Маҳбуб ул-Қулуб [Alisher Navoiy] |
Бисмиллоҳир-Раҳмонир-Раҳим Ҳамд ангаким, зотиға ҳамд ончаким, сазовордур, айтса бўлмас ва сано ангаким, эҳсониға сано ончаким, ери бордур битса бўлмас. Зоти жамиъ камолат сифоти била мавсуф, сифотидин мажмуъи камолот кашф аҳлиға макшуф. Танзиҳи тил шарҳ қилурдин мубарро, тақдиси эл васф этардин муарро. Азамати боғида сипеҳри даввор бир нилуфардин кам ва қудрати оллида нужуми собита ва сайёра ул нилуфар юзида бир неча қатраи шабнам. Нилуфар юзига шабнам сочқучи ҳам ул ва шабнам суйидин нилуфарзор, балки гулистони Эрам очғучи ҳам ул. Бениёзлиғи жанбида чархи нигун бир гадой, ниёзманд ва чорасозлиғи оллида даҳри буқаламун бир бечораи ажзпайванд. Вужуди мулоҳазасида офариниш вужуди номавжуд, зоти мутолаасида аввалин ва охирин буди нобуд. Хони эҳсони теграсида олий шон шоҳлар ризққа сойил ва илми бепоёни тааққулида олий макон огоҳлар жаҳлга қойил. Қаҳҳорлиғи сарсари учурурға собит ва сайёр, настараннинг сочилғон яфроғлари жабборлиғи қуюни совурурға даҳри ғаддор. Байт ул-ҳазаннинг тўкулғон туфроғлари йўқни бор қилмоқ ва борни йўқ қилмоқ анинг қудратиға осон, бору йўқ ва йўқу бор анинг эҳсонидин умидвор ва қаҳридин ҳаросон. Бир овуч туфроғни малакут хайлида хилофат тахтиға ўлтурмоқ анга ярашур ва йиллар малоикаи муқаррабинға пешволик қилғоннинг бўйниға лаънат тавқи ул солур. Қитъа: Қодиреким, қудратидин мунча юз амри ғариб, Бўлса ҳар соатда мавжуд андин эрмастур ажаб, Ўн секиз минг оламу одам яратиб, айламак Бир кишини офариниш дафтаридин мунтахаб. Ул қила олур анга келди мусаллам бу умур, Гар ўзи эрди мусаббаб, лек бу бўлди сабаб. Ва дуруди номаъдуд ул маҳбуби оқибат Маҳмудғаким(1), ҳақ таоло анга қурб ва манзилат бердиким, олам ва одам вужудидин мақсуд анинг вужуди эрди. Хужаста тийнати руҳи покдин тоҳир ва фархунда хилқати аносир таркибидин пок эркани зоҳир. Аносирининг(2) ели Масиҳ(3) анфоси ва туфроғи Яъқуб(4) кўзининг тўтиёси ва суйи Ҳизр(5) чашмасининг зулоли ва ўти калим дарахтининг нори иштиъоли. Бу аносирни руҳи пок деса ери бор ва руҳиға руҳи фидок демак сазовор. Тойири сидранишин Буроқи(6) барқгоми ва сойири. Руҳ ул-аминнинг(7) улви хироми. Афлок шабистони юзи баҳоридин гулшан ва малоики уюни рахши ғуборидин равшан. Каломи шаънида «Маянтиқу инал хавй»(8) ва нутқи баёнида «ин ҳува илло ваҳюн юҳо»(9). Асрори илоҳиға зоти амин ва иноят номутаноҳидин оти «раҳмат ул-оламин»(1)0. Маснавий: Ики гисуси ики лайлат ул-қадр, Бу янглиғ ики лайл ичра юзи бадр, Лайлу бадр ўлуб шамъи шабистон, Узоридин хўй анда кавкабистон. Бу кавкаблардин айлаб тенгри мавжуд, Нубувват маъшариға дурри мақсуд. Нубувват спеҳрида қуёш эркони маълум, Мусоҳиблар шаънида асҳоби каниужум(11). (Саловати Оллоҳи алайҳи ва ало олиҳи ва асҳобиҳи ало явмиддини)(12). Аммо баъд: фуқаронинг гадойи ва ғароиб мастураларининг чеҳракушони ал-фақир ул-ҳақир Алишер ал-мулаққаб бин-Навоий (ғаффара зунубиҳи ва саттара айюбиҳи)(13) мундоқ арз қилур ва адосин ўзига фарз билурким, бу хоксори паришон рўзгор шабоб авонининг бидоятидин куҳулат замонининг ниҳоятиғача даврон воқеотидин ва сипеҳри гардон ҳодисотидин ва даҳри фитнангиз буқаламунлуғидин ва замонаи рангомиз гуногунлиғидин муддати мадид ва аҳди баид ҳар навъ шиқ ва суратда ақдом урдум ва ҳар тавр сулук ва кисватда югурдум ва ўзумнн яхши-ямон хизмат ва суҳбатиға еткурдим. Гоҳ мазаллат ва ано вайронида шеван кўргуздум ва гоҳ иззат ғино бўстонида анжуман туздум. Маснавий: Гаҳе топдим фалакдин нотавонлиғ, Гоҳе кўрдим замондин комронлиғ, Басе иссиғ, совуғ кўрдўм замонда, Басе аччиғ, чучук тоттим жаҳонда. Ифлос ва нотавонлиғ ҳангомида, яъни фалокат ва номуродлиғ айёмида гоҳ илм мадорисида сафи ниолда ер туттум, гоҳ уламо мажлисида илм нуридин кўнгулни ёруттум. Гоҳ атқиё масожидида алар қадами етган ерга юз қўйдум ва сажда касратидин манглайим терисини сўйдум. Ва гоҳ сафо хонақоҳи аҳли ибрикиға сув қуймоқ била аржуманд бўлдум ва гоҳ фано дайри хайли сабукашлигидин сарбаланд бўлдум. Ва гоҳ лаимлар олида хорлиғ ва гоҳ арзоллар олида беэътиборлиғ кўрдум. Ва гоҳ ишқ кўйида бебоклик ва одамийкуш паричеҳраларға ҳалоклик даст берди. Ва гоҳ жунун маҳалласида арзол бўйнумға силлий урдилар ва атфол бошимға тош ёғдурдилар ва гоҳ шаҳрим эли ситамидин ғурбатка туштум ва ғариб халойиқка қўшулдум ва қовуштум. Ва жибол кулласи оромгоҳим бўлди ва гоҳ сахро этоги паноҳим бўлди. Ва гоҳ ғурбатда алил ва ғариб элга залил бўлдум. Гоҳ бу шиддатлардин азми ватан қилдим. Ва гоҳ азизлар хизматидин ўзумни баҳраманд ва сўзумни дилписанд ва аржуманд топтим. Рубоий: Гардун гаҳ манга жафоу дунлуқ қилди, Бахтим киби ҳар ишта забунлуқ қилди, Гаҳ ком сари раҳнамунлуқ қилди, Алқисса: басе буқаламунлуқ қилди. Аммо шуғл ва комронлиқ чоғида ва кўнгул мулки халқ ҳужуми булғоғида ва гоҳ аморат маснадида ўлтурдум ва ҳукм ва ҳукумат маҳкамасида додхоҳ сўрдум ва гоҳ подшоҳ наёбатида тараққуб туздум ва наззорагар элга ўзумни комрон кўргуздум. Ва гоҳ макрумат айвонини макон қилдим ва акобир ва ашрофни таъзим юзидин меҳмон қилдим. Ва гоҳ нишот боғида базм тарҳи солдим ва соқий ва мутриб базму симоидин баҳра олдим. Ва гоҳ салотни мухолафатларида ароға кирдим ва мунозаатларин мувофақатға қарор бердим. Гоҳ ҳарб маъракасиға ўзумни солдим, ва жаҳл ва нодонлиқ туҳматин бўйнумга олдим. Ва гоҳ хайрот аҳлиға ўзумни қоттим ва ҳар навъ хайр буқъалари тузаттим, андоқки, саъйимдин работлар бўлди ва андин мусофирларға нишотлар бўлди. Байт: Димоғима тушубон кўп тасаввуру пиндор, Ўзумни жоҳу улуғлуққа айладим изҳор. Бу муқаддимотдин мақсад буким, ҳар кўй ва кўчада югурубмен ва олам аҳлидин ҳар навъ элга ўзумни еткурубмен ва яхши-ёмоннинг афъолин билибмен ва ямону яхши хислатларин тажриба қилибмен. Хайр ва шаръдин нўш ва ниш кўксумга етибдур ва лаим ва карим заҳм ва марҳамин кўнглум дарк этибдур. Ва замон аҳлидин баёзи асҳоб ва даврон хайлидин баъзи аҳбобки, бу ҳоллардин хабарсиз ва кўнгуллари бу хайр ва шаррдин асарсиздур. Қитъа: Не билгай ул кишиким, шаҳду майни тотмайдур Ки, васлу ҳажр киби ул чучук дурур, бу ачиғ. Билур залил мусофирки, пўя айларда, Қуму тўзонг юмшоғ, тоғу хорадур қатиғ. Бу навъ асҳоб ва аҳбобға интибоҳ қилмоқ ва аларни бу навъ ҳолатдин огоҳ қилмоқ вожиб кўрундики, ҳар тоифа хисолидин вуқуфлари ва ҳар табақа аҳволидин шуурлари бўлганки, муносиб эл хизматиға шитоб қилғайлар ва номуносиб эл суҳбатидин ижтиноб вожиб билгайлар ва бори эл била махфий розларин сўзлашгайлар ва шаётин ва инс макру фирибдин бозий емагайлар. Ва ҳар навъ эл суҳбат ва хусусиятики, аларга ҳавас бўлғай, бу фақирнинг тажрибаси аларға бас бўлғай. Чун бу мақолатнинг қулубға маҳбублуғи маълум бўлди, анга «Маҳбуб ул-қулуб» от қўюлди. Ва бу битилган фавоиднинг кайфияти чун билилди, ани уч қисм қилинди. Аввалғи қисм: соир ун-носнинг афъол ва аҳволининг кайфияти(14). Иккинчи қисм: ҳамида афъол ва замима хисол хосияти(15). Учинчи қисм: мутафарриқа фавоид ва амсол сурати(16). Умид улким, ўқуғувчилар диққат ва эътибор кўзи била назар солғайлар ва ҳар қайси ўз фаҳму идроклариға кўра баҳра олғайлар, битгучига ҳам бир дуо била баҳра еткургайлар ва руҳини ул дуо футуҳи била севундургайлар. Аввалги Қисм: Халойиқ Аҳвол Ва Афъол Ва Ақволининг Кайфияти Ул Қирқ Фаслдур Биринчи Фасл: Одил Салотин Зикрида Одилу оқил подшоҳ ибодуллоҳға зиллуллоҳ. Хилофат мулки анинг фармонида «инни жоилун фил арз халифа»(1)нинг шаънида. Буким одил подшоҳ таърифдин бийикроқ эрур «валадат физ-замон ас-султон ул-одил(2)» андин хабар берур. Улки анинг зоти била мубоҳидур хожаи кавнайн(3) дебдурким, «адли соат хабара мин ибодат ул-сақлин»(4). Одил подшоҳ ҳақдин халойиққа раҳматдур ва мамоликка мужиби амният ва рафоҳият. Қуёш била абри баҳордек қора туфроғдин гуллар очар ва мулк аҳли бошиға олтун била дурлар сочар. Фуқаро ва нотавонлар анинг рифқ ва мадоросидин осуда, залама ва авонлар анинг тиғи сиёсатидин фарсуда. Ҳиросатидин қўю қўзи бўри хавфидин эмин ва сиёсатидин мусофир кўнгли қароқчи ваҳмидин мутмаин. Рифъатидин ҳар мактабда атфол ғавғоси ва мухофазатидин зуафо ҳаммомида аларнинг алолоси, ҳайбатидин йўллар қароқчидин холи ва қўллар тўла улус моли ва забтидин амалдорлар қалами синуқ ва ситамкорлар алами йикуқ. Жиддидин масожид жамоат аҳлидин мамлу ва мадорис баҳс ва жадал хайлидин ғулув. Қисоси тиғидин ўғри илги эл молидин кўтоҳ, интиқоми биймидин қотиъ тариқ ҳоли адам биёбонида табоҳ. Туннинг кўпи дўконларда савдо учун шамъ ва авбош кўча гаштидин кўнгуллари жамъ. Шомдин то саҳар хонақоҳлар эшиги очуқ ва хилватлар ибодат нуридин ёруқ. Шаҳрда қўйлар посбони ул, ёзида қўйлар шубони ул. Раийятға саро ва боғ андин маъмур ва сипоҳиға ком ва фароғ андин мавфур. Андин кечалар атрок зуафоси иши ўрғуштак ва атфол варзиши оқ сўнгак. Ажузлар чарх уни мадди била анинг дуосиға нағмасоз ва канизаклар момуқ сабамоқ уни била анинг олқишиға нағмапардоз. Фуқаро иши анга ҳам дуо ва ҳам нозиш, анинг даъби фуқароға ҳам сахо ва ҳам навозиш. Очлар ғизоси базл ва атоси хонидин, яланғочлар либоси хизонаи лутф ва эҳсонидин. Мулк боғин маъмур қилурға абри сероб ва мулк аҳли кўзин ёрутурға меҳри жаҳонтоб. Ўзга мулкнинг раоё ва халқи анинг орзусида ва яна кишвар мазлумлари анинг адли дуоси гуфтигўсида. Яхши отиға уламо иши расоил тартиби ва яхши сифотиға шуаро варзиши қасойид таркиби, муғаннийлар иштиғоли саноси учун суруд тузмак ва мусаннифлар мақоли дуоси оҳангида нағма кўргузмак. Халқ ризосидин ҳақ ризосиға толиб ва додхоҳ сўрарда сўруғ куни ваҳми кўнглиға ғолиб. Маснавий: Улус подшоҳию дарвешваш, Анга шоҳлиқдин келиб фақр хаш, Жаҳондорларға сипеҳр интибоҳ, Валий аҳли фақр олида хоқи роҳ, Жаҳон мулки олинда хошокча, Вале бир кўнгул мулқи афлокча. Бори бенаволар навосози ул, Ҳамул навъким, Шоҳ Абулғози(5) ул, Келиб айни инсону инсони айн, Жаҳон вориси Шоҳ Султон Ҳусайн Ки, то бўлса гардунға давворлиқ, Анга боқий ўлсун жаҳондорлиқ. Халойиққа бу шаҳдин ўлсун нишот, Даме бўлмасун холи андин бисот. Иккинчи Фасл: Исломпаноҳ Беклар Зикрида Мундоқ шоҳга мусулмон бек набий хизматида тўрт ёрдин биридек. Номуродларнинг паноҳи ва подшоҳнинг давлатхоҳи. Шоҳға дунёда чин сўз дегувчи ва анинг охирати ғамин егувчи. Ёмонлар андин ҳаросон ва яхшилар душворлиғи осон. Эл моли тамаъи кўнглида нобуд ва аёли хаёли замирида номавжуд. Муроди раоё амнияти ва мақсуди бароё жамъияти. Ул мусулмонларға ризожўй ва мусулмонлар анга дуогўй. Ўзининг зоти тузук ва саъйи шоҳ эшигида тузуклук. Шоҳ эшиги мундоқ бекдин холи бўлмасун ва давлатнинг андин ўзга интиқоли бўлмасун. Учинчи Фасл: Номуносиб Ноиблар Зикрида Ёлғончи худнамо ноиб нисбати мусалламаи каззоб миллати, нубувват туҳматин ўзига солғон ва Жаброил(6) ваҳйдин дегони бори ёлғон. Мунга ҳам шох хусусияти изҳори ғайри воқеъ ёлғон бори. Ёлғон ҳукм еткурурига боис тамаъи шум ва ўтрук парвона еткурурига сабаб ҳирси мазлум. Нима олурда ёлғон анга чин ўрниға ва мусулмонларға нуқсон анга дин ўрниға, ёлғон борида анга чин демаки маҳол ва ришват олурда ўзга сўз деб, аммо кўнглида ўзга хаёл. Мундоқ ноибки, бир бўлмаған феълию қавли, шоҳ эшигидин гум бўлғони авли. Тўртинчи Фасл: Золим Ва Жоҳил Ва Фосиқ Подшоҳлар Зикрида Одил подшоҳ кўзгу ва бу анинг учасидур. Ул ёруқ, субҳ, бу анинг қоронғу кечасидур. Зулм анинг кўнглиға марғуб ва фисқ анинг хотирига маҳбуб. Мулк бузуғлиғидин замирига жамъият ва улус паришонлиғидин хотириға амният. Ободлар анинг зулмидин вайрона, кабутар тоқчалари бойқушға ошиёна. Бода сели чун базмида тўғён қилиб, ул сел мулк маъмураларин вайрон қилиб. Сувчи хонасиға фарш масжид равоқи тўкулгонидин ва кўплари бошиға хишт меҳроб тоқи емрулгонидин. Агар қон тўкмак анга пеша, кимки жони бор анга андеша. Агар шурбға машъуф - кўй ва кўча мусулмонларға махуф. Агар фосиқ бўлса ва бад, афъол - эл ирзи ва аёлиға андин бийму накол. Ва ситезарўй бўлса ва худрой мушфиқ Навоий жониға вой! Ўз ношойисти ўз олида хўб ва эл маъқули анга мардуд ва маъюб. Кўп хизмат оз саҳв била олида нобуд ва кўп ҳақ ва рост оз хато била илайида номавжуд. Хато ройи ўнг келмаса, дахлсизларга ширкат, балки нақиз тутқонларға зиёда туҳмат. Носавоб хаёли туз чиқмаса, ширкати йўқларға итоб ва балки хабари йўқларга арода азоб. Ҳаёт суйин оғу деса, мусаллам тутмоғон гунаҳкор ва қуёш нурин қоронғу деса, таҳсин қилмоғон тийра рўзгор. Ўз жонибидин қатранинг дарёча ҳурмати ва зарранинг байзача қиймати. Эл тарафидин моли олам бир қора пулдин кам ва фидо қилғон жони азиз, онча йўқким, бир пашиз. Қора қузғунни оқ туйғун деса, қозни яхши олур демаган муқассир. Ёруқ кунни тийра тун деса, суҳо кўрунадур демаган мудбир. Чин дер элга - жон хатари, хайрға далолат қилғувчиға ўлум зарари. Ҳақ анинг қошида ботил, хирадманд анинг ақидасида жоҳил. Элдин кўнглида кийнаси - махфий хазинасининг дафинаси. Қатл учун жон бермак шиори, эл молу жониға қасд - шикори. Бу ёмон подшоҳки, бўлғай вазири ҳам ёмон, андоқки, Фиръавн наёбатида Ҳомон(7). Байт: Уйлаким шоҳ морға бўлғай мумид ҳам жаъфарий, Ё вабойи халққа тоун ҳам ўлғай бир сари. Тенгри мундоқ балоларни адам чоҳидин вужуд тахтгоҳиға келтурмасун ва йўқлуқ зиндонидин борлиғ шаҳристониға еткурмасун. Бешинчи Фасл: Вузаро Зикрида Вазир визрдин муштақдур ва бу феъл анинг зотиға аҳақ ва аляқдур. Бу ишни писандида қилғон Осаф(8) эрмишким, нигини нақши «қад раҳималлоҳу ман ин-сафа»(9) эрмиш. Ҳамоноки, Осаф борди, инсофин олиб борди ва инсоф гавҳарин бу ноинсофлар орасидин чиқорди. Киши агарчи ўзин елдек ҳар ён солғай, Осафни бу хокдонда қайда топа олғай. Даҳр элида бировки Осаф ниҳоддур, билгайким, Сулаймон тахти барбоддур. Бу золимлар - мулкни барбод бергувчилардур ва мулк аҳли йиғиштурғонларин битиргувчилардур. Авло улким, булар зикрида киши хома сурмаган ва бу хомадек қора юзлуклар отин қалам тилига келтурмагай. Заҳр бериб бемор ўлтургувчи табиб, буларнинг ҳолиға мушобеҳдур ва қариб. Бу икки хайлдин ҳар бири бир афъи, шоҳға вожибдур буларнииг дафъи. Булар, жумласи чиёнлар, халойиққа еткурур зиёнлар. Килклари нўғи ақраб ниши, раият жониға ул ниш ташвиши. Неча бу ниш мазлумларға санчилғай, умид улки, бошлари ажал тоши била янчилғай. Маснавий: Булардин гар аъло гар адно дурур Ким, андин халойиққа изо дурур. Шаҳ ўлтурмас авлодур ул элни бот Ки, дебдур набий «иқтилсо алмуъзият»(10) Олтинчи Фасл: Ноқобил Садрлар Зикрида Бедиёнат судур бидъати саййиадур било-зарур. Бу нокас агар омийдур фисқу фужур анинг комидур. Мажлисида нағманавозлиқ илм ва тақво азосиға - навҳасозлиқ. Уламо келтурган гулоб шишаларики холи қолиб, бода солурға ани мулозимлари олиб. Бу келтурган набот газак учун ушалиб, вазифа важҳлари ўзга асбоб учун сайғолиб Бадкирдор анда ғалаба ва пойкор анда талаба. Навкарларига ош хонақоҳ ротибасидин ва чуҳралариға маош шайх ва мударрис вазифасидин. Базмиға май келтургали муҳтасиб рози ва майға бодаполо риши қози, кишварки, анда маноҳий мундоқ беҳисоб бўлғай, ислом ва шариатға не иззат ва не ҳисоб бўлғай. Садр керак уламоға дастёр бўлса ва машойихқа коргузор ва хизматкор ва содотға мумид ва фуқаро хизматида мужид. Зулм риштасин узгувчи ва авқоф бузуғин тузгувчи ва зироат касратида саъй кўргузгувчи. Маснавий: Йўқ улким фосиқу хаммору зукка Ки, бузғай гарчи бўлғай хожа дукка. Рикоби нақши кимсонлиғ саросар Тўнида ортиқ ондин зебу зевар. Қитъа: Кераки бошиға қўйса алоқалик дастор, Яна ридо ҳам анинг эгнида маволийдек. Йўқ улки, маркаби бўйниға боғлаб осса қўтос, Осилғай ўзининг ўз бўғзидин сақолидек. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62484 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58307 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40527 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36752 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23375 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23215 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22338 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19610 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18699 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14513 |