Гул сотувчи қиз (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] |
Мен тез-тез Тошкентга келиб тураман. Ҳар келганимда у менга ўзгача, янги бир шаҳардай туюлади. Ҳар келганимда ҳали мен билмаган, ёки била олмаган гўзаллигини кўз-кўз қилади, сахий бағрини кенг очиб, олис йўлдан келган фарзандини қучоғига олаётган отадай, мени меҳр ва табассум билан қаршилайди. Бу меҳр ва табассумни мен олов тафтли қуёшнинг сербарг дарахтлар орасидан тушиб турган найза нурларида, илиқ шабада ўйнатиб турган косадек-косадек атиргулларнинг ёқимли ҳидларида ҳис қиламан. Қанчалик зарур бўлмасин, ишимни ташлаб, камалак тус скамейкаларда бир дақиқа бўлса ҳам ўтиргим, худди шундай камалак тус йўловчиларга қараб хаёл сургим келади. Кўпинча шундай қиламан ҳам. Хиёбондаги бир-бирига туташ уч фаввора ёнига ўтириб, атрофни томоша қиламан. Хиёбон кундуз ҳам, тун ҳам тинч, осойишта. Шу ерда ҳамма нарса сеҳрли олам оғушида. Дарахтларнниг кўплиги ё хиёбоннинг ўзига хос физилатими — йўловчилар шу ерга кирганда ярим овозда гаплашадилар, ярим овозда куладилар, бошқа кўчаларда қулоқни кар қилувчи игнапошна туфлиларнинг тақ-туқи бу ерда эшитилмайди. Эшитилса ҳам пастки пардалардаги мусиқа садосидек сеҳрли, кишини аллаловчи ёқимли куйдек эшитилади. Фаввора сувларининг бир оҳангдаги жилдираши хаёлга чўмдиради. Кўчаларда машиналарнинг кети узилмайди: бири ёғоч ташиган, бири ғишт, бири тупроқ. Радио эртадан-кечгача тинмай қурувчиларни мадҳ этади. Қурилиш шовқини, ташвиши ҳамманинг бошида, ҳам-манинг уйи, идорасида... Лекин хиёбон тинч, ҳамма нарса сеҳрли олам оғушида. Хиёбоннинг ўзига хос фазилатими ё улкан чодирлардек тизилиб турган баҳайбат дарахтларнинг кўплигиданми — кўчаларнинг ғала-ғовури бу ерга мутлақо бегона, одамларнинг юриши ҳам бошқача— оғир, сервиқор. Афтидан, шу ерга қадам қўйиш билан ҳамма шаҳар ташвишини, ўз ташвишини унутади. Серсоя дарахтлар шохларида бир-бирларига маҳлиё бўлиб сайраган қушлар, баргларнинг шитир-шитири, минг хил шакл, минг хил рангдаги туфлиларнинг бир оҳангдаги енгил тақ-туқи ҳаммани ўзга оламга, сокин ҳаёт қўйнига олиб киради. Шу одамларга қараб, шаҳарнинг келажагини ўйлайман. Улар кўҳна Самарқанд обрў ва довруғи, Истамбул гўзаллигига тенг шаҳарга мансуб дейман. Шундай бўлишига ишонаман ҳам. Чунки уларнинг ҳар бир қадамида қатъият, ҳар бир сўзида ғайрат сезилиб туради. Шулардан бирини танийман. Унинг овози баъзи-баъзида хиёбонда эшитилиб колади, у гул сотади. Хиёбоннинг чап биқинидаги кичкина, хашамдор гул дўконида ишлайди. Исми Гўзал. Лекин исми жисмига монанд тушмаган. У билан мен ўтган йили танишганман. Кеч куз эди, қайнарбулоқлик дўстим «Помир тоғларининг сейсмик прогнози» деган мавзуда диссертатсия ёқлай-диган бўлиб қолди. Мавзуни қаранг?! Қурама тоғларини ўрганиб қўя қолса нима қилар экан?! Агар шундай қилганда, Тошкент кулфати анча камайган бўлармиди? Қачон ер қимирлашини одамлар олдиндан билиб, тайёргарлигини кўриб қўярмиди?! Ҳай, майли. Ўшанда Қўқондан келдим. Қанча қидирмай, ҳеч қаердан бир даста гул тополмадим. Кимдир шу гул дўконни эслатди, кирдим. Пештахта ортида ёши ўтиб қолган бир қиз берилиб китоб ўқиб ўтирарди. Кирганимни сезмади. Атрофимга қарадим. Катта-кичик тувакларда ҳар хил гуллар... Лекин биттаси ҳам гулдаста бўладиган эмас. Нима қилиш керак. Қайтиб кетмоқчи бўлиб, эшикка юзландим. Кейин қандайдир умидда ортимга ўгирилиб, пештахтага тирсагимни қўйдим. — Яхши қиз... Аммо қиз мени эшитмади. Янги варақни очиб, жилмайди-да, яна ўқишга тушиб кетди. Эгилиб китобнинг муқовасига қарадим: Тургенев: «Баҳор тошқини». Шуни кўришим билан қиз эрга тегмаган бўлса керак, деган фикр миямга келди. Лекин бунинг менга мутлақо қизиғи йўқлигини билганимдан, секин йўталдим. Қиз яна эшитмади. Кичкина юзига адашиб омонатгина ёпиштириб қўйилган катта букри бурнини шўлқ этиб тортди-да, ўқишда давом этди. — Қизиқ китоб экан-а? — дедим овозимни озгина кўтариб. Қиз еб қўйгудек бўлиб ўгирилди ва дағал овоз билан сўради: — Сизга нима керак? Бундай муомаладан жаҳлим чиқса ҳам, ўзимни тутишга ҳаракат қилдим. Шундай қилмасам ниятимга етмаслигим табиий. — Синглим, менга гул керак эди... — Ана гул, олаверинг! — қиз тувакларга ишора қилиб, яна китобга тикилди. — Бунақа гул эмас, менга гулдаста керак... — Гулдаста йўқ, — чўрт кесди қиз бош кўтармай. Нима қилиш керак? Уйланиб қолдим. Шунда миямга лоп этиб бир фикр келди. Агар шу дўкондан гулсиз кетишимни билсам, бу қўпол қизни муомалага ўргатиб кетаман. Дўконга ит кирдими, одам кирдими, унга барибирга ўхшайди. Лекин аввал илтимос қилиб кўриш керак. Пештахтага суяниб, секин гап бошладим. — Тургеневнинг «Ася»си ҳам жуда ўқишли... — Ўқиганмисиз? — қиз ялт этиб менга ўгирилди. — Ўқимасам, шундай дейманми? — Бу ҳам жуда яхши экан. Ташлагим келмаяпти. — Кўриниб турибди. Одам кирганини ҳам сезмадингиз. — Кечирасиз, — қиз уялинқираб жилмайди-да, китобни ёпиб, ўрнидан турди. — Келинг, нима керак эди? — Гул керак, битта гулдаста... — Гулдаста? — қиз ҳайрон бўлиб менга тикилди. — Соб бўлган-ку... — Битта топиб беринг. Кичкина бўлса ҳам майли!.. Қиз ўйланиб қолди. Унинг кўзларигина чиройли эди. Йирик, қўнғир, сал ғамгинроқ... Бу кўзларга тикилиб, узун, ингичка бўйни сўлиб, гули тўкилган наъматакни эслатувчи қалин лабларини, чекка суяклари бўртиб чиққан юзини кўрмагандек бўлиб кетдим. Унинг бутун гўзаллиги, киши эътиборини беихтиёр тортадагина иссиклиги шу ўйчан, сал ғамгин кўзларида эди. Ота-онаси, назаримда, шу кўзларга қараб, исмини Гўзал қўйган бўлса керак. Лекин буни мен кейинчалик билдим. Ўшанда эса бу ҳакда мутлақо ўйламаган эдим, фикр-зикрим гулдастада ва илтижо билан қизга тикилиб турар эдим. Қиз жим эди. — Ўртоғим бугун диссертатсия ёқлайди. Қўқондан келдим. Бир амаллаб битта... — Тўхтанг-чи! — деди қиз гапимни бўлиб. — Мен ҳозир... У ичкарига кириб кетди. Кўнглим тинчиди. Топиб чиқади, ўйладим ўзимча. Чиндан ҳам кўп ўтмай, қиз кичкина бир гулдаста кўтариб чиқди. — Кечирасиз, туззугига иложим йўқ. — Бундан яхшиси бўлмайди! — дедим топилганига шукур қилиб. — Раҳмат! Кейин гулдастани апил-тапил газетага ўраб, дўкондан чиқдим. Қандайлигига қараганим ҳам йўқ. Орадан кўп вақт ўтмай, Гўзалга яна ишим тушиб қолди. Энди гулчамбар деб олдига кирдим. Кейинчалик Тошкентга нима иш билан тушмай, хиёбондан ўтсам, албатта у билан кўришадиган, бирпас у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирадиган бўлдим. Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, дейишади. Биз хам анча-мунча қалинлашиб қолдик. Гўзал асли қўқонлик экан. Отаси фронтга кетганда у олти ёшли қизча экан, ёлғиз фарзанд экан. Мактабга кирганда отасидан қорахат келибди. Онаси дарров аза тутиб, йиғи-сиғи қилибди. Ҳатто маҳаллага ош берибди. Бундай очиққўллиқдан баъзилар хурсанд бўлса, баъзилар куюнибди. Бир кампир кўчада Гўзалнинг бошини силаб: — Ишқилиб, сен бечора тинч бўлган, Еганинг ош бўлсин! — дебди. Бу гапнинг маъносига Гўзал аввал тушунмабди. Бир куни мактабдан келса, равонда шоп мўйлов бир киши ёнбошлаб ётганини кўрибди. Онаси унинг оёқларини уқалаб ўтирган экан. Иккалови ҳам қизни кўришмабди. Гўзал нима қилишини билмай остона олдида туриб қолибди. Бир маҳал бегона киши онасининг билагидан ушлаб, бағрига тортибди. Онаси хахолаб кулибди. Гўзал нима қилишаётганини яхши англамаса ҳам, ёмон воқеа содир бўлаётганлигига ақли етибди. Ўпкаси тўлиб: — Ая! — деб бақириб юборибди. Онаси сапчиб ўрнидан турибди. Қизини кўриб, қулоқларигача қизариб кетибди. Кейин ўзига келиб, лаблари оқара бошлабди. Жаҳли чиқса, доим шундай бўлар экан. — Вой! Кела қолдингми дарров? — дебди қизи томон юриб. — Чиқ, амакинг билан сўраш. Сенга конфет олиб келибдилар. Гўзал беихтиёр бегона кишига қарабди. У ёнбошлаганича кўзларини олайтириб ўтирар экан. Гўзал қўрқиб кетибди. Ўзини тутолмай ҳўнграб йиғлаб юборибди-да, кўчага отилибди. — Ҳой қиз, ҳой жувонмарг! Қаёққа! — деб қолаверибди онаси ортидан. Шу куни Гўзал қош қорайгунча кўчама-кўча санқибди, йиғлабди. Қорни очиб уйига қайтибди, аммо кирмабди. Равондаги манзара, бегона эркак кўз олдига келиб, киргиси келмабди. Эшикни қия очиб, ҳовлига мўралабди. Ҳеч ким кўринмабди. Оёқ учида йўлакка кириб, уйга қарабди. Уйда ҳам ҳеч ким кўринмабди. Оҳиста юриб, дераза тагига келибди. Келибди-ю, гилам устида ёнма-ён ўтирган бегона киши билан онасини кўрибди. Улар тўрдаги деворга қараб, нималарнидир гаплашишар экан. Бир маҳал онаси уҳ тортибди-да: — Нима бўлса ҳам ўгай ўгайлигини қиларкан-да. Отасидан қорахат келди-ю, ўзгарди-қўйди, — дебди. — Қўйинг, шуни ҳам ташвишини қиласизми! — дебди шоп мўйлов киши. — Энди ўзимизнинг боламиз бўлади. У шундай деб ўрнидан турибди-да, тўрга бориб, девордаги катта, тилла суви юритилган рамкадаги суратни олиб, кейин деразага яқинлашиб, ҳовлига улоқтирибди. Суратнинг ойнаси чил-чил бўлибди. Гўзал хўрлиги келиб, йиғлаб юборибди. Лекин овоз чиқармабди. Сурат — отасининг сурати экан. Уни ердан олиб, маҳкам бағрига босибди-да, қоронғи тушганига қарамай, яна кўчага чиқиб кетибди. Шу кетганича уйга қайтиб бормабди. Отасининг суратини бағ-рига босганича бировга ялиниб, бировни алдаб, поездга минибди, Етти кунми, саккиз кун деганда, не-не азоб-машаққат билан Тошкентга келиб тушибди. Бегона шаҳар, бегона одамлар уни ёмон чўчитибди. Лекин буларнинг ҳаммаси отасининг йилини кутмаган ўгай она, унинг шоп мўйлов ўйнаши олдида ҳолва эди. Гўзал кўчада бошини силаб, унга ачинган кампирнинг ташвишига энди тушунибди. Демак, у ўгай! Ўгай нималигини у яхши биларди. Лекин ўзи шу аҳволга тушишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Отаси сир тутган, онаси эса ё чўчиган ё лозим топмаган. Вокзалда Гўзал тумонат одам, йиғи-сиғи, қий-чув ичида қаёққа боришини, нима қилишини билмай, трамвай йўлидан кетаверибди. Юриб-юриб Госпитал бозорига келиб қолибди. Шунда у қорни очлигини, ниҳоятда чўллаганини эслабди. Лекин бир тийин пули йўқ. Нима қилиш керак? Кундуз-ку бир амаллаб ўтар, кечаси нима қилади? Қаёққа боради? Шу хаёллар билан бозорга кирибди. Бу ерда ҳамма нарса бор. Лекин бир бурда нонни қаердан олади, ким беради? У мева растасидан ўтаётиб, кичкина боланинг: «Кимга нон! Иссиқ нон!» — деган овозини эшитиб қолибди. Қидириб уни топибди. Ўзи тенги бола экан. Қўлида кир дастурхонга ўроғлиқ уй нони. Гўзал югуриб унинг олдига борибди. Лекин нима қила оларди! Сўрасинми? Ялинсинми? Бола унга парво қилмай растама-раста айланарди. Гўзал ортидан ютиниб юраверибди. Харидор қўлида нон кўрганида, ичаклари буралиб, кўз олди қоронғилашиб кетаётгандек бўлар экан. Охири чидай олмабди. — Эй бола, бир бурда нонингдан бер! — дебди беихтиёр қўлини чўзиб. — Бор, бор! Туёғингни шиқиллат! — дебди бола. — Синдириб бўладими бу нонни?! Неча пул туришини биласанми?! Гўзал индамабди. Бечора битта нон неча пул туришини қаердан билсин? Лекин нимадандир умидвор бўлиб шу юзига сепкил тошган боланинг кетидан қолмабди. Бола эса тинмасдан: «Кимга нон! Иссиқ нон! Жиззали нон!», деб қичқирар экан. Ниҳоят, Гўзал чарчабди. Растанинг устунига суяниб, кўзларини юмибди. Бир маҳал кимдир жонҳолатда қичқириб юборибди. Гўзал кўзини очса, бир милитсионер нон сотувчи болани судраб кетаётган эмиш. Бола чинқирар, милитсионерни тепар ва тишлар экан. Шу пайт боланинг қўлтиғидан дастурхон тушиб, кулчалар сочилиб кетибди. Томоша қилиб турганлар худди шуни кутиб туришгандек, думалаб кетаётган кулчаларга ўзларини отишибди. Бола эса даҳшат ичида: — Жўра ака, амакижон, энди сотмайман! Қўйиб юборинг! — деб қичқирармиш. Гўзал ўйлаб ўтирмай, одамларни ёриб ўтиб, нонларни дастурхонга ўрай бошлабди. Лекин атиги тўрттами, бешта нонни олиб улгурибди. Улар ҳам синган, оёқ остида эзилганлари экан. Дастурхонни тезлик билан бағрига босибди-да, милитсионер кетидан кетибди. Бозорнинг бурчагида ми-литсия будкаси бор экан. Милитсионер болани шу ерга олиб кирибди. Гўзал эшик тагида қолибди. Бир соатлар чамаси вақт ўтгач, бола чиқибди. Икки кўзи, қовоқлари шишиб кетибди бечоранинг. — Эй бола! Нонингни ол, — дебди Гўзал унинг қаршисига бориб. Бола шошиб дастурхонни олибди. Нонни санабди. — Ўнта олдирибман, — дебди жилмайишга интилиб, кейин уввос солиб йиғлаб юборибди. — Қўй, йиғлама, — юпатибди Гўзал. — Ўзингни қўйиб юборишди, шунга суюнсанг-чи! Бола индамабди. Кейин иккалови бозордан чиқишибди. Гўзал қаёққа боришини билмай, трамвай йўлига етишганда, тўхтабди. — Ҳа, — дебди бола. — Юрмайсанми? — Қаёққа? — Қаёққа бўларди! Бизникига-да! Юр. Нон ейсанми? Ма! Бола битта эзилган нонни Гўзалга узатибди. — Тез ема. Тиқилиб қолади. Шу куни Гўзал шу сепкил юзли бола — Миразизларникида қолибди. Онаси жуда яхши хотин экан. Дарҳол иссиқ овқат берибди, ювинтирибди. Мана, йигирма уч йилдан буён шу уйда. Шу уйнинг аччиғи, чучугига шерик бўлиб яшаб келаётган экан. — Икки йилдан бери шу дўконда ишлайман. Ойимларнинг ўрниларида ишлаяпман. У киши пенсияга чиққанлар. Лекин кетмоқчиман... — деди бир куни, гап орасида Гўзал. — Нега? — Қизлар уялтиришяпти. Гўзал жилмайишга ҳаракат қилиб, хўрсинди. Мен ҳеч нарсага тушунмадим. Кейин сўрашга мажбур бўлдим. — Қари қиз бўлиб қолдинг, дейишяпти. Ҳеч кимга ёқмасам, нима қилай? Гўзал илтижо билан менга тикилди. Унинг сахий кўзларида ёш пайдо бўлди. — Қўйинг, хафа бўлманг, — дедим раҳмим келиб. — Бахт эрта турмуш қуришда эмас-ку!? Менинг бир танишим бор, қирқ бешга кирганда турмуш қурган. — Ростданми? — болалардек севиниб сўради Гўзал. — Ҳа. Мана, шундай ёнингизда ишлайди. Университетда. — Ҳеч ким таъна қилмаганмикин уларни? — Яхши одам таъна қилмайди... — Тўрри айтдингиз... Иннайкейин... Яхши кўрмасдан турмуш қуриб бўладими?! Ойим шундай дейдилар. — Ойингиз тушунган одам экан. — Жуда ҳам. Тошкентга келиб қолганимдан мингдан-минг розиман... Биринчи ер қимирлаган куни мен яна Тошкентга келган эдим. Вайрон бўлган кўчалар, уйларни кўриб, кўнгилни ёзиш учун гул дўконига кирдим. Гўзал севиниб кетди. — Келганингиз жуда яхши бўлди. — Уй тинчми? — сўрадим гапини бўлиб. — Қаёқда! Бир томони ағаниб тушди. У бу гапни шундай хурсандчилик билан айтдики, ҳайрон қоладим. — Шунга хурсандмисиз? — дедим киноя билан. — Тўй қиляпмиз!.. — Тўй! — Ҳа. Келаси шанба куни. Эртага ЗАГСга борамиз. Бирга боринг, илтимос. Гўзал шошиб, оғзи тўлиб гапирарди. Унинг қувончи; менга ҳам ўтди. Завқ билан унга қарадим. Шодлик, бахтли келажак орзуси одамни қанчалик ўзгартиб юбориши мумкинлигини шунда ўз кўзим билан кўрдим. Гўзал чаккалари, ясси пешонасидаги ажинлари йўқолиб, юзига қон югуриб, тўлишиб, очилган атиргулни эслатарди. Энг муҳими — кўзларидаги ғамгинлик аломатларидан асар ҳам қолмаган эди. — Табриклайман, — дедим, иссиқ қўлини самимий сиқиб. — Раҳмат. Борасизми эртага? — Ўртоқларингиз борса яхши эмасми? Гўзал жавоб бермади. — Агар сиз борсангиз... дадамларни кўргандек бўламан, — деди охири эшитилар-эшитилмас. — Хўп, бораман, — дедим. Eртасига эрталаб, яхшироқ кийиниб гул дўконига келдим. Дўкон лиқ тўла одам эди. Гўзал мени кўриши билан югуриб олдимга келди. Эгнида оқ крепдешин кўйлак, битта қилиб ўрилган қалин сочи белига тушиб турарди. — Танишинг! — деди қўлимдан тортиб ва пештахтага суяниб турган иккита йигит ёнига бошлаб борди. — Миразиз! Бу йигит эса куёвингиз, Комил. Биз сўрашдик. Куёв хушбичимгина, яхши кийинган, кулча юз йигит экан. Университетда сиртдан ўқиркан, лекин қаерда ишлашини айтмади, мен ҳам ботиниб сўрамадим. Кўп ўтмай йўлга тушдик. Гўзал куёв билан мени қўлтиқлаб олган эди. Икки гапнинг бирида кўчани бошига кўтариб куларди. Унга қўшилиб биз ҳам кулардик. Йўловчилар ҳайрон бўлиб бизни кузатиб қолишарди. Биз эса, парво қилмасдик. Қулоғимиз остида уй бузаётган экскаваторларнинг гумбури, самосвалларнинг шовқини эмас, Гўзалнинг кулгиси жаранглаб турарди. ЗАГСга кирдик. Келин билан куёв ҳужжатни тўлата бошлашди. — Гўзал, адресингиз қанақа эди? — сўради бир маҳал куёв. Гўзал айтди. Кўп ўтмай бир ҳафтадан сўнг келиш шарти билан кўчага чиқдик. Келин билан куёвни табрикладик. Қомил ҳаммамизни ресторанга таклиф қилди. Бу таклифдан Гўзал илгаридан хабардор бўлса ҳам «ура» деб қарсак чалиб юборди. — Шампанское бўладими? Кавоб-чи? — Ҳаммаси бўлади, — деди Комил кулиб. — Мороженое ҳамми? — Бўлмасам-чи! Гўзал худди ёш болага ўхшарди. Комил билан Миразизнинг қўлларига осилиб сакрарди ва хахолаб куларди. Бир маҳал нимадир эсига тушди шекилли тўхтади. — Боя адресни нега сўрадингиз, Комил ака? Комил ғалати бўлиб кетди, кейин жилмайди. — Сизникида тураман. — Сизларники-чи? Бизларники бузилиб кетди-ку! — Шунинг учун ҳам сизларникида турамиз, — деди хотиржамлик билан Комил. — Нега? — ҳайрон бўлди Гўзал. Биз ҳам ҳеч нарсага тушунмай, Комилга тикилиб қолган эдик. Кечагина Гўзал Комилларнинг катта уйи борлигини, у ўша уйга кўчиб боришини, бунинг устига, бу уй зарар кўрмаганини айтган эди. — Нега? — яна сўради Гўзал. Комил, шуни ҳам тушунмайди, дегандек бизга қараб қўйди-да, деди: — Ортиқча уй беришса, зиён қиладими? Гўзал турган жойида қотиб қолди. Менинг ҳам юрагимни нимадир тимдалаб кетгандек бўлди. Миразизга қарадим. У бошини эгганича жим турарди. Шу пайт нимадир шарақ этди. Ялт этиб Гўзалга қарадим. Унинг ранги докадек оқариб кетган эди. Комил эса юзини беркитиб олиб, атрофга олазарак бўлиб қарарди. — Гўзал! — деди Миразиз жаҳл билан, нима бўлганига тушунолмай, аммо Гўзал қарамади. Бирдан у ҳўнграб юборди-да, хиёбоннинг ичига югуриб кетди. Миразиз ортидан югурди. — Гўзал! Тўхта! Гўзал! Комил эса жойидан қимирламади. Орадан бир ярим ой ўтди. Шу вақт ичида мен уч-тўрт марта Тошкентга келдим. Аммо гул дўконида Гўзални кўрмадим. «Қаёққадир акаси билан кетган, қачон қайтади, билмаймиз», дейишди сўраганимда. Қаёққа кетган экан? Тинчмикан? Шуларни ўйлаб, хиёбонда ўтирар эканман, одамларни синчиклаб кузатардим. Зора шулар ичида учратиб қолсам, деб умид қилардим. Аммо ундан дарак йўқ эди. Бир куни кечки пайт, ишларимни битириб, хиёбонга келдим. Фаввора ёнига ўтириб гул дўконига қараб қўйдим. Боргим келар, лекин «йўқ» деган гапни эшитгим келмасди. Ҳаво ниҳоятда дим эди. Фонтан ёнида иккита чумчуқ ҳансираб қумга думалаб ётарди. Рўпарадаги скамейкада ўрта ёшли семиз бир одам юзига газета қўйиб ухларди. Баъзи-баъзида унинг хурраги эшитилмаса, хиёбон сув қуйгандек жимжит эди. Жазирама иссиқнинг бу ёқимсиз манзараси менга яна Гўзални эслатди. Қаёққа кетдийкин?.. Тинчмикин?.. Шу хаёл билан секин ўрнимдан турдим. Шу пайт баланд қўнғироқ овоз хаёлимни бўлиб юборди. — Кимга гул! Атиргул! Янги гул! Бу — Гўзал эди. Унинг овози эди. Назаримда, бу овоздан қушлар ҳам, хиёбон ҳам жонланиб кетгандек бўлди. Кимдир шарақлаб кулди. Кимдир тарақлатиб қаёққадир югурди. — Гўзал! — дедим севинчимни яширмай ва хиёбоннинг сеҳрли тинчлигини бузиб, гул дўкони томон чопиб кетдим. 1967 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62446 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58013 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36683 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22049 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18682 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |