Чучвара (ҳикоя) [Said Ahmad] |
Мажлисда унга: — Сен бола, чучварани хом санаб юрибсан. Шошма ҳали, жўжани кузда санаймиз. Бу қанақаси, цирканг сув кўтармайдиган бўлиб қопти, — дейишди. Холиқнинг тепа сочи тик бўлиб кетди. У уч йилдан бери пахта бригадасида бошлиқ. Бригадага ўтишдан аввал парранда фермасида, ундан кейин узумчилик звеносида эди. Пахтага ўтиб ҳеч кимга гап бермай қўйган. Чопиқ ҳам, суғориш ҳам расво. Ана шунинг учун уни бугун тахтага тортиб, роса танқид қилишди. Аммо умрида тузуккина танқид емаган Холиқ бу гапларни шахсиятдан деб тушуниб, ўрнидан туриб кетди. — Энди менга навбат! Менинг шаънимга жуда кўп ножўя гапларни айтдинглар. Ҳаммасига жавоб тайёр: чунончи, циркаси сув кўтармайди, дединглар. Нимага шама қиляпганларингни биламан. Узумчилик звеносида ишлаганимда цирка солганман. Лекин, мен уни чуғурчиқ чўқиган ғужумлардан солганман. У сув кўтарадими, йўқми — ўзим биламан. Иккинчи масалага ўтайлик: жўжани кузда санаймиз, дединглар. Бундан икки йил олдин парранда фермасини учма-уч қилиб топширганман. Жўжаси ҳам, хўрози ҳам тўппа-тўғри чиққан. Энди учинчи масала: чучварани хом санади, дейсизлар. Мана шу гап менга оғир ботди. Қани айтинглар-чи, менинг чучвара санаётганимни ким кўрипти? Кимнинг уйига кириб чучварага қўл тегизибман? Вообше, мен чучвара емайман. Холиқ асосий масалани четга суриб, гапни чучвара тарафга буради. Унинг эзмалиги меъдасига теккан агроном дунғиллади: — Э, чучваранг қурсин, пахтадан гапир! — Йўқ, — деди Холиқ қатъий, — мен чучвара масаласини бирёғлик қилмасдан бошқа гапга ўтмайман! Ўтирганлар баравардан уҳ тортиб юборишди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19901 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |