз тарзда қурбон бўлганди. У ниманики гўзаллик ва озодлик тимсоли деб сиғинган бўлса, сиғингани жаҳолат ва қатағон бўлиб чиққан эди. У ниманики эзгулик учун яратган бўлса, ёвузликнинг хизматкорига айланганди. У айбсиз айбдор бўлиб чиқди. У адашганини англади. Ҳаётини ўзгартиришга қурби келмади. Фақат ўзи яратган ғояга бўлган ишончнигина бўғизлай олди. Қурби шунгагина етди. У бу ғоянинг, бу таълимотнинг яна яшаб, ўзи каби миллионлаб кишиларни қурбон қилишини истамади. Бу қаҳрамоннинг исёни ҳам бор-йўғи шу. Камю айтганидек, бу англаниш, ўзини топиш исёнидир. Инсон ўзини англаш сари бораётган экан, тушкунлик ботқоғига ботганлардан фарқли ўлароқ, бу қаҳрамон ўзининг адашиши ва ўзининг қурбонлиги сўнгги қурбонлик, сўнгги адашув, сўнгги оғриқ тўла ҳайқириқ бўлиб қолишини истаяпти. — Шу ўринда, ижод услубингиздан келиб чиқиб, абсурд тушунчаси ва унинг моҳиятига муносабатингизни билдириб ўцангиз. — Абсурд одам — ўзини англаб етган одамдир, деган эди Камю. У, яъни ўзини англаб етган одам, худди шу жойдан — ўзини англаб етган жойдан янги тушунчани, янги эътиқодни яратишни бошлайди. Эҳтимол, бу тушунча ва эътиқод ҳам вақти келиб сароб ва абас бўлар. Лекин абсурд одам учун бундай онгнинг ўзида яшаш ва яратиш учун куч топа олгани муҳим. Ана шунинг ўзи абсурддир. Xудди Сизиф каби. Xудди умидлари ўлган жойда гўрдан бўлса ҳам қайта тирилган Гўрўғли каби. Xудди банди бўлишини билиб туриб, Чилбир чўлига келган Алпомиш каби. Ҳаётининг мазмунсиз эканлигини ҳар гал англаб етиши унга қувват беради, унга янги куч беради, ҳаётни севишга, уни англашга ундайди. У ўзининг енгилишини билиб туриб жангга кирган ва ҳамиша мағлуб бўлган жангчини эслатади. Аммо унинг ҳар бир мағлубияти ўзини, одамни, илоҳиятни англаш йўлидаги ғалаба бўлиб қолаверади. Унинг уқубатлари, унинг изтироби англаниш ва англаш изтиробидир. Унинг манзили ўзини англаш сари, тасаввуф тили билан айтганда «ақли кул» манзилидир. Камю ёзган эди: «Токи ижод завқи яшар экан, дўзахда ҳам қўшиқ айтиш мумкин». Мен бу гапга қўшимча қилолмайман. Аслида ўзим яратган қаҳрамон ҳақида бу хил фикрлаш, фикр билдириш ўта нокамтарлик. Шу сабабли ўқувчилардан узр сўрайман. Аммо сизнинг саволингиз мени нокамтар бўлишга мажбур қиляпти. Мен қаҳрамонларимни ўзим ўйлагандек тушунтирдим. Уни қандай тушуниш китобхоннинг иши. Мен ҳам бу қаҳрамонларни яратган ёзувчи сифатида эмас, бир ўқувчи сифатида ўзим тушунганларимни ёздим. — Назар ака, қарийб барча асарларингизда тун, қоронғулик каби рамзлар етакчилик қилади. Масалан, Ф.Достоевский каби ёзувчиларнинг асарларида («Ойдин тунлар»), худди сизнинг «Робия»нгизнинг жамалак сочларидан тараладиган хушбўйлардек, ёруғлик, ҳаётга муҳаббат, меҳр уфуриб туради. Шундай асарлар ёзишга уриниб кўрганмисиз, ёза оласизми? — Албатта, ёруғ асар ёзиш мумкин. Агар сиз «Ойдин тунлар»ни муҳаббат ҳақидаги энг ёруғ, энг оптимистик асарлар сирасига киритаётган бўлсангиз, мен бу фикрга қўшилмайман. Таъбир жоиз бўлса, мен бу асарни биринчи даражали абсурд асар, қаҳрамонини эса биринчи абсурд қаҳрамон, деб атаган бўлардим. Умуман олганда, абсурд деган атамани сиз қўллаганингиз учун қўллаяпман. Аслида атамаларнинг аҳамияти йўқ. Ёзган одам қандай ўйласа, шундай ёзади. Ҳар бир ёзувчида изҳор ва инкор имконияти бор. Изҳор ва инкор тасвирини услуб деб атасак, ҳар бир одам ўзидай услуб яратади. Уни «ғарбу шарқ» оқимларига тақайвериш тўғри эмас. «Услуб бу одамнинг ўзидир», деган фикр бор. Яна бир нарса. Камю мансуб экзистенсиализм билан шарқона тасаввуф фалсафасини бир солиштириб кўриш керак, деб ўйлайман. Шунда бугун биз «Бу ғарбча қараш» деб атаётган нарсаларнинг аксарияти ўзимизда ҳам борлигини англаб қоламиз. — Сизни тасаввурига «дош» бера олган ёзувчи, деб биламиз. Тасаввур қилингки, пул, умуман, моддият ўз маъносини йўқоца, сиз қандай асар ёзардингиз? Умуман, инсоннинг эҳтиёжлари даҳоларни яратади, деган қараш билан ушбу ҳолатга (моддиятнинг маънисизланишига) қандай баҳо берардингиз? — Пул, моддият, бойлик даҳони ҳам, санъатни ҳам яратмайди. У, эҳтимол, санъат яратилишига туртки, восита бўлгандир. Шу сабабли, завқни ҳеч қачон моддият белгиламайди. Агар моддийлик билан ижод завқи яралганида эди, бугун даҳолар сони пашшадан ҳам кўп бўларди. Инсоният тарихидаги даҳоларни эса бармоқлар билан ҳам бемалол санай оламиз. — Бугунги ўзбек романчилиги, умуман насри ҳақида нималар дея оласиз? — Ўзим ўқимаган романлар, асарлар ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Кўнглим тўлиб, азобга тушиб ёки завқ қилиб кейинги йилларда миллий романларни ўқиганим йўқ. Бунинг учун ё ўзим, ё ёзувчилар айбдор. Бирон янги асар сотиб олсам, бир одатим бор, китобнинг биринчи бетини, ўртасини, кейин охирги бетини ўқийман. Аксарият ҳолларда шу учта саҳифа уч юз саҳифалик китоб ҳақида менга тўлиқ тасаввур беради. Агар шу уч саҳифа мени китобни жиддий ўқишга ундаса, шундан сўнг мутолаага киришаман. Буни димоғдорлик қилиб айтаётганим йўқ. Шунчаки, баъзи асарларимиз шундай бўлиб қолган, деб айтаяпман. — Модернизм, умуман бадиий оқимлар хусусида фикрингиз қандай? — Модернизм ҳақида ижобий ёки салбий муносабат билдириш — ҳозирги давримиз адабиёцҳунослигида — XIX асрда Европада урф бўлган — қўлингда ҳассанг бўлса, оқсуяк ҳисобланасан, деган нақлга ўхшаб қолди. Мен бу ҳақда гапиришни истамайман. Лекин бир нарсани айтмоқчиман: модернизм олабўжисини яратиш керак эмас. Модернизм — янгилик дегани, янгича тасаввур, янгича қабул қилиш, дегани. Унинг бошқа маъноси йўқ. Адабиётни эса олабўжи билан қўрқитиб бўлмайди. У ҳассалардан қўрқиб эмас, онг ва дид эҳтиёжи бўлиб янгиланаверади, ўзгараверади. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57895 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36643 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23179 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21833 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |