Дутор (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] |
У ғира-ширада уйдан чиқарди. Қўлида кетмон сопидек узун сопли эркаксупурги, челак. Чиқарди-ю, кўчага разм соларди. Кечқурун қалин қилиб сув сепилган асфалт тротуарнинг нами тарқалган. Шарқираб оқаётган ариқ бетидаги қатор ёш чинорлар орасидан танга-танга нур тушиб турибди. Ҳамма ёқ топ-тоза. Шундай бўлса ҳам у ер-бу ерга супурги уради, кейин катта кўчага чиқаверишда бурчак бўлиб тушган беш қаватли уй томон юради. Пенсияга чиққандан бери у шу ерларни супуриб-сидиради. Уйда ўтириб бўлармиди. Кампирнинг ўзига иш етмайди-ю, у нима қилади? Яхшиям шу ишни беришди. Тўғрироғи, ўзи сўраб олди. Бўлмаса юраги нақ ёрилиб кетарди. Катта уйнинг олдидаги хиёбонни, йўлакларни тозалаб бўлгач, муюлишдаги дераза тагига келиб туради. Шу ерда у машқ эшитади, дутор машқини эшитади. Бир ойча бўлиб колди, кимдир шу уйда ҳар куни саҳарда дутор чалади. Кўп эмас, уч-тўртта куй чалади. «Чор зарб»ни чалади, «Танавор»ни... Яна нималарнидир чалади. Кейин дутор тинади. Тингунча у қулоқ солиб туради. Қўлида кетмон сопидек узун сопли супурги, челак... У ҳам чаларди, яхши чертарди дуторни. Айниқса, «Танавор»ни чертганда, юракларни сел қилиб юборарди. «Қўйинг, бўлди», дерди шунда кампири тушмагур енги учи билан кўзларини артиб. Мана энди ўн етти йилдан бери қўлига олмайди дуторни. Уйнинг тўрида, ўғлининг ҳошияли рамкадаги сурати тагида осиғлиқ турибди. Ҳар куни бир қараб қўяди, лекин тегмайди. Юраги бетламайди тегишга. Уни мактабни битирганда ўғлига ҳадя қилган эди. Раҳматлик чалолмади, урушда йўқ бўлиб кетди. Шу-шу, деворда осиғлиқ. Ҳеч ким тегмайди — на кампири, на ўзи. Дераза тагида чол машққа маст бўлиб ўғлини ўйларди. Тирик бўлганда у ҳам шунақа чалармиди?! Бир куни хаёлга чўмиб ўтирганда катта уйдан бир йигит чиқди. Қўлида қизил духоба ғилофли дутор. Чолни кўриб салом берди. — Яхши чертаркансиз, — деди чол. — Лекин дуторингизнинг мазаси йўқ. — Ҳа, — деди йигит, — қорни ёрилган эди, яхши тузатолмадим. Eртасига у катта уйга эртароқ келди-да, деразани тақиллатди, Йигит чиқди. — Кечирасиз, ўғлим, безовта қилдим, — деди чол. — Манавини чалинг-чи. Бу ўша ўғлига ҳадя қилган дутор эди. Берди-ю, хиёбонга ўтиб кетди. Кўп ўтмай «Танавор» жаранглади. Чол дераза ёнига келди. Машққа маст бўлиб туриб қолди. Қўлида узун сопли супурги, челак... 1963 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62446 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58014 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36684 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22049 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18682 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |