Ялпиз ҳиди (ҳикоя) [Nazar Eshonqul]

Ялпиз ҳиди (ҳикоя) [Nazar Eshonqul]
Ялпиз ҳиди (ҳикоя) [Nazar Eshonqul]
I. Саратон
Дам олиш куни хонасида китоб ўқиб ётган Самандарнинг димоғига бирдан ялпиз солинган шўрва ҳиди урилди ва саккиз яшарлик пайти баҳор кунларининг бирида ҳаётларининг бурчагидан отасининг бир қучоқ ялпиз териб келгани ва онаси кечқурун ялпиз шўрва қилгани эсига тушди-ю, китобни ёпиб, ҳавони бурнига торта бошлади. Сўнг ўрнидан туриб, дераза пардасини сурди ва у ердан кўриниб турган, ҳали тўла сарғаймаган дарахтларни кўриб, кўнгли чўкди. Боғга ҳафсаласизлик билан кўз югуртирди. Боғдаги дарахтлар сийрак, лекин сершох эди; қаровсиз қолганидан боғни чириган чакалаклар босган, айни саратонда бу манзара нохуш таассурот қолдирар, кўп йиллардан бери қуёш кўрмай касал бўлиб ётган шол кампирнинг қўлидек қуруқ ва кўримсиз эди. Самандар улардан нигоҳини дарров олиб қочди. Шохларнинг синиб, сарғайиб, мунғайиб ётишини ортиқ кўргиси келмади. Негадир юраги ғаш бўлди. Деразага яқин иккита дарахт узун маржон шаклида мева қилган, меваси ҳали ғўр ва дарахт тусига нисбатан яшилроқ ва ялтироқ эди. Дарахтларнинг остида ботаётган қуёшнинг тангача шуълалари ўйноқларди. Боғнинг ярми жўка, дуб ва Самандар ҳали номини ҳам билмайдиган дарахтлардан иборат эди. У шаҳарда ҳар қадамда учрайдиган бу дарахт турларини бир-биридан зўрға ажратарди. Жўка дарахтини узоқ йили озғингина боғбондан билиб олганди. Боғбон ҳам боғдаги дарахтларнинг кўпчиллигининг номини билмасди. У фақат шарқона дарахтларнигина қийналмай санай оларди. Самандар эса ёшлигидан таниш бўлиб қолган олча, олма, шафтоли ва ёнғоқ ларахтларинигина таналарига қараб ажратиб берарди. Бироқ боғга дарахтлар аралаш-қуралаш экиб ташланган ва у боғдан кўра алланечук қаровсиз хиёбонга ўхшаб кетар, мевали дарахтлар деярли йўқ эди. Самандар деразага яқин, ҳали меваси қизарар-қизармас боғ ичидан ўтаётган мактаб болалари талаб кетадиган олча дарахтини ва панжара тўсиққа қаватма-қават экилган, лекин ҳеч қачон ёлчитиб мева қилмайдиган жийда дарахтини ёқтирарди. Олча дарахтининг танаси кексаларга хос ғадир-будир, сершох, сермева эди.
Жийда эса баҳор пайтлари бутун шаҳарни ўзининг ҳиди билан тўйдирарди. Самандар деразадан кўринаётган олча дарахтининг нариги бетдаги осмонга туташиб кетган юқори қисмидаги баргларининг сарғая бошлаганини кўрди. Шоҳда барглар қатор тизилганди ва Самандарга яқин бўлгани учун осмонни тилимлаб турган дастасиз ханжарга, барглари эса осмон саҳнида улкан мовий кўлга бир-бирининг тумшуғидан боғлаб, қатор териб қўйилган кичкина қайиқчаларга ўхшарди. Бу ҳозир Самандарга боши оғриб тургани учун ёқимли манзарадек бўлиб туюлди. Ҳатто баргларнинг қайиқчаларга ўхшашини кашф этганидан хурсанд бўлиб кетди. Баргларнинг худди денгиз тўлқинида солланиб турган қайиқлардек тебраниб турганини ва осмоннинг жуда ҳам мовий, боғнинг бўм-бўш, дарахтларнинг сукутда экани бир зум жуда ноёб гўзалликдай бўлиб туюлди. Ҳозир Самандарнинг қулоғига нарироқдаги катта йўлдан трамвай ва троллейбусларнинг тақа-туқлаб ёки гувиллаганча ўтиб бораётгани ҳам, машиналарнинг сигнали ҳам, болалар боғчасидан келаётган шовқини ҳам кирмасди: у ҳозир мана шу ноёб гўзалликни бутун онгига, шуурига сингдирмоқчидек, фақат боғ ичида дарахтлар ва барглар шитиригагина бутун эътиборини жалб этганди. Жўка дарахтининг қуёш тегиб турган қисми сарғиш тусда, бошқа қисмлари қорамтир-пистоқи тусга кирганини англаб қолди. Жўка дарахтининг сербарг новдалари орасида унинг шохлари деярли кўзга ташланмас, дарахт у турган деразадан ярми қора, ярми сариққа бўялган эски гумбазга ўхшаб кўринарди. Самандар бир ҳафтача олдин К. майдонидаги хиёбонга борганини эслади. Хиёбонда ҳали ҳамма нарса ям-яшил, гўё баҳор ҳали кетмагандек, гуллар очилган, арчалар хушбўй ҳид таратган, майсаларда намчил тафт бор эди. Хиёбон шу даражада гўзал, рутубатли, ҳар хил рангга беланган ажиб бир манзарага эга эдики, айниқса, қуёш ботган маҳали бу манзара яна ҳам гўзаллашар, кўзларини яшнатиб, юракни қитиқларди. Бироқ баҳри-дилини очиб юборадиган бундай гўзалликда қандайдир ясамалик бор эди. Самандар бу гўзаллик ўзига юқмаганини сезди. Ҳар хил шаклга солиб экилган гулзор ва майсаларнинг жозибасини ўзига сингдиролмади. У майсалар ичида ёки арчаларнинг доимо соя тушганидан зах бўлиб қолган жойларида биронта ҳам бегона, ёввойи, ўз холича ўсиб ётган ўтларни кўрмади. Ҳатто кўм-кўк бўлиб оқаётган хиёбон ичидаги кичкина жилғачанинг атрофи ҳам жуда эътибор билан тозаланган ва тартибга келтирилган эди. Тўрт бурчак шаклидаги майдонда майсалар қулф уриб яшнаб ётарди. Майсазорда фақат майса, гулзорда фақат гул ўсган, улардан одамнинг юзига роҳатбахш салқин ҳаво уфурар эди. Ўша куни Самандар худди ҳозиргидай қишлоғининг чеккасидаги доимо сув сизиб ётганидан нақ чангалзорга айланган ва ёввойи гулларга бурканган тўқайни эслаганди. Тўқайда майсалар товон урар, ҳар хил гуллар аралаш дасталари сувга қониқиб, бутун бир тўқайни ҳиди билан маст қилиб турган, тарсиллаган ёввойи ялпизларни, печакгул ва шамакгулларни, тўқайдаги юлғун, зирак ва харсанглар соясида офтоб тегмаганидан сарғиш тусга кирган қоқигулларни эслаганди. Негадир болалигида унга қадрли бўлмаган тўқайдаги ўша анвойи гуллар, энди ҳатто ўсимликлари, гуллари ҳам тартиб билан ўсадиган шаҳарда унга алланечук ардоқли бўлиб туюларди.
У балким бир ҳафта олдин қишлоғининг четидаги тўқайда ўсадиган бўлиқ ялпизларни эслаган ва сўнг унутгани учун ўша куни юзага чиқар-чиқмас, яна яширинган - ҳали ўзи ҳам нима деб аташни билмаган ботиний туйғулари ва хотиралар бугун китоб ўқиб ётганида ўз-ўзидан шуурини банд этиб, бир зум сувга яширинган пўкакдек хаёлига лип этиб қалқиб чиққану, унга ялпиз солинган шўрва ҳидини эслатгандир? Ҳар қалай, Самандар ялпиз солинган шўрва ҳидини қўмсарди. Шу сабабли бўлса керак, уйнинг орқасидаги болалар боғчасига қарашли қаровсиз боғ унинг кўнглига яқинроқ эди. Йўқ, у қарийб саккиз йилдан бери шу ерда яшаётгани учун бу боғ қадрдон эмасди, балки, ўша, ҳатто одам тушунтириб бера олмайдиган, майсалар билан гуллар ўртасидаги ҳали буткул чегара ўрнатилмаган, ўсимликлар ўз эркича ўсиб ётган, баъзи кунлари деразани очиб, ишлаб ўтирганида ялпиз ҳиди келиб қолгани учун мана шу қаровсиз боғ Самандарнинг кўнгли ва хотираларига яқин эди.
Ўшанда у биринчи синфни тугатаётганди. Ёмғир эндигина ёғиб ўтган, боғдаги майсаларнинг кафтларида маржон-маржон томчилар жилваланар, отқулоқлар баргида ҳовуч-ҳовуч томчиларни кафтларига олиб, кўз-кўз қилиб турганга ўхшар эди. Отаси билан ҳаётнинг отхона жойлашган қисмига боргунча кичкина этиги худди яп-янгидай ялтираб қолган, бундан суюниб кетган Самандар ҳаётдаги ўтларга этигини тобора кўпроқ ишқаб ялтираган, узун чопонининг жиққа ҳўл бўлгунча ўтлар ичида мастона-мастона ағнаганди. Ўшанда отаси отхона девори остидан бир қучоқ ялпиз териб олган ва онаси кечқурун ялпиз баргларини солиб шўрва қилганди. Ялпизларнинг дастаси бўлиқ ва серсув эди. Самандар ўша кунги шўрва таъмини бошқа ҳеч қаерда туймади ва жуда кўп қўмсади. Ялпизли шўрванинг қурут солинганидан бироз тахир таъми ўша куни унинг оғзида бир умр ўрнашиб қолди. Онаси кейинчалик ҳам ялпиз солинган шўрва қилиб берган, лекин ҳеч қайсиси ўша кундагидай Самандарга хуштаъм туюлмаган ва дарров эсидан чиқиб кетганди.
Самандар олдинлари ҳам ўз хотиралари билан қаровсиз боғ ўртасида қандайдир уйғунлик борлигини кўп марта ҳис қилганди. Лекин бу қандай уйғунлик вав қандай ўхшашлик эканлигини ўзи ҳам билмасди. Боғнинг қаровсиз экани-ю, ўзининг доимо иккиланиб, шаҳар ҳаётига кўниколмай яшаётгани ўртасида қанчалик мутаносиблик борлигини ва нима учун бу ташландиқ боғга бунчалик кўнгил қўйгани-ю, боғ нима учун ўзига азиз ва мўътабар туюлишини билмасди. Лекин кейинги ойлардан боғ унинг бирдан-бир ҳамдарди, унинг сўзсиз суҳбатдошига айланди. Кўнгли қачон ёлғизликни ёки қишлоқ хотираларини қўмсаб қолганда, Самандар боғга кирар ва қаровсиз дарахтларга қараб, болалик пайтларини эсларди. Самандар дарахтлардан анқийдиган чиркин ҳидни туяр экан, новдаларга, шох-шаббаларга, хазон уюмларига тўлиб ётган, дарахтлари бўталаб кетган бу боғ унга ҳар қандай сўлим ва бежирим хиёбонлардан гўзалроқ туюларди. Куз ёки баҳор пайтлари шаҳарга адашиб кириб қолган довуллар, боғдаги кекса дарахтларнинг шохларини, қасир-қусур синдирар экан, Самандарнинг кўнглида ҳам нималардир қаси-қисирлаб кетарди. Шундай пайтлари уйқуси учиб, туни билан безовта бўлиб чиқар ва эрталаб бекатга чиқа туриб, довулга дош беролмаган шохларнинг мағлуб ботирнинг синган найзасидай ерга осилиб турганини кўрарди; шундай лаҳзаларда дарахтларга азбаройи раҳми келганидан, бу йилдан бошлаб боғга боғбон тайинлашларини сўрайман, деб аҳд қиларди.
Жиккаккина боғбон эса уч йил олдин қазо қилганди. Ундан кейин боғ ўз харажатини қоплолмагани учун ташландиқ бўлиб қолди. Лекин баҳор келиши билан боғ ёввойи гулларнинг ва ям-яшил дарахтларнинг нафис-муаттар ҳидларига тўлиб кетар экан, Самандар ҳамиша ўз аҳдини унутиб қўяр ва боғнинг гўзаллигига мафтун бўлиб қоларди. Дарахтлар шу даражада зич, тарвақайлаб кетган эдики, синган-чириган новдалару ям-яшил барглар, ранго-ранг гуллар ичида дарахтнинг ўзи кўринмай қоларди. Баъзан бу ердан бир иккита адашиб чиқиб қолган ялпизни ҳам топиш мумкин эди. Боғда ёввойи гуллар кўп эди. Самандар ялпизни кўрганида ҳамиша ҳаяжонга тушар, ютоқиб ҳидлар. Кўнглида жўш урган хотиралар чўғига шу билан сув сепмоқчи бўларди. Бироқ ялпизнинг ҳиди у кутгандай димоғини куйдириб юборадиган даражада ўткир бўлмасди. Аксинча, ялпизда кўпроқ зах ҳиди ўрнашиб қолган эди. Шунда Самандар беихтиёр отаси отхона девори остидан териб келган ялпизларни ва ялпиз солинган шўрва ҳидини эсларди ва кечки пайтлари боғда сайр қилишни яхши кўрарди. Шохлар тарвақайлаб кетганидан боғ ичидаги йўлкалар ҳам ёпилиб қолган, Самандар боғни айланиб нариги томонга ўтарди. У томондан боғнинг ичига кирадиган йўл очиқ эди. Боғ ўз кексалиги ва ташландиқ эканлигини одамлардан яшириш учун атрофни шох-шабба билан ўраб ташлагандек эди. Бу ерда йўлак бўйлаб, тиғиз қилиб пўстлоғидан ҳамиша рутубат анқиб турадиган тераклар экилган, йўлак орқали боғ тўрига кириш ва болут дарахти остида ўтириб бемалол хаёл суриш мумкин эди. Самандар ўтирғичда соатлаб китоб ўқир экан, гоҳ жийда, гоҳ дубдан таралаётган сокин кўклам ҳиди ёки ёввойи гулларнинг анвойи ҳидини сезарди. Бундай пайтлари чиркин шох-шабба ва хазонларнинг ҳам ҳиди хушбўй бўлиб кетарди. Дарахт шохларида мунчоқдай-мунчоқдай ёмғир томчилари баргларнинг қорачиқлари каби ўйнаб, ялтираб турарди. Баъзан томчилар баргларига сирғалардай осилиб оларди. Самандар бу ерда ўзини эркин ҳис қилар, ҳар қандай хушту-хаёлларига эрк бера оларди. Гоҳида унга боғдаги гўзалликда ҳам қандайдир нуқсон бордай бўлиб туюларди. Бу қандай нуқсон эканлигини унинг ўзи ҳам бимасди. Самандар қишлоқдан шаҳарга келган пайтларини, у пайтдаги туйғуларининг нақадар поклигини ва ҳаётга завқ-шавқ, ҳайрат билан қараганини армон билан эсларди. У ишга борар, вақтида қайтарди, мана етти йилдан бери худди шу аҳвол эди. Маълум тартибга тушган: вақтида ишга борар, иш тугаши билан қайтар, дам олиш кунлари китоб ўқир ёки бирон дўстиникига борарди. Етти йиллик таржимаи ҳоли мана шу битта жумладан иборат эди. Кейинги йилларда ўзидан норози бўла бошлаганди. У ўз ҳаётидан қониқмас, умрининг кун билан туннинг ўзгаришидай бир хил эканлиги уни тобора ҳафсаласиз қилиб қўйган, тез-тез қишлоқ хотираларига берилиб кетарди. Хотирага берилиш билан тезда гуп этиб ялпиз солинган шўрва ҳиди димоғига урилар ва беихтиёр ҳапқириб кетарди. Шунда бирдан юрагида ҳар хил туйғулар ғалаён қилиб қолар, у ерда изнсиз довуллар бошланар, тўрт томони ҳам девор бўлган каталакдек уйда юраги сиқилиб кетар ва секин боққа чиқарди; оқ, ҳарир гулбаргларнинг худди қуш патидай учиб тушишларини ва сўнг жажжи қушлар каби оҳиста ерга қўнишини кўриб, бу бир лаҳзалик гўзалликдан кўнгли завқ-шавққа тўлиб кетар, умрининг беҳуда ўтаётгани ҳақидаги ўй-хаёлдан аста-секин фориғланиб борарди. Балки, мана шу сабаб боғ билан Самандарни бир-бирига яқин қилиб қўйгандир?! Боғ ҳам Самандарнинг назарида унга ўрганиб қолгандай эди. Уч йилдан бери у билан суҳбатлашар ва Самандар ўзи енгил тортгани сайин боғ ҳам ташландиқлигини унутаяпти, менга дардларини айтиб бераяпти деб ўйларди. Чунки у кирганда дарахтлар унга нелардир деб, шивирлай бошларди ва унинг кўнгли ҳам овозсиз шитир-шитирларга, чаҳ-чаҳларга тўлиб кетарди. Шундай лаҳзаларда самандар боғ билан ўзининг қалби айнан бир нарса эканлигига сира ҳам шубҳа қилмасди.
Самандар отасининг отхона девори тагидан ялпиз териб келганини ва ўзининг барра гул бедага то чопони ҳўл бўлгунча ағнаганини, майса қулоғидаги ёмғир томчилари унинг бўйнидан ичига тушиб, қитиғи келганини орзиқиб эсларди. Бедага ағнагани худди ляпиз солинган шўрва ҳидидай унинг эъзозли хотираларидан бири эди. У бошқа, ҳеч қаерда, ҳеч қачон ўша кунгидай завқ билан, шодлигидан қийқириб, ўзини батамом бахтли ва эркин ҳис этмади.Талабалик йиллари тоққа чиқиб, майсаларни кўрганда болалиги тутиб кетган, майсаларга мастона-мастона ағнаганди, лекин бу ағнаш унга бедага ағнаганчалик завқ бермаганди. Боғдаги майсаларнинг қулф уриб яшнаб ётганини кўрганда Самандарнинг ёшлик хумори тутиб кетар, лекин у энди бола эмас эди, атрофдаги баланд-баланд бинолардан аёллар ва эркаклар эрмак учун шунчаки боғни томоша қилиб ўтиришар ва эснаб қўйишарди.Мана энди бу манзаралар у одатдагидай дам олиш кунларининг бирида китоб ўқиб ётганида, булут ичига яширинган қуёш каби хаёлига балқиб чиққан ва бутун хотираларини ёритиб юборган ҳамда гоҳ болаликка, гоҳ отаси ялпиз териб келган олис оқшомга, гоҳ қаровсиз қолган боққа ўхшаб кетадиган ажиб бир хотиранинг торини чертиб юборганди. Самандар бу торнинг кўнглида борлигини илгарилари ҳам сезганди. Энди эса бу ўйчан ва хазин оҳангга қўшилиб, ўзи ҳам саркашлик ва ўйинқароқлик билан ўтган, лекин ҳозиргига қараганда мазмунлироқ ва бахтлироқ бўлган болалик кўчаларига ва ўша олис оқшомга мана бу ташландиқ боғ орқали ўтиб борарди. Боғ энди унга фақат хотиралар макони эмасди, балки, умрининг бир қисми ҳам эди, ким билади, эҳтимол умрнинг айнан ўзи ҳамдир.

II. Ҳазонрез
Куз қандай келганини Самандар деярли сезмай ҳам қолди. Мезон ойининг бошларида сафарга кетдию, ўн кунлардан сўнг қайтиб келди. У қайтиб келган куни шаҳарга ёмғир ёққанди. Ёмғир шу даражада енгил ёғгандики , эдики, гўё кимдир бутун шаҳар устига ҳўл рўмолчасини бир силкитиб олгандай эди. Шаҳардаги дарахтлар ҳали ўз рангини йўқотмаганди. У кечқурун боғ айлангани чиқди-ю, тонг қолди: бу ерда куз аллақачон бошланган, қуриган новдалар чирт-чирт узилиб тушарди. Энди боғ ёздагидан ҳам кўра аянчли тусда эди. Ёмғир тафти аралаш ер ҳиди келаётган бўлса-да, Самандар кўпроқ куйинди ҳидини сезарди. Бу ҳид фаррош аёл болалар боғчаси атрофини супураётганда боғдан учиб борган хазонларни ёқиб юборган жойдан - кекса ёнғоқ дарахти тагидан келаётганди. Самандарга бу ҳид нохуш нарсадан даракчи бўлиб туюлди.Бир ҳафталардан сўнг столида уч дона номозшом гулининг сўлиб ётганини кўрди-ю, ногаҳон куз келганини ва бунга ўзининг ишонгиси
келмаётганини англади. Гулларни уч кун олдин қизи болалар боғчасидан - гулзордан узиб келганди, сўнг отасига мақтаниб кўрсатган эди: қизи гулни ҳадеб искарди. Самандар ҳатто ақли етмаган гўдак ҳам гўзалликка бунчалар шайдо бўлишини кўриб, ҳаяжонланиб кетганди. Қизининг юзи ҳам эндигина очилган ғунчадай яшнаб турарди; қизи унинг китоблари билан овора бўлиб, гулни стол устида унутиб қолдирган, у келтирганда гулларнинг сарғиш гулбарглари ҳали сўлим эди. Самандар уч кунча олдин гулларни столида кўриб, ухлаб ётган учта гўдакка ўхшатганди; энди эса, қовжираб қолганда улар болаларга яна ҳам кўпроқ ўхшар, фақат уларда ҳаётдан асар ҳам йўк эди. Гуллар қуриб, малла тусга кирганди. Самандарнинг уларга кўнгли ачишди-ю, столи устидан олиб ташлагиси келмади; гулларнинг биронта ҳам барги тўкилмаганди, улар ўлим билан мардонавор жанг қилганди. Бу йил куз, унинг назарида, бошқача келди. Энди тўкилаётган хазонларни у кузнинг тириклик ва ўлим ҳақидаги қасидаси деб эмас, балки ҳарир кўйлак кийган, хаёлидаги ва боғдаги мусиқага мос рақс тушаётган фаришталар деб ўйлай бошлади.
Самандар кечқурунлари ишдан қайтар экан, тролейбус деразасидан баргларнинг қандай тўкилаётганини кўриб, юраги орзиқар, уларнинг бунчалик тез тўкилаётганидан ҳайратга тушарди. Автобус ва тролейбус шарпасидан йўл бўйидаги дарахтларнинг барглари дув тўкиларди. Кечки қуёш шуъласида Самандар баргларнинг қандай ялтираб кетганини ва ҳавода узоқ пирпираб турганини кўрганда, бир пайтлар қандайдир кинода кўрган денгиз чағалайлари эсига тушарди. Чағалайлар ҳам кўм-кўк денгиз устида оғирликларини гоҳ у- гоҳ бу қанотига солиб учар ва тонги қуёшда уларнинг оппоқ қанотлари жилваланиб кетарди. Тўкилаётган барглар эса қандайдир улкан идишдан узлуксиз тўкилиб турган тафтсиз митти юлдузчаларга ўхшарди ва ҳавода узоқ пирпираб туриб қоларди. Самандар шунда таниш ёш шоирнинг куз ҳақидаги сатрларини эсларди ва хаёлан бу сатрларни такрорлар экан, шеърдаги ташбеҳдан ҳамиша ҳаяжонга тушарди.
Баъзида деразадан саратонда ўзи бир-бирига тумшуқларини тираб, боғлаб қўйилган қайиқларга ўхшатган шох энди шип-шийдам бўлиб қолганини кўриб, қайиқлар денгиз бўйлаб қаёққадир сузиб кетган, кўрфаз бўшаб, энди фақат феруза денгизгина қолди деб ўйларди. Бу денгизда ҳам тез-тез бўронлар бўлиб турар, уни қоп-қора довуллар қоплар, қийқирганларида тўда-тўда булутларни қайгадир қувиб ўтиб қолар, жала пайти эса боғдаги хазонлар ростдан ҳам қайиқчалар каби қаёққадир оқиб жўнарди.
Самандар кўнглига оқиб кираётган шу тахлит кечинмалардан ўзини маст бўлиб қолгандек сезарди. У бу туйғулар қалбига оқиб кирган сайин мулоҳазалироқ, мулойим, дилгир бўлиб бораётганини англарди ва ҳозирги ҳаёти аввалги ҳаётидан мазмунлироқ туюларди. У авваллари йиллаб бирон марта ҳам чин юракдан ғуссага тушмаганини, ҳайратланмаганини таажжуб билан эсларди. Ваҳоланки, ўшанда ҳам шу боғ бор эди. Куз ўшанда ҳам худди шундай сирли туюларди. Сабабини ўйларди-ю, тагига ета олмасди, лекин менинг бунчалик хазонришта бўлиб қолишимга ўша саратондаги ялпиз солинган шўрва ҳидини эслаганим сабабчи бўлди, бўлмаса, мен бу оламда ғафлатда ўтиб кетардим. Бу гўзалликларни сезмай қолардим, деб ўйлай бошларди. Баъзида эса куз ҳам, боғдаги сукунат ҳам, хазонларнинг рақсга тушаётгани ҳам, кўнглидаги кечинмалар ҳам ва ўзи ҳис этаётган ботиний гўзаллик ҳам - ҳаммаси кўнглидаги ўша туганмас қўшиқнинг давомидай бўлиб туюлар ва ўша қўшиқ кўнглини энди тобора забт этиб олаётганини сезиб қоларди. У кузнинг аста-секин уйига ҳам бостириб кираётганини дафъатан сезиб қолди. Бир ойча олдин хазон боғнинг ўзида уйилиб ётганини кўрганди. Бир неча кундан сўнг эса хазон уй билан боғни ажратиб турган панжарадан ўтиб, йўлкага ҳам сирғалиб ўтганини кўрди. Бир ҳафтадан сўнг эса кечаси довул бўлди. Эрталаб у ишга отланаётганида даҳлизда иккита хазон ётганини кўриб қолди ва шунда куз ҳатто уйга ҳам бостириб кирганидан хурсанд бўлиб кетди. Хотини эса унинг кечаси деразани очиқ қолдирганидан норози бўлиб, хазонларни супуриб олди-да, ахлат челакка ташлаб юборди, сўнг худди юқумли касалликнинг жойини тозалаётгандек даҳлизни яхшилаб артди. Самандар шунда бу хазонлар боғдан менинг уйимга мадад излаб учиб келган деган ўйга борди. Лекин бу ўйини хотинига айтиб масхара бўлишдан қўрқди.
Самандар бир кечаси дераза қаттиқ тақиллашидан уйғониб кетди. У ётган жойидан шошиб турди-ю, гарангсиб деразани ва юпқа ёғоч тўсиқни очди, юзига ёмғир ҳиди, сўнг томчилар урилди. У зим-зиё тунда деразани қоққан кишини қидириб аланглади, лекин ҳеч ким йўқ эди. Шунда у дераза менинг хаёлимда тақиллаган деб ўйлаб, хотиржам тортди. Бироқ эртасига яна кимдир деразани шошиб қоқди. Самандар деразани очиб ҳеч кимни кўрмади. Яна ёмғир аралаш хазон ҳидини сезди ва энди ўзидан хавфсирай бошлади. Фақат учинчи кунгина «безори»ни тутишга муваффақ бўлдик бу - деразаси ёнида ўсган кекса ўрикнинг шохчаси эди. Шамол турганда шохча силкиниб деразани тақиллатарди. Самандар шохчани ушлаб кўриб, унинг ғадир-будир, совуқ эканини сезди: шохчада ҳаёт асари сезилмасди. Азбаройи шохчага раҳми келганидан унинг бандини бир-икки силади-ю, шохчага тегинмади. Унинг назарида куз ўзини безовта қилишга ҳаққи бордай эди. Шохча ўзини эслаганидан хурсанд ҳам бўлди. Бир куни ишдан қайтганида шохчанинг узиб олинганини, қора чирик пўстлоғи қўли кесиб олинган енгдай осилиб турганини кўрди-ю, бу хотинининг иши эканини билди. Эрталаб хотини бир ҳафтадан бери дераза тақиллашидан ухлай олмай чиқаётганидан нолинган эди. Самандар шунда хотини билан ўзи орасида катта жар пайдо бўлаётганини англади: бу жар тобора катталашиб борарди, назарида хотини ҳеч қачон ўзини тушунмагандай туюлиб кетди. «Гўзалликни бўғиб қўйиш ҳам, гўзалликка нисбатан куч ишлатиш ҳам ер юзидан ҳаёт илдизларини суғуриб ташлаш билан баробардир», - дея ўйлади Самандар қандайдир китобдан ўқиган сўзларини хотирлаб. Самандар шу кунларда бутун вужудига қайдандир келаётган хазин оҳанглар сингиб бораётганини сезарди, бу оҳанглар қаровсиз боғдан таралаётгандай эди.
Самандар вужудида қандайдир таранг тортилган торлар бору, торлар боғдан келаётган оҳангларга акс-садо бераётгандай туюларди. Баъзан торлар гўё танбур торларидай ғўнғиллаб кетарди. Баъзида эса ёмғирнинг боғни ҳафсала билан чўмилтираётганини деразадан томоша қилиб турар экан, ёмғир ўзининг кўнглидаги ғуборларни ҳам ювиб кетаётганини ҳис этарди.
Октябрнинг иккинчи ҳафтасида кун бирдан исиб кетди. Ердан, айниқса. боғдан буғ ва ҳовур кўтарилди. Ҳовурдан чирик хазон ҳиди анқирди. Ҳатто одамлар кўйлакчан юра бошлашди. Бу мавридсиз ҳароратга алданган боғнинг чеккасидаги майсалар яна қайтадан ям-яшил бўлиб бош кўтарди. Самандар ишдан эртароқ қайтаркан, қуёш ҳали ботмаган, майдалаб ёмғир ёғарди. Бутун шаҳар рутубат қўйнида эди. Самандар ишхона ёнидаги хиёбон оралаб кета бошлади. Хиёбон ўртасидаги фаввора атрофида одамлар гавжум эди. Ёмғир томчилари бошқа кундагига нисбатан бугун негадир одамларнинг завқини қўзғатиб юборганди.
Томчилар юзлардан оқиб, ёқаларининг ичига кириб кетаётган бўлса ҳам негадир ҳеч ким жунжикмасди. Ёмғир томчилари илиқ ва роҳатбахш эди. Самандар фаввора ёнида томчиларга кафтини тутиб турган яшил ёмғирпўшли етти-саккиз яшар боланинг бошида тождай порлаб турган камалак ёйини кўриб, ҳайратланиб бир зум йўлак ўртасида тўхтаб қолди. Камалак боланинг бошида тождай ярақлар ва томчилар фонида товус патидай жимирлаб кетар эди. Бошида тож борлигини боланинг ўзи ҳам билгандай, юзида, кўзларида ғурур ва ҳайрат жилваланарди. Қўли билан ёмғир томчиларини қучоқлаб олмоқчидай шахти бор эди унинг. Салдан кейин бола катак-катак соябон кўтарган онаси билан зинадан кўтарилиб кетаётганда камалак ёйи боланинг белига осилиб қолди. Бу гўзал манзара эди. Бола ҳам ёмғир томчиларига юзини тутиш учун бир зум тўхтаганда камалак боланинг ёмғирпўши билан уйғунлашиб, яхлит бир сурат ясади. Энди камалак боланинг белида қиличдай осилиб турарди. Бола эса онасининг тортқилашларига қарамай ҳамон юзини осмонга тутиб турар, белида эса рангин шамшир ўйноқлар, бола ҳаракатига мос қилич бир йўқолиб, бир пайдо бўларди. Самандар токи бола зинадан ғойиб бўлгунча унга маҳлиё бўлиб қараб турди. У кўпдан бери бундай манзарани кўрмаганди. Кўрган бўлса ҳам парво қилмаганди; олти ойча олдин табиат инъоми бўлмиш ҳар бир манзарада инсонни поклайдиган қандайдир синоат бор дейишса, у ўша кишининг устидан мазах қилиб кулган бўларди; ҳозир эса ташландиқ боққа қараб, ўзини кашф этар экан, ғафлатда бунчалик узоқ қолиб кетганига ҳайрон бўларди. Камалак энди зинанинг ўзида қолган ва енгил ҳилпираб турарди. Самандар хиёбондаги фаввораларда пайдо бўлган яна бир неча камалакка кўзи тушди. Фавворалар юқорига отилар экан, ёмғир томчиларига урилар, ёмғир томчилари эса ўзидан ранг-баранг камалакларни таратарди. Қуёш қия ботаётганидан Самандар турган жойдан фаввора устида ловуллаб атиргуллар очилгандай бўлиб кўринди. Фақат бу атиргулларнинг гулбарглари турли рангда эди. Фаввора атиргули ёмғир томчиларини енгиб, бир юқорига кўтарилар, шунда атиргулнинг яшил гулбарглари кўпаяр, бир пасга солланиб эгилар ва қизил гулбарглари ловуллаб кетарди. Самандар бир неча сония қотиб турди ва юраги ҳапқириб кетди, назарида фаввора устига осмондан қучоқ-қучоқ атиргуллар ёғилаётгандай бўлди. Хиёбондаги майсалар яшил кўйлак кийган болалардай завқ билан юзларини чайишарди.
Самандар бекат томон борар экан, яна икки марта бурилиб фавворага қаради. Энди у йерда камалак жилваланмасди.
Самандар кейинги кунларда ҳам шу манзаралар таъсирида юрди. У баҳорда ёки саратонда эмас, айни бутун борлиқ хазон бўлишга, чиришга, сўлишга юз тутган фаслда ўз қалбидаги фаввора устига тушаётган гулларни кўрганидан хурсанд эди.

III. Баҳор Гуллари
«Буюклик ва гўзаллик ҳамиша ёнма-ён турса керак», деб ўйлай бошлади Самандар шаҳарда ўриклар гуллаб, йўлакларни оқ-қизғиш гулбарглар қоплаб олган ва кўнглида ўзидан кўра улуғроқ бир шижоат уйғонаётганини англаган, ҳар бир гўзаллик бутун таровати ва фусункорлиги билан кўнглига оқиб кираётганини ҳис этган пайтлар Боғ баҳор келиши билан бирдан ўзгача яшилланиб жўнаганди. Самандар ҳатто ўтган йили қуриб ётган дарахтларнинг қовжираган шохларида куртаклар ўсиб чиқаётганини кўрганди. Гарчи чиркин ҳиди ҳамон таралиб турган бўлса ҳам, энди боғдан кўпроқ кўкат ҳиди келарди; бир ёввойи ғурур билан очилиб яшнаган анвойи гуллар ҳам боғга ўзгача фусункорлик бағишланганди. Гулларни, айниқса, ялпизни кўрганда Самандар завқланиб кетарди. Ялпизлар ҳам бу йил ҳар йилгидан кўпроқ эди. Болалар боғчасидан оқиб келиб, боғнинг этагини айланиб ўтадиган ариқча атрофида бир қулочча жойда ялпизлар гуриллаб ўсиб чиққанди. Бу жой кекса жўка дарахтининг орқасида, кўздан пана жойда бўлгани учун ялпизни бу йил ҳеч ким юлиб ташламаганди. Самандар боғдаги гўзалликдан руҳи тиниқлашиб бораётганини сезарди. У кўнглида уйғонаётган туйғуларнинг булоқларини боғдан топгандай эди. Энди у ҳар куни боғга чиқар ва ярим соатча боғни айланар, кўнглида бирдан ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган кечинмалар пайдо бўлаётганини ҳис этарди; бу кечинмалар шунчалик нафис эдики, Самандар бу нафисликни бехосдан йўқотиб қўйишдан қўрққанидан оҳиста қадамлар билан юрар: кўксида жуда нозик гуллардан терилган гулдастани кўтариб юрганга ўхшарди.
Самандар ўз хаёлидан ва боғдан таралаётган олам билан уйғунлашиб борар, уйғунлашган сайин қалбида кўпроқ ташналикни ҳис этарди. Самандар бир неча ойдан бери зариф туйғулар билан яшарди, у бу туйғуларни қайта йўқотиб қўйишдан қўрқар ва шунинг учун ҳар лаҳза қаршисидаги қаровсиз боғнинг битта гўзал томонини кашф этар ва тобора у билан уйғунлашиб борарди.
Бир куни ишдан қайтиб, хотинига хонасини боғга қараган деразаси олдига жой қилдирди: столни тахтлаб бўлгач, оромкурсига чўкканча, боғни томоша қила бошлади.
Хотини чой олиб келди; изидан ўзи ҳам курси келтирди-да, эрининг ёнида ўтирди. Тўсиқ-панжара билан қатор қилиб экилган, лекин қаровсизлигидан шохлари панжаралардан ошиб тушган гуллар улардан атиги бир неча қадам нарида яшнаб ётарди.
— Гуллар негадир бу йил бошқача очилди, - деди хотини унга қарамай. - Негадир бу йил кўнгилга жуда яқиндек туюлаяпти.
— Ҳар йили ҳам шундай очиларди, - деди Самандар, - фақат биз эътибор бермасдик.
— Билмадим. Ҳар қалай, бу йил жуда бошқача, - деди хотини, - қараб турсанг, ҳар бир гул панжаралардан бошини узатиб қараётган қизалоқларга ўхшаб кетади.
— Тўғри, улар билан болалар ўртасида қандайдир ўхшашлик бор, - Самандар хотинининг топқирлигидан завқланиб кетиб, унга кулиб қараб қўйди. Хотини унинг гапини деярли эшитмади ҳам. У ўзининг таассуротларини бирдан гапириб қолишга ошиқарди, чоғи.
— Қараб турсангиз, гуллар ҳам бир-бири билан жуда берилиб гаплашаётганга ўхшайди; - деди яна хотини, - қулоғингга қиқир-қиқир кулганлари эшитилгандек бўлади, агар бирон гул тебраниб қолса, ҳаммаси бирга қўшилиб тебранишади.
— Гуллар ҳам худди биз каби яшайди. Тўғри, бизга қараганда қисқароқ,
лекин яшайди. Олдинлари гулни маъшуқа қизга ўхшатишган. Қаранг, қандай гўзал.
Самандар аруздаги икки байтни бармоқ оҳангига солиб ўқиди.
— Бу кимдан? Бизда одамни гулга ўхшатмайди, шекилли, - деди хотини, - мен одамни гулга ўхшатишни қандайдир япон ёзувчисидан ўқиганман.
-Бобурдан. Мен ҳам илгари шундай ўйлардим, - деди Самандар ва хотини бир пайтлари ўзи билан адабиётларга муносабат масаласида ҳеч келиша олмаганини эслади. - Лекин тўққиз ой олдин Навоийни ўқий бошлагач, бу фикримдан қайтдим.
— Одам гулни кўрганда кўнглида нимадир туғилади-ю, сўнг дарров йўқолади, афтидан, у йўқолмаса керак, бизнинг ўзимиз унутсак керак, - деди хотини яна гулзорга қараб.
Самандар хотинига ҳайратланиб қаради.
— Баъзида гулни кўрганда кўнглинг шундай яшнаб кетадики, бирдан яшариб қолгандай ҳис этасан ўзингни. Шунда ўзинг-ўзингга хунук кўриниб кетасан, бирдан бошқача яшагинг келиб қолади.
Самандар хотинига баттар ҳайратланиб боқди. Чунки хотини унинг кўнглида кечаётган, у бир неча ойдан бери тушуниб етолмаган нарсаларни жуда содда қилиб тушунтириб берган эди. Бирдан хотини билан ўзи ўртасида жар қурган ўша куз оқшомини эслади. Балким, ўша жар уларни айрича қилиб яқинлаштиргандир? Жар кўп нарсаларга тўсиқ бўлган-у, лекин уларнинг айнан бир нарсани ҳис этишларига, айнан бир нарса ҳақида бир хил фикрга келишларига йўл очиб бергандир? Ҳар қалай, Самандар ҳозир ҳижолат тортди.
— Ростдан ҳам, оқ атиргул гўзал бир қизга ўхшайди, - деди у ўзининг қизариб кетганини хотинидан яшириш учун. - қаранг, ана у гулбарглари - қат-қат сочлари, қизғишроқ яллиғи бор гулбарг эса юзи... Соч юзни оҳиста ҳовучлаб турибди... гўзал бир ҳикоя чиқаркан... Нима дедингиз? Сўзга уста бўлсам, ўзим ёзардим.
Хотини унга яйраб тикилди. Самандарнинг ҳаяжони унга ҳам кўчганди, юзи қизил туман чангланиб кетгандайин, кучсизгина қизарди.
Қизи эшикдан югуриб кириб, ўзини онасининг қучоғига ташлади.
— Ойижон, мен оламушук куйдим, - деди у тилини ясаб, эркаланар экан. Онаси унинг бошини силади. Лекин гулзордан кўз узмай:
— Гулларнинг номини жуда топиб қўйишади-да, - деди, - тугмачагул, гулибеор, қирқоғайни, оққалдирғоч... ростдан ҳам, қалдирғочга ўхшайди. Қизлигимда менга нуқул оққалдирғоч совға қилишса, деб орзу қилардим.
-Мен эса атиргул совға қилганман, - эслатди Самандар, хотинини илк бор оппоқ кўк гулли кўйлакда учратгани кўз олдига келди. «Ростдан ҳам ўша пайт оқ қалдирғоч га ўхшарди», ўйлади у дафъатан.
— Тўғри, - деди хотини, унга бир кўз ташлади-ю, уялиб олиб қочди. - Карамга ўхшаган улкан атиргул эди. Лекин ҳиди ҳалигача димоғимдан кетмайди, ўша гулни эсласам, негадир анови атиргуллар кўримсиз бўлиб қолади. Балким бу ёшлик хотираси бўлгани учундир?
-Анови гуллар қуёшчаларга ўхшайди, - деди қизчаси, дераза рахига осилганча, қўли билан панжара ағнаб ётган жойдан кўринаётган гулларни кўрсатиб. У отаси билан онаси нима ҳақида гаплашаётганини дарҳол англаб олган эди ва унинг чарос кўзлари ҳам ҳайрат, ҳам гўдаклик аралаш порлаб турарди.
Самандар қизи кўрсатган томонга қараб, сариқ мойчечакларни кўрди.
Мойчечаклар митти қуёшчалар каби яшнаб турарди ва ҳозир Самандарнинг кўзига бу митти қуёшчалардан таралаётган нурлар бутун боғни чароғон нурларга тўлдириб юборгандай бўлди.
У қизнинг гапидан энтикиб кетиб, уни қаттиқ қучиб олди. Ўзининг ҳаяжондан ёшланган кўзларини хотинидан яшириш учун кўзларини оҳиста юмди. Бирдан кўз олдини ялтираб турган ўргимчак уясидек тўр қоплаб олди; тўрнинг ҳар бир катагидан яшил шуълалар тараларди. У қобоғини озгина ҳаракатга келтириши билан яшил шуъла алвонлашар ва бутун кўз олди қип-қизил рангга тўлиб кетарди. Бу унинг юзига тушаётган қуёш нурларининг киприкларида акс этаётган жилвалари эди. Хотини унга худди бир энди кўраётгандек қараб турар, қуёш нурлари эрининг юзини оппоқ атиргулдай яшнатиб юборганидан дафъатан ҳайратга тушганди. Самандар кўзларини очганда хотини ўзига тикилиб турганини кўрди. Кўнглини хотинининг кўзларидан таралаётган ҳайрат ва фароғат эгаллади. Ўзи ҳам хотинига ҳайрат билан боқди. У ҳеч қачон хотинининг кўнглини ўзига шу дақиқадагидек ҳамоҳанг ва яқин ҳис этмаган эди.
У дераза олдида юзини сўнаётган офтобга тутганча ўтирарди. Хотини билан қизи ошхонага ўтишди. У ердан қизининг қандайдир қўшиқни хиргойи қилаётгани эшитилди. У курсига яхшилаб жойлашиб олди.
Хавода кўкат ҳиди аралаш гул ҳиди бор эди.
Қуёш уфқ ортига яширинди. Уфқ алвон рангга беланди: ҳозир феруза осмон фонида бу ранг жуда тиниқ ва равшан эди. Феруза рангдан ҳам алвон рангдан ҳам мусаффолик тараларди.
У уфққа қараб ўтирган куйи беихтиёр бир йил муқаддам курсдошлари билан бир дўстининг қабрига борганларини эслади. Марҳум тенгдошлари ичидаги энг ювош ва келишган йигит эди. У машинасида тўсатдан фожиали ҳалок бўлганди. Сабоқдошлари билан етиб борганда марҳумни энди чиқаришаётган экан. Марҳумнинг барваста гавдали отасининг йиғиси Самандарнинг юрак-бағрини эзиб юборса ҳам негадир Самандар йиғлай олмаганди. Бу хабар бутун тенгдошларини тўсатдан эсанкиратиб қўйганди. Улардан ҳеч ким йиғламади. Ҳамма бошини эгиб тураверганди. Бу бошқаларга шумшук қўринаётган бўлса-да, йиғлашаётганлардан кам қайғуришмаганди.
Самандар марҳумни кўмишаётганда оппоқ матонинг ичидан унинг юзини кўргандек бўлганди: юзи ҳам оппоқ эди. Кейин кўмиб бўлишгач, кимдир қабр бошига бир тувак сариқ атиргул қўйди. Самандар ўша куни гулга унчалик эътибор бермаган эди. Бироқ эртасига яна сабоқдошлари билан қабрга боришганда, кечаги гулларнинг ичида фақат биттасигина бир кечада қовжираб қолганини кўрди. Бошқа гулларнинг гулбаргларида ҳам сўлимлик акс этса-да, улардан ҳали ҳаёт нафаси уфуриб турарди. қуриб қолган гулнинг гулбарглари ҳам тўкилиб, қабр атрофига сочилиб кетган эди. У ўша куни гул билан одам бир-бирига жуда ўхшаш эканлигини ҳис этганди. Бир кун олдин қўйиб кетган гуллардан бири қабр бошида бир кечада тўкилиб бўлгани унинг хаёлидан ҳеч кетмади. У марҳумни эслаган сайин кўз ўнгига унинг оппоқ, келишган юзи келар ва ўлимига ишонгиси келмади. Лекин у марҳумни эслаши билан ҳаёт ва ўлим ораси бир қадам эканлигини ҳис қилар, ўзини ҳам қовжираб бораётгандай сезар ва ваҳимага тушарди. Сўнг у бу туйғуга кўникиб қолди. Қачон гул билан қабрни ёнма-ён кўрса, ҳаёт билан ўлим ораси бир қадам эканлиги эсига тушар, гул ва қабр, марҳумнинг юзи ҳеч хаёлидан кетмай қоларди. Унинг хаёлидан аста-секин гул, қабр ва марҳумнинг оппоқ юзи уйғунлашиб кетди: назарида аввал марҳум гулдай қовжираб тўкилган, изидан эса гул тўкилганди. Қабр билан гул орасига атиргулнинг сариқ гулбарглари тўкилиб тушарди. Ўша пайтда у сариқ атиргул билан қабр ўрасидаги бу қадар мутаносибликдан ҳайратга тушганди.
Бу манзаралар мана энди у худди уфққа тикилиб тургандай, хотиралари деразасидан унга тикилиб турарди.
Ҳозир ҳам у марҳумнинг юзини эслаши билан хотирасига лип этиб гул ва қабр қалқиб чиқди. Шунда у ўлимнинг бир қадам нарида турганини ҳис этди-ю, умрнинг бунчалик қисқа эканлигидан бирдан вужудини титроқ босди. «Бу иккаласининг ораси бунчалик яқин, - деб ўйлади у, - одам бир марта тўйиб нафас олишга ҳам улгурмайди». Сўнг уфққа қараб хотирасидаги ва кўнглидаги ваҳимани қувмоқчи бўлди. Бироқ ловуллаб ёнаётган уфқда ҳам сариқ атиргул ва қабр пайдо бўлди. Сариқ атиргулнинг гулбарглари оҳиста тўкилар, ловуллаб ёнаётган уфқдан қип-қизил чўғга айланиб ерга учиб тушарди. У хаёлидан гул ва қабрни ҳайдаш учун кўзларини юмди; бироқ гул ва қабр кўз олдидан кетмади; аксинча, уфқдаги қип-қизил олов бирдан асов шамол гирдобига тушган қип-қизил лолаларга айланди; лолалар у ёқдан бу ёққа тебранар экан, бир зум қоқ ўртада турган сариқ атиргул ва қабрни ютиб юборар, яна гул ва қабр қалқиб чиқаверарди. Самандар бундан ларзага келди: бу манзара хаёлида энди узлуксиз адвом этишини англади ва кўзларини яна қаттиқроқ юмиб олди; шу дақиқада бу манзарада қандайдир ҳузурбахш гўзаллик таралаётганини, кўнгли бирдан ҳамма нарсадан холи ва айни дақиқада ҳамма нарсага алоқадор, ўзи, вужуди билан кўз олдидаги манзаранинг бир бўлаги эканлигини, буни ҳис этиш қалбида тараҳҳум ва зариф туйғулар уйғотаётганини ҳис этди.
«Ҳар бир инсон қалбида олам билан уйғунлашишга ташналик бор, - дея ўйлади Самандар, - бу ташналик хунуклик ва турмушнинг кундалик туманлари ичида гарчи йўқолиб кетгандай туюлса-да, у бор, унинг борлигини билиш учун инсон ўз қалбини излаб кўриши керак; инсон умрининг мазмуни аслида ана шу ташналикдадир...».
Осмон бинафша рангга кирган эди; боғ устида сариқ атиргулнинг бир дона гулбаргидай ой қалқиб турарди.
Самандар буларнинг ҳаммасида теран бир умумийликни англади; у ҳамон қаровсиз боғни - кўнглини тинмай кузатарди.
У кейинги кунларда ўзини ҳам гул деб ўйлай бошлади; буни аввал у боғдаги панжара орқасидаги қаровсизликдан шохлаб кетган атиргулнинг ҳиди димоғига урилганда, кўнглида ҳам қандайдир бир нарса яшнаб очилиб кетганини сезган пайтда ҳис этганди; кейин бу ўхшатиш унинг миясида чарх уриб айлана бошлади ва Самандар ўзининг ҳам гул эканлигига энди шубҳа қилмай қўйди. Ўзини гул деб ўйлаш энди унга бачкана ҳам, беўхшов ҳам туюлмасди. Аксинча, бу ўхшатиш жуда табиийдай эди. Ҳатто у ўзининг қалбида қандайдир гул пориллаб очилганини, бутун танасига қучоқ-қучоқ ҳид таратаётганини сезгандай бўларди. Бу гул унинг назарида лолага ўхшарди.
Лоланинг гулбарглари ҳовучида бир томчи шудринг ўйноқларди; шудрингдан тонгнинг мусаффо ҳавоси таралар ва Самандарнинг вужуди бу гўзаллик қаршисида мадорсиз бўлиб қолар, танаси ҳузур қилар, гул эса тобора яшнаб борар, кўксида пора-пора чайқалар, бутун вужуди шу гулнинг нозик гулбаргларидек, оҳиста титраб кетарди.
Бошқа бир куни у панжара ортидаги атиргулни узиб олди-да, хонасига жўнади. Қизи ҳали боғчадан қайтмаган эди. Хотини унинг қўлидаги гулни кўрди-ю, тувак келтириб берди.
— Умиданинг хонасига қўя қолинг, - деди у кўзлари яшнаб гулни ҳидлар экан.
Самандар бош чайқади; ўзи ҳам гулни шунинг учун келтирганди. Гулни қизининг хонасига тувакка қўйди-да, қизининг кароватига ўтириб, уни томоша қила бошлади.
Қизининг гулни кўриб, қанчалик қувонишини ўйлаб, кўнгли яшнаб кетди.
У жилмайиб қўйди.
Юрагининг қуюқ туманлари орасидан - қаровсиз боғдан бу кўримсиз гулни топиб олганидан хурсанд эди.
Гул ёлқинланиб, хонани безаб юборгандай туюлди.
«Қизимга бу гулни сўлитма, дейман - дея ўйлади у, - ва гулни қандай парвариш қилиш кераклигини ўргатаман».

Самандар гулга қараб эгилиб олган, хотини эса эшикдан гўё хонадаги иккита гулни томоша қилаётгандай гулга ва эрига ҳайрат аралаш тикилиб турарди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Adabiyot baribir yangilanaveradi [Nazar Eshonqul] 2559
2 Ajr (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1071
3 Адабиёт барибир янгиланаверади [Nazar Eshonqul] 537
4 Ажр (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 545
5 Bahoviddinning iti (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1560
6 Bitik (hikoya) [Nazar Eshonqul] 608
7 Баҳовиддиннинг ити (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 537
8 Битик (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 512
9 Istilo (hikoya) [Nazar Eshonqul] 690
10 Истило (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 510
11 «Mutolaa ezgulikka boshlaydi» [Nazar Eshonqul] 1216
12 «Мутолаа эзгуликка бошлайди» [Nazar Eshonqul] 506
13 Ogʻriq lazzati (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1205
14 Oq alanga (hikoya) [Nazar Eshonqul] 641
15 Ozod qushlar (hikotya) [Nazar Eshonqul] 1464
16 Озод қушлар (ҳикотя) [Nazar Eshonqul] 520
17 Оғриқ лаззати (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 547
18 Оқ аланга (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 480
19 Qalb toʻzoni (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1029
20 Qaytish (hikoya) [Nazar Eshonqul] 742
21 Qultoy (hikoya) [Nazar Eshonqul] 762
22 Қайтиш (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 486
23 Қалб тўзони (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 538
24 Қултой (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 512
25 Sanat (hikoya) [Nazar Eshonqul] 901
26 Sibizgʻa volasi (mif-hikoya) [Nazar Eshonqul] 795
27 «Samoviy zavq lazzati» [Nazar Eshonqul] 631
28 «Самовий завқ лаззати» [Nazar Eshonqul] 531
29 Санъат (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 471
30 Сибизға воласи (миф-ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 502
31 Tobut (hikoya) [Nazar Eshonqul] 2441
32 Тобут (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 533
33 Xaroba shahar surati (hikoya) [Nazar Eshonqul] 927
34 Хароба шаҳар сурати (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 539
35 Yalpiz hidi (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1960
36 Oʻlik Mavsum (hikoya) [Nazar Eshonqul] 1181
37 Oʻpqon (hikoya) [Nazar Eshonqul] 601
38 Ўлик Мавсум (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 490
39 Ўпқон (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 486
40 Shamolni tutib boʻlmaydi (hikoya) [Nazar Eshonqul] 4011
41 Sharpa (hikoya) [Nazar Eshonqul] 824
42 Шамолни тутиб бўлмайди (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 625
43 Шарпа (ҳикоя) [Nazar Eshonqul] 516
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика