Шер (ҳикоя) [Said Ahmad] |
Ёшлик пайтларимда Қўзивой деган ўртоғим бўлгувчи эди. Буни қаранг, шу кўчадан ўтиб кета туриб ўшани кўргим келиб, самоварга кирдиму суриштирдим. — Қайси Қўзивой, — дейишди самовардагилар ҳайрон бўлишиб. — Мўминжон аканинг ўғлида. — Э-ҳа, — деди қулоғига танга қистирган мўйловдор самоварчи. — Қўзивой деманг, Шервой денг. Шундоқ бўлиб кетган. Ҳайрон бўлдим. Қўзи қўйнинг боласи, ювош нарса бўлади. Мўминжон ака ҳам, ўз отидан маълумки, қўй оғзидан чўп олмайдиган одам. Нега шу одамнинг не умидлар билан мўмингина бўлсин деб исм қўйган боласи бирдан шерга айланиб қолди? Менинг ҳайрон бўлаётганимни сезган самоварчи кулиб гап қўшди. — Қўзивойни шер эмизган. Шер боққан. У шундоқ дедию, самоварнинг тагига чўп тиқиб, ўз ишига овора бўлиб кетди. Ундан бошқа гап сўролмадим. Индамай чиқиб кетаётган эдим катта толнинғ тагига бир такси келиб тўхтади. Ундан қорин ташлаган, соқол мўйлов қўйган бир киши тушди. Тикилиб қарасам Қўзивой. Вой тавба, одам деган ҳам шунақа тўлишиб кетадими. Қўзивойнинг очиқ кўкрагидан ёли буралиб, буралиб чиқиб турибди. Башараси ҳам, кўкраги ҳам худди шерга ўхшайди. Шер дейишлари бежиз эмасга ўхшаб қолди. Ўхшайди, ўлай агар ўхшайди. Ўзимни танитган эдим Қўзивой қучоғини очиб келиб, бағрига босиб кўришиб кетди. Вой бў! Одам боласида шунақа куч бўладими? Қовурғаларим қисирлаб кетди-ку! Шер деганича бор. Шер, Шер! — Шер бўлиб кетибсан-ку,— дедим белимни силаб. Бизнинг учрашувимизни кузатиб турган самоварчи яна гап қотди. — Шернинг нормасини уриб тургандан кейин шер бўлади-да! Унинг гапига тушунолмадим. Самоварга кирдик. Қўзивой халтасидан бир бўлак сон гўштини олиб подносга ташлади. — Қовурма-повурма қилиб ташла, ошнам келиб қоптилар. Қолганини битта-яримтага пулларсан. Ўша куни кечгача қолиб кетдим. Қовурма жуда антиқа бўлган экан, гапнинг очиғини айтсам бунақа ширин гўштни умримда емаган эдим. — Менга қара, Қўзи, қаерда ишлаяпсан? Нима иш қиласан? — Сўрама, ошна, ишимнинг мазаси йўқ. Сенга ўхшаган оғайниларим катта-катта ишларда туриб, мен бечора қаёқдаги паст ишларда юрибман. Ҳайвонот боғига завхозман. Қаёқдаги ҳайвонлар орасида юрибман. Унга ростданам раҳмим келди. Бир ўнг келиб қолса дурустроқ ишга ўтқазиб қўйишни ният қилиб қўйдим. Рост-да, гавдаси ҳам, кучи ҳам шерга тенг келадиган бир қадрдоним ҳайвонлар орасида юрса, яхшими! Орадан ўн кунлар чамаси ўтиб болаларни ҳайвонот боғига олиб бордим. Айланиб турли-туман ҳайвонларни томоша қилиб юрибмиз. Замбарғалтакка суяк-саёқларни солиб ғилдиратиб келаётган Қўзивойга кўзим тушиб қолди. У ғалтагини шер қамалган қафаснинг олдига келиб тўхтатди. Шер ўладиган даражада озиб, чўп бўлиб кетибди. У Қўзивойга хўмрайиб қаради-да, кейин юзини тескари ўгириб олди. Астойдил қарасам қафасдаги ростакам шер бир вақтлар мен билган Қўзивойга ўхшаб қопти. Ипдак ингичка Қўзивой расмона шерга айланиб кетибди. Назаримда Қўзивой қафасда-ю, шер бу ёқда турганга ўхшайди. Энди билдим. Самоварчи билиб айтган экан. Қўзивой шерга бериладиган гўшт-ёғларни еб ўзи шер бўлиб, шерни Қўзивой қилиб қўйибди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |