Сумбул (ҳикоя) [Said Ahmad] |
Ваҳобжон Деновга бемаҳал келганидан у ёқ бу ёққа телефон қилиб, ҳеч кимни тополмади. Охири ўйлаб-ўйлаб колхоз меҳмонхонасида тунаб қолишни маъқул топди. Меҳмонхона қоровули чопонини бошига ёпиб ухлаб ётган экан, унинг илтимосига дўнғиллаб-дўнғиллаб зўрға кўнди. Ваҳобжон ишлаган пайтларда бунақа боғ йўқ эди. Меҳмонхона ҳам кейин қурилибди. Қоровул уни айланма тахта зинадан бошлаб чиқиб чироқни ёққанда, икковлари бир-бирларига тикилиб қолшнди. — Кўзимга иссиқ кўринасан, ука. Каерда кўрганман?... — Мен сизни танияпман. Қосим ака эмасмйсиз? Бундан йигирма олти йил олдин кўр ичагингизни кесиб ташлаган эдим. Қосим аканинг кўзлари чақнаб кетди. — Анавуни қаранг-а, анавуни қаранга. Вой, жонингдан... Қосим ака унинг қўлидаги чамадонини олиб, қаерга қўйишиии билмай, хонани бир айланиб чиқди. Охири стол устига қўйиб, унга қарадп. Кейин чамадонни яна олиб ушлаб турганича, гапира бошлади: — Тирик одам ахир бир кун бирбирини кўрар экан. . Тан-жонингиз соғми? Буни қаранг-а. Ҳозир, ҳозир. У гапини тугатмай, йигитлардек чаққонлик билан зинадан тушиб кетди. Сал ўтмай пастдан тўқтўқ ўтин ёрган товуш эшитилди. Ваҳобжон деразани очиб юборди. , Кеч куз бўлишига қарамай, кўклам ҳавоси уйга ёпирилди. Тошкентдан чиқаётганда изғирин жонини ачитар, аллақачон яланғоч бўлиб қолган новдаларни буйдалар эди. Хурмозор орқасидан ярим палла тарвуздек қипқизил ой кўтарила бошлади. Ваҳобжон папирос кулини ташлаш учун кулдон қидириб у ёқ бу ёққа аланглаган эди, буфет устида турган кулранг нарсага кўзи тушди. Беихтиёр яқин бориб қаради. Каради, баданн ғалати сес канди. Бу дур боғлаган сумбул бутоға эди. Қўлига олди. Панжадек бутоқлар усти новвот дуридек қалинлашиб кетган, соч толасидек сумбул новдаси фақат дурнинг синган жойидан аранг кўриниб турарди. У сумбулни қўлига олиб, чироқ тагига келди. Қўллари беихтиёр титрарди. Шу пайт Қосим ака патнисда хурмо, анор, олма олиб чиқди. Ваҳобжон унга йўл бераман деб, қўлидан сумбул дурини тушириб юборди. Сумбул полга тушиб, жаранглаб синди. Ваҳобжон афсусланиб бўлакларини териб олар экан, Қосим акага гуноҳкорона қаради. — Hechqisi yoʻq. Serob narsa. Xurmoni ermak qilib turing, hozir choy damlab chiqaman. Ваҳобжон сумбул синиқларига тикилиб, ўйлаб кетди. У бу сумбулларнинг қаерда битишини билади. Сумбул-сойда хаёл суриб ўтирган кунларни эслади. Ваҳобжон урушдан олдин медиттсина техникумини тугатиб, Сумбулсойга юборилган эди. Сумбулсой тоғ оралиғгтдаги қишлоқ. Пасту баланд тепаликлар, арча ва қарағайларга бурканган, ёнбағирлари кўз ёшидек тиниқ булоқлар, майда барг азамат толлар қўйиида мудраган сўлим бир қишлоқ, Кишлоқнинг қоқ белидан кесиб ўтган сойдан кечиб адирга кўтарилса, бутун қишлоқ кафтда тургандек кўринади. Адирнинг орқасида эса тиғ жарлик. Бу жарликда фақат қушларнинг чирқиллаши-ю, шамолнинг гувиллаши эшитилади, холос. Жарлик тубида мажнунтоллар қўйнига яширинган Сумбулсой бор. Қишлоқ йигитлари ёзнинг жазирама кунлари адир ошиб шу жарга тушишада. Худди новвотдан ясалган қасрдек, Сумбулсойда бир текис шувиллаган томчиларга қулоқ солиб, соатлаб ўй суриб қолишади. Унсурлардан осилган соч толасидек қора сумбул новдаларидан шудринг томади. Йиллар ўтиб бу шудринглар тошга айланади. Сумбул толалари йўғолашиб, баъзан ток зангидек дурга айланади. Ваҳобжон ҳам Сумбулсойда соатлаб қолиб кетарди. Бу ерда сумбул толаларидан тўкилаётган томчиларнииг қўлсоат чиқиллашига ўхшаш товушига қулоқ солиб, кўнглига ўт солган қизнинг келишини кутарди. Тоғликлар одати ёмон. Киз боланинг йнгит билан хилватда турганини кўришса, катта жанжал чиқади. Шунга қарамай, қиз келарди. Адирлардан ошиб, тошлар панасида биқиниб, Сумбулсойга етиб келарди. Гулсум қишлоқнинг ўқимишли қизи эди. У ота-онасининг қаршилигига қарамай, Самарқанддаги медсестралар курсини битириб келган. Амбулаторияда Ваҳобжоннинг қўлида ишларди. У пайтларда қишлоқ аёллари эркак докторга кўринмасдилар. Ваҳобжон учун Гулсум ниҳоятда зарур эди. Ваҳобжон билан Гулсум Сумбулсойда жуда кўп учрашарди. Ишк-муҳаббат ўртаган юракларнинг бир-бирларига тикнлиб овутишарди. Аммо кичкинагина қишлоқда бундай сириинг узоқ сақланиб қолнши мумкнн эмас эди. Кимдир улариинг Сумбулсойда учрашишларини пайқаб қолган. Ана шундай учрашишларнинг бирнда тўрт-беш йигит уларнинг йўлини пойлаб, Сумбулсойда тутиб олишади. Қизни қўйиб юборишадию, Ваҳобжонни қишлоққа олиб тушишади. Бетига қора суртиб, эшакка тесқари миндирганча қишлоқдан чиқариб юборишади. Чўлда қўли боғлиқ, эшакка тескари минган Ваҳобжоннинг қўлини чўпон чол ечиб юборади, унга раҳми келиб, отида Денов йўлигача чиқариб қўяди. Чўпон чолнинг гаплари ҳали ҳам Ваҳобжоннинг қулоғида: — Одатимиз қурсин, болам. Келгиндига қиз бермаймиз. Қизимизга сал мундороқ қараганни аямаймиз. Ўшанда Ваҳобжон Деновга тонготар пайтида кириб келганди. Одамларнинг кўзлари бесарамжом. Ҳамма ташвишда. Уруш бошланибди. Урушга кетгани маъқул. Ваҳобжон тўппа-тўғри Ҳарбий комиссариятга учрашдию, эртасигаёқ армияга жўнаб кетди. Кирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади, дейдилар. Ваҳобжон фронтда тўрт йил кезди. Қанча ярадорларни жанг майдонидан судраб олиб чиқди. Қанча беҳол жангчиларга қон қуйди. Баданлари ўкдан илма-тешик бўлиб кетди. Уруш тугаши билан туғилиб ўсган Чинозга қайтиб келди. Дунё кезгаи одам бир жойда туролмас экан. Тошкентга келди. Института кириб яна ўқишга шўнғиб кетди. У фронтда пайтларида икки-уч марта Сумбулсойга хат ёзиб, жавоб кутди. Аммо Гулсум ўрнига имзосиз жавоб келарди. «... Башаранг қоракуя соғинган бўлса кела қол... » Ана шундан кейин у хат ёзишни тўхтатди. Гулсумни ҳам, Сумбулоойни ҳам унутди. Шу топда у дур бойлаган сумбул синиқларини ушлаб туриб, ўша воқеаларни бир-бир эслади. Кўнгли ҳам қувонч, ҳам алам билан ўртанди. Қосим ака елкада сочиқ, қўлида чойник билан чиққанда у ана шундай ўйлар билан банд эди. — Оббо, дўхтир ука-э, муни қаранг-а, кўришарканмиз-а. Тинч-омонмисиз? Эсингиздами, Сумбулсойдан қайтганингизда, бизникида тунаган эдингиз, ўзим армияга кузатиб қўйган эдим. Қосим ака асли деновлик бўлиб, ўтин кесиш учун Сумбулсойга атайин борарди. Бир кун ёнғоқзорда саржин кесаётганда қорнини чангаллаб ётиб қолади. Икки йигит замбилда уни амбулаторияга олиб келишганди. Ваҳобжон қараса, кўричаги тутиб қолган экан. У умрида оператсия қилмаган. Аммо уни дарров оператсия қилмаса, нобуд бўлиши аниқ эди. Ваҳобжон таваккал қилиб оператсия қилади. Қосим ака омон қолади. Ваҳобжон қишлоқдан қувилганда, Деновга келиб, шу кишининг уйида тунаган эди. Мана, бемаҳалда у билан яна учрашиб қолди. — Сиздан ўла-ўлгунча қарздорман. Қўлингиз енгил экан. Мутлақо тузалиб кетдим. Урушга ҳам бориб келдим. Икки орден, уч медал олдим. Хўш, энди сўраб қўяй: биз томонларга сизни қайси шамол учирди? — Қизим шу ерда. Икки ой бўлди ишга келганига, Душанбадан қайта туриб қизимни кўриб ўтай, дедим. — Шунақами? Қани, чойга қаранг. Сиз бор пайтларингизда бунақа хурмолар йўқ эди, шекилли. Ҳозир ҳаммаёқ хурмозор, лимонзор бўлиб кетган. Ҳали Сумбулсойга йўлингиз тушмагандир? Ҳа, ажаб замонлар эди. Сумбулсойда ҳам ўзгаришлар катта. Телефон жиринглади. Қосим ака трубкани олиб, «йўқ» деб жавоб бердию, яна жойига илиб қўйди. — Раисни сўраяпти. Раис Ойбаракка кетган. Ваҳобжон бир бурда нон ушатиб, икки-уч пиёла чой ичдида, яна ўриидан туриб, ташқарига қаради. Ойдинда арчаларнинг учи балиқ скелетидек таралиб кўринади. Семон ариқда сув шалдираб оқади. Қайдадир саъва сайрайди. Осмони фалакда чироғини милтиратиб самолёт кетяпти. Унпнг овози эшитилмайди. Шу пайт электр лампаси секин-секин хиралашиб, қизил ипдек бўлиб қолди. Сал ўтмай у ҳам сўнди. — Шунақа, движок ўн иккигача ишлайди. Худо хоҳласа, бирон ҳафтадан кейин катта симга улаймиз. Ўшанда кеча-ю, кундуз ёнадиган бўлади. Сим Нурекдан келяпти. Лампа ёқиб берайми? — Йўқ, овора бўлманг. Ётаман. Йўлда уринибманшекнлли. Қосим ака қоронғида тимирскиланиб каравотга жой қилиб бердида, гугурт чақиб, зинадан тушиб кетди. Ваҳобжон ўрнига ётиб, анча вақтгача кўз юммай, ўй сурди. Бу жойларда кечган кунларининг ҳаммасини эслади. Кўзига Гулсум кўриниб кетди. Эндн у ёшлигининг унутиб бўлмас бир парчаси бўлиб кўринарди. Ваҳобжон ўйлаб-ўйлаб, охири ухлаб қолди. Қизи хат ёзганда, Деновдан қаерга юборишлари ҳали номаълум, деган эди. Эрталаб у шу ернинг ўзидан раён соглиқни сақлаш бўлимига телефон қилди. Қизипи суршнтирди. Унга: Зарофатнинг Сумбулсой амбулаториясига ишга юборилганини айтишди. Ажаб, ўзи ишлаган амбулаторияга энди қизи кетибти. Ваҳобжон иккиланиб ўтирмай ўша ёққа боришга қарор қилди. Косим ака билан хайр-хўшлашиб гузарга чиқди. Китоб савдоси машинаси Сумбулсойга кетаёттан экан, шофёрдан илтимос қилган эди, рози бўлди. Энди у бир вақтлар эшакка тескари миниб қочган йўлларидан кетяпти. Йўл-йўлакай шофёрни ҳайрон қолдириб, гоҳ кулади, гоҳ қошлари чимирилиб, жиддий бўлиб қолади. Сел олиб кетган жойлар, тоғдан думалаб тошган харсанглар бўлмаса, йўл яхши бўлиб кетибди. Онда-сонда янги иморатлар учраб қолади. Олисда эса, қишлоқни бағрига олган асрий қоялар садаф девор бўлиб турибди. Машина айланма, пасти баланд йўллардан ўтиб, тоғ орасига қараб ўрмалади. Сумбулсой ҳамон ўшандек. Ўша гердайган қоялар, ўша шарқироқ телба сувлар. Ёнбағирларда ўсган асрий арчалар орасида илашиб қолган булутлар сокин судралади. Кираверишдаги тепа ортида Кизқўрғон кўкка интилган. Кизқўрғоннинг учини булут ўраган. Унинг қизғимтир танасида ўсган гиёҳлар ерга қараб осилган. Ваҳобжон таниш манзараларга маҳлиё бўлиб бораркан, худди йигитлик чоғи қайтиб келгандек энтикарди. Гўё ҳозир Гулсум жамалак сочларини силкитиб чопиб келаётгандек... У шундай хаёллар билан амбулаторияга етганини билмай қолди. Эшик олдида бир дам тўхтаб, у ёк бу ёққа қаради. Унинг худди ёнгинасидан тўлагина бир хотин гурсиллаб ўтди. Зина олдига келиб, туфлисининг чангини қоқиб кириб кетаётган эди, Ваҳобжон гап отди: — Зарофат Ваҳобовнани чақириб юбормайсизми? Хотиннинг иши тиғизроқ экан шекилли, жавоб ўриига бош ирғаб кириб кетди. Сал ўтмай оқ халат кийган Зарофат чиқди. Дадасининг кутмаганда келишига ҳайрон бўлиб, қошларини кериб қараб турдию, бирдан унинг бағрига отилди. Ота-бола шу куйи анча туришгандаи кейин, Зарофат уни ичкарига ундади. Ваҳобжон кўнмади. — Ишингни қилавер, болам. Мен қишлоқни бирон соат айланиб келаман. Кечқурун яна қайтиб кетаман. Йўл устида кўриб ўтай дедим. У, қизи ҳарчанд қилса ҳам, кўнмай, айлангани кетди. Ваҳобжон Сумбулсойга боришни аҳд қилган эди. Ўша тарафга йўл олди. Адир ўртасидан икки арава сиғадиган йўл очишибди. Йўл тепасида ҳаржой-ҳаржойдан нов кесиб ўтганъ. Новнинг ёриғидан йўлга сув томиб турибди. Арава изларидан пастга қараб сув силжияпти. Ваҳобжон юқорига интилди. Тепага чиқиб қишлоққа яна бир марта қаради. Бутун қишлоқнинг ярмига тоғ сояси тушган. Қишлоқнинг ярмида кечаси-ю, ярмида кундузига ўхшайди. Ваҳобжон суқланиб бир дам қараб турдида, кейин адирнинг ортига қараб кетди. Жар ёқасига келди. Пастликдан мажнунтоллар кўринди. У шиддат билан ўша ёққа қараб туша бошладп. Бир гала қуш чағ-чағ қилиб кўтарилди. Ваҳобжон зум ўтмай жарнинг тубига етди. Мажнунтолларнинг танаси янада, йўғонлашиб кетибди. Ерда судралган новдаларни кўтариб Ваҳобжон ичкарига кирди. Ғор ичи жимжит. Тепадан тунгаб турган бўйрадек офтоб нури дурдан ясалган деворларни ғалати ёритган. Тарновлар бўйнига осилган сумалакдек дурлар учидан сув томчилайди. Томчилар дурга сачраганда, пашша қаноти теккан танбур симидек нозик товуш чиқаради. Катта харсанг тошлар устидан ёпирилиб учи сувга тегиб турган хўл сумбул толалари худди бош ювмоқчи бўлиб жомга энгашган хотинларнинг сочига ўхшайди. Девор тошлари дур боғлаган бу ғор худди каттакон новвот қозонига ўхшарди. Ҳар бир дур бойлаган сумбултоласидан майда, кўзга кўринмас томчилар сачрайди. Нафас олмай қулоқ тутган киши муттасил шовиллаган товуш эшитади. Гўё олисда шивалаб ёмғир ёғаётгандек. Ваҳобжон харсангга ўтирди. Сувнинг шовиллашига қулоқ солди. У эртаклар оламига кириб қолгандек, ҳар бир товушдан, ҳар бир томчининг чақнашидан, сачраганда жаранглашидан ҳозир қандайдир мўъжиза юз беради деб кутарди. У Гулсум муҳаббатини шу жойда, шу афсонавор товушлар орасида туйган эди. Қани у? Бормикан? Бор бўлса, ҳали ҳам ўшандаймикан? Орадан йигирма олти йил ўтиб, Гулсум ҳамон ўшандай қизалоқ бўлиб тургандек туюларди унга. Йигит қизларнинг қийқириғи унинг хушини ўзига келтирди. Бош кўтариб, толнинг рўдапо новдалари орасидан тепага қаради. Ўн чоқли қиз-йигит шу тарафга қараб югуришарди. Ваҳобжон қимирламай ўтираверди. Бири фотоапарат, бири папирос қутисидек радиоприёмник билан ғорга кириб келишди. Ғор ичи шовқин-сурон бўлиб кетди. Радиодан таралган қўшиқ дур деворларда акс-садо бериб, чиқиб кетолмай айланарди. Йигитлар тепага тирмашиб чиқиб, ғалати дур ҳайкалчаларни синдириб тушишарди. Дурлар ҳар синганда жаранглаб кетарди. Ваҳобжон уларнинг ўйин-кулгисига ҳалал бермаслик учун ғор ичидан чиқди. У энди ариқчадан ҳатлаёгганда қорачагина қиз келиб унинг қўлидан тутди. — Сумбулсойга келиб қуруқ кетяпсизми? Мана буни олинг. У Ваҳобжонга худди оёқларини кериб турган кийикка ўхшаш дурни берди. Ваҳобжон унга раҳмат айтиб, тепага интилди. Урнинг бир қўлида бир сиқим қопқора сумбул, бир қўлида дур қоплаган сумбул бутоғи. Авайлаб, синдириб қўймаслик учун, эҳтиёт қилиб тепага чиқиб олди. Зарофат эшик олдида уни кутиб турарди. — Қаёқда эдингиз? Анчадан бери кутаман. — Қизим, сенга сумбул олиб келдим. Зарофат бу ёққа яқинда келганидан Сумбулсойни ҳали кўрмаган эди. Шошиб дадасининг қўлидан сумбулни олди. — Сочга ўхшар экан. Юринг бирпас дам олинг. Ваҳобжон чарчаган эди. Қизига эргашиб яна сойнинг нариги тарафига ўтди. Бир тавақали эшикдан ҳатлаб кенг ҳовлига киришди. Бир кампир ўчоқ олдида нимадир қиляпти. Уйга киришди. Шифти тоқили уй деворлари оқланган, токчаларда ҳар хил китоблар. — Бош врачимизнинг уйи. Яхши одамлар. Мана шу хонани менга бўшатиб беришган. Боя амбулатория эшиги олдида учраган хотин кирди. Хали Ваҳобжон унинг юзини кўрмаган эди. Энди кўрди. Бу ўша. Уша Гулсум. Икковлари бирбирларига тикилишганича қимирламай қолишди. Гулсум, охири кўзини олиб қочди-да, титроқ товуш билан эшитилар-эшитилмас саломлашди. Гулсум чиқиб кетди. Шундан кейин Ваҳобжон кетар чоғида ҳам кўринмади. Ваҳобжон чўлга чиққанда ҳам, Деновга етиб келганда ҳам унинг оппоқ, сочларини, ажин қоплаган юзларини, айниқса, иягидаги тиртиқни кўз олдидан нари кеткизолмади. — Қариб қарипти. Бемаҳал қарипти. Кўзлари ҳамон ўшандай. Орадан ўн беш кунлар чамаси вақт ўтиб, Ваҳобжои қизидан хат олди. «Дада, бош врачимиз ўша куни сиз билан хайрлашолмай қолгани учун афв этишингизни сўради. Ўша куни бир беморни кўриш учун тоққа жадал кетиб қолган экан. Ўзи жуда яхши, меҳрибон хотин. Бошидан жуда кўп савдолар ўтган, дейишади. Қирқ биринчи йилда эри отилган эмиш. Нима сабабдандир у Гулсум аяни пичоқлаган экан. Боласи йўқ. Айниқса, сиз келиб кетгандан кейин менга жуда меҳрибон бўлиб қолди. Рўпарамга ўтириб кўзимга тикилади. Кеча яна шундай қилди. Кўзимга узоқ тикилиб турдида, йиғлаб, бағрига босди... » Ваҳобжон хатни ўқиб, оғир уҳ тортди. Бўғзидан нафас эмас, олов отилиб чиққандек бўлди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19901 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |