Юк (ҳикоя) [Said Ahmad] |
Купега кирганимда пастки қаватнинг иккаласи ҳам банд эди. Ўнг томонда ҳассага таяниб бир мўйсафид, чап томонда эса тугунчасини тиззасига қўйиб ҳомиладор хотин ўтирарди. Хотин мени кўриши билан ўрнидан турди. — Жойингизни олиб қўймадимми? Менинг жойим юқорида эди. Уни тинчитиб, чамадончамни полкага ирғитдим-да, ўзим ҳам бир сакраб чиқиб олдим. Поезд жўнашига учинчи қўнғироқ урилганда икки қўлида зилдек чамадон кўтарган бўйни елкасига туташиб кетган бир киши кирди. У атрофга қарамай, тўппа-тўғри хотинга юзланди. — Жойни бўшатинг, бу меники. Хотин ийманиб ўрнидан турди. Шу пайт эшик олди-да проводник пайдо бўлди. — Гражданин, сиз юқорига чиқа қолинг, бу одам, кўриб турибсиз-ку, ҳомиладорлар. Бўйни йўғон пассажир истеҳзо билан кулди. — Аттанг, билет олаётганда кассирга қоринни кўрсатмаган эканман-да. Хотиннинг лаблари титраб, кўз милклари намланди. Бу беодоб одамнинг қилиқларига чидаёлмаган чол ўз жойини бўшатиб, инқиллаб юқорига чиқди. Хотин ҳижолат, чол тажанг. Бўйни йўғон бўлса пихиллаб, қорнини қашийди. Мен унинг совуқ қилиқларига қараб ётиб, ёшликдаги бир ўртоғимни эслаб кетдим. Болалигимда Оппон деган бир ўртоғим бўларди. Сира бошидан қасмоқ аримасди. Онаси уни чўмилтирадиган бўлса эрталабдан бошига қатиқ чаплаб қўярди. Оппон кўчага чиқибоқ бошидаги қатиқни бармоғи билан сидириб ялаб қўярди. Оппон билан сойда мол боқардик. Сигирларни ўтга ҳайдаб, юмронқозиқнинг инига сув қуйиб ўйнардик. Ошнам дўпписида сув ташир, мен эса ин оғзида юмронқозиқнинг чиқишини кутиб ўтирардим. Бир гал ошнам жуда узоқлаб кетди. Кутиб ўтириб зерикдим. Уни қидириб борсам, сигиримизнинг тагига кириб, миқ-миқ эмяпти. Икки оёқли бузоқнинг баднафслигига чидай олмаган сигир шатирлатиб унинг пешонасига тепди. Ошнам ўтга думалаб кетди. Бу бўйни йўғон одамнинг қаеридир ўша ошнамга ўхшаб кетарди. Ахир, орадан 30 йилдан ортиқ вақт ўтди. Унутган бўлишим мумкин. Ўша ошнамнинг ўнг пешонасида сигир туёғининг изи бор эди. Энгашиб қарадим. Ё тавба, ўзи. Беихтиёр қичқириб юбордим. — Ҳой, ҳой, менга қара! Оппон эмасмисан? Ошнам бўйнининг йўғонлигидан дарров қарай олмади. Бутун гавдаси билан бурилди. Қошларини кериб, елкасини қисгандек бўлди. Елкаси билан бўйни бир бўлганидан қорнининг ўзи силкинди, холос. — Танимаяпман, биродар, ўзингизни танитинг. Чўккалаб ўтириб олдим. — Наҳотки танимаяпсан?! Пешонангдаги тир-тиқ... Оппон энди таниди. — Э, у гаплар ўтиб кетган. — Қаердасан? Нима иш қиляпсан? Оппон бу саволга ҳали-бери жавоб бермоқчи эмас эди. Олдига ёзиб қўйган яхна гўшт, шоколад, саримсоқ, пиёз, олмаларни битта-битта танлаб лунжига тиқарди. Унинг ўрнига чол жавоб қилди. — Оппонбек ёғлиқ иш топиб олганлар. Туғруқхонада передача қабул қиладилар. Унча-мунча суюнчи олиб турадилар. Чол Оппонни гапиргани қўймай, қулфи-дили очилиб кетди. — Эсингиздами, Оппонбек, келинимдан хабар олгани борганимда сизга йўлиққан эдим. Қоғозга ҳам қарамай, жавоб қилган эдингиз. Келинингиз ўғил туғди, невара муборак, деб беш сўмимни олган эдингиз. Шу гапдан кейин келиним роса икки ҳафта ўтганда қиз туққан. Оппон қиррали стакан лабига тухум уриб чақди-да, яхшилаб арчиб, лунжига солди. Кейин палағда товуш билан пўнғиллади: — Туҳмат. — Ахир, Оппон, жиянинг сени институтни битириб, инженер бўлди деган эди-ку. У тухумни ютиб, кетидан оғзига соладиган нарса қидираркан, жавоб берди: — Ёнингда битта дипломинг бўлса биқинингдан тешиб чиқмас, бирон кунингга яраб қолар. Каттагина бир стантсияга яқинлашар эдик. Оппон шошиб-пишиб юкларини йиғиштириб коридорга отилди. Купеда ундан ёдгор бўлиб тухум пўчоқлари, шўр балиқнинг думи, ғижимланган қоғозлар қолди. Чол афсуслангандек уҳ тортиб қўйди. — Худо кўрсатмасин, шунақа одамлар ҳукуматга бир иш кўрсатиб қўйса борми, трамвайга ҳам пул тўламай қўяди. Шу тоифа одамлар ҳамиша юрт мендан қарздор деб билади. Юртдан қарзи бўлса бермайди. Ахир, номард, йўлинг бир стантсиягина экан, нима қилардинг хотин кишини безовта қилиб? Чол стол устида тебранаётган стаканга қараб ниманидир ўйлади. — Поезд тезлаб кетдими дейман? — Ҳа, — дедим, — бояги оғир юк тушиб қолди. Паровоз яна тезлаб кетади энди. Дарҳақиқат, поезд учар, проводник бўлса Оппондан қолган сарқитларни қиртишлаб сўкинарди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |