Шарпа (ҳикоя) [Nazar Eshonqul]

Шарпа (ҳикоя) [Nazar Eshonqul]
Шарпа (ҳикоя) [Nazar Eshonqul]
Хонангдаги шарпани сезиб қолганингга анча бўлди. Унинг шарпа эканига энди иймонинг комил эди. У гоҳ ғуслхонада, гоҳ китоб ўқиб ўтирганингда, гоҳ хаёл суриб ётганингда шундай ёнингда пайдо бўлар, совуқ кўзларини сенга тикиб турганини сезиб қолардинг. Дастлаб мен шундай туюлаяпти деб, ўйладинг. Аммо худди саробдай ёнингда шовур ва жимирлашни сезгач, унинг шарпа эканига шубҳанг қолмади. Ёлғиз қолдинг дегунча у, тўғрироғи, унинг шарпаси пайдо бўлар, у қайдан келади, қайдан пайдо бўлади, билмасдинг. Лекин ёлғиз қолсанг, хонада важоҳат билан кеза бошларди. Албатта, сени ғафлатда қолдириш, сўнг бирдан ташланиш учун пайт пойлаб юрганини, худди бошингда қилич осилиб тургандай унинг пайдо бўлиши сен учун хатарли эканини, унинг ҳар бурчакда ва ҳар хилватда, ҳар қадамда мавжуд эканлигини ҳис қилиб турардинг. Қўлингга бирор тиғдор қурол ушлаб, хоналарни зимдан кузатар, қаерда шарпа сезсанг, ўша томонга ташланар, аммо шарпа жуда маккор, у лип этиб орқангга ўтиб олар, сўнг сенинг хотиржам бўлишингни кута бошларди. Унинг хонангда нафас олаётганини ва сенинг вужудингда пайдо бўлган қўрқув билан бирга кундан-кун каттариб-семириб бораётганини ички хавотир билан сезар, бу шарпани ўлдиришим шарт дея аҳд қилар, у тирик экан, тинчлик бўлмайди ва бир куни у мени ютиб юбориши мумкин, дея ваҳимага тушардинг. Унинг тиши борми ёки заҳарлими, ё бўлмаса Африка илонларига ўхшаб фақат бўғадими, буни ҳам билмасдинг. Билганинг шуки, бу шарпа мавжуд ва у сенга ташаланиш учун қулай пайт излаб юрибди, дея ўйлар, бу фикр сени баттар ваҳимага соларди. Унинг жуда айёр ва маккор эканлиги шундан маълум эдики, агар уйингга биров келса, у сездирмай, қайгадир беркиниб оларди. Шарпа икки кишига ҳужум қилиш қалтис эканини жуда яхши биларди, чоғи. Агар меҳмон бир ҳафта ё икки ҳафта яшаб қолса, у шунча вақт мобайнида ўзи намаён қилмасди. Бироқ меҳмон кетиши биланоқ у яна сени таъқиб қила бошларди. У пайдо бўлганда елкангда унинг нигоҳини туяра, негадир уни суякларинг ва теринг жуда қизиқтирса керак деб ўйлардинг. У сени якка ҳолда даф қилишга уринарди; гўё у ҳам бутун дунёдан кўнгил узиб, худди эски кема энди ортиқ сузолмаслигини билиб, ҳалокатга юз тутгани каби ёлғизликка юз тутганингни билгандай, айнан шунинг учун сени бу узлат ва осойишталикдан қувиб чиқармоқчидай эди. Ойлар ўтиб, бу маккор шарпа хонангда ваҳима чироғини ёқиб бўлганда ва сен бу чироқ шуъласида ожиз, афтода ва ташландиқ алфозда кезиб юрганингда, шарпа яна ҳам ваҳший, ҳайбатли, бетакрор қўрқув манбаи бўлиб туюлар, сен эса уни хонангдан ҳайдаб чиқариш учун беҳуда уринардинг. Ортиқ бундай яшай олмасдинг. Сени кўрганлар нега бунчалар озиб кетдинг, дея сўрар, бироқ уларга шарпа ҳақида ҳеч нарса дея олмасдинг, аммо ростдан ҳам гўё қуриб-қовжирашга юз тутган дарахтдек кунма-кун озиб-тўзиб борар, баданингдан заҳиллик, хазон ҳидлари анқий бошлаганди, хаёлинг пароканда, ичинг бўшаб қолган, у ердаги бўшлиқни шарпа ваҳимаси-ю, вас-васаси тўлдирганди.
Бир куни уни қайдан бўлмасин излаб топишга аҳд қилдинг. Қўлингга ханжарни тутганча аввал бурчакларни, сўнг ошхона ва ювиниш хонасини излаб чиқдинг. Унинг нафасини аниқ эшитиб турардинг, лекин қаерда эканини билиб бўлмасди. Эски кийимларингдан тортиб, стол тортмаларигача титкилаб чиқдинг. У ҳеч жойда йўқ эди. Охири излайвериб ҳолдан тойдинг. Шунда сенга бирдан у шарпа жавондаги китболар ичига яширингандай туюлди; икки-уч китобни олиб варақлаб, бунга шубҳа қилмадинг. Китобда унинг излари қолган эди. Изқуварликни бас қилишга тўғри келди. Чунки барча ҳаракатларинг зоя кетганди. Уни топиш учун ҳар бир китобни бирма-бир варақлаб чиқиш керак эди. Бунинг эса сираям иложи йўқ, бир ой ўтириб изласанг ҳам у шарпани барибир тополмасдинг. У китобдан китобга ўтиб юраверарди. Сен у шарпа билан бир хонада яшаб туришга мажбур эдинг. Лекин унинг таъқиби борган сари кучаяр, кечалари ҳам ухламай ҳушёр ётишингга тўғри келарди. Баъзан ҳаддан ташқари ваҳима чулғаб оларди. «Ҳой, сен шарпа, - дердинг унга товуш чиқариб, - сен мени алдай олмайсан, қайсидир бурчакда мени пойлаб ўтирибсан. Сенинг ниятинг менга маълум, шунинг учун мени доғда қолдиришинг қийин. Кел, яхшиси, менинг хонамни тарк эт, кет, менинг хонамдан. Мен осойишта ва тинч яшашни истайман». Бироқ шарпа ҳужрангни тарк этмасди. У қайсидир бурчакка ўлжасини пойлаб турган мушукдек пусиб олар, сени ғафлатда қолдириш сониясини кутарди; бу сония ҳар қандай дамда содир бўлиш мумкин, сен қандай содир бўлганини билмай қолишинг ҳам мумкин. Сен шарпанинг шакли-шамойилини кўрганинг йўқ, фақат таъқиб этилаётганингни ва таъқиб этишаётганини ҳис қилиб турардинг. Сенинг безовта бўлишингга, шарпа ҳақида ҳар хил хавотирга боришингга шунинг ўзи етади деб ўйлардинг. Фақат уйда эмас, ҳамма жойда ишда, йўлда, томошахонада, меҳмонда, қаерда бўлма, ўша ерда сени нимадир, кимдир таъқиб қиларди. Таъқиб адоқсиз, сўнгсиз эди. Сен бирдан бу таъқиб туфайли ақлдан озиб қолсам керак деб ўйлардинг. Сенга ҳар доим, ҳар лаҳза қандайдир тожавузкор нигоҳ тикилиб тургандай туюлар, у сенинг ҳар бир ҳаракатингни кузатиб турар, гўё сен қаттиқ қўриқланаётган ва баланд деворлар билан ўраб ташланган, қачон озод бўлишинг, қачон деворлар қўпорилиши, қачон сени қўриқлаб ётган посбонлар кетиши номаълум мангу маҳбусликка ва эрксизликка маҳкум этилган қўрғонга ўхшардинг ва бу қўрғон деворларидан ошиб, ёт бир назар ҳеч қачон ичкарига тушиши мумкин бўлмагани каби сенинг ҳам хавотир ва шубҳалардан дилдираб турган таҳликага маҳкум ичкарингга ҳеч ким шарпани четлаб ўтиб киролмас, аксинча, кунма-кун шарпа таъқиби кучайиб, сени ўзининг ожиз ва забун асирига айлантириб борарди, зеро, шарпа энди хонангда сездирмай ўз салтанатини ўрнатган, сенинг ўзинг яккаю ягона фуқороси бўлишингга қарамай, бу салтанатга ёт бўлиб қолгандинг ва ёт бўлиб борардинг. Шарпа ваҳми эгаллаб олган шууринг энди сени ўз мулкидан аста-секин худди ёт қўшинларни мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқараётган лашкардек ҳайдарди. Сен ўзингдан ҳайдалардинг. Юрагингнинг қайси бурчагига боқма, у ерда сени беўхшов ва жонҳалок шарпа ваҳми кутиб олар, сен хотиржамлик деразасини қанчалик урма, сени ичкарига киритмасдилар. Сен шарпа ҳақида ўз танишларинг, яқинларингни хабардор қилиш зарурлигини англадинг. Балким кўплашиб шарпадан халос бўлиш чораси топилар? Шарпа ҳақида биринчи бўлиб гапирган дўстинг сенга ажабланиб тикилди- у сени уйдирма қилаяпти деб ўйлаганди. Бироқ кўзларингга боқиб, ёлғон гапирмаётганингга ишонди ва бир неча ҳафта сен билан бирга яшашга, шарпани ўз кўзлари билан кўришга рози бўлди. Кечқурун у хонангда қурол-яроғ-тўр, олов пуркагич, арқон билан пайдо бўлди ва ваъда берганидай сен билан бир неча ҳафта бирга яшади. У сени ухлатиб, тунлари бошингда қоравуллик қилар, яроғларни шайлаб турарди. Бир неча ҳафта дўстинг уйқусизликдан озиб-тўзиб, абгор қиёфага кирди. Сен унинг садоқатидан ичингда ғурурланардинг. У тунлари ҳар бир хилватни пойлаб тонг оттирар, эрталаблари уйғонар экан, унинг уйқусизликдан кўзлари қизарган, қуролини қўлида маҳкам қисганча, эснаб ўтирган ҳолатда кўрардинг. Охири унинг ҳафсаласи пир бўлди. Асбоб-анжомини жойлаб, жўнаб кетар экан, сенга ачиниш ва бироз мазах акс этган кўзларини тикди.
-Биласанми,- деди у эшик олдида сенинг хайрлашишиш учун чўзилган қўлингни қаттиқ қисар экан.- Бу уйда сенинг ўзингдан бошқа ҳеч қандай шарпа йўқ. Шарпа сенсан!
Дўстинг ўлжасиз қайтаётган овчидай зарда билан катта-катта қадам ташлаб сени яна ёлғиз ташлаб кетди. Шунча пайтдан-дўстинг билан бирга яшаётгандан бери сасини ҳам сездирмаган шарпа эшик ёпилиши билан яна елканг оша сени пойлашга тушди: сен ғайри шуурий тарзда унинг пайдо бўлганини сездинг. Дўстингнинг гапларидан сўнг сен шарпа ҳақидаги гапларингга ўзингдан бошқа ҳеч ким ишонмаслигига ва бу шарпа фақат менга кўринишга ва фақат мени маҳкум этишга мустаҳиқ этилган деган қарорга келдинг ва бошқа бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демасликка ва кулгу, масхарага қолмасликка қарор қилдинг.
Сен кечалари туш-у ҳуш аралаш ихрашларни, шовурларни эшитиб қолар экансан, унга қарши чиқишга ўзингда ҳеч бир умид қолмаётганини сезардинг. Барча умидларингни шарпа ваҳми ўғирлаб олганди. Бироқ сен ўзингнинг хонадан бутунлай суриб чиқарилмаслигинг учун товуш чиқариб, унга уруш эълон қилар, бу уруш эълон қилишдан кўра кўпроқ таслим бўлишга ўхшарди. Сен шарпани енгиш ва хонангдан ҳайдаб чиқариш учун ички бир жасорат топишни истар ва шу истаккина сени ҳаёт билан боғлаб турарди. Аввалига сен у шарпанинг жисми ва шамойилини аниқлаш учун ҳар хил тажрибалар ўтказдинг. Ойна олдида соатлаб елканг оша тўкилиб турган зулматга боқиб турар, зора кўзгуда унинг шамойили кўриниб қолса дея умид қилардинг. Аммо шарпа сендан айёрроқ чиқди, у ойна олдида ўтирганингда бирон марта кўзга ташланмади, сенга ҳужум ҳам қилмади. Бу тажриба натижа бермагач, энди шарпани ҳайдаш ва чўчитиш учун сени олис болалигингдан бери ҳалигача тарк этмаган одатингга кўра деворга қушларнинг суратини чиза бошладинг. Сен бу суратлар билан ўзингнинг ҳали тириклигингни ва яшаётганлигингни, сени ҳали ҳам ҳайрат ва шавқ тарк этмаганини шарпага кўрсатиб қўймоқчи эдинг. Суратларинг аввалига анча беўхшов чиқаётганди, бора-бора қушларнинг суратини чизишга шунчалик устаси фаранг бўлиб кетдинг-ки, хонангга тўсатдан келиб қолган киши сурат эканлигини билмаса, девордаги расмини кўриб, қуш учиб юрибди деб ўйлаши мумкин эди. Сен хонада ёлғиз қолмаслик, шарпага буткул асир бўлмаслик учун хонангни қушлар суратига тўлдириб юбординг. Энди қушлар ерда, деворларда, шифтда, тўшакларингда, ошхонада учиб юришарди, улар эркин ва озод эдилар. Сен уларнинг эмин-еркин парвозини кўриб, қувонардинг. Қушлар гўё сен эришолмаган ва бир умр орзу қилган манзаранинг бир парчаси эди; уйинг оқ чағалайлар уя қурган ва парвоз қилиб юрган денгиз ўртасидаги ёлғиз ва мағрур қояга ўхшарди. Қушлар парвози ва қийқириқлари билан денгиз шовуллаши қўшилиб, ажиб бир гўзаллик пайдо қилар, денгиз чайқалар, қушлар тинимсиз қанот қоқарди.

Бир куни қушларнинг галалаб учиб юриши ҳам сенга ҳалақит бераётганини англадинг, хусусан, сен тасаввур қилган шарпа олдида бу қушлар митти ва ожиз эдилар. Шунда барча қушларни ёқиб ташлаб, тўғри деворнинг ўзига хонангни тўлдириб турадиган улкан қушнинг суратини чиздинг. Чизиб бўлгунча улкан тошга улкан қуш аксини ўйиб солган ҳайкалтарошдек ҳориб-толиб қолдинг. Лекин бу ҳорғинлик лаззатли ва фароғатли эди. Қушнинг қанотлари парвоздагидай кенг ёйилган, кўзларида қатъият ва жасорат акс этарди; у шу учишида бутун ер юзини кўтариб учадиган шаҳди бор эди гўё; уни парвоз ва эркидан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмас, у ҳамма нарсадан юксак ва баланд эди. Сенинг-ча уни ҳеч ким ер юзига тортиб туширолмас, парвозидан, эркидан айро қилолмасди; сен қушга қўшилиб, осмонларда учиб юрардинг, ерга қайтиб тушишини истамасдинг. Учиш нақадар завқли ва фароғатли эди. Сен бепоён кенгликда озод ва эркин учиб юрар, юксакликда сенга ҳеч ким дахл қилолмас, ваҳм, қўрқув, ташвишлар, ҳаммаси пастда қолиб кетганди. Сен ўз хонангнинг ва ўз орзуларингнинг қушига айланиб қолганингдан бахтиёр эдинг; уни тўшакда чўзилиб ётганча соатлаб томоша қилар, қушнинг учқур ва бақувват қанотлари хаёлингга парвоз, ўзингга куч ва далда берарди. Бироқ бу қувончинг узоққа чўзилмади; бир куни тонгда кўзингни очганингда қушни қанотлари тўзғоқ, афтода ва забун ҳолатда кўрдинг; унинг патлари хонада тўзиб ётар, ўзи эса жонсиз ва ҳаракациз эди; қанотлари юлиб олинган бу қушни кўрганингдан сўнг тунда ухлаб ётганингда шарпа билан мардонавор олишиб ҳалок бўлганини сездинг. Қуш шарпадан сени ҳимоя қилиб, тонггача курашиб, кейин жон таслим қилганини англадинг. Шарпа сенга ўзининг куч-қудратини намойиш қилиш учун ҳам қушни шафқацизларча ғажиб ташлаганди. У сенинг ёлғиз умидингни ҳам сўриб олишни истаганди. Шарпани енгадиган, уни хонангдан ҳайдаб чиқарадиган куч йўқлигини намоён қилмоқчи бўлганди; бироқ сен бу марта умидсизликка тушишни эп кўрмадинг. Қушнинг ўлими сенда яна умид, қандай бўлмасин ўзингнинг мавжудлигингни, мавжуд бўлиб қолишингни, сени эгиш, бўйсундириш, муте қилиш осон эмаслигини исботлаш истагини уйғотганини шарпа билмасди. Қуш мардонавор ўлими билан сенда қандай бўлмасин шарпага қарши курашиш туйғусини пайдо қилганди. Шарпа эса ёлғиз қолдинг дегунча хонангда кеза бошлар, тунда, айниқса, у яйраб кетарди. Бу эса сендан ҳеч қачон ғафлатда қолмасликни талаб қиларди. Шунинг учун сен хонангдан зулматни ҳайдаб, ҳамиша ёруғ бўлишнинг йўлини ахтара бошладинг. Бу йўлни охири топдинг ҳам. Xонанг шифтига кўм-кўк мовий осмон ва порлаб турган қуёшнинг суратини чизиб қўйдинг; осмон бепоён ва гўзал эди, қуёш эса кеча-ю кундуз ҳеч қачон бу ерларга тун, зулмат келолмаслигидан дарак бериб, порлаб турарди. Сен ўзингнинг кичкина осмонингни ва қуёшингни топган эдинг; хонангда осмон ва қуёш пайдо бўлиши билан шарпа ғойиб бўлди, ниҳоят сен ғалаба қилдинг. Шарпа енгилган эди. Сен шарпадан абадий қутилганингга шубҳа қилмасдинг. Шарпа доимо қуёш нурларига ғарқ хонангга ҳеч қачон ташриф буюролмасди. Шарпа қуёшдан ва осмондан қўрқарди. Сен эса тўшакда ётганча шундай қўл узаца етадиган осмонни, қуёш нурларида ҳам элас-елас кўзга ташланаётган олис юлдузларни томоша қилиб, завқланиб ётардинг. Осмонга яқин, осмон билан бирга яшаш қандай лаззатли эди! Қандайин дилбар эди. Аммо сени бахцизлик кутиб турганини хаёлингга келтирмасдинг. Ўша куни уйга қайтиб, хонанг зулматга чўкканини кўриб, инграб юбординг. Шарпа қуёшни қопқора бўёққа бўяб қўйган, осмон эса зулматда кўринмай қолганди. Зулмат ичида хонага киришинг билан сени жангга ундовчи шитирлаш эштилди – бу шарпа эди; у сенга оч, ёвуз кўзларини тикиб, уй бурчагида турарди. Энди уни аниқ кўриб турардинг. У зулматга ғарқ бўлгани каби ё зулматнинг бир қисми каби зулмат ичида ғимирлар, озурда, телба, аламзада ва харрос ҳолатда эди; сен уни бир зум кўрдинг-у шу он у яна кўздан йўқолди. Энди у тун-у-кун хонанг бўйлаб тинимсиз кезиб юрар, сени ғафлатда қолдириши учун пайт пойларди. Сен энди маҳкум эдинг, энди у билан бирга бўлишга, унинг ёвуз хавотири ва таъқиби остида бир умр яшашга маҳкум этилгандинг. Гўё тарозининг икки палласидай, шарпа ва сен, бир-бирларингни гоҳ у сени, гоҳ сен уни таъқиб қилиб, сонияларни, лаҳзаларни, дақиқаларни, кунлар ва ойларни қувлаб яшар, шарпа сенга берилган умр тугагунча, ё сен шарпани ё шарпа сени буткул енгмагунча таъқиб ва ваҳм оғушида, у чизиб берган зулматга ғарқ этилган юлдузсиз осмон остида яшашга мустаҳиқ этилгандинг.
Mualifning boshqa asaralari
1 Adabiyot baribir yangilanaveradi [Nazar Eshonqul] 2559
2 Ajr (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1065
3 Адабиёт барибир янгиланаверади [Nazar Eshonqul] 537
4 Ажр (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 544
5 Bahoviddinning iti (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1558
6 Bitik (hikoya) [Nazar Eshonqul] 608
7 Баҳовиддиннинг ити (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 537
8 Битик (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 512
9 Istilo (hikoya) [Nazar Eshonqul] 690
10 Истило (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 510
11 «Mutolaa ezgulikka boshlaydi» [Nazar Eshonqul] 1216
12 «Мутолаа эзгуликка бошлайди» [Nazar Eshonqul] 506
13 Ogʻriq lazzati (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1204
14 Oq alanga (hikoya) [Nazar Eshonqul] 640
15 Ozod qushlar (hikotya) [Nazar Eshonqul] 1462
16 Озод қушлар (ҳикотя) [Nazar Eshonqul] 520
17 Оғриқ лаззати (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 547
18 Оқ аланга (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 480
19 Qalb toʻzoni (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1027
20 Qaytish (hikoya) [Nazar Eshonqul] 742
21 Qultoy (hikoya) [Nazar Eshonqul] 760
22 Қайтиш (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 485
23 Қалб тўзони (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 537
24 Қултой (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 512
25 Sanat (hikoya) [Nazar Eshonqul] 901
26 Sibizgʻa volasi (mif-hikoya) [Nazar Eshonqul] 795
27 «Samoviy zavq lazzati» [Nazar Eshonqul] 631
28 «Самовий завқ лаззати» [Nazar Eshonqul] 531
29 Санъат (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 471
30 Сибизға воласи (миф-ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 502
31 Tobut (hikoya) [Nazar Eshonqul] 2425
32 Тобут (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 532
33 Xaroba shahar surati (hikoya) [Nazar Eshonqul] 927
34 Хароба шаҳар сурати (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 539
35 Yalpiz hidi (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1958
36 Ялпиз ҳиди (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 513
37 Oʻlik Mavsum (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1180
38 Oʻpqon (hikoya) [Nazar Eshonqul] 601
39 Ўлик Мавсум (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 489
40 Ўпқон (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 485
41 Shamolni tutib boʻlmaydi (hikoya) [Nazar Eshonqul] 3992
42 Sharpa (hikoya) [Nazar Eshonqul] 823
43 Шамолни тутиб бўлмайди (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 625
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика