Чўлоқ турна (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] |
Чўлоқ турна тухумдан кеч чикди. Чиққанидан кейин ҳам ўнг оёғини ололмай анча ётди, типирчилади, тукдан иборат қанотчаларини қоқди. Ўзини пайдо қилган тухум пўчоғига тиззасидан пасти ёпишиб қолган эди. Ниҳоят, ундан халос бўлди-ю, ўнг томонга майишиб, атрофига майда шағал тошлар териб қўйилган, қумга қаттиқроқ босилган туя изидек уясида бир-икки айланди. Сўнг маъюс, ожиз овоз чиқариб, бошини зўрға кўтариб, анчагача қалтираб турди. У нафас олар — янги олам ҳавосидан нафас олар, баданига янги оламнинг — илиқ баҳор қуёшининг нурлари сингар, шунинг учун қалтирар, ҳали бу ҳаётга кўникмаган эди. Бир пайт ён томондаги қалин шувоқлар ортидан қаттиқ ва даҳшатли «қақ-қақ» этган товуш эшитилди. Турнача қаттиқ қимирлаб, яна шикастланган оёғи ёққа йиқилди. Яна анча типирчилаб ётди. Энди, бу типирчилашида ўзини ўнглаб олишдан кўра қандайдир сирли хавфдан яширинишга интилиш бор, чунки жажжи турнача онасининг овозидан буни ҳис этган эди. Ҳақиқатан ҳам Она-турна қалин шувоқлар ортида учта жўжасини эргаштириб, ерда сочилган ўт-ўланлар уруғини териб еб юрар экан, олисда маккор тулкини кўриб, шундай шовқинли овоз чиқарган эди. Тулки чўлоқ турначанинг исини олиб яқинлашган, Она-турна бунинг учун эмас, йўқ, — у энди тухумдаги наслидан воз кечган, — ёнидаги жўжалари ва ўзини ўйлаб шовқин кўтарганди. Тулки думини хода қилиб қочиб қолди. Она-турна болаларини эргаштириб, тағин уяси ёнидан, ғоят усталик билан «ясаган» уяси ёнидан ўтаркан, уёққа беихтиёр қараб, Чўлоқ турначани кўрди. Бўйнини ғоз чўзиб, кўксидаги эчки соқолдек осилган қора патларини сел-киллатиб, унинг қошига келди. Тумшуғи билан туртган бўлди. Ихчам, ингичка оёкдарини илдам кўтариб, устидан ўтди. Сўнг бўйнини гажак қилиб, боласига бирпас тепадан қараб турди-да, тағин унинг устидан ҳатлаб, нарида аланг-жаланг бўлиб, ҳар тарафга талпинаёттан соғ жўжалари ёнига кетди. Чўлоқ турна дафъатан устида пайдо бўлган соядан нажот кутиб унга интилганча қолаверди. Бу ҳолни кузатган инсон ҳайрон қолади: Она-турнани шафқатсизлик қилди, деб ўйлайди. Аслида бундай эмас: илло, бу тур қушларнинг ҳам ўзига яраша меҳр-шафқати бўлади. Бўлади-ю, лекин ўзга қонун бу ҳисдан ҳам устун туради. Бу — яшамоқ қонуни, зурриёт қолдириш ва унинг соғлом камол топиб, ўзининг ушбу ишини истиқболда такрорлашига бўлган табиий ва туғма эҳтиёж қонунидир. Шунинг учун улар зурриётни бузадиган ва истиқболда яшаши оғир бўлган фарзандларидан осонгина воз кечишади. Чўлоқ турнанинг майда шағал тошчалар устидан ўтиши ҳам машаққатли бўлди. Шундан кейин ҳам анчагача ёнига ағанаб ётди. Ниҳоят, ўзини ўнглаб, не бир ҳис-сезги билан қуруқ ерга тумшуғини урди. У овқатга муҳтож — янги оламда хўрак топиш шу тарзда содир бўлишини туйғу билан туйган эди. Она-турна болаларини ҳамон эргаштириб, баъзан ғут-ғут овоз чиқариб дон ейишга ундар, улар донлашар экан, у бениҳоя узун бўйнини чўзиб, атроф-теваракка қараб турарди. Ниҳоят, олисларга чигиртка ва камёб ўт баргларини излаб кетган Ота-турна ҳам учиб келди. Кенг қанотларини ёнига тап-тап уриб, узун оёқларини чўзиб ерга қўнди. У қўниши билан Она-турна парвоз қилди. Ота-турна эса болалари ўртасига кириб, ғут-ғут дея ерга қусди. Турначалар ота жиғилдонида ҳазм бўлмаган, ҳўл, ютумли хўракни чўқиб-чўқиб емоққа тутиндилар. Ниҳоят, у жўжаларни эргаштириб, атрофига тошчалар терилган уясига келди ва Чўлоқ турначани кўриб, бўйнини чўзди. Кейин, уни оёғида туртиб кўрган бўлди. Кейин, парво қилмай, уяга ўтди-да, қанотларини ёйиб, аста пасая бошлади. Турначалар чийчийлашиб, отанинг иссиқ патлари остига кириб олишди. Чўлоқ турна отаси шарпасидан ҳам ўзига яқинлик, бошпана ҳиссини туйган, ака ва опалари овозидан ҳам асти ҳайиқмаган эди. У ҳам не бир иссиқ талпиниш ила уяга интилди. Бир амаллаб тошчалардан ўтди. Ва думалаб-туриб, иссиқ қанот тагига суқилди. Эҳтимол, Чўлоқ турна уяга киролмаганда, Ота-турна унга парвосиз қолаверар эди. Бироқ, энди унинг ҳаракатда эканини сезиб, қаноти остига киришга қаршилик қилмади. Отанинг бағри — ташқаридаги илиқ офтобдан ҳам ёқимли эди. Энг муҳими — Чўлоқ турначанинг қалтираши босилган, унинг вужудига бир бехавотирлик ва ишонч кирган эди. Она-турна келганда, Ота-турна тағин болаларини қаноти остидан чиқарди. Чўлоқ турнача онаси жиғилдонидан тушган хўракни кўриб, унга интилди. Ака-опалари қатори еб олди. Кейин, албатта, қорни тўймай, узоқ чийчийлади. Кейин онасининг ҳам бағрига кирди. Она-турна ҳам боя эътибор этмаган жўжасини энди эътибор билан юмшоқ патлари ила бекитиб олди. Кун ботиши олдидан Она-турна яна оёққа турди. Яна болаларини янтоқзор ортига бошлади. Энди Чўлоқ турнача ҳам улардан ортда қолмай эргашди. Энди Она-турна икки марта тўхтаб, унинг етиб келишини кутди. Ниҳоят, Чўлоқ турнача ҳам онаси ғутғутлаб чақирган ердан дон териб еди. Сўнг Она-турна каттакон ёвшаннинг кунгай томо-нига ёнбошлаб, юмшоқ, илиққина қум-тупроқни қанотлари ва оёқлари ила тита бошлади, кейин унга бағрини бериб ётди. Чўлоқ турнача ҳам ака ва опаларига ўхшаб қум-тупроққа ётди. Тупроқ илиқ, ёқимли — бунда қуёш тафти-ю она-ота бағридаги ҳароратдан ҳам зиёдроқ бир нима бор эди. Ота-турна теваракда мағрур кезиб, атроф-олисларга кўз ташлаб юрар, гоҳо ўз-ўзича «қақ-қақ» этиб янгроқ товуш чиқариб қўяр эди. У ҳар товуш чиқарганда Она-турна бошини бир кўтариб қарар, сўнг яна хотиржам бўларди. Турналар бир хил товуш чиқаргани билан маъноси кўп бўлади, зеро уларнинг инсон қулоғига бир хил бўлиб эшитиладиган овозларида турфа оҳанглар бор. Ёвшан ва янтоқлар тўп-тўп бўлиб ўсган, улардан холи майдонлар тап-тақир бўлган бу кенг маконда кўп марта қуёш чиқиб, кўп марта ботди. Ҳаво тобора исиб, ўт-ўланлар сарғайди. Ерлар торс-торс ёрилди. Бу турналар бола очиб, куз шамоллари эса бошлагунча туришадиган макон эди. Зеро бунда Чўлоқ турначанинг ота-онаси ва ака-опаларидан ҳам ўзга турналар оиласи кўп ва уларнинг ҳар бирига тегишли, ўзларига хос туғма қонунларига кўра чегараланган ерлари бор эди. Бу маконда албатта уларнинг ғанимлари, кушанда ва дўстлари ҳам бор эди. Масалан, энг ашаддий душманлари тулки ила шақол. Лекин бу ажойиб қушлар яшаш учун шундай кураш тарзига бўйсунар эдиларки, улар ғанимларига қарши ўз қуроллари билан курашишни ҳам билишар эди. Биргина «қақ-қақ» этган товуш манман деган тулкининг эсхонасини чиқариб юборади. Шақол ҳам тоқат қилолмайди бу товушга ва бу йиртқичларнинг ҳар иккиси ҳам бу овозларнинг эгаси ғоятда нозик, мутлақо беозор қушлар эканини сира ақлга «сиғдиролмайди», чунки бу йиртқичларни қадим-қадимдан худди мана шундай товушлар даҳшатга солиб келган, бу товушлар чиққан жойдан қочиш — улар учун яшаш учун кураш эди. Табиат нақадар доно! Турналарнинг уялари нима учун бу қадар содда-ибтидоий: қумга қаттиқ босилган туя изининг ўзи. Тағин очиқ ерга қўйишади. Атрофи нега кичик тошлар билан қуршалади? Бу уяларда яна бир ғаройиботни кўриш мумкин: қайси турна тухум қўйса, тухумлари билан ёнма-ён икки-учта от тезагини ҳам келтириб қўяди. Улар нега керак? Турна ўт-ўлан орасига ин қўйса — даҳшат! Чунки аксар йиртқичлар ўзларига емишни ўша ўт-ўланлар орасидан излашади. Холис, текис ердан-чи? Йўқ. Лекин бирда-ярим йўлакай турна уяси устидан ўтиб қолиши мумкин. Шунда улар Она-турналар қўйган тухумларни кўрадими? Кўради. Лекин нега чақиб еб кетишмайди? Чунки тухумларнинг ранги от тезагидан фарқ қилмайди. От тезагида нима бор уларга! Уя атрофидаги тошчалар нега керак? Чўл шамоллари тухумларни думалатиб кетмаслиги учун керак. Яшаш шароитининг ўзи жонли-жониворларни ҳам қандай яшамоқни ўрганиб яратган. Куз шамоллари... Турналар безовта бўлиб йиғила бошлади. Олис-олислардаги турналар оилалари ҳам сайҳонлик устида парвоз қила-қила пастда кўринган бу тўпларга келиб қўшилар эди. Сўнг қанотларини тап-тап уриб югуришган, бир-бирини қувлашган, оёқларини кўтариб, қанотларини силкитишган. Ёш турначалар ҳам уларга тақлид қилишади. Лекин улар кўпроқ учишади, илло уларни кўпроқ учишга ота-оналари мажбур этишади: ерда узоқ қолишса, аямай чўқишади. Гоҳо бу саҳро турналарнинг «қақ-қақ» овозларидан ларзага келади. Овозлар узоқ-узоқларга кетади ва кунора йироқлардан янги-янги турналар оиласи келиб қўшилади. Гоҳо бу олатасир тўп уфқлар ортига — олис Жанубга, уларгина сезиши мумкин бўлган илиқ тафт келаётган ёкдарга қараб туришади. Шунда шимолдан эсадиган шамол уларнинг ёллари, соқоллари ва қанотларини ҳурпайтиради. Бир сафар турналар галаси тақир майдонда узоқ йўрғалаб қақиллашди. Сўнгра шундай тапир-тупур қанот қоқиб ҳавога кўтарилишдики, тақир ер чангиб, ёвшану шувоқлар боши шамол эсгандек эгилди. Тала-тўпда ерга талай патлар учиб тушди. Сўнг қушлар ҳавода «гиламча» бўлиб айлана-айлана кўтарила бош-лади. Осмони фалакка чиққанда ҳам айланишар, бу азиз саҳро устида парвона бўлгандек айланишар, энди уларнинг овозлари тамом ўзгача: қандайдир мунгли ва порлоқ, энди овозлар бир-бирига жўр бўлиб чиқар эди: қур-эй, қур-эй. Овозлар элас-элас эшитила, турналар нуқталар мисол кўрина бошлади. Кейин бирпас пароканда бўлишди-да, узун саф тортишди ва аста Жанубга қайрилишди. Чўзилган ипга тизилгандек бўлиб, саҳро осмонидан узокдашиб кетишди. Турналар!... Уларнинг яралишлари, яшаш тарзларидан келиб чиққан алоҳида учишлар бор: ерга қўниш ёки ердан кўтарилиш пайтида «гиламча» бўлишади, олисларга парвозда «арғамчи»га айланишади. Зеро олис парвоз пайтларида ипга тизилгандек учишмаса, минг-минг чақирим йироқдаги манзилларига эмас, унинг юздан бирига ҳам етишлари гумон, улар йўлларда қолиб ёхуд номақбул жойларга қўниб, ҳалок бўлишар эди. Ҳолбуки ундай бўлмайди ҳеч: табиатнинг ўзи уларни шундай узоқ масофаларга учишга қодир қилиб, қанотларини катта ва қамровли, аъзоларини ғоят кичкина ва енгил қилиб яратгани устига учиш тарзларини ҳам шунга хос ҳолда ижод этган. Турналарда ҳам, албатта, йўлбошчи бўлади. Бироқ у ҳам олис сафарда ҳаммавақт сафнинг олдида бора олмайди. Чунки рўпарадан эсувчи шамол, довуллар, ҳатто ҳавонинг муаллақ ҳолати қаршилиги ҳам унинг кучини кесиб қўяди. Шунинг учун йўлбошчи турна ҳам йўлакай «дам олади», яъни ортидаги турнага ўрнини бўшатиб, энг орқага ўтиб туради. Бу тур учишда ҳикмат бор: рўпарадан эсган шамолу ҳаво оқими сафда энг кўп олдинги турнага таъсир этади. Орқадагилар... бу қаршиликни жуда оз сезиб, гўё ҳаво қаршилиги «йўқ» бўлган бир бўш қувурда кетаётгандек бўлишади. Турналарнинг олисларга уча олишлари сири шунда. Сўнгра уларнинг узун, ингичка тумшуқлари ҳам ҳаво оқимини кесиш ва унинг таъсирини камайтиришга қўл келади. Ингичка оёкдари думлари томонга чўзилиб, гўё бир жуфт дум патига айланиб қолади. Пастга тушаётганда бу хил учмоққа ҳожат қолмайди. У анча очкўз, аммо бари бир заиф бўлиб ўсди. Ака-опалари парвоз машқини олаётганда, у ҳам албатта сафга қўшилар, лекин, бирламчи, тез чарчар, сўнгра ерга қўниш ҳам унинг учун хийла азоб эди: қийшайиб қолган оёқ ерга тўғри тушмай, Чўлоқ гоҳо йиқилиб кетар, парвоз олдидан ҳам тез югуриб олишда шу оёқ халал берардики, шунинг учун у кўпинча ерда бўлишни афзал кўрарди. Шунинг учун ўзга турналардан заифу уларга қараганда хийла этли бўлиб ўсди. Бироқ «қабиласи» удуми, яшаш шароити талаби билан улар хулқида пайдо бўладиган ўзгаришларни бехато ўзлаштирди. Унда барча турналардек бўлгувчи туғма ҳислар камол топди: у ҳам тулки учрайдими, шақол учрайдими, даҳшатли «қақ-қақ» товуш билан ура қочирадиган бўлди; олис кўлларга бориб сув ичиб келиш ва фойдали ўтларни ота-онаси ёрдамида топишни ўрганди, баъзан ўзи ҳам ички — табиий ҳисси билан топиб еди. Баъзан сафдан ортда қолган пайтларида — қоронғи тушган, юлдузли кечаларда ҳам ўз қароргоҳларини адашмай топиб келарди. Бу хусусда у ўткир эди, энг яқин йўлларни кашф этар эди. Мана, у ҳам Жануб сари, худди оҳанрабодек ўзига тортаётган сирли манзил сари «қабиласи» сафида учиб бормоқда. Олдиндаги турналарнинг ён-веридан эсаётган шамол унга ҳам оз-моз таъсир этади, қанотларини ялаб ўтади. Пастлик!.. У ҳеч қачон бунчалар» баландда парвоз этмаган эди. Лекин бу учишнинг гашти бўлак экан... Бунинг устига, олисда сирли макон бор. Ўшанга етишлари керак. У маконнинг жуда ҳам азизлигини ҳозкроқ сезмоқда! Шу алфозда борар экан, ўнгу сўлидан оппоқ булутларнинг сузиб ўтаётганини кўрди. Булутлар унга таниш эди. Баҳор чоғларидан таниш... Бироқ ўшанда улар юксакликдан патларни юмшатиб ҳўл қиладиган ёмғир ёғдириб ўтишган эди. Чўлоқ турна ака-опалари билан қўнишиб, уларни пастдан кузатишган, сўнг офтоб чарақлаб чиққанда, патларини узоқ титиб-тўзғитган эди. Улар гоҳо сувдоққа бориб чўмилгандан кейин ҳам илиқ қумлоқда туриб, патларини шу хилда қуритишар эди. Энди эса Чўлоқ турна ўз сафдошлари билан ўша булутлар ичидан сузиб ўтмоқда. Лекин у бундан ваҳимага тушаётгани йўқ, аксинча — бу ғаройиб маконда эркин-эркин қулоч отмоқда. Бир пайт яйдоқ, булутсиз, нилий бўшлиққа чиқиб олишди. Турналар кифтига илиқ офтоб нурлари тегди. Аммо олға учганлари сари Чўлоқ турна ҳавонинг кескин совиб бораётганини пайқади. Пастда... пастликда оппоқ тоғлар кўринар, улар ҳам Чўлоққа таниш эди: бир вақтлар уларни ёнлаб учган, лекин ўшанда ҳеч ҳам бунчалик совуқни сезмаганди. Ҳаво совигандан-совиди. Турналар эса тобора тезроқ учишар, чамаси мана шу тез ҳаракат уларни совқотишдан сақламоқда, баъзиларининг қанотларига қиров ҳам қўнган эди. Ҳаво тағин аста-секин илиди. Тоғлар орқада қолди. Шу тарзда боришар экан, Чўлоқ турна сафнинг анча олдига ўтиб қолган эди. Энди шамолнинг таъсири кучая бошлади. Чунки йўлбошчи турнагина эмас, унинг кетидаги бир неча турналар ҳам «йўлбошчилик» вазифаларини адо этиб, ҳордиқ учун сафнинг қуйруғига ўтишган, шунга кўра Чўлоқ турна карвоннинг ўртасидан ошиб қолган эди. Чўлоқ пастликда қандайдир таниш йирик қушларни кўрди. Улар ўз саҳроларида ҳам баъзан учраб қолар, бироқ маконларига яқин йўламас эди. Йўламас эди-ю, Чўлоқнинг ўзи ҳам бу қушлардан эҳтиёт бўлишни туяр эди. Улар — бургутлар эди. Карвон тағин юксала бошлади. Чўлоқ турна бир неча марта қуйига қаради. Не бир туйғу ила сафдан ажралгиси ҳам келди-ю, худди сафга кўзга кўринмас занжир билан боғлангандек, учишда давом этди. У учиши керак эди. У учиши керак! Фақат олға учиши! Сирли, оҳанрабо манзил томон учиши керак! Нима бўлмасин, қандай тўсиқлар учрамасин, бари бир учиши шарт! Учиши... Этакда дарахтзор қишлоқлар кўзга ташлана бош-лади ва бир маҳал Чўлоқ турна шундоқ биқинларида гала-гала қалдирғочларнинг ҳам парвоз этиб бораётганларини кўриб қолди. Кейин эса бир неча қалдирғоч лип-лип эта олға ўтди-да, ғойиб бўлди. Чўлоқ турна тағин ҳам сафнинг олдига чиқиб қолди. Қалдирғочлар ҳам яшаш қонунлари, авлодлари удуми ҳукмида айни шу паллада жануб сари йўлга чиқишган эди. Турналар карвони олдига ўтиб олган уч-тўртта қалдирғоч эса дам олмоқчи, яъни карвонбошилар кифтига қўнишган, шу сабаб улар тезроқ чарчаб орқага ўтишган эди. Қишлоқлар ҳам ортда қолиб кетди. Чўлоқ турна энди сафнинг бошида учмоқда. Олдиндан шовуллаб эсаётган шамол дафъатан таъсир этиб, унинг бор қувватини сўриб олмоқда эди. Чўлоқнинг кўзлари тиниб кета бошлади. Лекин учмоқда. Қаерга... Ўша сирли маконга! Чўлоқ турна у азиз маконни умрида кўрмаган эса-да, уни билади: у олдинда! Карвон бир маромда кетаётган эди. Чўлоқнинг парвози сусайгани сари орқадаги турналар бир-бирига жуда яқин келиб қола бошлади. Ўртадан йўлбошчи турнанинг «қувқ» этган товуши Чўлоққа етиб, у ихтиёрсиз бир тарзда ўрнини кетидаги турнага бўшатди-да, четланиб, сафнинг орқасига ўтди. Саф яна олға интилди. Чўлоқ думда туриб учар эди энди... Улар шу алфозда учиб, тунни ҳам ўтказишди. Чўлоқ турна карахт бўлиб қолган, у бир неча марта карвоннинг бошига чиқиб, шу заҳотиёқ орқага ўтиб олган, бу орада йўлбошчи турна бир неча марта «қувқ-қувқ» деб овоз чиқарган, энди бу хил овоз ўзга турналардан ҳам эшитила бошлаган эди. Чўлоқ орқада... орқада қола бошлади. У бор куч-қуввати ила қанот қоқади. Лекин тобора орқада қолади. Карвон олға кетмоқда! Турналар карвонининг қонуни қатъий: улар ортга бурилишмайди: улар ортда қолаётган сафдошларига ёрдам кўрсатишолмайди ҳам — бу ҳол уларга шунчалар аниқки, ҳаёт тарзларига ай-ланиб кетган. Сафга яроқсиз турна ҳам тақдирга тан бермоғи керак. Лекин ўжар, қайсар Чўлоқ буни ҳис этса-да, ўзини даҳшат қўйнига — ёлғизлик қўйнига ташлагиси келмайди: бутун бори-борлиғи бунга қаршилик қилади. Аммо куч-қувват бунга имкон бермайди: Чўлоқ турна бу ҳолидан ҳайратланган каби тағин қанот қоқади. Карвон олислаб кетди. Чўлоқ ёлғиз қолди. Энди унинг олдида ҳаво қаршилигини кесгувчи куч йўқ, ҳозирги мўътадил ҳаво оқими ҳам унга кучли довулдек таъсир этар эди. Чўлоқнинг тезлиги баттар кесилиб, пастлай бошлади. У нолали овоз чиқарар, карвон эса узоқлашгани устига, тағин баландлаб учмоқда эди. Чўлоқ пастлаб бораётган эса-да, ўша сирли юртга қараб учарди. Пастлаб-пастлаб ҳам учаверди. Лекин куч-қувват уни тарк эта бориши, шамол уни орқага суравериши оқибатида у деярли ҳаракатсиз бир ҳолга тушди. Унда яшашга интилиш ҳисси ўзга бир тарзда жунбишга келди. У қўниши керак. Қандайдир саҳрога ўхшаш ерга, ёвшан-янтоқлар ўсган ерга қўниши керак... Лекин олдиндаги ватан!.. Ўша ватан унинг учун ҳаёт эди: асл ҳаёт ўшанда эди!.. Энди эса у ҳаёт Чўлоқни инкор этди. Чўлоқ бошқа ҳаётга кўникиши керак. У қўниши керак, қўниши... Чўлоқ турна энди темирқанот бўлган палапондек ҳамон олға интилиб, паст-паст яшил дарахтлар устидан учиб ўтди. Кенг ўтлоқлар ҳам кетинда қолди. Йироқда тақир бир майдон кўринди. Турна унга интилиб бораркан, қаршисида саф тортган теракларга етганда, тағин ўз-ўзидан пасайиб кетди-ю, уларга шатир-шутур этиб урилди. Қаноти қийшайиб, хазонлар устига тушди. Яна ўнг томонига йиқилиб, шу бўии тек қолди. Бир маҳал унинг тинган кўзлари атрофни кўрди. Турна апил-тапил қанотини ўнглаб олди ва атроф манзарасидан даҳшатга келиб, «қақ-қақ!» деб овоз чиқарди. У энди ўзга ҳаёт қўйнида эди... 1978 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62297 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 56325 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40387 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36131 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23153 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23080 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 20709 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19389 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18507 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14380 |