Табелчи (интермедия) [Said Ahmad] |
Eргаш билан Ҳасан бир-бирига рўпара келиб қолишади. Eргаш. Кечирасиз, илғор қизлар бригадасига шу йўлдан бориладими? Ҳасан. Ҳа, шу йўлдан борилади, ўргилай. Нима ишингиз бор эди? Бўйнингиздаги магнитафонга қараганда мухбирга ўхшайсиз, тасаддиқ. Eргаш. Топдингиз. Радиодан келдим. Шу илғор қизлар бригадаси тўғрисида радиога бир репортаж ёзиб олмоқчи эдим. Ҳасан. Ниятингиз холис экан. Керакли одамни топдингиз, ўргилай. Мен шу бригаданинг табелчиси бўламан. Эшитгандирсиз. Ҳозир абет пайти. Борганингиз билан бирон нима ёзиб ололмайсиз. Қанақа гап керак бўлса мана, ўзгинам айтиб беравераман. Eргаш. Қизлар бригадасида эркак одамнинг иш-лаши жуда қийин бўлса керак? Ҳасан. Нимасини айтасиз, ўргилай. Қийинлигиям бор, осонлигиям бор. Осонлигини айтсам шуки, қоқиндиқ, эркаклар бригадасида тушлик, яъни абет бир соат. Хотинлар бригадасида икки соат. Бир соат овқатга, бир соат бола эмизишга. Хотинлар болаларини эмизиб олишгунча мен ҳам толнинг тагида мизғиб оламан. Э, айтаверсам аёллар бригадасида ишлашнинг жуда кўп яхши томонлари бор. Масалан, эркак зоти бирон марта ҳам туғилган кунини нишонламайди. Хотин-қизлар туғилган кунларини сира эсдан чиқазишмайди. Йил ўн икки ой именина бўлади. Қизлари тушмагур мени тўрга ўтқазиб қўйишади. Мен ҳам баҳоли қудрат топганимни газетага ўраб, зинғиллаб боравераман. Хўш, яна нимасини айтай? Ҳа, айтганча иимаси кўп уларнинг, туғиши кўп. Бешик тўйига ҳам мени чақираверишади. Бирга ишлашгандан кейин ташлаб кетишмайди-да. Мен ҳам бир кийим штапелни қўлтиқлаб сузилиб кириб боравераман. Эркаклар биринчи Май билан Октябр байрамида ўйнаб кулишади. Мен бўлсам ҳам майда, ҳам октябрда, ҳам саккизинчи мартда дам оламан. Саккизинчи мартда бутун бригадамизни президиумга чиқазишади. Қизлари тушмагур, қақажонлар, қўлимдан судраб мени ҳам опчиқиб кетишади. Аввалги йили халқаро хотин-қизлар йили бўлди, ундан аввал болалар йили бўлди, ана ўша йиллари жонимизни роҳати бўлди. Қаерга борсак иззат-икром. Бригадамиз пахта теримида энг биринчи бўлиб маррага етганда ҳаммамизга раис бува бир кийимдан атлас совга қилдилар, менга ҳам бир атрез тегди. Йўқ, бир атрездан сал мўлроқ экан, лозимга ҳам чиқади, деб сандиққа ташлаб қўйдим. Яқинда «Саодат» журналидан келиб сувратимизни олишди. Кўргандирсиз, светной бўлиб чиқди-ку, ўртасида мен ўтирибман. Eргаш. Бу томонлари зўр экан. Ҳақиқатан сизга маза экан. Ҳасан. Вой, ўргилай сиздан, бу томони яхши бўлгани билан нах, ёмон томонлари борки, одам боласи чидамайди. Аёл киши баъзи бирда аёллигини қиларкан. Баъзи вақтларда мен бечорани яккалаб қўйишади. Масалан, саратон кунлари бригада ерининг этагидаги анҳорга чўмилгани борамиз. Мени ташлаб кетишади. Кийим-бошига қоровуллик қилиб, тескари қараб ўтираман. Идорагами, бухгалтергами борадиган бўлишса, болаларини тиззамга ўтқазиб кетаверишади. Айниқса ясли ремонт қилинганда ўн иккита болани боққанман. Вой, ўргилай, менга осон тутманг, болалар бирам шўх, бирам шўх. Ерга урсанг, осмонга сакрайман, дейди. Ўша кезларда ишдан қайта туриб чойхонага кирган эдим, самоварчи ўлгур олдимга чой қўя туриб нима дейди, денг. Вой, бола эмизганмисан, ҳамма ёғингдан туққан хотиннинг ҳиди келяпти, дейди. Э, чойинг ордона қолсин, дедиму шартта туриб самовардан чиқиб кетдим. Бир куни идорага борсам бухгалтеримиз: ҳой, маржонинг қуллиқ бўлсин, деса бўладими? Бундоқ қарасам ухлаб қолганимда қизлардан биттаси маржонини бўйнимга илиб қўйган экан, мен ўлгур билмасдан бўйнимда маржон билан идорага борибман. Қиз тушмагурлар, ухладим дегунча бир қилиқ чиқазишади, бир куни лабимга қизил суртиб қўйишипти, бир куни юзимга упа суртишипти. Қандоқ қиламан, чидайман, ўргилай. Колхозимиз медпункти намунали медпунктлардан ҳисобланади. Ҳар ойда женконсултатсиядан битта дўхтир хотин келиб хотин-қизларни кўрикдан ўтказади. Бармоғидан қон олиб, шишага суртиб, қоринларини ўлчаб кетади. Бир куни келганда дўхтир хотин ўлгир: ҳой, қани қорнингизни ўлчаб қўяй; дейди. Жон-поним чиқиб кетди. Э, тусингни ел есин, дедиму орқамни ўгириб ўтиравердим. Энди мулла ака, айтаверсам гап кўп. Бригадамизга борганингизда ўз кўзингиз билан кўрасиз. Яна кўп гапларни айтиб берардиму, шошиб турибман-да. Eргаш. Қаёққа шошяпсиз? Ҳасан. Манаву рўйхатларни кўряпсизми? Ҳаммаси келинчакларни закази. Аптекадан пахта олишим керак, универмагда танишим бор, франтсузча компактний пудра, олтита туш, кейин икки курагининг ўртасидан тугма билан қадайдиган, савил қолгур анаву нарсадан олтита безразмерний, ўн юмалоқ бинт, кейин бозордан нордонроқ бирон нарса. Тўрттасининг боши қоронғи, ўргилай. Ташвишини мен қил-масам ким қилади. Хулласи қўлимдаги рўйхатда жуда кўп нарсалар бор. Кетяпман, ўргилай. Хайр бўлмасам. Айтганча радиода гапирсангиз мениям отимни бирон жойга қистириб кетинг, хўпми? Eргаш. Хўп бўлади, опажон, йўғе акажон. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |