Така бўлсин сут берсин (ҳажвия) [Safar Kokilov] |
Эрталаб. Хўжалик бекаси дамлаб келган аччиқ кўк чойдан хўриллатиб ичиб ўтирган пакана гирдигум тез ёрдам бўлим бошлиғи «беш минутлик» йиғилишга тўпланган ходимларга бир-бир назар ташларкан, юзига жиддий тус бериб, овозини йўғонлатиб деди: – Аҳолидан шикоят тушаяпти. Бир марталик шпритс ва ишлатилган дорилар учун пул олаётганмишсизлар. Айтиб қўяй, таъмагирлик қилмайман, дори сотмайман деб ёзган тилхатларинг бош врач қўлида. Қўлга тушган, ишдай ҳайдалади. Так что... – Ўртоқ Бойбобо Эшонқулович, ўзингиз биласиз, тез ёрдам қутиларидаги дорилар саноқли, ҳаётий дорилар тақчил. Бир марталик шпритслар-ку умуман берилмайди. Бизда эскидан қайнатиб ишлатиладиган шиша шпритслар-у, учи қайтиб, тўмтоқлашиб қолган игналар бор, лекин аҳоли улардан фойдаланиб укол қилишимизга кўнишмаяпти. Нима қилиш керак? – деди девор бўйлаб тизилиб турган ходимлардан кексароғи. – Ман билмийман. Бу санинг проблеманг. Беморга ёрдам қил, вазиятдан чиқ. Лекин ишлатган шпритс ва дори учун пул олмайсанлар, тамом вассалом, – деди бўлим бошлиғи бирдан овозини бир газ кўтариб. – Ахир вазиятдан чиқиш учун бир марталик шпритс ва дориларни хусусий апрекалардан ўз пулимизга сотиб оляпмиз-да. Ишлатгач, пулимизни оламиз-да – деб чувиллашди ходимлар ҳам бўш келмай. – Йўқ! Йўқ! – Бўлим бошлиғи кўзлари қинидан чиққудек бўлиб, бошини силтаб бақирди: – Мумкин эмас! Бемордан пул олиш ман этилади! – Ие. Ёнимиздан пул сарфлаб олган нарсаларимизни текинга ишлатайликми? Нима биз миллионермидик?! Бу ёқда икки ойлик маошни беришмаяпти?! Ходимлар шундай деб бир-бирига қараб лабини буриб, елка қисишди. – Ҳой, аптекадан дори, шпритс сотиб ол деб ким айтди санларга? Ўзингдан ҳеч нарса ишлатма! Қутингда борини қил! – бўлим бошлиғи столни муштлади. – Ахир бемор олдига борганда уялиб қоляпмиз-да. «Қутингда керакли доринг бўлмаса, бир марталаик шпритсинг бўлмаса, нега келдинг», деб ҳақорат қилишяпти. Нима қилайлик ахир?! – деб яна чувиллашди ходимлар боши берк кўчага кириб қолгандай олазарак бўлиб. – Билмайман, билмайман – сузадиган ҳўкиздек бош чайқади бўлим бошлиғи. – Бир иложини қилларинг. Ёрдам бер. Лекин пул сўрама. Сўрама! – Нега?! Нега ахир?! – Уф-ф. Ҳе, негаламай ўл-э баринг. Шуни ҳам билмайсанларми? Тез тиббий ёрдамда дорилару, шпритслар бепул-ку, дунёбехабарлар, – бақирди бошлиқ. – Унда туман шифохонаси аптекаси бир марталик шпритс ва ҳаётий зарур дорилар билан узлуксиз таъминласин-да, – деди ходимлар ҳам бўш келмай. – Борича беряпти-ку. Йўғи йўқ-да, – деди бўлим бошлиғи тердан ялтираган кал бошини сочиқ билан артаркан, қўшиб қўйди: – У ёғи менинг ишим эмас... – Бу ёқда сиз дори, шпритс ишлатма, пул олма дейсиз, у ёқда беморлар «дори, шпритсинг бўлмаса нега келдинг?» деб турса... Хўш, биз нима қилайлик?! – аросатда қолган ходимлар унинг оғзига тикилишди. – Уф-ф. Айтдим-ку, қандай қилсанг ҳам беморга ёрдам қил, шикоят туширма, деб. Бемордан пул сўрама, тамом-вассалом. Мумкин эмас! Икки лунжи осилган, говкалла бўлим бошлиғининг қийиқ кўзлари бирдан муғомбирона ялтираб, дўрдоқ лаблари чапиллатиб, иккала қўли билан столни дўмбира қилиб чалар экан, ўзига ўзи гапираётгандек минғиллади: – Ҳа энди, ўзлари чўнтагингга тиқса, ол... Ола-ғовурда унинг кейинги гапини биров эшитди, биров эшитмади. Нақд икки соат-у ўттиз беш минут давом этган йиғилишдан ҳеч нарсага тушунмай, бошлари ғувиллаб, силласи сувга кетиб чиққан ходимлар аста-секин иш-ишига тарқалишди. Шу пайт тез ёрдам телефони жон ҳолатда жиринглаб, «Беморнинг юраги тўхтаб қолди. Тезроқ келинглар...» деб шошилинч чақириқ тушди. – Энди нима қиламиз? – деди бўзариб тез ёрдам қутисини кўтарганча машина томон ошиқаётган фелüдшер йигит. – Нимаям қилардинг. Ҳар доим қилиб юрган ишингни қиласан-да. Бор. Тез бўл, – деди саросимага тушган навбатчи врач ҳам шоша-пиша қаршисидаги хусусий аптека томон ишора қилиб. Фелüдшер йигит югуриб кетди. – Фелüдшер келгунча мен ҳам машинанинг тормозини тузатиб тураман, – деди машина тагида куйманаётган ҳайдовчи. – Оббо! Шу шалдироқ аравангизни эртароқ тузатиб қўйсангиз бўмайдими?! Бемор оғир деяпти-ку?! – деди врач жаҳл билан у ёқдан бу ёққа юраркан. – Ҳамма ҳайда, ҳайда дейишни билади. Эҳтиёт қисм беришмаса, мен нима қилай?! Бензин ўғирлайми? Ҳадеб ўзимнинг пулимга таъмирлайвериб, маошим уйга бормай қолди-ку, – деб бақириб юборди машина тагида тақир-туқир қилаётган ҳайдовчи ҳам. – Ҳе, у ёғи ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳайдовчимисиз, тез ёрдам машинасини доим тахт қилиб туринг, тамом вассалом. Чидамасангиз ишни топширинг... – Ҳо-о, бойланганни урари экан-да, а духтур?! – Шунақа, шунақа. Бизга така бўлсин сут берсин... Қани, тез-тез бўлинг, – врач ҳайдовчини қистай бошлади. Шу пайт фелüдшер йигит ҳам тселлофан халтада бир дунё бир марталик шпритслар-у, дори-дармонлар кўтариб келди. – Насияга ёздириб олдим... Ана энди боевой бўлдик, духтур, – деди тиржайиб. Ниҳоят ярим соатдан сўнг тез ёрдам машинаси кўк чироқларини липиллатиб, шошилинч чақириқ тушган манзил томон имиллаб йўлга тушди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21839 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |