Жажжи ҳикоялар [Said Ahmad] |
Тансиқ Шаҳримизга ҳали қирдан лола келмаган эди. Кексалар тўқсон чиқди-ю, оппон-соппон ҳали турибди. Битта қор ўтсин ундан кейин ҳамал киради, дейишарди. Аммо Чилонзор томонда турадиган бир темирйўлчи жувон очиқ машинада бир даста лола кўтариб ўтди. Ҳамманинг кўзи унинг қўлидаги лолада. Ўтган ҳам, кетган ҳам қарайди. Машина тез юрганидан шамол лолани шундай ҳилпиратадики, офтобда у худди лов-лов ёнаётганга ўхшайди. Шу пайт шамол лоланинг биттасини юлқиб олди-да, кўча ўртасига улоқтирди. Машиналар катта тезлик билан бири кетидан бири учиб бормоқда. Шофёрлар лолага етай деганда рул буриб унинг ёнидан айланиб ўтиб кетишади. Мана шу аҳволда кун чошгоҳ бўлди. Лола ҳали ҳам кўча ўртасида чўғдек ёниб турибди. Машиналар ҳамон унинг ёнидан айланиб ўтиб кетишяпти. Йўловчилар юракларини ҳовучлаб ишқилиб машина босиб, эзғилаб кетмасин-да, деб ташвиш қилишади. Охири кўчани тартибга солиб турган милитсионер чидамади. Кўча ўртасига тушди. Машиналар бири кетидан бири тормоз бериб тўхташди. Постовой оҳиста бориб лолани олдида, фуражкаси тагидан чаккасига қистириб қўйди. Машиналар ғиз-ғиз ўтиб турибди. Шофёрлар, йўловчилар чоррахага келганда машина деразасидан бош чиқариб, милитсионер чаккасидаги лолага қарашади. Уларнинг юзида бир чиройли табассум порлайди. Шу куни лола очилганини бутун шаҳар билди. Одамлар дилига бу йил баҳор вақтлироқ киргандек бўлди. Бир умр... Театр майдонидаги саҳн баҳор кезлари жуда гавжум бўлади. Қари-қартанг, ёш-яланг скамейкаларга ўтириб олиб ўзларини офтобга товлашади. Кампирлар аравачаларда невараларини олиб келиб, ўзлари кўз ойнак устидан газетани ялагудек қилиб ўқишади. Мен ҳам бўш пайтларимда шу ерда ҳордиқ чиқаришни жуда яхши кўраман. Бир кун киоскадан газета олиб ўқиб ўтирган эдим, ёнимда ҳассасини скамейкага тираб бир хотин ўтирарди. Унинг олдидаги ҳаво ранг аравачада невараси ипи тугмасига боғлаб қўйилган қизил шарни ушлавололмай қийқиради. Кампир унга бепарво, ўтган-кетганларни томоша қилади. — Неварами?— дедим. Кампир ўгрилиб қаради. — Йўқ, айланай, чевара. Чевара ширин бўларкан. Онаси ёш. Дадасининг ўзи бола. Ўзим оёққа турғизиб бермасам эплашолармиди. — Ҳали юрмайдими? — Юриш қаёқда айланай. Энди той-той туряпти. Биламан, болалар жуда айёр бўлишади. Кўтарадиган одамни топишса сира ерга оёқ қўйишмайди. Бу бола ҳам шунақа қилаётгандир. Кампирнинг меҳрибонлигидан фойдаланаётгандир. — Юриб ҳам кетарди, қиш пайтида бола юришга эринади. Мана офтоб одамнинг елкасини қиздириб қолди. Энди юриб кетар. Кампир шундай деб болани аравачадан олди. Икки қўлтиғидан ушлаб ерга қўйди. Бола аввалига тиззасини букиб тихирлик қилиб турди-да, кейин икки оёғини ерга тиради. — Қани, амакингларга битта той-той туриб бергин. Кампир уни қўйиб юборди. Бола худди ҳавода муаллақ қолгандек омонат туриб қолди, кейин бирдан олдинга шўнғиб кетди. Шу шўнғиганда ўнг оёғини кўтариб ташлади. Йиқилмади. Кейин яна бир марта шундай қилдию, маст одамдек гандираклаб юриб кетди. Тўрт-беш омонат қадам ташлаб орқаси билан ўтириб қолди. Кампир югуриб бориб уни кўтарди. Бола энди аравага ўтиргиси келмай, ерга тушишга хархаша қилаверди. Кампир уни ерга қўйишга мажбур бўлди. Шу алпозда бола уч-тўрт марта юришга интилди. Охири пилдираб беш-олти қадам босадиган бўлиб қолди. Кампир хурсанд. Уларга қараб туриб, ўйлаб кетибман. Боланинг оёғи ерга тегди. Биринчи қадами бошланди. Эҳ-ҳе, бу одам ҳали ҳаётда қанчадан қанча ерларни шу оёқ билан босиб ўтади. Умр бўйи... Ҳайкал Бухорода қадим иморатлар кўп. Бу кўҳна шаҳар кўчаларида хаёлчан кезарканман бир тўда сайёҳлар боши булутга чулғанган минорага қараб туришганини кўрдим. Уларга кекса бир илмий ходим минора тарихини тушунтиряпти. Қулоқ солдим. — Етти юз йил бўлган бу миноранинг қурилганига. Сайёҳлар ҳайрат билан ёқаларини ушлашди. Мен бу хил ёдгорликларни кўп кўрганман. Арманистондаги тўрт минг йиллик Двин ҳаробалари, Кегарт қалъаларини, неча минг йиллар муқаддам ёзилиб бизга етиб келгунча тошга айланган китобларни кўрганман. Шуларни одам яратган, уларда одам қўлининг изи бор. Бухоро кўчаларида кезарканман жуда кўп хотиралар хаёлимдан ўтади. Асрлар қаърида қолиб кетган жангу жадалларни кўргандек, қилич-қалқонларнинг жарангини эшитгандек бўламан. Буларнинг барини тарих шамоллари учириб кетди. Одамларнинг хотиридан юлиб кетди. Аммо кўҳна деворда қолган беш бармоқ изи ҳали ҳам кўриниб турибди. Бу минг йиллар қаърида йўқ бўлиб кетган одам қўлининг изи. Шу азамат бинога ғишт терган меъмор қўлининг изи. Одам қўлигина одамга абадий ҳайкал қўйишига ана ўшанда ишонганман. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |