Тунда (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] |
— Доктор, доктор! — Яна ухлагани қўйишмади, — тўнғилладим мен ва зўрға кўзимни очдим. Қарасам қаршимда бизнинг заминдоримиз Докхиначоронбабу турибди. Мен сакраб ўрнимдан турдим, кажава суянчиқли стулни берироқ суриб, меҳмонни ўтқиздим-да, ташвиш билан юзига қарадим. Кечаси соат икки ярим эди. Ранглари ўчган, қўрқувдан кўзлари олайган Докхиначорон сўз бошлади: — Бугун кечаси яна дардим тутди. Сизнинг дорингиз ҳеч нарсага арзимайди. — Эҳтимол сиз винони кўпроқ ичиб қўйгандирсиз, уялинқираб луқма солдим мен. — Гап винода эмас. Менинг бошдан кечирганларимни билмасдан диагноз қўйишга уриниб, катта хато қиляпсиз. Токчадаги чироқ паст қилиб қўйилганди. Мен пилигини кўтардим, чироқ қаттиқ тутай бошласа ҳам, уй бир оз ёришди. Мен елкамга чойшапни ёпдим-да, устига газета ёзиб қўйилган яшикка ўтириб, у кишининг тарихи эшитишга ҳозирландим. Докхиначорон бабу ҳикоясини бошлади. — Менинг биринчи хотиним жудаям қўл-оёқли аёл эди. Ўзим эса у вақтда уй-рўзғор ишларини жуда кам ўйлардим — ёш эдим, шеъриятга берилиб кетгандим, кўнглимда Калидас достонининг мисралари янграрди. Ҳамроҳимиз, до ъстимиз, уйимизнинг бекаси, Гўзалликнинг шайдоси, дил мулкин маликаси... Лекин шеърият менинг хотиним учун тамом ёт нарса эди. У менинг нафосатли гапларимни эшитиб, қаҳқақа уриб кулиб юборар ва натижада, табиийки, менинг гўзал кайфиятим тамом барбод бўларди. Индиранинг фили Гангнинг ҳайбат билан оқишини кўриб қўрққандек, менинг шеърий сатрларим ва ошиқона нафис сўзларим ҳам унинг кулгусидан лабларимда қотиб қоларди. У хандон уриб кулишга бағоят қобил эди. Бир неча йил ўтди. Мен қаттиқ оғриб қолдим, иситмадан қақшаб, азоб чекардим. Ўлим яқинлашиб келмоқда, соғайишдан деярли умид узилганди. Докторлар ҳам мендан қўлни ювиб қўлтиққа уришган эди. Ким-қайси қариндошимиз бир брахманни бошлаб келди. У менга туйиб, ёққа буланган ўсимлик томирини берди. Шу томир шифо бердими ё тақдир шундаймиди, билмайман, ҳар нечук тирик қолдим. Мен оғриб ётганимда хотиним бир дақиқа ором топмасди. Зайифгина шу аёл ўлим тангриси Яманинг остонамизга келиб турган элчиси билан кечаю кундуз олишди. У менинг арзимас ҳаётимни худди эмизикли боласидай асрар, бутун муҳаббати, меҳру шафқатини шунга сарф этар эди. Ухламас, емас-ичмасди, унинг учун оламда мендан бўлак ҳеч нарса йўқдай эди. Яма ови юришмаган йўлбарсдай, мени ўз чангалидан бўшатди, аммо у кета туриб хотинимга даҳшатли зарба беришга улгурган эди. Мен оғриган чоқда у ҳомиладор эди, тез орада кўзи ёриди, лекин боласи ўлик туғилди. Шундан кейин, унда ғалати бир касаллик пайдо бўлди. Касал чоғида унга қарашсам унинг жаҳли чиқарди. — Нега бундай қиласиз? — дерди. — Одамлар эшитса нима дейди? Кечаси, унинг иситмаси кўтарилганда, мен гўё ўзимни елпиган бўлиб, елпигич билан уни сал елписам, елпигични қўлимдан тортиб оларди. Ҳар сафар, унинг баъзи ишларига қарашиб, овқатга беш-ўн минут кечиксам, таъна, насиҳат, илтимос бошланарди. Ёрдамлашиш ниятида нимаики қилсам, ҳамма вақт унинг норозилигига дуч келавердим. — Эркак кишининг ҳаддан ташқари ғамхўр бўлиши яхши эмас, — дер эди у. Сиз бизнинг Боронагордаги ҳовлимизга боргандирсиз. Хотирингизда бўлса, у ердаги уйимиз боғнинг ичида, боғ этагидан эса Ганг дарёси оқиб ўтади. Ётоғимизнинг жануб тарафдаги деразаси олдида хоти¬ним бир оз ерни чоптириб гулзор қилган. Бу — боғимизнинг кўримсизгина оддий бир жойи эди. У ерда хушбўй ҳидлар билан ранг-баранг чечаклар ҳам йўқ, ғуч япроқлар гуллар жамолини тўсиб ётмасди. У ерда ёш ниҳоллар ўсган ва лотинча ёзувли байроқчалар тикилган гултуваклар ҳам йўқ эди. Гулзорда жасмин ва атиргулнинг ҳар хил навлари, самбит ва тубероз гулларигина ўсарди. Азим бакул дарахти соясида оқ мармар супа бўлиб, хо¬тиним соғ вақтида уни ҳар кун икки дафъа ювдириб тозалатарди. Ёзда, уй ишларидан бўшагач, у шу ерда ҳордиқ чиқаришни яхши кўрарди. Бу пана ер эди, у ерда катерда юрадиган савдо ходимларига кўринмасдан туриб, Гангни томоша қилиш мумкин эди. Хотиним ёта бериб зерикканидан, бир ойдин кечаси: — Уйда қамалиб ёта берсанг диққинафас боласан, киши. Юринг, менинг гулзоримга чиқайлик, — деб таклиф қилди. Мен уни авайлаб дарахт тагига олиб бориб, мармар супага аста ётқиздим. Унинг бошини тиззамга қўйиб ўтиргим келарди. Бироқ у бу ишимни бари бир ёқтирмайди, шунинг учун бошига ёстиқ қўя қолдим. Дарахтдан гулбарглар тўкилди, новдалар орасидан ой кўриниб, беморнинг озғин юзларини ёритди. Атроф жимжит эди... Мен бўлсам боғнинг муаттар ҳидлар билан тўла бу қоронғи бурчагида ўтириб, хотинимга тикилганча йиғлардим. Яқинроқ ўтириб, икки қўлим билан унинг ориқ иссиқ қўлларини ушладим. У қаршилик қилмади. Дастлаб хомуш ўтирдим. Бироқ қалбим нозик ҳислар билан тўлиб-тошганидан чидолмай: — Сенинг муҳаббатингни асло унутмайман! — деб хитоб қилдим. Жим турганим тузук эди, албатта. Хотиним кулиб юборди. Унинг кулгисида хижолат, бахтиёрлик, шубҳа бор эди, лекин унда киноя кўпроқ эди. У гўё сўзсиз эътироз билдирди: «Азизим, бундай бўлмайди, мени асло унутмаслигингга ишонмайман», дегандай бўлди. Мен ана шу қаттиқ, лекин аччиқ кулгидан ҳамма вақт қўрқиб, хотинимга бундай кўнгилчан гапларни айтишга ботинмасдим. Хотиним йўқ вақтда юрагимда тоииб-тошган ширин сўзлар унинг ҳузурида тамом кераксиз бўлиб қоларди. Китобда ўқиганингда йиғлатадиган жумлалар нима учун унинг шундай қаттиқ кулгисига сабаб бўлишини мен ҳанузгача тушунолмайман. Сўзга эътироз қилиш мумкин, бироқ кулгига қандай жавоб бериш керак? Жим туришдан бошқа иложи йўқ эди. Ой нури янада равшанроқ бўлди. Қаердадир какку нола қиларди. «Шундай кечада унинг маъшуқаси бу фарёдни эшитмаслиги мумкинми?» — деб ўйладим мен. Зўр бериб даволашимизга қарамай, хотинимнинг саломатлиги яхшиланмади. Шундан кейин доктор, иқлим ўзгартирилса бемор шифо топар, деб маслаҳат берди, биз Оллоободга жўнадик. Докхиначорон ҳикояни тўхтатиб, менга ғалати қилиб бир қарадию, бошини ушлаб ўйга толди. Чироқ пирпираб ёнар, чивиннинг визиллаши барала эшитиларди. Докхиначорон ҳикояни давом эттирди: — Оллоободда хотинимни доктор Харан даволай бошлади. Вақт ўтар, лекин беморнинг аҳволи бояги-бояги эди. Ахийри, доктор бу дарднинг бедаво эканлигини айтди, буни хотиним билан мен ҳам кўпдан билардик. Бир кун хотиним менга бундай деди: — Афтидан мен ҳеч қачон тузалмайман, лекин ҳали-вери ўлмасам ҳам керак. Тирик мурда билан яна неча йил яшайсиз, номаълум. Яхшиси — уйланинг. У, бу гапларни жуда оддий қилиб гапирди, бунда сунъий баландпарвозликдан ҳам, аянч фидоиликдан ҳам асар йўқ эди. У яхши ва оқилона маслаҳат бермоқда эди, холос. Кулиш навбати менга келди. Бироқ мен унинг ўзидай қилиб кула олармидим. Мен худди роман қаҳрамонидай виқор билан жиддий қиёфада: — Токи жоним танимда экан... — дея сўз бошлашим билан: — Бас, бас! — деб норозилик билдирди у. — Бошқа сўз ҳожат эмас, эшитишга тобим йўқ. Бироқ, мен енгилганимни тан олгим келмай, давом этдим: — Мен ҳаётимда бошқа ҳеч кимга кўнгил қўймайман. Хотиним яна хандон уриб кулди. Мен дилдорликни тўхтатишга мажбур бўлдим. Ўша вақтда бу хусусда ўз-ўзимга иқрор бўлибмидим, бўлмабмидим билмайман, аммо ҳозир менга равшан: у вақтда ўладиган касални парвариш қилиб юриб руҳан толган эдим. Бу ишни тарк этарман деган фикр бошимга ҳам келмаган, аммо энди умрим шундай ўтарди-да, деб ўйлаш оғир эди. Ҳайҳот, ёшлигимда келажакни фусункор севги, гўзаллик, бахт-саодат билан тўла деб тасаввур этардим. Энди эса, кўз ўнгимда қовжираган, қувончсиз, бепоён саҳро ястаниб ётади... Хотиним менинг чарчаганимни пайқарди, албатта. Эндиликда яхши тушуниб турибманки, ўша вақтда мен хотиним учун, ҳали ҳарфларни бир-бирига қўшиб ёзишни ўрганмаган биринчи синф боласидай содда ва жўнгина нарса эканлигимни ўзим билмас эканман. Шунинг учун ҳам, мен ўзимнинг шоирона флкрларимни худди роман қаҳрамони сингари қироат билан изҳор эта бошлаганимда у мулойимгина, лекин кинояли қилиб кулар эди. У, ҳамма сир-асрордан воқиф парвардигордай мени ўзимдан ҳам яхшироқ билганини эсласам, уялиб ўлгудай бўламан. Доктор Харан бизнинг тоифамиздан эди. У тез-тез мени уйига таклиф қиларди, кўп ўтмай қизи билан ҳам таништирди. Қизи ўн бешга қадам қўйган бўлса ҳам, ҳали эрга чиқмаган эди. Доктор, муносиб куёв тополмай турибман, деб ҳасрат қиларди. Тўғри, эшитишимга қараганда, қизнинг тарихида қандайдир туманли жиҳатлар бормиш. Лекин бошқа нуқси йўқ эди. Унинг билимдонлиги ҳам ҳуснидай баркамол эди. Гоҳо қиз билан турли мавзуларда суҳбатлашиб қолиб, уйга кеч қайтар, хотинимнинг дори ичадиган вақтига етиб келолмасдим. У докторникида меҳмон бўлганимни билар, лекин бунча узоқ ўтириб қоласиз, деб сўрамас эди. Гўё саҳрода сароб кўринди. Ташналикдан тоқатим тоқ бўлганда, бирдан, зилол сув оқиб турган чашмани кўриб қолдим. Бутун иродамни ишга солсам ҳам, ундан бош кўтаролмас, орқага қайтолмас эдим. Касал ётган хона янада кўнгилсиз кўрина бошлади. Энди мен касалнинг ҳолидан мунтазам хабар ололмас, унинг вақтида дори ичишини кузатмасдим. Харан бабу бўлса: — Соғайиш умиди бўлмаганидан кейин, бундай яшашдан кўра ўлган яхши, — дер эди кўпинча, — бундай беморлар ўзи ҳам азоб чекади, бошқаларни ҳам азобга қўяди. Умуман олганда бу гап тўғри эди. Бироқ, менинг хотиним ҳақида шундай дейиш мумкинми? Докторлар беморларга нисбатан жуда ҳам бераҳм бўладилар, улар хоксар одамларнинг руҳий кечинмаларини қаердан билсин? Бир куни қўшни хонада туриб, тасодифий равишда, хотиним билан Харан бабу орасидаги гапни эшитиб қолдим. — Менинг ҳаётим азоб-уқубатдан иборат бўлиб қолди — деб шикоят қиларди хотиним. — Менга шундай дори керакки, доктор, уни ичай-да, тезроқ ўлиб, бу азобдан қутулай. — Бунақа гапнинг нима кераги бор? — ранжигандай эътироз билдирди доктор. Бу гапни эшитиб кўнглим жуда бузилиб кетди. Доктор кетиши билан касалнинг каравотига ўтириб, пешонасини оҳиста силай бошладим. — Бориб айланиб келинг, уй жуда дим, йўқса кечқурун яна овқатга иштаҳангиз бўлмайди, — деди хотиним. Айланиб келмоқ — докторникига боришдан иборат эди. Таом олдидан бир оз сайр қилиш жуда фойдали, деб мен ўзим айтиб юрардим. Энди билсам у менинг ҳийламни дарҳол сезиб олган экан. Мен аҳмоқ, у ҳеч нарсани пайқамайди, деб юрар эканман. Докхиначорон жим бўлиб қолди сўнгра сув сўради. Сув ичиб бўлгач, ҳикоясини давом эттирди: — Докторнинг қизи Монорома менинг хотинимни кўриб келмоқчи бўлди. Нечундир, бу гап менга маъқул тушмади. Аммо эътирозга ўрин йўқ эди. Шундай қилиб, бир кун оқшом пайти у бизникига кириб келди. Ўша куни хотинимнинг аҳволи одатдагидан ёмонроқ эди. У аҳволининг оғирлигидан мукка тушиб ётар, бўздай оқарган юзлари, мушт қилиб қисилган қўллари қаттиқ азоб чекаётганини кўрсатарди. Касал ётган хона жимжит эди. Мен унинг бош томонида ўтиргандим. Боёқиш аёлнинг энди айланиб келинг, деб айтишга ҳам мажоли етмасди. Эҳтимол, оғир дамларида ёнида бўлишимни хоҳлагандир. Беморнинг ўз дардини енгиллатишга уриниб, оғир-оғир нафас олишигина эшитиларди. Кутилмаганда остонада Монорома пайдо бўлди. Кўзига чироқ ёруғи тушиб, қоронғи уйда ҳеч нарсани кўрмади шекилли, остонада тайсаллаб қолди. Хотиним қўрққанидан менинг қўлларимни ушлаб: — Ким бу?! — деб юборди. Нотаниш одамнинг пайдо боииши касални қўрқитган эди, у пичирлаб ўз саволини яна бир неча марта такрорлади: — Ким, ким бу ахир? Мен саросимага тушиб: — Билмайман, — деб пўнғилладим. Назаримда биров мени хипчин билан ургандай бўлди. — Ҳа, бу киши докторимизнинг қизлари-ку, — дедим бир оздан кейин. Хотиним менга қаради, аммо мен унинг юзига боқолмадим. — Киринг, — деди бемор заиф товуш билан меҳмонга ва менга қараб: — Чироқни олиб келинг, — еди. Монорома беморнинг ёнида ўтирди. Улар гаплашиб кетдилар. Тез орада доктор ҳам келди. У ўз дорихонасидан икки шиша дори ҳам олиб келган эди. Доктор дориларни кўрсатиб, касалга тушунтира бошлади: — Ҳаворанг шишадаги дорини баданга суркайсиз, мана бунисини ичасиз. Адаштириб қўйманг, ҳаворанг шишадагиси кучли заҳар. У, бу ҳақда мени ҳам огоҳлантириб, шишаларни касал ёнидаги курсига қўйди. Ҳадемай доктор хайрлашиб, қизини ҳам қистади. — Дада, менинг касал олдида қолганим яхши эмасми, — сўради қиз. — Ахир, бу кишига қарайдиган ҳеч ким йўқ. — Йўқ, йўқ, ташвиш қилманг, жоним, — деди хотиним. — Уйда кекса чўримиз бор, у мени ўз онамдек парвариш қилади. — Сиз, худди Лакшмидек, ҳамиша ўзгаларга ғамхўлик қиласиз, аммо ўзингиз туфайли бирон бегона одамнинг безовта бўлишига йўл қўймайсиз, — деб кулди доктор кета туриб. — Доктор, эрим эртадан бери дим уйда ўтирибди, уни бирга олиб кетинг, озгина бўлса ҳам соф ҳавода нафас олсин, — илтимос қилди бемор. Харан бабу унинг фикрини қувватлади: — Тўғри, юринг биз билан, дарё бўйида айланамиз. Мен йўқ дегандай қўл силтадим-у, аммо тезда шу таклифга рози бўлдим. Доктор хотинимни: дориларга эҳтиёт бўлинг, деб яна бир карра огоҳлантирди. Мен ҳар кунгидек кечки овқатни докторникида еб, уйга кеч қайтдим. Хотиним дарднинг зўридан жонини кўйгани жой топмасди. — Аҳволинг ёмонлашдими? — ҳовлиқиб сўрадим мен. Гапиришга ҳоли йўқ эди, менга сўзсиз назар солди. Бўғма дарди бошланди. Мен вақтни бой бермай, докторга одам юбордим. У келди, лекин гап нимада эканини анчагача тушунолмай турди. Дард борган сари кучаяр эди... — Баданга дори суркалганмиди? — хаёлга ботиб сўради доктор ва курсидан ҳаворанг шишани олиб қаради. У бўш эди. Шундан сўнг хотинимга мурожаат қилди: — Сиз янглишиб бу дорини ичиб қўйдингизми? Хотиним бош эгиб тасдиқлади. Доктор шу заҳоти асбоб олиб келиш учун уйига жўнади — у касалнинг ичларини ювмоқчи эди. Мен, бирдан оёғим сингандек, касалнинг оёқларига йиқилдим. У мени юпатишга уриниб, ёш боладай бошимни кўкрагига босди. Қўллари гўё: «Хафа бўлма, азизим, оқибати хайрли бўлади, сен бахтиёр бўласан, буни билиб мен ҳам бахтли бўламан», деяётгандай эди. Доктор қайтиб келганда хотиним азоблардан қутулган: унинг ҳаёти ҳам, дардлари ҳам тугаган эди. Докхиначорон яна сув ичди. — Оҳ, жуда ҳам дим-а, — деб уйдан чиқди-да, айвоннинг у бурчидан-бу бурчига юра бошлади. Афтидан, ортиқ гапиргиси йўқ эди. Аммо мен, худди гипнозчидай, унинг оғзидан сўзларни суғуриб олмоқда эдим, у яна ҳикоя қила бошлади. — Докторнинг оқ фотиҳаси билан мен Моноромага уйландим. Иккимиз менинг ватанимга қараб жўнадик. Монорома менинг ошиқона сўзларимга кулмай, жид-дий туриб қулоқ соларди. Унинг қачон ва нечун менга ишонмай қолганини сира тушунолмайман. Бу орада мен майхўрликка берилиб кетдим. Бир куни, эрта баҳорда, Монорома иккимиз Боро-нагордаги боғимизда сайр қилиб юрардик. Қош қорайди. Қушлар инларида жим бўлиб қолишди. Хиёбоннинг икки тарафида қорайиб турган дарахтларнинг барглари шитирларди. Монорома чарчади, икки қўлини бошига қўйиб, сизга маълум мармар супага ёнбошлади. Мен ёнида ўтирдим. Дарахт ости тимқоронғи бўлиб, осмоннинг юл-дуз тўла кичик бир парчаси кўринарди, холос. Қаердадир, узоқда осмондан дарахт соясига тушган жимликда чи-гирткаларнинг чириллаши яққол эшитилар, худди биров майин ўргимчак уясини тўқиётгандай туюларди. Ўша оқшом мен андак шароб ичганим учун кайфим яхши эди. Кўз қоронғига кўниккандан сўнг супада ётган хорғин аёлнинг аранг кўринган чеҳрасига қараб раҳ-мим келди. Назаримда, у қўл тегизиб бўлмайдиган жисмсиз кўланкадай туюлди. Бирдан дарахтларнинг шохлари аланга олгандай бўл-ди — янги ой астагина осмонга кўтарилиб борлиққа сарғиш нур сепди, бу нур оқ мармар супани ва унда ёт¬ган ҳорғин аёлнинг чеҳрасини ёритди. Мен тоқат қилолмадим, хотинимга яқинроқ ўтириб, унинг қўлларини ушладим-да: — Монорома, сен ишонмайсан, аммо мен сени севаман. Мен сени ҳеч қачон унутмайман! — деб хитоб этдим. Шу сўз оғзимдан чиқди-ю, бирдан кўнглим ғаш бўлиб қолди — мен бу гапни илгари бошқа бир аёлга ҳам айтганимни эсладим! Шу онда ойнинг сарғиш нурлари билан ёришиб турган дарахтлар устида Гангнинг шарқ соҳилидан қаттиқ қаҳқаҳа янграб ўтди: «Ҳа-ҳа-ҳа!» Бу — қалбларга кириб борувчи кулгимиди, ғамзали кўнгилнинг фарёдимиди, билмайман, ҳар ҳолда мен шу заҳоти ҳушдан кетиб, супадан йиқилдим. Кўзимни очсам уйда, ўрнимда ётибман. — Сизга нима бўлди? — деб сўради хотиним. — Сен у даҳшатли кулгуни эшитмадингми? — қалтираб саволга савол билан жавоб бердим мен. — Ҳеч ким кулгани йўқ. Бизнинг ёнимиздан бир гала қуш учиб ўтди, холос. Сиз қанотларнинг шарпасини эшитгандирсиз. Шундан ҳам қўрққанингизга ҳайронман. Кундузи уларнинг қуш эканини ўзим ҳам англадим. Дарҳақиқат, йилнинг бу фаслида шимолдан Ганг соҳилига ёввойи ғозлар учиб келади. Аммо кечалари мени яна ваҳима босарди. Назаримда, тепамда, осмон қоронғилигини қоплаб бир гала ғоз тургандай, сал нарсага қаттиқ қағиллаб, товуши оламни тутадигандай туюларди. Энди оқшомлари Монорома билан сўзлашишга ботин-масдим. Боронагордаги уйимни қолдириб, хотиним билан дарё саёҳатига жўнадик. Саррин шабада ваҳимани сал тарқатди. Мен бир неча кун ўзимни бахтиёр ҳис этдим. Табиат гўзалликлари Монорома қалбининг кўпдан буён берк дарчаларини очишга мажбур этгандай туюларди. Биз Гангда сузиб бориб Падмага етдик. Даҳшатли Падма уйқуга толиб, мудраган ориқ илонни эслатар эди. Дарёнинг шимол қирғоғида, уфққача чўзилган кимсасиз, гиёсиз чол ястаниб ётар, унда қумларнинг шириллаши эшитиларди. Жануб қирғоқда атрофи манго дарахти билан қуршаб олинган бир қишлоқча даҳшатли дарё олдида қалтираб турарди. Падма уйқуда у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдариларкан, нураган қирғоқлар шалоплаганча дарёга қулаб тушар эди. Шу ерда бир оз айланиб юргим келди — шунинг учун соҳилга келиб тўхтадим. Монорома билан сайр қилиб юриб жуда узоққа кетибмиз. Қуёш ботди. Унинг сўнгги заррин нурлари тоиин ойнинг салқин зиёси билан қўшилиб кетди. Ҳадемай осмонда ойнинг ўзи қолди, унинг шаффоф нури чўлни ёритиб юборди. Назаримда, биз интиҳосиз, кимсасиз ой салтанатида кетаётгандай эдик. Монорома қизил рўмолга ўраниб олган, на юзи, на қомати кўринар эди. Сукунат чўкиб, атрофда чексиз оқ қумлоқдан бошқа ҳеч нарса кўринмагач, у қўлини бўшатиб, менинг панжаларимни қисди. Пинжимга кириб, гўё ўзини, ўз ҳаётини, ёшлигини менга ишониб топширгандай бўлди. Менинг юрагим нозик ҳислар билан тўлди. «Уйнинг тўит девори орасида туриб, муҳаббатни ҳеч қачон бунақа ҳис этмайсан, киши», деб ўйлардим. Очиқ, эркин, интиҳосиз осмон гумбази бизнинг ягона бошпанамиз эди. Гўё уйимиз йўқ, ҳамма тўсиқлар олиб ташланган, орқага қайтиш ҳожат эмас-у, биз қўл ушлашиб, ойдин саҳро бўйлаб кета берамиз. Биз жуда узоққа бориб, қумлоқда бир чуқурга дуч келдик. Бу — Падма суви тошганда ҳосил бўлган кўлмак эди. Қумлар билан ўраб олинган, уйқудаги сингари сокин бу кўлмак сувга ойнинг хира нури тушиб турарди. Биз тўхтадик. Монорома менга қараб, ўйга толди. Бошидан рўмоли тушиб кетди. Мен эгилиб уни ўпдим. Бирдан кимсасиз, поёнсиз бу чўлда кимнингдир барала гапиргани эшитилди: «Ким бу? Ким бу? Ахир, бу ким?» Иккимиз ҳам чўчиб тушдик, аммо дарров билдикки, бу на одам, на арвоҳ, бу — соҳилда юрган сув қушларининг овози эди. Кечаси алламаҳалда инлари олдида сирли қадам товушини эшитиб, қушлар ҳурккан эдилар. Бироқ бизни ваҳима босди, шунинг учун дарров кемамизга қайтиб ётдик. Чарчаган Монорома дарҳол ухлаб қолди. Шунда кимдир менинг бош томонимда туриб, ориқ панжалари билан Моноромани кўрсатиб, қулоғимга шивирлади: «Ким бу? Ким бу? Ахир, бу ким?» Мен сапчиб туриб чироқни ёқдим. Шарпа йўқолди, аммо шу онда тепамиздаги чодир ва қайиқни ларзага келтириб, кеча зулматида қаттиқ бир фарёд кўтарилди. Бу қичқириқдан томирларда қон тўхтаб баданимдан тер чиқди. Бу даҳшатли фарёд Падмани кесиб ўтиб, у соҳилдаги шаҳар ва қишлоқлар устида янгради. У фарёд бутун мамлакат устидан учиб, қитъалар устидан парвоз этиб, борган сари ингичкалашиб, қаёққадир, йироқларга интилар, бу оламнинг интиҳосига етгач, игнанинг учидай ингичка бўлиб қолгандай туюларди... Мен илгари бу хил товушларни эшитмаган ва шундай нарса бўлар деб гумон ҳам қилмаган эдим. Бу пайтда, менинг бошимга бутун чексиз осмон жойлашиб олган-у, овоз қанча йироқларга борса ҳард, миямнинг чегарасидан ўтиб кетолмас эди... Мен ортиқча тоқат қилолмай, чироқни ўчирдим — шундай қилсам енгил бўлар деб ўйладим. Қоронғи бўлиши билан ҳалиги бўғиқ овоз яна такрорлана бошлади: «Ким бу? Ким бу? Ахир, бу ким?» Қайиқда, тун жимлигида, менинг чўнтак соатимга ҳам жон кирди. Соат стрелкаси Моноромани кўрсатиб, рақамлардан сўрарди: «Ким бу? Ким бу? Ахир, бу ким?» Докхиначорон мурдадай оқариб, нафаси сиқила бошлади. Заминдорнинг енгидан ушлаб туриб маслаҳат бердим: — Сув ичиб олинг. Чироқ лип-лип қилиб ўчди. Бу вақтда тонг отган, ташқари ёп-ёруғ эди. Қаердадир қарға қағиллади. Чумчуқлар чуғурлади. Уй ёнидан тарақлаб арава ўтиб кетди. Докхиначороннинг чеҳраси жуда ўзгариб кетди; қўрқувдан асар ҳам қолмади. Тунги бир ваҳима туфайли шунча гапириб қўйгани учун ўзини ўнғайсиз ҳис этди. Мен ҳам унинг кўзига ёмон кўриниб кетдим чоғи! Хайрлашмай, шартта ўрнидан туриб, уйдан чиқиб кетди. Ўша куниёқ, ярим кечада менинг эшигимни яна тақиллатишди: — Доктор, доктор! — деган овоз эшитилди. 1894 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62444 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58010 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36683 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22040 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18681 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |