Назари бахайр (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]

Назари бахайр (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]
Назари бахайр (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]
Кантичондро ҳали ёш бўлса ҳам, хотини ўлгандан сўнг бошқа қайлиқ қидирмай, овчиликка берилиб кетди. У узун бўйли, хушбичим, бақувват, чаққон, кўзлари ўткир, қўллари чайир йигит эди; Ғарбий Ҳиндистон одамларидай кийинар, ёру дўстлари эса, паҳлавон Хира Синг, ашулачи Чхокхонлал ва мусулмон созандалари: Кхан ва Мианлардан иборат эди. Хуллас, унинг таралабедод улфатлардан ҳеч камчилиги йўқ эди.
Огроҳаён ойининг ўрталарида Кантичондро дўстлари билан Найдигхи ботқоқлигига овга жўнади. У ерда улар иккита катта қайиқда яшай бошладилар, бирга келган хизматкорлар эса, соҳилда жойлашди. Буларнинг дастидан қишлоқ аёллари дарёдан на сув ола билар, на чўмила оларди. Кун бўйи ҳавода ва сувда милтиқ овози қулоқларни қоматга келтирар, оқшомлари эса, бу келгиндиларнинг музика ва ашулалари одамларга уйқу бермасди.
Бир куни эрта билан, Кантичондро қайиқда милтиқ тозалаб ўтираркан, бирдан ўрдак овози эшитилиб қолди. Йигит соҳилга қараб, шу томонга келаётган қизга кўзи тушди, у иккита ўрдакчани бағрига босиб келарди.
Сув ўсимликлари ғовлаган кичкина дарё сокин оқар эди. Қиз ўрдакчаларни сувга қўйиб, ўзи соҳилда тўхтаб қолди, сузиб узоққа кетмасин, деб меҳр билан уларни куза-тиб турди. Унга қараб шуни пайқаш мумкин эдики, қиз одатда ўрдакчаларни сувга қўйиб ўзи кетаркан-у, лекин букун овчилардан қўрқиб, пойлаб турди.
Қиз бениҳоят гўзал бўлиб, гўё ҳайкалтарошлик тангриси Вишвакарманинг устахонасидан эндигина чиқ-қандай эди. Унинг ёшини аниқлаш қийин, чунки унда Кантичондро бир неча вақтгача милтиғини унутиб, сеҳрлангандай қараб қолди. Гарчи қизнинг гўзаллиги рожанинг саройидан кўра бу ернинг табиатига мос кўрин-сада, йигит бу ўлкада бунчали соҳибжамол қизни учратишни асло ўйламаган эди. Ахир гулнинг ҳам олтин гулдондан кўра ўз шохида тургани гўзалда! Шундай қилиб, гиёҳлар шудринг исирға тақиб, куз қуёшининг илк нурларида порлаб турган бу оромбахш саҳарда Кантичондро соҳибжамол қизни кўрди-ю, бу фусункор чеҳрага қараб, ашшин ойида отасининг уйига тантана билан қайтган Парватининг қувноқ чеҳрасини кўз олдига келтирди: Ёш Парвати ҳам баъзан шундай ўрдакчаларни бағрига босиб Мондакини , соҳилига келаркан-у, афсуски, Калидаса бу гўзал лавҳа тасвирларини унутган экан!
Бирдан қизнинг юзи қув ўчиб, ўрдакчаларни ушлаб олдида, қандайдир ғалати овоз билан қичқириб, кетиб қолди. Кантичондро қайиқдан чиқиб қаради. Кўрдики, ҳамроҳларидан бири, қизга ҳазиллашиб ўқланмаган милтиқ билан ўрдакни нишонга олиб турибди. Кантичондро ошнасининг орқасидан югуриб келиб, милтиғини тортиб олди-да, юзига шундай тарсаки тортдики, у ағдарилиб тушиб, қилган ҳазилидан минг пушаймон бўлди. Канти бўлса қайиғига қайтиб яна милтиқ тозалай бошлади.
Ҳавасманд Кантичондро бир кун ов излаб тўқайнинг ич-ичига кириб кетди. Кутилмаганда у ҳовлисида бир неча шоли омбори бўлган бой деҳқон уйини, тоза молхонадан сал нарироқдаги дарахт остида анави дарё бўйида учратган қизни кўрди. У яраланган каптар учун зор-зор йиғлар, ҳўл этагининг учини сиқиб, унинг сариқ тумшуғига ҳеч бўлмаса бир-икки томчи сув томизишга уринарди. Ёнида эса, тумшуғини чўзиб, орқа оёғида тик турган мушук йиртқичлик билан каптарга тикиларди; очкўз мушук каптарга жуда яқин келгач, қиз бош бармоғи билан унинг бурнига чертиб ҳайдади.
Қишлоқнинг тушки жимлигида, деҳқон ҳовлисида кўрин¬ган бу осойишта манзара Кантичондрода унутилмас таассурот қолдирди.
Дарахт баргларининг танга-танга сояси ва қуёш нурлари қизнинг тиззаларида ўйнарди. Нарироқда ётган сигир секин кавш қайтарар, эринчоқлик билан боши ва думини қимирлатиб, елкасига қўнган пашшаларни ҳайдарди. Сарин шимол шабадаси қамишларни шитирлатиб, алланима дея шивирлагандай бўларди.
Ўша куни дарё соҳилида унга ўрмон парисидай кўринган қиз — ҳозир чошгоҳ сукунатида унинг кўз ўнгида оила ҳамдарди, уй-рўзғор тангриси сиймосида намоён бўлди. Қўлида милтиғи билан тўсатдан бу қиз¬нинг олдида пай до бўлган Кантичондро жиноят устида қўлга тушган ўғридай хижолатда қолди. Унинг қиздан узр сўраб бу қушни мен ярадор қилган эмасман, деб айт-гиси келди. Бироқ йигит не йўсинда узр айтишни ўйлагунча бўлмай, қизни кимдир чақирди:
— Шудха!
— Шудха! — яна такрорланди ўша овоз, қиз каптарни қўлига олиб, дарров уйга қараб кетди.
«Шудха! Ростдан ҳам муносиб исм», деб ўйлади Кантичондро.
У милтиғини хизматкорга бериб, уйга томон юрди. Унда скамейкада ўтириб диний китоб ўқиётган, соқоллари тоза қирилган, ўрта яшар, нуроний брахманни кўрди. Овчи унинг юзларида ҳам бояги қиз чеҳрасидаги меҳрибонлик нишоналарини пайқади.
Канти эъзоз билан унга таъзим этиб сўради:
— Жаноб, мен жуда чанқаганман, сиздан сув сўрашим мумкинми?
Брахман қувонч билан меҳмонни қарши олиб, унга жой кўрсатди ва ўзи уйга кириб кетди. У дарров ликобчаларда қант-қурс ва бир кўзачада сув олиб чиқди.
Канти сувга қонгач, брахман у билан танишди. Йигит кимлигини айтиб, қуйидагиларни илова қилди:
— Агар бирор нарсада менинг ёрдамим лозим бўлиб қолса, асло тортинмай сўрашингиз мумкин.
— Сиз менга нима билан кўмаклашингиз мумкин? — деди Нобин Бондепадхая. — Менинг балоғатга етган Шудха исмли қизим бор, агар унга лойиқ қобил куёв топиб эрга берсам, мен ўзимни дунёвий бурчларимдан қутулган ҳисоблардим. Бироқ бу орада унга муносиб куёв йўқ, мен эса, тангри Кришнанинг муборак суратини уйда қолдириб, куёв қидириб кетолмайман.
— Агар сиз, илтифот қилиб, менинг қайиғимга борсангиз у ерда куёв тўғрисида ўйлашиб кўрардик, — деди Канти.
Кантичондро ўз жойига келиб, ҳамроҳларидан бир неча кишини Бондепадхаянинг қизи ҳақида қўшимча маълумотлар топиб келишга юборди. Улар келиб, ҳам-малари бир оғиздан, бу қиз феълу атворда Лакшмининг худди ўзи экан, деб айтдилар.
Эртасига брахман келганда, Канти уни зўр эъзоз-икром билан қарши олиб, қизига оғиз солди.
Нобин Бондепадхая бу кутилмаган бахтдан шундай ҳанг-манг бўлдики, анчагача бирор оғиз сўз деёлмай қолди. Бу ерда бирор англашилмовчилик бўлмасин тағин деган гумон билан, сўраб ҳам кўрди:
— Сиз менинг қизимга ростдан ҳам уйланмоқчимисиз?
— Шундай, агар сиз рози бўлсангиз мен тайёрман.
— Шудхагами? — такрор сўради брахман.
— Ҳа, — тасдиқлади Канти.
— У билан учрашиб, гаплашиш ниятингиз борми? — сўради Нобин бир оз ўзига келиб.
— О, мен бу ишни назари бахайр маросимида қилмоқчиман, — деди йигит, қиз билан кўришганини сездирмай.
— Менинг Шудхам яхши қиз, — деди Нобин овози қалтираб. — Уй-рўзғор ишларида унга ҳеч ким тенг келолмайди. Сиз уни кўрмай уйланишга аҳд қилибсиз. Мен сизларга фотиҳа бераман, у Лакшмидек хушфеъл қиз, ҳеч қачон эрининг измидан чиқмайди, уни ранжитмайди, деб умид қиламан.
Канти уйланишни пайсалга солиб ўтирмади, тўйни магх ойига тайинладилар. Тўй тантаналарини ўтказиш учун Мқжумдорларнинг қадимий уйлари ижарага олинди. Белгиланган кунда тантана билан куёвнавкарлар келишди. Олдинда фил миниб куёв етиб келди, унинг орқасидан қўлларига машъал кўтариб куёвнавкарлар келишди, музика садолари янгради...
Назари бахайр маросимида Кантичондро келинга қарамади-ю, лекин тузукроқ кўролмади, чунки Шудханинг упа-элик суркалган юзи пастга қараган эди. Кантининг эса, қувончдан юраги типирчилаб, кўз ўнгини туман қоплади.
Хотинлар никоҳ хонасига тўплангач, бири, қишлоқнинг энг мўтабар аёли, куёв келиннинг юзидаги пардани очсин, деб талаб қилди. Канти пардани тортиб туширди-ю, юраги «шув» этиб кетди. Гўёки кўксида аллақандай қора яшин чақнаб миясини тешиб ўтгандай бўлди. Бир лаҳзада тўйхонани нурафшон этиб турган ҳамма чироқлар гўё сўнган эди, йигитнинг юзларига хафаликнинг қуюқ сояси қўнди. Куёв ёнида Шудха эмас, тамом бошқа бир қиз ўтирарди!
Кантичондро бир вақтлар иккинчи марта уйланмасликка аҳд этган эди. Наҳотки шу аҳдини бузгани учун тақдир уни масхаралаган бўлса? У дўстларининг маслаҳатига қулоқ солмай, қанчадан-қанча соҳибжамол қизларни рад этган эди. Ҳеч нарсани писанд қилмай, таг-тугликни ҳам, давлат-бойликни ҳам, латофат назокатликни ҳам назарига илмай, келиб-келиб ботқоқликдаги номаълум қишлоқдан камбағал бир хонадоннинг қизини ўзига ҳаёт йўлдоши деб танладими? «Эл-юртнинг кўзига қандай кўринаман?» — деб ўйлади Кантичондро.
У дастлаб бутун қаҳр-ғазабини қайнотасига тўкди. Имонсиз чол бир қизни кўрсатиб бошқасига уйлантирибди. Аммо йигит ўйлаб қараса, брахман тўй олдида қизларини умуман унга кўрсатмаган — у ўзи ҳам, қизни кўришим шарт эмас, деб айтган. Шунинг учун Канти, яхшиси бу даҳшатли алдовни ҳам, ўзининг аҳмоқлигини ҳам ошкор қилмасликка аҳд этди.
Кантичондро ҳап дорини ютди-ю, унинг аччиқ таъмидан узоқ вақтгача қутулолмади. Никоҳ хонаси унинг учун ўз латофатини йўқотган эди. У ҳаммага заҳрини сочар, ўз қилмишидан диққати ошарди.
Бирдан куёв ёнида ўтирган келин қичқириб юборди: хонага бир қуёнча чопиб кириб, ҳайиқмай унинг оёқлари остига ташланди, қуён кетидан Канти дарё соҳилида кўрган ҳалиги қиз пайдо боиди. У қўрққан қуёнчани ушлади-да, юзларига маҳкам босиб, меҳр билан эркалата бошлади.
— Тентак келди! — деб қичқиришди аёллар ва унга, чиқиб кет, деб ишора қилишди. Лекин қиз пинагини бузмай, куёв билан келиннинг рўпарасида ўтириб, уларни томоша қила бошлади.
Уйга чўри хотин кириб, қизнинг қўлидан ушлади, лекин Канти:
— Унга тегма, қўй, ўтирсин! — деб чўрини четлаштирди.
Сўнгра Кантичондро қуёнча ушлаган қизга мурожаат қилиб сўради:
— Отинг нима?
Бироқ қиз ҳеч қандай жавоб бермай, уёқдан-буёққа тебрана бошлади. Ўтирган аёллар кулиб юборишди. Канти бошқа савол берди:
— Ўрдакчаларинг яхши ўсяптими?
Қиз лом-мим демай, йигитга қараб тураверди. Хижолатда қолган Канти бор кучини йиғиб яна сўради:
— Каптаринг тузалиб қолдими?
Бироқ у ҳеч қандай жавоб ололмади. Хотинлар хохолаб кулишди.
Ниҳоят, Канти билдики: қиз ҳам соқов, ҳам кар бўлиб, қишлоқдаги ҳамма ҳайвонлар билан дўстлашиб юраркан, ўша куни Шудхани чақирганларида, у тасодифан ўрнидан туриб кетган эди.
Кантининг юраги орқасига тортди: ахир у дунёда энг бахтсиз одам бўлиши мумкин эди-я! Бир тасодиф туфайли касофатдан қутулиб, ўз хотиржамлигини сақлаб қолибди. «Агар мен бу қизга оғиз солганимда, — деб ўйлади Кантичондро, — чол дарров рози бўлар, нима қилиб бўлса ҳам бу бахтсиздан қутулиш учун уни менга беришга уринарди».

Йигит ўзини мафтун этган деҳқон қизи ҳақидаги ўйлари билан банд экан, ўз рафиқасига мутлақо эътибор қилмасди. Кантичондро ўзини асир этган қиз соқов ва кар эканини билгач, бутун оламни ўраб олган қора парда бирдан йир-тилиб тушиб кетди. Ҳавойи хаёллар йўқолди, у атрофдаги нарсаларни фарқ қила бошлади. Канти юрагидан отилиб чиққан бир оғиз нафас билан енгил тортиб, хижолатда ўтирган келинга яна назар солди. Энди, ростдан ҳам, назари бахайр эди. Йигит қалбидаги нур чироқламинг ёғдусига қўшилиб, қизнинг ёқимли чеҳрасини ёритди. Канти бўлиб ўтган ҳодисадан сира ўкинмади! У хотинининг ёқимли, чиройли юзини кўриб билдики, Нобиннинг дуоси қабул этилибди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Aka va uka (hikoya) [Rabindranat Tagor] 1392
2 Ака ва ука (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 473
3 Baxtsizlik (hikoya) [Rabindranat Tagor] 581
4 Бахтсизлик (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 451
5 Daliya (hikoya) [Rabindranat Tagor] 620
6 Далия (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 476
7 Hukm (hikoya) [Rabindranat Tagor] 495
8 Ҳукм (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 478
9 Jogeshshorning qurboni (hikoya) [Rabindranat Tagor] 487
10 Жогешшорнинг қурбони (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 436
11 Mrinmoyi (hikoya) [Rabindranat Tagor] 599
12 Мринмойи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 455
13 Nazari baxayr (hikoya) [Rabindranat Tagor] 500
14 Noyonjorlik babu (hikoya) [Rabindranat Tagor] 534
15 Nur va soyalar (hikoya) [Rabindranat Tagor] 4585
16 Ноёнжорлик бабу (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 437
17 Нур ва соялар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 516
18 Oltin sarob (hikoya) [Rabindranat Tagor] 556
19 Opa (hikoya) [Rabindranat Tagor] 712
20 Олтин сароб (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 455
21 Опа (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 458
22 Pochta mudiri (hikoya) [Rabindranat Tagor] 534
23 Почта мудири (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 488
24 Skelet (hikoya) [Rabindranat Tagor] 493
25 Скелет (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 442
26 Tashna toshlar (hikoya) [Rabindranat Tagor] 716
27 Taskin topgan rashk (hikoya) [Rabindranat Tagor] 753
28 Ta’til (hikoya) [Rabindranat Tagor] 593
29 Tentak Ramkanai (hikoya) [Rabindranat Tagor] 504
30 Tunda (hikoya) [Rabindranat Tagor] 779
31 Таскин топган рашк (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 550
32 Ташна тошлар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 430
33 Таътил (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 453
34 Тентак Рамканаи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 437
35 Тунда (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 418
36 Xotinning xati (hikoya) [Rabindranat Tagor] 699
37 Хотиннинг хати (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 459
38 Yechilgan jumboq (hikoya) [Rabindranat Tagor] 571
39 Ечилган жумбоқ (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 535
40 Yozuvchi (hikoya) [Rabindranat Tagor] 552
41 Ёзувчи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 461
42 Oʻlikmi, tirik? (hikoya) [Rabindranat Tagor] 0
43 Ўликми, тирик? (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 0
44 Shubxa (hikoya) [Rabindranat Tagor] 2216
45 Шубха (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 2816
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика