Санъат (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] |
Мамлакат подшосининг олдига бир киши келди. Мен рассомман, - деди у. - Умрим қашшоқликда ўтди, ҳаётимда шундай кунлар бўлдики, эслашнинг ўзи даҳшат. Мен энди очликдан жуда қўрқаман. Сенга ўзимнинг суратларимни сотишим мумкин. Суратларим жуда ғаройиб, у одам қурби етмайдиган ишларга қодир. Агар хоҳласанг сенга ғалабанинг суратини чизиб бераман, у орқали сен қўшни шоҳликни осонгина босиб оласан ёки бўлмаса гўзал бир қизнинг суратини чизиб бераман. Шоҳ энди оёғини узатиб ётадиган даражада қариб қолган, лекин юраги тинч эмас эди. Шоҳликда тез-тез ғалаён бўлиб турарди. Одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, гоҳ нарҳ навонинг ошиб кетганига, гоҳ узлуксиз солиқларга қарши норозилик билдириб туришар, сарой аҳли жуда безовта эди. Одамларда шоҳга нисбатан ишончсизлик кучайиб борар, баъзи жойларда ҳукумат қўшинлари билан тўқнашувлар содир бўлаётган эди. — Менга қўшни ернинг кераги йўқ,-деди шоҳ рассомга. — Ўзимда ҳам ортиқча ерлар ошиб-тошиб ётибди. Агар сен ростдан ҳам шундай мо»жизали суратлар чиза олсанг, унда менга осойишталикнинг суратини чизиб бер. Одамлар ҳеч қачон ғавғо қилмасинлар, ғалаён ҳам бўлмасин, менинг чизган чизиғимдан чиқишмасин. Мамлакатдаги масалаларни ҳал етишда фақат менинг ҳақим бўлсин. Рассом даррво ишгв киришди. У ҳар хил бўёқларда аввал шоҳликнинг, сўнг унда яшаётган фуқораларнинг суратини чизди, - лекин суратдаги одамлар фавқулодда итоаткор, мўмин ва меҳнаткаш эди. Рассом уларни ғоят қунт ва усталику билан чизар, унинг қўли жодугарларникидек ҳаракат қиларди. Сурат чизилган сайин шоҳликдаги одамларнинг ҳам табиати аста-секин ўзгариб борарди: шаҳарларда ғалаёнлар бирин кетин тинчий бошлаган эди. Қандайдир сеҳрли куч уларнинг кўнгилларидаги норозилик ипларини узиб ташаларди: одамлар ишлашар, нима беришса қаноат қилишар, театрга, киноларга боришар, қўшиқ ҳам эшитишарди, бироқ ғалаён қилишмасди. Рассом шоҳнинг талабига биноан уларни ростдан ҳам малданиятли қилиб тасвирлаганди. Мамлакатда ҳамма шоҳона кийиниб юрар ва шоҳ билан бир қозондан овқат ҳам ея оларди. Энг қашшоқчилик йиллари ҳам бу шоҳлик фуқоралари тўқлардек, шоду-хуррам кун кечиришарди. Сурат шоҳга жуда маъқул бўлди. Айниқса, фуқароларнинг ўзига ҳаддан ортиқ содиқлигидан хурсанд эди У Рассом кўнгли тусаганича тақдирлади ва суратни абадий асраш учун саройнинг тўрига осиб қўйди. Рассом тирикчилик илинжида ҳамма жойда - шаҳарда, қишлоқларда, кент ва вилоятларда, қўрғон ва қалъаларда, қароргоҳ ва жанг майдонларида кезиб юрар ва унинг суратлари ҳамма жойда муносиб тақдирланарди. У узоқ йиллар қиролларга ва вазирларга гоҳ сирли қуролнинг, гоҳ кишаннинг, гоҳ бойликнинг, гоҳ очликнинг, гоҳ қулликнинг, гоҳ ҳиёнатнинг, гоҳ урушнинг суратини чизиб бериб юрди. У узоқ умр кўрди, бироқ ундан бирон марта ҳам бахтниг суратини чизиб беришни сўрашмади. Бир мамлакатда камбағал рассом яшарди. У аянчли даражада қашшоқ, устига-устак жуда ҳам ёлғиз эди: у ҳаётни қандай тушунса, шундай кўринишда чизар, лекин уни ҳеч ким тушунмас, суратлари паст нархда сотиларди. Омадсиз рассом бир куни кўчада - айнан кўчада, чунки маликаларни бошқа жойда учратиш мумкин эмас, буни эртаклар ҳам тасдиқлайди, - шаҳар айланиб юрган маликани кўрди-ю, унга ошиқ бўлиб қолди; муҳаббат уни девонага айлантирди: у маликанинг исмини айтиб, кўча-куйда санғиб юрадиган ва эсига тушиб қолган жойда - тошга ҳам, деворга ҳам унинг суратини чизадиган бўлиб қолди. Бу ҳолни маликага етказдилар. Малика қаҳ-қаҳ уриб кулди-ю, рассомни чақириб, аввал масхара қилди. Лекин малика рассомнинг кўзларига боқиб донг қотди. Бу кўз эмас, тун қўйнида порлаб турган машъала эди: у ерда мусибат ва ситамларнинг ёғдуланган бўёқлари жилва қиларди. «Агар менинг суратимни худди ўзимдек қилиб чизолсанг, мен сенга тегишга розиман - деди малика. — Фақат сурат ҳам мен каби жонли бўлиши шарт.» У қашшоқ кишиларни ёқтирмасди, бироқ, мамлакатдаги ягона рассомнинг кўнглини қолдиришдан ҳам қўрқарди, шунинг учун ҳеч қачон амалга ошмайдиган шарт билан унинг муҳаббатини рад этмоқчи эди. Рассом машаққат билан узоқ йиллар ёлғиз сурат устида ишлади. У яна ҳам қашшоқлашди, эгнидаги кийимлар жулдурга айланди, ейишга нони қолмади, тушкунликнинг барча аянчли ва хароба кўчаларини бир-бир кезиб чиқди, лекин ихлос билан ишлайверди. Чарчаган ёки умидсизликка тушган пайтлари маликанинг гўзал чеҳрасини кўз олдига келтириб, унга ялиниб ёлворди, илтижо қилди, йиғлади, соғинч ва висол онларига умид ҳамда ёлғизлик мусибати унга куч бағишлади: у бўёққа ўзининг қонини қўшиб янги-янги ранглар топди, қарочиқларга кўзларининг нурини бахшид ва этди, орадан йиллар ўтиб, рассомни масхара қилиш учун маликанинг ўзи уникига ташриф буюрди. У рассомни кўриб, янада ҳайратда қолди - рассом жуда ҳам яшариб кетган, кўзларида бахт ва муҳаббатнинг оловлари ёнар, юзида улуғворлик акс этар, ёнида эса худди маликага ўхшаш, гўё маликанинг эгизагидай, худди маликанинг кўзга ташланар ва ташланмас нуқсонлари тарошлаб чиқилгандай маликадан-да латофатлироқ, эндигина очилган гулдек сўлим ва назокатли қиз ҳам турарди. Қиз маликадан ҳам гўзалроқ ва жозибалироқ эди - рассом унга хаёлнинг рангларини берганди, муҳаббатнинг буюклиги билан ишланган гўзал бир илоҳа яралган эди: у қаҳ-қаҳ отиб кула олар, рассомнинг хонасини мушку анбарга ва гул хидига тўлдириб фаришталардай рақс тушиб юрарди. Бу рассом қалби ва муҳаббатининг тимсоли эди. Рассом ўзи яратган илоҳани кўриб, ақли-хушидан айрилган, у маликани ҳам, берган ваъдасини ҳам унуттганди; «Маликам, - деди рассом, - мен сизнинг муҳаббатингизда йиллар машаққат чекдим, йиғладим-сиқттадим, қалбимни ғам-андуҳ сўндирди. Кўзларим йўлингизда ногирон бўлди, лекин сиз шу йилларда ҳатто мендан бирон марта ҳам ҳол сўрамадингиз, аксинча, устимдан кулиб, мени телба, дея овоза қилдингиз. Мен учун энг оғир бўлган уқубатли даврда менга фақат шу суратгина таскин берди, менга қунт ва ишонч бағишлаб турди. Суратни чизиб бўлгач тушундим, мен сизни эмас, аслида сизнинг қиёфангизда бўлган бу сиймони севган эканман. Мен излаганимни топдим, биз аҳду-паймон қилдик, мендек бир қашшоқ рассом фақат шу малакнинг тенгиман, сизнинг эмас, маликам». Шундай дея рассом чеҳрасидан малоҳат таралиб турган қизни етаклаб уйига кириб кетди... Биз аслида севганимиз тимсолидаги бошқа қиёфани севамиз. Буни англаш учун рассом каби хўрликни бошдан кечиришимиз керак. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62444 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58009 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36682 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22039 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18681 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |