Нур ва соялар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]

Нур ва соялар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]
Нур ва соялар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor]
I
Кеча кунбўйи ёмғир ёғиб, бу кун тинди, қуёш ва тўзиган булутлар етилаётган эртаги шолипояларга қараб бирин-кетин панжаларини чўзмоқдалар. Кенг ва кўм-кўк далалар қуёш нури тушиши билан бирдан ялт этиб порлайди-ю, яна бир лаҳзада қуймоқ кўланка остида қолиб кетади.
Осмон саҳнасида фақат икки актёр ўйнамоқда — булут ва қуёш, уларнинг ҳар бири ўз ролини бажаради, аммо ер саҳнасида, айни бир вақтда неча жойда, қанча песалар ўйналаётганини ҳисоблаш мумкин эмас.
Биз қишлоқ йўли устидаги бир уйда ўйналаётган кичик бир ҳаёт песасини кўрсатиш учун пардани кўтардик. Бу уйнинг фақат кўчага қараган бир хонаси ғиштдан қурилган, унинг икки томонидан бошланиб кетган эски ғишт девор ҳовлини тамом иҳота қилиб, ҳовлидаги бошқа лойшувоқ ҳужраларни ҳам ўз ичига олади. Ярим яланғоч бир йигитчанинг диванда ўтиргани деразадан кўриниб туради, у, қўлидаги китобни ўқишга берилиб, чап қоиидаги хурмо япроғи билан баъзи-баъзида ўзини елпиб, чивинларни ҳайдайди.
Йўл-йўл сорийга ўралган бир қизча кўчада — дераза қаршисида уёқдан-буёққа ўтар ва сорийсининг этагига солиб олган олхўридан битта-битта олиб ер эди. Қизчанинг юз ифодасидан унинг диванда ўтириб китоб ўқиётган йигитча билан ошналиги кўриниб турибди. У бир амаллаб йигитнинг диққатини жалб қилиш ниятида, аммо ўзининг сокин бепарволиги билан, гўё фақат олхўри ейиш билан банду йигитчани пайқамагандай кўринишга тиришади.
Бахтга қарши, қунт билан ўқиётган йигитчанинг кўзлари анча заиф бўлиб, узоқни яхши кўролмаганидан, қизчанинг сокин бепарволиги унга ҳеч таъсир қилмади. Афтидан, қизча буни биларди, шунинг учун бирпасдан кейин, уёқдан-буёққа беҳуда юриш ва сокин бепарволик ўрнига, олхўри данакларини ишга сола бошлади. Кўрга ишинг тушса, ўз қадру ғурурингни сақлаб қолишинг қийин!
Бир неча данак, гўё тасодифан борибёғоч эшикка тиқиллаб текканда, йигитча бошини кўтарди. Муғамбир қизча буни пайқаб, этагидаги олхўрилардан пишканроқларини ажрата бошлади. Йигитча кўзларини қисиб қарагач, қизни таниди: кейин китобни қўйди-да, дераза олдига келиб, табассум билан қизни чақирди.
— Гирибала!
Гирибала зўр бериб олхўри сараларди. Бу машғулотга қаттиқ берилгандай бўлиб, уйдан оҳиста узоқлаша бошла¬ди.
Кўзлари заиф йигитча қизнинг бу қилиғи ўзининг беихтиёр бир жинояти учун берилган жазо эканини дарров англади-да, югуриб кўчага чиқди.
— Ҳой, Гирибала, ўзи нима гап, бугун менга олхўри бермайсанми?
Гирибала унга эътибор этмай, бир олхўрини олиб диққат билан кўздан кечирди-ю, совуққонлик билан емоққа киришди.
Бу олхўрилар Гирибалаларнинг боғидан бўлиб, йигит¬чанинг ҳар куни оладиган совғаси эди. Ким билади, балки бугун Гирибала бу одатини унутгандир, ҳар нучук, унинг ҳаракатлари олхўрини фақат ўзи учунгина келтирганини очиқ кўрсатиб турарди. Ундай десак, нега у олхўрини бировнинг эшиги олдига келиб ейди, масаланинг бу томони равшан эмасди. Йигитча қизнинг олдига келиб, қўлидан ушлади. Дастлаб, Гирибала эгилиб, қўлини бўшатишга уриниб кўрди, аммо бирдан кўзлари жиққа ёшга тўлиб, олхўрилами ерга ташлади-да, йигитнинг қўлидан чиқиб қочиб кетди.
Кечка томон қуёш билан булутлар ўйини тўхтади, оқ момиқдай булутлар осмон уфқига тўпланиб қолди, дарахт япроқларида, ҳовузларда, ёмғирда ювилган табиатнинг ҳар бир заррасида ботаётган қуёшнинг нурлари чақнаб турарди. Панжарали дераза олдида яна ўша қизча юрибди, хонада эса, яна ўша йигитча ўтирибди. Аммо энди қизчанинг этагида олхўри, йигитчанинг қўлида китоб йўқ. Дарвоқе, бу орада бошқа баъзи муҳим ўзгаришлар ҳам рўй берган эди.
Бу гал ҳам қизчанинг нима мақсад билан бу ерда айланиб юрганини айтиш қийин. Ҳар ҳолда, унинг ҳаракатларидан, хонада ўтирган йигит билан гаплашиш ниятида экани кўринмас эди. Қизча эрта билан ташлаб кетган олхўриларим ўсиб чиқмадимикан деб кўргани келган бўлса керак, унинг юриш-туришларига қараб фақат шундай тахмин қилиш мумкин.
Олхўриларнинг ўсиб чиқмаганига бош сабаб шуки, улар ҳозир ерда эмас, диванда — йигитчанинг олдида эди, қизча бир нималарни қидиргандай бўлиб, аҳён-аҳёнда ерга эгилганида, йигитча ўзича кулиб, жиддий қиёфада, меваларни иштаҳа билан бирин-кетин еб битирмоқда эди. Мана бир неча данаклар гўё тасодифий равишда бориб қизчанинг ёнига тушди, ҳатто оёғига ҳам тегди, Гирибала ўзининг парвосизлиги учун йигитча ўч олаётганини англади. Ахир шу яхши ишми». Шўрлик қизча жажжи юрагининг ғурурини босиб, ярашиш учун баҳона қидириб юрганда, унинг оғир йўлига яна ғов солиш ноинсофлик эмасми» У бу гал йигитни хафа қилмай деб кел¬ган эди! Уятдан қизчанинг юзлари қип-қизариб кетди, қочиш учун баҳона қидира бошлади, худди шу пайтда йигитча чиқиб келиб қўлидан ушлади. Қизча қўлини ажратиб олишга уринса ҳам, бу сафар йиғламади. Аксинча, қизариб, бошини ўша бераҳм йигитчанинг орқасига яшириб, қаҳқаҳа уриб кулиб юборди; сўнгра, гўё зўрликка бўйсуниб, панжарали зиндонга кираётган асирадек уйга кириб кетди.
Осмонда қуёш билан булутларнинг ўйини табиий бир ҳол бўлгандек, бу икки мавжудотнинг ердаги ўйини ҳам табиий бир нарсадир. Шунинг билан бирга, қуёш ва булутлар ўйини табиий ҳол эмас, умуман олганда, буни ўйин деб ҳам бўлмайди, у фақат ўйинни эслатади, шунингдек, кишилик жамиятида, кўркам куз кунида рўй бериб турган юзлаб воқеалар орасида бу икки номаълум кишининг қисқагина тарихи, аҳамиятсиздек кўринса-да, аслида ундай эмас. Бепарволик билан абадийликни абадийликка улаштирадиган қадимий, улуғ ва кўзга кўннмас тангри ўша кунги тонг ва оқшомнинг кулгиси-ю кўз ёшларига бир умрнинг бахт ва мусибатлар уруғини сочиб юборган эди. Шундай бўлишига қарамай, қизчанинг сабабсиз гердайиши, ёлғиз томошабинларгагина эмас, ҳатто песанинг бош қаҳрамони бояги йигитчага ҳам тамомила англашилмас эди. Нега бу қиз баъзан жаҳли чиқади, баъзан эса чексиз меҳрибонлик кўрсатади, гоҳо кўплаб совғалар олиб келади-ю, гоҳо илтифотни бутунлай унутади, — буларнинг сабабини англаш осонмас. Букун у, бутун ақлу фикрини, заковатини ишга солиб, йигитни қувонтирмоқ истаса, эртага бор кучини, қайсарлигини ишга солиб, унинг жиғига тегади. Агар йигитни бирор йўл билан хафа қилолмаса, қайсарлиги икки дафъа ортади, мабодо уни хафа қилгудай бўлса, қатъияти пушаймонлик билан чил-чил бўлиб ҳар бир бўлаги кўзёшида эриб кетар, бепоён марҳамат ва меҳрибонлик оқимига айланарди.
Қуёш ва булутлар орасидаги бу аҳамиятсиз ўйиннинг дастлабки аҳамиятсиз тарихи бундан кейинги бобда қисқача бай он этилади.

II
Бутун қишлоқ аҳолиси бир-бирига душман гуруҳларга боиинган, бир-бирларига қарши иғво тарқатадилар ва шакарқамиш экадилар, чақимчилик қиладилар ва жут экадилар.
Фақат Шошибушон билан Гирибалагина фалсафа ва адабиёт ўрганиш билан машғул.
Бу дўстлик ҳеч кимни таажжублантирмас ва қизиқтирмас эди, чунки Гирибала ўн ёшли қизча бўлиб, Шошибу¬шон яқиндагина санъат магистри ва ҳуқуқ бакалаври унвонини олган. Улар қўшни эдилар.
Гирибаланинг отаси Хоркумар бир вақтлар ўз қишлоғида ижарага ер олиб деҳқончилик қиларди, аммо кейин қоии танг келиб, бисотида бор нарсани сотди-да, ўз хўжайинига ноиб бўлиб ишга кирди; хўжайини сира қишлоқда яшамас эди. Хоркумарнинг қишлоғи ўзи ер ижараси йиғиб юрадиган вилоятда, шу сабабли у ўз уйидан узоққа боролмасди.
Санъат магистри унвонини олганда Шошибушон ҳуқуқ фанидан ҳам яхши имтиҳон берди, лекин ҳеч қандай иш билан машғул бўлмади. Ҳеч ким билан ортиқча иноқ ҳам бўлмади; мажлисларга қатнашса ҳам, бирор марта икки оғиз сўзлаган эмас. Кўзи заифроқ бўлганидан, баъзан ошналарини танимай қоларди, — у кўзларини қисиб қарар, одамлар эса, буни нописандлик нишонаси деб ҳисоблар эди¬лар.
Олам денгизига ўхшаган Калкуттадай катта шаҳарда киши ўз фикрларига берилиб, танҳо яшаса, бу ҳол унга алоҳида улуғворлик бағишлайди, аммо қишлоқда бу хил юриш-туришни тамом бошқача баҳолайдилар.
Шошибушонни ишлашга мажбур этиш учун қилинган ҳарактлари ҳеч қандай натижа бермагач, отаси уни қишлоққа келтириб, хўжаликка қарашиб туришни топширди. Шошибушон қишлоқ аҳолисидан кўпгина мазаммат ва таъналар эшитди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди: Шошибушон осойишталик, тинчликни яхши кўрарди, шунинг учун уйланишни ҳам хоҳламасди. Қизлари балоғатга етиб, ўзлари юк бўлиб қолган ота-оналар эса, унинг уйланишга майли йўқлигини манманлик деб, шўрликнинг бу «айбини» сира кечирмасдилар.
Шошибушонни қанча безор қилсалар, у шунча уйдан чиқмас бўларди. Йигит одатда бурчакдаги бир хонада диванда ўтирар, атрофида инглизча китоблар сочилиб ётарди, у китобларни танлаб ўтирмас, қўлга тушганини ўқийверарди. Унинг иши шундан иборат эди. Хўжалик ишлари уни қизиқтирмасди.
Биз юқорида айтиб ўтгандек, қишлоқда у билан муомала қиладиган бирдан-бир одам Гирибала эди.
Гирибаланинг акалари мактабда ўқирдилар; мактабдан қайтгач, эси паст сингилларига ернинг шакли қандай, ер каттами, қуёш каттами дегандай сўроқлар берар эдилар. Қизча буларга нотўғри жавоб берганда, дарғазаб боииб унинг хатосини тузатардилар. Кўзга ташланиб турган нарсалар қуёшнинг ердан катталиги ҳақидаги фикрга зид келарди, аммо Гирибала жасорат этиб баъзан бу ҳақда ўз тушунчаларини бай он этганда, акалари янада кеккайиб:
— Сен нима деяпсан! — дердилар. — Бизнинг китобда шундай деб ёзилган ахир, сен бўлсанг...
Босма китобларда шундай ёзилганини эшитгач, шўрлик Гирибала қаттиқ зарба егандай жим қолар, унинг учун бошқа далиллар керак бўлмасди.
Қизча акалари сингари ўқишни ўргангиси келарди. Баъзан у ўз хонасида ўтириб, китобни очар, алланималар деб гапирар, ўзини ўқиётгандай кўрсатиб, тез-тез китоб варақлар эди.
Кичик-кичик, тушуниб бўлмайдиган қора ҳарфлар,, елкаларида «и», «о» ва «р» ҳарфларининг белгиларини кўтариб, гўё сирли бир оламнинг дарвозаси олдидаги қоровуллардай ёнма-ён турардилар-у, Гирибаланинг бирор саволига жавоб қайтармас эдилар. «Қотхамала» ҳавасмандлик билан зориқиб турган қизчага ўзининг йўлбарс, шакал, бўри, эшак ва отлар ҳақидаги афсоналарни сўзламасди, «Акеномончжори» бўлса, индамасликка аҳд қилгандек, ўз тарихини сўзламай, жим турарди.
Гирибала акаларидан, ўқишни ўргатинглар, деб ллтимос қилди, аммо акалари буни эшитишни ҳам хоҳламадилар. Унга фақат Шошибушон ёрдам қилди.
Биринчи даврда Шошибушон ҳам қизчага «Котхамала», «Акеномончжори»дек сирли ва тушуниб бўлмайдигандай туюлди.
Темирпанжарали деразалари кўчага қараган кичик хонада ёш бир йигит диванда ўтирар, унинг атрофларида китоблар қалашиб ётарди. Гирибала ташқаридан дераза панжарасига осилиб, ўқишга ортиқ берилган бу ғалати одамга таажжуб билан боқар, китобларнинг кўплигини кўриб, бу одам менинг акаларимдан ҳам билимдонроқ бўлса керак, деган хулосага келарди. Унинг учун бундан кўра таажжуброқ иш йўқ. Қизча, бу йигитнинг «Котхамала»ни ва дунёдаги бошқа энг муҳим китобларни ўқиган бўлишига шубҳаланмасди. Шошибушон китоб варақлар, қизча бўлса, жим туриб, унинг билими чегараларини аниқлаш учун беҳуда уринарди.
Бора-бора Шошибушон бу қизчага эътибор қила бошлади. Бир кун у ёрқин муқовали бир китобни очиб, қизчага қаради:
— Гири, бери кел, сенга суратлар кўрсатаман!
Гири дарҳол қочиб кетди.
Аммо эртасига йўл-йўл сорий кийиб яна дераза олдига келди-да, ўқиётган йигитга жимгина тикилиб тура берди. Шошибушон уни яна чақирди, қизча сочларини силкитиб яна қочиб кетди.
Уларнинг ошналиги шу тариқа бошланган эди, аммо бу ошналикнинг кейин қайси йўл билан дўстликка айланганини, қачондан бери қизчанинг Шошибушон диванидаги китоблар орасидан ўзига муқим жой олганини ҳикоя қилиш учун махсус тарихий текшириш ўтказишга тўғри келади.
Гирибала Шошибушондан ўқишнигина эмас, ёзишни ҳам ўргана бошлади. Бу ўқитувчи ўзининг кичкина шогирдига ўқиш, ёзиш ва грамматикани ўргатиш билан қаноатланмай, унга улуғ ёзувчиларнинг асарларини таржима қилиб бериб, булар ҳақида қизчанинг фикрини сўрар эди десак, ҳамманинг кулиши аниқ. Булардан қизгина бирор нарса англармиди, йўқми — буни худо билади, аммо ўқитувчининг бу қадар жонбозлиги қизчага жуда ёқиб тушгани шак-шубҳасиз. Англашилган ва англашилмаган нарсалар унинг болалик тасаввурида бир-бирига қўшилиб, гўзал лавҳаларни бунёдга келтирарди. У жим туриб, кўзларини катта очиб, диққат билан тинглар, аҳён-аҳёнда ўринсиз саволлар берар ёки бирдан мавзудан четга чиқиб, гапга тушиб кетарди. Шошибушон бундай ҳолларда қизчанинг гапини бўлмас, улуғ асарлар ҳақида кичик танқидчининг фикрларини эшитиб, бениҳоят мамнун бўларди. Бутун қишлоқда унинг дилидагини англайдиган бирдан бир одам шу қизча эди.
Гирибала Шошибушон билан танишганда 8 яшар эди, ҳозир 10 га кирди. Бу икки йил мобайнида у инглиз ва бен¬гал алифбосини ўрганиб, бир қанча бошланғич китобларни ўқиб чиқди. Шошибушон бўлса, ўзининг қишлоқда ўтказган икки йиллик умрини ёлғизликда ўтди деб шикоят қилолмас эди.

III
Гирибаланинг отаси Хоркумар билан Шошибушоннинг муносабати яхши эмас эди. Хоркумар бу магистр ва бакалавраинг олдига дастлаб ҳар хил даъволар ва суд протсесслари муносабати билан маслаҳатга келиб юрди, аммо бакалавр бу хил ишларга қизиқмай, ноибга ўзининг ҳуқуқ бобида ҳеч нарса билмаслигига очиқдан-очиқ иқрор бўлди. Хоркумар буни фақат баҳона деб ўйлади. Шундай қилиб икки йилча вақт ўтди.
Бир кун ўжар бир ижарачининг адабини бериб қўйиш зарурати туғилиб қолди. Ноиб у ижарачини ножўя ҳаракатлари учун судга бермоқчи бўлиб, шу ҳақдаги ариза қандай бўлиши лозим деган мазмундаги саволлар билан Шошибушонга ёпишиб олди. Шошибушоннинг ноибга маслаҳат бермагани-ку майли-я, аммо у қандайдир осойишталик ва қатъият билан Хоркумарга шундай сўзлар айтдики, бу сўзларни унга ёқиб тушади деб ўйлаш асло мумкин эмас!
Хоркумарнинг ижарачиларга қарши бошлаган ҳамма даъволари ўзининг зарарига ҳал бўлди. Жиғибийрони чиққан ноиб, рақибларимга Шошибушон ёрдам қилган деб, нима бўлса ҳам, йигитчани қишлоқдан чиқариб юбориш пайига тушди.
Шошибушоннинг экин майдонларида сигирлар юра бошлади, кимдир ловияларига ўт қўйди, ерларининг увоти ҳақида низолар пайдо бўлди, Шошибушоннинг ижарачилари ижара ҳақи тўлашдан бош тортдилар ва ҳатто, устидан ёлғон махфий хабарлар ёзмоқчи бўлдилар; охири иш шу даражага бориб етдики, агар кечроқ кўчага чиққудай бўлса, ўзини калтаклаб, уйига ўт қўймоқчилар, деган овозалар ҳам тарқалди.
Осойишталикни яхши кўрадиган ювош Шошибу¬шон охири Калкуттага кетишга қарор қилди. У жўнай деб турганда, қишлоққа округ судяси келиб қолди. Унинг югурдаклари, хизматчилари, политсиячилари, итлари, отлари ва отбоқари бутун қишлоқни ларзага келтирди.
Болалар, йўлбарс орқасидан кузатиб борган чиябўри галасидек, қизиқиш ва қўрқув билан судя тушган ҳовли атрофида тўдалашиб юрардилар.
Ноиб жаноблари меҳмоннавозликка кетган харажатларини ортиги билан қайтишини эслаб, суд раисини товуқ, тухум, ёғ ва сут билан таъминлаб турди. Ноиб жаноблари фавқулодда тиришқоқлик билан, суд раисига озиқ-овқатни керагидан ортиқ етказиб берди, аммо бир куни эрта билан суднинг фарроши келиб, соҳибнинг итларига тўрт шер ёғ талаб қилганда, Хоркумарнинг тоқати тоқ бўлди. Агар соҳибнинг итлари маҳаллий итлардан кўра кўпроқ ёғни уялмай ҳазм этсалар ҳам, ҳар ҳолда бу қадар ёғ уларнинг саломатликларига зиён қилади деб, фаррошни қуруқ қайтарди.
Фаррош бориб ўз хўжасига: мен ноибнинг олдига бориб итлар учун қаердан гўшт сотиб олиш мумкин деб сўрасам, у кўпчилик олдида паст тоифага мансублигимни пеш қилиб ҳайдади, нописандлик қилиб ҳатто сизга ҳам тил тегизди, деди.
Соҳиблар учун брахманларнинг тоифавий ғурури тоқат қилиб бўлмайдиган ҳол эди, бунинг устига ноиб унинг фаррошини ҳақорат қилган, бунга суд раиси чидай олмади, дарҳол «ноиб чақирилсин» деб буйруқ берди.
Ноиб титраб-қақшаб, калима ўгириб соҳибнинг эшигига келди. Оёқ товушлари эшитилганда суд раиси ташқарига чиқди.
— Нега сен менинг фаррошимни ҳайдаб юбординг? — деб қичқириб сўради у ажнабий талаффуз билан.
Хоркумар таъзим қилиб, шошилган ҳолда, ўзининг ҳеч вақт бу хил безбетликка йўл қўймаслигини айтди; тўғри, дастлаб 4 шер ёғ беришга кўнмаган бўлса ҳам, кейин тўрт оёқлиларга эзгулик қилиш ниятида мазкур нарсани топиш учун кишилар юборган.
Соҳиб кимни, қаерга юбординг деб сўради.
Хоркумар оғзига келган биринчи исмни айтди. Соҳиб инобатли кишиларга бу масалани аниқлашни топшириб, ноибни ўз уйида олиб қолди, юборилган одамлар кечқурун келиб, ҳеч кимни ҳеч ёққа юборган эмас экан, деб хабар қилдилар. Энди суд раисида ноибнинг сўзлари ёлғон, фаррошнинг гаплари тўғри эканига шак-шубҳа қолмаган эди.
Суд раиси ғазаб билан қичқириб, фаррошга буюрди:
— Қани, қулоғидан чўзиб, уйдан чиқариб юбор!

Farrosh fursatni boy bermay, atrofga toʻplangan xalqning koʻz oldida sohibning buyrugʻini bajardi.

Бу ҳақдаги хабар дарҳол қишлоққа тарқалиб кетди. Ҳақоратланган Хоркумар уйига келганда томоғидан овқат ҳам ўтмай, ўликдай чўзилиб ётди.
Хоркумарнинг лавозими унга кўпгина душманлар орттирган эди, бу хабар уларни жуда мамнун этди. Аммо Калкуттага жўнашга ҳозирланган Шошибушон бу
хабарни эшитганда ғоят дарғазаб бўлиб, туни билан ухлай олмади.
Эрта билан у Хоркумарнинг уйига келди. Хоркумар Шошибушоннинг қўлидан ушлаб ўпкаси тўлиб йиғлади.
— Ҳақорат даъвоси билан суд раисини жавобгарликка тортиш керак. Мен сенинг ҳимоячинг бўламан.
Соҳибни судга бериш ҳақидаги фикрни эшитиб, ноиб қўрқиб кетди. Лекин Шошибушон ўз фикрида туриб олди.
Хоркумар ўйлаб кўриш учун фурсат сўради. Бироқ ўзининг хўрлангани ҳақидаги овоза ҳамма ерга тарқа¬либ, душманлари ўз қувончларини яширмай юрганини билгач, у ортиқ чидаб тура олмай, Шошибушондан ёрдам сўраб келди.
— Бабу, менинг эшитишимча, нима учундир сен Калкуттага кетишга қарор қилибсан. Бу фикрингдан қайт. Қишлоқда сендай бир одамнинг бўлиши бизларни руҳлантиради.

IV
Ҳамиша одамлардан яширинб юрган Шошибушон бугун судга келди. Шошибушоннинг гапларини эшитиб боигач, суд раиси уни ўз кабинетига чақириб, шундай деди:
— Шошу бабу, шу ишни овоза қилмай, ўзаро ҳал қила қолсак яхши бўлмасмикин?
Шошибушон заиф кўзларини қисган ҳолда столда ётган қонунлар тўпламининг муқовасига диққат билан назар ташлади.
— Мен ўз ҳимоям остидаги одамга бундай маслаҳат бера олмайман. У халқ орасида ҳақоратланған. Шун¬дай бўлгач, қандай қилиб бу ишни «овоза қилмай ҳал этиб» бўлади?
Қисқагина суҳбатдан соҳиб шуни билдики, бу камгап, кўзлари заиф одамни ўз йўлига киритиши осон эмас экан.
— Ол райт , бабу, кўрамиз, қани бундан нима чиқар экан.
Суд боиадиган кунни белгилаб, раис чиқиб кетди.
Бу орада округ судининг раиси заминдорға шундай деб ёзди:
«Сенинг ноибинг менинг хизматкорларимни ҳақорат қилди. Бу билан у менга ҳурматсизлик кўрсатди. Унга муносиб чоралар кўришингга ишонаман».
Заминдор Хоркумарни чақириб келтирди. Хоркумар ҳам заминдорга бўлиб ўтган воқеани батафсил сўзлаб берди. Буни эшитиб заминдор жуда ғазабланиб кетди.
— Ахир, гапни чўзиб ўтирмасдан фаррошга 4 шер ёғни бериб юборсанг бўлмасмиди? Нима, бу билан қашшоқ бўлиб қолармидинг?
Хоркумар ўзининг янглишганини сезди, дарҳақиқат, бундан у ҳеч зиён қилмас эди. Ўз айбига иқрор бўлиб, деди:
— Кўриниб турибдики, мен шу кун чап ёнимдан турган эканман. Шунинг учун шундай аҳмоқлик қилибман.
— Сенга соҳиб устидан шикоят қилишга ким маслаҳат берди?
— Марҳаматлим, мен шикоят қилмоқчи эмас эдим. Бу менинг ҳамқишлоғим Шошининг иши. Унинг суд ишларида ҳеч қандай тажрибаси йўқ, бу ғовғани менинг розилигимсиз шу бола қўзғади.
Заминдор Шошибушондан қаттиқ хафа бўлди: бу янги чиққан ишсиз адвокат ном чиқариш учун ҳар қандай олди-қочдига тайёр! У, иш дарҳол тўхтатилсин, деб ноибга буйруқ берди.
Хоркумар совғага бир қанча мева-чева олиб, округ судининг раиси ҳузурига келди. Соҳиб устидан шико¬ят қилиш менинг таъбимдаги иш эмас, бу ҳалиги она сути оғзидан кетмаган ҳамқишлоғим адвокат Шошибушоннинг иши, у менга ҳеч нарса демасдан, ўзича шундай беҳуда ишни бошлаган, деди. Соҳиб буни эшитиб, Шошибушоннинг хатти-ҳаракатидан бениҳоят дарғазаб бўлиб, ноибнинг узурларидан тўла қаноат ҳосил этди. У, гарчи ғазаб устида ноибга жазо беришга буюрган бўлсам-да, ҳозир ўз қилмишимга афсусланяпман, деди.
Соҳиб яқинда бенгал тилидан яхши имтиҳон бергани учун ҳозир оддий одамлар билан олий услубда гаплашар эди.
— Мен хафа бўлганим йўқ, — деди ноиб, — маълумки ота-оналар ҳам жаҳллари чиққанда болаларига жазо берадилар, аммо кейинча уларни тиззаларига ўтқизиб эркалатадилар.
Округ судининг раисига ва хизматкорларига келтирган совғасини бўлиб бергач, Хоркумар маҳаллий суд раисини кўриш учун унинг олдига борди. Шошибушоннинг юзсизларча ҳаракатини эшитган суд раиси бундай деди:
— Мен ҳам таажжубда қолдим. Мен ҳамиша ноиб бабу ақлли одам деган фикрда эдим, тўсатдан менга: у киши бу ишни бости-бости қилишга рози эмас, ишни судга бериш ниятида, дедилар. Мен ўз қулоқларимга ишонмадим. Энди менга ҳамма нарса тушунарли...
Охири у ноибдан, Шоши Конгресс аъзоси эмасми, деб сўради. Хоркумар, киприк қоқмай «ҳа», деб жавоб берди.
Соҳибнинг ўзига хос тушунчасида бу ишларнинг моҳияти равшан эди: булар бари Конгресснинг қўҲ билан қилинган! Конгресс агентлари яширинча, ҳар ерда иғво қилиб, жанжал чиқаришга имконият қидириб юрадилар, сўнг буни «Амрита базар» газетасида босиб, ҳукумат билан жанжаллашадилар. У ўзига бир зарб билан бу фитначиларнинг ҳаммасини бир ёқли қилишга етарли ҳуқуқ бермагани учун ҳинд ҳукуматини жуда заиф ҳисоблар эди. Аммо Конгрессчи Шошибушоннинг номини дилига тугиб қўйди.

V
Оламда катта воқеалар рўй берганда, кичик воқеалар ҳам оч томирларини чўзиб, фурсатни қўлдан бермай, ўз ҳуқуқларини талаб этадилар.
Шошибушон Хоркумар иши юзасидан ҳаракат бошлаб, катта китоблардан шу ишга доир йўл-йўриқ излаганда, фикран ўз нутқини машқ қилар, гувоҳларни такрор сўроққа чақирар, ҳаяжон билан титраб, терга пишган ҳолда, ўзини суд мажлисида, кўп халқ орасида тўла ғалабага эришгандай тасаввур этарди, ёш шогирди эса ҳар кун белгили бир вақтда унинг эшигига келиб турарди. Қизнинг қўлида эски чорупат , сиёҳ билан ёзиб тўлатилган дафтар, ўз боғларидан гоҳ мева, гоҳ гул, гоҳ ширинлик олиб келарди. Биринчи кунларда Шошибушоннинг қандайдир суратсиз, ваҳимали китоб ўқиётганини кўрди. Илгари у қандай китоб ўқимасин, ундан бирор нарсани Гирибалага тушунтиришга уринарди. Наҳотки энди, шунча кўп катта, қора китобларда унинг учун икки оғиз сўз топилмаса? Наҳотки бунинг сабаби китобларнинг катталигида-ю, унинг кичиклигида бўлса!
Дастлаб ўқитувчининг диққатини жалб қилиш учун ашула айтди, сўнг хат ёзди, охири ёзганларини тебрана-тебрана бор товуши билан қичқириб ўқиди, — ҳеч қандай натижа чиқмади. Қизча катта қора китобдан жуда ҳам хавфа эди. Бу китоб унга қандайдир бадбуруш, бераҳм, ёвуз махлуқдай туюлди. Унинг тушуниб бўлмайдиган ҳар бир саҳифаси Гирибалага сўзсиз нафрат билан қараган қандайдир ёмон одамнинг башарасидай кўринарди. Агар бирор ўғри шу китобни ўғирлаб кетса, уни мукофотлаш учун Гирибала аясининг сандиқчасидан бутун ширинликларни олиб чиққан бўлар эди. Шу китоб нобуд бўлсин деб қиз бечора не-не дуолар билан худоларга мурожаат қилмади. Аммо худолар унга қулоқ солмадилар, шунинг учун мен ҳам бу дуоларнинг мазмунини ўқувчиларимга сўзлаб ўтиришни лозим кўрмадим.
Шунда хафа бўлган қизча уч кунгача ўқитув-чисининг олдига бормасликка қарор қилди. Кейин, кўрган чораларининг натижасини аниқлаш мақсадида яна борди, — албатда, бу бориш тамом бошқа иш билан эди.
Йўлда яширинча Шошибушоннинг деразасига қаради: энди Шошибушон ёнида у қора китоблар йўқ эди. Ўзи хона ўртасида туриб, қўлларини чўзиб, деразанинг темир-панжарисига мурожаат этиб, чет тилда нутқ сўзларди. Эҳтимол, у ўз нутқи судларнинг юрагини эритадими — йўқми деб темирларда синаб кўраётгандир. Ҳаётни фақат китоблардан ўрганган Шошибушон агар қадим замонларда Демосфен, Ситсерон, Барк, Шеридан каби нотиқлар ўз нутқлари билан мўжизалар кўрсатган бўлсалар, сўз ўқлари билан адолатсизликни тор-мор этиб, зўравонликни фош этган, такаббурни ерга қаратган бўлсалар, бизнинг замонда ҳам имкондан хориж ҳеч нарса йўқ-ку, деб ўйлар эди. У ўзининг кичкина қишлоқчадаги уйида туриб, мансаб майидан маст бўлган бу инглизни бутун дунё олдида уялтираман, уни ўз қилмишларига пушаймон бўлишга мажбур этаман деб ўйларди. Осмонлардаги худолар уни эшитиб кулдиларми ёки уларнинг илоҳий кўзларидан ёш тўкилдими — буни ҳеч ким билмайди.
Шундай фикрларга шўнғиб кетган Шошибушон, ўша куни Гирибаланинг келганини сезмади. Қизчанинг этагида олхўри йўқ эди — у олхўри данакларининг таъсирига ишонмай қўйди. Энди Шошибушон бепарволик билан: «Гири, букун олхўри йўқми?» деб сўраганда, бу гап қизчага худди масхаралагандай туюлиб: «Бор-э» деб, қочиб кетарди. Букун олхўриси йўқлигидан муғамбирликка ўтди. Бирдан кўзларини узоқларга тикиб, қаттиқ қичқирди:
— Шорно, мени кутиб тур, ҳозир бораман!
Эркак ўқувчилар бу гап қизчанинг узоқдан ўтиб бораётган дугонасига қарата айтилган деб ўйлашлари мумкин, лекин аёл ўқувчилар у ерда ҳеч ким йўқлигини ва бу гап ёнгинасида турган йигитчага айтилганини дарров фаҳмлайдилар. Ҳайҳот бу муғамбирлик кўзлари заиф одамга ҳеч кор қилмади. Шошибушон қизчанинг сўзларини эшитди-ю, лекин маъносини англамади. У, қизчанинг ўйнагиси келяпти, деб ўйлади, унинг эса, ҳозир қизча билан машғул бўлишга вақти йўқ. Бунинг сабаби шуки, у бугун баъзиларнинг юракларига қадаш учун ўткир сўз ўқлари изламоқ билан банд. Аммо кичкина қизчанинг қўли билан отилган ўқлар нишонга тегмагандек, олим одамнинг ўқлари ҳам нишонга тегмай, хато кетганини ўқувчилар биладилар.
Олхўри данакларининг бир яхши жиҳати шуки, уларни би-рин-кетин ота бергач, борди-ю тўрттаси хато кетганда ҳам, бешинчиси бориб мўлжалга тегиши муқаррар. Аммо Шорно ўйлаб топилган ном бўлса-да, «мени кут, мен бораман» дегандан кейин, бу ерда туриш мумкин эмас, мабодо жойида тура берса, одамлар Шорно деган қизнинг борлигига шубҳа қиладилар. Шунинг учун, бу тадбир ҳам натижа бермагач, Гирибала дарров кетишга мажбур бўлди. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, унинг ҳаракатида дугонасини кўришга бўлган чин хоҳишнинг табиий қувончлари сезилмас эди. У орқасига қайрилмай, ўз изидан бирор киши келяптими-йўқми, шуни билишга тиришарди. Кетидан ҳеч ким келмаётганини сезгандан кейин ҳам, бир нарсага умид қилгандай, яна орқасига қайрилиб қаради, ҳеч кимни кўрмагач, хўрлик ва алам шиддатидан тўзғиб кетган чарупатни йиртиб-йиртиб, ўзининг сўнгги умидлари билан бирга ерга ташлади. Агар шу топда Шошибушондан ўрганган билимларини қайтариб бериш йўли топилса, уларни ҳам йигитнинг эшиги олдига олхўри данакларидай ирғитиб кетарди. Қизча Шошибушон билан кўришгунгача у ўргатган ҳамма нарсаларни эсдан чиқаришга қаттиқ қарор қилди. У ҳолда, ўқитувчи ундан сўрайди, у эса бирортасига жавоб қайтара олмайди. Ҳа биттасигаям, биттасигаям. Ўшанда у йигит ўзининг қандай ёмон иш қилганини пайқайди!
Аламдан Гирибаланинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Ҳамма нарсани унутганини билиб Шошибушоннинг хафа бўлишини ўйлаганида, қизчанинг эзилган юраги бирмунча тинчланди, аммо Шошибушоннинг айби билан келажакда нодон бўлиб қолишини ўйлаганида, бахтсиз Гирибаланинг ўзига раҳми келарди.
Осмонда булутлар сузарди — ёмғир фасли бош-ланганда бу хил булутларни ҳар кун кўриш мумкин.
Гирибала йўл бўйидаги дарахт орқасига бекиниб, аламига чидолмай йиғлаб юборди. Кунига қанча қизлар шу хилда сабабсиз кўзёши тўкадилар. Бунда диққатга сазовор ҳеч нарса йўқ.

VI
Шошибушоннинг юридик изланишлари ва нотиқлик машқлари нечун беҳуда бўлиб чиққани ўқувчиларга маълум: судга берилган шикоят тўсатдан қайтариб олинди. Хоркумар ўз раёнига фахрий судя этиб тайин қилинди. Энди у кир чапкон кийиб, ёғи чиққан салла ўраб, тез-тез судга борар, шунинг билан бирга ҳар гал, соҳиб ҳузурига кириб, унга таъзим қилиб чиқишни тарк этмасди.
Бир неча кундан кейин Шошибушоннинг қора, катта китоби Гирибаланинг қарғишига учради, — уйнинг қоронғи бир бурчагига ташлаб қўйилган, устини чанг босиб, эсдан чиқиб кетган эди. Ахир Гирибала қаерда, бу мудҳиш китобга бўлган эътиборсизликдан қувонадиган қизча қаер¬да?
Ўша куни Шошибушон қонун тўпламини ёпиб қўйгач, Гирибаланинг кетиб қолганини фаҳмлади. У хаёл суриб, сўнгги кунларда қизчанинг қилган ҳаракатларини эслади. У Гирибаланинг бир кун эрта билан сорийси этагида ҳали ёмғир нами қуримаган бакул гуллари кўтариб келганини эслади, ўшанда у қизчага қайрилиб ҳам боқмаган эди. Қизча эса дастлаб ўзини йўқотаёзди, лекин кейинча сорийсидан игна-ип олиб, бошини эгиб, гулларни бирин-кетин ипга тиза бошлади, у бу ишни жуда секин қилса ҳам, охири ругатди. Кун кечикиб, Гирибаланинг уйга қайтиш вақти етган эди. Шошибушон бўлса, ҳануз ўқиш билан машғул бўлди. Қиз ғоят хафа бўлиб, гулларни диванда қолдириб чиқиб кетди. Йигитча бу хил бепарволик қизнинг иззат-нафсига текканини фаҳмлаб қолди. Қизча эса унинг олдига кирмай қўйди, фақат аҳён-аҳёнда уйи ёнидан ўтиб қоларди, холос; охири қизча бутунлай келмайдиган бўлиб қолди, — бунга ҳам анча вақт бўлди. Қизчанинг иззат-нафси бу қадар эътиборсизликка бардош бермаслиги муқаррар эди. Шошибушон чуқур уф тортиб, гўё бир нарсасини йўқотгандай деворга суянди. Энди унинг кичкина шогирди йўқ эди, ўқишга бўлган ҳар қандай ҳаваси ҳам йўқолди. У китобни олиб, икки-уч саҳифа ўқиб яна жойига қўяр, ёзишга киришар, лекин минут сайин чўчиб, бировни кутгандай кўчага қарар, ёза бошлаган нарсасини ташларди.
Шошибушон Гирибала оғриб-нетиб қолмадимикан деб қўрқди. Эҳтиёт билан суриштириб, ҳавотирнинг ўринсиз эканини билди. Гирибалани яқинда эрга берадилар, шунинг учун уйдан чиқиши мумкин эмас.
Чарупатни йиртиб, лой кўчага ташлаб келган кунининг эртасига, гири сорий этагига ширинликлар солиб, шошилиб уйдан чиқди. Ҳаво димлигидан туни билан ухламай чиққан Хоркумар илк саҳардан белигача яланғоч бўлиб олиб, ҳовлида ўтирган эди.
— Сен қаёққа кетяпсан, — деб сўради у Гиридан.
— Шоши амакимникига.
— Нима қиласан Шоши амакиникида, бор, уйга кир! Шундан кейин уни сўка бошлади; кап-катта қиз, яқинда эрга тегади-ю, уятни билмайди. Ана шундан кейин, унга кўчага чиқишни ман қилдилар. Энди рухсат сўраш, ёлвориш фойдасиз. Бу ҳол қизнинг ғурурини пой-мол қилди. Манго мевасининг қуюқ шарбати, бетел ва лимонлар қайтиб ўз жойига қўйилди. Ёмғирлар бошланди, бакул гуллари тўкилмоқда, гуави мевалари дарахтда осилиб ётибди, пишиб ерга тўкилган олхўрилами қушлар чўқимоқда. Афсуски, тўзғиган чарупат ҳам энди йўқ бўлиб кетди.

VII
Гирибаланинг тўйида сурнайлар чалинган куни, тантанага таклиф этилмаган Шошибушон қайиқда Калкуттага томон сузиб кетди.
Хоркумар ўз шикоятини қайтариб олгандан бери, Шошибушонни кўришга кўзи йўқ эди. У, Шоши мендан нафратланади, деб қаттиқ ишонарди. У ўзи тасаввур этган бу нафратнинг минглаб нишоналарини Шошибушоннинг кўзларида, юзларида, хатти-ҳаракатида кўрди. У ўзининг бир вақт хўрланганини қишлоқ аҳолиси аллақачон унутган, фақат Шошибушонгина эслаб юради, деб ҳисоблар, шунинг учун йигитчанинг кўзига қаролмасди. Шошибушон билан учрашганда ўнғайсиз ҳолатда қолар, шу билан бирга, йигитчага ғазаби келарди. У, Шошини қишлоқдан кетказаман деб аҳд қилди.
Бундай одамни ўз уйидан чиқиб кетишга мажбур этиш оғир иш эмас. Ноиб жаноблари тез фурсатда ўз муродига ета қолди. Бир кун Шоши қайиққа китоблари билан бир неча темирсандиқни юклади. Уни бу қишлоққа боғлаб турган бирдан-бир ип шу кунги тўй туфайли тамом узилди. У, илгари бу нозик ип қалбини нақадар маҳкам ўраб олганини тасаввур этмас эди. Қайиқ дарё соҳили бўйлаб юриб, таниш дарахтларнинг учлари узоқларда кўздан ғойиб бўла бошлади, тўй музикаси борган сари заифлашарди, бирдан йигитнинг кўнгли бузилиб, нимадир томоғини сиқиб келди, чакка томирлари тез-тез ура бошлади, назарида бутун олам алдовчи саробдай кўринди.
Қайиқ оқим бўйлаб кетган бўлса ҳам, қарши томондан эсган қаттиқ шамол ёини оғирлаштирар эди. Шу пайт дарёда бир воқеа юз бериб, Шошибушон саёҳатининг тўхталишига сабаб бўлди.
Яқинда темир йўлни қўшни раёнлар билан боғлайдиган янги пароход йўли очилган эди. Пароход парраклари билан сувни тўлқинлантириб, пишқирганча оқимга қарши сузиб келарди. Унда янги пароход ёии бошқармасининг раиси ёш соҳиб ва бир қанча пассажирлар бўлиб, бирмунчаси Шошибушоннинг ҳамқишлоқлари эди.
Қандайдир савдогар баркаси пароходни қувиб ўтишга интилиб, гоҳ ўзиб кетар, гоҳ орқада қоларди. Қайиқчи бу мусобақага ҳаддан ташқари қизиқиб, биринчи елкан устига иккинчисини, иккинчиси устига учинчисини кўтарди. Шамолнинг тазйиқидан узун лангар олдинга қараб эгилди. Қайиқ кесиб ўтган баланд тўлқинлар унинг бортларига келиб урилар, баркас эса, сувлиқни тишлаб чопган отдай тез ке¬тар эди. Дарё бир оз қайрилиб оққан ерда баркас пароход йўлини кесиб ўтиш учун шиддат билан илгари ҳаракат қилди, пароходдан ўзиб кетди. Панжарага тирсагини тираб турган соҳиб бу мусобақани зўр қизиқиш билан кузатиб борарди. Баркаснинг юриши тезлашиб, пароходдан жиндак ўтганда, бирдан соҳиб милтиғини олиб, шишиб турган елканни нишонга олиб отди. Елкан йиртилиб, баркас тўнтарилди. Па¬роход дарёнинг қайрилишида ғойиб бўлди. Бошқарма раиси нега бундай қилди, буни айтиш қийин. Биз, бенгалликлар инглизларнинг нимадан қувонишларини сира англай олмаймиз. Эҳтимол, у ҳинд баркасининг мусобақадаги ғалабасига чидамагандир; балки шишган катта елканнинг бир лаҳзада бурда-бурда бўлиб кетиши унинг учун бир ҳаловатдир; балки, дадил кемачанинг ўйинини бирдан бузишда, унинг бир неча жойидан тешилишида бирор иблисона лаззат бордир, — билмадим. Аммо бир нарса шубҳасиз: инглиз бу ҳазил учун ўзига ҳеч нарса бўлмаслигига қаттиқ ишонарди ва тўғрисини айтганда, баркас эгасини ҳам, командани ҳам одам қаторида санамас эди.
Соҳиб милтиқни олиб отганда, баркас тўнкарилиб ғарқ бўлганда, Шошибушон шу ҳодиса рўй берган жойда бўлиб, ҳамма ҳодисани ўз кўзи билан кўрди. У ағдарилган баркас олдига дарҳол сузиб бориб, қайиқчи ва эшкакчиларни ҳалокатдан қутқазди. Фақат бир кишини қутқазиб бўлмади — у, фалокат юз берган чоғда баркас айвончаси остида зиравор янчиб ўтирган экан.
Шошибушоннинг томирларида қон қайнаб кетди. Адолат фавқулодда секин ҳаракат қилади, у худди катта ва мураккаб машина: ҳамма «тарафдор» ва «қаршиларни» ўлчаб, далиллар тўплайди ва тўла совуққонлик билан жазо беради, унда одам юрагидай юрак йўқ. Аммо Шошибушоннинг назарида жазо билан ғазабни бир-биридан айриб қараш — тўқликни очликдан, хоҳишни қаноатдан айриб қараш каби ғайритабиий бўлиб кўринди. Кўп жиноятлар борки, улар томошабиндан тезда бирор чора кўришни талаб этади, акс ҳолда, у томошабин ўз қалбида яширинган самовий жазога гирифтор бўлади. У ҳолда адолатга ишониб ўзини тинчитиш кишини уқубатли андишага солади. Бироқ адолат машинаси ҳам пароход бошқармаси раисини Шошибушондан узоққа олиб кетди. Жамиятнинг бу воқеада нима фойда қилганини билмайман, лекин Шошибушоннинг «ҳинд ғуссадорлигини», шубҳасиз, кучайтирди.
Шоши ўзи халос этган кишилар билан қишлоққа қайтди. Баркас юксиз ётарди. Уни чиқариб олиш учун кишилар юборди ва қайиқчига бошқарма раиси устидан судга шикоят қилишни таклиф этди.
Қайиқчи рози бўлмади.
— Қайиқ-ку ғарқ бўлди, нима, мен энди ўзимни ҳам ғарқ қилайми?— деди у.— Аввало, бунинг учун пул тўлаш зарур, сўнгра, ишни ташлаб, емоқ, ухламоқни унутиб, бунинг орқасидан судма-суд юриш керак, бундан ташқари, соҳибга қарши бошланган бу ишнинг нима билан тамом боиишини бир худодан бўлак ҳеч ким билмайди.
Охири Шошибушоннинг адвокатлигини, суд харажатларини унинг ўзи тўлашга тайёрлигини ва ҳамма фактлар унинг фойдасига ишлаб, суд қайиқчининг кўрган зиёнларини тўлашга ҳукм чиқариши муқарралигини билгандан кейин, қайиқчи рози бўлди. Бироқ, Шошибушоннинг пароходда келган ҳамқишлоқлари судда гувоҳлик беришга рози бўлмадилар. Улар Шошибушонга бундай дедилар:
— Жаноб, биз ҳеч нарсани кўрганимиз йўқ, биз пароходнинг бошқа томонида эдик, сувнинг шариллаши ва роашинанинг пишқиришидан милтиқ товушини эшитганимиз ҳам йўқ.
Юрагида ватандошларини лаънатлаб, Шошибушон бошқарма раиси устидан ўзи шикоят қилди.
Гувоҳларга эҳтиёж ҳам сезилмади. Бошқарма раиси милтиқ отганига чиндан иқрор бўлди. У бундай деди: осмонда қатор турналарни кўриб, нишонга олдим. Пароход ғоят тезлик билан юриб, милтиқ отилган пайтда дарёнинг қайрилиб оқадиган ерига келиб қолган эди. Бинобарин, қарғани ўлдирдимми, турнани отдимми ёки баркасни ғарқ қилдимми, билолмадим. Ҳавода ва ерда ов тўлиб ётганда, ҳеч бир ақлли одам, гарчи бир ўқ чорак пайса турса ҳам уни бекорга хайф қилиб, ифлос латтага отмайди.
Соҳиб оқланди ва сигарет тутунини бурақсатиб, карта ўйнаш учун клубга кетди. Зиравор янчиб турган одамнинг ўлигини ҳодиса юз берган жойдан тўққиз мил нарида, тўлқин қирғоққа чиқариб ташлаган жойдан топиб олдилар. Шошибушон кўнгли бузилган ҳолда қишлоғига қайтиб келди.
У қайтиб келган куни Гирибалани қайнатасиникига олиб бориш учун қайиқлар тайёрланган эди. Гарчи Шошибушонни ҳеч кирн таклиф этмаган бўлса-да, у дарё соҳилига келди. Пристан ёнида одамлар тўпланган эди, у одамлардан бир оз нарироқ ўтиб турди. Қайиқ пристандан жўнаб, унинг олдидан сузиб ўтганда, у бир лаҳзагина келинни кўриб қолди; у гамто билан ўраган бошини пастга эгиб ўтирарди. Гирибала узоқ вақтгача, бирор йўл топиб, кетиш олдида Шошибушон билан кўришиб қоларман, деб умид қилган эди, энди бўлса, у шўрлик ўқитувчиси яқинида — соҳилда туриб унга қараётганини била олмади. У бирор марта бошини кўтармай, товушсиз йиғлар, кўз-ёшлари юзларидан оқиб тушар эди.
Қайиқ борган сари олға қараб сузиб, ниҳоят, кўздан ғойиб бўлди. Эртанги қуёш нурлари сувда порлай бошла-ди, ёнгинада, манго дарахти шохида, папияр қуши баланд товуш билан ўзининг интиҳосиз қўшиғини куйлай кетди, қайиқчилар юкларни бир соҳилдан иккинчи соҳилга ўтказа бошлашди. Пристанга сувга келган хотинларнинг қайнатасиникига кетишини муҳокама қилар эдилар. Шошибушон кўзойнагини олиб, жиқ ёшга тўлган кўзларини артди. Шундан сўнг, йўл бўйидаги, деразалари темирпанжарали уйига кетди. Бирдан унинг қулоғига Гирибаланинг товуши эшитилгандай бўлди: «Шоши амаки!» Ажабо, қаерда у, қаерда? У ҳеч ерда кўринмайди! На уйда, на кўчада, на қишлоқда — у фақат йигитнинг ғам-ҳасрат билан тўлган қалбида эди.

VIII
Шошибушон нарсаларини йиғиштириб яна Калкуттага жўнади. Калкуттада унинг ҳеч қандай иши йўқ, сирасини айтганда, боришга ҳам эҳтиёж йўқ эди. Бинобарин, у темир йўл билан эмас, дарё билан жўнашга қарор қилди.
Ёмғир фаслининг авжи қизиган чоғи. Бенгалияни минглаб серсув анҳорлар тўрдай қамраб олган. Гуркураган ям-яшил Бенгалиянинг қон томирлари лиммо-лим, ҳамма жойда мўл майса, лионлар, кўкатлар, ниҳоллар, шоли, жут ва шакарқамиши барқ уриб бош силкимоқда.
Дарёнинг Шошибушон қайиғи сузиб бораётган эгри-бугри тор шохобчаси лиммо-лим тўлган, сув қирғоқлар билан баравар бўлиб, соҳилдаги пичанзорлами, айрим ўринларда дон экинларини сув босган эди. Сув бамбук новдалари ўсган, манго боғларидан иборат қишлоқ қўраларига жуда яқин келган гўё худолар Бенгалиядаги барча дарахт томирлари остидан ариқ ўтказишга ғамхўрлик қилгандек туюларди.
Саёҳат бошланганда, ёмғир сувида ювилган дарахтлар қуёш нурида порлаб турардилар, бироқ тезда булут тўпланиб, ёмғир ёға бошлади. Қайси томонга боқманг — ҳамма нарса қайғули ва чиркин.
Тошқин вақтида атрофи сув билан ўралган тор ва ифлос қўтонга қамаб қўйилган сигирлар шикоят этгандай тер-милиб, сабр билан ёмғирда ивигандай, Бенгалия ҳам қадам босиб бўмайдиган лой-балчиқ ва зах чангалзорда хомуш ва ғамгин ивимоқда эди. Деҳқонлар кўчага чиққанда бошларга тока илиб чиқадилар; хотинлар совуқ ва шамолдан жунжикиб, шошилган ҳолда рўзғор ишлари билан уйдан-уйга югурадилар ёки эҳтиёт билан қадам босиб, ич-ичларигача ивиб, дарёга сувга борадилар, уйда қолган эркаклар эшик олдида ўтириб тамаки чекадилар; улар фақат зарур бўлган пайтлардагина белларига рўмол ўраб, туфлини қўлга олиб, бошларига шамсия тутган ҳолда кўчага чиқадилар; қуёш қовжиратган, ёмғирга бўккан бу мамлакатда шамсияни хотинларга бериш яхши анъаналар жумласига кирмайди.
Ёмғир бўшашмади. Қайиқ айвончасида ўтириб безор бўлган Шошибушон поезд билан кетишга қарор қилди. У, бир дарё иккинчи дарёга қуйиладиган жойда қайиқни қирғоққа боғлаб, овқат қидириб кетди.
Оқсоқ одам чуқурга тушиб кетар экан, бунга фақат чуқур айбли эмас, — оқсоқнинг оёғи ҳам ҳамиша чуқурга қараб тортади. Ўша куни Шошибушон буни жуда яхши исбот қилди.
Икки дарёнинг бир-бирига қуйиладиган ерида балиқчилар тўр солиб, уни қирғоқ яқинидаги бамбук дарахтига боғлаб қўйган эдилар. Фақат бир жойдагина қайиқ ўтиши учун йўл қолган эди. Балиқчилар узоқ вақтлардан бери шу йўсинда балиқ овлаб, шунга муносиб солиқ тўлардилар. Бахтга қарши, бош политсия амалдорига, бирдан, худди шу йўлдан сузиб ўтишга тўғри келибди. Унинг қайиғини узоқдан кўрган балиқчилар, қичқириб, уни тўр солинганидан огоҳлантириб, йўл кўрсатдилар. Аммо соҳибнинг қайиқчиси кишилар яратган тўсиқлар билан ҳисоб-лашишга ўрганмаган, у қайиқни тўппа-тўғри тўрга қараб бурди, тўр сувга ботиб, қайиқ унинг устидан ўтди, бироқ эшкак илиниб қолди. Уни ажратиш учун бир оз вақт ва ҳаракат зарур эди.
Соҳибнинг қаҳр-ғазаби жўш уриб, қайиқни тўхтатишга фармон берди. Унинг юзларидаги ғазабни кўриб балиқчи¬лар тумтарақай бўлиб қочиб кетдилар. Соҳиб ўз эшкакчиларига, тўрни қирқиб ташланглар, деб буюрди. Улар етти-саккиз юз рупия турадиган тўрни бир нафасда кесиб, бурда-бурда қилиб ташладилар. Соҳиб ғазабини бир даража босиб, балиқчилами тутиб келишга буюрди. Политсиялар қочган балиқчилами тополмай, дуч келган тўрт одамни тутиб келдилар. Улар қўлларини таъзим вазиятида тутиб, соҳибга ёлвориб, қўйиб юборишни сўрадилар ва ҳеч нарсадан хабарлари йўқлигини сўзлаб уни ишонтиришга уриндилар. Политсия бошлиғи асирлами ўзи билан олиб кетишга буюрди. Шу пайтда кўзларида кўзойнак, устидаги кўйлакнинг тугмаларини солишга улгурмаган Шо¬шибушон туфлисини шапиллатиб, ҳансираганча соҳибнинг қайиғи олдига чопиб келиб, қалтираган овоз билан деди:
— Тўми кесишга ва бу тўрт одамни қийнашга сизнинг ҳеч қандай ҳаққингиз йўқ!
Катта амалдор унга ҳинд тилида қўпол жавоб берди. Шу пайтда Шошибушон қайиққа сакраб тушди-да, соҳибнинг устига отилиб, уни ёш боладай, жиннидай дўппослаб кетди.
Сўнгра нима бўлганини у эсламайди. Кўзини очиб ўзини политсия участкасида кўрди, у ердаги муомалалардан унинг маънавий қаноат ҳосил қилиши ёки жисмоний енгиллик ҳис этиши эҳтимолдан узоқ эди, деб гапиришга эҳтиёж бўлмаса керак.

IX
Шошибушоннинг отаси адвокат ёллаб, ўғлини кафилга олишга муваффақ боиди. Шундан сўнг суд протсессига доир ташвишлар бошланди.
Тўрлари қирқиб ташланган балиқчилар Шошибушон яшаган округда истиқомат қилиб, ўша заминдорга муте эдилар, улар бахтсизликка учраганда Шошибушоннинг олдига юридик маслаҳат сўраб келардилар. Соҳиб тутиб кетган бояги тўрт киши ҳам Шошибушоннинг танишлари эди.
Шоши ҳамқишлоқларини чақириб, уларни шу можарога гувоҳ тариқасида кўрсатиш ниятида эканини айтди. Улар ҳаддан ташқари қўрқиб кетдилар: ахир уларнинг оилалари, болалари бор, борди-ю, политсия билан жанжаллашиб қолсалар, уларни бу балодан ким қутқазади?
Ахир, ҳар кимнинг биргина жони бор! Тўғри, улар зарар кўрдилар, бироқ, ҳозир уни қайтариб бўлмайди, энди кўра-била туриб гувоҳлик бериш —бу балога гирифтор бўлишнинг ўзи-ку!
— Жаноб, сен бизни катта мусибатга дучор қилдинг, — дер эди улар.
Узоқ чўзилган гап-сўзлардан кейин, улар бўлган ҳақиқатни батамом сўзлаб беришга рози боидилар.
Хоркумар бир иш билан судга бориб, соҳибларга салом бериш ниятида идорага кирганда, политсия бошлиғи кулиб туриб унга:
— Ноиб-бабу, эшитишимча, сенинг ижарачиларинг политсияга қарши ёлғон гувоҳлик берар эмишлар? — деди.
Ноиб қўрқиб кетди:
— Қандай, йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Бу ифлос тоифанинг болалари жуда ҳам юзсиз-да!
Судда адвокат Шошибушонни ҳимоя қила олмагани тез фурсатда газетадан маълум бўлди.
Балиқчилар бирин-кетин туриб, политсия бошлиғи тўрни қирққани йўқ, бизлами отларимизни ёзиб олди, холос, дедилар.
Бугина эмас. Шошибушоннинг бир неча ҳамқишлоқлари, биз ўша куни тўй муносабати билан дарёда саёҳат қилиб, воқеа юз берган жойнинг яқинига бориб қолган эдик; Шошибушоннинг бирдан политсия соҳибига ташланиб, уни бекордан-бекор урганини ўз кўзимиз билан кўрдик, — дедилар.
Шошибушон ўзи таҳқирлангач қайиққа тушиб соҳибни урганига иқрор бўлди. Лекин бунинг бош сабаби соҳибнинг тўрни кесиши ва айбсиз тўрт балиқчини қамаши эди.
Бундай шароитда Шошибушон устидан чиқарилган ҳукмни адолатсиз деб ҳисоблаш мумкин эмас. Ҳукм қатъий бўлиб, Шошибушон бир неча хил жиноятда айбланган эди: бировни уриш, қайиққа бостириб кириш, политсиянинг қонуний ҳаракатига қаршилик кўрсатиш ва ҳоказо... ҳар қайсисининг исботи учун етарли далиллар бор эди.
Шошибушон севикли китобларини кичик уйида қолдириб, беш йил муддатни турмада ўтказишга мажбур эди. Унинг отаси олий судга шикоят қилмоқчи бўлганда, Шо¬шибушон қатъий қаршилик кўрсатиб, бундай деди:
— Турмага боришим ҳам яхши. Темир занжирлар ёлғон сўзламайди, турма деворидан ташқаридаги «озодлик» эса мени алдаб, мусибатга гирифтор қилди. Агар одамлар ҳақида сўз бораркан, шуни айтиш керакки, турма тор бўлганидан у ерда ёлғончилар, қаллоблар, ҳимматсиз ва номард кишилар озодликдагига нисбатан анча оз.

Х
Шошибушон қамалганидан кейин тез орада отаси ўлди. Унинг бошқа ҳеч кими қолмади. Тўғри, бир акаси бор эди, аммо у узоқ вақтлардан бери Марказий Вилоятларда ишлайди. У ерда уй солиб, хотин-бола-чақалик бў¬либ кетган, ватанига қайтишга тараддуд қилмасди. Шоши¬бушоннинг бу ердаги ҳамма мулкларини ноиб Хоркумар турли ҳийлаю найранглар билан ўзлаштириб олган эди.
Тақдирнинг хоҳиши билан Шошибушон турмада бошқалардан кўпроқ азоб-уқубат чекди. Нима бўлсада, бу уқубатли беш йил ўтиб кетди.
Яна ёғингарчилик даври бошланган эди. Шоши¬бушон озиб-тўзиб, кўнгли чўккан ҳолда турмадан чиқди. У озод бўлди. Турма деворларидан ташқарида унинг шу озодликдан бошқа ҳеч нарсаси, ҳеч кимсаси йўқ эди. Жамиятдан ҳайдалган, уйсиз, ёлғиз Шошибушонга бу кенг дунё бошпанасиз бир биёбондек туюлди.
У тик туриб, ҳаётнинг узилган ипини қандай қилиб улаш, нимадан бошлаш ҳақида фикр юритарди. Қўққисдан унинг олдига жуфт от қўшилган катта карета келиб тўхтади. Унинг ичидан чиққан хизматкор:
— Сизнинг исмингиз Шошибушонбабуми? — деб сўради.
— Ҳа.
Хизматкор карета эшигини очиб, ўзи эшик ёнида, унинг ўтиришини кутиб турди.
— Сиз мени қаерга олиб бормоқчисиз? — сўради Шошибушон ажабланиб.
— Сизни менинг хўжайиним таклиф этган. Ўткинчиларнинг қизиқиб қарашларига тоқат қилиб бўлмасди, шунинг учун Шошибушон хизматкор билан ортиқча сўзлашиб турмай, каретага ўтирди. «Шубҳасиз, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бўлаётир, — деб ўйлади у, — ҳа майли, ахир қаерга бўлмасин кетиш керак-ку. Эҳтимол, бу хато менинг янги ҳаётимнинг бошланиши бўлар».
Ўша куни ҳам осмонда қуёш билан булутлар ўйнамоқда эди; ёмғир суви билан тўлган йўл бўйлаб чўзилиб кетган тўқ-яшил шолилар нур билан сояларнинг алмашинувидан ранг-баранг бўлиб товланарди. Бозор ёнида эски карета қийшайиб турар, унинг яқинидаги озиқ-овқат дўкони олдида, вишну қаландарлари гупижонтра ва дўмбира товушига жўр бўлиб куйлар эдилар:
Қайт, султоним, қайтл
Қайт, интизор, чанқоқ қалбимга!
Карета олға кетар, ашула эса, борган сари узоқдан эшитиларди:
Қайт, бераҳм, қайт, нозигим, қайт!
Қайт, гўзалим, баҳор кунларидек қалбимни ёрит!
Ашула энди зўрға эшитилар, сўзларини англаб бўл¬масди. Аммо ашуланинг мақоми Шошибушонни ҳаяжонлантирарди, шеърларни бирин-кетин эслаб, ашулани тўхтатишга кучи етмагандай, ўзича секин хиргойи қила бошлади:
Абадий бахтим, қайт!
Қайт, мангу кулфатим!
Қайт, бахту кулфатим, азобу давлатим, қайт!
Қайт, бир умр муштоқ этган, абадий севгилим, қайт!
Э, бевафо, оғушимга қайт!
Қўйнимга қайт, ко ъз уйимга қайт!
Тушларимга, хаёлимга қайт!
Қайт, кулбамга, қувончимга, ҳаётимга қайт,
Кулгимга қайт,
Кўзёшимга қайт!
Ғуруримга, хотирамга, ҳурматимга қайт!
Ишончимгаъ, номусимга, ишларимга қайт!
Ташвишимга, ҳаётимга, о ълимимга қайт!
Карета, атрофи ўралган бир боққа кириб, икки қаватли, иморат олдида тўхтади. Шошибушон ҳам ашула айтишдан тўхтади.
У бирор нарса ҳақида сўраб-нетиб турмай, хизматкор орқасидан кета берди.
У кирган хонада девор бўйлаб қўйилган ойнали шкафларда ранг-баранг муқовали китоблар қатор териб қўйилган эди. Буларни кўриб, у ўзини турмадан иккинчи дафъа озод бўлгандай ҳис этди. Муқовалари олтин нақшлар билан безатилган бу чиройли китоблар, унга нариёғида бахт дунёси яширинган, қимматли тошлар билан безатил¬ган таниш дарвозадай туюлди.
Стол устида бир нарса турар эди. Кўзлари узоқдагини илғамайдиган Шошибушон эгилиб, тоштахта устига қўйилган бир неча эски дафтарлар ва Доснинг эскириб тўзғиган «Дхарапат», «Котхамала» ва «Маҳобҳората» номли китобларини кўрди. Тоштахтанинг ёғоч рамкасига катта ҳарфлар билан сиёҳда Шошибушоннинг қўли билан «Қизча Гирибалага» деб ёзилган эди. Шу исм унинг қалами билан дафтарларга ва китобларга ҳам ёзил¬ган.
Шошибушон қаерга келганини фаҳмлади. Унинг юра-ги қаттиқ ура бошлади. У очиқ деразага қаради, ҳайҳот, бу нима? Ўша деразалари темирпанжарали уй, ўша ўнқир-чўнқир қишлоқ йўли, ўша йўл-йўл сорий кийган қизча... Ўзининг ўша даврдаги осойишта, сокин ҳаёти. Бу бахтли ҳаётда одатдан ташқари бир ҳолат йўқ эди: кўзга ташланмайдиган кичик ишла, озгина бахт билан шукуҳ қилиб кун кечирар, унинг ҳаётидаги аҳамиятсиз воқеалар, шахсий машғулотлар орасида ёш қизчани ўқитиш машқлари алоҳида ажралиб турарди. Бироқ ёи бўйидаги уйда ёлғизликда кечирган ҳаёти, у осойишталик, у озгина бахт, у кичкина қизчанинг ёруғ чеҳраси — мана шулар ҳаммаси унинг кўз ўнгида, бевақт, ўринсиз ялт этган тутқич бермас самовий орзулардек кўринди. У кунларнинг хотиралари бу кунги ғамгин эртанинг нури ва вишнупарастлар қўшиғининг ҳазин оҳанги билан қўшилиб, юрагида гўзал мақом сингари жаранглар эди. Бир томони чангалзорга қараб кетган тор, ифлос ёи устида хафа бўлиб турган қизчанинг ғамгин, лекин мағрур чеҳраси унинг кўз олдида худонинг қудрат қоии билан яратилган энг гўзал суратдай намоён бўлди. Яна ашуланинг юракни эзадиган садоси эшитилди. Унинг назарида, бу қишлоқ қизининг юзида бутун оламнинг чорасиз ғам-ғуссалари акс этгандай туюлди. Юзини қоилари билан беркитиб, тирсакларини столга, шу тоштахтага, дафтар ва китобларга тираб, ўтмишнинг хотираларини ўйлаб кетди. Енгил оёқ товуши эшитилди. У бошини кўтарди. Унинг қаршисида кумуш баркашда мева ва ширинликлар кўтарган Гирибала сўзсиз кутиб турарди. Ҳеч қандай безаксиз, оқ, тул хотин либоси кийган Гирибала унинг олдида тиз чўкди ва бош эгиб таъзим қилди.
Гирибала ўрнидан тургач, азоб тортиб, озиб-тўзиган Шошибушонга муҳаббат билан назар солди, кўзлари ёшга тоииб, юзларидан оқиб кетди.
Шошибушон, одатдагидек, аввал қизнинг саломатли-гини сўрамоқчи эди, бироқ бирор сўз ҳам айта олмади. Унинг кўзёшлари томоғига келиб тиқилди, — йиғи билан тўкилмаган кўзёшлари, айтилмаган сўзлар юракда йиғилиб, гўё қотиб қолди...
Зиёратчи, қаландарлар уй қаршисида тўхталиб, такрор ва такрор куйлардилар:
Қайт, о, қайтл

1894
Mualifning boshqa asaralari
1 Aka va uka (hikoya) [Rabindranat Tagor] 1390
2 Ака ва ука (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 472
3 Baxtsizlik (hikoya) [Rabindranat Tagor] 581
4 Бахтсизлик (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 451
5 Daliya (hikoya) [Rabindranat Tagor] 619
6 Далия (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 476
7 Hukm (hikoya) [Rabindranat Tagor] 494
8 Ҳукм (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 477
9 Jogeshshorning qurboni (hikoya) [Rabindranat Tagor] 487
10 Жогешшорнинг қурбони (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 435
11 Mrinmoyi (hikoya) [Rabindranat Tagor] 598
12 Мринмойи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 450
13 Nazari baxayr (hikoya) [Rabindranat Tagor] 499
14 Noyonjorlik babu (hikoya) [Rabindranat Tagor] 533
15 Nur va soyalar (hikoya) [Rabindranat Tagor] 4584
16 Назари бахайр (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 459
17 Ноёнжорлик бабу (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 437
18 Oltin sarob (hikoya) [Rabindranat Tagor] 556
19 Opa (hikoya) [Rabindranat Tagor] 710
20 Олтин сароб (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 454
21 Опа (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 458
22 Pochta mudiri (hikoya) [Rabindranat Tagor] 532
23 Почта мудири (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 487
24 Skelet (hikoya) [Rabindranat Tagor] 492
25 Скелет (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 442
26 Tashna toshlar (hikoya) [Rabindranat Tagor] 716
27 Taskin topgan rashk (hikoya) [Rabindranat Tagor] 752
28 Ta’til (hikoya) [Rabindranat Tagor] 593
29 Tentak Ramkanai (hikoya) [Rabindranat Tagor] 504
30 Tunda (hikoya) [Rabindranat Tagor] 778
31 Таскин топган рашк (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 550
32 Ташна тошлар (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 429
33 Таътил (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 452
34 Тентак Рамканаи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 437
35 Тунда (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 418
36 Xotinning xati (hikoya) [Rabindranat Tagor] 694
37 Хотиннинг хати (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 458
38 Yechilgan jumboq (hikoya) [Rabindranat Tagor] 570
39 Ечилган жумбоқ (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 534
40 Yozuvchi (hikoya) [Rabindranat Tagor] 551
41 Ёзувчи (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 461
42 Oʻlikmi, tirik? (hikoya) [Rabindranat Tagor] 0
43 Ўликми, тирик? (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 0
44 Shubxa (hikoya) [Rabindranat Tagor] 2215
45 Шубха (ҳикоя) [Rabindranat Tagor] 2816
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика