«Самовий завқ лаззати» [Nazar Eshonqul]

«Самовий завқ лаззати» [Nazar Eshonqul]
«Самовий завқ лаззати» [Nazar Eshonqul]
— Келинг, суҳбатимизни адабиётнинг жамият ҳаётидаги вазифасидан бошласак...
— Адабиёт, умуман, санъат — миллатнинг қалби, руҳи, кўнгли. Санъатга эътиборсизлик миллат кўнглини менсимаслик билан баробар. Мен чинакам санъат ҳақида гапираяпман. Битта олди-қочди китоб ёзиб, ёки уч-тўртта чучмал қўшиқ айтиб, ўзини санъаткор деб юрганларга бу гапнинг алоқаси йўқ. Умуман, бадиий деган сўзни эҳтиёт бўлиб қўллаш керак. Гарчи, барча адабий-бадиий асарларга шундай нисбат берилса-да, мен Навоий, Бобур, Машраб, Қодирий каби улуғларнинг асарларини бадиий асар деб ҳисоблайман.
— Бу жуда юқори мезон эмасми?
— Йўқ. Йигирманча асрда минглаб номда, миллионлаб нусхада «бадиий асарлар» чоп этилди. Xўш, бугун қайси бири даврнинг синовига дош бериб, сизу бизга эстетик завқ бера олаяпти? Бармоқларингизнинг ҳаммасини санаб ўтирманг, барибир ортиб қолади.
— Бу сизнинг шахсий хулосангизми? Ахир, бугунги дарсликларнинг ўзига қанчадан-қанча ижодкорлар киритилган?
— Дарсликлар таълимий аҳамиятга эга. Бундай қўлланмалар санъатдаги эстетик талабларга тўла мос келиши шарт эмас. Дарсликлар дастлабки дидни тарбиялайди, юксак дидни эмас. Юксак дидни муҳит тарбиялайди. Кейин одамнинг, ўқувчининг ўзи дидини тарбиялайди. Дид масаласи тафаккур даражаси билан боғлиқ бўлгани учун уни пасайтиришга, саёзлаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зиёлилар ана шу дидни сақлаб қолиш учун масъулдирлар.
— Бугун дидни нималар кўтараяпти, нималар саёзлаштираяпти, деб ўйлайсиз?
— Кўтараётганларга раҳмат. Лекин, агар китоб дўконларига борсангиз, дидимиз қай даражада эканини билиб оласиз. Аксарият одамлар Навоийни, Бобурни ёки жилла қурса, «Жаҳон адабиёти» журналини эмас, олди-қочдиларни, бир аёлнинг алданиб қолиши-ю, фоҳишанинг бошидан кечирганларини, ўғри ёки мафиянинг саргузаштларини талашиб сотиб олишади. Шунинг учун айнан шундай китоблар нашри кўпайди. Улар иқтисодий маънода ўзини оқлаб, ноширга фойда келтираяпти, бошқа бир томондан эса умумий дидни саёзлаштиришга хизмат қилаяпти. Ўша китобларнинг айримларида тилнинг авра-астари ағдариб ташланган. Тил жозибаси умуман йўқ. Агар уни ўқиётган ўқувчи шу асарларнинг тилидан ўрнак олса, унда эртага тил соҳасидаги ташвишларимизни тасаввур қилаверинг. Умуман, бугунги бор гапни айтиш керак: биз кенг ўқувчилар оммасининг дидини шундай асарларга бериб қўйдик. Бу сўзни муқаддас билган барча адабиётчилар учун хавотирли ҳолдир. Бадиий сўз соҳиблари майдонни шундай асарларга бериб қўйгани учун, аввало, уларнинг ўзлари айбдордир.
— Балки, шундай асарларни нашр қилмаслик керакдир?
— Назорат ўрнатиш керак, албатта. Лекин биз бозор даврида яшаяпмиз. Талабга қараб таклиф бўлади. Мен ноширлардан эмас, кўпроқ ўзимиздан хафа бўламан. Демак, оммавий дидимиз шу даражада экан-да, деб.
— Дидни фақат китоблар пасайтираяпти, деб ўйлайсизми?
— Йўқ. Бу соҳада ташвишимиз анча катта. Xусусан, қўшиқчилигимиз. Энг ачинарлиси, қўшиқнинг оммавийлик эҳтиёжи катта. Лекин бугун эшитаётган қўшиқларимизнинг ярмини эшитмасак ҳам ҳеч нарса йўқотмаймиз.
— Балки ёзувчилар ёзмай қўйгани учун ҳам саёз асарлар кўпайиб кетгандир?
— Бу бир сабаби. Асосий сабаби чинакам адабиётни тарғиб қилолмаётганимизда. Биз ҳамиша ўқувчиларга тижорат адабиёти билан ҳақиқий адабиётнинг фарқини тушунтириб туришимиз керак. Чунки навоийхонлик, бедилхонлик, машрабхонлик қилган оталаримиз диди билан бундай бугунги енгил-елпи асарларни ёпирилиб ўқиётган ўқувчилар диди ўртасидаги фарқни тасаввур қилиб кўринг. Бедилнинг битта рубойиси ҳақида бутун бир катта фалсафий шарҳ ёзса бўлади. Лекин тижорат асарларининг ўнтасини жамласангиз, ҳатто бир варақ ҳам аҳамиятли фикр ёзолмайсиз. Чунки бу асарлар дидга эмас, кўпроқ сотишга мўлжалланган. Бу бутун дунёга, айниқса, ривожланган мамлакатларга ҳам хос муаммо. Дейлик, Фолкнерни Америкада жуда кам одам ўқийди. Кам одам билади. Кам нусхада чоп этилади. Лекин уни Америка энциклопедиясида Америка маданиятининг бир қисми, Америка адабиёти фахри деб ёзиб қўйишган. Ҳақиқий адабиётга баҳо берилаётганда тижорат асарларидан фарқлаб турувчи мезонга ҳамиша амал қилишади. Асарлари миллион нусхада босилаётган тижоратчи-ёзувчига ҳеч қачон ҳақиқий ёзувчига берилган нисбат берилмайди. Мана шунинг ўзи тарғибот.
— Бу фикрлар адабиётнинг ижтимоий вазифасини бирламчи қилиб қўймайдими?
— Ҳар қандай адабиёт ўз даврининг маҳсули. Асар ёзилаётган даврини у ёки бу жиҳатдан акс эттиради. Адабиётдаги мавзулар ҳам барибир ўз замонасининг тафаккуридан, яшаш тарзидан келиб чиқиб ёзилади. Фақат даҳолар ўз даврида туриб, ўз даври кечинмаларини адабий эҳтиёжга айлантира олади. Адабиётнинг ижтимоий вазифаси шунда кўринадики, узоқ эмас, XX аср адабиёти XX аср тафаккури ва ижтимой ҳаётнинг янгиланишига таъсир ўтказди. Дейлик, Кафка асарларидаги «изтироб» ва «Жазо колонияси»ни ўша пайти сезишмаган, ижтимоий тафаккур унга бир аламзадалик инъикоси сифатида қараган бўлиши мумкин. Бироқ Кафканинг ўлимидан сўнг бутун дунё коммунистик ва фашистик колонияларнинг даҳшатларини ўз кўзлари билан кўрдилар. Шундан кейин бутун дунё бирданига Кафкани ўқий бошлади. Тасаввур қилингки, Кафка тириклигида уни ёзувчи сифатида фақат ўртоқлари тан оларди. Ижтимоий тафаккур Кафка таҳлил қилган масалаларга дуч келгач, адабиётнинг улкан вазифаси борлигини гўё англадилар.
Адабиёт келажак ва инсон хақидаги гўзал изтироблар ва қайғулар акс этадиган ҳамда инсоннинг тафаккурини бу изтироблардан бетиним халос бўлишга ундайдиган бир восита. Адабиёт одамни озод бўлишга ундайди. У чақирмайди, у ичдан, ҳис-туйғуларга таъсир этиш орқали ундайди. Шу сабабли ҳар бир давр ижодкори олдида ўз даври қаҳрамонини яратишдек буюк масъулият доимо мавжуд. Ўз даврининг одами қандай ўйлаётгани, қандай яшаётгани, қандай фикрлаётгани, нимадан изтироб чекаётгани, нима уни қийноққа солаётгани, унинг ички дунёси қандай экани ҳамиша ижодкорнинг олдидаги асосий вазифалардандир.
Тасаввур қилайлик, бугунги ёшлар жиноятчи тўдалар хақидаги ёки уларга маълум маънода хайрихоҳ бўлиб ёзилган адабиётни ўқияпти ва давр қаҳрамонлари шулар деб ўйлаяпти. Бу одамларнинг дунёқарашлари ва яшаш тарзлари уларнинг онгига таъсир этади. Ҳақиқий адабиётни тушунмаган ёшлар бу одамларни давр қахрамонлари сифатида қабул қилади. Бугунги ўқилаётган ва ўзини адабиёт намунаси деб атаётган аксарият асарлардан чиқадиган хулоса бу. Яъни, доимо гўзалликни, эзгуликни, Ватанни ва миллатни тараннум этиб келган адабий дид кимнинг қўлида, деган саволга жавоб топиш вақти келди. Гап адабиётни теран тушунадиган зиёли хақида бораётгани йўқ. Гап омманинг адабий диди қандай асарларнинг йўриғида эканлигида.
Агар ҳазрат Навоий асарларини ёшу қари ўқиб, ТАҲЛИЛ ҚИЛИБ, унинг маъноси ва фалсафасига етадиган даражада бўлганда бу гапларга ўрин қолмасди. Табиийки, ўзини адабиёт намунаси сифатида намоён этаётган асарларнинг ўрни ҳам аниқ бўларди. Лекин бугун айнан олди-қочди асарларга мос дид оммавий дидга айланаяпти. Шунинг учун ҳам бугун адабиётга ижтимоий буюртма тушяпти: шу Ватанга мансуб ва шу миллат учун қайғураётган, шу миллатнинг азалий анъаналарини, миллат қиёфасини сақлаган, ўзини келажак олдида, эзгулик олдида масъул деб билган қаҳрамон яратиш...
Хуллас, ҳар бир ижодкор адабий дидни юксак даражада сақлаб қолиш ҳақида қайғурадиган пайт келди. Буни тадбирлар ўтказиб ёки декларатив қаҳрамонлар яратиш билан ҳал этиб бўлмайди. Шу маънода дид учун ҳаммамиз масъулмиз. Дидни саёз беллистристика қўлидан олиб қўйиш ижодкорнинг ва адабиётнинг энг катта ижтимоий вазифасидир. Шу билан бирга, масалани бундай қўйиш ҳам аслида нотўғри. Биз адабиётнинг ўзимиз истагандай ижтимоий вазифа бажаришини истаймиз. Масала шундаки, биз ўз эҳтиёжимизга қараб, адабиётдан у ёки бу вазифани бажаришни талаб қилаяпмиз. Ўзимизга айни пайтда зарур нарсани талаб қилаяпмиз. Биздан бугун одамларни олдинга бошлайдиган адабий асарлар ёзиш талаб қилинаяпти. Бу ижтимоий эҳтиёж. Бу эҳтиёжни бадиий асар — санъат асари билан қондириш керак. Лекин бу эҳтиёжни адабиётнинг бош вазифасига айлантирмаслик керак. Бу эҳтиёж бугуннинг бош вазифаси. Эртага адабиётга бўладиган эҳтиёж ўзгаради.
— Сизнинг асарларингизда шоирона руҳ кучли. Буни ўзингиз қандай изоҳлайсиз?
— Буни ўқувчилар изоҳласин. Мен ўзимга маъқул шаклда ёзаман. Қолгани ўқийдиганларга ҳавола.
— Лекин сизни модернга мойил ёзувчи дейишади. Шукур Xолмирзаев ҳам буни сизга айтган экан...
— Шукур ака билан бу ҳақда гаплашганим эсимда йўқ. Кейин мен ҳеч қачон бир модернча ёзиб қўяй, деб ёзмаганман. Ўзим қандай ўйласам, қандай тушунсам шундай ёзаман. Кейин, нега шу модерн деган атамага ёпишиб олдик, ҳайронман. Мен атамаларни тан олмайман, сўз санъатини тан оламан. Ҳазрат Навоий завқ бергани каби бизнинг тасаввуримизда ўта модернчи бўлган Кафка, Камю, Беккетлар ҳам менга санъат нуқтаи назаридан завқ беради. Мени уларнинг қайси оқимга мансублиги заррача қизиқтирмайди.
— Демак, ўзингизни модернчи ёзувчи деб ҳисобламайсиз...
— Йўқ, ҳисобламайман. Менга атамаларнинг мутлақо қизиғи йўқ. Атамалар адабиёцҳуносларга керак, бир-бирлари билан баҳслашиб туришлари учун.
— Бугунги адабий танқидчиликка муносабатингиз...
— Бизда адабий танқид йўқ, тақризчилик бор. Адабий танқид бу — фалсафа билан боғлиқ жараён. Фалсафа йўқ жойда адабий танқид бўлмайди. Адабий танқид — асар ҳақида фалсафий фикрлай олиш қобилиятидир.
— Баъзан ёшлар «Ғарбга тақлид қилаяпти» деган гапларни эшитиб қоламиз...
— «Ғарбга тақлид қилаяпти» деганлар ҳам ёки тескарисини айтаётганлар ҳам ўзларига маъқул бўлган мавзуни мунозара қилиб ётишибди. Бундай баҳслар кўп бўлган. Адабиёт бундай баҳсларга қараб ривожланмаган. Уни истеъдодлар янгилаган ҳамиша. Истеъдод эса ҳеч кимга мансуб эмас. У ўзига мансубдир. Миллий адабиётни ҳам, жаҳон адабиётини ҳам истеъдодлар янгилайди. Истеъдодлари янгиланаётган адабиёт — бу янгиланаётган жаҳон адабиётидир.
— Сиз асарнинг яхши-ёмонлигини қандай ажратасиз? Нимасига қараб баҳо берасиз?
— Адабиёт косибчилик эмас, деган экан Абдулла Қаҳҳор. Бу гапда жон бор. Гўзаллик барча қирраси, барча зарраси, барча томони, барча хусусияти уйғун ҳолда яралади. Айнан шу уйғунликни биз гўзаллик деймиз. Асар ҳам шундай. У уйғунлик мевасидир. Агар ана шу қирралардан ақалли бир томони уйғунлашмаса, бадиий асар деган талабга жавоб бермайди. Адабиётнинг мезони катта. Унга муносиб асар ёзиш масъулияти бор ёзувчи қаламидан ёмон асар яралмайди.
— Бир мақолангизда «ижод фалсафаси» деган иборани ишлатгансиз. Шуни кенгроқ изоҳлаб берсангиз.
— Мен ижодни ўрганишга, таҳлил қилишга арзигулик бутун бошли фалсафа деб ўйлайман. Чунки айни ижод лаҳзаси бир мантиқ инкор этилиб, образлар қиёфасида янги дунё пайдо бўлади. Инсон айни ижод қилаётган пайтдагина буюклашади. Ижод намунаси бўлмаган барча нарса ясамаликка, сохталикка, алдовга олиб келади. Чунки ижодгина кишида завқ уйғотади, завқ беради. Ана шу завқ самовий завқдир. Ҳар биримиз ҳақиқий санъат асарига дуч келганимизда шууримизда асардаги гўзаллик билан уйғунлашадиган ҳиссиётлар пайдо бўлади. Аслида бу инсон шуурида ухлаб ётган, ўша илк одам яралган пайтдагина унга киритилган руҳ билан бирга келган, инсон шууридаги ўша самовий ҳаяжонларнинг ибтидосидан дарак берадиган гўзалликни кўриб беихтиёр илкис уйғонишдир. Санъат ана шу самовий ҳиссиётларни уйғотгани учун ҳам самовийдир. Ижод гўзалликни яратиш ва гўзаллик унинг яралиш жараёнидир. Айни шу жараён завқининг Одам Ато яралаётган даврдаги завқ билан уйғунлиги бор. Ижод завқи йўқ барча нарса ясама ва сохтадир. Ижод илоҳий завқ лаззатидир. Мен шунинг учун ҳам ижоднинг ўзини бутун бошли фалсафа, деб ўйлайман.
— Қаҳрамонларингизнинг миллийлиги нималарда кўринади?
— Менинг ўзимда кўринади. Мен ўзбекка ўхшайманми? Менда миллий «атрибут»лар борми? Агар мен ўзбек бўлсам, қўрқманг, қаҳрамонларим ҳам ўзбек. Уларни мен ҳеч қайси мамлакатдан олиб келганим йўқ. Улар шу заминда дунёга келган. Фақат улар кўпроқ тасаввурга берилишлари билан ғалатироқ туюлади, холос.
— Миллийлик яратиладими, пайдо бўладими?
— Миллийлик мавжуд ҳодиса. Унинг пайдо бўлишига ҳожат йўқ. Ёзувчи уни яратмайди, акс эттиради. Кейин адабиёцҳунослар уни ўрганишади. Аслида ҳаммаси бир бутуннинг турли кўриниши. Бу саволингизга ёзувчидан кўра адабиёцҳунослар боплаб жавоб беришади. Чунки бу саволнинг жавоби ёзувчига кераги йўқ. У бу саволга жавоб топмай ҳам ёзаверади.

Суҳбатдош: Гулноз Сатторова
Mualifning boshqa asaralari
1 Adabiyot baribir yangilanaveradi [Nazar Eshonqul] 2559
2 Ajr (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1072
3 Адабиёт барибир янгиланаверади [Nazar Eshonqul] 537
4 Ажр (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 545
5 Bahoviddinning iti (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1560
6 Bitik (hikoya) [Nazar Eshonqul] 608
7 Баҳовиддиннинг ити (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 538
8 Битик (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 512
9 Istilo (hikoya) [Nazar Eshonqul] 691
10 Истило (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 511
11 «Mutolaa ezgulikka boshlaydi» [Nazar Eshonqul] 1217
12 «Мутолаа эзгуликка бошлайди» [Nazar Eshonqul] 506
13 Ogʻriq lazzati (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1205
14 Oq alanga (hikoya) [Nazar Eshonqul] 641
15 Ozod qushlar (hikotya) [Nazar Eshonqul] 1465
16 Озод қушлар (ҳикотя) [Nazar Eshonqul] 520
17 Оғриқ лаззати (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 548
18 Оқ аланга (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 481
19 Qalb toʻzoni (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1030
20 Qaytish (hikoya) [Nazar Eshonqul] 742
21 Qultoy (hikoya) [Nazar Eshonqul] 763
22 Қайтиш (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 486
23 Қалб тўзони (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 539
24 Қултой (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 512
25 Sanat (hikoya) [Nazar Eshonqul] 901
26 Sibizgʻa volasi (mif-hikoya) [Nazar Eshonqul] 795
27 «Samoviy zavq lazzati» [Nazar Eshonqul] 631
28 Санъат (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 472
29 Сибизға воласи (миф-ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 502
30 Tobut (hikoya) [Nazar Eshonqul] 2441
31 Тобут (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 533
32 Xaroba shahar surati (hikoya) [Nazar Eshonqul] 927
33 Хароба шаҳар сурати (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 539
34 Yalpiz hidi (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1960
35 Ялпиз ҳиди (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 514
36 Oʻlik Mavsum (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1181
37 Oʻpqon (hikoya) [Nazar Eshonqul] 601
38 Ўлик Мавсум (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 490
39 Ўпқон (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 486
40 Shamolni tutib boʻlmaydi (hikoya) [Nazar Eshonqul] 4014
41 Sharpa (hikoya) [Nazar Eshonqul] 824
42 Шамолни тутиб бўлмайди (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 626
43 Шарпа (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 516
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика