Саркарда Петро (ҳикоя) [Oʻlmas Umarbekov] |
1 Паҳлавон Бай Петрони кўрган борми? Алам тўла суҳбатида бўлган борми?! 2 Паҳлавон Бай Петрони мен кўрганман. Алам тўла суҳбатида бўлганман! Шуҳратпараст укаси сотди уни. Бу қайғули воқеадир, оғайнилар. 3 Етти кун давом этди Силистра учун жанг, етти кун ер титради отларнинг дупуридан. Момагулдурак каби ботирларнинг овози янграб турди гоҳи у, гоҳ бу ерда етти кун. Дунай сувми ёки қон — билиб бўлмади мутлоқ. 4 Ботирларнинг ичида энг ботири Бай Петро! Ҳар қилич солганда у тутдек тўкиларди ёв! Найзасини отганда душман отдан қуларди. Бай Петро эса, кулиб, мўйловини бурарди. — Саркарданинг кайфи чоғ! Демак, ғалаба бизда! — дейишарди гайдуклар уни кўрганда ҳар чоқ. Димитр эса хафа, ичини ит тирнарди... 5 Етти кун давом этди Силистра учун жанг, етти кун ер титради гайдуклар наърасидан. Ботирларнинг ичида энг ботири Бай Петро! Ҳар қилич солганда у тутдек тўкиларди ёв! Димитр эса хафа, ичини ит тирнарди: — Нега мен саркардамас, нега акам саркарда?! 6 Етти марта ёв чекинди — дош беролмай зарбага ва ниҳоят ҳийла қилди — ёллади Димитрни. — Силистра сеникидир, саркарда ҳам сен ўзинг! Фақат бизга аканг керак, уни келтир сен туриб! — шундай деди душман, қуллуқ қилди Димитр. 7 Нозу неъмат тўлиб кетди Димитр чодирида. — Ака, — дер у. — Тонгга қадар ёв чўчийди ҳужумдан. Тонгга қадар дам олайлик, меҳмон бўл чодиримга! Ором олсин гайдуклар ҳам, отларга ем беришсин. 8 Йўқ, демади содда ака, йўқ демади Бай Петро. Ярим тунда қулади у ука берган заҳардан ва наматга ўралди у ҳушидан кетиб мутлоқ. 9 Лашкарбоши ўтирибди ҳушсиз Петро олдида, ҳасад билан, ғазаб билан тикилар паҳлавонга. Бай Петронинг ҳушсизлиги — ҳушли жангчидан афзал! — Занжирбанд қилинг уни ва элтинг она юртга, бу гайдукнинг ўлигидан тириги фойдалироқ! 10 Йўл юрди ёв карвони, йўл юрса ҳам мўл юрди. Қўнғироқлар жаранглаб, карнай-сурнай чалиниб, кутиб олди карвонни подшо хизматкорлари. 11 Фақат саройдагина кўзини очди Петро. Ўткир экан лаънати ука берган заҳри. Кўзини очди Петро ва ҳеч нарса тушунмай аланглади атрофга. Бирдан ёнди кўзлари, бирдан муштга айланди паҳлавоннинг қўллари. Мудҳиш тақдирни кўриб йўлбарс каби ўкирди. — Кайғурма кўп Бай Петро, — деди султон илжайиб. — Қул бўлиш ёки ўлиш жангчининг бошида бор! Бизга ўтгин, хизмат қил менга садоқат билан, шунда озод бўлурсан, олтинга ғарқ бўлурсан. 12 Рози бўлмади Петро, бизнинг асир паҳлавон! Нафрат билан тупурди султон башарасига. — Сенга хизмат қилишдан ўлганим яхширокдир, сенга хизмат қилишдан қул бўлиш яхшироқдир! Султон дарғазаб бўлиб, ханжар отди Петрога, қоронғи бўлди дунё, кўзсиз қолди бечора. Кўзсиз қолди саркарда Бай Петро ўша куни. — Ҳайданг, — деди султон, — бугуноқ саройимдан. Кўзсиз жангчи — ўқсиз камон деганнинг ўзгинаси. Ҳайданг уни, бўлсин энди овора ва дарбадар, кўзсиз одам — тирик мурда деганнинг ўзгинаси. 13 Йўлга тушди саркардамиз Бай Петро, йўлга тушди қўлда ҳасса, кўзда ёш... 14 — Паҳлавон Бай Петрони ким кўрган? Алам тўла суҳбатида ким бўлган?! — Бай Петрони мен кўрганман, кўп кўрганман, алам тўла суҳбатида кўп бўлганман. 15 Шуҳратпараст Димитр-чи?! У энди йўқ. Ниятига етмади У. ўлдирилди... 16 Омон бўлсин, Бай Петромиз, омон бўлсин, қўшиқлари Болгария бўйлаб юрсин! Жарангласин Родопида, Қоратоғда, гайдукларга илҳом берсин, қувват берсин! |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21843 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14486 |