Бобоёнғоқ (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] |
Ғуломқодир ота айвоннинг бурчагидаги устунга суяниб ўтирарди. Уч кундан бери у шундай, оқшом бўлдими, тамом, ўзи биринчи ғиштини қўйган болохонали уйнинг олдидаги очиқ айвонга ўтириб олиб хаёл суради. Илгарилари бундай эмас эди, қоронғи тушдими, бўлди, эшикни орқасидан занжирлаб чойхонага чиқиб кетарди. У ерда ошна-оғайнилари, ўртоқлари билан гурунглашиб ярим кечада қайтарди. Фақат якшанба кунлари ҳеч қаёққа бормай, уйда бўларди. Интернатда ўқиётган невараси, ўн тўрт ёшга энди қадам қўйган Мамадалини кутиб ош дамлаб ўтирарди. Мамадали ҳам бувасига ўхшаб паловни яхши кўради. Айниқса, пўстдумба солинганини. Ғуломқодир ота буни билиб, ҳар шанбада бозор қилиб келади. Баъзида Мамадали бундан хафа бўлиб қўяди. — Нима қилардингиз овора бўлиб? — дейди лабларини осилтириб. — Кошки бозор яқин бўлса! — Э, болам-а, қари одамга овораси бор эканми, — жавоб қилади Ғуломқодир ота бепарвогина, лекин ичида неварасининг меҳрибонлигидан хурсанд бўлиб қўяди. — Бизнинг авлод ўзи ошхўр авлод. Даданг раҳматли иложи бўлса кунда ош қилдирарди. Ойинг ҳам. Балнисада ҳам ошдан бошқа нарса емасди. Ғуломқодир ота шундай дейди-ю, ўйлаб кетади. Қовоқлари бужмайиб осилиб тушган йирик кўзлари устидаги узун, лекин сийрак кул ранг қошлари чимирилади. Лаблари бир-икки тортилиб, гапга тушиб кетади. Ғуломқодир ота ўтмишни эслаб анча ўзини ранжитишини билса ҳам ўғли, келини ва кампирини гапиришни яхши кўрарди. Мамадали улар ҳақида жуда кўп эшитган бўлса ҳам, бувасининг гапини бўлмайди. Диққат билан қулоқ солади. Ойисини у эс-эс билади. Уч ёшлигида касалхонада вафот этган. Оппоқ, тўладан келган хотин эди ойиси. Доим кулиб турарди. Бир марта у буваси билан касалхонага борганда — баҳормиди ўшанда — иккала қулоғига қўшалоқ гилос тақиб қўйган. Дадасини эса кўрмаган, фақат уйнинг тўрида осиғлик турган суратидан билади. Иннайкейин, Германиянинг қайси бир шаҳрида, номини айтишга тили келмайди, мина портлаб ҳалок бўлганини эшитган. Бунга анча бўлди. Шу-шу катта ҳовлида буваси иккалови туришади. Колхозда интернат очилганда Ҳаким ака уни олиб кетди. Кейин билса, Ҳаким ака дадасининг ўртоғи экан, бирга фронтда бўлишган экан, интернатда она тили ва адабиётдан дарс беради. Буваси уни яхши кўради. Ҳаким акангнинг айтганини қил, бўлмаса шартта қулоғингни кесиб ташлайман, дейди кўпинча ҳазиллашиб. Тўғриси, илгари шундай дерди. Ҳозир Мамадали катта бўлиб қолган, бувасидан энди бунақа гап эшитмайди. Энди бува билан невара тенг одамдай гаплашишади. Буваси гапиради, Мамадали тинглайди. Шунинг учун ҳам у кўп нарсани билади. Ғуломқодир отанинг гапи қоронғи тушганда ҳам тамом бўлмайди, шунда Мамадали секингина: — Бува... — деб, юлдузларга ишора қилади. Ғуломқодир ота милтиллаб бирин-кетин ёнаётган сарғиш юлдузларга қараб, аввал ҳеч нарсани тушунмайди, кейин неварасига кўзи тушиб, интернат эсига келади. Гап узилади. Катта қизил пиёладаги совиб қолган кўк чойни йигитларга хос шахд билан симиради-да, неварасига тикилиб жилмайиб қўяди. Мамадали бувасининг шу жилмайишига ишқибоз. Жилмайганда кўзлари кичрайиб, икки чаккасида йирик-йирик учта чизиқ пайдо бўлади. Йўғон даҳанини қоплаб турган кўкимтир соқоли ёйилиб, серсавлат бўлиб кетади. Ғуломқодир ота шу жилмайганича, бир-икки йўталиб: — Қани, дўхтир, даптаризни кўрсатинг-чи, — дейди. Нега «дўхтир» дейди, Мамадали билмайди. Дарров папкасидан кундалик дафтарини олиб кўрсатади. Ғуломқодир ота ундаги қатор бешларни кўриб, жиддийлашади, чаккасидаги чизиқлар йўқолади, соқоли жойига тушади. Эҳтиётлик билан дафтарни хонтахтага қўйиб, шошмасдан арабчалаб қўл қўяди. Ўзининг исмига узоқ тикилиб, дафтарни ёпади-да, неварасига қайтаради. — Баракалла, — дейди вазминлик билан, — баракалла. Бобо билан невара шундан кейин интернатга йўл олишади. У ердан қайтиб, вақт ҳали эрта бўлса ҳам, Ғуломқодир ота чойхонага бормайди, тўғри уйга киради-да, ҳозиргина невараси ўтирган жойга ўтириб, мириқиб чой ичади, эртасига қиладиган ишларнинг режасини тузади. Хўжаликнинг ўн гектарлик ёнғоқзори унинг қарамоғида. Эртадан кечгача ўша ёқда бўлади. Кечқурунлари ўртоқлари олиб кетишади ё чойхонага чиқади. Уч кундан бери эса ҳеч қаёққа бормайди, фақат уйда. Қишлоқ кенгашининг раиси келиб кетгандан бери шундай бўлиб қолди. Гап шундаки, Ғуломқодир отанинг уйи бузиладиган бўлди. Қумариқ билан Қорасув қишлоқлари бирлашиб ўртадан катта кўча ўтар экан. Кўча шундай Ғуломқодир отанинг уйини кесиб чиқар экан. Ота уйнинг бузилишига қарши эмасди. Қишлоқ обод бўлса, катта-катта кўчалар тушса, ким қаршилик қилади. Бунинг устига ҳукумат йўлнинг устига, қишлоқ марказига уй қуриб берса! Ғуломқодир ота қишлоқ кенгашининг раисига ҳеч нарса демади. Фақат маъқул дегандай бошини энгаштириб соқолини тутамлаб қўйди. Лекин ёлғиз қолди-ю, бир нарса юрагини чимчилаб кетди. Меваларни нима қилади? Шундай ташлаб кетаверадими? Ўн туп олма, ўн туп гулос, ўрик, шафтолилар нима бўлади? Ёнғоқ-чи, ёнғоқни нима қилади? Кун қизиб кетган саратон пайтлари терак бўйи келадиган шу бобоёнғоқнинг остидаги супада у дам оларди. Кузда эса учига япалоқ тунука қоқилган хода билан қоқиб, неварасининг ўртоқларига бир этак-бир этак улашиб чиқарди. Қишлоқда шу ёнғоққа суқ билан қарамаган одам йўқ эди. Қулочга сиғмайдиган танаси, бўйи, ҳосилининг таърифи ён-атрофдаги қишлоқларда ҳам достон бўлиб кетган эди. Ҳаммадан ҳам унинг тарихи қизиқ эди. Ғуломқодир ота кураш йиллари эскадронга командирлик қилган. Ҳовлисидаги бобоёнғоқни шу йиллари ўтқазган. Бир куни у ғаним одамларини қувиб ўз қишлоғидан ўтиб кетаётганда, кўча лабида қонга бўялиб ётган чолни кўриб қолади. Шартта отини тўхтатиб тушади-да, унинг ёнига боради. Чолнинг афт-башарасини таниб бўлмасди. Ҳамма ёғи қон, лой. Бир кўзи оқиб тушган, Афтидан, отнинг думига боғлаб судрашганга ўхшайди. Қўлида эса ингичка бир таёқча бор эди. Худди бир қимматбаҳо буюмдай маҳкам чангаллаб олибди. Ғуломқодир ота узоқ тикилиб туриб уни танийди. Бу одам қишлоқ мутаваллиси Саидазим деҳқон эди. Қўлидаги таёқча эса эндигина ниш урган ёнғоқ кўчати эди. Ғуломқодир ота икки йигитга деҳқоннинг жонсиз мурдасини топшириб, унинг қўлидан кўчатни секингина бўшатиб олади-да, ўзи билан олиб кетади. Жангдан кейин, ғанимлар ўт қўйиб кетган уйига тушиб, ҳовлининг ўртасига ўтқазиб қўяди. Бобоёнғоқнинг тарихи ана шундай. Хўжаликнинг ёнғоқзори ҳам асосан шу ёнғоқнинг уруғидан. Мана шундай гапларнинг сабабчиси бобоёнғоқ энди қирқиб ташланади. Ўрнига кўча тушади. Ғуломқодир ота ер остидан унга қараб қўйди. Ёнғоқнинг бутун ҳовлига соя ташлаб турган япалоқ барглари кечки шамолдан худди қуроқнинг қўшпирпирагидай ёқимли шитирларди. Ғуломқодир ота анчагача шу овозга маҳлиё бўлиб ўтирди. У бу овозни кунда эшитса ҳам, қулоқ солиб тўймасди. Кўм-кўк, нимранг, сарғиш барглар кунда ингичка оҳанг кашф этиб шитирларди. Баъзида улар отага ёшлигини, кўча чангитиб от чопган, қилич ўйнатиб юрган навқирон йигитлик йилларини эслатиб юборарди. Баъзида эса унинг ҳозирги тинч, сокин ҳаётини кўз олдига келтириб, майин шабадада оҳанрабо «сайқал»дек тебранарди. Бундай пайтларда Ғуломқодир ота ўзининг анча кексайиб қолганини ҳам, илгариги қуввати йўқлигини ҳам унутарди. Йирик қорамтир қўлларидаги ҳисобсиз чизиқларга тикилиб, кўнгли тўлишарди-да, «ҳа, ҳали кўп ишга ярайсан, чол», деб қўярди. Қош қорая бошлади. Шабада совиди. Ғуломқодир ота ҳамон жойидан қимирламасди. Ёнғоқнинг айвон тарновига чузилиб келган ингичка шохидан иккита чумчуқ «пир» этиб ерга тушди. Чиқ-чириқлаб ўчоқ ёнидаги қум уюмига яқинлашди. У ёқ-бу ёққа бир-икки қараб олиб, ҳафсала билан чўмила бошлади. «Ёмғир ёғади, — деди ичида ота буни кўриб. — Чўмилишини қара, сув кўрмаган одамга ўхшайди-я!» Битта чумчуқ қанотларини ёзиб сакрай бошлади. Иккинчиси узала тушиб ётиб олди. «Бозорга бориш керак, — хаёлидан ўтказди Ғуломқодир ота. — Айтгандай, бугун кун нима ўзи? Жумами, шанбами?» У қишлоқ кенгашининг раиси келган кунни эслади. Сешанбада келган эди. Демак, бугун жума. Эртага бозорга тушса бўлар экан. — Келмаса бўларди шу ҳафта, — деди овозини чиқариб. Шундай деди-ю, ўзининг овозидан ўзи чўчиб кетди. Атрофга аланглаб қараб чиқди. Ҳовли жимжит. Фақат ариқда бир бақа завқ билан қурилларди. — Тавба, ўзимдан ўзим чўчийдиган бўб қопманми? — ота ранжиб гапирди. Илгари бунақа одатим йўқ эди, шекилли. Ҳа... келмаса бўларди. Мамадали тушмагур жуда зийрак. Мени кўриб анча ўксинади. Яхшиси ўзим бориб кела қолай. Ҳали кун узоқ. Ғуломқодир ота шундай деб ўрнидан турди, ҳовлига бир-икки разм солиб, ёнғоқнинг тагига борди, бирпас тикилиб турди-да, ўзининг бўйнидек тўр боғлаб кетган танасига шапиллатиб уриб қўйди. — Ҳа, жонивор, қаримайсан-а, қаримайсан, илигинг бақувват. Майли, яшаб қол. Неча кунлигинг бор экан ҳали. Аллақаерда чигиртка чириллади, қурбақанинг қурқури авжига чиқди. Қуёш бўзариб, пахса деворнинг орқасига беркинди. Шамол ёнғоққа бирдан ёпирилиб, аллақаердан пиёздоғнинг ҳидини олиб келиб димоққа урди. — Шунақа, ошна. Неча кунлигинг қолди, билмайсан. Ғуломқодир ота оғир хўрсиниб, эшик томон юрди. Интернатга етганда ўзидан ўзи тўхтаб қолди. «Нима қиламан кириб, безовта қилиб? — деди ичида. — Наҳотки тушунмаса, хабари бор-ку!» Шу фикр ўзига маъқул тушди шекилли, орқасига қайтди. Қишлоқ марказига етганда чойхонада чироқ кўринди. Ота бунга эътибор бермади, битта-битта қадам ташлаб, уйи томонга йўл олди... Eрталаб, ҳали хўроз қичқирмасдан ўрнидан турганда, кўк бетини булут қоплаган, ҳатто ёмғир бир-икки томчилаган ҳам эди. Ота ҳовлига тушиб ариқ лабида ювинди-да, самоварга ўт ташлаб юборди. — Майли, ёғсин, меваларнинг танаси яйрайди. Ё тўғримасми? У энди ўзи билан ўзи овоз чиқариб гаплашишга кўникиб қолган эди. — Тўғри. Сув бўлади-ю, зиён қиладими? Ҳали саратонга эрта. Энди ўрик думбул бўлди. Ёнғоқ-чи, ёнғоқ ҳали шундоқ сут. Ғуломқодир ота шундай деди-ю, ичини алланарса тимдалаб кетгандай бўлди. Самоварнинг ёнида туриб, ўйлаб кетди. — Чакки бўлди, чакки. Увол кетади. У оппоқ яктаги ёмғирдан ивиб кетаётганига ҳам, кар-найи ағдарилиб, самовар ўчиб қолганига ҳам парво қилмасди. Кўзлари олмадан ўрикка, олчадан шафтолига ўтиб, беихтиёр ёнғоққа тушарди. Назарида ёнғоқ кушхонанинг ҳидини сезиб, бўғилиб-бўғилиб маъраган сигирдай йиғларди. Ёмғирнинг ёнғоқ баргларини тебратиб, бир оҳангда шитирлатиши яна нимани эслатиши мумкин? Ғуломқодир ота сесканиб кетди. — Ё тавба, бу нима кўргилик ўзи? Бунчалик бўш эмасдим-ку!.. Шу пайт кимдир уни чақириб қолди. Ота ўзига келиб эшик томон юрди. Абдужалил ака билан қишлоқ кенгашининг раиси экан. — Тузукмисиз? Кеча чойхонада кўринмадингиз? — деди Абдужалил ака унга қўл узатиб. — Янгийўлдан Сайфи қизиқ келган экан, ярим кечагача ҳангамалашиб ўтирдик. Ё тоб йўқми? — Йўқ, отдайман. — Ғуломқодир ота базўр жилмайиб гапирди. — Қани, ичкарига. — Хўш, бу янги уйга қачон кўчасиз? — сўради қишлоқ кенгашининг раиси, айвонга кўтарилишганда. — Ё уй ёқмадими? — Нега? Уй яхши. Қачон десангиз ўтаверамиз. Икки кишига бундан ортик яна нима керак? Ғуломқодир ота кулиб қўйди. — Ундай бўлса, ҳали одам юборайлик. Керакли нарсаларни кўчиришсин. — Дарахтларни нима қиламиз? — гапга аралашди Абдужалил ака. — уларни кўчириб бўлмайди-ку! — Қирқилади-да, — чолнинг ўрнига жавоб қилди раис. — Бу ахир проблемамас-ку. — Нима?! — сўради Ғуломқодир ота унинг сўнгги сўзига тушунмасдан. — Бу қийин масала эмас, деяпман. Баҳона билан қишга ўтинли бўлиб қоласиз. Ғуломқодир ота сесканиб кетди. Эндигина ёзмоқчи бўлиб турган дастурхони қўлида тахлоғлигича қолди. У нима дейишини билмасди. Ранги ўчиб, лаблари титрарди. — Ёмғир ҳам тинди, — деди Абдужалил ака ўрнидан қўзғалиб. — Бу йил мева йили бўлди-да, ўзиям. Ота индамади. — Ҳай, биз турдик. Ҳали кўришармиз-а, боғда ота? Abdujalil aka shunday dedi-da, oʻrnidan turib eshikka yurdi. Ketidan qishloq kengashining raisi turdi. — Одамлар келишганда ишни дарахтлардан бошлай қолишсин. Бу ёнғоқни ағдариш ҳам ҳазил эмас. — Йўқ. — Лаббай? — Йўқ, одам керакмас. — Ғуломқодир ота қишлоқ кенгашининг раисига эшикни кўрсатиб гапирди. — Марҳамат. Ўзим қирқиб бераман. — Йўғ-э, қўйинг... — Қўйинги бор эканми, ўзим қирқаман. Вассалом. Ўтинни тўғри сизникига олиб бориб ташлайман! — Йўғ-э, тўхтанг. Нима деяпсиз ўзи? Абдужалил ака, бу ёққа қаранг! — Бироқ Абдужалил ака қарамади. У аллақачон кетиб қолган эди. — Ахир мен сизнинг фойдангизни ўйлаб гапиряпман. Тушунинг. — Тушундим, тушундим. Хайр. Ғуломқодир ота эшикни шартта ёпиб орқасига қайтди. Унинг бутун вужуди титрарди. — Ўтин эмиш! Ўзингни ўтин қилиш керак! У янада аччиқроқ бир гапни айтмоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаганди-ю, лекин тилига ҳеч нарса келмади. — Тавба! — деди алам билан, бироқ бу сўз қишлоқ кенгашининг раисига қаратилганмиди, ўзигами, билиб бўлмасди. Айвонга келиб, устуннинг ёнида турган бир коса яхна чойни охиригача симирди-да, мўйловини енги билан артиб ёнғоққа қараб қўйди. Кейин тез-тез юриб кўчага чиқди. Кўча жимжит. Ҳеч зоғ йўқ. Фақат иштончан бир бола йўл четига ўтириб олиб «ҳаммопиш» ўйнарди. Ғуломқодир отани кўриб, бола оғзини катта очиб илжайди. Узоқдан, ёнғоқзор томонидан том баравар беда ортган ҳўкиз арава кўринди. Ота шу томонга юрди. Бугун шанбалиги, бозорга бориши кераклиги хаёлидан кўтарилган эди. Кечқурун у уйга қайтганда чеҳраси анча очиқ эди. «Боғ аро қўйсам қадам»ни ярим овозда хиргойи қилиб, гўшт тўғради. Ўчоққа олов ёқа туриб, нимадир эсига тушиб кетди-да, овозини баралла қўйиб кулди. — Оббо Абдужалил тушмагур-эй!! Ёнғоқ жиннисисиз, дейди-я. Ўзинг-чи, хўш, ўзинг нима жиннисисан? Улоқ чопаман деб, иккита тўриқни уч йилдан бери боқтириб ётганингни билмайманми? Ҳар бир киши бир нарсага ихлосманд бўлади. Мен ёнғоқни яхши кўраман. Бунга раҳматли Саидазим ака, мана шу ёнғоқ сабабчи бўлган. Ғуломқодир ота девдек қулочини ёзиб турган бобоёнғоққа қаради-ю, дарров кўзини олди. Нимагадир икки қулоғининг учи қизариб кетганини сезди. — Ҳа, мана шу ёнғоқ сабабчи бўлган... У шундан кейин қандай қилиб овқат пиширганини бил-мади. Пишганда эса томоғидан ўтмади. — Мамадали бўлганда ҳозир яхши бўларди, — деди хўрсиниб каравотга чузилар экан. — Иккаламиз гаплашиб ётардик. Нега энди менинг ҳовлимдан кўча ўтаркан? Жуда ҳозир зарурмиди, шу?! Ўтинмиш-а, ўтин! Ота ҳовлига назар ташлади. Қоп-қоронғи тун, ҳовлида ҳеч нарса кўринмасди. Деворда қандайдир чўзинчоқ шарпалар сузиб юрарди. Бу баргларнинг сояси, ёнғоқ баргларининг сояси. Ота уларга тикилиб-тикилиб, кўзи илинганини сезмай қолди. Eрталаб нимадандир чўчиб барвақт уйғонди. Боши ғувилларди. Анчагача каравотда оёқларини осилтириб ўтирди. Алланарсаларни ўзича шивирлади. Кейин, одатича, ариқ лабида ювиниб, ҳужрага кирди. Бу ерда унинг дурадгорлик асбоблари турарди. Асбоблар ҳужра деворларига қатор қилиб, бир текисда қоқилган михларга осиғлиқ эди. Ғуломқодир ота қўларра билан тешани олиб ёнғоқнинг тагига келди. Юраги дук-дук ура бошлади. Ҳаво салқин, шабада эсиб турган бўлса ҳам, пешонасида тер йилтиради. — Мамадали келгунча бир ёқлик қилиб қўяй. Тағин бувам битта дарахтниям кесолмади, бўш экан, демасин. У шундай деди-ю, аррани ёнғоқнинг метин бўлиб кетган танасига солди, бироқ тортолмади, қўли титраб арра тушиб кетди. Ғуломқодир ота ичида севиниб қўйганини пайқади. — Йўқ, лозим бўлгандан кейин кесиш керак. Бу нима деган гап ўзи? Ҳар ким ўзи эккан нарсани ўзи кесолмаса, қаерга кўча тушади-ю, қаерга иморат қурилади. Қорасувгаям ҳозир ёнғоқ зарурми, кўча зарурми? Албатта, кўча. Кесиш керак. У қўлига яна аррани олди. — Оббо чол-эй, мунча ивирсийсан? Солсанг-чи, сол. Нега қўлинг титрайди? Сол! Шу пайт қандай куч билан аррани улоқтириб юборганини ўзи сезмай қолди. Ғуломқодир ота ҳансираб у ёқ-бу ёққа аланглаб қаради-да, уйдан чиқиб кетди. Тўғри идорага борди. Абдужалил ака қишлоқ кенгашининг раиси билан қандайдир қоғозни кўриб ўтирарди. Ғуломқодир отага кўзи тушиб, қишлоқ кенгашининг раиси секингина: — Келинг, — деди-ю, қўл узатишини ҳам, узатмаслигини ҳам билмай, қизариб кетди. — Абдужалил! — деди ота саломлашишни унутиб. — Машина бер, кўчаман. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас, беш-олти киши отанинг юкларини машинага жойлаб, янги уйга олиб кетишди. Ҳувиллаган ҳовлида отанинг ўзи ёлғиз қолди. У қандайдир гуноҳкор назар билан бобоёнғоққа тикилиб, айвоннинг бурчагида ўтирарди. Шу алпозда у қанча ўтирди, билмайди. Бир маҳал олдида жилмайиб турган неварасини кўрди-ю, севинчданми, ё хўрлиги келганиданми, кўзларида ёш йилтираб кетди. — Келдингизми, ўғлим, — деди у юзини яктаги ичига яшириб. — Сизни кутиб ўтирибман. Ошни энди янги уйда қиламиз-да, а? Кўрганмисиз? — Анча бўлган, — деди Мамадали гўё сири очилгандай уялинқираб. — Абдужалил ака кўрсатганлар. Шунақа ҳам чиройлики!.. — Қани, бошланг бўлмаса. Мамадалининг гапи тўғри чиқди. Янги уй ҳақиқатан ҳам чиройли эди. Катта ҳовли, тўрт хонали уйнинг олдида баланд айвон. Ғуломқодир ота янги ўчокда ош дамлар экан, эски уй томондан булдозернинг овозини эшитиб, кўнгли яна бузилди, руҳи тушиб кетди. Аммо дарров ўзини тутиб, неварасига сездирмаслик учун ўзи севган «Боғ аро қўйсам қадам»ни хиргойи қила бошлади. Булдозернинг овози эса тун бўйи тинмади. Орадан бир ҳафта ўтгач, Мамадали бувасини янги кўчага бошлаб борди. Ғуломқодир ота ўша томонга бормасликни қанчалик истамасин, неварасининг раъйини қайтаролмади. Кўчани бирпасда ўтказишибди, ҳатто тош ҳам ётқизишибди. Уйга яқинлашар экан, юраги увуша бошлади. Ана, ҳов анави жойда айвон бор эди. Энди йўқ, теп-текис бўлиб кетибди. Ариқдан ҳам асар қолмабди. Ий-э, янги ариқ қазилибдими? Ғуломқодир ота ариқ кетган томонга разм солди. Шу пайт... Шу пайт қай кўз билан кўрсинки, кўчанинг лабида бир дарахт, ўзига таниш баҳайбат дарахт савлат тўкиб турарди. Тагида ҳаво ранг скамейка. Нега илгари кўрмади. Бу ахир ёнғоқ-ку! Ўша ўзи ўтқазган бобоёнғоқ! Ғуломқодир ота нима қилишини, нима дейишини билмасди. Кўзларида ёш йилтирарди. У энди буни яширмасди. Мамадалини маҳкам бағрига босиб: — Раҳмат, раҳмат, — дерди. Мамадали бу сўзлар кимларга қаратилганини яхши биларди. 1961 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62446 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58013 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36683 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22049 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18682 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |