Ечилган жумбоқ (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]

Ечилган жумбоқ (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]
Ечилган жумбоқ (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]
I
Жиракотлик Кришногопал Шоркар заминдорликни ва оила бошлиғи вазифасини катта ўғлига топшириб, ўзи Банорасга жўнади.
Вилоятнинг ҳамма камбағаллари шу муносабат билан ҳасрат-надоматга қолдилар. Бундай олиҳиммат ва одил бир зотни бизнинг давримизда топиш қийин.
Янги заминдор — Кришногопалнинг ўғли Бипинбихари эса, ҳозирги замон кишиси. У ўқимишли, илмий унвони бор, соқол қўйган, кўзойнак тақиб юради. Бошқаларга қўшилмайди. Хулқи ўзгаларга ибрат бўларлик — чекмайди, қимор ўйнамайди. Кўриниши ёқим-той. Бироқ жуда қаттиққўл. Эски хўжайин уларга анча меҳрибон эди. Янгиси эса, вақтида тўланмаган бир пайсани ҳам кечмайди. Бунинг устига, у тўланмаган қарзга бир кун ҳам муҳлат беришга рози эмас.
Бипинбихари хўжалик ишларида кўпгина нуқсонларни топди. Отаси брахманларга ер бериб, улардан солиқ олмабди. Кўп деҳқонлар ижара ҳақини қисман беришибди, холос.
«Отам жуда кўнгилчан эди, — деб ўйлади Бипинбихари. — Ундан нимани сўрашса бераверган. Мен бунга чек қўяман. Биринчидан, — дер эди у ишонч билан, — ердан келган даромад билан яшаб, ҳеч иш қилмайдиган бу бекорчи хўжалар кимга керак? Уларга раҳм қилиш — ялқовлик ва такасалтангларни рағбатлантиришдан бошқа нарса эмас. Иккинчидан, ҳозир илгаригига қараганда ҳамма нарса қиммат, кун кечириш оғирроқ, одамшаванда кишиларга эса янада каттароқ талаблар қўйилган. Ҳозир ўз обрўйингни сақлаш учун уч-тўрт марта ортиқроқ сарф қилишга тўғри келади, пулни ҳовучлаб сочиш, сармояни совуриш ярамайди. Илгари бой берилган ҳамма нарсани аста-секин йиғиб олишга ҳаракат қилиш зарур. Бу менинг бурчим».
Бипин иккиланмай ўз бурчини адо этишга киришди. У ижарачилардан отаси ҳадя қилган мол-мулкни ҳам тортиб олди, тез фурсатда уларда деярли ҳеч нарса қолмади.
Деҳқонлар ўз оғир аҳволларидан шикоят қилиб, бирин-кетин Банорасга хат юбора бошладилар. Баъзилари Кришногопалнинг оёқларига йиқилиб арз-дод қилиш учун ўзлари Банорасга бордилар.
Собиқ хўжайин, хўжаликни бу тарзда бошқариш яра-майди, деб ўғлига хат ёзди. Ўғли бунга эътироз билдирди. «Илгари, — деб ёзди у отасига, — даромад турли манбалардан келгани учун заминдорлар билан ижарачилар бир-бирига ён берардилар. Янги қонун бўйича эса, заминдорга фақат солиқ тўплаш ҳуқуқи ва унинг ягона даро¬мад манбаи бўлган ижара ҳақини тўла-тўкис йиғиб олиш қолган, холос. Мен бундан ортиқ ҳеч нарса талаб қилмайман. Ижара ҳақидан ўзга ҳеч қандай даромадимиз йўқ, агар биз хайр-саховатга зеб берсак — хонавайрон бўламиз. У ҳолда мол-мулкимиз қўлдан кетиб, обрўйимиз ер билан яксон бўлади».
Замон руҳига мос келадиган бу зайлдаги жиддий ўзгаришлар дастлаб Кришногопални ташвишга солиб қўйди. Аммо у, кейинча, ҳозирги замонда қандай иш юритишни биздан кўра шу замона ёшлари яхши билади, эҳтимол илгариги иш услуби ҳозирга тўғри келмас, деган фикрга келди. «Агар мен узоқдан туриб ҳар нарсага аралаша берсам, деб ўйларди у, — ўғлим: «Ундоқ бўлса бу ишни ўзингиз қилинг» деб қолиши мумкин. Мен эса ҳозир бундай ишлар билан шуғулланишга қодир эмасман».
Шу фикрга келгач, чол қолган умрини таот-ибодат билан ўтказишга қарор қилди.

II
Бу орада Бипинбихари кўп одамлар билан судлашиб, даъвода устун чиқиб, ҳаммасини ўз фойдасига ҳал қил¬ди. Ижарачиларнинг аксарияти қўрқиб, бўйсунишга мажбур бўлди. Фақат бир киши, Мирзо Бирининг ўғли Озимуддин Бишшашгина ўжарлик қилиб, бўйсунмай туриб олди.
Бипинбихарининг ҳаммадан кўпроқ ана шунга ғазаби келарди. Агар унинг отаси бирор брахманни ер солиғидан озод қилса, буниси бир нав, бироқ қандайдир бир мусулмоннинг ҳеч қанақа солиқ тўламай, ҳосилдор ердан фойдаланиб келишига сира тушуниб бўлмайди.
Қишлоқ мактабида жамоат пулига ўқиган бу мусулмон боласи афтидан ўзини бахтиёр санаб, ҳеч ким билан ҳисоблашмай қўйибди.
Бишшаш оиласи кўпдан буён эски хўжайиннинг илтифотидан фойдаланиб келарди. Буни Бипин собиқ хизматчиларидан билиб олди. Лекин улар ҳам бунинг сабабини билишмасди.
Эҳтимол бева кампирнинг йиғлаб-сиқташларини кўриб қари хўжайиннинг раҳми келгандир. Бироқ мусулмон фарзандига бундай имтиёз бериш Бипинга сира ҳам маъқул кўринмади. Чунки Бипин уларнинг ўтмишда камбағал ва муҳтожликда яшаганларини кўрмаган, у фақат бу оиланинг фаровонлигинию сабаби номаълум ғурурини кўрган, холос. Унга мусулмонлар раҳмдил отасини виждонсизларча алдаб, молу мулкининг бир қисмини ўғирлагандай туюларди.
Бироқ Озимуддин ҳам бўш келмайдиган йигит эди.
— Мен ўлишга розиман, — деди у, — лекин ўз ҳуқуқимдан заррача чекинмайман!
У билан Бипин орасида қаттиқ кураш бошланди. Озимуддиннинг онаси заминдор билан олишиб юрма, деб насиҳат қиларди.
— Ўшанинг илтифоти билан биз кўпдан бери яхши яшаб келдик, — дерди у, — бизнинг вазифамиз итоаткорлик. Унга бир оз ён бера қол, болам.
— Она, сиз ҳеч нарсани тушунмайсиз, — деб эътироз қилди ўғли.
Ҳамма даъволар унинг зарарига ҳал бўлди, бироқ бу мағлубият унинг қайсарлигини оширди, холос. Озимуддин ўз мол-мулкини сақлаб қолиш учун ҳамма чораларни кўрди.
Онаси Мирзо биби бўлса, бир куни мева-чева, совға-салом олиб, яширин равишда Бипин бабу ҳузурига келди.
Кампир Бипинга маъюс назар солди-да, енгига астагина қои тегизиб, илтижо этди:
— Бипин бабу, сиз бизнинг отамизсиз, олло таоло сизни ҳаргиз кам қилмасин. Озимни ҳалок қилманг. Бу иш сизга муносиб эмас. Мен ўғлимнинг тақдирини сизга топшираман. Унга ҳали эс кирмаган, ёрдамга муҳтож, акалик қилинг. Шунча катта давлатингизнинг бит заррасига эгалик қилгани хафа боиишингизга арзимайди.
Бу кампир Бипиннинг оиласига суқилиб киришга урина-ётгандай туюлди. Бу юзсизларча ҳаракат унинг ғазабини янада оширди.
— Сен хотин кишисан, ҳеч нарсани тушунмайсан, — деди Бипин, — агар бирор нарса ҳақида сўзлашиш лозим бўлса, менинг олдимга ўгиингни юбор.
Шундай қилиб Мирзо биби ўғлидан ҳам, бегона кишидан ҳам бир хил гап эшитди: «Сен ҳеч нарсани тушунмайсан». Энди унга кўзёшларини артиб, тангрининг номини такрорлаб, уйга қайтишдан ўзга чора қолмаган эди.

III
Иш жиноий суддан округ судига, ундан олий судга ўтди. Судлашиш бир ярим йил давом этди. Ниҳоят, Озимуддин қулоқларигача қарзга ботгач, шикоятлар суди ишни қисман унинг фойдасига ҳал қилди.
Бироқ у эндигина йўлбарс — заминдор чангалидан халос бўлганда, унга тимсоҳлар — пулдорлар ҳужум бошлади, яъни пайт пойлаб турган судхўрлар вексилларини пеш қилиб, пул талаб қилдилар.
Қарзларни тўлашга қодир бўлмаган Озимуддиннинг мол-мулкини ким ошди қилиб сотиш бозор кунига — душанбага тайинланди.
Бозор дарё соҳилида эди. Ёмғирлар мавсуми бўлгани учун дарё лим-лим тўлиб оқарди. Савдогарлар ҳамма жой да — қирғоқда, сувда, қайиқда савдо қилардилар. Ҳаммаёқни шовқин-сурон тутганди. Деҳқонлар бу ойда бозорга жуда кўп чоранж ёнғоғи ва балиқ келтирган эдилар.
Ҳавони булут қоплаган, савдогарлар ёмғирдан қўр-қиб, бамбук ёғочларидан айвончалар ясаб олишган.
Озимуддин ҳам озиқ-овқат олиш учун бозорга келди. Аммо бир пайса ҳам пули йўқ эди, букун унга ҳеч ким қарзга мол бермади. У болта билан мис товоқ олиб келган, уларни гаровга қўйиб, бир оз пул олмоқчи эди.
Бипин бабу кечки пайтда сайр-томошага чиқди. Бир неча муҳофизлар калтак ушлаб, уни қўриқлаб борардилар. Оломоннинг ғала-ғовури заминдорнинг диққатини жалб этди. У бозор дарвозаси олдида тўхтаб, қоровулдан, ишларинг қалай деб суриштирди.
Ўз душманини кўрган Озимуддин болта кўтариб Бипинга ташланди. Уни шу ондаёқ қуролсизлантириб, политсияга топширдилар. Бозорда эса савдо-сотиқ давом этарди.
Бипин бабу бу ҳодисадан қувонмади деб айтиш мумкин эмас. Таъқиб остида қолган одам таъқидчига қўл кўтарди Ахлоқ ва одобга зид бўлган бу хатти-ҳаракат учун жазо берилиши керак. Энди у аблаҳ ўз қилмишига яраша жазосини тортади.
Бипиннинг ичкари ҳовлисидаги хотин-халажнинг қаҳр-ғазаби чексиз эди.
— Бу харомзоданинг қилмишига қаранг-а, — дейишарди улар. Аёллар ҳам энди Озимуддин хўп жазосини тортади-ку, деб ўзларига тасалли берардилар.
Тул хотиннинг ҳувиллаб қолган уйи тимқоронғи эди. Унинг емоққа ҳеч нарсаси йўқ. Ўғлининг қамалиши унинг учун дунёдаги энг мудҳиш ҳодиса эди. Бошқалар бу ҳодисани аллақачон унутиб, биров овқат ер, биров ухлар, биров дам олар эди. Бутун оламда унинг ўғлини ҳимоя қилгудек бирор кимса йўқ эди.
Озиб-тўзиган кампир қоронғи кулбада танҳо ўтирар, умидсизликка тушганидан ўз додини кимга айтишни билмасди.

IV
Бир неча кун ўтди. Ниҳоят, суд муовини иш кўриладиган кунни тайинлади. Бипин гувоҳлик бериши лозим эди. Илгари заминдорлар ҳееҳ қачон гувоҳлик бермаганлар. Аммо Бипин гувоҳ тариқасида сўроқ беришга рози бўлди.
Суд бўладиган кун, Бипин тахтиравонга тушиб етиб келди. Бошида салла, кўкрак чўнтагида узун занжирли соат.
Суд раиси унга алоҳида ҳурмат кўрсатиб, ўз ёнига ўтқизди. Суд биноси одамга тоиа эди: кўпдан буён бунақа дабдабали суд бўлмаган.
Суд бошланиш олдида ҳимоячиларидан бири келиб Бипин бабунинг қулоғига ниманидир шивирлади. Ташвишга тушган Бипин: «Мен ҳозир келаман», деганча кўчага чиқиб кетди.
Банан дарахти соясида ялангоёқ ва ярим яланғоч қари отаси кутиб турган эди. У қўлида тасбеҳ ушлаб, тангри Вишну номини такрорлар, озиб кетган баданидан нур чиқиб тургандай туюлар, нуроний юзларида осойишталик, олижаноблик барқ урарди.
Тор тоза кийимлар кийган Бипин унга зўрға эгилиб таъзим қилди. Унинг салласи бурни устига келиб, соати чўнтагидан тушди. У дарҳол ўзини тартибга солиб, отасидан шу ердаги адвокатлар ҳонасига киришни сўради.
Кришногопал кўнмай:
— Мен ўз бурчимни шу ерда адо этаман, — деди.
Бипиннинг хизматчилари тўпланганларни нари сурдилар.
— Озимуддин озод этилиб, ундан тортиб олинган ҳамма нарсалар қайтарилиб берилиши лозим, — деди Кришногопал.
Бипин ҳайратда қолди:
— Сиз шуни деб Банорасдан атай келдингизми? Нега сиз улар учун бунчалик ташвиш қиласиз? — деб сўради.
— Ўғлим, бу суриштиришингдан нима фойда чиқади? — саволга савол билан жавоб берди чол.
Бипин мағлубиятни бўйнига олмади.
— Ота, мен қанча-қанча нолойиқ кишиларни олган нарсаларни қайтаришга мажбур қилдим, сиз уларга аралашмадингаз. Нега бу мусулмон боласига бунчалар ғамхўрлик қиласиз? Энди бу ишнинг вақти ўтди. Агар Озимуддин озод этилиб, у ҳамма нарсаларни қайтариб олса, одамлар нима дейди?
Кришногопал бир оз жим қолди. Сўнгра қалтираб турган панжалари билан тез-тез тасбеҳ ўгириб туриб, майин овоз билан гапирди.
— Агар лозим бўлса, мен эл олдида ҳаммасини очиқ айтаман. Озимуддин сенинг уканг, менинг ўғлим.
— Мусулмон-а?
— Шундай, ўғлим.
Бипин анчагача ўзига келолмади. Ниҳоят, тилга кириб:
— Бу ҳақда кейин гаплашармиз, ҳозирча, марҳамат қилиб мана бу хонага кириб туринг, — деди у.
— Йўқ, — деди Кришногопал, — мен ҳозир қайтиб кетаман. Аммо сен ўз бурчингни бажарасан, деб умид қиламан.
У ўгиининг ҳақига дуойи хайр қилиб, бутун вужуди қалтираган ҳолда, кўзёшларини аранг тутиб, йўлга туш¬ди.
Бипин нима қилишини, судга нима дейишини билмай қолди. «Тақводор одамларнинг ҳоли мана шуда, — ўйлади у. — Булар ҳаммаси диний рукунларга эътиборсизлик оқибати». Ўйлаб-ўйлаб заминдор, феълу атворда ҳам, билимдонликда ҳам отамдан юқориман, деган қарорга келди.
У суд биносига қайтиб, ориқлаб мажоли кетган, ранглари бўздай оқарган, кўзлари ёниб турган Озимни кўрди. У йиртиқ ва ифлос кийимда, қуролли соқчилар орасида турарди. Мана шу — унинг укаси!
Судянинг муовини Бипиннинг дўсти эди. Дабдабали суд тўхтатилди. Озимга ҳамма нарсалари қайтариб берилди. ишнинг бу зайлда тугатилишидан ҳамма ҳайратда эди. Ҳеч ким ҳеч нарса тушунолмай қолди.
Кришногопалнинг қисқа муддатли келиб-кетиши ҳақидаги хабар тезда ҳаммаёққа тарқалди. Ғийбатчиларнинг лаби-лабига тегмай бобиллаб кетди.
Қилни қирққа ёрадиган адвокатлар бунинг тагига етишди. Бу иш билан адвокат Рамтарон айниқса кўпроқ қизиққан эди. У Кришногопал ҳисобига ўқиган бўлиб, бу ишдан гумондор эди. «Агар шу тариқа синчиклаб текширилса, ҳар бир авлиёнинг олижаноблиги замирида бир сир борлиги аниқланади. Майли, ўша авлиёлар хоҳлаганча тасбеҳ ўгира берсинлар, бари бир улар ҳам мендек аблаҳ одамлар. Фарқ фақат шундаки, авлиёлар — риёкор, менга ўхшаганлар — очиқчасига иш кўради», — деб ўйлади у.
Кришногопалнинг ҳаммага аён олижаноблиги — риёкорлик деган хулосага келиб, Рамтарон қийин бир муаммони ечгандай бўлди.

Бу хулоса, қайси мантиққа тўғри келади — билмайман, ҳар ҳолда Рамтарон ўзига малол келиб юрган миннатдорлик юкини бир даража енгиллаштирди. У хотиржам бўлиб қолди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Aka va uka (hikoya) [Rabindranat Tagor] 1391
2 Ака ва ука (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 472
3 Baxtsizlik (hikoya) [Rabindranat Tagor] 581
4 Бахтсизлик (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 451
5 Daliya (hikoya) [Rabindranat Tagor] 619
6 Далия (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 476
7 Hukm (hikoya) [Rabindranat Tagor] 495
8 Ҳукм (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 477
9 Jogeshshorning qurboni (hikoya) [Rabindranat Tagor] 487
10 Жогешшорнинг қурбони (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 436
11 Mrinmoyi (hikoya) [Rabindranat Tagor] 598
12 Мринмойи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 450
13 Nazari baxayr (hikoya) [Rabindranat Tagor] 500
14 Noyonjorlik babu (hikoya) [Rabindranat Tagor] 534
15 Nur va soyalar (hikoya) [Rabindranat Tagor] 4584
16 Назари бахайр (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 459
17 Ноёнжорлик бабу (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 437
18 Нур ва соялар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 516
19 Oltin sarob (hikoya) [Rabindranat Tagor] 556
20 Opa (hikoya) [Rabindranat Tagor] 711
21 Олтин сароб (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 454
22 Опа (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 458
23 Pochta mudiri (hikoya) [Rabindranat Tagor] 532
24 Почта мудири (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 487
25 Skelet (hikoya) [Rabindranat Tagor] 492
26 Скелет (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 442
27 Tashna toshlar (hikoya) [Rabindranat Tagor] 716
28 Taskin topgan rashk (hikoya) [Rabindranat Tagor] 752
29 Ta’til (hikoya) [Rabindranat Tagor] 593
30 Tentak Ramkanai (hikoya) [Rabindranat Tagor] 504
31 Tunda (hikoya) [Rabindranat Tagor] 778
32 Таскин топган рашк (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 550
33 Ташна тошлар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 429
34 Таътил (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 453
35 Тентак Рамканаи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 437
36 Тунда (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 418
37 Xotinning xati (hikoya) [Rabindranat Tagor] 694
38 Хотиннинг хати (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 458
39 Yechilgan jumboq (hikoya) [Rabindranat Tagor] 571
40 Yozuvchi (hikoya) [Rabindranat Tagor] 551
41 Ёзувчи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 461
42 Oʻlikmi, tirik? (hikoya) [Rabindranat Tagor] 0
43 Ўликми, тирик? (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 0
44 Shubxa (hikoya) [Rabindranat Tagor] 2215
45 Шубха (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 2816
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика