Японча ташхис (ҳажвия) [Safar Kokilov] |
Ўзининг мақтанишича имтиҳонларни «пул билан тўғирлаб», бир амаллаб ўқишни битириб келган Танаев бизга яқинда болалар шифокори бўлиб ишга келди. Бугун биринчи бор ҳамшираси билан чақириқ бўйича бемор болани кўриш учун уйига боришди. Кечадан бери безовталаниб турган уч ойлик чақалоқни қўрқа-писа у ёқ бу ёғини айлантириб кўрди, ушлаб кўрди, фонендоскопи билан ўпкасини, юрагини ва қорнини эшитган бўлди. Пешонасини тер босиб анча ўйланди. Ўқиган китобларни кўз олдига келтириб, эслашга ҳаракат қилди. Лекин савил қолгур калла бўм-бўш сувқовоқдай эди-да. Пешонаси тиришиб индамай тураверди. Боланинг ота-онаси унинг оғзини пойлашдан зерикишиб, ниҳоят сўрашга мажбур бўлишди: – Духтур, боламизга нима бўлибди? Аҳволи қалай? Танаев дарров жавоб бермай яна бироз уйнинг деворларига, шипга қараб ўйланиб турди-да, сўнг бирдан: – Чанчув! – деди ғолибона, тўсатдан калласига келиб қолган фикрдан қувониб. – Нима?! – бемор боланинг ота-онаси қўрқиб кетиб, бараварига яна сўрашди: – Нима дедингиз? – Чанчув. Чан-чу-увв... – деди Танаев улардан кўзини олиб қочиб. Уй эгалари бир-бирига қараб елка қисишди, лекин қайта сўрашга журъат қилишолмади. – Сиз болага биронта тинчлантирувчи укол қилиб қўйинг... Мен эса иккинчи чақириқ бўйича навбатдаги беморга тез бормасам бўмайди. Уни оғирроқ дейишган эди. Мен кетдим. Сиз изимдан етиб боринг... – деб Танаев ҳамширасига тайинлаб шоша-пиша уйдан чиқиб кетди. Негадир беморга даволаниш учун дори-дармон буюриш ҳам эсидан чиқди. Врач кетгач, ота-онаси ҳамширадан сўрашди: – Доктор нима деди? Тушунмадик. Чанг-чунг дедими? Узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган ҳамшира врачининг гапини хаспўшлаб тушунтириб қўйди: – Врачимиз болангиз санчиқ бўлибди, яъни бироз шамоллаган дедилар. Чанчув дегани японча ташхис. Ўзбекчасига санчиқ дегани-да... – Ҳа-а. Санчиқ денг. Хайрият-э. Биз боламизда биронта оғир касаллик топиб айтдиларми деб қўрқиб турган эдик. Бу дейман японча сўзлар ҳам ўзимизникига ўхшаб кетар экан-а?! Чан-чув – Санчиқ. Санчиқ – Чан-чув... – деб беихтиёр кулиб юборди беморнинг отаси. – Ҳа, шундай, шундай... Чанчув дегани санчиқ дегани, – деб ҳамшира ўз билганича болага биринчи ёрдам кўрсатди ва яна бирон нарсани сўраб қолишмасин дегандек апил-тапил врачи изидан чиқиб жўнади. Уни ҳовли эшигигача кузатаркан, уй эгаси ҳали ҳам: – Чан-чув – санчиқ, чан-чув – санчиқ,.. Қандай ўхшаш сўзлар-а бу японча ташхис – деб бир ҳайрон бўлар, бир кулар эди. Кўнглида эса боласини яна бошқа бирон шифокорга кўрсатсам, деган ўй кечарди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21839 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |