Қумрилар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]

Қумрилар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]
Қумрилар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev]
Қамоқдан келган пайтларим эди. Ишлаб юрган мактабимга йўлатишмади. Иккинчи класс шофёрлик правам ҳам бор эди, ҳарбийда олгандим. Пўлат пучуққа учрашгандим, — гаражда диспетчер эди, — «Жўражон, беш юз сўм бермасанг, мошин ололмайсан» деди. Менда сариқ чақаям йўқ. Пучуқ кўп гапираверган эди, «Асли мени эмас, сени қамашлари керак эди» дедим. Тўғри-да, мен бир аҳмоқлик билан қўлга тушдим-тушдим. Лекин номардлик билан эмас, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш билан эмас. Шунчаки ўғли дарсга хоҳлаган пайтида келадиган милисага қаттиқ гапирганим учун. Ўзи — участковой, ҳаммани сен-сенлар эди. Сал гапирсангиз, «Обориб тиқиб қўяман» дер эди. Мениям оғзимдан ёмон гап чиқиб кетганда: «Ўғлинг сендан ибрат олаяпти?» У-бу... Э, бу — одамнинг ёмони-ёмон бўларкан. Иккитаси бир бўлиб акт битишса, ман-ман деганингиз ҳам бас келолмас экан.
Ўшанда шундай эди-да. Ҳозир-ку, хайрият, улар ҳам ўйлаб иш қиладиган бўлиб қолган.
Хуллас, Термизда Олим жўрам бор экан! Шунинг олдига бордим. «Жўра, кун ўтмай қолди. Бир иш топиб бермасанг, чатоқ», дедим. Ана у — одам. Инсон. Ё менга синфдошлик қилдими, С. раёнида бир ошнаси бор экан. РАПО деган ташкилотнинг бошлиғи экан. Шунга қўнғироқ қилди. Уям бунинг гапини икки қилмас экан, мени чақирди. С.га бордим.
Биласиз, у — тоғлик жой, шағал карерлари кўп. Бирига юборар деб ўйлаган эдим, йўқ, домотдихга юборди. Раённинг одамларига мўлжаллаб қурилган экан. Тоғнинг этагида. Кўп хушҳаво жой. Директори бизни фаррош қилиб олди. Шунгаям шукр дедим. Қамоқда бунақа ишларни қилавериб ўрганиб кетган эдим... Лекин қаёкдан келганим қулоғига етган экан: «Тек юрасан, тек ишлайсан. Безорилик қилмайсан. Қилсанг — ўша куни думингни тугаман», — деди. «Хўп», — дедим. Бошқа нима дейман?
Фамилияси — Қорёғдиев эди. Лекин ўзи қоп-қора, кўзлари ўйнаб чиққан, тағин қулоғи оғир одам эди. Қачон қараманг, идора олдига чиқиб, сигарет чекиб турарди.
Хуллас, иш бошладик. Саҳар туриб ер супураман, полизда ишлаш, кейин сув тараш, гулларнинг остини чопиш. Э, директорнинг машинасини ҳам ювиш менинг бўйнимда эди. Лекин барибир хурсандман. Тўқсон сўм маош белгиланган.
Фаррошлик қилаётганимнинг учинчи ойи эди, шекилли, сизга айтмоқчи бўлганим жуфтни кўрдим. Дарвозадан кириб келишди. Бир-бирига ярашган. Қизнинг исми — Қўйсиной, йигитнинг исми — Эшвой экан.
Буни кейин билдим.
Бир куни бассейннинг сувини чиқариб, тозалаётган эдим, шу йигит — Эшвой ҳовуз лабига келиб:
— Ҳорманг, — деди.
— Бор бўлинг, меҳмон, — дедим.
— Юваяпсизми?
— Ҳа, лойқа босиб кетипти. Кечқурун тоза сув қўямиз. Эрталаб бемалол чўмилишингиз мумкин.
— Эрталабгача тўлиб қоладими?
Энсам қотиб, унга қарадим. Зериккан. Бир эрмакка муҳтож. Бунинг устига, қандайдир сиқилгандек кўринди. «Ажаб, — дедим. — Ёнида шундай жонони туриб, бу зерикса!» Ўзиям чарчаган эдим, нарвондан чиқиб, зинага ўтирдим. Қўлим лой эди, Эшвойга костюмимни кўрсатиб:
— Киссада сигарет бор. Битта олинг, ошна, — дедим. У ҳозиржавоблик билан айтганимни қилди. Афтига зеҳн солдим. Бинойидай йигит. Уст-бошиям дуруст. Бошида сомон шляпа, эгнида мундай — йўл-йўл оқ кўйлак. Галстуги бор. Туфлисиям ялтираб турибди. Э, жуда башанг. Зиёли-да!
Бечора гугуртниям чақиб тутди. Сигаретани тута-тиб ўтириб, гапга солдим.
— Уқитувчиман. Ҳинд тилидан дарс бераман, — деди.
Тавба! «Бродяга» филми туфайли... ҳинд тили факултетига кираман деб Тошкешта бориб, тарих-адабиёт факултетига кирган эдим. «Низомий»га-да! (Университетнинг шарқ тиллар факултетига ҳужжат қабул қилиш тугаган экан).
— Э, чалакаллега! — дедим. — Бахтли экансиз... Маош қанча?
— Яқинда ўқитувчиларнинг маоши кўпаяди деган гап бор. Лекин ҳозиргисиям етади, — деди.
Яхши йигит экан, мен сизга айтсам. Қаноат яхши-да! Мана, ҳозир ўқитувчиларнинг ҳам ойлиги кўпайиб кетди. Қишлоқ хўжалигига бораман — аграном бўламан деганлар ҳам ўзини муаллимликка уряпти. Кейин у:
— Сизам ҳинд тилини биласизми? — деди. Мен кулдим.
— Билишим мумкин эди...
— Узр, энди, — деб чайналди.
Кўриб турибсиз, содда йигит экан. Менга ёқиб қолди. Ҳозир ҳам шу фикрдаман: унақанги содда, покиза йигитлар кам учрайди. Биз ҳам энди ўзимизча яшаб, уни-буни кўрдик, ҳар хил одам билан танишдик-да!
— Янга нима иш қиладилар? — дедим.
Ишонинг-ишонманг, оғзимга тикилиб қолди. Кейин қўрқибгина, мўлтирабгина:
— Қанақа янга, ака? — деди.
— Янга-да! — дедим. — Бирга келган йўлдошингиз!
— Э-э. — Унинг биқинида санчиқ тургандек нафаси ичига тушиб кетди. Кейин денг, қизариб-бўзариб илжайди. Бунақанги чучмал илжайишни кўрмаганман. Сўнг худди ёш боладек тирноғини қимирчилаб, бошини сарак-сарак қилди. — Йўқ-йўқ, — деди-да, атрофга ҳадиксираб қараб олди. Кейин дадилланиб, яна: — Йўқ, — деди. Ундан кейин бўлса менга шундай интиқ-интизорлик билан боқдики, келганидан буён менга «ишқи тушиб» доғимда куйиб юргандай.
— Нима бўлди? — дедим. — Аптингиз тез ўзгарар экан. Артис бўлсангиз, гапиришингизга ҳожат қолмасди.
— Йўғ-э, нега артист бўлар эканман. Унинг учун талант керак. Менда эса, йўқ...
Менинг яна энсам қота бошлади. Бу йигитни жуда устамон, гап чалғитишга устаси фаранг, ёхуд содда-муғомбир деб ўйлаш мумкин эди. Лекин қиёфасида шундай самимият, тағин аллақандай бир мискинлик борки, унинг кифтини силагинг, «Нима дардинг бор, ука?» дегинг келади.
Унинг ёши мендан катта бўлса — катта, кичик эмасди.
— Бўлмаса яқинроқ танишайлик, жўра, — дедим. Бу ёғига исмимни айтмоқчи эдим, унинг кўзлари ал-лақандай чақнаб-очилиб кетиб:
Менам шунинг учун келиб эдим, ака, — деди. Деди-да, бу ёғига гап бермади: — Сиз ўтган куни анави трамплиндан сувга ташладингиз. Калла билан. Кейин анча вақт йўқолиб кетиб, анави ердан чиқдингиз... Биз Қўйсиной билан мана бу ўрикнинг остида турган эдик. Ҳамма ҳайрон бўлди сизга. Кейин дирек-торнинг машинасини кавлаштириб, кўп тариллатдингиз. Кейин ҳе адоқларга ҳайдаб бориб келдингиз. Жуда тез ҳайдар экансиз. Ундан кейин интелегентча кийиниб, анави ерда руслар билан бемалол кулишиб...
Қарасам, у мени роса кузаттан. Менинг бўлса парвойимга келмаган.
Энди камтарликни қўйиб, гапнинг бўларини айтсам, бир йигитдан кам жойимиз йўқ-да! Биз ҳам уч йил бурун олий маълумотли муаллим эдик...
Бу Эшвой жўрамиз менинг кутубхонага кириб, китоб варақлашимниям кузатган экан. Қайси куни иккита дам олувчи ичиб, шовқин кўтарди. У қилдим — бўлмади, бу қилдим — бўлмади. Қоровулнинг хотини туғиб, уйига кетган эди. Охири пиёнларни боплаб каравотга боғлаб ташладим.
Мулла Эшвой шуниям кўрган экан. Хуллас, биз унинг «кузатув объекти»га айланиб қолган эканмиз.
— Намунча қизиқиб қолмасангиз? — дедим.
— Қизиқаман, ака, — деди у. Сиз бошқача одамсиз... Бизни хонага бир кирмайсизми, қўлингиз бўшаса... Сал гурунг қилардик. Мени сиздан сўрайдиган маслаҳатим бор! — деб юзимга тикилди.
Унинг ҳақиқатан ҳам сўрайдиган гапи борлигига ишондим.
— Бўпти. Мана шу лойқани тўплай. Анави ерларни ювай. Машина келсин. Кейин, — дедим. Ахлат ташигич машина лойқа аралаш сувни тортиб олиши керак эди.
Йигит хурсанд бўлиб кетди.
Ишни бир ёкди қилиб, ювинаётган эдим, яна пайдо бўлди. Ҳарқалай, бировнинг уйига тузукроқ бўлиб кирган маъқул. Бугунги энг муҳим ишим битган эди. Билярдхонага кириб кийиндим. Илгари қоровулхонада ётардим. Қорёғдиевга чаққонлигам ёқиб қолганми, «Бу ер тор экан. Билярдхонада ётиб юр», деган эди. Кўпдан бери билярднинг столиям, кийлари ҳам дабдала бўлган, синиқ-мийриқ стол-стуллар қалашиб ётган шу хонада турардим. «Интелегенча» кийиниб чиқсам, жаноблари кутиб турибди.
Мен сизга айтсам, бу йигитнинг дидиям яхши экан. Ҳалигидай гапларига ўхшаш — сал чучмалроғ-у, майли-да. Ўртача хоналардан бири эди — унинг номери. Каравотни иккита қилиб, икки киши ётсаям бўладиган ҳужра. Деразага сариқ парда тутилган. Стол, стул, тумбочка, икки кресло. Одатдаги — бошқа хоналарда бор анжом бу ердаям бор эди. Лекин нима десам экан, антиқа эди-да!
Киришим билан димоғимга чучмўманинг ҳиди урилди. Май ойи эди, чучмўмалар хазон бўлган пайт, «Қаердан топипти?» деб қарасам, дераза токчасида, шарбат қуйиладиган графинда бир даста бўтакўз турибди денг. Худди чучмўмага ўхшайди. Жуда ғалати гул-да! Ўзи кечроқ гуллайди, боғнинг адокдарида бор эди. Графиннинг тагида денг қариқизнинг каттакон япроғи ям-яшил бўлиб ётибди. Тумбочканинг устида кичкина япон магнитофони.
Диван олдидаги уч оёкди столчада талай қоқмевалар: чақилган ёнғоқ, бир ҳовуч туршак, бир ҳовуч қора кишмиш. Яна тўртта бодринг билан тўртта помидор — булар ўзимизнинг теплитсадан чиққан.
— Ў, маишат қилар эканмиз-да! — дедим. Эшвой титрабгина сўради:
— Ичасизми? Бирон нарса топайми?
— Раҳмат. Ичмайман, — дедим.
— Менам ичмайман, — деди у.
Креслоларга ўтирдик. Менга бир нима етишмаётгандек туюла бошлади. «Ҳа, бу ёлғиз тураркан-да...» деган мулоҳаза экан. Буни англаб... у билан келган жонон «янга» эмаслигига ишондим.
Ана шунда ёстиқ устида — каравот қошига суяб қўйилган суратни кўриб қолдим. Ўша жонон эди. Лекин палтода. Ёқаси оппоқ — сувсар тери бўлса керак. Бошида денг оққина жун рўмол. Рўмол билан кулча юзини шундай ўраб олганки, тушмагурнинг юзи шу рўмол ичидан ноз билан чиқиб, гўё «Ёмон қарасанг, яшириниб оламан» дегандай. Каравот қошига суяниб худди биз томонга қараб турибди.
— У, — дедим. — Энди билдим. Севгилингиз экан-да у хоним?
Эшвой шошиб қолиб, қимирлаб олиб:
— Ҳа, йўқ. Э, шундай... — деди-да, бирдан бошини эгиб, хам бўлиб олди.
Тушундим: дарди бор, севги дарди... Табиб — табиб эмас, бошидан ўтказган — табиб, дейдилар. Биз Ҳам энди бу дарднинг табиби бўлиб кўрганмиз-да. Ҳа, мактабдалик чоғлардаёқ ошиқи беқарор бўлиб, бир гўзалнинг исмини қорларга ёзиб юрганмиз. Унинг кўзига ташланай деб, қор кураб турган курагимизни отиб юбориб, томлардан сакраганмиз. Аксига олиб, қўрқиб кетиб, қарғаб берганлар.
Мен ўзим болаликдан сал қитмирроқ бўлиб ўсдимми, билмайман, баъзан шафқатсиз бўлиб кетган вақтларим бор. Тўғри, текканга тегиб, тегмаганга кесак отадиганлардан эмасдим. Бироқ шу — ноҳақликни кўрсам, чидолмасдим-да. Шунинг учун мактабдан (яна мактаб!) ҳайдалишимгаям оз қолган. Бир дарсга кечикиб келганим учун домла қаторасига учта «икки»ни босган эди! Ҳа, кечикиб кепсан, деб хулқимни муҳокама қил, «химия»дан икки қўйиб ўтирибди. Э, тутуним чиқиб кетган. Аёл ўқитувчи эди, эрининг пиёнисталигиниям юзига солганман.
Қизлар масаласига келсак, кейинчалик уларга сал тепадан қарайдиган бўлган эдим. Бу — хато, албатта. Лекин нима қилай? Бирига пойи-патак бўлиб нима топдим? Ўзи, сирасини айтсам, қиз халқи, хотин халқи сал мағрурроқ йигитларни маъқул кўришар экан. Пушкин ҳам айтган-ку, «Аёлдан қанча узоқлашсанг, у сенга шунча яқинлашади», деб. Албатта, гап бундаям эмас-у, феъл-да... Тағин бу томонини ҳам яширмайман. Институтдаям бир-иккитаси билан таниш-билиш бўлган эдик. Суҳбат қурган эдик. Гапнинг хулосасини айтсам, бу йўрикда қамоқ менга хийла таълим берган эди. Дийдам қотиб кетдими, нима бало, озодликка чиққанимда, кўплар, хотин-қизларам кўзимга қилча кўринмасди. Лекин яна такрорлайман: буям — хато... Чунки сал вақт ўтмай, ҳаммасидан ўзим паст ва нодон эканимга иқрор бўлганман.
Ҳа, чекиниш бас, энди.
— Дўстим, сиз ошиқу беқарорсиз! Шу тўғрида маслаҳат сўрамоқчимисиз? — дедим.
У менга ҳайрат билан қараб қолди. Худдики «Қандай донишманд одамсизки, қалбимни дарҳол билдингиз?» дегандай. Албатга, бундай нигоҳлардан керилмай бўлмайди.
— Айтаверинг, дўстим, — деб қора кишмишдан олдим. Худди «уч қора»дек. Қаёқдан топган бу бола? — Қулоғим сизда, биродар.
— Шу, мен, мен шу кишини... яхши кўраман, — деб суратга қаради-да, бип-бинойи йигит йиғлаб юборди. Ҳа, йиғлаб, бошини эгиб қолди. Худди онасидан ноҳақ калтак егандай елкалари силкиниб-силкиниб кетади.
Мен ишондим! Эшвой қизни чиндан ҳам яхши кўрар экан. Сизга тағин бир гапни айтай: бунақа севадиганлар ҳозир ҳар қадамда учрайвермайди. Эҳ-ҳе, қизнинг афтидан кўра, муҳаббатдан кўра, унинг ота-онасини танлайдиган йигитлар ҳам сероб бўлиб қолган. Билмадим, қизлар, йигитлар ҳисоб-китобли бўлаяптими, ишқилиб, бунақаси кам-кам!
Тағин, бу — ўқитувчи!
— Эшвой! Бошингизни кўтаринг, дўстим! — дедим. — Қиз учун йиғлаш — эркак кишига ярашмайди!
— Э, йўқ-йўқ-э, — деб тўлғанди у. — Ҳеч бўлмайди... — У кўзёшлари орасидан менга бокди. — Шуни деб келдим... Имтиҳонни олдим-у, бу ёққа жўнадим... Кетаётганини эшитиб эдим...
— Бирга келдиларинг-ку?
— Ҳа-да! Унга ҳамроҳ бўлдим-да. Бир укаси бизда ўқир эди. Домкултурага бориб ўтираман энди, деб қолди. Нимага десам, бу киши — Қўйсиной бу ёққа дам олгани чиқаётган эканлар. Ўзлари... маданият уйининг директори-да.
— У кишиям институтни битирганми?
— Ҳа Маданият институтини битирганлар. Яхши битирган. Қизил диплом билан.
— Тошкентда танишганмисизлар? Э, бир жойданга ўхшайсизлар, чоғимда!
— Ҳа, шу ерданмиз. Қўшни мактабда ўқиганлар. Тошкентгаям бирга борган эдик... Ман Ҳиндистонга кетишим керак эди... Шу кишини деб қолдим. Ҳеч бўлмади...
— А-а, у кишининг муносабатлари қалай энди? — деб сўрадим. Кишмиш жуда мазали экан.
— У киши... — Эшвой тек қолди. Бирпас қўллари қовуштирилган ҳайкалга ўхшаб турди-да, бикинида яна ҳалиги санчиқ тургандай қаттиқ қимирлади.
— Хўш?
Эшвой пешонасига бир шапати урди-да, эшикка егудек бўлиб қараб:
— Мен ўзим бўлмасам керак, — деди.
— Нимага? Тушунмадим гапингизни?
У хўрсиниб жимиди. Кейин чўнтагидан тоза, оппоқ рўмолча олиб, кўзларини артди. Қандайдир жиддийлашиб, ниманингдир хаёли билан тез-тез бош ирғади. Кейин хўрсиниб олиб, яна жим қолди.
— Э, гапирингда-э, — дедим.
— Бўшсиз дейди! — Юзимга тик қаради. — Тушундингизми? Бу дегани... йигит эмассиз дегани.., деб тушуниш ҳам мумкин. — У лабларини қатгиқ қимтиб олди. Юзи яна титраб кетди. — Нима қилай? Шундай тарбия топган бўлсам... Бировга қўл кўтармаганман. Қайтамга ҳамма вақт елкамни қисиб юрганман...
— Ҳа-а, —дедим мен масаланинг мағзига етгандай. — Ундай бўлса, ўйлаб кўриш керак экан. — Лекин нимани ўйлашни билмасдим. — Кўзингизни артинг, дўстим. Э, эркак киши... — Ўзим ҳам хўрсиниб юбордим. — Кишининг бошига мундан катта савдоларам тушиши мумкин!
У бошини қимирлатди.
— Хўш?
— Мен у киши учун ҳар қандай ишга... қийинчиликка тайёр эдим. Ҳозирам шундай... Бир қўпол, ғалати йигитлар бор... Қўйсиной баъзан ўшалардан ўрнак олмайсизми, деб қолади... — Унинг кўзи тағин ёшланди. — Қаранг-а!
— Нима учун?
— Айтдим-ку, уларда... ҳалигидай йигитликми, йигитга хос фазилатларми, кўп эмиш...
— А-а. — Мен унинг дардини энди тушунган эдим. Лекин энди дармон масаласи бор.
Мен уни қайдан топаман?
Ўша куни Эшвойнинг олдидан чиққандан кейин узоқ ўйладим. Шу йигитга ёрдам бергим келарди-да. Нима қилай? Ўйлай-ўйлай, унга ғашим ҳам келиб кетди. Хокисорлиги, «қизи» айтганидек, «бўш-баёв»лиги жинимни кўзғади. Бироқ тан олиш керак, унга қандайдир ҳавас билан ҳам қарардим. Ахир ўзим ундай эмасман-да.
Гапнинг қисқаси, мен у йигитга ёрдам беришни... қизга қандайдир таъсир этиш, бу хокисор, олийжаноб ошиқнинг фазилатлари нақадар ноёб эканини кўрсатиш, балки исботлаш, бунинг учун... бунинг учун яна бир нималар қилиш керак, деган хулосага келдим. Кўриб турибсиз, хулосам ҳали пишмаган, шунга қарамай Эшвойни эртаси тутиб, қизи билан мени таништиришини сўрамоқчи бўлдим. Лекин буям ноқулай эди: боланинг кўнглига, ким билади, қандай гаплар келади. Шунинг учун қизни бир оз вақт кузатиш ва иложи бўлса бир-икки оғиз гаплашишга қасд қилдим.
Ана шунда денг, оқшом маҳали Эшвой қоровулхонага ҳовлиқиб келиб қолди.
— Ака?
— Ҳа, ука, — деб чиқдим.
У бошини эгиб, қандайдир ҳазинлик, яна кинояга ўхшаш бир ҳолатлар бутун қиёфасида акс этганча турди-да, бурнида кулиб:
— Тавба, — деди.
— Қулоғим сизда!
— Ҳе, қизиқ... Бугун ҳали... денг, сизни мақтаб қолдилар, — деди энди чеҳраси ғалати бир тарзда очилиб. У бу ишдан хурсандми, ғашми — билиб бўлмас эди. Лекин қаттиқ ҳаяжонда! — Ҳа, ака, мақтаб қолдилар, — энди йиғлайман деб туриб кулган кишининг тўлғокди оҳангида давом этди: — Ўша мен сизга айтган нарсаларни айтдилар. Сувга сакраганингиз борми, анави икки пиёнистани ётқизиб қўйганингиз борми... «Сиз шундай қилоласизми? Ҳечам қилолмайсиз-да», — дейдилар. Мен ҳайронман. — У қандайдир жиддийлашди. — Ҳар кимнинг ўз вазифаси бўлади, масалан, сизнинг ҳам, тўғрими, ака? Спортчининг ҳам...
— Албатта, албатта, — дедим. — Мен, масалан, ҳинд тилидан дарс беролмас эдим.
— Балли. Раҳмат. Шундайки, мен ҳам...
— Фаррошлик қилолмайсиз. У қийналиб кулимсиради.
— Детдомда қилганмиз. Етимхонада... ер супурар эдик. Девор урар эдик...
Мен унга ачиниб кетдим: демак, бу йигит етим ўсган... «Нега бунга азоб беради, а, у? Бошида тожи борми! Уни деб чет элга боришдан қолипти. Энди бориб ялинсаям юборишмас... Уни... Сени деб ўқитувчилик қилиб юрипти! Фалон сўмга қаноат қилиб... Шошма, қандоқ одамсан ўзи? Болаликдан севар экан сени! Мундай йигитни... дорига топиб бўлмайди. Нимангга ишонасан? — Э, тоза қизишиб кетган эдим. Гўё у жонон билан олишардим. — Ўзингизам сал демаса, қари қиз бўлиб қопсиз, хоним! Эрта-индин бозорингиз касод бўлиб, хотин қўйган ўрта яшар кишигаям тегишга жон дейдиган бўп қоласиз... Ё шунчалик мағрурмисиз? Шошманг...»
Назаримда, қизнинг бошқа йигити бор-у, Эшвойни лақиллатиб юргандай туюлди.
Кейин бу гапга чиппа-чин ишониб қолдим: «Бошқача бўлиши мумкин эмас!»
— Эшвой жўра, — дедим. — Мен сиздан катта эмасман. Келинг, жўралашамиз.
— Э, йўғ-э...
— Э, тузук туринг-э! Минғирламанг... Кечирасиз, бу яхши одат эмас. Нимадан ҳайиқасиз?.. Мард бўлинг-э! Одам бир марта дунёга келади. Кўкракни кериб юрмайсизми!
Мен шунақа қилиб сайрар эдим. У менга сезиларли ҳурмат билан, айни чоқда «Бу гапингизни биламан, тушунаман, ака» дегандай бир камтарона хайрихоҳлик билан эшитарди.
Нима демоқчи эканимни унутиб қўйдимда:
— Келинг, бир ўтиришайлик. Биздан нима кетди! — дедим. — Хоҳласангиз, мен ташкил қиламан. Лекин пулим йўқ.
— О, о, о! — худди бир ерига қайноқ сув қуйилиб кетди-ю, мендан кўра у кўпроқ азоб чеккандек тус олди. — Менда бор... Узим... Нега шундай дейсиз? Пул...
— Бўпти. Эртага кечки пайт.
— Э, эртага суриб нима қиласиз? — деди у. — Шу оқшом... Мана, бирон соатдан кейин. Мен у кишини таклиф қилсам, хонамга келадилар...
— Олам гулистон! — Лекин ичимда: «Тавба, — дедим. — Хонасига келибам лақиллатиб ўтирса керак».
— Соат, соат...
— Еттидан кейин, — деди. — Меҳмонам келмайди. Келсаям қабул қилмаймиз. Сестра хозяйкалар кетиб бўлади.
— Бўлмасам, ярим соат қопти.
У илиққина илжайиб, тез қайтиб кетди.
Мен унинг нима қилишини ўзимча тасаввур этардим: шошилади, нималарнидир тушириб юборади. Анави суратни нима қилар экан? Ўша ерда тургани маъқул.... Қиз халқига таъсир этади. «Мени севар экан», дейди. «Расмимга қаноат қилиб юрган экан, бечора», — дейди.
Алқисса...
Хонага кирсам, хоним тўрдаги креслода ўтирган экан. Ёнбошдаги креслодан Эшвой ирғиб турди. Албатта, ўзаро келишганимизни билдирмай:
— Э, келинг-келинг, меҳмон ака, — деди. Сўнг шошиб, мени таништирди: — Шу ерда ишлайдилар... — Қизга тикилиб қолди-да:
— Кўргансиз-ку, — деб қўшимча қилди. — Исмлари Холиёр.
Мен ҳам энди рол ўйнашим керак эди.
— Бемавруд кириб қолмадимми? — дедим. — Кечирасизлар... Одам зерикади. Сизлар бу ерда — энг зиёли одамлар. Бошқаларнинг кўпи — колхозформа...
Шу нарсани алоҳида қайд этишим керакки, Қўйсиной бугун мен ҳақимда Эшвойга гап очгани, тахминан мақтагани ҳолда, туйқус кириб келишим, шубҳасиз, унда ғалати бир фикр уйғотганини тусмолладим. Яъни, назаримда, қиз: «Мен буни мақтаганим учун чақирди», деб ўйларди.
Демак, бизнинг ўзаро битишувимиз ҳам унга маълум бўлса керак.
Энди, яна бир муҳим гап: Қўйсин немис қизлари киядиган шахматнусха оқ-қора кўйлакда, калта енги қаппайиб турар...
Қойил! Оналар бор-да, шунақасиниям туғиб қўйишади... Юзи — кулчагина, сочини елкасига тегар даражада кестирган экан, ёйиб қўйибди. Қандайдир Италия қизларига ўхшаб кетадими-э. Лекин оғзидаги олдинги учта тиши тилла экан.
— Келинг, — деди.
Шундай дейиши билан овози анча ўктам, дадил эканини сездим. Ҳарқалай, йигитлар ҳақида, йўғ-э, «ҳақиқий йигит» ҳақида ҳалигидай дейишлари бежизга ўхшамайди.
Лекин мен ўзимни ундан ҳам дадил, ўктам, ҳатто бир оз чапанироқ тутишим керак эди. Нима учундир бу қиз билан гаплашишга ўзимни тайёрлар эканман, шундай тутишни маъқул кўрган эдим. Қолаверса, Эшвойдек йигитга азоб бериб юрган бу такаббур — ғалати, бечора йигитни камситиб юрган шаддод хонимга нисбатан кўнглимда аллақандай бир адоват ҳам уйғонган эдики, ҳеч нарсани ўйламай хонага кириб келганимдаям ўзимни ҳали айтганимдек тутиб кетган бўлардим.
Кечирасиз, тағин битта нозик масала: мен энди уни Эшвойга оғдириш ёки дўстимнинг қимматли фазилатларини бирон-бир тариқада кўрсатишниям унутаёзгандим.
Ундан қандайдир ўч олиш, иложи бўлса, унинг ўзини камситиш истаги туғилган эди.
Бу истак эса менинг ҳалиги... аёл зотига баланддан қарашдек ёмон одатимга мос тушарди.
— Хўш, ўтирибсизларми? — дедим-да, шартта диванга чўка қолдим. Лекин қурғурнинг пружинаси ишдан чиққан экан, чинданам чўкиб кетдим. Узингиз яхши биласиз, рақибингиз баландроқ ерда ўтирган бўлса, у билан мунозара қилиш анча оғирлашади. Зеро, ўша баландлик ҳам уни кўтариб, гапларига салмоқ бағишлаб туради. Шунинг учун айрим амалдорлар атай стол бошига яланг стул қўйиб ўтиришадики, қаршисида креслоларга чўкиб ўтирганларга тепадан қарай олади. Қолаверса, қуруқ стулда ўтириш билан ўзларининг «камтар»лигини намойиш ҳам қиладилар. Ҳа-а, буям бир гап-да... — Эҳ, — деб ўрнимдан турдим. — Эшвой дўстим, айтмайсизми диваним чатоқ деб? Янгисидан келтириб қўярдик!
Қўйсин Эшвойга таънаомуз бир қаради-ю, дарҳол кўзини олди. Чамаси, у бу ерда... менга қизиқарди.
— Балки бу ёққа ўтирарсиз? — деб креслоси су-янчиқларидан ушлади.
— Йўқ-йўқ, — деб аланглагандим, тумбочка қошида турган яланг стулга кўзим тушди. — Дўстим, ўшани олворинг, — дедим.
Каловланиб қолган Эшвой:
— Э-э, сиз, мана... — деб қандайдир сурилиб, креслосини мен томонга итарди. Кейин кўтариб қўйди. Кейин стулни олиб, таппа ўтирди-да, қатъий илтижо қилди: — Марҳамат, ака...
Мен ортиқча мулозамат қилишни лозим топмай, креслога чўкдим. Хайрият, ҳалигидай чўкиб кетмадим.
Қўйсин мени Эшвойга мақтаган бўлса, демак, мени ундан устун қўяди. Демакки, шундай одам — мен кириб келган эканман, ундан ўзимга нисбатан анчагина дилдорликлар, ҳатто хушомад, қандайдир фахрланишни англатадиган муомала-муносабатлар кутишга ҳақлиманми?
Бироқ, у... йўқ, ундан бу нарсаларнинг зиғирчаси сезилмасди. Ҳарқалай ҳозиргача сезилмади. Кириб келдим, ўрнидан қўзғалмади ҳисоб...
Жойим ноқулай эди, дарҳол жойини бўшатиб бермади.
Тағин чеҳрасида кинояомуз ифода бор.
Бу нимадан деб ўйлайсиз?
Эшвой билан ўзаро битишганимизни англаб қолганиданми?
У ҳолда, аксинча... Эшвойга мени яна-да кўз-кўз қилиш, ўзининг «асл йигитлар»га қўядиган талабини янада намойиш этиш учун ҳам менга боягидек илиқ-иссиқ, жозибали мезбоннавозлик кўрсатиши керакмасми?
Хуллас... тағин, хуллас деяман, ана шундай қарама-қарши фикрлар калламдан кечди.
Бироқ ҳали айтганимдек хатти-ҳаракат, гап-сўз бобида «қайтиш» йўқ энди.
— Қани, дастурхонга қаранглар! — дедим. О, бу кишмишни! Ана шу «учқора» бўлса, космонавтлар ейдиган кишмиш!
— Олсинлар.
Қўйсин айтди бу гапни. Ялт этиб қарадим. Яна... энди очиқ киноя қиларди.
— Оламиз, раҳмат, — дедим. — Лекин таом эгаси билан ширин! Қани, Эшвой?.. Ё, кечирасизлар, чинданам бемавруд кириб қолдимми? — Ниҳоят, шундай дейишга мажбур бўлдим.
Ахир гап-гапга қовушиши керак-да.
— Биз еб ўтирибмиз, — деди Қўйсин.
— Кечирасиз, сиз ўзи нима касб қиласиз? — дедим Қўйсинга дангал.
Қўйсин Эшвойга беозоргина қаради.
— Айтмадингизми? Эшвойнинг калласи қаёқда!
— Нимани? — деди.
— Э, бу кишидан сўраманг! — деб гапнинг очиғига ўтдим. — Бу киши сизнинг ишқингизда девона бўлиб, ҳозир еган овқатиниям унутиб қўядиган бўп қопти. — Ғашим келиб кетди. Бемалол сигарета олиб тутатдим. — Кечирасиз, чекмасам ўтиролмайман.
— Яхши одат.
— Хўш, — дедим. — Бу, домкултурада ишлар оғирми дейман? Дам олишга чиқибсиз?
— Ишлар сиз ўйлаганчалик енгил эмас, — деди у. — Иккинчидан, отпускага чиқдим. — Сўнг табассум қилди. — Курорт, санаторий, Қрим, Кавказ бўйларига боришга бизнинг қурбимиз етмайди. Ана шунинг учун узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши деб, шу ерга чиқа қолдик. Энди тушундиларми?
Мен сал гангиб қолдим. Унинг гапларида оғир жойлар ҳам бор эди. Лекин у жуда бемалол айтди. Иккинчидан, мен ўзим унга нисбатан адоват билан келганим ҳолда, унинг менга қандайдир адовати бордек туюла бошлади.
Бу — нимадан?
Ўйласанг, бош айланиб кетади.
Яхшиси, ўйламай суҳбатнинг оқимига қараб кетаверишни маъқул топдим.
— Тушунарли, — дедим. — Чунки домкултуралар сердаромад жой эмас. Штатингиз ҳам унчалик кўп бўлмаса керакки, битта-иккита ўлик жоннинг маошини олиш мумкин бўлса!
Унинг кўзларида дув этиб ўт чиққандек бўлди.
— Қанақа «ўлик жон»? — деди.
— Ҳарқалай, Гоголнинг «ўлик жонлари»ни кўзда тутмаяпман, — дедим.
— Тушундим, — деди у. — Ўзингиз нима касб қиласиз?
Мен кулдим.
— Бу масала аён-ку?
— Йўқ, сиз... уборшитсага ўхшамайсиз?— деди.
Бир сесканиб кетдим.
— Эй, хоним, менга қаранг, — дедим. — Кўриб турибсиз, бу ерга бежиз кирмадим.
— Албатта, — деди у.
— Балки, мақсадимниям биларсиз?
— Сал-пал.
— Бўлмасам, мен бутунасича айтай.
— Хўш-хўш?
— Нега бу йигитга азоб берасиз?
Ана шундай қилиб, мақсадни айтиб юбордим. Ўзи мақсадим шумиди? Йўқ-йўқ! Бу — индаллоси.
— Сизнинг нима ишингиз бор? — деди у. Тавба, хотиржамгина айтди. Сал аччиқланса бўларди-ку?
Дамим ичимга тушиб, ҳароратни кўтармоқчи бўлдим.
— Нега ишим бўлмасин? Бундай йигитни яна қаердан топасиз? — «Бор-э!» дёб давом этдим. — Бу инсон-ку! Бунақаси топилмайди, мен сизга айтсам... Масалан, мен қўполлик қилишим мумкин. Бировга азоб беришим мумкин... Лекин бу одам мусичагаям озор етказмайди!
Қўйсин унга қаради-да:
— Шундайми? — деди. Қизиқ, башарасида жилла илиқлик пайдо бўлди. Маъносини тушунолмадим: киноямиди?
Гангиб-гарангсиб, дам унга, дам менга қараб ўтирган Эшвой:
— Э, йўқ, мен... Бу киши мени мақтаб юбордилар... — деди. Кейин қип-қизариб кетиб, менга қаради. — Ака, нима кераги бор шу гапларнинг? Мен... менда камчиликлар тўлиб ётипти. Уни... мана, Қўйсинойнинг ўзлариям яхши биладилар. Тўғри, у камчиликлар менга боғлиқ эмас. Лекин шундай...
— Э, кўп мижтовланманг-э! — бу гапни айтиб юборгандан кейин сал пушаймон едим. Ахир, уни сўкиш-да бу... — Кечирасиз, — деб гапимни тузатдим. — Камтарлик ҳам эви билан, дўстим. — Кейин яна Қўйсинга мурожаат қилдим: — Хўш, хоним афанди? — Шунда унинг кўзларидан яна ўт чақнади-ю, мен шодланиб кетдим. Энди бутунасига ҳужумга ўтдим: — Мен сезиб юрибман, — дедим. — Сиз бу содда йигитни оёқ ости қиляпсиз!
Тавба, унда ҳеч кутилмаган ҳолат юз берди. Чуқур ҳайрат билан Эшвойга қаради.
Эшвой қурмағур эса, яна менга қарши келди:
— Қачон, қачон мени оёқости қилиптилар? Нега шундай дейсиз, Холиёр ака? — деди.
— Мен буни сездим. — Кўзимни юмиб қўполикка, балки муттаҳамликка ўтдим. — Сездим... — Яна нимадир дейишим керак. Қуриб кетгур, тилимга гап келмади.
—Бас, бас, — деди шунда Эшвой. — Бу гапларни қўяйлик... Менда ҳиндча музика бор...
— Эшитмайман, — дедим. — Мен — шу масаланинг тагига етишим керак. Чунки буни... бурчим деб биламан! Ҳа, Қўйсиной, бўлари гап шу!
Қўйсин бирдан чуқургина хўрсинди. Сўнг кўзимга тик қараб:
— Сиз бунинг сабабини нимада деб ўйлайсиз? — деди.
— Ниманинг?
— Бу кишига... дейлик, сиз айтгандақа, муомаламни. Ахир, бу киши сизга айтган-ку?
— А-а, уними? — Ҳа..
— Сизга очиғини айтайми?
У тек қолди. Айтмади. Назаримда, бутун вужуди қулоққа айланди. Энди асл гапни айтиш вақти келган эди. Секин Эшвойга қарадим: бу гапни у қандай қабул қилар экан?
У боёқиш жим.
— Менимча... — дедим.
— Хўш?
— Сизнинг бошқа йигитингиз бор.
О, назаримда зилзила бўлди. Уй силкиниб кетди. Эшвой ғалати қимирлаб, тўлғаниб, аланглаб қолди. Қўйсин... унга нима бўлди? У ҳам Эшвойга ялт этиб қаради, кейин бошини эгди, лабини қимтиди. Сўнг чуқур нафас олди.
Биласизми, одамлар ғала-ғовур қилганда, шовқиндан гангиб қоласиз-ку баъзан? Баъзан эса, мана шундай сўзсиз талваса, кўзларнинг ола-кула бўлишлари, юракларнинг гупиллаб уриши, хуллас, мана шунақа ҳолатдан ҳам киши гангиб қолиши мумкинлигини шунда сездим.
Биотокларда гап бор деганлари рост.
— Чиқиб кетинг.
Ниҳоят, Қўйсиннинг гапини эшитдим. Юрагим шувиллаб кетди.
— Нима-нима?
— Чиқиб кетинг деяпман!
Қўйсин, ишонасизми, ўрнидан ярим туриб кетган эди. Нима қилишим керак? Индамай чиқиб кетсам... Йўқ, мен бунақа ҳолда ютқазган бўламан.
Қолаверса, мен унга асл гапни... энг асосли гапни айтдим. Эшвойга қарасам, бошини эгиб қолган.
— Чиқмайман, — дедим.
— Чиқасиз.
— Ўтиринг, кўп ҳовлиқманг... Э, тўғри гапни айтсанг ҳам ёқмайсан.
— Бўлмасам мен чиқиб кетаман! — дея Қўйсин ўрнидан буткул турди.
Эшвой... э, бечора! Шошиб, ҳовлиқиб қолди-ку! Яхпш кўриш ҳам бир машаққат экан-да!
— Йўқ-йўқ, сиз ўтиринг, Қўйсиной, — деди у ва менга... менга қаради. — Ака, чиқинг...
Гангиб қолдим.
— Нима?
— Чиқинг. Ҳайронман.
— Эсингиз жойидами? — дедим.
— Эсим жойида! — деб бақириб юборса бўладими. — Чиқинг дегандан кейин чиқинг-да, ахир!.. Нима? Нимага, бу кишига дўқ қиласиз? — Тавбангдан кетай. Хуруж қилиб, кўзлари ёшовраб менга юзланиб олди. Назаримда, мени кўрмас эди. — Нега бу кишини ҳақорат қиласиз? Нега?
— Қачон? Қачон? — дедим.
— Сизнинг йигитингиз бор... У-бу... Бу ҳақорат эмасми, ахир! Чиқинг, ака!
— Э, бечора! — шундай деб юборганимни қулоғим эшитди-ю, тасаввур қиласизми, башарамга би-ир шапалоқ келиб тушди: бу ёғи планимда йўқ эди. Эшвойга қараб анграйиб қолдим. — Ҳе, жўра?
— Мен жўрангиз эмасман!
— Э, бор-э!
Воҳ! Яна тушди ўша шапалоқ. Ўлгурнинг қўли қаттиқ эканми, ё буни кутмаганимданми, кўзим олди қорайиб кетди. Энди мени ҳеч нарса тутиб қололмасди.
Бироқ шунда... бирдан калла ишлаб қолди-да, азизим! Ҳа, калла ишлади.
Нима қилдинг дейсизми?
Ҳеч нарса.
Мен қилишим керак бўлган ишни, умуман, қилиб бўлган, яъни, Эшвойга катта яхшилик қилган эдим!
Тушуняпсизми ?
Ахир, у мени урди! Ҳозир қўйиб берсам яна уради!.. Бу билан у Қўйсинга нимани кўрсатади? Йўқ, исбот қилади? Ахир, қизнинг ундан талаби нима эди?
Энди тушундингизми?
Ана шунинг учун:
— Э, безори экан-ку бу? Бунинг қўлидан одам ўлдиришам келади! — дедим. — Юмшоқ супурги деб юрсам...
— Ўлдирама-ан! — Эшвой чинданам менга ташланди. Чамамда, кимлардандир, балки Қўйсиндан ҳам олиш керак бўлган аламини мендан олмоқчи... шуни олмоқда эди.
Вақтни бой бермай, қочиб чиқдим.
Эртаси чошгохдарда уларни боғ адоғидаги йўлкада кўрдим. Қумрилардек бўлиб — ку-кулашиб юришарди. Шундай қизғин гурунг билан банддарки, теплитсанинг биқинида турибман-у, мени кўришмади.
Шу билан ҳикоям тамом бўлдими? Йўқ. Давоми бор.
У шундан иборатки, Эшвойжон билан Қўйсиной эрталаб Қорёғдиевнинг кабинетига .кириб, мен ҳакда нима дейишган бўлса, дейишган экан. Тушдан кейин ўртоқ директор бизни чақирдилар. Тикка турғизиб қўйиб, шундай «тахтага олдилар»ки, қани, бир гапдан тўхтатиб бўлса. Гапирган биланам фойдаси йўқ эди.
Кар эшитганини қўймайди, деганлар-ку. Ўзиникини маъқуллаб, бизни «безори»га чиқарди.
«Бировнинг хонасига бостириб кирган» — биз, «ҳақорат қилган» — биз.
Охири: «Мен нима деган эдим сенга? Орамиз очиқ бўлди, ука. Буғгалтерияга кир...» деди.
Ишонасизми, учаласи бирлашиб, устимдан акт тузишганда, нима бўларди?
Ўшанда яна қамалиб кетишим ҳеч гапмас эди.
Қолаверса, кейин... Қорёғдиевга масаланинг моҳиятини айтиб бергач, у менга ажойиб характеристика ёзиб берди.
Лекин мен хафа эмасман.
Аксинча, уларнинг бир-бирини синашига сабабчи бўлганимдан хурсандман.
Дарвоқе, ҳозир Қўйсиной област санъат бошқармасида ишлаяпти. Эшвой — «Афғонистон билан Алоқа қилиш Дўстлик жамияти»да. Ўша юртга бир-икки марта бориб ҳам кепти. Ҳинд тилига яқин лаҳжада гаплашадиган қабила бор экан.
Камина яна Омон-Инсон ёрдамида эски мактабимдаман...

1986
Mualifning boshqa asaralari
1 Ahad Mirzo yigʻladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 616
2 Arosat (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 897
3 Arpali qishlogʻida (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 716
4 Аросат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 491
5 Арпали қишлоғида (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 511
6 Аҳад Мирзо йиғлади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 497
7 Bahor (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 831
8 Bahor oʻtdi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 626
9 Baxtli boʻlinglar (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 612
10 Bir guzar odamlari (novella) [Shukur Xolmirzayev] 580
11 Bir koʻrgan tanish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 665
12 Bitikli tosh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 574
13 Biz kech qolib yuramiz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 536
14 Bodom qishda gulladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 3601
15 Boychechak ochildi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 680
16 Bulut toʻsgan oy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1892
17 Бахтли бўлинглар (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 495
18 Баҳор (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 521
19 Баҳор ўтди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 447
20 Биз кеч қолиб юрамиз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 482
21 Бир гузар одамлари (новелла) [Shukur Xolmirzayev] 492
22 Бир кўрган таниш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 460
23 Битикли тош (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 417
24 Бодом қишда гуллади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 502
25 Бойчечак очилди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 558
26 Булут тўсган ой (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 546
27 «Esse – erkin ijod» [Shukur Xolmirzayev] 2645
28 «Эссе – эркин ижод» [Shukur Xolmirzayev] 716
29 Farzand (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 760
30 Фарзанд (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 481
31 Haykal (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 593
32 Hayot abadiy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 855
33 Hukumat (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 504
34 Ҳайкал (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 456
35 Ҳаёт абадий (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 508
36 Ҳукумат (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 446
37 Ikki koʻrgan bilish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 585
38 Икки кўрган билиш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 464
39 Jarga uchgan odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 755
40 Joʻraboshi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 584
41 «Jahonbop asar yoza olaman, lekin» [Shukur Xolmirzayev] 784
42 «Жаҳонбоп асар ёза оламан, лекин» [Shukur Xolmirzayev] 521
43 Жарга учган одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 510
44 Жизнь вечна (рассказ) [Shukur Xolmirzayev] 763
45 Жўрабоши (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 488
46 Kechagi kun kecha (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 819
47 Keksa gʻijjakchi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 608
48 Kimsasiz hovli (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 988
49 Koʻk dengiz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 857
50 Koʻkboy (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 623
51 Koʻngil (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 577
52 Kulgan bilan kuldirgan (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 510
53 Кекса ғижжакчи (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 441
54 Кечаги кун кеча (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 720
55 Кимсасиз ҳовли (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 432
56 Кулган билан кулдирган (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 434
57 Кўк денгиз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 431
58 Кўкбой (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 447
59 Кўнгил (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 532
60 Nasib etsa (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 497
61 Nimadir yoʻq boʻldi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 742
62 Notanish odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1456
63 Насиб этса (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 466
64 Нимадир йўқ бўлди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 462
65 Нотаниш одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 498
66 Odam (falsafiy hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 663
67 Olam tortilish qonuni (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 520
68 Olis yulduzlar ostida (voqeiy hi... [Shukur Xolmirzayev] 1954
69 Olma yemadim (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 780
70 Omon ovchining oʻimi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 3112
71 Oqtosh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 715
72 Ora yoʻl (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 569
73 Ot egasi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 7301
74 Ota yurt (boʻlgan voqea) [Shukur Xolmirzayev] 609
75 Oy yorugʻida (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 504
76 Ozodlik (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1449
77 Одам (фалсафий ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 471
78 Озодлик (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 476
79 Ой ёруғида (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 429
80 Олам тортилиш қонуни (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 421
81 Олис юлдузлар остида (воқеий ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 512
82 Олма емадим (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 529
83 Омон овчининг ўими (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 460
84 Ора йўл (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 472
85 От эгаси (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 551
86 Ота юрт (бўлган воқеа) [Shukur Xolmirzayev] 439
87 Оқтош (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 441
88 Qadimda boʻlgan ekan... (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 738
89 Qariya (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1924
90 Qaytish (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 535
91 Qish hangomasi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 534
92 Qorbobo keladi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 863
93 Qumrilar (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 556
94 Qush tili (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 836
95 Quyosh-ku falakda kezib yuribdi ... [Shukur Xolmirzayev] 690
96 Қадимда бўлган экан... (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 432
97 Қайтиш (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 552
98 Қария (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 472
99 Қиш ҳангомаси (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 483
100 Қорбобо келади (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 537
101 Қуш тили (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 497
102 Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 534
103 Sayr (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 498
104 Sirli militsioner (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 524
105 Sogʻinch (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 640
106 Сайр (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 480
107 Сирли милитсионер (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 478
108 Соғинч (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 496
109 Tabassum (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1358
110 Tikan orasidagi odam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 662
111 «Tolstoyning niyati meni maftun ... [Shukur Xolmirzayev] 673
112 «Толстойнинг нияти мени мафтун э... [Shukur Xolmirzayev] 461
113 Табассум (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 462
114 Тикан орасидаги одам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 465
115 Uchinchi hamroh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 607
116 Uh (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 471
117 Ukki sayrayapti (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 623
118 Ustoz (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2309
119 Укки сайраяпти (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 441
120 Устоз (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 482
121 Учинчи ҳамроҳ (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 434
122 Уҳ (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 469
123 Xorazm, jonginam (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 710
124 Xorun ar-Rashid (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 622
125 Xumor (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 869
126 Хоразм, жонгинам (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 471
127 Хорун ар-Рашид (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 436
128 Хумор (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 526
129 Yigʻi (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 597
130 Йиғи (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 473
131 Yangi zot (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 518
132 Yashil «Niva» (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 788
133 Янги зот (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 440
134 Яшил «Нива» (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 516
135 Yosuman (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 712
136 Yovvoyi gul (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 536
137 Yozuvchi (Xotira hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 854
138 Ёввойи гул (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 497
139 Ёзувчи (Хотира ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 650
140 Ёсуман (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 462
141 Zov ostida adashuv (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 952
142 Зов остида адашув (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 454
143 Oʻzbek xarakteri (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 2172
144 «Oʻzbekning soddasi» (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 972
145 «Ўзбекнинг соддаси» (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 507
146 Ўзбек характери (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 583
147 Shudring tushgan bedazor (ikki i... [Shukur Xolmirzayev] 630
148 «Sholoxovning ashaddiy muxlisi edim» [Shukur Xolmirzayev] 728
149 «Шолоховнинг ашаддий мухлиси эдим» [Shukur Xolmirzayev] 563
150 Шудринг тушган бедазор (икки инж... [Shukur Xolmirzayev] 499
151 Chillak oʻyin (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 697
152 Choʻloq turna (hikoya) [Shukur Xolmirzayev] 1129
153 Чиллак ўйин (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 530
154 Чўлоқ турна (ҳикоя) [Shukur Xolmirzayev] 530
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика