Аросат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]

Аросат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]
Аросат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]
Устоз Абдулла Қодирий ўзининг тўнғич ромони бўлмиш «Ўткан кунлар»ни «Модомики, биз янги даврга қадам кўйган эканмиз...» деган серандиша сўзлар билан бошлаган эдилар. Аслида, улуғ бобомиз ўшанда фақат битта ўзининг кўлидан келадиган буюк ишга қўл урган эдилар ва зиммасидаги тарихий вазифани сидқидилдан адо этганлар. Ваҳоланки, у кишига ҳеч ким «Ўткан кунлар»ни ёзиб бергайсиз, тақсир, деб буюртма бермаган эди. Зеро, ҳақиқий ёзувчи мудом виждони буюрган ишни бажаради, ижтимоий «заказ»ни эса...
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев ўз виждонига, Ўзи ато этган истеъдодига содиқ қолган камёб ёзувчиларимиздан ҳисобланади. У кишининг янги ҳикояси ҳам дафъатан «янги давр буюртмаси» бўйича ёзилгандек туюлиши мумкин. Лекин «Аросат» синчиклаб мутолаа қилинса, ёзувчи ИНСОННИ ТУШУНИШга ҳаракат ктслаётганини ва биз ўқувчиларни ҳам ИНСОННИ ТУШУНИШга чорлаётганини англаш унчалик мушкул бўлмайди. Дарҳақиқат, «инсонни тушуниш керак», деб таълим берган эди Эрнест Хемингуей. Назаримизда, ёзувчининг бирламчи вазифаси — инсонни тушунишдир. Инсонни тушунмаган ёзувчи (асар қаҳрамони эмас!) охир-оқибат Аросатда қолади.

«Ватан» газетаси шарҳи
Зокир Ўрин чойхонада ўтирган эди, оёқларини сўридан осилтириб, чалиштириб, унинг қаршисидаги сўридан жой олган эрмакталаб нашаванд, фаррош ва сартарошга Эсон дўхтир гап берарди, тик турганча ҳовлиқиб:
— Сизлар ҳам юрибсизлар-да, жўралар, дунёдан бехабар... Хўжамёр ахир Масковдаги хайрия пондларидаям ишлаб, ишбилармон бўлиб келди. Бу орада у икки марта, йўғ-э, уч марта Туркияда бўлди! Бир марта Амриқода!.. Бизнес ишколаниям битирган у! Нима деяпсизлар... Йўғасам, мана — милёнер бўлар эди!..
— Ҳов фелдшер, қайси Хўжамёрни айтаяпсан? — деб туйқусдан сўраб қолди Зокир Ўрин.
— Домла, сиз ҳам ғаплатда қолган экансиз-ку! — деб этсиз башарасини куйдирган калладай тиржайтирди Эсон. — Ахир, ўзингизнинг ўқувчингиз-чи? Мадиёр даллолнинг ўғли! Суррайиб юрарди-ку отасининг изидан?.. Менимча, бир-икки йил синпидаям қолган эди.
— Э, шундай демайсанми, — дея жез тишларини кўрсатиб илжайди домла ва хурсандлиги шунчаки, торгина кўкраги қабариб кетди. — Ҳа, уни ўзимиз ўқитганмиз. Синфида қолганиям рост. — Кейин ўйланиб, елкасини қисди. — Яхши, унда тижоратга қобилият бор экан. Биз ўшанда тижорат аҳлини ўғри-каззоб деб ёмонлар эдик.
— Энди ўзингизга келдингиз, домлажон, — деб бу кишига гап уқтирмоққа бошлади дўхтир. — Ҳолбуки, ўша вақтлардаям «Ўтган кунлар»даги Отабекни «миллий қаҳрамонимиз», деб мақтар эдингизлар.
— Рост, рост, — тан олди Зокир Ўрин жиддий тортиб. Сўнг яна қалбаки тишларини кўрсатиб: — Лекин савдогарчилигига ўтмас эдик-да... — деди.
Эсон дўхтир муаллимни мот қилиб бўлгандай тантанавор кулиб юборди. Унга қўшилиб домланинг ўзиям сийрак сочли хумдек бошини ирғаб куларкан, бошқалар ҳам зўр аския эшитгандай хахолай бошлади.
Кейин домла хаёлчанлик билан чойнак ёнига беш сўм ташлаб оёғини ерга қўйди. Кичкина қоринчасидан пастга силжиган қайишини тирсаклари билан қисиб — кўтариб олиб, сўри қошига кийгизиқлик сарғиш шляпасини бошига қўндирди. Сўнг жамоага зиёлича таъзим қилиб:
— Хуш қолинглар. Раҳмат, Эсонбой, сизгаям, — деб бурилиб, хиёбонга чиқди.
Ана шунда унинг калласига бир хаёл келди: «Қара-я, ўша бола одам бўпти. Милёнер тижоратчи бўпти. Қандайдир корхона очиб, элгаям нафи тегаётганмиш. Шундай кунларда...».
Домла Зокир Ўрин мактабда дарсларини ўтиб бўлиб уйига кетаётганда, азбаройи чанқаганидан чойхонага кирган эди. Бинобарин, энди уйига бориши керак. Бироқ... ҳозир нечук чойни ичиб тугатмасдан ўрнидан тургани-ю, хиёбонда тўхтагани сабабини нохос англаб қолди.
— Ҳов Эсонбой, бу Хўжамёрнинг корхонаси... иш-жойи қаерда? — деб сўради ортига қайрилиб.
— Тоза ҳаётдан ортда қоп кетган экансиз-да, тақсир, — деб яна тантана қилди фелдшер. — Ахир мактабингиздан тубанда эски қуртхона бўларди-ку, Калинин колхозининг собиқ идорасида. Ҳовузиям бор...
Домла эслаб:
— Бўлди. Раҳмат, — деди.
— Ўшаққа борасизми? — сўраб қолди Эсон дўхтир.
— Бориш керак, — жавоб берди муаллим собитлик билан. — Бизнинг ўқувчимиз шундай киши бўпти-ю, биз бир оғиз табрикламасак, уят бўлади.
— Ҳе, отангизга раҳмат! — деди дўхтир. — Ундайлар кўпайсин деб дуо қилинг. Энди замон уларники...
Зокир Ўрин даврага тағин енгил таъзим қилиб ва кичкина, ихчам гавдасига ярашмайроқ турадиган салмоқли юриш билан чойхона олдидан ўтди.
Домла толиққан эди. Аммо бу янгилик завқидан ва Хўжамёрни кўриш, кўришиш ва ҳимматли ишларига барор тилаш онларининг жозибасидан чарчоғини ҳам унутиб, мактаб қошидан ўтиб кетди.
У Хўжамёрнинг болалик қиёфасини ҳам, пахта терим маҳалларида такасалтанг юришлари-ю, «качегар бўламан» деб ўчоқ бошида қолишларини ҳам ҳисоб формулалари каби эслаб борар, шу асно унинг оқибат тижоратчи бўлишида замин излар, чунки шу заминни шарҳлаб уни шод этишни ҳам ўйларди. Бироқ ҳарчанд бош қотирмасин, отаси даллоллигидан ўзга сабаб топа олмади. Домла учун тағин ачинарлиси шу эдики, Хўжамёр нақ ҳисобдан ҳам ўртача ўқир эди: ҳа, бирон масала ёки мисолни шариллатиб, ечиб ташлаганини эслолмайди.
«Лекин қобилият кейин ҳам юзага чиқиши мумкин, — деб ўзича тўнғиллади Зокир Ўрин ниҳоят. — Буям талантдай гап...».
Домла рўмолчаси билан манглайини артиб жиларкан, йўл бўйидаги водопровод дастагини босиб челагини сувга тўлдираётган келинчакни кўрди ва ундан манзилни суриштирмоқчи эканини фаҳмлади-ю, етиб келганини билди.
Ўнг қўлдаги яп-янги темир дарвозанинг бир табақаси очиқ, у ердан томлар узра юксалган балх тутининг эгик шохлари кўзга ташланиб турарди: ҳа, бу тут ҳам домлага таниш. Болалигида... ҳу йироқ замонларда унинг кичкиналигини пеш қилиб, дарахтнинг учки новдаларини кесиш учун чиқаришар эди, Зокирбой одобли бола бўлганидан барг кесиш баҳона тутга қорин тўйдириб тушишни ҳам ўйламасди.
«Бу йил кесишмаптими?.. Э, пилла териб бўлинди-ю, «кесишмапти» эмиш...»
Домла шу ўйдан кейин Эсон дўхтир айтганидек — чиндан ҳам «ҳаётдан ортда қолгани», аниқроғи, мамлакатдаги ташқи сиёсату ҳаётдаги товланишлардан тўйгани учунми — турмушнинг бошқа йўриқларига хийла лоқайд бўлиб қолганини тан олгани ҳолда, дарвозадан кирди.
Катта чоркунж ҳовузни кўриши лозиммиди — асфалт ётқизилган йўлкада турган кўк «Волга» билан кумушранг хорижий мошинага кўзи тушиб, ҳайрон бўлди. Кейин кенг йўлканинг сўлга бурилгани ва қари тутнинг эгик шохларини кўриб, мамнун тортди: тут... ўзини кутиб олаётгандай туюлди.
Шу ҳиснинг қувватида — бу ерда бемалол юришга ҳаққи бор каби мошиналар ёнидан бемалол ўтди-ю, баҳайбат дарахтнинг тагида стол атрофида ўтиришган уч-тўртта кишига рўпара бўлди. Улардан битгаси таниш эди: яқиндаги дўкон қоровули.
— Ассалом алайкум! — деди домла қўнғирокдек овозда.
Танимол ўрнидан сапчиб туриб, меҳмонга пешвоз чиқди.
— Валекум ассалом. Келинг, Зокир Ўринович!
Домла салмоқли юришда бориб, у билан кўришди.
— Ҳим, раҳмат... Хўш, ўзингиз қалайсиз? — деб сўради худди шу қоровулнинг аҳволини билгани келгандек.
— Шу Хўжамёр аканинг апчаркаси бўлиб юриппиз, домлажон, — деб жавоб берди у илжайиб. — Ҳа, хуш кўрдик... Хўжайин керакми?
Домла тек қолди.
— Кераг-у... — деди домла. — Лекин нега «хўжайин» дейсиз? Нега Хўжамёр сизга «ака» бўлар экан?.. Шошманг-да! Тағин «афчаркаси бўлиб юрибман» эмиш... Бу нимаси?
— Энди... — «Апчарка» қийналиб-қипсиниб, лўмса юзини синиқ илжайиш қоплаган ҳолда, хўрсиниб юборди. — Бориям шу-да, домлажон.
Зокир Ўриннинг астойдил жаҳли чиқиб:
— Ажабо, мен билмай юрган эканман. Қочинг йўлдан, — деди. — Ҳов, Хўжамбой Мадиёров!
Тутнинг орқасида — томига ялтироқ тунука қопланган бинонинг ўнг тарафидаги гулзорга очилган деразаларининг биридан Хўжамёр... ҳа, ўша от юзли йигитчанинг йирик нусхаси қараб турган экан.
— Марҳамат, домла. Биз шу ердамиз... Абдибой, эшикни кўрсатинг! — деди.
Зокир Ўрин Абдининг ишора-илтифотини қўл ҳаракати билан кескин рад этиб, эшикка йўналди. Пештоқдаги ёзувга боқмай, аммо ҳўл тўшанчага пошнаси аллақачон қийшайиб кетган туфлисини артиб, чоғроқ хонага кирди. Рўпарада ялтироқ стол ортида ўтирган хушбичим қиз ўрнидан турар-турмас, сўл ёндаги ўймакор эшик очилиб, жигарранг туфли, малла кастюм кийган новча йигит четга тортилди.
— Кираверинг.
Домла остонага қоқиниб, чўғдек гиламга оёқ босди ва бўсағаданми, гиламданми узр сўраган каби ғўнғиллаб, Хўжамёрга талпинди.
Хўжамёр уни бағрига олиб ва кифтига аста-аста қоқиб:
— Домлам-э, Зокир Ўринович-э, бормисиз-э, — дер экан, домла Зокир Ўриннинг кўзлари ғилқ ёшга тўлди: дами қайтиб, йироқ замонлар билангина эмас, ўзининг ёшлиги билан ҳам учрашгандек пиқиллади ва табиий, у киши ҳам қўлини тепага узатиб, шогирдининг елкасини силар эди.
Ниҳоят, Хўжамёр домлани бўшатиб, ён ёқда саф тортган ўриндиқларга ишора қилди.
— Ўтиринг, домла. — Узи эса узун столнинг бошида ўқида айлангувчи, суянчиғи баланд — тахтсимон курсига бориб ўтирди. Ва селектр тугмасини босди. — Асал, чой, — деди. Кейин ликопчадек ҳовучини очди. — Потиҳа қилиб қўямиз-да, домла? Ҳарҳолда мусулмонмиз, бунинг устига, дин модага кирди.
Зокир Ўрин кўзларини артган рўмолчасини шоша-пиша чўнтагига соларкан:
— Ҳа, албатта... Лекин дин ҳеч вақт модадан чиқмаган, — дея қўлларини фотиҳага кўтарди.
— Омин. — Хўжамёр жилмайиб юзига фотиҳа тортгач, стол четидаги хорижий сигаретдан бирини чиқарди. — Ҳалиям мунозарага ўчсиз-а, домла?
— Гап мунозарада эмас, — дея Зокир Ўрин ҳам киссасидан «Астра»сини олди. — Дин ҳамма вақт одамларнинг қалбида бўлган, Хўжамбой. Лекин бечоралар тазйиқ остида...
Хўжамёр хориж сигарет қутисини домланинг олдига суриб юборди.
— Мундан чекинг.
— Мен шунга ўрганганман... Қуръони каримда ҳам айтилар эканки, эътиқод зоҳиран ва ботинан бўлиши мумкин... — Зокир Ўрин сигаретни ўзи чаққан гугурт ўтида тутатиб, «мунозарага» киришаркан, Хўжамёр унинг сўзини яна бўлди:
— Ҳа, динни динчиларга қўяйлик, домла... Ўзингиздан сўрасак? Уй ичлари, кайфиятингиз қалай? Жиянлар... Жиянлар кўпайиб қолишгандир?
Зокир Ўриннинг кўзлари бирдан қувнаб:
— Жуда! — деди ва кулди. — Қилган ишимиз шу бўлдики, ўзбек халқининг кўпайишига ҳисса қўшдик, холос. Бошқа — на илмга, на амалга дегандай... қизиқишлар сўниб кетди. Бироқ бола тарбиялаш ҳам осон иш эмас... — Бошини кўтариб, тағин сунъий тишларини кўрсатиб жилмайди. — Мана, ўзларингиз ҳам ўзимизнинг мактабдан чиққансизлар. Бевосита тарбия беролмаган бўлсак ҳам, билвосита таъсиримиз ўтган бўлиши мумкин. Шундайки, мен сизнинг, Хўжамбой, бундай замонавий бизнес бошлиқларидан бири бўлиб келишингизни ўйламаган бўлсам ҳам, буни кўриб, ҳам эшитибоқ ғоят хурсанд бўлдим. — Сўнг ўйланиб, изоҳ берди: — Кечирасиз мени, ғафлат босиб денг, вақтлироқ келмадим қутлагани...
Хўжамёр сигарет кулини биллур кулдонга қоқиб, энди кулдонни домлага суриб қўйди.
— Парво қилманг, домла... — Сўнг яна селектр тугмасини босиб. — Асал? — деди. Ва у ёкдан дарҳол жавоб қайтди: «Лаббай, Хўжака!» — Сен анавиларга айт, бизга натуралний тери керак, хўпми? Қанча бўлсаям оламиз айтилган нархда. Уни Туркия чегарасига обориш ҳам бизнинг бўйнимизда... Улар билан ортиқча савдолашиб ўтиришга вақтим йўқ... Азиз меҳмоним бор!
Зокир Ўрин бу гапларни эшитаётган эса-да, маъносини уқишга ҳаракат қилмай турарди. «Азиз меҳмоним...» сўзини эшитгач, маъно англаш қобилияти ишлаб кетгандек чеҳраси яна ҳам ёришиб:
— Раҳмат, — деб қўйди.
— Шунақа... иш, иш, иш, — деди Хўжамёр ва хўрсиниб нафас олди. Кейин: — Хўш, домла... — дея Зокир Ўринга тикилиб қаради-да, мийиғида илжайди. — Сал қартайибсизми дейман?
Зокир Ўрин сергак тортиб:
— Ҳа, шу энди, эскилар айтганидек, олма билан ўрик бўлармидик, Хўжамбой, — деди.
Хўжамёр бемалол ҳиринглаб:
— Рост айтасиз, — деди. — Мана, биз ҳам... Сочларни қаранг. Ҳа, лекин, домла, дунёни кўриш керак экан. — Шифтларга қаради. — Туркия, Олмония, Амриқо... Буларни кўрмасдан яшашни мен энди тасаввур қилолмайман. — Сўнгра домлага ҳасрат қилгандек деди: — Бу мамлакатларнинг ҳар биридаям ўзбеклар бор экан, қаранг-а!
— Албатта, бор, — деди Зокир Ўрин жиддий бош ирғаб. — Ҳатто, Австралияда ҳам бор эмиш...
— Лекин ҳаммаси тижорат билан шуғулланаркан, — гўё домланинг гапини давом эттирди Хўжамёр. — Яшашларини кўрсангиз! Шундай офислари борки!.. Масалан, Истанбулда шундай бир марказга кириб қолдим, боёқишлар бирам хурсанд бўлиб денг, «Бюриниз», деб туришипти. Дарров кофе... — У ўз сўзини бўлиб, боз селектрни босди. — Асал, чой нима бўлди? — «Ток келмай қолди» деган жавоб қайтди ускунадан. — Ана шу-да аҳволимиз, — гўё сўзларига якун ясади Хўжамёр. — Биз шу қадар орқада қолиб кетганмизки, домла... — У бошини оғир чайқади. Кейин бу ҳолни, ўйлайвериб бошоғриққа йўлиққандек чаккаларини қисди.
— Ҳа, рост. На чора, биз учун ибрат — бошқалар эди... — деб ҳамсуҳбатининг фикрини маъқуллади Зокир Ўрин. — Дунёдан узилиб вокуумда яшаганмиз-да.
— Оҳ-оҳ, от-тангизга раҳмат! — деди Хўжамёр. — Вакумда яшаган эканмиз, вакумда... — Сўнг элан-қаран ўрнидан турди ва сигаретни авайлаб тутганча столни ёнлаб келаркан, домла кулдонни унга суриб қўйди-ю, у сигаретни идишга босганича Зокир Ўринга қиялаб тикилди. — Аҳвол қалай, домла?
— Аҳвол яхши, — деди домла. Кейин синиқ жилмайди. — Эл қатори. Элга келган тўй-да, бу кунлар ҳам...
— Ҳимм, сизларнинг маошларинг кўпайиб қолди-я? — Хўжамёр бурилиб, жойига қайтди.
— Анча! — дарҳол жавоб қайтарди Зокир Ўрин ва боз жилмайди. — Тўғри, пулнинг қадри тушиб кетаётган пайтда бу унчалик билинмайди. Аммо яшаса бўлади... Чидаймиз-да, Хўжамбой! Чидаш керак. — Сўнгра илҳоми тоша бошлади. — Мустақил бўлишни шунча йил кутдик. Уни деб куйиб-кул бўлиб ўтди улуғларимиз, алломаларимиз...
Хўжамёр тағин домланинг сўзини бўлди:
— Менга бир гапингиз нашъа қилиб кетди, ростини айтсам. Хўш, «яшаса бўлади» деганингиз. — Сўнг деразага маъноли термилиб қолди. — Яшаса бўлади... — Шу тобда ундан теран маъноли, ҳаётий мулоҳазаларга тўла ҳикматларни кутиш мумкиндек эди. У эса: — Умуман, айтганда, шундай, рост, — деб жойига ўтирди. — Демак, ҳали аҳвол ёмонмас экан.
— Ёмонмас, — деди Зокир Ўрин. — Бироқ, Хўжамбой ука, кимга қандай? Гап мана шунда... Мамлакатимиз аҳволини тушуниб, борига қаноат қилиб яшаётганлар ҳам бор. Тушунишни истамай, кечаги кунни қўмсаётганлар ҳам бор. Аммо уларниям тушуниш мумкин: ҳар кимнинг ҳам яхши яшагиси келади.
— Уҳ, ана бу — доно гап! — деб юборди Хўжамёр. — Ҳар ким ҳам яхши яшашни истайди! Хўш, биз сингари бизнесменларнинг вазифамиз эса худди мана шу аҳволни баҳоли қудрат енгиллатиш... Фикримни тушунтиролдимми, домла?
— Жуда! — деди Зокир Ўрин ҳаяжонланиб. — Лекин раҳмат сиз... сизларга! Ана, чойхонадан келдим ҳозир. Ўша ердаям сизларни... Э, раҳмат-э! Келинг, қўлингизни битта қисиб қўяй, илтимос. Юракдан!
— Ҳе, домлагинам-э.
Хўжамёр қўлини қистириб, жойига кетгач, домла баттар таъсирланиб, бош эгиб қолди-ю, кўзи соатига тушиб, бирдан ҳушёр тортиб кетди.
— Демак, ҳим, гапимнинг хулосаси шулки, — деди,— сени... кўриб, кўп хурсанд бўлдим, Хўжамбой. Йўлда... йўлакай ҳув ўқувчилик даврларинг эсимга тушиб кетди: ажиб бир даврлар экан! — дея бирдан хитоб қилди. — Пахта теримида ёш болалар азоб чекарди, бу ҳол уларни эксплуататсия қилиш билан тенг эди, деб қанча ваъзхонлик қилмайлик, ўша даврлар — бизнинг кечаги кунимиз, яқин тарихимиз, ёшлигимиз бўлиб қолади. — Сўнг уҳ тортиб юборди. — Болалик бизга ҳамма вақт ажиб, жозибали туюлади... Ана шунинг учун айтаманки, кечаги йиллар — ёшлигимиз ҳам — биз учун шубҳасиз азиздир!
Хўжамёр бошини қийшайтириб, домлани тингларкан:
— Ҳа, албатта... Ўша болалик бўлмаса, бугунги кунга етармидик, — деб қўйди.
Зокир Ўрин чалғиганини фаҳмлаб, энди соатига бемалол қараб олди-да:
— Энди бизга жавоб берасиз, — деди.
Хўжамёр томоғини оҳиста қириб:
— Йўғасам, бизга бўларини айтасиз, — деди. — Бизга нима хизмат бор?
Зокир Ўрин елкасини қисди.
— Хизмат... Соғ-саломат бўлинг, шу.
— Йўқ, ундай эмас, домла.
— Яна нима дейишим мумкин?
Хўжамёр янги сигарет олиб, бармоқлари орасида сийпалар экан:
— Домла, уялманг, илтимос, — деди. — Мен умуман... аҳволни тушунаман. Бизга кундек равшан. Масков кўчаларини кўрсангиз бир! Қайси куни эрталаб меҳмонхонадан чиқиб кетаётсам, ахлат яшикни ағдариб кўришаяпти. Иккита хотин. Дуруст кийинган, интеллегентга ўхшайди... Мени кўриб денг, бири бирига нима дейди: «Моя кошка любит вот эту косточку». Иккинчиси суякни кўрсатиб: «Менинг итим бунақасини яхши кўради», дейди. Тушундингизми?
Зокир Ўрин оғзини очиб қараб турарди.
— Ё тавба!
— Хўш, домла?
— Нима, «хўш?» Тушундим: бечоралар бир-биридан ҳам уялишса керак...
— Мен сиздан бошқа нарсани сўрадим, домла. Бу гап шунчаки даромад гап.
— Нимани сўрадингиз?
— Нимани истиҳола қиляпсиз, домла?
— Тушунолмадим?
Хўжамёр билагидаги олтин соатига кўз ташлаб олди.
— Мана, салкам чорак соат ўтирибмиз... Ҳим, сиз истиҳола қилиб айтмагандан кейин мен нима қилай?
— Нимани-нимани? — зўриқиб сўради Зокир Ўрин. — Мен ҳеч нарсани истиҳола қилаётганим йўқ. Мутлақо!.. Истиҳолани ўйласам, ҳатто...
— Нима?
— Бу ерга келмас эдим.
— Кепсизми, сўранг-да энди, — деди Хўжамёр ундан кўз узмай. — Ахир, мен сизга бегонамасман, — давом этди қандайдир ранжиниб. — Ҳали ўзингиз айтдингиз, бизга бевосита таъсир ўтказмаган бўлсангиз ҳам, билвосита... Албатта, тарбиянгиз ўтган. — У сигаретни сўриб, жаҳл билан пуфлади. — Биламан, аҳволингиз ёмонмас... Умуман, Ўзбекистонда яшаса бўлади. Майли-да!
— Иншооллоҳ, яхши бўлади, — деб қўйди домла.
— Ҳа, энди, инсон орзу-истак билан яшайди, дейдилар... Буям доно гап.
— Бу — ҳақиқат, — деди Зокир Ўрин ва энди ўзи Хўжамёрга тикилди. — Ука, нима демоқчисиз? Айтинг, эшитай. Вақтингизни олдим. Кетаман.
— Йўқ, сиз учун вақт бемалол.
— Раҳмат.
— Хў-ўш, — Хўжамёр суянчиққа ястаниб, сигаретни роҳатланиб сўрди-да, ғалати кулиб юборди: кулгиси томоғидан чиқди, чунки ҳиссиз эди.
Зокир Ўриннинг эса нафсонияти оғриниб кетди. Ўзини эрмак қилинаётгандек туйиб:
—Бўпти, бизга жавоб, — дея ўрнидан турди. — Самимий суҳбат учун раҳмат. — Хўжамёр сўзини бўладигандек шошиб давом этди: — Ҳим, Туркия, Амриқо сафарларингиз ҳақидаям эшитдим... Ҳа-ҳа, уларда ҳаёт бошқача! Бизлар қолоқ...
Ўрнида миқ этмай қолган Хўжамёр:
— Домла, — дея унинг курсисини кўрсатди. — Ўтиринг жойингизга!
— Раҳмат. Лекин, лекин... инсон йўл топади! Ҳукумат ҳам! Ҳарқанча қийналиб бўлсаям. Ахир, янги йўлга тушган чақалоқ ҳам қоқилади-ку?
— Уф, агар хафа қилиб қўйган бўлсам, узр сўрайман, — деди Хўжамёр ва аста қўзғалиб, стол ёнидан юриб келаркан, Зокир Ўрин тисланди. — Оббо!
Домла беҳол тортиб кетди. Кейин:
— Хўжам, мен конкрет гапни яхши кўраман. Биласан-а? — деб сўради.
— Биламан. Шунинг учун ҳайрон бўляпман-да, — деди Хўжам.
— Қизиқ. Нимани конкрет гапирмадим?
— Гапириш... — Хўжамёр сўзини чала қолдириб, Зокир Ўринга тепадан тикилди. — Домла, сиз рости билан мени табриклагани, шунчаки қутлагани бу ерга келдингизми?
Домла унга анграйиб қолди.
— Бу қанақа савол? — деди шивирлаб. — Йўқ, бунга ишонмасликка сенда.. ҳа, сенда қандай асос бор?
— Ҳамма гап шундаки... — Хўжамёр иягини кафти билан ишқаб чайналди.
— Хўш?
— Энди... — Хўжамёр кескин бурилиб кетди. Тахт-курси қошига бориб, яна қайрилди. — Бу ерга бизнесга алоқасиз одамлар нима учун келишади? Биларсиз-а?
— Бизнесга алоқасиз... — Зокир Ўрин иттифоқо чойхонада Эсон дўхтирдан эшитган гапларини эслаб қолди: «Ундайлар кўпайсин... Энди замон уларники». Сўнгра Хўжамёрнинг Масковда қандайдир хайрия идорасида ишлагани, ҳа-ҳа, ўзининг, яъни Зокир Ўриннинг-да «Элгаям нафи тегаяпти» дегани ёдига тушиб кетди. — Ҳа, энди, ночорликдан ҳам келишар...
— Ана бу бошқа гап! — деди Хўжамёр, ниҳоят, енгил тортиб. — Ҳар куни келишади муҳтожлар... Барининг ҳожатини чиқараяпман, домла. Миннат эмас бу! — Кейин майин кулимсиради. — Тўғри, у бечоралар ҳам, албатта, мени табриклагани келишади...
— Лекин мен... — деди домла, — Онт ичаман, ука... — Кейин бирдан кўзи чарақлаб очилди-ю, портлади: — Ҳов, ҳали шунинг учун боянадан бери саволга тутаётган экансан-да?
— Ахир, бу табиий-ку, — деди Хўжамёр. — Сиз зиёли одамсиз. Маданиятли...
— Нима, «зиёли, маданиятли» одам фақат... табриклагани келмайди деб ўйлайсанми?
Хўжамёр чуқур хўрсиниб, курсига чўкди.
— Сизга жавоб, — деди.
— Э, мени ҳайдаганингми бу? Хўжамёр шартта селектр тугмасини босди.
— Асал! Абдини айт!
Зокир Ўрин каловланиб, «Астра»ни чўнтагига солди, сўнг гардиши ҳилвираган шляпасини бошига қўндирди.
Шу пайт пакана, туксиз лўмса юзи осилган Абди кириб келди.
— Бу кишини кузатиб қўй, — деди Хўжамёр ва деразага қаради.
Абди Зокир Ўринга илжайиб, таъзим билан эшикни кўрсатди. Зокир Ўрин тамшаниб:
— Бу нима қилиқ? — деди гўё ўзига ўзи. — Ҳов, Хўжам? Мени ҳайдаб чиқараяпсизми?
— Бу киши Хўжам эмас, Хўжамёр Мадёров, — деди Абди ва домланинг тирсагидан ушлади. Домла:
— Қўлингни ол! Афчарка, — дея четланиб кетди.
Абди интилиб домланинг билагидан тутди ва бурилибоқ тортганди, Зокир Ўрин ўймакор эшик оғзига бориб қолди.
— Марҳамат, домла.
— Ҳов, Хўжам? Хўжамёр қарамади.
— Абди!
Шунда Асал эшикни очди ва Абди Зокир Ўринни қучиб кўтариб ташқарига чиқарди,
— Домла, дарвозадан ҳам чиқариб қўяйми?
— Қўйвор, аблаҳ! — деди Зокир Ўрин. — Ўзимнинг... оёғим бор! Ҳозирча бор! — дея эшикка қараб бақирди. — Ҳой, бизнесмен! Тиланчи эмасман, худога шукур. Сени ўқувчим деб... Бемаъни, одобсиз!.. Одамларга бундай қараш учун киши нақадар тубан бўлиши керак...
Абди жила бошлаган Зокир Ўринни яна даст кўтариб олди-да, ғизиллаб кетди. Кўчага чиқариб қўйиб, дарвозанинг очиқ табақасини беркитди.
... Хўжамёр юмшоқ курсида сўлғин тортиб ўтираркан, Асал кирди. Хўжайинга термилиб бироз сассиз тургач, сўради:
— Нима бўлди, Хўжака?
Хўжамёр ҳам котибага бироз сассиз тикилгач:
— Ўзим ҳам тушунмай қолдим, — деди
— Нимани?
— Э, сўрама.

1993
Mualifning boshqa asaralari
1 Ahad Mirzo yigʻladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 679
2 Arosat (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 974
3 Arpali qishlogʻida (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 791
4 Арпали қишлоғида (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 564
5 Аҳад Мирзо йиғлади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 534
6 Bahor (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 912
7 Bahor oʻtdi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 717
8 Baxtli boʻlinglar (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 688
9 Bir guzar odamlari (novella) [Shukur Xolmirzayev] 642
10 Bir koʻrgan tanish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 719
11 Bitikli tosh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 618
12 Biz kech qolib yuramiz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 575
13 Bodom qishda gulladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 3700
14 Boychechak ochildi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 753
15 Bulut toʻsgan oy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2033
16 Бахтли бўлинглар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 547
17 Баҳор (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 564
18 Баҳор ўтди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
19 Биз кеч қолиб юрамиз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 518
20 Бир гузар одамлари (новелла) [Shukur Xolmirzayev] 546
21 Бир кўрган таниш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
22 Битикли тош (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 461
23 Бодом қишда гуллади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 544
24 Бойчечак очилди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 610
25 Булут тўсган ой (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 592
26 «Esse – erkin ijod» [Shukur Xolmirzayev] 2741
27 «Эссе – эркин ижод» [Shukur Xolmirzayev] 775
28 Farzand (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 845
29 Фарзанд (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 516
30 Haykal (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 661
31 Hayot abadiy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 925
32 Hukumat (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 552
33 Ҳайкал (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 505
34 Ҳаёт абадий (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 550
35 Ҳукумат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 499
36 Ikki koʻrgan bilish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 650
37 Икки кўрган билиш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 503
38 Jarga uchgan odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 830
39 Joʻraboshi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 642
40 «Jahonbop asar yoza olaman, lekin» [Shukur Xolmirzayev] 853
41 «Жаҳонбоп асар ёза оламан, лекин» [Shukur Xolmirzayev] 573
42 Жарга учган одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 548
43 Жизнь вечна (рассказ) [Shukur Xolmirzayev] 831
44 Жўрабоши (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 534
45 Kechagi kun kecha (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 941
46 Keksa gʻijjakchi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 758
47 Kimsasiz hovli (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1056
48 Koʻk dengiz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 942
49 Koʻkboy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 706
50 Koʻngil (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 649
51 Kulgan bilan kuldirgan (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 553
52 Кекса ғижжакчи (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 488
53 Кечаги кун кеча (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 790
54 Кимсасиз ҳовли (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 466
55 Кулган билан кулдирган (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 485
56 Кўк денгиз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 476
57 Кўкбой (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 490
58 Кўнгил (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 575
59 Nasib etsa (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 565
60 Nimadir yoʻq boʻldi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 814
61 Notanish odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1584
62 Насиб этса (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 508
63 Нимадир йўқ бўлди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 499
64 Нотаниш одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 544
65 Odam (falsafiy hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 708
66 Olam tortilish qonuni (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 573
67 Olis yulduzlar ostida (voqeiy hi... [Shukur Xolmirzayev] 2280
68 Olma yemadim (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 862
69 Omon ovchining oʻimi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 3341
70 Oqtosh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 766
71 Ora yoʻl (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 625
72 Ot egasi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 9743
73 Ota yurt (boʻlgan voqea) [Shukur Xolmirzayev] 655
74 Oy yorugʻida (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 560
75 Ozodlik (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1577
76 Одам (фалсафий ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 506
77 Озодлик (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 533
78 Ой ёруғида (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 480
79 Олам тортилиш қонуни (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 464
80 Олис юлдузлар остида (воқеий ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 569
81 Олма емадим (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 633
82 Омон овчининг ўими (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 503
83 Ора йўл (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 515
84 От эгаси (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 646
85 Ота юрт (бўлган воқеа) [Shukur Xolmirzayev] 481
86 Оқтош (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 502
87 Qadimda boʻlgan ekan... (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 810
88 Qariya (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2162
89 Qaytish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 594
90 Qish hangomasi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 593
91 Qorbobo keladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 925
92 Qumrilar (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 600
93 Qush tili (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 928
94 Quyosh-ku falakda kezib yuribdi ... [Shukur Xolmirzayev] 750
95 Қадимда бўлган экан... (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 469
96 Қайтиш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 600
97 Қария (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 529
98 Қиш ҳангомаси (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 521
99 Қорбобо келади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 578
100 Қумрилар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 507
101 Қуш тили (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 555
102 Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 589
103 Sayr (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 554
104 Sirli militsioner (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 569
105 Sogʻinch (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 711
106 Сайр (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 535
107 Сирли милитсионер (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 535
108 Соғинч (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 546
109 Tabassum (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1553
110 Tikan orasidagi odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 736
111 «Tolstoyning niyati meni maftun ... [Shukur Xolmirzayev] 728
112 «Толстойнинг нияти мени мафтун э... [Shukur Xolmirzayev] 517
113 Табассум (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 514
114 Тикан орасидаги одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
115 Uchinchi hamroh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 664
116 Uh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 515
117 Ukki sayrayapti (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 683
118 Ustoz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2545
119 Укки сайраяпти (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 486
120 Устоз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 548
121 Учинчи ҳамроҳ (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 471
122 Уҳ (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 524
123 Xorazm, jonginam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 767
124 Xorun ar-Rashid (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 698
125 Xumor (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 960
126 Хоразм, жонгинам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 517
127 Хорун ар-Рашид (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 488
128 Хумор (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 572
129 Yigʻi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 669
130 Йиғи (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 517
131 Yangi zot (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 565
132 Yashil «Niva» (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 860
133 Янги зот (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 480
134 Яшил «Нива» (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 569
135 Yosuman (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 765
136 Yovvoyi gul (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 601
137 Yozuvchi (Xotira hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 912
138 Ёввойи гул (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 558
139 Ёзувчи (Хотира ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 691
140 Ёсуман (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 513
141 Zov ostida adashuv (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1026
142 Зов остида адашув (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 506
143 Oʻzbek xarakteri (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2520
144 «Oʻzbekning soddasi» (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1045
145 «Ўзбекнинг соддаси» (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 554
146 Ўзбек характери (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 644
147 Shudring tushgan bedazor (ikki i... [Shukur Xolmirzayev] 677
148 «Sholoxovning ashaddiy muxlisi edim» [Shukur Xolmirzayev] 916
149 «Шолоховнинг ашаддий мухлиси эдим» [Shukur Xolmirzayev] 608
150 Шудринг тушган бедазор (икки инж... [Shukur Xolmirzayev] 558
151 Chillak oʻyin (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 792
152 Choʻloq turna (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1303
153 Чиллак ўйин (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 593
154 Чўлоқ турна (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 638
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика