Ер уйғонди (ҳикоя) [Said Ahmad] |
Омонтойнинг бу ерда ҳали таниш-билишлари йўқ. Қўзибойга суяниб қолган. Айниқса янги келган кунлари қилган яхшиликларини ўла-ўлгунча эсдан чиқармайди. Хотини Илтифотхоннинг ўғилчаси Таваккалжондан кўнгли нотинч эди. Омонтой болага раиснинг хотини Кокила қараб турганини айтиб тинчлантирди, чақалоққа яхши қарашини тайинлаб, туғруқхонадан хотиржам чиқиб кетаётганда Қўзибой идора олдида Усмонали ака билан гаплашиб турган эди. Омонтой Усмонали акани танимайди. Чийбахмал гимнастёркасининг кўкрагида орден ялтираб турган, қоши, сочи оппоқ, лекин мўйлови тўсдек қоп-қора бу одамнинг олдига боришга хижолат бўлиб, четрокда Қўзибойнинг бўшашини кутиб турди. Қўзибой нималарнидир гоҳ кулиб, гоҳ қизишиб гапирар, Усмонали ака бўлса қўлидаги тол новдасини карки пичоқ билан йўниб, унинг гапларига диққат билан қулоқ солар эди. Кўчанинг нариги бетида чанг босган, қанотлари бўялавериб тошбақанинг косасидек олачипор бўлиб кетган эски «Победа» турарди. Усмонали ака шофёрга нимадир деди. Пешонасининг чап томони чандиқ шофёр бола минерал сувидан бўшаган шишасини кўрсатди. — Қолмабди, пўкаги отилиб, тўкилиб кетибди. Қўзибой Усмонали аканинг чўллаганини билиб, уйига чой ичгани таклиф қилган эди, кўнмади. Машинани самоварга буришни буюриб, иккови пиёда йўлга тушишди. Қўзибой йўлда тўхтаб, Омонтойга ўгирилди: — Ишинг бормиди менда, матрос? Қани, юравер, самоварда гаплашамиз. Қўзибой йўлда уни Усмонали ака билан таништирди. — Матрос бола. Болтиқнинг хўрозларидан. Яқинда келган. Усмонали ака унинг қуйиб қўйгандек тиқмачоқ гавдасига, кўндаланг беқасамга ўхшаш телняшкасини ёрвораман деб турган кўкракларига, икки қулоғига етай деб турган мўйловига қаради. — Устахонага, механикка помошник қилиб қўйсам тайсаллаб кўнмаётибди, трактор берасан, ўзим экиб, ўзим тераман, дейди. — Гапи тўғри-да, шундоқ болани устахонада олиб ўтирасанми? Қўй, далага чиқсин. Пахта эксин. Колхоз қишлоғи орқада қолди. Эрта баҳор шамоли ғириллаб эсиб турган ясси чўлнинг олис-олисларидан трактор гуриллагани эшитилади. Шудгор қилинган ерларда ҳали ҳам совукнафас карғалар аламзадалик билан қағиллаб қор чақириб, учиб-қўниб юришибди. Усмонали ака қўлини орқасига қилиб, кексаларга хос оғир қадам ташлаб боради. Унинг капаки солинавериб таг чарми қалинлашиб кетган этигининг қўнжлари букланиб чанг йиғилиб қолган. Атрофи ажин босган кўзларини қисиб, олисларга тикилиб, жимгина ўй сурмоқда. Қўзибой ҳар замон гап қотиб, унинг хаёлини бўлади. Омонтой эса орқарокда аллақандай бир куйни ҳуштакка солиб пилдираб боради. Баҳор офтоби яшнаб кўзни олади. Илиқ шамол юзга урилади. Усмонали ака тўхтаб, энгашиб, шудгордан бир кесак олиб, юзига босиб кўрди. Кейин панжаларининг орасига олиб, уқалаб, яна марзага отди. У чанг бўлган қўлини худди чапак чалаётгандек бир-бирига қоқиб, Қўзибойга қаради. — Ер уйғонибди, ука. Унинг ҳаракатларини кузатиб турган Омонтойнинг хаёлига бир нарса келди. У Болтикда хизмат қилиб юрганда қирғоққа келган болалар чиғаноқни қулоқларига тутиб кўришарди. Чиғанокдан денгиз шовқини, довуллар, тўлқинларнинг гувуллаши эшитилармиш. Усмонали аканинг кесакни юзига қўйиб кўришидан, у худди ер қаъридаги садоларни эшитаётгандек эди. Омонтойнинг кўзларини катта-катта очиб қараб турганини кўриб, Усмонали ака илжайди. — Бу чол нима қиляпти, деб ўйлаётгандирсан-а, матрос ўғлим? Ажабланма. Баҳор кезлари, офтоб ерни қиздирганда ётиб қулоқ сол. Зийрак бўлсанг билиб оласан. Ҳозир ернинг таги тўполон. Шовқин-сурон. Омонтойнинг қулоғига ерни туртиб чиқаётган гиёҳларнинг шитирлаши, танасига илиқ ўтган дарахт томирларининг илондек вишиллаб чуқурликка кириб кетаётгани, қурт-қумурсқаларнинг ҳаракати, нам тупроқ тагида кўпчиб, пўстини ташлаётган уруғларнинг қуёш бетини кўришга шошиб, ерни чатнаётгани эшитилиб кетди. Ҳозир ёнма-ён кетаётган киши ҳар куни кўриб юрадиган одамларидан шу гапи биланоқ ажралди-қўйди. Усмонали ака ер илмини ҳаммадан кўра яхши биладиган ақли расо одамга ўхшайди... Баҳор баҳорлигини қилиб, ерни қиздириб, тимдалаб, гиёҳларнинг бош кўтаришига ёрдамлашмоқда. Илиқ шамол ернинг оппоқ кўрпасини қимирлатиб кетганига ҳали унчалик ҳам вақт ўтгани йўқ. Бўғоз ер лорсиллаб, тўлғоқ тутиб уйғонди. Гуруллаган мотор шовқинлари уни бу йил барвақтроқ уйғотиб юборди. Қадимдан хотиржам, шошилмай бош кўтарадиган гиёҳларни одамнинг қисталанги, турткиси, шошириши бедор қилди. Асрлар ўз эрки, ўз ихтиёри билан яшаган бўз дала одамга тобе бўлиб қолди. Худди мана шу ерларнинг уйқусини қочирган Усмонали ака бўлади. У шу ерларни гоҳ қадамлаб, гоҳ отда, гоҳ машинада шамолдек кезиб қариди. Унинг болалиги ҳам, йигитлиги ҳам шу ерларда қолди. Норин сувлари каналдан оқиб, Ёзёвон чўллари оралаб, ҳали ерни қондирмай туриб, канал бўйларига экилган толлар ҳали тузуккина поя бермай туриб, уруш бош-ланиб кетди. Чўлга отланиб турган йигитлар шинел кийиб, далани аёлларга ташлаб кетишди. Чўл чўллигича қолаверди. Канал ёқаларида очилган янги ерларгагина кетмонлаб чигит экилди, холос. Усмонали ака ўша пайтларда қирқ беш ёшларда, айни кучга тўлган, ҳар елкасида биттадан одам кўтара оладиган бақувват йигит эди. Ўзи ишлаб юрган «Заркент» колхозида йигитлар бирин-кетин фронтга жўнаб кетиб, милтиқ кўтаришга ярайдиган бир ўзи қолганида, хижо-латдан ҳарбий комиссариатга кетаётганида, раис Раҳимберди ака йўлдан қайтариб келди. Усмонали унинг бир гапини икки қилолмасди. У иттифоқ бўйича бообрў раислардан саналарди. Шундай бўлса ҳам, икковларининг орасида биров сезмайдиган жиндек совуқчилик ҳам бўлиб ўтди. Усмоналига бари бир Раҳимберди ака билан бирга ишлаш насиб қилмади. Райком уни кўз остига олиб юрган экан, чўлда янги ташкил қилиниб, ҳали қаддини кўтармай туриб, азаматларини жангга кузатган, ўзи ни-ҳоятда қувватсизланиб қолган колхозга раисликка тавсия этди. Усмонали хотинларга онабоши бўлиб, уруш даврини ҳам ўтказди. Ҳатто раёнда уни «хотинлар колхозининг раиси» деб ҳам аташарди. Уруш тугаб, ўша «хотинлар колхози» ҳамманинг оғзида достон бўлиб қолди. Усмонали чўлдан янги жой очди. Қўзибой армиядан қайтиб келган йили колхознинг кичик бир участкаси алоҳида колхоз бўлиб ажралиб чиқди. Ёш колхозга Усмонали оталиқ қилди. Чўлда нимаики барпо қилган бўлса правление шу колхозга ҳадя қилди. Бу орада Усмонали аканинг белидан қувват кетиб, қарилиги билинадиган бўлиб қолди. Айниқса, Раҳимберди аканинг вафоти унинг қаддини анча букиб кўйди. Правлениега ариза берди. Ҳали йиғилиш бўлмай турибоқ, чет эл саёҳати деган гап чиқиб, бир ойдан ошиқ айланиб келди. Келди-ю, аризасини стол ғаладонидан олиб йиртиб ташлади. У ҳар йиғинда, тўю ҳашамларда фақат битта гапни қайтараверадиган бўлиб қолди: — Кўрган кунингга, еган нонингга, кийган кийимингга минг марта шукур қил! Одамзоднинг хорлигини ўз кўзим билан кўриб келдим. Белингда жиндаккина қувват бўлса, меҳнат қил, кўзингда зиғирча нур бўлса, меҳнат қил. Ота-буваларимизда бир гап бор: ҳаддингдан ошсанг, мозор кез. Не-не зукколарнинг қабрини, одам боласининг ерда ётганини кўриб, шукур қиласан. Мен тириклар мозорини, оч-яланғочлар ўлкасини кезиб келдим. Одам деганнинг хор бўлишини ўша ерларда кўрдим. Кўрдиму, ўз уйимни, жаннатга ўхшаган юртимни соғиниб кетдим. Шундай қилиб, Усмонали ака раисликдан тушмади. Фақат икки қўлини орқасига қилиб, сал букилиб юришини, мўйловини бўяшини айтмасангиз, қарилиги ҳам унча билинмай қолди. Чўл ўртасидан кесиб ўтган катта йўл ёқасидаги самоварга етиб келишганда офтоб анча тик келиб қолган эди. «Бўстон»нинг чойхонаси Фарғона, Андижонга олиб борадиган, чўлни кесиб ўтган катта йўлнинг ёқасида эди. » Олис йўл босиб, чўл қувиб келаётган «улуғ»лар ҳам шу чойхонага қўниб, битта яхна кўк чой ичмасдан ўтолмасди. Бу ерда қадимдан бир туп садақайрағоч бор. Унинг неча ёшга кирганини, ким қачон экканини ҳам биров билмайди. Шу қайрағоч баҳона бўлиб, уни нишон қилиб чўл кезганлар салқинда дам олиш учун йўлни шу томонга солганлар. Вақт-соати келиб, Ёзёвонга ҳужум бошлаганда, яна шу қайрағоч нишон бўлиб, ҳайбатли машиналарнинг ғилдираги унинг рўпарасидан из солиб ўтди. Моторлар гуруллади, артезиан қудуқлардан шаффоф сувлар чашмаси отилиб чиқди. Катта Фарғона каналининг бўтана сувлари чўл қўйнига кирди. Энди ўша бир туп садақайрағоч атрофида қум бўронларини елкасида силкитиб ташлайдиган азамат тераклар, ғуж-ғуж толлар қад кўтарди. Кустанай, Кўкчатоғ бўз ерларининг ғаллаларини элеваторга ташиб бўлган, то янги ҳосилгача бўш турган саноқсиз самосваллар шу томонларга қурилиш ускуналари ташишга ҳашарга етиб келди. Қоғоздек оппоқ уйлар, кафтдек текис йўллар, кечалари йўловчиларни имлаб чақирадиган минглаб чироқлар чўл жамолини очди. Чўлда биринчи марта ҳосил олинганда Отабой қизиқчиликка: «Чўл келини сувдан тиниқ чиқди!» деб ҳаммани кулдирган эди. Учовлашиб самоварга киришди. Бошмалдоғида ортиғи бор самоварчи сергапгина йигит экан, Усмонали акани кўриб, босар-тусарини билмай қолди. Бирпасда: академиядан келган профессорларга девзира гуручдан ўзи ош қилиб бергани, Тамарахоним «Бўстон»нинг боғида контсерт кўрсатганда парда орқасида туриб яхна кўк чой қуйиб тургани, ўзининг талабига биноан Ҳалимахоним радиода икки марта қўшиқ айтиб бергани, Ўрик домла келини билан аразлашиб қолиб, унинг самоварида яна икки кеча ётиб қолгани, Тошкентдан келган бир ёш шоирга чўлни «полний» тушунтирганини гапириб берди. Усмонали ака унинг гапларига кулиб, илжайиб қулоқ соларди. Чой устида Усмонали ака яна чўл кезиб юрганининг сабабини айтиб қолди. — Ука, анчадан бери бир нарса миямдан ҳеч нари кетмайди. Қизилсувга бордим, кечадан бери қирғоқларда санқиб юрибман. Қўзибой ҳайрон бўлиб, унинг оғзига тикилди. Усмонали ака чорвадан гап бошлади. Колхозларнинг моли то Олой водийсига боргунча пиёда неча юзлаб километр йўл босиши, семириб, кўкатга тўйиб кузда қишловга қайтишида яна шунча йўл босиб, бояги-боягидек озиб қолиши анчадан бери бошини қотираётганини айтди. — Агар шу томонлардан Қизилсувга кўприк қурилса, йўл қисқариши мумкин-ку, аммо инженерлар бунга кўнишмаяпти. Қизилсув бу томонларда жуда ёйилиб оқади. Кўприк қимматга тушади. Улар миллионнинг нари-берисига хомчўт қилишяпти. Беш-олти колхоз бирлашиб, шу ишга қўл урсак қандоқ бўларкин, деб атайлаб олдингга қўндим. Нима дейсан? — деб Қўзибойнинг оғзига тикилди. Боятдан бери гапга аралашмай бир чеккада мўйловини ўйнаганча жимгина қулоқ солиб ўтирган Омонтой Қўзибойга қаради. Қўзибой чаккасини қашиб, нима дейишини билмай, хаёл суриб қолди. — Ўйланиб қолдинг? — деди Усмонали ака унга қараб. — Нима, юрагинг дов бермаяптими? — Колхоз янги бўлса, аъзо ҳали юзга ҳам етмаган бўлса. Чорва ҳам, ўзингиз биласиз, ҳамин қадар. Кассада бўлса хемири йўқ. Қурилиш бошқармаси уйларни насяга қуриб ташлаяпти. Селхозбанк бир кун келиб гирибонимдан хиппа бўғиб, пулини қистайди. Ҳозирча кўприкка унчалик муҳтожлигим йўққа ўхшайди. Усмонали аканинг қошлари керилиб, башараси тиришди. — Ҳалиям хом экансан-ку! Колхоз шу етмиш уч бошдан бўлак кўй боқмайди, шу билан тамом деб юрибсанми? Бекор айтибсан. Ё пулдан чўчияпсанми? Агар чўчиётган бўлсанг, пулни мендан ол. Уч йил муддатга қарз бераман. Кўнасанми? Майли, ўйлаб кўр. «Гулистон» рози. — «Гулистон»нинг пули кўп-да! — Қараб тур, сеники ҳам кўпаяди. Харажатнинг ярмини давлат кўтаради. Йўқ дема, бари бир, сен йўқ десанг, ўзимиз ҳам қураверамиз. Кейин бу йўлдан мол ҳайдагани хижолат бўлиб юрасан. Кўприк тўғрисида бошқа гап бўлмади. Усмонали ака у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиргандан кейин қўшни колхозга ўтиб кетди. Орадан беш кун ўтиб, Омонтойнинг қистови билан Қўзибой бу масалани правление мажлисига қўйди: бу фикрни жуда озчилик маъқуллади. Кўпчилик қарзга ботишни истамай, ҳозирча кўприк зарур эмаслигини айтишди. Правление кўприк хусусида аниқ бир фикрга келмай тарқалди. Омонтой икки марта мототсиклда Қизилсув бўйларини айланиб чиқди. У ҳар гал ўша томондан қайтиб келганда инженерларнинг хомчўт ҳисобига ҳайрон бўларди. Кечаси ўғлини ухлатиб қўйиб, мук тушганича қоғозга нималарнидир чизди, нималарнидир ҳисоблади. Омонтой бола вақтларида ҳам темир-терсакка ўч эди. Ота фронтдан қайтмаган, ёлғиз қўл она ногиронликда далада ишлаб дурустгина рўзғор тебратолмас эди. Уйда пилла тутиб, кўрпа қавиб, тирикчиликни амал-тақал қилиб турарди. Шўх-олов Омонтойга кийим чидамасди. Бугун кийганини эртасигаёқ йиртар, аллақаёқлардан темир-терсак суриб келиб, кийимларини расво қилар эди. Онаси, Биринчи май арафасида ўртоқлари олдида ўксимасин, деб қўлига пул бериб, ўзини бозор куни Марғилонга автобусда жўнатди. Орқасидан: «Этик ол, шим ол, бўйнигга ўлчаб тўн ол. Белингдаги пулни Қосим акага бер, эҳтиёт бўл, йўқотиб қўйма!» деб тайинлаб қолди. Омонтой шаҳарни тоза айланди. Магазин витриналари олдида велосипед тузатадиган устанинг дўкони олдида эринмай узоқ-узоқ туриб қолди. Айниқса, култмагдаги яп-янги ялтираб турган мототсикл кўзини ўйнатди. Сира кетолмади. Хуллас, шундай бўлдики, Омонтой кечқурун уйга шалағи чиқиб кетган бир эски мототсикл етаклаб кириб келди. Онасининг кўнгли озиб қолай деди. Йиғлади, сиқтади. Умрида биринчи марта битта-ю битта ўғлининг юзига шапалоқ тортиб юборди. Ёш болага пул бериб шаҳарга туширган ўзини куйиб-куйиб қарғади. — Кошки ўзимнинг пулим бўлса, бировники-я! Энди нима қиламан, эгасига нима дейман? Бу гапларга Омонтой кўзини лўқ қилиб, бурнини тортиб қулоқ солар экан, кўзидан мўлтираб ёш оқаётганини сезмасди. Она ўғлининг аҳволига қараб ичи ачишди. Отаси бўлса унга нималар қилиб берарди! Унда нима айб? Бола бола-да, ҳавас қилади! Дадасиз ўсиб нима орзу-ҳавас кўрди бола? Она бечора ҳам нима қилсин, қўлида бўлса қараб турармиди. Ўрикка суяниб қийшайиб турган мототсиклга қараб она йиғлади, бола йиғлади. Охири Қосим акага эрининг тилла соатини юрагидан суғургандек қарз ўрнига олиб борганда жуда хафа бўлиб кетди. — Синглим, хафа бўлманг, бола-да, соатни эҳтиёт қилиб қўйинг. Омонтой катта бўлганда тақади. Марҳум ўртоғим шу умид билан сизларни менга ташлаб кетганмиди? Пулга муҳтож эмасман. Ўша пул сизларга менинг ёрдамим бўлсин. Мана бу пулга, — у ёнидан пул олиб, санаб, уч юз сўм узатди. — Омонтойга байрамга унча-мунча олиб беринг, ўксимасин. Она бировнинг қўлига қараб қолганиданми, ё Қосим аканинг одамгарчилигиданми, киприк қоқиб бирдан йиғлаб юборди. Қосим ака уни юпатиб, остонагача кузатиб қўйди. Нимаики керак бўлиб қолса, тортинмай келаверишини тайинлади. Она қачонлардир, насиб қилса бу сахий, одамгарчиликни биладиган мурувватли кишига бир яхшилик қилишни дилига тугиб қўйди. Омонтой ўша эски мототсиклнинг у ёқ-бу ёғини титкилаб, охири юргизди. Колхоз устахонасидагиларнинг мия-сини ачитиб, ҳали ундан у асбобни, ҳали бундан бу асбобни сўраб, эшитадиган гапини роса эшитди. Бу хира, ўз сўзли бола охири устахонадагиларнинг меҳрини ўзига тортди. Омонтой деярли ҳар куни устахонага келар, нима балоларни ясаб, уйига олиб кетар эди. Ёз ойларининг бирида Омонтой бирваракайига ўн кунча устахонага келмай, йўқ бўлиб кетди. Бола ўша кезларда томорқадаги ҳужрага кириб олиб, одамнинг ғашига тегадиган товуш чиқазиб темир арралар, дарахтларга сим тортиб, лампочкалар илар эди. Онаси бир кун даладан қайтса, айвоннинг шифтида электр ёниб турибди! Томорқада мототсикл тинмай потиллайди. Ҳовли тўла бола. Айвоннинг деворига чойшаб осилган. Унда нима балолар лип-лип қилиб кўриняпти. Бу Омонтойнинг «кино»си эди. У онасининг кўзойнагидан, нон қутисидан, қўл машинасининг ғилдирагидан кино аппарати ясаган эди. Қишлоққа келадиган кўчма кинонинг уқувсиз механиклари узиб ташлаган ямоқ ленталардан йиғиб, олақуроқ «кинофилм» қилган эди. Унда Тарзан, Радж Капур, Чарли Чаплин, Бағдод ўғриси ҳамда ҳар хил жосуслар бор эди. Ҳамма ёқни ивирситиб юборган болаларни ҳайдашга онанинг кўнгли бўлмади. Бир чеккада ўтириб у ҳам «кино» кўрди. Ана шу воқеадан кейин Қосим ака, болани инженерликка ўқитиш керак, деган ўй билан онасига маслаҳат солди. Аммо Омонтой бирдан матросликка ҳавас қилиб қолди-ю, ўнинчини битириб, денгизга қараб кетди. Бугун Омонтой Қизилсув бўйларини айланиб келгандан кейин кўприк қуриш ҳақида уни, инженерлар айтганча бир миллионга эмас, олти юз минг сўмча харажат қилиб, яхшилаб қуриш мумкинлигини исбот қилмоқчи бўлди. Ҳозир у мук тушганча қоғозда ана шуларни ҳисоблаб кўрмоқда. Вақт алламаҳал бўлиб қолган. Таваккалжон у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдарилиб: «Ая!» деб ижирғанди. Омонтой бориб унинг юзидан ўпди-да, кўрпасини устига тортиб, ёстиғини тузатди. Ҳамма вақт шовқин-сурон, тўполон билан яшаган, бола табиати ҳатто ота бўлгунча сақланган Омонтой ўғлига қараб туриб бирдан катта бўлиб қолганини сезди. Боласининг пиш-пиш нафас олиб ётганини кўриб, ўз дадасини, онасини эслади. Чўлга туз-насиба тортиб келганидан тортиб хотини, шу чўлда туғилган, ҳозир туғруқхонада тамшаниб ётган чақалоғи Бўстонгача бир-бир кўз олдидан ўтаверди. Онаси тирик бўлганда қандай бўлар-ди-я! Неварасининг пешонасидан ўпарди, стол устидаги қоғозларига қараб: «Кўпригинг ҳам битади, мана кўрарсан!.. деб унинг юрагига далда берарди. Омонтой ўғлининг юзига юзини қўйиб, бирпас ором олмоқчи бўлди-ю, кўзини уйқу босиб, мудраб кетди. Отабойнинг хўрози қичкирганини ҳам сезмай, донг қотиб ухлаб қолди. Ташқарида биров гугурт чаққандек, тонг ёришиб келарди. * * * Омонтой Усмонали акани идорадан тополмади. У Раҳимберди аканинг қабрига мармар лавҳа ўрнатиш маросимига кетган экан. Қачон қайтиши маълум эмас. Омонтой йўловчи машинадан ялиниб бакини бензинга тўлатиб олди-да, нефт тозалаш заводи қурилиши монтажчиларига йўлиқмоқчи бўлиб, мототсиклини потиллатиб кетди. Монтажчилар тушликка чиқиб, Ғози ака конторада бош инженер билан ғижиллашиб турган экан. У Омонтойга қарамай жаҳл билан ҳовлига чиқиб кетди. Омонтой унга дарвоза олдида етиб олиб, зарур иш билан келганини айтган эди, у сал юмшаб нима иши борлигини сўради. Омонтой гапини айтди. Ғози ака уни қўлидан етаклаб яна конторага олиб кирди. Чертёжларини кўриб, ташлаб ке-тишини сўради. — Шу бугуноқ кўриб чиқаман. Расчётни тўғри олганмисан ишқилиб? Омонтой бош ирғаб кўзларини пирпиратди. Ғози ака унинг кифтига қоқди. Омонтой ўша куни қишлоққа қайтмади. Армиядан келганидан бери қўли тегиб Қосим акадан хабар олмаган эди. Онасининг маъракасида бир кўрганича қайта кўрмаган. Боролмаганига хижолат бўлиб юрарди. «Шу бугун хонаси келиб қолди, бобой билан бир гаплашиб ётай» деб бозордан унча-мунча совға олиб, Қосим аканикига қараб жўнади. Эшик олдида олтмишларга бориб қолган оппоқ соқолли бир чол ўтирарди. Чол уни кўриб бир-икки қадам олдинга юрди. Юрди-ю, оёғидан қувват кетиб, чўккалаб йиқилай деди. Омонтой илдам бориб унинг қўлтиғидан кўтарди. Бу чол, тўқиган атласлари водийга овоза бўладиган Уста Қосим эди. У Омонтойнинг дадаси билан қадрдон, ёшликдан ўртоқ эди. Энди қариб, зах дўконда орттирган боди кучини кўрсатган эди. У Омонтойнинг қадди-қоматига, шоп мўйловига қараб, кўзлари яшнаб кетди. Омонтой унга дўстини эслатгандек бўлди. Омонтой кўп вақтлардан бери сувга тушса бузилмайдиган қўл соат олиб қўйган эди. Ўша соатни олиб, чолга тутди. — Ҳожати йўқ, болам, менга соатнинг зарурлиги йўқ. Ўзинг тақ, ёш нарсасан!.. — Олинг, олинг, ота, атайлаб сизга олганман. Онам шундай деб васият қилганлар. Ота бир вақтлар кампирнинг қарз ўрнига тилла соат олиб келганини эслади. Кулиб турган кўзларини маъюслик босди. — Марҳума топилмайдиган хотин эди. Чол то ярим кечагача унинг дадасидан, онасидан гапириб берди. Эрталаб кетаётганида кўзига ёш олиб, уни дуо қилди. Тез-тез келиб туришини сўради: — Ғанимат бўлиб қолдим, болам, — деди. ...Ғози ака Омонтойнинг лойиҳасига анчагина ўзгартишлар киритибди. — Аниқ ҳисобда ўша инженерларнинг хомчўтига қараганда уч баравар арзон баҳода кўприк қуриш мумкин! — деди. Омонтой лойиҳани унга ташлаб, ўзи Усмонали акани хурсанд қилиш учун Заркентга қараб жўнади. * * * Бу баҳор ҳам чўл шамоллари майса-гиёҳларни силкиб ўйнаётган тонгда яна Марказий Фарғонага бордим. Омонтойнинг қизи Бўстонхон той-той турадиган бўлиб қолибди. Тили ҳам чиқай-чиқай деб турибди. Алланималарни чуғурлаб гапирарди. Омонтойнинг иши бўлса жуда жадал, каллайи саҳарда чиқиб кетганича ярим кечада қайтади. Болалари кутиб ўтириб ухлаб қолишар экан. Кокила ҳали ҳам ўша-ўша. Ҳаваскор қизларга ўйин ўргатиб, дала шийпонларида контсерт қўйиб юрибди. Радио-узелга эга чиқиб, одамларга гап эшиттирмай, нуқул магнитафондан ҳиндча қўшиқ эшиттиргани эшиттирган. Қўзибой раис ҳали ҳам ундан зириллайди. Усмонали ака машинасида янги кўприкка олиб борди. Омонтой ҳам, Қўзибой ҳам ўша ерда эди. Чўл колхозлари Чўнг Олой яйловларига пода ҳайдашаётган экан. Омонтойнинг соч-соқоли ўсиб кетибди. Осма кўприкдан ўтаётган қўйларга қараб икки қўлини белига қўйиб, чираниб қараб турарди. Пастда ҳайқириб оқаётган Қизилсув шаршараларига парво ҳам қилмайди. Денгиз довуллари билан олишган матрос бунақа майда тўлқинларни тўлқин дермиди! Унинг кеккайишига анчадан бери разм солиб тикилиб турган Усмонали ака завқланиб кетди: — Яшавор-э, Мўйлов, чўл Зиганшини экансан-ку!.. 1961 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |