Озод қушлар (ҳикотя) [Nazar Eshonqul] |
Ҳаёт муъжизалардан иборат эканлигига сен ҳам ишонардинг. Сен ҳам бу асрдан мйъжиза кутиб яшардинг. Ҳолдан тойиб ишдан қайтар экансан, кичкинагина муъжаз уйингда тўшакка чўзилганча, ёлғизлик салтанатидай кўримсиз, ҳувиллаган хонангда қандайдир мўъжиза рўй беришини кутиб яшардинг. Бу мўъжиза бир неча дақиқадан сўнг юз берадигандай ўз хаёлларингдан ўзинг лаззатланардинг. Сен мўъжизасиз ҳам бахтли эдинг. Ер юзидаги миллионларча одамлардек осойишта ҳаёт кечирардинг. Ҳар ҳафтанинг сўнггида ўртоқларинг билан чойхоналарга, истироҳат боғларига борардинг. У ердан кайфиятинг кўтарилиб баҳри-дилинг очилиб қайтардинг. Бироқ негадир ўз ҳаётингни ўзгартирадиган, шавқ-у завқ олиб келадиган мўъжиза кутиб яшардинг. Бу мўъжиза гоҳ гўзал бир қиз, гоҳ лоторея ютуғи қиёфасида, гоҳ қандайдир ўзинг ҳам билмайдиган қиёфада кўз олдингда намоён бўларди. Бироқ мўъжиза сенинг хонангга тўсатдан кириб келишини, бутун ҳаётингни остин-устун қилиб юборишини ҳали билмасдинг. Сен ҳаётингдан ва хаёлинг жомидан тўкиладиган шаробдан масту мустар эдинг. Ўша кун сен ишдан яёв қайтдинг. Кўчада бўлажак аёз кунларнинг элчиларидай изғирин изғиб юрар, сенинг ёноқларингни, бурунларингни чимчилаб ўтарди. Ундан ўзингни ҳимоя қилиш учун қунишиб олгандинг. Тезроқ уйга етиб олиб, иссиқ хонангда мириқиб чой ичишни кўз олдингга келтириб, тезроқ юришга ҳаракат қилардинг, изғиринни худди ўткир қиличдай тилимлаб кетиб борардинг. Ўз кўчаларингга бурилганингда сен сал олдинроқ кетаётган қизил пўстинли, сочи елкасига ёйилган, бўйчан жувонни кўриб қолдинг. Бу кўчада яшайдиганларнинг барини деярли танирдинг. Дуркун оёқлари, бежиримгина тебранаётган елкаларига қараб жувоннинг ҳали жуда ёш эканлигини ҳис этдинг. Кўчада икковингдан бўлак ҳеч зоғ йўқ эди. Кайфиятинг чоғ эди. Шу сабабли аёл билан бемалол суҳбатлашишинг мумкин эди. Тез-тез қадам ташлаб, аёлга етиб олдинг, сўнг у билан ёнма-ён кета бошладинг. Шундагина аёлнинг ҳаддан таддан ташқари гўзал эканлигини билиб қолдинг. Аёл сенга бир қаради-ю, индамай кетаверди. Унинг кўзлари гўзал, жодули эди. Елкасига ёйилган сочлари худди қоядан тўкилаётган селдай силкиллаб турарди. Аёл сени батамом мафтун қилиб қўйган эди. Изғирин эса сенга рашки келгандай юзларингни тинмай чимчилар, аёлнинг эса оппоқ тиззаларини кўз-кўз қилиш учун этакларини очиб юборарди. Аёл сенга қарамай, дарҳол этакларини ёпар, сен унинг эндигина оқариб келаётган тонг шафағидай билинар-билинмас қизариб кетганини кўриб қолардинг. Аёлнинг лаблари изғирингга жаҳл қилиб титраб кетар экан, негадир бу сенга хуш ёқарди, аёл сенга осмондан юборилган туҳфадай, беихтиёр завқинг келиб, жилмайиб қўярдинг. Сен аёлнинг бу шаҳарлик эмаслигини сезгандинг; аёлнинг юзи сўлим, тиниқ ва оппоқ эди. Кўнглингда меҳмонни кўрганда туғиладиган мезбонлик туйғулари жўш уриб кетганди. Аёл бизнинг кўчага адашиб кириб қолган бўлса керак деган ўйга боргандинг. — Бу ерлик эмассиз, чоғи, - дединг томдан тараша тушгандай, тўсатдан, сирли қалъадаги қўшинни чамалаб кўраётган маккор лашкарбошидек синовчан оҳангда. — Йўқ, шу ерликман, - деди аёл йўлида давом этар экан, сўнг сенга қараб, майингина жилмайиб қўйди. Сен аёл ҳазиллашяпти, деб ўйладинг. Бироқ аёл жуда жиддий ва қатъий оҳангда гапираётган эди; у бу кўчани кўпдан бери биладигандай эркин ва хотиржам кетиб борар, муюлишлардан ҳам чалғимай ўтарди. У ростдан ҳам аниқ мақсад билан кетаётган сирли қўшинга ўхшарди. — Унда бу кўчада турмасангиз керак, - дея саволингни дарров ўзгартирдинг. Бу орада сен яшайдиган уйга яқинлашиб қолгандиларинг. Шу сабабли аёлдан ажралиб қоладигандай безовта бўла бошлагандинг. Вужудингга аёлнинг гўзал кўзларидан сен кўпдан бери кутган ва ҳар кеча ўйлайдиган қизнинг соғинчидай ширин бир орзиқиш оқиб кирганди. — Йўқ, шу кўчада яшайман, - деди аёл ва шу сўзлари билан сени бутунлай янчиб ташлагандай кибрли назар ташлади. Сизлар ўзинг яшайдиган уйга бурилар экансизлар, яна сўрадинг: — Қизиқ, мен ҳеч кўрмаган эканман-да, сизни. — Мен ҳам, - деди аёл. — Яқинда кўчиб келдингизми? Аёл энди сенга хўмрайиб тикилди. Хўмрайиш ортида яна қанча саволлар берасиз, бунча шилқим бўлмасангиз деган нозли бир эркалаш бор эди. — Мен шу ерда туғилганман. Ота-онам ҳам шу ерда яшашган. Сен батамом тонг қола бошладинг. Бу маҳаллада фақат ўзинг танийдиганлар яшайди, деб ўйлардинг. Бу кўчада этикдўз иккита жуҳуддан бошқа биронта ҳам ўзга кишиларни кўрмаган эдинг. Кўчадагиларнинг ҳаммаси сенга таниш эди. Бироқ аёлнинг ота-оналарини эслай олмадинг. Зотан бу кўча сени ва сенинг болалик тасаввурингни серямоқ этагига солиб катта қилган қадрдон кўча эди. Сен уйинг рўпарасига келганда таққа тўхтадинг ва аёлдан ажралгинг келмай, уни уйга таклиф қилмоқчи бўлдинг. Бироқ аёл ҳам сен баробари тўхтади ва сенга ҳайрон бўлиб тикилиб, сумкасидан нимадир излай бошлади. — Мана шу менинг уйим, - деди аёл ҳам тантанавор, ҳам хайрлашган оҳангда. Сен жилмайдинг. Аёл сени яшайдиган бу уйни билади ва ҳазил қиляпти, дея ўйладинг. Лекин аёлнинг ҳаракатлари қатъий эди. У ростдан шу уйда яшайдигандек тутарди ўзини. Шунда эсингга ҳамиша бирон ғаройиб воқеалар ўйлаб юрадиган ошноларинг тушди ва даъфатан миянгга аёлни тағин улар жўнатган бўлмасин, деган фикр келиб қолди. Аёлнинг кўзларидан ҳозиргина отилиб, кейин сочилиб кетадиган ҳазилнинг кўринишларини излай бошладинг. Бироқ аёл ҳамон жиддий, афтидан, ҳечам ҳазиллашгиси келмаётгандай сенга синовчан тикилиб турарди. Унинг кибрли ва мафтункор кўзларидан, чиройли, оппоқ юзларидан, заҳархандалик билан қимтиб олган лабларидан атрофга ёт бир малоҳат тараларди. Аёл сумкасидан худди сенинг қўлингдагидек калит чиқариб, эшикни оча бошлагач, бир зум эсанкираб қолдинг. — Кечирасиз, - дединг иложи борича қувноқ товушда. - Мен ҳам шу уйда яшайман. Аёлнинг кўзларида ҳайрат ва ғазаб жилваланди. Сўнг булранинг ўрнида қаҳр ўйноқлай бошлади. У сени қандайдир кўча шилқими деб ўйлаётган эди. Унинг кўзларидан бу фикрни уқиб олдинг-у, хўрлигинг келди. — Агар ишонмаётган бўлсангиз, мана, марҳамат қилинг. Сен уни четга суриб, ўз калитинг билан эшикни очдинг. Энди аёл сенга қизиқсиниб, бир эшикка, бир қўлингдаги калитга қараб қўйди, ниманидир ўйлаб, сенга шубҳа билан тикилганча туриб қолди. —Балки ўғридирсиз, - деди соддалик билан деярли шивирлаб. - Бекор қиласиз, бизникида ўғирлашга арзийдиган нарсанинг ўзи йўқ. — Қани эди, - дединг ўзингни қувноқ тутиб, - балки ростдан ҳам ўғридирман. Бироқ бу уй менга отамдан, отамга эса отасидан қолган. — Менга ҳам отам-онамдан қолган, -деди аёл. - Уларга ҳам отасидан қолган. — Уч хоналими? - деб сўрадинг сен хаёлингга келган режада бирдан қувониб, аёлни синаш учун. — Ҳа, уч хона, ундан ташқари - айвон, ошхона, кўмирхона, қазноқ бор. Сенинг ҳайратинг кўнглингда шубҳага айланаётган эди. Агар ҳозир отанг тирилиб келди, деса ҳам бунчалик ҳайратга тушмасдинг. Аёл сен яшайдиган уйни беками-кўст тасвирлаб берганди. Сен энди аёлга шубҳаланиб тикилиб қолдинг. Балки, бу аёл эмас, қандайдир инсу-жинсдир? Сен ҳеч қачон жинларга ва ажиналарга ишонмасдинг. Бироқ ҳозир ишонгинг, тавба қилгинг келарди. — Қизиқ, - дединг сен сўлғинлик билан, - балким, меҳмонхона деворига тоғнинг сурати солингандир? — Бўлмасам-чи,- деди аёл. - Гуллар очилиб ётган тоғ этагининг сурати бор. — Девордаги суратчи? Кимники. У одамларни ҳам танирсиз? — Ҳа. У ерда ота-онамнинг сурати осилиб турибди. — Ётоқ деворига қизил гилам осилган бўлса керак? — Тўппа-тўғри, отамга ўртоғи совға қилган. Сен ҳайратдан ўкириб юбораёздинг. Аёл сенинг уйинг ва сенинг отанг ҳақида гапирмоқда эди. Сен мўъжизага ишонардинг-у, бироқ мўъжизанинг бу тариқа ташриф буюришини сира ҳам хаёлингга келтирмагандинг. Мўъжиза ҳам худди аёллар каби маккор бўлиши мумкинлигини сен ҳали билмас эдинг. — Сиз қаердан биласиз? - дея сўради аёл ҳам энди сенга ажабланиб тикилиб. — Ахир мен шу уйда яшасам, қандай билмаслигим мумкин? - бақириб юбординг сен бироз асабийлик билан. Изғирин гоҳ сенинг, гоҳ аёлнинг юзида ўйноқларди. Аёлнинг этакларини кўтарар, сенинг ёқангни ҳилпиратиб, жиғингга тегарди. Сен жуда ҳам совуқ қотдинг. — Балким уйга кирармиз, - дединг сен аёлга ер депсинганча, - оёғим қақшаб кетяпти. — Меники ҳам. Иккаланг ҳам ҳар куни кириб-чиқиб турадиган йўлак бўйлаб, сўнг зинадан кўтарилиб, айвонли уйга кирдиларинг. Сен туғилганингдан бери юравериб, кўзингни юмиб ҳам топишинг мумкин бўлган уйда биринчи марта сени ёт бир аёл бошлаб борарди. Сенга қадрдон бўлиб қолган ҳовлига, икки туп ўрикка, кичикинагина гулзорга, тунука ёпилган ошхона томига худди энди бир умр айрилиб қоладигандек нажот излаб боқардинг. Кўксинг юрак учун ардоқли бўлганидай, бу уй сен учун ардоқли ва азиз эди. Уйингдаги осойишталикдан ва осудаликдан тонглари роҳат қилиб уйғонардинг. Бепоён денгизда сузаётган кемадек, сен ана шу осудалик қўйнида кун бўйи оҳиста сузиб юрардинг, худди гўзал бир қўшиқнинг нақоратидай, сен уйдаги осудалик мусиқасини баъзи-баъзида эҳтиёткорлик билан бузиб, ўзингнинг бахтли эканлигингни билдириш учун ғўнғиллаб-ғўнғиллаб қўярдинг. Назарингда ҳеч ким сени бу ердан ҳайдаб чиқаролмайдигандек ва буларнинг ҳаммаси қандайдир англашилмовчиликдай бўлиб туюлганди. Аёл мезбон каби мулозамат, илтифот билан муомала қилганча, эргаштириб борарди. Сизлар аввал айвондан, сўнг биргина даҳлиз орқали меҳмонхонага кирдиларинг. Ҳамма жиҳозлар сен қандай жойлаштирган бўлсанг, ўша ҳолатда турарди. Бундан сен хурсанд бўлиб кетдинг. Уйдан сенинг ҳидинг келарди. Буни сен даҳлизга кирган заҳотиёқ сезгандинг. Аёл эса худди ҳамма нарса ўзига тегишлидай эмин-эркин тутарди ўзини. У этигингни ечадиган жойни кўрсатгач, сен ҳар куни кийиб юрадиган шиппакларингни сенга мулозамат билан узатди. Меҳмонхонада ҳам ҳамма нарса сен қўйгандай жой-жойида турарди. Қайсидир йили бориб маҳлиё бўлиб қолган, сўнг рассом дўстингга айтиб чиздирган тоғ этагининг суратидан баҳор нафаси уриларди. Сен суратдаги харсанг устида пастдаги қўзичоққа хезланиб турган улоқчани кўриб, кўнглинг бир оз жойига тушди. Булар бари сеники эди. Сал олдин ичингга олган яна адашган бўлмай деган шубҳага асос йўқ эди. Бу ердан сени ҳеч ким қувиб чиқариши мумкин эмас эди. Кўнглинг хотиржам бўлиб, сени ҳайрон бўлиб кузатаётган аёлга зафар қозонгандек ғолибона тикилдинг. — Эрим қайсидир йили тоққа чиққанда шу манзара ёқиб қолибди, - деди аёл сенинг девордаги манзарага тикилиб турганингни изоҳламоқчидек. - Бир рассом ўртоғини бошлаб келиб, деворга шу суратни чиздирди. Сен аёлга яна қўрқиб тикилиб қолдинг. У менинг фикримни ўқиб олиб ўзимга айтмаяптими, деган шубҳага бординг. Ахир ҳар куни мўъжиза содир бўлиб турган бу асрда одамнинг фикрини уқадиган машина ясаш ҳам ҳеч гап эмас-ку? Сен тағин машина-робот бўлмасин, деган шубҳада аёлни синчиклаб кузата бошладинг. Йўқ, унда машинага хос ҳеч қандай хусусият йўқ эди. Ҳатто у жуда гўзал ва жозибали эди. Бу гўзалликдан сенинг юрагинг дукурлаб, беҳаловат ура бошлаган эди. Сен буларнинг ҳаммаси тағин тушим эмасмикин, деб ўйлаб қолдинг. Бу ўй ҳатто сенга таскин бергандай, сени юпатгандай бўлди. Тушда ҳар нарса бўлиши мумкинлиги бирдан қалбингдаги шубҳа ва гумонларни қувиб юборди ва сен ўзингни худди тушдагидек тута бошладинг. Аёлга кулиб, хотиржам тикилдинг. Уни кулдиргинг, кўнглини олгинг келди. Чунки барибир тезда уйғониб, бу англашилмовчиликлар барҳам топишига ишонар эдинг. Уйғонгач эса, сени ҳеч ким уй меники деб тергамас эди. Ҳеч қандай чалкашлик ҳам юз бермасди. Тонгда уйғонардинг-у, ўз уйингга ёлғиз хўжайин бўлиб, чой қайнатиб ичардинг, тўшагингда хоҳлаганча ағнаб-ағнаб ётардинг. Ҳеч ким сени таъқиб этолмаган бўларди. Бироқ туш узоқ ва сўнгсиздай давом этар, хатар ва гумонлар кўнглингга кўпроқ ёпирилиб кирарди. — Ана у эса ота-онамнинг сурати, - деди аёл, - дарвоқе, буни сиз биласиз, шекилли? Сен ота-онанг сурати осилиб турган жойга қарадинг ва даҳшатдан мурдадай қотиб қолдинг. Суратда отанг ва онанг сенга ҳар доимгидай кулимсираб, меҳрибонлик билан боқиб турарди, уларнинг кўзи, юзи, тикилиши - ҳаммаси сенинг ота-онанг эди. Бироқ бошидан ҳеч қачон дўпписини ташламаган отанг ялангбош, сочи ҳам алланечук патила эди. Онанг эса худди ёнингдаги аёлга ўхшаб сочларини ёйиб юборган, унинг сочлари ҳам худди аёлникидай тилларанг ва елкалари оша тўкилиб турарди. Сен бирдан ваҳимага туҳдинг ва кўзларингга ишонмай, довдираб, аёлга тикилиб қолдинг. — Уйнинг ҳужжатини кўрсам бўладими? - дединг шоша-пиша. — Марҳамат! Аёл сенга уй дафтарини келтириб берди. Ҳужжатда ҳамма нарса жойида эди; уй аёлга тегишли эканлиги тўғрисида кичкина изоҳ билан салобатли муҳр бор эди. Сен нариги хонага ўтиб, ҳужжатлар ётган жавондан ўз номингдаги уй дафтарингни ахтара бошладинг. Орқангдан ҳайрон бўлиб қараб турган аёлга эътибор бермай, ҳамма нарсани худди ақлдан озгандек ҳар ёққа сочиб ташладинг. Ниҳоят, эскириб, варақлари кўчиб кетган уй дафтарини топгач, қувончдан бақириб юбординг: — Мана, мана бу ерда уй менга тегишли эканлигини билдирувчи муҳр бор. Аёл ҳайрон бўлиб, сен узатган дафтарни варақлай бошлади. Сўнг сенга қараб, бурнини жийирди-да, яна қайтариб берди ва димоғи аралаш мазах билан кулиб қўйди. Ҳеч нарсага тушунмай, бир унга, бир дафтарга шошиб қараганча варақлай бошладинг. Уй сеники эканлиги тўғрисидаги тегишли муассалар чиқарган қарор ёзилган варақ бўм-бўш эди. Сен батамом довдираб қолдинг ва аёл ўзингга энди янада кўпроқ шубҳа билан қараётганини кўргач, Ҳар оқшом ўтириб газета ўқийдиган дераза олдидаги эски ором курсига ўзингни беҳол ташладинг. Сени буткул гумонлар чулғаб олган эди. Нажот излаб бутун уйни кўздан кечирдинг. Нимадир эсингга тушиб, чўнтакларингни тита кетдинг ва қип-қизил жилдли пастпортингни топгач, ирғиб туриб, аёлнинг кўз олдига бориб варақлашга тушдинг. — Мана бу ерда ёзилган... мана бу ерда... - Дея ҳансираб бақирдинг. Бироқ бирдан даминг ичингга тушиб тўхтаб қолдинг, иш жойингда маош ераётганда кекса, инжиқ кассир юз марталаб синчиклаб текширадиган «Яшаш жойи» деган варақда иккита узун чизиқдан бошқа ҳеч қандай белги йўқ эди. Сен яна ором курсига чўкканча бошларингни чангаллаб узоқ ўтирдинг ва шунда яна мен туш кўраётган бўлсам керак, деб ўйлай бошладинг. Аёл эса тепангда сенга ҳамон шубҳа ва ажабланиш билан тикилиб турар эди. Ким билади, у шу дақиқаларда сен тўғрингда нималарни ўйлади экан. Балким биронта учига чиққан қаллоб деб ўйлагандир; балким ўзи айтгандай муттаҳам ўғри деб ўйлагандир, балким кўчада юрадиган биронта шилқим деб ўйлагандир, балким уйига сурбетлик билан кириб олган босқинчи, деб ўйлагандир. Ҳар қалай, унинг кўзлари сенга хавфсираб тикилиб турарди. Агар бу туш бўлса, сен ҳеч қачон бунчалик узоқ туш кўрмагандинг. Ҳар қандай хатарга юрагинг дош бермай уйғониб кетган бўлардинг. Лекин сен уйғонмасдинг. Қачон уйғонишинг ҳам номаълум эди. Балким сен уйғонгунча оёғинг остига яна бир аср йиқилар, балким сен ачрнинг устига йиқилиб тушарсан. Балки, сени уйғотишга менинг бу мадорсиз ва кучсиз сўзларимнинг қудрати етишмас. Балким бу сўзлар сени уйғотиш ўрнига, сени кўпроқ ғафлат чоҳига қараб етаклар? Тушмиди бу? Агар туш бўлса қачон уйғонардинг? Буни мен ҳам билмасдим, буни сен ҳам билмасдинг. Қачон уйғонасан сен?! Бу рўё салтанатини кўз олдингдан қачон супуриб ташлайсан? Бу салтанат сени тобора ўзига тобе қилиб, муте қилиб борарди. Сен ором курсисига чўкканча ожиз қиёфада ўтирардинг. — Балким, уй хўжалиги бўлимига бориб учрашиб кўрармиз, - дединг сен ниҳоят аёлга умид билан тикилиб. Аёл сенинг кўзларингдаги илтижони кўриб, раҳми келди, шекилли, елка қисди. — Марҳамат, менга барибир. У ўзига ишонар, шунинг учун ҳам сен билан дунёнинг нариги бурчагига ҳам ҳеч иккиланмай бига бораверарди. Сизлар изғирин ўйноқлаётган кўчага чиқдиларинг. Иғирин яна аёлнинг этагини ўйноқлай бошлади. Иккаларинг ҳам гунг ва бир оғиз гаплашмай, жим кетиб борардиларинг. Сен шу даъфада ҳеч нарсага ишонгинг келмасди. Гўё буларнинг барчаси рўё эди. Бироқ сен айни пайт ухлаб ётганингни, уйғоқ эканлигингни ва қандайдир номаълум аёл билан бирга кетаётганлигингни англардинг. Сен бундай рўёни ҳатто тушларингда ҳам кўрмаган эдинг. Тушингга ҳамма нарса кирарди. Эҳтимол, бу аёлни ҳам қачонлардир тушингнинг кўчаларида кўргандирсан. Лекин сен ота-онанг, бобокалонларинг яҳаб ўтган уйни ўзиники қилиб олган ва яна ҳаммаси тушдагидай эмас, ўнгдагидай содир бўлган воқеани ҳеч қачон кўрмаган эдинг. Сен ўзингга ҳам ишонгинг келмасди. Балки мен ҳеч қачон яшамагандирман. Бу уй ростдан ҳам аёлга тегишлидир ва мен тунгги капалак каби бу уйга адашиб кириб қолгандирман, деган фикр дамо-дам хаёлингда чарх урарди ва аёлга шубҳа ва илтижо билан тикилиб-тикилиб қўярдинг. Шунда бирдан шу кунларда газеталарда шов-шув бўлган бир воқеа эсингга тушганди. Шаҳардаги тарих музейида ёшгина ходимани бўғизлаб кетишганди. Газетадаги хабарларга кўра, ходим ўша куни кечга томон ишдан сўнг ўз хонасида ишлаб ўтирган эди. Сўнг тўсатдан бутун музей шовқин-сурон ва тўполон бўлиб кетган эди. Музей қоровул хонасидан югуриб чиқаман деб пушонасини эшикка уриб олганди. Унинг эшиги қулфлаб ташланган эди. Шунда музейнинг кенг залида қандай шовқин бўлаётганини кўриш учун калит тирқишидан мўралаган ва ходимни найзаларининг учига илдириб чиқаётган қандайдир дубулғали кишиларни кўрган эди. Газетада қоровулнинг руҳий беморлар касалхонасида ётгани ёзилган эди. Музей ходимининг нимталаб ташланган жасади ёнидан еттинчи асрда ясалган қилич топиб олишган эди. Одамлар бу воқеани турлича изоҳлашарди. Кўплар бошқа сайёрадан тушган одамларнинг иши деб баҳолашарди. Кўплар эса мутлақо ишонмасди. Турли шарпалар касалхонада ҳам қоровулнинг кўзига кўриниб турибди, деб айтилган эди газеталарда. Сен бу хабарга мухбирбаччаларнинг навбатдаги уйдирмаси, деб ишонмагандинг. Лекин ҳозир бирдан ишонгинг келиб қолганди ва аёлга бирон шарпа ёки бошқа сайёрадан тушган одам эмасмикин, деб гумон билан қарагандинг. Йўқ, у арвоҳ эмас эди ва бошқа сайёраликлигини билдирадиган ҳеч қандай аломати йўқ эди. У ўзингдан ҳам кўра табийроқ, сўлимроқ, гўзалроқ эди ва ёнингда аёзли осмонни тантанавор кезиб юрган ҳилол каби мағрур ва мафтункор қиёфада кетиб борарди. Сенинг кўринишинг сувга бўктирилган кучукдай аянчли эди. Бутун вужудинг муқаррар мағлубиятдан қалт-қалт титради. Уй хўжалиги бўлимига сен деярли умид қилмасдинг, шундай бўлса ҳам таваккал қилиб кетиб борардинг. Аёл эса ўзини безовта қилганидан норозидай баъзи-баъзида минғирлаб қўярди. Сенга ҳамиша уй ҳақини ўз вақтида тўла, деб пўписа қилиб юрадиган бўлим мудири сизларнинг гапларингизни ҳайрон бўлиб эшитди, сўнг қандайдир ҳужжатларни текшириб, сенга ғазаб билан тикилиб турди-да: — Уй қурилгандан буён бу хонимга тегишли. Сен қаёқдан келиб қолдинг? - деди. Сен индамай ташқарига йўл олдинг. Бошқача бўлиши мумкин эмаслигини ўзинг ҳам сезгандинг. Аёл билан биргаликда энди сеники бўлмаган уйга қайтдиларинг. Аёлнинг мезбонга ўхшаб қилаётган мулозаматидан энди ғашинг келмасди; аёлга индамай бўйсиниб борардинг. — Агар хоҳласангиз вақтинча қазноқдан жой қилиб беришимиз мумкин! - деди аёл уйга қайтиб кирганларингда, сенинг сўлиб қолганлигингдан раҳми келиб. -Совуғу, лекин начора, қиш ўтса, бирорта жой топиб оларсиз. Сен рад этгандек бош силкитдинг. Ором курсисида узоқ ўтирдинг. Деразаларга тун пардаси тортилгач, секин ўрнингдан туриб, ҳозирлана бошладинг. — Кийимларимни олсам майлими? - сўрадинг аёлга тақдирингга тан бергандек. — Қандай кийимлар? Сен кийим жавонида териб қўйилган кийимларингга ишора қилдинг. — Ахир улар эримнинг кийимлари-ку? - сал бўлмаса ҳайрон бўлиб бақирди аёл ва худди сен тортиб оладигандек жавоннинг олдини келишган қомати билан тўсиб олди. Сен у билан тортишиб ўтирмадинг. Қупқуруқ, сўппайиб кетаётган қўлларингни сени вояга етказган дарчалар ва эшиклардан яшириш учун чўнтагингга тиқиб батамом тор-мор этилган қўшиндай таниш йўлак орқали уйдан секин чиқиб кетдинг... ... Бу, тушнинг охири эмас эди. Бу ибтидоси эди. Бу тушни сен менга ўша совуқ изғиринли кунда гапириб бергандинг. Сенинг юзларинг умидсизлик ва ёлғизликдан гезариб кетган. Сен бу тушни гапирар экансан, мен ўзимга ишонмай қолгандим. Бу тушни сен менга гапириб берганмидинг ё менинг ўзимми?! Сен шу пайтда изғиринли кўчада манзилсиз дайдиб юргандирсан, аёз супургиси сени ҳам бу оқшом саҳнасидан батамом супуриб ташлаш учун синган туғнинг бир парчасидек аёвсиз тортқилар, ғазовот ўтида ёниб, учиб келаётган кўчманчи мўғул аскарининг эгнидаги қора рўдаподек сени осмону-фалак қўйнида тинмай ҳилпиратар. Лекин бу тушни сен кўрдингми, менми, ғануз билолмадим. Мен сени шундан кейин фақат бир марта учратдим. Сен Қ. майдонида ёввойи каптарларга дон сепиб ўтирардинг. Кўзларинг орзуманд порлаб турар, юзинг бахтдан яйраб кетганди. Мен сени кўпдан бериш шу ҳолатда кўрмаган эдим. Каптарлар сен ҳар дон сепганингда ҳуркиб, гуриллаб ҳавога кўтарилар, сўнг ҳеч қандай хавф йўқлигини билгач, қайтиб ерга қўнишар ва кукулай-кукулай сен сепган донларни териб ейишарди. Сен эса уларга худди гўзал манзарани кўргандай қараб турардинг. Мен сенинг ёнингда турганча, сен бу каптарларга қараб нималарни ўйлаётганингни билгим келарди. Сен бу ватансиз қушларга қараб нималарни ўйлаган эдинг? Балким сен уларнинг бежирим ва кескир қанотларига қараб озод қушлар ҳақида ўйлагандирсан? Балки, уларга боқиб ватан ҳақида ўйлагандирсан? Балки туйғуларингни каптарларга айлантириб, узоқ-узоқларга учириб юбормоқчи бўлгандирсан? Балки сен ҳеч нарса ҳақида ўйламагандирсан? Сен шунчаки кунни кеч қилиш учун ёки ўзингнинг уйсиз эканлигингни унутиш ва бирон лаҳмга ёки вокзалнинг бир буочагига бориб тунгаш ва вақт ўтиши учун қушларни шунчаки эрмак қилиб ўтиргандирсан? Ёки бу қушларга қараб, уйсиз фақат ўзинг эмаслигинг, оламда миллионлаб уйсиз ва ватансизлар борлиги тўғрисида ўйлаб, ўзингни овунтиргандирсан. Балким сен қалбингни мана шу қушларгагина очгандирсан? Мен сенинг ўша куни Қ. майдонида нималар ҳақида ўйлаганингни ҳалигача билолмадим. Кеч тушгач, ўрнингдан турдинг-да, қорни ёпиниб ухлаётган, деярли йўловчиси йўқ, ҳувиллаб ётган кўчага қараб, қоронғулик қаърига сингиб кетдинг. Мен сенинг изингдан қараб турар эканман, сенинг ростдан ҳам шу даъфа қушга ўхшашинг ҳақида ўйлагандим. Сен қор ўйноқлаётган кимсасиз кўчага қараб парвоз қилиб кетгандинг. Мен сендан ўша куни нималар ҳақида ўйлаганингни сўрай олмай қолгандим. Кейинчалик ҳам сенга бу саволни бера олмадим. Сен билан бошқа учрашмадик. Сенинг қушларга қараб нималарни ўйлаганингни ҳеч қачон била олмадим, бу менга армон бўлиб қолди. Сўрай десам, ўша куни сенинг каптарларинг ҳам қайларгадир учиб кетган эди. Ўша куни Қ. майдонида кабутарларга дон сепиб, уларни орзуманд ва мастона кузатиб, юзида азоб ва изтироб акс этиб турган паришон йигит сенмидинг ёки менмидим? Балки мен кабутарларга дон сепаётганда ва сўнг кимсасиз кўчага қоронғулик қўйнига сингиб кетганимда изимдан шафқат ва ачиниш билан қараб қолган сендирсан, каптарларнинг қанотларидан менинг орзуларимни ўқимоқчи бўлган ҳам ва кабутарларнинг кичкина, ҳушёр кўзларида ўқилиб турган ҳам балки сендирсан? Шундан сўнг мен сен ҳақингда турли миш-мишлар эшита бошладим. Сени кимдир маст одамларга қўшилиб, ер ости йўлларида тунаб юрганингни айтди. Кимдир эса сени вокзалда ётиб юрибди деди. Кейин эса иш жойинг ётоқхонасидан жой берди. Сен ҳақингда мен бошқа ҳеч нарса эшитмадим. Кимдир сени узоқ жойга қурилишга кетган деди. Кимдир чўлга кетган деди. Мен уларнинг гапига унчалик ишонмадим. Лекин сенинг биз яшаётган шаҳарни бир умр ташлаб кетганингни билардим ва ҳар кеча мўъжазгина уйимда тўшакка чўзилганча қандайдир бир мўъжиза юз беришини кутиб ётар эканман, гўё мўъжиза худди шу дақиқада юз берадигандек юрагим ширин лаззатдан ҳаприқиб кетарди, шунда беихтиёр сени ва ўша изғиринли кунни эслардим... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57895 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36643 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23179 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21833 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |