Баҳор (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov]

Баҳор (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov]
Баҳор (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov]
Лола сайли жуда гаштли бўлди. Қуёш тепамизга келгунча икки қучоқ-икки қучоқдан лола териб қўйдик. Собиржоннинг севинчи ичига сиғмасди. Касалдан яқинда турган бўлса ҳам, худди ёш боладек у ёқдан-бу ёққа сакраб чопар, кўм-кўк майсалар устига думаларди.
— Уриниб қоласан, — дедим охир, пешонасидаги терни кўриб.
— Касал бўлмагандекман, — деди у чўккалаб. — Фақат белим сал оғриди.
— Ўтир, чой ичиб оламиз.
Лолазор четида турган машинамиздан адёл билан термос олиб келдим. Шарқираб оқаётган жилға ёиига ўтирдик.
— Баҳорда, албатта у ёқ-бу ёққа чиқиш керак экан, — деди Собиржон пешонасидаги терни артар экан. Унинг чарчаганлиги сезилиб турарди. — Чиройли жойлар кўп, қараб тўймайсан киши.
Биз борган жой ҳақиқатан ҳам гўзал эди. Бир томони тоғ, бир томони кўм-кўк дала. Олисда кумушдек товланиб дарё оқмоқда. Лолазор эса, худди моҳир тўқувчи қўлида тўқилган чорси қизил гиламга ўхшарди.
— Анави чўққига қара, — деди Собиржон завқ билан. — Худди оқ яктак кийиб от суриб кетаётган чавандозга ўхшайди. Шу ёққа бу чиқсам!
— Ҳозир эмас, — дедим мен. Унинг буйрагини оператсия қилишган эди. — Кейинчалик. Янаги йилга.
— Сен ҳам врачлардан баттарсан.
Собиржоннинг энсаси қотди. Эътибор бермадим. Аслида унинг завқига мен ҳам шерик эдим. Эрталаб лолазорга келганимиздаёқ, шу чўққига бир чиқсам, деб қўйган эдим.
— Врачларни менга пеш қилма, — дедим. — Менинг ҳам чиққим бор. Лекин узилиб қолишинг мумкин.
— Шу гапни кечадан бери эшитаман. Дадам тиниши билан ойим бошлайди. Мени ҳали ҳам касал деб ўйлашади шекилли.
Кулдим.
— Нега куласан? — сўради Собиржон.
— Ўзим, шундай. Ҳали ҳам болалигинг қолмабди. Ўзингдан бошқага ишонмайсан. Кел, яхшиси ёнбошла.
Собиржон индамай ёнимга чузилди. Бошидаги адёл тагига термосни қўйдим. Шу пайт қарсиллаган милтиқ овози эшитилди.
— Нима? — деди Собиржон сакраб ўрнидан туриб.
Биқинидаги чандиқ тортилиб кетди шекилли, инграб юборди. — Биров милтиқ отди, — у биқинини ушлаб яна ётди.
— Ҳа, биров милтиқ отди, — дедим унга қўшилиб.
Бирдан лолазорнинг ўртаси чайқалиб кетди. У ердан кўзимни узиб улгурмаган эдим, лолазорнинг этаги чайқалди, қалпокдек оппоқ бир нарса сакраган бўлди, эрта очилган лолалар унинг зарбиданми, ё тоғдан эсиб келаётган шабададанми танга-танга бўлиб тўкилди. Олисда ҳаллослаб чопиб кетаётган бир одам кўринди. Қўлидаги милтиқ тасмаси ерга тегай-тегай деб турарди. Машина ёнига етгач, шартта лолазор томонга югурди. Тасма лолаларни бир текисда синдириб кела бошлади. Бу, чопишига халақит берса ҳам, у парво қилмасди, аксинча, милтиқни силтаб-силтаб қўярди. Бизнинг рўпарамизга келгач, у тўхтади. Қўнжи букиб қўйилган резинка этиги билан лолаларни топтай бошлади. Баъзан милтиқ учи билан у ер-бу ерни туртиб ҳам қўярди. У шу қадар берилиб ниманидир қидирардики, ҳатто бизни кўрмас, жигарранг қоракўл телпаги остидан тиришиб турган пешонасидан юзларига оқиб тушаётган терни ҳам сезмасди.
— Бу нима қилиқ? — сўради Собиржон бошини кўтариб.
— Ким билади, — дедим, — бир нарса қидираётганга ўхшайди.
— Шунақа қидирадими?!
Собиржоннинг ғазабдан лаблари кўкариб кетди.
Менинг ҳам жаҳлим чиқа бошлади. Боягина биз сайр қилган, яшнаб турган жойнинг топталиб расвоси чиққан эди.
— Ҳо, ака, нима қиляпсиз? — қичкирди Собиржон. Лекин кучи етмади, бўғилиб қолди. Кейин йўтал тутди, биқинини чангаллаганича менга суянди.
Мен уни секин ётқизмоқчи бўлдим, лекин у ётмади. Лолазор томонга ўгирилди. Бироқ бояги одам йўқ эди. Атрофга қарадим. Ҳеч қаерда йўк, гўё ер ёрилгану, тагига кириб кетгандай.
Ичимда севиндим, лекин кайфиятим бузилган эди. Боягина бутун вужудимни қоплаб турган хушчақчакликдан асар ҳам қолмади. Топталган лолазорга қадалиб қолдим. У худди бемаҳал қўзғалган довулдан кейин ер билан битта бўлиб ётган қулупнай доналарини эслатарди.
— Нима қилиб кетди-а? — деди титраб Собиржон.
Индамадим. Шу маҳал мени ҳам титроқ босди. Лолазор этагида ҳалиги одам турарди! У телпагини ечди. Қора наматдек бошидан гуп этиб буғ кўтарилди. Пиджагининг енги билан юз-кўзларини, пешонасини артди. Кейин телпагини икки қўли билан бостириб кийди. Бир қўлига милтиғини, бир қўлига оппоқ бир нарсани олиб биз томонга юрди. Милтиқ тасмаси лолаларни яна чирт-чирт узиб кела бошлади.
Қўлларим ўз-ўзидан мушт бўлиб тугилди. Собиржон ҳам унга қараб турган экан:
— Бир боплаймизми? — деди.
— Бўлди, — дедим қатъий. — Лекин сен аралашмайсан.
— Нега? — Собиржон ҳайрон бўлди.
— Сен ётавер. Бир ҳузур қилай. Менга қўйиб бер. Мақсадимни унга айтмадим. Хафа бўлади. Оператсияси ҳали битмаган, иннайкейин ўзи инқиллаб турибди. Биқинига тушириб қолса, тамом. Яна касалхонага жўнайди.
— Менга қўйиб бер. Бир ҳузур қилай, анчадан-бери ўзи қўлим қичиб турибди.
— Нима қиласан? — сўради у.
— Одатдагидек. Чап қўл билан.
Собиржон тушунди, индамади. У ҳам бу усулни биларди. Институтда бирга ўрганган эдик.
— Сен ётавер. Ма, чой ич.
Собиржон ёнбошлади. Адёл тагидан термосни олиб чой қуйиб бердим.
Овчи рўпарамизга келиб тўхтади. У менга иккита келарди. Қўлидаги нарса эса, тумшуғи қонга бўялган оппоқ қуён эди.
— Чекишдан борми? — сўради у бепарволик билан.
— Чеккингиз келдими? — дедим мен ва секин ўрнимдан турдим. — Чектирамиз ҳозир...
Собиржонни йўтал тутди. Орқамга ўгирилдим. Нимадир туфлигимга сачради. Собиржоннинг кўнгли ағдарилаётган эди. У икки букчайганича ариққа интиларди. Белидан қучоқладим. У ўзига келганида овчимиз ройиб бўлган эди.
— Қуённи... қуённи кўрдингми? — деди Собиржон кўз ёшларини артар экан.
— Кўрдим, — дедим. — Жуда катта экан.
— Кўнглим ағдарилиб кетди, — деди у. — Тумшуғини кўрдиму шунақа бўлди, мени кечир.
— Ҳечқиси йўқ, бўлади, — дедим мен.
— Кел, чой ичамиз, — деди Собиржон.
Термос қопқоғини тўлатиб узатдим. Кейин ўзим ичдим.
— Кетамизми? — сўради Собиржон бир оздан сўнг.
— Кетамиз, — дедим мен.
Нарсаларимизни йиғиштирдик. Машинага ўтирганимиз-да:
— Ҳар ҳолда бу ёққа чиққанимиз яхши бўлди, — деди
Собиржон кулишга ҳаракат қилиб.
— Яхши бўлди, — дедим мен ҳам.
Йўлга тушдик.
Кун оға бошлаган эди. Машина исиб кетди. Дала жойда шундай бўлади, Собиржоннинг пешонасини ҳатто тер қоплай бошлади. Ойнани туширдим. Гуп этиб муздек ҳаво юзга урилди. Тез кетаётган эканман, Собиржон энтикиб кетди.
— Ўпкам ёрилади, — деди кулиб.
— Ҳаво яхши. Тўйиб ол. Яна бу ерларга келамизми, йўқми!
— Келамиз, — деди Собиржон. — Келгуси якшанба яна келамиз. Тўйиб-тўйиб шимамиз бу ҳаволарни.
Қишлоққа кирдик. Икки томонимиздан баргак ёзган толлар липиллаб ўта бошлади. Пешайвонли сариқ бино олдидан ўтаётганимизда бир боғлам сирен кўтарган кичкина бир қизча бизга қўл силкиб қўйди.
— Туғруқхона, — деди Собиржон. — Ойисини кўргани келганга ўхшайди. Баҳорда туғилиш ҳам кайф-а?
— Кайф, — дедим унга қўшилиб.
Табиат билан баравар кўз очасан. Гўзалликдан бошқа нарсани кўрмайсан.
Унинг нима демоқчи эканлигига тушундим.
— Одамлар ҳар хил бўлади.
— Бу масалада бир хил бўлгани яхши эди, — деди Собиржон. — Гўзалликнинг фойдадан бошка нимаси бор?!
— Сезяпсанми? — сўрадим ундан.
— Нимани?
— Биров кабоб пиширяпти.
— Ҳа, — деди Собиржон мен томонга суқилиб. Унинг ойнаси берк эди. — Чойхонада бўлса керак.
— Чойхонада бўлса биттадан еб кетамиз.
— Менга тўғри келмайди, — деди Собиржон биқинига ишора қилиб.
Еқимли ҳид борган сари яқинлашиб, димоқни қитиқлай бошлади.
— Писта кўмирга ўхшайди, — деди Собиржон ўзи томондаги ойнани тушириб. — Ҳа, писта кўмир.
Машина сой бўйидаги толзорга яқинлашди. Чойхона шу ерда эди.
— Тўхта, — деди Собиржон. — Биттадан еб кетамиз.
— Ихтиёринг.
Машинани қишдан нураб чиққан супа ёнида тўхтатдим. Кабоб қўра шу супа устида эди.
— Жигар кабоб! — Собиржон иштаҳа билан лабларини ялаб қўйди.
Чойхонага кирдик. У бўм-бўш эди. Фақат тўрдаги сўрида тиззаси устидаги тўрт буклоғлик чопонига тирсакларини тираб бир чол чой ичиб ўтирарди. У бир чойдан ҳўплаб, сўлиб қолган ялпиз ҳидларди.
Сўрашдик.
— Тешавой, ҳа, Тешавой! — қичқирди чол чойхонанинг бурчагидаги эшикка қараб. — Меҳмонлар келди!
Кўп ўтмай, эшик очилиб, калта, оқ халат кийган йигит чиқди. У бир патнис гўшт кўтариб олган эди.
— Аввал меҳмонларга қарасанг-чи! — деди чол.
— Чиқдим-ку, — деди чойхоначи. — Бу киши ҳам тиқилинч қилиб қолди.
— Лаббай? — ичкаридан кимдир чиқди.
Бу бояги овчи эди. Ўрнимдан туриб кетдим. Собиржон шошиб енгимдан тортди.
— Қўй, кайфиятини бузма, — деди ялингансимон.
— Лаббай, — деди яна овчи чойхоначига.
— Бир соатларда тайёр бўлади деяпман, — деди чойхоначи чолга кўз қисиб қўйиб. — Бир айланиб келинг.
Овчи бизга назар ташлаб, ташқарига чиқиб кетди. Орқасидан чойхоначи ҳам чиқди ва шу заҳотиёқ бир чойнак чой билан иккита пиёла кўтариб қайтиб келди.
— Кўк чой олиб келдим-а? — деди олдимизга уларни қўяркан. — Чўллаган бўлсаларинг керак.
Биз, майли дегандай, бошимизни қимирлатдик.
— Нима дейди овчи? — сўради чол ялпизни мўйловига суркаб.
— Жаркоп, — деди чойхоначи. — Боя қуён отибди. Хўш, нима берай? Кабоб бор, — у бизга ўгирилди.
— Раҳмат, ҳеч нарса, — деди Собиржон шошиб.
— Ҳеч нарса, — дедим мен ҳам. — Яна битта чой беринг.
Кўз олдимга оғзи қонга бўялган оппоқ куён, топталган лолазор келиб кетди.
— Меҳмонлари бор экан-да, — деди чол.
— Меҳмонлар нима қилади! — чойхоначи ёнимизга ўтирди. — Доим аҳволи шу. Хотини кетиб қолиб, баттар бўлди.
— Ким ўзи у одам? — сўради Собиржон.
— Шу ерлик, — деди чойхоначи энсаси қотиб. — Бизда ҳосилот бор эди. Узоқ йили қирда отдан йиқилиб ўтган. Ўшанинг ўғли.
— Мен ҳам эшитувдим хотини кетиб қолганини, — деди чол. — Қирда алланима қидириб юрган гиволог билан кетиб қолибдими?
Чойхоначи бошини қимирлатди.
— Оббо занғар-эй! Эпчил экан-да?
— Э, гап эпчилликдами? — чойхоначи ташқарига чиқиб, яна бир чойнак чой олиб келди. — Яхши дам еди, манавидан ичинглар.
Чой чиндан ҳам яхши бўлибди. Эскисини тўкиб ташлаб, янгисини пиёлаларга қуйдим.
— Кайф, — деди Собиржон бир ҳўплаб.
— Гап эпчилликда эмас, — чойхоначи гапида давом этди. — Яхши одамдан ким кетади? Неча йилдан бери танийман, оғзидан бир марта ҳам ширин гап эшитмабман-а! Тағин ҳам хотини фил экан. Бизникилар шунақа бўлсак, бир кун ҳам турмайди. Қўлингизга чиптангизни бериб, «фишт-т», дейди. Тағин ҳам хотини фил экан.
Чойхоначи бошини сарак-сарак қилиб қўйди.
— Нима, гиволог билан анчадан бери дон олишиб юрар эканми? — сўради чол.
— Бунисини билмадим, пойлайдиган одатим йўқ. — Чойхоначи қошларини чимириб, биз томонга қараб қўйди. Кейин сирли оҳангда деди: — Годовойдан кейин «акамлар» бир ойча йўқ бўлиб кетдилар. Экспедитсия энди иш бошлаган пайт эди. Ўшанда ўша новча геолог уйларига кириб юрувди. Илгаридан таниш экан-да.
— Э-э... — деди чол.
— Сувонқул аканинг кенжаси ҳам сой бўйида бир куни кечқурун кўрган экан. У уч кундан бери йўқ. Геолог ҳам йўқ.
— Яхши бўлмапти, — деди чол. — Яхши бўлмапти.
— Ўзидан кўрсин! — деди қатъий қилиб чойхоначи ва тўғрими, дегандай, бизга қараб қўйди.
Ҳеч ким жавоб қилмади.
— Ўзидан кўрсин, — деди ўрнидан туриб чойхоначи яна.
— Соат неча бўлди, меҳмон?
— Олти.
— Чиқай, овқатини қилиб берай. Тўполонига тоқатим йўқ. — У чиқиб кетди. Биз ҳам турдик.
— Ўтирибсизлар-да, — деди чол.
— Раҳмат, борайлик, — деди Собиржон. — Хайр.
— Келиб туринглар.
— Раҳмат, — дедим мен.
Чойнак ёнига битта танга ташлаб ташқарига чиқдик. Кун совий бошлаган эди.
— Негадир жуда енгил тортиб кетдим, — деди Собиржон машинага ўтирганимизда.
— Баҳор-да, баҳор! — дедим мен.
Машина елдек учиб кетди. Ойналарни кўтармадик. Оқшом туша бошлаган эди. Муздек шабада ўт-ўлан ҳидини димоққа уриб, юзимизни силаб борарди.

1964
Mualifning boshqa asaralari
1 Abdulla qovunchi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 879
2 Абдулла қовунчи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 474
3 Bahor (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 789
4 Bahor nafasi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 889
5 Boboyongʻoq (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 886
6 Boʻribosar (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1019
7 Баҳор нафаси (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 513
8 Бобоёнғоқ (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 504
9 Бўрибосар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 579
10 Dutor (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 717
11 Дутор (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 458
12 Garov (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 869
13 Gayduk qizi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 640
14 Gul sotuvchi qiz (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1127
15 Gul vodiysi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 602
16 Гайдук қизи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 521
17 Гаров (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 534
18 Гул водийси (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 512
19 Гул сотувчи қиз (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 518
20 Haykal (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 664
21 Hayot qoʻshigʻi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1217
22 Hotamtoy (Ertaknamo hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 812
23 Husn (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 643
24 Ҳайкал (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 561
25 Ҳаёт қўшиғи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 583
26 Ҳотамтой (Эртакнамо ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 488
27 Ҳусн (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 465
28 Kimning tashvishi yoʻq (qissa) [Oʻlmas Umarbekov] 1377
29 Koʻk daftarning siri (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 907
30 Koʻprik (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 632
31 Kuz havosi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 624
32 Кимнинг ташвиши йўқ (қисса) [Oʻlmas Umarbekov] 622
33 Куз ҳавоси (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 508
34 Кўк дафтарнинг сири (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 511
35 Кўприк (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 503
36 Mening oʻgʻilbola jiyanim (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1044
37 Moʻjiza (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 724
38 Muhabbat qoʻshigʻi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 859
39 Менинг ўғилбола жияним (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 545
40 Муҳаббат қўшиғи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 555
41 Мўжиза (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 540
42 Nomus (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 962
43 Номус (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 633
44 Odam boʻlish qiyin (roman) [Oʻlmas Umarbekov] 5823
45 Olamushuk (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 564
46 Oltin yaproqlar (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1741
47 Oqsoqol (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 607
48 Ota (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 678
49 Ota va oʻgʻil (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 954
50 Oyning oltin oʻrogʻi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 917
51 Одам бўлиш қийин (роман) [Oʻlmas Umarbekov] 756
52 Ойнинг олтин ўроғи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 576
53 Оламушук (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 503
54 Олтин япроқлар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 484
55 Ота (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 510
56 Ота ва ўғил (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 584
57 Оқсоқол (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 558
58 Qadah (toʻqilmagan hikoyalar turku... [Oʻlmas Umarbekov] 745
59 Qaytar dunyo (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1095
60 Qirqqiz (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 958
61 Qiyomat qarz (drама) [Oʻlmas Umarbekov] 3177
62 Qiyomat qarz (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 5031
63 Qizimga Maktublar [Oʻlmas Umarbekov] 4477
64 Қадаҳ (тўқилмаган ҳикоялар туркумидан) [Oʻlmas Umarbekov] 681
65 Қайтар дунё (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 513
66 Қизимга Мактублар [Oʻlmas Umarbekov] 845
67 Қирққиз (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 601
68 Қиёмат қарз (драма) [Oʻlmas Umarbekov] 718
69 Қиёмат қарз (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 568
70 Sarkarda Petro (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 553
71 Sevgim-sevgilim (qissa) [Oʻlmas Umarbekov] 2918
72 Soat (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1074
73 Sovgʻa (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 5109
74 Soʻnggi safar (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 638
75 Саркарда Петро (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 520
76 Севгим-севгилим (қисса) [Oʻlmas Umarbekov] 552
77 Соат (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 522
78 Совға (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 604
79 Сўнгги сафар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 537
80 Tun (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 621
81 Тун (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 486
82 Urush farzandi (qissa) [Oʻlmas Umarbekov] 1934
83 Уруш фарзанди (қисса) [Oʻlmas Umarbekov] 607
84 Vela (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 537
85 Вела (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 454
86 Xadicha (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 792
87 Хадича (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 555
88 Yoʻlda (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 648
89 Йўлда (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 480
90 Yer yonganda (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 708
91 Ер ёнганда (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 509
92 Yoz yomgʻiri (qissa) [Oʻlmas Umarbekov] 8025
93 Ёз ёмғири (қисса) [Oʻlmas Umarbekov] 985
94 Yulduzlar (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1086
95 Юлдузлар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 483
96 Shirinsoy oqshomlari (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 648
97 Ширинсой оқшомлари (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 498
98 Charos (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1463
99 Choʻpon Vasil va uning farzandlari... [Oʻlmas Umarbekov] 683
100 Чарос (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 561
101 Чўпон Васил ва унинг фарзандлари (... [Oʻlmas Umarbekov] 635
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика