Сўнгги сафар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov]

Сўнгги сафар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov]
Сўнгги сафар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov]
Истеъфодаги маёр Низомиддин ака Назаров хотини қабрини зиёрат қилиб қайтаётган эди, бирдан юрагига санчиқ турди, нафас олиши оғирлашди, узун гўштдор қулоқларига тиралиб турган антиқа телпаги остидан муздек тер худди мингоёкдек иккала чаккасидан ўрмалаб туша бошлади. Юрак санчиғидан кўра Низомиддин акани ана шу тер чўчитди. Дастрўмол олишга ҳам сабри чидамай, кафтлари билан терни сидириб ташлади. Юрак санчиғи тўрт-беш йилдан бери бор эди. Совуқ тер нимадан бўлдийкин? Низомиддин ака беихтиёр чаккаларини силади. Кафтлари яна ҳўл бўлди. Нима қилса экан? У шундай ўйлади-ю, қабристонга келганига ачинди. Қабристон соғ одамни ҳам касал қилади, юракни ўйнатиб, хаёлга минг хил нохуш фикрлар келтиради, деб ўйларди у. Шунинг учун ҳам хотинининг йилини ўтказганидан бери ўтган беш йил ичида — бугунгисини ҳисобламаганда — икки ёки уч марта келган эди.
Бугун ҳам келишни ўйламаган эди. Тонгга яқин туш кўрди. Ишдан қайтса, хотини ҳовли супураётган эмиш. «Касал одам нега турдинг?» — деб қўлидан супургини олмоқчи бўлган эди, хотини бермади: «Қўйинг, уришиб қоламиз», деди.
Низомиддин ака бу калта, юлуқ тушдан кўнгли хира тортиб уйғонди-ю, қизи Вазира ишга кетиши билан қабристонга йўл олди. Уларнинг хилхонаси қабристон этагидаги кўрғонча ёнида эди. Бир ҳафта бурун тун бўйи ёққан қор, совуқнинг нафаси анча босилганига қарамай, ҳали эримаган, қабристон гўё оқ кўрпа остида эди. Фақат офтобрўя жойлардаги баъзи қабрларнинг устигина гуваладек қорайиб турарди.
Низомиддин ака қўрғончага келиб, кимнинг қабри қаердалигини тахминангина эслади. Онасининг қабри қўрғончанинг шундай олдида эди. Ундан кейин кетма-кет отаси, иккита амакисининг қабри. Хотини онасининг чап томонида эди. Низомиддин ака буни тахминсиз ҳам биларди. Хотини қабрига йил ўтиши билан қабристон ёнидаги устахонада катта мармар тош буюртириб, ўзи қўйдириб кетган эди. Тош салобатли сарғиш эди. Фақат Низомиддин акага ёқмаган жойи — бу, фамилиянинг остига ўйиб солинган гул эди. Бу ҳам майли. Рассом йигит унинг «чиройли бўлсин» деган гапини ўзича тушуниб, гулнинг бир шохига кичкина қушнинг расмини ҳам ўйиб қўйган эди. Шу бачкана қуш, хотинини эслаганда, ё қабристонга келганда доим таъбини хира қиларди. Бир буздириб ташлаб, янги тош қўймоқчи ҳам бўлди, лекин Вазира кўнмади. Негадир унга худди шу гул билан қуш ёқиб қолган, ҳазил аралаш менинг қабримга ҳам шундай расмли тош қўйдирасиз, деган эди.
Қор ёпишиб ун сепилгандек ёзувларни ҳам, расмларни ҳам бекитган тош олдида аллавақт туриб, Низомиддин ака кўчага йўл олди. Жимжит қабристон, оппоқ қор, меҳрибон кишилар, айниқса, хотинининг қабри, илк баҳор нафасини олиб келиб димоққа урган илиқ шамол эрталабдан бери дилини қамраб олган ғашликни кўтариб юборди, ўзини қандайдир мусаффо сайргохда юргандек ҳис қилди, нимжон, касалманд, аммо шикоятни билмайдиган, шу туфайли дардини ичига солиб ўлиб кетган хотини ҳам, бутун маҳаллада полвон деб ном чиқарган басавлат отаси, жиккаккина, умри тиним билмай ўтган онаси ҳам, ҳазилкаш, жаҳллари бурниларининг учида турадиган амакилари ҳам ҳозир тирикдек туюлиб кетди, хотини ўлимидан сўнг бирдан-бир азоби билан юрагига ўрнашиб олган қарилик кайфияти кўтарилди. «Жуда яхши қилдим келиб, — хаёлидан ўтказди у. — Тез-тез келиб тураман энди».
Шу хаёл, шу кўтаринки кайфият қабристоннинг панжарали, баланд темир дарвозасига етганда ҳам уни тарк этмади. Дарвозадан чиқди-ю, негадир юраги санчиб кетди. Агар совуқ тер чиқмаганда бунга унча эътибор бермасди. Мингоёқдек баданини жунжикиб чаккаларидан ўрмалаган тер уни хавотирга солди. «Дам олиш керак бир жойда ўтириб»,— деди хаёлан у.
Қабристон дарвозасидан юз қадамча нарида ариқ бўйида чойхона бор эди. Хотини қабрига тош қўйдиргани келганда кирган эди. Қабристон ёнида бўлгани учунми, чойхонанинг қандайдир тушуниб бўлмайдиган осойишталиги, текис, сокин сув, узун тахта сўри ёнидаги танаси қучокқа сиғмайдиган, ярми қуриб, каллакланган, қолган ярми серофтоб кунлари бутун чойхонага соя бериб, салқин қилиб турадиган кекса мажнунтол уни ўшанда оғир хаёллардан халос қилган, кўнглига таскин берган эди. Низомиддин ака шу чойхонага боришга, фақат секин, юракни алдаб битта-битта қадам босиб боришга қарор қилди ва енгил тортгандек бўлди.
Чойхонада ҳеч ким йўқ эди. Пастак ёғоч панжарали девор ёнига юпқа кул босган қор уюб қўйилган, ҳовли бўм-бўш. Сувга қараган пешойналик чорси айвонда ҳам пахталик чопон устидан калта оқ халат кийиб олган чойхоначи чолдан бошқа ҳеч ким кўринмасди.
Низомиддин ака айвонга кириб дераза тагидаги кўрпача устига ўтирди. Телпагини ечиб, пешанаси, қулоқларининг орқасини артди. Оппоқ батист рўмолча жиққа ҳўл бўлди. «Нимадан бўлди экан бу?» — яна ўйлади у ва шу ўй билан бўлиб, чойхоначи ёстиқ, тунука лаганчада қанд, конфет ва чой олиб келиб қўйганини сезмади. Ҳўл рўмолчани чаккасига тутар экан, юз-қўли музлаб кетаётгандек бўлди. Наҳотки, бу ўлим бўлса? Беихтиёр хаёлидан ўтказди у. Илгари шундай фикр хаёлига келса, дарҳол бирон нарсага уннаб, ўзини чалғитишга ҳаракат қиларди. Ҳозир эса бундай қилмади, аксинча шу, тўсатдан келган хаёлга ихтиёр бериб, кўзларини юмган эди, чойхоначининг йўғон овозини эшитди:
— Мазангиз йўқми? Низомиддин ака бошини кўтарди.
— Йўқ, бир оз тер босди...
— Чарчагансиз, — ишонч билан деди чойхоначи. — Иссиқ чой ичинг қанд билан. Ўтиб кетади. Кексайгандан кейин одам шунақа бўлади! Гоҳ ўти оғрийди, гоҳ бўти.
Парво қилманг. Кеча манам ўлиб қоламанми девдим, юрагим санчиб. Мана, отдайман. Парво қилманг. — Чойхоначи кулди. — Ҳисоб-китоб ҳам қилиб ўтирибман.
— Ҳисоб-китоб? — тушунмади Низомиддин ака.
— Ҳа. Кимда нимам бор, кимга нима беришим керак. Ўлимни ўйлаган одам тинч бўлиши керак-да. Ҳайтовур ҳамма ишларим саранжом экан...
Низомиддин ака «менинг ҳам юрагим санчиб турибди», демоқчи эди, чойхоначининг сўнгги гапи хаёлини олиб кочди. «Дарвоқе, менинг ишларим қалай? Саранжомми?» — деди хаёлан у ва юрак санчиғи ҳам, совуқ тер ҳам бу савол олдида ҳеч гап эмаслигини англади, фақат нима учун шу кунгача бу ҳақда ўйламайганига, умуман, нима учун одам бу ҳакда кексайиб, ўлим эшик қоқиб келгандагина бош қотиришига афсусланди. Масалан, унинг ўзи илгарироқ, кучга-ғайратга тўлиқ, қўли узун пайтида бу ҳақда ўйлаганида ҳаёти бошқачароқ бўлармиди? Тағин ким билади, балки ҳаёт қонуни шундайдир? Одам умрининг охирида шу саволга жавоб қидиришида, босиб ўтган йўлига назар солишида қандайдир мантиқ бордир?
Низомиддин ака шуларни ўйлар экан, юрак санчиғини унутди, мингоёкдек ўрмалаб ғашини келтирган совуқ тер хаёлидан кўтарилди, турмуши, олтмиш беш йил ичида бошидан кечирганлари сув тўлқинларидек бешик-бешик бўлиб кўз олдидан ўта бошлади.
У кўпчилик қатори яшади. Бировни ноҳақ уришмади, ўзи ҳам бировдан ноҳақ уриш эшитмади. Ёшлиги шаҳарда ўтган бўлса ҳам, эсини таниб, институтга киргунича сигир-бузоқ ичида ўсди, ота касби — от-арава ҳайдади. Албатта, эрта саҳарда ширин уйқуни бузиб, ем-хашак келтиргани қишлоққа жўнаш, айниқса болалигида оғир ботарди, ўпкаси тўлиб, отасига билдирмай йиғлаб ҳам оларди. Лекин на илож, уйнинг тўнғичи, бормаса бўлмасди. Шунинг учунми, катта бўлганида сут-қатиқни ёмон кўриб қолди, ичмайдиган бўлиб кетди. Институтга кирди-ю, от-арава, сигир-бузокдан қутулди. Шаҳарда мол боқишнинг ўзи ҳам қийинлашиб кетди. Бир куни ўқишдан қайтса, отаси билан онаси ичкари хонада деразаларнинг пардаларини тушириб олиб, пул санаб ўтиришибди. Нима бўлганини у дарҳол тушунди. Югуриб оғилхонага кирди. Овқатга тўймай, доим унинг ғашига тегадиган филдек тарғил сигир ҳам, оғилхонани бошига кўтариб, ҳеч кимга тиним бермайдиган тўрт ойлик ола бузоқ ҳам йўқ эди. Улардан қутулишни болалигидан истаб келган бўлса ҳам, Низомиддин аканинг ўшанда кўнгли алланечук бўлиб кетди. Уйга кириб, бекор қилибсизлар, деди. Назир карвон индамади. Фақат кечки овқат пайти, ҳамманинг хомуш ўтирганини кўриб:
— Мол боқиш қийин энди, — деди бўғилиб.
Уруш йиллари куйган буғдойзор, жўхоризорлар ичида, ё ўрмон этагидаги ўтзорларда битта-яримта эгасиз қолган сигир ёки бузоқни кўрар экан, Низомиддин ака ўша ҳувиллаган оғилхонасини эслаб кетарди, кўзларидан нимқоронғи хонада пул санаб ўтирган ота-онаси ўтарди ва дилини қандайдир илиқ ўксиниш қопларди, эрта саҳарда туриб, кўзларида отаси сезмаган ёш билан уйдан арава ҳайдаб чиқиш, ҳали деярли уйқуда бўлган шаҳарнинг осойишта салқини, ҳар бир ўт-ўлани таниш бўлган мол боқадиган жойлар, қулупнай, бодринг, ялпиз ҳидини анқитувчи қишлоқ, шудринг босган полизлардаги хаёл қочган пайтлари, юракни ёргудек тарс-турс овозлар — энди уни ҳаяжонга солар, болалиги, умуман, яхши ўтганлигини, кўзларида ёш мўлтираган дамларни энди дарё ёш билан ҳам қайтариб бўлмаслигини ачиниб эсларди.
Институтни битирадиган йили Тўқимачилик комбинатига ишга кирди ва шу йили уйланди. Тўй унга қувонч келтирмади. Тўй куни отаси қазо қилди. Ҳовлида базм, ўйин-кулги, идиш-товоқнинг тақир-туқури, ичкарида эса аза... Буни тўй тарқаб, келин билан гўшангага кирганда билди. Катта амакиси айтди. Тўй бузилмасин, деб илгарироқ айтмаган экан. Назир карвон озгина нафасим қисилиб турибди, деб каравотга чузилибди. Суюқ овқат тарқатишаётганда, хабар олишса — ўлиб ётган эмиш. Шу сабаб бўлдими, Низомиддин ака хотинини хуш кўрмай қолди. Хафа қилгани йўқ, қаттиқ гапирмади, лекин эр бўлиб бир марта эркалатмади ҳам. Мастура опа аёллик лаззатини билмай бегонадек келиб, бегонадек кетди. Низомиддин ака ўзи кўмди. Хотинининг ёш (еллик бирда) ўлганига ачинса ҳам, йиғламади, ёш келмади кўзига. Улар учта фарзанд кўришди. Тўнғич ўғиллари — Баҳриддин Бекободда инженер, кейингиси — Бадриддин Олмалиқда завод директори. Иккалови ҳам оила қуриб, ўзларидан тинчиб кетишган. Қизлари — Вазира фақат уларнинг ичида омадсиз чиқди. ТошМИда ўқиб юриб, турмуш курди. Ўқишни битирмай, эрининг кетидан чет элга кетди. Йил ўтмай ёлғиз қайтиб келди. Шу-шу отаси билан бирга. Низомиддин ака нима учун қизи эридан ажраганини билмасди. Вазира ҳам ёрилиб айтмасди. Ўзи яхши кўриб теккан эди, шунинг учун алами ичида эди. Эридан гап очилиб қолса, кўзлари ғазабдан чақнаб кетар эди. Низомиддин ака қизидан ташвишда эмас эди. Ҳали ёш, бахтини топиб кетади, деб ўзига таскин берарди. Вазира уйга қайтиб келган йили Низомиддин ака онасидан ажради. Эридан сўнг ўттиз йил яшаб, турмуш қурмай ўтган онаси унинг учун меҳр-садоқат булоғи эди. Ҳеч кимнинг ўлими Низомиддин акани бунчалик қақшатиб кетмаган эди. Узоқ вақт у ўзига келолмай юрди, уйдаги ҳар хонадан онасининг майин, меҳрибон овози эшитилиб турди. Қизининг борлиги, ўзининг анча ёшга борганлилигина уни тинчитди. Яқин одамларнинг ўлими, ёлғизликни назарга олмаган-да, Низомиддин аканинг оилавий ишлари, чойхоначи айтганидек, саранжом эди. Уни баъзан кийнайдиган нарса — хотинига муносабати эди. Отасининг бевақт ўлимига хотини мутлақо дахлдор эмаслигини у биларди. Хотинининг айби шуки, у қайната ўлган куни келин бўлиб тушди ва Низомиддин ака ўзи сезмаган ҳолда буни умр бўйи кечирмади. Агар муҳаббат қўйиб уйланганда, ким билади, турмушлари бошқача бўлармиди? Бир куни ишдан қайтганда кўрпа қавиб ўтирган онасининг ёнида бир қизни кўрди. Қиз оёкларини бир томонга йиғиштириб, тиззаларини беркитиб турган атлас кўйлагини торта-торта бошини ердан кўтармай ниманидир гапирарди. Низомиддин ака салом бериб, ўз хонасига ўтиб кетди. Ечиниб чиққанида, қиз йўқ эди. У қизнинг кимлиги билан қизиқмади ҳам. Онасининг ўзи сўради.
— Мастура қалай? Ёқдими?
— Қайси Мастура? — тушунмади Низомиддин ака.
— Бояги қиз-да, Обид тоғанинг кенжаси. Анчадан бери кўрмаган эдим, очилиб кетибди лоладай бўлиб.
Низомиддин ака елкаларини қисди. Ана шу ҳаракати масалани ҳал қилди. Ўша йилиёқ тўй бўлди. Тўйгача у бепарво юрди. Тўйнинг эртаси, отасини кўмиб келишганда, ҳовлини бошларига кўтариб йиғлаётган онаси, синглиси, қариндош-уруғларига аралашолмай, кўйлаги сингари қора пешанабоғининг бир учини тишлаб нима қилишни билмай бир чеккада жонсарак бўлиб турган хотинини кўрди-ю, унга уйланганига пушаймон еди. Йиллар ўтди, лекин бу пушаймон тарқалмади, канадек ёпишди-қолди. Фақат бир марта Низомиддин ака хотинига нисбатан меҳри товлчнганини билади. Уруш тугаб, уйга қайтган эди ўшанда у. Ойдин кеча эди. Улар ҳовлида, баланд тахта сўрида ётишарди. Низомиддин ака нимадандир чўчиб уйғониб кетди. Тун жимжит эди. Тиккага келган тўлин ой бутун ҳовлини ёритиб турарди. Мастура опа осмонга қараб тинчгина ухларди. Унинг ҳатто нафас олиши ҳам эшитилмасди. Ёстиқ билан битта бўлиб ётган қора сочлари ой шуласида зулукдек товланарди. Бўйнигача тортилган юпқа чойшаб остида нозик, хушбичим бадани аниқ сезилиб турарди. Низомиддин ака беихтиёр тикилиб қолди, бағрига босгиси, узун, қуюқ қошлари, кичкина қулоқлари аралаш юз-кўзларидан ўпгиси келиб, ёнбошига ағдарилганда, хотини кўзларини очди.
— Нима қиляпсиз? — сўради хавотирланиб.
— Сенга қараяпман.
— Ёмонманми?
Низомиддин ака бошини қимирлатди.
— Яхшисан... чиройлисан...
Хотини касал одамдек оҳиста жилмайди, кўзларида ёш йилтираб кетди.
Бу воқеа уларни яқинлаштирган бўлди, лекин бари-бир Низомиддин аканинг дилидан совуқлик кўтарилмади. Ёлғиз қолибгина, унга ачина бошлади. Аввало, уйланмаслиги керак эди. Уйландими, унга яхши қараши керак эди.
Буни у энди, қариганда тушунди. Ундаги хотинига бўлган совуқлик, тўғрироғи, бефарқлик бошқа аёлларга ҳам тарқалди. Шунинг учун у хотинига хиёнат қилгани йўқ. Фақат бир марта бир аёлга нисбатан кўнглида илиқлик пайдо бўлган эди. Буни ҳам у энди, қариганида, ҳаётини бир-бир кўз олдига келтира бошлаганида англади.
Бу воқеа Белоруссияда бўлган эди. Пуховичи деган жойда унинг ротаси душманни қувиб бораётиб, Горин дарёси олдида тўхтаб қолди. Немислар кўприкни бузиб кетишган эди. Низомиддин ака шу кўприкни, унинг ёнидаги қоғоз ёпиштирилган деразалари дарёга қараган болохонали ёғоч уйни бутун тафсилоти билан эслади. Уй сув ювиб қиялашган силлиқ қирғокдан беш-олти қадамгина нарида бўлиб, ундаги илон изидек ёлғиз оёқ йўл дарёга чузилиб тушган эди.
Моғор босган пайраҳа том, унинг тепасида чириган, дон чўқилаётгандек эгилиб, тумшуғи томга тегиб турган тунука хўроз, уйнинг кўча томонида қирқиб ташланганиданми ё кўприк портлаганида узилганиданми, ерга тегай-тегай деб осилиб турган электр сим, зинапояли остона ёнида нам тортиб ётган арава шотиси ҳозиргина кўргандек кўз олдидан ўтди.
Янги кўприк солиш ҳақида энди буйруқ бермоқчи бўлиб турганида уй томондан аёл кишининг овози келди. Низомиддин ака ёнига ўгирилди. Остона олдида бола кўтарган бир ёш аёл турарди. Қирғоққа яқинлашиб унинг гапларини эшитди. «Дарё чуқур эмас, агар уйнинг тўғрисидан тушил-са ўтиб кетиш мумкин», — деди аёл.
Низомиддин ака у кўрсатган жойдан дарёга тушиб, нариги соҳилга ўтди. Сув белидан келди. Танклар ўтиши мумкин эди. Лекин бу жойнинг бир қалтис томони бор эди. Дарёдан кўтарилаётганда танклар уйга тегиб, бузиб кетишлари мумкин эди. Ёғоч уйнинг бир жойи бузилди — бутун уй бузилди, деган гап. Низомиддин аканинг боши қотди. Худди унинг хаёлини сезгандек:
— Ўйламанг, уй бузилса бузилар, — деди аёл. — Мен... — унинг юпқа лаблари титраб кетди, — розиман...
Низомиддин ака унга миннатдорлик билан қаради-да, дарё томон югуриб кетди. Ўтиш ҳақида буйруқ бериб, яна аёл ёнига қайтиб келди.
Аёлдаги нимадир, узун, тўпиғига тушиб турган рангсиз кўйлагими, онасиники сингари кўм-кўк кўзларини шовқин-сурон билан дарёдан ўтаётган танклар, солдатларга катталардек вазмин тикиб, ўрта бармоғини сўриб турган ориқ болами, унга ёқиб қолган, бир дақиқа бўлса ҳам тинчлик ҳузурини бағишлаган эди...
У кутгандек, биринчи танк оқ уйнинг бурчагини сидириб кетди. Аёл беихтиёр қичқириб юборди. Аммо уй мустаҳкам экан, бир қимирлади-ю, жойидан қўзғалмади. Бошқа машиналар эҳтиётлик билан шу ердан ўта бошлади.
— Эрим қурган, — деди ўзини босиб олиб аёл.
— Қаерда у? — беихтиёр сўради Низомиддин ака.
— Ҳалок бўлган... ўтган йили... — деди аёл ва боласини маҳкамроқ бағрига тортди.
Низомиддин ака ўзини ноқулай сезиб, боланинг бошига қўлини қўйди.
— Как тебя зовут, малыш?
Бола бошини олиб қочиб, онасининг елкасига ёпишди.
— Ваня... Иван... — деди аёл маъюс кулимсираб.
— Менинг ҳам ўғлим бор...
— Каттами? — сўради аёл.
Низомиддин ака ҳисоблай бошлади:
— Тўрт ёш бўлиб қолди. Лекин кўрганим йўқ. Танимаса керак мени...
— Танийди... Омон бўлсангиз бўлди...
Иккалови жим қолишди.
Бутун рота ўтиб бўлгач, Низомиддин ака аёлга қўлини узатди.
— Раҳмат. Катта ёрдам бердингиз...
Низомиддин ака унинг озғин қўлини қўллари орасига олар экан, юрагини нимадир тимдалаб кетди. Вужудини раҳм, миннатдорликдан ҳам юксак бир ҳис, илиқ бир ҳаяжон қоплаб олди ва нима дейишини билмай илжайди. Ноқулай вазият анча давом этди шекилли:
— Кутиб қолишди, — деди аёл қўлини тортиб. Унинг майин, меҳр тўла овози уни ўзига келтирди.
— Исмингиз нима?
— Таня... — деди аёл ва ер остидан унга қараб қўйди.
— Таня, уйингизни тузатиб берамиз. — Низомиддин ака боланинг пешанасидан ўпди. — Албатта тузатиб берамиз!
Аёл оҳиста бошини қимирлатди.
Минск шаҳри озод қилингач, Низомиддин акалар полки резервга ўтди. Имкониятдан фойдаланиб, Низомиддин ака иккита солдатига Пуховичига бориб келиш учун рухсат олди. Улар бир ҳафта ичида уйни тузатиб қайтишлари керак эди. Ротада элликларга борган чимкентлик Шекен Омонкулов деган солдат бор эди. Низомиддин аканинг бу, ҳарбий ишга уқуви йўқ одамга раҳми келиб юрарди. «Оқсоқол», — дер эди ҳам ҳурмат, ҳам ҳазил аралаш уни доим. Оқсоқолнинг бешта фарзанди бўлиб, ҳаммаси қиз эди.
— Ширақ, — дерди оқсоқол ҳам ўзини яқин тутиб Низомиддин акага. — Мени немис аз жерге солсангши. Ўлиб-нетиб кетсам, бешов қиз не қилади?
Низомиддин ака Пуховичига шу оқсоқол билан сибирлик бир полвон йигитни жўнатди. Аёлга ярим қоп озиқ-овқат ҳам бериб юборди. Аммо уларни кейин кўриш насиб қилмади. Брест яқинида Низомиддин ака сонидан ярадор бўлиб, Минскка жўнатилди. У ердан уиига қайтди. Лекин ҳарбий хизматдан уни бўшатишмади. Област ҳарбий комиссариатида ишлади. Шу ердан истеъфога чиқди.
Низомиддин ака дарё лабидаги воқеани эслар экан, кўз олдидан Пуховичига жўнатилган солдатлар ўтди. Уйни тузатиб беришдимикан улар? У шундай ўйлади-ю, ҳаётидаги энг носаранжом иши шу эканини тушунди. Оқсоқол ҳам, сибирлик йигит ҳам ишончли одамлар эди. Бунинг устига улар солдат эди. Буйруқни бажармасдан иложлари йўқ. Аммо урушда нималар бўлмайди? Шу фикр бутун вужудини бўшаштириб юборди. Кейин аёл хаёлидан ўтди. Таня... Татяна... Тирикмикин у? Тирик бўлса, қандай экан ҳозир? Низомиддин ака қанча ҳаракат қилмасин, ўшанда ҳали ўттизларга бормаган, олтин соч, зангори кўз аёлни бошқача тасаввур қила олмади. Бунинг зарурати ҳам йўқ эди. Унинг учун ҳозир энг муҳими кечикиб ёдига тушган қарзидан кутулиш, уйи бузилган бевани ва унинг ўғлини бахтли кўриш эди.
У шундай қарорга келди-ю, тунука лаганчага чўнтагидаги бор тангаларини ташлаб, чойхонадан чиқди. Эртасига эрталаб эса аеропортга йўл олди. Оқшом пайти у Минскка кўнди. Қанча ошиқмасин, Пуховичига қоронғида кириб бо-ришга оёғи тортмади. Кўнгли негадир нотинч бўлиб кетди. Шу нотинчлик билан меҳмонхонада ётолмай кўчага чиқди.
Уруш вайроналаридан Минскда асар ҳам қолмаган эди. Телевизорда урушдан кейин қад кўтарган янги Минскни кўп кўрган бўлса ҳам, кўз олдида пайдо бўлган баланд бинолар, кенг, кафтдек текис кўчалар, турна қатор ўтиб турган машиналар уни ҳайратга солди. Янги Минск бунчалик деб, у кутмаган эди.
Eрта тонгда такси ёллаб Пуховичига жўнади. Тушга яқин шофёр келдик, деди. Аммо у тушган жой эски Пуховичи эмас, бутунлай ўзгарган, катта шаҳар эди. Бу жой Пуховичи эканлигини йўл ёқасидаги ўрмондан ва шаҳарни қоқ белидан кесиб ўтган дарёдан билди. Горин эди дарёнинг номи.
Низомиддин ака шаҳарга кирмай, машинани катта йўлда қолдириб, ўрмон томон йўл олди. Кўприк шу ўрмоннинг этагида эди. Ўрмон ўзгармабди. Фақат дарахтлар катта бўлиб кетибди. Буниу қайинлардан билди. Ўшанда улар ёш эди, ҳимоясиз эди... Ўрмондан чиққанда битта арава сиғадиган тор ёғоч кўприк кўринди. Улар душманни қувиб келган асосий йўл шу ердан ўтарди. Энди эса арава йўли бўлиб колибди. Низомиддин ака кўприкка келди-ю, юраги бирдан шувиллаб кетди. Дарёнинг нариги соҳилида ҳеч қандай уй йўқ эди. Унинг ўрнига ёш қайинлар ўтказилган эди. У ўз кўзларига ишонмай, кўприкдан ўтди. Уй йўқ эди. Минг хил фикр хаёлига келди. Аввал солдатларни келишмаган, деб ўйлади. Аммо бунга ишонмади. Кейин Таняни ўрмоннинг нариги томонида қад кўтарган янги уйлардан бирига кўчиб чиққан, деб фараз қилди. Кошки эди шундай бўлса? У шундай ўйлади-ю, шунча йил ичида хат ёзмаганига ачинди. Лекин Танянинг исмидан бошқа ҳеч нарса билмаганини эслаб ўзини койиди.
Нега ўшанда фамилияси, адресини ёзиб олмади? Нега оқсоқолга хат ёзмади? Ахир унинг фамилиясини биларди-ку?!
Шу хаёллар билан кўприк устида анча туриб қолди. Олисда отлик арава кўринди. Низомиддин ака уни кутди.
Арава кўприкка яқинлашганда, устида ўзи тенги мўйсафид оёқларини осилтириб ўтирганини кўрди.
— Кечирасиз, шу ерликмисиз? Мўйсафид отнинг жиловини тортди.
— Нима эди?
— Манави ерда ёғоч уй бор эди... Мўйсафид уни гапиргани қўймади.
— Биламан, Гиловичлар туришарди. Ўтган йили бузиб ташлашди. Ким керак эди?
— Таня, — секин, кўрқув аралаш сўради Низомиддин ака.
— Э, Татянами? Ўлди у. Икки йил бўлди.

Nizomiddin aka boʻshashib ketdi. Tomogʻiga kelib tiqilgan yigʻini zoʻrgʻa tutib, koʻprik panjarasiga suyandi.

— Тириклигида шунча илтимос қилишди, янги уйга кўчиб ўт, деб. Ўтмади, — гапида давом этди мўйсафид. — Яхши аёл эди марҳума. Шу ерда ўламан, деб туриб олди. Шу ерда ўлди.
— Ўғли-чи? Ўғли бор эди-ку? — сўради Низомиддин ака.
— Бор ҳали ҳам. Иван Федорович, — деди мўйсафид. — Ҳарбий учувчи. Уйланган. Қизи бор, Таня. Онасининг ҳурмати учун шундай исм қўйган. Ҳар йили кузда келиб кетади.
— Қабрини билмайсизми?
— Нега билмас эканман? Биламан. Ҳов анави, қайинзорнинг этагида қабри. — Мўйсафид дарёнинг ўнг соҳилидаги кичик ўрмонни кўрсатди. — Ғалати аёл эди марҳума. Қабристон бу ёқда қолиб, икки солдат кўмилган жойга кўмасизлар, деб васият қилган экан. Ўша жойга кўмдик.
— Иккита солдат? — ҳайрон бўлиб сўради Низомиддин ака.
— Ҳа, уйини тузатиб берган иккита солдат.
— Улар ўлганми?
— Ҳалок бўлишган. Уйни тузатиб кетишаётганда минага дуч келишган. Иккалови ҳам ўша заҳоти ўлган. Татяна ўзи кўмган уларни. Ҳов ана. Қабрлари шу ердан ҳам кўриниб турибди. Мана энди ўзи ҳам ётибди уларнинг ёнида. Сиз ким бўласиз?
— Мен... мен ҳам шу ерда жанг қилганман, — деди бўғилиб Низомиддин ака ва бўшашганича мўйсафид кўрсатган ўрмон томон оҳиста юриб кетди.
Яқинда қад кўтарган кичкина қайинзор этагида учта қабр ёнма-ён турарди. Четда оқсоқол — Шекен Омонқулов қабри, ўртада — сибирлик полвон Иван Стародуб, унинг ёнида Таня... Татяна Гилович... Учаловининг қабри устида қизил рангга бўялган темир юлдуз. Низомидтсин ака кўзларидан ёш қуйилиб лабларига тушганини сезмади. Узоқ турди қабрлар ёнида. Ҳазилкаш оқсоқолни кўз олдига келтирди, сибирлик полвон йигитни... Ачинди уларга, айни вақтда кўнгли ғурур билан тўлди. Ваъдаларининг устидан чиқишибди, уни ёлғончи қилиб қўйишмабди. Кейин Таняни кўз олдига келтирди. У уйи ёнида боласини кўтарганича меҳр ва умид билан ҳамон унга тикилиб тургандек эди...
Белоруссияда у беш-олти кун қолиб кетди. Брестда бўлди, Минскда. Жанг билан босиб ўтган йўлларини бир бошдан эслади. Урушнинг барча кулфатлари, жангчиларнинг матонати акс этган Хатинда бўлди. Қаерга бормасин, ҳамма ерда Танянинг мовий кўзлари хаёлидан кўтарилмади. Бу кўзларни у энди мутлақо унутмасди.
Ҳаётининг сўнгги дамларигача энди бу кўзлар солдатлик ва одамийлик бурчига содиқ қолган жанговар ўртоқлари — оқсоқолни, сибирлик полвон йигитни эслатиб турарди.
«ИЛ-18» самолёти хирмонга ёйилган пахтадек булутлар устидан Тошкент томон учиб борар экан, Низомиддин аканинг вужуди алам ва айни вақтда чексиз ғурур билан тўла эди. Шу алам ва ғурур билан у олис сафар олдидан дилини хира қилган санчиқни ҳам, сийрак сочлари орасида мингоёқдек ўрмалаган совуқ терни ҳам унутиб юборди.

1975
Mualifning boshqa asaralari
1 Abdulla qovunchi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 879
2 Абдулла қовунчи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 474
3 Bahor (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 789
4 Bahor nafasi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 889
5 Boboyongʻoq (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 886
6 Boʻribosar (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1019
7 Баҳор (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 523
8 Баҳор нафаси (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 512
9 Бобоёнғоқ (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 504
10 Бўрибосар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 579
11 Dutor (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 717
12 Дутор (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 458
13 Garov (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 869
14 Gayduk qizi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 640
15 Gul sotuvchi qiz (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1127
16 Gul vodiysi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 602
17 Гайдук қизи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 521
18 Гаров (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 534
19 Гул водийси (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 512
20 Гул сотувчи қиз (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 518
21 Haykal (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 663
22 Hayot qoʻshigʻi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1217
23 Hotamtoy (Ertaknamo hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 811
24 Husn (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 642
25 Ҳайкал (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 561
26 Ҳаёт қўшиғи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 580
27 Ҳотамтой (Эртакнамо ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 487
28 Ҳусн (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 464
29 Kimning tashvishi yoʻq (qissa) [Oʻlmas Umarbekov] 1377
30 Koʻk daftarning siri (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 906
31 Koʻprik (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 632
32 Kuz havosi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 623
33 Кимнинг ташвиши йўқ (қисса) [Oʻlmas Umarbekov] 620
34 Куз ҳавоси (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 507
35 Кўк дафтарнинг сири (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 510
36 Кўприк (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 502
37 Mening oʻgʻilbola jiyanim (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1043
38 Moʻjiza (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 723
39 Muhabbat qoʻshigʻi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 859
40 Менинг ўғилбола жияним (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 545
41 Муҳаббат қўшиғи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 552
42 Мўжиза (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 540
43 Nomus (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 962
44 Номус (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 633
45 Odam boʻlish qiyin (roman) [Oʻlmas Umarbekov] 5820
46 Olamushuk (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 564
47 Oltin yaproqlar (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1738
48 Oqsoqol (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 607
49 Ota (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 678
50 Ota va oʻgʻil (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 953
51 Oyning oltin oʻrogʻi (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 915
52 Одам бўлиш қийин (роман) [Oʻlmas Umarbekov] 756
53 Ойнинг олтин ўроғи (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 573
54 Оламушук (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 503
55 Олтин япроқлар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 484
56 Ота (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 510
57 Ота ва ўғил (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 583
58 Оқсоқол (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 558
59 Qadah (toʻqilmagan hikoyalar turku... [Oʻlmas Umarbekov] 744
60 Qaytar dunyo (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1094
61 Qirqqiz (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 958
62 Qiyomat qarz (drама) [Oʻlmas Umarbekov] 3176
63 Qiyomat qarz (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 5020
64 Qizimga Maktublar [Oʻlmas Umarbekov] 4477
65 Қадаҳ (тўқилмаган ҳикоялар туркумидан) [Oʻlmas Umarbekov] 681
66 Қайтар дунё (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 513
67 Қизимга Мактублар [Oʻlmas Umarbekov] 843
68 Қирққиз (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 600
69 Қиёмат қарз (драма) [Oʻlmas Umarbekov] 718
70 Қиёмат қарз (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 567
71 Sarkarda Petro (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 552
72 Sevgim-sevgilim (qissa) [Oʻlmas Umarbekov] 2916
73 Soat (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1071
74 Sovgʻa (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 5108
75 Soʻnggi safar (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 637
76 Саркарда Петро (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 519
77 Севгим-севгилим (қисса) [Oʻlmas Umarbekov] 551
78 Соат (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 521
79 Совға (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 603
80 Tun (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 621
81 Тун (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 486
82 Urush farzandi (qissa) [Oʻlmas Umarbekov] 1932
83 Уруш фарзанди (қисса) [Oʻlmas Umarbekov] 607
84 Vela (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 535
85 Вела (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 453
86 Xadicha (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 791
87 Хадича (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 555
88 Yoʻlda (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 647
89 Йўлда (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 479
90 Yer yonganda (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 708
91 Ер ёнганда (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 508
92 Yoz yomgʻiri (qissa) [Oʻlmas Umarbekov] 8021
93 Ёз ёмғири (қисса) [Oʻlmas Umarbekov] 984
94 Yulduzlar (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1086
95 Юлдузлар (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 482
96 Shirinsoy oqshomlari (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 647
97 Ширинсой оқшомлари (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 497
98 Charos (hikoya) [Oʻlmas Umarbekov] 1459
99 Choʻpon Vasil va uning farzandlari... [Oʻlmas Umarbekov] 682
100 Чарос (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] 560
101 Чўпон Васил ва унинг фарзандлари (... [Oʻlmas Umarbekov] 635
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика