Йўлда (ҳикоя) [Said Ahmad] |
Ёнбошига «прокат» деб ёзилган пачаққина «Москвич» ғуборсиз тонг ҳавосини ёриб олдинга интилади. Козимжон бу машинани олганига уч кун бўлди. У хотинига кўпдан бери, тоғ йўлларини бир кўрсатаман, деб ваъда қилиб, сира фурсат тополмай юрарди. Унинг ўз тили билан айтганда: «Бизнинг хотин бир нарсага ёпишдими, бўлди, пона билан ажратиб, омбур билан тортиб олинади». Дарҳақиқат, Хосиятхон шунақа бир сўзли аёл. Козимжон шу беш йиллик турмушларида ҳали унинг бир гапини икки қилмаган. Қилолмайди ҳам. То мактабнинг иккинчи синфигача онаси опичлаб борган эрка қизнинг талабларини рад қилишга Козимжондек ювош одам ожизлик қиларди. Мана, Хосиятхон Козимжоннинг ёнида ҳусни бир жаҳон бўлиб ўтирибди. Унинг чинакамига кўз-кўз қилса арзигулик ҳусни бор эди. У машинани, модани, атоқли аёллар даврасига киришни жон-дили билан яхши кўрарди. У Козимжонга тегаркан, унинг истиқболида катта обрў, енгил машина, данғиллама иморат кўрарди. Афсус, унақа бўлмади. Козимжон жўнгина инженер чиқди. Театрда ҳам эл қатори ўртароқда ўтирарди. Машина қаёқда, шу билан иккинчи марта прокатга машина олиши. Мана ўзи рулда ўтириб, Хосиятхонни тоғ йўлларини айлантиришга олиб кетяпти. Шаҳар чироқлари бирин-кетин ўчиб, тонг отди. Бу пайт улар анча жойга бориб қолишган эди. Тоғ йўли бошланди. Пастак адирлар оралаб кетган кафтдек йўл илон изи бўлиб малла ранг қирлар орасида йўқолиб кетарди. Туман орасига ўралган чўққининг учи қилич дамидек ярқираб кетди-ю, бир дам кимхоб парчасидек булут ялт-ялт ёниб кўзни қамаштирди. Тоғ орқасида қуёш бош кўтарган эди. Ана энди, тоғ йўлининг энг гаштли пайти бошланади. Машина анчагина уринган, кўп «шафқатсиз» қўллардан ўтгани сабабли йўл-йўлакай кўксовга ўхшаб йўталиб борарди. Мана ҳозир ҳам ёнбағирга етмай суви самовардек қайнаб кетди. Козимжон бир жуфт азим ёнғоқ тагига келганда тўхтатиб, қайноқ сувни тўкиб, челакни кўтарганича сойга тушиб кетди. У радиаторга сув қуяётганда ҳам, машинанинг у ёқ-бу ёғини айланиб, ғилдирак резиналарини тепиб кўраётганда ҳам Хосиятхон машинадан тушмади. — Пастга тушиб бу ёқларни томоша қилсангиз-чи. Қаранг, сойга қаранг. Тошга урилиб, бирам ғалати тўзон отяптики. Хосиятхон машинани жудаям соғинган экан, тушмади. Писта чақиб ўтираверди. Йўл шу жойдан бошлаб тик қиялаб тоққа кўтарилади. Ёнғоқнинг нариги томонига «Водител, тормозларингни текшир!» деб ёзиб қўйилган. Тахминан беш километрча масофага машина тинимсиз кўтарилиши керак. Бу қияга унча-мунча ҳаваскор шофёрнинг юраги дов бермасди. Козимжоннинг ҳам юраги пўкиллаб турибди. Агар Хосиятхон шоширмаганда у моторни жиндак совутиб олмоқчи эди. Бўлмади. — Бунча имиллайсиз, юра қолсангизсиз-чи. Чўққига чиқиб дам ола қоларсиз. Козимжон энди кабинага кирган эди, тоғ томондан ўрта ёшлардаги бир қиши кўринди. Унинг эгнида комбинезон, қўлида тугунча. У Козимжонга қараб қўл силкиди. Козимжон эндигина моторни ўт олдирган эди, яна ўчирди. — Ҳайданг!— деди Ҳосиятхон. — Шошманг, анави кишининг иши борга ўхшайди. — Иши нима бўларди. Олиб кет, дейди-да. Ҳайданг, ҳайданг! Козимжон беихтиёр машинани юргизиб юборди, қайрилишга келганда ўша томонга бир назар ташлаган эди, бояги киши йўл ўртасида унга қараб турарди. Козимжоннинг ичи эзилиб кетди. Бечора, энди нима қилади... — Ҳа, мунча қовоқ-димоғингиз осилиб қолди. — Ҳалиги одам... Козимжон гап тополмай қўл силтади. У шитоб билан машинага газ берди. Мотор хунук бир гуриллаб тепаликка тармашди. Айланма йўллар бошланди. Эр-хотиндан садо чиқмасди. Бир томон булутга санчилган чўққи, бир томон тошқин тоғ дараси. Ўнгга сал жилсанг, пастга қулайсан, чапга сал жилсанг, ё тошга уриласан, ё қаршидан келаётган машинага уриласан. Охири улар сув алмаштириш учун махсус тайёрланган ялангликка етиб тўхташди. Бу ерда улардан бошқа етти чоқли машина турарди. Ҳаммаси сув олишяпти. Копотни очиб шамоллатишяпти. Козимжон ҳам улар орасига суқилди. Бу жойдан пастликлар жуда ғалати кўринар эди. Козимжон, ўзимизда шунақа хушманзара жойлар бор экан-ку, одамлар қаёқларга бориб юришади-я, деб дилидан ўтказиб қўйди. Дарҳақиқат, ёнбағирлар беқиёс чиройли эди. Пастликларда ғуж-ғуж писта дарахтлари, азамат тошлар орасида синкага солингандек кўк сув гоҳ кўринади, гоҳ кўринмайди. Сойнинг нариги томонида яланғоч тоғлар юксала-юксала водий йўлини тўсиб ётибди. Унинг қизил чўққиларига офтоб тушиб турибди. Ўнгирларда саратондан яшириниб қолган қор уюмлари кўринади. Каллақантдек чўққига кўтариладиган айланма йўлга бош кўтариб қараган киши бир-бирининг устига мингашиб юксалган йўлни кўради, машина то чўққига кўтарилгунча шу йўлдан тўрт марта ўтиши керак. Козимжон юқоридан тушаётган машинага қаради, у то тушиб келгунча тўрт айланди-да, тўдалашиб турган машиналар олдида тўхтади. — Чўққи орқасидаги йўлга харсанг қулаган, ўтолмайсизлар. Экскаваторчига телефон қилишди, келса йўлни очиб беради. Хосиятхон ҳафсаласи пир бўлиб кабинадан тушди. У ёқ-бу ёққа аланглаб томоша қила бошлади. Харсангга ўтириб олган бир шофёр йигит атрофини ўраб олганларга йўлни тушунтирарди. — Икки йил шу йўл қурилишида ишлаганман. Ишнинг зўрини ана шунда кўрганман. Кўп усталар бор эди. Экскаватор, булдозер деганлар қумурсқадек тўлиб кетган. Ўшанда одамлар тош билан, офтоб билан олишиб ишлашган. Сиз манави тайёр йўлдан кетяпсиз. Эҳа, қуриш осон бўлмаган буни. Бир Рустамжон дегани бор эди. Ё қудратингдан, тош отишни ўшанга чиқарган эди. Бадани офтобда худди мисга ўхшаб қизариб кетган, ўзиям миқти келган, тиқмачоқ киши эди, ўзидан катта тошларни пастга улоқтирарди-я. Бир кун кўчки тушиб булдозерни босиб қолибди. Ҳар тошларки, одамнинг ваҳми келади. Началник келиб ким тошларни олиб ташласа, беш норма ёзаман, деб қолди. Ҳеч кимдан садо чиқмади, Бир четда папирос чекиб ўтирган Рустамжон ўрнидан турди-да, пичинг қилди. — Беш норма ўзингизга сийлов, началник. Одамларни ўз ишига юбораверинг, Тошларни ўзим олиб ташлайман. Лекин одамлар кетишмади. Қани, бу мақтанчоқнинг ишини бир кўрайлик-чи, деб туриб олишди. Рустамжон билагини шимариб ишга тушиб кетди, Харсангларни бир у ёққа отади, бир бу ёққа отади, одамнинг ваҳми келади, денг. Баданидан селдек бўлиб тер оқиб турибди. У, ҳар тош кўтарганда билагидаги, бўйинларидаги томирлари бармоқдек-бармоқдек бўлиб шишиб чиқади. Танаси бўлса офтобда ялт-ялт қилади. У аввал кабина тепасидаги тошларни олади. Кейин ён-верларни тозалаб булдозерчига қараб кўз қисиб қўяди, — Қани, кел, акаси, сал орқага торт, кейин бурадиган томонингдан йўл очиб бераман. Булдозерчи орқага сургандан кейин бошқалар ҳам қараб туришмади. Кўплашиб тошларни пастга улоқтириб ташлашди. Началник ҳам мард киши эди. Билагидаги соатини шарт чиқазиб Рустамжоннинг билагига солди. Йўқ, олмади. Йигит ҳикоясини тугатиши билан қоядан тушган шофёр луқма ташлади: — Йўлни очгани ҳозир Рустам аканинг ўзлари келадилар. Ўша кишига телефон қилишди-да. Ҳамма жимиб қолди. Одамларнинг кўз олдига тошларни Фарҳоддек қулатган Рустамжоннинг паҳлавон қиёфаси келарди. Козимжоннинг ҳам, Хосиятхоннинг ҳам кўнглига Рустамжонни кўриш нияти тушиб қолди, Ҳамманинг кўзи йўлда. Аммо Козимжондан кейин пастдан ҳали битта ҳам машина чиққани йўқ. Биров ёнбағирдан гул тергани, биров булоқ сувидан ичгани тарқаб кетди. Фақат бир неча шофёр йигит ўртага термос қўйиб алюмин кружкада чой эрмак қилиб ўтиришарди. Козимжон тошга ўтириб инсон қўли билан қурилган йўлга қараб ақли лол бўлиб ўтирарди. Пастликдан машина овози келди. Ҳамма йўлга қаради. Юк машинаси гуриллаб кўтариларди. Кузовда келаётган Рустам акани даставвал бояги шофёр йигит таниди. — Ана, келяпти. Козимжон уни кўрди-ю, эсанкираб қолди. Рустам ака, боя унга қўл силтаб ола кет, деган киши эди. Машина уларнинг олдидан бир неча минут ичида ўтиб кетди. Бу он Козимжоннинг хаёлига нималар келмади. Қани, шу асрий тошлар ёрилиб кетса-ю, уни ўз бағрига яширса. Кечалари ишқида куйиб ёнган, эркалаш учун дунёдаги энг нозик, энг гўзал сўзларни ахтарган, ҳамиша кўзига оловдек ёниб турадиган хотини Хосиятхон энди совуқ, жуда ҳам совуқ кўриниб кетди. Энди уни сўкиш учун энг ҳақоратли сўзлар ҳам ожизлик қилаётгандек эди. Агар шу Хосиятхон уни мажбур қилмаганда, албатта, Рустамжонни ола кетарди. Наҳотки шу қийин йўлни қурган одамни ўзи қурган йўлдан олиб кетишга оғринса. Унинг орқасидан қараб қолганда кўнглидан нималар кечди экан... Орадан бир соатча вақт ўтиб, йўл очилди. «Ўтаверинглар» деган хабар келгунча, Козимжондан садо чиқмади. Хосиятхон ҳам унинг кўнглидаги гапларни сезиб турган экан, юпатишга уринарди. — Қўйинг, диққат бўлманг, озиб-ёзиб бир сафарга чиққанимизда мени хуноб қилманг. Нимасидан хижолат бўласиз. Йўл қурилишида ишлаган бўлса, ҳақини олган, текинга ишлабдими? Козимжон хотинини энди кўргандек бўлиб унга анграйиб қараб турарди. Ҳамма кетди. Аммо Козимжон жойидан жилмасди. Назарида унинг бу йўлдан юришга ҳақи йўқдек эди. Чўққилардан осилиб турган анвойи булутлар ҳам, пастда тошдан тошга сакраб оқаётган кўм-кўк сув ҳам, майсалар бетида титраётган шабнам ҳам, унинг хаёлини тортмасди, уни овутолмасди. Козимжон ҳеч нарса бўлгани йўқ, деб ўзини алдайди. Хўп, шундай ҳам қилиб кўрсин. Аммо кечаси қандай ухлайди? Рустамжон тушига кирмайдими? Тоғ-тошларнинг қалдираши уни қандоқ ухлатади, қандоқ? |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62381 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57575 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40476 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36522 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23273 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23157 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21549 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19502 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18631 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14451 |