Консилиум (ҳажвия) [Safar Kokilov] |
Сигарет тутунга тўла катта хонада оқ халат кийган бир неча ўта жиддий қиёфадаги кишилар эрталабдан бери мунозора қилишади. – Йўқ, йўқ. Мен ололмайман. Беморнинг дарди жаррохлик эмас. Уни терапевт олсин. – деди саккизинчи марта сўз олган жаррох Жовлиев. – Е, нега энди? Бемор чисто инфектсионний-ку?! Тағин изидан ҳеч кими йўқ экан. Уни юқумли касалликлар бўлимига ётқизиш керак. Тамом-вассалом. – эътироз билдирди терапия бўлими бошлиғи хўппасемиз Қорбосдиев. – Ҳеч қачонда. Беморнинг барча дарди ўпкасида-ку. Уни сил касаллар бўлимига ётқизиш керак. – деди инфектсионист пашша қўриётгандек қўл силтаб. – Рентгентда сил белгиси кўрмадим. Дарди жигарида. У терапевтники. – деди ўнинчи марта тўнғиллаб Тўнғизбоев. – Ҳечамда. Асли ҳамма гап юракдан. Уни кардиолог олақолсин. Палатаси бўшаб ётибди. – деди Қорбосдиев бошқаларга кўз қисиб. – Причём бу ерда юрак. Беморнинг қорни таранглашган-ку?! Ясно. У жаррохларники. – деди қошини сузиб кардиолог Курраев. – Ҳа, айтганча, яхшиси беморни реаниматсияга ётқизсак-чи?! – деди ниҳоят жаррох Жовлиев. - Ҳаммамиз навбат билан бориб кўриб турардик... – Бекорларнинг бештасини айтибсиз. Ҳисобот-чи?! – деди мудраб ўтирган реаниматолог ўассолов бирдан чийиллаб. - Ўлимнинг ҳисоботи яна менинг бўйнимга тушадими? Йўқ, йўқ, бўмайди. Сил бўлса, фтизиатр олсин-да-э... – Йўқ. Меники эмас. Инфектсионист олсин. – Бемор терапевтники. – Бекор айтибсиз, у кардиологники. – Йўқ, у жаррохники... Кун пешиндан оғди. Улар эса... Ниҳоят эшик шиддат билан очилиб қабулхона хамширасининг бўғриққан юзи кўринди. – Мумкинми? – Хўш?! Нима гап?.. Ҳамма унга тикилди. – Духтур, коридорда кечадан бери ётган беморнинг танасини нима қилайлик? – А?!.. Консилиум иштирокчилари хамширага бир зум ҳайрат билан тикилиб қолишди. Сўнг юзларидан хайрат йўқолиб, ўрнига мамнунликка ўхшаган бир ифода пайдо бўлди. – Ўлдими-эй?! – Ҳе, бечора-эй... – Ўзи жуда оғир эди-да... – Ҳа-а. Начора, бандачилик... Сўнг духтурлар бир-бирига қарашганича бир овоздан хамширага жавоб қилишди: – Қаерга бўларди, ўликхонагада. Моргга... Хамшира югуриб кетди. Хонада ўтирганлар ҳам секин қўзғолишди. Уй-уйига... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57627 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36544 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23161 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21584 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |