Ўзбек характери (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]

Ўзбек характери (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]
Ўзбек характери (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]
Мен бир воқеани айтиб берай.
Иккинчи курсда пахтага бордик. Ўша Бўка раёнига. Четдаги бир колхозига. Мана шу ўзимизнинг Сурхон воҳасига ўхшаб кетадиган жойлар экан: ҳар қадамда қиёқлар ўсган. Боғ-боғ ёш қамишнинг таги билан ўтқазиб қўйгандай. Ери жиққа ажриқзор. Мол ўтлайдиган, болалар чиллак ўйнайдиган ер-да!
Қадрдон, мен унинг ўзимга, мана шу кўнгил қурғурга ёққан жойини айтдим: бунақа жойлар ёқади-да!
Хуллас, ана шу ажриқзордан сал ўтгандан кейин қишлоқча бошланади. Йигирма-ўттиз хонадон турса керак. Томлари бари — лойсувоқ, деворлари гувала. Биз борганда жами томларга пичан уюлган, ёмғир ёғиб ўтган пайт эди, пичанлар сап-сариқ. Баъзисининг устида ёш болакайлар ўтирарди.
Бизни кўриб қийқириб юборишди. Бечоралар... Тошлоқ кўчада машинамиз тўхтади. Ўқитувчилар ўзаро келишдилар. Бизни шу ердан буриб, пастликка эндириб кетишди.
Битта бригадирнинг битмай қолган пешайвонли иморатига жойлашадиган бўлдик. Буям шунчаки сомон сувоқ қилинган. Дераза-ромлари йўқ. Ер зах. Одатдаги... бараклардан фарқсиз эди. Фарғоналик, тошкентлик болалар орасида мендан ёши улуғлари кўп эди: бирлари армияни битириб келган, бирлари техникумни... Биз энди, ўзингиз қатори ўнни битирибоқ, университетга кира қолган эдик. Шуни айтиш керакки, савод масаласида ҳам улардан кам эмас, баъзан баландлик ҳам қилиб қолардик: ҳарқалай ўнни битириб, тўғри университетга кирган боламиз. Билимлар ҳали свежий... Бундан ташқари, ўзингизга маълум, камина кутубхонанинг, айниқса, фундаментал кутубхонанинг фаол ўқувчиларидан.
Лекин уятчанлигимиз ҳам бор. Барибир уларга — водийлик, тошкентлик болаларга нисбатан қишлоқимиз-да, тўғриси. Балки «уддалик» бобида ҳам анча жўн эдик.
Йўқ? Э! Сизни ўша уйга жойлаб қўйса, нима қилардингиз? Колхоз идорасидаги буғалтирнинг хонасидан печни қўпориб келармидингиз? Келолармидингиз? Йўқ. Дераза ўрнига нима тутар эдингиз? Тўл... Уни қаердан топардингиз? Ана шундай... Мен энди «удда» деяпман, гап шундаки, ўша пайтда улар менга ҳатто олғир бўлиб кўринганди... Ҳа-да, уй исиб қолгандан кейин албатта ёқади!
Ўрмон деган бир курскомимиз бор эди. Новча, ориқ йигит. Уч йил университетга киролмаган. Сибирга помидор, пиёз обориб сотган. Поезддаги саргузаштларини эшитсангиз, ҳее... Пишиқ. болалар-да! Комсоргимиз ҳам Азимжон деган йигит эди. Нуқул Ремарк билан Хемингуейни ўқиб: «Бизнинг ёзувчиларимиз ёлғончи», деб юрарди. Мен? Албатта унга қарши турардим!..
Шундай қилиб, жойлашиб олдик. Ерга похол тўшадик, устига чодир ёйдик. Кейин, кўрпа-тўшакни ёздик. Чойнак, челак ҳам топиб келишди.
Кеч бўлиб қолган эди. Биласиз, дастлабки кеча ухлаш қийин. Латифа айтишарди болалар: «Сиз кўрган ўша афанди, сиз билган ўша афанди...»
Болалар дарҳол тўрни, ён томонларни эгаллаб олишгани учун менга эшик оғзидаги жой теккан эди, билмадим, кечаси эшик очилиб кетганми, саҳар турсам, бурун битиб қолган.
Ҳавода зилдек оғир, қорамтир булутлар айланар, лекин этакдаги пахтазор яққол кўзга ташланар эди. Иккинчи теримдан чиққан. Кўп ғўзалар барг тўкиб, сарғайиб қолган.
Айвон устунига суяниб, томоша қила бошладим: пахтазор четида тутлар. Ўша тутлар... У ер-бу ерда чуғурчуқлар галаси учади. Тутзорнинг нариги томонида бўзранг бир узун иморат кўринарди. Унинг олдида бакни қайнатишяпти шекилли, бак карнайидан қизил аланга чиқиб қоларди.
Кейин, шундоқ пастликдаги — пахтазорни биздан ажратиб турган ариқ бўйидаги ёлғиз кулбага кўзим тушди. Унинг ҳам томига пичан босилган. Пичан устида чумчуқлар ғужғон: чириқ-чириқ... Ариқ бўйида эса бир қорақалпоқ курсдошим, ҳа, ўша — Сапарбой майкачан бўлиб чопиб юрибди.
Бет-қўлни ювгани пастга эндим.
— Ечин. Югур. Физкултура қил! — деди Сапар.
— Э, пискултурам чиқиб турибди, — дедим. Шунда қарасам, ҳалиги кулба... одам яшайдиган уйча экан. Мен, билмадим, уни бостирма деб ўйлабмидим, ҳайрон қолдим. Кичкина деразаси бор.
Уйчанинг олдида эса, биласизми нима, ўрмак... ўрмак тикилган. Бир аёл катта тароқ билан гурсиллатиб уриб, калавани қатимлар орасидан у ёқ-бу ёққа отиб, шолча тўқияпти. Секин унга яқин бордим: бу манзара ҳам бизнинг кўнгилга яқин-да, қадрдон!
Аёл шарпамни сезиб, бошидаги гарди рўмолини пешонасига туширди.
— Салом алайкум, ҳорманг, опа? — дедим.
— Келинг, ука, — деди у. — Хуш кепсизлар... Яхши жойлашиб олдингларми?
— Ҳа, раҳмат. Жуда-а яхши жойлашдик... Шу уйда яшайсизларми ?
— Ҳа, — деди у. — Хўжайин молга кетган. «Молга кетган!»
— Мол ҳам боқасизларми? — дедим.
— Ҳа, колхоз бир отар бериб қўйган.
«Бир отар!» О, Тошкентда бу сўзларни эшитмайсиз-да, мехрибоним. Ана шундай қилиб, буларга бирдан кўнглим илиди.
— Эчкими, қўйми? — дедим.
— Аралаш.
Қарасам, уйчанинг нари томонида узун қўра бор. Тевараги шох-шабба билан ўралган. Секин ўтдим. Қий ҳиди... Ҳа-ҳа-ҳа! Қўранинг энгарагидан қарадим: етмиш-саксон майда мол сиғаркан... Мен нимагадир, бу ерларда ҳам одамлар фақат пахтани билади деб ўйлардим. Энди денг, мол туфайли пахтаям кўзимга юз чандон яхши кўриниб кетди.
Бунинг устига, ҳаво юмшоқ. Ғўзалар ювилган, намхуш. Барглари, поялари сариқ. Ариқчада тиниқ зилол сув оқяпти... О! Ўша пайтлар Бўкадаям сувлар тоза бўлгич эди. Химикатлар ҳам кам сепиларди, назаримда. Лекин мен бу томонларига эътибор қилмаганман... Чунки ўзимиз тарафдаям химикат, сув нотоза, ул-бул деган гаплар кам бўларди.
Хуллас, мен Сурхоннинг бир бурчагига келиб қолган эдим.
Шу пайт уйдан — ётоғимиздан болалар ҳам бирин-кетин кўзларини уқалаб, ҳар ёққа қараб тушиб кела бошлади. Баъзиси Сапарга қўшилиб чопишга тушди. Баъзилари пахтазорга оралаб кетишди. Ўрмон ака ўрмак тўқиётган аёлнинг қошига келди.
— Қалайсиз, опа? Ҳорманг!
— Бор бўлинг, ука... Келиб зап иш қилдиларинг-да...
— Ҳа, энди, сизларга ёрдам бермасак бўладими? Кўк чой борми? Қуруғидан.
— Бор, бор. — Аёл этагини апил-тапил тушириб, тароқни ташлаб, кулбага кириб кетди. Оёғида эски кирза этик, узун сочлари учида сочбоғ. Ранги ўнгиб кетган кўйлаги ғижим. Сал ўтмай бир банка билан бир парча газета кўтариб чикди. Газетани Ўрмонга бериб, устига банкани энгаштирди. Бир ҳовучлар чой тўкилди. Ўрмон:
— Бўлар, раҳмат, — деди.
— Керак бўлса...
— Керак бўлса, яна сўраймиз...
— Бемалол, оғажон. Ҳе, пахта, пахта... Мана, сизлар ҳам ўқишларни қолдириб, ота-оналарингни ташлаб келдинглар. Барака топинглар. Раҳмат...
— Энди, териш керак-да! — деди Ўрмон ака... — Ҳа, пахтанинг килограми неча тийиндан?
— Шу, ўн тийинми, беш тийинми, мен кўпам фарқига бормайман.
— Э! Ундай бўлмаса керак! — деди Ўрмон ака. Кейин кулди. — Язнамиз (почча) билсалар керак?
— Ҳа. У киши биладилар.
— Яхши... Сизлар ҳам бирон ёқдан келганмисизлар дейман?
— Йў-ўқ, биз шу ернинг одами.
— Бундан бошқа участкаларинг ҳам бордир-да?
— Йўқ, оғажон. Бори шу... Буям яхши. Ўзимиз уч жон. Жиянингиз отаси билан кетган... Чўпон бўламан дейди. Ҳализамон кеп қолади. Чойни қаерда ичасизлар?
— Чойни? Ҳм, бугунча энди ётоқда. Кейин яна ўйлаб кўрамиз.
Мен Ўрмон акани ҳозир қитмир, суқатой қилиб таърифлаётганга ўхшайман. Йўқ, бир ҳисобда у ўзича ҳақ эди: бизниям ўйларди, ҳарқалай.
Шундан кейин теримга жўнадик.
Кун чиқиб, уям сарғайиб нур сочяпти. Биз этакларни бўйинга илиб, худди ошҳалолга бораётган подачидай кетяпмиз. Э, дўстим, менга мана шундай кун зарда бериб чиқаётганда намхуш сўқмоқлардан юриш ҳам ёқади-да!
Тепангда чуғурчиқлар ўйнайди. Оёғингга ҳўл япроқлар ўралашади. Унда-бунда хирмон жойлардан буғ кўтарилади. Кўрганмисиз? Ғўзанинг қавачоғи ёнишга маҳтал бўлади. Узоқ вақт уюлиб ётса, тутун ҳам чиқиб кетади.
Ўша куни тердик. Уят ўлимдан қаттиқ... Эл қатори тердим. Лекин бурун очилмади.
Қайтаётганимизда ҳалиги кулба биқинида қозон қайнаётган экан. Энди Азимжон ака қозонга яқин бориб, ҳидлаб кўрди-да:
— Ош, — деди бизга қараб.
— Ҳу, — деди Ўрмон ака, — қозони кичик экан-да.
— Юринг, юринг.
— Шошманг. Ҳо, хўжайин!
Уйчадан каловланиб, қотма, қора чопонининг тирсаклари йиртилиб пахтаси оққан, соқоли ўсиқ, чувак юзли йигит чиқди. Худди ўнгирини босиб оладигандек сурилиб-шошилиб келиб, биз билан бир-бир кўришди.
— Хуш кепсизлар, хуш кўрдик! Қани, уйга марҳамат!
— Олдин ювиниб олайлик-чи, — деди Ўрмон ака. — Айтмоқчи, бир укамизнинг томоғи шамоллаб қопти. Бурнинг ҳам битган-а? — деб сўради мендан. — Шу, шу... Дори-пори топиладими? Медпунктларинг марказда экан, бу ер — Камчатка.
— Э, топилади-да. Дори топилади! — Йигит этигини қўлантаёқ кийиб чиққан экан, оёғидан тушиб қоладигандек талпанглаб уйга кирди.
Кейин бир боғ итузум олиб чикди.
— Шу бўлади, томоққа боғласалар, — деди.
— Бўлади, бўлади! — дедим. — Озгинаси бўлади.
— Э, озгинани нима қиласан? — деди Ўрмон ака. — Ҳали яна керак бўлади.
Итузумни олиб ётоққа келдим. Унга тикиламан: таниш-да бу ўсимлик ҳам! Қадрдон, биздаям бир момо бўлгич эди. Бобомиз босмачиларнинг отларига хашак бергани учун «халқ душмани» деб отилиб кетган, ундан қолган ўн бир курсоқни боқаман деб умрини тоқ ўтказган кампир эди. Уларниям бирин-кетин яратганига топшириб, бизнинг маймоқ ота билан қолган...
Ўша кампир даволарди шунақа итузумлар билан... томоқларимизни. Тилдан терсак чиқса, оқ гулбутани қуритиб-эзиб, кукунини сепарди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетардик.
Омборимизда мана шундай итузум боғларидан ёғоч қозиқларга осиб қўярдилар.
Биз ҳам девордаги бир михга осиб қўйдик. Кейин мевасидан бир ҳовуч олиб, бўз этакнинг четидан бир парчани йиртиб, мевани эзиб-эзиб томоққа кўтардик.
Эртаси кўзимиз чарақлаб очилиб, теримга чиқиб кетдик.
Бизга чой қайнатиладиган бак ортидаги кулбаларнинг орқасида ҳудудсиз далалар бор, биз ўшаёкда пахта терардик. Ҳар жой-ҳар жойда митти-митти шийпончалар қўнқайиб турарди. Ери зах, деворлари қабариб кетган, атрофида тупроқ ўйнаб ётар, унда сичқон-каламушларнинг излари кўп эди.
Биз гоҳо ўшандай кулбачаларга кириб дам олардик.
Мен, мен ўзим ўшанақа жойларда изғишни яхши кўрардим. Шундай шийпончаларнинг яқинидан албатта бирон ариқ ўтган бўлар, унинг қирғоқларидан қамишлар ғовлаб кўтарилган, қамишлар ичида турфа тиканлар қизил, сариқ бўлиб гуллаган, ўшаларнинг ҳам ёлғиз томошачиси биз эдик.
Баъзан эгатлар ичида тарвуз, қовун палаклари чиқиб қоларди. Албатта, битта-иккита буришган, тиришган туйнак бўларди. Аммо уни ёриб есангиз, мазаси... тилни ёради. Э, азизим, менга — бир фақир студентга шундай туюлган-да! Бўлмаса ичи тушган, айний бошлаган тарракнинг нимаси ширин? Балли, одам деган мундай инжиқ бўлмайди: борига қаноат қилиш керак...
Теримда эса, ҳамма вақт қорнингиз тўйган қўзининг қорнидай бўлмаслиги ўзингизга маълум... Бир туюр гўшту макарон солиниб қайнатилган шўлан-шўрва мана шундай... жонингизга тегиб кетади: раҳмат.
Ҳозир пахтани ёмонлаш, унинг меҳнатини оламдаги энг оғир меҳнат деб аташ модада. Бир ҳисобда, ҳақиқатдан ҳам, шундай. Бироқ, терим пайтидаги романтика!
Тонгларни эсланг! Тупроғи нам тортган сўқмоқларни. Йироқда арава йўлдан кўтарилган чангни уфкдан энди бош кўтараётган қуёш ёғдуларига йўғрилиб, заррин бир тўзонга айланиб туришларини эсланг! Бунинг устига, ўша пайтда: «Энг улуғ ишни мен қиляпман! Ўзбекнинг миллий ифтихори учун курашяпман!» деб ўйлаб турсангиз. Битта ўртоғингиз ўйинқароқлик қилиб, камроқ пахта терса, кўзингизга ёв бўлиб кўринса...
Битта гўзал, нозик қиз ипакдек бармоқлари чаноқларга тилиниб, қони чиқиб, дока билан боғлаб олиб, энди зўрға тераётганини кўрсангиз: «Э, шаҳарлик ойимқиз! Сояпар-да, сояпар!» деб ичдан ҳақорат қилар эдингиз!
Ҳа-да, аввало, ўзим ҳақимда гапиряпман! Ё ҳикоямни тугатиб қўя қолайми? Майли...
Расво бўлиб, шалаббо бўлиб ётоққа етиб келдим. Эртаси саҳарлаб туриш керак, теримга чиқиш керак. Ёмғир, қор — пахтанинг олдида капейка!
Кийим-бошни ювиб, печга тутиб сал-пал қуритдим. Кейин бир доно ўртоқнинг маслаҳати билан: «Тўшакда қуриб қолади», деб кийиб ётдик. Эртаси расвогарчилик.
— Жуда нозик экансиз-да, шоир, — деди Ўрмон ака.
Нозик, хаёлпараст одамларни «шоир» деб аташ ўшанда расм бўла бошлаган эди. Қандайдир редактсия ходимидан чиққан дейишади бу гапни... Бизнинг тарих-археология группамиздаги студентлар орасидаям редактсиялар билан яқин йигитлар бор эди. Камина ҳам редактсиялар билан боғлиқ гапларга қизиқардим.
Мен кеча «анави қизлар» ётоғидан келаётганимда лойга беланганимни айта бошлагандим, Азимжон ака дакки берди:
— Айрилганни айиқ ер, бўлинганни — бўри! Сиз кетворибсиз! Биз роса изладик.
— Э, у жой ўзи...
Сапарбой — ҳалиги қорақалпоқ йигит менга яқин эди. Ким билади, Сурхондаги айрим элатларни ўзларига яқин олишадими, деб ўйлардим. Энди албатта бу нарсани яхши биламиз... Ўшанда шунчаки дўст, ҳамфикр эдик. Шу йигит:
— Қол, сен учун икки фартук пахта териб бераман, — деди.
Икки фартук пахта — бу оламжаҳон меҳнат! Бу — камида икки-уч минг марта эгилиб-кўтарилиш дегани. Яна қанча машаққати бор... Кўнглим бузилиб, унга нима миннатдорчилик билдиришни билмай қолдим. Бошим айланар, ичим ўз-ўзидан ёниб кетаётгандек эди. Азимжон ака ҳам пешонамга қўл қўйиб:
— Қолинг. Мумкин эмас. Жон ҳам керак, — деди.
Қаранг, одамлар қандай реалист.
Қолдим. Болалар кетишди. Уйда ётиб қолган бемор учун ҳам шарт шу эди: у ёқ-бу ёқни супуриб-сидириб қўйиши керак. Биратўла қутулай деб уйни супурдим. Айвонларниям тозаладим. Ахлатни иморат орқасига ўтказиб тўкиб қайтаётган эдим, бир манзарани кўриб қолдим.
Жўхорипоя четида, ёввойи супурги панасида битта ўн-ўн бир ёшлардаги болакай қўлчаларини тиззасига тираб нари томонга қараяпти. У ёқда бўлса, пахса деворга тақаб тўкилган сомон остида бир сариқ ит ётибди.
Мен ҳам қизиқиб, боланинг ёнига бордим. Шунда ит ғингшиб, сапчиб турди-да, девордан ошиб ўтди. Салдан сўнг муштдек кучукваччани тишлаб, буёққа сакраб ўтди. Ерга қўйиб ялади. Яна ётди.
— Қизиқ-а? — дедим.
Болакай чўчиб тушди. Афт-башараси кир, телпагининг қулоғи пешонасига тушган эди.
— Ҳа, — деди у ташвиш билан. — Бу ер кўча, опкетишади болалар... Мен боласини ҳовлига ўтказиб қўяман, бу уясига олиб ўтади. У ёқ яхши-ку?
Мен хўрсиндим.
— Минг қилсаям ўзининг уйи-да... Сен кимнинг ўғлисан?
Одамзод қизиқ-да, а? Унинг кимга ўғил бўлишини менга нима аҳамияти бор денг?
— Ботир чўпонни, — деди.
— Ҳа-а, ордени борми?
— Йўқ. — У ғамгин тортиб қолди. — Эшимбойнинг ордени бор. Лекин қўйи кам...
Ана, ёш болалар ҳам ўша махинатсияларни биларди.
— Ҳечқиси йўқ, — дедим. — Сени отанг ҳам олади. Ботирбой зўр чўпон! А, уйларинг шу девор орқасидагими?
— Е-э! — деди у устимдан кулгандай. — Ана-ку! Сизга отам итузум берганда, мен деразадан қараб туриб эдим... Яна керакми? Кўзингиз ёшланиб кетяпти!
— Йўқ. Итузум бор, — дедим. — Ака-укаларинг ҳам борми?
— Укам ўлди. Доя кампир чала туғилган, деди. Ўлди. Кўмиб келдик. Кичкина эди.
— Аттанг, — дедим.
Шу ерга келиб жойлашгандан бери ҳалиги аёл билан эрининг яшаш шароити, ётиш-туришини ҳам кўриб турардим: аёл тонг отмасдан уйғонарди: сигир соғади, эрини кузатади, кейин ўрмак тўқийди... Кун кўтарилаверганда, ариқнинг у бетидаги пахтазорга тушади: кечгача бир қопни тикка қилиб қўяди. Кечаси ҳам алламаҳалгача уларнинг кулбасидаги ёлғиз деразадан ариқ бўйига нур тушиб турарди.
Ўрмон ака билан Азимжон ака, тағин уч-тўрт болалар уларнинг чойини ичиб чиққан, бир-икки марта овқатларигаям шерик бўлганди.
Шу нарсаларни ўйлаб: «Иши оғир, бола ташлагандир-да», деб ўйладим.
Биласизми, эй қадрдон, кўзимиз очиқ бўлгани билан ожиз эканмиз-да: сиз ҳам шундай ғариб кулбаларда яшаётган деҳқонни, пахтакорни кўргансиз. Албатта... Лекин буни тан олмас эдик-а? Қандай аблаҳ эканмиз!
Тавба, буни тан олишдан уялар эдик. Бировлардан ҳам яширар эдик.
Шошманг-шошманг, бу ерда гап бор: бу нарса — фақат қўрқувдан деб ўйлайсизми?
Гумоним бор. Бечора ўзбекни биласиз-ку: ўзи емасдан меҳмонга тутади...
Камбағаллигини яширади. Қизиқ-а? Ҳолбуки камбағал одам ўз ҳолатига кўниккан бўлади. Яширмайди. Бизникилар негадир... Худди жуда бой эди-ю, бирдан камбағал бўлиб қолгандай: шунинг учун ўкинч билан буни яширишга интилаётгандай туюлади менга... Балки бошқа — бизнинг ақлимиз етмайдиган сабаблар бордир?
Боланинг исми Абдуқодир экан.
Бирга-бирга айвонга келдик.
— Итга тегма, — дедим. — Сенга ўзингнинг уйинг яхши, унга ўзиники яхши.
— Бу ердан ёмон болалар ўғирлаб кетади. Сотади, — деди Абдуқодир.
— Кимга сотади?
— Сотади-да... Битта гектарчи карис олтита кучукни сотиб олиб кетганди.
— Ўқийсанми?
— Бешинчида... Тушдан кейин мактабга борамиз. Ҳей кейинроқ кўрак чувиймиз.
— Ўқиш нима бўлади?
— Тўхтайди! — деб кулди у. — Келаси йилдан пахтага чиқамиз!.. Мен ҳозир ҳам пахта тераман. Опамга теришаман... Китоб? Ўқийман. «Робинзон Крузо» бор. Битта фелшер ташлаб кетган. Ўтган йили... Укамни кўргани келганди... Мен йиғладим. Кейин шу китобни берди. Яхши китоб!
Азизим, мен ҳам худди шу болакайнинг ёшида ўқиган эдим ўша китобни. Сиз ҳам...
Биографиямиз қанчалар яқин-а?
Ҳикоямни чўзиб юборяпманми? Шошиб қаерга борасиз, қадрдон? Гоҳо мириқиб гаплашиб, ўйлашиб олиш ҳам керак-ку? Ўша дамларни қайтадан яшаб, а?
У хотиралар одамнинг юрагини тозалайди. Шундоқ ҳам фисқу-фужурга, кераксиз кони зиён ўйларга тўлиб кетган бу кўкрак... Сигаретдан чекинг.
Шундай қилиб, Абдуқодир билан жўра бўлиб қолдик.
Тутзор ортидаги баракда қизларимиз ҳам турарди. Улардан ҳам иккитаси касал бўлган экан, доктор келди. Мениям кўриб, аналгин-паналгин деганларидан бериб кетди.
Уч кун қаттиқ ётдим.
Тўртинчи кун эди, шекилли, айвонга чиқаётсам, Ботир чўпон битта тарвузни қўлтиқлаб пастга тушиб кетди. Шу куни тушдан кейин, ҳаво очилиб, кун яна қизиди.
Кечга томон яна уйни супуриб бўлиб, айвонда устун тагида чўнқайиб ўтиргандим. Абдуқодир ярим палла тарвузни кўтариб, пишнаб чиқиб кела бошлади.
Ўзи битта тарвуз олиб тушишган эди...
— Сизга. Енг, — деди. — Отам бердилар. Опам, есин дедилар... Кейин кечқурун уйга кирар экансиз.
— Емайман. Раҳмат. Қорним тўқ, — дедим.
— Йўқ. Ейсиз! — деди у мен билан уришадигандай. — Сиз касал. Бу тарвуз яхпш экан.
— Емайман.
Абдуқодир турди-турди-да, тарвузни шартта ерга қўйиб, чопиб тушиб кетди.
Болалар теримдан қайтгач, ҳақиқатдан ҳам Ботир чўпон чиқиб келиб, бизларни уйига айтди:
— Келинглар, укалар. Бир ошам ош қилган эдик. Сизларга раҳмат. Бу ерда ота-оналаринг йўқ...
— Э, уйингизга сиғмаймиз-ку? — деди Ўрмон ака.
— Кўнгил кенг бўлса, бемалол сиғишамиз, — деди чўпон. — Тушинглар.
— Биз ахир йигирма киши!
— Бўлмасам, йигитлар, ўнтамиз бугун меҳмон бўламиз. Ўнтамиз кейин! — деди Ўрмон ака.
Мени қўймай олиб бордилар.
Тўрт киши зўрға сиғадиган хона эди. Бурчакда ғиштин печ. Оқланган. Лекин чойнинг доғи, ёғ тўкилган. Ерга икки қават палос солинган. Тўрда бир тахмон юк. Энсиз-энсиз кўрпачалар солинган. Тиқилишиб ўрнашдик.
Ботир чўпон илжайиб, қувониб дастурхон ёзди. Қўш-қўш ёпган нон қўйди. Бир тақсимча оқ қандни сочиб ташлади. Кейин икки ҳовуч жийда билан майиз ҳам сочди. Кейин каттакон хум чойнакка кўк чой дамлади.
Икки товоқ палов ҳаш-паш дегунча йўқ бўлди. Кейин босиб-босиб чой ича бошлашди.
Мен... қандай ўтирганимни билмас эдим. Касалликдан тузалмаганим, инжиқлик ҳам сабабдир... Лекин бир бурда нон ейишга истиҳола қилардим.
Бу оила — камбағал оила эди.
— Ҳа, пахталар ҳам оёқлаб қолди... Қани, бу яшаш қалай энди? — деди Ўрмон ака. — Йиғаяпсизлар дейман-а? Ҳа-ҳа-ҳа! Ўзбекнинг одати шу-да: боламга бўлсин, дейди...
— Ҳа, энди бизнинг оталар ҳам қилган-да, — деди Ботир чўпон. — Опангизга уйлантириб қўйишди. Элни олдидан ўтдик. Тўй дегандай, харажати бор-да...
— Лекин бизни алдашяпти, чўпон ака! Кунлик меҳ-натимиз овқатимизни қопламайди. Бир килога ўн тийин тўлайди. Ҳозир ўн кило териш ўлимдан қийин.
— Ҳа, энди чидаймиз-да, оғажон. Ўзимизни пахта, ўзимизни ҳукумат.
— Ҳей, тушунмай қоламан-да, бу ишларни!
Аёл мени кузатиб турган экан.
— Шу укамиз ҳеч нарса татимади-да, — деб қолди. — Ё бизни писанд қилмаяптиларми?
— Э, нимага... — Оловим чиқиб кетди. — Ўзим шу...
— Ҳе, иштаҳаси йўкдир-да, — деди Ўрмонжон ака. — Бўлмаса овқатдан ҳам тортинадими одам!
— Ҳа, иштаҳам йўқроқ... — дедим.
Тезроқ чиқиб кетгим келарди. Ўрмон аканинг гаплари, сўроқлари жонимга теккан эди... Нима? Э, қадрдон, мени наҳот тушунмайди деб ўйлайсиз? Ҳа-ҳа! Ўрмонжон акаям ўзича ҳақ эди... Масаланинг бошқа томони ҳам бор: биз ўзимиз ҳам қорнимиз тўйиб яшамасдик. Биттаси ярим кило қанд обкелган бўлса, бошқа биттаси ўғирларди, бировнинг косасидаги гўштни биров... Айтишга тил бормайди. Тутаб кетасан, киши.
Нима қилишим керак бўлмаса? Хадеб қўл узатавераими? Қўйинг бу гапларни.
Оға! Ўша шароитда сиз ҳам мендан ўзгача тутмасдингиз ўзингизни!
Шу-шу, буларнинг уйига қайта кирмадим. Чўпон гапиради, хотини айтади, ўғли чақиради. «Хўп» дейман. Пайсалга соламан.
Уларнинг кулбасига кун ора кириб чиқадиган, дастурхонини қуритадиган болалар кўзимга ёмон кўриниб қолди. Аста-секин улар билан ҳам ҳамдардликни уза бошладим.
Шунда, сиз тасаввур ҳам қилолмайдиган бир воқеа содир бўлди.
Сурункасига ёмғир қуя бошлади. Икки кун овқатсиз қолдик. Шундоқ ҳам кўп болалар қарздор бўлишган эди.
Аста-секин элчиларимиз қишлоқ кўчаларида изғийдиган одат чиқаришди: кечаси бир маҳалда ўнталаб, ўн бешталаб қовун-тарвуз кўтариб келишади.
Эртаси штабда жанжал: кимдир ҳовлисига ўғри тушганини айтиб шикоят қилиб келган...
Ана, ўғриликкаям ўргана бошладик.
Аммо энг катта ўғирлик... Кечаси довул бўлди. Бир пайт эшик қаттиқ очилиб, шалаббо бўлган Ботир чўпон кўринди.
— Моллар чиқиб қочди! Ёрдам беринглар!
Қўй-эчкиларни нима ҳуркитган — билмай қолдим.
Бошқалар қатори чиқиб, излаб кетдик. Қишлоқ кўчаларда денг, ит кўп. Балки бўри оралагандир? Ёмғир бўлса челаклаб қуяяпти... Э, кўп изладик. Дабдаламиз чиқиб, қўй-эчкиларнинг бир бўлагини пахтазордан, беш-олтитасини кўчадан, айрим хонадонлардан топиб келдик.
Чўпон эшик оғзида фонар ёқиб, кўзлари жавдираб турибди. Нуқул раҳмат дейди. Аёл алқайди. Ўғилчаси хурсанд... Лекин битта қўзи топилмаган эди.
— Уни ўзим топаман. Сизлар дам олинглар энди... Топсам, ўзимнинг икки қўйимдан биттасини сўйиб, қовуриб бераман сизларга, — деди Ботир чўпон.
— Шундай қилинг-э, бир гўштга тўяйлик, ака! — деди Ўрмон ака.
Биз ётоққа қайтдик. Энди... яна бурним битди десам, сизниям ғашингиз келади.
Майли, бундай дейин: шу кеча беш-олтита йигит ҳам қаттиқ шамоллаган экан.
Соат иккимиди-учмиди, нафасим қайтиб, уйғониб кетдим. Эшик қия очиқ, ғувиллаб шамол кираётган экан. Тагидан тортдим, яна очилди. Тоб ташлаганми, нима бало. Ирғиб туриб тутқичдан ушлаганимни биламан, биров эшикни нарёққа тортди. Мен буёққа. Қўрқдим. Кейин ланг очиб юборгандим, Азимжон ака турган экан.
— Э-э! Баққа ке. Устингга бир нарса ил, — деди у киши.
Чопонни елкага ташлаб чиқсам, устун ёнида Ўрмон ака, Мирзағолиб деган полвон йигит ҳам туришибди.
Мирзағолибнинг ҳам ёши мендан улуғ, «Раис» деган лақаби бор, ўзи эҳтиёткор, «қирқоёқ киради» деб, кечаси қулоғига пахта тиқиб ётади.
Азимжон ака эшикни зичлади-да:
— Юр. Гап бор. Бўлган иш бўлди... Сен шўрлик ҳам бир маза қил, — деди.
— Лекин гулдургуп, — деди Ўрмонжон ака.

Ularga ergashib, yoʻlga chiqdim. Oʻrmonjon aka oldinga tushdi. Yomgʻir tingan, ammo sovuq kunlardan darak beradigan shamol esar, u ust kiyimlarimiz oʻngirlarini ochar, bagʻrimizga oʻzini urar edi. Endi itlarning tovushi ham oʻchgan.

Биз йўл ёқасидан орқага — қишлоққа бизни олиб келган «томон»га кетардик.
Анча йўл юриб қўйдик. Димоғим ҳам очилди анча. Бир-икки марта:
— Қаёққа боряпмиз ўзи? — деб сўрадим.
Улар айтишмади. Кейин бўлса... Хурсанд бўлиб кетдим... ҳа, зимзиё тунда қандайдир сирли иш билан қаёққадир илдамлаб кетишнинг ҳам завқи бор-да!
Ҳе, қишлоқ орқада қолиб кетди... Бошда айтганим — қиёқлар боғ-боғ қилиб ерга ўтқазиб қўйилгандай ажриқзорга етиб келдик. Бу томонда бир-иккита ит учради, қочиб кетишди.
Биз Ўрмонжон аканинг орқасидан боряпмиз. Айрим жойлардаги қамишлар ёндирилган экан: намиққан кулнинг ҳиди анқийди. Намчил ер ғиж-ғиж этади.
Алқисса, қамишлар одам бўйи ўсган, жангалга ўхшаш ерга бориб қолдик. Шунда бир қўзичоқнинг ожиз маъраганини эшитдим. Аммо ҳали гап нимадалигини, бу сафардан мурод нелигини билмасдим. Оқибат, қамишларга ораладик ва Ўрмонжон ака қўл фонарини ёқди. Зумдан кейин биз тўртовлон оёқлари куликлаб боғлаб, ётқизиб қўйилган қорагина, жиққа ҳўл бўлган, кўзлари йилтираб зўрға овоз чиқараётган қўзичоқ тепасида турардик.
— Хайрият, — деди Ўрмонжон ака. — Мен дайди итлардан қўрққан эдим... Эргашвой, чорвани биласан, ит ҳам қўзичоқларни ейиши мумкин-а?
— Шундай воқеалар бўлади, — дедим. — Лекин, бу кимнинг қўзиси?
— Бизники... Бизники энди. Мирзағолиб, бошланг энди! Мана, менинг пичоғим ўткир. Лекин суякка урманг.
Жуда жўн эканман дейман-да!
— Вей, шуни сўясизларми? — депман.
— Бор. Ҳей у ердан йўлга қараб тур!
— Йўқ, ахир бу кимники? Балки колхозники, балки... Э? Ботир аканинг йўқолган қўзиси эмасми?
— Оббо, сенга нима деяпман! — дея Ўрмонжон ака елкамдан ушлаб орқага бурди. — Бор-да энди! Колхознинг ёнини оладиганни кўрдик! Колхоз... Падарига лаънат! Бизни очдан ўлдиради! Ботир ҳам бир қўзидан айрилса, очдан ўладиган кимса эмас!
— Ахир, инсофларинг...
Шу гап билан бу йигитлар тарбияланиб қолармиди? Йўқ! Мен ўшанда фақат нафратланар, ночорликдан фиғон чекар эдим.
Тўғри, қишлоқ томонга бир-икки қадам босдим. Лекин чамаси, курсдошлар орасида ёлғизланиб қолиш, минг бир таъналарни эшитишдан ҳам қўркдим, шекилли.
Бундан ташқари, англаб олмаган эсам-да, бу йигитлар тўқликка шўхлик қилмаётганларини ҳам тушуниб турардимки, гарчи бу ҳол уларни оқлашга тирноқча асос бўлмаса ҳам, кўнглимга тасалли, ўз-ўзини алдаш дейсизми — шуларнинг бири эди.
Хуллас, мен ўша қўзининг гўштидан бир бўлак емаган эсам-да, барибир ўғирликка шерик бўлган эдим.
Ўрмонжон акаям, Азимжон акаям бир ҳафталаргача мендан хавфсираб ола қараб юришди.
Мен улар билан гаплашмай қўйгандим, холос.
Нима дедингиз?
Ҳа, ўша ерда сўйишди, Мирзағолиб сўйди. Ҳаш-паш дегунча терисини пшлиб, калла-почасини отворишди. Кейин бир тўп қамишни ёндириб, қўрига жигарини пишириб ейишди.
Емадим дедим-ку. Ўзимни иштаҳаси йўққа урдим-да... Жуда бўлмагандан кейин: «Ҳаммаларингдан жирканаман!» деб четга чиқдим. Кейин кутдим.
Бе-э, чўпонга бориб сиз ҳам айтмасдингиз. Кейин кетдим. Ётоққа кириб ётдим...
Нуқул йиғлагим келади, уккағар. Ботир акага, аёлига ачинардим. Кейин, йигитларимизгаям ачиндим... Ҳа! Улар қачон кириб ётишганини билмайман. Бироқ уч-тўрт кун гўшт қовуриб ейишди. Йўқ... Қизлар ётоғида ейишди. Энди, улар ҳам жаннатда эмас эдилар-да, қадрдон.
Сиз ёзувчилар, инжиқ одамсизлар. Яхши одам деганда, албатта сутдек оқ, мусичадек беозор одамни тушунасизлар. Ҳолбуки, унақалар ҳаётда йўқ: ундайлар, менимча, ғоя... холос. Ҳа-ҳа-ҳа. Сизнинг гапингиз ҳам «Коммунистик жамият одамининг ахлоқ кодекси»га ўхшаб кетади.
Кодекс чиқдими, демак, бас, одамлар унга амал қилади: рисоладагидек бўлади, деб ҳисоблашади баъзилар. Булар — чипуха гаплар.
Кунлар ўтди.
Қор учқунлай бошлади... Бизнинг, ўзингиз билган тоғларда бундай пайтлар изғишларимиз, сайру саёҳатлар — энди эртак эди. Биз совукда торс-торс ёрилган кўсакларнинг пахтасини сувга ивитиб олгандек суғуриб олардик.
Ҳа, икки киши арқон билан ғўзаларнинг бир четдан суриб, қорини туширарди. Кейин диқиллаб эгатга кирардик. «Оқ олтин»ни терардик. Бу қурмағур «оқ олтин» этакка тушгач, тугилиб, муштдек бўлиб қоларди. Жиққа ҳўл-да.
А? Қандай қилиб қуритиб топширишларини билмайман. Лекин бир-икки хонада уюлиб, сасиб ётганини кўрганман.
Кейин кўсак териш бошланди.
Энди, бизнинг қадрдонлар — Ўрмонжон ака, Азимжон ака, Мирзағолиб, тағин уларнинг сафдошлари — бари сал совуқ ўтди дегунча, ё вақтида бак қайнамаса, Ботир чўпоннинг кулбасига кириб тиқилиб олишарди.
Чўпон билан хотини эса... хурсанд!
Биз энди яккамохов бўлиб қолгандик. Йўқ, сира кирмадим. Қандай қилиб кираман!
Бу ёғига қулоқ солинг.
Қайтадиган бўлдик. Ўзингиз биласиз, бундай кунни ҳеч бир ўқитувчи, бригадир айтмайди... Негалигини ҳамон тушунмайман. Балки теримдан совуб қолади, деб ўйлашадими.
Лекин, кулгили жойи шундаки, болалар барибир билишади. Ботир чўпон ҳам билган экан. Эрта жўнайдиган кунимиз ўзлари хотинлари билан келиб қолдилар. Ётоққа... Мен қандайдир хавотирга тушган бўлсам керак, ҳар ҳолда.
— Ассалом алайкум, келинглар, меҳмонлар! — деб юборди Ўрмон ака.
Азимжон акаям болаларга тўшакча солишни буюрди. Ботир чўпон қуллуқ қилиб, худди кириб ўтирмаса— биз у дунё-бу дунё юз кўрмас бўладигандек, таъзимлар билан яна уйига айтди:
— Шу, лабз экан, укалар... Тилга олиб қўйиб эдик. Битта қон чиқарамиз деб... Шунга қадам ранжида қилсангизлар. Мана, опаларинг ҳам илтимос қиляпти, — деди.
Мен тамом бўлдим.
— Э, қандоқ бўларкан... — деди Ўрмонжон ака. — Қўзингиз топилса, бошқа гап эди...
— Ҳа, ўша кеча биз ҳам яхши изламаган кўринамиз, — деди Азимжон ака ҳам. — Андак хижолатдамиз.
— Э, оғаларим-эй, — деб кулди чўпон. — Биз хижолатда эдик. Ишонасизларми, биз?.. Энди, гапни кўп чувалтирмайлик, укалар. Қўзи топилди ҳисоб. А, хотин? Ҳе, Шодитўқайдан топдик. Ул-булни... Ўзимиз тусмоллаган эдик дайди итларга ем бўлган-ов, деб... Энди бизни хурсанд қиламиз десанглар, кетар жафосига бир меҳмонимиз бўласизлар...
Кейин, ўзлари ҳам энди теримга чиқмасликларини, фақат ғўзапоя юлишлари ва уйда ўтириб, кўсак чувишларини айтди.
— Қишлоғимизда иккита грек бор, — деди хотини кейин. — Бир челак ҳалигидай сувдан ҳам олдик.
Ҳайронмисиз, қадрдон? Мен ҳам ҳайронман! Албатта.
Шу кечаси бир маҳалгача кулбада ўйин-кулги қилиб ўтиришдилар. Ташқарида ҳам давом этди. Мен ўзимни ухлаганга солиб ётар эдим. Йигитлар келиб, чироқни ёқишгач, мен тўғримда тўнғиллай-тўнғиллай, ўтиришди.
Кўпчилигининг кайфи бор эди. Кайфдаги одамнинг гапига ишониш қийин-у, лекин... ҳа-ҳа, ўша, худди ўйлаган гапингиз бўлди: пушаймонлик... Э, бири қўйиб, бири олади, бири қўйиб, бири...
Чамаси, ҳаммасининг оғзи теккан экан ўша гўштга.
Азимжон аканинг бир нидоси ёдимда қолди:
— Биз аблаҳмиз! — деди инграб. — Кўра-била туриб аблаҳлик қиламиз. Биз қанақасига ўзбекмиз-а? Ана уларни ўзбек деса бўлади. Нима дединг, Ўрмонжон?
— Биз анча бузилганмиз, — деб пўнғиллади Ўрмон ака. — Лекин ҳаётнинг ўзиям мажбур қилади-да, кишини.
— Уларни мажбур қилмаяпти-ку?
— Нимага?
— Шу, энди... Балки пул йиғиб берармиз-а?
— Бўлса!
Кейин яна мен ҳақимда гапиришди. Биттаси, овозидан билолмадим, тик турганча:
— Шу Эргашвойнинг ичига тепсанг-да — деди. — Кўзимга итдан баттар кўриняпти... Энди, бир умр кулиб юради биздан, ярамас. Ёввойи...
— Парво қилма, — деди Ўрмонжон ака. — Бунақалар ҳаётда бўлади...
Мен бу ҳикояни ўзимни мақташ учун айтмаяпман. У ёғини сўрасангиз, ҳозир улардан ҳам бешбаттар бўлганман: ҳаққимни едирмайман. Ҳар қанақа авторитетни одам демайман... Шу-шу. Ҳозир ҳаммамизнинг кўзимиз очилиб қолган...
Ҳа, эртаси... лайлак қор ёғиб турарди. Худди тоғларда ёғадигандек!
Кўчада автобуслар тизилиб кетган. Йигитларнинг боши осмонда. Ниҳоят, университет аудиторияларига қайтишади!
Айвонда тургандим. Халтам ёнимда. Шу Ботир чўпон билан хотинига бир яхши гап, миннатдорчилик билдиргим келарди. Мен уларни жуда яхши кўриб қолгандим-да!
Ҳа, келиб қолишди.
— Хуш кўрдик! Сизларга минг-минг раҳмат, Ўрмонжон! — деди Ботир чўпон. — Азимжон, сизгаям...
Ҳаммаларингизга. Қаранглар, бир майизни қирқ бўлиб егандай яшадинглар... Сизларнинг қадрингизга етолмадик биз.
У киши ҳамма билан қўл бериб хайрлашди-да, менга қолганда, бурилиб кетди. Шунда аёли ҳам хўшлаша бошлади. Қадоқ қўлларининг учини бериб хўшлаша-хўшлаша менга етганда, уям бурилиб кетди.
Мен титраб-қақшаб уларнинг олдига бордим.
— Ботир ака, опа... мен сизларни жуда яхши кўраман, — дедим. — Хафа бўлмангизлар.
— Йўқ, сиз бизни яхши кўрмайсиз, — деди хотини. — Бошдан ёмон кўриб эдингиз.
— Рост, ука. Писанд қилмадингиз бизни, — деди шунда чўпон ҳам. — Анави йигитлар бошқача...
— Ахир мен сизларни жуда-жуда ҳурмат қиламан.
— Бекор гап, — деди аёл.
— Ҳа, — деди эри.
Абдуқодир менга ётсираб қараб турарди.
— Шунақа.
Хўш, бу ерда нимани кўрдинг, нима хулосага келдинг, деб сўрарсиз?
Мен бу ерда... оддий-жайдари, содда ўзбекнинг кенглиги, тўпорилигини кўрдим.
Ишонасизми, автобусга ўтирганимдан кейин совуқ ойнадан лайлакқорга қараб йиғлар эдим: ана шу ўзбекларнинг бағри кенглиги учун, не-не қийинчиликларга, фақирликка қарамай, феъли тор бўлмаган, ажиб-афсонавий меҳмондўстлиги инстинкт каби мавжуд қолгани учун... ичимда, ич-ичимдан қувониб йиғлардим.
Узр, суҳбатимиз «ўзбек характери» ҳақида эди. Сизлар айтган зўр-зўр ҳикоялардаям ҳақиқат бор. Аммо менинг бу жўнгина, оддийгина ҳикоям — кўнглимдан ўтган нарса эди, азизим. Шунинг учун бунинг менга таъсири мутлақо бўлакча.

1988
Mualifning boshqa asaralari
1 Ahad Mirzo yigʻladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 679
2 Arosat (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 974
3 Arpali qishlogʻida (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 791
4 Аросат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 554
5 Арпали қишлоғида (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 564
6 Аҳад Мирзо йиғлади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 534
7 Bahor (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 912
8 Bahor oʻtdi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 717
9 Baxtli boʻlinglar (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 688
10 Bir guzar odamlari (novella) [Shukur Xolmirzayev] 642
11 Bir koʻrgan tanish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 719
12 Bitikli tosh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 618
13 Biz kech qolib yuramiz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 575
14 Bodom qishda gulladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 3700
15 Boychechak ochildi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 753
16 Bulut toʻsgan oy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2033
17 Бахтли бўлинглар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 547
18 Баҳор (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 564
19 Баҳор ўтди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
20 Биз кеч қолиб юрамиз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 518
21 Бир гузар одамлари (новелла) [Shukur Xolmirzayev] 546
22 Бир кўрган таниш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
23 Битикли тош (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 461
24 Бодом қишда гуллади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 544
25 Бойчечак очилди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 610
26 Булут тўсган ой (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 592
27 «Esse – erkin ijod» [Shukur Xolmirzayev] 2741
28 «Эссе – эркин ижод» [Shukur Xolmirzayev] 775
29 Farzand (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 845
30 Фарзанд (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 516
31 Haykal (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 661
32 Hayot abadiy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 925
33 Hukumat (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 552
34 Ҳайкал (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 505
35 Ҳаёт абадий (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 550
36 Ҳукумат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 499
37 Ikki koʻrgan bilish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 650
38 Икки кўрган билиш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 503
39 Jarga uchgan odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 830
40 Joʻraboshi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 642
41 «Jahonbop asar yoza olaman, lekin» [Shukur Xolmirzayev] 853
42 «Жаҳонбоп асар ёза оламан, лекин» [Shukur Xolmirzayev] 573
43 Жарга учган одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 548
44 Жизнь вечна (рассказ) [Shukur Xolmirzayev] 831
45 Жўрабоши (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 534
46 Kechagi kun kecha (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 941
47 Keksa gʻijjakchi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 758
48 Kimsasiz hovli (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1056
49 Koʻk dengiz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 942
50 Koʻkboy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 706
51 Koʻngil (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 649
52 Kulgan bilan kuldirgan (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 553
53 Кекса ғижжакчи (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 488
54 Кечаги кун кеча (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 790
55 Кимсасиз ҳовли (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 466
56 Кулган билан кулдирган (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 485
57 Кўк денгиз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 476
58 Кўкбой (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 490
59 Кўнгил (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 575
60 Nasib etsa (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 565
61 Nimadir yoʻq boʻldi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 814
62 Notanish odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1584
63 Насиб этса (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 508
64 Нимадир йўқ бўлди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 499
65 Нотаниш одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 544
66 Odam (falsafiy hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 708
67 Olam tortilish qonuni (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 573
68 Olis yulduzlar ostida (voqeiy hi... [Shukur Xolmirzayev] 2280
69 Olma yemadim (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 862
70 Omon ovchining oʻimi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 3341
71 Oqtosh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 766
72 Ora yoʻl (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 625
73 Ot egasi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 9743
74 Ota yurt (boʻlgan voqea) [Shukur Xolmirzayev] 655
75 Oy yorugʻida (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 560
76 Ozodlik (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1577
77 Одам (фалсафий ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 506
78 Озодлик (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 533
79 Ой ёруғида (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 480
80 Олам тортилиш қонуни (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 464
81 Олис юлдузлар остида (воқеий ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 569
82 Олма емадим (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 633
83 Омон овчининг ўими (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 503
84 Ора йўл (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 515
85 От эгаси (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 646
86 Ота юрт (бўлган воқеа) [Shukur Xolmirzayev] 481
87 Оқтош (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 502
88 Qadimda boʻlgan ekan... (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 810
89 Qariya (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2162
90 Qaytish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 594
91 Qish hangomasi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 593
92 Qorbobo keladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 925
93 Qumrilar (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 600
94 Qush tili (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 928
95 Quyosh-ku falakda kezib yuribdi ... [Shukur Xolmirzayev] 750
96 Қадимда бўлган экан... (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 469
97 Қайтиш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 600
98 Қария (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 529
99 Қиш ҳангомаси (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 521
100 Қорбобо келади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 578
101 Қумрилар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 507
102 Қуш тили (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 555
103 Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 589
104 Sayr (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 554
105 Sirli militsioner (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 569
106 Sogʻinch (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 711
107 Сайр (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 535
108 Сирли милитсионер (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 535
109 Соғинч (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 546
110 Tabassum (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1553
111 Tikan orasidagi odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 736
112 «Tolstoyning niyati meni maftun ... [Shukur Xolmirzayev] 728
113 «Толстойнинг нияти мени мафтун э... [Shukur Xolmirzayev] 517
114 Табассум (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 514
115 Тикан орасидаги одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
116 Uchinchi hamroh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 664
117 Uh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 515
118 Ukki sayrayapti (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 683
119 Ustoz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2545
120 Укки сайраяпти (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 486
121 Устоз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 548
122 Учинчи ҳамроҳ (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 471
123 Уҳ (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 524
124 Xorazm, jonginam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 767
125 Xorun ar-Rashid (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 698
126 Xumor (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 960
127 Хоразм, жонгинам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 517
128 Хорун ар-Рашид (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 488
129 Хумор (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 572
130 Yigʻi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 669
131 Йиғи (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 517
132 Yangi zot (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 565
133 Yashil «Niva» (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 860
134 Янги зот (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 480
135 Яшил «Нива» (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 569
136 Yosuman (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 765
137 Yovvoyi gul (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 601
138 Yozuvchi (Xotira hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 912
139 Ёввойи гул (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 558
140 Ёзувчи (Хотира ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 691
141 Ёсуман (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 513
142 Zov ostida adashuv (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1026
143 Зов остида адашув (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 506
144 Oʻzbek xarakteri (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2520
145 «Oʻzbekning soddasi» (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1045
146 «Ўзбекнинг соддаси» (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 554
147 Shudring tushgan bedazor (ikki i... [Shukur Xolmirzayev] 677
148 «Sholoxovning ashaddiy muxlisi edim» [Shukur Xolmirzayev] 916
149 «Шолоховнинг ашаддий мухлиси эдим» [Shukur Xolmirzayev] 608
150 Шудринг тушган бедазор (икки инж... [Shukur Xolmirzayev] 558
151 Chillak oʻyin (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 792
152 Choʻloq turna (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1303
153 Чиллак ўйин (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 593
154 Чўлоқ турна (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 638
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика