Укки сайраяпти (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]

Укки сайраяпти (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]
Укки сайраяпти (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]
— Ариқ лабида қўлини юваётган Иқлима шарт ўгирилиб, ерга муштлади:
— Йўқ, нимага шу манжалақини олиб борасиз?
Мен айтдим-ку, худо хайрингизни берсин, бошқа ўйинчи билан боринг деб. Лекин нимага ўчакишгандай яна шу билан борасиз? А?..
— У... — сўридан оёғини осилтириб ўтирган Ҳафиз ака тилла тишларини кўрсатиб, синиқ илжайганича чайналди.
— Биламан, — деб эрига ўнгланиб олди Иқлима. — У пулни яхшироқ теради! Пул бермаганни аския қилиб бўлсаям пулини чиқартиради. У чиройлироқ бошқа ўйинчи қизлардан... Лекин... Э, сизга гапирдим нимаю деворга гапирдим нима! — Иқлима шарт туриб, этагини елпиб туширди. Айвон томон жадаллаб ўтар экан, ўзича шанғиллади: — Энамникига кетаман ҳозир. Кеча уканг Термиздан келади дегандилар. Келган бўлса, у билан Термизга кетаман, боласини боқиб юраман. Нима кўрдим сизга тегиб? — ялт этиб қараб, қаддини букди. — Айтинг, нима кўрдим? Топган пулингиз бошингиздан қолсин! Ўзи эсини еган хотин артистга тегар экан. — У тўла елкаларини силкитиб уйга кириб кетди.
Ҳафиз ака хўрсиниб сўридан тушди. Калишини оёғига илиб, ўша синиқ илжайганича уйга қараб йўналди. Йўлакай қари тутнинг ғадир-будир сарғиш танасига суяниб, бузоқникидек кўзлари ола-кула бўлиб турган ўғли Холиққа жаҳл билан ўшқирди:
— Бор, ўйна кўчада! Неча марта айтаман сенга, ота-она гаплашаётганида қулоқ солма деб. А? Марш! — Ҳафиз ака шарт эгилиб, ўнг оёғидаги калишни ечиб олди.
Холиқ зинғиллаганча уй биқинидан ўтган тошлоқ йўлкага чикди, отасига қўрқув, хавотир билан қараб:
— Мана, кетяпман-ку... — деди.
— Бор-бор! — Ота калишни юқори кўтарди. Холиқ ура қоча яқинда шағал тўкилган кўчага ўтди. Ҳафиз ака илжайиб, калишни ерга ташлаган эди, тўнкарилиб тушди, у тирноқлари қийшиқ оёғи билан калишни ўнглаб кийиб олди. Уйда шанғиллаётган хотинининг овозини ўчириш учун илдамлади.
Холиқ кўчада бир дам гангиб, қия очиқ дарчаларга тикилиб турди, сўнг яланг, кир оёқларига қадалаётган тошларга кўз ташлаб, нарироққа ўтди ва бир вақт уй орқасидаги ариқ ичида ўлжа қилган мусичасини тишлаб турган қора мушукка кўзи тушди. Секин ерга энгашиб, тош олмоқчи эди, мушук зорланиб «мияв», деди ва дик сакраб, қалдирғоч кулча ўтиннинг тагига кирди. Холиққа қараб, унинг ердан илкис тош олганини кўрди-да, яна «мияв», дея дик-дик сакраб, ариқ устидан ўтган девор ковагига кириб кетди.
Холиқ ўлик мусича олдига келди, қўлларини тиззасига тираб, унга боқди ва худди мусичадек овоз билан «ку-ку, ку-ку», деди.
Кейин у ота-онаси уришган чоғларида бориб ўтирадиган жойи — жар ёқасидаги чангалзорга жўнади. Йўлнинг нари томонидаги култепани четлаб, шудгорга тушди. Йирик-йирик кесакларга оёғининг учини қўя-қўя трактор изига тушиб олди. Аммо бу ердаги майда, қаттиқ кесаклар ҳам оёғига озор бера бошлади. У яна йирик кесаклар устидан чопа-чопа шудгор пуштасига етди.
Жар лабида эгилиб ўсган ёнғоқ остига бориб, пастга қаради, қамишлар оралаб оқаётган сувга тикилди. «Бунда андатра йўқмикин?» деб бир оз анграйди. Сўнг ёнғоқ шохларига аланглай бошлади. Кўзига биронта ҳам пўст ажраб, илиниб турган ёнғоқ кўринмади. Холиқ қуйига қараб кетган ёлғизоёқ, тупроқли сўқмоқ йўлдан юриб, қамишзор бўйига келди. Қамиш соясида оёқларини сувда ёзиб, пуфагини пишириб «қувақ-қува» деяётган бақага ўқрайди. Қалин лаблари аста учди, ютинди ва худди қурбақадек «қувақ-қувақ», деган палағда овоз чиқарди. Қамиш остидаги бақа шишадек кўзларини бақрайтириб яна вақиллади.
Холиқ ҳафсаласи пир бўлгандек нари соҳилга ўтиш учун темир қувур томонга қараб юрди. У қувурдан дорбоздек пилдираб ўтаркан, онасининг «Термиздан укам келди», дегани ёдига тушди. Тупроғи ўйнаб ётган соҳилга ўтиб, тўхтади. Узоғи йили тоғаси унга: «Қани, яна бир сайраб бер-чи, жиян, булбул бўлгин, булбул!» деганини хотирлади. Шунда Холиқ булбул бўлиб сайраганда, тоға тиззасига уриб: «Сендан мана шунақанги тақлидчи чиқади. Буни ривожлантир, хўпми?» деган эди...
Холиқ хурсанд бўлиб кетди, тағин изига қайтиб, қувурдан ўтди-да, жар ёқалаб кетган сўқмоққа тушди. Сўқмокда сочилиб ётган сомон қипиқлари ва беда гулларини босиб илдамлади...
— Ке, жиян, маладес, жиян! Ўтир бу ерга! — деб қўли билан ёнига имлади шаҳарлик тоға.
Холиқ қип-қизариб кетиб, супага чиқди ва оёқларини шолчага тегмасин учун кўтариб, тиззаси билан юриб борди. Тоға унинг бошини бағрига босиб, терлаган манглайидан ўпди.
— Менга қара, ў, катта йигит бўп қопсан-ку? — деди. — Балли, балли... Ў, соқолларинг ҳам сабза уриб қопти. Ҳа, маладес! Қани, ҳозир ҳам тақлидчилик қиласанми ё ташлаб юбордингми? Ташламаслик керак, у жуда-а ноёб касб.
— Йў-ўқ, бу йил Термизгаям бориб келди ашула байрамида. — деди супа лабида бир оёғини букиб ўтирган ўн бир яшар Эгамча.
— Ҳа, областда иккинчи ўринни олди бу, — деди Эгамнинг ёнида чўккалаб ўтирган Шайдул. — Ўзидан сўранг, ўзи айтиб беради...
— Ўзлариям кўргандирлар, — деди супанинг нари лабида оёкдарини чалиштириб ўтирган Ҳамдам ғилай ва қўлларини шолчага тираб, Холиққа тикилди. — А? Холиқча... Ҳой, булбул, артистнинг ўғли! Гапириб бер тоғангга...
Холиқ сариқ, дағал сочли бошини қуйи солиб илжайди:
— Э-э, — деди. Кейин Ҳамдам ғилайга ер сузиб қаради. — Ўзинг хўроз уриштирганингни айт аввал.
— Нега айтмас эканман, — деди Ҳамдам. — Айтдим, мана Эгамчаям товуқ ўғирлаганини айтди... Нимага яширамиз!
— Мен ҳам сойда чўмилганимизни айтдим, — деди Шайдул ва шолча четига ёнбошлаб олди.
— Ҳа, майли, бизнинг жиянни уялтирманглар, — деди шаҳарлик тоға ва Холиқнинг елкасига уриб қўйди: — Энанг яхшими? — бошқа, дилкаш оҳангда сўради: — А? Отанг-чи? Нимага келмади улар!.. Холиқ? Яхши юрибсизларми? Уришмайдими бир-бири билан ота-онанг?
Холиқ бошини кўтармай пичирлади:
— Ҳозир ҳам уришяпти...
— А-аа! — Тоға тиззасига тап этказиб урди. — Шундай де... Ўзи артистлар кўп уришишади. Сен парво қилма, жиян. Сен... ўқи, яхши ўқи! Институтга кир... Энди, жиян, хапа бўлма-ю сен ҳам артист бўласан-да, а? Хапа бўлма, артистилик ҳам бир санъат! Эл-халқ
ҳурмат қилади санъатчиларни! Бир зўр артист бўл, ҳақиқий артист бундай бўлади де!
Шунда яктагини липа урган басавлат бобо келди, илжайиб қўлидаги икки палла тарвузни ўртага қўйди.
— Қани буни олинглар, болалар! Ҳой, Эгамча, ке, ўғлим, Шайдул, сен ҳам яқинроқ ке, Ғилай нимага уришгандай тескари қараб ўтирибсан... Олинглар! — бобо шаҳарлик ўғлининг ёнига чўнқайиб, кифтига сўлақмондек қўлини қўйди. — Ҳеч қаёққа бормайсанми, ўғлим? Бугун зиёфат йўқми? Энангга айтай, бир ош қилсин, а?
— Майли, ота, — деб кулиб унга елкаси оша қаради шаҳарлик ўғил. — Лекин мен булар билан бир Дўлта ғорига бориб келсаммикин, деб турибман... Бир болалик ўтган ерларни кўрайлик, а?
— Ҳа, борсинлар-да! — деб тўнғиллади Ҳамдам.
— Бобожон, борайлик, — деди Эгамча, бир карч тарвузни олиб, бобога зимдан қаради.
— Борамиз, борамиз! — деди шаҳарлик тоға. — Ҳавотир олманглар, мана энди Холиқбойниям олиб борамиз.
Йирик кўзлари жавдираб гоҳ унинг, гоҳ бунинг оғзига қараб ўтирган Холиқ бирдан тиржайиб, бош эгди. Тоға яна унинг елкасига қоқиб қўйди:
— Борамиз, ол тарвуздан!.. Ота, — у «бобо»га мурожаат қилди. — Эсингиздан чиқибди-да, а? Мен торвузни хуш кўрмас эдим. Ҳа, шу билан какку қушдан қимобман! Шу қушнинг овозини эшитганимдан бери ҳеч уйқу келмайди. Ҳов тоққа борганимда қўрқиб келганману?..
— Биламан, биламан. Ўшанда лабларингга учуқ тошиб қайттан эди! — деди «бобо».
Тарвуз бирпасда соб бўлди, паллалар ичида қўлчаларнинг кири аралашган қизғиш сув қолди. Болалар бу сувни ҳам маза қилиб ичиб юбордилар.
— Омин! Обло акбар! Кетдик! — деб ирғиб турди шаҳарлик тоға, сидирға кўк кўйлагининг олд тугмаларини қадай бошлар экан, отаси пастдан туфлисини олиб, супа лабига қўйди, у отага жилмайиб, раҳмат дегандай бўлди.
— Ўғлим, тезроқ қайтинглар-да, бўлмасам, — деди «бобо», — а, Бакиржон? Болаларгаям эҳтиёт бўл-да. — У шайланиб, шимини кўтараётган Эгамчага қараб олди, аллақачон йўлга тушган Холиққа кўз ташлади. — Э, оёғингда ҳеч нарса йўқми? — деди. — Тикан-пикан киради, тўқишиб йиқиласан йўлда... У ёқда нима кўп, тикан кўп!
Туфлисини кияётган тоға Холиққа тикилди-да:
— Э, жиян, бу ишинг яхши эмас-ку? — деди. — Қанақа қилиб борамиз бунақада, а? Сен ҳар қадамда оёғимга тикан кирди, деб тўхтасанг, қачон етиб борамизу, қачон қайтамиз... Бу ишинг бўлмабди.
Холиқ жавдираб, Эгамчанинг орқасига бекиниб олган Шайдулга қаради, унинг ҳам оёғида ҳеч нарса йўқлигини айтгиси келди. Бироқ тоғасига мўралаб:
— Мен... кийиб келайми йўмасам? — деди.
Бакир қаддини ростлаб, пастга тушди, ҳовуз панжарасидан сомон шляпасини олиб:
— Уйларинг узоқ-ку, чопиб бориб, чопиб келасанми? — деди.
— Эй, бориб кийиб келсин-э, — деди бобо. — Сизлар секин-секин кетаверасизлар-да! Бор, Холиқ! Чоп, болам!.. Ҳа, шер йигит!
Холиқ кўзлари ола-кула бўлиб, «кетиб қолмайсизлар-да!» дегандай бўлди, сўнг супа пастидаги қовжираб қолган гулзор тарафга икки қадам босиб:
— Тоға, мен дарров келаман! — деди.
— Дарров келасанми, бўпти. Биз аста кетаверамиз, ўзинг етиб оласан, а, болалар?
Болалар ҳам чувиллаб, Холиқнинг тезроқ бориб келишини тайинлашди, секин кетишларини айтишди.
Холиқ гулзорни оралаб чопди, бедапоядан ўтаётиб, йўнғичқанинг яқинда қирқиган почлари оёғига қадалганини сезди, лекин унга парво қилмай, чопа бориб деворга ёпишди. Нарёққа думалаб ошиб тушди. Йўтала-йўтала йўлкага чикди...
Холиқ қайтиб келганида оёғида сандалчаси, қип-қизариб кетган, сочлари орасидан тер оқар эди. У ҳансираб, у ёқ-бу ёққа қаради. Болахона остида ўтин ёраётган бобоси қошига чопиб борди.
— Бобо, бобо.
— Бобо дегунча чоп! — деб болтани ғўлага санчганича қоматини ростлади бобо. — Чоп!.. Улар қишлоқдан энди чикдиёв !
Холиқ шу ердан бурила солиб уй биқинидаги девор кемтигидан ошиб ўтди. Ғовлаб кетган олчалар орасида тўхтаб, Дўлта ғорининг қайси томонда эканини билмоқчидек, у ёқ-бу ёққа аланглади. Олчалар адоғидаги сим тўр девор томонга бирдан отилди-ю, яна изига қайтди. Кўзи ғилт ёшга тўлиб, бобоси ёнида яна пайдо бўлди.
— Бобо, бобо! Улар қаёқдан кетди? — Дўлта ғори қаёқда? А?
Бобо яна қоматини ростлади:
— Э, нимага йиғлаяпсан?.. Шу, — бобо қаршисидаги уйнинг томига қаради. — Шу... мактабнинг ёни билан кетди-я улар... Сен, — бобо бурилиб, сўл томондаги деворни кўрсатди, — сен бу ёқдан чиқ, яқин. Ўзимиз сув боғлайдиган ариқ билан кўчага чиқ, учрашиб қоласизлар. Агар ўтиб кетишган бўлса, тўғри чинорга боравер.
Кўзларини бақрайтириб турган Холиқ ура чопиб, такхона муюлишидан ўтди. Тутга чирмашган пастак ток зангларига тегиб кетишни ҳам ўйламай, чопиб кетаверди. Қўшнининг бузилган деворидан сакраб, ариқ бўйига тушди, ўнг-сўлига қарамай чопганидан колхоз картошка поясини ўраган симга бориб урилди, ариқ бўйида донлаб юрган товуқни қоқалатиб, нам сўқмоқдан югура кетди.
У тупроқ тагидан дўқир-дўқир тошлари чиқиб ётган кўчага етиб борганида, бир чол эшагини арикда суғориб турган экан.
— Бобо, анави... манави ёққа болалар ўтмадими? — деди Холиқ. — Битта шляпали одам ҳам бор...
Семиз, қора камзул кийган, қора юзида оқ доғлари бор чол Холиқнинг саволига жавоб бермай, унга чучмал илжайиб тураверди.
— А, бобо, ўтмадими, а? — деди Холиқ. — Айтинг...
— Ким дединг? — ўша табассумида сўради чол. Холиқ йиғлаб юборди:
— Болалар, битта шляпали одам ҳам бор.
Чол кўча бошидаги бурчаги кўриниб турган оқ мактаб томонга жиддий ўйланиб қараб:
— Йўқ, — деб саллали бошини қимирлатди. — Ўтмадиёв.
— Э! — Холиқ ўша ёққа қараб чопиб кетди. Мактаб ёнидан пионерлар лагери жойлашган чинорлар томонга ўтувчи қумлоқ йўлда тўхтаб, худди болалар билан тоғаси бу ердан ҳали ўтмагандек, улар келиши мумкин бўлган йўлга қаради ва сўрагани биронта одам излаб аланглади.
Кўчадан чопиб кетган эди, ўнг томондаги пастак девор ортида уйнинг пойдеворини қураётган икки йи-гитга кўзи тушди, таққа тўхтаб:
— Хўв, ака! — деди пишитилган лойда тўпиғигача ботиб турган йигитга. — Ҳўв, ака, шу ёққа болалар ўтмадими? Битта шляпали билан?
Йигит манглайини танғиган рўмол учида кўзини артди:
— Ўтди, э-э, анча бўлди, ука. Ҳозир чинорга етди улар, — деди.
Чимзорда, пахса ёнида чўнқайиб бир кўзини қисганча унинг тўғрилигини чамалаётган шериги ҳам:
— Ҳа, улар ҳали сойга тушишмаган бўлсаям, чинорга етди! — деди.
Холиқ чинорлар қад кўтариб турган тепалик бағрига қизил қумни чангитиб чиқиб борганида, тупуклари танглайига ёпишиб, бўғриқиб кетган эди. У кўприкда туриб, сувда копток ўйнаётган майкачан болаларга қаради ва бир нафас серрайиб қолди. Сўнг олисдаги сарғиш газа бошида бир неча болаларни кўрди. «Шулар!» деб ўйлаб, яна чопа кетди.
Улар шу маҳалланинг болалари бўлиб, чиллак ўйнаётган экан.
Холиқ газанинг тепасида қаққайиб, шимолдаги тоғ ён бағрида ястаниб кетган адирларга бокди, бир эшакни арнага солиб, устига минмоқчи бўлаётган тенгқуридан сўради:
— Ҳе, жўра, шу ёққа болалар ўтмадими?
— Болаларми? Болалар ўтди, ҳозир ўтди, анави дўнгнинг орқасида! — деди у ва Холиқ буғдойпояга оралаши билан қорнини ушлаб кула бошлади. — Алдадим, анавини алдадим! — деди шерикларига.
Холиқ бу гапни эшитмай чопиб борарди. Белгилаган газаси ўркачига чиққанда, оёқлари қалтирар, томоғи ачишар, афти алланечук шишиб кетган эди. Олдинда текис, тобора кўтарилиб борган адирлар...
Шунда Холиқнинг ёнгинасига боши катта, эшактикан учига қанотлари қизил, кўкси сариқ тоғ булбули келиб қўнди ва «Чу-чу! Чу-лу-лу-лу!» деб сайради. Холиқ унга гангиб қаради. Қуш ғоят бепарво, шу адирлар каби лоқайд эди.
Холиқ бўйнини чўзиб, яна унинг сайрашини эшитди-да:
— Чу-лу-лу-лу! — деди беихтиёр.
Қушча ҳурпайиб силкинди, сўнг пир учиб, ҳали сарғаймаган янтоқнинг қизил гулли шохини майиштириб қўнди, яна сайради.
Холиқ чўнқайиб ўтирди, бошини тиззалари орасига олди ва хўнграб юборди...
Сўнг бир-бир босиб, орқасига қайтди. Боя чиллак ўйнаётган болалар ёнидан ўтаётиб, эшак миниб ўтирган болани излади. У йиқилиб тушган деворга миниб ўтирар, шиша синиғи билан деворга чизар эди.
— Ҳа, топдингми болаларни? — деди у ва чалқанча бўлгудек ўзини орқага ташлаб қотиб-қотиб кулди.
— Ҳа, сени... — Холиқ уни болахонадор қилиб сўкди-да, пастга ғизиллаб кетди. Кўприкдан ўтиб, кўчага тушди.
Холиқ мактаб ёнидан ўтаётиб, унинг ҳовузидан сув ичди, тиззалари зирқираб оғрир эди, нам ерда бир оз ўтирди. Яланг юриб ўрганган оёқларини сандалча уриб қўйган эди. Холиқ уни ечиб олди, бармоқлари қаварган оёқларини ерга аста-аста босиб, юриб кетди.
У бобоси чорбоғига кириб бораркан, назарида, улар ўзидан аввал етиб келгандек туюлди. Илдамлади. Такхона муюлишидан ўтиб, манғалга ўт ёқаётган бобосини кўрди-да, яна йиғлаб юборди.
— Ҳа, — деди бобо. — Тополмадингми?
— Йўқ, — деди Холиқ ҳиқиллаб.
Бобо ачинди, пайраҳани тиззасида қарс синдириб, ўтга ташлади.
— Ҳей, шу Бакир ҳам ёш болага ўхшайди-да. Йиғлама, болам. Ўт супага, қовун сўйиб е... Ё тарвуз ейсанми? Ана, хоҳлаганингни полиздан ўзинг олиб чиқ... Бакир тоғанг келса, давара қилиб қўяман. Нимага алдадинг ёш болани дейман. Бор, қўзим.
Холиқ бу эркалашлардан бир оз енгил тортиб, супага борди. Супа лабига мунғайиб ўтирди. Сўнг бу ерда яқингинада тарвуз еганлари, тоғасининг илжайиб: «Ота, мен тарвузни хуш кўрмасдим-ку!» дегани ёдига тушди.
Шунда унинг каккудан қўрқаман деганини ҳам эслаб қолди-ю, бирор нарса қиладигандай қўлларини супа лабига тиради. Кейин тоғасининг ҳамиша қишлоққа келганида «бир тоза ҳаво олай» деб шу супада бахмал кўрпаларда ётишини хотирлади. У бедапоя ёқасидаги баҳайбат ёнғоққа, унинг бўз ранг танаси, силлиқ шохларига тикилди...
— Бобо, мен уйга борай, энам хавотир олади, — деди.
— Биронта қовун ола кет, — деди бобо. — Ейсизлар. Э, Бакири тушмагур-эй... Қизиқиб кетганда уям... Энангга айт, тоғам уйда де, келиб кўрсин, хўпми? Отанггаям тайинла.
Холиқ полиз оралаб, дум берган оқ новвотни узди-да, қўлтиқлаб йўлкага тушди: .
— Бобо-о, мана қовун олдим.
— Яхши қипсан, — деди бобо. — Хафа бўлма, неварам... Ўзим бир куни олиб бораман сени Дўлта ғорига, тарихиниям айтиб бераман.
Холиқ шунда супа ёнида пояфзалини унутганини эслади, қовунни йўлкага қўйиб, сандалини кийиб қайтди, қовунни қорнида кўтарганича лапанглаб чиқиб кетди.
Орадан бирон соат чамаси вақт ўтди, шаҳарлик тоға шляпаси билан елпинганича уй ортидаги девордан ошиб тушди, унга эргашган болалар ҳам чуғурлашиб ошиб тушдилар.
— Хў-ўп, — деди тоға йўлкада тўхтаб. — Энди, йигитлар, сизларга жавоб. Эртага учрашгунча хайр.
Болалар хўшлашиб тарқалишди. Тоға туфлисини ерга уриб қоқа-қоқа чорпояга яқин келди.
— Да-а, — деди.
Супада чўзилиб ётган «бобо» унга қаради.
— Келдингми?
— Ҳа, ота! — деди шаҳарлик ўғил. — Уфф... — у чорпоя четига ўтириб, отасига қаради. — Ота, Холиқ келдими?... Биз уни роса кутдик, бормади орқамиздан?
— Эй, қўйинглар-э... Болани алдамаслик керак, кўнгли нозик бўлади, — деди «бобо» чалқанча ётиб, сўнг давом этди: — Бечора йиғлаб-йиғлаб уйига кетди. Сен ўзинг бола бўлмагансанми, ўғлим...
Шаҳарлик ўғил қоматини ростлаб, хаёлга чўмди.
— Ҳа-а, яхши иш бўлмабди-да, хафа бўлган бўлса! — деди. — Қаёққа борибди у?.. Адашгандир-да?
— Адашган-да, — деди ота. — Айтиб кетиш керак эди.
— Мен... мен энди ўзи билади, деб ўйлабман-да. Лекин йўлда ҳаёлимга келган эди-я... Да-а, чатоқ бўпти-да!
— Қўй, гапирма.
Шаҳарлик яланг оёқ бўлиб, пастга тушди, кўйлагини ечди ва пақир кўтариб, ҳовузнинг сув оладиган томонига кетди. Сув олиб, ювинди. Совқотгандек бўлиб, болахонага чикди ва каравотга чўзилиб, ерда ётган газетага тикилди. Шу бўйи ухлаб қолди...
Кечаси алламаҳал эди, ой бедапоя адоғидаги жийда шохлари устида нур таратиб турар, ҳовузда балиқ чўлп-чўлп этиб ўйнарди. Жимжитлик. Қаердадир калтакесак так-так этиб сайрайди. Бакир тоға шохсупада тунда совуқ бўлишини билганидан бахмал кўрпага ўраниб ётар, эрта ухлаб олгани учун тўшак ёмон солингандек у томонидан бу томонига ағдарилар эди.
Ниҳоят, у уф тортиб чалқанча бўлди-да, ойга қаради. Хўрсинди, ёдига раҳматли момосининг ойга кўп қарамаслик керак, деган насиҳати тушди, беихтиёр кўзини юмган эди, ой ёритиб турган жимжит боғдан даҳшатли титроқ овоз таралди:
— Как-ку, как-ку...
Тоға қулокдарига ишонмай, бошини илкис кўтарди ва ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди. Атроф жимиб қолди. «Менга шундай туюлдими?» деб ўйлаб, бошини ёстиққа қўйди, яна титроқ, қўрқинчли овоз янгради. Энди овоз этак томондаги ёнғокдан келаётган эди. Бакир ўрнидан тура солиб, шоша-пиша пояфзалини излади. Шунда овоз яна такрорланди, тоға ура қочиб чорпоя ёнига борди.
Шарпадан уйғониб кетган ота:
— Ҳа? Ким у?.. Бакирмисан, тинчликми? — деди.
— Мен, мен, Бакирман, ота, — деди Бакир ҳайрат ва ҳаяжондан ҳансираб. — Какку сайраяпти, ота... Қулоқ солинг... Ана-ана! — У чопиб зина қошига борди. Шунда овоз тағин такрорланди. Бакир зинадан липиллаб, болахона айвонига чиқиб олди.
— Ота-а, милтиқ борми? — деди мунгли овозда. — Отинг!
Шу вақт онаси ва кенжа укаси Ҳамдам ғилай ҳам уйғониб кетди.
— Рост, — деди ота қулоқ солиб. — Қайси гўрдан пайдо бўлди у? Отиб ўлдирайми, онаси?
— Қўйинг-э, учиб кетади, — деди кампир, — Тунда милтиқ отасизми? Зиёднинг хотини бошқоронғи, тағин боласи тушиб, балога қолиб юрманг!
Бобо иягини лўла болишга қўйиб жимиди.
— Ҳа, ота? Нимага индамайсиз? — деди Бакир.
— Э, учиб кетади-э, ўғлим... Қўрқсанг, болахонада ёт! — деди у ва хотинига тўнғиллади: — Уйга жой солиб бер.
Она уйқули қадам босиб, довдираб зинадан боло-хонага чиқар экан, Бакир:
— Ҳайронман, — деб минғиллади ва яна қулоғи динг бўлди.
Шунда ёнғоқ шохи қарс этди, «иҳ» деган овоз келди. Ҳамма ўша ёққа қулоқ тутди. Жимлик. Кейин ёнғоқдан кимдир тап этиб, ўзини ерга ташлади-да, девор томон чопди, нари ёққа гуп этиб тушди.
— Бу... Холиқ артист, ота, — деди Ҳамдам. — Аламидан шундай қиляпти.
— Йўғ-э? -Ҳа.
— Чақир уни бўлмасам, уйига бориб юрадими?
— Э, боради... Кетди.
— Вийй, — деб қолди кампир.
Бакир тушиб, жойига бориб ётди, ой тепага келганида уйқу элитди уни. Туш кўрди: тушида Холиқ укки қиёфасида эмиш... Ғўлдираб уйғонди.
Эртасига Бакир опасининг уйига йўл олди, дарвозасига етганда, томда олмақоқи супураётган Холиқ уни кўриб, сакраб пастга тушди-да, севимли чангалзори томонга кетди.
Бакир ҳам уч кундан кейин шаҳарга жўнади.

1972
Mualifning boshqa asaralari
1 Ahad Mirzo yigʻladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 679
2 Arosat (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 974
3 Arpali qishlogʻida (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 791
4 Аросат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 554
5 Арпали қишлоғида (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 564
6 Аҳад Мирзо йиғлади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 534
7 Bahor (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 912
8 Bahor oʻtdi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 717
9 Baxtli boʻlinglar (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 688
10 Bir guzar odamlari (novella) [Shukur Xolmirzayev] 642
11 Bir koʻrgan tanish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 719
12 Bitikli tosh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 618
13 Biz kech qolib yuramiz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 575
14 Bodom qishda gulladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 3700
15 Boychechak ochildi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 753
16 Bulut toʻsgan oy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2033
17 Бахтли бўлинглар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 547
18 Баҳор (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 564
19 Баҳор ўтди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
20 Биз кеч қолиб юрамиз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 518
21 Бир гузар одамлари (новелла) [Shukur Xolmirzayev] 546
22 Бир кўрган таниш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
23 Битикли тош (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 461
24 Бодом қишда гуллади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 544
25 Бойчечак очилди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 610
26 Булут тўсган ой (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 592
27 «Esse – erkin ijod» [Shukur Xolmirzayev] 2741
28 «Эссе – эркин ижод» [Shukur Xolmirzayev] 775
29 Farzand (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 845
30 Фарзанд (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 516
31 Haykal (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 661
32 Hayot abadiy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 925
33 Hukumat (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 552
34 Ҳайкал (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 505
35 Ҳаёт абадий (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 550
36 Ҳукумат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 499
37 Ikki koʻrgan bilish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 650
38 Икки кўрган билиш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 503
39 Jarga uchgan odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 830
40 Joʻraboshi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 642
41 «Jahonbop asar yoza olaman, lekin» [Shukur Xolmirzayev] 853
42 «Жаҳонбоп асар ёза оламан, лекин» [Shukur Xolmirzayev] 573
43 Жарга учган одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 548
44 Жизнь вечна (рассказ) [Shukur Xolmirzayev] 831
45 Жўрабоши (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 534
46 Kechagi kun kecha (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 941
47 Keksa gʻijjakchi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 758
48 Kimsasiz hovli (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1056
49 Koʻk dengiz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 942
50 Koʻkboy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 706
51 Koʻngil (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 649
52 Kulgan bilan kuldirgan (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 553
53 Кекса ғижжакчи (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 488
54 Кечаги кун кеча (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 790
55 Кимсасиз ҳовли (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 466
56 Кулган билан кулдирган (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 485
57 Кўк денгиз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 476
58 Кўкбой (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 490
59 Кўнгил (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 575
60 Nasib etsa (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 565
61 Nimadir yoʻq boʻldi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 814
62 Notanish odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1584
63 Насиб этса (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 508
64 Нимадир йўқ бўлди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 499
65 Нотаниш одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 544
66 Odam (falsafiy hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 708
67 Olam tortilish qonuni (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 573
68 Olis yulduzlar ostida (voqeiy hi... [Shukur Xolmirzayev] 2280
69 Olma yemadim (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 862
70 Omon ovchining oʻimi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 3341
71 Oqtosh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 766
72 Ora yoʻl (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 625
73 Ot egasi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 9743
74 Ota yurt (boʻlgan voqea) [Shukur Xolmirzayev] 655
75 Oy yorugʻida (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 560
76 Ozodlik (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1577
77 Одам (фалсафий ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 506
78 Озодлик (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 533
79 Ой ёруғида (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 480
80 Олам тортилиш қонуни (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 464
81 Олис юлдузлар остида (воқеий ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 569
82 Олма емадим (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 633
83 Омон овчининг ўими (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 503
84 Ора йўл (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 515
85 От эгаси (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 646
86 Ота юрт (бўлган воқеа) [Shukur Xolmirzayev] 481
87 Оқтош (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 502
88 Qadimda boʻlgan ekan... (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 810
89 Qariya (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2162
90 Qaytish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 594
91 Qish hangomasi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 593
92 Qorbobo keladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 925
93 Qumrilar (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 600
94 Qush tili (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 928
95 Quyosh-ku falakda kezib yuribdi ... [Shukur Xolmirzayev] 750
96 Қадимда бўлган экан... (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 469
97 Қайтиш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 600
98 Қария (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 529
99 Қиш ҳангомаси (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 521
100 Қорбобо келади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 578
101 Қумрилар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 507
102 Қуш тили (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 555
103 Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 589
104 Sayr (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 554
105 Sirli militsioner (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 569
106 Sogʻinch (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 711
107 Сайр (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 535
108 Сирли милитсионер (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 535
109 Соғинч (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 546
110 Tabassum (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1553
111 Tikan orasidagi odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 736
112 «Tolstoyning niyati meni maftun ... [Shukur Xolmirzayev] 728
113 «Толстойнинг нияти мени мафтун э... [Shukur Xolmirzayev] 517
114 Табассум (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 514
115 Тикан орасидаги одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
116 Uchinchi hamroh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 664
117 Uh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 515
118 Ukki sayrayapti (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 683
119 Ustoz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2545
120 Устоз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 548
121 Учинчи ҳамроҳ (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 471
122 Уҳ (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 524
123 Xorazm, jonginam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 767
124 Xorun ar-Rashid (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 698
125 Xumor (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 960
126 Хоразм, жонгинам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 517
127 Хорун ар-Рашид (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 488
128 Хумор (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 572
129 Yigʻi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 669
130 Йиғи (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 517
131 Yangi zot (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 565
132 Yashil «Niva» (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 860
133 Янги зот (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 480
134 Яшил «Нива» (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 569
135 Yosuman (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 765
136 Yovvoyi gul (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 601
137 Yozuvchi (Xotira hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 912
138 Ёввойи гул (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 558
139 Ёзувчи (Хотира ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 691
140 Ёсуман (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 513
141 Zov ostida adashuv (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1026
142 Зов остида адашув (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 506
143 Oʻzbek xarakteri (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2520
144 «Oʻzbekning soddasi» (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1045
145 «Ўзбекнинг соддаси» (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 554
146 Ўзбек характери (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 644
147 Shudring tushgan bedazor (ikki i... [Shukur Xolmirzayev] 677
148 «Sholoxovning ashaddiy muxlisi edim» [Shukur Xolmirzayev] 916
149 «Шолоховнинг ашаддий мухлиси эдим» [Shukur Xolmirzayev] 608
150 Шудринг тушган бедазор (икки инж... [Shukur Xolmirzayev] 558
151 Chillak oʻyin (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 792
152 Choʻloq turna (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1303
153 Чиллак ўйин (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 593
154 Чўлоқ турна (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 638
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика