Садди Искандарий (II- қисм) [Alisher Navoiy]

Садди Искандарий (II- қисм) [Alisher Navoiy]
Садди Искандарий (II- қисм) [Alisher Navoiy]
Садди Искандарий (давом)
ХХХV
Искандарнинг жаҳонгирлик муддаоси била азм этиб, Хуросонға етиб, Ҳироти сонаҳаллоҳу анил-офоти вал балиётни бино қилиб, Мовароуннаҳрни олиб Самарқанди бемонанд тарҳин солиб, Кашмир сори мутаважжиҳ бўлғони ва Кашмирийлар сеҳри дафъиға Мусо киби яди байзо кўргузуб, сеҳройин қалъаларин мўжиза бирла бузуб, Маллунинг доғи бузулуб, тилисм қўрғониға азм этгани ва Искандарнинг Кашмир шаҳриға кетгани


Муаррихки, шарҳ этти бу можаро,
Бу янглиғ бўлур сўзга дастонсаро
Ки, чун қилди қишлоқ азмиға шоҳ,
Қаробоғи Арронни оромгоҳ.
Жаҳонгирлик эрди андешаси,
Бу тадбир эди туну кун пешаси.
Тузуб ҳикмат аҳли била анжуман,
Бўлур эрди бу амрда ройзан.
Хаёлида доим бу тадбир эди,
Хаёли намудори тақдир эди.
Бу андешадин ҳосил ўлғач фароғ,
Сипаҳ зийнатин айлар эрди яроғ.
Бериб қавму хайлиға дилдорлиғ,
Тилар эрди Ҳақдин мададкорлиғ.
Чу рафъ ўлса эрди анга барча қайд,
Бўлуб рокиб, айлар эди азми сайд.
Фароғат чоғи, сайд ўлуб пешаси,
Матофи Арас(1) рўдининг бешаси.
Бу эрди иши токи гардон сипеҳр,
Ҳамал жилвагоҳиға еткурди меҳр.
Қуёш хусрави чунки топиб шараф,
Сипаҳ тортти сабзадин ҳар тараф.
Уруб шоҳи хуршидваш боргоҳ,
Чекиб дашт уза сабза янглиғ сипоҳ.
Топиб саъд соат куҳан тоқдин,
Саодат била чиқти қишлоқдин.
Қилиб азм, қўйди Сипоҳонға(2) юз,
Ўтуб андин, урди Хуросонға(3) юз.
Мунга етгуча борча Эрон замин
Бўлуб эрди ҳукмиға зери нигин.
Хуросон ҳавосида топти нишот,
Мизожиға юзланди кўп инбисот.
Ким, ул кишваре эрди беҳад васеъ,
Ери ўзга иқлимлардин рафеъ.
Масоҳат қилиб борча атрофини,
Нечукким керак топиб авсофини.
Фазосида кўп чашмау руд бор,
Бори юб кўнгул кўзгусидин ғубор.
Яна баҳр янглиғ улуғ тўрт руд
Ки, кўк тоқиға савти тортиб суруд.
Ўзи чунки жаннат намудор ўлуб,
Сулар доғи жаннатқа анҳор ўлуб.
Алардин дедилар бирин Ҳирманд(4)
Ки, ҳар қатраси рафъ этиб юз газанд
Ки, анҳоридин мулки Зобулситон(5).
Бўлуб зебу зийнат аро гулситон.
Сафо ичра кўзга бериб хиралиқ,
Ҳамул мулкдин рафъ этиб тиралик.
Ёруқ, ўйлаким меҳри гетифуруз,
Бу маънидин оти келиб Нимрўз(6).
Бу кишварда ҳар бир гадо Ҳотаме,
Доғи ҳар сипоҳи келиб Рустаме.
Яна бир алардин Дарижаз(7) суйи,
Манофиъда ул навъким – раз суйи.
Қаю раз, «шаробан таҳуро»дур ул,
Кеча-кундуз ошоми ҳуродур ул
Ки, анҳори обод этиб мулки Балх
Ки, андиндурур хасмнинг айши талх.
Ҳамул Балхким, қилди Ҳушангшоҳ,
Жаҳондин гузин айлабон тахтгоҳ.
Мақоми – Бироҳими Адҳам(8) келиб
Ки, гарди раҳи чархи аъзам келиб.
Яна бир доғи келди Мурғоб руд(9)
Ки, шаънида кавсардин ўлди дуруд.
Олиб заҳмати жисму ранжи равон,
Хирад айтибон они ганжи равон.
Бўлуб андин обод Мохону Марв
Ки, қуштур тазарв анда, ашжор – сарв.
Паривашларидин бўлуб баҳраманд,
Қилиб тахт Таҳмураси девбанд.
Бўлуб сўнгра Санжарға оромгоҳ,
Ки, қуш кўрмай ул навъ бу домгоҳ.
Яна бир анга Чахчарон(10) руд ўлуб
Ки, ул руд ҳайвон суйидин тўлуб.
Ери рифъат ичра фалакдин нишон,
Бу руд анда ул навъким Каҳкашон.
Ушоқ тошлари ахтари тобнок,
Латофат аро, ўйлаким дурри пок.
Суйи хосиятда зилоли ҳаёт,
Топиб андин ичкан ўлумдин нажот.
Қироғинда ҳар гулбуни ахзаре,
Бақо ичра бир Хизр пайғамбаре.
Фалакваш ерининг фазоси доғи,
Келиб жаннатосо ҳавоси доғи.
Вале бу сифат наҳри Кавсармисол
Ки, андин жаҳон коми топиб зилол.
Суйи қуму дашт ичра шоеъ бўлуб,
Бориб ончаким, борча зоеъ бўлуб.
Хуросонни чун шаҳ масоҳат қилиб,
Нечукким керак тўрт наҳрин билиб.
Дедиким, «Бу ердур жинон гулшани»,
Писанд айлабон хотири равшани.
Вале чунки манзури ўлғоч бу наҳр,
Ясаб анда бир жаннатосор шаҳр.
Чу мазкур этиб аҳли дониш ҳир от,
Писанд айламай хотири, жуз Ҳирот.
Чу бу лафзға илтифот айлабон,
Ҳамул шаҳр отин Ҳирот айлабон.
Ҳирот ўлди алқоби Искандари,
Дедилар авом они лекин – Ҳири.
Чу тўртунч иқлим эди мавқеъи,
Бас ўлди қуёш соҳиби толеъи.
Кавокибгаким, ети тақсим эрур,
Жаҳон мулки ҳам ети иқлим эрур.
Ангаким васат меҳри рахшон келиб,
Мунга лек мулки Хуросон келиб.
Хуросон бадандур, Ҳирий жон анга,
Ҳирий жон, бадандур Хуросон анга(11).
Ало, токи бўлғай сипеҳр узра меҳр,
Ёруқ меҳр нуридин ўлғай сипеҳр,
Анга бўлмасун меҳр янглиғ завол,
Сипеҳр этмасун халқин ошуфтаҳол.
Чу саъй айлабон қилди дорои даҳр,
Бино бўйла кишварда бу навъ шаҳр.
Қилур эрди манзил-баманзил мурур,
Ангачаки Жайҳундин этти убур.
Яна кишваре кўрди фирдавсваш,
Ҳавоу суйи мисли фирдавс хуш.
Латофат аро равзадин баҳр анга,
Вале исм ўлуб Моварауннаҳр(12) анга.
Нединким, ики наҳр ароси келиб,
Яқин юз йиғочқа фазоси келиб.
Оқиб ҳадди шарқида Сайҳун суйи,
Бориб ҳадди ғарбида Жайҳун суйи.
Йўқ улким анга бу ики руду бас,
Ўн-ўн беш сув ҳар бир нечукким Арас.
Бўлуб ҳар биридин жудо наҳрлар
Ки, ҳар наҳри обод этиб шаҳрлар.
Ва лекин бу рудеки, дерлар Кўҳак(13)
Ки, йўқ равзанинг наҳри эрконга шак
Ки, ичгач тавоно бўлуб нотавон,
Гузар айлабон умр янглиғ равон
Ки, андин не бир шаҳр обод ўлуб,
Не маъмурасидин биров шод ўлуб.
Агарчи латофатда рашки Фурот(14),
Бўлуб борча зоеъ, нечукким ҳаёт.
Скандар чу бу мулки дилкаш кўруб,
Фазоу ҳавосин Эрамваш кўруб.
Хусусан Кўҳак рудиким, наҳри Нил(15)
Емас онча, не Нилким, Салсабил(16).
Яна Тенгридин бўйла тутти умид
Ки, ул Нил учун Мисре этгай падид.
Қилиб ҳикмат аҳли била гуфтугўй,
Етиб шаҳр учун яхши ер жустужўй.
Ҳамул пуштаеким Кўҳак топти исм,
Не пушта жаҳон ганжи узра тилисм.
Ушоқ тош анга лаълу инжу киби,
Яшил сабзаси чархи мийну киби
Ки, мансуб эрур анга Кўҳак суйи,
Нединким, эрур жори андин қуйи.
Ҳамул тўпа оллидин андоқ оқар
Ки, ошиқ бошу ашки, дер, ким боқар(17).
Анинг ёнида шаҳр қилди бино
Ки, ўлтурмасун анга гарди фано.
Скандар отоди Самарқанд ани,
Самарқанди фирдавсмонанд ани.
Ани чун тугатти қилиб эҳтимом,
Равон қилди Кашмир сори хиром.
Кесиб даштнинг роҳу бероҳини,
Анга солғуча сояи жоҳини.
Бийик ҳиммату бахти бедоридин,
Басе мулк фатҳ ўлди ҳар соридин.
Чу Кашмир ҳаддиға қўйди оёғ,
Падид ўлди бир чархпайванд тоғ.
Кўкартиб қамар оразин хораси,
Солиб бўркни ерга наззораси.
Фалакка дегин, ўйла рахшанда тош
Ки, пардохт қилғайлар айлаб тарош.
Ики жониби ҳар бир андоқ йироқ
Ки, қатъиға азм этмаган яхшироқ.
Бу янглиғ бийик тоғ, анингдекки Қоф,
Бўлуб чархдин ерға тегру шикоф.
Бўлуб ошкоро аросинда йўл,
Вале ики йилмон қаё ики қўл.
Бу йўлким анга тоғ ўлуб ҳар сари,
Келиб арзи тахмин била юз қари.
Ани аҳли Кашмир дарбанд этиб,
Ики тоғни бир-бирга пайванд этиб.
Юз эллик қари авжи рифъат анга,
Яна мунча доғи захомат анга.
Анингдек қўюб гаж била хора тош
Ки, ердин бўлуб кўкка якпора тош.
Темурдин ясаб анда дарвозае,
Фалак тоқидин тоқи андозае.
Бу дарвозани ўйла руст айлабон,
Ким ул ики жузвин дуруст айлабон.
Қўпорибки ердин мадоро била,
Камаргоҳиға тегру хоро била.
Ясаб устида буржу бору доғи,
Адув дафъин этмакка кўшиш чоғи.
Демай кимса дарбанду бору ани,
Тасаввур қилиб ақл жоду ани.
Ичинда ики минг киши чорасоз,
Бори ҳийлапардозу афсунтироз
Ки, дарбанди олий намудоридин,
Яқин келмагай кимса минг қоридин.
Кишиким қадам қўйғай ул ён нухуст,
Аёғи анинг бўлғай ул навъ суст
Ки, топмай таҳаррукнинг имконини,
Ёмон вартада кўргай ўз жонини.
Таковар доғи қилса ул ён шитоб,
Аёғидин итгай тавон бирла тоб.
Сипаҳ чун бу ерга етиб, лол ўлуб,
Таҳайюрдин ошуфта аҳвол ўлуб.
Шаҳ оллиға қайтиб аён эттилар,
Неким бўлмиш эрди баён эттилар.
Шаҳ этмай бу сўзларга ҳеч илтифот,
Арасту била етти ул ерга бот.
Инонмай йироқтин намойиш била,
Яқин айлади озмойиш била.
Дедиким: «Бу найранги Кашмирдур,
Фусунгар иши, макру тазвирдур.
Керак қилмоқ андоқ анинг чораси
Ки, бўлғай нигун бурж ила бораси».
Черикни тушурди кейинрак ёниб,
Юруб ҳифз учун давриға айлониб.
Чу кўнгли бўлуб жамъ, айлаб хиром
Тушуб боргоҳ ичра, тутти мақом.
Бор эрди жанобида беш юз ҳаким,
Алардин ўни кеча-кундуз надим:
Филотун, Арасту, Балинос ҳам,
Яна Арашмидус, Шаминос ҳам.
Қилинмуну Волису Фарфурнус
Ки, Суқроту Ҳурмус киби хокбўс.
Борин ҳозир этти тузуб анжуман,
Деди анжумансози лашкаршикан
Ки: «Бу ишки афсуни Кашмир эрур,
Ани дафъ этарга не тадбир эрурғ»
Равон ҳикмат аҳли сўз оғоз этиб,
Тилин шаҳға бори дуосоз этиб,
Дедиларки: «Шаҳға бу иштин не ғам,
Бу иш демали, бўлса юз мунча ҳам.
Бу дарбанд агар чархи гардон эрур,
Иложи анинг бизга осон эрур.
Шаҳ иқболини Тенгри этсун фузун
Ки, иқболи гар бизгадур раҳнамун.
Бу найрангларга шикаст айлали,
Бийик борасин ерга паст айлали.
Не қилғай неча жўгийи сеҳрсоз,
Бири муҳрадузду бири ҳуққабоз
Ки, ҳикмат эли они дафъ этмагай,
Илайдин не қилғонлари кетмагай.
Бу донишвар элким эрур раҳбаринг,
Қаю раҳбаринг, бандау чокаринг.
Биликдин эрур ҳар бири бир жаҳон,
Жаҳон ҳикмати ҳар бирида ниҳон.
Филотунға юзланди ул ерга иш
Ки, жўгидин ўлғай анга сарзаниш.
Арасту нега ердин ўлмас адам
Ки, кўргай фусунгардин афсуну дам.
Кўп ўлса фусунсози Кашмирнинг,
Биримиз бизинг бас, алар бўлса минг.
Неча бўлса чубчуққа жоду лақаб,
Кўпидин қилур сайдгар кўп тараб.
Шаҳ ар ики кун бўлса оромжўй,
Учунч ўлсун аъдосидин комжўй.
Қилиб ҳикмат ойиниға илтижо,
Бузоли алар сеҳрини жобажо».
Скандар бу сўздин тарабгин бўлуб,
Сўзи аҳли ҳикматқа таҳсин бўлуб:
«Бори амрдин, – деди, – маъзул ўлунг,
Бориб бу ишингизга машғул ўлунг».
Алар қўпти шаҳни дуо айлабон,
Неким коми эрди, раво айлабон.
Скандар қўпуб, қўйди хилватқа юз,
Алар қўйдилар борча ҳикматқа юз.
Бўлуб анжум аҳволиға раҳшунос,
Табиатларин доғи айлаб қиёс.
Неча кўрау дамни даркор этиб,
Филиззотдин бир намудор этиб.
Қилиб мазж сиймобу қалъию рўй,
Намудор қилдилар ул навъ гўй
Мудаввар фалакдек мисоли анинг,
Фалакваш ичи доғи холи анинг.
Ичининг халосин мало қилдилар,
Адовидин они тўло қилдилар.
Мураккаб неча навъ ашё қилиб,
Ҳамул ҳуққа ичра муҳайё қилиб.
Ики суқба ичра фатила анга,
Қилиб зоҳир ул тавр ҳийла анга,
Ким ул гўйни хасм боши киби,
ғалат айладим, раъд тоши киби.
Фатиласиға ўтни чуст айлабон,
Қўюб раъд ёйиға руст айлабон.
Ани отиб ул сода хоро аро,
Ҳаводин тушургайлар аъдо аро.
Фатила борурда куюб сарбасар,
Етиб махфий ашёға ўтдин асар.
Чу ерга тегиб руст гўйи тилисм,
Неча пора бўлғай анга салб жисм.
Ушолғоч, садо чиққай андин ғариб,
Яна шуълау риҳу дуди ажиб.
Уни бузғай ул сеҳр асбобини,
Ўти очқай ул қалъанинг бобини.
Қаро айлагай дуди соҳир юзин,
Қаророқ ҳамул фанда моҳир юзин.
Исидин ким этса муаттар машом,
Унутқай фусун илмини, вассалом.
Чу зебо тилисм ўлғач ороста,
Ҳамул навъким моҳи нокоста.
Бўлуб жамъ ул ҳикматойин гуруҳ,
Фалакдин фузун ҳар бирига шукуҳ.
Қўюб шоҳи Дорофар оллиға юз,
Не Дорофар, Искандар оллиға юз.
Тилисми ниҳонни аён қилдилар,
Ниҳон барча рамзин баён қилдилар.
Шаҳ ул турфа ишдин басе шод ўлуб,
Деди узрлар ҳаддин афзун қўлуб
Ки: «Мундоқ тилисмеки соз эттингиз,
Шуруъида не ишга мавқуф сизғ»
Чу шаҳ табъида топтилар бу ҳавас,
Дедиларки: «Ҳукмунгға мавқуфу бас!»
Қўпуб шоҳу эл ичра ғавғо тушуб,
Улусқа ул ишдин алоло тушуб.
Чу рокиб бўлуб қалъаға қилди майл,
Улус доғи юзланди андоқки сел.
Юруб оллида олам огаҳлари,
Рикобида бори жаҳон шаҳлари.
Сипаҳнинг қироғиға чун еттилар,
Равон раъд асбоби соз эттилар.
Тилисми гаронмояни келтуруб,
Ҳамул раъд ёйиға тошдек қуруб.
Чу доруга ўт етти, тутти ҳаво,
Қилурга улус меҳнатиға даво.
Бориб тушти аъдо аросиға чуст,
Азим ун чиқорди тегиб ерга руст.
Деган тўрт иш тутти андин вужуд:
Садоу афан, ис била ўту дуд.
Садо ботил этти фусунларни пок,
Ўти куйдуруб қалъани қилди хок.
Фусунгар юзин дуди этти қаро,
Иси қўймади нукта хотир аро.
Алар ичра чун тушти бу рустахез,
Топилмас эди чорае жуз гурез.
Қочиб бўлдилар озими пойтахт,
Анга тегруким Маллуйи тийрабахт.
Паришонлиғу бенаволиғ била,
Ҳамул дуддин юзқаролиғ била.
Борур чоғда минг жодуйи сабзранг,
Ва лекин келиб барчаси аҳли занг.
Бориб анда кўк қарға – зоғе келиб,
Кетиб тўти, аммо калоғе келиб.
Ҳамул гўй отилғоч қочиб як-баяк,
Масалдурки: «Минг қарғаға бир кесак»(18).
Киши тонимай мунда мингдин бирин,
Алар демагунча ул иш соҳирин.
Чу Маллуға арз эттилар ҳолни,
Алар отқон ул турфа тимсолни.
Скандар ишидин кўтарди ҳисоб,
Ўз аҳволиға топти йўл изтироб.
Қавий англади они, ўзин заиф,
Яқин билдиким, эрмас эрмиш ҳариф.
Ҳаким оллида ҳеч жоду сўзи,
Нечукким Скандар қошида ўзи.
Адув олғонин билди дарбандни,
Ҳамул қалъаи чархмонандни.
Яқин англадиким, хато айламиш
Ки, шаҳ буйруғидин ибо айламиш.
Ўзин топти бебаргу ҳайрон басе,
Елин ҳам ваҳиму паришон басе.
Тута олмади мулки ичра қарор,
Доғи топмади чорае жуз фирор.
Ҳамул қалъаким васфи ўтти бурун,
Топа олмади андин ўзга ўрун.
Анинг нақбин очмоққа айлаб шитоб,
Хазойин тошитти анга беҳисоб.
Басе бебаҳо туҳфа – бори нафис
Ки, табъ они топқай ўзига анис.
Жавоҳир фузун ҳадду миқдордин,
Самин гавҳару лаъли шаҳвордин.
Авонийи сиймину заррин зуруф
Ки, ожиз бўлуб элга андин вуқуф.
Хазойиндаким ҳар не ашё эди
Ки, навъи туҳаф ё ҳадоё эди.
Борин, ўйла қилдурди қўрғонға нақл
Ки, эҳсосидин қолди ҳайратқа ақл.
Чу жамъ айлади кўнглин ул ҳолдин,
Фирор этти нофаррух иқболдин.
Макон айлади ул Қаро тоғ уза,
Анингдекки қўнғай чибин зоғ уза.
Анга бўлди иш бўйла суратпазир,
Вале шоҳи Жамқадру Доросарир.
Ҳамул дамки оттурди қўрғонға гўй
Ки, дарбанд қилди йиқилмоққа рўй.
Деди, айлагай азм қўрғон сари,
Нечукким наби чархи гардон сари.
Вале бермади аҳли ҳикмат анга,
Равон азм қилмоққа рухсат анга.
Ки: «Қилмоқ бугун азм эмас маслаҳат,
Бугун манъ қилмоққа будур жиҳат.
Ким, ул дуд ила ис тугансун тамом
Ки, нуқсон топар элга андин машом».
Ешитгач бу сўз довари қаҳрамон,
Сукун ихтиёр айлади шодмон.
Ёниб боргаҳ сори азм айлади,
Тараб бирла оҳанги базм айлади.
Билик аҳлидин мажмае соз этиб,
Кўп эҳсону таҳсинлар оғоз этиб.
Қилиб ҳар бирин лутфидин баҳраманд.
Ато бирла таъзимидин аржуманд.
Чу мағрибқа отти ҳакими сипеҳр,
Скандар тилисми киби гўйи меҳр.
Қадаҳ бирла тийби димоғ эттилар,
Тараб бирла майли фароғ эттилар.
Анга тегруким, гарм бўлди димоғ,
Қўпуб, уйқудин истадилар фароғ.
Бориб табъдин ранжу фарсудалиқ,
Бадан уйқудин топти осудалиқ.
Чу хуршид кўргузди анворини,
Скандар киби очди рухсорини.
Скандар очиб чеҳра хуршиддек,
Мурод аҳлиға субҳи уммиддек.
Чиқиб рахш уза, ўйлаким Рустаме,
Ва ё чарх уза наййири аъзаме.
Сипаҳ доғи тўш-тўшдин ўлди равон,
Агар худ тавоно ва гар нотавон.
Чу дарбанднинг оғзига ёвушуб,
Неча кун черик ўттилар чупрушуб.
Қилиб кўч-баркўч ул ён хиром
Ки, етти ҳамул шаҳр элидин паём.
Расуле етиб хидмат этти падид,
Бир илгида нома, бирида калид.
Хатин шаҳр аҳли савод айлабон,
Анинг ҳукмиға инқиёд айлабон
Ки: «Маллуда бўлғон замон бу диёр,
Йўқ эрди бу қулларға ҳеч ихтиёр
Ки, қилгай эдук хидмат изҳорини,
Аён айлабон қуллуқ осорини.
Бу дамким ани шавкатинг қилди паст,
Фирор ихтиёр этти, топиб шикаст.
Неча бандалиғ ичра шармандабиз,
Неким бизга ҳукм айласанг бандабиз.
Ёруғ айласанг мулки вайронимиз,
Фидодур санга мол ила жонимиз.
Ва гар бизни истарга фармон эрур,
Бориға юзунг кўрмак армон эрур.
Ерурбиз не ҳукм айласанг муфтахир,
Бу нома жавобига биз мунтазир».
Скандар ўқуғоч бититди мисол
Ки: «Сиз келгали бўлманг ошуфтаҳол.
Ҳамул мулкунгузда фароғат қилинг,
Манга деб дуо, Ҳаққа тоат қилинг
Ки, мен худ келурмен шитоб айлабон»,
Йиборди бу янглиғ хитоб айлабон.
Етишгунча бу нома бирла расул,
Ўзи доғи шаҳр ичра қилди нузул.
Ясаб эрди Маллу тарабхонае,
Тараб қилгали қасри шоҳонае.
Ҳамул қаср даврида бир турфа боғ,
Анга ҳар гули тоза равшан чароғ.
Бийик тоқини чархфарсо қилиб,
Бу гулшан отин Жаннатосо қилиб.
Ҳамул равзада бўлди шаҳ манзили,
Тушуб шаҳр ичинда сипаҳ маҳмили.
Чу бу ишни маълум этиб хосу ом,
Бори Жаннатосоға айлаб хиром,
Хавоси кўруб шоҳдин илтифот,
Топиб ҳар бири янги бошдин ҳаёт.
Авом оллиға илтижо айлабон,
Йироқтин чекиб ун, дуо айлабон.
Шаҳ алтоф ила барчасин шод этиб,
Бузулғон кўнгулларни обод этиб.
Қилиб ҳукмким, эл қилиб изтироб,
Кишидин тамаъ қилмасун риштатоб.
Бировким тамаъ риштае қилғуси,
Анинг бирла бўғзидин осилғуси.
Бериб мулк эли лек моли амон
Ки, андин топиб баҳра яхши-ямон.
Раият бу бермакка хурсанд ўлуб,
Сипоҳи олурдин баруманд ўлуб.
Бировдин бировга етишмай ғаме,
Кишидин киши олмайин дирҳаме.
Скандар ичиб айш учун жоми соф,
Қилур эрди Кашмир мулкин тавоф.
ғаройиб кўрар эрди ҳаддин фузун
Ки, шарҳи анинг сўзни айлар узун.
Бир ул жумладин жоме эрди шигарф,
Тўла майдин андоқки дарёи жарф
Ки, Маллу чу солиб чиқиб мулкини,
Қочиб қолди гўёки бир хозини.
Неча туҳфа ганжидин онинг олиб,
Чу ул қалъаға азм этиб, бу – қолиб.
Ҳамул туҳфалар бир-биридин ғариб,
Ҳамоно Скандарга эрмиш насиб.
Алардин бири ул дурахшанда жом,
Ичинда тўла бодаи лаълфом
Ки, ҳар нечаким ичса кам бўлмайин,
Ича олмайин кимса, хам бўлмайин.
Ёзиб жом даврида таърифини,
Қилур чоғда ул жом таснифини
Ки, оламни олғонда Жамшидшоҳ
Ким, ул хусраве эрди ҳикматпаноҳ.
Неча йил йиғиб ҳикмат аҳлин тамом,
Тилисм эттилар саъй этиб ики жом.
Бирисин деди: Жоми Гетинамой,
Бирисин деди: Жоми Ишратфизой.
Чу Гетинамо асру машҳур эрур,
Муни васф этай улча мақдур эрур
Ки, вазъин тилисм айлаганда ҳаким,
Бу навъ айламиш соз табъи салим.
Ки, май жозиби бўлгай ажзо анга,
Тамом ўлмағай бода асло анга.
Неча ичсалар бўлғай ул лаб-балаб,
Зиҳи хуш тамошо, зиҳи хуш тараб.
Агарчи неча ичса ўксулмагай,
Вале эгри ҳам бўлса, тўкулмагай.
Анингдекки, май жазби онинг иши,
Ола олмағай жазб қилмай киши.
Май анда ҳамул кун магар қолмағай
Ки, оламда майдин асар қолмағай.
Скандарга чун рўзи ул жом ўлуб,
Тузуб мажлису бодаошом ўлуб.
Қилиб ҳикмат аҳли тамошо ани,
Иликдин даме қўймай асло ани.
Бўлуб шаҳға ул навъ ишратфизой
Ки, ёд айламай Жоми Гетинамой.
Кетур соқий, ул жоми ёқутгун
Ки, эл табъида ишрат этгай фузун.
Неча бодасин ичса кам бўлмағай,
Муоширға андин алам бўлмағай.
Муғанний, суруде чиқор дилнавоз,
Бўлуб аҳли Кашмирдек сеҳрсоз.
Агар нағма бас қилмоқ этсанг ҳавас,
Ҳамул жом гум бўлмайин қилма бас!
Навоий, агар топсанг ул навъ жом,
Неким бодадин ўзга ичсанг ҳаром.
Хитоб этгасен Жоми Боқий ани,
Вале тутса гулчеҳра соқий ани!
ХХХVI
Ҳакими коинот пайванд ва холиқи бемислу монанд маснуоти тамошоси анинг вужуди исботиға ҳужжати қотиъ ва бурҳони сотиъ экан бобда нукта сурмак ва ул саноеънинг бадоеъи жаҳон кезмакта кўпрак муяссар эрконга ҳам далил келтурмак ва сафар тариқин уч навъда тақсим қилмоқ: аввал, солики раҳнавард ўзлук баводисин қатъ этиб, мақсад ҳарамиға муҳтарам бўлмоқ; иккинчи сайёҳи жаҳонгард талаб манозилида бошдин қадам қилиб, муршиди комил иршоди била такмил топмоқ; учунчи, хусрави Баҳром набард сипоҳи анжум адад чекиб жаҳон мулкин олмоқ


Азал субҳиким чекти Файёзи Жуд,
Бори офаринишқа нақши вужуд.
Таҳаррук топиб килки тақдир анга,
Бўлуб кавн ашколи тасвир анга.
Чу ул хомани қилди суратнигор,
Ажойиб сувар бўлди кўп ошкор.
Ажаб йўқ мусаввир эса бир оти
Ким, ул чекти кавнайннинг сурати.
Бу тасвир аро кўп ғаройиб дурур,
Ниҳоятсиз анда ажойиб дурур.
Ки, ҳар қайсиға кимки тадқиқ этар,
Мусаввир камолини таҳқиқ этар.
Чу ашёда кўрса киши санъатин,
Билур Сонеъи ғайбдон қудратин.
Ул аъжубаларда бўлуб хурдабин,
Анга Ҳақ камолида ортар яқин.
Ким ўлғай қуёш сиррининг маҳрами
Ки, бир зарра моҳиятин одами.
Нечунким керак билмак осон эмас,
Не осон эмас, балки имкон эмас.
Ва лекин киши зоҳир этса талаб,
Жаҳон ичра кўптур ажабдин-ажаб.
Муни кўрмак ўлмас жаҳон кезмайин,
Тааб заҳрин ўз комиға эзмайин.
Сафар заҳмати гарчи душвор эрур,
Тенгиз қаърида дурри шоҳвор эрур.
Муҳит ичра чўммай нечукким наҳанг,
Киши урса бўлғайму гавҳарға чангғ
Катакда қолиб бўрдағон мокиён,
Не маълуми учмоққа суду зиён.
Фалак жавфида ғарқ ўлуб журрабоз
Пару бол урар чун нишебу фароз.
Демай, сайд жониға яғмо қилур
Ки, оламни яксар тамошо қилур.
Тарона чекар сойир эрконда руд,
Чу турди тараб бирла, чекмас суруд.
Валоят ишин қилсалар кимга арз,
Бийикрак мақоми эрур таййи арз.
Сафар қилмағон одами хомдур,
Совуқда тўнгар кимга оромдур.
Фалак сайрдин поя топти баланд,
Сукун қилди туфроғни хору нажанд.
Сафар қилмағонға не огоҳлиқ
Ки, элга қилур Хизр ҳамроҳлиқ.
Не воқиф киши уйдин олмай қадам
Ки, не жонфизодур тавофи ҳарам.
Хуш улким, кўнгулга кушод истабон,
Қўпуб азм қилғай, мурод истабон.
Фано тайласонини қилғай кафан,
Кафан бас анга, балки гарди миҳан.
Тажарруд хиромига роғиб бўлуб,
Таваккул самандига рокиб бўлуб.
Сароби фано жўйбори анинг,
Самуми бало лолазори анинг.
Аёқтин-боши шавқ ўти ичра ғарқ,
Итик пўяда секриб андоқки барқ.
Тани чайқалиб кўнгли топокидин,
Ул ўт бош уруб жисми хошокидин.
Қабарчуқ кафи пойида ҳар тараф,
Тўла дурри мақсуд ила ики каф.
Ёрилғоч суйи дема ҳар ён томиб,
Фано абридин дурри ғалтон томиб.
Дема дурри ғалтонки, ҳайвон суйи,
Аёғда тўла ҳар тараф жон суйи.
Ёруғким тобонни қилиб чоклиғ,
Ясаб оби ҳайвон оқарға ариғ.
Хизр айласа пойбўсин ҳавас,
ғараз ичмаги оби ҳайвону бас.
Не бийми малолат, не хавфи алам,
Бу янглиғ етиб қилса тавфи ҳарам,
Иё мукриму ҳужра тайёр анга,
Карамдин эмас бермамак бор анга.
Бу янглиғ азиз улки меҳмони бор,
Қачон мизбон бўлмай имкони бор.
Бу янглиғ сафар кимгаки берса даст,
Нетар хилват ичра бўлуб пойбаст.
Сафар ичра мундин бийик йўқ мақом,
Ва гар кимсага даст бермас бу ком,
Ёмон эрмас ул ҳамки озодае,
Миёнбастае йўлга омодае.
Қадам тортқон халқ абвобидин,
Етак силккан олам асбобидин.
Бўлуб жузвдони аниси анинг,
Китоби рафиқу жалиси анинг.
Жаҳон аҳлида чун вафо кўрмайин,
Жаҳондин доғи жуз бало кўрмайин.
Қилиб майл олам тамошосиға,
Фано мулкига, фақр саҳросиға.
Қўпуб гом уруб фарду фарзонавор,
Қилиб дашт қатъини девонавор.
Солиб ҳар нечук ергаким, етса кўз,
Ешитиб яна барча эл ичра сўз.
Кўруб ҳар машаққатда хосияте,
Топиб ҳар мазаллатда кайфияте.
Зилоле тилаб кўнглининг тобиға,
Табибе сўраб дарди ноёбиға.
Ўзин борча хайл ичра туз еткуруб,
Бори тузлар оллиға юз еткуруб.
Агар етса сарвақтиға комиле,
Қуёшдек фалаксайру равшандиле.
Қўюб заррадек сайру саргашталик,
Етак чун топиб, олмай андин илик.
Анинг хидматидин кушоде топиб,
Худо рўзи этса муроде топиб.
Бу янглиғ сафар доғи марғубдур,
Бу ҳам бўлмаса, ул доғи хўбдур
Ки, тортиб Скандармасаллик сипоҳ,
Бўлурға ети кишвар аҳлиға шоҳ.
Қаёнким азимат қилиб фатҳ этиб,
Қилиб ҳар тараф майл, нусрат етиб.
Бўлуб гаҳ Ажам мулки тасхир анга,
Мусаллам бўлуб гоҳ Кашмир анга.
ғаройиб ниҳоятдин афзун кўруб,
Ажиб амр ғоятдин афзун кўруб.
Чу бир-бир келиб ком ҳар дам анга,
Бўлуб рубъи маскун мусаллам анга.
Жаҳон мулкига ҳукми шоҳи топиб,
Бу шаҳлиғни маҳ то ба моҳи топиб.
Сафар ичра ҳар ишта аҳли рашод,
Бу янглиғ кушод узра топиб кушод.
Санга доғи бўлса кушоде ҳавас,
Бу оламда топмоқ муроде ҳавас.
Талаб йўлида қил шитобандалиқ
Ки, жўяндаға келди ёбандалиқ.
ХХХVII
Ики рафиқ ҳикоятиким, бири сайрдин қуёш сипеҳр кишварида шоҳ бўлғондек, мулк салтанатиға етти ва бири сукундин ер олам аҳлиға лагадкўб бўлғондек, хоксорлиқ ҳосил этти, бу ҳам то гарддек ҳаракат этмади, туфродин қўпуб мақомға етмади


Хуросонда бор эрди ики рафиқ,
Бўлуб рифқ ила бир-бирига шафиқ.
Ҳаводис солиб ишлариға шикаст,
Маош амрида бўлдилар тангдаст.
Бири қилмайин тарк мулку диёр,
Бири қилди лекин сафар ихтиёр.
Мужовирға даврон солиб зорлиқ,
Улусдин кўрар эрди кўп хорлиқ.
Керак элга муфлис кўрунса қалил,
Ким они қилур кўп кўрунмак залил.
Ерур озки, феруза бўлмиш азиз,
Чу хармуҳра кўпдур – ўни бир пашиз(1).
Мусофир сафарга топиб ихтисос,
Бурун худ мазаллатдин ўлди халос.
Кўруб ҳар дам амре бағоят ажиб,
Ани тортибон элтур эрди насиб
Ки, тушти гузаргоҳи Юнон сори,
Етишти ўлук – оби ҳайвон сори.
Ере кўрди туфроғи ҳикматсиришт,
Магар ҳикмат эрди анга сарнавишт.
Неча вақт анда мақом айлади,
Билик касбига эҳтимом айлади.
Мусоҳиб бўлуб аҳли ҳикмат била,
Басе илм касб этти рағбат била.
Не қилғоликим кимга ниятдурур,
Бурун шарт анга қобилиятдурур.
Чу қобил эди, топти беҳад вуқуф
Ки, ҳикматда бўлди жаҳонфайласуф.
Анга чун бу иш сайрдин берди даст,
Яна сайрға тушти қилмай нишаст.
Анга Ҳинд мулкига тушти гузар
Ки, шоҳиға ёпилмиш эрди назар(2).
Гарав айлаб эрди арода бу сўз
Ки, саъй айлаб улким манга очса кўз,
Анга ақд айлаб кўзум нурини,
Кўзум ичраки парда мастурини,
Ани қурратул-айну фарзанд этай,
Кўзум нурини анга пайванд этай(3).
Чу доноға фаҳм ўлди ул эҳтиёж,
Бориб бир-ики кунда қилди илож.
Шаҳ ўз ваъдасиға вафо айлади,
Дегандек ани кадхудо айлади.
Етиб шоҳ умри кунига завол,
Анга топти ул шоҳлиғ интиқол.
Чу огаҳлиғ ўлди анинг ёриға,
Буким шаҳлиғ ўлди анинг ёриға.
Сафар азми қилди ажаб ҳол ила,
Фалак кўбидин жисми помол ила.
Бу кишварни чун қилди оромгоҳ
Ки, ёри эди анда кишварпаноҳ.
Рафиқиға келди бу иш дилпазир,
Иноят қилиб, этти они вазир.
Чу мулкида афтодау зор эди,
Улус оллида дам-бадам хор эди.
Вазоратдин ўлмоқ рафоҳияти,
Бу доғи эди сайр хосияти.
Чу аввалғининг сайри комил эди,
Анга салтанат амри шомил эди.
Киши ўзлуки мулкидин қилса сайр,
Анга оқибат айласун Тенгри хайр.
ХXXVII - Ҳикмат
Искандарнинг Арастудин саволи ул бобдаким, чун сафар мужиби шиддатдур, ҳикмат аҳлидин анга нега рухсатдур ва жавоб эшитмак


Яна деди шоҳи Фаридунҳашам
Ки: «Ей ҳикмат аҳлиға ройинг ҳакам.
Ҳазарда бўлур кому осудалиқ,
Сафарда вале ранжу фарсудалиқ.
Чу табъ анда ранжуру ожиздурур,
Недин шуғли ҳикматда жойиздурурғ»(1)
Жавоб айтти фикр бирла ҳаким
Ки: «Ей ҳикмат амрида фикринг салим!
Буким сайр аро элга етгай малол,
Анинг рухсатидур маҳалли савол.
Вале мунда сирри ниҳони эрур
Ки, нафъи анинг жовидони эрур
Ки, ҳар ранждин сўнг бўлур роҳате,
Таабсиз муяссар эмас ишрате.
Таомеки, ул мужиби комдур,
Гар ўт ранжини тортмас – хомдур.
Не олтунки бор элга дилкашлиғи,
Ўт ичра бўлубтур жудо ғашлиғи.
Сафарким, машаққатда келди сақар,
Анинг ўтида кимса тутмай мақар.
Ҳамоно анга озмойиш куни,
Емас поку холис вужуд олтуни.
Чу ҳар неча ўт бўлса сўзандароқ,
Гудоз ичра олтун фурўзандароқ.
Сафар ўтини айлаган ихтиёр,
Вужуд олтунин қилди комил иёр(2).
Кетурса биров имтиҳондин маҳак,
Иёри аро топмағай ҳеч шак.
Яна андин ўлди сафар рухсати
Ки, элнинг эрур мужиби сиҳҳати.
Нединким, сафарға киши урса гом,
Тараддуд эрур мужиби инҳизом.
ғизо ҳазмиға табъ чун бўлди чуст,
Киши бу жиҳатдин бўлур тандуруст(3).
Яна улки, табъеки бўлди сақим,
Ҳавоу сув такроридин топти бим.
Бу ики чу бўлди тажаддудпазир,
Табиатқа сиҳҳат бўлур дастгир
Ки, мажбул эрур одамизод анга
Ки, ҳар амрким бўлса муътод анга.
Нишотиға такрор ҳойил бўлур,
Табиат тажаддудга мойил бўлур.
Тажаддуд эрур чунки марғуби табъ,
Ерур мужиби айш маҳбуби табъ.
Сафарда бу ҳолат муяссардурур
Ки, суву ҳаво номукаррардурур.
Табиатқа бор ики иштин наво,
Алардин бири сув, бириси ҳаво.
Чу икиси бўлди муяссар муқим,
Не узр айтқай табъ бўлмай салим.
Бас ўлди сафардин саломат доғи,
Башар табъиға истиқомат доғи.
Ҳаким ар бу навъ ишга рухсат берур,
Хирад аҳли оллинда маъзур эрур».
Жавобин топиб хусрави хурдабин,
Хамуш ўлди доноға деб: «Офарин!»
ХХХIХ
Искандарнинг Кашмир шаҳриға етгандин сўнгра Маллунинг тилисм қўрғонидин Кашмирдин ел била ўтни ўғурлағони ва ул вилоятни бир ўлук жисмдекки, нафаси мунқатиъ ва ғаризий ҳарорати мунтафи бўлмиш бўлғай қилғони ва Афлотуннинг ул тилисмни очқони ва яшурғон ел била Маллунинг ҳаётин барбод этиб, махфий ўт шарор ва ахгарин анинг хирмани умриға сочқони ва Искандарнинг Маллу ўрнида Ферузанинг чароғи давлатин ёрутқони


Бу фархунда тарих донишвари,
Деди бўйла «Тарихи Искандари»
Ки, Маллу чу азм этти қўрғониға,
Тирикликни миннат тутуб жониға.
Скандар келиб олди тахтин анинг,
Қилиб тийра иқболу бахтин анинг.
Улусқа бериб адли бирла навид,
Улус борча адлиға боғлаб умид.
Мутеъ ўлдилар ҳукму фармониға,
Кўнгул боғлабон лутфу эҳсониға.
Хабар сўрди чун Маллу аҳволидин,
Бу янглиғ дедилар хабар ҳолидин
Ки: «Шоҳ савлатидин фирорийдурур,
Фалон қалъа ичра ҳисорийдурур(1).
Ҳамул сеҳр ёхуд тилисме сўзи
Ки, элчи қошида дегандур ўзи».
Тамомини шарҳ эттилар мў-бамў,
Худ англаб эди шоҳи фархундахў.
Чу ул бир ажаб навъ сурат эди,
Анинг фикрин этмак зарурат эди.
Яна мажмаи дилкушой истади,
Билик аҳлидин анда рой истади
Ки: «Кашмир агар тоза гулзордур,
Ҳавоси ва лекин ажаб ҳордур.
Есар доимо руҳпарвар насим
Ки, жаннатдурур, йўқса бордур жаҳим(2).
Насим ар бу гулшанда тутмас вужуд,
Гули – ўтдурур, сунбули – тийра дуд.
Ажаб ишки даҳр ўлғай оташфишон,
Вале топмағай кимса ўтдин нишон.
Не мулк ичраким бу уқубатдурур,
Бўлур элга анда суубатдурур.
Суубат неким, бўлмоқ имкон эмас
Ки, бу икининг тарки(3) осон эмас.
Бу ишга агар чора мумкиндурур,
Не ғам, гар киши мунда сокиндурур.
Йўқ эрса бурунроқки бор ихтиёр,
Ул авлоки тарк айласак бу диёр
Ки, ожиз бўлуб азм иши хуш эмас,
Ешитмакка ҳар ерда дилкаш эмас».
Дедилар билик аҳли айлаб дуо
Ки: «Гар шаҳға бу ишдурур муддао
Ки, онинг бу макрини дафъ эткабиз,
Ҳижобеки ул солди, рафъ эткабиз.
Недин шоҳ табъи ҳаросон эрур
Ки, бу қуллар оллида осон эрур.
Гар ўн кунгача шоҳ муҳлат берур,
Ул иш дафъиға Тенгри нусрат берур».
Деди шаҳки: «Ўн кунга бўлса даранг,
Ўту елсиз эл келгусидур батанг».
Ул иштин кўруб шоҳ табъин малул,
Филотуни донишвар этти қабул
Ки: «Фархунда табъини шоҳи жаҳон,
Ғамин этмасун ошкору ниҳон.
Мен уч кунда ул навъ тадбир этай
Ким, ул ҳол вазъиға тағйир этай».
Бу сўзни дегач нуктадони бисот,
Скандарга юзланди кўп инбисот.
Бу ҳолатда ул навъ гум бўлди ел
Ки, дўзах аро тушти исиғдин эл.
Исиғдин бўлуб халқ ичи тоблиғ,
Ажаброқ буким, ўтқа ноёблиғ.
Етиб матбах аҳли фиғон қилдилар,
Фиғон ичра бу сўз аён қилдилар
Ки: «Олам аро йўқдур ўтдин вужуд,
Не ахгар, не шуъла, не учқун, не дуд(4).
Дегил хўблар кўнглидек бўлди тош
Ки, андин эмас мутлақо шуъла фош.
Темур урсалар ўт қилиб орзу,
Яқиндурки чиққай ўт ўрниға сув.
Агар бўлса шилон ишида футур,
Чу арз айладук биздин эрмас қусур».
Маалқисса: ўту ел ўлди табоҳ,
Ўт исиғ дам эрдию ел совуғ оҳ(5).
Танур ўлмайин кундуз оташфишон,
Кеча шамъда шуъладин йўқ нишон.
Ажаб ишки чун елдин эрди фароғ,
Недин қолмади ўчмайин бир чароғ.
Исиғдин назар шамъиға хиралиқ,
Совуғдин ёнар шамъға тиралиқ.
Ул уч кунда эл бўлди андоқ забун
Ки, бўлди энгакларга қўллар сутун.
Филотун ҳаримиға юз қўйди шоҳ,
Анингдекки шаҳ, борча хайлу сипоҳ
Ким: «Ул ваъдаким қилди донои даҳр,
Ўтуб уч кун, эл топмади ҳеч баҳр.
Агар мундин ортуқ тааммул бўлур,
Машаққатдин эл бетаҳаммул бўлур!»
Деди ҳикматойини донишпужуҳ
Ки: «Ел бўлмасун бу аламдин сутуҳ,
Бу кун доғи мавъидға дохилдурур,
Вале тонгла мақсуд ҳосилдурур».
Бу сўз бирла таскин топиб шоҳу хайл,
Бори қилди оромгоҳиға майл.
Ул иш дафъи бу навъ эдиким, ҳаким
Ки, қилди қабул они беваҳму бим:
Ўқуб эрди Жомосб аҳкомида
Бу сўзники: «Искандар айёмида
Ким, ул бўлғуси шоҳи ҳикматсиришт,
Жаҳон мулки фатҳи анга сарнавишт.
Бўлурда жаҳон мулки тасхир анга,
Чу бўлғусидур фатҳ Кашмир анга.
Шаҳи берк қўрғонға юз урғуси,
Улусдин елу ўтин ёшурғуси.
Тилисмедурур ул ҳисор ичра чуст,
Бўлур топмоғ они қилиб бозжуст.
Ҳисор ичра бир уйдурур сангбаст,
Тилисм айламиш они ҳикматпараст
Ки, ел хайлини анда банд айламиш,
Халойиққа дафъи газанд айламиш.
Бурун чоғ эсиб асру бееътидол,
Улусқа етар эрмиш андин малол.
Чу елни ҳаким этмиш ул уйда банд,
Ясамиш анга равзани дилписанд.
Келиб мулк сори бу равзанға юз,
Боқиб лек Кашмир шаҳриға туз
Ки, равзан ичиндин неким чиқса ел,
Ҳамул ел била баҳраманд ўлғай эл.
Чу равзанни мадрус қилғай киши,
Есар елни маҳбус қилғай киши.
Яна қалъа тошида бир чоҳ эрур,
Тилисме яна анда дилхоҳ эрур.
Бу чоҳ оғзи бас тордур, қаъри кенг,
Ҳамул қалъа даври кенгликда тенг.
Анинг қаъри бир аъзам оташкада,
Каюмарс чоғидин оташзада(6).
Ичинда намудор андоқ тилисм
Ки, ул ҳуфра кунжида бир рўй жисм.
Киши ҳайъати бирла жунбишнамой,
Ул оташгаҳ ичра ҳароратфизой.
Ясаб оллида дам била кўрае,
Ҳамул кўра жисмида мошурае.
Чу ул кўрау дамға айлаб ситез,
Бу мошура нафхи қилиб шуъла тез.
Чоҳ оғзида зоҳир шарар бирла дуд,
Бу дуду шарардин халойиққа суд(7)
Ки, мулк ичра ўт манбаъи ул бўлуб,
Не ўтким, қуёш матлаъи ул бўлуб.
Бу мулк ичра ўтлуғ неким бўлса тош,
Ўти ушбу оташгаҳ ичинда фош.
Тилисм айлабон жазб ўтларни пок
Ки, оташгаҳ андин бўлуб шуъланок.
Шарарларки чоҳ оғзида билгуруб,
Ҳамул кишвар аҳлиға ўт еткуруб.
Киши қилса ул чоҳ бошини руст,
Ҳамул навъким руст экандур нухуст.
Ўт ўлмас яна мулк аҳлиға фош,
Кирар ер тубига нечукким қуёш.
Скандар қачон олса Кашмирни,
Анинг шоҳи айлар бу тадбирни.
Ул иш дафъиға аҳли ҳикмат тамом,
Дегайлар аён айлали эҳтимом.
Филотунға лекин ҳаволатдурур
Ки, ҳикматда соҳибмақолатдурур,
Керак топиб ул нақб бошин бурун,
Тикиб чодир ул ерда тутқай ўрун.
Очиб нақб бошини қилғай хиром,
Қадамни санаб урғай ўн етти гом.
Чу ўн етти гом урди қилмай гузар,
Ики ёниға яхши қилғай назар
Ки, ҳар сори лавҳе эрур таъбия,
Бирида елу бирда ўт таъмия(8).
Керак тепса ҳар лавҳни ўйла руст
Ки, юмрулса девор ичига дуруст.
Бири елга йўлдур, бири ўтга йўл,
Бузулғоч равон ташқари қочтик ул
Ки, ўт бирла ел, ўйла туғён қилур
Ки, йўлларки боғланди – вайрон қилур.
Ики рахнадин чун чиқар ўту ел,
Кўрар рустахез ул навоҳийда эл.
Ел ул қалъа аҳлиға андоқ етар
Ки, ҳар кимгаким тегди барбод этар.
Қилур барча олий иморатни паст,
Берур бори индур йиғочга шикаст.
Ели қолмоқ ўлмай хаёл айламак,
Ерур бас хаёли маҳол айламак.
Ўт ул чоҳдинким, бўлур шуълазан,
Бўлур илтиҳоби анинг қалъакан(9).
Тутошур ҳамул қалъа ўтрусиға,
Не ўтрусиға, буржу борусига.
Топар шуъладин тоши ул навъ тоб
Ки, халқи бўлур ичкари сангкабоб.
Чу ул лавҳларни ушотти ҳаким,
Керак ташқари турса бир дам ваҳим.
Агар ел солиб қалъаға рустахез,
Етишти ҳамул шаҳрға тунду тез,
Кириб лавҳлар томға руст айласун,
Ҳамул рахналарни дуруст айласун
Ки, ул ўт била елга таскин етар,
Икисидин ошубу туғён кетар.
Бўлур ҳам бурунғи қарори била,
Ел оромию ўт шарори била».
Филотун бу афсона шарҳин билиб,
Қўпуб эрди шаҳдин тааҳҳуд қилиб.
Кезиб уч кун ул ерда ҳанжор ила,
Нишона битилган намудор ила.
Топиб эрди ул нақбнинг бошини,
Қилурға фусунсоз подошини.
Узотқоч халойиқ била шоҳни,
Ҳамул нақб уза чекти бунгоҳни.
Макон айлагач арз нақбини меҳр,
Чиқорди кавокиб тилисмин сипеҳр.
Филотун қилиб азм даргоҳға,
Тилаб хилват ўлди яқин шоҳға.
Бу сўзни билиб арз қилмоғни фарз,
Бурундин ниҳоятғача қилди арз.
Шаҳ англаб, бўлуб ҳайратойин анга,
Деди айлаб эҳсону таҳсин анга
Ки: «Бу иш бутарга топилди жиҳат,
Не навъ эмди доно кўрар маслаҳатғ»
Дуо айлабон сурди доно мақол
Ки: «Ей шавкатингға фалак поймол!
Манга улча дархўрд эди, бўлди рост,
Саранжом ўлур бўлса Тенгрига хост.
Бир иш қолдиким, бордур иқбол иши,
Бугун муқбил андоқки сен йўқ киши.
Қавийдур ҳам иқболу, ҳам давлатинг,
Ҳам ул икича қуввату ҳимматинг.
Тааммуллуқ ишларга қилдим илож,
Сенинг дастбурдунгға бор эҳтиёж
Ки, синдурғасен лавҳларни нухуст
Ки, бу иш саранжом бўлғай дуруст
Ки, ҳам шоҳсен, ҳам жаҳон паҳлавон,
Жувонмард ўзунг, давлатинг навжувон.
Будур бандалар хотириға мурод
Ки, сендин бу иш банди топқай кушод».
Дегач нукта донойи бисёрдон,
Дебон офаринлар шаҳи кордон.
Ниҳони неча маҳрами роз ила,
Ҳамул бихради чорапардоз ила.
Равон рокиб этти ҳамул сори азм
Ки, бўлмиш эди нақб доноға жазм.
Чу еткурди шойиста ҳамроҳни,
Қаро тунда равшанравон шоҳни.
Тушурдию нақб оғзиға борди бот,
Анинг бирла ҳамраҳ шаҳи покзот.
Кириб нақб аро онча қилди хиром
Ки, эрди ики лавҳаи нуқрафом.
Икисин Скандарга кўргузди ул,
Деди: «Емди соат ўтар, бот бўл!»
Скандар аларни кўруб бўлди шод,
Ҳамул шодлиқда қилиб Ҳақни ёд.
Ики лавҳани тепти ул навъ руст
Ки, емрулдию ташқари чиқти чуст.
Иков тиктилар кўзни қўрғон сари,
Не қўрғон сари, сунъи яздон сари(10).
Бу ишдин даме ўтмади бешу кам
Ки, ўт қалъадин кўкка чекти алам.
Яна бир нафас ўтмайин етти ел,
Анингдекки то етти, қўзғолди эл.
Чу ел солди офоқ аро рустахез,
Яна қилдилар нақб сори гурез.
Ики рахна сори равон бордилар,
Гачу хишт ила руст буткордилар.
Масолиҳ тутулмоқ учун садди бим,
Қилиб эрди омода борин ҳаким.
Бало рахнаси чунки маҳкам бўлуб,
Елу ўтнинг ошуби ҳам кам бўлуб.
Чиқиб нақбдин шоҳи гардун жаноб,
Анинг бирла донойи ҳикматмаоб.
Бўлуб икиси бахтдин шодмон,
Сипаҳ жониби азм айлар замон,
Ҳамул нақбдин келди ғавғо уни,
Алоло била вою-вайло уни.
Ҳамул дамки, қўрғон аро тушти ўт
Ки, афлок авжига ёвушти ўт.
Яна ел ҳам ошубким бошлади,
Олиб халқни ҳар тараф тошлади.
Бўлуб эл бу ики балодин ҳалок,
Кириб нақб аро бир неча ваҳмнок.
Бу хайл ичра Маллуву фарзанди ҳам,
Демай бир-ики, завжу дилбанди ҳам.
Ҳамул ўтдин ул хайли дилсўхта,
Куюб бу бири, ул бир афрухта.
Чиқиб келди бори саросемавор,
Тутошиб ҳамул шуъладин ҳемавор.
Шаҳ оллиндағи ул гуруҳи хавос,
Бориб айлаб ўтдин аларни халос.
Кўпи ўлди ул хайли маҳруқдин,
Киши кўрмади бўйла махлуқдин.
Неча кимсаким қолди бўлмай ҳалок,
Бири бор эди Маллу ибни Мабок.
Яна ўғликим, оти Феруз эди,
Қизиким, маҳи оламафрўз эди.
Анинг васфиға бу дам эрмас маҳал
Ки, бўлғусидур ўз маҳаллида ҳал.
Чу Маллуға фаҳм ўлдиким-шоҳдур,
Ўзи умрининг тори кўтоҳдур.
Скандар қошиға келиб қўйди бош,
Бошин чун кўтарди, дебон тўкти ёш
Ки: «Шоҳо, қошингда гунаҳкормен,
Жазо ҳар не қилсанг – сазовормен!
Агар афв журмумға шомилдурур,
Тирилмак манга асру мушкилдурур.
Гар ўтдин манга қатъ бўлмиш ҳаёт,
Яна ўлтурур ҳазратингда уёт.
Ерур ўлмагим жазм ҳар ҳол ила,
Сен ўлғил тирик кўп йил иқбол ила.
Чу мен бандамен, бу ики бандазод(11),
Алар афви бирла мени айла шод!»
Кўруб шоҳ ул ажзу таслимни,
Чиқорди анинг кўнглидин бимни.
Деди: «Биздин эрмас эди бу ситез,
Сен ўз бошинга торттинг тиғи тез.
Бу дам ҳамки туфроқға суртуб узор,
Аён айладинг ажз ила эътизор.
Қошингда тузуб афв ҳангомасин,
Гуноҳингға чектук карам хомасин.
Тирилсанг иноят қилиб тахту тож,
Муқаррар қилиб кишварингдин хирож.
Мусаллам тутуб афсарингни доғи,
Чиқоли бериб кишварингни доғи(12).
Ва гар бермаса умр муҳлат санга,
ғуруб этса хуршиди давлат санга,
Халафзодинга эҳтиром айлали,
Санга они қойим-мақом айлали.
Яна зоди иффатмаобингни ҳам,
Шабистон аро офтобингни ҳам,
Ҳарими висол ичра хос айлабон,
Никоҳ амриға ихтисос айлабон,
Қилиб шамъи мажлис шабистон аро,
Анис айлали коху айвон аро.
Бу пайванд бирла бўлуб улфате,
Бизинг бирла бўлсун санга нисбате».
Чу шаҳ қилди бу навъ сўзлар адо,
Тарабдин бу худ қилди жонин фидо.
Олиб жонини лутфу эҳсон била,
Қатил айлади оби ҳайвон била.
Уруб эрди ханжар замона анга,
Бу ўлмак худ ўлди баҳона анга.
Скандарки мулкида меҳмон эди,
Чу кеч етти, тортар нима жон эди.
Чу ул шоҳға қилди жонин нисор,
Гадо этти нақди ниҳонин нисор.
Анга бўйла бўлгунча риҳлат чоғи,
Келиб эрди аркони давлат доғи.
Шаҳ этти неча кимса таъйинки, бот –
Анга соз этиб барча барги мамот(13).
Тонг отқоч мулукона тартиб ила,
Анга лойиқ оройишу зеб ила.
Сипоҳ ичра шаҳларни огоҳ этиб,
Борин наъши даврида ҳамроҳ этиб.
Не мадфанки, аждоди осудадур
Ки, туфроқ анга анбари судадур.
Улуғ равзаи чарх тоқи анинг,
Яна бир фалакча равоқи анинг.
Йўқ атрофи кўк гунбадининг ҳади,
Вале ҳар бир, андоқки кўк гунбади.
Тошида фалаксой ўлуб миллар,
Ичинда малаксайр қандиллар.
Келиб Маллу аждодининг мадфани,
Борининг оғир уйқуға маъмани.
Салотинға бўлғон маҳал комгоҳ,
Бу султонға ҳам бўлсун оромгоҳ.
Ҳам андоқки шоҳ этти иншои ҳукм,
Ешитгонлар эттилар ижрои ҳукм.
Ики-уч кун атбои айлаб жазаъ,
Навардида бўлди бисоти фазаъ.
Ҳамул моҳи Кашмиру рашки Тироз
Ки, отин қўюб эрдилар Меҳр Ноз,
Бор эрди ҳамул сўгдин ғамзада,
Яна ўғли Феруз мотамзада.
Ҳамул сўг рафъиға шоҳи заман,
Мулукона соз айлабон анжуман.
Тўқуз поялиғ тахт уза ўлтуруб,
Тўқуз чархнинг шавкатин синдуруб.
Мулук ўлтуруб жашнида ҳар тараф,
Йироқтин олиб даврини ики саф.
Булар боргоҳ ичра маскан топиб,
Йироқтин халойиқ нишиман топиб.
Талаттуф била шоҳи гардунфирош,
Бериб дўстлардек адувсиға ош.
Чекиб онча неъматки чархи дани,
Хиром этгали тушта кўрмай ани.
Туман хону, ҳар қайси хони сипеҳр,
Бу хонларда ҳар қурс – бир қурси меҳр.
Қўй онча бўлуб забҳким, сони йўқ,
От ончаки қўй, онча имкони йўқ.
Ҳаловани таъриф этай ранг-ранг,
Пишурмакка шаккар эзиб танг-танг.
Табақ ўрниға саҳнни хон тутуб,
Табақни эт ўрниға бирён тутуб.
Егулук фузун ҳадди авсофдин,
Демай ҳадди авсофким, лофдин.
Чу бу навъ хон чекти дорои даҳр,
Жаҳон аҳли ул хонидин олди баҳр.
Чу хонлардин ул жашн холи бўлуб,
Шаҳи даҳр фармони ҳоли бўлуб
Ки, аркони давлат хиром айлабон,
Шаҳ аҳкомини эҳтиром айлабон.
Қилиб зеб албоси Ферузни,
Ҳарам аҳли – моҳи дилафрузни,
Келиб қўйдилар бошиға тожи зар,
Либоси зар устига заррин камар.
Яна уч тўқуз давлат аркониға,
Тўну жубба бирла анинг ёниға –
Ики юзга ҳам деклаю тўн бериб,
Яланг тўн аларча яна ўн бериб.
Аларни чу мундоқ севундурдилар,
Шаҳ оллинда тўқуз юкундурдилар.
Юкунгач, тилаб шоҳ Ферузни,
Узотиб каломи дилафрузни
Деди: «Чора йўқ Тенгри тақдириға,
Азалдан қазо килки таҳририға.
Жаҳон ичра бўлсун гадо, йўқса шоҳ,
Будур барчанинг йўли беиштибоҳ.
Емас кимса шаҳлиққа етмак учун,
Ерур шоҳу дарвеш кетмак учун.
Кишига эрур гарчи уммид умр,
Бировга эшиттингму жовид умрғ
Жаҳон узра ким бўлдиким, урди тахт
Ким, ул чекмади тахта устига рахтғ
ғалат айладим, тахт уза рахт эрур
Ки, тахт аҳлиға рахт зийнат берур.
Вале тахтаға кимки муҳтождур,
Қиёмат элидек ялангғочдур.
Ўкуш рахт ила тахт қилғон мақом,
Қилур тахта устида урён мақом.
Агар мен ва гар сен ва гар Амру Зайд(14),
Керакмасдурур рубъи маскунга қайд.
Баҳарҳол чун кетгулукдур киши,
Кетар фикри доим керакдур иши.
Кишига амал хирман ар хўшадур,
Неким мунда экти анга тўшадур.
Ерур ҳар кишига бир иш зоди роҳ,
Вале зод эрур адл бўлғонға шоҳ.
Сениким бу мулк узра шоҳ айладим,
Бу кишварда кишварпаноҳ айладим.
Керак лутфу эҳсон шиор айласанг,
Адолат йўлин ихтиёр айласанг.
Раиятқа сендин етиб шодлиғ,
Мамоликка юз қўйса ободлиғ».
Бу янглиғ чу иршод этиб ваъзу панд,
Ики олам ичра бори судманд.
Анга қилди таълим ўз динини,
Ҳамул аҳли ислом ойинини.
Бу сўзлар ичига ҳулул айлади,
Ер ўптию борин қабул айлади.
Деди: «К-ей, шаҳаншоҳи гетиситон,
Адолатда дунёю уқбоситон.
Буким айладинг майл фармонима,
Неким амр қилдинг, бори жонима.
Деган сўзларингга тутуб Ҳақ мени,
Умид улки қилғай муваффақ мени.
Дегандек, Илоҳий, бўла олғамен,
Не тил бирла узрунг қўла олғамен.
Отамнинг бўлуб эрди ёши улуқ,
Мен афъолидин бор эдим қайғулуқ.
Димоғиға хиффат топиб эрди йўл,
Қулоқ солмас эрди насиҳатқа ул.
Ани бу жиҳатдин хато айлади
Ки, шаҳ буйруғидин ибо айлади.
Бериб панд, сўзлар дедим кўп қатиғ,
Чу давлат ёниб эрди, сўз не асиғғ
Чу мен бар едим шоҳ инсофидин,
Умидим будур Тенгри алтофидин
Ки, қуллуқда мен дилписанд ўлғамен,
Шаҳ эҳсонидин баҳраманд ўлғамен,
Қаридин агар ишта келди хато,
Йигит қилмағай, кўрди чун кўп ато».
Шаҳ ул сўзларин чун нигоҳ айлади,
Ото мулкида они шоҳ айлади.
Чу борди куҳан пир ўлуб нотавон,
Анинг ўрнида тутти ер навжувон.
Аёқчи, манга жоми пирона тут,
Демон хусравона, фақирона тут.
Ҳамул жом бўлсун манга чорарас
Ки, боштин йигитлик қилибмен ҳавас!
Муғанний, ҳазин нағма бунёд қил,
Йигитликнинг айёмини ёд қил
Ки, ул нағмадин тоза ҳуше топай,
Соғиниб йигитликни жўше топай!
Навоий, басе кеч айилдинг, дариғ!
Йигитликни барбод қилдинг, дариғ!
Йигитликта йўл урди нафси ҳасуд,
Надомат қарилиқта эмди не судғ
ХL
Сабо субҳининг сабоҳати таърифидаким, нафас-нафас андин ёруғлуқ юзланур ва шабоб гулзорининг назоҳати васфидаким, лаҳза-лаҳза андин очуғлуқ даст берур ва ул айёмда қуёшдек саждадин юзни ёрутмоқ тарғиби ва бу фаслда бинафшадек тоатқа қад нигун қилмоқ таҳриси


На фархунда ахтардурур ул киши
Ки, тоат йигитликта бўлғай иши.
Ўюн вақтида тарк қилғай ўюн,
Неким Тенгри амр этти – сунғай бўюн.
Ризо касбини бартараф қилмағай,
Залолатда умрин талаф қилмағай.
Ангаким ўзи охирандеш эмас,
Бу лаҳву ҳаво неча кун беш эмас.
Хушо улки, билгай они муғтанам,
Нари қўймағай Ҳақ йўлидин қадам.
Не неъматки рўзи қилибдур Худо,
Ҳамул шукри неъматни қилғай адо.
Вале кимки бўлғай басират фани,
Не мумкин адо айлай олмоқ ани.
Ниамким санга Ҳақ насиб айламиш,
Агарчи ани беҳисиб айламиш.
Ешит гар тиларсен анинг розини,
Ки, айтай кўпидин санга озини.
Адамдин санга берди аввал вужуд,
Набудунгни қилди карам бирла буд.
Туфулият айёмидин то шабоб,
Вужудунгға еткурмади печу тоб.
Не мушкил ишингда қилиб ёрлиғ,
Балолардин этти нигаҳдорлиғ.
Жамолингни жаннатмисол айлади,
Бўюнг тўбиёсо ниҳол айлади.
Чу афсунгар этти кўзунг жодусин,
Анга солди ошубу ноз уйқусин.
Солиб сунбули зулфунгга тоблар,
Кўнгул бўйниға қилди қуллоблар.
Тузотти чу кирпикларингдин синон,
Синонварлар илгидин олдинг инон.
Қошинг ёйин этгач аён ҳар тараф,
Бағир доғин ўтруда қилди ҳадаф.
Чу берди ики лаълингга нўшханд,
Уётдин эзилди аро ерда қанд.
Тишинг жоласин қилди дурри хушоб,
Садаф бўлди ул дурға ёқути ноб.
Занахдонингга еткуруб рангу бў,
Ул олмаға жон чашмаси берди сув.
Зақан устида ошкор этти хол,
Ҳамул чоҳнинг нуқтасидин мисол.
Жамолингни товуси зеб айлади,
Карашмангни обидфиреб айлади.
Сукунунгда зеболиқ этти аён,
Хиромингда раънолиқ этти баён.
Бошингдин-аёғингғача хўблуқ,
Оёғдин, бошингғача маҳбублуқ.
Булардин ўгун берди ақлу ҳавос,
Сени қилди ҳар қайсиға раҳшунос.
Ниам зоҳир айлаб само то ба арз,
Санга қилди бир неча қуллуғни фарз.
Анинг зимнида доғи юз минг хавос,
Кўп уммид қурбиға бўлмоққа хос.
Санга барча амри фаромуш ўлуб,
Тилинг шукрида гунгу хомуш ўлуб.
Не шокир тилинг мунча эҳсониға,
Не машғул ўзунг амру фармониға.
Тутуб ер димоғингда деви ғурур,
Малоик қочиб суҳбатингдин зарур.
Не оғзингға жорий ўлуб жуз газоф,
Не кўнглунгга торий бўлуб жуз хилоф.
Йигитликки айёми тоатдурур,
Санга бу сифат жаҳлу ғафлатдурур.
Қилиб «ҳай» дегунча бу водини тай,
Чу қўйсанг қарилиқ тариқиға пай,
Худ ўлмас тараб ели ул дам вазон,
Етар умр боғиға фасли хазон.
Бўлур юз нечукким хазон яфроғи,
Сариғлиққа лекин юз урғон чоғи.
Чинор илгидек титрар эл панжаси,
Вале бўлса ул барг ел ранжаси.
Агарчи илик титрар ул баргваш,
Томурлар қурур, ўйлаким обкаш.
Етиб тийра кўзларга заъфи қавий
Бўлур уйлари кунжида мунзавий.
Кўкс узра қилғон киби майл бош,
Кўз узра тушар кирпик ўрниға қош.
Бўлур жисм уза айру-айру бўғун,
Бир ипдекки бўлғай паё-пай тугун.
Келиб риштаға ул тугунлар фириҳ,
Солиб ишга ҳар бир тугун юз гириҳ.
Жабинға тушар бир-бир устига чин,
Ҳамоноки «бе»син ёшурур жабин.
Қилур чин кўпи юзни бадранг жинс,
Фатилакаш, андоқки худранг жинс.
Не худранг, бал жинси коҳи дегил,
Топиб тору пуди табоҳи дегил.
Бу жинс ўлмағай айбнинг пардаси
Ки, ул худ эрур айбпарвардаси.
Қилур табъи борид нафасни совуқ,
Бурудатда Баҳман елига ёвуқ.
Нафас бардиким ёғдуруб қорлар,
Бўлуб оқ маҳосин анга торлар.
Агар қўпса қад мили чавгон киби,
Таҳаррукда бош гўйи ғалтон киби.
Йўқ эрса юрумак не имкон яна,
Асо шаклидин қўлда чавгон яна.
Таҳаррукдин ул бош эса гармпўй,
Не тонг ики чавгондурур, фард – гўй.
Йўқ, ўлтурса девор бўлмай амон,
Ёпушмай учоси нечукким самон.
Ва лекин учодин ўтуб тизлари,
Йўқ имкон очуқ узвни кизлари.
Ва гар ётса мундоқ малолат туни,
Анга бош кўтармак қиёмат куни.
Биров бўлса бу навъ ранжозмой,
Анга солим ўлғайму тадбиру рой.
Ҳар ишга шуруъ этмаги бемаза,
Ибодат анга ортуғ айлаб база.
Тавоно экан чоғда айлаб гуноҳ,
Не суд айлаган вақт умрин табоҳ.
Йигитлик эрур қуллуқ этмак чоғи,
Қарилиқ эрур чунки кетмак чоғи.
Хушо улки, умрин табоҳ этмади,
Қилур ишларин қилмайин кетмади.
ХLI
Ул ғофил йигит ҳикоятиким, воқиф пир насиҳати қадрин билмади, иш вақтидин ўтгандин сўнгра пушаймонлиғи суд қилмади


Эшиттимки, бир турфа барно эди,
Юзи дилкашу қадди раъно эди.
Нечукким эрур муқтазои шабоб,
Иши бор эди лаҳв сори шитоб.
Емас эрди бир лаҳза беруду май,
Агар навбаҳору ва гар фасли дай.
Бор эди жаворинда аҳли диле,
Тариқатнинг одобида комиле.
Келиб эрди қўшнилиғидин батанг
Ки, бор эрди ғавғо анга бедаранг.
Насиҳат қилур эрди кўп дилпазир,
Вале бўлмас эрди анга жойгир.
Неча панд ила топса эрди хитоб,
Берур эрди носиҳқа мундоқ жавоб
Ки: «Бордур йигитлик фароғат чоғи,
Қарилиқ эрур зуҳду тоат чоғи.
Шабоб андаким узр қўлғусидур,
Вараъ айламак вақти бўлғусидур».
Бу сўз бирла кўнглин қилур эрди хуш,
Бу хушлуқ била бор эди журъакаш.
Шабоб ўттию қуввати қолмади,
Деди: «Тоат айлай», қила олмади.
Ҳам ўлмиш эди фисқ одат анга,
Басе саъб эрди ибодат анга.
Ва гар қилса ҳам завқ топмас эди,
Даме лаҳвдин дийда ёпмас эди.
Чу кўрдики, умр ўлди яксар табоҳ,
Яна етти сарвақтиға пири роҳ.
Кўрар турфа барнони мабҳуту масх
Ки, қилмиш эди зуҳд азмини фасх.
Келиб назъ вақти анинг бошиға,
Сукун тутти раҳм айлабон қошиға.
Неким қилғонидин пушаймон кўруб,
Замирини бенури имон кўруб.
Деди: «Панд бердим, вале қилмадинг,
Бу кун оллинга келмагин билмадинг».
Деди: «Тажрибам йўқ эди, эй рафиқ,
Су узмакни ўрганмай ўлдум ғариқ.
Қарилиғда гар билсам эрди бу ҳол,
Йигитлик чоғи қилмас эрдим вабол».
Дедиким: «Отангга неча умр эдиғ»
Ҳисоб айлабон: «Юз ўн ики», – деди.
Деди: «Ул ҳам ўлмиш эди нотавонғ»
Ешитгучи тасдиқ қилди равон.
Кулуб деди соҳибдил: «Ей булҳавас,
Емасму эди тажрибанг мунча басғ»
Ангаким етар Тенгридин мавҳиба,
Керак ўзгалар ҳолидин тажриба.

ХLII - Ҳикмат
Искандарнинг Арастудин саволи ул бобдаким, йигитликта табъ невчун ибодатдин мутанаффирдурур ва қариликқа димоғ тааққулдин қосир ва ҳакимнинг пирона рой била шоҳи жувонбахтқа йўл кўргузгани


Яна сурди бу нукта шоҳи жаҳон
Ки: «Ей нуктадони рамузи ниҳон,
Йигитликта иш касби осондурур,
Недин табъи андин ҳаросондурурғ
Нединдур анга коми лаҳву тараб,
Вараъдин нега зоҳир айлар таабғ
Йигитликнинг ўтган замон навбати,
Ҳар ишта недин кам бўлур лаззатиғ
Тарабнок невчун бўлур навжувон
Қариға бўлур не тараб, не тавонғ»
Деди донишомузи ҳикматхисол
Ки: «Ей борча даъбу хисолинг камол,
Туфулийят айёми йўқтур шуур,
Ерур табъ рою хираддин нуфур.
Ул айём эрур лаҳвға муқтази,
Хатоға, доғи саҳвга муқтази.
Нединким хирадқа чу йўқ дастрас,
Ерур нафс даъби ҳавоу ҳавас.
Туфулийят ўтгачки бўлди шабоб,
Хирад нури солди димоғ ичра тоб.
Кишининг бу вақт икидур ҳолати,
Эрур ақли ё нафсининг қуввати.
Агар ақлиға қувват ўлди фузун,
Бўлур яхши ишлар сори раҳнамун.
Вале олам аҳлида бу оздур,
Улусдин агар бўлса мумтоздур.
Ва гар нафси ақлидин ўлса қави,
Заруратки, бўлғай анинг пайрави.
Не амр этса лаҳву ҳаво соридур
Ким, ул нафс майли хато соридур.
Чу кўпрак халойиққа будур тариқ,
Бўлурлар хатокор кўпрак фариқ.
Чу элга берур парвариш рўзгор,
Керак мундоқ-ўқ бўлса омузгор.
Ангаким, қилур руҳи қудси мадад,
Солур кўнглига нур шамъи хирад.
Кишиким бу суратқа қодирдурур,
Басе оздур, бўлса нодирдурур.
Ададда чу кўпракдур аввалғи хайл,
Ҳамул сори кўпракдурур элга майл.
Буларға тааммул чу айлар кўнгул,
Берур чунки аксар топар ҳукми кул.
Йигит чунки қўйди куҳулатқа юз,
Иши қўйди барча суҳулатқа юз.
Бурудатдин абдон тўла бошлади,
Ҳарорат ўти паст ўла бошлади.
Булар табъиға май бўлуб дастгир,
Бўлуб бода бирла ҳароратпазир.
Чу май шуғли сори бўлуб муртакиб,
Ул ашғол ўлуб мужиби кўп лаиб.
Чу шайхухат ўлди табиатқа жуфт,
Қавий вазъиға заъф солди нуҳуфт.
ғаризий ҳарорат ўти бўлди паст,
Рутубатқа бўлди ул ўт зердаст.
Қаю ўтки, сув қилса туғён анга,
Ўзунг деки, ўчмай не имкон анга.
Ҳарорат кам ўлғоч, бўлуб меъда суст,
ғизо топмади чунки ҳазми дуруст.
Агар қилса таълил қувват кетиб,
Кўпидин табиатқа иллат етиб(1).
Табиатки андин қавийдур димоғ,
Ҳароратдин анда ёрутур чироғ.
Ул ўт ўчгач-ўқ ўчти бу шамъ ҳам,
Тааққул анга бўлмади жамъ ҳам.
Димоғ ичра хабт ўлди беҳадду ад,
Футур ўлди ойини рою хирад.
Киши бўлса бу васф ила муттасиф,
Ажаб йўқ агар бўлса масху ҳазиф.
Ва лекин ҳамул хайли қудсийсифот
Ки, бўлмасун ул хайлсиз коинот.
Чу хилқатлари келди ҳикматсиришт,
Саодат аларға келиб сарнавишт
Ки, ул қавм эрур ё наби, ё вали,
Ва ё ҳикмат аҳли аро аъқали
Ки, нафсоният қилмайин ишта фош,
Қилурлар нечукким керактур маош.
Бадан ичра топиб риёзат субут,
Кўнгулга берурлар сафо бирла қут.
Неча бўлсалар умр бирла асан,
Топарлар камол ичра важҳи ҳасан.
Неча кимсага умр имкон эрур,
Алар ақли хуршиди рахшон эрур.
Яшағон сойи дониш ичра бойиб,
Катондек неча эскириб кўркониб».
Скандарга чун етти бу фоида,
Савол этмади нуктаи зоида.
ХLIII
Искандарнинг, кўнгул зулфи жодудин холи ҳиндуға майл этгандек, Кашмирдин Ҳиндустонға азимат қилғони ва ройи ҳинд жамоати аҳли яқин ва гуруҳи ҳикматойинни шафеъ қилиб, алар подшоҳдин қули ёзуғин тилагондек, дархост қилиб, қабул тушгони ва Рой Искандари соҳибройни Ҳинд сори бошлаб, бешаи Нигорда қишлоқ кўргузгони ва ул бешанинг тўрт ҳадди васфиким, баён ўзига ҳадди таъриф билмас, балки рубъи маскунда андоқ ер топилмас


Гузорандаи донои ҳиндинажод,
Бу тарихни мундоқ айлар савод
Ки, қилғоч Скандар бу тадбирни
Ки, Ферузға берди Кашмирни.
Чу бошин сазовори тож айлади,
Анга ҳам муайян хирож айлади.
Муқаррар бу навъ айттиким: «Ики ой
Бўл ўз кишваринг узра равнақфизой.
Бу миод ила жамъ айлаб сипоҳ,
Тегишча бориға бериб харжи роҳ.
Яна қилма ҳеч иш сори илтифот,
Етиш бизга Ҳиндустон сори бот».
Бу сўзлардин они қилиб сарфароз,
Яна синглиниким, эди Меҳр Ноз.
Тўқуз парда кейнида пинҳон қилиб,
Ҳаримида шамъи шабистон қилиб.
Аён айлабон Ҳинд азмини жазм,
Равон қилди Ҳиндустон сори азм.
Черикка иш ошуб бўлди яна,
Замона лагадкўб бўлди яна.
Черик ёпибон арсаи хокни,
Анинг гарди андоқки афлокни.
Борур эрди ул сори айлаб шитоб,
Уруб йўлни манзил-баманзил таноб.
Қаю ноҳиятқаки манзил қилиб,
Ўтар эрди фатҳини ҳосил қилиб.
Агар чархваш ҳисну олий жибол,
Сипоҳ айлар эрди ани поймол.
Ёмонлардин офоқни пок этиб,
Вале яхшиларни тарабнок этиб.
Қилиб саркаш эл шавкатин ерга паст,
Забардастларни қилиб зердаст.
Этиб даштни адлидин бўстон,
Анга тегруким мулки Ҳиндустон.
Хабар чунки фаҳм айлади Ройи Ҳинд
Ки, шоҳ ўлғуси кишвароройи Ҳинд.
Худ андинки, Кашмирға азм этиб,
Не янглиғ ани фатҳ этиб, чун етиб.
Фусун риштасин сарбасар узганин,
Тилисмотнинг фатҳи кўргузганин.
Нелар қилғонин аҳли Кашмир ила,
Агар зўр ила, йўқса тадбир ила.
Эшитмиш эди борчасин як-баяк
Ки, кўнгли аро йўқ эди ҳеч шак.
Билиб эрдиким айлай олмас хилоф,
Не мумкин худ этмак хаёли масоф.
Мураттаб қилиб пешкаш асру кўб,
Скандар жанобиға тортарға жўб.
Матоъ анда ҳар неки ашё келиб,
Тўқуз-тўқуз андин муҳайё келиб.
Боридин бурун зинда пили дамон
Ки, титраб алардин замину замон.
Аларнинг келиб сони тўқуз-тўқуз,
Яна бир ривоятда ўтуз тўқуз.
Келиб тоғдек ҳар бирининг тани,
Чу зўр айлабон тоғ йиқмоқ фани.
Вале тоғким, бўлса якпора тош,
Намойишда хокистари хора тош.
Бир учида бир чархваш тош анга
Ки, андин намудор ўлуб бош анга.
Ажаб тоғ ўлуб жунг янглиғ равон,
Ики жонибида ики бодбон.
Қаю жунг кўктин нишон кўргузуб
Ки, хартумидин Каҳкашон кўргузуб.
Не хартумким, гурза мори дамон,
Салобатда аждар ҳамон, ул ҳамон(1).
Чу жисмиға ҳар лаҳза ул айланиб,
Дегил тоғ аро аждаҳо чирманиб.
Узуб, чирмоғоч солхўрда чинор,
Йиқиб, туртгач сидраосо минор.
Чиқиб хартум атрофидин ики тиш,
Алардин фалак хайлиға сарзаниш.
Ажал нахлиға ҳар бири соқ ўлуб,
Сапидорнинг соқидек оқ ўлуб.
Сифоти «бало»ға келиб муттасиф,
«Бало» ичра сабт айлаган лом-алиф(2).
Улуғ жусса бирла фалакдин мисол,
Бўлуб ул фалак узра чангак ҳилол.
Бу янглиғки шарҳ ўлди тобу тавон,
Солиб ҳар бири узра баргуствон.
Ети ранг дебойи заркордин,
Мукаллал қилиб дурри шаҳвордин.
Яна ҳар бири узра бир турфа тахт,
Ичинда тўқуз ҳиндуйи некбахт(3).
Қабул ичра ҳар турфа ҳоле келиб,
Назар мардумидин мисоле келиб.
Бори зангийи холдек мушкранг,
Бори ҳиндуйи зулфдек шўху шанг.
Борининг либоси сориғ ё қизил,
Баҳору хазон айлабон муттасил.
Ҳамул пил чунким хиром айлабон,
Булар анга уйқу ҳаром айлабон.
Яна пилча хинги тозийнажод,
Демай девзоду, дейин девбод.
Назарға келиб ҳар тўқуз ўзга ранг,
Ки, ул лутф ила келмайин кўзга ранг.
Намудор аро ҳар бири бир пари,
Вале девмонанд ўлуб пайкари.
Югурмакта ҳар бир сабодин ўтуб,
Сабо йўқки, рахши самодин ўтуб.
Хиром айлагач, нарм рафтор ҳам,
Юруш барчаға тезу ҳамвор ҳам.
Ҳар аблақки, рафтор аро гом олиб,
Замон аблақи кўз етарча қолиб.
Ҳар ашҳабки, кўкка боқиб кишнабон,
Қуёш ашҳаби тобидек ишнабон.
Кежим ҳар тўқузға яна ўзга ранг,
Жаложиллари барча заррина ранг.
Миниб устига ҳиндуйи найзавар,
Зарогин қабо, балки заррин камар.
Бўлуб чунки якрониға жилвадеҳ,
Синони била ердин олиб зиреҳ.
Зуҳалранг ўлуб, лек Баҳромкин,
Замири аро барча ҳангом кин(4).
Қулоқларида ҳалқаи бандалиқ,
Топиб ўзча олтунға арзандалиқ.
Яна бу адад бирла харвор рахт,
Тангиб танглар чархкирдор рахт.
Назокатда ҳар ҳуллаи бемисол,
Бўла олмайин пардапўши хаёл.
Бўла олмайин кийса мастур тан,
Намудор ўлуб ўн қотидин бадан.
Яна бу адад бирла олтун зуруф,
Қуёшдек фурузон, вале бекусуф.
Суроҳию тунгу қадаҳ бирла жом,
Сафоу намойишда хуршидфом.
Яна онча тўтийи шаккаршикан,
Не шаккаршикан, балки ширин сухан.
Зумуррад тану лаъл минқор ҳам.
Ҳамул лаъл сўз вақти дурбор ҳам.
Яна онча товуси зебо жамол,
Латофатда товуси жаннатмисол.
Санамдек қилиб ҳуш қасдида куч,
Боши узра йўқ тожким, титрагуч.
Яна сандалу уд харворлар,
Ҳамул мушку кофур анборлар.
Бу янглиғ муҳайё қилиб пешкаш
Ки, қилғай тамошосидин руҳ ғаш.
Акобирки – мулк ичра мавжуд эди
Ким, ул хайл мулк ичра мақсуд эди.
Бори ҳикматойину донишпужуҳ,
Филотунманиш, бал Арастушукуҳ.
Яна бир гуруҳ аҳли зуҳду салоҳ,
Сафода қуёшдекки чиққай сабоҳ.
Масиҳи сухансанж янглиғ бори,
Фариди шакарганж янглиғ бори.
Булар оллида эътизор айлабон,
Басе ажзлар ошкор айлабон
Ки: «Мен бир камин бандамен шоҳға,
Бошим мойил ул хоки даргоҳға,
Хаёлимға ҳаргиз хилоф ўтмамиш,
Анинг бирла кину масоф ўтмамиш.
Не ҳад бирла худ қилғамен бу хаёл
Ки, қилсам ҳам ўлғай хаёли маҳол.
Бировким ўзин тутса ҳинду анга,
Не янглиғ чиқор рўй-барў анга.
Буким амри етганда азм этмадим,
Анга ғояти ажздин етмадим.
Мисолин русулидин олдим қўпуб,
Бошим устига қўйдум они ўпуб.
Кўп эрди манга хизмати мултамас,
Борурға вале топмадим дастрас.
Неким ҳукми эрди ибо қилмадим,
Бўюн тўлғабон можаро қилмадим.
Мисолини жон бирла қилдим қабул,
Десун билганин, Тенгри ҳаққи, расул.
Вале асру мажруҳу ранжур эдим,
Дедим узр, невчунки маъзур эдим.
Агар шоҳ узрум қабул айласа,
Бузуғ кишваримға нузул айласа,
Мени лутф ила айлабон сарбаланд,
Халойиқ аро айласа аржуманд.
Бошим кўкка етгай ул алтофдин,
Намудору ойини аътофдин.
Қули бўлғамен танда жон борича,
Бадан ичра жондин нишон борича.
Ва гар Тенгри кўргузмасун, қилса қаҳр,
Майи рифқ жоми аро қуйса заҳр.
Манга зоҳир этса гунаҳкорлиқ,
Не тонг қилса ҳинду сияҳкорлиқ.
Қабул айламасга доғи қайда ҳад
Ки, ҳиндустонийда бўлмас хирад.
Мени шаҳ сўзи бирла мужрим билинг,
Вале сиз жамоат шафоат қилинг.
Шак эрмаски чун маҳзи алтофдур,
Ариғ хотири кўзгудек софдур.
Қачон турсангиз сиз шафоат қилиб,
Гуноҳимдин ўтгай иноят қилиб».
Бу сўз бирла ҳиндуи ширинзабон,
Не ҳиндуки, ҳинд аҳлиға марзбон,
Йиборди ҳамул хайли чолокни,
Тенгиз оллиға неча хошокни.
Ҳамул пешкашлар била ул гуруҳ,
Топиб ҳар қадам йўлда фарру шукуҳ.
Борурлар эди ўрду ўтрусиға
Ки, еттилар Искандар ўрдусиға.
Бурун бориб аркони давлат сори,
Яна юз қўюб аҳли ҳикмат сори.
Алар доғи зоҳир қилиб эҳтиром,
Булар доғи айлаб адойи паём.
Паёмин аларнинг чу маълум этиб,
Бориб шоҳ табъиға мафҳум этиб.
Скандар чиқиб тахт уза шодмон,
Топиб Ройи ҳинди ғазабдин амон.
Ҳамул эл келурдин топиб шодлиқ,
ғаму ғусса бандидин озодлиқ
Ки, бу хайл эди оллида кўп азиз,
Кўрунмас эди Ҳинд моли пашиз(5).
Аларни тилаб лутфу икром ила,
Суруб нукта шоҳона ором ила.
Салоҳ аҳли етгач, тушуб тахтидин,
Бу тавфиқ топиб бийик бахтидин.
Кўрушган маҳалда қилиб ўзни паст,
Кўруб ўзни дин аҳлиға зердаст.
Қилиб ҳикмат аҳлиға ҳам майл бот,
Етиб ҳар бирисига кўп илтифот.
Ҳақ аҳли қошида шаҳи некбахт,
Жулус этгали қилмайин майли тахт.
Такаллуфсиз айлаб ер узра мақом,
Аларни доғи кўп қилиб эҳтиром.
Тамомиға шойиста ер кўргузуб,
Нечукким эрур лойиқ ўлтурғузуб.
Тилин узр сори қилиб нуктасанж
Ки, бушқунча худ етмади йўлда ранж.
Бурун шаҳға барча дуо қилдилар,
Яна Рой сўзин адо қилдилар.
Қилиб шоҳ изҳори шармандалиқ,
Машойихқа айлаб сарафкандалиқ.
Деди: «Ҳар не сиз этсангиз илтимос,
Ерур фарз тутмоқ нафас бизга пос.
Сизинг шаҳға гарчи гунаҳ оз эрур,
Сунуфи иноятқа мумтоз эрур.
Агар журму исёни кўп бўлса ҳам,
Кўруб ажзини айлар эрдим карам.
Хусусан сизингдек кироманд эл,
Хирадпарвару покпайванд эл.
Келиб бўлғасиз қилғониға шафеъ,
Не қилғай бажуз афв ройи рафеъғ
Гуноҳи худ оз эрди, кўб бўлса ҳам,
Сиёсат тариқиға жўб бўлса ҳам,
Билиб кечтим ул барчанинг бошидин,
Илик торттим кину подошидин.
Ўзига иноятни жазм айласун,
Қўпуб боргаҳ сори азм айласун.
Ишига чекай мулк бирла тироз,
Бошин тож ила айлайин сарфароз.
Сарири юзин кишваророй этай.
Ливоси тирозин фалаксой этай.
Яна чунки сиз хайли фаррухжамол,
Ки, бўлдум сизинг бирла фархундафол.
Қадам ранжа айлаб буён еттингиз,
Мени хушдилу баҳраманд эттингиз.
Сизинг ранжингиз узрини қўлғамен
Ки, андин ўзим мубтаҳиж бўлғамен.
Не кишварға бир шоҳ кирган замон,
Қадимий эрур расми моли амон.
Ани қилмасунлар бу элдин талаб
Ки, эл топмағай бермагидин тааб.
Яна Рой хизматға чун етгуси,
Бу кишвар хирожин қабул этгуси.
Халойиқ бошидан олиб эҳтиёж,
Маоф айладук ики йиллиқ хирож».
Бу янглиғ карамлар чу кўргузди шоҳ,
Ул эл бўлдилар лутфидин хокироҳ.
Ул ахлоқи беҳадду ғоят кўруб,
Яна бахшиши бениҳоят кўруб,
Анинг шукрин айтурға лол ўлдилар,
Дуо дерда ошуфтаҳол ўлдилар.
Чу бир йўли юзланди муфрит сурур,
Яқин эрди жон тандин ўлғай нуфур.
Не навъ ўлса ўзларни забт айлабон,
Дуо сори ойини рабт айлабон
Дедиларки: «То дойир ўлғай сипеҳр,
Сипеҳр узра то айлағай сайр меҳр,
Сипеҳр узра бўлсун санга тахтгоҳ,
Қуёш гирдболиштидин такягоҳ.
Фалак бўлмасун сендек огоҳсиз,
Жаҳон бўлмасун сен киби шоҳсиз.
Мусаххар бўлуб барча олам санга,
Ети кишвар ўлсун мусаллам санга.
Юзунг айласун бахт меҳри само,
Замирингни миръоти гетинамо.
Жанобингға келганда беҳол эдук,
Сўз айтурда қўрқунчдин лол эдук.
Сени ўзга шаҳлардек эттук гумон,
Дедук ўзга шаҳлар ҳамон, сен ҳамон.
Не билдукки, бўлса алар тийра хок,
Сени Тенгри халқ айламиш нури пок.
Сени шоҳлар ичра қилмиш Илоҳ,
Анингдекки, сойир улус ичра шоҳ.
Кўруб сенда бу навъ хулқи карим,
Кўнул ичра не ваҳм қолди, не бим.
Бировдекки, гулни ўт этган гумон,
Исидин тирилгай етишган замон.
Чу топтуқ жанобингға мансублуқ,
Фузун бўлди ҳайратқа мағлублуқ.
Қилилғоч ишингда тафаккур фузун,
Таҳайюрға бўлди таҳайюр фузун.
Кўрулди сифотингки мастур эмас
Ким, ул навъ инсонға мақдур эмас.
Вужудунг Ҳақ этмиш малойиксифот
Ки, сенсиз даме бўлмасун коинот.
Сени бўйла билса эди Ройи ҳинд,
Келиб қилмағай эрди парвойи ҳинд.
Ижозат агар бўлса келтурмаки,
Юзин остонингға еткурмаки.
Бориб афву лутфунг баён айлали,
Ҳазин хотирин шодмон айлали.
Ани тортали қуллуғунгға ёвуқ,
Кўзин хоки пойингдин этсун ёруқ».
Деди шаҳки: «Сизга неким бўлса ком,
Манга ком эрур, андин ўзга ҳаром».
Дуо қилдилар ул жамоат қўпуб,
Яна йўлға юз урдилар ер ўпуб.
Етиб Ройи ҳинд оллиға шодмон,
Ани ҳам қилиб шод етган замон.
Бериб борча ҳолатдин огоҳлиқ,
Тилаб азм қилмоққа ҳамроҳлиқ.
Ўзига топиб Рой мундоқ нажот,
Дегайсенки, ўлганга етти ҳаёт.
Ҳамул хайлни солибон илгари,
Равон бўлди шоҳ остони сари.
Яна туҳфалар бурноғидин шигарф
Ки, васфиға қилмай вафо савту ҳарф.
Ўзига ҳамул элни ҳоди қилиб,
Ҳидоят била қатъи води қилиб.
Алар доғи раҳбарлиғ айлаб анга,
Бори йўл суханварлиғ айлаб анга.
Шаҳи комрон васфини соз этиб,
Бу қилмай тамом, ул бир оғоз этиб.
Дебон файзу нафъини хуршидвор,
Ани заррадек айлаб уммидвор.
Дебон бўйла сўзларни ҳамроҳиға,
Қадам қўйдилар шаҳ даргоҳиға.
Равон бердилар шаҳға огоҳлиғ
Ки, Рой этмиш ул элга ҳамроҳлиғ.
Яна ҳукми олийға бўлди судур
Ки: «Берсун билик аҳли мажлисқа нур».
Алар Ҳинд Ройин олиб кирдилар
Ки, бу ҳукмға мунтазир эрдилар.
Кафан эгнидау қилич бўйнида,
Яна мавт пирояси қўйнида.
Ани кўргач-ўқ айлади манъ шоҳ
Ки, ул қилмамиш эрди онча гуноҳ.
Ки, келгай бу янглиғ мазаллат била,
Бу баским, келур аҳли миллат била.
Нечукким, мурувват анга эрди фан,
Деди, олдилар тиғ бирла кафан.
Кетурдилар айлаб басе эҳтиром,
Анга тегруким шоҳи олий мақом.
Шаҳ эъзоз ила аржуманд айлади,
Қучушмоқ била сарбаланд айлади.
Қилиб шоҳнинг пойбўсиға майл,
Нечукким, тушар тоғ аёғиға сел,
Юқорроқ чекиб шоҳ икром ила,
Қучуб шоҳни Рой ҳам ком ила.
Ёниб чун қучардин бўлуб кўнгли хуш,
Кетурганларни айлабон пешкаш.
Шаҳ айлаб қабул, анга ер кўргузуб,
Мулукона қонуну ойин тузуб.
Неким ваҳм эди кўнглидин қилди рафъ,
Замиридин андешани қилди дафъ.
Яна ул сурук зумраи динни ҳам,
Доғи зумраи ҳикматойинни ҳам,
Бурунғидек айлаб риоят басе,
Ниёз узра қилди иноят басе.
Такаллум қилиб шаҳ басе жоннавоз,
Демай жоннавоз, айт меҳмоннавоз.
Бори Ҳинд элин ўйла сайд айлади
Ки, тори вафо бирла қайд айлади.
Мулойим чиқиб базм ҳаддин фузун,
Тасалсул бўлуб нукталарга узун.
Шаҳ алтофини чун кўруб беқиёс,
Қўпуб Ройи ҳинд айлади илтимос
Ки: «Айлаб карам шоҳи гардуннаҳиб,
Бу кишварга рухсоридин берса зеб.
Таваққуф қилиб мунда бир неча ой,
Қилиб Ҳинд туфроғини чархсой.
Бу кишвардаким кўп ғаройибдурур,
Демай, кўпки, кони ажойибдурур.
Ажаб бешау булъажаб ваҳшу тайр,
Фароғат била неча кун қилса сайр.
Етибдур яқин ғолибо қиш доғи,
Бу қиш ичра йўқ қилғудек иш доғи.
Бажуз бодау руду айшу нишот,
Фароғат била айламак инбисот.
Хусусанки Ҳиндустоннинг қиши,
Қилур халқ табъиға наврўз иши.
Булут узра ёмғур, шажар узра вард,
Не совуғ, не иссиғ, не болчиғ, не гард.
Ҳамалға қуёш чунки бергай шараф,
Юруш азми гар бор эса ҳар тараф.
Сипаҳ тортмоқ вақти ҳам улдурур,
Киши ҳар иш айлай деса йўлдурур».
Келиб шоҳ кўнглига бу нукта хуш,
Анингдекки, сув кўрса соҳиб аташ.
Қабул айлабон, бўлди хушҳол кўп,
Ҳамул элга юзланди иқбол кўп.
Деди: «Қай сари бўлсангиз раҳнамой,
Бўлоли бу қиш анда маҳмилкушой».
Дедиларки: «Деҳли эрур пойтахт,
Муносибдурур тортмоқ анда рахт».
Деди шаҳки: «Шаҳр ичра сиғмас сипоҳ,
Керак бешада элга оромгоҳ.
Ва гар сиғса доғи эмас дилписанд
Ки, етгай раоёға элдин газанд.
Равон бўлса биздин биров илгари
Ки, ер кўрса ул шаҳрдин ташқари.
Йироқроққина бўлса ҳам бок эмас
Ки, эл шаҳрсиз асру ғамнок эмас».
Яна илтимос айлабон деди Рой
Ки: «Ҳукм айласа шоҳи кишваркушой,
Бу қул борса бу иш саранжомиға,
Кўрарга маҳал шоҳ оромиға.
Йўқ эрса кўнгул ҳеч топмас қарор,
Манга юзланур дам-бадам изтирор».
Бу сўздин анга шоҳи фархундафар,
Иноят қилиб тахту тожу камар.
Басе тезрав рахши хорошикан,
Бори каркзўру бори пилтан.
Мурассаъ эгар бирла тазйин топиб,
Яна ғошия гавҳаройин топиб.
Узотиб ани Ҳинд сори нухуст,
Ўзи доғи азм этти ул ён дуруст.
Етишти чу ўз кишвари ичра Рой,
Бўлуб кишвар аҳлиға ишратфизой.
Билиб элки душмандин ўлмиш амон,
Қилиб шод кўнглини яхши-ямон.
Шаҳ этган карамларни бори билиб,
Бўлуб шоду беҳад дуолар қилиб.
Яна Рой чун хушдил айлаб элин,
Скандар яроғиға боғлаб белин.
Ҳамул бешаким дер эдилар Нигор(6),
Ичида анинг бениҳоят шикор.
Не беша, Эрам боғининг ғайрати,
Хирад нутқини лол этиб ҳайрати.
Келиб бешадин атри анбар насим,
Қилиб тийра туфроғни абҳаршамим.
Муқорин келиб сандалу обнус,
Шабаҳ бирла ул навъким сандарус.
Насимеки сандал саридин етиб,
Димоғ уйини сандалолуд этиб.
Ҳамул ис тутуб бешау тоғни,
Қилиб сандалисуда туфроғни.
Йилон сандалосо шажар соқиға,
Сочидек бути сиймбар соқиға(7).
Қаранфул қилиб майл сунбул сори,
Анингдекки, сунбул қаранфул сори.
Шажар ҳар бири еткуруб кўкка бош,
Бўлуб барглар ичра пинҳон қуёш.
Қуёш барг аро ул сифат мунзави
Ки, туфроққа соя аро партави.
Чинор андаким панжа айлаб хизоб,
Бўлуб, ўйлаким панжаи офтоб.
Фалакким етиб жавзи бўё анга,
Бош айланмоғи солди гўё анга.
Шажарким бўлуб жавзи бўё ери,
Келиб шохиға дорчиний тири.
Чу зайтун бўлуб чарх ила муттасил,
Бўлуб чарх зайтуни андин хижил.
Қаю нахлким, шохи кўктин ошиб,
Анга ток шохи чиқиб чирмошиб.
Узум хўшаси бирла аҳли расад,
Сипеҳр узра Парвин кўруб беадад.
Ҳамул токким, бўлди шох узра банд,
Солиб сидра шохиға печон каманд.
Анга ёрмониб хўшадузди хаёл,
Сипеҳр узра чиқмоғни кўрмай маҳол.
Хазон ичра чун барги асфар сочиб,
Фалак ҳар сори юз минг ахтар сочиб.
Бу ашжор учида ҳар жинс тайр,
Бўлуб тойир ўлғонда афлоксайр.
Дема тайр чарх узра сойир бўлуб
Ки, ҳар тайр бир Насри Тойир бўлуб.
Сурук турфа тўтии дилкашнаво
Ки, ҳар ён тутуб беша ичра ҳаво.
Қўнуб қай шажар узра ахзар қилиб,
Не ахзарки, Хизри паямбар қилиб.
Бўлуб баргсиз нахл ножу киби,
Не ножуки, бу чархи мину киби.
Дема чархи минуки, гулбун мисол,
Гул ул хайлким, кўргузуб ранги ол.
Қизил хайлининг ранги гулнор ўлуб,
Анга шуълаи нор минқор ўлуб.
Қизил, ёшил айлаб чу ҳар ён ҳужум,
Ясалғон киби айлабон ранги мум.
Яна шораки нуктагў хайл-хайл,
Қилиб ҳинд элидек такаллумга майл.
Қилиб лавҳа кимсон била зевари,
Анингдекки, ҳиндуйи бозигари.
Дема лавҳаким, лавҳаи зарнигор,
Қилиб зарварақ бирла афсарнигор.
Қаёнким кироманда мадфун келиб,
Ким они кўруб, зору мафтун келиб.
Жавак атлас айлаб ўзига либос,
Кийиб бўрк ўрнида бошиға тос.
Хироманда товуси зебо жамол,
Малак хайлидин зоҳир айлаб мисол.
Қилиб жилва ҳар ён, вале масти ноз,
Суроҳи киби масту гарданфароз.
Суроҳи келиб ложувардийнишон,
Қилиб они зарҳал била шустмон.
Тазарви хироманда, дуррож ҳам,
Қилиб ҳуш нақдини торож ҳам.
Бўлуб чун тазарв айлабон майли сарв,
Бу гулдаста мили, муталло – тазарв.
Чу товус ўлуб шохи олийнишин,
Бўлуб сидра шохида Руҳул-Амин.
Ери сабза бирла зумурраднишон,
Анга чархи мино забаржадфишон.
Шимолида бу бешанинг руди Синд(8),
Жанубида зоҳир бўлуб шаҳри Ҳинд.
Бу руд ичра юз кема суръатнамой,
Фалак баҳрида ўйлаким янги ой.
Келиб ҳадди шарқида бир найситон
Ки, васфида камдур неча достон.
Саросар бу най ичра шаккар бутуб,
Не шаккарки, қанди мукаррар бутуб.
Бўлуб шарбат ул найситоннинг суйи,
Шакар, болчиғ ўрнига сувдин қуйи.
Яна ҳадди ғарбида тоғе рафеъ,
Бўлуб тўрт фасл анда – фасли рабеъ(9).
Қишу ёз мамлу раёҳин анга,
Келиб наҳлаи шаҳд гулчин анга(10).
Ниҳоятдин ортуғ келиб бу калез,
Бўлуб борча бу тоғ аро шаҳдрез.
Киши қайси тоше сориким боқиб,
Анинг шаҳди бир чашма сувдек оқиб.
Қаю кўл сори элга бўлса вуруд,
Кўруб шаҳд оққонни андоқки руд.
Кийик хайли бу тоғ уза минг гала,
Гулу шаҳд аросида бори яла.
Буғую марал – найистонида сайд,
Шакардин борининг аёғида қайд.
Тўла баҳрида моҳийи сиймгун,
Фалак Ҳути ҳар бир қошида забун.
Яна беша атрофида дому дад,
Киши овламоғлиғ учун беадад.
Келиб шаҳри худ васфдин ташқари,
Бўлуб хира кўз чун боқиб ҳар сари.
Бу бешадаким, дедим авсофини,
Қалам қилди маҳдуд атрофини.
Ере эрди очуқ бағоят анга,
Гулу сабза бас бениҳоят анга.
Қуловузлуғ айлаб, бўлуб раҳнамой,
Тушурди Скандарни фархунда Рой.
Ҳамул сабзаға тушти хайлу сипоҳ,
Тикилди яна чархсо боргоҳ.
Шаҳ ул ердин асру нишот айлабон,
Юруб ҳар ёнин эҳтиёт айлабон.
Басират била ҳар тараф кўз солиб,
Анинг тавру вазъида ҳайрон қолиб.
Қилиб Рой анга онча қуллуқ аён
Ки, қосир бўлуб шарҳи ичра баён.
Бори шуғлдин шоҳи маъзул ўлуб,
Қиш ул ерда ишратқа машғул ўлуб.
Кетур соқий, ул соғари зарнигор
Ки, май лаълидин бўлди гавҳарнигор.
Чу дашти Нигор ичра қилдим мақом,
Керактур манга зарнигор эмди жом.
Муғанний, тузот нағмаи рехта,
Ани қил унунг бирла омехта
Ки, бир сабзи ширин яна Ҳинд аро,
Менинг рўзгоримни қилди қаро.
Навоий, нелар қилди хоманг яна
Ки, бир мулки Ҳинд ўлди номанг яна.
Неча кўрса мулкида ҳинду савод,
Унутқай кўрунган замон бу савод.
ХLIV
Афв фазилатидаким, дарёдил жувонмардлар мужримлар гуноҳи хасу хошокин бахшиш насими била кўнгул баҳридин адам савоҳилиға сурарлар ва юзларига дарё мавжидек чин тушмас ва ҳайрат зулумотидағи овораларни карам шамъи раҳнамойлиғи била ул водийи ҳалоктин чиқорурлар ва ул тийраликтин аларға ҳеч бушмас


Биров шаҳлар ичра эрур муҳтарам
Ки, бўлғай анинг даъби афву карам.
Ангадур жаҳон аҳлидин фардлиғ
Ки, ойини бўлғай жувонмардлиғ.
Ани бил жувонмард ёхуд карим
Ки, бедодидин бўлмағай элга бим.
Демасменки, бедод ком этмагай
Ки, бедодға интиқом этмагай.
Гунаҳкор бўлғоч анга узржўй,
Карам баҳридин бўлғай ул журмшўй.
Қуйи қилса мужрим бошини уёт,
Қуйироқ ани солмағай тиғи бот.
Гунаҳ лойида кимса бўлса асир,
Тойилғоч оёғ бўлғай ул дастгир.
Муқассир шафеъ этса тақсирини,
Талаттуф била қилса тадбирини,
Ва гар ҳурмат аҳлини қилса шафеъ,
Шафоатгар амриға бўлса мутеъ,
Агар афвнинг бўлса гунжойиши,
Гуноҳ аҳлиға етса бахшойиши,
Улус узра, эй бандаким, шоҳсен,
Неча сўз эшитгил гар огоҳсен:
Гуруҳеки ул сойири носдур,
Сенинг ҳукмунга ишлари посдур.
Эрурсен сену ул гуруҳ – инсдин,
Бори офаринишда бир жинсдин.
Камол ичра сендин кўпи аржуманд,
Яна қобилиятда доғи баланд.
Сениким Ҳақ айлаб бориға амир,
Аларни санга қилди фармонпазир.
Қаю бирга берса эди бу кушод,
Не қилғай эдинг қилмайин инқиёдғ
Буким Ҳақ сени имтиёз айлади,
Бори халққа сарфароз айлади.
Гунаҳдин тилар чоғда Ҳақдин амон,
Ўзунгни аларнинг бири қил гумон.
Неким ўз қошингда эрур нораво,
Улусқа ани кўрма асло раво.
Чекар чоғда мужрим итобиға тил,
Ҳақ оллида журмунгни ёд айлагил.
Ёмонға жазо гар сиёсатдурур,
Мурувват – тариқи раёсатдурур.
Ани қатл айлардаким жони бор,
Ҳаял айла, ончаки имкони бор.
Неча қатлға кимса шоистадур,
Қасосида таъхир боистадур.
Этар бўлса филҳол ўлумдин газанд,
Абас бўлди, бас ҳибсу зиндону банд.
Бугун кимса зиндонда бўлса не бок,
Бўлур чун ани тонгла қилмоқ ҳалок.
Тааммулсиз ўлса бугун бегуноҳ,
Санга ҳолини тонгла билганда, оҳ!
Ўзунгни гар ўлтурсанг ул дам не суд,
Бошинг кессанг илгинг билан ҳам не судғ
Недин солғасен кимсага бир мараз
Ки, топмас даво бўлса жонинг эвазғ
Не қилмоқдурур бир иморатни паст
Ки, мумкин эмас бутмак, ўлғоч шикаст.
Ани кўрким, ул зори мазлум ано,
Неча кўрди ҳифзида ранжу ано(1).
Ул уйғонмасун деб, ебон қайғусин,
Ҳаром айлади кечалар уйқусин.
Ўтуз-қирқ йил давра айлаб сипеҳр,
Анга кўргузуб тарбият ичра меҳр.
Тушуб ул доғи чарх даврониға,
Кириб қарндин сўнг киши сониға.
Қилиб ҳукм сенким, ситампешае,
Чопиб бошини қилмай андешае,
Равоким кўруб бу газанди анинг,
Тамаъ эски тўнию банди анинг.
ғараз нафсдин анга бу шумлуқ,
Йўқ улким, санга қилса маҳкумлуқ.
Не навъ айлагай кимса, ваҳ-ваҳ, бу иш,
Равому бўлур, Аллоҳ-Аллоҳ, бу иш.
Бўригаки қўй бўғмоғи пешадур,
Шубон меҳнатидин не андешадурғ
Кабутарни росу(2) қилурда ҳалок,
Анга тифл ўзин ўлтурурдин не бокғ
Агар қатл ўлур ўз ерида аён,
Сияҳчол аро ики кун не зиёнғ
Ва гар айласа ул хатони киши,
Не қилғай бу янглиғ балони кишиғ
Ва гар кимсага собит ўлди гуноҳ,
Карам қилсанг ўлғон замон узрхоҳ.
Агар одами бўлса – то жони бор
Яна қилмоқ ул ишни имкони борғ
Ани жон била айладинг муҳтарам,
Сенга зоҳир ўлди камоли карам.
Тирикликдин ўлғай анга бу ғараз
Ки, қилғай сенинг бу ишингга эваз.
Агар топса юз жон, фидо айлагай
Ки, то ул ҳақингни адо айлагай.
Агар қолса бу орзудин йироқ,
Еваз Тенгридин гар етар, яхшироқ.
Евазға доғи қилмаса илтифот,
Бас эрмасмудур даҳр аро яхши отғ
Скандарки андоқ карам айлади,
Қолур отни андеша ҳам айлади.
Бу навъ ўлса кимда карам жавҳари,
Бугун улдур офоқ Искандари.
Ким ўзни карам ичра моҳир қилур,
Карам ўз хавосини зоҳир қилур.
ХLV
Ул тожир ҳикоятиким, суду савдосидин улуқ зиён бошиға келди ва жигаргўшаси фироқидин жигар парголалари юзин мунаққаш қилди ва белидаги нақдин ўлумлукни халос қилур учун берди ва қутулғон ўлумлук анинг жигаргўшаси, балки нақди эрди


Адан(1) мулкида бор эди тожире,
Тижоратда тужжор аро моҳире.(2)
Бор эрди бир озода фарзанд анга
Ки, йўқ эрди оламда монанд анга.
Ешилмас эди ноқадин маҳмили,
Ҳар ўн кунда бир шаҳр эди манзили.
Борур эрди бир кеча шабгир этиб,
Басе суду савдони тадбир этиб,
Бас этмай даме дашту дарё сўзин
Ки, урди қароқчи аларға ўзин.
Ўлум хавфидин борча бутроштилар,
Қочиб ҳар бири бир бойир оштилар.
Чу қочқон сари чиқди туз ҳар киши,
Бир иқлимға қўйди юз ҳар киши.
Чу қутқорди жон тожири раҳнавард
Ўзин, лек ўз ўғлидин топти фард(3).
Жигаргўшасин топмай ул тийрарўз,
Жигардин чекиб оҳи афлоксўз.
Бу ғамдин жигарни топиб ёралиқ,
Деди: «Менмен эмдию оворалиқ.
Қуюндек юз урғумдурур ҳар тараф,
Бу хокий бадан бўлғуча бартараф.
Муродим ҳаримиға қўйсам қадам,
Биёбонда саргашталикдин не ғамғ»
Тўкулгач ҳароми анга ногаҳон,
Минг олтун белида бор эрмиш ниҳон.
Белида муҳайё кўруб тўшасин,
Юз урди тиларга жигаргўшасин.
Жигар оқизиб кўз йўлидин мудом,
Жигаргўша истаб урар эрди гом.
Анга пўя реш этмиш эрди жигар
Ки, бир турфа кишварға қилди гузар.
Жигархуни бедил қилиб дашт тай,
Ҳамул шаҳр гашт этгали урди пай.
Кўрарким, гуруҳе турубтур касир,
Алар илгида бир жигархун асир.
Жигаргуна, лек қон аросида ғарқ,
Боши узра тиғе, анингдекки барқ.
Жигарранг ўлуб қон аро ҳайъати,
Бўлуб боис ул ишга қон туҳмати.
Минг олтунға қонлиғ қилиб сарбасар,
Берурга вале кимса чекмай жигар.
Бу савдо кўруб тожири нотавон,
Жигаргоҳидин ешти нақдин равон.
Чу қутқорди мазлумни тўшаси,
Қутулғон худ эрмиш жигаргўшаси.
Анга ашк тўкмакта маъзур эди,
Ажаб ишки, қон бирла қон юр эди.
Чу бутти жигар захмидин ёраси,
Деди: «Ҳолинг айт, эй жигар пораси»(4).
Деди: «Ул кеча бўлғач андоқ бало,
Мен ўлдум адув илгида мубтало.
Бурун барча қатлимға жаҳд эттилар,
Бошимдин кечиб сўнгра аҳд эттилар.
Ким: «Ўлтурмоли, бўл бизинг ёримиз,
Не иш айласак соҳибасроримиз».
Ўлар чоғда бу навъ инъомдин,
Мутеъ ўлдум ул элга нокомдин.
Бу кунга дегинким бу кишварга азм
Қилиб, эттилар жамъе эл бирла разм.
Булардин шаҳодат топиб бир фақир,
Алардин мен ўлдум буларға асир.
Чу ҳолимни ҳокимга еткурдилар,
Суруб мени қонлиққа топшурдилар.
Топар чоғда умрум қуёши кусуф,
Санга худ бор ўз қилғонингдин вуқуф.
Очиб роди илгинг карам ақдини,
Бериб нақд сийм, олди жон нақдини».
Улус воқиф ўлғоч бу аҳволдин,
Хабар бердилар шаҳға ул ҳолдин.
Чу воқиф бўлуб ул навоҳи шаҳи,
Карам нуктасининг бўлуб огаҳи.
Яно қилди тожирни пироялиқ,
Бурундин фузун нақду сармоялиқ.
Минг олтунгаким зоҳир этти карам,
Ўғул топтию юз минг иқбол ҳам.
Карам ёмғури қайдаким сочилур,
Анга оқибат гул бу навъ очилур.

ХLVI - Ҳикмат
Искандарнинг саволи Арастудин ул бобдаким, ҳар амалғаким, бир жазодур, ул амал тухмиға бу бир недин сазодур ва жавоб маҳсулин кўтармак


Яна сўрди доройи ҳикматсиришт(1):
«Ки эй ҳарфи ҳикмат санга сарнавишт,
Буким келди ҳар ишга бир хосият,
Манга зоҳир этким, недур кайфиятғ
Не феълеки келди бировдин ёмон,
Ёмонлиқ кўрардин анга йўқ омон.
Ва гар яхшилиқ кимга афъол эрур,
Жазоси анинг ганжи иқбол эрур.
Недин мундоқ эрконга бир нукта сур,
Мунунг сиррини хотиримға етур».
Деди нуктапардози доно(2) маниш:
«Ки эй нуктадин зотинга парвариш,
Неким Тенгри халқ этти офоқ аро,
Не офоқким, бу куҳан тоқ аро.
Ниҳоний анга берди хосияте,
Бу хосияти ичра кайфияте.
Агар қойил эрмас бу ишга киши,
Бўлур бар абас офариниш иши.
Башар хайликим жаҳл эрур лозими,
Қачонким бўлурлар ҳар иш озими.
Агар нафъе ул ишта мақсуд эмас,
Ул иш кимсадин, билки, мавжуд эмас.
Агар худ ғараз нафъе пинҳони йўқ,
Бировдин бир иш бўлмоқ имкони йўқ.
Бажуз тифл ё улки девонадур,
Хираддин бу икиси бегонадур.
Вале ҳар киши бўлса аҳли уқул,
Тааммулсиз иш ақли этмас қабул(3).
Қачон бўлса махлуқ аро бўйла ҳол,
Ажаб йўқки, Холиқдин ўлғай маҳол.
Буким нафъсиз халқ қилғай вужуд,
Агар равшан ўтдур ва гар тийра дуд.
Неким офаринишқа пайвастадур,
Бори бир-бирисига вобастадур.
Бир иш деса бўлмас «сазовор эмас»
Ки, бир риштатоб анда бекор эмас.
Бу худ собит ўлдики йўқ ҳеч зот,
Ва ё ҳеч афъол ёхуд сифот
Ки, зимнида хосияте бўлмағай,
Вужудида кайфияте бўлмағай.
Вале чун яратти эл афъолини,
Яшурди анга дона аҳволини
Ки, деҳқон неким дона мазруъ этар,
Ани-ўқ ўрар, чунки вақти етар.
Қачон сочса туфроққа буғдой биров,
Йўқ имконким, ул арпа қилғай дарав(4).
Ва гар арпа ҳам сочса бўлмоққа тўқ,
Анга буғдой ўрмоғнинг имкони йўқ.
Киши ҳанзал экса аччиғ бар топар,
Ва гар найшакар экса – шаккар топар.
Чу афъолнинг ашрафу дуни бор,
Агар дуну ашраф бу қонуни бор
Ки, ҳар ким аён этса яхши қилиғ,
Етар яхшилиқдин анга яхшилиғ.
Ва гар кимсадин зоҳир ўлса ямон,
Кўрар ҳар неким, зоҳир этти ҳамон.
Керак шони ҳам бўлса ишнинг бу тавр
Ки, бар лутф лутф-ўқ берур, жавр-жавр.
Топар айласа фикр табъи салим
Ки, бу навъ экин жодаи мустақим.
Бу қонундин ар бўлса иш мухталиф,
Адолат тариқи бўлур мунҳариф».
Чу қойилға бу нукта шофий келиб,
Мухотабға ҳам мунча кофий келиб.
ХLVII
Искандарнинг, қуёш тун зулми Зангборидин чиқиб, кун зиёси нимрузиға киргондек, Ҳинд соводидин чиқиб, Чин кишварига киргони ва Хоқони Чин анинг қуёшдек гармхўйлуқ била тиғи жаҳонгир тортиб келатурғонин эшитиб, муқобаласида заррадек беҳисоб черик йиғиб, анга мувофақатқа элчи йибориб, номувофиқ жавоб топқони ва ул жиҳатдин зарра ҳисоблиқ чериги зарра хайлидек қўзғолиб, ўзи тадбир ишин зарраи қўймағони


Бу янглиғ деди ноқили нуктасанж,
Басе тортқон нукта нақлида ранж:
Ки, чун бўлди Искандари номжўй,
Қиш ул турфа марз ичра оромжўй.
Ўзи худ эди кишвароройи Ҳинд,
Яна мажлисоро анга Ройи Ҳинд.
Бориб гоҳ шаҳр ичра ҳаммом учун
Иморат аро бодау жом учун.
Солиб Рой қасрида ишратқа пай,
Тараб бирла оғоз этиб руду май.
Гаҳи беша ичра шикор айлабон,
Шикор ичра май ихтиёр айлабон.
Гаҳи бабр уруб, гоҳ шер ўлтуруб,
Ва гар пилу карк – ул далер ўлтуруб.
Гаҳи соз этиб базм дарё аро,
Кириб киштийи баҳрпаймо аро.
Тутуб шаст ила моҳийи сиймгун(1),
Қилиб жоми сиймин ичардин нигун.
Найистонни гоҳи қилиб марҳала,
Кириб анда андоқки шери яла.
Гавазн ўлтуруб, чун суруб гўртак,
Қилиб май аро найшакардин газак.
Гаҳи Шаҳд тоғиға айлаб уруж,
Қуёш, ўйлаким қилса майли буруж.
Чу май бирла тоғ узра хушҳол ўлуб,
Ҳамул шаҳддин фориғулбол ўлуб.
Гаҳи айлаб ойини шоҳаншаҳи,
Тузуб нағма хиргоҳ аро хиргаҳи.
Ичиб боргоҳи фалакжоҳ аро,
Саропардаи чархдаргоҳ аро.
Гаҳи дониш аҳли била ўлтуруб,
Кутуб анда ҳар илмдин келтуруб.
Қаю баҳским диққатиға етиб,
Неким бўлса мажҳул маълум этиб.
Бу янглиғ анга ўтти лайлу наҳор,
Анга тегруким бўлди фасли баҳор.
Шараф буржини ёрутуб шамъи меҳр,
Ҳамул шамъдин равшан ўлди сипеҳр.
Яна шоҳ рахшанда хуршиддек,
Жаҳон мулки фатҳиға Жамшиддек,
Азиматнинг оҳангига йиғди базм,
Хито бирла Чин азмини қилди жазм.
Сипаҳ баҳри ичра яна тушти жўш,
Кар этти фалакнинг қулоғин хурўш.
Кўтарди яна ҳарб кўсини пил,
Чолинди бу кишварға кўси раҳил(2).
Олиб Ҳинд ноҳиятин якқалам,
Юруб Чин билодиға чекти алам.
Чу Ҳиндустондин чиқарди сипоҳ,
Ки, Чин кишварин қилғай оромгоҳ.
Борур йўлнинг атрофида ҳар билод
Ки, бир шоҳ эди анда олийниҳод.
Гар эллик йиғоч эрди, гар юз йиғоч,
Йибармак черик йўқ эди эҳтиёж.
Бирор номаким ул тараф борибон,
Келиб номабар бирла ёлборибон.
Чекиб пешкашлар, кўруб шоҳни,
Қилиб такягаҳ хоки даргоҳни.
Иноят қилиб шоҳи олий мақом,
Таваққуфсиз илгаррак айлаб хиром.
Юруб йўл, тамошо қилиб ҳар ҳаде
Ки, то маскани бўлди Чин сарҳади.
Билиб эрди Хоқонким, ул тунд сел,
Юруб Ҳинддин қилди Чин сари майл.
Сипаҳ йиғмиш эрди ададдин фузун,
Яроғ айламиш эрди ҳаддин фузун
Ки, аввал инод ошкор этмагай,
Хусумат ишин ихтиёр этмагай.
Солиб сулҳдин сўз, йиборгай расул,
Боришмоқ тариқини қилғай қабул(3).
Агар хасм бу сўзга индурса бош,
Узотқай қилиб дўстона маош.
Ва гар кўрса иш бутмас озарм ила,
Темур юмшамас пўзиши гарм ила.
Ўзин қилмағай ажз бирла забун,
Черик тортиб этгай масоф озмун.
Бу тадбир илаким топиб эрди рой,
Қилиб аввал ўзни ҳарифозмой.
Йиборди расули хирадпешае,
Рисолат аро чобукандешае.
Ниҳоний анга туттуруб сўз басе,
Тенгиз суйи узра йиборди хасе.
Чу қосид етиб шоҳ даргоҳиға,
Назар солди андозаи жоҳиға.
Сипоҳи кўрундики, юз йил хирад,
Қиёс айлай олмас анга ҳадду ад.
Яна ўрдуеким, сипеҳри барин,
Келиб анда бир чодири камтарин.
Асос ончаким, кўрса наззорагар,
Бўла олмайин ҳушиға чорагар.
Кўруб, қолмайин ўзда водийнавард,
Ўзин солди даргаҳға андоқки гард.
Сўзин фаҳм этиб хайли даргаҳнишин,
Шаҳ оллида арз эттилар келмишин.
Деди шаҳки қосидни келтурдилар,
Ҳамул хасни дарёға еткурдилар.
Расули хирадманди корозмой,
Равон бўлди туфроқ уза чеҳрасой.
Чу тахт оллини қилди оромгоҳ,
Ўзин қилди машғул ҳар сори шоҳ.
Ки, таскин топиб кўнглида изтироб,
Сўзин айтибон англай олғай жавоб.
Басе макс этиб, шоҳи кишвархудо,
Деди: «Қил ҳадисингни эмди адо!»
Дуо кўп қилиб қосиди нотавон,
Баён этти Хоқон ҳадисин равон.
Ки: «Арз этти Хоқони дарёшукуҳ
Ки, эй номвар шоҳи анжумгуруҳ!
Буким азм қилдинг бу кишвар сори,
Нечукким қуёш чархи ахзар сори.
Кириб рахши гетинавардинг била,
Ёруттунг бу кишварни гардинг била.
Бу маъниға боис не эрди экинғ
Не фикринг буён азм берди экинғ
Агар дўстсен, дўстлуқ бу эмас,
Киши дўстлуқ мундоқ ишни демас
Ки, сендек улуғ шоҳ тортиб сипоҳ
Бизинг мулкни қилғасен жилвагоҳ.
Ва гар худ адоватқа қилдинг ғулу,
Не кўрдунг адоватки, бўлдунг адуғ
Расулунгки келди сўз айтиб ирик,
Анга узр айтиб узоттуқ тирик.
Деб эрдингки: «Азм этсун олиб хирож
Ки, Доро бориб, мендадур тахту тож».
Деб эрдимки: «Гар борди Доройи даҳр,
Санга даҳрдин етсун ойину баҳр.
Ва лекин менинг бирла Доро аро,
Иш эрди салоҳу мадоро аро.
Йўқ улким, манга ғолиб ўлғай эди,
Хирожу кесим толиб ўлғай эди.
Агар сен доғи қилсанг андоқ сулук
Ки, бир-бир била айлагайлар мулук,
Тузуб икимиз ваҳдат асбобини,
Фароз айлали шиддат абвобини.
Ва гар бермас эрсанг бу ишга ризо,
Кўрай ҳар не оллимға ёзмиш қазо.
Бу эрди сўзум, эмди ҳам будурур,
Ўзунг деки, бу сўз ёмонмудурурғ
Ҳамул сўздин инкор йўқтур манга,
Яна навъ гуфтор йўқтур манга.
Бу дам доғи ёнсанг бўлуб сулҳжўй,
Манга доғи сулҳ узрадур гуфтугўй.
Ва гар кин ишида ғулу айласанг,
Адоват уза гуфтугў айласанг.
Менинг доғи бу ишта йўқ камлиғим,
Масоф амрида нофароҳамлиғим.
Черик ончадурким, анинг сони йўқ,
Яроқ ончаким, анинг имкони йўқ.
Аёлу ватан узра то жони бор,
Киши ҳарб этар токи имкони бор.
Вале ики шаҳ зоҳир этганда кин,
Зафар қай тараф бўлмоқ эрмас яқин.
Қаён фатҳ бўлмоқ чу маълум эмас,
Жабин узра ул ҳарф марқум эмас.
Киши размдин неча бўлса йироқ,
Ерур ҳазм ойинида яхшироқ»(4).
Суханвар чу шарҳ айлади барча сўз,
Жавоб истаю, тикти туфроққа кўз.
Шаҳ ул нукталардин табассум қилиб,
Деди гавҳарафшон такаллум қилиб
Ки: «Гар шоҳлиғ иззу тамкинида,
Жаҳондорлиғ расму ойинида,
Менинг бирла Дорони Хоқони Чин
Баробар тутар – бу ғалатдур яқин
Ки, ҳар кимсага бўлса огоҳлиғ,
Билурким, эрур мулк ила шоҳлиғ.
Агар шаҳғадур мулк ила эътибор,
Менинг кишварим ики Дороча бор.
Ва гар худ шижоат эрур мўтабар,
Анинг ҳолидин тутти эркин хабар
Ки, размиға чун бўлди рағбат манга,
Анинг ушри йўқ эрди шавкат манга.
Қилиб эрдим ул тавр ожиз ани
Ки, кўрмайдур эл, ўйла ҳаргиз ани.
Чу мен ғолиб эрдим билоиштибоҳ,
Ҳам охир манга берди нусрат Илоҳ(5).
Мусаллам тутар бўлса бу розни,
Унуттик мақолоти носозни.
Ўзин буйруғумға мутеъ айладик,
Келиб узру ажзин шафеъ айладик(6).
Риоят қилай улча имконидур,
Анингдек сарафрозлар шонидур.
Агар тутмас эрса мусаллам муни,
Анга кўргузай разму ҳайжо куни
Ки, ҳар сўзки қилдим баён – чин эмиш.
Манга чин демак расму ойин эмиш.
Туганди сўзум, эмди бўлғил равон,
Анга бу сўзумдин хабар қил равон
Ки, сен борғоч-ўқ азм қилғумдурур,
Йўл оҳиста-оҳиста келгумдурур.
Равонроқ кетурсанг жавоби савоб,
Савоб ўлғуси бизга доғи жавоб(7).
Агар амрдин тўлғар ўлса бўюн,
Кўролики, гардун не ўйнар ўюнғ»
Чу қосид эшитти бу янглиғ мақол,
Қўпуб қўйди юз йўлға ошуфтаҳол.
Даво топмайин дарди жонкоҳиға
Қадам қўйди ўз хони даргоҳиға.
Не сўзким қилиб эрди Хоқон хитоб,
Неларким буюрди Скандар жавоб.
Нечукким ўтуб эрди мажлис аро,
Саросар баён айлади можаро.
Чу фаҳм этти Хоқонким, ул тундшер(8),
Ерур ул гумон айлагандин далер.
Йиборса киши асру бенафъ эрур,
Ва гар борса мундоқ жавобин берур.
Адоватқа мардона бел боғлади,
Скандар келур вақтини чоғлади.
Черик йиғмиш эрди Хито мулкидин,
Ети йўқки, етмиш ато мулкидин.
Сипоҳи сипеҳр анжумидин фузун,
Адад ичра саҳро қумидин фузун(9).
Тўқуз юз минг ул навъ новакфикан,
Не новакфиканким, балоракфикан
Ки, бирдин бўлуб хасм ёмғурда ғарқ,
Яна бир чоқилғай анингдекки барқ.
Жиба сарбасар зарҳалу турксоз,
Кежим борча зарбафт чинийтироз.
Бори новакафган, бори тиғзан,
Бўлуб борча жавшан била рўйтан.
Ҳар отлиғ келиб нахли ороста,
Дема нахлким, моҳи нокоста.
Бу янглиғ сипаҳ бирла Хоқони Чин,
Сипаҳ йўқки, ошуби рўйи замин
Адувга чиқиб ўтру, Чин шаҳридин,
Солиб жабҳаси узра чин қаҳридин.
Адув ваҳмидин бўлмайин ишда суст,
Кўруб ер, тушурди сипоҳин дуруст.
Сипаҳ давриға хандақе қоздуруб
Ки, наззораси ҳушни оздуруб.
Риоят қилиб ҳазм ойинини
Ки, соз айлагай разм ойинини.
Чу хандақ қозорға топиб эҳтиёж,
Бўлуб хандақи даври ўн беш йиғоч.
Ани бовужуд ихтисор айлабон,
Ичин лек маҳкам ҳисор айлабон.
Ароба била, ўйла ҳисни матин
Ки, эрмас фалак ҳисни андоқ ҳасин(10).
Ароба чу эл давриға ёндошиб,
Ики даврадин ҳам ҳисоби ошиб.
Ароба уза тўра(11) пайваст ўлуб,
Тўра кейнида халқ ҳамдаст ўлуб.
Тўра борча қуллоб ила банду баст,
Камин айлабон кейнида аҳли шаст.
Яна хандақ оллида мўнду тикиб,
Қалин найшакардекки ҳинду тикиб.
Ясаб қўрғонин ул сифат бехалал
Ки, йўл топмағудек ичига ажал.
Ўзин беркитиб бўйла сархайли Чин,
Ясаб хайли даврида ҳисни ҳасин.
Яна ёндин Искандари чираразм,
Қилиб кўч-баркўч Чин сори азм.
Анга тегруким, бу ўзин беркитиб,
Мунунг мулки қасдиға ул ҳам етиб,
Чу Хоқон соридин кўрунди қаро,
Ясаб турди Скандар ул дашт аро(12).
Сипоҳики таъриф анга ор эди,
Нечаким киши кўп деса бор эди.
Сипоҳин тузуб шоҳи размозмой,
Сурон солдию тушти ҳазмозмой.
Сурон йўқки, юз минг ҳизабри яла,
Дегин солди кўк тоқиға валвала.
Скандарнинг ул келмаги тунду тез,
Сурон бирла бу солмоғи рустахез.
Адув кўнглини айлади ваҳмнок
Ки, кўрдилар они ажаб саҳмнок.
Чу оқшом яқин эрди ики сипоҳ,
Заруратки, туттилар оромгоҳ.
Фалак чунки хуршид Хоқонини,
Ёшурди тузуб ғарб қўрғонини.
Ҳамул хайли Парвин ўзин кўргуза,
Талоя киби чиқти гардун уза.
Ики хайл аро ҳазм изҳоридин,
Талоя равон бўлди ҳар соридин.
Язаклар паёпай равона бўлуб,
Суҳо ўқларига нишона бўлуб(13).
Скандар хаёли буким субҳгоҳ,
Таҳаррук топиб хайли анжумсипоҳ.
Қилиб ҳарб аҳлининг оройиши,
Ясаб улча имкон гунжойиши.
Адув сори азм айлагай бедаранг,
Анингдекки, дарёға сурғай наҳанг.
Чу пархош этиб корзор айлагай,
Қиёмат кунин ошкор айлагай.
Чу фаҳм эттилар ҳикмат аҳли бу азм,
Келиб шоҳға қилдилар манъи разм.
Ки: «Тонглоу индин мадоро керак,
Ҳаял айламак ошкоро керак.
Не ишгаки сайёрау собитот,
Қилурлар нуҳусатда сайру сабот.
Назарким нуҳусатқа воқеъдурур,
Таносуб ила бизға рожеъдурур.
Бу ики кун ар шаҳға бўлса сукун,
Ише солғай ўртаға чархи нигун
Ким, ул ишта бўлғай ғаробат басе,
Шаҳ иқболи топқай маҳобат басе.
Бу сўзда агар бўлса доғи хилоф,
Учунчи кун ар шоҳ қилса масоф.
Умид улки аъдоға солғай шикаст,
Шукуҳини қилғай қаро ерға паст».
Шаҳ ул сўз била топти таскин басе,
Ҳаво тутмади шуълаи кин басе.
Яна сори Хоқони гардунжаноб
Ели ичра топмиш эди изтироб.
Хитойи сипаҳ, балки Чиний гуруҳ,
Кўруб хасм хайлида беҳад шукуҳ.
Борининг аросида ошуб эди,
Бори ваҳм элига лагадкўб эди.
Нечаким берур эрди Хоқон кўнгул,
Тузалмас эди ваҳм топқон кўнгул.
Анга еттиким, қилмайин ишга майл,
Сўз изҳор эта бошлади хайл-хайл:
«Ки бу номвари комкори далер,
Юрак ичра қоплон, шукуҳ ичра шер
Ки, айлаб жаҳонгирликни ҳавас,
Ҳавас қилғониға топиб дастрас.
Бу кунга дегин ҳар қаёнким юруб,
Неким комидур, илгига келтуруб.
Қаю мулк сорики элтиб ҳашар,
Ани фатҳ этиб, қилмайин шўру шар.
Не шаҳ бўйни сорики ташлаб каманд,
Бўлуб бўйни онинг камандиға банд.
Масофида ул кунки Доро эди,
Бу бир қатра, ул жарф дарё эди.
Анга разму тадбир ила топти даст
Ки, иқболи шохиға берди шикаст.
Емас бизга Дороча хайлу гуруҳ,
Анга лек ўн бизча фарру шукуҳ.
Яна улки соҳибқирон ҳам эрур,
Жувондавлату паҳлавон ҳам эрур.
Мунунгдек киши бирла кўшишға печ,
Емас иш ҳисоби била рост ҳеч.
Анинг бирла ким урса лофи масоф,
Хирад айтур ул сўзнинг отин газоф.
Улуғларни айлаб шафоат анга,
Керак қилса Хоқон итоат анга.
Йўқ эрса эрур ул қавий, бу заиф,
Анга ҳеч по бирла эрмас ҳариф.
Киши қилса даъво уруш биғидин,
Амон топмоғ ўлмас анинг тиғидин.
Бировким – анга ақл даъвоси бор,
Ўзи қасдин этмак не маъноси борғ
Йўқ ўз жониға, халқ жониға ҳам,
Не жон, ирз ила хонумониға ҳам.
Мутеъ ўлса айлаб қабули хирож,
Тутар ул мусаллам мунга тахту тож.
Нелар қилди Маллуйи бадрўз анга,
Букун муътамад бўлди Ферўз анга.
Бўлуб ажзиға муътариф Ройи Ҳинд,
Ерур бу замон кишвароройи Ҳинд.
Агар борса Хоқон доғи қошиға,
Қўяр мамлакат афсарин бошиға.
Аён айлабон хизмат изҳорини,
Олур ҳар неким мулкидур борини.
Бу иштин неким ўзга тутса вужуд,
Пушаймонлиғи қилмас ул вақт суд».
Бўлуб фирқа-фирқа эли сў-басў,
Бу сўзни қилур эрдилар гуфтугў.
Бировким эди маҳрами хос анга,
Муҳаббат аро соҳибихлос анга.
Тилаб хилвате холи ағёрдин,
Не ағёрдин, балки дайёрдин.
Деди ўлтуруб йиғлаю зор-зор
Ки: «Елга тушубтур ажаб хорхор».
Ешитганни элдин саросар деди,
Кўпу оз йўқким, баробар деди.
Тугатгач сўзин деди: «Ей шаҳриёр
Ки, бўлсун санга дойимо бахт ёр!
Манга улча маълум бўлди, дедим
Ки, бу сўзни айтурда маъзур эдим.
Инонсанг бу ҳолатқа бир фикр қил,
Инонмас эсанг айла таҳқиқу бил».
Даме қилди андеша Хоқони Чин,
Чу кўп қилди таҳқиқ, билди яқин
Ки, ноқил сўзи сарбасар чин эмиш,
Анға ростлиқ даъбу ойин эмиш.
Басе бўлди ўз ҳолиға чоражўй,
Анга бермади ҳеч бир чора рўй.
Елин доғи билдики, бордур муҳиқ,
Емас таъну ташниъға мустаҳиқ
Ки, чиний аёғ бирла хорои Рум,
Қачонким уруштурса дорои Рум,
Неча кимса ақл ичрадур зердаст,
Билурким қаён тушгусидур шикаст.
Агар чини ул кинани қилса фош,
Билурким урар ўз аёғиға тош.
Бу ишта ҳужум этти қайғу анга,
Тонг отқунча йўқ эрди уйқу анга.
Саҳар вақти бир рой топти савоб,
Олиб ғайб душизасидин ниқоб.
Солиб ақл кўнглига андешае
Ки, топмайдур они хирадпешае.
Тилатти ҳам ул маҳрами хосни
Ки, кўргузмиш эрди бу ихлосни.
Деди: «Боргаҳ давридин элни сур,
Саропарда даргоҳидин ҳам итур.
Ешикни келиб айлагил такягоҳ,
Нидо қилки: «Кўрмас бугун элни шоҳ!»
Бугун асра оқшомғача бу эшик,
Менинг соридин бўлма андешалик.
Келур кеча гар келдим эрса бу чоғ,
Муяссардурур борча кому фароғ.
Агар келмасам ўз яроғингни кўр,
Не оллингға келса аёғингни кўр.
Вале бир куну бир кеча зинҳор
Ки, бу пардада яхши бўл пардадор.
Вале мендин иш суратин сўрмағил,
Бу андеша кайфиятин сўрмағил».
Қабул этти Хоқон сўзин мустамиъ,
Кириб уйга ул рой аро мухтариъ.
Солиб ҳар не шоҳона эрди асос,
Расулона эгнига солди либос.
Ҳамул маҳрамиға айттики: «Бот,
Саропарда ёнида келтур бир от!»
Чу келтурди маркабни тайёр этиб,
Саропарда ёниға чекти етиб.
Чиқиб маркаб устига Хоқони Чин,
Ани қилди бу роз ишига амин.
ХLVIII
Қамарсайёҳ сариус-сайри қуёш била қирон қилғондек Хоқон Искандарга рисолат учун муқорин бўлғони ва ул муқоранадин муқобалаға борғоч қамардек нур ва сафодин тўлғони


Қоронғуда чиқти сипаҳдин суруб,
Ўзин қалъа дарбандиға еткуруб.
Бериб муҳри нақшинки, Хоқон демиш:
«Чиқоринг мениким, эрур кулли иш».
Алар чун нишона топиб дилписанд,
Чиқориб ани қалъадин бегазанд.
Бўлуб тез Хоқони офоқгард,
Скандар сипоҳи сари раҳнавард.
Борур эрди кўнглида юз минг хаёл,
Хавотир қилиб кўнглини поймол.
Чу хуршиди искандарий очти чеҳр(1),
Скандардек офоқ уза солди меҳр.
Нужум ўлди Чин хайлидек бефуруғ,
Қазо қилди кўк марғзорин қўруғ(2).
Скандар сипоҳиға фаррух расул –
Етиб остонида қилди нузул.
Равон шаҳға арз эттилар бу мақол
Ки: «Келмиш расули ҳумоюнжамол.
Бошидин-оёғиғача фарру ҳуш,
Башар сурати ичра келган суруш».
Скандар деди: «Айлабон эҳтиром,
Анга тахтим оллинда айланг мақом
Ки, бу кеча бир туш кўрубмен ғариб,
Бу гар бўлса таъбири эрмас ажиб:
«Қуёшча манга тушта анвор эди,
Яна бир қуёш ҳам падидор эди.
Келибон қўяр эрди оллимда бош,
Киши кўрмамиш мундоқ ики қуёш».
Яна ҳикмат аҳлининг аъломида,
Фалак сайридин ёзғон аҳкомида:
«Наводир эди бу ики кунда кўп
Ки, зоҳир бўлур, — дедилар, — мунда кўп».
Наводирки қилди алар эътибор,
Бу нодир бири бўлмоқ имкони бор».
Дебон шаҳ бу сўзни, дедиким: «Юрунг,
Дегон кимсани ичкари келтурунг!»
Бориб чунки келтурдилар ичкари,
Кўруб расму ойини Искандари.
Йироқроқ сухандони фархундарой,
Расулона ойин кетурди бажой.
Расул эрди чун яхши авсоф ила,
Скандар тилаб қучти алтоф ила.
Етиб бахтдин бу башорат анга,
Шаҳ: «Ўлтур!» — деб этти ишорат анга.
Расул ўлғоч оллида оромжўй,
Савол этти Искандари комжўй.
Ки: «Ҳар не сўзунг бўлса оғоз қил,
Не роз айтсанг бизни ҳамроз қил!»
Таанни била деди фаррух расул
Ки: «Ей даргаҳинг остони қабул!
Неким айладинг ҳукм, жон устига,
Равон қилмоқ они равон устига.
Ва лекин Хито хони Хоқони Чин
Ки, тадбиру ройиға юз офарин.
Манга неча сўз дебдурур, бас шариф
Ки, эрмас эшитмакка ҳар ким ҳариф.
Агар тарқаса ҳар тараф анжуман,
Расул ўлсау хусрави сафшикан.
Сурарға чу шаҳ лутфу эҳсони бор,
Мен ул нукта сурмакнинг имкони бор.
Яна дебдурурким шаҳи покрой,
Агар бўлса бу навъ хилватнамой
Ки, шаҳ бўлғаю ҳомили розу бас,
Сен изҳор қил ҳар неким мултамас.
Йўқ эрса қўпуб ёнғилу турмағил,
Ва гар қилсалар ҳибс, дам урмағил.
Гумон этсалар эл фидойи сени,
Фасод аҳлининг тийраройи сени.
Шикол айласунлар оёғингға банд,
Қўлунгға доғи боғласунлар каманд.
Скандар қўюб оллиға тиғи тез,
Қил ул лаҳза тиғи забон нуктарез.
Агар бўлсангиз мендин андешалик,
Қилинг банд инак оёғу илик».
Скандарга ошти бу ишдин шааф,
Деди: «Борингиз ҳар киши бир тараф
Ки, банд айламакликка йўқ эҳтиёж,
Эмас ҳудҳуд ойини сунғурға кож»(3).
Қилиб ҳикмат аҳли басе илтимос,
Хусусан Арастуйи анжумшунос.
Суханвар оёғини банд эттилар,
Қўлин ҳам асири каманд эттилар.
Шаҳ оллиға келтурдилар тиғ ҳам,
Йироқ қўйдилар борча бир-бир қадам.
Чу бўлди тиҳи хилват ағёрдин,
Яна сўрди пўшида асрордин.
Расул айтти: «К-ей, шаҳи покрой,
Адувбанд, йўқ-йўқки, кишваркушой.
Соғинма мени қосиди раҳнавард
Ки, Хоқон санга бўлди даргаҳнавард.
Буким бўлмишам хоки даргаҳнишин,
Не илгимда тиғу не кўнглумда кин.
Аёғимда банду илигимда банд,
Ўзумни санга қилмишам мустаманд.
Бу иш боиси неча сурат эди
Ки, бу навъ келмак зарурат эди».
Скандарни ҳайрат забун айлади,
Бу ишдинки чарх нигун айлади.
Деди: «К-ей, сипаҳдори Чину Хито,
Нечук шоҳлар бўйла қилғай хато
Ки, бўлғай адувсиға мундоқ асир
Ки, кимса анга бўлмағай дастгир.
Тутулғай келиб ўз аёғи била,
Доғи нукта сургай фароғи била.
Сўзунгнинг адосида қилма шитоб,
Бурун бу саволимға бергил жавоб».
Деди айлабон фикр Хоқони Чин
Ки: «Ей даҳр мулкига маснаднишин,
Тушуб эрди бошимға, бас, мушкил иш
Ки, онинг иложи эди бу келиш.
Яна бор эди эътимодим санга
Ки, бу навъ эди эътиқодим санга
Ки, борсен хирадманду равшан равон,
Жувонмарду ҳимматвару паҳлавон.
Забункушлук ўлмас шиоринг сенинг,
Бу навъ ишдур, албатта, оринг сенинг.
Аларким санга қилдилар кўп хилоф,
Сипаҳ чектилар зоҳир айлаб масоф.
Деган чоғда узр этмадинг жуз карам
Ким, ўлди залил, айладинг муҳтарам.
Манга топмайин андоқ амри вуқуъ
Ки, қилғай тақозойи биму хушуъ.
Хусусан хисоли ҳамидинг билиб,
Улуғ эътимод ишларингга қилиб.
Ўзумни қилиб бўйла зору забун,
Тушуб тахтинг оллиға хору нигун.
Дебон арзи ҳолим тазаллум қилиб,
Асирона нутқу такаллум қилиб.
Топа олмадим ҳеч сурат била,
Қошингдин қўпарни кудурат била.
Бор эрди қошимда қуёшдин ёруқ
Ки, қилғунгдурур лутфу дилжўйлуқ».
Бу сўзким суруб шоҳи мушкилписанд,
Жавобин бағоят топиб дилписанд.
Деди офарин айлаб: «Ей комёб,
Бу ройинг худ эрди бағоят савоб.
Яна ҳар сўзунг бўлса изҳор қил,
Хафо пардасидин падидор қил
Ки, бу ҳол ила кўрса бўлмас сени,
Бу сурат била сўрса бўлмас сени».
Дуо бирла Хоқони дарёназир,
Деди: «К-ей, жаҳондори дарёзамир!
Бу келмакдин эрди ғараз бу манга
Ки, бўлғай жанобингда ёрғу манга.
Сўзум ҳар не бор, ўлтуруб рў-барў,
Қошингда дегаймен борин мў-бамў.
Будур сўзки, чун келди шаҳдин расул
Ки, ҳам келгилу, ҳам хирож эт қабул.
Жавобидин ар бўлди ошуфта шоҳ,
Келибмен анга бўлғали узрхоҳ.
Гар ортуғ дедим сўз – гунаҳкормен,
Сиёсат қилурға сазовормен.
Билиб журмум олингға келдим залил,
Агар тортсанг тиғ – қоним сабил5.
Ва гар афв ила қисмим этсанг тараб,
Сенинг хулқу лутфунгдин эрмас ажаб».
Скандар деди: «К-ей, шаҳи комёб,
Манга улча сен айтиб эрдинг жавоб.
Сўзи эрди маъқулу ёрона ҳам,
Писанд этгудек хешу бегона ҳам.
Вале мен қилиб пухта тадбирлик,
Чу бошимда эрди жаҳонгирлик.
Жаҳон мулкин очмоқни жазм айладим,
Бу кишвар сари доғи азм айладим.
Адувсиға ҳар шаҳки ғолибдурур,
Бу янглиғ баҳонаға толибдурур.
Йўқ эрса санга ўкта сўз йўқ эди,
Не бўлса бизинг соридин-ўқ эди.
Гар ул сўзда бор эрса доғи хилоф,
Билиб айладук эмди хотирни соф»6.
Дуо қилди Хоқону сўз бошлади,
Сўзин ўз муроди сари тошлади.
Деди: «К-ей, мутеъ аҳли олам санга,
Жаҳонгир бўлмоқ мусаллам санга,
Не кишварки очмоққа урдунг қадам,
Анинг фатҳи худ бўлмади беалам.
Қилиб фатҳи тадбирида қийлу қол,
Кўнгулга кириб ҳар замон юз хаёл.
Билурсен ўзунг Маллу чоғли киши
Ки, найрангу афсун эди варзиши.
Неча қилди оллингда кину инод,
Не ташвиш ила бўлди фатҳ ул билод.
Ери бор эди айламак қатлу кин,
Ато қилдинг ўғлиға тожу нигин.
Чу лутфунгдин огоҳ қилдинг ани,
Ато мулкида шоҳ қилдинг ани.
Буён айлагач азм давлат била
Ки, тахт узра сен фатҳу нусрат била.
Мениким адув айлар эрдинг хаёл,
Бу навъ эттим ўзни санга поймол.
Хаёлимға юзланди бу навъ иш
Ки, мундоқ итоат киши қилмамиш.
Сениким Ҳақ этти бу навъ аржуманд
Ки, пастингдурур бўйла мендек баланд.
Тиларменки, бу бўлса осон манга
Ки, билсамки, не қилғунг эҳсон манга!»
Скандар деди: «Жамъ қилғил кўнгул,
Ики даҳр аро сен ато, мен ўғул.
Десанг, хизматингда жабин суртайин,
Сени тахти жоҳимға ўлтуртайин.
Қилиб санга фарзанддек пойбус,
Дейинким, тирилди малик Файлақус.
Сен эт маснад узра кулаҳдорлиқ,
Мен оллингда айлай сипаҳдорлиқ.
Агар худ бу навъ айламассен қабул,
Не янглиғки, кўнглунга айлар шумул.
Мени айла огаҳки, ул иш қилай,
Неча айлай олғонча кўшиш қилай».
Бўлуб шод Хоқони давлатқарин,
Дуолар била айлабон офарин.
Кўзидан тия олмайин ёшини,
Қўюб шукр туфроғиға бошини
Деди: «К-ей, шаҳаншоҳи гардунсарир,
Сарирингға йўқ авжи гардунназир.
Ҳамеша жаҳон паҳлавон бўлғасен,
Жаҳон аҳлиға комрон бўлғасен.
Бўлуб тавъ ила бандаи фармон санга,
Менингдек басе хону хоқон санга.
Бу не лутфу покиза тийнат бўлур,
Бу не хулқу эҳсону ҳиммат бўлур.
Бу ҳимматки бермиш санга бениёз,
Ерур шаҳлиғингға жаҳон мулки оз.
Демон лойиқинг ики олам эди
Ки, ўн бўлса эрди доғи кам эди.
Бу алтофким сен аён айладинг,
Мени шукрида нотавон айладинг.
Каломинг аён айлаган масъала,
Ешитмакка йўқтур манга ҳавсала.
Вале чун дединг ошнолиғ сўзи,
Арода ўғуллуқ, атолиқ сўзи.
Гумонимда йўқ эрди бу эҳтиром
Ки, қилғунг мени бўйла олий мақом.
Яромас санга гарчи мендек ато,
Вале мен бу сўзни демакдур хато.
Гуҳар зотиға не кам ўлгай шараф,
Буким бўлғай онинг атоси садаф.
Бу эҳсонинга гарчи лойиқ эмон,
Садаф бирла дур ҳолидин йўқ демон.
Ва лек ўзга сўзларки қилдинг баён,
Алардин қил ушмунча чоғлиқ аён
Ки, фош этмагил элга бу розни,
Бу келмакдин анжому оғозни.
Расулона айлаб манга илтифот,
Букун асрабон, шом бўлғач узот.
Елингга дегилким: «Бу келган расул,
Ярашдин,– деди,– сўзу қилдим қабул».
Тонг отқач расуле юбор қошима
Ки, солсун шараф сояси бошима.
Мени айла даргоҳинга илтимос,
Келай мен тутуб ҳукму амрингни пос.
Кўруб айла таъзим эл кўргудек,
Мулук они бир-бирга еткургудек.
Эрур минг йил улким келур ёдима
Ки, хонлиғдур обоу аждодима
Ки, бу мулк андинки иҳдос эрур,
Атодин атобизга мерос эрур
Ки, Чин мулкида эрдилар хон бори,
Қаю хонки, қоону хоқон бори.
Буларнинг тутуб поси номусини,
Манга солма базминг заминбўсини
Ки, хоқонлиғим шавкати синмасун,
Шаҳаншаҳлиғим савлати синмасун.
Улус ичра эъзоз қилғил мени,
«Ато», деб сарафроз қилғил мени.
Хирожеки номангда мастур эди
Ки, Чин дойим ул ишта маъзур эди.
Бу таклифни сен доғи қилмағил,
Сўзин демау кўзга ҳам илмағил.
Хирож истамакдин ғараз мол эса,
Дуру лаълдин тавқу халхол эса,
Хазойин манга бениҳоятдурур,
Дуру лаъл беҳадду ғоятдурур.
Манга ҳар қачон бўлса сендек ўғул,
Қачон махзан асрарға бўлғай кўнгул.
Тўкай оллинга ул қадар молу ганж
Ки, етсун сипоҳингға йиғмоғда ранж.
Бу янглиғ риоятлар этган замон,
Менинг боғу қасримға бўл меҳмон
Ки, юзунга мен доғи мажлис тузай,
Мулукона тартиблар кўрғузай.
Неча вақтким бўлса коминг сенинг,
Бу кишварда бўлсун мақоминг сенинг.
Борур вақтинг ул кунки таъйин эрур,
Узотай анингдекки ойин эрур.
Бўлай неча манзил жамолингға шод,
Не ерда буюрсанг қилай хайрбод.
Қил албатта пинҳон вале бу сўзум
Ки, мундоқ рисолатни қилдим ўзум».
Скандар деди: «Мен худ айлай ниҳон,
Сен ар зоҳир этсанг нетай ногаҳонғ»
Деди: «Мендин ўлмас бу иш элга тарҳ»,
Не янғлиғки забт айламиш, қилди шарҳ.
Скандар қабул этти бори сўзин,
Бу ваъда вафосиға тутти ўзин.
Элин ҳозир истаб, ишорат била,
Деди нукта, мундоқ иборат била
Ки: «Бу фаррухойини фархундапай
Ки, қилди биёбон рисолатқа тай.
Бурун қўлларидин камандин олинг,
Аёғларидин доғи бандин олинг.
Басе яхши сўзларга ҳомил эди,
Рисолат тариқида комил эди.
Ҳамул баҳр ила кон аро солди сулҳ.
Мулукона тўнлар анга кийдурунг,
Бериб мунча нақд, оллима келтурунг!»
Не янглиғки ҳукм этти, тутти вужуд,
Ижозат бериб шоҳи бофарру жуд
Деди: «Тинғил оқшомғача шодмон,
Равон бўл жаҳон тийра бўлғон замон».
Дуо айтибон шоҳи фарзонаға,
Хиром айлади меҳмонхонаға.
Бўлуб анда оқшомғача комёб
Топиб кому очмай юзидин ниқоб
Ки, ул ердаким дохили Чин эди,
Рисолатқа бу навъ ойин эди.
Чу ой қосиди чиқти гардун уза,
Хиром айлаю тоғу ҳомун уза.
Расули қамарсайр ҳам минди от,
Ўзин манзили сори еткурди бот.
Ҳамул маҳрамеким эди мунтазир,
Висолидин айлаб ани муфтахир.
Анга топшуруб даштпаймо саманд,
Кириб парда ичра шаҳи аржуманд.
Бориб йўлдағи ранжу фарсудалиғ,
Топиб тахту жоҳ узра осудалиғ.
Ише айлаб андоқки қилмай киши,
Киши хайлидин келмай андоқ иши.
Саҳаргаҳки меҳр ўлди маснаднишин,
Анингдекки тахт узра Хоқони Чин.
Скандар қилиб тахти узра мақом,
Буюрди сипоҳ аҳлиға бори ом.
Улус ҳозир ўлди чу даргоҳиға,
Таважжуҳ қилиб маснади жоҳиға.
Таанни била шоҳи офоқгир,
Тилаб бир сухандони фармонпазир,
Деди: «Айлагил азм Хоқон сари,
Баҳор абридек баҳри Уммон сари.
Анга айт мендин дуруду салом,
Саломим дегач, бўйла еткур паём
Ки: «Қил бартараф кина асбобини,
Узорингға оч сулҳ абвобини.
Агар яхшибиз, гар ёмонбиз букун,
Сенинг мулкунга меҳмонбиз букун.
Қўпуб келки, биз кинадин тоқбиз,
Бағоят жамолингға муштоқбиз.
Яқинким бу сўзни қабул айлагунг,
Ниёз аҳли сори нузул айлагунг».
Скандар чу мақсудин этти тамом,
Расул урди йўл қатъи қилмоққа гом.
Чу Хоқон сипоҳиға бўлди қарин,
Суруб нукта, андоқки дурри самин.
Расул эрканин ошкор айлади,
Ўзин орзухоҳи бор айлади.
Чу Хоқонға арз ўлди ул можаро,
Тилатти ани боргоҳи аро.
Қилиб маснад узра мақом ул доғи,
Улусқа бериб бори ом ул доғи.
Скандар расулидин этти савол
Ки: «Келмакта мақсудунг айтғил мақол».
Суханвар нечукким шаҳ айтиб эди,
Тамомини Хоқон қошида деди.
Эшитти чу Хоқон саросар ҳадис,
Фараҳбахш, бал руҳпарвар ҳадис.
Кўп изҳори айшу нишот айлабон,
Суханвар била инбисот айлабон.
Деди: «Чунки шоҳи сипеҳриҳтишом,
Сурар эрди чун кин юзидин калом.
Адоват била қилди бизга мурур,
Сипаҳ тортмоқ бизга бўлди зарур.
Бу дамким мулойим ҳикоят демиш,
Яқин бўлдиким бизга хоҳон эмиш.
Анинг бирла йўқ бизга пархошу кин,
Бўлурбиз равон сен бор эрсанг амин».
Расул айттиким: «Бизинг шаҳ сўзи
Дейилгач, гумон этки, айтур ўзи.
Йўқ эрса билур мунча аҳли хирад
Ки, йўқтур менга сени истарга ҳад».
Бу сўз бирла Хоқон қилиб нўшханд,
Равон азм қилмоққа минди саманд.
Бўлуб Чин сипоҳи ажаб шодмон
Ким, ул бимдин топти бори амон.
Ўзига улус, борча айландилар,
Анинг кейнича бори отландилар.
Магар баски жўш урди халқи касир,
Ер ажзоси бўлди тахалхулпазир.
Халойиққа ҳукм этти Чин хусрави,
«Ки ўрнида бўлсун заифу қави.
Вале юзча гулрўйи чинийнажод,
Яна минг хидеви хитоиниҳод.
Ўзи бирла олди, доғи сурди рахш,
Анга тегруким хусрави мулкбахш.
Скандар соридин доғи шоҳлар,
Хирадпешау донишогоҳлар.
Алар доғи шоҳона тазйин била,
Булар ҳам ҳакимона ойин била,
Чиқиб ўтру Хоқонға айлаб ҳужум,
Анингдекки, ул чоғда бўлғай русум.
Кўрушуб паёпай, етиб фавж-фавж,
Тенгиздин, анингдекки, ҳар лаҳза мавж.
Чу шоҳ остониға бўлди яқин,
Равон отидин тушти Хоқони Чин.
Югуруб илайинда озодалар,
Не озодалар шоҳу шаҳзодалар.
Таноб учиға чун ёвуқ қўйди гом,
Оқ уйдин Скандар ҳам этти хиром.
Ики соридин қўл очиб ики шоҳ,
Қирон айлаб андоқки хуршиду моҳ.
Чу бир-бирларига ёвушти иков,
Атоу ўғулдек қучушти иков.
Фалак кўрмайин ошкору ниҳон,
Мунунгдек қарин ўлмоғ ики жаҳон.
Бири гар азим, ул бири аъзаме,
Бу ҳам оламе, ул доғи оламе.
Қучушқоч ики шоҳи ферузбахт,
Скандар ёниб айлади азми тахт.
Тутуб бир қўли бирла Хоқон қўлин,
Анга кўргузуб тахти шоҳий йўлин.
Чу Хоқон кейин қолди айлаб ҳижоб,
Чиқорди чекиб шоҳи гардунжаноб.
Аёғин сарир узра чун еткуруб,
Бурун они ўлтуртубу ўлтуруб.
Қилурға неким ваъда қилмиш вафо,
Мунинг бирла ҳам қилмайин иктифо,
Мулойим-мулойим сўруб ҳар нафас,
Анингдекки Хоқонға бир-бир ҳавас.
Шафиқона сўз чун дамо-дам солиб,
Ўғуллуқ – атолиқ сўзин ҳам солиб.
Тутуб илгини бу сўз айтурда руст
Ким, ул аҳд мисоқин айлаб дуруст.
Тугатгач сўзин шоҳи бисёрдон,
Баковул келиб ёйди дасторхон.
Ёйилди чу шоҳона хонлар басе,
Қуёш қурсидек анда нонлар басе.
Ҳамул хон аро гуна-гуна таом,
Бўлуб лаҳза-лаҳза табиатқа ком.
Чу тортилди хоники дастур эмас,
Таом онча оламда мақдур эмас.
Деди мизбони фалактумтароқ
Ки: «Отланса Хоқон ҳам эрмас йироқ
Ки, Чин халқи билса мулоқотимиз,
Муҳаббат тариқида исботимиз».
Бу сўздин бўлуб шод Хоқон басе,
Қўпуб бўлди шаҳға санохон басе.
Скандар узотти ани Чин сори,
Ўзи қўйди юз – жоми рангин сори.
Аёқчи, тўла айла чини аёқ,
Ерур бизга сўзнинг чини иштиёқ.
Лаболаб тут оники мен сипқорай,
Доғи лаҳза-лаҳза ўзумдин борай.
Муғанний, келу черт туркона соз,
Мақоми «Наво», йўқса «Туркий Ҳижоз»7,
Навоийнинг ашъоридин неча байт,
Менинг ҳасби ҳолим топиб туркий айт!
Навоий, тутуб фол – девонни оч,
Ўқурда дуру лаъл оламға соч.
Муғаннийға ҳам айла таълим ани
Ки, қилсун суруд ичра тақсим ани!
ХLIХ
Тузлук таърифидаким, даҳр бўстонининг сарвсифат озодавашларининг писандидароқ шевасидурур ва сидқ қавл васфидаким, сипеҳр шабистонининг субҳосо тоза дамларининг баргузидароқ шимаси ва ройи савобнамой асариким, меҳри оламородек жузве ҳаракат била куллий ерни ёрутур ва каломи салоҳафзой фавоидиким, оз нукта била олам аҳлиға кўп натижа еткурур


Биров даҳр аро давлатойин эрур
Ки, ҳар сўзким ул айтқай, чин эрур.
Худо комин онинг раво айлагай
Ки, ҳар ваъда қилса – вафо айлагай.
Не назр этса қилғай вафодин адо
Ки, «Юфуна бин-назри» дебдур Худо(1).
Қабул айлаган нуктани қарз бил,
Ани насси қотиъ била фарз бил
Ки, бўйнунгда ул бир оғир юкдурур,
Ерур тоғча, гарчи бир тукдурур.
Қаю кимсаким, сўзни ёлғон дегай,
Инонмаслар ар насси «Қуръон»(2) дегай.
Неча бўлса ёлғончи эл аржуманд,
Сўзи анжуман ичрадур нописанд.
Бор эрмиш бурун чоғда козибваше,
Уйига тушуб шуълаи саркаше.
Фиғонлар чекар эрмиш истаб мадад,
Ешитганга бўлмай сўзи муътамад.
Чу куймиш уйи юмуб-очқунча кўз(3),
Демиш анга соҳибдиле бўйла сўз
Ки: «Ёлғон ангаким фаровондурур,
Чини ҳам эл оллинда ёлғондурур.
Агар қилмади эл ҳимоят санга,
Ўзунгдин керактур шикоят санга».
Эшиттимки, бир шаҳға бўлди ниёз,
Уйе айламак бир сутун узра соз.
Кезиб топтилар бир йиғоч бўйла туз,
Ва лекин анинг молики бир ажуз.
Бериб ўн баҳо, балки юз, балки минг,
Ризо бермайин хотири золнинг.
Чу байъу шаро топмайин интиҳо,
Бериб зол ҳамсанги олтун баҳо(4).
Ясодилар ул уйни гавҳарнигор,
Сутунни вале қилдилар зарнигор.
Ҳамоноки келди тамошоға зол,
Йиғочин ўпуб, сурди мундоқ мақол
Ки: «Солдинг, чу Ҳақ туз яратти сени,
Ҳам ўзунгни олтун аро, ҳам мени».
Ниҳолеки ул туз бўлур жилвасоз,
Бари элни мундоқ қилур бениёз.
Агар тузлук ўлса кишининг иши,
Не васф айлай олғай ишини киши.
Хусусан шаҳи комрон бўлғай ул,
Жаҳон узра хисравнишон бўлғай ул.
Маозаллоҳ, ар қилса шаҳ эгрилик,
Юмоғлиқ керак шаҳлиғидин илик(5).
Бировгаки мулк ўлса зери нигин,
Нигин бирла ул бўлса маснаднишин,
Анга «Рости расти»(6) этса нигор
Қачон рост бўлмай бўлур растгор.
Алифким эрур ростлиқда алам,
Агарчи алифдур, эрур алф ҳам(7).
Хатеким қилур тузлуги бирга минг,
Не иш айлагай тузлуги кимсанингғ
Кишиким жаҳонда сўзи ростдур,
Ерур дол ангаким ўзи ростдур.
Бировким эрур ростлиқдин йироқ,
Анингдек киши бўлмағон яхшироқ.
Яна улки сойибдурур рой анга.
Адув касратидин не парвой анга?(8)
Гум айлар ёмон кунда бир яхши рой,
Тумон хасмни борча размозмой.
Басо хасмким кўпроқ андозадин
Ки, дафъ ўлди бир солғон овозадин.
Разин рой ила ёймаса кимса дом,
Ҳавода учар қушни қилғайму ромғ
Киши билмаса ройи сойибфанин,
Қачон дўст қилғай эди душманинғ
Тааммул била ком пайдо бўлур,
Таҳаммул била ғўра ҳалво бўлур(9).
Ешиттимки, дер эрди бир зуфунун
Ки, буким йилонға қилурлар фусун.
Бўлур ўзи қайдиға печон каманд
Ки, андин кишига етишмас газанд.
Магар ул билур тилдин аҳли хирад,
Хушомад баён қилдилар беадад.
Паёпай чучук сўз чу пайғом ўлур,
Анингдек хашин жонвар ром ўлур.
Нечаким хирад ичра бўлса ками,
Йилондин ёмонроқ эмас одами.
Чу ғаввос касб этти ройи разин,
Наҳанг оғзидин олди дурри самин.
Дам урмай чу ул дурри ғалтон олур,
Тенгиз қаъридин гавҳар осон олур.
Бас улким такаллумға оғзин очар,
Мухотабға сўз йўқки, гавҳар сочар.
Не тонг тунд душман анга ром эса,
Чу ром ўлди ҳосил неким ком эса.
Такаллум била кимса инсон эрур,
Сўзи йўқ баҳойимға не сон эрурғ
Вале сўзда доғи маротибдурур,
Ҳам анда ҳунар, ҳам маойибдурур.
Ҳам улдурки айлар тирикни ҳалок,
Ҳам андин ўлук тан топар руҳи пок.
Хирад бирла чун яхши сўз бўлди ёр,
Киши ройи сойиб қилур ихтиёр.
Хирадманд бўлса балоғатмаоб,
Не бўлғай иши ғайри ройи савобғ
Бировким савоб ўлди ройи анинг,
Берур улча ройи Худойи анинг.
L
Ардашер ҳикоятиким, қавий душман дафъини қилич била қилурдин ожиз эрди, ройи разин ва тиғи забон била ул мушкил қазияға саранжом берди


Мулуки тавойиф аро Ардашер
Ки, ҳам ройзан эрдию ҳам далер.
Магар Ардавон бирла айлаб хилоф,
Ики соридин бўлди азми масоф.
Ҳамоноки кучлук эди Ардавон,
Мунга йўқ эди онча тобу тавон.
Ёнарға ризо бермайин ғайрати,
Юрурга вале заъфдин ҳайрати.
Тааммул қилур эрди рой истабон,
Бир андешаи раҳнамой истабон.
Яраш истаю озим этти расул,
Адув қилмади ажзин англаб қабул.
Бор эрди сипоҳи аро бир киши,
Адув жониби нома ёзмоқ иши.
Неча берсалар эрди огоҳлиқ,
Шаҳ ўлмас эди андин икроҳлиқ.
Адув етти бир кунчилик йўлға тунд,
Бу ҳам бўлмади фикру рой ичра кунд.
Хаёлиға ройе етишти ажаб,
Равон давлат арконин этти талаб.
Кивурди чу борини хилват аро,
Равон қилди бунёд бу можаро
Ки: «Ногаҳ киши изтирор этмасун,
Адув шавкатидин фирор этмасун
Ки, Ҳақдин етишти иноят манга,
Ерур шодлиғ бениҳоят манга.
Ани сизга дермен, вале зинҳор,
Киши қошида қилмангиз ошкор».
Бори аҳд қилғоч, равон бошлади,
Тараб бирла бу достон бошлади
«Ки, аъдо соридин неча паҳлавон:
Фалону фалону фалону фалон
Ки, бу хайл эрур асли кўшиш чоғи,
Нечукким, билурсиз муни сиз доғи.
Бўлуб Ардавондин бори тийрарой,
Манга айлаб ўзни тазаллумнамой.
Бу сўзга қилиб аҳду мисоқ этиб,
Йибормишдурурлар манга хат битиб
Ки, тонглаки эл бўлса водийнавард,
Тузулса ики сори саффи набард.
Не ердаки турғон эса Ардавон,
Чопиб бошиға бир неча паҳлавон.
Анга еткуруб зулм подошини,
Санга келтурурбиз анинг бошини».
Бу сўзни чу тақрир этиб Ардашер,
Елидин кетиб заъф, бўлди далер.
Магар ўртада эрди пайғомгар,
Битиб ҳолни бўлди эъломгар.
Ешитгач бу сўз хасми олий асос,
Замириға йўл топти беҳад ҳарос.
Не топти юруб разм этарга жиҳат,
Не хайлини дафъ этгали маслаҳат.
Ярашқа ризо берди ҳиммат тутуб,
Ярашти, доғи ёнди миннат тутуб.
Бу ким топти бу навъ ройи савоб,
Бу навъ ўлди иқболидин комёб.

LI - Ҳикмат
Искандарнинг Арастудин саволи ул бобдаким, савоб ройға мужиби исобат не бўлғай ва хатоға жиҳати заъф не ва жавоб эшитмак


Яна сўрди Искандари поктабъ
«Ки, эй ҳикматойину дарроктабъ,
Буким одами борча инсондурур,
Бори офаринишда яксондурур.
Мунга ройи сойиб Ҳақ этти ато,
Ва лекин анга берди ройи хато.
Яна ҳам буким, ройи сойиб эрур,
Ишинда анинг бу ажойиб эрур
Ки, чун покрой ўлди беиштибоҳ,
Ва лекин хато ҳам қилур гоҳ-гоҳ.
Керакким, бу бир бўлса, ул бўлмаса,
Ул ўлса, бу бир сори йўл бўлмаса».
Тааммул қилиб деди донишнавард:
«Ки, эй борча, шаҳлар аросида фард,
Буким халқ эрур офаринишда бир,
Не донишда бирдур, не бинишда бир.
Ерур Ҳақ сифоти ададдин бари,
Булар ҳар бири бир сифат мазҳари.
Керак ҳар бири бўлса бир фардзот,
Нединким эмас бирдек ики сифот.
Не тонг бўлса бу бирга фаҳму хирад,
Яна бир хираддин эса бемадад.
Хирадлиғнинг ар бўлса ройи дуруст,
Керак бўлса албатта гаҳ-гаҳ суст.
Нединким эмас кимса бир ҳол ила,
Ерур ҳар замон ўзга минвол ила.
Яна улки гар бўлса туз борча рой,
Хирад бўлди, бас, кимсага раҳнамой.
Хирад ғайб илмида аъмодурур
Ки, билмаски, тонгла келур недурур.
Хираддин эрур ғайб илми йироқ,
Ерур бехираддин хирад яхшироқ.
Яна кимсага борча рой ўлса туз,
Хирадға берур, бас, ажаб фикр юз
Ки, Ҳақ амрида бўлди ширкат анга,
Емасдур муносиб бу фикрат анга.
Камол аҳлининг ройи гоҳи табоҳ,
Ерур Ҳақ камолиға равшан гувоҳ».
Жавобини шаҳ топти чун дилписанд,
Яна урмади дам бўлуб баҳраманд.
LII
Хоқоннинг Искандар учун зиёфат асбобин тузгани ва ани Чинга элтурга илтимос кўргузгони ва ул шоҳона базму ойин вазъи васфида хомаи нодиранигор дурфишонлиқ қилмоқ ва ул туҳаф ва наводир тазйини таърифида табъи балоғатшиор гавҳарпошлиқ кўргузмак ва пешкашлари теъдодида тўқуз фалак авроқин хомаға рақамзад қилмоқ ва базми дилкашлари шарҳида секиз биҳишт риёзин ақл кўзига рад қилмоқ


Бу дебо уза пайкаророи Чин,
Бу навъ айлади нақши дебои Чин
Ки, чун Чин сари бўлди Хоқонға азм,
Мубаддал бўлуб базм ила кину разм.
Ели кўнглидин кетти ранжу тааб,
Булар ўрниға келди айшу тараб.
Ўзи тушти Чин шаҳриға шодмон,
Кириб қасри давлатға тушган замон.
Талаб қилди аркони давлатни бот,
Жулус амри этти қилиб илтифот.
Дедиким: «Бу шоҳи фалакиҳтишом
Ки, олам юзин фатҳ қилмиш тамом.
Жаҳон шаҳларин айламиш бандаси,
Забардастлар бўлмиш афкандаси.
Каманд улки гардунға банд айламиш,
Бу они асири каманд айламиш.
Қачон бизга бор эрди худ бу гумон
Ки, бўлғай бу алтоф ила меҳмон.
Келиб тарки қатлу масоф айлагай,
Бизинг бирла кўнглини соф айлагай.
Қилиб улча имкони бор эҳтиром,
Манга тахти устида бергай мақом.
Мени ҳам атолиққа қилғай қабул,
Ҳам ўлғай шафиқим, нечукким ўғул.
Билурсизки, гар қилса эрди набард,
Улусдин чиқорур эди кўкка гард.
Санам зулфидек айлабон тору мор,
Қўпорур эди борчамиздан дамор.
Бу лутфеки ул ошкор айлади
Ки, эҳсон тариқин шиор айлади.
Бу мажмаъ ичинда йиғилғон анга,
Ерур борча озод қилғон анга.
Мен алтофидин онча шармандамен
Ки, гарчи ато дер, вале бандамен.
Қилурдин анга хизмати дилпазир,
Худ эрмасдурур ҳеч янглиғ гузир.
Бу ишнинг салоҳи недур, фикр этинг,
Қошимда чу фикр эттингиз, зикр этингғ»
Бу сўзлар дегач шоҳи Чину Хўтан(1),
Дуосиға тил чектилар анжуман.
Дедиларки: «Ҳар нуктаким сурди шоҳ,
Ерур муттафиқ борча хайлу сипоҳ.
Бу шоҳеки бор эмди меҳмонимиз,
Гар оллида бўлса фидо жонимиз.
Анга улча ойини эъзоздур,
Муни деса бўлғай – ҳануз оздур.
Не мулку сипаҳға сен этсанг рақам,
Билурлар анинг бермагин муғтанам.
Ва лек улча сен ўзинг эткунг яроқ,
Билурсен сен они ўзинг яхшироқ.
Неким ҳимматингға таманнодурур
Бизинг ҳиммат андин муарродурур.
Қачонким қирон айласа наййирайн,
Кўрунурму заррот аро тушса шайн?(2)
Бўлур чунки ёндошса ики жаҳон,
Жаҳон даржаҳон, мўр кўздин ниҳон.
Не тонг, халқ табъи қироқ айласа,
Скандарга Хоқон яроғ айласа.
Муқассирдурур табъимиз дахлдин
Ки, тўбо иши келмади нахлдин(3).
Вале мунча иш бизга равшандурур
Ки, гар харжи юз ганжу махзандурур.
Чу сен мизбон ўлсанг, ул меҳмон,
Кўп ўлмоғлиғин қилса бўлмас гумон».
Бу сўзларки арз эттилар ул гуруҳ,
Бўлуб шод – Хоқони дарёшукуҳ
Деди: «Улча кўргузди бу қаҳрамон,
Ерур элға худ фарз моли амон.
Сипоҳиға улким мавожибдурур,
Анинг йиллиғи элга вожибдурур.
Яна йиллиғиға очиб қуфли ганж,
Мен ўз махзанимдин бўлай нақдсанж.
Сипоҳига фикр ўлса ушбу сифат,
Ўзи фикрини мен кўрай маслаҳат»(4)
Бу янглиғки сўз ўтти Хоқон била,
Бори эл қабул эттилар жон била.
Бўлуб борчаси бир-бирига мумид,
Қилиб иш саранжомиға жаҳду жид.
Неча кунда бори муҳайё бўлуб
Ки, Чин нақддин кону дарё бўлуб.
Бу янглиғ ясаб пешкашлар ўзи
Ки, ҳайрон қолиб анда даврон кўзи.
Минг от – борча оҳутаку гўрдав,
Бори гўру оҳудин элтиб гарав.
Алар гардиға ета олмай сабо,
Сабосайри пўяларидин ҳабо.
Югурмак аро абру секрирда барқ,
Вале барқдек борча олтунға ғарқ.
Ҳам олтун эгар, доғи олтун лижом,
Ҳам олтун тақо, доғи олтун ситом.
Кежим борча устида зарбафти Чин.
Пашизалари лаълу дурри самин.
Яна минг тева – ҳар бири кўҳтан,
Фалак пилича ҳар бирига бадан.
Неча жусса ичра фалакваш келиб,
Камозорлиғда малакваш келиб.
Бори суръат ичра, нечукким фалак,
Нечукким фалак йўқ, нечукким малак.
Бори рахти дебойи Чину Хитой,
Жавоҳир бори узра зийнатфизой,
Алоқа бориға саросар ипак,
Дуру лаълу феруза мунчоғидак.
Яна минг хачир, борчаси тезгом,
Сипеҳри ҳарундек бориға хиром.
Писандида сайру шитоби доғи,
Қаторию зини, рикоби доғи.
Рухути ҳам андоқки дастур ўлуб
Ки, оту тева узра мазкур ўлуб.
Яна минг тўқуз рахти нахху насеж,
Очилмай, нечукким топиб тобу печ(5).
Неча боғдек борча рангин келиб,
Вале тоғдек бори сангин келиб.
Яна яшмдин минг авонию зарф,
Латофат аро бир-биридин шигарф.
Яна чини олот минг порча,
Идора аро меҳри сайёрча.
Яна минг сиҳи қадду гулхад каниз,
Бари сунбули зулфдин мушкбез.
Менгизлари гул-гул, мижалари хор,
Қабоғлари кенг-кенг, оғизлари тор.
Келиб ғамзаи шўх ила дилфиреб,
Либос ичра ончаки имкони зеб.
Ва лекин ики булъажаб туҳфа ҳам
Ки, андоқ келиб булъажаб туҳфа кам.
Бири кўзгуйи жоми Жамшиддек,
Сафо ичра миръоти хуршиддек
Ки, они фалак меҳройин дебон,
Вале халқ ойинаи Чин(6) дебон.
Ики юз анга ою кундек ёруқ,
Вале тийра бўлмай бўлурдин очуқ.
Ёруқ ҳар юзи чеҳра кўргузгудек,
Демай бир юзи тийрарў кўзгудек.
Ҳакимики они тилисм айлабон,
Намойиш анга ики қисм айлабон.
Келиб бир юзи бўйлаким чунки шоҳ,
Сўрар чоғда маснад уза додхоҳ
Ки, бир-бирга эл даъво изҳор этар,
Агар кимса даъвоға инкор этар.
Бу даъвода эрмас гувоҳ эҳтиёж,
Ерур кўзгу сори нигоҳ эҳтиёж.
Агар сўзи чиндур – кўринур юзи,
Кўрунмас юзи – бўлса ёлғон сўзи.
Яна бир юзининг тилисми бу иш
Ки, шаҳ базм аро бода этса хуриш,
Анга мажлис аҳли назар қилсалар,
Тамошойи шахсу сувар қилсалар,
Аларким, май ичгайлар ором ила,
Кўрунур аларға юз андом ила.
Биров майға топиб фурудастлиқ,
Аён қилғудек бўлса бадмастлиқ,
Кўрунур юзи кўзгу ичра бузуқ,
Узун, йўқса, ёйпонг, кичик ё улуқ.
Чу бийнанда бу нуктаға топти пай,
Бўлуб хушдил, айлар равон тарки май(7).
Кўруб ул бузуғлуғни наззорагар,
Бўлур ўз бузуғ ҳолиға чорагар.
Яна луъбате, бал жаҳон офати,
Жаҳон офати йўқки, жон офати.
Хитойи ҳасаб, шўхи чинийнажод(8),
Жамолиға ҳуру пари хоназод.
Ики банда ҳуснига ҳуру пари,
Ва лекин қочиб ҳар бири бир сари.
Хито мулкида зулфи ғавғо солиб,
Кўзи Чин диёрида яғмо солиб.
Ики чини зулфайни мушкин таноб,
Анга Чин ичинда сепиб мушки ноб.
Қаро қоши мушкин ҳилоле келиб,
Ҳилол андин ошуфтаҳоле келиб,
Ани чарх айларда мушкин ҳилол,
Томиб нуқтаеким – бўлуб оти хол.
Узори уза ики қиймоч кўз,
Улус қонини ичгали очкўз
Ким, ул очлиқ айлаб они заиф,
Узолиб ётиб хасталардек наҳиф.
Қуёшдек анга давр рухсор ўлуб,
Оғиз нуқтасидин намудор ўлуб.
Чу паргор учи даврин айлаб кашон,
Падид ўлғуча нуқта топмай нишон.
Занах тавқи лекин яна нимдавр
Ки, андин бори давр аҳлиға жавр.
Зақан чоҳи ул давранинг нуқтаси,
Тушуб чоҳ аро аҳли даврон басе(9).
Қади ишва бирла хироманда сарв,
Хироманда сарви хиромон тазарв.
Чу ноз ул тазарв ошкор айлабон,
Басе бозу шоҳин шикор айлабон.
Бошидин-оёқ ишвау хўблуқ,
Оёқдин боши нозу маҳбублуқ.
Келиб борчадин турфа бу можаро
Ки, ҳам базм аро чусту ҳам разм аро.
Чу базм ўлса илҳони ушшоқсўз,
Не ушшоқсўз, айт офоқсўз.
Чу тортиб наво, элни беҳол этиб,
Хирад нутқини нағмаси лол этиб.
Чолиб чун ғино нотавон риштасин,
Узуб нотавонларға жон риштасин.
Чу ун бирла барбат навосин тузуб,
Бири ўлтуруб, ул бири тиргузуб.
Қачонким кириб разм майдониға,
Қилиб қасд майдон эли жониға.
Чу рахшиға ҳар сори жавлон бериб,
Замон аҳли жавлониға жон бериб.
ғаним ўлса гардун киби зўрманд,
Вағо вақти гардунға солиб каманд.
Қилич солса хорони айлаб шикоф,
Анга хора кемухти ўлуб ғилоф.
Ўқи бўлса юз худу хафтон ўтуб,
Қатиқ хорадин балки паррон ўтуб.
Синони қачон кўргузуб печу тоб,
Сипеҳр аждариға тушуб изтироб.
Қачонким адув хайлиға от солиб,
Чу ул ел етиб – хасдек эл қўзғолиб.
Балоеки чархи қадимий ниҳод,
Бера олмайин бир анингдекни ёд.
Скандарга Хоқон ясаб пешкаш,
Тўқуз бўйла туҳфаки, шарҳ ўлди хуш.
Булар чун саросар муҳайё бўлуб,
Яна Чин шаҳи мажлисоро бўлуб.
Ясаб бир ажаб базми олиясос,
Такаллуфқа ақл анда топмай қиёс.
Улуғ хайлни раҳшунос айлабон,
Шаҳ иҳзорини илтимос айлабон.
Шаҳ оллиға чун мултамаслар етиб,
Ҳадисин анинг ер ўпуб – арз этиб.
Қабул айлабон сўзни дорои даҳр,
Равон отланиб айлади азми шаҳр.
Тўшаб эрди Хоқони хуршидтож,
Ўзи қасридин рост то бир йиғоч
Скандар йўли узра дебойи Чин
Ки, пинҳон бўлуб эрди саҳройи Чин.
Ҳар ўн гомда бир нисор айлабон,
Дуру лаълни хоксор айлабон.
Йўли узра онча тўкуб мушки ноб
Ки, эл тўтиёлиққа топмай туроб.
Ел ул мушк уза чун бўлуб раҳнавард,
Тутуб мушкдин кўк юзин тийра гард.
Бу ҳашмат била хусраву тожу тахт,
Кириб Чин диёриға фархунда бахт.
Кўруб, ўйла шаҳреки, чархи куҳун,
Ўқуб мислига ояти «ламъякун»(10).
Жинонваш ҳаволию боғи анинг,
Не пайдо учи, не қироғи анинг.
Безаб тому тошини ойин била,
Мусаввар бори ҳуллаи чин била.
Кўруб онча ороки, кўз кўрмайин,
Кўнгул ҳам тахайюлға келтурмайин.
Скандарга ҳар лаҳза ортиб нишот,
Ангочаки, Искандаройин бисот.
Қўюб чунки Хоқон бисотиға гом,
Топиб даргоҳин чархи ферузафом.
Суруб чунки даргоҳдин ичкари,
Кўруб оламе чун боқиб ҳар сори.
Назиҳ равзае чархи ахзар киби,
Анга ҳар очуқ гул бир ахтар киби.
Келиб чор дарчор паргор анга,
Секиз дойлиғ тўрт девор анга(11).
Йиғочлар ўтуб тўрт девордин
Демайким, ети чархи заркордин.
Ададдин фузун ҳар ҳумоюн дарахт,
Қўюб баргдин чарх тоқиға рахт.
Бўлуб чарх уза шохлар шеваси,
Дегайсенки, анжум эрур меваси(12).
Йиғочлар тубида чаман-дарчаман,
Саросар тузуб чарга сарву саман.
Бинафшаки ўз қаддин айлаб нигун,
Қалинлиқда чодиршаби нилгун.
Магар чарх ўлуб зебу тазйин уза,
Солиб акс ойинаи Чин уза.
Раёҳинға кимса адад топмайин,
Фараҳбахш атриға ҳад топмайин.
Қилиб наргис ўз ғунчасин байзавор
Ки, кўзинда эрди рамаддин ғубор.
Рамад йўқки, чун қор уза кўз солиб,
Қориқмоқ кўзининг зиёсин олиб.
Бўлуб лолау сабза нақшин гилем,
Шукуфа тўкуб ул гилем узра сим.
Мулавван зужожа нишони бўлуб,
Кўк айвонининг тобадони бўлуб.
Бу гулшан ичинда фазойи васеъ,
Фазо ўртасида биное рафеъ.
Қилиб посбониға дамсозлиқ,
Зуҳал бирла ҳар шом ҳамрозлиқ.
Бийикрак фалак қасридин пояси,
Равоқиға тушмай булут сояси.
Ёғиндин анинг томи нам кўрмаган,
Чоқин шуъла тоқиға еткурмаган.
Музаҳҳаб қилиб они боштин-оёқ,
Агар раҳба, гар бурж, гар худ равоқ(13).
Бисотидағи хишт чинисиришт,
Мусамман ясаб чини андоқки хишт.
Чу чини бўлуб фарш коши анга,
Бўлуб нақш матну ҳавоши анга.
Бори хишт анга чиниойин бўлуб,
Сафо ичра ойинаи Чин бўлуб.
Ичи қасрнинг сар-басар зарнигор,
Ешик борча зийнатда гавҳарнигор.
Келиб борча наққоши чобукқалам,
Басе вақт уруб килки Монийрақам.
Топиб нақш конуну ҳанжорини,
Мусаввар қилиб тўрт деворини.
Мавозеъ анга ҳар бири нақши Чин,
Дема нақши Чинким, биҳишти барин.
Бу қаср ичра тахти сипеҳр иҳтиром,
Ясаб шоҳ учун анда олий мақом.
Скандарга Хоқони меҳмонпараст,
Бу олий сарир узра берди нишаст.
Анга доғи Искандари тахтгир,
Макон этти ҳам ушбу олий сарир.
Атоу ўғул янглиғ ўлтурдилар,
Нишоту тараб базмини қурдилар.
Бори ўлтурур элга ҳукм этти шоҳ
Ки, ерлик ерин қилғай оромгоҳ.
Сукун топиб аввал кулаҳдорлар,
Алардин қуйироқ сипаҳдорлар,
Яқинроқ тутуб ҳикмат аҳли жулус,
Филотун, Арастую Фарфунюс(14).
Чу қаср ўлди жаннат киби беқусур,
Худ эрди муҳайё шаробан таҳур.
Чу маъкулдин табъ топти фараҳ,
Кўнгул айлади майли чини қадаҳ.
Равон қўпти бир шўхи чинисиришт,
Малоҳат аро рашки ҳури биҳишт.
Ўзи ичти ёқути аҳмар суйи,
Вале шоҳға тутти кавсар суйи.
Равон ичти дорои даврон доғи,
Не дорои давронки, Хоқон доғи.
Чу эврулди уч-тўрт даври нишот,
Падид ўлди эл кўнглига инбисот.
Қадаҳ солди аҳбоб мағзиға шўр,
Ҳижобу ҳаё рафъи келтурди зўр.
ғино аҳли ҳарён наво туздилар,
Навосозлиғ расми кўргуздилар.
Қилиб жилва ҳар соқийи маҳжабин,
Сочиб анбарин зулфидин мушки Чин.
Бўлуб ҳушу фаҳм аҳлиға гуфтугўй,
Май олғонга ҳушин тушуб ҳой-ҳуй.
Ики шоҳ бир-бирга айлаб ниёз,
Такаллум қилиб ҳар бири дилнавоз.
Бу онинг қошида қулоғин тутуб,
Мунунг ул ўпарға оёғин тутуб.
Бу айлаб анинг садқаси мулки Чин,
Ул айлаб мунга садқа рўйи замин.
Йўқ улким ики шаҳға бу расми хос,
Ҳар икига бир-бир била ихтисос.
Чу ичмак улус расму ройи бўлуб,
Газак борча хони Хитойи бўлуб.
Олиб чарх атбоқи ҳар дам сабақ,
Не янглиғ бўлурни табақ-бартабақ.
Яшил хонлару қурси лиму бари,
Кавокиб била чархи мину бари.
Бўлуб ўйла базмеки, чархи баланд,
Бўлуб зийнату зебидин баҳраманд.
Емакка улус майли бўлғонда фош,
Газак ўртадин чиқти, тортилди ош.
Қаю ошким, ер юзини хон тутуб,
Вале хонни неъмат юз алвон тутуб.
Не дей, улча ул хон қиёси эди
Ки, тўқуз минг отнинг учоси эди.
Яна қўйға йўқ эрди ҳадду ҳисоб
Ки, юз минг десам бўлғай ул интихоб.
Мунга лойиқ англа ушоқ ошини
Ки, кўрмак уюрди фалак бошини.
Чу тортилди бу навъ беҳад таом
Ки, топти таматтуъ бори хосу ом.
Равон тахтдин тушти Хоқони Чин,
Қўпуб тахт уза шоҳи маснаднишин.
Тавозеъ била Чин шаҳи турди хуш,
Шаҳ оллиға сўзлатғали пешкаш.
Ҳисобин битиб шаҳ сари кеттилар,
Ҳамул давлат аркони арз эттилар.
Чу арз ўлди, Хоқон юкунди равон,
Юкунди яна хусрави навжавон.
Тўқуз-тўқуз ўткардилар борини,
Анингдекки айлабмен изҳорини.
Кўруб туҳфа ул навъ бори гузин,
Деди шоҳ Хоқонга кўп офарин.
Чу ўткардилар борчасин хайл-хайл,
Шаҳ ул ики нодир сари қилди майл.
Бири ул Хўтанзоди маҳрў эди,
Яна моҳваш турфа кўзгу эди.
Равон бўлди Хоқони хуршидрой,
Бу илгида ойина, ул бирда ой.
Шаҳ оллиға келтурди кўзгуни ҳам,
Не кўзгуки, ул меҳри дилжўни ҳам.
Чиқиб тахт уза ўлтуруб шоҳ ила,
Деди кўзгу васфини дилхоҳ ила.
Шаҳ ул кўзгудин бўлди кўп шодмон,
Анга қилди машғуллуқ ҳар замон.
Ани аҳли ҳикматқа кўргузди ҳам,
Басе сўз анинг бобида тузди ҳам.
Қўлидин бу кўзгу йироқ кетмади
Ки, кўзгу чиройлиғни ёд этмади.
Гаҳе қилди эҳсос қисмин анинг,
Гаҳе фикр қилди тилисмин анинг.
Чу қилди қуёш кўзгуси юз ниҳон,
Яна занги зулматқа қолди жаҳон.
Қадаҳ ичмади шоҳи ҳикматпараст,
Ки мазмум эрур бўлмоғи шоҳ маст.
Миниб отқа майл этти ўрду сари,
Қуёш ўйлаким чархи мину сари.
Қўпуб бўлди Хоқон доғи ҳамраҳи,
Бўлуб ҳифзида ҳам ато, ҳам раҳи.
Сипоҳиға чун шаҳни еткурди бот,
Ер ўптию ўз шаҳриға сурди от.
Скандар тушуб истади жоми май,
Яна лаҳзае солди суҳбатға пай.
Чу Хоқонға ул базму ойин бўлуб,
Скандар сўзи барча таҳсин бўлуб.
Кетур соқий, ул кўзгуни рўбарўй
Ки, кофуртабъ ўлғаю мушкбўй.
Димоғимда Чин мулки савдосидур,
Бу янглиғ май онинг мудовосидур.
Муғанний, улуғ йир навосини туз!
Бижир кўкка пийпо садосини туз!
Мени бир наво бирла хушҳол қил,
Жаҳон фикридин фориғулбол қил!
Навоий, ичиб май эшитгил суруд
Ки, бас, бевафодур сипеҳри кабуд.
Ки, Хоқонға гар жуз жафо қилмади.
Скандарға доғи вафо қилмади.
LIII
Зиёфат боғининг сарвдек озодлари бобидаким, ғунчадек хизмат камарин чуст боғлаб гулдек очуқ юз била хони карамлари доим очуқдурур ва қўноғлари агар қумри бўлсун вагар булбулким, ҳар бири ўз хўри ҳолиға кўра ул хондин наво топарлар ва алар ифрот имтилосидин муарродурурлар ва муфрит иштаҳосидин мубарро


Хушо улки, жуз базл анга пеша йўқ,
Жаҳон бору йўқидин андеша йўқ.
Замон ичра топиб ўзин меҳмон,
Анга меҳмон борча аҳли замон.
Кишиким анга меҳмонлиқ қилиб,
Бу ҳам жон била мизбонлиқ қилиб.
Чу меҳмон етиб, дун киби қочмайин,
Бал ул бўлмайин, рўзасин очмайин.
Халилуллаҳосо очиб хони базл,
Қамар қурсидек синдуруб нони базл(1).
Нечаким таоми келиб нўши баҳр,
Келиб меҳмонсиз мазоқиға заҳр.
Ва гар келса меҳмон, қуруғ нон анга,
Бўлуб қурси хуршиди рахшон анга.
Бурун лутф беҳадду поён қилиб,
Очуқ юз била хулқу эҳсон қилиб.
Юзин мисли гулбарги хандон очиб,
Яна оллида гул киби хон очиб.
Нечук гулда гулбарги хандон тўла,
Бу хон ичра гул баргидек нон тўла.
Чу меҳмон узотиб қўлин хониға,
Қўюб мизбон миннатин жониға.
Ани токи тўйғормайин, тўймайин,
Илик чекмай ул, бу илик қўймайин.
Агар бўлса меҳмони шоҳ, ар гадо,
Қилиб мизбонлиқ тариқин адо.
Йўқ улким шаҳ оллида қўйғай кулоч,
Гадоға қуруғ нону ёвғон умоч.
Тафовут кўрар бўлса худ бок йўқ,
Вале анга шаҳду мунга хок йўқ.
Гар ул сарвару бу сарафкандадур,
Вале икиси Тенгрига бандадур.
Басо кузпушту пароканда ҳол,
Бўйида чу бўлғай ипи эски шол(2)
Ки, бўлғай кўнгул мулкининг шоҳи ул,
Ниҳоний кўнгул рози огоҳи ул.
Сипеҳри забардаст анга зердаст,
Кўруб ҳиммати чархи аълони паст
Ки, гар шаҳға фаҳм ўлса ҳоли анинг,
Бошин айлагай поймоли анинг.
Киши қилса бўлғайму таҳқир ани
Ки, Ҳақ айламиш бўлса тавқир ани.
Бас, авло буким ҳар қачон аҳли роз,
Очиб базл уйин бўлса меҳмоннавоз.
Чу эл барча суратда пинҳон эрур,
Хирад они англарда нодон эрур.
Мувосо кўзин ҳар тараф очса кенг,
Ҳамул кўз била борчани кўрса тенг.
Қуёшдекки кўргузса рухсорини,
Солур тенг жаҳон узра анворини.
Агар қасри заррин эрур, гар бузуқ,
Баробар қилур партавидин ёруқ.
Йўқ ул шамъдекким фурузандадур,
Чу парвонаға етти – сўзандадур.
Не тонг гар анинг феъли подошига,
Етар ҳар замон тиғ анинг бошиға.
Булутдек сахолиқ керак мизбон,
Ки тенгдур анга марз ила марзбон(3).
Қачонким сочар дурри эҳсонини,
Жаҳон шўразору гулистонини.
Сахо ёмғури бирла сероб этар,
Не сероб, ғарқи дури ноб этар.
Йўқ андоқки, елким эрур хокрўб,
Қачон дашт аро бўлса хошокрўб.
Қилур ер юзин хору хасдин хало,
Тамомин чуқурларға айлар тўло.
Бу афъолидин қилмиш они қадар,
Сабуксору саргаштау дарбадар.
Сангаким эрур базл қилмоққа тавъ,
Муни англаким ул эрур неча навъ,
Бир улким киши бўлса меҳмон санга,
Қилиб сели исроф туғён санга.
Йўқ ойини иззатфизолиғ учун
Ки, шуҳрат била худнамолиғ учун.
Биров оллиға хон чу келтургасен,
Киши бир, вале ўн қўй ўлтургасен,
Паёпай асопқурни айлаб равон,
Емакдин бўлуб ожиз ул нотавон.
Анга сен едурмак учун сўз била,
Тикиб кўзки, они ебон кўз била.
Анинг оллиға ҳар табақким етиб,
Ҳамул ош таъмини таъриф этиб.
Борин ул есун деб, бу авсоф эрур,
Бу бедод қилмоқ не инсоф эрурғ
Уюнг шайх Луқмон мазори эмас,
Сени кимса ул буқъа шайхи демас.
Худо молиға қилмоқ исроф неғ
Жунун аҳлидек мунча итлоф неғ
Ки, Ҳақ гарчи дебдур: «Кулу вашрабу»,
Вале ҳам демиштурки: «Ло тусрифу»(4).
Не қилмиш бу меҳмонки, ўлтургасен,
Анга ёлбориб заҳр едургасенғ
Не бир заҳр, ҳар луқма бир заҳри ноб,
Вале луқмаға кимса топмай ҳисоб.
Бу янглиғ зиёфат басе шум эрур,
Хирад аҳли оллинда мазмум эрур.
Яна бир буким, ҳар қачон келди зайф,
Анга қилғасен бермайин туъма ҳайф.
Мусофир ичин куйдуруб иштиҳо,
Вале йўқ сенинг бухлунга интиҳо.
Раво кўрмагинг анга маҳрумлуқ,
Ерур бурноғидин батар шумлуқ.
Будур даъбким яхшидур, гар ёмон
Ки, бўлғай сенинг хонинга меҳмон.
Бурун лутф бирла тарабнок қил(5),
Не исроф қилғил, не имсок қил.
Емакка анга ҳар не дархўр эса,
Санга доғи неким муяссар эса.
Очуқ юз била чек анинг қошиға,
Вале истама музд подошиға.
Ишингга солиб «Акрамуз-зайфа» нур,
Тутуб маръи ойини «Хайрул-умур»(6).
Зиёфат бу навъ ўлса ойин санга,
Керак мизбонлиқда таҳсин санга,
Бу янглиғ киши мизбон камдурур,
Агар бўлса донои оламдурур.
LIV
Баҳроми Гўр ҳикоятиким, уч олачуқ элига меҳмон бўлди, икиси ифрот ва тафрит кўргузуб, мухотаб ва матъун бўлдилар ва бириси адолат тариқидин Қорун


Эрур нақлким, шоҳ Баҳроми гўр(1),
Магар сайд учун сурди бир кун сутур.
Ул ов ичра тушти сипаҳдин йироқ,
Ани бир қулон солди элдин қироқ.
Чопиб эрди кўп шоҳи саҳронавард,
Ики-уч олочуқ аро етти фард.
Шаҳи даштпаймо басе оч эди,
Бағоят емакликка муҳтож эди.
Ул уйлар қошида эди бир дарахт,
Тушуб сояға шоҳи фархунда бахт.
Деди ул халойиққа тушган замон,
Ки: «Сизга эрурмен бу дам меҳмон.
Бўлунг моҳазар бирла меҳмоннавоз
Ки, андин наво топқай аҳли ниёз».
Ул уч уй элидин бири дун эди,
Агарчи тамаввулда Қорун эди.
Неким шаҳ деди, қилмади илтифот,
Яна бирга исроф эрди сифот.
Қазон остуруб, қилди қўйлар қатил
Ки, молин зиёфатқа қилғай сабил.
Солиб жуъ меҳмон димоғиға дуд,
Анинг ошиким, тонгла пишгай, не судғ
Ва лекин бири эрди аҳли хирад,
Хушо улки топқай хираддин мадад.
Ани уйга келтурди тортиб инон,
Равон моҳазар чекти — жуғроту нон.
Кетиб шоҳдин ранжу фарсудалиқ,
Ебон моҳазар топти осудалиқ.
Анга берди беҳадду андоза мол,
Ҳамул дунға андозасиз гўшмол(2).
Қилиб таъна мусрифқа беинтиҳо,
Неким зойи этганга берди баҳо.
Булар таврида турфа ҳолат кўрунг,
Анга ҳам тариқи адолат кўрунг.
Бу бирдек керак меҳмонлиқ доғи,
Яна бир киби мизбонлиқ доғи.
LV
Искандарнинг Арастудин саволи ул бобдаким, зиёфат хонин не навъ очмоқ яхшидур ва муроот суфрасин не навъ ёймоқ мустаҳсан кўрунур ва дононинг ул бобда нукта сургони ва ҳикмат моидасидин Скандарга фойда етгургони


Яна сўрди фармондиҳи рўзгор(1):
Ки: «Ей, дониш аҳлиға омузгор,
Зиёфатда недур тариқи савоб,
Амал айламак бизга қилғил хитоб.
Ки, ул бўлғай ойини ҳикматқа жўб,
Не андин керак бўлғай озу, не кўп
Ки, бу бобда борча аҳли милал
Кўп айлабдурурлар тариқи жадал.
Қилибдурлар охир муни ихтиёр
Ки, кўп қилғон икром эрур бахтиёр».
Қилиб донишойин дуо ибтидо,
Дуодин сўнг айтти бу янглиғ адо:
«Ки, ҳар неки меҳмонға бор эҳтиёж,
Агар ошу нон, йўқса шаҳду кулоч.
Керак ҳозир ўлса бори хон аро,
Таодул тариқида мезон аро.
Анингдекки мазмум эрур бўлса кам,
Ерур ўйла мазмум ифроти ҳам».
Деди шаҳки: «Бу шева осон эрур,
Вале шаҳ шукуҳиға нуқсон эрур».
Тааммул била нукта сурди ҳаким:
Ки: «Ей, ҳикмат ойинида мустақим.
Худо шаҳ жанобин рафеъ айламиш
Ки, шаҳга улусни мутеъ айламиш.
Чу шаҳ халқ ризқиға бўлмиш зимон,
Ерур ортуғ ўксук еткурмак ёмон.
Вагар нақди жузве зиён айласа,
Шукуҳини ортар гумон айласа.
Неким халқ ризқиға мақсумдур,
Ики онча ҳам қилса маълумдур
Ки, не моя бўлғуси зоид анга
Ки, то бўлғай исроф оид анга.
Мунунг бирла гар ўзни истар азим,
Емастур анинг бу хаёли салим
Ким, ул бўлғуси минг, ики минг дирам
Ки, харжидин истар ўзин муҳтарам.
Ангаким мунунг бирла ортар шукуҳ,
Қилур фаҳм агар бўлса фикратпужуҳ
Ки, айлар ўзи ўз шукуҳини паст,
Ўзи берур ўз поясиға шикаст.
Ерур шаҳға андин улви жаноб
Ки, паст эл ишидин қилур ижтиноб.
Вагар кўнгли эҳсонга ҳамроздур,
Нечаким берур кўп, ҳануз оздур.
Ангаким хираддин етар ёрлиқ,
Писандида эрмас талафкорлиқ».
Чу бу нуктани сурди донишпужуҳ,
Қабул айлади шоҳи гардуншукуҳ.
LVI
Искандарнинг ҳукамо иттифоқи била фалак рози пинҳонийси ва олам сирри ниҳонийсини зоҳир ва пайдо ва равшан ва ҳувайдо қилурға сутурлоби хуршидтоб ва миръоти меҳрсифот тасниф қилғони ва бу ики туҳфаи меҳр мисолдин хотир жамъ этиб яна ики маҳваши меҳржамол висолиға рағбат қилғони ва ул бобда сур яроқин ва сурур тумтароқин муҳайё қилиб, сипеҳри бариндек айвонини Равшанак нуридин мунир тутқони ва Меҳрноз партавидин ёрутқон


Бу Чиний нигориш гузорандаси,
Ерур бу гузориш нигорандаси
Ки, Хоқон чу бўлди Скандарпараст
Скандарга Чин(1) ичра бўлди нишаст.
Этиб эрди қиш мавсуми доғи туш,
Эмас эрди бир сори мумкин юруш.
Яна эрди Хоқонга беҳад ҳавас,
Ҳавас демаким, ком ила мултамас
Ки, шаҳ Чинда ором тутқай бу қиш,
Танаъум қилиб, жом тутқай бу қиш.
Шаҳ оллиға чун илтимос айлади,
Шаҳ онинг ҳадисини пос айлади.
Бу ишга тутуб табъи донишварин,
Туруб қилди қишлоқ Чин кишварин.
Гаҳи ҳамнафас эрди Хоқон била,
Қуёш, ўйлаким моҳи тобон била(2).
Гаҳи сайд ишин ихтиёр айлабон,
Юруб Чин кийигин шикор айлабон,
Гаҳи руду май бирла мажлис тузуб,
Ичиб май, нишоту тараб кўргузуб.
Гаҳи ҳикмат аҳли била ройзан,
Бўлуб илми ҳикматда устоди фан.
Ҳамул кўзгуким чекти Хоқон анга,
Бўлуб эрди осойиши жон анга.
Қачон тахт анга бўлса оромгоҳ
Ки, ўз додин истар эди додхоҳ
Тутар эрди ул кўзгуни рўбарў,
Қилиб ҳукм ойинаи ростгў.
Бу ҳолатда ҳайрат енгиб шоҳни,
Яна ул суруки донишогоҳни.
Қачонким тузуб базми шоҳона ҳам,
Ароға солиб кўзгуни ёна ҳам.
Ҳамул феълини ошкор айлабон
Ки, бадмастни шармсор айлабон.
Шаҳ андоқ бўлуб эрди мафтун анга
Ки, ҳайратда йўқ эрди қонун анга.
Чу кўп солди фикрат аро ҳайрати,
Бу водий сори чекти бош фикрати.
Ки: «Бу бир тилисмедурур турфасоз,
Ёсоғон билиб ҳикмат аҳли бу роз.
Мени доғи дорои чархи баланд,
Чу ҳикмат била айламиш баҳраманд.
Яна хидматимда неча юз ҳаким,
Борининг сўзи поку ройи салим.
Билик бобида ҳар бири оламе,
Фалак рози ашколиға маҳраме.
Бу кўзгуки солимни туз кўргузур,
Менга анда юз фикр юз кўргузур.
Недин мен доғи аҳли ҳикмат била,
Бориб чора кейнига ҳиммат била,
Тааммул қилиб, ғавриға етмайин,
Тилисм андин ортуғ падид этмайин».
Тилаб дониш аҳлини элдин нуҳуфт,
Бу маънида кўп қилди гуфту шунуфт.
Дуолар қилиб муттафиқ ул гуруҳ,
Дедиларки: «Ей шоҳи гардуншукуҳ!
Қачонким буюрсанг бу янглиғ тилисм,
Бу бир амр эрурким, эрур бизга қисм:
Тааммул била айлабон иттифоқ,
Қилоли иш андин басе яхшироқ».
Ҳамул ҳикмат аҳли бўлуб ики хайл,
Равон қилди ҳар хайл бир ишга майл.
Филотуну Суқрот ўлуб бир тараф,
Арастую Буқрот ўлуб бир тараф.
Алар сори Ҳурмус, Балинос ҳам,
Бу ён Аршимидус тутуб пос ҳам.
Буён ики юз, ул тараф ики юз,
Дебон кеча-кундуз бу маънида сўз.
Алардин дамо-дам шаҳи номвар,
Бўлуб ҳикмат ойинида баҳравар.
Риёзат била ул ики хайл чуст,
Топиб ер била кўк мисолин дуруст.
Бири бўлди оламда фикратнамо,
Вале бир гуруҳ этти азми само.
Топиб анжум ойину табъин тамом,
Тибои маволиди сифлий мақом4.
Мувофиқ топиб кавкаб анзорини,
Аён эттилар санъат изҳорини5.
Филиззот аро зоҳир айлаб тилисм,
Мудаввар намудор этиб ики жисм6.
Бири рўю мис бирла обод эди,
Яна бир дурахшанда пўлод эди.
Алардинким ул рўй топти гудоз,
Бўлуб эрди бори сутурлобсоз.
Аларғаки пўлод ўтру эди,
Намудори гўёки кўзгу эди.
Скандар бериб ики сори мадад,
Гаҳ айлаб қабул ишларин, гоҳ рад.
Алардин бу доғи бўлуб мустафид,
Алар ҳам топиб дахл мундин муфид.
Ҳамул қишда ул ҳикмат аҳли ниҳон
Ки, ҳар бир алардин эди бир жаҳон.
Ики турфа ҳайъат падид эттилар
Ки, олам элин мустафид эттилар.
Сутурлобға чарх ашколи қисм,
Вале кўзгу жисми саросар тилисм.
Жаҳон мулки анда бўлуб жилвагар,
Кишиким анга бўлса суратнигар.
Фалак тулу арзи7 бирида ниҳон,
Бирида аён борча мулки жаҳон.
Ул ўлди сутурлоби махфисамо,
Бу бир бўлди миръоти гетинамо8.
Шараф буржи топқач қуёш кўзгуси9,
Ки, қилди замон рафъ қиш қайғуси.
Қуёш жирми бўлди зари нобдек,
Скандар тузатган сутурлобдек.
Қилиб шоҳ маснад уза базм фош,
Шараф буржидин ул сифатким қуёш.
Сарир узра ёнида Хоқони Сҳин,
Ики сори кўп шоҳи маснаднишин.
Тузуб боргоҳ ичра шоҳона базм,
Қилиб таҳниятдин танаъумға азм.
Бу ҳолатда кирдилар ул ики хайл,
Бори қилдилар тахт оллиға майл.
Бори илм аро бахти сармад киби,
Тажаррудда ақли мужаррад киби.
Скандар қилиб борчаға эҳтиром,
Сарир оллида хос қилди мақом.
Чу базм ичра ўлтурдилар ул гуруҳ,
Халойиққа етти алардин шукуҳ.
Мақом ичра чун зоҳир ўлди сукун,
Солиб бош қуйи мисли чархи нигун.
Виқор узра бир дам чу ўлтурдилар,
Сутурлобу кўзгуни келтурдилар.
Қилиб арз ҳар қайси тимсолини,
Аён эттилар ҳар бири ҳолини
Биридин аён бўлди афлок иши,
Яна биридин арсаи хок иши.
Бирида тўқуз чарх тақсим ўлуб,
Бирида аён ети иқлим ўлуб.
Чу Хоқонға фаҳм ўлди ул ики ҳол,
Таҳайюр ани айлади гунгу лол.
Аён айлади шаҳға ҳамду сано,
Дебон ҳамд, бу нукта сурди яно
Ки: «Шаҳ сен киби кўрмади чархи пир
Ки, не тож сенсиз керак, не сарир.
Мулозимларинг доғи лойиқ санга,
Билик ичра бори мувофиқ санга.
Емас олам аҳли киби зотингиз
Ки, оламдин ўксулмасун отингиз».
Ул ишгаки ҳикмат эли чекти ранж,
Сила топти шаҳдин басе молу ганж.
Магар эрди ул ганж ила мол кам
Ки, Юнонни қилди суюрғол ҳам.
Ато қилди Хоқони Чин ҳам басе,
Гуҳар берди, дурри самин ҳам басе.
Ғаний бўлди ул навъ аҳли камол
Ки, туш вақти ҳар бир қуёштин мисол.
Чу хусравға ул ики иш берди даст,
Нишот айлабон бўлди ишратпараст
Ки, машшотаи бахт кулгу била,
Ҳамул софу рахшанда кўзгу била.
Безаб гулрухи жоҳу иқболни,
Юзинда ясаб зулф ила холни.
Муқаввас қошиға чекиб вусма ҳам,
Қўюб хол ҳам, синдуруб кесма ҳам.
Қилиб ҳури жаннатдек ороста,
Ерам боғида сарви навхоста.
Шаҳи комрон бирла ақд айлагай,
Жаҳон ганжи маҳрига нақд айлагай11.
Никоҳини айлар замон Муштари
Ким, ул чархнинг келди саъд ахтари.
Бўлуб чарх Суқротиға бахт ёр,
Қилур чоғда яхши назар ихтиёр.
Тутуб илгига ул сутурлобни,
Топиб чарх вазъидин асбобни.
Тутуб меҳр сайри учун иртифоъ,
Тушуб суқбадин суқба сори шиоъ.
Шаҳ иқбол ила майли роҳ айлагай,
Тараб навъарусин никоҳ айлагай
Ки, Доройи даврон қизи Равшанак,
Ким, эрди жамол ичра меҳри фалак.
Васият қилиб эрди Доро нуҳуфт
Ки, бу шоҳ ила бўлғай ул моҳ жуфт.
Жаҳонгирлик амрида моҳу сол,
Емас эрди шаҳға мажоли висол.
Яна шоҳ Маллу қизи Ноз Меҳр
Ки, меҳр ўйла, кўрмайдур эрди сипеҳр.
Шаҳ андин доғи бор эди комсиз,
Вале хотири эрди оромсиз.
Тилар эрди жашни азим айламак,
Халойиқни ғарқи наим айламак.
Ёруб Равшанакдин шабистон анга,
Бўлуб борча олам гулистон анга.
Яна Ноз Меҳр ўлғай ороми руҳ
Ки, топқай мулоқотидин ком руҳ.
Чу кўнгли пишурди бу андешани,
Тилатти гуруҳи хирадпешани.
Алар бирла бу нуктада урди рой,
Ул ишга бори бўлдилар раҳнамой.
Ки, ҳар кимгаким бўлса тожу сарир,
Анга бир халафдин эмастур гузир.
Чиқорда бу ферузагун маҳддин,
Емас шоҳ фориғ валиаҳддин.
Қуёшким қилур майл мағрибқа, шом
Ўзига қилур ойни қойим-мақом.
Қуёш нурича гар эмас моҳтоб,
Ерур ул ёруғлуққа нойиб-маноб.
Шажар чун қилур боғдин интиқол,
Агар ўрнида бўлса наврас ниҳол.
Бўлур оқибат боғ пирояси,
Берур нафъ ҳам мева, ҳам сояси12.
Чу донишвар эл қилдилар иттифоқ,
Деди шоҳким: «Айласунлар яроқ».
Бориб давлат аркони шаҳ комиға,
Топиб шуғл ул иш саранжомиға.
Неча кунда бори муҳайё бўлуб
Ки, Чин кишвари жаннатосо бўлуб.
Бўлуб онча зийнатки чархи дани,
Ҳисоб айламак бўлса минг йил фани,
Юзидин бирига ета олмағай,
Мингидин бирин шарҳ эта олмағай.
Муҳайё бўлуб ҳар сифат хоста,
Чу асбоби сур ўлди ороста.
Равон қилдилар сур бунёдини,
Бериб ишрату айшнинг додини.
Баҳор эрдию гул арусиға зеб,
Арусона булбулға андин фиреб.
Гулу сабза айёмида бўлди тўй,
Бўлуб гулшан ойин била шаҳру кўй.
Аёқчи, кетур жомни лаб-балаб
Ки, тўй ўлди айёми айшу тараб
Ки, бу сур эрур оламафрўз ҳам,
Хусусан эрур фасли наврўз ҳам.
Муғанний тузуб чинга вазнида чанг,
Наво чекки ҳай-ҳай ўланг, ҳой ўланг,
Десанг сенки: жон қардошим ёр-ёр!
Мен айтайки: мунглуғ бошим ёр-ёр!
Навоий, чу сарманзилинг Чингадур,
Сурудунг доғи сур аро чингадур1(3).
Аёлғунг неча ёр-ёр ўлғуси,
Менинг йиғларим зор-зор ўлғуси.
LVII
Йигитлик баҳорининг хушлуғи ва баҳор йигитлигининг дилкашлиғида гул ва булбулдек барг ва наво тузмак ва юз барг ва минг наво била нағма кўргузмак ва гулистон атфоли саҳоб доясидин сут ўрниға шираи жоний ва сув ўрниға оби зиндагоний ичгонидин руҳ наботи топқонин баён қилмоқ


Жаҳон чорбоғики дилкашдурур,
Йигитлик баҳори била хушдурур.
Йигитликда ҳам ўтса лайлу наҳор,
Ерур ишрат айёми фасли баҳор.
Тирилған замон сабза, ўлганда Ҳут,
Ки «Субҳона ҳаййил-лази ло ямут».
Ҳамал сабзазори сари офтоб,
Танаъум ҳавосиға айлар шитоб(1).
Анингдекки илгини Мусо сунар,
Қўзи тутқали яди байзо сунар.
Эсар субҳдам руҳпарвар насим,
Топар жон йиғочқа изоми рамим(2).
Бу ел Исо анфосин исбот этар
Ки, боғ ичра иҳёи амвот этар.
Баҳорий булут пилдек бедаранг,
Қилур жилва ҳар ён, бори пилранг.
Рутубат аро гўё ул хайли пил,
Бўлубтур бори ғарқи дарёйи Нил.
Гар андоқ эмас, бас недур, айт бу
Ки, ҳар ён алардин томар қатра су(в)ғ
Дема қатраким, пояборон дегил,
Дема пил, абри баҳорон дегил.
Чу абри баҳори сочиб дурри ноб,
Етишти чаман саҳниға обу тоб.
Очиб ер рагин сабзанинг ништари,
Чиқиб қон киби лолаи аҳмари.
Бўлуб гўё ул қонға майли фасод,
Нединким бўлуб зоҳир андин савод(3).
Чаман айлабон ҳулласин ранг-ранг.
Тугуб ҳулла хилъат учун танг-танг.
Гияҳ боғ аро чиниойин бўлуб
Ки, ҳар гул анга луъбати Чин бўлуб.
Бўлуб сунбули тарға сарв узра печ,
Қаду зулфдин бўлмайин фарқи ҳеч.
Гул атрофидин шохи сунбул чиқиб,
Юз олдидин андоқки кокул чиқиб.
Бинафша бошин андин айлаб қуйи
Ки, остиға онинг кириб мул суйи.
Агар топмаса ул су бирла газанд,
Нега рахт ердин кўтарди баландғ
Ўзин тифли наргис қадаҳхўр қилиб
Ки, лиму терисини соғар қилиб.
Ва ё лимуйи бўрки топти шикаст
Ки, даврин бийик қилди, учини паст.
Чиқиб савсан ошуфта мажнун киби,
Сабо кожидин ранги гардун киби.
Юзинда аён фориғулболлиқ,
Топиб завқ таврида беҳоллиқ.
Қилиб шуъла зоҳир гули оташин,
Самандар киби булбул ахгарнишин.
Не гулким, тушуб ошёниға ўт,
Қаю ошён балки жониға ўт.
Сабо пайки айлаб чамандин гузар,
Ҳамишабаҳор англағил ранги зар.
Шабистонда гул равшан айлаб чароғ,
Фатила ясаб ғунча қўймоққа доғ.
Сабо дояси чун бу ишни билиб,
Фатиласин онинг паришон қилиб.
Қилиб шохини настаран сиймгун
Ким, ул сийм атрофин айлаб нигун.
Босиб сийм бўлғоч гаронбор ани,
Ҳамул шохдекким босар қор ани.
Бўлуб жилва қилғон замон арғувон,
Тўни арғувонранг, лек навжувон.
Насим они ҳар ёнки мойил қилиб,
Қизил тўн била элга қотил қилиб.
Су узра булут тифли ақтор ила,
Қилиб даврлар машқ паргор ила.
Дема тифл, Монийки афзорсиз,
Чекиб юз туман давр паргорсиз.
Сапидор уза гулки пайванд ўлуб,
Қади сарви гулрухқа монанд ўлуб.
Кўрунуб чаман хулди ризвон киби,
Гулу сарв анга ҳуру ғилмон киби.
Чу гулзор уза абри найсон ёғиб,
Дема қатраким, дурри ғалтон ёғиб.
Ўтуб бир-бириндин чу боранда абр,
Қилиб наъра, андоқки ғуррон ҳизабр.
Ўвидин тушуб боғ аро зилзила,
Чоқин шаклидин бўйнида силсила(4).
Ёғин қатрасин оби ҳайвон, дегил,
Анинг торини риштаи жон, дегил.
Назоҳатда гулшан нечукким биҳишт,
Ели борча анфоси Исосиришт.
Бу фасл ичраким тонг ели жон берур,
Булут қатраси оби ҳайвон берур.
Чиқиб сабза равҳи наботи била,
Қилур жилва топқон ҳаёти била.
Нишот этмаган улча имкони бор,
Гумон қилмағилким, анинг жони бор.
Бу чоғ этмаган айш бўстон аро,
Жамодедурур шакли инсон аро.
Вале эрмас ул айш ҳам дилпазир,
Кўнгул бир тараф гар эмасдур асир.
Кўнгул чунки бир гул учун зордур,
Не тонг, гар анга майли гулзордур.
Ва гар васлидин бўлса осуда ҳол,
Анга боғу гулшан тавофи ҳалол.
Скандарга чун ишқ аро бўлди ком,
Тилаб васл гулшанға қилди хиром.
LVIII
Булбул ҳикоятиким, анинг гулбонгидин зоғ ёлқиб, балоғат аҳлиға гачча ҳинду ҳарза дегондек таън қилди ва анинг фасиҳ жавобидин ўзгача сўзин билди


Эшиттимки, бир боғ аро гул чоғи
Ки, тез ўлди булбул фиғон қилмоғи.
Келиб сарзаниш қилди бир зоғ анга
Ким, эрди нишиман ҳамул боғ анга.
Деди: «К-ей, жунуншеваи ҳарзарой,
Недур буки, ҳар йил аро ўн бир ой.
Кезарсен чаманда ҳазину хамўш,
Бир ойдур санга мунча жўшу хурўшғ
Бир ишта дарангу саботинг қани,
Чаман қушларидин уётинг қаниғ»
Деди булбул: «Ей ишқдин бехабар,
Менинг куймагимдин санга не хабарғ
Чу гул йўқтурур ўн бир ой боғ аро,
Ерур рўзгорим сенингдек қаро.
ғаму дард эрур менда лайлу наҳор.
Ва лекин чу эсти насими баҳор
Гул этти чиқиб жилва ойин яна
Тикиб жайбиға нофаи Чин яна.
Чу гул қилди бу навъ зеби жамол,
Қачон қолғай ул лаҳза булбулға ҳолғ!
Чаман ҳусни динор, агар донгдур
Ки, бечора булбулға гулбонгдур.
Чу кетти чамандин гули оташин,
Кўмур бирла найлай бўлуб ҳамнишин.
Сенингким намудоринг ўлди жуал,
Ҳаётингғадур гул исидин халал.
Қачон англағайсен менинг ҳолатим
Ки, сендин йироқ яхшироқ суҳбатим».
Чу булбул аён қилди бу дарду доғ,
Қарорди жавобида афсурда зоғ.
Демакка жавоб ўлмади сахткўш
Қиш айёми булбулдек ўлди хамўш.

LIХ - Ҳикмат
Искандарнинг Арастудин саволи ул бобдаким инсонга майли табиий баҳор ва гулларга бўлмоғи недин бўла олғай ва анинг ҳикмат баҳоридин жавоб насими етгургони


Яна сўрди дорои гардунмаҳал:
Ки: «Ей чарх ашколи оллингда ҳал.
Буким ҳар қачон етса фасли рабеъ,
Неким жинси инсон шарифу вазеъ,
Бўлурлар бори хурраму шодмон,
Қилурлар ҳаво бир тараф ҳар замон.
Кўнгулники қиш ғунча янглиғ қилур,
Баҳор ўлса ул гул киби очилур.
Бу фасл элга мунча тараб не экин,
Бу янглиғ тарабқа сабаб не экинғ»
Деди барча илму фунун огаҳи:
Ки: «Ей нутқунг анфоси Руҳуллаҳи.
Бу маънида эл кўп демишлар калом
Ки, борин билур шоҳи олий мақом.
Табиатқа гул майли эрмас ажаб,
Чаман завқи ҳам хели эрмас ажаб.
Вале нуктаким, асл эрур бу эмас,
Дейин, чун эрур шаҳға билмак ҳавас.
Табоеъки, офоқу анфусда бор,
Борин тўрт табъ эттилар эътибор:
Исиқ, совуқ, ўлу қуруқ фаҳм қил,
Ани ўту сув, елу туфроқ бил(1).
Ки, инсон булардин мураккабдурур,
Жамеъи милалға бу мазҳабдурур.
Бирин ҳорри ёбис, деди борча хайл,
Бирин борид айлаб рутубатқа майл.
Бирин ҳорри рутаб англа беваҳму бим,
Бирин бориди ёбис айтур ҳаким.
Қачон зоҳир ўлди санга бу усул,
Табиат бу навъ-ўқ топибдур фусул.
Алардин бири келди фасли баҳор
Ки, бордур табиат анга ратбу ҳор.
Чу бу фаслға келди табъи ҳаёт,
Яна учга уч табъ бўлди сифот
Ки, сафроу савдоу балғамдурур,
Вале руҳ табъи мунга замдурур.
Шак эрмаски, ҳар кимсаким жони бор,
Ҳаётин тилар улча имкони бор.
Бу маънидин ул фасл эрур дилпазир
Ки, йўқ элга майл айламакдин гузир.
Неча сирридин элга йўқтур шуур,
Вале йўқ табиат ишинда қусур.
Чу андин етар руҳға парвариш,
Анга етса бехост айлар кашиш.
Сувким таҳға бўлди гузори анинг,
Чекар табъу йўқ ихтиёри анинг».
Чу донодин ўлди бу янглиғ футуҳ,
Ҳулул этти шаҳ жисмиға тоза руҳ.

Искандарнинг ул ики тоза вард, йўқ-йўқки, ики баҳори нозпарвард васлидин ком топқони ва Ноз Меҳрнинг меҳру нозидин бетоқат бўлуб, гул фаслида анинг гул жамолидин баҳра олғони ва анинг Равшанак рашкидинким, маҳбублуқ шевасидурур шамъдек саркашлик қилиб, чарбзабонлиқ била ўз шабистоноройлиғин равшан этгони ва Искандарнинг ул хилват висолидин чиқиб, Чин мулкидин Мағриб диёриға азм этгони ва ул диёр ғаройибидин азаб қолғони


Бу пайкарни улким намудор этар,
Гузориш ишин мундоқ изҳор этар
Ки, Чин ичра Искандари Файлақус,
Чу топти ики ўйла зебо арус.
Баҳору йигитлик, доғи шоҳлиғ,
Яна ҳикмату донишогоҳлиғ.
Билибким, неча бўлса оламға шоҳ,
Ерур оқибат туфроғ оромгоҳ.
Не оламға топмиш вафое киши,
Не шаҳлиққа кўрмиш бақое киши.
Кишига бу ҳолот чун бўлғуси,
Деким, айш қай кун учун бўлғусиғ
Бу тақдир ила шоҳи ишратпараст,
Неча кун тараб жомидин бўлди маст.
Ики шамъ бирла шабистон аро,
Ики сарвқад бирла бўстон аро
Бўлуб ком топмоққа оромжўй,
Топиб чунки ором, ўлуб комжўй.
Ҳамул Равшанак маҳди улё бўлуб,
Шабистонида мажлисоро бўлуб.
Бори парда аҳлиға бону эди
Ки, шаҳ бирла зону-базону эди.
Вале Ноз Меҳр эрди пойинпараст,
Анга тахт ёнида эрди нишаст.
Қилиб шаҳға гоҳи парасторлиқ,
Гаҳи ғамза бирла жигархорлиқ(1).
Вале Равшанакка басе рашк эди,
Анга боқса шаҳ, кўзида ашк эди.
Билиб хусрав ул навъ рашку ҳасад,
Риоят тариқиға йўқ эрди ҳад.
Қилиб Равшанак бирла айшу нишот,
Анинг бирла оз айлабон инбисот.
Вале нотавон кўнгли зори анинг,
Ҳазин хотири беқарори анинг.
Бу иштин малолат топиб Ноз Меҳр
Ки, шоҳ ўзга ён қилди оғоз меҳр.
Талошмоққа не ҳадду ёро эди
Ким, ул шамъи айвони Доро эди.
Вале ғофил андинки, шоҳи жаҳон,
Анинг меҳрини жонда асрар ниҳон.
Ҳазин жони онинг харобидурур,
Ичинда анинг изтиробидурур.
Ики кун эди Равшанак навбати,
Мунинг лек бир кун эди хилвати.
Бу андешадин кўнглида эрди ранж,
Бўлур эрди нозук тани ғуссасанж.
Бу ойин ила ўтти фасли баҳор
Ки, то бўлди гул мавсуми ошкор.
Шаҳ англаб эдиким, маҳи сомири(2),
Кўзи Ҳинду Кашмирнинг соҳири.
Ерур жинс рашкидин ошуфтадил,
Ниҳон шаҳдин озурда, элдин хижил.
Кунеким, бўлуб эрди навбат анга
Ки, бўлғай шабистонда хилват анга.
Шаҳ онинг ҳаримиға майл айлади,
Жамолиға жонин туфайл айлади.
Дедиким: «Неча ёшурун ўртанай,
Улустин ниҳон туну кун ўртанайғ
Ниҳон ишқдин етти иш жонима,
Букун фош этай роз жононима».
Келиб ҳурваш оллида тузди базм,
Фароғат била бодаға қилди азм.
Шаҳ этти аён бодапаймойлиқ
Ки, шўх айлагай мажлисоройлиқ.
Вале моҳваш кўнгли ғамгин эди,
Ниҳони қоши кунжида чин эди.
Такаллуф била мажлисоро бўлуб,
Иши баст этарда мадоро бўлуб.
Скандар неча айлабон жустужўй,
Суманбар далер айламай гуфтугўй.
Неча бу ниёз ошкор айлабон,
Ул ойини ноз ошкор айлабон.
Мунунг чун фузун бўлди саркашлиғи,
Анинг ҳаддин ошиб мушаввашлиғи.
Чу шаҳ кўрдиким, тоқати тоқ ўлур,
Жунун ичра расвойи офоқ ўлур.
Анга ишқ амри жунун айламиш,
Жунун ақлу фаҳмин забун айламиш.
Не ҳикмат анга еткурур ёрлиқ,
Не ойини дониш мададкорлиқ.
Тазаллум била деди: «К-ей, нозанин!
Недин бизга қилдинг аён бўйла кинғ
Недур ажзим оллинда тавсанлиғинг,
Ангаким эрур дўст – душманлиғинг.
Не журм эттим эркин мени хоксор
Ки, кўнглунгга ўлтурди мендин ғубор.
Не хаским ўтунгдин куяр лоғ-лоғ,
Не ҳожат яна қуймоғ ул ўтқа ёғғ
Чибинким эрур шаҳдинга пойбанд,
Тапонча била анга недур газандғ
Вафо айлагилким, жафокор эмон,
Бу зулм айламакка сазовор эмон.
Чу мен ишқ аро ўлгум, ўлтурмагил,
Қатилингға тиғи жафо сурмагил.
Ниёзимға боқ, асру ноз айлама,
Таадди кўпу лутф оз айлама!»
Бу янглиғ тазаллум чу кўргузди шоҳ,
Киноят била золими кинахоҳ.
Шакар тунгини айлади шаҳдрез,
Кўп ул шаҳд зимнида неши калез(3)
Ки: «Шаҳ айшини Ҳақ мудом айласун,
Ишин дилбари бирла ком айласун!
Анинг лойиқи келди Доро қизи
Ки, кўз равшан айлар аёғи изи.
Канизиким ул бўлса ҳиндинажод,
Не ҳиндинажод, айт кашмирзод.
Не лойиқки, они анис айлагай,
Такаллуф юзидин жалис айлагай».
Деди шаҳки: «Ей хаста жон офати!
Демай хаста жонким, жаҳон офати!
Киноят тариқини бир дам унут,
Қилиб раҳм, бедод таркини тут.
Манга Равшанак таънини қилма кўп,
Ул ишта кўзунгга мени илма кўп.
Мени анда маъзур тутсанг бўлур,
Замирингни масрур тутсанг бўлур
Ки, вожибдурур эҳтироми анинг,
Нединким, бийикдур мақоми анинг.
Ерур Баҳманий тожнинг гавҳари,
Яна Кайқубодий сипеҳр ахтари».
Деди макр ила шўхи ширинзабон
Ки: «Ей ети кишвар уза марзбон!
Бу сўзнинг муҳаббатқа не дахли бор
Ки, ишқ ичра шаҳлиққа йўқ эътибор.
Жамолу малоҳат кўнгул комидур,
Узун турра тақво қуши домидур.
Насаб бирла бўлса анга шоҳлиқ,
Ҳасаб бирла етмиш манга моҳлиқ.
Анинг тожи кишварга бўлса хирож,
Менинг оллима бош қўяр аҳли тож.
Анга фахр нисбатда Жамшиддин,
Манга ор ҳусн ичра хуршиддин.
Анга мулк агар бўлса фармонпазир,
Манга зор эрур юз туман мулкгир.
Агар ул хирад бирла афсонадур,
Манга юз хирадманд девонадур.
Гар ул бўлса офоқ элига азиз,
Солурмен мен офоқ аро рустахез.
Анга гар эрур пеша жон ўртамак,
Манга шева бўлмиш жаҳон ўртамак.
Гар ул ғамзадин ўқни паррон қилур,
Менинг кирпиким тирборон қилур.
Гар ул қатл ишига қилур эҳтимом,
Менинг тиғи ишқим қилур қатли ом.
Анга гар фусун айламак вирд эрур,
Манга борча кашмир шогирд эрур.
Анга ғамза бўлса жаҳон соҳири,
Манга бўлди гўсола юз сомири(4).
Анинг шуҳрати гар эрур ом аро,
Менинг қўзғолонимдур ислом аро.
Гар ул халқни қатл этар дам-бадам,
Манга келди тиргузмак ойини ҳам.
Анинг қилса зулфи йилонни фусун,
Фусунум қилур аждаҳони забун.
Анинг зулфи гар чекса имон рагин,
Менинг тори лаълим чекар жон рагин(5).
Қачон сунбулум урса гул узра тоб,
Ёпар юзга хуршид тундин ниқоб.
Қошим ёйини кимки айлар хаёл,
Уётдин кўзига кўрунмас ҳилол.
Ерур кирпигим ўқиға жон ҳадаф,
Нишона отарға магар чекти саф.
Кўзумга, қачонким бўлур уйқу ком,
Бўлур олам аҳлиға уйқу ҳаром.
Юзу мардумаквор холим сўзи,
Дегил гул уза тушти булбул кўзи.
Чекилгач узорим қироғиға нил,
Ерур тақвою ақл кўзига мил.
Гажакдекки зулфум аро тобдур,
Кўнгулларни тортарға қуллобдур.
Лабим лаъликим жавҳари жон эрур,
Су ул лаъл аро оби ҳайвон эрур.
Тишим риштасин жолаи ноб де,
Дема жолаким, дурри сероб де.
Йўқ оғзим бўлуб жавҳари бебаҳо,
Не пайдо вужуде анга, не баҳо.
Ики лаълим этгач такаллум падид,
Қилиб оғзима эл таваҳҳум падид.
Ани халқ йўқ ерда айлаб гумон,
Агар бўлса ҳам ул ҳамон – йўқ ҳамон.
Юзумда дема сиймдин ғабғабе
Ки, ой ичра хуршидваш кабкабе.
Не кавкабки, нури анинг бекарон,
Қуёш бирла ҳусн ичра айлаб қирон.
Лабим пешаси жонфизояндалиқ,
Кўзум шеваси дилрабояндалиқ.
Дема руҳ – қаддим кўруб лол ўлуб
Ки, Руҳул-амин доғи беҳол ўлуб.
Хиромим қилиб равза сарвини мот,
Анга можаро қилмай оби ҳаёт.
Жамолим қуёшни солиб тобқа,
Таним сийми титратма сиймобқа.
Белим торин улким хаёл айлабон,
Ҳамоно хаёли маҳол айлабон.
Хаёлим башар ичра ғавғо солиб,
Малойикка ҳуснум алоло солиб.
Кўрунган замон суратим пайкари,
Халойиқ кўзига кўрунмай пари.
Лабимда такаллумдин ортуқ фусун,
Фусундин доғи ҳусну нозим фузун.
Қуёш қўзғолиб ҳуснум ошубидин,
Фалак паст меҳрим лагадкўбидин.
Вале мунча афсонадин не асиғ
Ки, шаҳ комиға келди шаҳдим ачиғ.
Не хуш дебдур ул дардманди фироқ
Ки: «Оз бахт – кўп ҳусндин яхшироқ»(6).
Шикоят манга йўқтурур шоҳдин
Ки, шиквам эрур бахти гумроҳдин».
Чу ширинлаб ул навъ шўр айлади,
Анинг ишқи хусравға зўр айлади.
Каломиға вола қилиб жонини,
Равон жон аро чекти жононини.
Ҳамойилсифат тортибон қўйниға,
Илигин ҳамойил қилиб бўйниға.
ғазол ул сифат шер қилғач шикор,
Шикориға меҳр айлади ошкор.
Мамос ўлди чун шохи сандалға ож,
Не бўлғонни эрмас демак эҳтиёж(7).
Скандар бу хилватқа мафтун эди,
Паричеҳра ёриға мажнун эди.
Неча кун бўлуб пардада айшсоз
Ки, фаҳм ўлмай ул пардадин ҳеч роз.
Чу ошиққа бўлди муяссар висол,
Анинг ишқида қолмас аввалғи ҳол.
Чу шаҳға неча кун эди ул шааф,
Яқин билдиким, умрин айлар талаф.
Яна ақлу ҳикмат паноҳ айлади,
Хирад тахтин оромгоҳ айлади.
Жаҳон мулкин этганда зери нигин,
Олинмай қолиб эрди Мағриб замин.
Сипаҳға бериб неъмату ком ҳам,
Мавожиб демай, балки инъом ҳам.
Чу ул фикридин кўнглини тиндуруб,
Юруш ҳукмини элга жар еткуруб.
Шаҳеким, сипаҳ бўлди обод анга,
Ерур душманидин кўнгул шод анга.
Агар шоҳдин халқи ғамнок эмас,
Қалин бўлмоғидин адув бок эмас.
Маозаллоҳ, ар бўлса ношод эли,
Адув йўқ, берур они барбод эли.
Сахо шоҳдин элга матлуб эрур,
Сиёсат ҳам ўз ўрнида хўб эрур.
Скандарки фаррух жаҳондор эди,
Не шаҳлиққа матлуб анга бор эди.
Сипоҳин чу эҳсон била қилди шод,
Аён этти Хоқон била хайрбод.
Анга топшуруб мулки Чину Хито,
Яна малик ҳамчун деб они ато.
Сипаҳ сурди Чин мулкидин ташқори,
Таважжуҳ қилиб мулки Мағриб сори.
Қилиб(8) ҳамраҳ ўлмоғни Хоқон ҳавас,
Қабул ўлмайин шаҳға бу мултамас.
Ани қайтариб кўп ниҳон роз ила,
Анга лойиқ ойини эъзоз ила.
Солиб Ҳинд ҳадди жанубини йўл
Ки, ул турфа кишвар бўлуб рост қўл,
Ижозат бериб Ройи Ҳиндиға ҳам,
Ўкуш лутф бирла қилиб муҳтарам.
Чу ул қайтибон Ҳинд мулкига бот,
Суруб шоҳ Мағриб бисотиға от.
Сипоҳи масун борча офотдин,
Ўтуб бедарде мулки Гажротдин(9).
Бўлуб баҳри Уммон анинг манзили,
Неча кунки маскан бўлуб соҳили.
Кема ул навоҳийда неким билиб
Борин ўрду оллинда ҳозир қилиб.
Кема ичра гоҳи мақом айлабон,
Жазойир била гаҳ хиром айлабон.
Тенгиз қатъ этиб фулки сойир била,
Гаҳи қатъи водий жазойир била.
Савоҳилда фатҳи билод айлабон,
Жазойир диёрин кушод айлабон.
Бу янглиғ қилиб қатъ ҳадсиз тенгиз,
Яна тоғ ила дашт андозасиз.
Ҳамул ергаким азм этиб эрди шоҳ,
Қилиб саъй еткурди хайлу сипоҳ.
Мадад айлабон лутфи бори анга,
Макон бўлди Мағриб диёри анга.
Бу иқлимни ҳам юруб қилди фатҳ,
Миниб рахши давлат, суруб қилди фатҳ.
Басе шаҳри аъзамға берди кушод
Ки, Мағрибзамин келди аъзам савод.
Ҳамул шаҳрлар шоҳи солиб шанеъ,
Қабул айлабон мол бўлди мутеъ.
Қилиб шоҳ Мағриб замин гаштини,
Бийик тоғи бирла очуғ даштини.
Не манзилғаким етти бўлмай сабур,
Қилур эрди манзил-баманзил убур.
Ки, чун бўлди манзури бу марзу бум,
Назар айлагай ул дам ақсои Рум.
Ва лекин бу иқлим аро кўп ажиб,
Бўлур эрди ҳар лаҳза кўрмак насиб.
Табиат ғаройибқа қонеъ бўлуб
Ки, ул Рум азмиға монеъ бўлуб.
Ҳамул жумладин бир бу эрдики шоҳ,
Қилур чоғда ул марзни жилвагоҳ.
Етишти анингдек биёбон аро
Ки, ҳавли солур эрди ўт жон аро.
Тутуб даштни ит киби жонвар,
Вале борчаға мўр янглиғ сувар.
Аёғу илик борча андоқки мўр,
Вале шери дарронча ҳар бирга зўр(10).
Алар ичра ҳар кимсаким сурди от,
Анга мўрлар қилдилар ҳамла бот.
Чу ошуб ила ҳамла кўргуздилар,
Ани бир-биридин равон уздилар.
Анингдекки, қолмай нишони анинг,
Ер устида бир қатра қони анинг.
Чу бу ерга етти шаҳи ҳушманд,
Деди: «Сурмасун кимса ул ён саманд».
Ҳамул ер элидин савол айлади,
Бу маънида кўп қийлу қол айлади.
Дедиларки: «Бир навъ ердур бу марз
Ки, солур тасаввур ани жонға ларз.
Бу водий эрур бир йиғоч урса зўр
Ки, анда солур шўр бу навъ мўр.
Булардин нари водиедур назиҳ,
Назоҳатда боғи Эрамдин фазиҳ.
Гуруҳедурур анда оромгир
Ки, бу элга ул қавмдиндур нафир.
Қаю қавм, Тенгри балоси алар,
Жаҳон ганжининг аждаҳоси алар.
Қавий ҳайкал, андоқки, бир пора кўҳ,
Бирига ҳариф ўлмайин юз гуруҳ.
Қаю бир десанг ул қадар зўр анга
Ки, бу жонварлар келиб мўр анга.
Аларнинг тилин фаҳм қилмай киши,
Неким айтибон ҳарза, билмай киши.
Алардин нари борса ўн кунча йўл,
Келур водие ики тоғ, ики қўл.
Фалаксой ҳар тоғнинг хораси,
Солиб бўркни авжи наззораси.
Қизил олтун айлаб бири кўзга фош
Ки, хира қилиб кўзни мисли қуёш.
Яна бир келиб сарбасар сийми ноб,
Қамардек анга ламъау нуру тоб.
Бу махзанки, ҳар тошидур бебаҳо,
Бўлуб бу халойиқ анга аждаҳо.
Бу элга вале турфа уйқу эрур
Ки, кўп ўзларидин ажаб бу эрур
Ки, ҳар ўн кун ул қавм уйқудадур,
Жамеъи тараддуддин осудадур.
Чу ўн кун ўтар уйғанурлар бори,
Ўз аҳволиға айланурлар бори.
Топарлар яна ўн кун уйғоғлиқ,
Бу уйғоғлиқ уйқулари чоғлиқ.
Топа олур уйқу чоғи кимса даст,
Ҳамул деввашларга бермак шикаст.
Қутулмиш вале бимдин жонлари
Ки, бу мўрлардур нигаҳбонлари.
Алар ул хазойинға ганжур ўлуб,
Аларнинг нигаҳбони бу мўр ўлуб».
Таолиллоҳ, ул Сонийи зул-жалол(11)
Ки, сунъида ожиздур аҳли камол.
Ерур сунъи ҳушу хираддин фузун,
Не ҳушу хирад, балки ҳаддин фузун.
Чу шаҳ топти ул ишга огоҳлиқ,
Хираддин талаб қилди ҳамроҳлиқ.
Етишган мақомида қилди нузул,
Йиғилди жанобиға аҳли уқул.
Ки, қилғайлар ул ишга наззорае,
Чу қилғайлар андишаи чорае.
Вале ул ажабларки пайдо бўлуб,
Кўнгул Тенгри сунъида шайдо бўлуб.
Кўнгулга бўлуб қисм мабҳутлуқ,
Хирадқа етиб ажзу фартутлуқ.
Қила олмайин чора ҳикмат била,
Қолиб ожизу лол ҳайрат била.
Кетур соқий, ул руҳ сармоясин
Ки, маъдум этай ақл пироясин.
Ки, қўл тутмади ақлу ҳикмат манга,
Вале қасди жон этти ҳайрат манга.
Муғанний, ғарибона ун чек ҳазин
Ки, манзилгаҳим бўлди Мағриб замин.
Сочай бошинг узра зари мағрибий,
Қуёш ерга мағрибда сочқон киби.
Навоий, чу ғурбатда сен шод бўл!
Ватан ёди ранжидин озод бўл!
Агар Шарқу ғарб ўлса манзил санга,
Не ғам, ком агар бўлса ҳосил санга.
LXI
Басират кўзларин айнул-яқин куҳли ёрутқонлар бобидаким, қаён боқсалар офариниш ғаройибин мушоҳада қилурлар ва Мубдеъи корсоз ва Мухтареъи банданавоз сунъиға офарин айтурлар ва одами хокий хилқати сўзиким, «Хамиррту тината одама бияди арбаина сабоҳан» дастбурди била суратпазир бўлди. «Ва лақад каррамно бани одама» парвариши била тахти хилофатгир


Биров аҳли маъни деёлур ўзин
Ки, Ҳақ очмиш ўлғай басират кўзин(1).
Не сурат ангаким бўлур ошкор,
Ани англаса сунъи суратнигор,
Қаю нақш аро кўрса бир чошни,
Анинг сонеъи билса наққошни.
Не пайкарки ороста кўрса ул,
Анинг пайкароройиға топса йўл.
Ғарази нақшдин бўлмаса нақшбанд,
Киши нақшдин бўлмағай баҳраманд.
Ўкуш нақшлар бирла чархи кабуд,
Кўрунган била нозириға не судғ
Тўқуз хонида юз туман моида,
Кўрунган била элга не фоида?(2)
Бу гулшандаким офаринишдурур,
Назар қилғучи аҳли бинишдурур
Ки, ҳар бир чаманким кўрар дилкушой,
Бўлур боғбониға фикратнамой.
Қаю нахлу бунким кўрар нозанин,
Қилур нахлбандиға юз офарин.
Не гул рангу бўйин кўруб турфа соз,
Топар санъати ичра бир ўзга роз.
Бу андозасиз коргоҳи васеъ,
Аросида бу боргоҳи рафеъ
Ки, турмуш муаллақ, анга йўқ сутун
Ки, эрмас сутун йўқлуғидин нигун.
Назар айлаган айламай изтироб.
Топа олмағай анда бир риштатоб
Ки, ул риштада бўлмағай санъате
Ки, то билмағай зимнида ҳикмате.
Ёрутқонға тавфиқ куҳли назар,
Қаён тушса кўз, ҳожат эрмас гузар
Ки, сунъ ичра бўлуб ғаройиб талаб,
Талаб ичра кўнглига солғай тааб.
Кишиким, ғаройиб қилур орзу,
Не лозимки қилғай юруб жустужўғ
Гаҳи манзили бўлғай ақсойи Чин,
Гаҳи тортқай ранжи Мағриб замин.
Гаҳи Ҳинд мулкида бўлғай залил,
Таажжубда кўрмакка товусу пил.
Араб барриға гаҳ бўлуб тезгард,
Шутурмурғ кўрмакка водийнавард.
Назар қилса топқон басират кўзи,
Ерур бу боридин ажаброқ ўзи.
Ўз авзойиға боқса сар то қадам,
Топар айласа яхши андеша ҳам
Ки, не турфа тимсол эрур дилписанд,
Анинг зимнида маънийи аржуманд.
Бурун айлайин шарҳ тимсолини,
Дейин сўнгра маънисининг ҳолини.
Не тимсолким, дурри дарёйи жуд,
Не дарёу дур, сарви боғи вужуд.
Боши узра тожи хилофат келиб,
Ҳамул тож уза лаъли раъфат келиб(3).
Жабинида пирояи шоҳлиқ,
Қоши узра туғройи огоҳлиқ.
Кўзидин аён нури айнул-яқин,
Сочида ниҳон тоби ҳаблул-матин.
Жамолида анвори шоҳаншаҳи,
Каломида эъжози Руҳуллаҳи.
Қўлидин гаҳи меҳри гардуннамой,
Гаҳи бармоғидин ики пора ой.
Қилиб тийнатин қудрат илги хамир,
Ҳамул қўл била шакли суратпазир.
Ҳақ ўз қудратин ошкоро қилиб,
Жамолин анинг оламоро қилиб.
Ҳакими азал турфа жисме ясаб,
Демай жисм, мушкил тилисме ясаб.
Тузуб ул тилисм ичра кўп тору пуд
Ки, эгнига солиб либоси вужуд.
Яна сунъ ила ўзга бир оламе,
Ҳақиқат аро ақлдин мубҳаме.
Бу эрди намудору тимсол анга,
Дейин эмди маънисидин ҳол анга.
Бу янглиғ тилисм ўлғоч ороста,
Тамом, ўйлаким моҳи нокоста.
Ҳакимеки айлаб анинг созини,
Ниҳон айлабон махзани розини.
Ҳамул ганжким топмай аҳли жаҳон,
Ани бу тилисм ичра айлаб ниҳон.
Чу ул ганжини анда мактум этиб,
Халойиққа сиррини маъдум этиб.
Кишиким бу ганжинаға топти йўл,
Жаҳон аҳлининг шоҳи ул бўлди, ул.
Дема ганжким, ети дарё дегил,
Не дарё, тўқуз чархи воло дегил.
Таолаллаҳ ул Холиқи моҳу меҳр,
Қаю моҳ ила меҳр, гардон сипеҳр
Ки, бир қатрада қилди дарё ниҳон,
Суҳо зимийда чархи аъло ниҳон.
Кишиким ғаройибдин истар насиб,
Нима топмоқ ўлғайму мундин ғариб.
ғаройибқа ҳар кимки хоҳон эрур,
Ҳам ўзинда мақсуди пинҳон эрур.
Не маъники истар ўзинда топор,
Жаҳонда кезарнинг не маъниси борғ
LXII
Ул болиғлар ҳикоятиким, сув истай Муҳит гирдобиға азм қилдилар, наҳанги фано туъмаси бўлғон замон сувдин айрилғонларин билдилар


Бировким бу дарёда ғаввос эди,
Манга нуктае дурр масаллик деди
Ки, дарёда бор эрди фавжи балиқ,
Сув топмоқ учун доим андешалиқ.
Аларға мудом орзу эрди су(в),
Сув эрди аларға мудом орзу(1).
Бўлуб иш бориға сув истар фани,
Дер эрдилар, улким, сув дерлар ани.
Не янглиғ экин таъму ранги анинг,
Қаю навъ сайру даранги анинг.
Дирамлар бўлуб танлари узра доғ,
Судин ҳеч топмаслар эрди сўроғ.
Деди бир болиғ, ул табу тоб аро
Ки: «Дерлар фалон тунд гирдоб аро.
Наҳангедурур солхўрду куҳун,
Бу дарёға сайр айлаган авжу бун.
Керакким, сувдин ул нишон англағай,
Бу, бас, турфа рози ниҳон англағай.
Анинг сори азм эттилар турмайин,
Сувнинг орзусида дам урмайин.
Қилиб саъй ул коми ноёбға,
Етиштилар ул тунд гирдобға.
Не гирдобким, чархи гардандадек,
Не игрим, сипеҳри навардандадек.
Сувнинг даврасиға етишгач бори,
Тушуб ҳар бири даврадин бир сори.
Болиғларни бутратти гирдоби бийм,
Анингдекки, тол яфроғини насим.
Бу ҳолатда чайқалди дарёйи жарф,
Падидор бўлди наҳанги шигарф.
Болиғларға тушганда дарди фироқ
Ки, бир-бирдин ўлмиш эдилар йироқ.
Борин ютти бир-бир наҳанги фано,
Ичи жавфида жамъ қилди яно.
Алар барча сувдин чу айрилдилар,
Бурун сувда эрконларин билдилар.
Надомат чиқорса фалак узра дуд,
Чу меъда ўти муҳриқ эрди, не судғ
Бўлурдин бурун бир-биридин биҳил,
Бўлур эрдилар барчаси музмаҳил.
Санга доғи ганжеки пинҳон эрур
Ки, табъинг вуқуфида нодон эрур.
Йўқ ул сенда пинҳонки, сен анда гум,
Жаҳолатдин аммо ишинг уштулум.
Еринг бўлса гирдоби баҳри ано,
Сени туъма қилғоч наҳанги фано.
Не суд ул дам ўлмоқ аён бу тариқ
Ки, матлуб аро бор экансен ғариқғ
Нетарсен тилаб ҳар ажойибқа йўл,
Ажойиб эрур сенда, огоҳ бўл!
Бурунроқки суд этмагай ҳар надам,
Ўзунгни билиб, йўлға қўйғил қадам.

LXIII - Ҳикмат
Искандарнинг Арастудин саволи ул бобдаким, чун инсон дарки мақсуди аслий ҳақиқати идрокидин муарродур, нега сойир ҳайвонотдин мустаснодур


Яна сўрди фармондеҳи ганжпош:
Ки: «Ей, нуктада айлаган ганж фош,
Буким ашрафи халқ инсон эрур
Ки, Ҳақ сирри зотида пинҳон эрур.
Чу ул шамъдин равшан эрмас кўзи,
Ўзи ганжидин воқиф эрмас ўзи.
Недин бўлди бас илму ийқон аро,
Анинг бирла фарқ ўзга ҳайвон ароғ»
Деди нуктапардози олий сифот
«Ки, инсон эрур мудрики куллиёт.
Ерур ўзга ҳайвон бу иштин бари
Ки, инсон эрур борчанинг сарвари».
Деди: «Билмаса улча мақсуд эрур
Ки, махфийдур ўзида не суд эрур».
Деди: «Улча бордур ўзида ниҳон,
Билурдин фузунроқдур аҳли жаҳон.
Вале мунча билмишки, билмайдурур,
Бу мақсуд даркини қилмайдурур.
Ўзи билмаси англағон сўзу дард,
Ани борча махлуқдин қилди фард.
Талаб ранжи-ю, топмамоқ шиддати,
Бўлубтур анинг мужиби шавкати.
Недин ўзгалар кўнглида тобдур
Ки, бу дарди ноёб-ноёбдур».
LXIV
Искандарнинг мўр хайлин шикор этгали сипоҳин тузотгони ва ул гуруҳи девсор девонавор етиб, анинг сипоҳи оллида саф тузотгонлари ва алардин бир сафшикан ики саф орасиға суруб, Искандар сипоҳининг сафдарларин ожиз этгани ва ул ғазолаи чиний шер суратида майдонға кириб, аждаҳошикорлиқ қилғони ва Искандар ғазоли чинийни оҳуйи ҳарам қилиб анинг сайдин лутф ила яна сайд этгони ва ул бориб ўз сайдлари била мажлисқа етгони


Аён айлаган нуктапошандалиқ,
Бу навъ этти коғазхарошандалиқ
Ки, чун сурдилар шоҳ хайли сутур,
Ҳамул ергаким, эрди ғавғойи мўр.
Чу шаҳ бўлди воқиф ҳамул роздин,
Тушуб топти таскин таку тоздин.
Қилиб аҳли ҳикмат била гуфтугўй,
Етиб чора ойинини жустужўй.
Муқаррар мунга қилдилар ройни
Ким, ул мавкиби кишвароройни
Ки, бордур ҳисоб ичра ҳаддин фузун,
Диловар эл анда ададдин фузун.
Қилиб неча дапқур сафоройлиқ,
Кийимдин қилиб зийнатафзойлиқ,
Юругайлар ул мўр даштиға тез,
Шикор этгали айлагайлар ситез:
Қалин мўр хайли не бўлғусидур,
Зарар сори майли не бўлғусидурғ
Агар шер чоғлиқ аён қилса зўр,
Ерур шер – шер охиру мўр-мўр.
Биёбон чу ул мўрдин бўлса пок,
Юругайлар ул элга беваҳму бок.
Набард айлагайлар сипаҳ бирла шоҳ,
Анга тегруким фатҳ бергай Илоҳ.
Қуёш чунки мағрибда бўлди ниҳон,
Қалин мўрдек тийра бўлди жаҳон.
Шаҳ ул дашт аро қўнди қилмай ҳарос,
Вале мўрдин туттилар кеча пос
Ки, эл уйқусидин ешилган гала,
Ҳамул дашт аро бўлса ногаҳ яла.
Ани мўр хайли шикор этмагай,
Талашмоқ била тору мор этмагай.
Алам чекти чун субҳи гардунмаоб,
Юз очти шаҳи машриқий интисоб(1).
Саф оройишин қилди дорои Рум,
Сипаҳ айлади мўр янглиғ ҳужум.
Яна наъразан бўлди аҳли масоф,
Яна кўс уни бўлди гардун шикоф(2).
Сипоҳ аҳлиға тушти бир карру фар
Ки, офоқ аро солдилар шўру шар.
Ҳамул хайли ваҳший аро етти ун,
Соғиндилар, ўлмиш қиёмат букун.
Ҳамул ун сори еттилар беҳижоб,
Анинг сиррин англарға айлаб шитоб.
Чу ўттилар ул мўр саҳросидин,
Қомуқ пилдек пашша ғавғосидин.
Сипаҳдин тўла кўрдилар ер юзин,
Қаро айлабон даҳр тоғу тузин.
Солиб эл ғулуси жаҳон ичра шўр,
Анингдекким, ул дашт аро хайли мўр.
Чу саф кўрди ваҳший улус ҳар тараф.
Алар ҳам тузаттилар ўтруда саф.
Бори девпайкар, бори ғулваш,
Бори ғулбанду бори девкуш.
Келиб каргдек куч била, пилтан,
Вале ҳайъат ул навъким, аҳраман.
Кўз азрақ, сақол сориғу тийра юз,
Чиқиб борчанинг манглайидин мунгуз(3).
Қулону кийик чарми – кисватлари,
Аларнинг эти бирла қутлари.
Тутуб қўлға ҳар қайси бебок дун,
Оғир чўбдасте, нечукким сутун.
Темур бирла қуллоб сархам қилиб,
Йиғочларнинг учиға маҳкам қилиб.
Аларға ҳамул бас келиб сози ҳарб,
Анинг бирла-ўқ айлаб оғози ҳарб.
Бу ҳайъат била туздилар чун ясол,
Аду ичра минг деви ваҳшийфиол.
Бири кирди майдон аро кин ила,
Сўз айтиб ўзи билган ойин ила.
Мубориз тилаб тўккали қонини,
Раҳовард учун олғали жонини.
Бу ёндин доғи сурди хоротане,
Тани хораваш бирла кўҳафкане.
Шаҳ оллида кўп ерда қилғон набард,
Адувдин чиқорғон сипеҳр узра гард.
Ҳарифича жисмининг андозаси,
Вале андин ортуғроқ овозаси.
Ўзи пилпайкар, оти каркадан,
Вале каркаданким, эрур карктан(4).
Лақаб Раъд(5) анга аҳли пархош аро,
Вале раъддек ер тутуб тош аро.
Чу майдон аро кирди гурди далер,
Анингдекки аждар масофиға шер.
Ғаними ҳам онинг сори қилди майл,
Анингдекки, хоро сори тунд сел.
Етишгач бири бирга айландилар,
Ики қулладек ишга қатландилар.
Бири бирга зарб урдилар беадад,
Вале лаъб ила борчаси бўлди рад.
Юруб оқибат ваҳшзоди ҳарун,
Анинг сори солди гажаклик сутун.
Гажак маҳкам ўлғоч, чекиб қилди паст,
Анингдекки берк ўлса моҳиға шаст(6).
Кейин боғлади қўлларин чунки руст,
Гажак бирла тутти отин доғи чуст.
Чу топшурди ўз хайлиға ул асир,
Мубориз тилаб ёна чекти нафир.
Яна пурдиле кирди майдонға тунд
Ки, гурзидин эрди қаё тиғи кунд.
Қаёдек белида камар узра тиғ,
Камардин адув чопқали бедариғ.
Қаё янглиғ остида кўҳпайкаре,
Вале пўяда ўйлаким сарсаре.
Дегил қулла узра балое миниб,
Ва ё тоғ уза аждаҳое миниб.
Лақаб Қаҳқаро(7) деб анга аҳли кин,
Ери Қирвон, зоди Машриқ замин.
Равон киргач-ўқ солди ваҳшийға от,
Анга аҳраман қилмади илтифот.
Яна кин ўти бўлди андоқ баланд
Ки, гардунға бим эрди етгай газанд.
Гаҳи бу ёниб тунд, ул кирса тез,
Гаҳ ул тез ёнғоч, бу айлаб гурез.
Гаҳи ҳамлалар айлабон рўбарў,
Рад айларни фавт этмайин мў-бамў.
Яна ваҳший олиб анинг тобини,
Солиб эгнига чекти қуллобини
Ки, маркабдин ўлди нигун Қаҳқаро,
Йиқилди қаро гарду туфроқ аро.
Ани доғи руст айлабон девзод,
Ғаним истаю айлар эрди инод.
Яна бир киши кирди кўшиш чоғи,
Ул икидек ўлди асир ул доғи.
Яна кирди ҳам зоҳир айларга куч,
Гирифтор бўлди нечукким ул уч.
Бу янглиғ ўн уч гурди размозмун,
Кириб бўлдилар деввашқа забун.
Қошиға неча паҳлавони замон,
Етишмак ҳамону – тутулмоқ ҳамон.
Анга ҳар кишиким мубориз эди,
Етишган дам илгида ожиз эди.
Яна қичқурур эрди истаб ғаним,
Вале андин эл кўнглида эрди бим.
Ҳаросон бўлуб халқ майдонидин,
Кеча олмайин бежиҳат жонидин.
Бу иш солибон шоҳ кўнглиға тоб,
Мизожида зоҳир бўлуб изтироб.
Қила олмайин элга ҳукми аниф,
Набард айла, дебким, шаҳ эрди ҳариф(8).
Боқиб турса, ваҳший басе ҳарза деб,
Шаҳ ул ишда номусдин ғусса еб
Ки: «Бу шумлардин бири бўлса бу,
Киши найлагай барча қилса ғулуғ»
Гаҳи йўл топиб кўнгли ичра ҳарос,
Тутуб лек ҳикмат тариқини пос.
Етиб кўнгли ҳолиға юз минг газанд,
Такаллуф била айлабон заҳрханд.
Вале дев ёнмоқ ҳавас қилмайин,
Ҳамул шўру ғавғони бас қилмайин.
Бу ҳолатда бир чобук айлаб шитоб,
Ёпиб орази узра чиний ниқоб.
Нечукким қуёш кўкда по то ба фарқ,
Қуёшдек бўлуб кўк темур ичра ғарқ.
Сипеҳр узра меҳри жаҳонтобдек,
Қилиб жўш ер узра сиймобдек.
Саманди уза чобуки паҳлавон,
Солиб чиниоҳанг баргуствон.
Тутуб чин-бачин қўлда печон каманд,
Осиб хўдидин шуққа чиний паранд.
Саманди олиб барқдин тезлик,
Ўзи чархдин таври хунрезлик.
Кириб чун тарид этти ҳар сори фош,
Яқинроқ суруб шаҳға индурди бош.
Чу шаҳ оллида қилди арзи ниёз,
Ёниб қилди ваҳший сори турктоз.
Не шаҳ тониб они, не хайлу сипоҳ,
ғамидин чекиб халқ пинҳоний оҳ
Ки: «Бу навъ зебо йигит юз дариғ
Ки, қилғай бу ваҳшийдин ошом тиғ!»
Вале ул қилиб хасм бирла набард
Ки, рахши сочиб чархи гардонға гард.
Егармак била рахши айлаб шитоб,
Солиб аҳраман жисмиға изтироб.
Ани музтариб айлабон тобдин,
Ўзин асрабон лек қуллобдин.
Бири ер, бири чархи даввордек,
Сукун бирла сайр ичра паргордек.
Чу пархошидин хасм бўлди нажанд,
Анга ташлади ўйла печон каманд
Ки, бўйни била бир қўлин қилди руст,
Ани судраю шаҳ сори сурди чуст.
Чекардин танин нотавон айлабон,
Бўйин туфроғ ичра ниҳон айлабон.
Тани рахши остида помол ўлуб,
Ўзи судралур бирла беҳол ўлуб.
Шаҳ оллиға чобуксувори далер,
Етиб, секрибон оттин андоқки шер.
Чекиб тийра туфроғ уза сайдини,
Валек айлабон руст анинг қайдини.
Шаҳ андоқ ул иштин тарабнок ўлуб
Ки, гарди тааб кўнглидин пок ўлуб.
Равон ёнди ошубу ранжи итиб,
Келиб тушти ўз хайлини беркитиб.
Сипаҳ бўлди хандақ аро, ўйла берк,
Топа олмағудек анга чарх эрк.
Тушуб шоҳ рахши сипаҳгардидин,
Илик, юзни юб размгаҳ гардидин.
Кириб боргоҳ ичра Жамшидвор,
Бўлуб бахту давлатдин уммидвор.
Тузуб мажлис аҳли била анжуман,
Равон истабон гурди ваҳшийфикан.
Чу киргач эшикдин яли шергир,
Чекиб мадҳида мажлис аҳли нафир.
Ани истаб Искандари Файлақус,
Қучуб бўйнини, ул қилиб пойбўс.
Иноят басе ошкор айлабон,
Бошиға жавоҳир нисор айлабон.
Кўп этти чу лутфу карам ошкор,
Деди: «К-ей, адувбанд, ваҳшийшикор,
Ўзунгни аён қилки, кимсен, равон
Ки, шавқунг сенинг биздин олди тавон!»
Чу чобук жамолидин олди ниқоб,
Дегин чиқти миғ остидин офтоб.
Ҳамул шўхи чининажод эрди ул,
Ҳамул чобуки ҳурзод эрди ул
Ки, шаҳға чекиб эрди Хоқон ани,
Қилиб васф беҳадду поён ани
Ки: «Ҳусн ичра хуршиди тобон эрур,
Яна Зуҳра янглиғ хушилҳон эрур
Булар борча бир ёну, бир ён бу
Ки, майдон аро бордурур кинажў»(9).
Скандарга хуш келмайин бу сифот,
Анга айламайдур эди илтифот.
Уну ҳусни беҳадду поён эди,
Вале кин ила разми пинҳон эди(10).
Бу чоққа дегин истар эрмиш маҳал
Ки, бир ерда юзланса кину жадал.
Шаҳ оллинда жонин нисор айлагай,
Ҳунарким билур – ошкор айлагай.
Бугун кўрдиким, дармаҳалдур басе,
Ки, давлат ишига халалдур басе.
Ўзин солди бу навъ майдон аро,
Адувсин асир этти жавлон аро.
Скандар чу билдики ул ой эрур
Ки, хуршиддек оламорой эрур.
Дебон Тенгри сунъиға юз офарин
Ки, лутфи анга қилди нусрат қарин.
Дедиким: «Жамолиға ёпсун ниқоб
Ки, қилмас тун оқшом тулуъ офтоб.
Шабистонға турмай хиром айласун,
Шаҳ уйқусин анда ҳаром айласун».
Чу ул шамъ кирди шабистон сари,
Ҳамул навъким сарв бўстон сари.
Тилаб шоҳ мажлисоро руду май,
Тузуб расму ойини Ковусу Кай.
Тараб сори азм айлади ком ила,
Топиб коми дил дам-бадам жом ила.
Чу майдин анга гарм бўлди димоғ,
Тараб бирла бошиға чиқти аёғ.
Талаб қилди тутқунни мажлис аро,
Ки, сургай анинг бирла бир можаро.
Киюрдилар ул навъким аҳраман,
Шукуҳ олдилар шаклидин анжуман.
Салосил аро маҳкам аъзо анга,
Кишидин етишмай мувосо анга.
Кўруб шоҳ андоқ гирифтор ани,
Ики пилча зўр ила зор ани.
Деди, олдилар бандин аъзосидин,
Кўнгул фориғ этти анинг посидин.
Чу банд олдилар эҳтиром айлади,
Сарир ўтрусида мақом айлади.
Бурун деди келтурдилар кўп таом
Ки, меҳмонга етти ғизо бирла ком.
Яна бердилар жилва жоми шигарф,
Тўла майдин, андоқки, дарёйи жарф.
Чу бир жомни меҳмон қилди нўш,
Аёқчи, кўрунг турфаким, тутти қўш.
Ики жомни чунки нўш айлади,
Шаҳ алтофидин кўнгли жўш айлади.
Яна шоҳ берди каёний қадаҳ
Ки, жониға еткурди юз минг фараҳ.
Ҳар инъомким шоҳдин бўлди фош,
Қўюб мунъим оллинда ҳар лаҳза бош.
Солиб ул камоли навозандалиқ,
Анинг бўйниға рибқаи бандалиқ(11).
Ани май чу беихтиёр айлади,
Ўпуб ер, бу сўз ошкор айлади.
Ки: «Мен ваҳшиймен биёбонниҳод,
Атодин ато ваҳшию ваҳшзод.
Йўқ андоқ тилимким санонг айтсам,
Сен этгонга лойиқ дуонг айтсам.
Вале нуктаедур ниҳоне манга,
Дейин, гар десангким: «Де они манга».
Деди шаҳки: «Ҳар не каломингдур – айт,
Каломингни, андоқки комингдур – айт»
Деди ваҳшиёйини девонаваш,
Чу ифрот ила эрди паймонакаш
Ки: «Сендин кўп ўлди навозиш манга.
Емас эмди подоши оз иш манга.
Ва лекин қўлумдин келур мунча иш
Ки, қилғаймен оллингда ўлгунча иш.
Жанобингдин айрилмағаймен даме,
Хилофингға иш қилмағаймен даме.
Вале билки, мен бу улус хонимен,
Туну кун аларнинг нигаҳбонимен.
Чу кўрдум сипоҳингни андоқки мўр,
Етишгай дебон қавму хайлимға зўр.
Аларнинг жафосин тутуб жон аро,
Ўзум кирдим ул лаҳза майдон аро.
Не айлай ҳамул ишлар ифшосини
Ки, сен айламишсен тамошосини.
Бу дамким жанобингға бўлдум асир,
Худ ўлди саодат манга дастгир.
Сиёсат қиличин манга сурмадинг,
Мени ўлтурур ерда ўлтурмадинг.
Яна мунча қилдинг иноят манга,
Карам айладинг бениҳоят манга.
Бу дам гар ижозат берурсен, борай,
Келай, ўйлаким бир ишингга ярай.
Мени соғиниб бастаи ғам бу дам,
Ерур қавму хайлимда мотам бу дам.
Сенинг давлатингдин борин шод этай,
Борин ғусса бандидин озод этай».
Борурға шаҳ этти ишорат анга,
Етишгач бу янглиғ башорат анга.
Ер ўпти, ўзин айлабон ерга паст,
Қўпуб тебради ўйлаким пили маст.
Кўрунуб ажаб шоҳнинг ул иши,
Дебон бир сўз ўз кўнглида ҳар киши.
Сўз айтурға ҳар кимса айлаб ҳавас,
Вале топмайин кимса ул дастрас.
Келиб ҳикмат аҳлиға ҳам бас ажиб
Ким, ул бир иш эрди бағоят ғариб.
Вале шоҳ хандону хушҳол эди,
Ул андешадин фориғулбол эди.
Неким қилса иқбол талқин анга,
Ани айламак эрди ойин анга.
Бўлур эрди ҳар кимсага бир гумон
Ким, ул қиссадин ўтти мумтад замон.
Ешик аҳлиға тушти шўру шағаб,
Кириб келди ул ваҳшийи булъажаб.
Ҳамул паҳлавонларки тутмиш эди,
Улус кўнглин ишдин совутмиш эди.
Ўзи бирла келтурди борини хуш,
Равон қилди шоҳ олдида пешкаш.
Қулоғ туттию ерга қўйди юзин,
Алардек қули қилди шаҳнинг ўзин.
Шаҳ ул қиссадин бўлди, бас шодмон,
Не шоҳи замон, балки яхши-ёмон.
Анга лутф этиб шоҳи олийсифот,
Яна ошкор этти кўп илтифот.
Гирифторларким халос ўлдилар,
Яна шоҳ базмиға хос ўлдилар.
Чу шаҳ боқти лутф айлабон ул сари,
Бири бор эди Бориқи Барбарий.
Иноят била ул карам маъдани,
Борин қучти истаб, батахсис ани.
Насиб ўлди маҳжурларға висол,
Бўлуб васлдин борча осудаҳол.
Ул оқшом бори майпараст ўлдилар,
Борин уйқу бости, чу маст ўлдилар.
Аёғчи, бу дам тут манга бир аёғ
Ки, ҳижрондин ўлди мушавваш димоғ.
Замоне бўлуб дафъ қайғу манга,
Магар соате келгай уйқу манга.
Муғанний суруди висол айла соз
Ки, ҳижронда кўп топти жоним гудоз.
Анингдекки, ул қавм топти висол,
Манга ҳам насиб айлагай Зулжалол!
Навоий, висол одамий комидур,
Ҳаёти абад васл айёмидур.
Қачон васл топсанг насиб асра дам,
Агар бир дам ўлсунки, тут муғтанам(12).
LXV
Ҳажр шоми тийралиги таърифидаким, бало дўзахининг дуди анинг жанбида тараб биҳиштининг сунбули бўла олғай ва ул шомда рўзгори қорорғонлар шарҳи ҳоли ихтилоликим, субҳи васлдин кўзлари ёрумайдур, хусусан, бу варақ юзин қаро қилғоннинг ҳоли ва васл гавҳари шабчароғининг жаҳонтоблиғи ва гавҳари шабчароғ васлидек ноёблиғи


Хушо улки, гар чекса юз йил фироқ,
Даме васл тушгай анга иттифоқ.
Неча кимса ҳижронда чекса алам,
Агар оқибат васл топса, не ғамғ
Нечаким фироқ офати жон эрур,
Анга сўнгра васл ўлса осон эрур.
Бировким анга бўлса махмурлуқ,
Етар жисму жониға ранжурлуқ.
Вале базм аро чун қадаҳнўш ўлур,
Бори дарду ранжи фаромуш ўлур.
Ажаб умр эрур рўзгори фироқ
Ки, юз қатла андин ўлум яхшироқ.
Ҳаёти абад – васл айёмидур
Ки, жон қутию хотир оромидур.
Ерур шомдек тийра айёми ҳажр,
Не бўлғай, хаёл айлагил, шоми ҳажрғ
Анинг шомини жоннинг офоти бил,
Бало сояси, марг зулмоти бил.
Қаро кун мисолу намуди ҳам ул,
Ажал ўтининг тийра дуди ҳам ул.
Агар қилмади дудлиғ расми фош,
Недин дойим андин тўлар кўзга ёш.
Қаро кун мисоли гар эрмас яқин,
Недин хасталар кўнглин айлар ҳазин.
Фироқ ўлмаса ошиқи нотавон,
Боғир порасин кўздин этмас равон.
Агар ҳажрдин кўрмаса рустахез,
Қачон куйгай эрди бўлуб ашкрез.
Қуёш ҳажридин бўлмаса дарднок,
Яқосини субҳ этмагай эрди чок.
Магар гулдин ўлди йироқ лолалар
Ким, ўз бағрини қилди парголалар.
Фалак бўлмади чунки хуршидсиз,
Булутдин недин ости бўйниға киз.
Булут бағрин ой ҳажри гўё сўкар,
Недин йўқса ашкини юммай тўкарғ
Сулаймонсиз ар қилмади сўг фош,
Нигин не учун урди кўксига тошғ
Магар тоғ Фарҳодсиз жон чекар,
Садодин нега йўқса афғон чекар?
Қолиб дашт Мажнуни жонкоҳдин,
Юзин йиртти гўйи шаҳроҳдин(1).
Фироқ ичра куйдурди булбулни гул,
Ерур кул, эмас ранги андоқки кул.
Қилур ҳажр кул жисми ғамнокни,
Не тонг ўртаса барқ хошокниғ
Биров англағай ҳажр ўти ҳирқатин
Ким, ул чекмиш ўлғай биров фурқатин.
Сўр андин ғами ҳажр қайғусини
Ки, бир шоми ҳажр олди уйқусини.
Киши дам-бадам куймак эрмас йироқ
Ким, ул мендек ўлғай асири фироқ.
Боғир қонидин бўлди рангин ёшим,
Фироқ ичра то тушти мунглуғ бошим.
Киши мендек озурдажон бўлмасун,
Фироқ илгида нотавон бўлмасун.
Фироқ ичра элга неча маҳл эрур,
Чу васл ила бўлди бадал, саҳл эрур.
Ниҳоятсиз ўлди манга бу малол
Ки, йўқ шоми ҳажримга субҳи висол.
Фироқ илгидин элгаким жаврдур,
Анинг бу балоси неча таврдур:
Бири олам асбоби ҳижрони бил,
Муассир жаҳон аҳлиға они бил.
Бири айру тушмаклик аҳбобдин,
Киши бағри ўртанмак ул тобдин.
Бири доғи ҳажри қаробат эрур
Ки, жон ичра андин маҳобат эрур.
Бир улким етиб ишқдин хасталиқ,
Биров жониби бўлса дилбасталиқ.
Бори ҳажр эрур худ уқубат била,
Ва лекин эмас бу суубат била(2).
Буларнинг боридин эрур саъб ул
Ки, мақсуди аслиға гум бўлса йўл.
Мангаким ичим ҳажрдин зордур,
Бурунғидин ўзга бори бордур.
Биридин бўлур бетаҳаммул киши,
Бори бўлса кўрким, не бўлғай ишиғ
Вале бўлмағай андин ортуқ тараб
Ки, солғонда жон ичра ҳижрон тааб.
Киши васл давронидин топса баҳр,
Бадал бўлса ул нўш бирла бу заҳр,
Ани шарбати зиндагони дегил,
Десанг умри жовид, они дегил.
Илоҳи бу давлатдин урсанг навид,
Навоийни ҳам қўймағил ноумид.
LXVI
Мажнун ҳикоятиким фироқ тоғи оғирлиғидин ўзни тоғдин ташламоқ тилади ва Лайли номаси илик тутуб ва қосиди камарин тутуб ташламоққа қўймади


Ешиттимки, Мажнуни(1) саҳронавард
Ки, боштин-оёғи эди сўзу дард.
Неча вақт Лайлидин эрди йироқ,
Танин сизғуруб эрди доғи фироқ.
Ҳамул шуълаи шавқ туғёнидин,
Кечиб эрди андуҳлиғ жонидин.
Чу ҳижрон аро қолмади тоқати
Ки, муҳлик эди ёрининг фурқати.
Чиқиб Нажд(2) уза бўлди наззорагар,
Бу навъ ўлди ул ҳолиға чорагар
Ки, мажнунлуқ ошубини бошлағай,
Ўзин ул камардин қуйи тошлағай
Ки, бу навъ ўларни асири фироқ,
Кўрар ҳажр бедодидин яхшироқ.
Камар устига келди зору жунун
Ки, ўзни қуйи ташлағай сарнигун.
Бу ҳолатда бўлди аён қосиди
Ки, Лайли анга нома ёзмиш эди.
Келиб берди дилдорининг номасин,
Совуқ қилди ул гарм ҳангомасин.
Кўнгул нома маҳви қилиб кўзни ҳам,
Қаёни унутти демай, ўзни ҳам.
Бўлуб ул битик ҳирзи жони анга,
Ўлумдин қутулмоқ нишони анга.
Неча йил анинг бирла хурсанд эди
Ким, ул руқъа жониға пайванд эди.
Қачон нома бўлса тирикликка дол,
Ҳаёти абад берса, тонг йўқ висол.

LXVII - Ҳикмат
Искандарнинг Арастудин саволи ул бобдаким, ёлғузлуқ мужиби жамъиятдурур ва жамоат мужиби тафриқа, бас недин ҳажр мардуддурур ва васл маҳбуб


Яна сўрди донойи ҳикматсиришт
Ки: «Ей ақлу ҳикмат санга сарнавишт,
Чу ғавғони мамнуъ тутмиш хирад,
Нединким, ул элга кўп ўлди адад.
Алар иштиғолини улким сиқа,
Демишким, эрур мужиби тафриқа.
Қачон бўйла бўлғач, бас ул яхшироқ
Ки, табъ ихтиёр этгай элдин қироқ.
Чу ҳижронға ҳуш аҳли толибдурур,
Недин табъ вуслатқа роғибдурурғ»
Тааммул била бихради нуктадон,
Бу навъ ўлди шоҳ оллида нуктарон
Ки: «Касратни гар ақл манъ айламиш,
Адоват дурур ишқу ақл ичра иш.
Қаю ишниким, ишқ айлар писанд,
Емас ақл манъ айламак судманд.
Неча бўлса элга хирад раҳнамой,
Ҳар ишта тариқи муважжаҳнамой.
Вале ишқдин чунки ошуб ўлур,
Хирад хайли анда лагадкўб ўлур.
Яна улки, инсонға аҳли тамиз,
Билурким, нима жондин ўлмас азиз.
Вале зумраи ишқ жононини,
Кўп ортуқ кўрарларким ўз жонини.
Ерур жонсиз ўлмоқ ўлумдин хатар,
Вале онсиз ўлмоқ – ўлумдин батар.
Бўлур чоғда жондин баданға фироқ,
Келур кимса табъиға албатта шоқ.
Бу ойин ила табъ мажбул эрур
Ки, севгай ҳаётин, бу маъқул эрур.
Қаю кимсаким, жондин ўлса аҳаб,
Не тонг айламак жондин ортуқ талаб».
Жавобин топиб шоҳи донишқарин,
Деди нуктавар жониға офарин.
LXVIII
Искандарнинг Мағриб диёри фатҳидин сўнгра Румға азм этганида Яъжуж зулмидин Қирвон навоҳиси халқининг тазаллум қилғони ва анинг ул бало рахнасини беркитгали сад тарҳи солғони ва муҳандисваш меъморлар ва ҳандасаойин сангкорлар шиҳобкирдор ража била сад ўрниға ранг тўкмак ва Аторидхаёл устодлар ва Зуҳалосор ҳаддодлар гач ўрниға рўйи маҳлул ва оҳак ерига пўлоди масқул қуюб сад учин фалак тоқиға етгурганлари


Дабири рақамсанжи фархундарой,
Бу навъ ўлди кофур уза мушксой
Ки, чун олди шоҳи сипеҳриҳтишом,
Бори мулки мағрибни андоқки ком.
Ҳамул булъажаб хайлу нодир гуруҳ
Ки, фикридин эрди халойиқ сутуҳ.
Алар сарфарозиким эрди асир
Ки, шаҳ лутфи бўлди анга дастгир.
Мутеъ ўлдию қуллуқ этти қабул,
Йўқ улким, бори хайли ҳам бўлди қул.
Шаҳ ул мўрларни қилурға ҳалок
Деди: «Отланиб халқ беваҳму бок,
Тузуб чарга, солсунлар ул навъ шўр
Ки, ул дашт аро қолмасун жинси мўр».
Ҳамул хайли ваҳший қилиб илтимос,
Дедиларки: «Ей шоҳи гардунасос!
Алар бўлмай, эмин эмас жонимиз
Ким, ул мўрлардур нигаҳбонимиз
Ки, оғирдурур бизга уйқу басе,
Қулоқ солки, аъжубадур бу басе
Ки, ўн кеча-кундуз таку пўдабиз,
Яна ўн кеча-кундуз уйқудабиз.
Чу уйқуға бордуқ алардур ҳисор,
Ёвутмаслар элни ямину ясор2».
Шаҳ ул нуктадин бармоғин тишлади,
Алар қатлин ул элга бағишлади.
Яна истади кўрмак айлаб юруш,
Ики тоғким эрди олтун-кумуш.
Дедилар ҳамул қавм айлаб дуо
Ки: «Бўлса унут яхши, бу муддао
Ким, ул теграга бормоқ осон эмас,
Не осон эмас, балки имкон эмас
Ки, ўн кунчилик йўлдур ул ики тоғ,
Бу ердинки, ҳоло, қилурсен суроғ.
Вужуди анинг бизга бордур яқин,
Вале кўрмамишбиз, десак сўзни чин.
Не биз кўрмаги бирла топтуқ мурод,
Не биздин улуғлар доғи берди ёд.
Нединким, йўлида хатар кўптурур,
Юз урғон кишига зарар кўптурур.
Топилмас ети кунчилик йўлда сув,
Гиёҳики бутмишдур – эрур оғу.
Исиқ хайли ул навъ айлар ҳужум
Ки, эсгач насим анда айлар самум.
Қилур қайси елким эсар муътадил,
Агар бор эса аждаҳо музмаҳил.
Яна қолғон уч кунчилик йўлки бор,
Йилондур ҳамул дашт аро улки бор.
Ерур кафчау, афъию жаъфари,
Бўлуб ҳар бир ул ганжнинг аждари.
Аларға туман мингдин ортуқ адад,
Туман минг демай, балки беҳадду ад3.
Агар пашша бўлса аларға залил,
Бўлуб етса бир ниш, андоқки пил.
Йилон бордур анда – эшитгил бу сўз
Ки, одам ўлар, чун анга солса кўз.
Ерур бу балиятдин ўтмак маҳол,
Неким айладук шарҳ, бу эрди ҳол».
Шаҳ ул сўзни чун истимоъ айлади,
Ҳамул ён борурға видоъ айлади.
Деди: «Ул тараф азм этардин мурод,
Тамошодин этмак эди ўзни шод.
Емас эрди мақсуд олтун-кумуш
Ки, бўлғай киши мунча меҳнатқа тўш.
Тамошоға йўл чунки боғлиқдурур,
Анинг азми тарки яроғлиқдурур.
Тамошодин ар бўлди қатъи назар,
Не ҳиммат бўлуркум, тилаб сийму зар.
Бу нақд истай ўлмоқ равон ул тараф,
Вале нақди жонини қилмоқ талафғ»
Чу ул азмдин фориғ ўлди билкул,
Ул эл илтифотиға қўйди кўнгул.
Карам айлаб этти риоят басе,
Бори топти шаҳдин иноят басе.
Аларни макониға озим қилиб,
Неча кимса лекин мулозим қилиб.
Ўз оллинда асраб ғаробат учун,
Ешикда шукуҳу маҳобат учун.
Чу мағрибни осудаҳол айлади,
Яна азми савби шимол айлади.
Тенгиз айлабон қатъу тоғ артилиб,
Юрур эрди йўл Рум азми қилиб.
Ҳамул турки чин4, йўқки чиний ғизол
Ки шерафкан эрди қилурда жидол.
Солиб шоҳ кўнглига ўз шавқини,
Чекиб бўйниға зулфининг тавқини.
Бўлуб шоҳ матлубу марғуби ҳам,
Не матлубу марғуб, маҳбуби ҳам.
Анинг бирла тун-кун бўлуб журъакаш,
Борур эрди ўз мулкига шоду хуш5.
Гузаргоҳи Русу диёри Фаранг,
Қаю ерга етгач, ўтуб бедаранг.
Ўтар чоғда мобайни ғарбу Шимол,
Тилаб дод жамъе парокандаҳол.
Ўкуш нола айлаб тазаллум била,
Сўруб шоҳ аларни тараҳҳум била.
Дедиларки: «Шоҳо, жаҳондор бўл,
Қадар қудрату чархмиқдор бўл!
Жаҳон мулкига бердинг ободлиғ,
Жаҳон аҳлиға адл ила шодлиғ.
Диёреки адлинг анга етмамиш,
Диёр аҳлини шодмон этмамиш.
Ҳамоноки бу марз ила бум эрур,
Доғи бу неча зору мазлум эрур».
Деди шаҳ: «Бу кишвар нединдур хароб,
Елига недин тушти бу изтиробғ»
Дедиларки: «Бу мулкнинг бир ҳади,
Ҳамоно эрур Қирвон сарҳади6.
Ким, ул мулк ғарбиға мойилдурур,
Аро ерда бир тоғ ҳойилдурур
Ким, ул тоғдин нари офот эрур,
Ул офотдин нари зулмот эрур.
Бу навъ этти воқиф хабар бергучи
Ки, зулматнинг андиндурур бир учи.
Ерур тоғу зулмат аро водие
Ки, йўл элтмас ул тараф ҳодие.
Не зулмат – жаҳаннам, не водий – сақар
Ки, яъжуж хайлиға бўлди мақар.
Не яъжужким, юз туман, минг бало,
Биз ул юз туман минг балодин жало7.
Аларни Ҳақ ўз қаҳридин халқ этиб
Ки, кўп элга бедод алардин етиб.
Ерур ишларин васф қилмоқ маҳол
Ким, ул васфдин нутқ эрур гунгу лол.
Тааддуд аро йўқтурур сонлари,
Яна сонсиз ойини нуқсонлари.
Қад узра ёйилмиш пароканда соч,
Бири бир қаришдур, бири ўн қулоч8.
Дема соч, хошоку хас маъдани,
Либос андин айлаб борининг тани.
Қулоқ ики ёндин бўлуб бирга жуфт,
Нажас танларин кўздин айлаб нуҳуфт.
Келиб ғул бармоғи бармоғлари,
Вале дев тирноғи тирноғлари.
Ёмон юзлари ранги беҳад сариғ,
Қизил туклар анда сафодин ариғ.
Биайниҳ кўз андоқки – маймун кўзи,
Вале шум ҳар қайси малъун кўзи.
Бурун ичларин тил била пок этиб,
Топиб лаззат, ўзни тарабнок этиб,
Анингдекки, мабраз аритурда эл,
Солурлар ани холи айларга бел.
Оғиздин тўнғуздек чиқиб ики тиш,
Вале ерни қозмоқ алар бирла иш.
Не ерники ул тишлар этти табоҳ,
Қиёматқача бутмай андин гиёҳ.
Такаллумда ҳашв улча имкон келиб,
Оғиз барчасида занахдон келиб.
Тушуб ҳар бирининг ики эмчаги,
Ва гар худ тишиси, ва гар эркаги.
Ҳамул тоғ ундур, анингдекки, ваҳм
Қила олмойин кўктин авжини фаҳм.
Ики юз анга софу йилмон қаё,
Нима бутмай андин нечукким иё.
Ики ёниким ҳеч топмай гусил,
Бўлуб Қоф атрофиға муттасил.
Бу мобайн аларнинг тарабхонаси,
Бу тоғ ўйлаким Қоф домонаси.
Вале давраким бўйла кўргузди Қоф,
Топиб насх қофи киби ҳар шикоф.
Бўлуб фосил ул тоққа бир дара,
Убур этгали ул гуруҳи шара.
Алар йилда солиб ики қатла шўр,
Чиқиб тоғ шикофидин андоқки мўр.
Бизинг шаҳру водий сори ёйилиб,
Не бедодким мумкин ўлғай, қилиб.
Келур чоғ алар, биз фирор айлабон,
Ватандин жало ихтиёр айлабон.
Боримизға ул навъ бечоралиқ,
Солиб тоғу водийда оворалиқ.
Неким топиб ул қавм талон этиб,
Бори шаҳру кишварни вайрон этиб.
Киши топсалар айлаб они ҳалок,
Талошиб емакка этин завқнок.
Мавошини элтурга яксар суруб,
Ватангаҳлариға дегин еткуруб.
Захира емакдинки мавжуд ўлуб,
Алар зулмидин барча нобуд ўлуб.
Емак бирла худ мутлақо тўймайин
Ва гар тўйса ҳам донае қўймайин
Борин айлабон нақл бунгоҳқа;
Будур арзимизким, дедук шоҳқа».
Деди шаҳки: «Ул нописандида хайл,
Қачонким қилурлар сизинг сори майл,
Нечук сизға маълум ўлур ул бало
Ки, андин бурунроқ қилурсиз жалоғ»
Дедилар: «Бу тоғеким ул қавми шум,
Анинг ул юзида қилурлар ҳужум.
Бу сори бўлур чоғда саҳронавард,
Қилур чарх ойинасин тийра гард.
Қачон бўлса ул тийра гард ошкор,
Бўлур тийра бизларга ҳам рўзгор».
Деди шаҳ: «Қачон бўлғай ул иш чоғиғ»
Дедилар: «Ўтуб бир неча кун доғи».
Эшитгач бу сўз довари чорарас,
Алар чорасин қилмоқ этти ҳавас.
Топиб берк манзил, тушарга паноҳ,
Ҳамул марз аро қилди оромгоҳ.
Дедилар ул эл юз тазарруъ била,
Жанобида ушбу таваққуъ била
Ки: «Бизга неча бахтдин йўқ наво.
Нечук кўргабиз эл газандин равоғ
Шаҳ ар мунда маскан қилур, қилмасун,
Аларни жаҳон аҳлидек билмасун
Ки, ногаҳ бири етса ул қавмнинг,
Ғаним ўтрусида не юзу, не минг,
Батахсиским юз туман минг бало
Ки, бу кишвар ўлгай алардин тўло.
Етишгай борининг бошида ғазаб,
Бори эл қонин ичгани ташналаб».
Деди шаҳки: «Сиз бизга қайғурмангиз
Ва лекин бу кишвараро турмангиз.
Тошинг ҳар нейингиз бўлса айлаб шитоб
Ки, бу мулк аро қолмасун риштатоб
Ки, Тенгрига ул дам таваккал қилай,
Алар фикрин айлай, нечукким билай».
Алар чиқтилар мулкдин хонакўч,
Вале қилмади шоҳи фарзона кўч.
Деди, давриға қоздилар ҳар фариқ,
Очуқ хандақ, аммо бағоят амиқ.
Кишилар йибордики, ҳар марзу бум,
Фаранг ўлсуну Рус, ё Шому Рум.
Неким бўлса меъмори чобукхаёл,
Яна доғи устоди нозукхаёл.
Яна коргарлар, бори чарбдаст,
Бало рахнасин қилғудек сангбаст.
Мису рўю қалъи, биринжу темур,
Яна қўрғошун бирла толу кўмур.
Қилиб неча юз минг тева узра соз,
Яна неча устоди оҳангудоз.
Муҳайё қилиб эҳтимом айлабон,
Борин жаҳд ила тезгом айлабон.
Етургайлар ул ерга борини бот,
Бори бутти шоҳ айлагач илтифот.
Чу неким кераклик эди, бўлди рост,
Анингдекки дорои давронға хост.
Анга тегру ҳар кун ўзи отланиб,
Ҳамул тоғ домонасин айланиб.
Солиб ики минг сангбури бедаранг,
Камар узра кесмак учун тахта санг.
Бори зўрдаст ичра пўлоддек,
Қотиғ хора кесмакда Фарҳоддек.
Алар хорани бемадоро кесиб,
Мадоросиз ул тоғда хоро кесиб.
Йиғиб онча асбоб боғларға сад
Ки, тахминидин ажз топиб хирад.
Чу ҳар не керактур муҳайё бўлуб,
Ҳамул тийра гард ошкоро бўлуб
Ки, яъжуж азмиға эрди нишон,
Бўлуб меҳр нуриға зулматфишон.
Йиғиштурдилар элни таклиф ила,
Кивурмакка хандаққа тахвиф ила.
Сурулди гала доғи хандақ сари
Ки, жонлиқ нима қолмади ташқари.
Камингаҳда беш минг набардозмой,
Ниҳони қўюб шоҳи фархундарой
Ки, бир дастбурд айлабон ошкор,
Қилурға ҳамул сайдлардин шикор.
Алар ичра ўн ваҳшийи мағрибий,
Қамиш хайли ичра тераклар киби.
Бу савдо аларни чу марбут этиб,
Келиб хандақ аҳлини мазбут этиб.
Бу ҳолатда чиқти гуруҳо гуруҳ
Ки, яъжуждин тўлди саҳроу кўҳ.
Чиқиб бўйла ҳолатда аҳли камин,
Анингдекки, титраб замону замин,
Алар хайлиға ўзларин урдилар
Ки, тиғ остида кўпни ўлтурдилар.
Бу янглиғ чу кўрди алар дастзўр,
Хаёл айлаким, тушти дарёға шўр.
Қўюб борча тўш-тўшдин ул элга юз
Ки, касратларидин тўлуб тоғу туз.
Анингдек набард ошкор эттилар
Ки, ул хайл ишин изтирор эттилар.
Не ўқу қиличдин бирисига бок,
Не ўқу қиличким бўлурдин ҳалок.
Итик тиғдин ҳар нечаким ўлуб,
Ҳамул тиғдин ҳам итикрак бўлуб.
Алар ҳам кўп элни ҳалок айлабон,
Ҳалок айлаганни хўрок айлабон.
Отидин муборизни йиққон замон,
Йиқилғоч, талошиб тугатмак ҳамон.
Демонким ебон жисму қолабни ҳам,
Не жисму не қолабки, маркабни ҳам.
Ажаброқки, не хасму не ўз дебон,
Йиқилғонни филҳол узушуб ебон.
Бу янглиғки айлаб набард ул сипоҳ,
Кўп эл бўлди оқшомга тегру табоҳ.
Басе ул жамоатдин ўлтурдилар
Ки, то ўзни хандаққа еткурдилар.
Чу пархошдин қолмайин жонлари,
Кириб жон аросиға қўрғонлари
Ўкуш рев ила ҳисн азми қилиб,
Ҳамул девваш халқдин айрилиб.
Булар айлагач рев ила тарки разм,
Алар ҳам қилиб тоғу саҳроға азм.
Тонг отқунча ошубу ғавғо била,
Қалин ит масаллик алоло била.
Бори оғзида телба итдек ёлин,
Ададда вале ит тукидин қолин.
Чу ҳозир бўлуб шаҳ қошиға сипоҳ,
Мусибат тутуб хайли ғойибқа шоҳ.
Қабул айлаган иш кўрунуб қатиғ,
Пушаймонлиғи ҳеч қилмай асиғ.
Чу кўшиш сори топмайин ҳеч йўл,
Зарурат уруб чора зайлиға қўл.
Билибким, неча кун таҳаммул керак,
Қилур ишда кўпрак тааммул керак.
Емакдин чу холидур ул марзу бум,
Магар топмайин туъма ул хайли шум,
Ёниб ўз макониға азм этсалар,
Қилиб авд, келган сари кетсалар.
Етиб ишга ул лаҳза наззорае,
Қила олғай ул қиссаға чорае.
Ҳам ушбу дейилган киби ул гуруҳ
Нима топмоғондин бўлуб чин сутуҳ.
Бори қилдилар авд келган сари,
Дара ичра сиғмай кириб ичкари.
Аларға чу юзланди оворалиқ,
Замона унутти ситамкоралиқ.
Шаҳ отланди ул хайли доно била,
Разин рою ақли товоно била.
Рикобида санъатгар эл беҳисоб,
Қилиб ул дара сори бори шитоб.
Чу еттилар, эрмас эди ул дара,
Очуқ жулгае эрди хўбу сара.
Ва лекин ики жониби ики тоғ,
Нечукким бериб эрди ул эл суроғ.
Ики тоғ аросида массоҳи чуст,
Яқинроқ ерин айлади бозжуст.
Таноб ончаким чектилар ҳар сари,
Яқинроқ ери эрди ўн минг қари9.
Нужум аҳли соат қилиб ихтиёр,
Кезиб маркаб узра шаҳи бахтиёр.
Буюрдики тўктилар ул ерга ранг(1)0,
Тушуб қўйди соат била хора санг.
Гудозандалиғ ичра минг коргоҳ,
Қилиб, ўйлаким кўра тайёргоҳ.
Муҳандислар айлаб фусунсозлиқ,
Масоҳат била корпардозлиқ.
Бўлуб коргарлар доғи ишда чуст,
Ража жадвали бирла поку дуруст.
Гач ўрниға маҳлул этиб ҳафтжўш11,
Қуюб ерга санъатгари сахткўш.
Солиб ҳафтжўш устига тахта тош,
Бори жониби тез бўлғон тарош.
Қўпуб ёна устоди Бонийҳасаб,
Қўюб тошни тошқа лаб-балаб.
Чу бир сатҳ ул тош ҳамвор ўлуб,
Яна устида иш намудор ўлуб.
Чу тулиға ўн минг қари эрди арз,
Биносиға беш юз қари бўлди арз1(2).
Неча минг бу иш узра устод эди
Ки, санъатда банноу ҳаддод эди.
Қўюб ул сифат дарз-бардарз тош
Ки, бўлмай сари мўй анга дарз фош.
Яна эрди муздур сондин фузун,
Нечаким қиёс этса ондин фузун.
Бўлуб оламе бўйла санъатнамой,
Кеча-кундуз иш қилдилар олти ой
Ки, неча минг устоду санъатгари,
Тамом эттилар Садди Искандарий1(3).
Муаррихдин эттим бу навъ истимоъ
Ки, топти сад уч юз қари иртифоъ.
Ики зина доғи ясаб эл сори
Ки, чиққай қуйидин улус юқори.
Яна кунгуру бурж этиб қалъавор,
Темурлар била айлабон устувор.
Ясаб ики манзил нигаҳбон учун,
Ташиб тош кўп сангборон учун.
Қилиб анда таъйин неча юз киши
Ки, сад ҳифзи бўлғай аларнинг иши1(4).
Чу сад бўлди андоқки чархи кабуд,
Жаҳонофаринға шаҳ этти сужуд.
Бу ҳолатда ул хайли муҳликситез,
Солиб дашту водий аро рустахез.
Етиштилар андоқки, маъҳуд эди,
Бурунғича ун-шайн мавжуд эди.
Бало рахнасин топтилар, ўйла руст
Ки, тиш бирла тирноғлари бўлди суст.
Деди шоҳким: «Сангборон қилинг,
Бало хайлиға тошни паррон қилинг!»
Анингдек алар бошиға ёғди тош
Ким, ул тошдек тушти тупроққа бош.
Чу йўқ эрди ғавғоларидин асиғ,
Бўлуб қатл тошидин андешалиғ.
Ёниб бир-бирисига айлондилар,
Чу суд этмади жаҳду жидд – ёндилар.
Ер аҳлиға ҳар зулмким сурдилар,
Фалакдин бориға эваз кўрдилар.
Бу бедодким айлаб ул қавм фош,
Не тонг осмондин агар ёғса тошғ
Неча қатла мундоқ топиб гўшмол,
Яна ул тараф боқмоғ этмай хаёл.
Бу ойин ила чун шаҳи пурхирад
Ки, яъжуж дафъи учун чекти сад.
Қилиб хотирин жамъ, қилди хиром,
Сипаҳ бирла ёд айлаб асли мақом.
Неча кун чу қатъ айлади марзу бум,
Яна бўлди манзилгаҳи тахти Рум.
Кетур соқий, ул жоми тақвишикан
Ки, кўнглумга тушмиш ҳавои ватан.
Тилармен кезиб рубъи атлолни,
Десам ранжи ғурбатдаги ҳолни.
Муғанний, чу топтим мақомимда ком,
Тузат ком ила сен доғи бир мақом.
Қилиб фаҳм ул оҳангнинг рангини,
Яна тарк этай сайр оҳангини.
Навоий, ватан бўлди манзил манга,
Бу манзилдин аммо не ҳосил манга
Ки, ҳар кимки бор эрди ёру қарин,
Бўлубтур адам сори ғурбатгузин.

AvvalgiII- qism Keyingi
Mualifning boshqa asaralari
1 Mezon ul-Avzon (Tasvirlar) 1366
2 Sab’ai Sayyor (Tasvirlar) 1023
3 Arba’in [Alisher Navoiy] 1939
4 Арбаин - 40 четверостиший [Alisher Navoiy] 1947
5 Арбаъин [Alisher Navoiy] 752
6 Афоризмы [Alisher Navoiy] 779
7 Badoyi ul-Bidoya (I- qism) [Alisher Navoiy] 4890
8 Badoyi ul-Bidoya (II- qism) [Alisher Navoiy] 5634
9 Badoyi ul-Vasat (I- qism) [Alisher Navoiy] 5523
10 Badoyi ul-Vasat (II- qism) [Alisher Navoiy] 2492
11 Badoyi ul-Vasat (III- qism) [Alisher Navoiy] 1875
12 Бадойиъ ул-Бидоя (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1006
13 Бадойиъ ул-Бидоя (II- қисм) [Alisher Navoiy] 1333
14 Бадойиъ ул-Васат (I- қисм) [Alisher Navoiy] 906
15 Бадойиъ ул-Васат (II- қисм) [Alisher Navoiy] 921
16 Бадойиъ ул-Васат (III- қисм) [Alisher Navoiy] 840
17 Farhod va Shirin (I- qism) [Alisher Navoiy] 1623
18 Farhod va Shirin (II- qism) [Alisher Navoiy] 5794
19 Favoid ul-Kibar (I- qism) [Alisher Navoiy] 3633
20 Favoid ul-Kibar (II- qism) [Alisher Navoiy] 1602
21 Favoid ul-Kibar (III- qism) [Alisher Navoiy] 2363
22 Фавоид ул-Кибар (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1001
23 Фавоид ул-Кибар (II- қисм) [Alisher Navoiy] 893
24 Фавоид ул-Кибар (III- қисм) [Alisher Navoiy] 838
25 Фарҳод ва Ширин (I- қисм) [Alisher Navoiy] 804
26 Фарҳод ва Ширин (II- қисм) [Alisher Navoiy] 1214
27 Hayrat ul-Abror (I- qism) [Alisher Navoiy] 11748
28 Hayrat ul-Abror (II- qism) [Alisher Navoiy] 2083
29 Hayrat ul-Abror (III- qism) [Alisher Navoiy] 1960
30 Holoti Pahlavon Muhammad [Alisher Navoiy] 1905
31 Holoti Sayyid Hasan Ardasher [Alisher Navoiy] 1801
32 Ҳайрат ул-Аброр (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1073
33 Ҳайрат ул-Аброр (II- қисм) [Alisher Navoiy] 690
34 Ҳайрат ул-Аброр (III- қисм) [Alisher Navoiy] 648
35 Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад [Alisher Navoiy] 655
36 Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер [Alisher Navoiy] 801
37 Layli va Majnun (I- qism) [Alisher Navoiy] 1947
38 Layli va Majnun (II- qism) [Alisher Navoiy] 1800
39 Layli va Majnun (III- qism) [Alisher Navoiy] 4638
40 Lison ut-Tayr (I- qism) [Alisher Navoiy] 6495
41 Lison ut-Tayr (II- qism) [Alisher Navoiy] 1020
42 Lison ut-Tayr (III- qism) [Alisher Navoiy] 5974
43 Лайли ва Мажнун (I- қисм) [Alisher Navoiy] 793
44 Лайли ва Мажнун (II- қисм) [Alisher Navoiy] 772
45 Лайли ва Мажнун (III- қисм) [Alisher Navoiy] 964
46 Лисон ут-Тайр (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1222
47 Лисон ут-Тайр (II- қисм) [Alisher Navoiy] 803
48 Лисон ут-Тайр (III- қисм) [Alisher Navoiy] 775
49 Лисон ут-Тайр (Язык птиц) [Alisher Navoiy] 1548
50 Mahbub ul-Qulub [Alisher Navoiy] 2017
51 Majolis un-Nafois (I- qism) [Alisher Navoiy] 1670
52 Majolis un-Nafois (II- qism) [Alisher Navoiy] 2097
53 Mezon ul-Avzon [Alisher Navoiy] 3599
54 Muhokamat ul-Lugʻatayn [Alisher Navoiy] 7476
55 Munojot [Alisher Navoiy] 7411
56 Munshaot (Munojot) [Alisher Navoiy] 1889
57 Мажолис ун-Нафоис (I- қисм) [Alisher Navoiy] 963
58 Мажолис ун-Нафоис (II- қисм) [Alisher Navoiy] 837
59 Маҳбуб ул-Қулуб [Alisher Navoiy] 920
60 Мезон ул-Авзон [Alisher Navoiy] 974
61 Муножот [Alisher Navoiy] 985
62 Муншаот (Муножот) [Alisher Navoiy] 805
63 Муҳокамат ул-Луғатайн [Alisher Navoiy] 1144
64 Nasoim ul-Muhabbat (I- qism) [Alisher Navoiy] 3964
65 Nasoim ul-Muhabbat (II- qism) [Alisher Navoiy] 1811
66 Nasoim ul-Muhabbat (III- qism) [Alisher Navoiy] 1945
67 Navodir un-Nihoya (I- qism) [Alisher Navoiy] 2339
68 Navodir un-Nihoya (II- qism) [Alisher Navoiy] 1756
69 Navodir un-Nihoya (III- qism) [Alisher Navoiy] 1179
70 Navodir ush-Shabob (I- qism) [Alisher Navoiy] 2391
71 Navodir ush-Shabob (II- qism) [Alisher Navoiy] 1560
72 Navodir ush-Shabob (III- qism) [Alisher Navoiy] 1796
73 Nazm ul-Javohir [Alisher Navoiy] 4822
74 Наводир ун-Ниҳоя (I- қисм) [Alisher Navoiy] 953
75 Наводир ун-Ниҳоя (II- қисм) [Alisher Navoiy] 963
76 Наводир ун-Ниҳоя (III- қисм) [Alisher Navoiy] 841
77 Наводир уш-Шабоб (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1021
78 Наводир уш-Шабоб (II- қисм) [Alisher Navoiy] 755
79 Наводир уш-Шабоб (III- қисм) [Alisher Navoiy] 867
80 Назм ул-Жавоҳир [Alisher Navoiy] 771
81 Насоим ул-Муҳаббат (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1267
82 Насоим ул-Муҳаббат (II- қисм) [Alisher Navoiy] 1123
83 Насоим ул-Муҳаббат (III- қисм) [Alisher Navoiy] 1074
84 Притчи [Alisher Navoiy] 931
85 Qaro koʻzum (I- qism) [Alisher Navoiy] 2497
86 Qaro koʻzum (II- qism) [Alisher Navoiy] 2271
87 Qaro koʻzum (III- qism) [Alisher Navoiy] 1990
88 Қаро кўзум (I- қисм) [Alisher Navoiy] 958
89 Қаро кўзум (II- қисм) [Alisher Navoiy] 894
90 Қаро кўзум (III- қисм) [Alisher Navoiy] 882
91 Risolai tiyr andoxtan [Alisher Navoiy] 1257
92 Рисолаи тийр андохтан [Alisher Navoiy] 661
93 Sabai Sayyor [Alisher Navoiy] 10071
94 Saddi Iskandariy (I- qism) [Alisher Navoiy] 1497
95 Saddi Iskandariy (II- qism) [Alisher Navoiy] 1723
96 Saddi Iskandariy (III- qism) [Alisher Navoiy] 2893
97 Siroj ul-Muslimin [Alisher Navoiy] 2573
98 Сабъаи Сайёр [Alisher Navoiy] 1684
99 Садди Искандарий (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1352
100 Садди Искандарий (III- қисм) [Alisher Navoiy] 1549
101 Сирож ул-Муслимин [Alisher Navoiy] 774
102 Tarixi anbiyo va hukamo [Alisher Navoiy] 3486
103 Tarixi muluki ajam [Alisher Navoiy] 2821
104 Тарихи анбиё ва ҳукамо [Alisher Navoiy] 877
105 Тарихи мулуки ажам [Alisher Navoiy] 842
106 Vaqfiya [Alisher Navoiy] 3243
107 Вақфия [Alisher Navoiy] 799
108 Xamsat ul-Mutahayyirin [Alisher Navoiy] 2257
109 Xамсат ул-Мутаҳаййирин [Alisher Navoiy] 853
110 Gʻaroyib us-Sigʻar (I- qism) [Alisher Navoiy] 9103
111 Gʻaroyib us-Sigʻar (II- qism) [Alisher Navoiy] 2740
112 Gʻaroyib us-Sigʻar (III- qism) [Alisher Navoiy] 4046
113 Ғаройиб ус-Сиғар (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1501
114 Ғаройиб ус-Сиғар (II- қисм) [Alisher Navoiy] 807
115 Ғаройиб ус-Сиғар (III- қисм) [Alisher Navoiy] 1142
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика