Бахтсизлик (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]

Бахтсизлик (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]
Бахтсизлик (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]
Кечки пайт бўрон яна ҳам зўрайди. Ёмғир челаклаб қуяр, чақмоқ чақиб, момақалдироқ гулду-рар, гўё осмонда худолар билан иблислар орасида шиддатли жанг борарди. Оламни барбод этувчи қора байроқ сингари булутлар жадаллаб учарди. Исёнкор тўлқинлар бўғиқ шовиллаб, кенг Ганг бўйлаб рақсга тушар, боғлардаги азим дарахтлар бўлса, шохларини тартибсиз силкиб, даҳшатли инграр, уёқдан-буёққа тебранар эди.
Худди мана шу пайт Чандернагордаги ҳовлиларнинг бирида, деразалари маҳкам беркитилган бир уйда, ка-равот ёнидаги бўйрада ўтириб, эру хотин тортишмоқда эди.
— Бу ерда яна бир оз турамиз, сен бутунлай соғайиб кетгач, уйимизга қайтамиз, — деди Шоротбабу.
— Мен соппа-соғман, — деб эътироз қиларди Киронмойи. — Агар ҳозирнинг ўзидаёқ уйга қайтсак ҳам ҳеч нарса бўлмайди.
Бундай баҳснинг мен баён этгандек қисқа бўлмаслигини ҳар бир хотинли киши билади, албатта. Гарчи бу муаммо унчалик мушкул бўлмаса-да, мунозара уни ҳал этишга заррача ёрдам бермади: Мунозара — эшкакчисиз қайиқдай, нуқул бир жойда гир айланарди. Бора-бора кўз ёши тўлқинлари остида қолиш хавфи пайдо бўлди.
— Доктор сени, яна бир оз шу ерда туриши керак, деяпти, — давом этди Шорот.
— Ҳа, албатта, сизнинг докторингиз ҳамма нарсани билади.
— Ҳамма нарсани билмаса ҳам, ҳозир кўп ерда касал тарқалганини жуда яхши билади, шунинг учун яна бир икки ой Чандернагорда яшаш оқилона маслаҳатдир.
— Ҳа, афтидан, бу ернинг одамлари касалнинг нима эканини билмасалар керак! —жавоб берди Кирон.
Воқеа мана бундай эди. Киронни ҳамма — уйдагилар ҳам, қўшнилар ҳам, ҳатто қайнонаси ҳам қаттиқ ҳурмат қиларди. Шунинг учун у оғир касал бўлиб, доктор иқлимни ўзгартиришни маслаҳат берганда, эри ва қайнонаси сира иккиланмай ўз уйларини ҳам, ишларини ҳам қолдириб, бегона жойларга кетишга ошиқдилар. Қишлоқнинг ҳамма доно одамлари ҳавони ўзгартириш билан беморнинг соғайишига ишониш, хотинни деб шунчалик дахмаза қилиш — ҳозирги замон ёшларининг бешарм тантиқлигидан бошқа нарса эмас, деган фикрда эдилар.
— Нима, ҳозиргача ҳеч кимнинг хотини оғир касал бўлмабдими? Наҳотки Шорот бормоқчи бўлган жойда одамлар ўлмаса? Ахир, тақдирни ўзгартириб қутулиш мумкин бўлган мамлакат бор эмишми? — дейишарди улар.
Аммо Шорот ва унинг онаси бу хил гапларга қулоқ солмади. У пайтда севимли Кироннинг ҳаёти уларга бутун қишлоқ донишмандлигидан қимматроқ эди. Ҳа, яқин кишисининг бошига кулфат тушганда, одам кўпинча янглишади!
Шорот Чандернагорда боғ-роғли бир уйга тушди. Кирон ҳали тузук дармонга кирмаган бўлса-да, анча соғайган эди. Унинг озиб чўзилган юзи ва ичига тортган кўзлари кишининг раҳмини келтирар эди; унга қараганда, юрак орқага тортиб, беихтиёр, дардни қандай енгди бу шўрлик, деб ўйларди киши!
Бироқ жувон бу ерда жуда зерика бошлади. Чунки ҳаммага эл боиадиган хушчақчақ аёл бу ерда на рўзғор ишларига қатнаша олар, на қўшнилар билан суҳбатлашар эди; уззукун ўз касали ҳақида ўйлаб тек ўтиришни эса ёқтирмасди. Ҳар соатда дори томизиш, уни ичиш, буни илитиш, парҳез тутиш — булар унинг жонига тегиб кетди.
Бу бўрон оқшомида, уйларининг эшик ва деразаларини маҳкам бекитиб, эр-хотин шу хусусда мунозара қилмоқда эдилар.
Кирон эътироз билдириб турганда, баҳс баравар кучлар орасида давом этгандай туюларди; бироқ хотини Шоротдан юз ўгириб, бошини қуйи солиб, хомуш бўлди дегунча боёқиш эрининг тарвузи қўлтиғидан тушиб, нима дейишини билмай қолди. У енгилганига иқрор бўлай деб турганда, бирдан хизматкорларнинг шовқини эшитилди.
Шорот туриб эшикни очди. Суриштириб билса, дарёда бир қайиқ ботибди, ундан бир брахман бола сузиб қирғоққа, буларнинг боғларига чиқибди.
Бу хабарни эшитиб Кироннинг қайсарлигидан асар ҳам қолмади. У, дарҳол брахман болага қуруқ кийим тайёрлади, сут қайнатиб қўйди ва уни ўз хонасига олиб киришни буюрди.
Бу — узун сочли, олакўз боланинг иягига ҳали бирорта тук ҳам чиқмаган эди. Кирон унинг қорнини тўйғазиб, сўнгра ким ва қаердан эканини сўради.
Боланинг айтишига қараганда, у дайди — сайёр бир труппанинг актёри бўлиб, номи Нилканто экан. Улар шу ерга яқин бир жойда яшайдиган Сингх жанобларининг уйида томоша кўрсатиш учун таклиф қилинган эканлар. Қайиқ тўнтарилиб кетгандан сўнг шерикларининг аҳволи не кечганини билмас экан; у яхши суза олгани учун ҳалокатдан саломат қутулибди.
Нилканто шу уйда туриб қолди. Боланинг аранг халос бўлганини эслаганда Кироннинг унга жуда раҳми келиб кетарди.
«Жуда яхши бўлди, — деб ўйлади Шорот ҳам, — Киронга эрмак топилди; энди Чандернагорда яна бирмунча вақт туриши мумкин».
Қайнона ҳам бу тасодифий воқеадан мамнун эди, у бунга яхшилик билан ном чиқаришнинг бир воситаси деб қаради. Нилканто бўлса, труппа бошлиғи ва ажал чангалидан қутулиб, бу бадавлат хонадонга тушгани учун ҳам бахтиёр эди.
Бироқ бир оз вақт ўтгандан кейин Шорот билан онасининг бу болага муносабати ўзгара бошлади. «Энди унинг кераги йўқ, — деб ўйлашарди улар, — ундан қанча тез қутулсак шунча яхши».
Нилканто, ичидаги сувининг кулдирашидан завқланиб, яширинча Шоротнинг хуккасини (чилимини) чекиб юрадиган бўлди. Ёмғирли кунларда Шоротнинг яхши кўрган шоҳи соябонини бошига тутиб кўча-кўйда янги танишлар қидириш унга завқ берарди.
Нилканто қандайдир эгасиз бир кучукни эргаштириб юрарди, уни эркалатиб шу даражага олиб келдики, кучук Шоротнинг шинам ётоғига тўғри кириб келиб, оқ чойшабда тўрттала оёғининг ифлос изларини узоқ вақтга ёдгорлик қилиб қолдирар эди. Бундан ташқари, Нилканто ўз атрофига бир гала болани тўплаб манго мевасини шундай қийратдики, уларнинг дастидан Чандернагор боғларида бу меванинг бирор донаси пишмай ғўралигидаёқ тамом бўлди.
Ростдан ҳам, Кирон бу болани ҳаддан ташқари эркала¬тиб юборди. Шорот билан онаси унга буни бир неча марта гапирсалар ҳам, ёш жувон уларнинг гапига ҳеч қандай аҳамият бермади. Бола шу чоққача Шоротнинг эски кийимларини кийиб юрарди, энди Кирон унга янги дхоти, чадор ва кавуш олиб бериб, бойваччалардек кийинтириб ҳам қўйди. Кирон уни тез-тез ўз ҳузурига чақириб эркалатар, шу билан ўзини ҳам бир қадар овутар эди.
Кирон баъзан жилмайиб, ёнига қутида бетел қўйиб, каравотда ўтирар, чўри хотин эса, унинг чўмилгандан сўнг ҳали қуримаган сочларини тараб қуритиш билан машғул бўлар эди; Нилканто бўлса, ёнида туриб «Нал ва Дамаянти»дан айрим бобларни куйга солиб, қоиларини ҳаракатга келтириб ижро этарди. Чошгоҳдан кейин вақт шу зайлда сезилмай ўтиб кетарди. Кирон томошабинлар қаторига эрини ҳам қўшиш ниятида уни ўз ёнига ўтқизарди. Бироқ Шорот шундай лоқайд бўлиб, зерикиб ўтирардики, бу ҳол Нилкантонинг ўз санъатига бўлган эътиқодини бир даража пасайтирарди. Баъзан, тангриларининг муқаддас номларини эшитиш учун қайнона ҳам келарди, бироқ тезда уйқу босиб унинг художўйлигини енгиб қўяр, у дарров туриб ётоғига жўнарди.
Шорот тез-тез Нилкантонинг қулоғидан чўзар, тарсаки билан тортар, урар, тепарди, лекин бола гўдакликдан бошлаб бундан кўра оғирроқ шароитда яшагани учун бу хил муомалани хўрлик деб билмас, хафа бўлмасди. У қаттиқ ишонардики, ер сатҳи қуруқлик ва денгизлардан иборат бўлгани сингари, одам ҳаёти ҳам гоҳ овқат, гоҳ калтак емоқдан иборат бўлиб, бундан кейингиси бир қадар кўпроқ ҳам бўлиши мумкин.
Нилкантога қараб унинг ёшини аниқлаш қийин эди. Ўн тўрт ёшда десанг — юзлари бундан кўра каттароқ одамни эслатар, ўн етти ёшда десанг — ҳали у ёшга етмагандай туюларди. У гоҳо бемаҳал улғайган болага, гоҳо ҳали етилмаган йигитга ўхшарди.
Гап шундаки, у жуда ёш чоғидан сайёр труппага тушиб, Радха, Дамаянти, Сита, Бидде ролларини ижро қилди. Тақдирнинг марҳамати билан, у труппа бошлиғига қанча лозим бўлса, шунча ўсди-ю, сўнгра ўсишдан тўхтади. Атрофидаги одамлар унга боладек муомала қилардилар, ўзи ҳам бола бўлсам керак деб ўйларди. Бирор кимса унга ёшига муносиб ҳурмат кўрсатмади. Мана шундай табиий ва айни замонда ғайритабиий шароит таъсирида Нилканто ўн етти ёшида ўн тўрт яшар ўсмирдек кўринса ҳам, балоғатда ўн етти ёшлилардан ўзиб кетган эди.
Шу чоққача мўйлови чиқмаганлиги ҳам ёш бола эканлиги ҳақидаги таассуротни мустаҳкамлар эди. У ёшлигидан чека бошлаганданми ёхуд катталардек гапирганиданми, ҳар нечук, лаблари катта одамларникига ўхшарди. Аммо катта кўзларининг порлаши — софдиллик, ёшликни ифода этарди. Мен, Нилканто ҳали ҳам юрагида бола, деб ўйлайман, бироқ сайёр труппага келиши уни катта одамга ўхшатиб қўйган.
Нилканто Чандернагорга келиб Шоротбабунинг уйидан бошпана топгандан сўнг, табиат қонунлари унга бемалол таъсир қила бошлади. Унинг ғайритабиий равишда чўзилган болалик даври қисқа бир муддатда йўқолиб, ўн етти ёшлик йигитлиги ўзини кўрсатди-қўйди.
Унда пайдо бўлган ўзгаришни ҳеч ким сезмай қолди, аммо Кирон унга бола деб муомала қилганда, уяладиган ва ҳатто хафа боиадиган бўлдики, бу Нилкантодаги ўзгаришнинг биринчи аломатлари эди. Бир куни Кирон ҳазиллашиб ўз дугонасига тақлид қилиш учун, ундан аёл кийими кийишни сўради. Бу таклиф ҳеч кутил-маганда болага ҳақоратдай туюлди, бироқ нима учун эканини ўзи ҳам билмасди. Шундан бери уни, эски роллардан бирортасини ўйнаб бер, деб чақиргудек бўлсалар, яшириниб юрадиган бўлди. Аммо, шундай бўлса ҳам, энди у мен кимман, сайёҳ артистлар труппасидаги бахтсиз бир ўсмирманда, деб ўйламасди.
У Шоротнинг бир хизматкори ёрдами билан бир оз ўқиб, ёзишни ҳам ўрганмоқчи бўлди. Бироқ у уй бекасининг эркатойи бўлганидан хизматкорнинг уни кўришга кўзи йўқ эди. Умрида ўқимаган Нилкантога ҳам фикрни бир жойга йиғиб, бир нарса устида ўйлаш қийин, шунинг учун у ўқишга киришганда, ҳарфлар кўз ўнгида сакрарди. Йигитча Ганг соҳилидаги банан дарахтга суяниб, тиззасига китобни очиб қўйиб, узоқ-узоқ ўтирарди. Дарё тўлқинлари шалоплар, ёнидан қайиқлар сузиб ўтар, тинмагур бир қушча дарахт япроқлари орасида нима ҳақидадир ғужурларди. Нилканто эса китоб саҳифасига қараб нимани ўйлаганини фақат ўзи билар, балки ўзи ҳам билмас¬ди. Бола бир сўзни амаллаб ўқиса ҳам, иккинчисига сира ўтолмас, аммо ўқиб турибман, деган тушунча унинг бутун вужудини ғурур ҳисси билан тоидирарди. Айниқса олдидан қайиқ сузиб ўтганда у қоматини янада ростлаб, китобни кўзларига яқинроқ келтириб, гўё ўқиш билан машғулдай алланималар деб валдирарди... Аммо томошачилар кўздан ғойиб бўлиши билан унинг ўқишга ҳаваси ҳам тугарди.
Нилканто ўз ашулаларини ҳамиша куйлаб юрса ҳам, бурун уларнинг мазмунига зеҳн солмасди. Энди эса, бу куйлар уни ҳаяжонга келтиради. Бу қўшиқларнинг мазмуни жуда саёз бўлиб, кераксиз ташбеҳлар билан тўлдирилгани учун унинг савиясидаги одамга оғирлик қиларди, шунга қарамай Нилканто:
Икки бор туғилган оққуш бўлсанг ҳам ,
Нега бераҳмсан, айт-чи, оппоқ қуш?
Нечук ҳалок этдинг ул маликани,
Бу одам юролмас қора ўрмонда?
деб куйлаганида, ўзини бошқа бир оламга кириб келгандай ҳис этар эди; қўшиқ — уни ўраб олган табиатни ҳам, унинг аянч ҳаётини ҳам тамом ўзгартириб юборгандай бўларди. Малика Дамаянти ва оққуш ҳақидаги ривоят йигит қалбини ажиб бир нур билан ёритган эди. Бу қўшиқ айтганда у ўзини ким деб ҳисоблашни аниқ айтиш қийин, ҳар ҳолда, сайёҳ артистлар труппасидаги етим боламан, деб ўйламас эди.
Камбағалларнинг кўҳна қоронғи кулбасида бахтсиз болалар оқшом ётиб шаҳзодаю маликалар, етти подшоликнинг хазиналари ҳақида эртак тинглаганларида уларнинг қалби қашшоқлик ва муҳтожлик занжирини узиб, ўша сеҳрли оламга кўчади. У ерда мумкин бўлмаган нарса йўқ, у ерда ҳамма нарса муҳайё: ажойиб гўзал қиёфа, шоҳона либослар, енгилмас куч, худди мана шунингдек, ҳамма нарсадан маҳрум этилган дарбадар артистлар труппасидаги бу гўдак ҳам ўз қўшиқлари билан ўзига бошқа олам яратар, унда ўзи ҳам ўзгариб кетар; қўшиқларининг оҳанги, қандайдир, сеҳрли бир йўл билан оёғи остидаги сувнинг шовиллашини, баргларнинг шитир-лашини, қушларнинг сайрашини, юзлари эркалатувчи табассумдан ёришган, нилуфардек нозик қўлларига билагузук таққан, латиф оёқларига хина қўйган, бу бахтсиз болага бошпана берган анави маъбуданинг сиймосини акс эттирар эди. Бироқ ашуланинг сеҳри бир лаҳзада йўқолиб, яна дар¬бадар артистлар труппасида жулдур кийим кийиб юрган эски Нилканто қолди. Шорот келиб унинг юзига бир неча тарсаки туширди, бу — манго боғлари қийраган қўшниларнинг шикояти натижаси эди. Нилканто яна болаларга бош бўлиб, сувда, қуруқда ва дарахт шохларида номаъқул ишлар қилиб юра бошлади.
Худди шу вақтда Калкуттадан каникулга Шоротнинг укаси Шотиш келиб қолди. У коллеж студенти эди. Кирон унинг келишидан жуда қувонди — унга янги эрмак топилди: у қайниси билан ҳазиллашиб, унинг жиғига тега бошлади. Кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, уларнинг ёши баравар эди. Кирон гоҳ қоиларини сариқ рангга бўяб, орқасидан келиб йигитнинг кўзларини беркитар, гоҳ елкасига «маймун» деб ёзиб қўяр, гоҳ эшикни тарақлатиб ёпиб, уни ичкарига қамаб, хандон уриб қочарди. Шотиш ҳам қараб турмай, ўч олар: калитларини яширар, бетелига қалампир сепар, ё сездирмай сорийсининг учини каравотга боғлаб қўярди. Кунлар шу зайлда ҳазил-мутоиба, кулги ва шўхликлар билан ўтди. Баъзан жанжаллар, кўзёшлари, кечирим сўрашлар ҳам бўлиб, оқибат яна ярашдилар.
Аммо бу орада Нилкантога қандай жин текканини билиб бўлмасди. Уни ким, қандай қилиб хафа қилди, буни ўзи ҳам билмайди, аммо аччиқ бир алам юрагини ўртаганини билади. У ўз теварагидаги болаларни бекордан-бекорга уриб қақшатар, ўзи боқиб олган кучукчанинг шикоятомуз ғингшиганига қарамай, уни ҳам ҳуда-беҳудага калтаклар эди. У, ҳатто ўсимликларни ҳам аямас, қўлига таёқ олиб дарахт ва ниҳолларнинг шох-шаббаларини уриб синдирарди.
Кирон иштаҳали одамларни ўз олдига ўтқизиб, уларнинг овқат ейишига қараб туришни яхши кўради. Нилканто бу жиҳатдан бекаму кўст нусха бўлиб ширинроқ бир таомни ейиш учун неча марта таклиф қилишмасин, бирор марта «йўқ» деган эмас. Шунинг учун Кирон уни тез-тез чақириб меҳмон қилиб турарди. Бу брахман боланинг лунжларини тўлдириб, ямлаб ютиши ёш жувоннинг жуда ҳам завқини келтирар эди. Бироқ Шотиш келгандан буён Нилкантонинг овқат ейишини томоша қилишга ҳам Кироннинг вақти бўлмай қолди. Илгари бундай ҳодисалар Нилкантонинг ҳам иштаҳасига ҳеч қандай таъсир қилмасди: у сутни шимириб, идишини ҳам чайқаб ичгандан кейингина туриб кетарди. Энди бўлса овқат бемаза туюлар, таом тугамай ўрнидан турар, егани томоғидан ўтмас, ҳафагазак бир овоз билан чўри аёлга:
— Менинг овқат егим йўқ, — деб жўнаб қоларди.
У, Кирон буни билиб раҳми келади, орқамдан одам юбориб овқат егин, деб айтади, аммо мен бу гапларга кўнмай: «Овқат егим йўқ», деб туриҳ оламан, деб ўйларди; бироқ Кирон ҳеч нарсани билмайди, бировни унинг олдига юбормайди ҳам, қолган овқатни эса чўри хотин ўзи еб қўя қолади. Кечки овқатдан сўнг бола ўз хонасида чироқни ўчириб, ўзини каравотга ташлаб, бошини ёстиққа кўмиб, қоронғида аччиқ-аччиқ ҳўнграйди. Қизиқ, нега йиғлайди, кимдан шикоят қилади? Ким келиб унга тасалли бериши керак? Ҳеч кирн... Ниҳоят, ҳамма аламдийдаларнинг тасалличиси — уйқу париси келиб, нозик қўллари билан бу шўрлик етимни ҳам аста-секин тинчитади.
Нилканто, Шотиш мени Кирон олдида бебурд қилиб қўяди, деган фикрга келди. Баъзан Кирон бирон сабаб билан хафароқ кўринса, у, Шотишни чақимчилиги билан мендан ранжиган, деб гумон қиларди. Шундан эътиборан, бола иккинчи туғилишимизда мени Шотиш, Шотишни Нилканто қилиб ярат дея, сидқидилдан худога ёлворадиган бўлиб қолди.
Брахман товуш чиқармай, ичида дуо қилса ҳам худонинг даргоҳига етиб боради. Мана шунга ишонган йигит сас-садо чиқармай Шотишни брахман ғазабининг алангасида куйдирмоқчи эди-ю, бироқ бу ўт унинг ўзини куйдирарди, юқори қаватдан унинг қулоғига ҳамон Шотиш билан Киронмойининг ҳазил ва қувноқ кулги садолари эшитилиб турарди.
Нилкантонинг Шотишни кўргани кўзи йўқ, лекин у буни очиқ айтишга ботинмасди, пайтини топса, унинг ғашига тегиб, шу билан тасалли топарди, холос. Агар Шотиш Гангда чўмилиб совунни соҳилдаги зинапояга қўйса Нилканто пойлаб туриб, студент шўнғиган ҳамон олиб қочарди. Шотиш эса кейин совунни қидириб топмасди. Бир куни у чўмилаётиб қараса, яхши кўрган гулдор ёқали кўйлаги оқиб кетяпти. Шамол учирган бўлса керак, деб ўйлади у, аммо шамолнинг қаёқдан эсгани сир бўлиб қола берди.
Бир куни Кирон Шотишни хурсанд қилиш учун болани чақириб, ўйнаб юрган ролларини ижро қилишни сўради, аммо Нилканто қовоғини солиб индамай тураверди.
— Сенга нима бўлди? — ҳайрон бўлиб сўради Кирон. Бола жавоб бермади. — Ҳув ана у қўшиғингни айт ахир,— такрор сўради жувон. Нилканто эса:
— Мен уни эсимдан чиқариб қўйибман, — деди-ю, кетиб қолди.
Ниҳоят, Кироннинг уйга қайтадиган вақти бўлди. Ҳамма сафарга ҳозирлана бошлади. Шотиш ҳам улар билан бирга кетадиган бўлди. Нилкантони эса ҳеч ким эсига ҳам олмади. У биз билан кетадими, қоладими деб ўйлаб ҳам кўришмади.
Тўғри, Кирон болани бирга олиб кетишни таклиф этди. Аммо эри, қайнонаси, қайниси бунга бир оғиздан норозилик билдиришди. Охири у ён беришга мажбур бўлди.
Ниҳоят, жўнашга икки кун қолганда Кирон болани чақириб, уни ўз қишлоғига қайтишга маслаҳат берди.
Шунча эътиборсизликдан сўнг Кироннинг меҳрибонлик билан айтган сўзларини эшитгач, боланинг кўнгли тоииб йиғлаб юборди. Аёлнинг ҳам кўзлари жиқ ёшга тўлди. У, шундоқ ташлаб кетар эканман, бегона болани эркала-тиб ўзимга ўргатиб нима қилардим, деб ўзидан қаттиқ нолиди.
Бу ҳангоманинг тепасида туриб, соиоқмондай бола¬нинг кўзёши тўкканини кўрган Шотиш нафратланди.
— Бу қанақа каллаварам ўзи! — деди у, — гап йўқ, сўз йўқ, ҳўнграйди.
Бу хил қаттиқ гаплари учун Кирон ундан ўпкалаганда, у бундай деб жавоб берди:
— Синглим, сиз одамларни билмай, уларга ҳаддан зиёда ишонасиз. Унинг ким ва қаердан экани номаълум, аммо сизнинг уйингизда осмондан тушгандай азиз. Табиий шернинг қайта сичқон бўлгиси келмайди, у сизнинг раҳмдил эканингизни яхши билиб, кўзёши тўкмоқда — сиздан ажралгиси йўқ.
Нилканто бу гапга чидолмай, нари кетди. У хаёлида пичоққа айланиб, Шотишни тилка-пора қилар, игна бўлиб санчилар, оловга айланиб уни куйдирарди, аммо буларнинг баридан Шотиш заррача зарар кўрмади, Нилкантонинг юраги қон бўлди, холос.
Шотиш Калкуттадан жуда кўркам сиёҳдон олиб келган эди: икки садаф қайиқда биттадан давот, ўртада кумуш қанотли оққуш тумшуғида пат тутиб турибди. Шотиш бу сиёҳдонни жуда яхши кўрар, уни шоҳи латта билан авайлаб артиб юрарди. Кирон ўқтин-ўқтин тегажаклик қилиб:
Икки бор туг ъилган оққуш бўлсанг ҳам,
Нега бераҳмсан, айт-чи, оппоқ қуш?
Нечук ҳалок этдинг ул маликани
Бу одам юролмас қора о ърмонда?
деб оққушнинг тумшуғига чертар, шундан сўнг, Шотиш билан унинг орасида ҳазил, кулгидан иборат даҳанаки жанг бошланарди.
Жўнашга бир кун қолганда эрталаб сиёҳдон йўқолиб қолди.
— Укажон, сенинг оққушинг Дамаянтини қидириб учиб кетибди, — деди Кирон кула-кула.
Бироқ Шотишнинг жуда жаҳли чиққан эди. У сиёҳдон¬ни, албатта Нилканто ўғирлаган деб ўйлади — чунки кечқурун болани ўз хонаси олдида айланишиб юрганини кўрган, буни бошқалар ҳам кўришган эди.
Айбдорни Шотишнинг ҳузурига олиб келдилар. Кирон ҳам шу ерда ҳозир эди. Шотиш дарҳол Нилкантога ҳужум бошлади.
— Менинг сиёҳдонимни нега ўғирладинг? Уни қаёққа қўйдинг? ҳозир топиб кел!
Шорот Нилкантони гоҳ гуноҳ қилгани учун, гоҳ бекордан-бекор бир неча марта урган эди, бола ҳаммасига бардош бериб келди. Бироқ Кироннинг ҳузурида сиёҳдон ўғирлашда айблаганларида, унинг кўзлари ўт чақнаб, ғазабнинг зўридан кўкси тез-тез қалқа бошлади, агар Шотиш яна бир оғиз гапирганда у ёввойи мушукдай ташланиб, панжасининг ҳамма тирноқларини унинг баданига ботирар эди.
Кирон болани қўшни хонага чақириб мулойимгина гапирди:
— Нилу, агар сиёҳдонни сен олган бўлсанг, секин олиб келиб менга бера қол. Сенга ваъда бераман, агар шундай қилсанг, ҳеч ким сенга бир нарса демайди!
Нилкантонинг катта очилган кўзларидан ёш думалаб тушди, сўнгра у юзларини бекитиб, аччиқ-аччиқ йиғлади.
Кирон уйдан чиқди.
— Мен аминманки, сиёҳдонни Нилканто олган эмас,— деди у.
— Нилкантодан бошқа ким бу ишни қила олади? Ҳеч ким! — бир овоздан қатъий эътироз билдиришди Шорот билан Шотиш.
— Кимлигини билмайман, лекин у эмас! — деди Кирон ҳам қатъий қилиб.
Шорот болани чақириб яна сўроқ қилмоқчи эди, хотин бунга рози бўлмади.
— Бўлмаса у ётган хонани, сандиқни тинтиш ке-рак,— деб таклиф қилди Шотиш.
— Агар сиз шундай қилсангиз, биз абадий душман бўлиб қоламиз, — деди Кирон. — Мен бегуноҳ боланинг орқасидан жосуслик қилишга йўл қўймайман.
Шу сўзларни айтганда, унинг кўзларига келган ёш масалани ҳал этди: бошқа ҳеч ким Нилкантога оғиз очиб бирор сўз демади.
Қуруқ туҳматга қолган етимнинг аҳволи Кироннинг юрагида шафқат ҳиссини уйғотган эди. У, дхоти, кўйлак, чадор ва оёқ кийимидан иборат икки қатор яхши сарпо тайёрлади-да, яна ўн рупия пул олиб, кечқурун Нилканто ётиб юрган ҳужрага кирди. У, болага ҳеч нарса демай, бу ҳадяларни унинг сандиғига солиб қўймоқчи эди. Бу темирсандиқ ҳам унинг ҳадяси эди.
Кирон сорийсининг учидан калитни ечиб, секингина сандиқни очди, аммо келтирган нарсаларини унга сололмади, чунки унда: қоғоз варракларни учириш учун ғалтак, бамбук новдалари, манго ғўраларини кесиб олиш учун ўткир қилиб қўйилган чиғаноқ, синиқ стакан ва шунга ўхшаш нарсалар тўлиб ётарди. Кирон, сандиқдаги нарсаларни тартибга солиб, совғалами унга сиғдириш мумкин бўлар, деб ўйлади. Жувон сандиқдан бу ашқол-дашқолларни, бир неча кир ва тоза кўйлакларни буёққа олгандан сўнг, сандиқнинг остидан Шотишнинг анави лаънати сиёҳдони чиқиб қолса бўладими!
Таажжубда қолган кирон ўзидан-ўзи қизариб, қўлида сиёҳдон билан қотиб қолди. У Нилкантонинг кириб келганини ҳам сезмади. Бола ҳаммасини кўрди.
Кирон мени ўғирликда айблаш учун далил излаб уйимга келибди, деб ўйлади Нилканто. Мана далил қўлида! Ҳолбуки, у, сиёҳдонни Шотишдан ўч олиш ниятида олиб келган эди. Унинг муроди сиёҳдонни Ганг сувига ташлаб юбориш эди, бироқ, бир лаҳзалик иккиланиш туфайли бу ни-ятидан қайтиб, уни сандиққа яшириб қўйганди. У энди бу гапларни қандай қилиб Киронга тушунтиради? Бордию тушунтиришга уринса, у ишонармикин? Ахир, Нилканто ўғри эмас-ку, йўқ, у ўғри эмас, ахир! Бўлмаса, у ким? Энди у нима деб жавоб бериши керак? У ўғирлик қилди, лекин у ўғри эмас, шунинг учун Кироннинг уни ўғри деб гумонсираши адолатдан эмас. Нилканто буни ҳеч қачон унга тушунтиролмайди, лекин бундай гумон-сирашларга тоқат ҳам қилолмайди.
Кирон чуқур хўрсиниб сиёҳдонни қайта сандиққа солди. Худди ўғридек, уни кир кўйлаклар билан ёпиб, тепасидан варрак учирадиган ғалтак, бамбук таёқ-чалар, ғилдираклар, чиғаноқлар, синиқ шишалар ва бошқа ўйинчоқларни солиб, уларнинг устига ўз ҳадяларини ва ўн рупия пулни қўйди.
Бироқ эртасига брахман бола ғойиб бўлди. Маҳаллий аҳолидан сўрашса, кўрмадик, деб айтишди. Политсия ҳам уни тополмади. Шунда Шорот:
— Келинглар, энди унинг сандиғини очиб кўрамиз, — деб қолди.
Аммо Кирон қатъий равишда:
— Бу бўлмаган гап! — деб уларнинг шаштини қайтарди.
У Нилкантонинг сандиғини ўз хонасига олиб келишни буюрди ва ундан сиёҳдонни олиб, ҳеч кимга сездирмай, Ганг соҳилига элтиб сувга ташлади.

Шотиш ва Шоротбабунинг бошқа оила аъзолари жўнаб кетишди. Фақат Нилканто ўргатган кучукча очликни унутиб, соҳилда шикоятомуз ғингшиб, беҳуда умид билан эгасини қидирарди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Aka va uka (hikoya) [Rabindranat Tagor] 1392
2 Ака ва ука (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 473
3 Baxtsizlik (hikoya) [Rabindranat Tagor] 581
4 Daliya (hikoya) [Rabindranat Tagor] 620
5 Далия (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 476
6 Hukm (hikoya) [Rabindranat Tagor] 495
7 Ҳукм (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 478
8 Jogeshshorning qurboni (hikoya) [Rabindranat Tagor] 487
9 Жогешшорнинг қурбони (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 436
10 Mrinmoyi (hikoya) [Rabindranat Tagor] 599
11 Мринмойи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 455
12 Nazari baxayr (hikoya) [Rabindranat Tagor] 500
13 Noyonjorlik babu (hikoya) [Rabindranat Tagor] 534
14 Nur va soyalar (hikoya) [Rabindranat Tagor] 4585
15 Назари бахайр (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 459
16 Ноёнжорлик бабу (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 437
17 Нур ва соялар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 516
18 Oltin sarob (hikoya) [Rabindranat Tagor] 556
19 Opa (hikoya) [Rabindranat Tagor] 712
20 Олтин сароб (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 455
21 Опа (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 458
22 Pochta mudiri (hikoya) [Rabindranat Tagor] 534
23 Почта мудири (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 488
24 Skelet (hikoya) [Rabindranat Tagor] 493
25 Скелет (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 442
26 Tashna toshlar (hikoya) [Rabindranat Tagor] 716
27 Taskin topgan rashk (hikoya) [Rabindranat Tagor] 753
28 Ta’til (hikoya) [Rabindranat Tagor] 593
29 Tentak Ramkanai (hikoya) [Rabindranat Tagor] 504
30 Tunda (hikoya) [Rabindranat Tagor] 779
31 Таскин топган рашк (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 550
32 Ташна тошлар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 430
33 Таътил (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 453
34 Тентак Рамканаи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 437
35 Тунда (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 418
36 Xotinning xati (hikoya) [Rabindranat Tagor] 699
37 Хотиннинг хати (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 459
38 Yechilgan jumboq (hikoya) [Rabindranat Tagor] 571
39 Ечилган жумбоқ (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 535
40 Yozuvchi (hikoya) [Rabindranat Tagor] 552
41 Ёзувчи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 461
42 Oʻlikmi, tirik? (hikoya) [Rabindranat Tagor] 0
43 Ўликми, тирик? (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 0
44 Shubxa (hikoya) [Rabindranat Tagor] 2216
45 Шубха (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 2816
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика