Баҳовиддиннинг ити (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] |
...Шайх у гўзалнинг жамолини кўриш умидида ёр кўчасидаги итлар орасига қўшилди...Мантиқ ут-тайр Ҳаммасига муҳаррирнинг инжиқлиги сабаб бўлди. Аслида ташқи овозлар-у шовирларсиз ҳам радиопеса тузуккина чиққанди. Унга актёрлар билан ойлаб сайқал берган, бастакор атайлаб песа учун мусиқа ёзган, мен ва ёрдамчим олти ой кеча-ю кундуз фақат шу асар устида бош қотирган, тушимиз ҳам, ҳушимиз ҳам шу пъеса бўлган, мана энди машаққатдан қутулдик деганда, муҳаррирда бирдан янги фикр туғилиб қолганди. Аслида бу фикр янги ҳам эмасди. Мен песага ишлов бераётганда ёки монтажда ўтирганда, агар табиий шовқинларни ҳам қўшсак, асар мукаммал чиқади деб ўйлаган, аммо иш кўплигидан ва яна вақт кетишини билганим учун бу режадан воз кечиб қўя қолгандим. Энди эса бирдан муҳаррир биздан талаб қилиб қолди. — Асар жуда яхши. Лекин биз танловда ютиб чиқишимиз учун бу ерга табиий шовқинларни қўшишимиз керак. Қушлар сайроғими, дарахтлар шовқиними, шамол, қўй-қўзиларми...умуман, асарнинг саҳналарига қараб табиий шўх-шодон оҳанглар қўшиш керак. Песадаги қувноқ, хушнуд оҳангларга уйғунлашиб кетиши, бахтиёрлик ва хушанашинлик нафақат қаҳрамонларга, балки бутун табиатга хос эканини, табиат ҳам биз билан бирга ва у ҳам қаҳрамонларимизнинг иқболидан қувониб, шўх садолар таратаётганини кўрсатиб беролсак, мукофот чўнтакда деб ҳисоблайверинглар... Бош муҳаррир танловга оз муддат қолганини билдириш учун оғиз жуфтлади-ю, аммо муҳаррирнниг «чўнтагингизда деб ҳисоблайверинг» деган аниқ ишончидан сўнг бирдан бош ирғади. — Албатта, қилиш керак. Шунча маблағ сарфлангандан сўнг яна бироз қийналсаларинг ҳеч нарса қилмайди. Харажат ошса, мукофотдан чиқариб оларсизлар. Аммо шошилиш керак. Вақт оз қолган. Норозилик билдиришга ўрин қолмади. Шусиз ҳам бош муҳаррир радиопесага сарфланган маблағ ошиб кетгани учун биздан норози бўлиб турганди. Унинг бу мукофотни қўлга киритишимизни астойдил истаётганидан фақат биз эмас, унинг ўзи ҳам манфатдор эди. У песага бадиий раҳбар, табиийки, мукофотда унинг ҳам улуши бор эди. Гарчи ёрдамчим билан мен энди ишни тугатдик деб турганда яна бошоғриқ бошлангани ёқмаётган бўлса ҳам эртасигаёқ ишга киришдик. Биз олдин ўзимиздаги — радиофонддаги шовқинлар жамғармасини кўриб чиқдик. Шунда бу шовқинларнинг биронтаси ҳам ярамаслигига, биттаси ёзилавериб, хиралашган бўлса, бошқасида қандайдир сунъийлик борлигига амин бўлдик. Буларнинг биронтаси биз кутган хушанишинликни табиий тарзда акс эттиролмасди. Демак, шовқинни табиат қўйнидан ёзиб олишга тўғри келади. Бунинг учун биз турли жойларни кўз олдимизга келтириб кўрдик. Масалан, шаҳарга туташ қишлоғу далалар. Аммо бу қишлоқларнинг ҳаммасида ҳозир дала ишлари қизғин, тракторларнинг шовқини тушиб қолади. Микрофонларимиз шунчалик сезувчанки, агар бошқа товушлар тушса, кейин тозалаб олиш амримаҳол. Бизга қушлар ё ҳашоратларми, бири қўйиб, бири сайрайдиган, айни уйғониш фаслига хос бахтиёр ва кўтаринки шовурлар керак: у қушники ё дарахт-ўсимликникими, ҳашорату-ариникими, фарқи йўқ, соадат сасларини ўзида мужассам этган макон керак эди. Шу сабабли қушлар шовқинини шаҳар четидаги эски хиёбонда ёзадиган бўлдик. Шаҳарда уларнинг ихтиёрисиз бирорта гулнинг ҳам кўкаришга ҳаққи йўқ ободончилик корхонасидагилар негадир уни тартибга солишни унутиб қўйишганди. Шу сабабли хиёбонда дарахтлар шунчалик зич ва тарвақайлаб кетган, устига устак, шаҳарнинг барча қушлари анча йиллардан бери арра товушини эшитмаган дарахтларга уя қуришганди. Ёрдамчим телефон орқали ободончилик маъмурияти билан олдиндан келишиб қўйди. Маъмурият эрталаб ўнгача хиёбонга ҳеч кимни киритмайди. Саҳардан соат ўнгача бир олам шовқинларни, дарахтми, қушлар чуғурими ёки ҳаётдан миннатдор бўлиб, уни ўзгартиришга астойдил бел боғлаган, ўз ўрни ва бахтини топганларидан ичларига сиғмай ҳаммани бахтиёр қилгиси келаётган бизнинг пъеса қаҳрамонларимиз каби шўх-шодон эсаётган шамолми, ҳашорат овозими, ёзиб олишимиз мумкин. Бу таклиф бизга маъқул тушди. Эртасига қуёш энди бош кўтараётганда ёрдамчим ва овоз режиссёри билан бирга бориб, микрофонларни хиёбонга ўрнатдик. Яқин-атрофда катта машина ва темир йўллари бўлмагани учун бу ер худди биз истагандек осуда эди. Дарахтлар секин шовуллаб турар, боғни қушлар чуғури қоплаган, гўё парранда аҳли одамлар бу ерга йиғилмасдан бурун бир яйраб қолмоқчидек, бор овозлари билан чуғурлашар, дарахтдан дарахтга учиб, ўзига хос саодатманд сайроқилар хорини ташкил қилганди. Баъзи-баъзида гулларга келиб қўнаётган ариларнинг ёки ниначилар ва сўналарнинг ғунғиллаган овозлари бу шовқинни бир пас босиб кетгандек туюлар, лекин бу ҳашоратлар овозида ҳам бизнинг песамизга мос уйғунлик ва кўтаринкилик бор, шу сабабли ҳаммаси табиий ва гўзал эди. Мен режиссёр сифатида ҳамиша ишлатилавериб, қолаверса, атайин техник жило берилган, бироз сунъийлашган «Шовқинлар жамғармаси«даги овозлардан фойдаланганим учун бу ердаги овозларнинг табиийлигидан ҳайратланиб турардим. Шу пайтгача ортиқча иш кўпайганидан норози бўлиб юрган ёрдамчимнинг юзида ҳам табассум пайдо бўлди. У қушлар чуғури-ю, ҳашоратлар навоси, ўсимликлар шитирлаши, дарахтларнинг майин шовуллаши уйғунлашиб кетган, гўё биз яратган пьеса билан бахтиёрлик бобида бас бойлашгандек таралаётган табиатнинг мусиқий «пьеса»сини берилиб эшитаркан, менга қараб қўяр, овоз режиссёрининг эса юзида мамнуният зуҳурланган, қушлар чуғури, дарахтлар шовқинидан илҳом олгандек, берилиб ишлар, ҳар-ҳар дамда магнитафонга қулоқ тутиб, овоз қандай ёзилаётганини эшитиб кўрар, ишидан қониқиб, бизга қараб қўярди. Осмонда оқ булутлар сузиб юрар, лекин бу булутлар ҳам кўм-кўк осмонга энди гард бўлолмаслигини билиб, секин тоғ тараф силжирди. Баҳор охирлаб қолган бўлса ҳам ҳали майсалар ям-яшил, дарахтлар гуллаб, хиёбонни гулу-чаманга айлантириб юборганди. Ёрдамчим бекорга бу хиёбонни танламаганини энди сезиб турардим. Бу ерда бошқа хиёбонларда учрамайдиган мевали дарахтлар билан бирга ҳали тарошланмаган, тартибга солинмаган, ўн йиллардан бери ўз ҳолича шохлаб, гуллаб, эмин-еркин тарвақайлаб кетган дарахтлар ҳам бор эди. Эҳтимол, айнан шунинг учун қушлар бу ерни макон тутгандир? Бутун вужудимни қулоққа айлантириб овозларнинг қайси бири ариники, қайси бири қалдирғочники, қайси бири оддий чумчуқники дея ўзимча ажратиб олишга тиришиб, кўзларимни юмиб ётардим. Қушлар чуғури билан бирга яна қандайдир тушуниқсиз сас ҳам элас-елас чалинарди. Лекин мен бу сас нималигини ажрата олмадим, у итнинг ҳам, бўрининг ҳам ёки бирон яқинидан айрилган жониворнинг изтиробли ноласига ўхшарди. Эҳтимол, бу шаҳарнинг хиёбонга ўрмалаб кирган ер ости йўллари шовиридир? Нима бўлганда ҳам бу сас қушлар шовқинига халал беролмаётган, қолаверса, бу менинг қулоғимнинг шанғиллаши бўлиши ҳам мумкин эди. — Бўлди, етади, — деган овоз эшитилди ёнимда. Кўзларимни очиб, тепамда менга қараб турган овоз режиссёрини кўрдим. У аллақачон асбобларини ва магнитафонни йиғиштириб бўлган, энди кетишга тайёр турарди. — Етади. Бу ерда сизга зарур овозларни икки марта қайта ёздим. Яна ўнта песага ишлатсангиз ҳам бу овозлар тугамайди. Худди ғайришуурий лаззатдан бемаврид бебаҳра қилгандек, унга соатимни кўрсатиб, норозилик билдирмоқчи бўлдим. Аммо соат ўн беш дақиқаси кам ўнни кўрсатиб турарди. Яна ўн беш дақиқадан сўнг бу ерга қуёшдан қочган бекорчиларнинг ҳаммаси бостириб келади. Кетишдан бошқа иложимиз қолмаганини тушундим. Биз хиёбон ўртасига келганимизда дарвозадан бир тўда қувноқ ёшлар кириб келди. Улар хиёбонга киришлари билан турли томонларга тарқаб кетишди ва бирдан боғда ўзига хос шодонлик бошланди. Радиокарнайлардан қувноқ ва шўх қўшиқлар, мусиқа, сотувчиларнинг чорловлари, чархпалак, ҳалинчакларнинг ғийқиллаши бир пасда хиёбонни тутиб кетди. Гўё хиёбоннинг биз боягина ҳис этган ва гувоҳ бўлган манзаралари, ҳар бир ўтирғичигача ўрнашиб қолган қушларнинг саодатманд чуғурлари, дарахтларнинг маҳобатли ва ғолибона шовуллашлари, бизга ненидир англатмоқчидек ҳашоратларнинг хиёбон узра шодон таралаётган наволари радиокарнайлар шовқинлари олдида бирдан ғойиб бўлганди. Бу нарса таъбимизни бироз тирриқ қилса ҳам, ночора, биз ишимиз битганидан хурсанд бўлиб, ишхонага йўл олдик. — Сиз бу шовқинларни келишган саҳналаримизга қўйиб чиқинг, — дедим мен трамвайга чиққач овоз режиссёрига. — Ёрдамчим ёнингизда бўлади. Мен бошлиқларни топиб, уларни тушдан кейин эшитишга таклиф қиламан. Овоз режиссёри ва ёрдамчим бош ирғашди. Улар бу ишдан тезроқ қутулиб, бир-икки кун таътил олишни сўрашгани учун ҳам мен уларни шошилтираётгандим. Тушдан кейин одатдагидек менинг хонамга йиғилдик. Бош муҳаррир оромкурсига яхшилаб жойлашиб олди. Кенгаш аъзолари бўлмиш қулоқлари оғирлаша бошлаган иккита кекса режиссёр эса магнитафонга яқинроқ ўтиришди. Муҳаррир одатдагидек бош муҳаррирнинг ёнидан жой олди. У ўзининг таклифи билан шунча ишлар қилингани ва ҳаммасига ўзи бош-қош бўлиб турганидан мамнун бўлиб, бироз гердайиб қўярди. Овоз режиссёри худди ишни дўндириб қўйгандек, эшик ортидаги курсида чой ҳўплаб ўтирар, рўмолча билан юзини елпиб, бизга «ҳозир мен яратган мўъжизани кўрасизлар» деётгандай писанда билан қараб турарди. Ёрдамчим биз эрталаб боғда ёзиб олган шовқинлар билан бойитилган саҳналарни қўйиб бера бошлади. Олдинига мен ҳеч нарса тушунмадим. Балки менга шундай эшитилаяптими деб ўйладим ва секин кўз остим билан бош муҳаррирга қарадим. Йўқ. Қулоқларим алдамаётган эди. Бош муҳаррир ҳам негадир ҳеч нарса тушунмай, муҳаррирга ва менга савол назари билан қарай бошлади. Иккита кекса режиссёр эса қулоқларига қўлларини қўйиб, оғизларини ланг очиб туришарди. Ёрдамчимнинг эса дами ичига тушиб кетганди. У магнитафон тугмасини босишни ҳам, босмасликни ҳам билмай менга қараб, довдираб турарди. Биз кўтаринки кайфият акс этиши керак бўлган ва табиатнинг шодон наволарига уйғунлашган саҳнада қандайдир мунгли, мустар ва юракни эзадиган бир дардли, эрталаб хиёбонда қулоғимга элас-элас эшитилган сас-увиллаш эшитиларди. Мен ҳеч нарсага тушунмай ёрдамчимга қарадим. — Бу нима?! — ниҳоят бош муҳаррирнинг қаҳрли овози янгради. — Бизни масхара қилаяпсиларми? Ёрдамчим овоз режиссёрига қаради. Овоз режиссёрининг юзи гезариб кетганди. У ирғиб туриб, ёрдамчимга жаҳл билан тикилиб, у қўйиб бераётган тасманинг рақамига яқин бориб қаради. Кейин ажаблангандек, чўнтагидаги дафтарчани олиб, у ердан ниманидир, афтидан, тасманинг рақамини излади. Кейин топди, шекилли, яна тасмага қаради. Бирпас ҳеч нарсага тушунмагандек, безрайиб туриб қолди. — Шу тасмага ёзгандик, чоғи. Аниқ шу тасма эди. Қизиқ... — деди у довдираб. — Бизнинг бекорчи вақтимиз борми, — зарда қилди муҳаррир. — Аниқ шу тасмамиди? — Ҳа, — деди ўзига ишонмай овоз режиссёри. — Шу эди... Яна ким билади.. Балки адашиб... У бизга узрхоҳлик билан қаради-да, шошиб хонадан чиқиб кетди. Унинг даҳлизда югуриб кетаётганини ҳаммамиз эшитиб турардик. — Буларнинг хаёли жойида эмас, — деди бош муҳаррир норози бўлиб. — Мана шундан ҳам ишга бўлган муносабатни билса бўлади. Тасманинг рақамини ҳам адаштирадими эси жойида одам? Ҳамиша ўзим билан ишлайдиган гуруҳнинг ёнини олганим учун у менга иддао қилиб гапирарди. Бу марта унга қарши ҳеч нарса демадим: у ҳақ эди. Энг муҳим пайтда ёрдамчим билан овоз режиссёри мени уялтириб қўйганди. Салдан кейин бир қучоқ тасма кўтарган овоз режиссёри кириб келди. — Мана, бугунги овоз ёзган ва монтаж қилган тасмаларим. Балким чарчаб, рақамни адаштиргандирмиз... Шундай деб у бирин-кетин тасмаларни қўйиб кўра бошлади. Аммо у қўйган биронта ҳам тасмада биз кутган шовқинлар йўқ эди. Овоз режиссёри бундан баттар ажабланар ва довдирарди. — Менга қаранг, — деди охири муҳаррир. — Сизлар эрталаб ёзиб келган тасмани қўйиб беринг. Бизнинг ўзимиз қайси шовқинларни қўйишни айтамиз. Қайтадан қўйиб чиқасизлар. Бу кетишда бизга бутун жамғармадаги тасмани қўйиб берасиз, чоғи. Бу гап менга ҳам маъқул бўлди. Мулзам бўлиб ўтиргандан кўра эрталаб ёзиб олган шовқинларни қўйиб, қайси шовқинни қайси саҳнага қўйишни келишиш осонроқ эди. Овоз режиссёри маъқул дегандек, бир тасманинг устига қаради-да, ўша тасмани магнитафонга қўйди. Энди буниси устимиздан бир челак сув қуйиб юборгандай таъсир қилди. Тасмадан биз боягина пъеса саҳналарида эшитган нола тўла увиллаш аниқ-тиниқ келиб турарди. Овоз режиссёри беҳол ўтириб қолди. Унинг юзлари оқариб, рангида ранг қолмаганди. — Ахир эрталаб шу тасмага ёзгандик, бу шовқин қаердан пайдо бўлди? — Балки охирроғига ёзгандирмиз. Айлантириб кўрингчи, — деди ёрдамчим умид билан. Овоз режиссёри тасмани олдин бошига, кейин охирига қараб айлантирди. Аммо бутун тасмага ўша нола ёзилган, худди устимиздан кулгандек, қаерида тўхтатиб, тугмачани босса, ўша ердан эшилиб-буралиб, ғайритабиий нола чиқиб келарди. Бу шунчаки нола эмасди. Қандайдир табиатдаги жами ғамгин ва музтар товушлар, сайрашлар ва шовуллашлар уйғунлашган ўта ғамгин, дилни ўртайдиган, одамни ғамгин ва дилгир қилиб қўядиган, бизнинг пъесамизга мутлақо зид андуҳ тўла нола — эгасидан айрилган итннинг увиллашидай нола эди. — Бу нима?! — энди ўрнидан туриб тутоқиб кетди бош муҳаррир. — Сизлар бизни майна қилишга чақирдиларингми? У кўпроқ менга кўзларини лўқ қилиб, важоҳат билан қараб турарди. Мен елкамни қисдим. — Бугун эрталаб биз энг зарур шовқинларни ёзиб келгандик. Билмадим, нима бўлаяпти? Шундай деб, овоз режиссёрига ва ёрдамчимга қарадим. Улар шошиб қолишган, бир тасмани олиб, иккинчисини магнитафонга тиқишар, эшитиб, кутилган овоз келмагач, яна бошқасини тиқишарди. Ниҳоят овоз режиссёри чарчади. У бизга қарамай курсига ўтириб, ниманидир эсламоқчидек ўйга толди. — Сиздан сўраяпман, нима бўлди? Яна тасмани ўчириб юборибсизларми? — бош муҳаррир студияда тез-тез бўлиб турадиган вазият бўлган, булар тасмани билмасдан ўчириб юборган деб ўйлаётган эди. Овоз режиссёри унга жаҳл аралаш лаблари титраб билан қаради. У энди бошлиқдан ҳайиқмаётган, тўғрироғи, унга нимадир жуда қаттиқ таъсир қилганидан ўзига келолмаётган, энди йўқотадиган нарсаси йўқ одам каби терс ва қўпол бўлиб қолганди. — Йўқ. Биз адашиб, ўчириб юбормадик. Агар ўчирсак, ёзиб келган иккала тасма турарди. Боғдан ёзиб олинган тасмага ҳам шу шовқин ёзилиб турибди. — Тушунмадим, — дедим мен энди баттар ажабланиб. — Ярим соат олдин, бўлди, шовқинларни саҳналарга қўйдик, энди эшитсак бўлади деган сиз эмасми? Овоз режиссёри кўзларини юмиб-қайта очди. — Ҳа, шундай дегандик. Лекин кўраяпсиз-ку... — Эрталабки тасма-чи? — Эрталаб ҳар эҳтимолга қарши иккитадан тасмага нусхаси билан ёзиб олганман. Аммо иккаласи ҳам ўша увиллаш билан тўлиб турибди. Ахир бу увиллаш ҳам, яқин атрофимизда ит ҳам йўқ эди... Шунга ҳайрон қолаяпман. Боя саҳналарга қўяётганимизда ҳам ҳаммаси ўз жойида эди. Буни ким қилиши мумкин, билолмаяпман. Бош муҳаррир гапимиздан ҳеч нарсани тушунмаган бўлса ҳам аммо муроса қилгандек, уфлади. — Мабодо эрталабдан ҳалқумни ҳўллаб олмаганмидиларинг? Балки бу шовқинни кайф аралаш ёзиб келгандирсизлар? Унга «туҳмат қилманг!» дегандек зарда билан қарадим. У менинг ичкиликка ўч эмаслигимни, айниқса, эрталабдан ичиб олмаслигимни биларди. Шунинг учун мендан кўзини олиб қочиб, овоз режиссёрига таҳдид қилди. — Етар. Тасмаларни топсангиз, топинг, бўлмаса, эртага қайтадан ёзиб келинг. Бу марта ёнингизга бошқа овоз режиссёрини ҳам олволинг. Эҳтиёт шарт. Шусиз ҳам ишни чўзиб юбордиларинг... Шу гапни айтиб, норози ва асабий қиёфада чиқиб кетди. Унинг изидан муҳаррир ва иккита кекса режиссёр ҳам чиқиб кетди. Биз энди тасмаларни олиб, шошилмай бирма-бир эшита бошладик. Аммо ёзиб келган шовқинлардан асар ҳам йўқ эди. Эрталаб шу иш учун атайин рақамлаган тасмаларда ҳам ўша мунгли, мустар нола-соҳибини йўқотган ит увиллаши эшитилиб турарди. Ким биз билан ҳазиллашаган бўлса ҳам қўпол ҳазиллашган эди. — Балким биз тушликка чиққанда кимдир ўчакишиб, устига ёзиб юборгандир? — деди ёрдамчим. — Кўролмайдиганлар қанча? Овоз режиссёри бошини ирғади. — Йўқ. Бўлиши мумкин эмас. Мен бу тасмаларни ўзимнинг сейфимга солиб, тушликка чиққандим. Биров қилиши мумкин эмас. — Нима, сейфингизнинг калити бошқада йўқ деяпсизми? Одамларнинг сейфи очилмасдан пули йўқолаяпти-ю... Мен уларнинг баҳсига қўшилмадим. Эртага эрталаб яна боққа боришимизни, қайта овоз ёзиб олишимизни ва ўзлари билан яна битта овоз режиссёри ва қўшимча магнитафон олиб олишини тайинлаб, уйга жўнадим. Трамвайда кетарканман биз эшитган мунг қулоғим остида жаранглагандай бўлди. Қизиқ, мен шунча йил радиода ишлаб, овозлар ва мусиқа жамғармасини беш қўлдай била туриб, бундай увиллашни ҳеч эшитмаган эдим. Бу кимнинг ҳазили ёки ўчакишиши оқибати экан? Хаёлимдан мукофотга номзод бўлган бошқа студиядаги ҳамкасбларим бирма-бир келди. Аммо уларнинг бу даражада пасткашлик қилишларига ишонгим келмасди. Eртасига биз яна ўша хиёбонда овоз ёзиб ўтирардик. Бу сафар овоз режиссёри иккита, ёзиш ускуналаримиз эса учта эди. Овоз режиссёри ўзи билан иккинчи магнитафонни ҳам олиб келганди. Биз яна ўша тонгги наботот, ҳашорат ва парранда овозларини — табиатнинг улуғворлигини мадҳ этаётган, борлиқ билан уйғунлашиб кетган тириклик ва яратувчилик оҳангларини ёзиб ола бошладик. Мен кўзларимни юмиб ётарканман, бирдан қушлар ва ҳашоратларнинг қувноқ овозлари остида кечаги тасмадаги увиллаш келаётгандек бўлди. Чўчиб, бошқаларга қарадим. Улар индамай ишини давом эттиришарди. Демак, кеча асабийлашганим учун қулоғимга эшитилаяпти деб ўйладим. Аммо бу сас энди менга аниқ эшитилаётган эди. Қушлар чуғури остида у бирдан қулоққа чалинмас, аммо бутун вужудингизни шу шовқинларга берсангиз, унда ана шу шодонликлар остида маҳзун увиллаш келиб турар, у бир йўқолиб, бир пайдо бўлар, гўё бахтиёрлик ва шодонлик билан баҳс бойлашиб, ютқизаётгандек эди. Мен ҳар эҳтимолга қарши чакалакзорга қарадим: у ерда биронта ит йўқмикин? Шунча меҳнатимиз яна зое кетса деган фикрдан кўз олдим бижирлаб кетди-назаримда, чакалакзор ичида қандайдир катта бир ит менга қараб, масхара қилиб, тилини чиқариб тургандек туюлди. Кўзимни юмиб очдим — итга ўхшаб ҳурпайиб турган шохга кўзим тушди-да, кулгим келди. Лекин мен ит увиллашини аниқ эшитдим. Бу итнинг увиллаши экани кундай аён-ку. У қанақа ит экан, бунчалик бағри хун бўлган?! Овоз режиссёрлари шовқинларнинг тиниқ ва аниқ ёзиб олинаётганига гувоҳ бўлиш учун қулоқларини ускуналарга тегизиб туришар, кейин мамнун бош ирғашарди. Демак, ҳеч қандай ғайритабиий нарсанинг ўзи йўқ. Менинг қулоғимга шундай эшитилаяпти, бунинг ҳаммаси кечаги можаронинг таъсири. Биз энди бу марта ишимиз юришишга заррача шубҳа қилмасдик. Шунинг учун мен саҳналарга қўйилган шовқинларни эртага эшитамиз деб, хиёбондан чиқишда хайрлашиб, уйга кетдим. Кечқурун ёрдамчим телефон қилди. У жудаям ҳаяжонда эди. — Айтсам, ишонмайсиз. Барча тасмалар яна ўша увиллашни ёзиб олибди. — У, афтидан, йиғламоқдан бери ҳолатда, у телефон қилаётган хонада овоз режиссёрлари бўлса керак, асабий овозлар келарди. — Келмасангиз бўлмайди. Мен тезда кийиниб жўнадим. Овоз ёзиш студиясида энди бошқа режиссёрлар ҳам йиғилган, муҳаррир ҳам шу ерда эди. — Сира ақлим етмаяпти. Бу қаердан келди? Ахир биз бошқа шовқинни ёзиб олгандик? — Овоз режиссёри асабий гапирарди. — Балки бошқа каналга ёзгандирсизлар? — кимдир, менимча, муҳандислардан бири сўради. — Ҳамма канални текширдик. Шу увиллашдан бошқа овоз йўқ. Ростданам тасмалардан яна ўша-мунгли ва маҳзун нола — энг қизиғи, хиёбонда менга шундай туюлаяпти деган увиллаш келарди. Мен энди тонг қотдим. Ва гап тасмада ҳам, ёзиш ускунасида ҳам эмаслигини сезиб турардим. Хиёбонда менинг кўзимга кўринган ит аслида бўлган ва у ўша дарахтлар орасида туриб увиллаяпти, биз гарчи қанча уринмайлик, фақат унинг овозини ёзиб оляпмиз. Бу ерда қандай сир бор? У қандай ит бўлди? Унинг увиллашида бизни нимадандир огоҳ қилмоқчи бўлаётгандек, сирли нола бор эди. Ускуналаримиз гарчи қушлар овозини ёзаётгандек туюлса-да, аслида қулоққа элас-элас чалинадиган ўша сирли увиллашни ёзиб оляпти. Нега? У қандай нола бўлдики, ўзига замонавий ускуналарни ҳам бўйсундириб, бизни масту-музтар қилган саодатманд оҳанглар ўрнига асрий ғам-андуҳ акс этган итнинг увиллашини тақдим этаяпти? У қандай ит? У қандай увиллаш, нола? Муҳаррирнинг фиғони фалакка чиқди. У бир пайтлардаги келишмовчилигимизни эслади, чоғи, мени атайлаб шундай қиляпти деб ўйлади. Менга бақрайиб тикилганча кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб кўрсатди: — Сиз... сиз бу ишингиз билан жавоб берасиз. Бу билан нима демоқчисиз? Бу масхарабозликнинг тагида нима ётибди ўзи?! Ҳали тингловчига ит увиллашини қўйиб берасизми? Ит нега увиллаяпти? А? — Мен ҳам шуни билмоқчиман, — дедим фавқулодда ўзимни босиқ тутиб. — Бу ўзи нима? Табиат бу увиллаш орқали бизга нима демоқчи? Менинг ҳам ақлим етмаяпти. Лекин бу жудаям ғаройиб нола. Буни атайлаб яратиб бўлмайди. Бу тайёр куйнинг ўзи. Муҳаррир менга нимадир демоқчи бўлиб, яна кўрсаткич бармоғини бигиз қилди. Унинг мусиқадан умуман саводи йўқлигини эслаб, гапларим беҳуда кетганини сездим. У аксар ҳолларда эшиттириш матнини бериб, кейин режиссёрларга «Ўқилгач, бир тинғин-тинғир қўйиб юборинглар» дерди. Режиссёрлар «Аслида эшиттиришда ана шу тинғир-тинғирдан бошқа нарса ҳам йўқ, тингловчи фақат ўша тинғир-тинғирни эшитади», деб изидан майна қилишарди. У режиссёрларнинг ўзига муносабатини билар, лекин улар билан гап талашиб, обрўсини кеткизмасди. Ҳозир ҳам ҳушёр ақли бирдан ишлаб кетди. Заҳрини ичига ютди. — Беш дақиқадан кейин бош муҳаррирнинг олдида учрашамиз. У эшикни зарб билан ёпиб чиқиб кетди. Мен овоз режиссёрига қарадим. У елка қисди. Биз яна бир марта ёзиб келган тасмаларни эшитиб кўрдик. Барча тасмаларни ўша увиллаш босиб кетганди. Ёрдамчимга бу оҳангларни аудио тасмага кўчириб, ўзимга беришини тайинлаб, бош муҳаррирнинг олдига йўл олдим. Eртасига бизни асарга безак беришдан четлатишди. Итнинг увиллашини ёзиб келганимиз учун бошимизга ит кунини солишмоқчи эди, аммо танлов яқин қолгани сабабли истисно қилишди: бошқа гуруҳ песага шовқинлар ишловини берадиган бўлди. Бизга ҳам айнан шу керак эди. Энди ғирт бекорчи эдим. Ёрдамчим ёзиб берган тасмадаги итнинг увиллашини яна бир неча кун эшитиб юрдим. Эшитганим сайин бу ит нега увиллаяпти, у кимни чорлаяпти, кимга нола қилаяпти деган ўй бутун фикру хаёлимни эгаллаб олди. Энди фақат нола қилаётган ит ҳақида ўйлар ва эрта-ю-кеч қулоғим тагида фақат ўша итнинг фиғони жарангларди. У қандай ит? Эгаси бормикин? Нега у бунчалик нола чекаяпти? Бир неча кунлик саволларимга худди ташландиқ боғ жавоб берадигандек, ўша итга ўхшаб ҳурпайиб олган шохлар орасида мени жавоб кутиб тургандек, хиёбонга йўл олдим. Қуёш энди шаҳарнинг тоққа туташ қисмидан бош кўтариб келарди. Боғ қушлар ва паррандалар, умуман, тирикликнинг гўзал қўшиғига тўлганди. Мен яна ўша овоз ёзган жойга бориб ўтирдим. Майса ҳиди келарди боғдан. Шудринг ҳовурида димоққа урилиб, кейин қушлар чуғурига қўшилиб кетарди. Бу ерда ҳамма нарса бахтиёрлик, яшнаш ва уйғонишдан дарак берарди. Ғайритабиий нарсанинг ўзи, айниқса, бу атрофда итдан дарак йўқ эди. Унда увиллаш қаердан келаяпти? Қандай қилиб тасмаларга жойлашиб олди? Мен дарахтлар орасини, орқадаги, дала билан туташ, шаббалаб кетганидан чакалакзорга айланган дафназор ва тутзорни бирма-бирма кўздан кечирдим. Боғда шохлар орасини титиб юрганимни кўрган танишларим эсдан оғибди деб ўйлашлари мумкин эди. Қаердаки хилват ва ит бекиниб олиши, қаердаки ётиши, пусиши ёки уя қилиши мумкин бўлса, ҳамма жойни излаб чиқдим. Ҳеч қанақа ит йўқ эди. Унда увиллаш қаердан келаяпти? Ҳолдан тойиб, синиб ётган дарахтга ўтирдим. Худди телбалардай хиёбонни ахтарганим ўзимга нашъа қиларди. Шу билан бирга мен ўша сирли увиллашнинг тагига етишни истардим. Тин олмоқчидай кўзларимни юмдим. Атрофимни қуршаган хушанишин чуғурлардан куч олиш учун бирпас уларнинг сеҳрига берилдим, кейин ҳар қандай товушлардан ўзимни узиб, яна ўша увиллашни эшитиш учун элас-элас келаётган шовурларга қулоқ солдим. Шу ҳолатда узоқ ўтирдим. Хаёлим орқали боғнинг мен ҳали етиб бормаган ичкарисига кириб кетдим. У ерларда анвойи гуллар гуркирар, ҳамма нарса ўз ҳолича ва ўз эркича ўсиб ётарди. Дарахтлар чиркинликни инкор этиб, янги барглар чиқарар, кейин тўкилган гуллар ўрнига янги ғунчалар очилар, минглаб ранглар боққа зеб бериш учун шайланиб турарди. Бу ерда гўзаллик билан хунуклик, завол билан яшариш, тубанлик билан юксаклик ўртасида кураш кетарди. Бир маҳал кўзим илиндими, ё менга шундай туюлдими, бирдан тасмаларда эшитган нола олдин секин, кейин баралла эшитила бошлади. Салдан кейин мен увиллашни аниқ эшитдим. Увиллаш бир олисдан, бир ёнимдан эшитилар, кўзимни очиб қарагим, увиллаётган итни кўзим билан кўргим келар, аммо бирдан ит ҳам, нола ҳам йўқолиб қолса-чи деган хавотирда кўзларимни очгим келмасди. Увиллашда мунис андуҳ бор эди. Ундан дард, мусибат, изтироб, ғам-уқубат тараларди. Бу дардга ва бу ғамга чидаб бўлмасди. Уни эшитган сайин шунчалик дард кўпаяр, мусибат улуғлашар, ғам юракни тўлдирар, йиғлагим келарди, аммо увиллашдан таралаётган хўрлик олдида йиғи нима бўлибди деб ўзимни овутардим. Одам қандай чидайди бу нолага деб ўкириб юборгинг келарди. У ўзининг андуҳи билан сеҳрлар, андуҳи билан мафтун қилар, мусибати билан жодулаб қўярди. Бу увиллашни эшитган одам бошқа оҳангни қайта эшита олармикин? Бу нола, бу маҳзунлик бошқа барча оҳангларни фош қилиб, сохталаштириб қўярди. Нега мен шу пайтгача бу андуҳни эшитмаганман, нега шу пайтгача бу мусибатдан узоқ бўлганман? Нега бу нола ўзларини хушанишин оҳанглар тагига яширди экан? Нега увиллаётган ит одамлардан ўзини пинҳон тутяпти экан? Увиллашдаги андуҳ таъсирида кўзларимдан юм-юм ёш оқаётганини билардим. Йиғлаган сайин енгил тортар, янаям ўкириб йиғлагим келарди. Йиғига ғарқ қилувчи бу нола қайдан келаяпти, қайга кетаяпти? Нега у мени мунгга ва мусибатга ошно этаяпти? Eртасига ҳам, кейинги кунлар ҳам мен боғнинг бир четида ўтириб, кўзларимни юмганча кунимни шу ҳолатда, мусибат ва андуҳдан титраб ўтказдим. Мен увиллаётган итни кўргим, унинг ғамига шерик бўлгим, мусибат эзган бошини силагим келарди. Энди бир умр бу ноладан ҳам, итдан ҳам айрилолмайдигандай эдим. Кўзларимни очганимда увиллаш йўқолар, юмиб олишим билан қулоғим тагида пайдо бўлар, мени ўз оҳангига олиб кириб кетарди. Увиллашда хўрлик ва ҳақорат тўла эди. Маҳкумлик ва мутелик, ожизлик ва зулм қоришиқ эди. Бу хўрлик билан одам яшаши мумкин эмасди. Мен кўзларимни очиб, «Қаердасан, нега мени бунчалик эзасан, кел, сени кўрай, мақсадинг нима?!» деб пичирлардим. Пичирлашим қулоғим тагида худди ҳайқириқдай садо берарди. Ўшандай лаҳзаларда мен бир нарсани билиб қолдим: кўзимни юмишим билан менинг ичимдан нимадир ташқарига сакраб чиқиб кетар, менга ўша сакраб чиқиб кетган нарса итдай бўлиб туюлар, аммо менинг ичимда ит нима қилади дея бу шубҳани инкор қилардим. Аста-секин боққа келишим билан ичимдан сакраб чиқиб кетган шарпанинг итга ўхшашлигига ишона бошладим. Ичимдан чиқиб кетаркан, кўкрагим ит панжалари билан тирналгандек оғриқни ҳис қилардим. Бир куни кўзимни юмганча, итнинг ноласи бошланишини кутиб турарканман, увиллаш шундай ёнгинамдан келаётгандай туюлди. Беихтиёр, ўзим кутмаган шиддат билан кўзимни очдим. Сезгиларим алдамаган эди. Ёнимда қопқора ит турарди. Унинг жуссаси мен ўйлагандан кўра катта эди. Аммо кўринишининг ўзиданоқ бу итни ғам адо қилган деган фикр келарди. Унинг кўзларида мунг ва ҳасрат қотиб қолган, ўзи афтода, озғин, қовурғалари кўриниб ётар, оёқда зўрға тургандай туюлганди менга. Гўё бир неча кун эмас, бир ойдан бери туз тотмаганга ўхшарди. Ўрнимдан қимирлашга қўрқиб, уни кузатиб турардим. Ит ҳар доимгидай боққа одамлар кириб келгунча, шовқин бошлангунча увиллади, кейин секин чакалакзор орасига кириб кетди. Мен унинг изидан югурдим. У чакалакзордан чиқиб, деворнинг тирқишидан ўтди-да, шаҳарга қараб кетди. Девор ошиб тушганимда, у аллақачон одамлар ичига кириб, ғойиб бўлганди. Мен енгил тортдим. Тирикчилик шовқини-ю ҳамиша думни ликиллатишга ва кетни қимиллатишга ундайдиган куй ҳамда шунга мос оломон билан тўлаётган боғда итни кўрганимдан ва уни топганимдан хурсанд эдим. Эртасига ит мендан ўзини олиб қочмади. У энди мени ҳар куни шу ерда кўриб кўникиб қолгандек эди. Ёнимга келиб, орқа оёқларига ўтирарди-да, осмон-у фалакка қараганча яна ўша ноласини бошларди. У нега айнан шу ерга келиб увиллаяпти, сира ақлим етмасди. Аммо у ҳар доим бир пайтда бир жойга келиб увларди. Итнинг менга қараб туришининг ўзидаёқ мунг ва ҳасрат бор эди. Эҳтимол, у ўзининг қанчалар афтода эканини билмас ҳам? Эҳтимол, ана шу ғариблиги билан боққа келиб, эрта-ю кеч ўйиндан бошқасини билмайдиган такасалтанглар-у олифталарга нимадир ишора қилмоқчидир? Билмадим, аммо бир қарашдаёқ унинг нақадар ожиз ва мушфиқ эканини билиб олса бўларди. У ўзига ҳеч четдан қараб кўрганмикин? Ўзини бир марта бўлсин кузатганмикин? Бунча ғариб ва фақир бўлмаса вужуд дегани? Унга қараб бу афтода танани эзғилагинг, эзғилаган сайин таҳқирлагинг, таҳқирлаган сайин унинг оёқлари остида ўзинг таҳқирлангинг келарди. Унинг қўтир босган вужудида қандайдир сеҳрли бир куч бордай эди. Биз тезда бир-биримизга ўрганиб қолдик. Энди мен ҳам ит билан бирга девор туйнугидан эмаклаб, кўчага чиқар, кейин унинг изидан санқиб юрардим. Биргаликда шаҳарнинг шунча йиллардан бери бирон марта кўрмаган ғарибгина кулбалар, тўкилай деб турган масжиду мадрасалар жойлашган эски тор кўчаларини, қадимий қалъалару қасрлар харобалари қолган тепаликларни айланиб чиқардик. Анча кундан кейин мен итнинг ҳар куни бир хил йўналиш бўйлаб бир хил кўчаларни айланишини, фақат шаҳар четида қолган тор кўчаларнинг биридаги ўйма нақшларини йиллар ёмғири сидириб юбораёзган иккита дарвоза тагига чиқариб қўйилган егуликдан ейишини, яна ўша йўл билан изига — боққа қайтиб киришини ўрганиб чиқдим. Ит шаҳарнинг гуллаб-яшнаб ётган қисмига деярли бурилмас, бошқа бирон жойдан егулик ахтариб умидвор ҳам бўлмас, йўлидаги дайди мушуклар ва санғи лайчалар ўралашиб юрган ошхона-ю базмхоналар олдидан индамай, бошини эгиб ўтиб кетарди. Суяк талашаётган лайчаларга бир кўз ташларди-да, йўлидан давом этарди. Агар ўша эски дарвоза олдида егулик бўлмаса, индамай изига қайтар, кун бўйи оч юрса ҳам, ўзини хўрак талашиб ириллашаётган лайчалар ичига урмасди. Шунинг учун унга егулик олиб кела бошладим. У мен кутгандай егулик деб думини ликиллатиб, суйкалмас, минг бир мулозамат билан берган пишлоқ ёки бўтқани олдин роса ҳидлаб, кейин бир бўлак ер, қолганига эътибор ҳам бермасди. Менга у касалдай туюлди. Эҳтимол, шунинг учун у мана шу овлоққа маскан қургандир, эҳтимол танасидаги оғриқни енгиш учун нола қилар?! Ахир соғ ит хўракдан ўзини тиёлмайди-ку. Шундай бўлса-да, уни ўзимга ўргатиш учун егулик олиб келар, увиллаш маросими тугагач, биз биргаликда шаҳар айланардик. У менинг тасаввуримдаги итга ўхшамасди—камсуқум, ғариб, ва устига устак ўта қўрқоқ эди. Худи фил олдини тўсган қоплонлардек, дайди лайчалар олдини ҳуриб тўсса, улар билан талашиб ўтирмасди — улар нимани талаб қилса, ўша ёққа индамай бурилиб, бепарво кетаверарди. Унинг бирон марта тишини кўрсатиб, ириллаганини, феълини кўрсатиб, бировга ёт қараш қилганини кўрмадим. Ундаги камсуқумлик ва озурдалик менга ҳам аста-секин юқа бошлади. Бир куни уни уйимга олиб кетдим. У мен билан кетишни истамади. Аммо унга қараб, ўзимнинг бор муҳаббатимни изҳор қилиб, нималардир дедим. Аслида ҳам итга меҳрим тушиб қолганди. Уни энди ўзимдан айро тасаввур қилолмасдим. Сал кўрмасам соғинар ва унга мафтун бўлиб қолгандим. У ҳис-ҳаяжонга тўлган гапимни тушунгандай бир пас мулоҳаза қилиб, кўзларимга тикилиб турди, кейин изимдан индамай эргашди. Ўша кеча биз, тўғрироғи мен унга ўзим ҳақимда ҳикоя қилиб бердим. Хаёлчан болалигим, изтиробда ўтган ўсмирлик, балоғатнинг алдов ва хиёнатлари, тирикчиликнинг мазахомуз қуллиги, дўстликнинг жуда осон сотилгани, ҳаётнинг аёвсиз синовлари ва табиийки, эришилмаган муҳаббат ҳам бу ҳикоядан четда қолмади. У менинг гапимни оёқлари устига тумшуғини қўйиб эшитиб ётарди. Кўп марта дўстлар билан бўлгандек ва кейин нега шуларга дардимни ёздим деб ўзимдан нафратланиб юрган пайтимдагидек, ҳикоя давомида у ухлаб қолмади. Аксинча, ақалли бирон марта ҳам мендан кўзини узмади, юммади ҳам. Унга гапларим ва ўтмишим таъсир қилди. Орада бир-икки менга ҳамдарддек ҳуриб қўйди. Сўққабошлигим иккаламизга ҳам қўл келди. Ит меникида қолди. Биз энди худди туғишгандай ёки ошиқ-маъшуқдай бир-биримизсиз туролмайдиган ҳолатга етгандик. Иккаламиз жимгина шаҳар кўчаларини кезардик. Иккаламиз ҳам тилсиз, забонсиз бир-биримизни тушунардик. Ишдан чиқиб, кечгача кўчаларни айланар, юзлари ўзини фош қилиб қўяётган бахтиёрликдан синиққан ва ташвишлардан гезарган издиҳом ичида бир-биримиздан кўзимизни узмай, одамларнинг бизга ажабланиб қарашларига парво ҳам қилмай, ёнма-ён кетганча тилсиз-товушсиз сўзлашиб кетардик. Бир куни мен бошқа томонимга ағдарилиб ётиш учун ўгириларканман, тўшагимнинг ярмида ётган жунли танага қўлим тегди. Чўчиб уйғониб кетдим. Қаддимни кўтариб қараганимда ёнимда, ёстиғимнинг ярмига тумшуғини қўйганча ухлаб ётган итни кўрдим. Шундагина ит энди менга тўла ишонганинини ва ит ҳақида нимани ўйласам, ит ҳам мен ҳақимда шуни ўйлашини сездим. Беихтиёр қўлларим билан унинг жунларини силадим. Кафтларим энди дағаллашиб қурий бошлаган, сабаби менга номаъулум бўлган ит кунларидан дарак бериб турган яраларга тегди. Этим жимирлашди. Назаримда бу яралар ўзимнинг танамда ва ўз танамни силаётгандай туюлди. Бу туйғу кейинчалик ҳам тарк этмади. Ҳар кеча унинг яраларини силарканман, худди ўз баданимни силаётгандай бўлар, кимдир ҳаётнинг адолатсиз сўқмоқларида орттирган жароҳатларимни силаб менга ором бераётгандай эди. Бу итга ҳам хуш келди, чоғи, у мен билан бир тўшакда ётишга ўрганди. Унга ҳар кеча итга ошно бўлмаган ва ит бўлмаган пайтларимнинг азоб-уқубатлари, чеккан андуҳларим, ҳасратларим ҳақида ҳикоя қилиб берардим. У энг оғриқли кечинмаларимни гапираётганимда ғингшиб қўяр, хотирам билан бирга унинг ҳам жони азобланаётганини сезиб қолар, кўзларидан оқаётган ёшлар ёстиғимни ҳўл қилар, баъзан эса мен у билан боғга бориб, унга қўшилиб увиллар ва увлаган сайин вужудимдан оғриқ ва уқубатлар ариб, руҳим янаям енгиллашиб бораётганини сезар ва беихтиёр кўнглимда нега мен бу лаззатдан шунча йиллар бебаҳра юрдим экан деган надомат пайдо бўларди. Мен шу увлаш орқали ўзимни ва атрофимни кашф қилаётгандай эдим. Ит кўпинча мени ишгача кузатиб борар, кейин қаёққадир, менимча, ўша овлоқ боққа кетар, ишдан чиқар пайтим кўча юзида кутиб турарди. Танишларим менинг ит асраётганимни кўриб ажабланишарди. Атиги бир неча ой олдин итни кўрса ижирғанадиган мендай келажаги порлоқ, ҳарқалай, бир силтов кам таниқли бўлиб қолган йигитнинг қандайдир кўринишиёқ одамда ёқимсиз ҳис ва ирганиш уйғотадиган касалманд ва қўтир ит билан яшашини тасаввур қилишолмасди. Буни менга ошкора айтганлар ҳам бўлди. Аммо менинг парвойимга ҳам келмади. Мен уларга сиз агар унинг увиллашини бир эшитсангиз эди, дегим келар, лекин бу гапимдан уялардим. Ахир итнинг увиллаши ҳам одамни сеҳрлаб қўйиши ёки одам ит ноласига ҳам ошуфта бўлиши мумкинми? Бу улар учун ғирт бемаънилик бўлиб туюларди. Шунинг учун уларга жавобан индамай қўяқолардим. Менга уларнинг кулишидан кўра мана шу касалманд итнинг меҳрини қозониш афзалдай туюларди. Бир куни тушликдан қайтишда даҳлизда менинг хонам олдида йиғилиб турган ҳамкасбларимни кўрдим — у ерда худди тўполон бўлаётгандек эди. Қадамимни тезлатдим. Мени кўриб ёрдамчим қаршимга югурди. Унинг ранглари оқариб кетган, анчадан бери мени излаб юрган экан. — Сизни бош муҳаррир хонангизда кутаяпти — , деди хавотир ва ҳамдардлик билан. — Нима гап? Мукофотни бўлишаяптими, — дедим хонам олдида бутун бошли жамоа йиғилиб олганига ишора қилиб. — Йўқ. Кимдир сизнинг хонангизда ит ётганини кўрибди, — деди. — Бошқалар ҳам итни кўрган экан. Ҳаммаси гувоҳлик беришга йиғилишган. Унинг гапи менинг кулгимни қистатди. Ҳамкасбларим ақлдан озганга ўхшайди деб ўйладим. Xонамга шошиб кирарканман, у ерда бош муҳаррирдан ташқари муҳаррир, яна хўжалик бўлимидан ҳам икки киши борлигини кўрдим. Улар ниманидир шивирлашиб гаплашишарди. Бош муҳаррир қўлидаги рўмолча билан бурнини ушлаб турарди. Мени кўришлари билан жим бўлишди. Нима гап дегандай бош муҳаррирга ва муҳаррирга қарадим. — Сиз ишхонага ит олиб келиш мумкин эмаслигини биласизми, — деди бош муҳаррир ўсмоқчилаб, худди мени айб устида қўлга туширгандай. — Биламан, — дедим. — Бу ерга ит олиб келганим йўқ. — Бекор гап, — деди хўжалик бўлимидаги калта киши. — Фаррошлар бир ойдан бери сизнинг хонангиздан ит ҳиди келаётганини айтишаяпти. Қолаверса... — у бош муҳаррирга айтаверайми дегандай қаради. Бош муҳаррир бош ирғагач, гапида давом этди.— ... бу хонадан ҳар куни ит тезаги чиқаяпти. — Бўлиши мумкин эмас, — дедим мен. — Мен ҳеч қачон бу ерга ит олиб кирмадим. Бу туҳмат. Муҳаррир бош муҳаррирнинг қулоғига бир нима деб шивирлади. — Уйингизда ит асраётганингиз ростми? — деди бош муҳаррир салдан кейин. — Рост, асраяпман...— дедим муҳаррирнинг яқинда уйимга борганда итни кўриб, остонамдан ҳам кирмай қайтиб кетганини эслаб, бор можарони шу олифта уюштирдимикан деган шубҳада. — Унда сиз бизга туҳмат қилаяпсиз, — деди бош муҳаррир.— Хуллас, гап шу. Сиз ё итни, ё ишни танлайсиз. Шу бугун ҳал қилинг. Шусиз ҳам ходимлар ишхонани ит ҳиди босиб кетгани ҳақида гап-сўз қилиб юришибди. Мен бу гап юқоридагиларнинг қулоғига етиб боришини истамайман. У гап тамом дегандай ўрнидан турди. У ҳамон қўлидаги рўмолча билан бурнини ушлаб турар, хонадаги ҳиддан ўзига келолмаётганди. Муҳаррирнинг ҳам бурни жийрилиб турарди. Фақат мен бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий ҳид сезмасдим. — Хонангизни ит ҳиди босиб кетибди. Шамоллатиш керак, — деди хўжалик бўлимидаги калта киши. Унга қараб заҳарханда қилиб кулдим. Бошлиқ биронтани тепса, булар бориб янчиб ўтадиганлар тоифасидан эди. — Менга қаранг, бу тасмадаги ит увиллаши билан сизнинг ит асрашингиз-у мана бу ҳид ўртасида боғлиқлик йўқми? — сўради муҳаррир катта бир сирни очгандай. — Сиз бизни ит увиллаши билан мазах қилганингиз етмагандай энди итни хонангизга ҳам киритиб олиб, ишхонани итхонага айлантираяпсизми? Мен индамадим. Уларга гапириш бефойдалигини билардим. Йўлакда мажоранинг қандай якун топишини кузатиб турган томошаталаб ҳамкасбларимнинг юзида ҳам муҳаррирнинг гапини тасдиқлашаётгани билиниб турарди. Эртасига мен кимни танлаганимни айтиб, итим билан боққа йўл олдик. У ерга бориб, итим увиллар, кўзларимни юмиб, мен ҳам увиллар, увиллаш билан танамни боғда қолдирганча, увиллашдаги мусибатга қўшилиб, олис-олисларга, ўзим ҳам англамаган, гўё ҳамма нарсанинг ибтидоси бўлиб туюлаётган олисларга кетиб қолардим. Нола мени энди ҳали яхлит бўлган руҳнинг жилваларга қараб бошлаб кетарди. Ҳали ҳеч нарсага исм ҳам, ном ҳам берилмаган ўша ерда мен итим билан яна юзма-юз келардик ва шундагина биз битта вужуд эканимизни сезиб қолардим. Энди боққа келган пайтларим ичимдан чиққан ва қайтиб кирган нарса итлигига сира шубҳа қилмасдим. Ўша дақиқаларда бўлакларга бўлиниб, бир қисмим итга айланиб кетганини билардим. Увиллаш мени бўлаклаб, боғнинг турли бурчакларига сочиб ташлар, кейин яна ит қиёфасига киритиб, секин бир жойга йиғар ва яна сочиб юборарди. Шунда бутун ҳаётим ана шу сочилиш ва йиғилиш орасидаги бир лаҳза эканини ҳис қилардим. Ит мени сочиб юборар экан, мен машаққатлар билан турли томонга адашиб — улоқиб кетган ўзимни йиғиб келардим, у эса худди мен билан ўйнашаётгандай яна сочиб юборарди. Тарқоқ ва таравақайлаган ҳолатда вужудимни тариқдай сочиб юбораётган кучни кўрмоқчидек, итга қараб «Кимсан, мендан нима истайсан, сен ит, нега ичимга кириб олдинг?!» деб шивирлардим... Эҳтимол, у ҳам менга шундай деб тикилаётган ва сўраётгандир? Биз юзма-юз турганча бир-биримизнинг кимлигимизни аниқлашга уринардик. У менга қанча боғланиб қолса, мен ҳам унга шунча боғланиб борардим. Биз энди бир-бирига тикилиб турган бир вужуддай эдик. Бир вужуд бўла туриб айро-айро эдик. Менга ундан таралаётган айрилиқ азоб берарди. Биз қачон бирга бўлсак, айрилиқ мусибати босилар, салгина айрилсак, вужудимни андуҳ тўлдирарди. Мен итга айланишни, унинг ёнида бўлишни, унинг қўтир босган танасини узун, ўзиникидай, худди муҳаббат яловидай осилиб турадиган тилим билан ялашни, унинг ҳам ғафлат яраси босган танамни ялаб ҳаловат бағишлашини истардим. Унинг ёнида хаёл лаззатига ғарқ бўлиб, шу лаззатга чўкиб кетишни орзу қилиб ўтирардим... Бош муҳаррирга, Режиссёр ёрдамчиси ...дан Билдирги Eълон қилинган танлов бўйича бизнинг «Баҳовиддиннинг ити» радиопесамиз «Eнг яхши адабий режиссёр» мукофотига сазовор бўлгани сабабли менга режиссёрни зудлик билан топишни тайинлаганингиз учун уни қаердан бўлса ҳам излаб топишга қарор қилдим. Дастлаб уйига бордим. Уйни ҳеч ким очмади. Қўшниларининг хабар беришича, у бир неча ҳафтадан бери уйга келмаётган экан. Шунинг учун нима қилишни билмай қолдим. Шунда ёдимга унинг ишдан ҳайдалгач, кунини биз уч ой муққадам овоз ёзган овлоқ боққа бориб ўтказаётганини айтгани эсимга тушди. Зудлик билан ўша ёққа йўл олдим. Қайта таъмирлаш мақсадида анчадан бери боғ ишламаётган экан. Шундай бўлса-да, сизнинг топшириғингизни бажариш учун қаровсиз боққа кириб, режиссёрни излашга қоровулдан рухсат олдим. Аммо боғда ҳеч ким йўқ эди. Мен бирон овлоқроқ жойда ўтиргандир деб боғнинг хилват жойларини ахтара бошладим. Бир соатлар чамаси изласам ҳам одам зотига дуч келмадим. Ҳафсалам пир бўлиб, энди қайтмоқчи бўлганимда девор туйнугидан кириб келган, бир-бирини қувлаб юрган иккита итга кўзим тушди. Улар гоҳ мендан узоқлашиб боғ бўйлаб югуришар, гоҳ бир-бирини эркалаб тишлаганча, ёнимдан қувлашиб ўтар, худди икки ошиққа ўхшар, бир-бирларининг қўтирларини тиллари билан ялашар, бир-бирининг яраларига кўзларини суртишар, шу даражада бахтиёр эдики, менинг ёнларида турганимни ҳам, изидан анча ергача эргашиб борганимни ҳам сезишмади: улар бутун дунёни унутишгандек, улар учун фақат иккаласидан бошқа ҳеч нарсанинг, боғнинг ҳам, одамларнинг ҳам, улкан ва шовқинли шаҳарнинг ҳам аҳамияти йўқдек эди. Уларнинг бир-бирига муҳаббатига қараб менинг ҳам ҳавасим келди. Беихтиёр тасмаларга ёзилган увиллаш ёдимга тушди. Балки шулардан бирининг ноласи бизнинг тасмага тушиб, бизни роса овора қилгандир деб ўйладим. Энг қизиғи ва сизга бу нарсаларни батафсил ёзаётганимнинг сабаб шуки, итлардан бирининг бўйнида мен режиссёрнинг бўйнида кўп марта кўрганим — чарм тумор осилиб турарди. Боғда бошқа ҳеч кимни учратмадим... Режиссёрни топишнинг иложи бўлмади.» |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62443 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58009 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40511 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36682 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22039 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18681 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |