Киприкда қолган тонг (қисса) [Said Ahmad]

Киприкда қолган тонг (қисса) [Said Ahmad]
Киприкда қолган тонг (қисса) [Said Ahmad]
Инсонни бадном қиладиган ҳар қандай ҳаром-хариш ишлардан ўзини тия олган, бу дунёга пок келиб, пок кетган, нурдек тиниқ ҳаёт кечирган, Аллоҳ даргоҳига фаришта бўлиб йўл олган дўстим, укам, жигарим, қадрдоним, хотираси ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган севикли ёзувчим Ўлмас Умарбековга бағишладим ушбу қиссани.Муаллиф
Биринчи бўлим
Машинада водий томонга кетяпмиз. Ёш ёзувчи укаларим билан баъзан шунақа саёҳатга чиқадиган одатимиз бор.
Ўзим руль бошқариб келяпман. Ёнимда ниҳоятда чаққон, зийрак, ҳеч нарсани назаридан қочирмайдиган, гоҳо кулдираман деб гапнинг орқа-ўнгига қарамай айтворадиган Анвар Эшонов. Орқа ўриндиқда шу водийда туғилган, биринчи ҳикояларини шу ерда ёзиб эълон қилган Худойберди Тўхтабоев билан икки ҳикоялар китобини, «Севгим — севгилим» қиссасини нашр қилган, ғоятда одобли, ёш бўлишига қарамай кўпчиликнинг таважжуҳини ўзига қаратган Ўлмас Умарбеков ўтирипти.
Боя йўлга чиқаётганимизда у, тоғдан кетмаймизми, деб сўраган эди. Унга ҳозирча тоғда водийга хос ҳеч нарса йўқ, ҳаммаёқ темир-терсак, техника, экскаватору булдозерлар тош суриб йўл очяпти. Мен сизларни ота-боболаримиз қатнаган йўлдан олиб келяпман, деган эдим.
— Отабек юрган йўлданми? — деб такрор сўради Ўлмас.
Кўпчиликни Отабек юрган йўл қизиқтиради. Ўша йўлни кўргилари келади.
— Отабек юрган йўл манави тоғлар орасида, — дейман уларга. — У йўлдан ё отда, ё эшак миниб ўтиш мумкин. Биз Кумушбиби ота-оналари билан аравада Тошкентга борган йўлни ёқалаб келяпмиз.
Кайроққум «денгизи» бўйлаб бориб, «Қиста кўз» бекатида тўхтадик. Чой ичиб, пича дам олмоқчи эдик. Самоварчи бола қорачой йўқ, деб баҳона қилди. Ўзимизда бор, десак ҳам кўнмади. Қорачой дамласам дадам уради, деб ичкарига кириб кетди-ю, қайтиб чиқмади.
Кула-кула яна йўлга тушдик.
Ҳаво тоза, осмон тиниқ. Денгизни мавжлантириб биз томон эсаётган ажиб бир намхуш эпкин кўнгилларимизни яйратади. Сомоншувоқ томларда лолақизғалдоқ гулхани лов-лов ёнади. Йигитлар чаккасида чучмўма, қизлар сочида толбаргакдан сочпопук...
Узун новдалари ерга тегай-тегай деб аста елпинаётган мажнунтол тагидаги сўрида етмишларнинг нари-берисидаги, чап қулоғига ўн беш тийинлик танга қистирган бир қария тиззасини қучоқлаб, ўй ўйлаб ўтирипти. У бизни кўриб, келинглар, меҳмонлар, деб илкис ўрнидан турди. Шоша-пиша палосларни қоқиб, бошқатдан тўшади. Тол кучаласи тушган жойларни бир сидра супуриб чикди.
— Озроқ ҳордиқ олиб туринглар, мен ҳозир...
У шундай деди-ю, шошиб ичкарига кириб кетди. Ичкарида андак ҳаяллаб қолди.
Елкасида дастурхон, билагида сочиқ. Бир қўлида қорачой дамланган «Кузнецов» чойнаги, яна бир қўлида шундақа тўртта пиёла билан чиқди. Анвар чаққонлик билан елкасидан дастурхонни олиб ўртага ёзди. Самоварчи чойнак-пиёлаларни дастурхон четига қўйиб Анварга, укагинам, чойни уч марта қайтариб манави сочиққа ўраб қўйинг, деб илтимос қилди. Чойхона ичидан исириқнинг хушбўй ҳиди димоқларимизга урилди.
У исириқ тутуни буралиб-буралиб чиқаётган хокандозни кўтарганча машина томон кетди. Машина эшигини очиб исириқ тутата бошлади. Ишқилиб ўриндиққа чўғ тушмасин-да, деб жоним ҳалак. Хокандозни ерга қўйиб, қоғозга ўроғли исириқ уруғларини машина ишкопчасига сочиб юборди. Кейин ҳаммамизга бир-бир исириқ тутатиб чиқди. Кўз тегмасин, хушрўй йигит экансиз, деб Ўлмаснинг бошидан хокандозни уч айлантирди.
— Ёмон кўздан асрасин, бунақа ҳуснни худойим ҳар кимга ҳам беравермайди, суйган бандасига беради. Бу заифона чирой эмас, мардона чирой. Уламоларнинг гапларига қараганда, Хизир бувам ҳам худди шунақа чиройли одам бўлган эканлар. Хўжандда дарёдан ўтишингиз билан «Чорух даррон» деган тошлоқ адирга рўбарў келасиз. Чўпонларнинг чориғи тошлокда йиртилаверганидан ўз исми ўзи билан бўлсин, деб тошлоқни «Чорух даррон», яъни «Чориқ йиртар» деб аташган. Шу адирнинг исириғи минг дардга даво. Тошкент томонларда тумов хуруж қилганда машиналарини тўлдириб испанд-исириқ олиб кетишади. Ўша ердан мен ҳам анчагина испанд опкелтирганман.
Самоварчи ичкарига кириб, марғилоннусха дўппи, оппоқ яктак кийиб, иккита патнис кўтариб чиқди. Биттасида қанд-қурс, седонали олтита нон. Нонни ушатиб чойнак устидаги сочиқни олди, пиёлага бир ҳўпламгина чой қуйди-да, лабларини чўччайтириб ичди. Пиёланинг лаб теккан жойини оппоқ яктагининг кўксига енгилгина суртиб, бошқатдан чой қуйди. Уни менга узатар экан, «индийский», деб қўйди.
Унинг ҳамма ҳаракатларини диққат билан кузатиб турган Ўлмас қойил қолганини яширолмай, қалин қошларини кериб жилмайиб турарди.
Ўлмаснинг нимадир дегиси келди.
— Эски замоннинг буюмларидан ҳали ҳам бор экан-да?
Самоварчи жавобни нимадан бошлашини билмай, андак ўйланиб турди.
— Э, укам-е, бу ҳаммаси ўзидан кетиш, ҳаддан ошиш, сендан қолсам қулоғимни кесганим бўлсин, деган нодонликдан чиққан нарса. Бундан ўттиз йил олдин десам тўғри бўлармикан, бир эси йўқ самоварчи ўртоғимиз чойхўрларни ўзига оғдириш учун фақат шунақа чойнак-пиёла ишлатадиган бўлди. Сопол пиёлада чой ичиб юрган чойхўрлар ўрис пошшонинг пиёласида чой ичайлик, деб самоварга аридек ёпирилди. Агар шу чўтирдан қолсам калламни олиб ташлайман, деб яна биттаси кунига уч марта соғиладиган сигирини бузоғи билан сотиб, худди ўшанақа чойнак-пиёла олдириб келди. Яна битта самоварчи, очиғини айтсам, ўзимнинг тоғам, ўғил уйлайман, деб қачонлардан бери тишида тишлаб йиққан пулига «Кузнецов» харид қилиб келди. Қўқонлик арман савдогарлар қарасаки, «Кузнецов»нинг харидори кундан-кун кўпайяпти. Мана бўлмасам, деди-ю нархни қопда пул олиб келадиган бойваччаларнинг ҳам бўйи етмайдиган баландга кўтариб қўйди. Отам раҳматли энди «Кузнецов» олиш менинг навбатим, деб турганда савдогар унинг қўлини калта қилиб қўйди. Отам раҳматлининг кўпкарида улоқни бировга олдирмайдиган, думига дўла-на тақилган эпчил оти бўларди. Чиннипурушлар шу отни берсанг «Кузнецов» сеники, деб оёғини тираб олди. Отам раҳматли, болам ўксимасин, деб шу отни бағридан юлиб олгандек икки яшик чойнак-пиёлага айирбош қилди. Ундан эсдалик бўлсин, деб думига бойланган дўланани олиб қолди. Шу дўланани ҳалигача асрайман. Ўша чойнак-пиёлалардан биттаси чегаланган, учта чойнак билан тўққизта пиёла бор. Нозик-нозик меҳмонларга ишлатаман. Қопқоғини чойнакка уриб шиқирлатиб, чой чақирадиганларни жинимдан ҳам ёмон кўрааан. Шиқирлатавериб қопқоғини арра қилиб юборишади. Кар бўлмасам, кўр бўлмасам, овоз чиқазиб, битта чой, десанг бўлди-да, офтобни сояга етказмай олдингга обориб қўяман. Биз тарафларда эркак меҳмонларни уйда кутмайдилар. Айниқса хотин-халаж кўп хонадонларга бегона эркакнинг қадам изи тушмайди. Ҳар қанча меҳмон бўлса самоварда кутиб юборади. Мен ўзи андархонликман. Онам тожик, отам ўзбек, Рўзғорда тожикча, ўзбекча аралаш қилиб гаплашаверамиз. Самоварчилик отамга отасидан қолган. Беш яшарлигимда отам мени ёнига олган. Мана, бир кам етмиш йилдан бери самовар қўяман. Кўп ажойиб инсонларнинг хизматини қилдим. Суҳбатини, дуосини олдим. Кам бўлмадим.
Иккита қовун қовғасининг бандини бир-бирига боғлаб, елкасига хуржундек ташлаб олган саккиз-тўққиз ёшлардаги бола қўлида портфел билан бизга салом бериб, чойхона ичига кириб кетди.
— Неварам бу. Дарсдан чиқиб олдимга келади. Бугун мактабда қандайдир тадбир бўлар экан. Директор ошнинг масаллиғини ташлаб кетган эди. Ошни дамлаб қўйганимда келиб қозони билан замбарда олиб кетишди.
Эрталаб соат саккиздан бери гаичилар камқатнов асфалт йўлимизда шофёрлардан имтиҳон олишди. Шунинг учун ҳам чойхўр кўп бўлди. Чарчаб қолдим. Сизлар келганингизда тизза қучоқлаб ухлаб қопман, ёмонам хижолат бўлдим.
Қовунларимизни адирдаги қумга кўмиб қўямиз. Адир томондан қовун иси келдими, билингки, адирда қум кўчиб қовунлар очилиб қолган. Офтоб тегиб ҳид чиқазяпти.
Тонгга яқин қаттиқ шамол бўлганди. Адирга қовун олиб келиш учун бричка арава кетган эди. Бола бобомга қовун обораман деб кутиб қолган экан.
Шу неварамни Ғафур Ғуломнинг хизматига бермоқчиман. Эти сизники, суваги меники, деб уйига ташлаб келаман. У киши анчадан бери бу томонлардан ўтмай қўйдилар. Тинчмикинлар? У киши ҳали ҳам министерстводамилар?
Анварнинг шайтони ғалаба қилиб, уни калака қиладиган бирон гапга оғиз жуфтлаб турганини сезиб қолиб жаҳл билан унга ёмон қараб қўйдим. Унинг оғзидаги гапи бўғзида қолди.
Хайр-хўшлашиб энди машинага чиқамиз, деб турганимизда чойхоначи пешонасига шапиллатиб бир урди. Ҳаҳ каллам қурсин, қовун қолиб кетибди-ку, деди-да, шошиб чойхона томон пилдираб кетди. Бир зумдан кейин патнисда чиройли қилиб каржланган қовун, бир қўлида обдастада илиқ сув олиб чиқди.
— Қовунни ким сўйди? — деб сўрадим ундан.
— Неварам. Қовунни жуда чиройлик сўяди. Қаранг, гул қиворипти, боласи тушмагур. Андархонимизга келиб бир ёшга кирган қовун емай кетиш яхши эмас. Ўзи ҳам асал бўлиб кетгандир. Бирон ўн беш кунлардан кейин бунақа қовунни тополмайсиз. Ҳаммасининг уруғини олиб экиб қўямиз. Андархоннинг қовунини қовун деса бўлади.
Самоварчи Андархон қовунининг таърифини сал ошириб юборяпти, деб ўйлаган эдим, йўқ, мақтаганича бор экан. Ғафур Ғулом айтгандек, тилими тилни ёраман дейди.
У қўлимизга сув қуйиб, энгашиб елкасидаги сочиқни тутди. Худойберди унинг яктак чўнтагига эллик сўмлик пулни солиб қўйди. Бу ишимиздан у астойдил ранжиди.
Қозоқларга пичоқ совға қилсангиз албатта тиғ ҳақи, деб танга-чақа аралаш пул берадилар. Бизларда ҳам исириқ тутатган кишига пул бериш бир удум бўлиб қолган.
— Оқсоқол, — дедим, — исириқ ҳақи бермасдан кетиш шаънимизга тўғри келмайди. Олинг, олмасангиз хафа бўламиз.
Бу гапимдан кейин қўлини кўксига қўйиб, давлатинглар зиёда бўлсин, укаларим, деди мамнун.
Қўқон томон кетяпмиз. Ҳозиргина бизни кузатиб қолган бу ажойиб инсон тўғрисида ўйлаяпмиз. Уни биринчи марта кўришимиз. Фақат бир соатгина у билан ҳамсуҳбат бўлдик. Лекин эски қадрдонлардек укдан ажралиш қийин бўлди. Бу ёқимтой, дилбар инсон меҳрини, муҳаббатини, одамийлигини ўзимиз билан олиб кетяпмиз.
Исириқ ҳамда қовун иси ўрнашиб қолган машинамиз қайиқдек енгил сузиб боради.
Самоварчи, ошга ҳозир гуруч соламан, бир чўқимгина еб кетинглар, деб шунча тавалло қилди, кўнмадик. Соат иккида Қўқоннинг Ғишткўпригида Адҳам Ҳамдам билан Анвар Муқимов, Йўлдош Сулаймон ҳамда ҳофиз Қобилжон Юсуповлар бизни кутади, шунга улгуриб бормасак бўлмайди, дедим.
Ғишткўприкда одам кўп. Кўча оши ичаман, деб навбат кутиб турганлар сон-саноқсиз. Адҳам Ҳамдам бутун водийда машҳур одам. Уни ҳамма танийди, ҳурмат қилади. У биз учун ошхона орқасига алоҳида жой қилдириб қўйибди.
Ғишткўприкнинг кўча оши водийда овоза бўлиб кетган. Янги сўйилган қўй гўшти, жиндаккина туз еган пешноб, пўстдумба солинган, устига майда кертилган кўм-кўк хушбўй кашнич сепилган, ёғи олинмаган икки қошиққина қатиқ солинган, бетида кўк қалампир сузиб юрган бу таом чимхўр, овқатга инжиқ ҳар қандай ланж одамнинг ҳам иштаҳасини очиб юборар эди. Бу ноёб таомни ҳузур қилиб ичар эканмиз, қўли гул ошпазларга раҳматлар айтардик.
Унча-мунча овқатни кўнгли тортиб еявермайдиган Ўлмас косани ҳаммадан оддин бўшатиб, уялиб-нетиб ўтирмай, яна икки чўмичгина сўрасам айб қилмайсизларми, деди.
Бошига бирон мушкул иш тушган хонадон оқ жўхорини туйиб кўча оши қилади. Уни пақири билан кўчага опчиқиб қўяди. Пақир ёнига беш-олтита сопол коса, кўзачада қатиқ, тақсимчада кертилган кашнич қўяди. Ўтган-кетган тўхтаб, кўча ошини ўзи сузиб ичади. Хонадон эгаларини мушкулингиз осон бўлсин, деб дуо қилиб, ўтиб кетади.
Кўча оши камбағаллар овқати, очарчилик замонларининг овқати, деб уни таъқиқлаб қўйган эдилар. Бу тўкин, фаровон, дориломон замонамизда бунақа овқат қилиб халққа тарқатиш сиёсий хато деб қишлоқ фаоллари кўча ошини ариққа ё ахлатга тўкиб ташлар эдилар.
Шу ернинг ўзида маслаҳатни бир жойга қўйиб, тўппа-тўғри Бувайдага борадиган бўлдик. Анвар Муқимов ўша ерда мактаб директори. Адабиёт ўқитувчиларига келишимизни айтиб қўйган. Улар мактаб боғига дастурхон тузаб кутиб ўтиришибди.
Адабиёт муаллимлари билан суҳбат қурсанг ҳузур қиласин.
Улар дарсликларда, программада айтилган гапларни ҳар йили такрорлайвериб зериккан муаллимлардир. Бу-гунги адабий ҳаёт уларни қизиқтиради. Адабий ижод соҳасида қандоқ жараёнлар кечаётганини билгилари келади. Кутубхонадаги дарсликлар уларга аллақачон ёд бўлиб кетган.
Ана шунақа ўқитувчилар билан суҳбат қурсам яйраб кетаман. Езувчининг шахсига, қанақа асарлар ёзаётганига, қандай ёзишига, ҳатто кечаси ё кундузи ёзишигача — ҳамма-ҳаммасига қизиқадилар. Бирпасда саволларга кўмиб ташлайдилар. Мактаб директори, китоблари чиққан ёзувчи Анвар Муқимов улар учун маҳаллий классик бўлиб қолган.
Бошқа соҳа одами суҳбатга аралашиб қолса, албатта, битта китобга қанча пул оласизлар, деб сўрайди.
Китобингизнинг орқа муқовасидаги нархи бир сўм деган ёзувга кўзи тушади. Сўнгги еаҳифани очиб, олтмиш минг нусха босилди, деган ёзувни ўқиб, кўзи тиниб кетади. Бир сўмни олтмиш мингта зарб қилади. Эҳ-ҳе, бунга ўнта «Волга» олиш мумкин. Ҳукуматнинг пули ёзувчиларнинг чўнтагига тушиб кетибди-ку, деб ўйлаб қолади. Бунақада итининг туваги тилладан бўлиб кетмайдими?
Унга тушунтиришнинг фойдаси йўқ.
Унга қоғоз ҳақи, ҳарф терувчи ҳақи, бўёқ ҳақи, рассом ҳақи, корректор ҳақи, муқоваловчи ҳақи, китобни ротацияда босган уста ҳақи, электр қуввати ҳақи... Буларни унга гапириб ўтиришнинг фойдаси йўқ. Бари бир у ёзувчилар бой, итининг туваги... вассалом, деяверадилар.
Муаллимлар билан бўладиган мулоқот бутунлай бошқача. Уларни ёзувчининг иқтисодий ҳаёти эмас, маънавий ҳаёти қизиқтиради.
Муаллимлар топган-тутганларини дастурхонга тўкиб солганлар. Ўз қўллари билан ош дамлаганлар.
Бир суҳбат бўлди-бир суҳбат бўлди, айтилмаган гап, сўралмаган масала қолмади. Саволларни қалаштириб ташлашди. Бошларимиз айланиб кетди. «Ўткан кунлар» қолмади, «Қутлуғқон» қолмади. «Сароб»ни титкилаб кўрдик. «Кўкан батрак»ни кавлаштирдик. Миртемирнинг «Қорақалпоқ дафтари», Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» асарларидаги ёш ёзувчи учун ибрат бўладиган томонларини, махорат сирларини эзиб-эзиб гапирдик. «Шум бола»нинг гўзал тили, унда тасвирланган Тошкент манзаралари, фавқулодда ўхшатишлар, ундаги бошқа бирон асарда учрамаган киёфалар тўғрисида роса гапиришди. Айниқса «Қўшчинор чироқлари» тўғрисида баҳс қизиб кетди. Йўқ, баҳс эмас, шу топда романда тасвирланган жойда турганимиз учун ҳам уларни ўз кўзимиз билан кўриб тургандек бўлаверамиз. Асарнинг ниҳоятда ростгўйлик билан, санъаткорона ёзилганига қойил қолганимизни яширолмасдик. «Асрор бобо» уруш даврида ёзилган ҳикоялар орасида энг яхшиси, деб тан олинган. Бу ҳикоя ва унинг қаҳрамони Асрор бобо ҳам биз учун ниҳоятда қадрли. Чунки у бизнинг ён қишлоғимизда яшаган. У туғилиб ўсган Қўштегирмон, Ултарма қишлоқлари шундоққина биқинимизда. Ҳозир сизлар билан гаплашиб ўтирган жойимиз Олчин қишлоғимизда томга чиқиб қарасак Асрор бобо юрган кўчалар, гузарлар кўриниб туради. Бу хикояни кўп мамлакатларнинг ёзувчилари, адабиётшунослари мумтоз ҳикоялар рўйхатига киритганлар.
Умуман, Абдулла Қаҳҳор бошқа ёзувчиларга ўхшамаган, ўзига хос услубга эга бўлган санъаткор сифатида қадрланади.
Езувчининг отаси Уста Абдуқаҳҳор шу жойларда устахона очган. Ёш Абдулла отаси билан ёнма-ён катталардек ишлайди. Тирикчилик кори билан устахонага келган деҳқонларнинг суҳбатлари қулоғига ўрнашиб қолган. Хилма-хил ташвиш билан келган одамларнниг қиёфалари кўзига сувратдек ўрнашган. Шунинг учун ҳам Асрор бобо образи ниҳоятда рост, ишонарли, санъаткорона яратилган. «Асрор бобо» мумтоз ҳикоялар сафидан жой олишга ҳақли, деб тан олинган.
Ёзувчи учун ҳам, китобхон учун ҳам худди шу 6угундагидек жонли мулоқот ниҳоятда фойдали хамда мароқли эканига яна бир марта иқрор бўлдим.
Адҳамни бунақа суҳбатлар қизиқтирмайди. Даврага ўзи бош бўлса, латифалар айтиб ҳаммани ўзига қаратса, гурра-гурра кулдирса.
Суҳбатимиздан зериккан Адҳам соатига қараб, энди бас, кетдик, деди. Зарконида бир уй одам бизни кутяпти. Уша ерда тонготар маишат қиламиз, зўр аскиячилар ўша ерда. Қобилжонни булбул қилиб сайратамиз, айда, кетдик...
Ўлмас билан икковимиз боролмаслигимизни айтиб узр сўрадик. Бу ерга маишат учун эмас, бошқа иш билан келганмиз, мезбонга узримизни айтиб қўй, деб илтимос қилдик.
Зиёфатга борадиганларни Адҳам олиб кетди. Анваржон, энди меҳмонлар дам олишсин, деб мезбон муаллимларга жавоб бериб юборди. Ўзи пионер лагери учун олдириб қўйган йиғма каравотларни супа ёнига қўйиб, жой қилиш билан банд.
Ўлмас бир қиссанинг хомаки сюжети бошида айланаётганини айтди. Бўлғуси қиссанинг икки иштирокчиси бир қишлоқда яшайди. Иккови хам архитектура институтининг охирги курсида ўқийди. Диплом ёқлаш ҳаракатида.
— Воқеа Янгиқўрғоннинг айланма гузари билан Фурқат станцияси оралиғидаги йўлларда ўтиши керак. Ҳозирча ўйлаганим шу, холос. Агар сизга малол келмаса, машинангизда шу йўлнинг тунги манзараларини бир кўрсам дегандим. Ўз кўзим билан кўрсам, фикрим тиниқлашармикан, деб ўйлаяпман.
Анваржон унинг гапларига қизиқиб қулоқ соляпти.
Анвар Муқимовни ёш ёзувчилар семинарида танигандим. Унинг яхшигина бир ҳикоясини ўқиб катта газеталардан бирида «Ок йўл» тилаганман.
Абдулла Қаҳҳорнинг маслаҳати билан уни «Муштум»да ишлаш учун Тошкентга чақирадиган бўлдик. Лекин унинг бунга хоҳиши бўлмаяптими ёки келишга бирон тўсиқ борми, билиб бўлмайдиган ланж аҳволда эди. Таклифимизга на ҳа, деди, на йўқ.
У Олчин қишлоғидаги ўрта мактабда директор. Малакали ўқитувчилар кам бўлганидан ҳар икки сменада ҳам адабиёт дарсини ўзи олиб боради. Оталиғидаги иккита етти йиллик мактабда ҳам кунора дарс беради.
Район халқ маорифи бўлимида ўтказиладиган турли семинарлар, конференциялар, ветеран ўқитувчилар билан учрашувлар усиз ўтмайди. Бунақа тадбирлар учун маориф пул аямайди. Узоқ қишлоқлардан келган ўқитувчилар газеталарда доимо ҳикоялари босиладиган тирик ёзувчи билан ҳаяжонли учрашувда худди Ойбекни ёки Ғафур Ғуломни кўраётгандек кўзлари яшнаб ўтирардилар.
Анвар Муқимов бу учрашувлардан курук қайтмасди.
Отасини невара-эваралари «Катта» деб аташарди. У, худди солиқ инспекторларига ўхшаб, қаердан ўғлининг қанча пул олганини аниқ билиб юради. Пулни ўғлининг қўлидан қоқиб олмагунча кўнгли тинчимайди.
— Анваржон укам, — дедим унга. — Сиз ўсишингиз керак. Тошкентда устозлардан сабоқ оласиз, пойтахтдаги адабий муҳит, ўз тенги ёш ёзувчилар билан бўладиган мулоқотлар фикр доирангизни кенгайтиради. «Муштум» эса сизни элга танитади. Келсангиз ёмон бўлмайди...
— Қани, эшикдагилар билан бир маслаҳатлашиб келайчи, — деб Олчинга жўнаб кетди.
«Катта»дан рухсат тегди, шекилли, кўрпа-тўшагини орқалаб Тошкентга келди.
Анваржонга Тошкентда яшаш осон бўлмади. «Катта» хар ойда қишлокда топадиган микдорда пул юбориб туришни бўйнига қўйиб жўнатган эди. Вазирлар оладиган маошдан бир ярим баробар кўп пул топишнинг асло иложи йўқ эди.
«Муштум»дан оладиган маоши, қалам ҳақи отаси талаб қилаётган пулга урвоқ ҳам бўлмасди. Ейиш-ичиш, квартира ҳақи, трамвай ҳақи олган маошини ямлаб қўярди.
Унга адабиёт жамғармасидан икки марта ёрдам пули, «яхши ишлаяпти» деб редакциядан мукофот пули ҳам олиб бердик. Кўча овқатига пул етказиб бўладими? Уй эгаси, берадиган пулинг чироқ хақига хам етмайди, деб соат ўн бўлиши билан электрни ўчириб кўяди.
Анваржон озиб-тўзиб, ранг-рўйи бир ҳолатда бўлиб қолди. У эрталаб нонушта қилмай Кўкчадан пиёда оч-наҳор ишга келади. Шу аҳволда у отаси белгилаб қўйган пулни юборишга мажбур эди.
Охири, бўлмади. Бу аҳволда бирон дардга чалиниб қолмасин, деб қишлоққа қайтиб кетишига рози бўлдик.
У қадрдон кўрпа-тўшагини орқалаб, туғилган Олчин қишлоғига қайтиб кетди.
Ўлмас бирон асар ёзадиган бўлса «одамови» бўлиб қоларди. Бошқа ишларни унутар, фақат ёзаётган асарини ўйларди. Шу пайтларда у меҳмонга ҳам бормас, меҳмон ҳам чақирмасди. Унинг бу одатини билмай тасодифан келиб қолган танишларини қачон кетаркин, деб безовта бўлаверарди.
Унинг феълини билганимиз учун безовта қилмасдик. Иши битгандан кейин ўзи телефон қилиб, келаверинглар, «туғиб» бўлдим, деб куларди.
«Севгим-севгилим» қиссасини бошлаганига ҳали йигирма кун ҳам бўлмаганди. Ўзи телефон қилиб қолди.
— Бизникига келсангиз. Ош дамлаяпман. Нозик меҳмон келган. Сигаретни кўпроқ ола келинг. Меҳмонимиз кашанда чиқиб колди.
Айтган вақтида бир блок «Родопи» сигарети билан етиб бордим. Дастурхон атрофида номдор ҳайкалтарош Яков Шапиро, «Ўзбекфильм» режиссори Мухтор Оғамирзаев билан... айтсам ишонмайсиз, росмона космонавт ўтирипти. Унча-мунча космонавт эмас, беш марта фазо кемасида учган, икки марта «Олтин юлдуз» олган Жонибеков ўтирипти. У аввал қўлимдаги сигаретга, кейин ўзимга қаради. Битта чектиринг, биродар, деди ялингандек.
Бир блок «Родопи»ни қўлига бердим. Шошиб блокнинг зар қоғозларини бирпасда шилиб олди. Битта пачкани очиб, ичидан сигарет чиқазди-ю, зажигалкада ўт олдирди. Ҳузур қилиб сўрди. Оғзидан паға-паға тутун чиқарар экан, менга миннатдор бир қараш қилди.
Шу билан танишлигимиз бошланди. Суҳбат орасида, фазо кемасида чекиш мумкин бўлмаса керак, унда қандоқ қилиб чидайсиз, деб сўрадим.
— Биласизми, чекиш мутлақо эсимга ҳам келмайди. Фазога учадиган куним ҳам эрталаб босиб-босиб чекканман, Космодромга келишим билан умрида чекмаган, ҳатто сигаретни ушлаб кўрмаган одамга айланаман. Ҳар гал шунақа бўлади. Мураккаб аппаратлар, вазнсизлик ҳолати, бажарилиши лозим ғоятда аниқ бўлган юмушлар, мисқол-мисқолигача ўлчанган буюмлар, иллюминатор орқали фазо кенглигини синчковлик билан кузатишлар,
ерга аниқ маълумот юборишлар бутун вужудимни эгаллаб олади.
Ерга қўнишим, оёғим ерга тегиши билан ҳушим ўзимга келади. Биринчи учраган одамдан сигарет сўрайман.
Ўлмас ҳам шунақа. Асар ёзишга ўтирдими, тамом. Бошқа нарсаларни унутади, ёзаётган асари тугагандан кейингина ҳуши ўзига келади...
...Ўлмас билан энди йўлга тушмоқчи бўлиб турган эдик, кафтларини бир-бирига ишқаб Анвар келиб қолди.
— Бормасангиз бўлмас экан, кутиб ўтиришипти.
— Анваржон билан икковларинг айланиб кела қолинглар, бормасам бўлмайдиганга ўхшайди, — дедим унга машина калитини узатар эканман.
Борганимда зиёфатдан файз кетиб бўлган, район газетасининг муҳаррири Мирзаабдулла кайф устида одамгарчилик, меҳр-оқибат тўғрисида кўп «доно» гапларни айтаётган эди. У мени кўриб кўзлари яшнаб кетди. Гандираклаб келиб бағрига босди.
— Бу менинг қадрдоним. Уйимда ётиб қолганда қоқ ярим кечаси машинка чиқиллатиб ҳикоя ёзган. Оти нима эди? Ҳа, топдим. Ҳикоянинг оти «Ялпиз ҳиди» эди. Зўр ҳикоя чиққан, аммо-лекин. Ўзининг машинасида уни Найманга оборганман, Эшонтўпига оборганман.
Мирзаабдулла хонадон соҳибини кўп балолардан асраб юришини билардим. Бу хонадон ўзиники бўлиб қолганидан хам хабарим бор эди.
Бачқирлик ҳаваскор хонанда «Онам дерман»ни бошлади. Мирзаабдулла ашулани тўхтатиб уни турғизди. Судраб ташқарига опчиқиб кетди:
— Шу ерда туриб айтасан. Ҳамма эшитадиган қилиб қаттиқ-қаттиқ айт!
— Бу таъсирли қўшиқни кўзингни юмиб эшитсанг маза қиласан, — деди кайфи ниҳоятда ошиб қолган йи-гит. У кўзини юмди-ю, ухлади-қолди.
Ҳофиз бола «Онам дерман»ни ниҳоятда берилиб айтарди. Қўшик авжига чиққанда хотинлар бирдан уввос солиб йиғи бошладилар. Йиғи орасида «Жаннатмаконим онам» деган сўзлар қулоққа элас-элас чалиниб қоларди. Гўё хотинлар бўғзида куч билан ушлаб турган фарёд, алам-ситам бирдан ташқарига отилиб чиқаётган эди.
Пишиқиб кетган Анвар шошиб ташқарига чиқиб кетди.
Хонадон эгаси хофизни этагидан тортиб ичкарига олиб кирди. Учиб қолганлар алаҳсираб ҳар замонда бир «дў-ўст» деб юборишарди.
Уйқум келиб мудраяпман. Бир кеча-кундуз кўз юммай машина ҳайдаб келишнинг ўзи бўладими! Адхамга, кетмасам бўлмайди, жон дўстим, менга жавоб олиб бер, деб ёлвордим.
Адҳам ичида гап ётмайдиган одам. Унга бир гап айтсанг, эртасига бошқа шаҳарда эшитасан.
— Мен бунга Ёзёвонда тегирмонда туйилган икки кило аччиқ калампирни қатиққа қўшиб ичирганман. Ўлиб қолишига бир бахя қолган. Майли, чарчаган экан, кетса кета қолсин, — деди.
Ана шу гапдан кейин Адхамнинг шофёри мени мак-таб боғига ташлаб қўйди. Йўлда у «Домла, кетиб жуда тўғри қилдингиз. Бу ерда жуда хунук иш бўлган. Нима бўлганини эртага биласиз», деган эди.
Боғ жимжит. Ўлмас маза қилиб ухлаяпти. Мен мудраб судралгандек бориб жойимни топдим-у, ётиб ухладим-қолдим.
Шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Кўзимни очиб қарасам, кеча зиёфатга борган йигитларимизнинг ҳаммаси шу ерда. Йўлдош Сулаймон ўзини қўярга жой тополмай у ёқдан-бу ёққа юрар, қўлини ҳавода силкитиб, вой абла-ҳ-е, вой сволоч-е, деб тинмай сўкинарди.
Кеча рубоб чалиб «булбул» бўлиб сайраган Қобилжон тамоман ўзини йўқотган, бирон нима дейишга тили айланмасди. Адҳам ҳамон ўша-ўша Адхамлигича. Гўё ҳеч гап бўлмагандек юрипти.
— Мирзаабдулла аканинг гаплари ҳаммадан ҳам ошиб тушди... — дер эди Худойберди. — У хонадон эгасининг елкасига қоқиб, йигит киши ана шунақа ўғил бола бўлиши керак, деб уни чўпиллатиб ўпганига ўлайми. Устоз, сиз авлиё одам экансиз. Худо кўнглингизга солганмиди, билмайман. Вақтида кетиб, бу маломатлардан, бу қарғишлардан қутулиб қолдингиз.
— Дурустроқ тушунтириб айтсанглар-чи. Ўзи нима гап, тинчликми? — деди ҳайрон бўлиб Ўлмас.
Худойберди бошини кўтарди.
— Шарманда бўлдик, устоз. Биронтамиз шу пайтгача эл олдида бунақа мулзам бўлмаганмиз. Биз маишат қилиб маст-аласт бўлиб, қийқириб ўтирганимизда мезбоннинг
онаси оламдан ўтган экан. Бу воқеани бизга билдирмаган. Марҳуманинг қизлари, келинлари, сингиллари кўзда ёш билан қозон бошида хизмат қилаётган эканлар. Ҳовлининг бир бурчида қийқирик, кулги, қўшиқ, бир бурчида кўзёши, фарёд, изтироб. Тонг отиб кетди. Мезбонга бу қувноқ, 6у шодон базм учун раҳматлар айтиб чиқиб кетяпмиз. Шу пайт мезбон орқамиздан келиб, «волидамизни бериб қўйдик, қайтиб кириб фотиҳа ўқиб кетсангизлар», деб қолди. Ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадик. Меҳмонларнинг ҳаммаси маст. Оёкда туролмайди. Жанозада маст бўлиб гандираклаб юриш жуда хунук бўлар экан. Баъзилар ўзини эплолмай қолган.
Худойберди ер чизиб ўтирган Қобилжонга қаради.
— Қобилжон бечора нима қилишини билмайди. Бутун қишлоқ аҳли жанозага кириб келяпти. Қобилжон қўлидаги рубобини қаёққа яширишини билмайди. Орқага қайтиб «базм» бўлган меҳмонхонага қўйиб чиқай, деса у ер йиғиштирилиб, фотиҳачиларга жой қилиб қўйилган. Энг одобсиз отарчи ҳофиз ҳам жанозага рубоб кўтариб келмайди. Қаергадир ташлаб келади. Қобилжон рубобини қаерга яширади? Шунча йил қадрдон бўлган, уни элга манзур ҳофиз қилган рубоб ҳозир қўлларини чаён бўлиб чақарди.
Мирзаабдулла ака мезбонни бағрига босиб:
— Ўғил боланинг ишини қилдингиз, дўстим. «Ота-онанг ўлса ўлсин, ёри дўстинг ўлмасин» деган доно гапга юз фоиз амал қилдингиз, қойил. — У шундай деб мезбонни чўпиллатиб ўпа бошлади.
Шу пайтгача кафтларини бир-бирига ишқаб жимгина турган Анвар Эшонов гапга аралашди:
— Ўтиравериб пишиқиб кетдим. Ташқарига чиқиб дарахт панасига ўтдим. Мендан беш-олти метр нарида, электр нури аранг ёритиб турган жойда мезбонимиз бир хотин билан қаттиқ гаплашяпти.
— Ўзинг ўйласанг-чи, апа, қандоқ қилиб айтаман, қайси юз билан айтаман?
Сенда ҳам юз борми, ноинсоф. Кириб шундоқ-шундоқ бўлди, де. Тамом. Ё шу гапни ҳам айтолмайсанми? Ахир, уларни ҳам она туққан-ку!
— Хотин кишилигингга борасан-да, апа.
— Агар сен айтмасанг, ҳозир ўзим кириб айтаман. Онагинамни тиригида хор қилганинг каммиди, энди...
Хотин бир силтаниб меҳмонхона томон интилди. Мезбонимиз унинг йўлини тўсди.
— Шунақами, бўпти. Меҳмонларинг билан қўшмозор бўл. Поччангни мошинаси билан онагинамни «Тагоб»га олиб кетаман. «Тагоб»лилар нега майитни баққа олиб келдинг, деса, уруғимиздан биттаси ҳез чиқиб қолди. Зарконида бош кўтаролмай қолдим, дейман. Жанозани ҳам, бошқа маросимларини ҳам шу ерда ўтқазаман, дейман.
— Оғзингга қараб гапир, апа! Уриб жағингни айириб ташлайман.
— Қўлингдан келадиган ишдан гапир, бу ишни эркак одам қилади.
Хотинлар келиб «Апа»ни судрагандек қилиб олиб кетишди...
Қайтиб ичкарига кирдим. Базм авжида. Орқама-орқа кирган мезбон қўлини кўксига қўйиб, «Хуш кўрдик, азиз меҳмонлар», деб илжайди.
(Бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеадан эл олдида хижолат чекмасинлар, деб қишлоқ ҳамда уй эгасининг номини пича ўзгартириб кўйдим.)
Муаллимлар ҳам бирин-кетин кириб кела бошлашди.
— Яхши ётиб турдингларми, аммо биз роса маза қилдик. Таваккалжоннинг қўшиқларидан сел бўлиб окдик.
Ухлаётганимда шамол каердандир Таваккалнинг овозини элас-элас олиб келаётган эди.
Ўша тўйга борган муаллим тассуротларини оқизмай-томизмай гапира бошлади:
— Эсингларда борми, «Янги матчо» тепасида самолёт тоққа урилиб қулаганди. Ўшанда «Найманбўстон»лик бир отахоннинг қизи билан куёви ҳам ҳалок бўлганди. Уларнинг тоғ орасида музлаб қолган жасадини лўм билан кўчириб, вертолетда олиб келишганди. Улардан уч яшар ўғил бола етим қолган экан. Боланинг бўйи чўзилиб, овози дўриллаб қопти ҳамки, чолнинг қўли қисқалик қилиб, ҳалигача суннат килдиролмаган экан. Ижроқўм бобонинг ўзи бош бўлиб тўй бошлаб юборибди. Таваккал Қодировни тўйга чақиртирипти.
Бир тўй бўлди, бунақа тўйни ҳали кўрмаган эдим. Бозорқўмлар, бензинчилар, бош ошпазлар, қассоблар, кабобпазлар — бир томонда колхоз кассирлари, совхоз бухгалтерлари, омборчилари — бир томонда. Ана пул қистиришу мана пул қистириш. Ҳофизнинг олдига нонсават қўйдилар. Кетма-кет саватга пул ташлаб туришибди.
Таваккал ўн бешта ашулани кетма-кет тўхтамай айтиб, рубобини микрофончи шеригига берди-да, саватдаги пулларни тўй эгасининг этагига тўкди.
— Мана шу пуллар сизга менинг тўянам, отахон. Рози бўлсангиз, битта ўн сўмликни ният қилиб оламан. Мен ҳам сизнинг ёшингизга етай...
Чол йиғлаб юборди. Кўзи тўла ёш билан: «Бола-чақангнинг роҳатини кўр, мартабанг бундан ҳам улуғ бўлсин», деб дуо килди.
Таваккалнинг 6у одатини мен ҳам билардим. Бечораҳол одамларнинг амал-тақал қилиб ўтказаётган тўйларида хизмат қилиб, тушган пулларни олиб кетмай тўй эгасига ташлаб кетишидан хабарим бор эди.
Атиги йигирма тўрт соат, яъни бир кеча-кундузда ўзи ҳам, такдири ҳам, қиёфаси ҳам бир-бирига ўхшамаган, «Дунёйи 6о умид» деб чумолидек меҳнат қилса ҳам косаси оқармаган — омади келмай такдирга тан бериб яшаётган бечораларни, иккинчи томонда иши юришиб ўзини йўқотган, дунёни пул ушлаб турипти деб жиндек амали бор одам олдида эмаклаб юришга тайёр пасткашларни ҳам кўрдик.
Шу бир кеча-кундузда, яъни йигирма тўрт соат мобайнида бири шодликка тўла, бири ғам-андуҳга ботган воқеаларнинг шохиди бўлдик.
Қани эди уйда ўтириб, қаламни сўриб, воқеаларни ҳам, одамларни ҳам тўқиб чиқазадиган ёзувчиларимиз юрт кезса, хилма-хил тақдирли кишиларга рўбарў келса, деҳқоннинг далада ҳазон ёқиб қайнатган тутун иси келадиган қумғон чойидан ҳўплаб суҳбат қурса, балки ўзи ҳам енгил тортармиди, ёзганлари ишонарли чиқармиди, деб ўйлайман.
Бир кеча-кундуз. Атиги йигирма тўрт соат.
Соф, ҳар қандай сунъийликни бағрига сиғдирмаган умримнинг унутилмас яхлит бир парчаси, бир кеча-кундуз, сенга таъзимлар қиламан!
Юрган дарё, ўтирган бўйра, дейдилар.
Анвар Эшонов «Колхозлар тарихи институти»дан Қува колхозининг раиси Шербўтаевга хат олиб келган экан. Раис билан учрашиш учун «Бекат»га кетар экан, «Бугун келолмасам хавотир олманглар, эрталаб етиб келаман», деди.
Мусажон Шербўтаев республикада таниқли одам. Унинг колхози илғор хўжаликлар катори қурултойлар-да, пленумларда тилга олинарди. Ўзи ҳам жуда дилбар, суҳбати ширин инсон.
Эртасига эрталаб етиб келган Анвар қилган ишларини, раис билан қурган суҳбатларини оқизмай-томизмай айта бошлади.
У икки соатдан ортиқ Шербўтаев билан гаплашиб, уч соат ўтириб ёзганларини раиснинг машинасида Фарғонага — вилоят газетасига олиб борган, редакция машинисткасига икки соатдан ортиқ диктовка қилиб ёздирган.
— Машинистка опа жуда тезкор экан. Мен айтиб турибман, у ёзиб ташлаяпти. Чумоли изига ўхшаган қўлёзмамни эплаб ўқигунимча, ҳа қани, буёғини айтинг, деб кутиб қолади. Икки соатга қолдирмай йигирма бет материални шатирлатиб босиб ташлади. Куни билан хатга тикилган кўзларим жимирлаб кетяпти. Энди қандоқ қилиб Қувага бораман, раисга телефон қилиш қийин. Шаҳарлараро телефон станция орқалигина Қува билан гаплашиш мумкин, деб ўйлаб турганимда, сизни телефонга чақиришяпти, деб қолишди. Бориб трубкани олсам, раис. Машина қачон борсин, деб сўраяпти. Унга машинистка хақини хам бериб юборсангиз яхши бўларди, деб айтдим.
Кўчирилган саҳифаларни редакция котиби пешма-пеш ўқиб, яхши, тиниқ чиқмаган ҳарфларни тузатиб бораётган эди. Ўзим ҳам синчиклаб ўқиб, қайтариқ сўзларни тузатдим.
Биринчи саҳифанинг энг тепасида шундай сўзлар бор:
«Колхозлар тарихи институти» йўлланмаси билан.
«Нурга интилганлар»
Мухаррир хам диққат билан ўқиб чиқди. «Бугунги сонга туширилсин», деб имзо чекди. Масъул котиб жиндек ғашлик қилгандек бўлди.
— Газета деярли босишга тайёр бўлиб қолган эди-ку.
— Шу сонга берасан. Учинчи саҳифага. «Афанди латифалари»ни олиб ташла. «Лофлар»га бало борми? Бу бачкана миниатюраларни қайси аҳмоқ ёзган?
Шундай қилиб, мақоланинг ярми бугун «Давоми келгуси сонда» деб босиладиган бўлди. Босмахонада линотипчилар аллақачон теришни бошлаб юборган эдилар.
Муҳаррир, эртага Йўлдошали газета билан иккала саҳифа учун қалам ҳақини сизга обориб беради, деб менга раҳматлар айтиб кузатди.
«Бекат»га келиб ёзганларимни раисга ўқиб бердим. Жуда маъкул бўлди.
— Тошкентда раисларнинг икки ойлик малака ошириш курсида ўқиганимизда Отабой Эшонов деган акаде-мик бизга «Конституция ва фуқаролик ҳуқуқлари» деган мавзуда уч-тўрт марта маъруза қилган эди. Сиз шу одамнинг ўғиллари эмасмисиз, ўхшаб кетяпсиз, — деб сўради.
— Қаттиқ чарчаган эдим, нима деб жавоб берганимни билмайман. Шошиб овқат едиму ётиб ухлаб қолдим. Уйғонсам, тонг отиб, офтоб чарақлаб турибди. Раис йўқ. Қаёққадир кетибди. Иш тиғиз пайт, дала айлангани кетган бўлиши керак. Кўчага чиқиб эрталабки ҳавода айланиб юрган эдим, раис қўлида бир даста бугунги газета билан машинадан тушди. У хурсанд. Газетанинг бутун бир саҳифасини эгаллаган. «Нурга интилганлар»ни кўрсатиб, тагига «давоми келгуси сонда» деб ёзиб қўйипти. Қойил, чапдаст ёзувчи экансиз, деб елкамга қоқиб қўйди.
Девона феъл Анвар ўзини гўлликка солиб, бирга келган дўстларини «куйдириш» учун газетанинг мақола босилган саҳифасини очиб, устига йигирмата ўн сўмликни териб чиқди. Охирига, «Давоми Йўлдошалининг чўнтагида» деб ёзилган қоғозни ҳам қистириб қўйди.

* * *
Хорунбой Эрматов район котиби. Ўтган йили Қаҳра-монлик унвонига сазовор бўлиб, «Олтин юлдуз» таққан фарғоналикларнинг бири. Ўзи жуда шинаванда одам. Санъат-адабиёт аҳлларини бошига кўтаради. Келганимизни эшитиб Адҳамга, меҳнаткашларимиз билан бир учрашув қилсак, қандоқ бўларкин, деган экан. Эртага ўша ёққа борадиган бўлдик.
Ўлмас билан икковимиз Анваржон етовида катта йўл ёқасидаги ҳовлилардан бир-иккитасини кўргани йўлга чиқдик. Ўлмас ёзмоқчи бўлган қисса иштирокчиларидан иккитасига ҳовли кўришимиз керак. Биз танлайдиган ҳовлилар ўта замонавий ҳам, жуда эскича ҳам бўлмаслиги керак. Худди шу кунларнинг одамлари яшайдиган оддий, лекин бир қараганда ҳовли эгасининг кимлигини «айтиб» турадиган покиза, файзли, рўзғор буюмлари ҳам ортиқча зийнатли бўлмасин. Тўғри, бунақасини дарров тополмайсан. Кам-кўстлари ҳам бўлади. Халқда «Қозончида ихтиёр — қайдин қулоқ чиқарса» деган нақл бор, қолган-қутганини ёзувчининг ўзи қўшиб-чатиб олади.
Биринчи кирган ҳовлимиз жуда ивирсиқ, ҳар ер-ҳар ерда гўнг уюлиб ётибди. Ўн бештача товуқ уларни тинмай титкилаб, ҳаммаёққа сочиб ташлаган.
Иккинчи ҳовли аввалгисидан ҳам баттар. Икки азамат йигит ҳамма нарсани унутиб шахмат суришяпти. Шундоқ ёнгиналарида кир юваётган хотин ариққа мағзава тўкар экан:
— Камиссиямисизлар? — деб сўради. — Газ йўқ, раисларникида бор, бизникида йўқ.
У липпа урилган этагини ҳам туширмай, «Шуни дафтарга ёзиб қўйинглар», деди.
Чиқиб кетдик. Хотин орқамиздан жавраганча қолди.
— Бошқалари ҳам шунақамикан? — деди Ўлмас Анваржонга қараб.
— Йўғ-е, — деди у, — жуда покиза, файзли ҳовлилар ҳам кўп. Қани, кўраверайлик-чи.
Кетма-кет саккизта ҳовли кўрдик, газчилар план қилгани келишган деб ўйлаб, хотин-халаж орқамиздан эргашиб юрибди.
Кўрганларимиздан иккитаси худди биз қидирган ҳовли
эди. У саранжом-саришта, файзлигина, озода эди. Узум новдалари баланд валишга чиройли қилиб таралган. Ғўра тугиб қолган «пошшойи» ўриги шохида иккита бедана қовоқ илиб қўйилган. Устига тўқ яшил мато ёпилган қафас титраётгандек қимирлаб турипти. Ундан ҳар замонда бедана чўқиб ташлаган тариқ тўкилади. Шифер томда қўлбола антенна. Шифтига ҳафсала билан нақш чекилган айвонда, устига бахмал ёпиб қўйилган, қўлда ҳам, оёқда ҳам, электр қувватида ҳам ишлатса бўладиган тикув машинаси. Ҳовли ўртасидаги сўрида офтобда кўпчисин, деб оҳорли атлас кўрпанинг астар томони ёйиб қўйилган.
— Гулчеҳранинг ҳовлиси, — деди Ўлмас ўзидан-ўзи.
Гулчеҳра ким, деб ҳеч ким сўрамади. Шу топда Ўлмас ўзи хаёлан яратаётган қисса иштирокчисини тасаввур қилаётганини сезиб турардик.
Ўлмаснинг чеҳраси ёришди. «Пошшойи» шохига илиб қўйилган тўрқовоқ тагига қўлини тутди. Кафтига бир-икки томчи сув тушди.
Иккита ҳовлидан кейин яна битта шунақа файзли, озода, саранжом-саришта ҳовлига кирдик. Ошхона деворида қуённи қувлаб кетаётган бўри сувратига кўзимиз тушди. Суврат тагига «Ну, погоди!» деб ёзиб қўйилган, ҳовли этагида пуштасига саримсоқ пиёз қадалган кулупнай ариғига галифе шим кийган ўрта яшар бир киши сув очяпти.
Чилонжийда тагида дўнг пешонасидан осилиб тушган қуюқ, узун толалар кўзларини бутунлай тўсиб қўйган оппоқ бир кучук бола ёнига яқин келган мусичага ғашлик қилиб акиллаяпти. Кичикроқ олхўри крқисидек қоп-қора тумшуғи бўлмаса уни бир ҳовуч пахта деб ўйлаш мумкин эди.
У олд оёқлари билан каттакон елим халтани босиб қўриқлаяпти. Халтада қўл насоси, тўрт бешта ёнғоқ, юрмай қолган эски ёнсоат, велосипед қўнғироғи, милтиқдан чиқазиб ташланган гилзалар, шоколад зар қоғозлари, ичига нўхат солинган тунука ҳуштак ҳамда бир синиқ кўзойнак бор.
У ёнидан ким ўтса қўриқлаётган «хазина»сини қизға-ниб ириллайди. Бизни кўриб жон-жаҳди билан акиллади. Ўз овозидан ўзи чўчиб елим халтани тишлаб судраганча уй орқасига ўтиб кетди. Гўё бир ҳовуч оппоқ жунни шамол учириб кетгандек бўлди.
Қулупнайга сув очган киши лой бўлиб кетган калишини ечиб ариқда оёғини ювар экан, ҳовли ўртасида тўнтарилиб ётган бир пой шиппагига қаради.
— Ҳа, ярамас, — деди у ҳадиксираб турган кучукчага. — Шундан бошқа эрмагинг йўқми? Ҳали караб тур...
— Бу Абдулланинг тоғаси, — деди Улмас пичирлаб. Офтобрў томондаги кенг айвон шифтида худди бояги айвон шифтига чекилган нақш. Икковини ҳам битта наққош чеккан бўлса керак, деб ўйладик. Айвон ўртасидаги каттакон стол устида орқа қопқоғи очилган «Рекорд» телевизори. Афтидан, уста керакли лампочка топиб келиш учун ҳозиргина чиқиб кетганга ўхшарди.
Абдулланинг «тоға»си ювилган оёғининг биттасида шиппак билан сакраб-сакраб, тўнтарилиб ётган бир пой шиппак тепасига келди. Энгашиб, қийналиб оёғига илар экан, муюлишда унга гуноҳкорона қараб турган кучукчага «сен» ярамасни лўлининг лайчасига уйлаб қўйганим бўлсин, ана ўшанда «келин»нинг орқасида хуржунини тишингда кўтариб, лўкиллаб юрганингни томоша қиламан дея кулди.
Кучукча асабий бир алпозда югуриб бориб бир оёғини кўтарганча тизиллатиб девор тагини ҳўллаб, хотиржам қайтиб келди.
Ҳовлидан чиқиб кетарканмиз, кучукча орқамиздан остонагача акиллаб келди. Анваржон унга таҳдид қилиб, икки марта депсиниб ер тепинган эди, вангиллаб қочиб қолди.
— Бўлди, — деди Ўлмас, — менинг ишим битди. Қолгани «қозончининг қўлида».
Эрталабдан бери ўзимни лоҳас сезяпман. Бутун вужудим қақшаб оғрияпти.
— Ўлмас, — дедим зорланиб. — Машинани минолмайдиганга ўхшайман. Энди то Тошкентга етгунимизча машина сеники.
Ётоқ жойимизга келганимизда Анваржон медпункт навбатчиси, фельдшер чолни бошлаб келди. У ёқ-бу ёғимни текшириб, юрагим уришини эшитиб, ҳароратимни ўлчаб кўрди.
— Иситмангиз анча баланд, тинчроқ жойда ётиб, укол олиб, бир кунгина даволансангиз отдек бўлиб кетасиз, —деди кекса фельдшер, у айтган «тинчроқ жой» атлас комбинатининг сиҳатгоҳи эди.
Ўша ерда ётибман. Иситмам тушган. Лекин кўзимни уйқу босиб, ўрнимдан турсам гандираклаб кетяпман.
— Чарчабсиз, қаттиқ чарчабсиз, оқсоқол. Тўйиб бир ухласангиз, дард кўрмагандек бўлиб кетасиз, — деди даволовчи шифокор.
Қанча ухлаганимни билмайман. Кўзимни очсам, тепамда Умарали турипти.
— Бунақа килиғингиз йўқ эди-ку, — деди Умарали юпатувчи қандайдир бир оҳангда.
Очиқ кўнгил, бировга тирноқча ҳам озор бермайдиган, оғзидан бирон ножўя сўз чиқмаган, ўта одобли, маданиятли бу олим йигитни қаттиқ ҳурмат қилардим. Ёзганларимнинг биринчи ўқувчиси, биринчи баҳоловчиси ҳам шу эди. Агар бирон асарим китобхон оғзига тушса, илиқ-иссиқ гаплар бўлса мендан олдин у севиниб кетарди.
Уни кўриб чеҳрам ёришгандек бўлди. «Одам тафтини одам олади» деганлари шу бўлса керак-да.
Водий сафарларимизда у албатта бирга бўларди. Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов хизмат тақозоси билан бу галги сафарга чиқолмадилар. Умарали эса университетнинг сиртқи талабаларидан имтиҳон оляпти.
— Сизлар кетдингизлару мен бечора етим боладек мунғайиб қолавердим. Сиртқи талабаларимга, ҳордиқ куни ҳам имтиҳон олмоқчиман деганимда севиниб кетишди. Тошкентда бир кун бекор юришдан қутулдилар. Водиллик талабамнинг «Жигули»сига ўтириб баққа келавердим.
Умаралининг қизиқ одатлари бўларди. Ювуқсиз, иркит одам билан кўришиб қолса, меҳмонхонага югуриб бориб чўмилиб келарди. Ўпишиб кўришадиганлардан қочиб юрарди. Тирноғи ўсиб кетган одам чой узатса олмасди. Пешонаси-бўйни терлаб, ҳадеб дастрўмолини шилта қилиб ўтирадиган одам ёнидан туриб ҳовлига чиқиб кетар, қайтишда бошқа одам ёнига келиб ўтирарди.
— Сизни менга худо етқазди. Эртага Қува марказида Ўлмаснинг «Севгим — севгилим» қиссаси муҳокамаси бўлади. Мен бу аҳволдаман. Муҳокамани ўзингиз ўтқазиб берасиз, — дедим унга ялингандек. Индинга Хорунбой ака ёзувчи меҳмонларни бедана овига олиб чиқмоқчи. Тоза ҳавода маза қилиб, бир айланиб келасиз.
Биламан. Умарали бедана овига бормайди. Ўқ еб типирчилаб жон бераётган беданаларни кўришга юраги дош беролмайди.
У болалик пайтларида уйда қўй сўймоқчи бўлсалар, уни қариндошлариникига жўнатиб юборардилар. Кўрса мутлақо гўшт емай қўяди, деб шундай қилардилар. То у келгунча терисию калла-почасигача кўз тушмайдиган жойга яшириб қўярдилар.
Шунақа инжик одамларнинг хотинига осон тутиб бўлмайди. Кунига неча марталаб дастрўмолу кийим-бош алмаштирадиганларнинг хотини кир ювишдан бўшамайди. Унинг хотинидан, келин, тирикчилик қалай, деб сўрайман.
— Дорилфунунга қўшнилигимиз ҳам бошимизга бало бўлди. Ликка-ликка кириб келаверадилар. Битта бефаҳм мен билан қучоқлашиб кўришди, деб чўмилиб кийим алмаштириб чиқиб кетадилар, сал вақт ўтмай, қўли терлайдиган биттаси кўришиб кафтимни жиққа шилта қилиб юборди, деб яна ювингани келадилар. Дорилфунундан оладиган маошлари фақат совунга етади. Газета-журналлардан, радиодан, телевизорлардан оладиган қалам ҳақларини нон пули қилиб ўтирибман.
Келин тагдор гапни тушунадиган бешариқликлардан эди.
Умарали билан анча гаплашиб ўтирдик. Руҳим енгил тортгандек бўлди. У эртага албатта «Севгим — севгилим» учрашувини ўзи ўтқазишга сўз бериб чиқиб кетди.
Бош шифокор ҳам гапни топиб-топиб гапирадиган серҳазил киши экан.
— Жуда эрка касал чиқиб қолдингиз. Серқалампир аччиқ шўрва ичиб, ўралиб ётса тузалиб кетадиган нарсаку, бу. Бугун ётиб бир ухланг, эртага ҳайдаласиз. Кўряпсизми, сиздан бошқа битта ҳам «бемор» йўқ. Бир ўзингизга қозон-чўмич, идиш-товоқ қилиб шунча одамни овора қилиб ўтирибмиз.
Дарҳақиқат, бу шифохонада мендан бошқа битта ҳам даволанувчи йўқ эди. Билишимча, ҳамширалар, фельдшерлар, шифокорлар ёрдамчи хўжаликка у-бу экиш, экилганларининг тагини чопиш, суғориш учун боришлари керак. Мени ташлаб кетишолмаяпти. Инсоф ҳам керак, дедим ўзимга ўзим.
Эрталаб соат ўн бирларда бош шифокорнинг ўзи мени «тез ёрдам» машинасида учрашув бўлаётган жойга олиб борди. Машинага жавоб бериб юборди-да, ўзи қолди.
— Мана, эрка касалларингни олиб келдим. Отнинг белига мушт урса умуртқасини синдирадиган одам ўзини касалга солиб ўтирипти-я?
Учрашув энди бошланаман деб турган экан.
Ажаб, учрашув қатнашчилари асосан хотин-қизлар эди. Онда-сонда ўғил болалар ҳам кўриниб қоларди. Учрашувда негадир эркак муаллимлар кам эди. Адабиёт муаллималарининг ҳаммаси шу ерда.
Умарали меҳмон ёзувчиларни бир-бир таништириб, учрашувни бошлади. Маслаҳат билан учрашув савол-жавоб йўсинида ўтадиган бўлди.
Кўринишидан шаддодлиги билиниб турган бир қиз ўрнидан турди. У оғзидаги қоплама тилла тишни яқинда қўйдирган бўлса керак, бўлар-бўлмасга оғзини катта очиб куларди. Кулиб бўлгандан кейин ҳам оғзи очиқлигича қоларди. Унинг офтоб уриб қорайган юзи, шамолда ёрилиб, қалинлашиб кетган лаблари орасида тилла тиши чақнаётганга ўхшарди.
— Ҳурматли Ўлмас акамиз битта саволимга жавоб берсалар... — У қўлидаги «Севгим — севгилим» китобини баланд кўтариб кўрсатди. — Бу китобни эшикдаги аячамиз ўқиганларми?
Ўлмас, ҳа, ўқиган, деб жавоб қилди.
— Ҳеч нарса демадиларми?
— Китоб менга ёкди, табриклайман, деди. Савол берган қиз ёқасини ушлади.
— Ё тавба! Индамадиларми, а?
— Бир нима дейиши керакмиди? — деди ҳайрон бўлиб Ўлмас.
— Тошкент аёлларининг ҳаммаси шунақами ё битта сизники шунақа чиқиб қолганми?
— Гапларингизга тушунмаяпман, синглим. Тушунадиган қилиб гапиринг.
— «Яккачинор»га келиб Ойпопук деган қизга ошиқи-беқарор бўлганини, шу қизни деб «Яккачинор»да бир умр қолиб кетишга ахд қилганини китоб қилиб ёзиб, ўз хотинига ўқиб берса, янгачамиз уни ўпиб табрикласа, ия, бу қанақаси бўлди. Ё тошкентлик аёлларда рашк йўқми? Тушунмадим, сира тушунмадим.
Бу шаддод қизнинг исми Ғапура, дугоналари Ғупра деб аташар экан...
Ўлмас нима деб жавоб қилишни ўйлаб анча жим туриб қолди. Бу ҳолатни қизлар ўзларича тушуниб ёзувчини жавоб тополмаганга йўйдилар.
Шундоқ катта, шундоқ машҳур ёзувчини «мот» қилган Ғупра тантана қиларди.
Қизлар елпиниб ўтирган «Севгим — севгилим» китобини қўлтиққа қисиб қарсак чала бошладилар. Ўлмас уларга қараб бир чиройли жилмайиб турибди. Қизлар қўлтиққа қисилган китобни олиб яна елпина бошладилар. Ҳаммаёқни иссиққина «қиз ҳиди» тутиб кетди. Китоб сахифаларидан эсаётган Ойпопукнинг иси шу хидларга омухта бўлгандек эди.
«Оқсоқол» қўлини кўтариб ғовурни босди. У колхоз раисининг маданий ишлар бўйича биринчи ўринбосари, шаддодлиги учун уни «оқсоқол» дердилар. Ҳамон оғзини очиб турган қизга қаради.
— Китобни дурустроқ ўқимабсан, каллаварам. Бошланишидаёқ кўрга ҳасса қилиб ёзиб қўйган-ку! Қариб қолган отаси болалигидаёқ онадан етим қолган ёлғиз ўғлини қийинчилик кўрсин, мустақил яшашга ўргансин, ўзига фойда бўлади, деб институтни битириши биланоқ «Яккачинор»га жўнатиб юборган. Билдингми? Шундан маълумки, у ҳали уйланмаган, рўзғор қилмаган. Сен бўлсанг хотинингга ўқиб бердингми, у нима деди, тошкентликлар рашк қилишни биладиларми, деб валдираяпсан. Билиб қўйларинг, Умарбеков ака биравга ем бўладиган ёзувчилардан эмас, Абдулла Қаҳҳор ака айтганларидек, Умарбеков эртага қичишадиган жойини бугун қаш-лаб қўядиганлардан. Мамаданалик қилиб ҳар балони гапираверасанми? Эси йўқ.
— «Оқсоқол» мен сизга нима ёмонлик қилдим? Нега мунча ғазаблайверасиз?
— Бўлди, ўтир жойингга! — деди «оқсоқол» буйруқ оҳангида.
— Ҳали айтадиган гапларим кўп, — қизнинг оғзи яна очиқ қолди.
— Оббо, ҳеч гапинг тамом бўлмас экан-да. Ичинг саволга тўлиб кетган экан. Қани, вақтни олмай, тез-тез гапир.
— Ёзувчилар нима учун шафқатсиз, раҳмсиз, қаҳри қаттиқ бўладилар? — деди жиддий туриб...
Бу гапдан кейин ўтирганлар бирдан унга қизиқиб қарадилар.
— Китобларни охиригача ўқимай қўя қолсам, дейман. Агар ўқисам, азага боргандек эзилиб кетаман. Қайси китобни ўқисам меҳрим тушган, қадрдон бўлиб қолган «қаҳрамон» ўлиб қолади. «Ўткан кунлар»даги Кумушбиби нима бўлди? Уни ким ўлдирди? Албатта, ёзувчи ўлдирган. Кечаси «Ўткан кунлар»ни ўқиб ётиб охирига келиб қолган эдим. Ўлган жойига келганда чидамай дод деб ҳовлига чиқиб кетибман. Уйғониб кетган бувим, болам китоб ўқийверса телба бўлиб қолади, деб уни топиб бўлмайдиган жойга беркитиб ташлади. Барибир китоб ёд бўлиб кетган... «Бой ила хизматчи»даги Жамилани, «Қутлуғ қон»даги Йўлчини роҳат кўрмай ўлиб кетганига сира чидамайман. Ииғлайвериб, қовоқларим ёнғоқ пўчоғидек бўлиб шишиб кетди. Мана шу «Севгим — севгилим»даги Ойпопукни ҳам ёзувчи ўлдирди. «Уфқ»даги Жаннат хола ёлғиз ўғлининг ғамида тўқайда, қамишлар орасида, ботқоқда фарёд уриб оламдан кўз юмади. «Кеча ва кундуз»да ўрисча билмайдиган Зебихон суд қилиниб Сибирга ҳайдаб кетилади. Телба бўлиб қолган онасини занжирга солиб Эшоннинг уйида калтаклайдилар. Унинг шеър тўқиб айтган фарёдига одам боласи чидаёлмайди.


Зеби, Зеби Зебона,
Мен кўйингда девона,
Заҳар қилиб ошингни,
Пирим еди бошингни.
Зеби, Зеби Зебарим,
Қайда қолдинг, дилбарим...

— «Кеча ва кундуз»ни қаердан топиб ўқидинг? — деди оқсоқол.
— Топтим-да, Ёзёвонимизда тўққизта одамда бу китобнинг қўлда кўчирилган нусхаси бор. Шулардан биттасини ўқидим-да!
— Ёзувчи китобни бошламасдан олдиноқ ким ўлади, ким қолади, белгилаб олади. «Олтин девор» билан «Келинлар қўзғолони»ни ўқинг. Уларда битта ҳам одам ўлмайди. Уларда ҳамма «Аршин мол олон»дагиларга ўхшаб мурод-мақсадларига етадилар. Шундай қилса бўлар экан-ку!
Умарали унинг бу гапларига қулоқ солиб ўтирар экан, китоблар тўғрисида болаларча чиқазган хулосаларини ўйларди. Қизгина ишлаб туриб кечки мактабни «олтин медал» билан тугатибди. Адабиётнинг қонун-қоидаларини мутлақо билмайди. Буни унга тушунтирадиган одамнинг ўзи йўқ. Ўзича тўғри-нотўғри хулосалар чиқариб юрипти. У жон-жахди билан китобга ёпишиб олган. Қува тарафларда унчалик кўп ўқийдиган китоб «жинниси» йўқ, деса бўлади. Қани энди унга бир раҳнамо топилса, Тошкентга ўқишга юборса. У дорилфунунда устозлардан сабоқ олса, яхшигина ўз сўзли адабиётшунос чиқармиди.
Ҳозиргина «Оқсоқол»дан эшитадиганини эшитиб дили вайрон бўлган Ғупра қовоқ-думоғини осилтириб ўтирарди. Умарали ёнида ўтирган Қуванинг котиби Эрматовга шу фикрини айтган эди, у ўйланиб қолди. Юзларини офтоб қорайтириб сополга ўхшатиб қўйган, қир шамоли лабларини пўрсилдоқ қилиб ташлаган бу қишлоқ қизининг бир кун келиб катта олим бўлиб кетишини сира кўз олдига келтиролмасди.
— Аввал менга айтинг, шу қишлоқ қизидан олим чиқадими?
— Чиққанда қандоқ. Катта олимларнинг кўпчилиги қишлоқдан чиққан. Бу қиз «Ўн йилликда» олган сабоғи билан ўзини билағон санаб, хар балоларни валдираб юрипти. Тошкентга борса эси кириб қолади.
— Агар шундоқ бўлса ҳар қанча харажат бўлса Қуванинг бўйнида.
— Ҳеч қанақа харажат бўлмайди. Дорилфунунга кирувчи қишлоқ болаларига имтиёз берилади. Ундан ташқари бу қиз кечки ўн йилликни «Олтин медал» билан битирган. Битта имтиҳон билан ўтиб кетади. Қолаверса Ўлмасбек билан иккавимиз қараб турмасмиз.
Ғупра «Оқсокол»га нима, арпангизни хом ўриб қўйиппанми! деб хурпайиб ўтирарди. Эрматов уни имлаб ёнига чақирди. «Оббо, энди райком бовадан ҳам гап эшитаман шекилли», деб ҳадиксираб олдига борди.
— Ўтир, — деди Эрматов худди ўз қизига айтаётгандек. — Тошкентга ўқишга юборсак борасанми?
— Бораман, — деди Ғупра ҳеч иккиланмай. Ғупралар оиласи Қашқадарёнинг Нишон районидан кўчиб келган. Отаси трактор кетида пахтага дори сепиб юриб ўпкасини хаста қилиб қўйган экан. Бу оила водийга тоза ҳаво истаб келиб қолган эди. Ўша кезларда Марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш жадал кетаётган эди. Шу баҳона бўлиб улар Ёзёвон фуқароси бўлиб қолган эдилар. Ота болаларини етим қолдириб оламдан ўтиб кетди.
— Рўзғорга қарашадиган сендан бошқа яна ким бор?
— Иккита акам бор. Биртаси Қўқонга қатнайдиган автобусда ҳайдовчи. Биртаси маиший хизмат комбинатида райкомларга, исполкомларга зўр костюмлар тикади...
— Ия, Алиқул «портной»нинг синглисимисан? У жуда кўп пул топадиган бойвочча йигит. Сенга ёрдам қилиб кундузги мактабга ўтқизмаган экан-да.
— Кўйинг, миннатли иш қурсин. Дадам ўлгандан кейин бундан буёқ ўз кунимни ўзим кўраман, деб аҳд қилиб қўйганман.
— Ундай дема, жигар ахир, мен айтаман, сенга Тошкентда кийиб юришинг учун бош-оёқ кийим тикиб беради.
— Бу гапни унга айтишнинг фойдаси йўқ. Медалимни бувим дадам раҳматлининг орден-медаллари билан сандикда сақларди. Ноинсоф акам бувимни алдаб, медалимни олиб, хотинига тиш ясатиб берипти. Қилдим тўполонни, қилдим тўполонни. Бу медал қийналиб ишлаб, қийналиб ўқиган пайтларимдан хотира бўлиб турсин, дегандим. Сиз, аканг сенга Тошкентда кийишингга бош-оёқ кийим тикиб беради, деяпсиз. Агар акам бировга текинга бирта тугма қадаб берса, ўша куни жони чиқиб кетади. Бувим келин бўлиб тушганда, катта ачам «юз очди» куни «кўрмана»га тилла тўғноғич берган экан. Шуни сандикдан олиб менга берди.
— Хафа бўлма, болам, бу сапсем тилла. Янгачангнинг қопламасига жез аралашган, — деб мени юпатмоқ-чи бўлди.
Тўғноғични бир пас томоша қилиб, кейин уни бувим-га қайтиб бердим. Бу тўғноғич бувимга қайнонасидан эсдалик. Қандоқ қилиб уни сира унутилмас бахтиёр кунини эслатадиган, эллик беш йиллик хотирасидан маҳрум қиламан.
Бу ишимдан бувим бечора андак кўз ёши қилиб олди. Марғилонда зўр тиш техниги бор, деб эшитган эдим. Ўшанга уч кун қатнаб росмона тиллодан қоплама қўйдириб келдим.
Унинг ҳикоясини берилиб эшитган «Райком бова»:
— Медали бўлмаса ҳамма имтиҳонлардан ўтиши керак бўлади-ку, — деди афсусланиб.
— Медални обориш шарт эмас. Ҳужжати бўлса бас. Медал эсдалик учун уйда сақлашга берилган, — деб тушунтирди Умарали.
— Беш йилдан бери топган пулларимнинг ярмидан кўпини кассага қўярдим. Пул устига пул туғиб ётибди. Бирта апачам сартарошга шогирд тушиб юрган тожик бала билан Душанбега қочиб кеткан. Бирта янгачам болалар боқчасида мураббий. Яна бирта янгачам яқинда «Жижилаган». Яъний бўшанган. Ҳозир эшикда жижи боқиб ўтирипти. Бувим парранда фермасида ишлаб ойлик ўрнига тухум билан пати юлинган товуқ олади. Лозимадаларини шунақа қилиб эплаб юрипти. Райком бова, агар бувим ўқиш қочиб кетмайди, аввал уни эрга бераман, деса, айтиб қўйинг, апамга ўхшаб қочаман-кетаман.
Эрматов: «Бу қиз «6ало»га ўхшайди. Тегирмонга тушса бутун чиқадиганлардан экан. Болалигиданоқ мустақил яшашга, биравга қарам бўлмасликка ўрганган. Бунақалар интилган ниятига етмагунча тинчимайди, деб», қатъий ишонди.
Ғупра бир дунё кувонч билан жойига бориб ўтирди. Аммо «Оқсоқол» яна эски гапни бошлади.
— Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб шуни айтадилар-да. Ойбегу Ғафур Ғуломларнинг биттаси Аб-дулла Қаҳҳор ака ўзимизга ҳамқишлоқ. У кишининг ҳамма китобларини мазза қилиб ўқиганман. Ғупра қизнинг гапида пича жон бор. Ҳамқишлоғимизнинг китобларини ўқиган одамнинг яшагиси келаверади. Бир куни келиб мен ҳам ўламан-ку, деган ўй калласига келмайди. «Мингбиржон» деган асарини ўқиганмисиз? Ўқимаган бўлсанглар албатта топиб ўқинглар.
Ана ўлади, мана ўлади деб кутишаётган бемор эшикдан олиб кирилган ўз тобутини деразадан кўрган, айвонда унинг жони узилишини кутаётган ғассолнинг овозини ҳам эшитган. У ўлимга тик боқиб у билан олишиб ётибди. Ёзувчи уни тирилтириб юборади. Ҳикоя охирида ўлимни енгган Мастура Алиевани от устида қарсиллатиб олма тишлаётган пайтини тасвирлайди.
«Севгим севгилим»нинг ҳам ҳар бир сўзини синчиклаб ўқиш керак. Ёзувчи сўз тагига сўз яширади. Ўша сўзни топиб ўқиш керак. Ойпопук нега ўзини нобуд қилди? У бошига қора кун тушиб, ўзини қўярга жой тополмай, энг яқинларининг мададга муҳтож бўлган бир пайтда, ягона яқин кишисидан эшитган бир оғиз ҳиссиз, бепарво сўз уни ўлдирди. Эй оғзи очиқ тилла тишли Ғупра қиз, китоб бошидаги сўзларни ўқимасанг, юрагим дош беролмайди деб охирини ўқимасанг. Шунинг учун ҳам ҳеч балога тушунмаган экансан-да. Ўтир, ўтире!
Ғупра паст келмаса бўлмайдиган. «Оқсоқол» уни буйдалаб ташлайдиган. Олишсам шармандамни чиказади, деб жойига ўтирди. Оғзи хам юмилди. Тилла тиши ҳам кўринмай кетди.
Аёл киши билан олишиб ҳам бўлмайди, бас келиб ҳам бўлмайди. Ҳатто паррандаларнинг ҳам урғочиси жонини тикиб «крнли жангга» киради.
«Оқсоқол» ҳам ана шунақа шаддод, гапни билиб-билиб айтадиган, ғурурини ерга урмайдиганлардан эди.
Ўлмасдан кўз узолмай унинг қошларига маҳлиё бўлиб ўтирган қиз ўрнидан турди.
«Гапга суқулмаган битта сен қолувдинг, сузилмай ўлгир» деган овоз чикди.
Қизлар карсиллаб кулиб юборишди.
— Бу китобни кечалари болишимнинг тагига қўйиб ётаман. Ҳар уйғонганимда олиб силаб-силаб жойига қўяман. Шуни ёзган йигитни бир кўрармиканман, деб нолалар қилганман. Мана, нолишим худога етиб, у билан рўбарў қилиб қўйди.
Бир бақалоқ қиз ўрнидан турди.
— Энди уни қўлдан чиқазма. Маҳкам ушла! Тўянанинг каттаси мендан. Битта қўй сендан айлансин.
Сузук кўз қиз нозланиб Ўлмасни «эритмоқчи» бўлди. Ўлмас Тошкентда не-не там-там қизларнинг «тузоғи»дан омон чиққан, бу масалада катта малака орттирган йигитлардан эди. Бу қизнинг ноз-карашмаларидан ичида кулибгина ўтирарди. Қиз унинг олдига китоб билан ручка қўйди.
— Шунга дастхат ёзиб беринг. Илтимос, синглим деманг...
Қўй тўяна қилмоқчи бўлган қиз гап қотди: «Севгим-севгилим, кўзларимнинг оқу қораси» деб ёзсинми?
Яна кулги, яна чапак бўлди.
— Кўп ёзинг, — деди у, — яхшилаб ёзинг, менга қараб туриб ёзинг.
— Отингиз нима эди, синглим? — деди қўлига ручка олиб дастхат ёзишга чоғланар экан Ўлмас.
— Отимми? Отим Роно. Ҳайрон бўлманг, ҳали тилла тишимни қўйдирганим йўқ. Шунинг учун оғзимди катта очмаяппан.
— Оилада битта қизмисиз, эркагина экансиз.
— Йў-йў, учта апачам бор. Ҳаммаси тилла тиш қўйди-риб олган. Энди очирт менга келган. Худо хоҳласа тилла тиш қўйдирганимдан кейин Тошкентга бораман, кўришиб қолармиз.
— Тошкентлик бечоралар умрида тилла тиш кўрмаган. Қўлингдан судраб телестудияга опкириб кетади. Ўшакда диктор бўлиб қолиб кетишинг ҳам мумкин, — қизларнинг калака қилиб айтган сўзларини ҳам «Рўнў» яхшиликка йўйди.
— Бўлиши мумкин. Ҳаётда нималар бўлмайди. —деб жавоб қилди уларга.
Дастхат ёзилган китобни оларкан биров эшитмайдиган қилиб секингина:
— Иккаламиз бирга сувратга тушайлик, — деди ҳар қандай эркакни эритиб, «уйғотиб» юборадиган ғалати ғамза билан.
— Кўпчилик — групповой бўлиб сувратга тушамиз,— деди Ўлмас.
— «Групповойда» ёнингизда ўтирсам майлими?
Ўлмас энсаси қотганидан индамади.
«Рўнў» бир қўли билан икки ёқасининг учини бирлаштириб, номаҳрам кўзи тушмасин, дегандек «ибо» 6илан келинчакларнинг саломига ўхшатиб энгашди, сузилиб дастхат ёзилган китобни олди.
У жойига кетаркан дастхатга нималар деб ёзилганини билишга қизиққан бесабр қизлар унинг қўлидан китобни юлқиб олиб қўйдилар.
— Вуй қизлар. Яқиндан кўрмадинглар-да. Қоши қуууп-қуюқ. Қоооп-қора экан. Соқол олганда бетига зўр одеколон сепаркан. Шундоқ гупиллаб ҳиди келиб турипти...

* * *
Умарали «бедана ови»га бормайди. Уни ёлғиз қолдириб кетолмай ўтирибман. Шунча одамни ўзим бошлаб келиб, ўзим бормасам қандоқ бўларкин. Умаралини ҳам боришга кўндиришим керак.
— Менга қаранг, беданага ўқ узганда тескари қараб ўтирақоларсиз, хўп, денг, домла.
У биз ўйлаганча таъсирчан эмаслигини билдириш учун, хўп, майли, борсам борақолай, деди ноилож.
Эрталаб Йўлдошали Анварга газетадан «қалам ҳақи» олиб келганда Тошкентдан Эркин редакцияга телефон қилиб, кечга яқин Яйпанга бораман, шерикларимизни хабардор қилиб қўйинглар деб тайинлаганини айтган эди. Демак кечқурун Эркин Воҳидов ҳам етиб келади.
Районга азиз меҳмонлар келадиган бўлса Хорунбой Эрматов албатта овга олиб чиқади. Бир кун олдин бедана кўп бўладиган жойга тариқ септиради. Улар тайёр донни ташлаб бошқаёққа учиб кетмайдилар. Ризқларини шу ердан териб юраверадилар.
Райпо битта чоғроқ бино қуриб қўйган. Унда тахтадан ясалган «қўлбола» йиғма столлар, скамейкалар, идиш-товоқлар, катта-кичик бир нечта қозон, темир ўчоқлар сақланади. Келгинди овчилар оёқости қилмасин, деб қўриқлашга милтиқли махсус қоровул қўйилган.
Ноябр бошланиши билан бу жой ҳувиллаб қолади.
Беданалар қаёққадир қишловга учиб кетадилар. Фақат кўкси қизил саъвалар қор титиб, қолган-қутган хўракларни териб, сайраб юрадилар.
Бадиий ҳаваскорлар кўригида магнитофон соврин олган болани одам юбориб олдириб келадилар. У ҳайвонлар, паррандалар овозига тақлид қилади. Булбул бўлиб, бедана бўлиб сайрайди. Хўроз бўлиб, ўрдак бўлиб қич-киради.
Жамоат жам бўлди. Энди овни бошласа ҳам бўлади. Тақлидчи «бедана бола» чап тарафдаги буталар орасига яшириниб «сайраш»га шай бўлиб турипти.
Ов бошланди. «Бедана бола» пит-пилиқ, пит-пилиқ, деб «сайрай» бошлади. Унинг орқа томонидан бир гала бедана патирлаб ҳавога кўтарилиб у томон учиб кела-бошлади. Чап томон мергани қўшоғиз милтиқнинг битта тепкисини босди. Олтита бедана ўқ еб, тап-тап қилиб ерга тушди. «Бедана бола» энди ўнг томонга эмаклаб ўтиб хашаклар орасига яширинди. Хашак орасидан яна «пит-пилиқ» товуши келди. Содда, лақма, бўш-баёв 6еданалар ўша томонга гурра кўтарилдилар. Ўқ узилганда уларнинг бештаси ҳавода питирлаб жон бериб, ерга тўкилди. Бу бегуноҳ, ювош жонворларнинг осмонда жон таслим қилиши ҳар қандай бағритош одамнинг ҳам юрагини эзарди. Тескари қараб ўтирган Умарали варанглаб ўқ узилганда «Одам боласи нақадар шафқатсиз» деб қўйди.
Энди бир томондаги мерган ўрнини Ўлмас эгаллади. Бола «сайраши» билан хавога кўтарилган беданалар Ўлмаснинг тепасидан париллаб ўта бошладилар. Ўлмас шошиб қолиб қўндоқни елкасига тирамай иккала тепкини баробар босиб юборди. Икки ўқнинг ниҳоятда кучли зарбаси қўндоқни фавқулодда бир куч билан силтаб юборди. Улмас орқасига ағдарилди. Ҳаммамиз баробар ўша томонга югурдик. Хайрият, уни шунчаки қўндоқ тепкан экан. Икки ўқи баробар отилган милтиқ қўндоғининг зарбига унча-мунча полвон мерган ҳам дош беролмайди.
Ўлмас ўнг елкасини силаб инграр эди.
Адҳам бир шиша арақ олиб келди. Унинг галстугини, ёқаларини ечиб елкасидаги тепки урган жойни очиб кафтига қуйган арақ билан бор кучини ишга солиб эзиб-эзиб, босиб-босиб ишқалай бошлади. У шишадаги арақ яримлагунча кафтига қуйиб уқалайверди. Адҳам қўли толгунча ишқалади. Уқалайверди. Бу хил уқалаш тўрт-беш марта қайтарилгандан кейин Ўлмас инграмай қўйди.
Ундан овоз чиқмагач, кимдир Адҳамга «Юрагига қулоқ тутинг» деб юборди ҳаяжон билан. Адҳам Ўлмаснинг очиб қўйилган чап кўксига қулоғини қўйди. У қулоғини кўкракдан узмай ўнг қўлининг бош бармоғини кўрсатди. Ҳаммамиз енгил нафас олдик. Икки-уч дақиқадан кейин Ўлмас кўзини очди.
Унинг ранги пахтадек оқариб кетган, «Ҳеч нарса бўлгани йўқ, ўтиб кетади» дегандек хижолатлик билан қийналиб жилмаймоқчи бўларди.
Адҳам шу пайтда ҳам ҳазилини қўймасди.
— Мени кўп ичасан, деб кўз очирмасдинглар. Мана, арақнинг ҳам фойдаси бор экан-ку! Сизлар ҳам тез-тез ичиб туринглар, — деярди.
Ўлмасни кўтариб келиб тўшакка ётқиздик. Унинг аҳволини кўрган Умаралига беданаларнинг питирлаб жон бериши ҳеч гап бўлмай қолди.
— Гап шу ерда қолсин, — дедим. — Гапни чувалатиб юрманглар. Ҳеч гап бўлмади деб ўйланглар. Хорунбой аканинг бу ишдан ҳали хабари йўқ. Қишлоқ хўжалиги вазири Уркинбоев келган экан, Қувадан одам келиб Эрматовни машинада олиб кетди. Бу воқеани у кишига ҳам билдирмай қўя қолайлик. Хижолат бўлиб юрмасин. Агар Ўлмаснинг хотини эшитса борми, қоқ ярим кечаси бўлса ҳам етиб келади. Уни зинғиллатиб Тошкентга олиб кетади.
— «ТИР»да ўқ ўрнига пистон солинган «Воздушка»ни отиб, мерганман, деб юрган экансиз-да, Бек ака, — дедим ҳазил қилиб. — Илгари шунақа катта милтикдан сира отмаган эдингми?
— «Воздушка»да кўп отканман. Уларни елкага тирамасдан отса бўлаверарди. Елкага қаттиқ тираб туриш кераклигини мен қаёқдан билай, — деди Ўлмас қилиб қўйган ишидан ҳали ҳам ўзига келолмай.
— Сенинг дадил бориб милтиқни олишинг, худди мерганлардек милтиқнинг уёқ-буёқларини кўришингдан, тажрибали овчига ўхшайди, деб ўйлашган бўлсалар керак.
— Милтиқни олдиму кўзимни чирт юмиб бошим устидан ўтаётган беданаларга қарата қўш тепкини босиб юбордим. Қўндоқ елкамдан бир қаричми, ярим қаричми узоқлиқда эди, ҳозир эсимда йўқ, билмайман. Иккала тепкини баробар босганимни биламан.
— Сени худо асради, — дедим. — Қўндоқ иягингга тегса нима қилардинг. Жағингни дабдала қилиб оғзингдан учириб чиқариб юборарди. Умр бўйи ямалган жағ билан яшардинг.
Ўлмас қилмишининг оқибати бу даражага етишини ўйламаётган эди. У радиода тўрт йил бирга ишлаган, фронтда жағини осколка майдалаб ташлаган дўстини эслади. У ниҳоятда хунук бўлиб кетган, оғзидан ҳамма вақт бадбўй ҳид келиб турарди. Ўлмас уни эслаб сесканиб кетди.
Ов тўхтади. Ўлжа беданаларни йиғиб келиб пақирда вақирлаб қайнаб турган сувга ботириб патларини юла бошладилар.
Водий йигитлари диди баланд пазанда бўладилар. Улар яланғоч беданаларни бир пасда тозалаб, пешноб билан иликдек пўст думба қиймасига кўк кашнич, ариқ бўйларидан териб келинган ялпиз, зира, зирк, жамбил қўша бошладилар. Улар бу масаллиқларни эрталабоқ уйда тайёрлаб тоғорада олиб келган эдилар. Шуларни беданалар ичига жойлаб, қоринларини ип билан чатиб доғланган ёғда қизартириб олдилар. Кейин бошқа қозонга босиб устига кўпгина серсув помидорни катта-катта бўлак қилиб тервб чикдилар. Қизил сабзи, саримсоқ пиёз, қизил лавлаги, жуда ҳам юпқа парракланган анча-гина оқ пиёзни чиройли қилиб териб қўйдилар.
Ана шундан кейин дамтовоқ зичлаб ёпиб қўйилди.
Фалокати ариган Ўлмас тамоман ўзига келди. Айниқса Адҳам «бир пиёлагина» ичириб қўйгандан кейин чордона қуриб, гапга тушиб кетди.
— Орият қилиб чидаб турдим. Елкада жон қолмаган. Қўл тегизсам ўлиқнинг баданига ўхшаб муздек-карахт. Хаёлимга нималар келмади, дейсиз. Гангренага — қора-сонга айланиб кетса нима бўлади? Албатта қўлимни ел-кам аралаш кесадилар. Энди қўлсиз юришимни ўйлаб хафа бўлиб кетдим. Адҳам ака арақ билан ишқаб, кучларининг борича қаттиқ-қаттиқ уқалаганларидан кейин қони қочган пучак томирларимга жимир-жимир қилиб яна қон қайтиб келаётганийи, ўлай агар, аниқ сезиб турдим. Сизга минг раҳмат, Адҳам ака! Энди сиздан умрбод миннатдор бўлиб яшайман.
— Бу гапни қўй, — деди Адҳам. — Арағимни тўлайсан. Тишимнинг кавагида асраб юрган арағим эди. Тўлайсан-а?
— Бўпти, беш баробар қилиб тўлаганим бўлсин, — деди кулиб Ўлмас.
Унинг кулгиси энди ўзига ярашди.
Бу кулги тани дарддан фориғ бўлган одамнинг кулгиси эди.
Пазанда йигит йиғма столга дастурхон ёзиб бир ликопчада анчагина «кўксомса» кўяр экан, бедана дўлма пишгунча эрмак қилиб туринглар, «кўк сомса» иштаҳани очади, — деди.
— Кўп еб қўйманглар, беданага ҳам жой қолсин —деб огоҳлантирди.
Аввалги куни Бешариққа кираверишдаги чойхонада самоварчи Ўлмасга исириқ тутатганида:
— Кўз тегмасин, хушрўй йигит экансиз, — деб хокандозни бошидан уч марта айлантирган, «Ёмон кўздан асрасин, бунақа ҳуснни худойим ҳар кимга ҳам беравермайди, суйган бандасига беради. Бу заифона чирой эмас, мардона чирой», деган эди.
Бугун «ҳасадгўй» такдир шу мардона чиройни кемтик қилмоқчи бўлди. Аммо эплолмади.

* * *
«Катта» Анваржондан бошқа яна тўрт фарзанд кўрган. Ўртанча ўғли Мухторали ювош, қўли гул дурадгор бўлди. Пойтеша чопканда тўсиннинг бетини ойна қилиб юборади. Атроф қишлоқлардаги иморат қурдирадиганлар албатта Мухторалини танлайдилар. У иморатнинг пойдеворидан томигача ҳамма ёғоч ишларини ўзи бажаради. «Катта» чойхоналарда жўраларига ҳасрат қилиб қолади. Мухторалини уйлаганимга мана тўрт йил бўлай деяпти, энди учта болали бўлди. Боласи кўпаймаганига диққат бўляпман...
Жўралар кулишади.
— Мунча бесабрсиз, мулла Муқим. Одам боласи қуён эмас-ку! Йилига ўн-ўн бештадан туғса. Мусулмончилик ҳам аста-аста-да. Ҳали қараб туринг, эшигингиз болага тўлиб кетади. Ҳазрат Муқимийнинг тупуклари кучини кўрсатади.
«Катта»нинг юзи буришиб сесканди.
— Ўша воқеани ўйласам ичимда микроб ғимирлаётганга ўхшайверади. Бефарзанд одамнинг тупуги... Э, қўйингге! Чиллали бола гулдан нозик бўлади деб ўйлашмаганини қаранг. Бола кўпайтириш бунақа бўлмайди-да. Мана, тўнғичим Анваржонни олайлик. Тупук аралаштирмасдан етти болага ота бўлди. Бунақа кетишда ҳа-ҳу, дегунча болани ўнтага етказиб қўяди. Кенжам Ҳамроали эркароқ, субутсизроқ чикди. Ўқишга ҳам, ишга ҳам бўйин бермади.
«Катта» феълда, қилар ишда отаси Нишон бобога тортди. Бир иш қиладиган бўлса етти ўлчаб бир кесарди. Фойдаси қанчаю зиёни қанча, ақл торозига солиб кўрарди. Фойда бермайдиган ишни иш демасди. «Катта узоқ йиллар мактаб директори, колхоз бухгалтери, иқтисодчиси, колхоз раиси бўлди. У мана шу лавозимда ишлаган пайтларда колхозга юлғичларни йўлатмади. Жамоат «нони»ни ўзи ҳам емади, бировга ҳам едирмади. Уйига колхоздан ақалли битта пиёз кўтариб келмади. Бумайрам эрига ҳасратини тўкиб солди:
— Отангиз қандоқ овқат чиқарсалар шуни ейишга мажбурмиз. Ўзингиз биласиз, ўғил бола кучли овқат ейиши керак. Бўлмаса катта бўлганда мижғов, нимжон бўлиб қолади. Ҳар куни бир хил овқат чиқаришади. Болалар бунақа бемаза овқатни емаймиз, деб кун ботмай оч-нахор ётиб қолишади. Уларга қараб ичим ачишиб кетяпти. Ана, чиқарган овқатларини бир кўринг.
Анваржон устига лаган бостирилган тоғорани очиб қаради. Тўрттагина жази бор, нон билан картошка қориштириб димланган «нон-палов».
— Болалар унга қайрилиб қарашмади ҳам. Тескари қараб ётиб олишди. Ўзимни айтмай қўяқолай. Хотин кишининг бировга айтиб бўлмайдиган харжлари бўлади. Тўрт тийинлик нарса. Шуни ҳам аптекадан насияга оламан. Собесдан болалар учун бериладиган нафақани почтачи «Катта»нинг қўлларига бериб кетади. Ўзим тийинга зор бўлиб қолавераман. Турақолинг, дадаси, гузарга чиқиб насияга бўлса ҳам гўшт топиб келинг. Йўлакай овсиним Тўхтанисани айтиб юборинг, ҳарқалай хотин киши, ёнимда бўлсин.
Анваржоннинг йўл пули харжланмай ёнида қолганди. Олтиариқли таниши машинасида олиб келган, уни Яйпанга ташлаб ўзи Бағдод томонга ўтиб кетган эди. Анваржон халта кўтариб гузарга чиқиб кетаётганда офтоб ҳали ҳам ўчмаган, эндигина тераклар орқасига ўтиб қизариб-бўзариб ботмоқчи бўлиб турарди. Кўча тўла бола. Улар кечки овқатни тўйиб еб, «ҳазми таом»га бир-бирларини қувлаб, шовқин-сурон билан кўчани бошларига кўтариб югуришарди.
«Катта»нинг невара-эваралари эса кўзларини очолмай бемажол ётишибди.
Чолни ваҳм босди. У тонг саҳарда ўн-ўнбешта иссиқ нонни қийиққа тугиб, Мухторалининг хотини Тўхтахонни эргаштириб кирди.
Кечаси билан тўлғаниб чиққан «Катта» неча мдрта уйғониб, неча марта ётди. Худоё шу сабийларга ўзинг шифо бер, деб илтижолар қилди. У тагида ўт ловуллаб ёнаётган қозонни ўраб турган болаларни кўриб, «хайрият-е, хайрият-е», деб уларга яқин борди.
Саҳар пайти Анваржон томорқадан танлаб, танлаб жўхори қайириб чиққан эди. Болалар қозонда сўтаси билан вақирлаб қайнаётган жўхориларга қараб қачон пишади деб туришарди. «Катта» бири иштонли, бири иштонсиз болаларнинг биттасини қўлтиғидан олиб кўтарди. Осмонга ирғитиб, ҳа, чўчоғингдан, ҳа, дингирингдан, деб завқ билан қийқириб кулди.
Бола пардек енгил эди.
— Бумайрам, — деди у ҳамон қувноқ кайфидан тушмай. — Бунинг мунча енгил, — деди инқиллаб ўтирган келинига.
— Оғирлиги сизнинг чўнтагингизда-ку, — деди жони оғриб турган Бумайрам.
Ҳеч қачон гапни жавобсиз қолдирмайдиган сўзамол чолнинг тили танглайига ёпишиб лом-мим деёлмай қолди.
У кеча кечқурун болалардан хабар олгани кирган эди. Улар айвонда «тўйбола»лардек шифтга тикилиб қатор ётишипти. Белини шол рўмол билан сириб олган келини айвон даҳанида инқиллаб ўтирипти.
Болалар «Катта»нинг кўзига озиб қолгандек, юзлари сўлғин бир алпозда кўринди. Уни ваҳм босди. Болалар илгари ҳам шунақамиди? Шу пайтгача эътибор бермагани учун ўзини ўзи койиди.
— Нима овқат едирган эдинг? Айниган овқат едириб қўймаганмидинг?
— Ҳеч нарса ейишгани йўқ. Оч-наҳор ётишибди. Сиз чиқазган овқатни кўриб «Бунақа бемаза овқатни емаймиз» деб ётиб олишган. Ўғлингизни насияга бўлса ҳам гўшт топиб келинг, деб гузарга чиқариб юбордим.
«Катта»нинг жаҳли чиқиб кетди.
— Нариги эшикда гўшт борлигини билардинг-ку, нега менга бир оғиз айтмадинг?
Бу гапдан Бумайрамнинг энсаси қотди.
— Айтмай қўяқолдим. Айтганим билан бари бир бермасдингиз.
Чол ия, ия, эри келиб, тили чиқиб қопти-ку, деди ичида. Кейин ўзига келиб, «жонидан ўткандан кейин тили чиқади-да», деб юборди.
«Катта»нинг бу гапни айтишга ундаган ичида бўғилиб ётган одиллик деб аталган қайсар бир кучнинг қалқиб юзага чиққанидан, садо берганидан эди.
У невараларининг анча сўлиб қолганини ҳам энди кўряпти. Шу пайтгача кўзинг қаёкда эди, деб ўзини сўроққа тутолмади. Ҳозир у ўзини ўзи жуда ҳам ёмон кўриб кетди.
Нораста болалар хисобига «тежамкорлик» қилганини, шуларнинг соғлиғини емирадиган «иқтисодий сиёсат» юргизганини қанчалик аччиқ, қанчалик аламли бўлмасин тан олишга мажбур эди.
«Воҳ!» деди пешонасига шапиллатиб ураркан. Шунча невара-эвараларимнинг қўлида ақалли битта қўғирчоқ, битта ўйинчоқ кўрмабман-а! Бошқаларнинг ҳовлиси ўйинчоқларга тўлиб кетган. Қайси эшикка кирсанг катта-кичик велосипедлар, самокатлар, тепкили машиналар, ётқизсанг инга-инга қиладиган, ёнбошлатсанг кўзини юмадиган қўғирчоқлар, бураб-бураб қўйиб юборсанг, ҳовлининг одоғигача гувиллаб борадиган жажжи автомобиллар, ҳар ер, ҳар ерда сочилиб ёткан шахмат, шашка, домино тошлари...
— Пул сарф бўлади, деб болаларимни шу қувончдан ҳам бенасиб қилибман-а!
«Катта» кейинги кунларда анча кучдан қолган, ҳар икки қадамда тўхтаб нафасини ростлаб олар эди. Мана, ҳозир у инқиллаб оғиргина тўрва кўтариб кирди. Болаларнинг ўрнини йиғиб, улар ивирситган полосни супураётган қизалоққа, бўлдингми, болам, тез-тез қимирла. Нариги эшикка бор, бу ерда қиз бола қиладиган иш қолмади, деди.
Шу пайт қушдек енгил бир кампирни етаклаб олиб киришди. У «Катта»нинг хотини Ойниса биби эди. Уни кагтаю кичик Эна деб атарди.
Эна ҳам айвонга чиқиб ўтирди. Ранг-рўйи ўчкан, тинмай инқиллаёткан келинига қаради. Унинг аҳволини кўриб ачиниб кетди.
Бумайрамнинг аҳволи оғир эди. Эркак одам хотин кишининг дардини билармиди. Унга атала қилиб ичириш керак. «Менга гапинглар бўлмаса аталага уринақолай», деди Эна.
У шундай деб ичкаридан бир пакет ун олиб чиқиб тапиллатиб супрага элай бошлади.
Эна ун элайтуриб келинига тез-тез қараб қўяр, шўргинанг қурсин, Бумайрам, келин бўлиб бирон кун рўшнолик кўрмадинг-а. Шу ахволда ўлиб нетиб кетсанг шунча бола чирқиллаб қолишини ўйладингми? Янги бўшанган хотиннинг лоақал уч-тўрт кун ётмай ишга уриниб кетиши, оч-нахор қолиши ўлим билан баробарлигини нахот билмасдинг? Бунақада бепушт бўлиб қолишингни ҳам билмасмидинг, деб ич-ичидан унга ачинарди.
«Катта»нинг шу пайт янги бўшанган чиллали хотинни бошига одам тўплашга бало борми? Ўзи бу чолга нима бўлган? Уч-тўрт кундан бери хуши ўзида эмас. Саҳарлаб туриб олиб айвон даҳанида ҳақ, деб ўй-ўйлаб ўтириб олади. Қаёққадир чиқиб кетади. Кечгача санқиб, чарчаб кайтиб келади. Ичкари уйга кириб чироқ ёқиб пул санайди. Яна чиқиб кетади. Рўзғорхонанинг калитини ташлаб кетмаганидан қозон осолмай кутиб ўтирамиз.
Охират кўзига кўриняптимикин?
— Бумайрам, Тўхтанисо, сен ҳам менга яқинроқ ўтир. Ҳой, Эна, сен ҳам кел.
Эна ўтирган жойида: — Айтаверинг гапингизни, қулоғим кар эмас, хаммасини эшитиб ўтирибман, — деди.
Кейинги кунларда «Катта»нинг Эна олдида обрўси қолмагандек эди. У эрига шарт-шарт гапирар, баъзан унинг оғиз очишига ҳам қўймай, силтаб ташларди.
Бунга сабаб, эшикда тўй қозонида хар куни «нон палов» дамланиши-ю, каттаю кичик шу «овқат»ни ейишга мажбур бўлиши эди. Эна етмишнинг нариёғига ўтган, тамсиз, жирсиз таомдан силласи қуриб, ўз тили билан айтганда, «ўлар холатга» етган, куч-қувватдан қолган хотин эди.
— Баққа кел. Ўтир, сен ҳам эшит, — деди «Катта» зарда билан.
Эна «майлис» ҳам ўлсин шу пайтда бўлмай, раислик отидан тушганингизга неча йил бўлди? Ҳали хам эгарда қўнқайиб ўтирибсиз, деб қўйди ғудирсиниб. У жаврай-жаврай Бумайрамнинг ёнига келиб ўтирди.
— Кўп таъна қилаверма, хотин. Энди эгардан бутунлай тушдим.
У ҳар хил, катта-кичик тугунларга тўлган тўрвани титкилаб, кичикроқ бир тугунчани олди.
— Манаву сенинг пенсия пулларинг. Почтачи қандоқ олиб келган бўлса, ўшандоқ турипти: Тийинига хам тегмаганман.
У тугунчани Эна олдига зарда билан ташлади. Унга бошқа гап айтмади.
«Катта» титкилаб иккита катта тугунни тўрвадан чиқазди.
— Бу Мухторали болагинамнинг хаппайи-ҳалол пули. Барака топкур, ётиб еса тамом бўлмайдиган пул топган. Ҳунар, ҳунардан унар, дейдилар. Ҳозир ҳам болагинам «Биби Убайда»да, заготзернонинг пажарниги Луқмонбекнинг эшигида ётиб ишлаяпти. Олиб қўй, Тўхтанисо!
У халтадан олган хом ғиштдек оғир, тўрт бурчак тугунни Бумайрам томон суриб қўйди. Кейин яна тўрвани титиб, кичикроқ тугунчак олди.
— Анаву катта, оғир тугун Анваржоннинг ўн беш йилда топган пуллари. Кичиги болаларинг учун собес юборган нафақа пуллар...
«Катта» манаву сенга, манаву унга, деб охири халтани бўшатди.
— Шу пайтгача сизларни ўз пенсия пулимга боқдим. Кучдан қолган чолнинг топгани «нон палов»га зўрға етарди. Энди бундан буёқ қозон-товоғингизни бўлак қилдим. Мени йиққан-терган пулим йўқ. Кўзим юмилганда ўраб-чирмаб, маконимга обориб қўйсанглар, бас. Фақат битта илтимосим бор. Шу илтимосим бажо бўлмаса, гўримда тинч ётолмайман. Тентаккинам Ҳамроалини топиб келиб, иссиқ-совуғидан хабар олиб туринглар. Ташлаб қўйманглар...
Анваржон гўшт олгани чиққанда қассоб бир гап айтганди:
— Отангга нима бўлган, ким кўринса сендан қарзимиз йўқми, қиёмат қарз бўйнимда кетмасин, деб рози-ризолик тилаб юрипти?
Анваржон ердан бош кўтариб ота юзига қаради. У бола бўлиб умрида биринчи марта ота юзига қараши эди. Ота кўзида ёш кўриб, ғалати бўлиб кетди. Ўрнидан туриб унинг бўйнига осилгиси келди.
— Болам, — деди «Катта», — гапларимга яхшилаб қулоқ сол. Биз бир хонадон уч хил одам бўлиб яшадик. Отам раҳматли Нишон бобо ирим-сиримларга муккасидан кетган оми одам эди. Мен шафқатсиз, золим ота бўлдим. Сен итоаткор, журъатсиз, забун бола бўлдинг. Сенинг шунақа бўлишингга мен, менинг шунақа бўлишимга отам Мулла Нишон сабабчи бўлган.
У ўғлига таънали қараш қилди.
— Гапирсангчи, забонинг борми, гапир! Ичингда армонларинг бордир, ахир? Айт, дардингни, тўкиб сол!
— Мен Тошкентга жуда катта ниятлар билан борган эдим. Устозлар, сендан катта ёзувчи чиқади, деб бағирларига олган эдилар. Сиз, ҳар ойда палон сўмдан юбориб турсанг Тошкентга борасан, йўқ десанг, Олчинда ёзувчилик қилиб юраверасан, деб шарт қўйган эдингиз. Сиз талаб қилган пулни Тошкентдек шаҳри азимда бир мусофир боланинг топиши мумкин эмасди. Шунга қарамай, ишдан бўш вақтларда вокзалга чиқиб ҳаммоллик қилдим. Мардикор бозорига ҳам бир-икки марта чиқдим. Мардикор ёлловчилар рангимни, жуссамни кўриб ёнимдан индамай ўтиб кетардилар. Идорада ҳушдан кетиб қолган пайтларим ҳам бўлган. Шундай меҳрибон, буюк истиқбол ваъда қилган устозларнинг юзига оёқ қўйиб, Олчинга қайтиб келдим. Сизнинг пулга ўчлигингиз, пулга тўймаслигингиз менинг келажагимга завол бўлди. Сиз учун «Олчин» бир мамлакат эди.
Мен ҳатто маҳаллий ҳам эмас, фақат маҳалла ёзувчиси бўлиб қолаётганимдан эзилиб кетаман. Бирга ишлаган, устозлардан бирга сабоқ олган ўртоқларим ҳозир номдор ёзувчи бўлиб кетишди. Бир-иккитаси «Халқ ёзувчиси» деган катта унвон эгаси бўлди. Сиз мени мана шу бахтдан бенасиб қилган отамсиз...
Энди «Катта»нинг боши эгилди. Елкалари қаттиқ-қаттиқ силкинди. Ерга икки томчи кўзёши тушди.
— Мен аҳмоқ, ризқингизни қийиб пул йиғибман. Шундай қилсам ўлиб кетганимда болаларим кунига яратади, деб ўйлабман. Бумайрам, сен доно хотинсан, кеча айтган гапинг ўла-ўлгунимча қулоғимдан кетмайди.
Бумайрам, нима деган эканман, деб унга савол назари билан қаради.
— Гўдаклигида тўйиб овқат емаган ўғил болалар катта бўлганда нимжон, қилтириқ, ланж, оғир ишга ярамайдиган бўлиб қолади, дегандинг.
У шундай деятуриб Анваржонга бир қараб қўйди.
Бу қарашнинг маъносини Энаси ҳам, Бумайрам ҳам, ҳатто Анваржоннинг ўзи ҳам тушунди. Ноқулай вазиятдан қутулиш учун пешонасини силади.
— Энди пул йиғишнинг ҳожати йўқ. Болалар катта бўлиб қолишди. Бирин-кетин ўз йўлларини ўзлари топиб кетишяпти. Катта эшигимиздаги томорқанинг кунботар томонга икки юзта терак қаламчасини қадаган эдим. Етти йилда йўғонлиги филнинг сонидек бўлди. Худо хоҳласа, бу тераклар сизларни камида йигирма йил боқади. Ҳар кесганда тагидан яна чиқаверади. Ўшаларни парвариш қилинса, ёнидан чиққан бачки шохларини кертиб турилса, бас. Бумайрам, сен уйим-жойим дейдиган яхши келин чикдинг. Шу бўш-баёв боламни сенга ишониб ташлаб кетаман. Сендан розиман, болам.
Бугун ҳамма невара-эвараларимни Қўқонга обориб, кабобга тўйдираман. Уйинчоқлар, қўғирчоқлар, музқаймоқлар, уст-бошлар, ҳар хил ленталар, бураб қўйиб юборса гуриллаб югуриб кетадиган автомобиллар, велосипедлар, шахмат-шашкалар, доминолар, портфеллар, қизиқ-қизиқ китоблар, бўёқ қаламлар олиб бераман. Бу мен золимнинг шу пайтгача тўйиб-тўйиб, тўкиб-сочиб овқат емаган норасталардан кечирим сўраганим бўлади. Йўқ, бунақа гуноҳни кечирим сўраш билан ювиб бўлмайди. Мабодо шулардан биронтаси ногирон бўлиб қолса, гўримга ўт қўйиб юборинглар. Шунда кўнгилларинг зора таскин топса.
У ўрнидан туриб, бўшаб қолган тўрвани эҳтиёт-шарт бир силқиб кўрди. Кейин уни оёғи тагига ташлади.
— Елкамдан босиб ётган юк, хайрият, ерга тушди. Энди қушдек енгил бўлдим.
«Катта» кўча эшиги томон кетаётганда босган қадами мўлжалга тушмай маст одамдек чайқала бошлади. У орқасига қарамай деди:
— Соат иккиларда катта эшикка автобус келади. Болаларни кийинтириб тайёр қилиб қўйинглар.

* * *
Эркин Воҳидов Олтиариқ марказидаги маҳаллада туғилган. Қариндошлари билан юз кўришсин, деб Адҳам уруғларига хабар қилиб қўйган экан. Бир пасда уни уруғ-аймоқлари ўраб олишди.
Эркин илгарилари ҳам Олтиариққа бир-икки марта келган, чет эл шоирлари делегациясини бошлаб келганидан фурсат тополмай уруғлари билан кўришолмаган эди.
Бошига нимчами, рўмолми, лачакми елвагай ташлаб олган хотинлар қатор эшиклардан югуриб чиқиб, унинг елкасига иккала панжаларини тегизиб омонлиқ, деб юзларига сурта бошладилар.
Хотинлар бири олиб-бири қўйиб гапга тушиб кетишди.
— Домла Воҳидовнинг худди ўзлари бўпти-қўйипти. Бола деган отага шунчалик ўхшайдими-я!
Хотинларнинг бири худди тоғамнинг ўзларини кўргандек бўлдим, деса, яна бири акагинамни кўргандек бўлдим, деярди.
Раис Файзиматовнинг имоси билан бешта скамейка, учта стол олиб келишди. Хотинлар топган-тутган пишириқларини дастурхонга тўкиб солдилар. Хотинларнинг ғала-ғовуридан ким нима деяётганини билиб бўлмасди.
— бёғининг тагига манаву жонлиқни сўйинглар, —деди Олтиариқнинг пичоғи кескир валломат фуқароси Маматожи Иброҳимов.
У бир қора қўчқорни думбасидан итариб даврага киритиб юборди.
Қўчқорни судраб Эркиннинг оёғи тагига олиб келишди. Қассоб, қани, шоир тоға, бир нима деворинг, деди.
Хижолат бўлиб турган Эркин менга қаради.
— Домламиз шатта турганларида мен гапирсам одобсизлик бўлмасмикин, — деди 6у иззат-икромлардан ҳаяжонга тушган Эркин.
Бу нима деяркин, деб ҳамма оғзимга қараб турипти.
— Эй, қўчқорвой, — дедим насиҳатга ўхшатиб. —Шунча халқ ўртасида буюк бир шоирнинг оёғи тагида жон бераётганингдан суюнмайсанми? Раисми, ревизорми, ферма мудирими кўздан панада сўйиб кабоб қилиб еб юборса хурсанд бўлармидинг? Бахтинг бор экан, кўчқорвой, сендан тарқаган авлодинг, отамиз ўзбек адабиётининг ривожига жонини тиккан фидойи қўчқор эди, шоир Эркин Воҳидовнинг оёғи тагида жон берган, деб мақтаниб юришади...
Бу гапимдан кейин одамлар қарсиллаб кулиб юборишди. Фақат бўйни ёғ битиб, қават-қават бўлиб кетган киши, ҳазил ҳам эви билан-да, деб тўнғиллаб даврадан чиқиб кетди. Кимдир, «Ферма мудирини ясаб ташладингиз! Аммо япиштирдингиз, ака!» деб юборди. Анчагача кулги босилмай турди.
Адҳам елиб-югуриб хизмат қиляпти. У турган-битгани фақат бурундан иборат бўлган бир кишини дастурхоннинг тўрига ўтказиб қўйди. Ё алҳазар, бунақа бурунни умрим бино бўлиб кўрмаган эдим. Кўйлак ёқасидан юқорисининг ҳаммаси бурун эди. У ҳар акса урганда залворли бурни силкиниб оғзини суриб қоқ миясига чиқариб юборар экан. Одамларнинг айтишларига қараганда оғзи қимирлашини кўриш учун томга чиқиб қараш керак эмиш.
У кўп аскияларга нишон бўлавериб, ҳазил-ҳузулларга кўникиб кетган бир беозор одам экан. Шундай давраларда унга ҳазил қилмасалар кўнгли ўксиб, нима бўлди, назардан қоляпманми, деб хафа бўларкан.
Шу одам Олтиариқ имомига мени ҳам ҳажга борадиганлар рўйхатига қўшиб қўйинг, деб илтимос қилганда, у: «Сиз овора бўлиб бориб юрманг, шайтонга тош отаётганларида димоғингизга тегиб шикастлаб қўйиган мумкин, яхшиси сизни «Ҳожи бадал» қилайлик, депти. Имом гапида туриб ҳаж сафаридан қайтишда «Ҳожи бадал» бўлдингиз, деган хушхабар билан бирга ҳужжатини ҳам олиб келган экан.
Олтиариқликлар бурун сўзини оғзиларига ҳам олмасдилар. Улар бурунни «Димоғ», «Ўғил сумак», «Дамский каблук», «Паспорт» деб атардилар.
Маматожи Иброҳимовнинг ўғли Қодиржон аскияга чечан йигит эди. Шу топда тили қичиб-шумлиги тутди.
— Эркин ака, ўзимизнинг Олтиарикдан чиққан боласиз. Мунча димоқ-фироқ қиласиз. Димоғингиздан эшак қурти тушади-я! — деб юборди.
Мен дарров жавоб қилдим.
— Қодиржон, эшак қурти тушса нима бўпти. Айтишга арзимайдиган гап бу. Ана, устоз Ҳожи отага қаранг, димоғларидан эгаак қурти эмас, тайёр тирик эгаакнинг ўзи ҳанграб тугаиб келяпти, — дедим.
Қийқириқ кулги қарсакларга уланиб кетди.
Олтиариқликлар «пучуқ» деб назарга илмаган, Ўлмас Умарбеков, Умарали Норматов, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Эшоновлар қаторида ўтирган Ўткир Ҳошимовга ғапга келган мезбонлардан бири, ҳой, бу беодоб кимнинг боласи, деб уни пойгакда турган болалар қаторига обориб қўйган эди. Ўткир яна жойига келиб ўтирди. Жаҳли чиқиб кетган мезбон келиб унинг қўлидан тортмоқчи бўлиб турганда тўхтатдим.
— Биласизми, бу ким? Бу Ўткир Ҳошимов деган зўр ёзувчимиз-ку, танимадингизми?
Мезбон гапимга ишониб-ишонмай довдираб қолди.
Бир хотин хокандозда тутуни буралиб-буралиб чиқаётган исириқ олиб келди. Ҳаммамизга бир-бир тутатиб, Ўлмасга келганда хокандозни унинг бошидан уч марта айлантирди.
— Хушрўйгина йигит экансиз. Олтиариқ аёлларининг кўзига дуо кетган, тикилганини йиқитади. Уни фақат исириқ-испанд тутатиб даф қилиш мумкин, — деди кулиб.
Қатор тизилиб турган болалар орасида бурнини кўргазмага қўйиб кўз-кўз қилса арзийдиган, хунук деса хунуклар ранжийдиган бир бола катта ёзувчиларга ҳавас билан қараб турарди.
Мен уни танирдим. У Тошкентга борганда менга ҳажвий шеърларини, ҳикояларини ўқиб берган эди. Ушандаёқ бўладиган бола эканини сезгандим. Агар йўлдан тоймаса, жуда зўр шоир ҳамда дидли-фаросатли носир бўлиб кетиши билиниб турган эди. Фақат, фақат ҳусн масаласи порлоқ келажагига соя ташлаб турарди. Бундай талантлар хунук бўлиб туғиладилар ва чиройли бўлиб тарихда қоладилар, дедим.
Хотинлар Эркинни туғилган, она бағрида биринчи марта кўз очиб оламни кўрган хонага опкириб кетишди. Анча ҳаяллаб кетган Эркин кўзлари қизариб хомуш қайтиб чикди.
Маслаҳат билан учрашувни темирйўл нарёғидаги тинчгина боғда ўтказадиган бўлдик.
Ҳозир пилла қурти даҳага кирган, қанча барг берсанг кўрдим демайди. Олтиариқ бутун Ўзбекистондаги номдор туманлардан бири. Ҳамма вақт олдинда юришга одатланган. Қишлоқ хўжалиги вазири Уркинбоев от миниб тутзорларни оралайди. Қурт боқаётган хонадонларга кириб, уни ундоқ қил, буни бундоқ қил, деб кўрсатма беради.
Бодринглар найчалаб қолган. Ўз ишига омил узумчилар валишларга «ингичка бел» новдаларини кўтаряптилар. Олд ғўзалар яганага кирган, ола жойларга махсус коғоз стаканда тайёрлаган кўчатларни қўйиб чиқишяпти.
Хуллас, туманда инқиллаб қолган кампирлару ҳали йўлга кирмаган гўдакларгина «бекорчи» эдилар.
Шундоқ иш қизиган пайтда туман марказида одам йиғиб учрашув қилиш таънайи маломатларга сабаб бўлиши мумкин эди.
Темир йўлнинг у томонида битта дала шийпонидан бошқа биронта одам яшайдиган уй йўқ. Биз жимжит деб танлаган жойда ўтирган одамнинг қулоғи шовқиндан том битади.
Қари толлар қуршовидаги ховузда бири-бирига мингашган сон-саноқсиз бақалар бутун далани бошларига кўтариб «сайрардилар». Ҳовуз худди қайнаётган қозонга ўхшарди. Бу чидаб бўлмас шовқиндан фақат қочибгина қутулиш мумкин эди. Мотоцикл миниб келган мухбир йигит, менда балиқ тутадиган тўр бор, бақаларни тутиб узоқроқ жойга обориб ташлайми, деб қолди. Шу пайт Адҳам ҳасипга тозаланган икки каричдан мўлроқ пуфлаб шиширилган ичак олиб келди. Уни чайқалиб турган сувга ташлаб кафти билан сувни суриб ўртага ҳайдай бошлади. Бақалар бирдан жимиб колишди. Кимдир тинимсиз шанғиллаб турган радиони ўчириб қўйгандек бўлди.
Ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит бўлди-қолди.
— Тамом, — деди Адҳам. — То ичакни олиб ташламагунимча миқ этмай ўтираверишади, бу муттаҳамлар.
Етмиш кишига мўлжаллаб жой қилинган. Адабиёт ўқитувчилари, ўнинчи, ўн биринчи синфларда ўқийдиган адабиётга қизиққан ўғил-қизлар, туман газетасида шеърлари, ҳикоячалари босилиб турадиган ёш ёзувчилар чақирилган экан.
Узоқ бригадаларга одам олиб борадиган усти ярим ёпиқ машина йигирма чоғли қизни худди консервадек қапиштириб олиб келди.
Эгарқош қилиб ўсма қўйган, майда ўрилган узун сочини бураб-бураб қилган турмакларини зар рўмол билан танғиб олган қизлар машинадан тап-тап қилиб ерга сакраб туша бошладилар.
Уларнинг пардоз учун ойна олдида анчагина овора бўлганлари билиниб турарди. Машинада қапишиб келганларидан баъзиларининг турмаклари тўзғиб, пардозлари чаплашиб кетган. Машина кетиши билан улар толзор орқасига ўтиб, бошқатдан пардоз қила бошладилар. Ечилиб, тўзғиб кетган ўрим сочлар яна турмак бўлиб бошга қўнди.
Биров машинада, биров велосипедда, биров пиёда келяпти.
Туфлисини қўлига олиб ялангоёқ тупроқ кечиб келган бир қиз одамларга орқа ўгириб чўнқайганча ариқда оёғини ювяпти. У туфлисини кийиб биз томонга ўгирилди. Ўлмас уни кўриб «оббо!» деб юборди.
Бу Қувадаги учрашувда, бирга сувратга тушайлик, деб Ўлмасни жон-ҳолига қўймаган Раъно-Рўнў эди. Уни кўриб ҳаммамиз баробар кулиб юбордик. Бизга қўшилиб «Рўнў»нинг ўзи ҳам куларди.
Учрашувдан хабар топган адабиёт ихлосмандлари Наманган, Андижон тарафлардан «Жигули»да, «Москвич»да етиб келган эдилар. Бир ашаддий китобхон Нориндан шу бугун эрталаб тутган олтмиш кило келадиган лаққани иккита ҳўл қанорга ўраб, «Москвич» юкхонасида олиб келган экан. У йўл-йўлакай қанор-қопга сув сепиб келган бўлса керак, юкхонадан ҳали ҳам чакиллаб сув томяпти. Лаққани уч киши зўрға кўтариб ҳовузга ташлашди. Ҳолдан тойган лакка сув бетида тўнтарилиб ўликдек ётарди. У сал фурсатдан кейин қимирлай бошлади. Кейин ўнгланиб думини ликиллатганича ҳовуз ўртасига сузиб кетди.
Учрашув қатнашчиларининг сони тўқсондан ошди. Янаолтита скамейка қўйиб уларни ҳам ўтқаздик.
Йиғилишни вилоят вакили сифатида Адҳам Ҳамдам бошқарадиган бўлди. Мен эса келган меҳмонларни бир-бир таништира бошладим:
— Менинг ёнимда ўтирган Ўткир...
Шундай дейишимни биламан, қизлар чувиллашиб, вуй, вуй, Ўткир Ҳошимов, деб ўрниларидан туриб кетишди.
— «Бахор қайтмайди»ни ёзган. Зўр ёзувчи. Алимардонни боплаган... Ўзи кичкинагина экан. Вуй, ҳали уйланмаган бўлса керак, жуда ёш экан. Буларга Навоий бободан мерос, соқоли кўксига тушгунча ҳам хотин олмайди.
— Биласизларми, қизлар, «Урушнинг сўнгги қурбони» асарини ўқиб йиғлайвериб, бўладиганим бўлди. Жуда оғир, юраги ёмон одам ўқиса инфаркт бўлиши хеч гап эмас. Ўқимаган бўлсанглар, топиб ўқинглар. Ўткир Ҳошимов ниҳоятда аянчли воқеани қандоқ чидаб ёзганига ақлим етмайди. Бу ёзувчини «Атомний ёзувчи» деб аташ керак. Ўзи кичкина бўлса ҳам портлаши ниҳоятда кучли. Раҳмат, Ўткир ака! Кечирасиз, ака дейми, ука дейми?
Қиз уни таърифлашга сўз тополмай қийналарди. Жуда кўп гапларни айтгиси келяпти-ю, ҳаяжонда айтолмаяпти.
Кўйиб берса бу китобхон қиз гапдан тўхтамайдиган кўринарди.
— Чап томонимда ўтирган Худойберди Тўхтабоев, —дедим қизнинг гапини бўлиб.
Худойберди ҳам бу томонларда жуда машҳур экан.
Қизлар, ўғил болалар «Сеҳрли қалпоқча», «Беш болали йигитча», «Номоз ботир» деб бири олиб, бири қўйиб, гапга тушиб кетишди.
— Кани энди, менда Ҳошимжоннинг қалпоғи бўлса, вой-бў, кўп ғалати ишларни қилиб юборардим.
Орқамга ўгирилиб, Анварга қарадим.
— Бу Анвар Эшонов деган ёзувчи. Танийсизларми, танимасанглар бир бошдан таништириб чиқай.
Бир қиз ўрнидан турди.
— Мен «Найманбўстон»даги ўрта мактабда адабиётдан дарс бераман. Уч кундан бери вилоят газетасида шу акамизнинг бир бет-бир бетдан ҳикоялари «Боши ўтган сонда, давоми келгуси сонда» деб босиляпти. Икки сонда қувалик машҳур колхоз раиси Мусажон Шербўтаев, унинг илғор хўжалиги тўғрисида жуда қизиқ, жуда ўқишли ҳикоялари босилган эди. Энди ўзимизнинг қаҳрамон раисимиз, ҳаммамизнинг меҳрибон отахонимиз Бозорбой Отақулов тўғрисидаги ҳикоялари давомли бўлиб босила бошлади. Ўқувчиларимиз у ёқда қолиб қишлоқликлар газета сўраб келаверишади, келаверишади. Шунча одамга қаёкдан газета топиб бераман. Одатда адабий асар ҳаётда бўлиши мумкин воқеаларни ҳикоя қиларди. Исм-фамилияси аниқ, иш жойи аниқ, қишлоғи аниқ одамлар тўғрисида биринчи марта ҳикоя ўқиётганимиз учун ҳам Анвар акамизнинг бу асарларига қизиққанлар кўпайиб кетди. Директоримиз Фарғонага машина юбориб, йигирмата газета топтириб келди. Раҳмат, Анвар ака. Шунақа ҳикояларни кўп-кўп ёзинг. Сизга бу хайрли ишингизда муваффақиятлар тилаймиз.
Қизнинг ичи тўлиб турган экан, яйраб-яйраб гапириб олди.
Навбат Умарали Норматовга келди. Уни ўтирганларга жуда болохонадор килиб таърифлай бошладим.
— Ўрта Осиё Давлат университетининг профессори, филология фанлари доктори... Умарали Норматов, —дедим.
Умрида тирик профессорни яқиндан кўрмаган учрашув аҳли худди ҳозиргина фазодан тушиб, ерга қўнган космонавтга рўпара келиб қолгандек ҳайрону лол қараб турардилар.
Сочлари оқариб кетган, кўринишидан кўп савдолар бошига тушгани билиниб турган кекса ўқитувчи Рисқиев ўрнидан турди. У эллигинчи йилларнинг бошларида «Ўткан кунлар» романи ҳамда Абдулла Қодирий тўғрисида болаларга гапириб бергани учун етти йилга кесилиб, тўрт йилда қутулиб келган эди. Уни билимли, тажрибали ўқитувчи сифатида тан олишарди.
Бироқ, байрамларда, ўқитувчилар кунида, Ғалаба бай-рамида ҳамма ўқитувчиларга чиройли конвертларда зар билан битилган табрикномалар топширишарди. Уни эса оғзаки табриклаб кўя қолишарди.
Маориф вазирининг ўринбосари Туробов Олтиариққа келганда вақт топиб Рисқиевга учрашарди. Иккови узоқ суҳбатлашар эдилар. Туробов бу келишида ҳам Рисқиевни суриштирди.
— Юрипти, ойлигига яраша ишлаб, — дея жавоб қилди директор.
— Ҳозир топтириб келолмайсизми? Келишимни 6илардингиз-ку, нега унга бир оғиз айтиб қўймадингиз?
— Ўзи шу ерда. Спорт залида дафтар текшириб ўтирипти. Ҳозир чақираман.
Туробов у билан эски қадрдонлардек қучоқ очиб кўришди. Директор ичида: «Бу Туробов хўп юрак ютган одам-да, таржимаи ҳолига сиёсий доғ тушган одам билан кўпчилик ўртасида ҳеч кимдан ҳайиқмай гаплашишини қаранг!» деб ўйларди.
— Дўстим, — деди у. — Энди бошингизни кўтариб юринг. Сизни чин дилдан табриклайман. Бугунги «Халқ сўзи»да профессор Умарали Норматовнинг Абдулла Қодирий ҳамда унинг асарлари тўғрисида жуда чиройли мақоласи босилган.
У папкасидан газета чиқариб унга узатди. Халқимизнинг ғурури бўлган Қодирий ва унинг асарлари доимо камситиларди. Аслида эса улар ўзбек адабиёти хазинасини бойитиб турган мумтоз асарлар эканини ёзади профессор.
Мақола охирида таҳририят бундан кейин ҳам Қодирий ижоди ва унинг ўлмас мероси тўғрисида туркум мақолалар режалаштирганини ёзган.
— Қодирийнинг тўла оқланиши, бу сизнинг ҳам оқланишингиз, таъна-маломатлардан қутулишингиз, деб тушунаман. Сизни табриклагани атайин келганман. Вилоятда мени кутишаяпти, — деб, тик турганча бир пиёла чойни шошиб ичди-ю, хайрлашиб изига қайтди.
Ҳозир Рисқиевнинг учрашувда пухта ўйлаб, лекин ҳаяжондан энтикиб-энтикиб айтаётган гаплари умрида туҳматга учрамаган, камситилиш нималигини билмаган одамга унчалик таъсир қилмаслиги мумкин. Лекин, адабиёт булоғидан бир қултум бўлса ҳам сув ичган шоиру ёзувчилар учун бу ҳолат ғоят таъсирли эди.
— Қодирий ҳамда «Ўткан кунлар» романи тўғрисидаги ҳаққоний мақолаларингизда буюк адибнинг шахси ва ижоди тамоман оқланган. Бу менинг ҳам оқланишим эди. Ана шундан кейин менга муносабат бутунлай ўзгариб кетди.
У ҳаяжонланганидан гаплари оғзидан бир текис чиқмас, жумлалари ҳам қовушмаётганини сезмасди. Буни учрашув аҳли сезиб турарди.
— Туманда, маорифда, кишлоқда, мактабда бош кўтариб юришимга йўл очиб берганингиз учун қуллуқ, профессор! Мен бировга совға берадиган даражадаги одамлардан эмасман. Қизим ўз қўли билан тиккан марғилоннусха шу дўппини ақл тўла бошингиз омон бўлсин, деб кийдирмоқчиман.
Умарали жавдираб менга қаради.
— Домла, — дедим дўппи ушлаб турган Рисқиевга қараб. — Профессоримиз умрида бирон одамдан совға олмаган. Лекин шу дўппини олади. У кишининг уйларига туруп, ўрикқоқи, анор орқалаб бола эргаштириб келишади. «Эти сизники, суяги бизники, ҳозирча уйингизда хизматингизни қилиб юрсин», деб болани ташлаб кетмоқчи бўлишади. Профессор уларнинг боламни ўқишга ўзинг киритиб қўй, демоқчилигини дарров тушунади. Қопларни ўзларига орқалатиб, кўчага чиқариб қўяди. Қайтиб кирмасин, деб эшикни ичидан занжирлаб қўяди. Эшик қўнғироғи то кечгача жиринглаб, охири қоронғи тушганда тинчийди.
Кекса ўқитувчи ихлос билан унинг бошига дўппи кий-дирар экан, энтикиб-энтикиб шу гапларни айтди:
— Раҳмат, раҳмат, эл олдида юзимни ёруғ қилганингиз учун раҳмат.
Ў кўз милкларини дастрўмол билан артиб, жойига бориб ўтирди.
Ўрта ёшлардаги кўзойнакли бир аёл қўл кўтариб сўз сўради.
— Касбим кутубхоначилик. Ҳозир биз билан суҳбат ўтказгани келган ёзувчиларнинг китоблари қандай ўқилаётганини аниқ рақамлар билан айтиб беришим мумкин. Ойбеку, Ғафур Ғулому, Абдулла Қаҳҳорлар гуркираган Тошкентдек шаҳри азимда бу ёш талантли укаларимизнинг борлиги унча сезилмаётган, улар соясида қолиб кетаётган бўлишлари мумкин. Аммо биз адабиётимизга тўлқин уриб, пўртанадек ҳайқириб янги талантлар кириб келаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.
Ўлмас Умарбековнинг китобларини болалар қўлига бердимми, тамом. Қайтиб ололмайман. Ота-оналари, қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари билан ўқиб, охири изини йўқотадилар. Шу билан китобдан умидимизни узиб қўя қоламиз. Кутубхонамизда Умарбековнинг учта китоби бор эди. Ҳозир биттаси ҳам йўқ. Навбатда турган саксон бир одам бекорга кутиб ўтирипти. Ўткир Ҳошимовнинг «Бахор қайтмайди», «Дунёнинг ишлари» китоблари қўлимиздан бир чиқиб кетганча қайтиб келмади. Йўқолиб кетди. Китобни олган боланинг ота-оналарига жарима ҳам солдик. Тўлади, барибир китоб қайтиб келмади. Салкам саксон бола бекорга навбат кутиб ўтирипти. Худойберди Тўхтабоевнинг йўриғи бошқа. Нашриётлар унинг бозоргир китобларини пешма-пеш кўп нусхада босиб чиқарадилар. Биргина «Сеҳрли қалпоқча» китоби ўзбек ва рус тилларида йигирма марта босилиб чиқди. «Номоз ботир», «Беш болали йигитча» китоблари кети узилмай дўконга келиб туради. Қани эди, нашриётлар Умарбековнинг ҳам асарларини шунақа тез-тез, кўп нусхада чиқариб турсалар. Кутубхонамиз лимит бўйича атиги бир нусхадан китоб олади. Ўзимиз сотиб олайлик десак, маблағ йўқ. Тўғри, райижроқўм ҳиммат қилиб Ибн Синонинг уч томлиги билан «Декамерон» деган китобни олиб берган. «Декамерон»ни болалар тарбиясига тўғри келмайди, деб ўзига қайтиб берганман. Кейин эшитсам, шунақа китобларни ўқиб юрибсанми, тарбиясиз, деб хотини «Декамерон»ни шоферига берибди. Илтимос, лимитни кўпайтиришга ёрдам қилсангиз. Ўлмас Умарбеков жавоб қилди:
— Биз ҳозир маслаҳатлашиб, кутубхонангизни оталиққа олишга қарор қилдик. Бундан буён янги китоблардан имкон борича юбориб турамиз. Бундан ташқари «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига июлдан бошлаб йилнинг қолган ярмига обуна ташкил қиламиз. Буни редакция ўз зиммасига олади.
Кутубхоначи опа кўзойнагини сумкасига солиб гапини давом этдирди:
— Ҳамюртимиз Эркин акадан гина қилишга ҳаққимиз бор. «Ёшлик девони» китоблари ҳамманинг қўлида. Уни дўконда пештахта тагидан хуфя сотишди. Биз ҳатто уни ушлаб кўрганимиз ҳам йўқ. Болалар ўқисин деб бирон нусхасини бизга бермадилар. «Буюк ҳаёт тонги» достонларини уйимдан опкелиб витринага қўйганман.
Эркин Воҳидов ноқулай аҳволга тушди.
— Опажон, шу бугуноқ, ҳозирнинг ўзида бу хатони тузатамиз, кутубхонангизга «Ёшлик девони»дан беш нусхасини бераман.
У шундай деб папкасидан бир даста китоб олиб узатди.
— Мана, бешта китоб. Манави олтинчисига дастхат ёзиб бераман.
Опа сумкасидан яна кўзойнагини олиб тақди. Қўлидаги китобга меҳр билан каради. Эркин то дастхат ёзгунча қимирламай қараб турди.
— Энди икки забардаст ижодкор қолди. Уларни яхши биласизлар. Кандай қилиб Эркин Воҳидов ундоқ шоир, Эркин Воҳидов бундоқ шоир, деб сизларга таништиришим мумкин? Ахир у Олтиариқ боласи, уни биз эмас, сиз бизга таништиришингиз керак. Мана, ёнимда Ўлмас Умарбеков ўтирипти. Уни яхши танийсизлар. Ёзган ҳамма асарларини ўқигансизлар. Бу ёзувчи тўғрисида айтмоқчи бўлган гапларингиз шундоққина тилингизнинг учида турипти. Эркин Воҳидов билан Ўлмас Умарбеков тўғрисида гапиришни ҳам олтиариқликларга ҳавола қиламиз. Учрашувни вилоят ёзувчилари бўлимининг раҳбари Адҳам Ҳамдам олиб боради. Адҳам Ҳамдам жуда қувноқ, гапга уста одам. Ёзган ҳикояларидан кўра оғзаки ҳикоялари машҳур. Учрашувни жуда қизиқ, файзли олиб боради деб ишонаман. Қани, Адҳам ака, энди ўз амалимни сизга топшираман.
— Бўпти, — деди у. — Аввал бир масалани ҳал қилиб олайлик. Орамизда Анвар учта бўлиб қолди. Анвар Эшонов, Анвар Муқимов ва Анвар Обиджон. Уларни адаштириб юбормаслик учун рақамлаб қўйишимиз керак. Анвар Эшоновни «Анвар рақам № 1», Анвар Муқимни «Анвар рақам № 2, деб атайлик. Ўзимизнинг Олтиариқли Анвар Обиджон деган бола ёзувчи сифатида тўла туғилиб бўлгани йўқ. Ҳозир ўғил боланинг сумагидеккина бўлиб бурни туғилган холос. Шунинг учун уни «Анвар рақам № 0,5», яъни «Яримта Анвар» деб қўяқолсак. Нима дейсизлар.
Эркин Воҳидов тўғрисида олтиариқликлар гапирсин деган таклифлар бўлди. Ҳар бир юрт фуқароси ўзидан чиққан истеъдод эгалари билан фахрланади. Уни кўз-кўз қилгиси келади. Эркин юртдошлари фахрланса арзийдиган шоир бўлди. Ўзбекистонимизда унинг шеърлари кирмаган биронта хонадон қолмаган. Айниқса ҳамюрт хонанда Қобилжон Юсупов унинг шеърларига ўзи куй басталаб, ўзи ижро этиб, шеър маънисини юрак-юракларга сингитиб юборган. «Ёшлик девони» китоби босилиб чиққандан кейин «ҳамюрт»лари кўпайиб кетди. Биров «Эркин Воҳидов бизнинг Бухородан чиққан» деса яна бошқа бирови, «Эркин наманганлик» дейди. Тошкент эса уни аллақачон ўзиники қилиб олган.
Эркин Воҳидов «Ўзбегим» деган ғоят гўзал, ғоят фикрга бой достонини эълон қилиб 6у «сеники, меники»ларга нуқта қўйди.

* * *
Эртага Тошкентга қайтмоқчимиз. Раис Файзиматов Олтиариқда бир пиёла чой ичмасдан кетсанглар яхши бўлмас, шунчаки ҳазил-ҳузил қилиб гаплашиб ўтирамиз, деб қолди. Эркинжон бирон йиғинда кўнглини очиб гапирмади. Ҳаммамиз у тўғрида нимаики билсак гапириб бўлдик. Бугун норасмий ўтириш бўлса ҳам, барибир гапирмаганига қўймаймиз.
Нўъмонжон аканикига жой қилдиришган экан. Бутун ҳовлига осмонни кўрсатмай қўядиган баланд ток сўри тагида ўтирибмиз.
Бу ҳовлига кўп келганман. Баргидан ҳосили кўп сап-сариқ пилладек «ингичка 6еллар»га қараган одамнинг кўзи қамашади. Еб тугатиб бўлмайдиган, сотиб адо қилиб бўлмайдиган 6у узумлар Нўъмонжонга жуда катта даромад келтирарди. Бирон ойларга қолмай Термиз тарафлардан қора чиллаки Тошкент бозорларига келади. Нўъмонжоннинг ўткан йилги узуми билан бу йилнинг узуми Тошкентда юз кўришади.
Бу йилнинг ҳусайнилари чиққанда ҳам барибир Нўъмонжоннинг ўткан йилги «Ингичка бели» бозорнинг олди бўлиб қолаверади.
Дастурхонга катта саватда «Ингичка бел» уйиб қўйилган. Мен бошламасам бошқалар қўл уришга ботинмай туришипти.
— Бу ўтиришга Эркинжон ҳам мезбон, ҳам жўрабоши. Қани, ярми тошкентли, ярми олтиариқли Эркин Воҳидов, бошланг.
— Майли. Аввало бир нарсани айтиб қўяй. Тошкентдан келган олти кишининг ҳаммаси Олтиариққа боғланиб қолган одамлар. Гапни Оқсоқолимиздан бошлай. Бу одам ўн беш йилдан бери Олтиариқ атрофида капалакдек айланади. Мен туғилган юртни ўраб турган Ёзёвон чўллари тўғрисида бир эмас учта роман ёзган. Шу чўл одамлари тўғрисида еттита китоб бостирган. Оқсоқолимизни ҳам олтиариқлик дейишга ҳаққимиз бор. Ҳозирги маъдан суви чиққан жойдаги санаторийдан ўн минутгина пиёда юрсангиз марказий Фарғона чегараси бошланадиган жойга «Оёқларингизни артиб, тозалаб киринг, қоидани
бузганларга бир қоп бодринг, бир қоп туруп жарима солинади, ва бурунларига уч марта зарб билан чертилади», деб ёзиб қўйишгани ҳали ҳам ёдимда.
— Бурни ҳам ўзимизнинг Олтиариқ қолипидан чиқ-қан, — дея қитмирлик қилиб гап ташлади Қодиржон.
— Энди Ўлмас ака тўғрисида гапирмоқчиман. Лекин гапларим беҳазил, жиддий бўлади. Менинг юртга тани-лишимда Ўлмас аканинг хизматлари беқиёс бўлган. Бу одам мен ҳеч ким танимайдиган ёш шоирни радиога чақириб шеърларимни бастакорларга бериб қўшиқ ёздирган. Зўр, зўр хофизларга айтдириб лентага туширган. Мен буни асло унутмайман. Ўша қўшиқлар то ҳануз радиода тинимсиз эшиттирилади. «Буюк ҳаёт тонги» достонимни ўз овозимда ёзиб олиб, биринчи марта радиода эшиттирган. «Ёз ёмғири» қиссасини ўқигансизлар. Асар қаҳрамони Раҳим Саидов Файзимат раис билан кўп учрашади. Шу колхозда илмий текшириш институтининг базасида жуда кўп тажрибалар ўтказади. Вильтга қарши ноёб препарат яратади. Агар Улмасжон Олтиариққа келмаса бу гапларни қаёқдан биларди. Демак Улмас ака ҳам Олтиариққа боғланиб қолган одам.
Хизмат қилиб юрганлардан биттаси конверт қўйиб кетди.
Ичини очиб қарадим. Хат. «Ўлмас ака, мени кечиринг, аввал ёзиб берган «Дастхат»ингизни қизлар олиб қўйишди. Илтимос, бошқа ёзиб берсангиз. Синглим, деб ёзманг, сал бошқачароқ қилиб, сал анақароқ қилиб ёзиб беринг. Сизга хамиша содиқ РЎНЎ».
Хатни Раисимиз Эркинга бердим. Эркин Ўлмаснинг олдига қўйди. Ўқиб, Улмас дод деб юборай деди. Бир пасда хат қўлма-қўл бўлиб кетди.
Эркин гапини давом этдирди:
— «Анвар рақам № 1» деб номланган Эшонов Файзиматовнинг асранди ўғлидек гап. Бир келадию қорнини тўйғизиб яна йўқ бўлиб кетади. Шундай пайтларда «Отаси» қўяверинглар, қорни очканда қайтиб келади, деб кулибгина қўя қолади.
Худойбердини таърифлаб ўтирмайман. Бу тарафнинг болалари уни яхши билишади. Ҳошимжоннинг сеҳрли қалпоқчасини орзу қилган болалар худди жевачка, пахта қанд, лой хуштак, ҳар хил шарлар бериб шиша оладиган лўлининг аравасига эргашгандек чувиллашиб Худойбердининг орқасидан югуришади.
Манави «Анвар рақам № 2» сизга таниш. Тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Битта айби: нафасни ҳам дадасидан сўраб ичига тортади.
Қодиржонни бир бола мен Ўткир Ҳошимман деб лақиллатмоқчи бўпти. Бир кўринг, ростдан ўша бўлса шунга қараб муомала қилайлик, лақиллатаётган бўлса детдомга топширворайлик, деб қолди. Ҳужжатини текширмадингларми, десам, ҳали раста бўлмаган болада ҳужжат нима қилади деди. Уни кўриб, ростдан шу Ўткир Ҳошим, деганимда ёмонам мулзам бўлди, Қодиржон бечора. У албатта Ўткирнинг кўнглини олади. Шу баҳона Ўткир ҳам бир нимали бўлиб қолади.
Энди манаву «Анвар рақам № 0,5», яъни яримта Анварни нима қиламиз? Уни бу аҳволда Тошкентга обориб бўлмайди. Келинглар, онасидан «Бошқатдан дурустроқ қилиб туғиб беринг» деб илтимос қилайлик.
— Э, 6у гапни айтканмиз, — деди Крдиржон. — Куч-қувватдан қолдим. Бундан ортиқ қилиб туғолмайман, деди.
— Бўпти. Энди буёғини ўзимга қўйиб беринглар. Қўқонда бурун таъмирлайдиган устахона очилган. Бошлиғи Тошкентлик қадрдонларимдан. Кеча унга телефон қилиб шундоқ, деб айтганимда ланжлик қилган эди. Қувалик ҳожи ака бурунларини таъмирлашга опкелганлар, бор чармларни ишлатиб қўйдик. Келаси квартал лимитидан тўрт метр қарз олдик. Агар беш метрча чарм топиб келсанглар, бажонидил яхшилаб таъмирлаб берамиз, деди.
— Беш метр кўплик қилмайдими? — дедим.
— Тепасига ҳам, ичига ҳам чарм қоплаймиз-да, ҳозир чарм топиш қийин. Яхшиси сунъий чарм қоплаб берақолайлик. У ҳам ёмон бўлмайди.
— Э, қўйинг, сунъий чарм ёзда — офтобда оқариб, қишда намдан шалвираб қолади.
Келажаги порлоқ биттагина бурунни таъмирлашга наҳотки Олтиарикда тўрт метр чарм топилмаса?
Олтиариқликлар чувиллашиб маслаҳатга тушишди. Чарм топадиган бўлишди.
— Энди навбат Умарали акага келди. Шу кишини яхшилаб таърифламоқчиман. Ўзлари қанилар?
Қодиржон жавоб қилди:
— Бизникида офтобда ўтириптилар. Боя ариқдан қўл юваман деб турганларида шогирдларидан бирининг дадасига учраб қоптилар. У ҳавлисидан ҳали қуримаган шилта гўнгларни қопда томорқага ташиётган экан. Ўзингиз биласиз, ҳўл гўнг ниҳоятда оғир бўлади. Бечора терга пишиб кетган. Умаралижонни кўриптию, э домла, сизни биз томонларга қайси шомол учирди, деб кела солиб бағрига босибди. Домланинг костюм-шимларига ҳўл гўнг ёпишиб расво қипти. Табиати тирриқ бўлган домламиз бизникига чўмилгани келдилар. Жиянларим костюм-шимни латта ҳўллаб артиб офтобга ёйиб қўйишди. Ўзлари душга тушиб тўнимга ўралиб офтобда ўтириптилар. У кишини энди қуритиб, кийинтириб олиб келаман деб турганимда келинингиз домла бир кепқоптилар, боламни кўтариб, дингирига туфлаб берсинлар деб бир яшар ўғлимни қўлларига бериб қўйди. Боласи тушмагур кўп сув ичиб қўйган экан шекилли домланинг кийимларига чоптириб қўйди. Костюм яна тозаланиб оф-тобга ёйилди. Тўнимга ўралиб яна офтобда ўтириптилар.
Водийнинг қаеридадир кал болалар шифохонаси бор экан. Анвар Эшонов шумлик қилиб бош шифокорини бошлаб кепти. Умарали домлани учрашувга олиб кетармиш. Болалар ўз қўллари билан тиккан дўппиларни кийдиришармиш! Ҳозир домланинг тоблари қочкан, тузалганларида Анваржон албатта оборади, дедик. Ҳеч бўлмаса кал болаларимиз тайёрлаб юборган дўппини кийдириб, улар ўз қўллари билан пиширган таомлардан едириб кетай, деб туриб олди. Борганда кийдирарсиз, деб зўрға уни жўнатиб юбордик.
— Энди домлани ўзим қўриқлаб, олдига одам йўлатмай олиб келаман, — деди Қодиржон. — Ҳу, эшик олдида домла келсалар кўришамиз, деб бурнини кавлаб турган мишиқи болаларни ҳам қувиб юборамиз.
Ош сузиш олдидан икки соқчи қуршовида Умарали Норматовни соғ-саломат олиб келишди.
Ўйин-кулги авжгачикди. Кобилжон қўшиқларни эзиб-эзиб айтиб турибди. Йўлдошали мотори ўчиб ерга қўнолмай «қийналаётган» самолётдек лапанглаб рақсга тушди.
Эркин Воҳидовнинг жўрабошилиги ана шунақа воқеаларга бой, қувноқ, сира эсдан чиқмайдиган ҳангомалар, нутқлар билан ўтди. Аммо-лекин маза қилдик. Ҳеч қаерда бунақа шодон ўтириш бўлмаганди.

Иккинчи бўлим
Ўлмас яхши-яхши ҳикоялари, ихчам, ўқишли қиссалари билан танилиб колган эди. Абдулла ака кўпинча, шу болани союз аъзолигига расмийлаштириб қўйиш керак, деб юрарди.
Эртага союзда секретариат бўлади. Бир нечта ёш ёзувчилар аъзоликка олинади, деб бизга хабар қилган эдилар.
Ўлмасни 1962 йилнинг август ойи ўрталарида «Москвич» машинада Абдулла Қаҳҳорнинг боғига олиб бордим.
— Домла, Ўлмасни эртага бўладиган секретариатда союзга қабул қилинадиганлар рўйхатига киритиб қўйсангиз, деб келгандик, — дедим.
— Шунақа дардларинг бор экан икки кунгина олдин келмайсизларми. Союзга кабул қилинадиганларнинг ҳужжати тайёр қилиниб, раисга топширилган.
Ҳар хил қаланғи-қасанғилар аъзоликка қабул қилинаверганидан қаттиққўл, талабчан, ҳеч бир томонга оғмайдиган Абдулла Қаҳҳорни шу комиссияга раис қилган эдилар. Абдулла ака аъзоликка қабул қилинадиганлар билан эринмай гаплашар, билимини, дунёқарашини, нималар ўқиётганини ўбдон суриштирарди. Хуллас, уларни «майда тароқ»дан ўтқазарди.
— Бўлмайди, — деди Абдулла ака. — Эртага союз аъзолигига мутлақо талантсиз, адабиётда бир ой ҳам умр кўролмайдиган ўткинчи одамлар қабул қилинади. Биттасини айтиб қўяқолай. Нажибулла Хабибуллаев деган бир лўттибоз! Билмадим уни ким оёғидан ўликдек
судраб олиб келди экан? Агар Ўлмас шунақа одамлар билан аъзоликка ўтишдан ор қилмаса, майли, қабул қиламиз. Менимча, Ўлмаснинг орияти бунга йўл бермас. Бир ойдан кейин яна секретариат бўлади. Ўшанда уни чиройлик қилиб аъзоликка ўтказамиз, — деди.
Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб қайтиб келяпмиз. Йўлда унга, хафа бўлдингми, дедим раҳмим келиб.
Ўлмас мулоҳазали, фикри тоза, сабр-қаноатли йигит эди. Сира хафа бўлмаганини айтди.
Эртасига навбатдаги секретариат бўлди.
Ҳайъат аъзолари жой-жойларида ўтиришибди. Эшик олдида Москвалик «ёзувчилар» Борис Привалов, Юрий Карасевлар ичкарига чақиришларини кутиб туришипти.
Раисимиз Яшин ака бугун аъзоликка қабул қилинадиганларнинг номларини ўқиди. Абдулла ака тажанг бир алпозда эди:
— Шуларни союзга олишимиз шартми? — деди у худди нимадандир ирганаётган кайфиятда. Булар адабиётга иш бермайдиган тўрт кунлик «меҳмонлар-ку».
Яшин ака Абдулла Қаҳҳорнинг қулоғига жуда паст овозда рўйхат юқорида тасдиқланганини айтди.
— Бўлмасам бундай қилайлик, — деди Абдулла ака баланд, хамма эшитадиган қилиб. — Сиз ўша юқори идорага беш-ўнта союз аъзоси деган ҳужжатдан бериб қўйинг. Бизни овора қилмай ўзлари аъзо қилиб олаверишсин.
Марказқўм котиби Абдулла акага нимадир демоқчи бўлди. Афтидан аччиқроқ гап айтмоқчилиги билиниб турарди. Аммо Абдулла Қаҳҳор билан олишиб бўлмаслигини билиб юмшади.
«Ёш ёзувчи»лардан иккитасини, шулар орасида Нажибулла Хабибуллаевни ҳам боре, нима бўлса бўлди, деб аъзоликка қабул қилдилар. Уларнинг «ижоди» тўғрисида Назир Сафаров, Раҳмат Файзийлар оғиз кўпиртириб роса гапирдилар.
Котиба эшик орқасида навбат кутиб турган Юрий Карасевни чақирди.
Унинг «ижоди» тўғрисида Шевердин билан Владимировлар гапиришди. Бу ажойиб, талантли таржимон ўзбек романларини маҳорат билан таржима қилаётганини, рус китобхонлари унинг таржимасида ўзбек романларини ўқиётганларини гапиришди. Энди ўз навбатини кутаётган Борис Приваловни чақиришди.
Унинг «ижоди» тўғрисида Александр Удалов билан Дмитрий Ковалев деган бугунги номзодларнинг оёғини «ялаб» юрадиган союз дастёри гапирди.
Абдулла Қаҳҳор билиб туриб, каерда яшайсизлар, деб сўради. Улар Яшин акадан мадад кутгандек илтижо билан қарашди.
— Нима учун Москвада союзга ўтмай биздан ўтмоқчисизлар? Москвада сизларни ёзувчи сифатида танимайдилар. «Контрабанда» усули билан биздан союзга ўтмоқчисизлар, — деди ачитиб. Сўнг Абдулла ака яна фаоллашди: — Союзимиз низомида ўзи яшаб турган ҳудудда аъзоликка қабул қилинади деб аниқ ёзиб қўйилган. Уларни биз союзга ўтқизолмаймиз...
Марказқўм вакили, хўп деворинг, оқсоқол, юқорининг розилигини олганмиз, деди юмшоққина қилиб.
— Мумкин эмас. Низомни бузишга ҳақкимиз йўқ. Агар бошқа масалалар бўлмаса мажлисни ёпиб кўяқолайлик, — деди Абдулла ака ўрнидан туриб.
Шундай деб ўзи чикиб кетди.
Союз аъзолигига номзод икки «Ёзувчи» серрайганча қолди. Уларнинг ҳомийлари Абдулла ака оркасидан ўқрайганча қараб қолдилар.
Келгуси секретариатга Абдулла ака қатнашолмайдиган бўлди. Зудлик билан чет эл сафарига жўнаб кетди.
Ўлмас Умарбеков йигирма биринчи сентябр куни Абдулла ака айтгандек бир чиройли бўлиб союз аъзолигига биронта қарши овозсиз қабул қилинди.
Марказқўм вакили уни табриклар экан секингина, шу жой сизники бўлади, деб кўйди.

* * *
«Абдулла ака кўргани келганлар билан хайрлашиб, менинг қолишимни сўрадилар. Ёнларига стул қўйиб ўтирдим.
— Сизга иккита маслаҳатим бор, — дедилар ҳар доимгидек жиддий оҳангда, кандайдир шу пайтгача мен сезмаган илиқлик, юмшоқлик билан.
— Эшитаман, — дедим у кишининг юзларига тикилиб.
— Сизни союзга ишга чақиришлари мумкин. Союздаги йиғилишларга қатнашиб юраверинг. Аммо ишламанг. Иккинчи гапим. Хотинингиз сизга жуда меҳрибон. Шуни қадрланг.
Абдулла ака шундай деб енгил жилмайдилар. Марказқўм вакили мени Ш. Р. Рашидов хузурига олиб бораётиб:
— ...«Ўзбекфильм»ни таклиф қилсалар, рози бўлма. Сени ёзувчилар союзига юборамиз — деди.
Ш. Р. Рашидов ҳузурида чиндан хам шу хақда гап бўлди. Абдулла аканинг маслаҳати дилимда бўлгани сабабли Шароф ака киностудия ҳақида гап очганида дарҳол розилик бердим. Тўғри қилдим. «Ўзбекфилъм» студиясида мен катта бир тегирмонга тушиб чиққандек бўлдим. Саккиз йил директорлик қилдим. Студия тарихида бунчалик узоқ ишлаган директор бўлмаган».
«Қизимга мактублар»дан.
...Ўлмас шу ерда кино сирларини, сценарий устида ишлаш, режиссёрлар билан ҳамкорлик килиш сирларини билди. Қанчадан қанча бадиий фильмлар яратди. Ҳатто чет эл режиссёрлари билан ҳамкорлик қилди. «Ўзбекфильм» унга катта ижод мактаби бўлди.
Қаттиқ ухлаган эканман, телефон жиринглаб уйғотиб юборди. Қарасам соат олтидан беш минут ўтипти. Ҳали тонг ёришмаган. Шошиб трубкани кўтардим. Яшин аканинг қабулхонадаги котибаси Любанинг овози:
— Соат саккизда секретариат бўлади. Тезда етиб келинглар.
Нима бало бўлдийкан? Оқсоқол ёзувчилардан биронтаси... Йўғе ҳаммалари соғ-саломат эдилар-ку! Яна ким билади дейсиз.
Саидахон билан етиб бордик. Союзнинг пленумлар ўтадиган катта залида одам кўп. Раиснинг кабинетида ҳам ҳамма секретариат аъзолари жамулжам бўлиб ўтиришипти.
Яшин ака секретариат мажлисини очди.
— Масала битта. Ёзувчи Ғани Жаҳонгировни ёзувчилар союзи аъзолигига қабул қилиш, олдиларингиздаги конвертда бюллетен тайёрлаб қўйилган. Қани, Абдуллажон, сиз қабул комиссиясининг раиси сифатида ўз вазифангизни адо этинг.
Абдулла Қаҳҳор:
— Мен бугун лавозимимдан воз кечаман. Умуман, бу одамни союз аъзолигига нолойиқ кимса деб биламан. Ана энди бу ёғини ўзингиз давом этдираверасиз, — деди.
Яшин ака қизиқ аҳволга тушиб қолди. Нима дейишини билмай охири жуда паст овозда, биров эшитиб, биров эшитмайдиган қилиб, ҳам қўрқув, ҳам ташвиш билан деди.
— Бу юқорининг топшириғи.
Гапининг оҳангидан айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, деган маъно сезилиб турарди.
— Бўлмасам, мен Абдуллажоннинг розилиги билан аъзоликка номзод Жаҳонгировнинг ижодий биографияси билан таништираман. Қани, ўзини чақиринглар.
Ташқарида жонини ховучлаб кутиб турган номзод кўзлари аланг-жаланг кириб келди.
Яшин ака уни таништиришни давом этдирди.
— Жаҳонгиров Ғани, асосан фольклор ҳамда болалар адабиёти билан шуғулланади. Унинг ёш теримчи тўғрисидаги эртак қиссаси ҳозир ёш китобхонларимизнинг севимли асари бўлиб қолган.
Абдулла ака захарханда қилиб савол ташлади:
— Муни карангга, дуруст-ку. Ўзи ёзганми?
— Шериги ҳам бор. Шеригини ўчириб ташласа ҳам бўлаверади. Жуда ювош одам.
Қорақалпоқ ёзувчилари телеграммани олиб союзда фавқулодда ходиса юз берганга ўхшайди, самолётни кутсак улгуриб боролмаймиз деб автобусда туни билан йўл юриб, келган эдилар. Жўлмирза Аймурзаевдан бошқа яна уч киши бемалол ухлаб ўтирардилар. Халқ шоири Жумамуротов бир-икки марта хуррак отиб юборди. Уни туртиб уйғотиб юбордилар. Бу хурракдан кўзлари очилиб кетган Ибройим Юсупов билан Қаипбергеновлар шоша-пиша биз бунақа одамни танимаймиз, деб бюллетендан номзодни ўчириб ташладилар.
Жўлмирзанинг ўғли безорилик килиб камалган эди. Катта раҳбаримиз Нукусга борганда унинг ўғлини бўшатиб юборишни ваъда қилган эди. Шунинг учун ҳам бугунги тадбир каттанинг розилиги билан бўлаётганини билган Жўлмирза у кишига ёқиш учун номзодга бирин-чи бўлиб овоз берган эди.
Абдулла Қаҳҳор бу қайсар, ўз сўзли қорақалпоқ ёзувчиларидан мамнун бўлиб ўтирарди.
Яшин ака Абдулла акани қўлтиқлаб бошқа кабинетга олиб кирди.
— Абдуллажон, дўстим, қайсарлик қилманг. Бу иш билан шахсан каттамизнинг ўзлари шуғулланганлар. У кишининг топшириқларини бажаряпмиз холос...
Абдулла Қаҳҳорнинг қайсарлиги тутди.
— Бу гапни нега секретариат аъзолари олдида айтмай, панада айтяпсиз? Юринг, одамлар олдида гапиринг.
Яшин ака жуда нокулай аҳволда қолди. Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, деган мақол шу топда жуда жойини топган эди.
Яшин ака қайтиб келиб, бўшашиб жойига ўтирди. Абдулла ака гапира кетди:
— Ҳар бири тўрт юз, беш юз саҳифалик бир неча қисса ва романлар ёзиб қўйган ёзувчилар, беш-олтитадан достон ёзиб эл оғзига тушган шоирлар, асарлари саҳналарда ижро қилинаётган талантли драматурглар қолиб, бу чала мулла одамни ёзувчи деб союз аъзолигига олсак, одамлар нима дейди? Ёши олтмиш-етмишлардан ошган оқсоқолларни тонг саҳарлаб уйғотиб шу ғўр, эртага ўзи нима бўлишини билмайдиган хомгўштдек одам учун безовта қилиш шартмиди? Зўрники тегирмон юргизади, деб нима дейишса хўп деяверасизларми? Уюшмамиз адабий утилсирёнинг омборига айланиб кетди-ку!
Абдулла Қаҳҳор зарда билан ташқарига чиқиб кетар экан, Фатхуллин ушлаб турган конвертни юлиб олиб чўнтагига солиб қўйди. Эшик тутқичига қўл узатар экан, орқасига ўгирилиб:
— Бугунги секретариатдан мутлақо норозиман. Бу масалани пленумга қўяман, — деди.
Фатхуллин секретариат аъзоси эмас. Лекин ҳаммадан олдин келиб олиб, одамларга акд ўргатиб ўтирарди. Хатто ёзувчиларнинг съездларида, пленумларида ҳеч ким сайламаса ҳам президиумга чиқиб ўтириб оларди.
Абдулла Қаҳҳорнинг чиқиб кетишидан фойдаланиб Жаҳонгировни худди думидан кўтаргандек қилиб союз аъзолигига қабул килишди.
Соат тўққизларда марказқўм вакили пленумни шундай сўзлар билан очди:
— Талантли ёзувчи, моҳир сўз устаси, болаларимизнинг севимли адиби Жаҳонгиров Ғанини пленум аъзолигига тавсия қиламиз. Номзодимизнинг ижоди ва фаолияти тўғрисида сўз айтиш учун Раҳмат Файзийни минбарга таклиф қиламиз.
Катта зал одамга тўлиб кетган, пленум аъзолари ҳам, бошқа ёзувчилар ҳам бир янгилик бўлади шекилли деб ўйлаб, пленум бошланишини сабрсизлик билан кутиб ўтирардилар.
Худди зилзила бўлаётгандек орқа томондагилар ўрниларидан туриб кетишди.
— Биз Жаҳонгиров деган ёзувчи борлигини билмаймиз.
Элликдан ортиқ одам ўрнидан туриб олган, шовқинни босиб бўлмасди.
Иброҳим Раҳим пленум аъзоларига бюллетен тарқатиб чиқди.
Холид Расул залнинг қоқ ўртасида ерга ўтириб олиб бюллетенни полга қўйди, номзоднинг номини мутлақо ўқиб бўлмайдиган қилиб ўчириб ташлади. Унинг тепасига келган марказқўм вакили, уят бўлади, уят бўлади, деди.
Холид Расул унга жавоб бермай залнинг охирига қараб кетди.
Ҳисоб комиссиясининг раиси — кўп жиҳатлари Жаҳонгиров қолипига мос келадиган, таланти Жаҳонгировдан хам анча паст, аммо берилган овозларни санаб чиқишда устаси фаранг бўлиб кетган Насрулло Охундий сайлов натижасини дазмолдан чиққандек сип-силлиқ қилиб қўярди. Бу гал унинг найранглари иш бермади. Бюллетен олганларнинг ярмидан кўпи бюллетендан номзоднинг номини ўчириб ташлаган эдилар.
Барибир Охундий бюллетенларни бошқатдан санаган бўлиб, яна ҳисобни учма-уч чиқазди.
Жаҳонгиров Ғани «кўпчилик» овоз билан пленум аъзолигига «сайланди».
Юқорининг вакили йигирма минутлик танаффус эълон қиларкан, тарқаб кетмай сабр қилишларини ўтиниб сўради.
Секретариат ўз ишини давом этдирди.
Ҳар бир секретариат аъзосининг олдига конвертда бюллетен қўйилган эди. Абдулла Қахҳор Фатхуллин олдидаги конвертни олиб, чўнтагига солиб қўйди.
— Кўриладиган масала битта. Жаҳонгиров Ғанини ёзувчилар союзининг секретариат аъзоси ҳамда ташкилий ишлар бўйича секретари қилиб сайлаш. Кимда қандай таклиф бор? Марҳамат, Иброҳим Раҳим, сўз сизга.
Иброҳим Раҳим раҳбарларга хос бўйнини ичига тортиб гап бошлади.
— Ҳозир пленумда ўз кўзларингиз билан кўрдингиз. Жаҳонгиров қанчалик обрўга, ҳурматга лойиқ эканини намойиш қилди. Барча ҳужумларга бардош бера олди. Ўзининг босиқлиги билан, бардоши билан рақибларини енга олди. Мен уюшмамизда ана шундай бир кишининг секретар бўлишини орзу қилардим. Бугун шу орзум рўёбга чиққанидан хурсандман. Эътиборларингиз учун раҳмат.
Бошқа гапирадиган одам бўлмади. Абдулла Кдххор шу чиқиб кетганича қайтиб келмади. Яшин ака Жаҳонгиров Ғани бир оғиздан уюшмамизнинг секретариат аъзо-си ҳамда секретари қилиб сайлангани билан ҳаммамизни табриклади. Секретариат ўн беш минутлардан кейин яна ўз ишини давом эттиришини айтди. Ҳаммамизни пленумга таклиф қилди.
Залга чиқдик. Ҳеч ким йўқ. Берилган бюллетенларни оёқ остига ташлаб кетиб қолишипти. Залда тўртта бола ўтирипти. Улар Охундийнинг югурдаклари. Қўл кўтарган, қўл кўтармаганларни санайдиган Охундий айтгандек қилиб ҳисобни учма-уч қиладиган болалар.
Секретариат яна ўз ишини тиклади. Ҳисоб комиссиясининг раиси Охундий ахборот бера-бошлади.
— Сизлар секретариат ўтқазаётганингларда мен пленумни якунлаб бўлган эдим...
Ҳеч ким унга пленум ўтқазишга сенинг нима ҳаққинг бор, деб сўрамади.
— Мен ҳеч қачон бунақа демократик, очиқ-ошкора фикрлар айтилган пленумни кўрмаганман. Ҳамма бюллетенларни ташлаб очикдан-очиқ овоз берамиз деб Жаҳонгиров Ғани номзодини дил-дилдан қувватлаб ўз фикрларини баён қилдилар. Менимча бу пленум уюшмамиз тарихида ёрқин саҳифа бўлиб қолади.
Секретариат ҳам худди ягана қилинган ғўзадек сийраклашиб қолган эди. Ҳар мажлисда бировга сўз бермайдиган Уйғун уйқуни афзал билиб пленумга келмади. Асқад Мухтор гапга аралашмай «Огонёк»ни варақлаб ўтирди. Лазиз Қаюмов Қўкрн пединститутида имтиҳон комиссиясига раис экан, келолмади. Рамз бошқа ишга тайинланган экан, бир кўриндию кетиб қолди. Воҳид Зоҳидов касалхонада. Одил Ёқубов пленумга атайин келмади.
Мажлис деса еб турган овқатини туфлаб ташлаб югуриб келадиган Назир Сафаров мажлиснинг гули бўлиб ўтирипти. У Жаҳонгировни бағрига босганча бир кун керак бўлиб қолар, деб бир неча дақиқа кучаниб, ўпкаси бўғзига тиқилиб қолгунча кўтариб турди. Зўриққанидан бир қизариб, бир бўзарарди.
То тушликкача уч пленум, тўрт секретариат ўтқазган союз раҳбарияти бугунги қизғин ўтган иш кунини якунлаб, янги секретар номидан пастдаги ошхонада тайёрланган зиёфатга йўл олди.
Ушбу сатрлар Ғани Жаҳонгировдек бир беозор одамни мувозанатдан чиқариб, нокулай аҳволга солганларга, ҳаётда ўз жойини тополмайдиган қилиб қўйганларга ўпкаю гина тариқасида ёзилди.
Аслини олганда Жаҳонгиров чиндан беозор, қўй оғзидан чўп олмаган, бировни маломат қилмаган тоза одам эди. Турли лавозимларда ишлаган кезлари хизмат юзасидан келганларнинг хожатини чиқариб, боз устига қўли кўксида, уларга раҳмат айтиб, метро бекатигача кузатиб қўярди.
Бу гапларни Ғани Жаҳонгиров баҳонасида ўз мавқеини кўтариб олиш ниятида елиб-югурганларга, ҳалол, беозор одамларни ноқулай аҳволга солган давр ўйинчиларига қарата отилган таъна тошлари деб билинг.

* * *
Кеча Ўлмасни уйига ташлаб ўтганимда бир зарур гапни айтиш эсимдан чиққан экан. Қувадаги бедана овида бир ўлимдан қолганингни Зуҳрога айтмай қўяқол демоқчи эдим. Уйига қўнғироқ қилдим. Трубкани Зухро кўтариб, «Лаббай, эшитаман» деди.
Трубкани шошиб жойига қўйдим.
Ўлмаснинг бу дунёдан кетганига беш йил бўлай деяпти-ку!
Ёш ёзувчи укаларим билан водийга қилган сафаримизни сўзма-сўз, қадам-бақадам, соатма-соат хотирлаб чиққанман. Уни уйига ташлаб ўтганим ҳам хотира эди.
Бу воқеа хотирага айланмасдан олдин уйига олиб келганимда Зуҳро буни нима қилдинглар, сочларидан, кийимларидан бурқсиб исириқ ҳиди келяпти. Кўйлаклари тутундан сарғайиб кетибди, деган эди.
Шунда ҳазил қилиб, эрингизни қаерга борсак исириқ тутатиб, ёмон кўздан асрадик, дегандим.
Кўз тегиш, кўзикиш деган гапларга ишонмасдим. Унга тез-тез «кўз тегиб» турарди. У Тошкентда аварияга учраб, бир ўлимдан қолди. Миниб кетаётган машинаси трамвай йўлига чиқиб кетиб, симёғочга урилиб тўнтарилиб қолди. Яхшиям трамвай сал узоқрокда келаётган экан. Хайдовчи тўхтатиб қолди.
Сирдарёда ҳам худди шунақа фалокат юз берган. Довондан ўтиб Қўқон томон кетаётганда хаёли қочиб машинани бошқоролмай қолган, машина бир неча марта думалаб кетган. Уни бошқа машинага судратиб, устахонага олиб боришган.
Машина минишнинг гашти бошқача бўлади. Табиат қўйнига сингиб кетаётганга ўхшайсан. Хаёлингга кўп чиройли гаплар келади.
Ўлмас ана шундай пайтларда ёзаётган ёки ёзмоқчи бўлган қисса ё романини ўйлаб кетади. Йўлда учраши мумкин бўлган хавф-хатарларни унутади.
Фалокат оёғинг остида, деб бежиз айтилмаган. Ана шу оёқ остидаги фалокат тўрт марта унга панд берди.
Кувадаги бедана ови пайтида содир бўлган фалокат Ўлмаснинг овга қизиқиб кетиб, ўзини унутгани туфайли юз берган эди.
Ўлмас кўзга яқин йигит эди. Уни кўрганлар орқасидан суқланиб қараб қолардилар.
Ана шундай пайтларда биз исириққа зўр берардик. Кўйинглар, керакмас, дейишига қарамай орқасидан қувиб, исириқ тутатардик. Уни ниҳоятда эҳтиёт қилардик. Кўнглига қарардик. Сафарга бирга чиққан ёзувчи укаларимиз уни «Қоғозга ўралган қантдек» авайлардилар.
Ўша сафаримиз хотирамга шу қадар ўрнашиб қолган эдики, бир нимани унутсам, ҳозир Ўлмаснинг ўзидан сўрайман, деб юборадиган бўлиб қолган эдим.
Аяган кўзга чўп тушар, деган гап бор. Ўлмас бизнинг аяган кўзимиз эди.
У оғир дардга чалинди. Ҳали Ҳиндистон, ҳали Москва касалхоналарида қилмаган муолажалари қолмади. Кундан-кунга ўлим хавфи бостириб келаверди.
Қодир худо эллик олтинчи йилда уни Зуҳро деб аталган «фаришта»га рўбарў қилган эди. «Мен уни чинакам бахт, чинакам вафо, умрингнинг охиригача ажралмас ҳамроҳ қилиб яратдим», деди Аллоҳ.
Зуҳрони Ўлмас билан ажал ўртасидаги ўқ ўтмас қалқон қилиб яратган экан Худойим.
Ўлмас ҳолдан кетиб, умр чироғи сўна бошлаган дамларда Зухродан қувват оларди. Шунда умр чироғи яна парпираб кетарди. Зуҳро Ўлмас учун махсус қувват манбаи эди.
Бу сатрларни ўқиётган кишилар Зухрохон Ўлмас 6илан бирга яшаб, бирон кун роҳат кўрмаган экан-да, деб ўйлашлари мумкин. Йўқ, ундай эмас. Эр-хотин иккови ёнма-ён туришининг ўзи Зуҳро учун туганмас роҳат, қувонч эди. У Ўлмаснинг дардига эм бўлаётганидан чексиз бахтиёр эди. Уларнинг жуфтлиги Тангри назари тушган жуфтлик эди.
Ўлмас ёзиши керак. Кўп нарсаларни ёзиши керак. Тўхтамай ёзиши керак.
Қани эди шифохонада бунга имкон бўлса?
Зуҳро шу тўғрида ўйларди. Кичкинагина тиқилинч палатада стол-стулга жой йўқ. Фақат тиззага бирон нима қўйиб ёзиш мумкин. Магазиндан патнис олиб келсинми, йўқ, бўлмайди. Патнис муздек, совуқ, унга тўғри кел-майди.
Шифохона подвалида синиб, яроқсиз бўлиб қолган стол-стуллар қалашиб ётарди. Зуҳро зора бирон нимага ярайдиган нарса топилиб қолса деб шу кераксиз бўлиб қолган буюмлар орасидан ёзув столининг эшигини топди. Чироққа солиб буни нима қилса бўлади, деб орқа-ўнгига яхшилаб қаради. Оғир эмас, енгилгина, тиззага қўйиб хат ёзса бўлади.
Зуҳро эшикни юқорига олиб чпқди, артиб тозалади. Ҳар хил дори ҳиди ўрнашиб қолмаганми, деб ҳидлаб ҳам кўрди.
Зуҳро шу ҳалоскор эшикни Ўлмасга кўрсатганда унинг кўзлари яшнаб кетди. Дарров тиззасига қўйиб, худди хат ёзаётгандек қилиб, бармоқларини юргизди.
Ўлмасга ёзиш имкони пайдо бўлганидан Зуҳро яйраб кетди. Ўлмас эса бу ноёб туҳфа учун миннатдор жилмаярди.
Ўлмаснинг жилмайиши Зуҳрога, Зухронинг меҳр билан боқиб туриши Ўлмасга мукофот эди.
Улар бир-бирларини самимий табассум билан мукофотлаган эдилар.
Бугун бизга етиб келган «Қизимга мактублар» шу эшикчага қоғоз қўйиб ёзилганини кўпчилик билмаса керак. Сарлавҳа тагидаги ёзувга кўзингиз тушгандир. Унга «Мангу дунё бўсағасида» деб ёзиб қўйипти. Бу унинг фоний дунёдан боқий дунёга кўчаяпман, дегани...
У шундай берилиб ёзардики, эртага жарроҳ бўғзига наштар уришини ҳам унутиб қўйган эди.
Ўлмаснинг ёзишга берилиб кетганидан Зуҳро хурсанд эди. У ўлимни унутиб, энди нималар ёзишини, қанақа китоблар чиқаришини Зухрога тўлиб-тошиб гапириб берарди.
«Учта китобни тайёрлаб қўйганман. Иккитаси келишиб ҳам қўйилган. Танланган қиссаларим Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чиқиши керак. Янги романим «Фотима ва Зуҳра» «Шарқ Юлдузи»да босилади. Уни «Ёзувчи» нашриёти ҳам чоп этиши керак. Уйда ўн бешта янги ҳикоям турибди. Яхши битта тўплам бўлиши мумкин.
Зуҳро диққат билан қулоқ солиб жилмайди.
— Худо хоҳласа шу ишларнинг ҳаммасини ўзингиз уйга қайтиб бориб бажарасиз. Мен ёрдам бераман.
Мен ҳам жилмайдим. Қўлини олиб кўзларимга суртдим... Ёзишга тайёр турган режаларим бор... Ҳикоялар, пьесалар, яна битта роман ёки пьеса, ёмон бўлмайди, шулар қоғоз юзини кўрса. «Оқсоқол» деган пьесам машинкада. Ҳамза театрига бериш керак...»
Ўлмас бош вазирнинг маданий ишлар бўйича ўринбосари эди. Наманганда ўтадиган ҳосил байрамига унинг рахбарлигида бир неча фан ва маданият арбоблари мах-сус «Тойото» микроавтобусида ҳангомалашиб йўлга чиқдик. Сафимизда машхур раққоса Малика Аҳмедова, академик Турсун Рашидов, шоир Ҳамид Ғулом, адабиётшунос олим Умарали Норматов, рассом Бахтиёр Бобоев ва бир неча санъаткорлар бор эди. Тошкентдан йўлга чиққанимизда офтоб чарақлаб турган эди. Ҳаммамиз енгил кийинганмиз. То етиб боргунимизча Наманганда хаво айниб, аччиқ шамол эсаётган экан. Совуқ шу даражада эдики, бирон пана жойга яширинмаса чидаб бўлмас эди. Беш-олтита бризент палатка ичига гулхан ёқиб меҳмонларга жой қилинган эди. Кирдигу гулханга қўл-оёқларимизни тутиб, исина бошладик.
Ўлмаснинг бунақа совуқда ўранмай ташқарида туриши қийин эди. Дадажонова бошидан жун рўмолини ечиб Ўлмасни оғиз-бурун аралаш томоғига ўраб қўйди.
Кенг саҳннинг хар ер, ҳар ерида иссиқ кийиниб олган кишилар гулхан ёнида мазза қилиб қийқиришиб ўтиришарди.
Юк машинасининг кузовига «Минбар» қилинган. Ўлмас республика хукуматининг «Ҳосил байрами» қатнашчиларига йўллаган табрик хатини ўқиб бериши керак. У минбарга рўмолга ўраниб чиқолмасди, албатта, микрофонни қўлига олиб ўқий бошлади. Совуқ хаво бирдан бўғзига урилиб энтиктирди, табрик охирига етгунча овози хириллаб қолди. Бора-бора нималар деятганини билиб бўлмайдиган ҳолга келди.
Минбардан тушиши билан печкаси аввалроқ ёқиб қўйилган енгил машинага ўтқазиб ҳукумат дачасига олиб кетишди.
Иссиқ, ҳамма қулайликлари бор дачага махсус малакали врач чақирилган.
Ўйин-кулги давом этарди. Камолиддин Раҳимов шўх бир қўшиқни бошлаб, Маликани рақсга тортди. Бу нозик раққоса совукда шамоллаб қолмасин деб иссиқ тўн кийдириб, белига қийиқ боғлаб қўйишган. Бошидаги телпак унга ниҳоятда ярашган эди. Камолиддин ашулани ашулага улаб, уни даврадан чиқиб кетишига имкон бермасди.
Бу байрам томошаларини бошқариш шоир Ҳабиб Саъдуллога топширилган. Ҳабиб бунақа ишларни ўрнига қўярди. Тошкентда ўтадиган тўйларимизда, юбилей зиёфатларимизда Ҳабиб даврани жуда чиройли олиб борарди.
Бундан ўттиз-қирқ йиллар олдин Андижонда яхши обрў билан ишлаётган, таги чустлик Дадажон Соҳибий шоир Ҳамид Ғуломни меҳмонга чақиради. Ўша куни у қиз кўрган, бу зиёфат шу хурсандчилик сабабли бўлаётган экан. Соҳибий Ҳамид Ғуломдан чақалоққа чиройли бир исм қўйиб беришни сўрайди. Шоир кўп ўйлаб ўтирмай, оти Дилшода бўлсин, дейди. Шундай қилиб Ҳамид Ғулом Дилшоданинг вакил отаси, яъни маънавий отаси бўлиб қолади.
Ҳабиб: «Ҳозир сўз област ижроқўми раисининг ўринбосари Дилшода Соҳибовна Дадажонованинг вакил отаси, машҳур шоир Ҳамид Ғуломга» деб эълон қилди.
Эрталабдан бери гулхан атрофида кайфчоғлик қилаётганлар бирдан жимиб қолишди.
Ҳамид Ғулом етмишдан ошиб кетган бўлишига қарамай қадди тик, гапга чечан, тингловчиларни гап билан «сеҳрлаб» қўядиган, уста нотиқ. У минбарга чиқиб одамларга таъзим қилди.
— Мен дунёнинг саксондан ортиқ мамлакатини кезиб келган Машрабдек дарбадар шоирингизман. Осиё ҳамда Африка мамлакатларида, Оврўпода мен бормаган жой қолмаган. Ёзувчилар, давлат арбоблари, машҳур рассомлар, бастакорлар билан дўстлашдим. Мен бу юртларда жонажон Узбекистонимиз манфаатини кўзлаб, улар билан талашиб-тортишиб қанчадан-қанча шартномаларга, дўстона борди-келдиларни ривожлантиришга алоқадор келишувларга имзо чекдим. Амирлар, президентлар ҳузурида бўлиб, конференциямизга келадиган арбобларнинг моддий таъминотини ўз зиммаларига олишларини илтимос қилдим. Кўп қийинчиликлардан кейин уларни маблағ ажратишга кўндирдим. У томонларда халқнинг ночор аҳволини кўриб, Ўзбекистон деб аталган жаннат юртда туғилганим ва шу юртда вояга етканимга минг-минг шукроналар айтдим. Намангандек гўзал шаҳар ҳуснига ҳусни вобаста Дилшодахон қизимнинг меҳри мени бу галги узоқ сафардан олиб қолди. Биз Дадажон Соҳибий билан қизимизга гўзал хулқ, одоб бердик. Ва ниҳоят уни интернационализм руҳида тарбия қилдик. Азиз ва муҳтарам наманганлик жигарларим, мен шу кичкинагина нутқимни шеър билан якунламоқчиман.


Кимки Ўзбекистон деса тилда бол,
Кўксини тог қадар кўтарар иқбол.
Минг фазилат берган Аллоҳ инсонга
Хам оддий фуҳаро ва ҳам султонга...

Куйганёрдаги боғимда шийпонга чиқиб Қорадарёнинг айқириб оқишини томоша қиламан.
Кейинги кунларда дарё қирғоғини чумчуқ босиб кетди-Канал мироблари суви чекиниб, очилиб қолган оролчаларга шоли экишган. Ҳозир улар ўриб олган боғ-боғ шолиларни шундоққина шийпон тагидан орқалаб олиб ўтадилар.
Чумчуқлар тўкилган шоли донларини талашиб-тортишиб чўқиб юрадилар.
Уларга лоқдек қоп-қора бир чумчуқ аралашиб қолган. Бошқа чумчуқлар уни ётсираб чўқиб ҳайдайдилар. Охири уни ташлаб бошқа ёққа учиб кетадилар. Қора чумчуқ эса улардан қолмайди. Қанчалик чўқиб ҳайдамасинлар бари бир ўзини улар тўдасига ураверади. Ажаб! Бу қандоқ сир-синоат бўлди?
Уруш арафаси эди. Бозордан карнайгул кўчатларини олиб келиб ҳовлимга эккандим. Шу гулнинг ҳидини ниҳоятда яхши кўраман. Кўпчилик уни назарга илмай қўйган. Ҳар хил атиргуллар ўшанда жуда обрў топган пайтлар эди. Маҳаллада ҳам, районда ҳам ҳеч ким карнайгул экмасди. Оқ, қизил, зангори, сариқ, тарғил гуллар орасида биттаси амиркон ковушдек қоп-қора бўлиб очилди. Ҳиди ҳам бошқача. Айниқса офтоб тушганда ажиб бир ҳид ҳовлини тутиб кетади. Қўшниларим бу ҳид қайдин келяпти, деб ҳовлимизга бош суқадилар.
Уруғини чумчуқ чўқиб кетмасин деб кечгача қўриқлаб ўтираман.
Демак бундан кўп йиллар олдин қаердадир шунақа гул бўлган. Ўзига мос иқлимни кутиб ётган. Шундай бир шароит бўлгану уйғониб кетган.
Қирқинчи йиллар бўлса керак, «Огонёк» журналида негр бола туққан оқ танли бир ёш аёлнинг қопқора бола кўтариб турган суврати босилган эди.
Вашингтонда машҳур «насли тоза» миллионер оиласида бунақа бола туғилиши кўп шов-шувларга сабаб бўлади. Ёш аёлни бузуқликда айблайдилар. Авлод шажарасининг сўнгги бўғинига доғ туширган, деб ундан юз ўгирадилар.
Эл олдида бош кўтаролмай қолган миллионер ота шажара китобини варақлайди.
Бундан уч юз ўттиз бир йил аввал боболарининг қора танли бўлгани тўғрисидаги ёзувга кўзи тушади...
Қаранг, қора чумчук, кора карнайгул, қора танли чақалоқ. Тасодифми, нима?
«Қазисан, қартасан, асли наслингга тортасан» деб бсжиз айтмаган эканлар-да, дсб ўйлаб қоламан.
Эрталаб Дадажонова Ҳамид ака билан икковимизни Ўлмасни кўргани дачага олиб кетди.
Дачанинг хоналари хам, кенг-узун йўлаклари хам бирдек иссик. Аллақачон соқолини олиб галстук тақиб олган Ўлмас ниманидир ўйлаб айланиб юрипти. Врач ёнига келиб томоғини ушлаб кўради, кўйлаги устидан кўкраги-га қулоқ тутиб хириллаш томоғининг қаеридан чиқаётганини билмоқчи бўлади.
Назаримда томоғининг хириллаши бир қадар камайгандек эди.
— Тошкентга кетмасам бўлмайди. Зуҳро хавотир олаётган бўлса керак.
— Водийга самолёт учмаяпти. Махсус самолётимизга хам рухсат йўқ. Жўрабеков Ўшга учиб келган. Андижонга келолмай ўтирипти.
Агар Ўлмас бир амаллаб Ўшга бориб олса Тошкентга учиб кетиши мумкин эди. Лекин бунинг асло иложи йўқ. Ҳар қандай уста, тажрибали, таваккалчи шофер ҳам Ўшга боришга журъат килолмасди. Ўлмасни бир нарса ташвишга соларди. Ўшга йўл очиқ экан деб Зуҳро самолётда йўлга чиқиб қолса нима бўлади? У телефон қилмасдан олдин ўзим қўнғироқ қилиб тинчитиб қўйишим керак. Биламан, у хозир дачага қўнғироқ қилади, деб ишонарди.
Шифокор унга қайноқ сут ичирди. Туршакдек сарёғ солинган қайноқ сутни дарров ютмасдан томоғида узоқроқ ушлаб туришини тайинлади. Шу пайт телефон зарб билан жаранглади. Навбатчи қиз трубкани олди, ким биландир гаплашиб, трубка микрофонини кафти билан босиб, Ўлмасга деди:
— Келин аям сизни сўраяптилар.
Ўлмас трубкани олар экан, врач унга қўл ҳаракатлари билан хаяжонланманг, ўзингизни босиб гаплашинг, ишорасини қиларди.
— Зуҳро, сизмисиз? Мен Ўлмасман, тинчмисизлар? Умида нима қиляпти...
Сарёғли қайноқ сутнинг таъсирими, Ўлмаснинг овози ниҳоятда тиниқ чиқарди. Зухро нималардир деяпти. Ўлмас бошини қимирлатиб қулоқ соляпти.
— Ўзим телефон қилмоқчи эдим. Ўшга уча кўрманг. Андижон — Ўш йўлини қуюқ туман босган. Аҳволим ёмон эмас. Ёнимда шифокор, хамшира бор. Ташқарига деярли чикмайман. Дилшода опа иуховой рўмолларини берганлар. Ҳозир ёнимдалар. Сизга салом айтяптилар. Мана, ўзларига бераман.
Ўлмас трубкани Дадажоновага берди. Икки хотин бири Тошкентда, бири Наманганда роса ўрисча-ўзбекча аралаштириб гаплашишарди.
— Не надо, не надо блогодарить. Қўйсанг-чи, это просто человеческие отношения и всё! Ўзинг қалайсан? Как Умида? Передай ей привет от меня, деяпман. Наверно тм соскучилась по мужу. Яхши, жуда яхши аҳволи. Здоров как бмк. Мана гаплаш. Ҳозир трубкани ўзига бераман.Телефон қилиб тур, хўпми?
Зуҳро Ўлмасни кўп гапга тутмади. Томоғи хириллаб қийналмасин, деб аяди.
— Бўпти, Зуҳро, ўзингизни эҳтиёт қилинг.
Ана шу гапдан кейин Тошкентда Зуҳронинг, Наманганда Ўлмаснинг кўнгли таскин топгандек бўлди.
Деразани очиб ташқарига қарайман. Бино шаҳарнинг энг баланд жойига қурилганидан туман унинг сатҳигача чиққану буёғига қурби етмай ҳолдан тойган эди.
Дача худди туман денгизи устида қалқиб турган кемага ўхшарди.
Ҳабиб Саъдуллонинг ниҳоятда вафодор дўстлари кўп эди. Меҳмон келадиган бўлса, албатта, уларнинг ҳаммасини чақирарди. Ҳавонинг бунақа кескин айнигани, меҳмонларнинг келиш-келмасликлари аниқ бўлмагани, келса ҳам узоқ ўтирмасликлари сабабли уларни чақирмаганди.
Даволаётган врач Ўлмаснинг шу совуқ туманда боришига рухсат бермади.
Бошқа меҳмонлар яйраб ўтиришибди.
Академик Турсунбой Рашидов суҳбати ширин, айниқ-са жиндек «отиб» олгандан кейин ўзини қўйиб юборади.
— Андижоннинг «Боғишамоли»ни ўрмонга айлантириш зарур. Унга илдизи бақувват дарахтларни кўп экиш керак. Одамлар адир ёнбағирларига иморатлар қуриб олишган, пастликда маҳаллалар пайдо бўлган. Мабодо ер сурилса — кўчки босса уйлар ҳам, одамлар ҳам тупроқ тагида қолади. Кучли насослар юқорига тинмай сув тортяпти. Одамлар тез ҳосилга киради деб шофтоли билан бодом экиб ташлаганлар. Бу дарахтларнинг илдизи юза, ёнбошидан оёғинг билан боссанг илдизи юқорига чиқиб қолади. Чинорни кўп экиш керак. Илдизи илонга ўхшаб ер тагига ўрмалаб кириб кетади. Буралиб-буралиб ерни маҳкам қучоқлаб олади. Кўчки бўлишига йўл бермайди. Мен ўзим сейсмолог олимман, биламан. Анди-жон актив сейсмик зона. Катталаримизга айтиб у жойга битта кичкина сейсмик станцияча қуришга рухсат олиб берсангиз. Фалокат юз бергандан кейинги «аттанг»дан фойда йўқ.
Ҳамид Ғулом бунақа жойларда ниҳоятда улфатнинг гули бўлади. Олимнинг интиҳосиз гаплари унинг оғиз очишига имкон бермасди.
— Турсунбой ака, бир маслаҳат. Академиянинг илмий кенгашини 6у ичкилик бор жойда эмас, Тошкентда, олимлар даврасида ўтқазсак дуруст бўлармиди дейман-да...
Рашидов эзмалик қилиб, одамларни зериктириб қўйганини сезди. Қўлини кўксига қўйиб узр сўради.
Барибир Ҳамид Ғуломга сўз навбати келмади. Дастурхонга ош тортилди. Ўлмас келмагани учун томоғимдан овқат ўтмади.
Бахтиёр Бобоев жуда талантли рассом. Ўзбек урф-одатларини билиб-билиб, тасвирга туширади. У шеърият нонини еб ўсган бола. Отаси дўстимиз Мамарасул Бобоев ўзбек шеърияти ривожига катта ҳисса қўшган шоир эди.
Кўпчилик рассомлар каби Бахтиёр ҳам ичкиликка ружу қўйган. Бу ҳол рассомлар оламида у қадар нуқсон саналмайди.
Ҳозир у то ўртага ош келгунча битта шишани бўшатиб, ошга фотиҳа ўқилгунча иккинчи шишани яримлатиб бўлганди.
У ичса ҳам гапидан адашмасди. Ҳатто ичгани сезилмасди ҳам. Ғайратий домла айтганларидек, ювошгина, ширингина беозор маст бўларди.
Дачага келганимизда Ўлмас:
— Мени деб сиз ҳам ош емабсиз. Зуҳрога телефон қилиб олай, кейин енгилроқ бир овқат ташкил қиламиз — деди.
Туман шу қадар қуюқлашган эдики, дачани оппоқ пахтага ўраб қўйганга ўхшарди.

* * *
Шаҳар ички ишлар бўлимининг бошлиғи полковник Абдуқаҳҳор Ғаппорий кўп дилбар, кўнгли очиқ йигит. У
республикада таниқли қўшиқчи шоирларнинг бири. Тошкентда ишлаган пайтларида Ўлмас билан борди-келди қилиб турган.
Шаҳарни туман босгандан бери Ғаппорийнинг тинчи бузилган. Машина тўқнашувлари кўп. Болалар боғчаларига махсус милиция ходими қўйилган. Шўх болалар чиқиб кетиб, туманда адашиб кўп ташвиш орттирган пайтлари ҳам бўлган.
Жамики йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари оёққа турган. Ғаппорий шу ишлардан ортиниб, икки-уч марта Улмаснинг ҳолидан хабар олиб кетди.
— Қанақа юмуш бўлса, тортинмай буюраверинглар,—деб қайта-қайта тайинлаган.
Маслаҳат билан Ўлмасни поездда жўнатадиган бўлдик. Шаҳар оппоқ туманга бурканган, дачадан икки қадамгина наридаги вокзалга етиб бориш бир муаммо бўлиб турарди.
Дадажонова Ғаппорийга телефон қилди. Хайрият, ишхонасида экан.
— Хизматингиз керак бўлиб қолди, шоир. Шефни Тошкентга жўнатишим керак. Туманда вокзалга қандай борамиз, деб бошимиз қотиб турипти.
— Бу ишни менга қўйиб беринглар. Ҳозир дачага етиб бораман.
У ўн беш минутларга қолмай етиб келди. Қанча одам кетади, кимлар билан кетади, суриштириб, кейин вокзал бошлиғига қўнғироқ қилди:
— Оқсоқол, иккита купени яхшилаб тозалатинг. Дизенфекция қилдиринг. Янги, ҳали печати бузилмаган кўрпа-тўшакларни тайёрлаб, иккита электр печи топиб қўйинг. «Ёз ёмғири»ни ўқигансиз. Ҳа, балли. Сиз билан мен тўғримизда ёзилган. «Севгим — севгилим»ничи? Аттанг, ўқимабсиз-да. Депутатлар хонасидаги қизлар йиғлаб-йиғлаб ўқишяпти, дейсизми? Сиз ҳам ўқинг. Мана шу китобларни ёзган акахонимизни кузатамиз. У кишининг тоблари йўқ.
Биласиз, милиция ўқи ўзган халқ. Бу ҳам камлик килгандек, у милиция полковниги бўлса. Боз устига шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлигининг бошлиғи бўлса, темир йўл станциясининг тинчлиги унга боғлиқ бўлса ва яна каттакон шоир бўлса. Унинг ўқи ўзмай, кимнинг ўқи ўзсин?!
— То Тошкентга етгунча купедан қайноқ чой узилмасин. Яхши, покиза, хушмуомала проводниклардан қўйинг. Беморни Тошкентда катта профессорлар кутишяпти. Ўлмас ҳадди сиғиб, яна бир илтимос қилди:
— Ортиқча эркалик қилаётганим учун узр сўрайман. Бизни Андижонда кутишяпти. Шерикларимизнинг Андижонга етиб олишларига хам ёрдам қилсангиз.
Ғаппорий папағини бир томонга суриб, чаккасини қашиди:
— Бир уриниб кўрамиз. «Балиқчи»дан ўтиш оғир. У ердан иккита дарё ўтади. Бири Қорадарё, бири Норин. Водийда туман энг қуюқ бўладиган жой. «Чинобод»га ўтиб олгандан кейин то «Олтинкўл»гача туман сийраклашади. Ўн беш-йигирма қадам йўл бемалол кўриниб
туради. У ёғига туман яна қуюқлашади. «Мингбулоқ»газ фонтанини тўхтатган, уни муттасил кузатиб турадиган мутахассиснинг юраги хуруж қилиб қолди. Жуда опитний шоферларимиз уни шу туманда зудлик билан Андижон клиникасига обориб қўйишди. Бу ишни хам шуларга топширамиз.
Ўлмас менга қаради. Унинг айтмоқчи бўлган гапидан хижолат бўлаётгани билиниб турарди.
— Сиздек ёши улуғ одамга иш буюраётганимдан хижолатман. Уйга телефон қилсам трубкани хеч ким олмади. Зуҳро Наманганга йўлга чиқмадимикин, деб хавотирдаман. Илтимос, хафа бўлманг, сиз шу ерда қолинг. Зуҳро телефон қилса, Наманган —Тошкент поездида кетди, денг. Эрталаб депутатлар хонасида кутсин. Агар у телефон қилолмаса, ўзингиз қўнғироқ қилиб, шу гапларни айтиб қўйинг.
Йўлга чиққанимиздан бери уйимга бирон марта қўнғироқ қилмаган эдим, энди телефон қиляпман. Нодира трубкани олди.
— Нега телефон қилмайсиз? Енгил кийиниб кетган эдингиз. У томонларда совуқ қаттиқ, деб эшитдим. Андижон поездининг бошлиғи Солиев деган ўртоғингиз телефон қилиб, иссиқ кийимларини опчиқинглар, олиб кетаман, деди. Нашида опам хам шу поездда кетадиган бўлди. Акром тоғам ўртоқлари билан чиқиб, кутиб олади. Иссиқ кийимларингизни опамга тугиб бердим. Тошкентдами? Ҳар куни чарақлаб офтоб чиқяпти.
— Ҳозир биз Намангандамиз. Эртага Андижонга ўтамиз. Ҳаммаёқ туман, ҳеч нарса кўринмайди. Ҳаво совуқ. Шерикларимиз куёвларга ўхшаб тўн кийиб юришипти. Айтганча, Дилшода опа сени, Камолани кўп сўради. Андижонга борганимиздан кейин албатта яна телефон қиламан. Ҳаммани сўраб қўй. Айниқса Камолани. Хайр.
Телефон жахл қилгандек, зарб билан жиринглади.
Трубкани олиб, — лаббай, эшитаман, — дедим.
— Илтимос, Умарбековни чақириб берсангиз.
Бу Зухронинг овози эди. Мен телефонни сал кўпроқ банд қилдим шекилли, ўшанда бир-икки марта чақирган булса керак. Овозимдан таниб қолди. «Мени кечиринг. Ўлмас акамнинг аҳволи қалай? Ўзлари билан бир гаплашай», — деди.
— Зуҳрохон, ташвишланманг, аҳволи яхши. Уни хозир Наманган —Тошкент поездига опчиқиб кетишди. Кўпчилик бўлиб Тошкентгача кузатиб боригаади. Докгор, хамшира, яна тўрт одам алоҳида иккита иссиқ, покиза купеда эҳтиётлаб кузатиб боришади. Эрталаб Зухро депутатлар хонасида мени кутсин, деб менга тайинлаб кетди. Ўлмас бир кун профессорларга кўриниб, эртасигаёқ Андижонга келмоқчи. Илтимос, юборманг. Ҳосил байрамини ўзимиз ўтказаверамиз. Келса, совукда касали авж олиб кетиши аниқ. Соғ одамни ҳам касал қиладиган хаво бўляпти. Тушундингизми? Ўтиниб сўрайман, юборманг. Хайр.
Дачада олти киши қолдик. Бемор одамнинг кўнгли нозик бўлади, деб ҳаммамиз Ўлмасни эҳтиёт қилиш билан овора эдик. У шу топда поездга чиқяпти. Ҳозир Тошкентга жўнаб кетади. Ўзи билан ташвишларимизни ҳам олиб кетяпти.
Энди ҳеч қандай тагавишим қолмади. Фикр-ўйларимдан ва яна нималардандир ажралиб қолганга ўхшайман. Кўнглим бўм-бўш.
Шунда хаёлимга ғалати бир фикр келди.
«Агар ҳамма ишинг битиб ташвишинг қолмаган бўлса, энди ўзингга бошқа бир ташвиш ўйлаб топ. Ёхуд кимнингдир ташвишига шерик бўл. Инсон ташвишсиз яшаёлмайди. Уни оёққа турғизадиган ҳам, ҳаракатга соладиган ҳам шу ташвишдир».
Шерикларим жимгина ўтиришипти. Улар ҳам менга ўхшаб ташвишини йўқотган. Бу дунёга ғанимат, уч-тўрт кунлик «меҳмон» Ўлмаснинг кўнглини олиш билан яшадилар. Энди У Тошкентга ҳаммамизнинг ташвишларимизни олиб кетяпти.
Қаранг! Бу дунёда ташвишсиз яшамоқ нақадар зерикарли!
Ҳамид Ғулом икки тиззасига шапиллатиб уриб, ўрнидан турди.
— Энди нима қиламиз? Бу ерга биров келолмаса, ўзимиз бирон жойга боролмасак, зерикиб ўламиз-ку, Битта йўл бор. Бу Бахтиёрнинг йўли.
— Э, яшаворинг-е, — деди Бахтиёр. — Қандоқ яшашни рассомлардан ўрганиш керак.
Ҳар галгидек Умарали 6у маслаҳатга хам кўнмади.
— Қўйинглар, шу пайтда кўнглингизга ичкилик сиғадими? Яхшиси шахматми, доминоми ўйнанглар.
Умаралининг гапи ўтмади. Бахтиёр шишанинг қопқоғини тиши билан аллақачон очиб бўлган эди.
У ёққа ағанадим, бу ёққа ағанадим, охири ухлаб қолибман.
Тушимга Сталин кирипти. Ели чиқиб кетган велосипедни етаклаб келаётган эмиш. Мендан, камера ямайдиган устахона қаерда бор, деб сўради.
Шу пайт қайдандир Анвар Эшонов пайдо бўлди. Ҳозир яматиб келаман, деб велосипедни ғилдиратиб кетди.
— Мен ўлганимдан кейин Никита оилангга хизмат қилиб турсин, деб битта машина бериб қўйган эди. Шуни ҳам Брежнев олиб қўйипти. Қизимнинг велосипедини вақтинча миниб турибман. Бугун Тошкент телевизорида Ёрматов деган биттаси оғзига нима келса қайтармай, роса жавради. Гўё Гитлер бир ўзбек шоирини «Қизил майдон»да дорга осмоқчи бўлганлар рўйхатига киритган эмиш. Бу рўйхатдан хабарим бор. Разведка бир нусхасини топиб келган эди. Унда бир нечта давлат арбоблари, саркардалар, ихтирочилар қаторида Илья Эренбург билан Иттифоқ радиосининг машҳур диктори Левитан ҳам бор. Агар тирик бўлганимда ўша Ёрматов деганни шаҳарнинг овлоқроқ жойига обориб, биронта қарағайга тилидан осиб келардим. Афсуски ўлиб кетганман-да, иложим йўқ.
Анвар камерани яматиб келди. Сталин «Велосипед миниш соғлиққа фойда», деб қизининг дамский велосипедига миниб жўнаб кетди.
Умарали мен билан домино ўйнамоқчи бўлиб кирган экан, қутичаси қўлидан тушиб кетиб уйғотиб юборди. Кўрган тушимдан гарангсиб турардим. Шунда Пушкиннинг «Нелар келмас мудроқ хаёлга» деган сўзларини эсладим.
Эрталаб Ўлмас Тошкент вокзалининг депутатлар хонасидан телефон қилди.
— Домла, кеча бир ишни хом қилибмиз-да! Поезд
Андижонда ярим соатдан ортиқ тўхтаб ўтишини айтиш ҳеч кимнинг эсига кемапти. Сизлар ҳам мен билан поездга чиқаверсанглар бўлар экан. Ғаппорий қайси поезд, кайси стансияда қанча туришини яхши биларди. Минг хил ташвиш билан бўлиб, шу гапни айтиш эсидан чиқиб қолган бўлса керак.
Лекин менинг эсимда бор эди. Умарбеков хотиним туманда йўлга чиқиб, сарсон бўлиб қолмасин, сиз шу ерда қолиб унга поездда кетаётганимни албатта хабар қилиб қўйинг, деб қайта-қайта илтимос қилганидан, демак, бирга кетмас эканмиз-да, деб тушуниб бу гапни айтмаган эдим.
— Бугунги поездда Андижонга келиб олинглар. Телефон қилиб айтаман. Кутиб олишади, — деди.
Унга бугун поездда боришнинг иложи йўқлигини, Чуст орқали келадиган поезд Наманганга кирмай Чортокдан Учқўрғонга бурилиб, кейин Андижонга етмай туриб «Харкўп» қишлоғидаги «Иккинчи Андижон» станциясига келишини, қаршисидан келадиган ҳар бир «қаланғи-қасанғи» составга қўл қовуштириб, йўл берадиган, жуда ношуд, жуда эпсиз поезд эканини тушунтирдим.
— Бир кун минг кун бўлмас. Эртага сен кетган поездга чиқамиз, — дедим.
Саксонинчи йилларнинг бошларида бўлса керак, ёзувчиларнинг ижод уйида берилиб ишлаётган пайтларим. Кўп қора кунлардан кейин энди тинчгина яшайман, деганимда Саидахон оламдан ўтиб, биттагина қизим билан иккавимиз мунғайиб қолдик.
Иш билан, ёзув-чизув билан овунаман. Тирикчиликдан нолимайман. Меҳнатимга яраша қалам ҳақи олиб турибман.
Қизимни узатганман. Невара ҳам кўрганман. Ижод боғида тинчгина у-буларни ёзиб, беташвиш юрган пайтларим эди.
Уюшмамизнинг раиси Яшин ака мен билан гаплашиш учун атайин кепти. У гапни узоқ айлантириб, охири Абдулла Қаҳҳорнинг боғини сиз сотиб олинг, деб қолди.
— Уни академиянинг президенти Салоҳиддинов сотиб олган эди. Икки-уч кундан бери кўринмай қолди.
— Юқоридаги энг катта ака, бу боғда фақат ёзувчи яшаши керак, Салоҳиддиновга ётиғи билан айтинглар, кўчиб кетсин, дедилар.
— Нима учун мен бу боғни олишим керак. Мендан бошқа ёзувчи йўқми? — дедим хайрон бўлиб.
— Уларнинг пули йўқ. Ҳар қалай сизнинг белингиз бақувват.
— Чўнтагимдаги пулларни санаб юрган экансизлар-да.
Яшин ака нима дейишини билмай ўнғайсиз бир ҳолга тушди.
— Бекорга овора бўлибсиз, оқсоқол. Кибриё опа боққа аллақачон харидор топиб қўйган. Ўрта осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний назорати раиси муфтий Зиёвуддинхон Бобохонов одамлари билан келиб қаерга азон айтадиган минора, қаерга ёзлик минбар қилигани мўлжаллаб кетишди.
Яшин аканинг бу гапдан хабари йўқ экан бўшашиб қолди. Ижод уйи директорининг кабинетига кириб қаергадир телефон қилмоқчи бўлди, бўшашиб қайтиб чикди.
— Каттамиз банд эканлар, гаплашолмадим. Бугун албатта гаплашиб бу савдо-сотиқни тўхтаттираман...
Гапимиз чала қолиб, Яшин ака шаҳарга жўнаб кетди. Эртасига у яна келди.
— Катта раҳбаримизга боғни сиз олаётганингизни айтдим. Маъқул, дедилар.
— Мен сизга боғни оламан, деб айтганим йўқ эди-ку.
Яшин аканинг жаҳли чиққандек бўлди.
— Хўп дейсизми, йўқ, дейсизми, энди фойдаси йўқ. Ғишт қолипдан кўчган.
— Олмайман. Менга кичкинагина боғча бўлса етади. Бу катта боғни эплолмайман. Олма сотиб, шофтоли сотиб тирикчилик қилиш қўлимдан келмайди. Мен ёзувчиман, боғбон эмасман. Бола-чақам кўп бўлса бошқа гап эди... Уйғун ака анчадан бери боққа кўз тикиб юрипти. Ушанга сотинглар.
— Абдуллажон Уйғунни хуш кўрмаслигини биласиз-ку. Кибриёхоним ўлақолса унга боғни сотмайди. Сиз гапдан қайтманг, Катта ака бир гапини икки қиладиганларни ёқтирмайди.
Ана шундан бери тинчим бузилган. Кибриёхоним тезроқ олди-соттини расмийлаштириб қўяйлик, деб тиқилинч қила бошлади.
Ҳужжат қўлимга теккандан йигирма кун ўтар-ўтмас боғ ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Шундоққина айвон тўғрисига ижод уйи учун янги кўп қаватли бино қуриш ишларини бошлаб юборишди. Мендан ўн метрча нарида тоғ-тоғ тупроқ уюмлари пайдо бўлди. Янги бинонинг подвали учун йиқилиб тушган одам соғ чиқиши гумон хандақлар қазилди. Ишни канализациядан бошлаш керак экан. Боғимнинг қоқ белидан икки тегирмон сув юрадиган траншеялар қазиб, қувурлар ётқизишди. Қанча мевали дарахтлар қўпориб ташланди. Дарахтларнинг илдизлари очилиб колди. Траншея қазиган трактор бетои деворни парчалаб чиқиб кетганча қайтиб келмади. Қурувчилар тушликни боғимга опкириб, гуллар орасида ёнбошлаб овқат қиладилар. Улар ўзлари билан олма олиб кетиш учун халта, узум олиб кетиш учун пақир кўтариб келишган.
Трактор кавлаб, кўммай ташлаб кетган траншеялар сувга тўлди.
Яшин акани қидириб уюшмага бордим.
— Бошимга бу кулфатларни сиз солдингиз. Боғ вайронага айланди, — дедим.
— Ташвиш қилманг. Ҳаммасини тўғрилаймиз. Қурилиш министрига айтаман. Ҳамма иш ораста бўлади.
Қурувчилар боғни «ўзиники» қилиб олганлар. Анорларни хом-хатала узиб оляптилар. Шиғил мева қилган тўрт туп беҳининг шохлари яланғоч бўлиб қолди.
Сарвар Азимов ижод уйига хеч кимнинг машинаси киритилмасин, боғни машина турадиган автостоянка қиламиз, деган топшириқ берипти.
Яшин ака ваъда қилган қурилиш министри одамлари кеч кузда ёмғир авжга чиққан, ҳаммаёқ пилч-пилч лой бўлиб кетган пайтда келди. Траншеяни кўмишга келган тракторнинг ўзи лойга тиқилиб қолди. Уни бошқа трактор шатакка олиб опчиқиб кетди.
Бу боғ бошимга битган бало бўлди. Матёқуб Қўшжонов боғнинг ҳеч жойи ўзгармасин, уни музей қиламиз, деб гапирмаган мажлис, ёзмаган газета қолмади.
Қурувчилар боғни вайрон килиб, дарахтларни қўпориб ташлаётганларида, олмаю анорларни шохи билан синдириб қоп-қоп қилиб олиб кетаётганларини кўриб туриб, нега индамади? Боғ ўртасидан канализация ўтқазиб ҳаммаёқни қазиб ташлаганда, деворларни бузиб, сув бостириб ташлаганда, нега бундай қиляпсизлар демади?
Янги корпусни қураётган ишчилар, усталар гулларни пайҳон қилиб узумларни яшикларга солиб, анорларни, беҳиларни қоп-қоп қилиб олиб кетаётганларини кўриб турган «Абдулла аканинг ҳимоячиси» Матёқуб нега чурқ этиб оғиз очмади? Агар шунчалик жонинг ачишаётган экан, боғни талончилардан ҳимоя қилмайсанми!
Йўқ, ундай қилолмайди. У фақат қаерда мажлис бўлса атайин бориб, боғни Саид Аҳмад вайрон қиляпти, деб дод солишни билади.
Бу хали ҳолва экан. Энг ташвишли, энг қийин савдо қор ёққанда бошланди. Эрталабгача айвонни тизза бўйи қор босади. Дарров кураб ташламасанг, устига яна қор ёғиб белинггача чиқади. Тахта полга музлаб ёпишиб қолган қорни кураб бўлмайди. Гаражнинг томи ҳам шу аҳволда. Гаражга машина қўйиб бўлмайди. Тахта орасидан оқиб тушадиган қор суви лойқаланиб машинани таниб бўлмайдиган қилиб юборади.
Айвон панжараларини олиб ташлаб, бир стол бўйи ғишт девор қилдик. Тепасига то шифтгача ром ўрнатиб ойна солдирдик. Бўяб бир чиройли қилиб қўйганимиз Кибриё опага ёқмади.
— Абдулла акангизни эслатадиган ҳеч нарса қолмапти. Ҳатто шифтдаги фанерни ҳам бошқатдан бўятибсиз.
Жаҳлим чиққанини кўриб, Кибриёхоним сал-пал тушунгандек, беш-ўн кун индамай, ишларимдан хато топмай юргандек бўлди.
Тўқсон учинчи йили Абдулла акани хотирлаб жонлиқ сўйиб, у кишини қадрлайдиган етмишдан ортиқ одамни чақириб, дастурхон ёздим.
Кибриё опа дастурхонимиз қурук бўлмасин, деб газ плитада элликтача патир-қатлама ёпиб берди. Қариндош-уруғларимдан аёллар хилма-хил пишириқлар кўтариб келишди. Дастурхонда пиёла қўйишга хам жой қолмади. Шу бугун сўйилган қўйнинг ичагидан ҳасип солинган.
Кибриё опа ўтирганлар олдига борар, патир қандоқ бўпти, қатлама қандоқ бўпти, ёқдими, деб бирма-бир сўрарди.
Улмас кулибгина опанинг ҳаракатларини кузатиб ўтирипти.
Кибриё опа ижод уйининг эски биносида дам олишга келган. Болохонага чиқиб ё бўлмаса липа тагида боққа қараб нималарнидир ўйлаб ўтиради.
Биламан, бу боғда, уйда, айвонда унинг ёшлиги, энг бахтли, осуда, беозор кунлари ўтган. Шу дарахтларни, шу гулларни ўз қўли билан эккан. Уларни кўрганда Абдулла ака билан бирга кечган масъуд кунлар жонлангандек бўлади. Шунинг учун бу жойда ҳамма нарса ўша пайтдагидек бўлишини истайди.
Опа дарахтлар ҳам одамга ўхшаб қаришини, қуриб ўтинга айланишини тасаввур қилолмайди. Кўп дарахтлар қариб, умрини тугатган. Қурувчилар қанчадан-қанчасини қўпориб ташлаганлар. Уч туп қарағайдан бошқа у эккан дарахт қолмаган.
Фақат гараж биқинидаги Абдулла ака яхши кўрадиган, негадир чумчуқ чўқимайдиган, ҳозир қариб ҳосилдан қола бошлаган гилосдан куртак олиб, олчага пайванд қилганман. Уни меҳмонлар ўтирадиган жой ёнига экиб, бемалол қўл чўзиб узиб олса бўладиган, шохлари дастурхон устига эгилиб турадиган қилиб ўстирганман.
Уйғун оламдан ўтгандан кейин у яшаган дачани Ўлмасга беришган эди. У билан ҳар куни кўришиб турамиз. Бугун Ўлмас, бир ош қилмаймизми, деб қолди.
— Янги сўйилган қўй гўшти соламиз.
— Бўпти. Қибрайга чиқиб, қўчқор гўшти топиб келамиз, — дедим. — Совлиқнинг ёғи ошни бузади.
Икковимиз Қибрайга бозор қилгани чиқиб кетдик. Қибрайдан то Қизил кўприккача бешта гўшт дўконида фақат совлиқ гўшти бор экан. Қизил кўприк самоварчиси жуда шинаванда одам. Уйида доим қўчқор сўйиб чойхонага олиб чиқади. У бизни кўрибоқ, битта чойни эрмак қилиб туринглар, ҳозир болалар олиб чиқишади, деб олдимизга чой билан патнисда у-бу келтириб қўйди.
Каттакон дастурхонда икки киши ҳали суягига болта тегмаган яланғоч қўчқорни кўтариб келишди.
— Ёғидан беш кило, гўштидан икки кило, тўшининг ҳаммасини шилиб берасиз, агар тозаланган пўстдумба топилса, ундан ҳам бирон икки кило...
У чаккасини қашлаб бир оз туриб қолди.
— Тозаланган пўстдумба 6ор-у, аммо бировнинг буюртмаси эди-да. Майли, сизларга буюрган экан. Бозордан тўғралган сабзи олманглар. Ичи пўк бўлиб қолган сабзиларни тўғрашади. Абдужаббор оғайнингизни олдига киринг. Тоғдан зўр сабзилар олдириб келган. Сувнинг нариги бети — сабзавот базаси. Бошлиғи Абдужаббор оғайнингиз-ку. Сўрасангиз йўқ демайди.
Базага кирдик. Абдужаббор Абдулла акани хотирлаш куни Ўлмас билан танишиб қолган эди. Бизни кўриб севиниб кетди. Унга мақсадимизни айтдик.
— Бизда килолаб мол сотилмайди, неча қоп сабзи керак? — деди кулиб. — Ризқи улуғ одамсизлар-да, қор тагига бостирилган сабзилардан ўтган куни беш-олти қоп олдириб келган эдим. Бир қоп етадими? Э, унақа майдакаш бўлманг-да, хеч бўлмаса ярим қоп олиб кетинглар. Ўратепаликлар қорга аралаштириб кўмиб қўйган сабзиларни божхонадан ўтказолмай, ўтган куздан то шу кунгача сақлаб ўтиришипти.
Абдужаббор машина юкхонасини ўзи очиб, ярим қоп сабзини қўйди. Картон қутида яна нималарнидир жойлади.
— Ўлмасжон селитрли нарса емасин. Алоҳида буюртма қилиб эктирган бодринг, помидорлардан қўйдим. Сижжак ариқларининг бўйида ҳали ҳам ялпизлар кўкариб турипти. Айтинглар, нима овқат қилишсин?.. Қозоғистондан вагон кутяпман-да, бўлмасам ўзим бориб ош қилиб берардим.
Бир бола икки бойлам жамбил олиб келди.
Абдужабборга раҳматлар айтиб, орқага қайтдик.
Ишимиз ўнг келганидан суюниб, қайтиб келдик. Липа тагида ижод уйининг директори Сергей бизни кутиб ўтирган экан.
— Кибриё опа боққа кириб кетганига бир соатдан ошди. Ҳалигача чиқмади. Хавотир оляпман. Орқасидан киргани хижолат бўлиб ўтирибман.
Кибриё опа арча тагида ўтирарди. Икки кўзи жиққа ёш. Бизни кўриб, кўзларини артиб ўрнидан турди.
— Шу арчаларнинг уруғини Қримдан опкелиб эккандим. Олтита уруғдан тўрттаси униб чиқди. Қаранг, қандоқ катта дарахт бўлиб кетган.
Кибриё опа сабзи тўғраб берди. У бунақа серсув саб-зини қайдан топганимизга ҳайрон. Унга бир ишқибоз ошпазнинг паловга берган таърифини айтиб бердим. «Девзиранинг гуручи, қора қўчқорнинг гўшт-ёғи, қурбақа минмаган сабзи, чумчуқ сиймаган ўтин топсанг, ош ошдек бўлади». Бугун шу одам айтган ош бўлади-ёв!
Ўлмас билан икковимиз тунука ўчоққа қозон қўйиб, ошга уриниб кетдик. Бундан бирон ой олдин ёғли қўчқор гўштини зиралаб, музлатгичда сақлаб юрардим. Ўшандан тўрт бўлагини олиб чиқдим. Доғланган ёғда қизартириб олиб қўйдим. Вақирлаб қайнаётган зирвақда то шўри чиқиб кетгунча қайнатиб, яна олиб қўйдик.
— Ошни ўзим дамлай, майлими, — деди Ўлмас. —Анчадан бери капгир ушламагандим.
Дамлашга етилган гуруч устига сур гўштларни қўйиб, ноёб қашқар зирасидан бир чимдим сепди. Ҳаммаёқни хушбўй зира ҳиди тутиб кетди.
Ана шундан кейин дам товоқни ош устига бостирди.
Ўлмас кўк қалампирни яхши кўрарди. Лекин унинг қалампир ейиши мутлақо мумкин эмасди. Зуҳро ҳеч бўлмаса мазаси ўхшайди-ку, деб битта кўк булғор қалампирини аввал бир тишлаб кўриб, кейин майда қилиб тўғраб шакаробга солди.
Энди ярим соатлардан кейин ошни сузамиз...
Телефон жиринглади. Трубкани олдим. Тилидан кавказлик экани билиниб турган бир киши, илтимос, Зуҳро Умарбековани чақириб берсангиз, деди.
Зуҳгх) у билан узоқ гаплашмади. Трубкани қўйди.
— Улмас ака, эртага Москвада сизни даволаётган мутахассисларнинг охирги маслаҳат йиғини бўлар экан. Левон Рубенович Погосов билан етиб боришимиз керак эмиш. Соат тўққиз яримдаги самолётга жой олишибди.
Ўлмас ўрнидан турди.
— Қани, кетдик, Зуҳро, — деди.
— Э, шошма, ошни еб кейин кетасан. Атиги ярим соат кутгин.
— Ўлмас, бир чўқим ош еб кетинг, — деб ялинди Зуҳро. — Шошилманг, ҳамма ишларингизни ўзим тахт қиламан.
— Дачага кириб китобларимни, қўлёзмаларимни олишим керак. Уйга қараб турадиган одам топишимиз зарур. Иш кўп. Улгурмаймиз.
— Боғда укангиз Акмалжон коляпти-ку. Уйда синглингиз Мавжудахон қолади.
Барибир Ўлмасни гапимизга кўндиролмадик.
Дам товоқни очиб, хил-ҳил бўлиб кетган сур гўштларни иккита нон орасига қўйиб, қоғоз пакетга солдим. Абдужаббор бериб юборган нарсаларни қайтадан коробкага жойлаб кўйдим. Зуҳро «Винограднмй сок» шишачасини опчикиб, сиққанча шакароб солиб олди.
Ўлмасга ош ейиш насиб қилмади.
«Насиб қилса келар Шому Ирокдин, насиб қилмас кетар қошу қобоқдин» деган ҳикматни эсладим.
Ўларни Кибриё опа билан липа тагигача кузатиб чиқдик.
— Ризқинглар уйларингдан узилмасин, — деб орқаларидан қараб қолдик.

* * *
Ўлмасни Ёзувчилар боғидаги липа тагида Кибриё опа билан икковимиз кузатиб қолган ўша кун тўқсон учинчи йилнинг иккинчи сентябри эди.
Ана шундан кейин уни бир марта кўрдим холос. Унинг жуда ҳам оз қолган умри ҳали Москва, ҳали Тошкент касалхоналарида чидаб бўлмас уқубатларда ўтаётган эди.
Ўша куни Ўлмас менинг ёрдамимсиз ўзи ош дамлаётганди. Унинг энг қадрдон дўстларидан бири Турғун Азизов «Жигули»сини чўғи тортиб ерга туширилган ўчоқ олдигача ҳайдаб келди. У ўриндиқдан катталиги патнисдек қўшқават фанера олиб Улмасга узатди. Ўлмас капгирни менга бериб фанерани олди. Бу Ўлмаснинг тиззага қўйиб хат ёзиши учун, қаёққа борса чемоданда олиб юрса бўладиган қилиб тайёрланган махсус «ёзув столи» эди.
Ўлмас Москва касалхонасида қолган, унга қанчадан қанча қувонч берган, қўлингиздаги «Қизимга мактубларни» ҳадя қилган ёзув столининг эшигини хизматчилар энди ахлатга қўшиб қайгадир обориб ташлаган бўлсалар керак деган гумонда эди.
Турғуннинг 6у совғаси Ўлмасга нажот «эшиги» бўлиб туюлган эди.
Зуҳро шамолни раво кўрмай, совқотганда нафаси билан иситиб Умидани ялаб-юлқаб ўн саккиз ёшга етқизиб келди.
Умида орзу-армонлардан бино бўлган бир сабий. Ўлмаснинг руҳи уни ҳамон ғойибдан туриб парвариш қилади.
Бугун у тенгдошлари қатори буюк даргоҳ — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети остонасига қадам босади. Бу Ўлмаснинг орзуси эди. Ота орзуси, ота нияти, ота тилаги албатта ижобат бўлади.
Ҳозир уни дадасининг руҳи кузатиб келяпти.
Умида энди катта қиз бўлиб қолгани учун Зуҳро унинг университетга қандоқ кийиниб боришини ўзига қўйиб берди.
Зуҳро унга қараб ишқилиб боламга кўз тегмасин-да, деб бирдан улғайиб қолган қизига меҳр билан қараб турарди.
Университет ҳовлиси узоқ-яқиндан келган йигит-қизлар билан гавжум. Зуҳрони ҳам, Умидани ҳам ҳеч ким танимайди. Лекин негадир ҳамманинг кўзи уларда эди.
Шивир-шивир бошланди.
— Ўлмас Умарбековнинг қизи.
— Худди дадасининг ўзи-я!
— Дадасига жудаям ўхшар экан.
Умидага, дадасига ўхшар экан, деган сўз ёқарди. Шу гапни айтган қизга қараб жилмайиб қўйди.
Бир қиз улар олдига келди. Бу бизга таниш Ғупра. Ҳозир эса «Севгим-севгилим» тўғрисида диплом иши ёзаётган Ғапура Санақулова эди.
Энди уни таниб бўлмасди. Шаҳар ҳаёти бошқача қилиб юборган. Қирда буғдой ўриб юрганда қорайиб, сополга ўхшаб қалинлашиб кетган юзи, пиёздек қават-қават лаблари асли ҳолига қайтган. Бўғилиб чиқадиган овози ҳам майинлашган. Бунақа бачканалик намунали студентга ярашмайди деб тилла тишини олдириб қўйган. Оғир меҳнат ҳамда шафқатсиз муносабатлар қолдирган изларни пойтахт ҳаёти ювиб ташлаган эди.
Қаранг-а, у жуда чиройли қиз экан. Ўтдек чақнаб турган кўзлари, қорамағиз юзлари йигитларнинг эсини оғдирарди.
Онаси хотинларнинг чирманда чалиб «Ёр-ёр, ёрона»лар айтиб, йигитлар карнай-сурнайлар, қийқириқлар остида Санақул полвонга узатилган эди. Улар қовушган куннинг эртаси «юз очди»да қайнотаси «бахтли бўлинг, ували-жували бўлинг» деб совға қилган тилла тўғноғични онаси энг ноёб эсдалик деб сақларди. Ҳар гал қўлига олиб қараганда ўша унутилмас тонг худди кўзни қамаш-тирадиган нур орасида кўрингандек бўларди.
Ғупра онаси ўлганда Ёзёвонга елдек учиб борди. Барча маросимларни тоғаси билан кам-кўстсиз ўтқазди. Акаси Алиқул портной сарф-харажатларга аралашмай «без» бўлиб тураверди.
Онаси ер-кўкка ишонмайдиган ўша тўғноғични жаноза куни келин аясининг ёқасида кўриб Ғупра ич-ичидан йиғлаган эди.
Акаси Алиқул портной, онасининг хай-хайлашига қарамай унинг қийналиб ишлаб, қийналиб ўқиган пайтларининг ёдгори «Олтин медалини» сандиқдан опчиқиб кетиб хотинига қоплама тиш қўйдириб берганда Ғупра вужуд-вужудини муз қоплаб, телбага ўхшаб қолганди.
Энди уни Ёзёвонга боғлаб турган ҳамма иплар узилиб бўлган эди.
У Ёзёвонга ким учун боради? Хасис акасини, онасидан қолган ягона ёдгор тўғноғични аза куни тақиб юрган юзсиз Ялпиза янгасини соғиниб борадими?
Акасининг «Ўзимнинг ялпиздеккинам», деб эркалашларини қўмсаб борадими?
Тоғаси Тошкентга келганда «опагинамдан ёдгорим» деб, ўзи ўстирган ниҳоятда ҳиди ўткир хандалаклар, «шакарпалак» қовунлар, қоғоз қутида «ингичка бел» узумлар, ёғли патирлар олиб келади.
Мусофир юртда пулсиз юрма жиян, деб сумкасига сиққанча пул тиқиштиради.
Ғапура Санақулова қўли очиқ қиз эди. У тоғаси келиб кетган куни диплом ёзаётган қизларга, ўғил болаларга дастурхон тузаб «базми жамшид» қилиб берарди. Унинг дугоналари, ўртоқлари хам «Тоғамиз қачон келаркинлар» деб йўл пойлайдиган бўлиб қолгандилар.
Дипломант Ғапура Санақулова университет газетасида ўқишга халақит бермайдиган кечки пайтларда муҳаррир ёрдамчиси бўлиб ишларди. Стипендия ҳамда газетадан оладиган тузуккина маоши ичмайдиган, чекмайдиган 6у қизга бемалол етиб ортарди. Кўпинча у дугоналарини кафега опкириб яйратарди.
Тоға Сурхондарёнинг қайсидир қишлоғида томорқасига бозоргир хандалаклар, чилги қовун-тарвузлар экиб яхшигина даромад олади. «Далнобойшик» шоферларга, самолёти кўпинча юксиз қайтадиган учувчиларга кўтарасига сотади.
У янтоққа тарвуз пайванд қилиш сирини мукаммал эгаллаган миришкор деҳқон. Ҳеч қандай сарф-харажатсиз, ўзидан-ўзи хосил туғадиган бу беминнат янтоқ-тарвуздан мўмайгина даромад олади. Сибир томонларда ичи анор донасидек қип-қизил, пирожнийнинг кремига ўхшаш ажаб ғалати таъмли 6у тарвузларга «Райский арбуз» деб ном қўйиб олганлар.

* * *
Ичкаридан билагига «навбатчи» деб ёзилган боғич таққан киши чиқиб, соат ўн иккида университетга кирувчи абитуриентларни тест синовига чақирамиз. Биринчи, иккинчи ҳамда учинчи группалар ичкарига бир вақтда киритилади. Қўлларингизда битта гунафшаранг ручкадан бошқа ҳеч нарса бўлмаслиги керак, — деб огоҳлантириб кириб кетди.
Кўпчилик йигит-қизлар шошиб кафе томон кетдилар. Овқатни ўзлари билан олиб келганлар скамейкаларга ўтириб, баъзилари тик турганча овқатлана бошладилар.
Зуҳро сумкасида олиб келган котлетларни қизи олди-га қўйди. Умида семириб кетишдан қўрқиб овқатни кам ерди, онаси зўрлаб учта котлетни зўрға едирди.
— Биламан, тест имтиҳони жуда узоқ давом этиши мумкин. Яхшилаб қорнингни тўйғизиб ол.
Зухро жимжилоғи билан енг учини кўтариб соатига қаради. Уч минути кам ўн икки.
— Энди сиз кетаверинг, опа, — деди Ғапура, —синов тугаши билан Умидани ўзим уйга обориб қўяман...
— Ичкарига кирсин, кейин кетаман, — деди Зуҳро.
Умида кириб кетаётганда Зуҳро уни бағрига босиб:
Дадангни арвоҳи қўлласин, болам, деб кўзида ёш билан орқасидан қараб қолди.
Ғапура Зуҳрони таксига ўтқазиб жўнатиб юборгандан кейин ётоққа қайтиб келди.
Ётоқни ҳандалак ҳиди тутиб кетган эди. У ётоқдаги қизлар ҳандалак ҳидига чидаб туролмай сб қўйишлари мумкин, деб хавотир оларди. Ҳатто қизларга, агар ҳандалакни еб қўйсанглар ҳаммангларни ёппасига мункиллаган чолга эрга бериб юбораман, деб хазил қилган эди.
У қоғоз қопга иккита қовун, иккита «Райский арбуз» ҳамда шу охирги бир дона қолган ҳандалакни жойлаб қоп оғзини яхшилаб бойлаб қўйди.
Бу нарсаларни Ғапура Зуҳро опамнинг ҳам оғзи тегсин деб асраб қўйган эди.
Тест имтиҳони бошланганига ҳам икки соатдан ошай деяпти. Иккита қиз йиғлаб чиқиб кетди. Шпаргалка билан ушланиб қолган бўлса керак. Бир абитуриент бола ҳам қовоқ-димоғи осилиб чиқаркан, орқасига қараб, шу университетда ўқимасам куним ўтмайдими, бошқа институтга ҳужжат топширганим бўлсин-е, деб тўнғиллаб троллейбус бекати томон кетди.
Боятдан бери жевачка чайнаб ўтирган ғирвонлик бола мени Сойиб Хўжаев юборди, деб кепти. Тайинлаб қўйганман. Борсанг ўзлари имтиҳондан ўтқазиб студентлик билетини қўлингга беришади, икки ойлик стипендияни олиш эсингдан чиқмасин, деб қайта-қайта тайинлаб юборипти. Навбатчи бу соддагина, лақмагина болага ўзига яраша муомала қилади.
— Тошболта ошиқ эрта-меттан келиб, студентлик билетингиз билан стипендиянгизни олиб кетганлар, деб уни қайтариб юборади.
Тест имтиҳонлари соат тўртгача давом этди. Абитуриентлар толиқиб, сувсаб, тинкалари қуриб қайтиб чиқишди. Умида ҳам ҳеч қачон бу даражада чарчамаган,қийналмаган эди. У тест саволларига шошилмай, пухта ўйлаб, фикрини бир ерга жамлаб, бланкаларига билиб-билиб белги қўйди. Тахминан икки жойда хато қилган бўлишим мумкин, деган гумондан кўнгли ғашланди.
Бухоро республикасининг молиявий ҳаёти Садриддин Айнийнинг «Судхўрнинг ўлими» асарида қандай акс этган, уни қайси олим батафсил таҳлил қилган, деган саволга Умида иккиланиброқ дилида жавоб тайёрлади. Академик Отабой Эшонов, профессор Ҳикмат Собиров...
Отабой Эшонов республиканинг ижтимоий ҳаёти, давлат тузуми тўғрисида илмий иш ёзган. Унинг докторлик диссертацияси хам шу ҳакда. Демак у молия ишларини ёритмаган. Профессор Ҳикмат Собиров ҳатто «Судхўрнинг ўлими» тўғрисида қатор-қатор тақризлар эълон қилган. Умида саволга «Ҳикмат Собиров» деган белги қўйган эди.
Ўзи қониқмаган иккинчи жавоби Элеонора Войничнинг «Сўна»романи тўғрисида.
Артур исмли никоҳсиз туғилган, отасининг кимлигини билса ҳам ошкор қилмаган йигит «Сўна» тахаллуси билан фаол революцион яширин кураш олиб боради. Унинг отаси ким эди? Исми қанақа эди, деган саволга «Кардинал Монтанелла» деган белги қўйиши керак. Аммо шу пайтгача аниқ билган Монтанелла номи шу топда сира тилига келмасди. Ўйлади, ўйлади, тили учида турган 6у ном қайсарлик билан мен, деб айтмади. Умида ноилож «Отаси Кардинал эди», деб белги қўйди. Шундай ёздию кўзидан ёш оқиб кетди.
Ғапура автоматдан Зуҳрога қўнғироқ қилди.
— Кетяпмиз. Ҳозир чиқди, — деди.
У томондан, тез келинглар, ошга гурунч солавераман, деган овоз келди.
Коғоз қопдаги қовун-тарвузларни кўтариб, такси тўхтайдиган жойга келишди.
Такси шофери ҳар нарсага қизиқадиган йигит экан. Машина салонини тутиб кетган ҳандалак ҳидини искаб.
— Нимани ҳиди келяпти, жуда ёқимли ҳид... — деб сўради.
— Мени ҳидим, — деди Ғапура кулиб.
Шофер, ҳидингиз ўзингизга, ўзингиз ҳидингизга ўхшар экансизлар, деди.
Шу пайтгача чеҳраси очилмай келаётган Умида ҳахолаб кулиб юборди.

* * *
Бугун Муқимий номидаги театрда «Фотима ва Зуҳролар» томошасининг такдимот маросими бўлади. Унга барча театршунослар, ёзувчилар, деярли ҳамма театрларнинг режиссёрлари, атоқли артистлар ҳамда Ўлмаснинг қариндош-уруғлари, ёр-биродарлари таклиф қилинган.
«Шарқ Юлдузи» журналида яқингинада эълон қилинган Ўлмас Умарбековнинг «Қизимга мактублар»и режиссёр Рустам Маъдиевга ёқиб қолди. Бу «Хат» унинг юрагига ўт ташлади. Уни саҳна асари яратишга ундади ва ниҳоят пьесани ёзиб театр жамоасига ўқиб берди. Жамоа иштиёқ билан репетицияга киришиб кетди.
Тақдимотга келган Ўлмаснинг рафиқаси Зуҳро, сингиллари Мавжуда билан Ҳамида, укаси Акмалжон ҳамда қизи Умидахонлар «Фотима ва Зуҳролар»ни ниҳоятда қизиқиб томоша қилдилар.
Умида саҳнада юз бераётган воқеаларга қизиқиб кетиб, қимирламай ўтирарди.
У дадам ўзи ёзган асарини ўзи кўрмади, деб ўкиниб ўтирарди. Дадажонимни хурсанд қилолмай қолдим, деган бир армон юрагини тимдаларди.
Ёнида жимгина томоша кўраётган онасига бурилиб секингина деди:
— Дадам тирик бўлганларида чет эл машинаси олиб берардим...
Бу Умиданинг дадасига юрак-юракдан чиққан сиз менинг жонимдан азиз дадамсиз, сизга пероси тилладан ручкалар, зўр галстуклар, яхши сигареталар олиб бераман, сизни ҳеч кимга бермайман, деган маънодаги эътирофи эди.
Ҳаяжондан Зуҳронинг мижжаларига ёш тўпланди. Бир киприк қоқса юзларини ювиб кетади. Зуҳро эса бу ёшларни киприкда куч билан ушлаб турипти.
Саҳнада кечаётган оғир, юракларни ларзага соладиган воқеалардан ҳаяжонланиб йиғлаб юбормасин, деб Мавжуда аммаси уни бағрига босиб ўтирарди. Умида ўзини тутди. У эси кириб қолган, ўзини босиб олган, балоғат ёшидаги қиз эди.
Спектакль тугагандан кейин муҳокама бошланди. Ҳамманинг, ёзувчиларнинг ҳам, театршунослару режиссёрлар ҳамда артистларнинг, ҳатто оддий томошабинларнинг ҳам фикри деярли бир хил. Бири-бирини тўлдирадиган самимий, ҳалол гаплар бўлди. Модомики такдимотга келдингми, «билағонлигинг»ни кўрсатиб қол, деб гапни чўзадиганлар хам бўлди.
Машинада уйга қайтишар экан, Умида Ўлмаснинг укаси Акмалжоннинг қулларидан махкам ушлаб олди. Қўлларининг томир уришиданми, нимасидандир дадасининг қўлига ўхшатди. Бу қўл, бу томир уришлар унга дунё-дунё қувонч бағишлаган беозор кунларни қайтариб келгандек эди.
Унинг нафаси, сигарет тутунининг иси, хатто Ўлмас баъзи-баъзида сувга томизиб ичадиган аллақандай дори ҳиди димоғига урилаётганга ўхшарди.
Умида опасининг бўйнидан маҳкам қучоқлади.
— Опажон, энди сизни ҳеч хафа қилмайман. Жудаям яхши нарсалар олиб бераман. Мунданам чиройли бўлиб кетасиз.
Бу гапларга Зуҳро чидаб туролмади, йиғлаб юборди.
— Йиғламанг, сиз менинг биттайи-битта опажонимсиз, ойижонимсиз. Дадамнинг ўрнига қолган дадажонимсиз. Кўрасиз, сизни кўғирчокдек кийинтириб қўяман. Айтинг, Акмал амаким кетмасинлар. Бизникида қолсинлар...
Эрталаб нонушта олдидан бир вақтлар Зухро туғилган кунда Ўлмас совға қилган бриллиант кўзли зиракни Умиданинг қулоғига тақиб қўйди.
Умида икки қулоғини ушлаганча трюмо ойнасига ўзини солиб кўра бошлади. Наҳорлик ширгуручдан бир қошиқ оғзига солиб яна югуриб бориб ўзини ойнага солади. Ҳамиданинг олдига келиб, аммажон, ярашибдими, деб сўрайди. Ҳамида жудаям, деб унинг елкаларини си-лаб қўяди.
— Ҳаммангларни яхши кўраман, — деди Умида.
У ширгуручни еб бўлгач, қулоғидан зиракларни чиқазиб Зухронинг қўлига берди.
— Опажон, мени кечиринг. Мен бунақа нарсаларни унчалик яхши кўрмайман. Ҳозир сиз хурсанд бўлинг, деб тақиб кўрдим. Киностудиянинг фотографи кичкинагина қилиб ишлаб берган дадамнинг сурати бор. Шуни медальонга ўрнатиб бўйнимга осиб юрмоқчиман. Хафа бўлмаяпсизми, опажон.
Умида Лондон университети қошидаги лицейнинг энг қобилиятли талабаларидан бири. Ахлоқи, ўзини тутиши, дарсларни ўзлаштириши университет раҳбариятига маъқул эди. Бутун диққат-эътиборини ўқишга бағишлаган Умида тўрт йиллик ўқишни уч йилда тугатиб бакалавр унвони олиш хукуқини қўлга киритди.
Зухро қизини муборакбод қилгани Лондонга борди. Бакалавр либосини кийган Умидани ҳам дадаси, ҳам ўз номидан табриклаб бағрига босди.
Университет ҳамда лицей профессорлари, ўқитувчилари шундай қобилиятли, одобли қиз ўстиргани учун унга раҳматлар айтишди.
Буюк Британиянинг бу сершовқин, гавжум пойтахтида Зуҳро илгари ҳам бир бўлган. Ўлмас билан беозор, беташвиш, бахтиёр кунларида буюк зотлар қадамининг изи тушган жойларни бирма-бир зиёрат қилган эдилар.
Умида Республика «Умид» жамғармаси орқали ўқишга келганди.
Бир куни ойга тенг уч йил ҳам ўтиб кетди. Умида бўйи чўзилиб катталардек ўзини тутадиган мулоҳазали, андешали, балоғат ёшидан ҳатлаб ўтган катта қиз бўлиб қолганди. Зухро энди у билан тенгдош дугонасидек гаплашарди.
Она-бола бу тиним билмас кўчаларни кезар эканлар, Умида унга:
— Эсингизда борми, опа, «Фотима-Зуҳро»лар тақдимотида агар дадам тирик бўлганларида чет эл машинаси олиб берардим, деб айтган эдим. Энди сиз дадам ўрнига дадамсиз. Аммо сиз матиина минолмайсиз. Дадамнинг руҳини шод қилиш учун сизни кўп мамлакатларга олиб бораман. Шундай қилсам дадамнинг арвоҳи шод бўлади, — деди. — Эртага сизни Манчестерга олиб бораман.
Англияда катта имтиёзга эга бўлган, асилзодалар, 6аланд даражали мартаба эгаларининг аёлларини, қизларини леди деб атайдилар. Умиданинг дадаси аввал вазир, ундан кейин Ўзбекистон мамлакати бош вазирнинг ўринбосари, вице премьер лавозимини эгаллаган, кўп мамлакатларда китоблари босилган машҳур ёзувчи.
Шунинг учун ҳам уни леди Умида деб атардилар.
Улар саёҳатни Манчестердан бошлашди. Англияга келиб Манчестерни кўрмай кетган одам, умуман Англияга келмаган деб хисобланади. Бу юрт дунёга кўп буюк зотларни берган, ўзида Англиянинг ҳамма урф-одатлари, фақат Англияликларга хос чукур билимли эканликлари билан ажралиб турардилар. Жаҳонга машҳур шоирлари Роберт Саути, У. Вордсворт, С. Колриди каби ўн саккизинчи аср билан ўн тўққизинчи аср оралиғида ижод қилган романтик шоирлари билан машҳур. Тарихда «Кўл бўйи шоирлари» деб ном олган адабий гуруҳ хақида Пушкин бу тенгдошларига тўлқинланиб шеър бағишлаган эди. Манчестер бутун бир Англияни бағрига жо қилган юрт эди.
Энди йўл Италияга, Португалияга, сафар охири Испаниянинг Гренада вилоятига бориб якун топади.
Жаҳон аҳли фақат фотосувратларда ёхуд видеоленталардангина билган мўъжизалар юртини ўз кўзи билан кўриш, минг йиллар бағридан юлиб олинган шаҳарларда кезиш ҳар кимга ҳам насиб қилмасди.
Рим минг-минг йиллар нарёғида қолган ўтмишини туш кўриб ҳали ҳануз ўз ўтмиши ҳавосидан нафас олиб ётган, ўтмишини яна минг-минг йилларга олиб ўтадиган мўъжизалар шаҳри.
Зухро ҳам Умида ҳам Помпейни фақат рассом Карл Брюлловнинг «Помпейнинг сўнгги куни» деб аталган машҳур асаридангина билардилар. Бугун улар неча минг йиллар аввал кул остида қолган, яна минг йиллар заргардек меҳнат қилиб уни босган лава кулларини мисқоллаб, граммлаб, худди чой қошиғида миллион тонналаб (балки миллиард тоннадир) кулларни авайлаб, ҳар кафтини назардан ўтказиб, бошқа шаҳарга обориб ташлаш машаққати туфайлигина Помпей ҳақиқий юзини очганди.
Шаҳарни лава яшин тезлигида, балки унданда тезлик билан босган эди. Юриб турган одамлар, бир-бирига роз айтаётган ошиқ-мошиқлар, келин-куёвлар қовушган пайтларида қандоқ ҳолатда бўлсалар ўша ҳолатда қотиб қолганлар. Ҳатто қошикдаги овқатини оғзига энди оборганда қотиб, қошиқдаги овқат ҳам ўшандоқлигича қолган.
Бир-икки соат кезиш билан Помпейни кўрганман, деб бўлмайди, уни кўриш, бўлиб ўтган фожеани, лава кулидан тозалашдаги машаққатли меҳнатни тасаввур қилиш, ҳис этиш учун кунлар эмас ойлар ҳам кифоя қилмасди.
Она-бола насиб қилса яна келиб бирон ҳафта шошилмай, ҳамма ҳаммасини кўришни ният қилиб Помпейни тарк қилдилар.
Бу юртнинг қаерига бормангиз ақлингизни шоширадиган, ҳайратдан ёқа ушлатадиган бир мўъжизага юзма-юз келасиз.
Римдан Венециягача автобусда бир кунлик йўл. Сув устига қурилган бу машҳур шаҳарни бир кўрсам, деб орзу қилган одамлар хар қанча сарф-харажатларга чидаб кўргани келардилар.
Одамлар уйларининг остонасигача машинада келадилар. Автобус хам шундоққина эшиклари олдида тўхтаб ўтади.
Венецияликлар учун гандола деб аталган қайиқ ҳам такси, ҳам автобус вазифасини ўтайди.
Венецияликлар шу уйларда туғилиб, яшаб, тўйлар қилиб, келин-куёв бўлиб, фарзанд кўриб, қариб оламдан ўтадилар. Неча юз йиллардан буён, балки минг йиллардан буён неча-неча авлод шундай яшаб келган.
Зухро билан Умида Адриатика денгизи ёқасидаги бу машҳур шаҳарни яйраб томоша қилиш, одамлар яшаётган хоналарга кириб, шундоқ заҳкаш жойда шикаст етмай, қурилганда қандоқ бўлса ўшандоқ, бирон шувоғи кўчмаган, деворларини сув ивитмаган шаҳарни кўриш орзусида эдилар. Афсус, 6у бир хаёл, орзу экан.
Венеция иморатлари бирин-кетин нурайбошлаган, одамлар энди яшаб бўлмайдиган ҳолга келган уйларни ташлаб, кўчиб кетганларини, ҳатто томларигача тешилиб осмон кўриниб қолган уйларни кўриб ҳайрон бўлиб қолдилар.
Венеция сувга чўкиш хавфи остида қолганди.
Италия хукумати молиявий қийинчиликка учраган пайтлар бўлса керак, хатто миллиард-миллиард доллар даромад оладиган туризм ҳам Венецияни сақлаб қолишга ожизлик қиларди. Бу сув шахри жуда кенг қуруқликка уланиб кетган. Унда минглаб хонадонлар, маҳаллалар хувиллаб қолган. Бошқа шаҳарга кетиб тирикчилик қилишга қурби етмаган қари-қартанглар, ночор одамларгина кетолмай қолганлар.
Буюк Венеция аста-секин умрини тугатаётганга ўхшарди.
Энди сафар Римдан сал наридаги Пиза шахрига. Зуҳро билан Умида автобусда кетарканлар Умиданинг болалиги тутди. Эркаланиб Зухронинг тиззасига бош қўйиб, қўлларини силай бошлади. Автобусдаги йўловчи хотинлар инглиз тилида: Кичкина Леди эрка экан деб кулишди. Бу гап Зухрога малол келгандек бўлди.
— Уч йилда энди кўришдик. Леди Лондонда ўқийди. Мен Тошкентда яшайман, бир-биримизни ҳаддан ташқари соғинганмиз, — деб жавоб қилди Зуҳро.
Хонимлардан бири «Вери вел, сенкю» деб Умиданинг елкасини силаб қўйди.
Бир томонга оғиб қолган жаҳонга машҳур «Пизанская башня» деб аталган, «Пиза минораси» олдида узоқ туриб қолдилар. Кети узилмай келиб турган машиналардан тушган сайёхлар оғиб қолган минора атрофида кино, фотокамераларида уни тасвирга туширардилар.
ТТТу оғиб қолган минорани ҳозирги замон техникаси билан қаддини ростлаб қўйиш мумкин эмасмикин деган савол кўнгилдан ўтди.
Мумкин албатта. Ойга одам чиқариб уни аппарат ёрдамида яна ерга қайтариб олиб тушган ҳозирги замон илмига, техникасига битта қийшиқ миноранинг қаддини ростлаб қўйиш нима деган гап?
Аммо Пиза минораси шу бир томонга оғиб қолгани билан машҳурдир. Агар уни тик қилиб қўйсалар у ҳеч кимнинг назарига тушмайдиган оддий бир минора бўлиб қолмайдими? Уни кўргани одамлар келмай қўядилар. Италия туризми нақд «луқмайи ҳалол» даромадини йўқо-тади.
Мопассаннинг «Майиблар онаси» деган ҳикояси бор. Бир хотин пул топиш ниятида ҳомилалигида қорнининг бир неча жойидан рўмол билан, тасмалар билан сириб боғлаб ташлайди. Ой-куни келганда у қинғир-қийшиқ бола туғади. Бундан хабар топган шов-шув ишқибозлари болани катта пулга сотиб олиб, жонли ғаройиботлар очиқ кўргазмасига обориб намойиш қиладилар. Хотин шунақа қинғир-қийшиқ болаларни кетма-кет туғаверади. Бу «иш»ни бизнесга айлантиради. Шу орқали бойиб кетади.
Бу гапларнинг Пиза минорасига қанчалик алоқаси бор, билмайман. Қадди тик минорадан кўра ночор миноранинг кўп даромад келтираётгани шундай ўйлашимга. сабаб бўлгандир.
Энди навбат харобага айлана бошлаган, лекин қолган қисми кўз қорачиғидек асраб-авайлаб сақланаёткан машҳур Рим колизейини кўриш, томоша қилишга. Шу ниятда буюк ҳурмат ва эътиқод билан колизей остонасига қадам босдик.
Кирғокдан топган чиғаноққа қулоқ тутсангиз денгиз тўлқинларининг, довулларининг гувиллашини эшитасиз.
Агар кўпни кўрган колизей ғиштларидан бир бўлагини олиб қулоққа тутсангиз, бу ерда бўлиб ўтган тантаналар, гладиаторларнинг буқа билан олишув пайтидаги шовқин-суронларни, одамларнинг ҳайқириқларини эшитармикансиз?
Бу ерда бўлиб ўтган ҳодисалар тасаввурга, ҳатто хаёлга ҳам сиғмасди.
Зилзила ёхуд момақаддироқ қудратига тенг бир туртки мудраган колизейни минг йиллар уйкусидан уйғотиши керак. Шунда сиз ҳам уйғоқ колизейнинг галереяларидан жой оласиз.
Ана, Марк Антонийни гиламга ўтқазиб ўнта қул кўтариб келяпти. Дур, гавҳарлар билан безанган беқиёс гўзал малика Клеопатра унинг истиқболига чикди.
Колизей қозондек қайнаяпти. Римликларнинг олқиш овозлари колизейдан тошиб шаҳар устида айланиб юрипти.
Яна бир ғишт бўлагини олиб қулоққа тутасиз. У гунг, у соқов. Лекин сизнинг тасаввурингиз унга тил-забон ато қилади. Аста гапира бошлайди.
Зухро билан Умида Колизейдан худди минг йилликлар ичидан бугунги кунга чиқиб келаётганга ўхшардилар. Дунёнинг бошланишидан то шу кунгача бўлиб ўтган воқеаларнинг «шоҳиди» бўлиб, энди бутунлай янги бир оламга етиб келгандек эдилар.
Энди сафар Испания пойтахти Мадрид шаҳрига. Унда бир кун бўлиб Гибралтар бўғозига ўтадилар. Гренада вилоятида араблар қурган бениҳоя салобатли масжидларнинг кўкка бўй чўзган нақшинкор минораларига қараб бу ерларда бўлиб ўтган жангу жадалларда шикастланмаганига ҳайрон қоладилар.
Дунё кенг, одоғига етиб бўлмас экан.
Шаҳарлардаги мўъжизаларни юрган кўради. Ўтирган нимани кўрарди?
Умида муштдек боши билан дунёнинг деярли ярмини кўриб қўйди. У Гибралтар бўғозининг соҳилида туриб машҳур «Гренада» қўшиғини куйлай бошлади:


Гренада, Гренада Гренада моя...

* * *
Телефон жиринглади. Трубкани олиб, лаббай, дедим. Зуҳронинг таниш овозини эшитдим.
— Стационарга келсангиз. Ўлмас акам сизни сўраяптилар. Айтадиган гаплари бор экан.
Бирон ойлардан бери Зуҳронинг овозини энди эшитяпман.
Ўлмас билан иккови тайёр ошни ташлаб кетганларидан буён қаердаликларини билолмай диққат бўлиб юрган эдим. Шошиб кийиндиму машина билан йўлга чиқдим.
Касалхона олдида Зуҳро мени кутиб турарди. У анча озиб крлган, ҳорғин. Сочларида бир-иккита оқ тола кўриниб қопти.
Ўлмасни Москвадан оғир аҳволда олиб келган бўлсалар керак деб ўйладим.
Зуҳро мени кўп қаватли корпус орқасидаги зинадан палаталар томон бошлади.
Томоғи бойланган Ўлмас Турғун Азизов олиб келган фанерини тиззасига қўйиб, нималарнидир ёзяпти.
Маълум бўлишича Москвада ўтган сўнгги маслаҳат йиғилиши Ўлмаснинг томоғидаги овоз ўтказадиган жойини бошқа органларига ўтиб кетмаслиги учун қатрон қилиб олиб ташлашга қарор қилганлар. Бунга Ўлмаснинг розилигини олганлар.
Операциядан ўн беш кунлар ўтиб Тошкент медицина институтининг жарроҳлик клиникасига олиб келганлар, бир ҳафта кузатувдан кейин стационарга келган. Бу орада онкология институтида кўрикдан ўтиб турган.
Мана, бир ҳафтадирки стационарда оғир аҳволда ётибди. У ҳамон тиззасига фанера қўйиб, ҳамма нарсани, бугун-эрта бостириб келаётган ўлим шарпасини ҳам унутиб ёзяпти.
У деразадан ташқарига қаради. Эрталабдан бери осмонда булут айланиб қолганди. Энди шаррос қуйяпти.
Ўлмас орқа-ўнгига хат битилган крғозни менга узатар экан жилмайди.
Ё қудратингдан ўргилай худо, бу болага дунёни тарк этар чоғи жилмайишига қайдан куч ато этдинг!
То келгунимча у менга хат ёзиб қўйган экан. Ўқияпман:
«Домла, Сиздек бир кекса, отамдек меҳрибон одамни ўз дардим, бошимга тушган азобли кунларим билан ташвишга солишни истамагандим. Бўлган мураккаб операцияларни билдиргим келмаганди.
Энди тонг отиши билан ҳаммасини, азобларни, чидаб бўлмас оғриқларни ташлаб ҳеч ким тўймаган бу дунёдан кўз юмиб кетаман.
Мен тортган азоблар бошқа ҳеч кимнинг бошига тушмасин.
Сизга яна бир, охирги илтимосим бор. Собир Мирвалиев ўз ташаббуси билан томликларимни чиқазяпти. Мен тўғримда илмий иш ҳам бошлаганга ўхшайди. Нашриётларда сизни ҳурмат қилишади. Собиржонга далда бўлиб турсангиз яхши бўларди. Ўзи йўқнинг кўзи йўқ, деб баъзи нарсаларимни муҳаррирлар чиқазиб ташлашлари мумкин. Илтимос, Умарбеков энди ҳеч нарса ёзолмайдиган жойга кетган, касалхоналарнинг тиқилинч па-латасида қийналиб ёзган нарсалари қолиб кетмасин, деб уларни инсофга чақиринг.
Собиржонни ўзингиздан узоқлаштирманг. У яхши йигит экан. Афсус, бунақа содиқ дўстни умримнинг охирида топган эканман. Унга биронта яхшилик қилолмай кетяпман.
Илгаригидек уйимга келиб туринг, кўзи тўла ёш 6илан қолган Зуҳро ҳамда жовдираб колган жондан азиз, дунёда топган ягона бахтим Умидага мадад бўлинг.
Хайр. Дийдор кўришмоқ энди қиёматга қолди».
Ўлмас ўша, ичидаги дарди-аламини сездирмайдиган жилмайиш билан орқамдан қараб қолди. Ҳовлига чиқаётганимда Зуҳро шу хат менда турсин, кейин қайтиб бераман, деб олиб қолди.
Ёмғир кўз очиргани қўймайди. Зуҳронинг ёмғирда дарвоза олдигача кузатиб чиқишига кўнмадим. Ўзим то машинага етиб боргунимча шалаббо бўлиб кетдим.
Боққа келиб ётиб ётолмадим, ўтириб ўтиролмадим. Кўзимга умрининг энг сўнгги дамларини кечираётган Ўлмас кўринаверди. Наҳотки у йўқликка кетади? У эски «қадрдони»ни кутаётгандек ўз ўлимига наҳотки сесканмасдан пешвоз чиқади? Бу кичкинагина, нозиккина вужудда наҳотки шунчалар жасорат, шунчалар қудрат бўлса!
Томоғига тиғ қадалиб турган, умри соатма-соат қисқариб бораётганини сезган бу одамда бунчалар ирода, бунчалар бардош қайдан пайдо бўлди деб ўзимдан ўзим сўрайман. «Қизимга мактублар»ни аста варақлайман.
Ундаги «Мангу дунё бўсағасида» деган ёзувни ўқиб сссканиб кетдим. Бу гапни мен ўқиб шунчалик изтиробга тушяпман, билмадим бу гапни айтишга қандай тили борди? Наҳотки шуларни ёзаётган қўли титрамади, наҳотки фарёд уриб йиғлаб юбормади...
Ўлмас шу тобда ўша айтган «Мангу дунё бўсағаси»да турипти. Бир неча дақиқадан кейин бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилади.
Кўзим илинган экан, телефон жиринглашидан уйғониб кетдим. Гўшакни олиб, лаббай дедим. Бундай бемаҳалда ҳеч ким хушхабар етказмайди. Соатимга қарадим. Иккидан йигирма минут ўтибди. Акмалнинг. таниш овози эшитилди. У «акам оламдан ўтди», деди-ю йиғлаб юборди.
Шошиб кийиндиму машина билап йўлга чиқдим.
Ёмғир худди тепангдан пакирлаб қуяётгандек. Машинанинг олд ойнасини ёмғир сувларидан тозалаётган дворник-чўтка ҳам ожизлик қилиб қолди. Дўрмон чинорларининг қуриган шоҳчалари, барглари ёпишиб қолган ойнадан ҳеч нарса кўринмайди. Уни тозалаш учун ташқарига чиқиш керак. Чиқишнинг эса иложи йўқ. Ноилож чиқиб баргларни, шохчаларни сидириб ташладим. Ивиб шалаббо бўлиб кетдим. Мендан икки қатор орқадаги акация асфалтга ағдарилиб, йўлни тўсиб кўйди.
Қалпоқли бризент плашч кийган гаичилар машина ҳайдовчиларни секин юришга даъват қилардилар. Қишлоқ йўлларида ўзи хоҳлаганча тезликни оширадиган учар шофёрлар шаҳарга тушганда ювош тортиб қоладилар.
Ҳар қалай шаҳарда интизом қаттиқ эди. Шунинг учун ҳам йўлнинг буёғида қийналмай Ўлмаснинг уйига омон-эсон етиб келдим.
Жанозага келганлар кўп эди. Бировнинг қўлида соябон, биров бошига плёнка ёпиб олган, бировлар эса ёмғирда дўппи билан турардилар.
Ўлмаснинг ҳовлисида деярли пана жой йўқ. Одамлар машина опчиқиб қўйилган гараж ичида, шу гараж олдидаги айвончада ёмғирдан қочиб туришарди.
Тобутни опчиқиб шу айвонга қўйишди. Ёмғирдан қочиб кирганлар яна ёмғирга чиқиб қолишди. Вазирлар маҳкамасининг диний ишларни тартибга солиш бўлимининг раиси йиғилганларга мурожаат қилди.
— Жамоат, биз марҳумни олиб борадиган «Минор» қабристонида ёмғирдан пана бўладиган жой йўқ. Ҳамма расм-русумларни шу ерда адо этиб, кейин олиб борамиз, жаноза ўқиш олдидан марҳумнинг энг яқин кишиси ёнимга келишини сўрайман.
Ўлмаснинг укаси Акмал муфтий ҳазратлари олдига келиб бош эгиб турди.
— Марҳум ҳаётлигида кимдандир қарздор бўлиб, вақтида тўлаёлмаган бўлса, ўша одам даъво қилиб келса шу қарзни тўлашни гарданингизга оласизми, — деб сўради.
— Гарданимга оламан, — деди Акмал.
— Қабристонда ҳеч қандай митинг, ҳеч қандай нутқ бўлмайди. Ким гап айтмоқчи бўлса илтимос, шу ерда айтсин. Мен марҳум Умарбековнинг устози, муҳтарам акамизга сўз бераман.
Менга сўз бериб қолишларини тахминан билардим. Шунинг учун айтадиган гапларимни унча-мунча ўйлаб қўйгандим. Ёмғирда туриб қолганларни қийнамаслик учун мумкин қадар қисқа гапиришга ҳаракат қилдим.
— Азиз биродарлар, биз бугун мукаммал бир инсонни энг охирги йўлга, Аллоҳ ҳузурига кузатаяпмиз. Марҳум бу дунёга фақат меҳнат қилиш учун, одамларга яхшилик қилиш учун келган, одам боласини йўлдан урадиган ҳар қандай нопок, ношаръий ишлардан ҳазар қилган, ўзини тия олган, бировнинг луқмаи ҳалолига ёмон назар солмаган, юзидан Нури Муҳаммад Ҳувайдо бир покиза инсон эди. Марҳум билан ота-боладек эдик. Кўп йиллардан бери бир-биримизни авайлаб, бир-биримизга дилни оғритадиган бирон сўз айтмай, бир-биримизни соғиниб, бир-биримизни эҳтиёт қилиб яшадик. Марҳум ҳеч кимнинг дилини оғритмаган, ҳеч кимга маломат қилмаган, бу дунёга пок келиб, пок кетган нурдек тоза, чеҳрасидан жаннат нури ёғилиб турган фариштадек инсон эди.
Уни бутун Ўзбекистон аҳли яхши кўрарди. Болам шунга ўхшасин деб, укам шунга ўхшасин деб, куёвим шунга ўхшасин деб болаларига Ўлмасбек деб ном қўярдилар. Мана бугун бағрим ҳувиллаб қолди. Ҳазрат, сиз амри маъруфларда ибратли умр кечирган, ўзидан яхши ном қолдирган инсонлар тўғрисида ҳаяжон билан, буюк муҳаббат билан гапириб берасиз. Шу ажойиб инсонлар қаторига Ўлмасбекнинг номини ҳам қўшиб айтишингизни истардим...
Машинани ўша ерда қолдириб «Минор»га кўпчилик билан автобусда кетдим.
Ёмғир ҳали ҳам савалаб турипти.
Қабр бошига бориш қийин эди. Ёмғир мағз-мағзига сингиб кетган ердан тўпиққача лой кечиб қабр олдига боришяпти. Мен ҳам шимимнинг почасини тиззамгача ҳимариб қабр бошига бордим.
Гўрков бунақа фавқулодда воқеаларни кўп кўрган одам. Гўр тепасига тахта териб устидан плёнка бостириб қўйипти.
Йигитлар гўр устида катта бир чодирни тутиб турардилар.
Акмал билан гўрков икковлари Ўлмаснинг жасадини лаҳадга қўйдилар. Ҳаммамиз қабрга бир-икки кетмондан лой аралаш тупроқ ташладик.
Қори одамларни ёмғирда қийнамаслик учун қисқароқ сурани тиловот қиларди. Тўпиқ бўйи лой илашиб оғирлашган оёғимизни аранг кўтариб асфальт йўлкага чиқиб олдик.
«Минор»дан қайтишда яна автобусга чикдим. Ҳайдовчи, одамлар исиниб олсин, деб автобус печкасини ёқиб қўйган экан. Салонни тўлдириб бир-бирига қапишиб ўтирган одамларнинг оғзидан чиқаётган, кийимларидан кўтарилаётган ҳовурдан автобус ойналари терлаб, салон туман ичида қолгандек бўлди.
Жуда хумор тутди. Чўнтагимдан сигарет олиб чекмоқчи бўлдим. Уст кийимимдан ўтган ёмғир қўйин чўнтагимдаги сигаретларни ҳам ивитиб юборган экан.
Ёмғирда ивиб, тўпиғигача лойга ботганлар, эртага фотиҳа ўқигани борамиз, деб йўл-йўлакай тушиб қолишди.
Гараж айвонида ёшгина қори келди-кетдига Қуръон тиловат қилиб ўтирарди.
Боя жаноза пайтида бошига плёнка ёпиб, резина этикда юрган Ғапурага кўзим тушганди. У менга яқин келиб туфлимни ечиб беришимни сўради. Гаражда қолган машинамга кириб туфлимни ечиб бердим. Уни шариллаб ёмғир суви тушаётган тарновга тутиб ювиб, тозалаб олиб келди-да, Зуҳро опамнинг олдига кирар эмишсиз, деди.
Девордаги соатга қарадим. Зуҳро уни 2 дан 20 минут ўтганда тўхтатиб қўйган. Бу 1994-йилнинг 10-ноябри эди.
Бир уй бўлиб ўтирган аёлларнинг хаммаси ёш, айтиб йиғлашни билмас эдилар. Зуҳро ҳамма қийинчиликларни Ўлмас билан бирга тортиб бардошли, чидамли бўлиб қолганди. Аммо Умида ўзини қўярга жой тополмай гоҳ Акмалнинг, гоҳ аммаларининг бўйнига осилиб дод соларди.
— Бир пас исиниб қайноқ чой ичиб олинг, деб ча-қирдим. Кийимларингиз ҳам ивиб кетибди, шамоллаб қолманг, — деди Зуҳро.
— Зуҳрохон, энди менга жавоб беринглар, уйга бо-риб кийиниб олай. Эртага азонда етиб келаман, — дедим.
Тик турганимча икки пиёла қайноқ чой ичиб, улар билан хайрлашдим.

Ўлмас Умарбековга Боқий Дунё Сафари Олдидан Дуо
Осмон юзини тўсган булутлар оро қўл чўзиб, тортиб олган уз улушинг — кичкинагина биллурий тонг нарчасини кўтариб, қайтмас бўлиб зимистон томонларга кетяпсан.
Илоё, саҳар пайти узиб олинган шу бир парча нур то охиратгача йўлингни ёритиб борсин! Омин!
Шу қисқагина яшаб ўтказган умрингда сен кўрмаган жабру жафолар қолмади. Барига чидаб бердинг. Бўғзингни пора-пора қилиб, жонгинангни оғритиб кесаётган тиғга қандоқ туриб берганинг биргина яратган Эгамга аён.
Эй, Тангрим! Шу умри азобларда ўтган, барига «Сенинг менга атаган буюк неъматинг» деб чидаган бандангни ўз ҳимоянгга ол.
Беҳишт дарвозасини унга очиб кўй. Энди даргоҳингда абад ором топсин!
Эй Аллоҳим, унга ўзинг паноҳгоҳ бўл.
Омин!
... Ёмғир шовуллайди. Ёмғир гувиллайди. Ёмғир сен учун кўзёшларини селоба қилиб фарёд уради. Ёмғир шовуллайди...

2003 йил, 24 апрел.
Mualifning boshqa asaralari
1 Alla (hikoya) [Said Ahmad] 2545
2 Azob (hikoya) [Said Ahmad] 1492
3 Azroil oʻtgan yoʻllarda (hikoya) [Said Ahmad] 1312
4 Азоб (ҳикоя) [Said Ahmad] 692
5 Азроил ўтган йўлларда (ҳикоя) [Said Ahmad] 669
6 Алла (ҳикоя) [Said Ahmad] 547
7 Bahor qizlari (hikoya) [Said Ahmad] 988
8 Bahor suvlari (hikoya) [Said Ahmad] 774
9 Begona (hikoya) [Said Ahmad] 1389
10 Bir yuz yetmish soʻmlik xurrak (hikoya) [Said Ahmad] 751
11 Birinchi muhabbat (intermediya) [Said Ahmad] 2215
12 Borsa kelmas darvozasi (hikoya) [Said Ahmad] 1549
13 Bosh ogʻrigʻi (hikoya) [Said Ahmad] 826
14 Boʻston (hikoya) [Said Ahmad] 799
15 Buqalamun bilan uchrashuv (hikoya) [Said Ahmad] 1175
16 Баҳор сувлари (ҳикоя) [Said Ahmad] 580
17 Баҳор қизлари (ҳикоя) [Said Ahmad] 533
18 Бегона (ҳикоя) [Said Ahmad] 570
19 Бир юз етмиш сўмлик хуррак (ҳикоя) [Said Ahmad] 615
20 Биринчи муҳаббат (интермедия) [Said Ahmad] 680
21 Борса келмас дарвозаси (ҳикоя) [Said Ahmad] 567
22 Бош оғриғи (ҳикоя) [Said Ahmad] 569
23 Буқаламун билан учрашув (ҳикоя) [Said Ahmad] 536
24 Бўстон (ҳикоя) [Said Ahmad] 548
25 Dum (hikoya) [Said Ahmad] 735
26 Дум (ҳикоя) [Said Ahmad] 486
27 Farmonbibi qalʻasiga shturm. Bolshevikla... [Said Ahmad] 724
28 Фармонбиби қалъасига штурм. Болшевиклар ... [Said Ahmad] 642
29 Gap (hikoya) [Said Ahmad] 608
30 Gugurt (hikoya) [Said Ahmad] 1050
31 Gul haqida hikoyalar [Said Ahmad] 2318
32 Гап (ҳикоя) [Said Ahmad] 637
33 Гугурт (ҳикоя) [Said Ahmad] 620
34 Гул ҳақида ҳикоялар [Said Ahmad] 574
35 Iqbol chiroqlari (hikoya) [Said Ahmad] 769
36 Iqror (hikoya) [Said Ahmad] 1895
37 Иқбол чироқлари (ҳикоя) [Said Ahmad] 520
38 Иқрор (ҳикоя) [Said Ahmad] 505
39 Jajji hikoyalar [Said Ahmad] 965
40 Жажжи ҳикоялар [Said Ahmad] 608
41 Kataysa (hikoya) [Said Ahmad] 704
42 Kechikkan sevgi... (hikoya) [Said Ahmad] 1467
43 Kelinlar qoʻzgʻoloni (komediya) [Said Ahmad] 8556
44 Kiprikda qolgan tong (qissa) [Said Ahmad] 3802
45 Koʻzlaringda oʻt bor edi (hikoya) [Said Ahmad] 709
46 Kuyov (komediya) [Said Ahmad] 1775
47 Катайса (ҳикоя) [Said Ahmad] 548
48 Келинлар қўзғолони (комедия) [Said Ahmad] 1128
49 Кечиккан севги... (ҳикоя) [Said Ahmad] 545
50 Куёв (комедия) [Said Ahmad] 650
51 Кўзларингда ўт бор эди (ҳикоя) [Said Ahmad] 481
52 Laylak keldi (hikoya) [Said Ahmad] 840
53 Lochin (hikoya) [Said Ahmad] 1190
54 Лайлак келди (ҳикоя) [Said Ahmad] 569
55 Лочин (ҳикоя) [Said Ahmad] 536
56 Mehribon (hikoya) [Said Ahmad] 834
57 Menga yetib kelmagan xat (hikoya) [Said Ahmad] 932
58 Meni kechiring (intermediya) [Said Ahmad] 1313
59 Mening doʻstim Babbayev! (hikoya) [Said Ahmad] 916
60 Moʻtti (hikoya) [Said Ahmad] 719
61 Muhabbatning tugʻilishi (hikoya) [Said Ahmad] 894
62 Musicha (hikoya) [Said Ahmad] 2358
63 Менга етиб келмаган хат (ҳикоя) [Said Ahmad] 557
64 Мени кечиринг (интермедия) [Said Ahmad] 735
65 Менинг дўстим Баббаев! (ҳикоя) [Said Ahmad] 577
66 Меҳрибон (ҳикоя) [Said Ahmad] 474
67 Мусича (ҳикоя) [Said Ahmad] 571
68 Муҳаббатнинг туғилиши (ҳикоя) [Said Ahmad] 502
69 Мўтти (ҳикоя) [Said Ahmad] 475
70 Nomi yoʻq toʻy (hikoya) [Said Ahmad] 853
71 Номи йўқ тўй (ҳикоя) [Said Ahmad] 607
72 Odam va boʻron (hikoya) [Said Ahmad] 683
73 Oftob oyim (hikoya) [Said Ahmad] 4938
74 Onajonlar (hikoya) [Said Ahmad] 709
75 Oshqovoq, 2 (hikoya) [Said Ahmad] 1438
76 Ot bilan suhbat (hikoya) [Said Ahmad] 2488
77 Одам ва бўрон (ҳикоя) [Said Ahmad] 469
78 Онажонлар (ҳикоя) [Said Ahmad] 538
79 От билан суҳбат (ҳикоя) [Said Ahmad] 525
80 Офтоб ойим (ҳикоя) [Said Ahmad] 539
81 Ошқовоқ, 2 (ҳикоя) [Said Ahmad] 493
82 Paypoq (hikoya) [Said Ahmad] 1247
83 Poyqadam... (hikoya) [Said Ahmad] 838
84 Пайпоқ (ҳикоя) [Said Ahmad] 565
85 Пойқадам... (ҳикоя) [Said Ahmad] 543
86 Qorakoʻz majnun (hikoya) [Said Ahmad] 12559
87 Қоракўз мажнун (ҳикоя) [Said Ahmad] 685
88 Rahmat, azizlarim! (hikoya) [Said Ahmad] 1002
89 Раҳмат, азизларим! (ҳикоя) [Said Ahmad] 512
90 Sagʻana (hikoya) [Said Ahmad] 720
91 Sarob (hikoya) [Said Ahmad] 3440
92 Seni izlab (hikoya) [Said Ahmad] 1023
93 Sinovchi ichuvchi (intermediya) [Said Ahmad] 667
94 Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21545
95 Sobiq oʻgʻri (hikoyalar toʻplami) [Said Ahmad] 1236
96 Sobiq oʻgʻri - Boʻlishi mumkin hikoya [Said Ahmad] 938
97 Sud (hikoya) [Said Ahmad] 726
98 Sumbul (hikoya) [Said Ahmad] 641
99 Suvlar oqib ketdi (hikoya) [Said Ahmad] 731
100 Сароб (ҳикоя) [Said Ahmad] 590
101 Сағана (ҳикоя) [Said Ahmad] 486
102 Сени излаб (ҳикоя) [Said Ahmad] 525
103 Синовчи ичувчи (интермедия) [Said Ahmad] 584
104 Собиқ (ҳикоя) [Said Ahmad] 949
105 Собиқ ўғри (ҳикоялар тўплами) [Said Ahmad] 585
106 Собиқ ўғри - Бўлиши мумкин ҳикоя [Said Ahmad] 523
107 Сувлар оқиб кетди (ҳикоя) [Said Ahmad] 529
108 Суд (ҳикоя) [Said Ahmad] 519
109 Сумбул (ҳикоя) [Said Ahmad] 466
110 Tabelchi (intermediya) [Said Ahmad] 604
111 Tamom, davomi yoʻq (hikoya) [Said Ahmad] 798
112 Taqdir, taqdir, muncha shafqatsizsan? (h... [Said Ahmad] 0
113 Ta’zim (hikoya) [Said Ahmad] 1064
114 Ta’zim (hikoyalar) [Said Ahmad] 2195
115 Togʻ afsonasi (hikoya) [Said Ahmad] 617
116 Toʻlqinlar (hikoya) [Said Ahmad] 655
117 Toʻyboshi (hikoya) [Said Ahmad] 613
118 Turnalar (hikoya) [Said Ahmad] 1197
119 Tut pishigʻi (hikoya) [Said Ahmad] 652
120 Tuynuk (hikoya) [Said Ahmad] 518
121 Табелчи (интермедия) [Said Ahmad] 487
122 Тамом, давоми йўқ (ҳикоя) [Said Ahmad] 546
123 Таъзим (ҳикоя) [Said Ahmad] 489
124 Таъзим (ҳикоялар) [Said Ahmad] 690
125 Тақдир, тақдир, мунча шафқатсизсан? (ҳикоя) [Said Ahmad] 0
126 Тоғ афсонаси (ҳикоя) [Said Ahmad] 476
127 Туйнук (ҳикоя) [Said Ahmad] 494
128 Турналар (ҳикоя) [Said Ahmad] 540
129 Тут пишиғи (ҳикоя) [Said Ahmad] 505
130 Тўйбоши (ҳикоя) [Said Ahmad] 453
131 Тўлқинлар (ҳикоя) [Said Ahmad] 498
132 Uchinchi minora (hikoya) [Said Ahmad] 1141
133 Учинчи минора (ҳикоя) [Said Ahmad] 499
134 Xazina (hikoya) [Said Ahmad] 1825
135 Xomtalash (hikoya) [Said Ahmad] 748
136 Xotin (hikoya) [Said Ahmad] 697
137 Xotinboz chumchuq (hikoya) [Said Ahmad] 1239
138 Xurrak (hikoya) [Said Ahmad] 636
139 Хазина (ҳикоя) [Said Ahmad] 633
140 Хомталаш (ҳикоя) [Said Ahmad] 566
141 Хотин (ҳикоя) [Said Ahmad] 509
142 Хотинбоз чумчуқ (ҳикоя) [Said Ahmad] 502
143 Хуррак (ҳикоя) [Said Ahmad] 529
144 Yoʻgʻon tepa (hikoya) [Said Ahmad] 631
145 Yoʻlda (hikoya) [Said Ahmad] 792
146 Йўлда (ҳикоя) [Said Ahmad] 472
147 Йўғон тепа (ҳикоя) [Said Ahmad] 515
148 Yalpiz hidi (hikoya) [Said Ahmad] 1513
149 Ялпиз ҳиди (ҳикоя) [Said Ahmad] 529
150 Yelim (hikoya) [Said Ahmad] 635
151 Yer uygʻondi (hikoya) [Said Ahmad] 617
152 Елим (ҳикоя) [Said Ahmad] 513
153 Ер уйғонди (ҳикоя) [Said Ahmad] 439
154 Yuk (hikoya) [Said Ahmad] 539
155 Юк (ҳикоя) [Said Ahmad] 515
156 Zumrad (hikoya) [Said Ahmad] 686
157 Зумрад (ҳикоя) [Said Ahmad] 504
158 Oʻn sakkiz yoshing (hikoya) [Said Ahmad] 891
159 Oʻrik domla (hikoya) [Said Ahmad] 1046
160 Ўн саккиз ёшинг (ҳикоя) [Said Ahmad] 549
161 Ўрик домла (ҳикоя) [Said Ahmad] 462
162 Gʻildirak (qissa) [Said Ahmad] 1053
163 Ғилдирак (қисса) [Said Ahmad] 515
164 Sher (hikoya) [Said Ahmad] 1365
165 Шер (ҳикоя) [Said Ahmad] 529
166 Chevara (hikoya) [Said Ahmad] 613
167 Chiroqni oʻchir (hikoya) [Said Ahmad] 605
168 Chol kuyov bilan kampir kelin (hikoya) [Said Ahmad] 996
169 Choʻl burguti (hikoya) [Said Ahmad] 1906
170 Choʻl oqshomlari (hikoya) [Said Ahmad] 721
171 Chuchvara (hikoya) [Said Ahmad] 712
172 Чевара (ҳикоя) [Said Ahmad] 463
173 Чироқни ўчир (ҳикоя) [Said Ahmad] 494
174 Чол куёв билан кампир келин (ҳикоя) [Said Ahmad] 646
175 Чучвара (ҳикоя) [Said Ahmad] 590
176 Чўл бургути (ҳикоя) [Said Ahmad] 538
177 Чўл оқшомлари (ҳикоя) [Said Ahmad] 581
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика