Бегона (ҳикоя) [Said Ahmad] |
Хайри боқчадан ўғлини олгани кирганда тарбиячининг фиғони фалакка чиқиб турган эди. — Кеч қолдингиз-ку. Бугун дам олиш арафаси, иш вахлик тамом бўлди. Ҳамма болаларни ота-оналари олиб кетишди. Фақат сизни кутиб турган эдим. Хайри аёлга узр айтиб, ўғлини етаклаб кетаётган эди, тарбиячи уни тўхтатди. — Бирпас сабр қилинг. Бир одам сизга совға қолдирган эди. Тарбиячи югуриб ичкарига кириб кетди-да, ҳаялламай дарров орқага қайтди. — Тўрт минг сўм пул, бир кийимлик крепдешин ва Ғайратга матросча кўйлак. Ғалати одам экан. Сизга топшириш учун мендан тилхат олди. Хайри шошиб тугунни ечди. Унниг ичида аллақанча пул ва кийимликлар бор эди. Тарбиячи унга конверт узатди. — Бу хатни ҳам ўша киши қолдирди. Хайри конвертни йиртиб, хатни олди. «Хайри, мени кечир, кўр эдим. Энди кўзим очилди. Диссертатсия ёқлабсан, газетада эълонни ўқиганимда ҳаяжонимни босолмай, туни билан ухламай чиқдим. Институтга борай десам юзим чидамади... Тўрт минг сўм пул ва майда-чуйда қолдирдим, кам-кўстингга яратасан. Кечир мени, оёғингга бош қўйиб, ёлвориб колувчи, Ҳасан». Хайрининг ранги оқариб кетди. Хат тутиб турган қўллари билинар-билинмас титрарди. — Нима бўлди, хатда кўнгилсиз бирон гап ёзилганми? Тарбиячи унинг билагидан ушлаб, скамейкага ўтказди. Хайри хатни ғижимлаб, оёқлари остига ташлади. Онасининг маъюс кўзларига тикилиб турган Ғайрат киссасидан бир сиқим конфет олиб, Хайрига узатди. — Ая-чи, ая, битта киши менга анча конфет берди. Хайри ялт этиб тарбиячи аёлга қаради. У эса шошиб изоҳ бера бошлади: — Мумкин эмас, десам ҳам қулоқ солмади. Умуман, болалар олдида шунақа қилиш тўғри келмайди. Хайри Ғайратнинг пешонасидан силади. Тарбиячи аёл ҳайрон, гоҳ Хайрига, гоҳ Ғайратга қараб, кўзларини пирпиратарди. Хайри ўрнидан туриб, бояги нарсаларни тарбиячига узатди: — Мана шу нарсаларни эгасига қайтариб беринг. — Жуда илтимос қилган эди-да, олмаса менинг номимдан ёдвориб сўранг, деб айтган эди. — Хотинингиз сизни аллақачон унутибди, садақаларингизга муҳтож эмас экан, деб айтинг. Энди келса, Ғайратни унга кўрсатманг. Ўзингиз кечқурун бизникига марҳамат қилинг. Диссертатсия ёқлаганимга институтдан меҳмонлар келишмоқчи. Албатта келинг. Сизни куттириб қўйганим учун кечиринг. Хайри тарбиячи билан хайрлашиб, дарвозадан чиқди. У серқатнов кўчадан ўғлини кўтариб келар экан, кўз олдига Ҳасаннинг қиёфаси келди. Бир вақтлар кўзга уйқу бермаган ширин хаёллар, қалб ўртанишлари энди кўпдан унутилган. У кунлар Хайри учун энди юзини кул босган чўғдек ўз нурини, ҳароратини йўқотган эди. Бугун Ҳасан унинг йўлида яна пайдо бўлди. Хотин юрагида сўнган ҳисларни яна қўзғатмоқчи. У энди ўзини Хайрининг оёқларига ташламоқчи, узилган ипни яна уламоқчи. Хайри қанча уринмасин, Ҳасан унинг тасаввуридан сурбетлик қилиб нари кетмас эди. Хайри уни хотиридан қувламоқчи, баҳор манзараларига боқиб, ўзини алаҳситмоқчи бўларди. Бироқ кўзи олдига тутундек ёпирилиб келган хаёллар уни енгди. «Ҳасан! Сени қанчалар севганимни билардинг. Бу севги бўйнимга боғланган оғир тош бўлди. Шу тош мени ўзи билан сув тубига тортар, ғарқ бўлишимга қарамай, мана шу тошга ёпишиб олган эдим. Чунки шу тошни севардим. Эслайсанми, сен билан фақат бир йилгача тотув яшадик, холос. Кўп ичадиган, саёқ юрадиган қилиқ чиқар-динг. Умр бўйи меҳнат билан кун кечирган, фронтда ҳалок бўлган бир ишчининг ягона қизи учун қолдирган уй жиҳозларини сотиб битирдинг. Бир сўз демадим. Чунки сени севардим. Қора кўзларингга термилганимда ҳамма нарсани унутиб, фақат сени ўйлардим. Сен ресторанларда масту аласт бўлиб юрганингда уйда ёлғиз ўтириб қон-қон йиғлаганман, кўз ёшларимни сендан яширганман. Ўн йилликни тугатганимда отам мукофот пулига сотиб олиб, менга тақдим қилган олтин соатни секретарингнинг қўлида кўрганимда юрак-бағрим эзилиб кетган эди. Ахир, ўша соатнинг орқасига менинг исмим ўйиб ёзилган эди. Шунда ҳам сенга бир сўз демадим. Сен билан бирга кечирган бир йиллик ҳаётимда юрагимда ўчмас қора излар қолди. Биринчи бор ҳомилаликни туйган, ой-куним яқин қолган кунлар сира-сира эсимдан чиқмайди. Қувончимга шерик бўлиш ўрнига масхаралаган эдинг. Юзимга ҳомилалик доғлари тушганда «ажина» деб айтганинг эсингдами? Шунда сендан бутун вужудим билан нафратланганман. Туғилган кунимдан бошлаб онам қўлига игна олиб мен учун тиккан палакни бозорга олиб кетаётганингда: «Қўй, тегма, онамдан ёдгор» дедим. Шунда сен «уч талоқ!» деб чиқиб кетдинг ва ниҳоят туғруқхонада тўлғоқ азобини кечирган ва ўғлимнинг юзига боққанимда, отасиз ўғлим учун аччиқ-аччиқ йиғлаганман. Тўлғоқ азобидаги хотин учун дунёда энг яқин одам эр эканлигини билмадинг. Шунда мен иродамни қўлга олиб, қалбимдан сени сидириб ташладим. Бир йилги ҳаётимда эркин нафас олишим ҳам шу эди, чунки бўйнимдаги оғир тошдан — сендан халос бўлдим. Ўз йўлимни топиб кетдим. Ярим йўлда қолиб кетган ўқишимни давом эттирдим, ўғлимни отанг йўқ деб ишонтиролдим. Ўғлим билан баравар мен ҳам қайта ҳаёт бошладим. Сенсиз яшаш менга ўзлигимни қайтарди. Бугун, баҳор нафаси гуркираб турган кун, яна йўлимда пайдо бўлдинг. Пул билан, бир парча латта билан кўнглимни олмоқчи, кўрган кунларимни унуттирмоқчи бўлдинг...» Машина сигнали Хайрининг хаёлини бўлди. Кимдир унинг қўлидан ушлаб четга тортди. Ёнгинасида таққа тўхтаган машина кабинасида шофёр бош чайқади. Унинг кўзлари ташвишли эди. Хайри хижолатда ерга қаради... ...Ҳасан деразаси кўчага қаратилган уй олдига келганда қадамини секинлатди. Қўлидаги гулдастани салмоқлаб кўрди-да, ботинмасдан эшик ёнбошидаги тугмага қўл узатди. Унинг қўли титрар, юраги тез-тез урар эди. Титроқ панжалар қўнғироқ тугмасини ожизгина босди. — Хайрининг ўзи чиқса-я, — у миясига келган бу хаёлдан чўчиб, бир неча қадам орқага чекинди. Эшик очилиб, ўрта ёшлардаги бир хотиннинг боши кўринди. У Ҳасаннинг қўлидаги гулдастани кўриб, уни ичкарига таклиф қилди. Ҳасан уйга кирди. Дид билан безатилган ёруғ уйда меҳмонлар кўп эди. Хотин қўшни уйга қараб қичқирди. — Хайрихон, меҳмонни кутиб ол! Хайри Ҳасанни кўриши билан жойида қотиб қолди. Ҳасаннинг гул тутган қўли ҳавода муаллақ қолди. Бир оздан сўнг, Хайри аранг: — Нега келдингиз? — деб пичирлади. Хайри ундан жавоб кутмай, ой нури тушиб турган ровон томон юра бошлади. Меҳмонлар Ҳасаннинг аста-секин юриб Хайрининг кетидан ровонга чиқаётганини сўзсиз кузатиб қолишди. — Хайри, — Ҳасаннинг овози титради, — кечир мени, адашган, ҳаётда ўз йўлини йўқотган бадбахт эрингни кечир! Хайри индамади. Гуллаб турган ўрик шохлари оралаб тушиб турган ой нури унинг елкасида, оқ оралаган сочларида лип-лип ўйнарди. — Сенга озроқ пул юборган эдим, олгандирсан... Директор билан чиқишолмай совхоздан кетдим. Ҳозир ишим яхши, катта ҳовлини сотиб, пулини синглим билан баравар бўлиб олдим. Омонат кассада ҳам унча... мунча... Хайри ўгирилиб унга қаради. Ой нури энди Ҳасаннинг юзини ёритиб турарди. «Ўзгармабди, юзига сал-пал ажинлар тушибди, холос, ҳали ҳам чиройли, ёқимли...» дея дилдан ўтказди Хайри. Унинг кўнглида йилт этиб чақнаган муҳаббат ҳислари бир нафас уни ўз оғушига олгандек бўлди. Бироқ Хайри ўзини жуда тез ўнглаб олди. Сўнган чўғни пуфлаб алангалатиш қийин эди. — Ўғлимиз учун, Хайри... — Ўғлимнинг отаси йўқ. — Хайри шундай деди-ю, томоғини бўғиб келаётган ички дардни яширолмади, кўзларидан юм-юм ёш тўкилди. — У сизни танимайди. Уни ўз фамилиямга ўтказиб олганман. Ўғлингиз, хотинингиз борлиги энди ёдингизга келдими? Қўлимдан иш келадиган бўлганда эсингизга келдими? Сизни унутиб юборганимга кўп бўлган. Энди биз бир-биримизга мутлақо бегона, нотаниш кишилармиз. — Энди пул кўпайиб қопти-да, а? Йигит бошимизни эгиб келган эдик... Хайри кескин бурилиб уйга кирди. — Ким экан у? — деди эшик очган хотин. — Бегона киши, бизникига янглишиб кириб қопти. 1956 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |