Ора йўл (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] |
Кишида шундай ҳолат пайдо бўлади: атрофингдаги нарсалар сени қаноатлантирмай қўяди, баридан зериккандай ҳис қиласан ўзингни; ишингдан ҳам, уйингдан ҳам, шаҳрингдан ҳам, ҳаттоки, сени уйингга элтадиган асфалт йўлингу сен қатнайдиган транспорт воситаларидан ҳам кўнглинг совиб кетади. Бунга арзимас бир нарса ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунда биров ичади, биров томошага тушади, биров овга... Мен худди шундай ҳолатга тушибг Термиз томонга кетаётган эдим. Йўл Эски Термиз вайронлари ёқалаб ўтиб, шаҳарга киради. Янги Термизнинг ҳозир биз кўриб, яшаб турган йигирманчи аср шаҳарларидан фарқи йўқ... Шу вайроналар ёнидан автобусдан ўгиб кетаётиб, кўнглим бирдан тўлишиб кетди. «Тўхтатинг!» дедим шофёрга. Шофёр ҳайрон бўлди, тўхтади. Мен пастга тушдим. Албатта, у менга бирор шубҳа билан қараган бўлиши мумкин, негаки, йўлнинг бир томони чексиз қум барханлари бўлиб, бир томони вайроназор, унинг четидан Аму ўтади. Амунинг нари бети Афғонистон, хорижий юрт... Йўлдан чиқиб, букчайиб ўсган жийда остига бордим, чекиб бир оз ўтирдим. Қаршимдаги улкан чолдеворларга, азамат пахсаларга қараб турарканман, бу маконнинг тарихи ҳақида ўқиганларим, юрагимга ўрнашиб, унинг бир бўлаги бўлиб қолган мозий манзаралари мени ўраб-чирмаб олган эди. Беихтиёр ўрнимдан туриб, ўша вайроналар сари йўл олдим. Назаримда, мен ўша ёққа бориб, орқага қайтмайдиганга ўхшар эдим. Кетяпман, чолдеворларгача бир неча гектар яланг майдон ястаниб ётибди, бу ерда явшан ва янтоқлар ўсади, улар ҳам ёзнинг жазирамасида қовжираб битган. Лекин улар тагида ердан уч-учлари чиқиб турган, мен учун қадрли нарсалар бор: сопол синиқлари, ғишт парчалари. Булар қадим кошоналар, идишлар қолдиғи. Тарихдан билишимча, бу шаҳардаги гуркираган ҳаёт мўғул босқинидан кейин сўнган. Бир тарихчи дўстимнинг таърифича, эҳтимолки мана шу сопол синиқлари, ғишт парчаларида ўша, нон пиширишни билмаёқ одам ўлдиришни ўрганган мўғул отлиқларининг тамғалари бордир? Майдон метиндек исиб кетган экан, чолдеворларга етгунча чанқадим. Лекин илож қанча? Деворларнинг устини, улар орасини ҳам кўчма қумлар босиб кетган. Юриш оғир. Чет-четдан, сакраб-сакраб, гоҳ тиззадан қум кечиб, гоҳ деворлар усти билан кетавердим. Бу ерлар ҳам иссиқ, атрофимда қаноти сарғиш афғон чумчуқлари кўп, деворлар ковагини ин қилган. Ҳансираб-ҳаллослаб, бу машъум макондан ҳам чиқиб олдим. Яна яланглик бошланди. Шу ерда тўхтаб, бу ёққа нима учун келганимни эсладим, сабабига тушунолмай турган эдим, олисда — дарё бўйида кўтарилиб турган қорамтир тепага кўзим тушди. Ҳовлиқиб кетдим: ахир бу тепанинг остида икки минг йил бурун қурилган бутпарастларнинг ибодатхонаси бор! Бу ибодатхона нақ Қўшонлар ҳукмронлиги даврида қурилган, чунки ўша вақтда будда дини бу ўлка учун ҳам давлат дини, деб эълон қилинган. Уч-тўрт юз йил давомида будад бу ерда ҳоким дин саналган. Бу орада Термизнинг ўзидан бутпарастликни тарғиб қилувчи коҳинлар етишиб чиққан, ўшалар ёрдамида бу дин Хитойга, ундан Японияга ўтган. Империя инқирозга юз тутгандан кейин, будданинг ҳам путури кетиб, ўрнини ерлик халқлар дини зардуштийликка яна бўшатиб берган. «Қора тепа, Қора тепа!» дея илдамлай кетдим. Бундай вақтда кўзга йўл кўринадими! Бирпасда тепанинг остига етдим, унга завқ-шавқ билан тикилдим. Мен динпараст эмасман, лекин инсон заковати яратган ҳамма нарсани ҳурмат қиламан. Будпарастлик эса Қўшонлар даврида давлат дини деб эълон қилингач, у ҳинд санъати-маданиятининг ҳам Ўрта Осиёга тарқалишида ижобий рол ўйнаган. Аста-секин тепага кўтарилар эканман, кўз олдимда ибодатхонанинг қадимги кўриниши намоён бўла борди. Ҳиндистондаги кўплаб ибодатхона ғорларда қурилган, бу ибодатхона ҳам ўшаларга такдидан бино қилинган, лекин ибодатхонанинг қурилишидан тортиб, расм-русумлар, ундаги ҳайкалларгача ерлик халқ анъаналарига бўйсундирилган албатта! Тепага чиққан еримда археологлар қазиган ариққа дуч келдим, четдаги қум босган мармар таккурсига кўзим тушди. «Так-курси!» Шубҳасиз бу таккурсининг устида азамат колонналар — устунлар ҳам турган, у устунлар албатта Рим, Искандария, Афина шаҳарларидаги машҳур устунларга ўхшаган. Чунки Қўшонлардан илгари бу юртни забт этган греклар санъати таъсири ҳам қолган-да!.. Шу устунлар оралаб-оралаб грекларникидан фарқ қилувчан кулоҳ ва уларнинг ёпинчиғига ўхшаш кийим кийган кишилар юрган. Уларнинг бир хили эрон тилида, бир хили эса санскрит тилида гаплашган. Кўпчилиги қўшон тилида сўзлашган. Қўшон тили! Тиллар ҳам ўзгарар экан, ҳозирги замоннинг манман деган олимлари ҳам у тилда битилган ва худди шу ибодатхонадан топилган хатларни тўлиқ ўқиб чиқа олгани йўқ, уларнинг алфавити ҳам ғалати бўлган. Мен ариқ ёқалаб, ибодатхонага олиб тушадиган ғор оғзига етдим. Шунда бир оз сескандим, чунки ичкари зах, у ерда иссиқдан қочган илон-чаёнлар кўп бўлиши мумкин. Лекин мен шу тобда дунё топган телбадек ҳаяжонда эдим. Билинар-билинмас кўриниб турган зинага оёқ босишим билан пастга тушиб кетдим, зиналарни ҳам кўчма қум босган экан. Серрайиб туриб қолдим. Бир оздан кейин узун ғор ичи ёриша бошлади. Ён-веримга қараб, коҳинлар шам ўрнатиб қўядиган токчаларни кўрдим. Икки қадам босиб, яна тўхтадим. Мендаги сесканиш қўрқувга айлана бошлаган эди. Шунда ғорнинг тўрига тикилиб, унинг нарёғдаги тешигидан тушаётган нурни кўрдим, ҳийла енгил тортдим. Энди шошмай, эҳтиёткорлик билан ҳамда бемалол мулоҳаза қилиб, олға жилишим мумкин эди. Жилдим. Дарвоқе, будданинг ҳайкалидан қолган ўнг қўлини профессор Массон мана шу ердан топмаганми? Ибодатхонанинг ўртасидан топилди, дейилди-ку? Нега қўлини! Гавданинг бошқа қис-ми қаерда? Бу ибодатхонадаги ҳаёт ВИИ асрларда сўниб, араблар босқинидан кейин бу ер тамом кўмиб ташланган. Шунда бир неча мусулмони комил кириб, ҳайкални синдириб ташлаган-да. Нима ҳам бўлиб, қўли қолган будда... Назаримда, ҳозир оппоқ, Римдан келтирилган қоришмага ганч аралаштириб ясалган будда рўпарамда бир қўлини олдинга чўзиб тургандек туюлди. Хаёлан унга тикилдим: ҳа, будла, лекин Ҳиндистон бутларидан фарқ қилади, бунинг чеҳрасида инсоний ифода бор, бу инсонга яқин будда! Буни шу ерлик, шу юртлик усталар ясаган ва унга инсоний қиёфа беришга ақллари етган. Мен худди буддага тегиб кетишдан қўрққандек, четдан ўтдим. Муюлишга етганда, деворларнинг ҳамон қизғиш эканига эътибор қилдим. Ана, анави ер чизилган, ўчирилган. У кимнинг сурати бўлди экан? Бошида темир қалпоқ, қулоғида сирға? Анави кийиклар. Бу қандай ёзувлар экан? Ҳа-а, буниси қўшон ёзуви бўлса керак, ҳарфлари китобларда кўрганимдек: бир-бирига уланиб кетган «о»ларга ўхшайди. Анави ёзув санскрит бўлса керак. Униси араб ёзуви. Ўткинчилар қолдирган бу ёзувларни шубҳасиз. Ғорнинг бу тешигидан тепага чиқиб олдим. Ғалати ҳолда эдим, шод бўлиб шод эмас, ғамгин бўлиб ғамгин эмас... Чамаси, мен асрлар давомида тараққий қилган антик санъатимни оқибатда бадавий лашкарлар топтаб, йўқ даражага келтирганини ўйлаб, ғижинар эдим. Лекин айни чокда санъатпараст халқим кейинчалик фотиҳларнинг тазйиқига ҳам қарамай ўзи яратган кошоналари, тилсиз-забонсиз геометрик чизиқлар, бўёқлар ўйинида ўз қалбини изҳор этиб қолдиргани кўнглимга тасалли берарди. Ахир Бухоро, Самарқанд, Хива миноралари, улар безакларида инсон образи йўқ деб ким айта олади?! Тепанинг ўркачига чиқиб ўтирдим. Кашандалик хумори: чекдим. Амунинг нари соҳилларига боқдим. Кўзада сув олиб кетаётган афғон аёлларини кўрдим, қумлоқ соҳилдаги шаҳар чегарасига тикилиб, ўша юртдаги Ҳиротни, Навоий қабрини эсладим. У юртда қолиб кетган миллионлаб ўзбекларнинг ҳозирги ҳаёти ҳақида ўйладим. Кейин у ёққа тескари қараб ўтириб олдим: мен қаршимдаги мана шу шаҳар қабристонини, минг йилларнинг изи қолган гўшани кўрмоқчи бўлиб келдим-ку? Гарангсиб ўтирарканман, қуёшнинг ботаётганига ҳам парво қилмасдим: қотиб ўтиргим келарди. Нимага? Ўтмиш учун мотам тутганими? Ё... бугун эрталаб хафа бўлганимданми? Билмайман. Шунда бирдан офтоб ботиб кетди-ю, мени ҳайратга солиб, қоронғилик чўкди, бирдан осмонда юлдузлар чарақлаб кўринди. Ҳа, бу юртда шундай: қуёш ботдими, қоронғилик тушади. Кетиш керак эди. Турдим. Пастга тушдим. Кетяпман. Лекин бир неча қадам босгач, назаримда бу ерни бутунлай ташлаб кетаётгандек бўлдим. Дастлаб жаҳлим чиқди, «яна қайтиб келаман!» дедим. Лекин шу пайт тиззамгача қумга ботиб, орқа тарафимдан шамол эсаётганини пайқадим. Сергакланиб кетдим: Афғон шамоли?! Бунақанги шамол Ўзбекистоннинг ҳеч бир ерида бўлмайди ҳисоб, ҳатто Қўқонда ҳам. Бу шамол турганда, гоҳ бир-икки кунлаб, гоҳо соатлаб давом этади. Термиз осмонини қизил қум булути босади. Одамлар уйлари деразаларини бекитиб олишади, шунда ҳам у тириқишлардан кириб, тишлар орасида ғижирлайди; куппа-кундуз куни машиналар чироқларини ёқиб, зўрға юради. Қум кўчади, шафқат билмайдиган кўчиш бошланади. Беш-ўн қадам босиб, яна тўхтадим. Йўқ, ўткинчи шабада экан, ўтиб кетди. Лекин унинг даҳшати кўнглимда қолди. Вайроналарга яқинлашиб бордим. Бойқуш кўп экан. Бойқуш ҳам қуш-да дейман. Ўзимни овутаман. Бўлмади. Шунда чолдеворлар ичи тун ҳашаротларининг турли-туман овозларига тўлиб кетди-ю, тиззаларим титраётганини сездим... Бир неча дақиқадан кейин мен қочиб борардим. Мени, теваракни қуршаган тун ваҳми, ўлик шаҳарнинг ваҳимаси, уни макон қилган бойқушу ҳашаротлар, илонлар-чаёнлар орқамдан таъқиб этар... ўтмишим, ҳар сатрини китоблардан кўзимни тўрт қилиб ўқиган ифтихорбахш ўтмишим мени таъқиб этар, мени вафосизликда айблаётгандек бўлиб, орқага тортаётганга ўхшар эди. Лекин мен қочиб борар эдим. Қаерга қочаётганимни йўлга чиқиб, ўткинчи таксига ўтирганимдан кейин сездим; нимагадир чарм ўриндиққа ястаниб, унинг юмшоқ суянчиқларини силадим, нима учундир нуқул шофёрни галга тутдим: қаердан келяпсиз, нима юмуш билан борган эдингиз? Шоймардон Қудратов бу йил минг тонна пахта терармиш, ростми шу гап? Пахта қалай? Шофёр бўлса менга шубҳаланиб қарар, буни сезиб, кулардим. Кўзим эса олдинга, деразадан кўринаётган Янги Термиз чироқларига тикилган, уларни санаяпманми? Хаёлимда бир орзу — тезроқ уйимга етиш, оиламни кўриш, креслога ёнбошлаб, телевизор томоша қилиш... Шундан кейин мен бу ҳолатим ҳақида кўп ўйладим ва бир нарсани кашф этдим. Ўтмиш... Мен ўтмишга қайтолмайман, лекин ундан буткул узилиб ҳам кетолмайман. Чунки мен бугунги куннинг одамиман. 1972 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62297 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 56326 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40387 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36131 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23153 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23080 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 20709 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19389 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18507 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14380 |